Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 24

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
25

Мавлоно Али Қушчини тун ярмида уйғотишганида унинг хаёлидан: “Тағин шаҳзодами? Тағин зойича кўриб, тақдирини айтиб беришми?” деган фикр ўтди. Али Қушчи умри бино бўлиб, илми нужум билан шуғулланмаган, зотан башорат қилиш одати бўлмагани учун бу учрашувдан ийманар, икки ҳафтадан бери уни яхши парвариш қилиб, умид билан кутиб ётган шаҳзодага тайинли бир гап айтолмаслигини ўйлаб, виждони қийналар эди. Мана энди ўша оғир кун келди. Лекин, ажабо: Али Қушчини уйғотишган ясовуллар уни саломхонага бошламасдан Кўксаройдан ташқарига олиб чиқишди, дарвозада тайёр турган арабий арғумоқлардан бирига миндиришиб, Регистон майдони томон от чоптиришиб кетишди.

Кундузги илиқ ҳаво бузилиб, кучли шамол кўтарилган, осмонни қора булут қоплаган, кимсасиз кўчалар жимжит эди.

“Бу қоронғи тунда уни қаёққа олиб борадилар? Мақсадлари не бу суворийларнинг?” – Али Қушчининг кўнглида совуқ бир шубҳа уйғониб, бадани жимирлаб кетди. Лекин хиёл мулоҳаза қилгач, ичида кулимсираб қўйди: “Бошингга не савдолар тушмасин, бу кўрганингдан ёмон бўлмас. Нечун титрайсен, мавлоно?..”

Олдинда от чоптириб кетаётган навкарлар Кеш дарвозасидан чиққач, чапга бурилишди, кейин қандайдир жарликлардан, сувсиз хандақлардан, ариқлардан ўтиб боғ ва экинзорларни оралаб кетишди. Шу йўсин анча юргач, катта йўлга чиқишди. Чиқишлари билан Али Қушчининг юраги яна бир ҳаприқиб тушди: бу йўл тўғри расадхонага олиб борар эди!.. Наҳот уни расадхонага олиб борсалар? Муддаолари не?

Йўқ, олдинда от чоптириб кетаётган сипоҳлар расадхонага етмай яна чапга, “Боғи майдон” томон бурилишди. Боғнинг усти берк дарвозахонаси олдида Али Қушчини балхлик занжисифат саройбон қарши олиб ичкарига бошлади. Саройбон оғиз очиб бир нарса демади, лекин унинг индамаслиги яхшиликдан дарак бермас, зимистон тун қўйнида ўрмондай шовиллаётган бу улкан боғда нимадир рўй берган эди.

“Чил устун” кошонасининг биринчи ошёнасида милт этган чироқ кўринмас, фақат тепадаги битта даричадан ёруғ шуъла қуйилиб турар, лекин ичкарида “тиқ” этган товуш эшитилмас, муаззам кошона улкан дахмадай теран сукут сақларди.

Мармар зиналардан юриб, иккинчи ошёнага чиққан саройбон эшик олдида тўхтаб, Али Қушчини кутиб турди. Али Қушчи чиқиб боргач, эшикни оҳиста очиб, нечундир унга йўл берди. Ичкарига биринчи бўлиб кирган Али Қушчи пойгаҳда ҳайрон бўлиб тўхтади. Ўртага хонтахталар қўйилиб, ипак кўрпачалар тўшалган, тўрига эса ҳарир нимпушти парда осилган серҳашам хона дафъатан бўм-бўшдай туюлди унга. Иккинчи дақиқадагина у хонтахтанинг орқасида қиблага қараганча саждага бош қўйиб, ер ўпиб ётган бир одамни кўрди. Лаблари алланималарни пичирлаб ер ўпиб ётган бу одам… шаҳзода Мирзо Абдуллатиф эди! Хонтахтанинг бу томонида, айвонга чиқадиган эшик олдида кўк жилдлик қалин бир китобнинг йиртилган варақлари сочилиб ётарди.

Али Қушчи ҳайрон бўлиб саройбонга қаради. Саройбон шаҳзодани калака қилгандай афтини буриштирди-да, олдинга ўтиб:

– Давлатпаноҳ… – деди журъатсиз бир товушда. – Мавлоно Али Қушчи келдилар…

– А? – шаҳзода ялт этиб қаради. Унинг сўник, заҳил юзида, қайчиланмаган соқол-мўйловларида ёш томчилари милтираб турарди.

– Э-э, ҳа, мавлоно Али Қушчи! Хуш келибсиз, мавлоно, хуш келибсиз… – Шаҳзода шоша-пиша ўрнидан турди, белидаги қиличи билан хонтахтани шарақлатиб уриб, олдинга ўтди-да, тавозе билан салом берди.

– Сизни кўрмоқдан бисёр хурсандмен, мавлоно, бисёр хурсандмен…

Шаҳзоданинг дудуғланиб гапирган гаплари ва хаттиҳаракатларида телбаларга хос кишини чўчитадиган бир нарса бор эди. Лекин бу – тунов кунги жиннилик эмас, бошқача, мудҳиш бир телбалик эди!

“Ё тавба! Нечук бу қузғун инсофга келмиш? Фақир кеча “муртад” аллома эдим, букун нечун “мавлоно” бўлдим?”

Шаҳзода саройбонга қараб ерда ётган китобга ишора қилди, гўё китоб эмас, чаённи кўраётгандай ижирғаниб:

– Буни олиб ўтга ташла! – деб амр қилди.

