Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 25 страниц)
Иккинчи қисм
1
Мавлоно Муҳиддин қандайдир нохуш ўйлардан кўнгли ғаш бўлиб, хуфтондан кейин тўшак ёздириб ётиб қолган эди. Бир маҳал меҳмонхонанинг эшиги қаттиқ тақиллади. Мавлоно апилтапил ўрнидан туриб, шамдондаги шамни ёқди ва яна ёпирилиб келган совуқ туйғулардан юрагини ҳовучлаб эшикни очди. Бўсағада отаси Салоҳиддин заргар турарди. Қўлида шам, бошида духоба дўппи устидан ўралган оппоқ салла, эгнида маъракаларда киядиган зарбоф тўн, Салоҳиддин заргар қаёққадир кетаётганга ўхшарди. У қўлидаги шамни “пуф” деб ўчириб, меҳмонхонага кирди, ўғлига “эшикни ёп!” деб имо қилди-да, тўрга ўтди. Лекин ўтирмай ўғлини кутиб турди. Эшикнинг зулфинчасини солиб ўгирилиб қараган мавлоно Муҳиддин отасининг совуқ нигоҳига кўзи тушиб, эти увишиб кетди.
– Суюкли устодинг… Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳруҳ – Мирзо Улуғбек оламдан ўтибди!
Мавлононинг қўлидаги кумуш шамдон учиб кетиб, ипак гиламга тушди. Салоҳиддин заргар югуриб бориб шамни олди ва кўзлари ёниб ўғлига қаради.
– Қачон? – деди мавлоно Муҳиддин шивирлаб.
– Шу букун… боши танасидан жудо қилинибдур.
– Ким жудо қилади?
– Ким бўлар эди? – Салоҳиддин заргар заҳарханда билан кулди. – Ўз пушти камаридан бўлган зурриёти, шаҳзода Абдуллатиф!
– Ё раб!
– Энди қирғин бошланур! – деди Салоҳиддин заргар, ўғлининг ваҳимали шивирлашига эътибор бермай. – Устозингнинг барча хешу ақраболари, дўсти шогирдлари шаҳзоданинг қаҳрига йўлиқадур, таъқиб остида қоладур…
– Нечун?
– Нечун? – Салоҳиддин заргар калака қилгандай ишшайди. – Шунгаям ақлингиз етмайдими? Ҳамма давр, ҳамма замонда шундай бўлган, ўғлим! Эски тўн янги хўжайинга тўғри келмайдур. Кўплар қирғинга учрайдур, кўплар, раҳматлик Мирзо Улуғбек янглиғ, калласидан жудо бўладур!
Мавлоно Муҳиддин қизларникидай серкиприк кўзларини юмиб, лабларини пичирлатиб юзига фотиҳа тортди. У оёғида зўрға турар, агар ёнида дарғазаб отаси бўлмаса, ҳозир йиқилиб тушар эди.
Салоҳиддин заргар буни пайқади чамаси, сал юмшаб:
– Ҳақ таолога шукурким, буни билгандай шайх Низомиддин Хомуш ҳазратларига пирим деб қўл берган эканмен, – деди. – Сенинг даҳрий шоҳингга инониб ўлтира берганда, билмам, ҳолимиз не кечар экан… Мен пирим ҳузурига кетдим. Ҳазратим сени ҳам чақиртирадилар. Борасен! Беайб парвардигор, гуноҳимни афв этгайсиз, деб оёғига йиқиласен. Шайтон йўлидан оздирганини айтиб, йиғлайсен. Сўзим аён-му? Нечун гунгдай безрайиб турибсен?
– Аён, валинеъмат…
– Фоний дунё юмушларидан юз ўгирганимга кўп бўлган. Ва лекин буни айтмоққа даҳрий шоҳдан қўрқар эдим, дерсан.
– Валинеъмат!.. Жаннатмакон устоддан кўп яхшилик кўрган эдик…
– Яхшиликлар кўрган бўлсанг… сўзла! Масжиди жоменинг минбарига чиқиб жар сол! – Қалтироқ босган Салоҳиддин заргар, худди ўғлини урадигандай муштларини тугиб, унинг ёнига келди. – Яхшилик эмиш! Улардан кўрган жабру жафо ёдингдан кўтарилдиму? Суюкли ўғли, дўзахий Абдулъазиз не қилди? Оллоҳдан тилаб олган қизинг Хуршида, кўзимнинг нури, гулузорим ғунчаси не бўлди?