Саройбон гиламда сочилиб ётган варақларни йиғиштириб китобнинг орасига солди-да, индамай хонадан чиқди. Саройбон чиқиши билан Мирзо Абдуллатиф, нам киприкларини пирпиратиб Али Қушчига юзланди. Овози аллақандай ногирон титраб:

– Соҳиби карам мавлоно! – деди. – Мен сиздан зойича кўрмоғингизни сўраган эдим. Кўрдингизму?

Шаҳзоданинг хушомад аралаш аянчли табассуми сабабми, ё сўнгги сўзларни қўрқинқираб айтгани учунми, Али Қушчи юраги “шиғ” этиб, кўзини унинг ёшли нигоҳидан олиб қочди. У ҳозир “йўқ” дейиши билан шаҳзода дарғазаб бўлишини билар эди. Лекин ундан қўрққани учун эмас, нечундир шохи синиб, аянчли аҳволга тушиб қолган бу мажруҳга ачингани учун ҳам аллақандай ийманинқираб:

– Кечиргайсиз, шаҳзода, – деди оҳиста. – Камина тунов куни иқрор бўлған эдим: илми нужумдан бехабармен…

– Йўқ! Йўқ! – шаҳзода қўрқиб кетиб, орқага тисарилди. – Сиздай алломайи даврон илми нужумдин бехабар бўлмоғи ғайритабиийдур, мавлоно!

Мирзо Абдуллатифнинг овозида, ёш милтираган кўзларида шундай зўр бир илтижо бор эдики, Али Қушчининг хаёлидан яна бояги фикр ўтди: “Бу телбага не бўлди? Нечун бундай титрайди?”

– Надоматлар бўлсинким, камина бу борада маърифатсиз бир авомдурмен, – деди у, шаҳзодага қарамай. – Илми риёзиёт бобидан сўрасангиз, жавоб берамен. Фалакда ситоралар ҳолатидан сўрасангиз, эҳтимол сўзлаб берсам. Ва лекин…

– Юлдузлар ҳолатини билган аллома илми нужумдан ҳам бохабар бўлмоғи даркор…

– Надоматлар бўлғайким…

– Йўқ! Сиз биласиз! Маним пешанамга нелар ёзилган, салтанатнинг тақдири не бўлур – барини биласиз. Ва лекин айтмоқни истамайсиз! – шаҳзода ўнг қўлини қиличининг бандига қўйганича хонанинг ўртасида қовоғини уйиб турарди. Унинг кўзларидаги бояги изтироб яна ўша таниш шафқатсиз ифода билан алмашди, юпқа лаблари қаттиқ қисилиб, сийрак мўйлови дикрайди. У ҳозир қутуриб: “Саройбон!” деб бақириши ва “Йўқот бу муртадни” деб буюриши эҳтимолдан холи эмас эди…

“Не қилмоқ керак? Зойича кўрдим. Қўрқманг. Тақдирингиз ёмон бўлмас, десинми? Умри бино бўлиб ёлғон сўзламаган Али Қушчи энди зиндондан қўрқиб, ёлғон сўзлайдими? Билмаган илмини биламен деб, тасалли берадими? Зотан, ўз падари бузрукворига қилич кўтарган куниёқ тақдири аён бўлган бу падаркушга ёлғон сўзлаб кўнглига таскин бермоқ виждонга хилоф эмасми?”

Али Қушчи ўртада серрайиб турган шаҳзодага ер остидан бир қараб қўйди. У ҳамон шаҳзоданинг “қутуриб” телбаларча бақиришини кутарди. Лекин шаҳзода тўсатдан юзини кафтлари орасига яшириб:

– Нечун раҳм қилмайсиз, мавлоно? – деди йиғламсираб. – Наҳот ғанимларимнинг фисқи фужур сўзларига инонсангиз? Устодингиз бўлмиш ул зотнинг пешанасига ёзилгани шу бўлса не чора? Ул зотга суиқасд қилган барча қузғунларни қатл қилдириб, қасос олдим. Бошқа не қилай? Ёзуғим не маним? Агарчи куфр китобларни ўтга ёндирган бўлсам… ҳақ йўлида, дини ислом йўлида ёндирганмен…

Шаҳзода “куфр китоблар” дейиши билан Али Қушчининг қалбида милтираб турган аллақандай нур сўнди-қолди. У: “Бу китоблар куфр эмас, салтанат кўкида порлаб турган бир машъал эди. Сен бу машъални сўндириб, эл-улусни ҳам, ўзингни ҳам абадул-абад зулматга маҳкум этдинг, эй нобакор!” дегиси келди-ю, шаҳзоданинг унсиз титраб йиғлаётганини кўргач, қалбида уйғонган туғённи ичида ютди.

– Туш кўрибмен, – деди Мирзо Абдуллатиф тўсатдан. – Бисёр ёмон туш, мавлоно. Бисёр ёмон…

У, гўё бу мудҳиш тушни қайта кўраётгандай кўзларини катта очиб бир нуқтага тикилиб қолди. Сўнг, юзини яна кафтлари орасига яшириб инграб юборди…

Али Қушчи нима қилишини билмай анча турди. У шаҳзодани юпатай деса сўз тополмас, унинг ҳоли қанчалар аянчли эканини сезмасин, дилида унга нисбатан илиқ бир туйғу йўқ эди, айни замонда унинг мажруҳ ҳолатини, нола чекиб тўлғанишларини кузатиб туриш ҳам жуда оғир эди.

– Фақирни кечиргайсиз, шаҳзода, – деди у. – Не чора, фақир расул эмаски, Оллоҳдан ваҳий келтириб дилингизга фароғат солсам! Каминага ижозат бергайсиз, шаҳзода…

Мирзо Абдуллатиф жавоб бериш ўрнига тўсатдан турган жойида тиз чўкди-да, қиблага қараб саждага бош қўйди…

Али Қушчи кўнгли бир хил бўлиб, оёқ учида юриб хонадан чиқди, тик пиллапоялардан бир-бир босиб пастга тушаркан, шаҳзоданинг:

– Ёзуғим не маним, эй парвардигори олам! – деб инграганини эшитиб юраги зирқираб кетди-ю, қадамини тезлатди.

Пастда, зинадан тушган жойида, қўлларини орқасига қилиб, асабий айланиб юрган балхлик занжисифат саройбон Али Қушчига савол назари билан қаради. Али Қушчи “ҳайронман” деб елкасини учирган эди, саройбон: “Ақлидан озган”, деган маънода тилла узукли шаҳодат бармоғини чаккасига ниқтадида, шартта бурилиб, ён эшикдан ичкарига кириб кетди. Саройбон эшикни очганда ичкаридан канизларнинг шўх кулгиси, зебзийнатларнинг нафис жаранглаши эшитилди-ю, эшик ёпилиши билан яна тинди. Ажабо: саройбон уни на ичкарига таклиф қилди, на посбонлар қўлига топширди.

Али Қушчи ҳайрон бўлиб боққа чиқди. Атроф ёришиб қолган, кўкдаги булутлар сийраклашган, осмоннинг артилган шишадай тиниқ жойларида сўнгги юлдузлар милтираб турар, кечаси ёмғирда чўмилган катта боғ булбулларнинг хонишига тўлиб кетган эди… Кошона олдида ҳеч ким кўринмас, фақат гулзор ўртасидаги тепаси гумбазсимон, ҳаворанг шийпонда кечаси уни Кўксаройдан олиб келган икки сипоҳ устунларга суяниб мудрашарди. Али Қушчи бирпас ҳайрон бўлиб тургач, қизил қум сепилган хиёбондан юриб боғ оралаб кетди. Унинг фикри-ёди ҳамон шаҳзодада эди, кўз олдида ҳамон унинг ёш билан ювилган аянчли чеҳраси турар, қулоқлари остидан зорли нидоси кетмас эди.

“Ҳайҳот! Ким айтмиш, бу норасо дунёда ҳақ ва адолат йўқ деб! Бор! Кимки, бу дунёда ёмонлик қилса – хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ гадо – у жазосиз қолмайди! Инсонга ақл ва шуур шу мақсадда берилганким, у бу теран ҳақиқатни тушунсин! Кимки бу ҳақиқатга тушунмай, адолатсизлик йўлини тутар экан, охири вой бўлиши муқаррар!.. Мана, шаҳзода! Тожу тахт ва шон-шавкат ишқида ўз падарини қатл қилишдан ҳам тоймаган эди. Алломалар сарвари ёққан илм машъалини сўндириб, Мовароуннаҳрни зулмат қўйнига ташлаган эди. Оқибати не бўлди? Ҳа! Бу фоний дунёда ҳам ҳақ ва адолат бордур. Бандаи мўминларга қатлу қирғин келтирган, меҳр-шафқат ўрнига жабру жафо, илми маърифат ўрнига зулмат уруғини сочган ҳеч бир кимса интиқомсиз қолмайдур!..”

Али Қушчи дукур-дукур оёқ товушларини эшитиб ўгирилиб қаради. Боя ҳаворанг шийпонда мудраб ётган ясовулларнинг бири унга томон югуриб келарди.

“Яна шаҳзодами? Яна зойичами?”

Йўқ, ясовуллар уни “Чил устун”га эмас, дарвозага бошлашди. Дарвозада толларга боғланган отлар шай турарди. Али Қушчи ясовуллар ёрдамида отга минаркан, хаёлидан: “Яна Кўксаройгами? – деган фикр ўтиб, вужуди ачишиб кетди. – Ҳа, Кўксаройга. Лекин икки ҳафта ётган ёруғ хонага эмас, ўшал жаҳаннамга, совуқ гўрга тиқишар сени!”

Али Қушчи, икки ёнида икки ясовул, отини йўрттириб бораркан, гўё олам билан видолашаётгандай чор атрофига – йўл бўйидаги юксак сарвларга, кечаси ёмғирда чўмилган боғларга, адирларни қоплаган ҳўл майсаларга, мусаффо осмонда милт-милт ёнган сўнгги юлдузларга суқланиб қарар, қараб тўймас эди.

Ё раб! Мунчалар фусункор экан бу олам! Ариқ бўйларида гўё маъсум келинчаклардай бош эгиб турган мажнунтоллар, япроқларида шудринг томчилари ялтираган оқ тераклар, чакалакзорлардаги қушлар нағмаси, теварак-атрофдан элас-элас қулоққа чалинаётган қўй-қўзилар маъраши, майса ва дашт гиёҳларининг муаттар нафасига қўшилиб эсган аччиқ тутун ҳиди… Наҳот бунинг ҳаммасидан маҳрум бўлиб, тағин ўшал мудҳиш гўрга тушса?

Тўсатдан ҳаммаёқ тасир-тусир бўлиб кетди. Юраги ўйнаб кетган Али Қушчи икки томондаги қамишзор жарликлардан от солдириб чиққат тўрт нафар суворийни кўрди. Юзларига қора чарм ниқоб тутиб, бошларига ағдарма телпак кийган бу суворийлар, қилич ўйнатганларича, қуюндай ёпирилиб келдилару, довдираб қолган ясовулларнинг бошларига қоп ташлаб ғип бўғиб олдилар. Али Қушчи ҳушига келгунча суворийларнинг бири отини жиловидан олиб, пастга, жарликка етаклади.