Мавлоно Муҳиддин кўзини отасининг чўғдай ёнган кўзларидан олиб қочди, оқариб кетган лабларини зўрға қимирлатиб:
– Устод шаҳзоданинг бу машъум қилмишидан бехабар бўлган, – деди.
– Бехабар эмиш! – Салоҳиддин заргар ғалати ҳиҳилаб кулди. – Боракалло сендай коинот сирларини билган алломаи мунажжимга! Аллома эмас, бесавод авом сендан яхшидур! Билиб қўй, ҳей, муаллим ул-аввал Арасту! Эрта бир кун қирғин бўлганда ҳаммадан бурун сенинг бошинг кетадур. Ҳамма даҳрий алломалар орасида биринчи бўлиб сенинг калланг қиличдан ўтадур. Сенинг уйингга ўт қўйиладур. Сенинг! – Салоҳиддин заргар ўғлининг мушт еган одамдай чайқалиб кетганини кўриб, бирдан ҳушёр тортди. Уни қўлтиқлаб олиб, дарча олдидаги курсига ўтқазди, токчадаги чойнакдан чой қуйиб, қўлига тутди. Мавлоно Муҳиддин, тишлари пиёлага шақ-шақ тегиб, бир-икки ҳўплам чой ичди… Салоҳиддин заргар ўғлига тикилганича унинг тепасида бир лаҳза турди, сўнг, шахтидан тушиб:
– Афв эт, ўғлим, – деди оҳиста. – Мен қаттиқ сўзласам… сенинг тақдирингни, хонадонимизнинг тақдирини ўйлаб сўзлаймен. Хонадонимиз тепасида қора булутлар айланиб юрибди. Биз Амир Темур… – Оллоҳ таоло аларга боғи ризвонни макон қилғай! – Амир Темур авлодидан яхшилик кўрган бўлсак, ёмонлик ҳам кўрдик. Ва лекин, шаҳзода Абдуллатиф устодингнинг шогирдларини қидирганда ҳаммадан бурун бизга ишора қиладиган ғанимлар бордур, болам. Сен сабийлик ёшидан чиққансен. Буни англамоғинг керак, ўғлим…
Мавлоно Муҳиддиндан сас чиқмади. У бошини осилтирганича бир нуқтага тикилиб ўтирар, ёлғиз шамнинг заиф шуъласида унинг сўник юзи мурдадай жонсиз ва аллақандай қўрқинчли туюларди. Салоҳиддин заргар қовоғини солиб:
– Пирим ҳузурига кетдим, – деди. – Чақиртирса борарсен, бояги сўзларимни айтарсен! Билиб қўй: бошқа чора йўқдур, болам! – у бир-бир босиб хонадан чиқди.
Отаси чиқиши билан мавлоно ҳолсизланиб тўшакка чўзилди. Лекин ухлай олмади. Кўзини юмса нигоҳи олдига қиличдан қочиб, бошини қўллари орасига яширган устод келар, танасидан ажралиб, қон аралаш тупроқда юмалаб ётган калласи хаёлидан чиқмас, юраги ўйнаб, ўрнидан туриб кетарди. У тонг отгунча ўзи билан ўзи олишиб чиқди. Шунинг учунми, бошқами, ишқилиб, субҳидам Салоҳиддин заргар айтгандек, шайх Низомиддин Хомушдан одам келганида, мавлоно Муҳиддин ҳатто бир оз енгил тортди.
* * *
Бомдод намозини ўқиб бўлиб, эски наматига ўраниб супага чўзилган Қаландар биров қаттиқ туртганини сезиб, кўзини очди. Тепасида эски кулоҳини бостириб кийиб олган Қашқир лақабли ғилай қаландар ишшайиб турарди.
– Сенга не керак, Қашқир?
– Олтин! – деди Қашқир, бошини ликиллатиб. – Аммо шайх ҳазратларига олтин эмас, сен керак экансен. Хуржун-пуржунингни йиғиштир, дарвеш!
“Эй, дариғ! Тағин не фалокатни топиб келди қашқир терисидаги бу тулки?”
Қаландар Қарноқий совуқда қақшаб қолган оёқларини уқалай-уқалай ўрнидан турди.
Кечаси кўтарилган шамол тинган ҳисоб, севалаб ўтган ёмғирдан кейин ҳаво салқин, мусаффо эди. Оқара бошлаган тиниқ осмондаги битта-яримта юлдузлар гўё совқотаётгандай ҳолсизгина милтирарди.