“Қароқчисимон бу йўлтўсарлар ким? Қуюндай ёпирилиб қайдан келди?”

Туя бўйи келадиган қамишзорга киришлари билан олдинда бораётган суворий юзидан қора чарм ниқобини юлиб олди.

– Қаландар Қарноқий!

– Устод!

Қаландар отда энгашиб, қулочини ёзди:

– О, устод, устод! Ниятимиз пок эканми, дийдор кўришмоқ насиб бўлди!

Али Қушчи ҳамон ҳушини йиғолмай, Қаландарнинг серсоқол юзига, ёш милтираган кўзларига ҳайрат билан тикиларкан, юраги яна жиз этди: қамишзор орасидан Мирам Чалабий билан Мансур Коший чиқиб келишди.

– Мирам, ўғлим! Мансур Коший!

– Устод!

Қаландар Али Қушчини қўйиб юбориб, ясовулларни чакалакзорга судраб тушган ниқобли йигитларга юзланди.

– Чилвир билан бутага боғланглар. Тезроқ, Қалқонбек! Фурсат зиқ, Босқонбек!

Ниқобларини ечмаган йигитлар бошларига қоп кийдирилган ясовулларни буталарга боғлаб бўлишлари билан, Қаландар отига қамчи босди.

– Кетдик, устод, фурсат зиқ!

Қаландарнинг шошилиши бежиз эмас, осмонда юлдузлар сўниб, теварак-атроф ёришиб қолган эди. Лекин улар чапга бурилиб, юз қадамча юрмаган ҳам эдилар, “Боғи майдон” томондан от туёқларининг дупири эшитилди-ю, қамишзор орасида тўхташга мажбур бўлишди. Сал ўтмай, юқорида, оқара бошлаган уфқда, катта йўлдан от чоптириб ўтаётган ўн нафарча суворийлар кўринди. Шу пайт, рўпарада, катта йўлнинг у юзидаги тепаликда ҳам бир гуруҳ отлиқлар пайдо бўлди. Тепаликда бирдан пайдо бўлган бу отлиқлар, қўлларидаги яланғоч қиличларини бошлари узра ўйнатишиб, ваҳимали қийқириқ билан ёпирилиб келишарди. Тепадан қора тўфондай ёпирилиб тушаётган суворийларни кўрганда “Боғи майдон” томондан келаётган отлиқлар саросимага тушиб тўхтаб қолишди, олдинги суворийлар эса отларининг бошларини орқага буришди.

“Шаҳзода!” – хаёлидан ўтди Али Қушчининг.

Ҳавода қиличлар ярқираб, отларнинг зорли кишнаши борлиқни зир титратди.

– Кетдик, устод. Бу ерда турмоқ хатарлидур! – Қаландар Қарноқий Али Қушчининг отини етакка олиб илгарилаб кетди. Али Қушчи кўзини чирт юмиб олди, лекин қанча уринмасин, нигоҳи олдидан “Чил устун”да қиблага қараганича ер ўпиб ётган шаҳзода кетмас, қулоқлари остида ҳамон унинг аянчли йиғиси янграр эди: “Туш кўрдим, мавлоно… Бисёр ёмон туш…”

Катта йўлда ҳамон қиёмат-қойим давом этар, қиличларнинг шарақ-шуруғи, отларнинг кишнаши ва одамларнинг ваҳший қийқириқлари эшитилиб турарди…

* * *

Мирзо Абдуллатиф саройбон бошлиқ ўн чоғлик балхлик навкарлари билан “Боғи майдон”дан чиққанида уфқ оқара бошлаган, теварак-атроф ёришиб қолган эди. Лекин кечаси билан мижжа қоқмаган, кўз олдини қандайдир туман қоплаган шаҳзодага ҳамма ёқ, ҳатто ёмғирдан кейин бўлакча тиниқлик касб этган мусаффо осмон ҳам қоп-қора туюлиб, эти увишиб кетди. У олдинда от чоптириб бораркан, йўл бўйидаги сарвлар панасида, икки томондаги жарликларда аллақандай кўлагалар изғиб юргандай туюлиб дам-бадам сесканар, гоҳ отининг жиловини тортар, гоҳ олазарак бўлиб, ёнидаги навкарларига қарарди.

Аксарияти балхлик, ўнг қулоқларига тилла исирға тақиб, бошларига сурма ранг салла ўраган қушбурун, занжисифат маҳрамлари эса, у қараганда кўзларини олиб қочар, отларининг бошларини тортиб, орқага тисарилар эди. Ҳар сафар тик қарашга журъат этмай орқага тисарилган бу навкарларини кўрганида шаҳзода қиличини қинидан суғуриб олиб, уларнинг устига от солдириб боргиси келар, лекин бундай қилишга фурсат йўқ, у Кўксаройга ошиқар эди. Назарида, доруссалтанага етиб, Кўксаройга кириб олса бас, кечаси кўрган туши ва ҳамон кўз олдида турган мудҳиш манзарадан халос бўладигандай туюларди.

Ана олдинда, Афросиёб қирлари устида, уфқни тўсган кунгурадор девор ҳам кўринди. Девор тагидан чуқур хандақ ўтади. Хандақ сувсиз, ундан ўтилса бас… Лекин худди шу пайт, олдинда бораётган шаҳзода хандаққа яқинлашиб қолганидан, ўнг қўлдаги тепаликда бир гуруҳ суворийлар пайдо бўлди.

Ҳаммаси бир хил қора чакмон ва қора телпак кийган, баъзилари юзларига қора ниқоб тутган бу қора гуруҳ, тепада бир дақиқа от ўйнатиб турди-да, қора тўфондай ёпирилиб кела бошлади…

Юрагини чулғаб олган мудҳиш туйғу шаҳзодани карахт қилиб қўйди. У тепадан ёпирилиб тушаётган қора гуруҳ тобора яқинлашаётганини, ўз навкарлари эса, отларининг бошларини буриб, тасир-тусир қочаётганини сезиб турар, лекин, худди илоннинг сеҳрига илинган бақадай, сурон солиб келаётган суворийлардан кўзини ололмас, жойидан жилолмас эди.

Ана, қийқириқлари оламни тутган қора тўфон пастдаги хандаққа етди. Тўфоннинг олдида бир-бирларининг отларини қамчилаган икки суворий келарди. Ниқобларини юлиб олган бу икки суворийнинг бири… амир Султон Жондор эди. Иккинчиси… ё раб! Худди тушида баркаш кўтариб кирган навкарга ўхшаган бу иккинчи суворий… кўпдан бери фитна қўзғаб қочиб юрган Бобо Ҳусайн Баҳодир эди!..

Шаҳзода жон ҳолатда отининг бошини бурди, лекин қочиб бораётган навкарларига яқинлашиб қолганида, тўсатдан елкасига зарб билан қадалган ўқ-ёй уни букчайтирганича эгардан ағдарди…

“Наҳот куни битган бўлса? Наҳот тожу тахт, салтанат, шоншавкат – баридан айрилган бўлса?”

Бутун оғирлиги билан гурсиллаб қулаган шаҳзода юрагига санчилган оғриқдан тўлғаниб кўзини очди… Ҳудудсиз осмон, гўё қонли уммондай қирмизи тусга кирган, кўз қамаштирган бу мудҳиш уммон қаърида лахча чўғ булутлар сузиб юрарди… Шаҳзода ҳолсизланиб кўзини юмаркан, тўсатдан қонли булутлар орасидан чиқиб келган… падари бузрукворини кўрди.

Эгнида ял-ял ёнган зарбоф тўн, бошида гўё қонга бўялгандай қип-қизил салла, ҳатто соқол-мўловлари ҳам қип-қизил Мирзо Улуғбек, кўзларида ёш, худди қанот ёзгандай қўлларини ёзиб, унга томон оҳиста тушиб келарди…

Оламни от туёқларининг дупурию, қандайдир қаҳрли сурон тутган, бу сурон орасидан отасининг мунгли овози аниқ эшитилиб турарди.

“Жигаргўшам, болам! Пушти камаримдан бўлган зурриётим! Падаринг бошига етган бу қузғунлар сенинг бошингга ҳам етибдур. Не чора? Ота-бобонгга вафо қилмаган бул машъум тожу тахт сенга ҳам вафо қилмайдур, дедим. Сўзимга инонмадинг. Не қилай, болам?..”

Оламни тутган қаҳрли сурон яқинлашиб келмоқда, кўз ёши аралаш бу мунгли овоз эса, аксинча, тобора узоқлашмоқда эди… Шаҳзода, гўё отасини тўхтатмоқчи бўлгандай бор кучини йиғиб талпинди, талпинди-ю, боши узра кўтарилган яланғоч қилични кўриб, кўзини юмди, юмаркан:

“Гуноҳкор фарзандингизни кечиргайсиз, бузруквор!” деб пичирлади.

26

Қаландар Қарноқий йўлга чиққанида тун ярмидан ошган эди. У барвақтроқ йўлга тушмоқчи эди, лекин қабристондан қайтган Али Қушчи ғорнинг энг ичкарисига ўтиб, юзтубан тушиб ётиб олди-ю, Қаландар уни безовта қилишга журъат этмади.

Устодни қабристонга Қаландар ўзи бошлаб борди. Тиллабибининг вафотига бир ой тўлмаса ҳам, унинг қабри кўм-кўк майса билан қопланган эди… Устод энасининг қабри тепасида намози асрдан то қора шомгача қимир этмай ўтирди. Қаландар унинг аллақандай чўкиб қолган чўпдай бўй-бастига, кўзлари юмуқ, соқол-мўйлови кўз ёшларидан нам, унсиз йиғисига четдан қараб ўтираркан, нечундир узоқ Қарноқда, “Қоровул тепа” остидаги кўҳна қабристонда қаровсиз ётган ўз энасининг қабри эсига тушиб томоғи ғип бўғилди.

Устод гўристонда ҳам, йўлда ҳам бир оғиз гапирмади, лекин Қаландар унинг унсиз изтиробларини бутун вужуди билан ҳис этар, ҳис этгани учун ҳам на тасалли беришга тили борди, на рухсат сўрашга…

Фурсат ўтиб бормоқда, ғорга йиғилган қўни-қўшни темирчи ва чилангарлар, Қаландар билан хайрлашмоқчи бўлиб келган Қалқонбек билан Босқонбек – ҳамма сукутга чўмган эди. Қаландар босқон ёнида хаёлга толиб ўтирган устага қаради. Уста унинг аҳволига тушунди чамаси, қоронғи бурчакда ётган мавлононинг ёнига бориб, алланималарни айтди. Устод ўрнидан турди, лекин шу пайт эшик тақиллаб, мавлоно Коший билан Мирам Чалабий кириб келишди-ю, Қаландар яна тутилиб қолди.