Неча кундан бери шаҳар узра қора қанот ёзиб, кўкда сузиб юрган қора таҳлика ҳамон тарқамаган, кўчалар, даҳалар кимсасиз, жимжит, эшиклар, дарвозалар қулф. Фақат “Мозори шариф”га борадиган тор кўчада бир-иккита дўкон – чилангарлар, темирчи ва тунукасозлар устахонаси очилган, у ердан темирларнинг тарақ-туруғи эшитиларди.
Шайх муридлари Қаландар Қарноқийни дарвозада кутиб олишди, чинор тагидаги ўчоқларга дошқозонлар осилган ташқари ҳовлидан олиб ўтиб, тўғри ичкарига бошлашди. Уч томони маҳобатли кошоналар билан ўралган ичкари ҳовлининг ўртасида таниш мармар ҳовуз. Ҳовузнинг кумуш фаввораларидан отилган сув, тагига гулдор сопол парчинлар ётқизилган ариқчаларга қуйилиб, жилдираб оқмоқда… Олдинда бораётган мурид, деворлари оч фируза рангга бўялган даҳлиздан ўтиб чап қўлдаги ўймакор эшикни очди ва Қаландарга йўл берди… Қаландар бир зум тўхтаб, нафасини ростлади-да, салом бериб ичкарига кирди, кирди-ю, нечундир юраги “шиғ” этиб, пойгакда тўхтади. Ери ва деворлари такатуркман гиламларидан гул-гул ёнган танобий хонанинг тўрида, шайх Низомиддин Хомушнинг чап ёнида, қат-қат шоҳи кўрпачалар устида… Хожа Салоҳиддин заргар ўтирарди…
Бошида оппоқ салла, эгнида зарбоф тўн. Салоҳиддин заргар қўлидаги миттигина чинни пиёлага шарбат қуймоқда эди. Қаландар Қарноқий қўл қовуштириб салом бериб кирганида, у ялт этиб қаради, лекин танимадими ё таниса ҳам ўзини танимаганликка олдими, индамай бош ирғади-да, қўлидаги мунаққаш пиёлани шайхга узатди. Шайх унинг қўлидан пиёлани олиб шарбат ҳўпларкан:
– Ўтир, дарвеш! – деб буюрди.
Қаландар камоли эҳтиром билан қўл қовуштирганича остонага тиз чўкди. Шайх Низомиддин Хомуш ўсиқ бароқ қошларини бир-бирига туташтириб, ер остидан унга тикилиб ўтирарди.
– Хўш? Ул даргоҳи куфриётда не хабар бор? Сўзла, дарвеш!
Қаландар ўтирган жойида бир тебраниб қўйди.
– Осойишталик, пирим…
– Ҳм… Хўш, ул даргоҳга кўмилган Амир Темур тиллаларидан хабар топдингму?
– Ўлимдан хабарим бор ва лекин тилладан хабарим йўқдур, пирим.
– Бошингни кўтар дарвеш! Кўзимга қараб сўзла!
Қаландар бошини кўтариб, шайхнинг чўғдай ёниб турган кўзларига тик қаради.
– Биллоҳи азим, пирим! Осий банда пушти паноҳ пиримннг амрини вожиб билиб, бир ҳафта расадхона дарвозасидан жилмадим. Келган-кетганларни туну кун назорат қилдим, ҳазратим…
– Хўш?
– Бирда-бир муртад қадам босганини кўрмадим, пирим.
– Бурноғи кун хуфтонда қайда эрдинг?
Қаландарнинг миясида “билади!” деган сўз яшиндай “ярқ” этди.
– Бурноғи кун хуфтонда… кун совуқ бўлди, пирим… Фақир исинмоқ ниятида сойда от боқиб юрган йилқичиларга тушдим. Исиниб, қорнимни тўйдириб қайтдим, пирим…
– Ҳм… – шайх оппоқ симобий салласининг узун печини жаҳл билан орқага силтади: – Хорижий эллардан келган бединлар китоби, макруҳ рисолалар, куфр ёзувлар, шарми ҳаёсиз суратлар жойида турибдурму?
“Йўқ, билмайди. Али Қушчининг ишларидан бехабар…”
– Жойида бўлмоғи даркор, пирим. Ул даргоҳга пашша ҳам кириб чиқмаса, китоблар қаён кетур, ҳазратим?
– Хўш, ул бепарҳез шоҳ… Мирзо Улуғбекнинг шогирди… номуборак номи ёдимдан кўтарилмиш…
– Али Қушчи… – деди Салоҳиддин заргар. – Мавлоно Али Қушчи…
– Али Қушчи қайда?
“Ё раббий! Билиб сўрайдими бу шайх ё билмай сўрайдими?”