Мавлоно Кошийнинг айтишича, Мирзо Абдуллатифни қатл қилган фитначилар шаҳзоданинг бошини кесиб, Мирзо Улуғбек мадрасасининг дарвозасига осиб қўйишган эмиш. Фитначилар ҳибсда ётган шаҳзода Мирзо Абдуллони тахтга кўтарган эмиш. Шаҳарда осойишталик эмиш. Кўплар каламушлардай ин-инларига кириб кетган бўлса-да, Регистон майдонига бориб, мудҳиш манзарани томоша қилувчилар ҳам бор эмиш. Хуллас, бировлар бу қатлу қирғиндан қўрқиб, уйларида пусиб ётган бўлса, бировлар беҳад хурсанд эмиш…

Қаландарнинг эсига яна ўша таниш мисралар тушиб бошини чайқади:

 
Тотлиғ-тотлиғ еганлар,
Турлук-турлук еганлар,
Олтин тахт ўлтурганлар
Туфроқ аро ётмишлар…
 

Уста Темур Самарқандий мийиғида кулимсираб: “Туфроқ аро ётмишлар!” деб қўйди. – О, бевафо тожу тахт! Сени деб не-не қатлу қирғинлар бўлмади! Сени деб, не-не подшоҳлар ўзларини ўтга урмадилар!

– Аммо, ҳайҳот! Ҳеч бир шоҳ ўзига бундан бир сабоқ олмагандур! – Али Қушчи маъюс бош чайқаб, Қаландарга юзланди:

– Ҳар қалай, Мирзо Абдуллони мўъмин одам, деб эшитган эдим. Эҳтимол, бу падаркуш мустабиднинг тақдири унга бир сабоқ бўлур. Эҳтимол, илм аҳлига Мирзо Абдуллатифдай бераҳмлик қилмас. Бир ой-ярим ой сабр қилгайсен, шоир. Шояд инсофга келиб мадрасани қайта очса. Бирга бўламиз. Бурунгидай толиби илмларга раҳнамолик қиламиз…

Қаландар, гўё ўз дилига қулоқ солаётгандай, бошини ҳам қилиб узоқ ўйланиб қолди. Йўқ, унинг жисми Самарқандда бўлса ҳам, руҳи қачондан бери ўз маскани – олис Қарноқда эди… у хаёлан аллақачон Хуршида бону билан бирга қир ва адирлар оша ўз элига йўл олган, бутун қалби, бутун вужуди билан ўз юртига қараб талпинар эди.

– Ташаккур, устод. Ва лекин элимга кетмасам бўлмас…

– Нечун? – деди Мирам Чалабий ҳаяжонланиб. – Иншооллоҳ, ҳамиша бундай жабр-жафо бўлмас…

Мирам Чалабийнинг сўзига мавлоно Коший ҳам қўшилиб, уни кўндиришга урина бошлашган эди, гапга уста Темур Самарқандий аралашди.

– Ўғлимни ўз ихтиёрига қўйгайсиз, болам. Мусофир юртида султон бўлмоқдан, ўз юртингда ултон бўлмоқ аълодур. Туғилган элнинг тўрғайи ҳам яхши кўринади дейдилар. Ўғлим Қаландар ўз юртини соғинибди. Унга ижозат беринг, мавлоно! – Уста шундай деб, дуога қўл очди. Устанинг дуойи жонидан кейин Али Қушчи ғорнинг энг хилват жойига яширинган хуржунни олдириб, Қаландар Қарноқийга бир ҳовуч лаъл ва жавоҳир билан битта қуйма тилла инъом этди.

– Фақирга қилган барча яхшиликларингга минг-минг раҳмат, иним! – деди у овози қалтираб. – Каминадан қайтмаса Оллоҳдан қайтгай. Осойишталик бўлса қайтиб келарсен. Иншооллоҳ дийдор кўришгаймиз!..

Ғор олдида иккита от тайёр турарди. Улар сўнг бор қучоқлашиб хайрлашаркан, уста ҳам, мавлоно Али Қушчи ҳам беихтиёр кўзларига ёш олдилар. Буни кўрганда Қаландар ҳам томоғи ғип бўғилганини сезди-ю, отига сакраб миниб, уст-устига қамчи босди…

Мана, доруссалтана аллақачон орқада қолди. Қўҳак тоғининг этагида Қаландар Қалқонбек билан Босқонбекка ҳам рухсат берди. Худди ўз укаларидай бўлиб қолган бу оға-инилар билан қучоқлашиб хайрлашди-да, жилға бўйлаб отини йўрттириб кетди. Лекин хаёли ҳамон Самарқандда. Кўз олдидан ҳамон устоднинг ғамгин чеҳраси кетмас, қулоқлари остида ҳамон устанинг ҳаяжонли гаплари, берган оқ фотиҳаси янграб турарди. У гўё шаҳарнинг ҳар бир даҳаси, ҳар бир гузари, ҳар бир кўчасига кириб чиқар, хаёлан гоҳ расадхона билан, гоҳ салкам йигирма беш йил тупроғини ялаб ўтган Улуғбек мадрасаси билан видолашар эди… Салкам йигирма беш йил! Ўсмирлик пайтида келган осий банда мана энди қирқдан ошди. Соч-соқолига оқ тушди… Бу орада бошига не ғурбат, не кулфатлар тушмади. Лекин ҳақ таолога шукурким, гоҳ бошига уқубат солса, гоҳ иноятини дариғ тутмади: шу шаҳарда у илм зиёсидан баҳраманд бўлди, шу шаҳри азимда Мирзо Улуғбек билан мавлоно Али Қушчидай алломаи замонларга шогирд тутиниб, уларнинг меҳр-муҳаббатларига мушарраф бўлди… Яна ҳақ таолога шукурким, у хиёнат йўлига кирмади, ўз устодлари олдидаги шогирдлик қарзини узди. Сўнгги бирикки ҳафта, хусусан, илоннинг ёғини ялаган Қашқир қайгайдир йўқолганидан бери, Қаландар ўзини қўярга жой тополмай қолган, мавлонони қутқаришдан умидини узган эди. Хайрият, устанинг: “Бу муқарраб-ус султонлар орасида олтинга сотилмайдурғони йўқдур”, деган сўзи тўғри чиқиб, бошқа бир ясовул топилди. Шу ясовул ёрдамида кеча, ниҳоят, устодни қутқарди. Мана энди пок виждон билан Хуршида бонуни олиб ўз юртига кетса бўлади. Ҳа, Оллоҳга яна бир бор шукурким, бу масканда унга шундай улкан муҳаббат ато қилди… Бу муҳаббат уни қанча-қанча ўт-чўққа ташласа ҳам, охири иншооллоҳ, бахайр бўлди. Насиб қилса шу букун бонуни олиб узоқ йўлга чиқади… Бир бечора камбағалга шундан бошқа не керак?

Қаландарнинг эсига яна сўнгги учрашув тушиб, кўнгли бир хил бўлиб кетди. У кейинги пайтларда бонуни ўйларкан, ўша кунги иссиқ бўсаларни, қалбида уйғонган бўлакча бир меҳрни, илгари ҳеч қачон ҳис этмаган бахт туйғусини эсламоқчи бўларди. Лекин бунинг ўрнига негадир кўз олдига ҳадеб бонунинг ғамгин чеҳраси келар, кўз ёшларини қулт-қулт ютиб айтган гаплари, “никоҳ хутбасини ўқитинг, шаръий хасмингиз бўлай”, деган илтижолари қайта-қайта эсига тушиб, кўнгли алғов-далғов бўлиб кетарди…

Мана ҳозир ҳам, доруссалтанадан чиқибдики, юрагини аллақандай мубҳам туйғулар, теран бир мунг чангаллаб олди. Бу ноаниқ ҳислар, бу чексиз қайғу айрилиқданми, бошқами – Қаландар буни изоҳлаб беролмас, лекин қанча уринмасин, ундан қутула олмас, доруссалтанадан узоқлашган сайин юрагини зирқиратган бу оғриқ тобора ортиб борарди…

Қаландар бошидаги телпагини тўғрилаб, осмонга қаради. Боя хуфтонда қуюқлашган булутлар тарқаган, бахмалдай майин, тиниқ осмон юлдузга тўлиб кетган эди… Ана, энг тепада, зардай сочилиб ётган Сомон йўлининг устида, Дубби акбар ситоралари битта-битта бўлиб чарақлаб турибди. Ундан пастроқда Ҳулкар юлдузлари ўчоқдаги қўрдай ғуж бўлиб милтирайди. Зуҳро юлдузи ҳали кўринмайди, лекин тонг яқин, олис-олисларда итларнинг ҳуриши, хўрозларнинг қичқириғи эшитилади… Ана, ўнг томондаги тоғ чўққилари чўғдай яллиғланиб, Самарқанд нонидай юм-юмалоқ тўлин ой кўринди. Ой чиқиши билан борлиқ бўлакча бир улуғворлик касб этди, қирлар, адирлар, жилға бўйидаги тўқайзорлар – ҳаммаси нотаниш ва аллақандай сирли бир оламга ўхшаб кетди…

Қаландар отининг бошини қирга бурди… Ажабо: сўнгги икки ҳафтада қирлардаги майсалар тиззага келган эди… Қаландар Қарноқийнинг юртида кўклам сал кеч келади. Эҳтимол у ёқларда ўт-ўланлар тиззага келмагандир, лекин ям-яшил қирларда, Сайхун бўйларидаги чексиз даштларда ҳанузгача лолақизғалдоқлар очилиб ётгандир!..

Қаландар Қарноқий Хуршида бону билан бу қирлардан от чоптириб ўтишини, қизил гиламдай тўшалган қизғалдоқлар, адирлар оша суюкли қишлоғига кириб боришини ўйлайди. Ўйларкан, кўнглидаги ғубор хиёл тарқаб, дили ёришгандай бўлди.

Ой чиққани учунми, сал ўтмасданоқ уфқ оқариб, тоғ чўққилари устида Зуҳро юлдузи чарақлади. Қаландар таниш сойга тушганида теварак-атроф ёришиб, тепада қишлоқ боғлари кўзга чалинди.

Қаландар отдан тушиб юз-қўлларини ювди, таҳорат олиб, бомдод намозини ўқиди, сўнг, юраги яна аллақандай увишиб, отга минди. У ҳар сафар шундай бўлади, сойдан ўтиб қишлоққа яқинлашаётганида висол орзуси билан йўғрилган нотинч бир ҳис ёпирилиб келиб, соғинган қалби бетоқат питирлаб қолади. Букун у хиёл барвақтроқ келди. Эҳтимол, бону ҳали уйқудан турмагандур? Иссиқ тўшакда маъсум гўдакдай тиниқ нафас олиб ухлаб ётгандур!..

Ё раб! Бу не?..