– Бир ҳафта дарвозада ўлтириб, ул зотни кўрмадим, пирим…
– Боракалло, дарвеш! Тилла жойида, бединлар битган китоблар жойида. Даҳрий шоҳнинг бетавфиқ шогирди жойида, ҳаммаси жойида… – Шайх Низомиддин Хомуш заҳарханда билан ёстиғининг остига қўл югуртириб, урчуқдеккина шақилдоғини олиб шақиллатди. Остонада таниш мурид пайдо бўлди.
– Мавлоно Муҳиддин келдиму? Келса айт – киргай!
Қаландар Қарноқий ялт этиб Салоҳиддин заргарга қаради. Заргарнинг юпқа лабларида совуқ табассум жилва қилди.
Мавлоно Муҳиддин эшикни товушсизгина очиб кирди, лаблари пичирлаб товушсизгина салом берди-да, оёқ учида юриб, шайх кўрсатган жойга жимгина чўккалади.
Қаландар Қарноқий юраги гурс-гурс уриб бошини осилтириб ўтирар, беш-олти йил таҳсил кўрган устозининг юзига қарашга журъат этолмас, гўё ҳозир мудҳиш бир нарса рўй беришидан қўрққандай қалтирар эди.
– Мавлоно Муҳиддин! Алҳол сиз бул дарвеш бирла шаккоклар уяси бўлмиш… – Шайх кинояомуз кулиб қўйди. – Сизга яхши маълум бўлган шарорат уясига борурсиз…
Қаландар қизиқсиниб ер остидан устозига кўз ташлади. Мавлоно Муҳиддин, бошида отасиникидан ҳам катта оқ салла, эгнида мовут чакмон устидан кийган узун оқ ридо, ингичка қўллари кўксида, кўзларини ерга тикиб ўтирар, унинг ўтиришида, бутун вужудида қандайдир бўлакча бир мутелик бор эди.
– Нечун индамайсиз, мавлоно?
Мавлоно Муҳиддин аллақандай питирлаб:
– Сизнинг сўзингиз барча аҳли мўминга ҳукми жорийдир, пирим, – деди ғудраниб.
– Ёдингизда бўлсин, мавлоно: сиз бандаи ғофил ҳам ул даргоҳи куфриётда залолатга юз тутган эрдингиз. Ва лекин… алмаъмуру маъзурин… Сиз ул шоҳи шарир хизматида эрдингиз. Алҳамдулиллоҳ, бул савоб юмушлар ила гуноҳингизни ювгайсиз. Алқисса, ул бетавфиқлар даргоҳига йиғилган бединлар китобининг бириси ҳам йўқолмаслиги даркор. Зеро, динул исломга муқовамат4545
Муқовамат – қаршилик.
[Закрыть] руҳида битилган барча гуноҳ китоблар, барча қўлёзма ва барча куфр суратлар ўтда ёнмоғи лозим. Сиз бул китобларни билурсиз, мавлоно. Бас, манов дарвеш бирла бориб, кўриб келгайсиз: ул китоблар жойида турибдурму ё шоҳи шарирнинг беимон шогирдлари яширмоққа юз тутмишму? Каломим аёнму, мавлоно?
Мавлоно Муҳиддин лаблари билинар-билинмас қимирлаб:
– Аён, пирим! – деди.
– Камина яна бир сирдан воқифдурмен, – деди шайх Низомиддин.
– Муртад шоҳ Мирзо Улуғбек ул фотиҳи музаффар… покиза руҳлари равзаи ризвонда масрур бўлғай! Амир Темур жавоҳиротини шул даргоҳга яширгандур. Диёнатсиз шогирди Али Қушчининг қўлига топширгандур. Аҳбобингиз Али Қушчига айтинг… – “аҳбобингиз” деганда шайх ҳазратлари Салоҳиддин зар гарга қараб яна бир кулимсираб қўйди. – Қайсарлик қилмасин. Даҳрийлик йўлини тарк этиб, истиғфор айласин. Нечунким, ўзини Ассалотин зиллаллоҳу фил арз атаб ва Оллоҳнинг қудратига шак келтириб, даҳрийликка юз тутган ул шоҳи шарирнинг тақдири не бўлди, анинг тақдири не бўлур! Уқдингму, болам?
– Уқдим, пирим…
– Али Қушчига еткаринг, жаннатмакон Амир Темур ганжини яширмоқ гуноҳи азимдур. Яна еткаринг: шаҳзодаи валиаҳд ҳам воқифи асрордур4646
Воқифи асрор – сирлардан хабардор.
[Закрыть].
Шайх Низомиддин Хомуш кўзларини юмиб, лабларини пичирлатиб оқ фотиҳа берди. Сўнг нечундир: “Қўрқманг, мавлоно, ёнингизда сипоҳлар ҳам бўладур”, деб қўшиб қўйди.
Мавлоно Муҳиддин шошқалоқлик билан ўрнидан турди. Тураётиб кўзи беихтиёр Қаландар Қарноқийнинг кўзига тушди-ю, озғин, заҳир юзига қон тепиб, салласи тагидан чиқиб турган катта қулоқлари ловиллаб кетди. “Уялдими ё қўрқдими?” – деди Қаландар хаёлида. У мавлонони кутиб турмасдан орқаси билан юриб хонадан чиқди.
2
Мавлоно Муҳиддин нақшбандийлар жамоаси раҳнамосининг ҳузурига ташриф буюраркан, кўнглининг бир четида шайхнинг нималар дейишини тусмоллар эди. Лекин бу даргоҳда Қаландар Қарноқийга дуч келаман, деган ўй етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди. Хайрият, у ҳам бу фоний дунёдан юз ўгириб зоҳидликни ихтиёр этибди. Билъакс, кирмаган кўчаси, кўрмаган балоси қолмаган бу Қаландарнинг олдида нима қилар эди, шайх ҳазратларининг саволларига нима деб жавоб берар эди?.. Уни энди фақат бир ўй – бир хаёл ташвишга солар эди: Али Қушчи уни қандай қарши олади? Нима дейди? У ўзи Али Қушчининг кўзига қандай қарайди? Унга нима дейди?
Бу ўй, бу ташвиш ҳатто дарвозада кутиб турган уч нафар суворийни кўрганда ҳам хаёлидан кўтарилмади. Мавлоно Му ҳиддин Али Қушчини яхши билар, унинг бир сўзли одам эканини, айтганидан қайтмайдиган бир қайсар эканини кўрган эди. Ё у ҳам Мирзо Улуғбекнинг фожиали тақдирини эшитиб, ўйланиб қолдимикин? Шояд шундай бўлса! Шояд! – Мавлоно Муҳиддин, дилида туғён, кўз олдида қандайдир туман, гўё калима келтираётгандай “шояд” сўзини такрорлай-такрорлай, расадхонага етганини ҳам билмай қолди. Фақат куз офтоби чарақлаб турган расадхонанинг юксак пештоқларини кўргандагина ҳушига келди, келди-ю, гўё йигирма йил умри ўтган расадхонага эмас, мудҳиш бир чоҳга яқинлашаётгандай, от устида ғужанак бўлиб олди.
Аксига олиб, дарвозани Али Қушчи ўзи очди. Эгнида узун қора чакмон, бошида мударрислар киядиган учлик қора тақя, совуқ бўлишига қарамай кўкси очиқ, Али Қушчи ҳар нарсани кутса ҳам, мавлоно Муҳиддинни кутмаган эди, кўзларини катта очиб, бир Қаландарга, бир отда ғужанак бўлиб ўтирган мавлонога қаради. Ниҳоят, кутилмаган “меҳмонлар”нинг мақсадига тушунди чамаси, лабида билинар-билинмас кулги билан мавлоно Муҳиддинга қараб таъзим қилди.
– Хуш келибсиз, биродари азиз!
Мавлоно Муҳиддин қизларникидай катта, тим қора кўзлари жовдираб, бир қизариб, бир оқариб ғудранди:
– Шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари расадхонадаги китобларни кўздан ўтказиб, сон-саноғини билмоқни тиладилар…
Али Қушчининг лабларидаги кинояли табассум сўниб, кўзлари қисилди:
– Мавлоно қачон Шайх ҳазратларига юкунмишлар?
Отдан тушган мавлоно тили ғулдираб бир нима деди, лекин унинг сўзини англаб бўлмас эди.
– Хўп. Сиз китобларни кўздан ўтказар экансиз, навкарларнинг муддаоси недур?
Бошига дубулға кийган чўтир сипоҳ қовоғини уйиб:
– Биз эндиликда расадхонани қўриқлаб турамиз, – деб жавоб берди.
Али Қушчи ер остидан Қаландар Қарноқийга қаради.
– Сипоҳлар расадхонани қўриқлар экан… Сизнинг муддаонгиз недур, дарвеш?
Қаландар тўсатдан кўзларини ўйнатиб:
– Муддаом, – деди. – Бу даргоҳдаги бединлар китобига ўт қўймоқдур. Ўт!
– Бу даргоҳда бединлар китоби бор, деб ким айтди сенга, девона?
– Бу саволга биродар мавлоно Муҳиддин жавоб бергай!
“Боракалло, Қаландар!” – Али Қушчи ичида унга таҳсин айтиб, мавлоно Муҳиддинга юзланди, рангидан қони қочиб:
– Балли, мавлоно! – деди, – салкам чорак аср таҳсил кўриб, бошқаларга таълим берган бу табаррук даргоҳга сипоҳларни бошлаб келибсиз. Истанг ўт қўйинг, истанг зеру забар қилинг. Ихтиёр сиздадур, биродари азиз!
Чўзиқ юзи ганчдан ясалгандай оппоқ оқариб кетган мавлоно Муҳиддин новча, озғин қадди икки букилиб, кўзларини юмиб бир нафас турди, кейин текис ерда қоқилиб-суриниб расадхона томон йўналди. Лекин ёнғоқдан ясалган икки тавақали эшикнинг қуйма ҳалқаларига қўл чўзаркан, яна тўхтаб, лаблари пичирлаб юзига фотиҳа тортди.
Ҳа, мавлоно Али Қушчи ҳақ, унинг салкам чорак аср умри мана шу муҳташам бинода, қишин-ёзин бирдай салқин, бирдай осойишта, нимқоронғи хоналарда, тубсиз фалакка қаратилган олат ва устурлоблар ёнида, китоблар билан лиқ тўла жавонлар олдида ўтган эди. Ажабо: у ҳозир, мармар зинадан туриб, пастга қараб кетган мис олатнинг силлиқ ялтироқ сатҳини ва бу ноёб олатга рўбарў қилиб очилган қуббали шифт ўртасидаги туйнукларни кўрганида негадир бирдан ўпкаси тўлиб, кўзига милт-милт ёш олди. Ҳа, мавлоно Муҳиддин расадхонанинг энг пастки ошиёнасида ўтириб, бу ғаройиб олат ва устурлаблар ёрдамида кўкка тикилганда фоний дунё ташвишлари хаёлидан бутунлай кўтарилар, дили бўлакча бир завқ ва ҳайратга тўлар, назарида, ҳудудсиз коинот билан, аллақандай илоҳий кучлар билан, милт-милт ёнган сирли ситоралар билан узоқ ва осуда суҳбат қилар эди… Э, парвардигори олам! Нечун у масъуд дамлардан, илҳом парисининг меҳрибон қанотлари остида ўтган у ёруғ кунлардан маҳрум қилдинг? Нечун унинг гарданига мавлоно номига номуносиб бу тубан ишни юкладинг, бошига бу ташвиш, кўнглига бу ғам-андуҳни солдинг?..
Бу ўй, дилини чулғаб олган бу тиниқ мунг кутубхонага кирганида яна ҳам авжига чиқди: кутубхона устод даврида қандай бўлса шундай турар, токчалардаги кумуш шамдонларда шамлар ёнар, қатор курсилар олдидаги хонтахталарга даста-даста китоблар тахланган, бурчакдаги Мирзо Улуғбекнинг йўлбарс териси ёпилган баланд курсисида унинг зарбоф тўни билан қора духоба тақяси ётарди. Гўё Мирзо Улуғбек ҳаёт, гўё у ҳозир кириб келиб ўз жойига ўтиради ва сал бўғиқ, вазмин овозда фалакиёт сирлари тўғрисида суҳбат бошлайди…
Али Қушчи қўлларини кўксида қовуштирганича эшикдан кирган жойда деворга суяниб турарди. Мавлоно Муҳиддин эса бу сокин ва муаззам илм кошонасида ҳоким бўлган аллақандай сирли ва илоҳий руҳдан аъзойи бадани жимир-жимир қилиб, жавонлар ёнидан бир-бир босиб тўрга ўтди. У китобларга қўл теккизмади, кўк, сариқ, яшил ва пуштиранг чармдан жилд қилинган қалин қўлёзмаларни ушлаб кўрмади, ипак ва мовутга ўралган рисолаларга тегмади, лекин шифтга тақалган жавонларга кўз тикиб, тўрга ўтаётгандаёқ билди: энг нодир асарлар, эҳтиёткорлик билан сақланиб келаётган кўп қўлёзмалар йўқ эди! Хусусан тўрда, бўлакча эътибор ва эҳтиёткорлик билан сақланадиган Мовароуннаҳр фозиллари ва алломаларининг қалин-қалин китоблари, ипак матоларга ўралган қўлёзмалари кўринмас, уларнинг ўрнида бошқа китоблар турар эди. Ҳа, мавлоно Муҳиддин бу ердаги ҳар бир китоб, ҳар бир қўлёзма, ҳар бир рисолани билар, топиб бер, деса кўзини юмиб топиб бера олар эди… Мана бу ерда, ҳарир ипак парда билан тўсилган алоҳида жавонда устоднинг ўз қўлёзмалари ва рисолалари сақланарди. Бу ерда унинг қора чарм муқовага солинган тўрт жилдлик “Тўрт улус тарихи” деган китоби турар, ипакдай майин оқ қоғозга битилган “Зижи Кўрагоний” жадваллари ҳам шу ерда сақланар, жадвалларнинг ёнидан шарҳловчи рисолалар жой олган, юқорироқдаги токчаларга эса икки устод – жаннатмакон Қозизода Румий билан Ғиёсиддин Жамшид китоблари терилган эди.
“Бу нодир қўлёзмалар, ҳар бири бир қадоқ тилла баҳосидаги ул китоблар қайда? Уларни ким олди? Али Қушчими? Китобларни яширган бўлса, тиллалар не бўлди? Яширса ҳам қайга яширади? Бу хатарли юмуш бир ўзининг қўлидан келарми? Келса нечун тунов куни ёрдам сўраб борди?..”
Лекин китоблар йўқ, энг ноёб қўлёзмалар гумдон қилингани шак-шубҳасиз эди!..
Мавлоно Муҳиддин орқасида Али Қушчи турганини сезар эди. У Алининг одатини, аҳдидан қайтмайдиган ўжар одам эканини билар, ҳатто шу топда пойгакда ғазабдан қалтираб турганини ҳам ҳис этар эди… Йўқ, Алига ҳеч нарса демайди, шайх Низомиддин Хомушннг сўзларини унга айтмайди…
Хаёли қуюндай тўс-тўполон бўлиб кетган мавлоно Муҳиддин, нима қилишини билмай, тўрга борган жойида узоқ турди, кейин қўрқибгина эшик томон юрди. У Али Қушчига лом-мим демай чиқиб кетмоқчи эди, лекин Али Қушчи гавдаси билан эшикни тўсди.
– Хўш, биродари азиз, барча куфр китоблар жойида эканми?
– Ҳа, ҳа, – деди мавлоно Муҳиддин шошиб. – Жойида, жойида…
– Бу сўзни шайх ҳазратларига ҳам айтадиларму?
– А? – Мавлоно Муҳиддин ялт этиб Али Қушчига қаради. Али Қушчи кўзлари қисилиб, қийғир бурнининг катаклари ғазабли пирпираб, унга қадалиб турар, рангидан қони қочган, лаблари қаттиқ қисилган эди.
– Ҳа, ҳа, айтамен, – деди мавлоно Муҳиддин довдираб, – айтамен…
– Сенга бир саволим бор, мавлоно, – деди Али Қушчи. Унинг овози тўсатдан ўзгариб, бўғиқ эшитилди. – Шу бу кун тунда… аълоҳазратлари… устод Мирзо Улуғбек қатл қилинганидан хабаринг борму?
“Ё сарвари коинот! Ўзинг мадад қилгайсен!” – деди мавлоно Муҳиддин ичида. У гўё Али Қушчининг тарсаки туширишидан қўрққандай, ғужанак бўлиб деворга суяниб турарди.
– Ҳа, бу кун барча илм аҳли қора мотам тутмишдур! Токи барча аҳли урфон устоди, маърифатпарвар инсон Мирзо Улуғбек жоҳил маддоҳлар қўлида қатл бўлди. Нечун индамайсен? Сукут – аломати ризо! Барини билурсен. Билиб туриб, эгнингга қора кийиб мотам тутмоқ ўрнига, унинг муқаддас даргоҳини тинтмоқ ва таламоқ ниятида келибсен!..
– Биродарим Али! – деди мавлоно Муҳиддин йиғламсираб. – Не қилай, мен бир ногирон бандаи ожиз бўлсам…
– Йўқ, бандаи ожиз эмас, бандаи нобакорсен! Бор, ўша қотил шайх бирла қотил шаҳзодангга айт; бу табаррук даргоҳдаги барча куфр китоблар йўқолган де! Бу даргоҳга ўт қўймоқ керак де! Ва лекин бир нарса ёдингда бўлсин: тепангда шаҳид ўлган Оллоҳнинг бегуноҳ бандаси, алломалар сарвари устод Мирзо Улуғбекнинг арвоҳи турибдур!
Мавлоно Муҳиддин тўсатдан турган жойида чайқалиб кетиб, деворни ушлаб қолди.
– Мавлоно Али, – деди аллақандай дардли овозда. – Нечун бу ҳақорат! Нечун бу таъна-маломат? Бу кўргулик ҳақ таолодан бўлса мен бечора не қилай? – у оппоқ нозик бармоқлари билан кўз ёшларини артиб, Али Қушчига қаради. – Парвардигори олам шоҳид, бу машъум хабарни эшитиб, юрагим қон бўлди. Лекин не қилай, синган кўзани тузатиб бўлмайдур, мавлоно. Фақир эсам… Фақир эсам… – Мавлоно Муҳиддин ўзига, ўзининг ҳозирги аянчли ҳолатига раҳми келиб, ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди… Али Қушчи юзи буришиб тескари бурилди. У ҳаммадан кўра мавлоно Муҳиддиннинг кўз ёшидан қўрқарди. Чунки бу одам ҳамиша шундай қилар, бошига мушкул тушиб, иродаси синаладиган пайтларда доим кўз ёши тўкиб қутулиб кетарди… Али Қушчи алам ва ғазаб устида кўнглига келган энг аччиқ, энг аёвсиз сўзларини ичига ютиб, қўлини силтади:
– Камина кўнглимда бор сўзини айтдим, қолгани виждонингга ҳавола, мавлоно. Сенга айтадурған бошқа сўзим йўқ! – у шундай деб, эшикни бир тепиб очди. Мавлоно Муҳиддин кетишкетмаслигини билмагандай бир лаҳза каловланиб турди, кейин енгининг учи билан кўз ёшларини артиб, тик пиллапояларни бир-бир босганича пастга тушиб кетди. Али Қушчи вужудида қаттиқ ҳолсизлик сезиб, ўзини курсига ташлади-да, кўзини юмди…
Ҳа, у тунов кунги учрашувдан кейин мавлоно Муҳиддиндан яхшилик кутмаган эди. Лекин қўлини ювиб қўлтиғига урмаган ҳам эди. Кўнглининг бир четида заифгина бир нур, бир умид милтираб турар эди, энди бу нур ҳам сўнди. Энди ҳамма оғирлик, ҳамма синов ёлғиз унинг зиммасига тушади. У барча синов, барча оғирлиққа бардош бермоғи керак бўлади…
Али Қушчи кимдир елкасига қўлини қўйганини сезиб, кўзини очди.
Ёнида Қаландар Қарноқий билан Мирам Чалабий турарди.
– Мавлоно Муҳиддин кетдиму?
– Кетди, – деди Қаландар.
– Сипоҳлар-чи?
– Иккиси дарвозани қўриқлаб қолди. Бирови мавлоно билан кетди…
– Сен нечун кетмайсен?
– Мен… – Қаландар Мирам Чалабийга қараб кўзини қисди. – Фақир беғам, беташвиш бир гадо эдим. Энди бу масъуд кунлар ўтиб кетди. Мавлоно Муҳиддин Шайх ҳазратларига бориб сирни очса… уйим куяди, устод…
Али Қушчининг лабларига кулги югурди.
– Уйинг бўлмаса ниманг куядур? Қўрқма. Айрилсанг эски кулоҳинг билан йиртиқ жандангдан айриласен. Энди қайға кетмоқчисен, иним?
– Энди… – Қаландар катта кулоҳини бошига ишқаб елкасини учирди. – Энди… лаҳимни очиб берсангиз… Уста Темурбек Самарқандийнинг ғорига бориб турамен. Сиз не қилурсиз, устод?
Али Қушчи маъюс бош чайқаб, жавондаги китобларга тикилди.
– Камина ҳеч қайға кетолмасмен, дарвеш.
– Эҳтиёт бўлмоқ даркор, устод.
– Биламен. Ва лекин… Йўқ, ҳеч қайға бормаймен. Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўладур, дарвеш. Кетсанг мана, Мирам Чалабийни ҳам олиб кетгайсен.
Кўм-кўк кўзлари жовдираб турган Мирам Чалабий қовоғини солиб бошини чайқади.
– Йўқ, устод. Сиз қайда бўлсангиз, мен ҳам ёнингизда бўламен…
Али Қушчи уни елкасидан меҳр билан қучди-да, белидаги калитлар орасидан бирини танлаб олиб, тик зиналардан пастга, лаҳимга олиб тушадиган қоронғи йўлкага туша бошлади.