Қаландар Қарноқий тепада, Бобомурод ота ҳовлисининг деворлари олдида от ўйнатиб турган беш-олти нафар суворийларни кўриб, беихтиёр отининг бошини тортди. Олисдан суворийлар улоқ талашаётган чавандозларга ўхшар, бир жойда гир айланишиб, ниманидир тортишар, йиғилган оломон билан олишар эди. Ниҳоят, улардан бири оқ матога ўралган бир нарсани ердан узиб, эгарига ўнгариб олди-да, даврани ёриб чиқиб, қир бағирлаб от чоптириб кетди. Суворий отининг бошини қирга бураётганида, оқ мато орасидан нимадир сидирилиб тушди-ю, сочилиб кетиб, гўё қора бахмал рўмолдай ҳавода назокат билан ҳилпиради.

“Бону!” – Бу фикр миясида чақмоқдай чақнаган Қаландар арғумоғига қамчи урди. Четан девор ёнида турган эркак-аёл баробар суворийлар орқасидан югуришди. Лекин турна қатор бўлиб кетаётган отлиқлар тобора узоқлашиб борарди.

Қаландар Қарноқий усиз ҳам учиб кетаётган бўлиқ арғумоғини аёвсиз қамчилаб бораркан, фикрлари қуюндай чарх урарди:

“Наҳот сўнгги умиди сўнса! Наҳот кўз очиб кўрган севгилисидан, бу зулмат қаърида порлаган ёруғ офтобидан айрилса? Инсофу адолат қайда, эй парвардигор?”

Ана, биринчи суворий арғумоғини тўхтатиб, оқ матога ўрабчирмалган, тўзғиган сочлари от туёқлари остида ҳилпираган аёлни – унинг Хуршида бону эканига энди шубҳа қолмади! – бошқа отга миндира бошлади. Оқ матони йиртиб, қўлларини бўшатиб олган бону, суворий билан олишар, ўзини отдан ерга ташлашга уринар эди. Буни кўрган Қаландар арғумоғини қаттиқроқ қамчилади. У суворийларга яқинлашиб қолганда, энг охирги отлиқ ўгирилиб қаради, қаради-ю, жон ҳолатда фарёд кўтариб отига устма-уст қамчи босди.

“Қашқир! Даюс!”

Қаландар қиличини қинидан суғуриб олди. Қашқир қичқирганда Хуршида бонуни отга миндираётган суворий ҳам ўгирилиб қаради.

– Амир Жондор!

Қаландарни кўрган амир ҳам навкарларига бир нима деб бақирди. Лекин Қаландар унинг нима деганини эшитмади. У ҳамон дод солганича от чоптириб бораётган Қашқирни қувиб етди-да, оёқларини узангига тираганича бутун кучи, бутун оғирлиги билан унинг дубулға кийган бошига қилич солди. Шартта кесилиб учиб кетган дубулғалик бош от туёқларининг остига тушиб, юмалаб кетди. Қаландарнинг назарида, Қашқирнинг ерда юмалаб бораётган боши мудом чинқираётгандай туюлиб юраги зирқираб кетди. Лекин ойсимон эгри қиличларини ўйнатиб, устига бостириб келаётган икки суворийни кўриб, ҳушини йиғди. Суворийлардан бири, чамаси, шаҳзоданинг хорижий навкарларидан бўлса керак, бошига туғлик мис дубулға кийган қора барзанги сипоҳ, эгарга энгашиб олдинда келар, иккинчиси эса, сал орқада қолган эди. Қаландар отини тўғри барзангига солди. Зарб билан тўқнашган икки арғумоқ зорли кишнаб, осмонга сапчиди. Барзанги оёқларини узангига тираб эгри қиличини осмонга кўтарди. Лекин Қаландар отининг бошини чапга бурди-ю, ўнг ёнбошида қолган барзангини бир ҳамла билан отидан учириб юборди. Буни кўрган иккинчи суворий жон талвасасида отининг бошини орқага бурди. Қаландар отини аёвсиз ниқтаб, уни қувиб бораркан, бир зум кўзи амир Жондор билан Хуршида бонуга тушди. Бонуни қўйиб юборган амир, от устида камонини тортиб, ўқ узмоқчи бўлар, бону эса, эгардан йиқилай-йқилай деб, унга тармашар эди.

“Номард!”

Қаландар қочиб бораётган суворийни ташлаб, отининг бошини амир Жондор томон бурди, бурди-ю, кўксига мислсиз зарб билан қадалган ўқ-ёйни чангаллаганича, отининг бўйнига муккасидан йиқилди. Жон талвасасида отининг ёлига тармашаркан, бонунинг: “Мирзам!” деган фарёди қулоғига чалингандай бўлди.

“Хуршида! Бону… Шаръий манкуҳам!..” хаёлидан ўтди унинг. Ҳолсизланиб отдан сирпаниб тушаркан, нечундир кўз олдига олис Қарноқ қирларидаги гўристон, гўристон четидаги отасининг қабри тепасида йиғлаб ўтиргач синглиси келди. Сўнг, осмону замин – ҳаммаси чир айланди-ю, чарпалак бўлиб кетди.

* * *

Хуршида бону бир неча бор ҳушидан кетиб, бир неча бор ҳушига келди. Сўнг бор ҳушига келганида ўз уйлари, ўз хонасида ётганини, тепасида юм-юм йиғлаб ўтирган кекса энагаси билан аллақандай қақшаб-қалтираб қолган бобосини кўрди, кўрди-ю, яна кўзини юмди… Унинг кўз очиб юмганини кўрган энагаси: “Нуридийдам! Гиргиттонинг бўлай, қизалоғим!” деган нидо билан юз-кўзларидан чўлп-чўлп ўпди. Энагасидан кейин бобосининг зорли хитоби эшитилди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации