Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 25 страниц)
3
Шаҳзода Абдуллатиф кечаси тун яримдан ошгунча, то Мирзо Улуғбек орқасидан кетган амир Султон Жондор у кутган хабарни келтирмагунча мижжа қоқмади. Хабар келгандан кейин эса, гўё елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортиб, ўзини Амир Темурнинг олтин курсисига ташлади-ю, ухлаб қолди. У қанча ухлади – билмайди. Бир маҳал, худди тепасида биров тургандай чўчиб уйғонди.
Шифтдаги жимжимадор қандилга терилган шамлар нечундир ўчиб қолган, фақат эшик устидаги токчада биттагина шам милтираб турар, унинг заифгина шуъласи пойгакнигина ёритар, улкан хонанинг қолган бурчаклари нимқоронғи эди!..
Шаҳзода юраги гурс-гурс уриб, ўрнидан секин турди. Назарида ўрдадай кенг, шоҳона хонанинг қоронғи бурчакларида чир айлана саф тортган олтин курсилар тагида, тўрга осилган оғир дарпарда орқасида кимлардир яшириниб олгану, ундан кўзларини узмай хатти-ҳаракатларини кузатишар эди!
“Ё худованди карим! Ўз паноҳингда сақлагайсен!..”
Шаҳзода хонани чулғаб олган мудҳиш жимликка қулоқ солиб, тирноқларигача жимирлаб бир лаҳза турди, кейин гўё бурчакбурчакдаги сояларни чўчитиб юборишдан қўрққандай, оёқ учида юриб, токчалардаги шамларни ёқди… Қоронғи хона ёришиб, тилла суви юритилган нозик безаклар гўё жон киргандай ярқираб кетди… Шаҳзода аъзойи бадани бўшашиб, ўзини яна тилла курсига ташлади-ю, бошини қўллари орасига олди…
“Унга не бўлди? Нечун юраги тузоққа тушган қушдай питирлайди? Нечун кўнглини бу мудҳиш қўрқув чулғаб олди? Недан кўрқади? Алҳол барча хавф-хатарга чек қўйилмадими? Эндиликда бутун Мовароуннаҳрга ҳокими мутлақ бўлмадими? Халлоқи олам унга саховат қилиб, явми саодатга еткармадими? Ё амир Султон Жондор келтирган шум хабар уни қўрқитиб юбордими?..”
Йўқ, у кун бўйи амир Жондорнинг йўлини кўзи тўрт бўлиб пойлади. Ҳар сафар эшик тақиллаб, бўсағада балхий саройбон кўринганда юраги бир ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетар, ундан “амир Жондор!” деган сўзни кутар, бошқа бир кимса ташриф буюрганини эшитганида эса, ҳафсаласи пир бўлиб, жойига ўтириб қолар эди. Ниҳоят, тун ярмидан оққанда эшик тўсатдан шитоб билан очилиб, амир Султон Жондор кириб келди.
Амир, елкасида қора хуржун, ойсимон эгри қиличини эшикка шарақлатиб уриб, шахт билан кириб келди-да, пойгакка тиз чўкиб, сажда қилди. Шаҳзода юраги томоғига келиб тиқилгандай туюлиб, лабларини зўрға қимирлата олди: “Сўзла!..”
Сохт-сумбати келишган амир Султон Жондор, барваста қаддини ростлаб, кафтининг қирраси билан томоғини ишқалади: “Бошини танидан жудо қилдик!”
Шаҳзода, аъзойи баданини совуқ тер босиб: “Қайда?” деб шивирлади. Амир Жондор елкасидаги хуржунни “гурс” этиб ерга ташлади-да, уни кавлай бошлади. Шаҳзода юраги музлаб орқага тисариларкан: “Йўқ, йўқ! Кўрсатма!” деган маънода қўл силтади. Амир Жондор ғалати кулимсираб, хуржуннинг оғзини ёпаркан: “Қайға дафн этурмиз?” деб сўради.
Шаҳзода бу машъум хабарни қанчалик сабрсизланиб кутмасин, нечундир дафн тўғрисида ўйламаган эди. Нима дейишини билмай тили лол бўлиб қолди.
– Гўри Миргами? – деди амир Жондор шивирлаб, шаҳзода яна саросима ичида бош чайқади: “Йўқ, йўқ! Асло!”
– Балли сизга, давлатпаноҳ! – деди амир Жондор. – Дини Муҳаммадийга қилич кўтарган бу дажжолни фотиҳи музаффар мақбарасига дафн қилсак гуноҳи азимга қолурмиз. Уни бединлар уяси бўлмиш ўз мадрасасига ерламоқ даркор…
Шаҳзода ижирғаниб, қўл силтади.
– Бас! Не қилсанг-да, тезроқ қил. Лекин тирик бир жон билмасин!
Амир Жондор кўзини қисди.
– Туя кўрдингми, йўқ, бия кўрдингми, йўқ, пушти паноҳ!
Амир ғалати ишшайганича орқаси билан юриб чиқиб кетди. Шаҳзода эса устидан тоғ ағдарилгандай бўлиб, ўзини олтин тахтга ташлади.
– Оллоҳга шукур. Мана энди…
Ногаҳон қибла томондаги деворга тутилган ипак парда орқасида бир нима ғичирлагандай бўлди… Шаҳзода шитоб билан ўгирилиб қаради. Ҳа, парда чиндан ҳам қимирлар эди!..
Шаҳзода кўзлари ола-кула бўлиб, жон ҳолатда қиличини қинидан суғуриб олди-ю, бир сакрашда тўрга ўтиб, парда қимирлаётган жойни қулочкашлаб чопди… Махфий эшикнинг қулфига теккан қилич, юлдуз сачратиб, шарақлаб кетди. Парда кесилган жойда қуйма пўлат эшик қорайиб кўринди: ҳеч ким йўқ эди!..
Шаҳзода пешанасидан шиғиллаб оққан совуқ терни сидириб ташлаб, ўзини яна курсига отди.
“Воажабо! Унга не бўлди? Нечун титрайди? Нечун изтироб чекади? Падари бузруквор аталмиш бетавфиқ шоҳ қатл бўлса, шаҳзоданинг гуноҳи не? Уни қатл қилган ўз ғаними Сайид Аббос эмасму? Ким унга дини исломга муқовамат қилиб, барча уламойи забардастлар, сайидлар, барча уммати мустафони ҳақорат қил деди?.. Парвардигори оламнинг қаҳридан қўрқмай, арши аъло ҳисобланмиш коинот сирларини очмоққа жазм этган экан, ўз жазосини олди. Зотан, шаҳзода ундан, қиблагоҳ деб аталмиш бу бемеҳр мутакаббир шоҳдан не яхшилик, не меҳр-саховат кўрибдики, унга куйинади? Падар бўлиб, бир маротаба бағрига босмади, ўғлим деб бошини силамади! Бор меҳр-саховатини, бор ширин сўзини фарзанди аржуманди шаҳзода Абдулъазизга бахш этди. Уни суйди, бағрига босди. Абдуллатифни эса, бемеҳр, бағритош энагаси Гавҳаршод бегимнинг тарбиясига топширди. Кўҳлик бўлса ҳам – чеҳраси совуқ, юпқа лабларига табассум қўнмайдиган бу шаддод хотин эса, уни нечундир болалигиданоқ ёмон кўриб қолди. Гавҳаршод бегим барча набиралари орасида ёлғиз Мирзо Бойсунқорнинг арзанда фарзанди хомсемиз Алоуддавлани суяр, ёлғиз уни эркалар, сирдош тутар эди. Абдуллатиф эса бобоси Шоҳруҳ Мирзонинг дабдабали муаззам саройида тирик етимча бўлиб, кўнгли ўксиб ўсди… Болалиги ҳам майли, йигит бўлганида не иноят, не яхшилик кўрди бу отадан? Бузруквор ҳисобланмиш бу зот уни ҳамиша камситиб, ҳамиша таҳқирлаб, суюклиси Абдулъазизни улуғлашга ҳаракат қилди. Билъакс, Абдуллатифнинг Тарноб жангида кўрсатган жонбозлигини, унинг Алоуддавла устидан қозонган фатҳи нусратини Абдулъазизнинг ғалабаси деб, фатво берармиди? Башарти ўшанда, Тарноб қирларида Мирзо Абдуллатиф ўз суворийлари билан сурон солиб келиб, падарига ёрдам қўлини чўзмаганда аҳволи не бўлур эди унинг? У ҳам майли. Алоуддавлани тор-мор этиб, Ҳиротни забт этганда не қилди? Ихтиёриддин қалъасига яшириб қўйган Абдуллатифнинг тилла ва жавоҳирларини тортиб олмадими? Хазинага тилла керак, деган баҳонада, унинг барча бойлигини, бобоси Шоҳруҳ Мирзо инъом этган қимматбаҳо буюмларини, барча зебзийнатларини, Амир Темурдан қолган олтин маъбудаларни – барини тортиб олиб, Самарқандга жўнатмадими? Униси ҳам майли, сал ўтмай, куч тўплаб келган Алоуддавла Ҳиротни қамал қилганда, падар бўлмиш бу зот унга ёрдам қўлини чўздими? Йўқ, ёрдам қайда? Алоуддавла Ҳиротни забт этгач, унинг – Абдуллатифнинг кўнглини кўтарган бўлиб, Балхни берди-да, ўзи шу шон-шавкати, шу маҳобати билан Мовароуннаҳрга биқиниб олди. Унга арзимаган Балхни бериб, гўзал доруссалтанани фарзанди муниси Абдулъазиз тасарруфига топширди…
Шаҳзода бўлиб ўтган низо-нифоқларни эслаган сайин, томиртомирларида қони жўш уриб, ўрнидан туриб кетди. У кечадан бери шу ўйлар билан ўзини тинимсиз қамчилар, кўнглига туккан ҳамма кек, ҳамма адоватни эслашга тиришар эди. Шундай қилмаса қалбини аллақандай шубҳа кемира бошлар, бу шубҳалар кўнглининг бир четида мудраб ётган илиқ эсдаликларини кўзғаб, пушаймонга айланишидан қўрқар эди.
“Ҳа, падари пок аталмиш бу зот унга бирор-бир яхшилик қилмади! Билъакс, унинг шон-шавкатига, довруғи ва лашкарбошилик салоҳиятига рахна солди, холос… Охирги учрашувда эса шукрона билдириб, унга оқ фотиҳа бермоқ ўрнига ёмонликни башорат қилди. Ўз қиблагоҳига қилич кўтарган зурриёт абадул-абад барака топмас, деди. Унинг қилич кўтарганини бу бетавфиқ ота қайдан билди? Бу сирни унга ким очди? Букун тунда содир бўлган шу ишни эрта Самарқанд аҳли эшитса не дейди? Бу мунофиқ Сайид Аббос билан бадхоҳ амир Жондорга инонса бўлурму? Боя амир нечун кўзини қисиб ишшайди?..
Шаҳзода, тўсатдан хаёлига келган мудҳиш шубҳадан карахт бўлиб, турган жойида қотиб қолди:
“Ҳа, ҳа, бу қаттол амирнинг ишшайиши бежиз эмас. Унинг совуқ башарасида, қисиқ кўзларида, қалин пўрсилдоқ лабларида ёмон бир ифода бор. У гўё ҳамма сир-асрорингдан воқифман, энди қўлимда бир ўйинчоқ бўлурсен, дегандай қилмадими? Тўхта! Бу сирни кимлар билади? Сайид Аббос, амир Султон Жондор, уч-тўрт навкар ва яна кимлар! Ҳа, дарвоқе, хожа Муҳаммад Хисрав бор! Лекин хожани қўрқитиб қўйилса бас, олтмишдан ошган тақводор чол, тилини тийиб гунг бўлур. Лекин қолган бадхоҳлар… – Шаҳзода тўсатдан хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам чўчиб, тахт атрофини гир айланиб чиқди. Лекин ўз ихтиёрига қарши кўнглининг бир четида туғилган бу мудҳиш ният тобора ойдинлашиб, қатъий қарорга айланди; ҳа, бу кун тунда рўй берган воқеани сир тутишнинг ёлғизгина йўли бор: бу воқеанинг шоҳиди бўлган, Мирзо Улуғбекни қатл қилишда иштирок этган кимки бор, барчасининг боши олинмоғи, барчаси маҳв этилмоғи даркор. Бу ишни олдин амир Султон Жондорга топширмоқ керак, кейин унинг ўзини гумдон этмоқ даркор…
Шаҳзода шитоб билан юриб бориб эшикни очди.
– Ким бор?
Курсида ғужанак бўлиб, ухлаб қолган балхлик саройбон апилтапил ўрнидан туриб таъзим қилди.
– Маъзур кўргайлар, кўзим илиниб…
– Амир Султон Жондор тархонга чопар йўлланг! Дарҳол етиб келсин!
Саройбон бошини қуйи эгди.
– Давлатпаноҳ ижозат этсалар, бомдод намозини ўқиб олсам…
“Тонг отибдир-да, ўзингга шукур, парвардигори олам!” – Мирзо Абдуллатиф енгил тортиб бош ирғади:
– Маҳрамларга айтинг: оби таҳорат келтирсин!
Шаҳзода махфийхонага ўтди ва мармар обрез ёнига чўнқайиб таҳорат олди, кейин худди жанг-жадал пайтидагидай зарбоф тўнини қибла томондаги бурчакка ёзиб, саждага бош қўйди. Намоздан кейин кўзларини юмиб ва хаёлан кўкка тавалло қилиб, ҳифзи ҳимоят тилаб узоқ ўтирди. Ниҳоят, кўнгли хиёл таскин топиб, энди ўрнидан қўзғалган эди, қўшни хонада икки кишининг тапир-тупур олишаётгани эшитилди. Мирзо Абдуллатиф зарбоф тўнини йиғиштириб апил-тапил ўрнидан турди. Шу пайт эшик шарақлаб очилиб, остонада… шаҳзода Абдулъазиз пайдо бўлди.
Яланг бош, яланг оёқ, тиззасига тушган кўк шойи кўйлагининг ёқаси киндигигача йиртилган Абдулъазиз, қўрқув ва ғазабдан олакула бўлиб кетган кўзларини Абдуллатифга қадаганича, эшикдан кирган жойда тўхтади.
Унинг ияги қандайдир осилиб қолган, тишлари бир-бирига тегмай шақ-шақ қилар, дир-дир титраган ногирон, қоқ суяк вужуди, ёниб турган кўзлари шундай ваҳимали ва аянчли эдики, Мирзо Абдуллатиф қиличини маҳкам ушлаганича, беихтиёр орқага тисарилди.
“Ё раб! Бунга не бўлди! Ақлидан озиб, телбаланиб қолдиму? Ҳибсдан қандай чиқди, бу телба? Қандай кирди бу ерга? Ким киритди?”
Абдулъазиз дир-дир титраган қўли билан жундор кўкрагини силаганича бир қадам олдинга юрди, ияги қалтираб:
– Ппадари буз… бузрукворимни не қилдинг? – деди. – Сен… ққотил!
“Эшитган! Қайдан эшитган? Ким айтган бунга?”
Абдуллатиф қиличини қинидан суғуриб, овозининг борича:
– Ким бор? Саройбон! – деб бақирди.
– Ўз қиблагоҳига қилич кўтарган сендай рразил ххунрезни нечук ер ютмайди? Нечук осмон ағдарилиб ббошингга ттушмайди? – Абдулъазиз, тақир бошини сарак-сарак қилиб, кўзлари совуқ чақнаб, яқинлашиб келарди. Абдуллатиф деворга суянганича қиличини кўтарди, лекин Абдулъазиз тўхтамади, у ҳамон ияги қалтираб, тишлари шақиллаб яқинлашиб келарди. – Ммеҳрибон, ббузрукворим!.. Не қилдинг уни? Не қилдинг, малъун ппадаркуш?.. – Абдулъазизнинг кўзларидан тирқилаб оққан ёш томчилари қорайиб кетган сўлғин юзини селдай ювиб, таралмай патак бўлиб кетган соқолига қуйиларди.
“Ҳозир чопамен! Чопиб ташлаймен!” – ўйлади Мирзо Абдуллатиф, қўрқув аралаш совуқ журъат билан. У деворни пайпаслаганича орқага тисариларкан, эшикда пайдо бўлган балхлик саройбон билан ясовулбошини кўриб, овозининг борича бақирди:
– Ушла бу телбани! Ушланглар!
Боя шаҳзода Абдулъазиз билан олишганда бахмал тўнининг ёқаси тилка-пора бўлган саройбон билан ясовулбоши югуришиб келиб, Абдулъазизга тирмашишди. Абдулъазиз уларнинг қўлидан чиқишга уриниб, талпинаркан:
– Ҳҳазар! Алҳазар, ссендай ппадаркушдан! – деди хириллаб. – Барча авлиё ва анбиёларни шафе келтириб, қасамёд қиламен: ббошингни олиб, оёғингдан ддорга осамен. Ммен осмасам, иншооллоҳ, оллонинг қаҳрига йўлиқасен! Ер ютар сени! Ер!
– Олиб кет, бу телбани! Олиб кет ё ҳозир чопиб ташлаймен!
– Чоп! Ўз қиблагоҳини чопган қаттол, мени ҳам чоп! – Ғазаб ва аламдан кўзлари қонга тўлган Абдулъазиз, жон талвасасида эшикка тармашди, лекин балхлик барзанги ясовул уни бир юлқишда эшикдан узиб, судраб олиб чиқиб кетди. Шаҳзоданинг кўз ёши аралаш бўғиқ овози қўшни хонадан хириллаб эшитилди:
– Малъун ппадаркуш! Арвоҳлар ққарғишига йўлиқасен! Ер ютадур сендай оқпадарни! Ер ютадур!..
Мирзо Абдуллатиф ловиллаб ёнган пешанасини олтин тахтнинг муздай суянчиғига қўйди.
“Эй дариғ! Ақлидан озган бу телба қайдан эшитди? Ким айтди унга? Қай тешикдан таралди бу машъум хабар? Уни ҳибсда ётган бу телбага етказган азозил буткул доруссалтанага, буткул Мовароуннаҳрга таратмасму? Бу малъун ғанимларнинг рақобат ва адоватларидан ўзинг асрагайсен, ўзинг бадном қилмагайсен, худованди карим! Буткул сарой каззоб бадхоҳларга тўла! Ҳар қадамда риёкор фосиқлар кўлагаси! Кимга инонмоқ, кимга суянмоқ даркор бу машъум салтанада?…”
Шаҳзода чўғдай қизиган пешанасини олтин тахтнинг совуқ суянчиғига тираганича узоқ ўтирди. Кўзлари юмуқ, юрагида мудҳиш қўрқув, истиғфор айтар, кўкка тавалло қилар, хаёлан ялиниб-ёлворар, лекин қулоқлари тагидан шаҳзода Абдулъазизнинг хириллоқ овози кетмас эди: “Малъун ппадаркуш! Иншооллоҳ худонинг қаҳрига йўлиқурсен. Ер ютадур сени! Ер!..”
Мирзо Абдуллатиф хонада оёқ товушларини эшитиб, зилдай бошини кўтарди. Тепасида амир Султон Жондор турарди… Шаҳзода унинг қандайдир бесаранжом кўзларини, нечундир ғалати ишшайган дўрдоқ лабларини кўрди-ю, ёқасидан ушлаб, силкиди.
– Сенинг қабиҳ кирдикорларингни буткул доруссалтана, буткул Мовароуннаҳр биладур! Кимдан чиқди бу шум хабар? Ким таратди уни?
Амир Султон Жондор ранги ўчиб, бошини ликиллатди.
– Меҳрибони бошафқат! Ўлимдан хабарим бор ва лекин…
– Ва лекин бундан хабаринг йўқдур! Ул диёнатсиз шоҳни сен қатл қиласену, мен бадном бўламен, иблиси лаин!
Амир Жондор оғир ҳансиради.
– Сўзимда бир ёлғон бўлса тепамда ҳақ таоло турибдур, шаҳзодам!
– Йўқол кўзимдан, иблис! – Мирзо Абдуллатиф юзи бужмайиб, амирнинг кўкрагига мушт урди. Амир Жондор орқаси билан тисарилиб бориб, деворни ушлаб қолди.
Мирзо Абдуллатиф қўлини орқасига қилиб, кенг хонани бир айланиб чиқди. Тахтнинг ёнидан ўтаётиб деворга тутилган ҳаво ранг ипак парданинг боғичини силтаб тортди. Парда очилиб, юқоридаги дарчадан ерга бир жом нур қўйилди-да, хонанинг фируза ранг шифти, деворларидаги нозик бўёқлар, тепадаги олтин қандил ял-ял ёниб, чарақлаб кетди, ерга тўшалган шерозий гиламлар қирмизи ранг товланиб, кўзни қамаштирди. Мирзо Абдуллатиф беихтиёр тўхтаб, дарчадан кўринган бир парчагина мовий осмонга, осмонда дўмбалоқ ошиб учган иккита каптарга тикилиб қолди. Наҳот ғурбатга тўла бу оламда шундай тиниқ осмон, шундай мўъжаз каптарлар, шундай чарақлаб турган офтоб бўлса?..
Мирзо Абдуллатифнинг дилида ҳасадга ўхшаган бир нарса милт этди. Лекин бурчакда турган амирга кўзи тушди-ю, юмшаган юраги яна музлаб кетди. Амир Жондор, гарчи бошини осилтириб турса ҳам, унинг важоҳатида қандайдир совуқ, қаттиқ таҳқирланган одамларда бўладиган бўлакча бир виқор бор эди.
“Суянган тоғим ёлғиз шу амир… эҳтиёт шарт!”
Шаҳзода бирдан шахтидан тушиб:
– Хўш, амирим, сўзланг, – деди “сиз”лаб. – Не бўлди?
Амир Жондор қовоғи очилмай:
– Дафн этдик! – деди. – Бир бандаи мўъмин кўрмасин деб, мадраса ҳовлисининг бир бурчига ерлатдим, пушти паноҳ…
– Кимлар бор эди маросимда?
– Кимлар?.. Сайид Аббос билан тўрт нафар навкар…
– Ҳм… – Мирзо Абдуллатиф сийрак муртини силаб, амир Султон Жондорга синовчан тикилди. У бир дақиқагина иккиланиб турди, сўнг бир-бир босиб амир Жондорнинг ёнига борди.
– Сўзимга қулоқ солгайсиз, амир Жондор! Кимки… – Шаҳзода “қатл” дейишга тили бормай, сўз қидириб пешанасини тириштирди. – Кимки бу юмушнинг тепасида турган бўлса… барининг боши кетмоғи даркор…
Амир Жондорнинг мўйлови диккайиб, кўзларида ҳадиксираш аломати кўринди.
– Бари… барининг боши кетмоғи даркор?..
– Қўрқманг, сиз эмас, бошқаларни айтамен… Сиз менинг энг ишонган амирим, суянган тоғим, ўнг қўлим бўлурсиз. Шу сабабдан бу юмушни сизга топширамен. Нечун индамайсиз? Бошқа чора йўқ, амир! Зеро, бу ҳодисадан бир кимарса бохабар бўлса икковимиз ҳам бадном бўламиз…
– Давлатпаноҳ… Даҳрий шоҳни қатл қилган сиз эмас, Сайид Аббос! У ўз қиблагоҳи учун хун олмоқ азмида қилгандур бу ишни!
– Бас! Биз ҳам уни қатл қилмоғимиз керак!.. Сайид Аббос қайда?
– Пушти паноҳимга юкунмоқ ниятида дарвозада ер ўпиб ўлтирибди…
– Дарҳол ҳибсга олгайсиз! Шерикларига қўшиб шу бу кун… – шаҳзода “бошини ол!” деган маънода кафтининг қиррасини томоғига ишқади. – Шу бу кун. Англадингму?
Амир Жондор ранги ўчиб бош ирғади.
– Тождоримнинг амри вожибдур!
– Балли, амирим! Доруссалтанада не сўз, не хабар бор? Ҳар кун етказиб турғайсиз. Каломим аёнму?
– Аён, пушти паноҳ… – Амир Жондор бошини кўтариб шаҳзодага қаради ва яна боягидай ғалати кулимсираб қўйди. – Доруссалтанада не сўз, не хабар бор – шайх Низомиддин Хомуш ҳазратларидан сўрамоқ даркор. Зеро, ул табаррук зотнинг муридлари билмаган сўз, кирмаган тешиги йўқдур.
Мирзо Абдуллатиф “маъқул” деган маънода бош ирғади.
– Шаҳзода Абдулла билан Мирзо Абу Сайидга эҳтиёт бўлғайсиз!
– Оёқ-қўлларини кишанлаб зиндон қилганмиз, давлатпаноҳ, – деди амир Жондор.
– Саройбонга айтинг – кирсин!
Бу унинг “кетавер” дегани эди. Амир Жондор қўл қовуштир ганича орқаси билан юриб, чиқиб кетди. Кетма-кет, бўсағада саройбон пайдо бўлди.
– Ул телба шаҳзода… нечук унга саломхонага кирмоққа ижозат бердинг?..
Балхлик занжисифат саройбон кимхоб тўнининг йиртилган ёқасига ишора қилди.
– Пушти паноҳ!..
– Ясовуллар қайда эди?
– Ясовуллар шаҳзоданинг йўлини тўсмоққа журъат қилмайдур, давлатпаноҳ…
– Ҳм… баковулларга айт… овқат ва шароб келтирсин!
Саройбон қўл қовуштирганича саломхонадан чиқди.
“Телба шаҳзоданинг сўзларини бу ҳам эшитди. Ясовулбоши ҳам эшитди… Буларни ҳам йўқ қилмоқ даркор…”
Мирзо Абдуллатиф кўнглига келган бу мудҳиш фикрдан ўзи ҳам чўчигандай, бўшашиб курсига ўтирди.
4
Бир ҳафта ўтди. Бир ҳафтагача шаҳзода саройдан чиқмади, тахтдан бир қадам жилмади, ҳеч кимни қабул қилмади, фақат амир Султон Жондор билан Балхдан келган энг яқин маҳрамлари ва лашкарбошиларидан бир неча кишинигина ҳузурига киритар, шулар билан маслаҳатлашар, бошқа бирор кимсани йўлатмас эди.
Иккинчи куни тун ярмида амир Жондор яна қора хуржун кўтариб кириб келди. Хуржунда Сайид Аббоснинг оқ латтага ўралган боши бор эди.
Мирзо Абдуллатиф “кўрсат”, деб ишора қилди. Лекин амир Жондор қовоғини солганича қонга бўялган юм-юмалоқ тақир бошни патак соқолидан ушлаб, хуржуннинг кўзидан суғуриб олганида тирноқларигача музлаб: “Йўқот! Йўқот!” деб бақириб юборди.
Амир Жондорнинг уддабуронлиги ва шафқатсизлиги шаҳзодани ҳам ҳайратга солди, ҳам қандайдир ҳадиксиратиб қўйди. Лекин амирнинг содиқлигини ҳисобга олиб, олдинги режасидан, уни ҳам пинҳоний йўқ қилиш ниятидан қайтди. Амирни “муқаррабус султонлар”4747
Муқаррабус султон – энг яқин маҳрам.
[Закрыть] қатори саройда қолдириб, Абдулъазизни ҳам унинг қўли билан қатл эттиришни кўнглига тугиб қўйди.
Шаҳзода Мирзо Улуғбекнинг ўлими ҳақида гап тарқатиши мумкин бўлган Сайид Аббосдан, қутулсам кўнглим таскин топар, деган умидда эди. Лекин амир Жондор хуржунни кўтариб чиқиб кетиши билан яна ўша машъум васваса ёпирилиб келиб, иродасини карахт қилувчи бир қўрқув юрагини чулғаб олди. У қанча ҳаракат қилмасин, нигоҳи олдидан патак соқоли қонга бўялган, юм-юмалоқ тақир бош кетмасди, бир лаҳза кўзи илинса гўё тепасида биров тургандай бўлиб чўчиб уйғонар, бурчак-бурчакларда қора кўлагалар яшириниб тургандай салгина шарпага юраги ўйнаб кетарди.
Мирзо Абдуллатиф бир-икки кундаёқ лунжлари ўйиб олингандай ичига ботиб, кўзлари катта-катта бўлиб, чўпдай озиб кетди. Лекин дардини бировга айтишдан, кечалари ёнига одам чақиришдан чўчир, бу оғир, мудҳиш дардга учраганини бошқалар билиб қолишидан, сарой ва доруссалтанада ёвуз гап тарқалишидан ҳадиксирар эди… Гоҳо шаҳзода вужуд-вужудини қақшатган бу васвасадан қутулиш умидида кечалари коса-коса шароб ичар, лекин шароб ҳам ёрдам бермас, билъакс, бир лаҳза енгил тортгандан кейин, хаёлини аввалгидан ҳам зимистон, куз булутидай совуқ ўйлар чулғаб оларди…
Бу кун кечқурун яна ўша бадбин, совуқ васваса ёпирилиб келаётганини сезган шаҳзода, ҳарамдан канизлар чақиртиришга аҳд қилди. У отасининг ҳарамида гўзал канизлар кам эканини билар, лекин шаҳзода Абдулъазиз ҳуснда беқиёс бир оҳуни қўлга туширганини эшитган эди. Шаҳзода шу оҳуни чақиртирмоқчи бўлиб турган эди, эшик очилиб, балхлик саройбон кириб таъзим қилди:
– Шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари ташриф буюрмишлар…
Шаҳзода негадир юраги “шиғ” этиб, саройбонга зимдан кўз ташлади. У шайхнинг хайрихоҳлигини билса ҳам, бир ҳафтадан бери муршиди муқтадо, деб қўл берган пири билан кўришмаган эди. Шайх доруссалтанадаги ҳамма воқеалардан воқиф бўлмоғи керак, ҳозир нима дер экан, намозшомдан кейин ташриф буюришдан муддаоси не?
– Айтинг, марҳамат қилсинлар…
Шаҳзода шошқалоқлик билан уст-бошини тузатди. Деворга суяб қўйилган олтин курсини яқинроқ суриб, ўзи тахтга чиқиб ўтирди. Лекин эшикда кўк бахмал тўн устидан оқ шойи ридо кийиб, бошига қора такя устидан симобий дастор ўраган шайх ҳазратларининг новча, келишган қадди-қомати кўринганда беихтиёр ўрнидан турди. У шайх келиб кўришар, деган умидда бир зум кутди. Лекин шайх Низомиддин Хомуш қўлида каҳрабо тасбеҳ, оппоқ қошлари остига яширинган тийрак кўзларини сал қисиб, эшикда жимгина тикилиб турарди. Шаҳзода унинг истиқболига чиқиб камоли эҳтиром билан салом берди ва олтин курсига таклиф қилди. Лекин шайх ҳамон ўткир кўзларини ундан узмай қадалиб турар, оппоқ, хушсурат чеҳрасида, қалин қошларининг чимирилишида аллақандай қаҳр, йўқ, қатъият бор эди. Шаҳзода совқотгандай эти жунжикиб кетди. Ниҳоят, шайх каҳрабо тасбеҳ ушлаган қўлларини кўтариб, кўзларини юмиб, узун дуо қилди:
– Илоҳим шаҳнатун нажаф, ҳумоюн олийларининг имонини басаломат қилгайсен, балонг юкини кўтармоққа қувват ва муҳаббатнинг меҳнатини тортмоққа сабот бергайсен… Илоҳи омин!..
Шайх, юзига фотиҳа тортиб, юмшоқ курсига ўтираркан:
– Сенга не бўлди, саломатлиғинг бахайрму, шаҳзодаи жувонбахт? – деб сўради. Унинг овози паст, лекин ўктам эди.
– Алҳамдилиллоҳ, бахайр, пирим…
– Ё бир дардга чалиндингму, тождори мусулмон?
Шаҳзода бирдан енгил тортиб, чуқур тин олди.
– Ҳа, бош оғриғи қийнайдур, пирим…
– Бош оғрийдурму ё азозил дилингга васвас солибдурму, шаҳнатун нажаф?
“Ё, худованди карим, кўнглимдагини қайдан билади?”
– Агарчи шайтон васвас қилса, лайлу наҳор4848
Лайлу наҳор – кечаю кундуз.
[Закрыть] Оллоҳга ҳамду сано ўқиб, арзи ихлосни адо қилиб, бари андуҳни кўнглингдан ҳайдагайсен, шаҳзода. Валлоҳи аълам биссавоб. Зероким, ул шоҳи шарирнинг ажри интиҳоси дини Муҳаммадийдин юз ўгириб, даҳрийлик йўлини тутган барча муртадларга сабоқ бўлғай!.. – Шайх Низомиддин Хомуш шаҳзодага синовчан тикилиб бир зум жим қолди, сўнг, тўсатдан:
– Сайид Аббосни ҳибсга олибсен, деб эшитдим, нечун? – деб сўради.
“Калласини олинганини эшитмабди! Эшитса не дейди?”
– Сабаби… бандаи ожиз шаънига ҳар хил фисқи фасод сўзлар тарқатибдур…
– Сенинг шаънингга фисқи фасод сўз таратган Сайид Аббос эрмас, бетавфиқ шоҳнинг бетавфиқ шогирдларидур, ўғлим!
Шаҳзода ялт этиб қаради. Шайх, қўлидаги музайян тасбеҳини битта-битта ўгириб, бир нуқтага тикилиб ўтирар, оппоқ, хушсурат чеҳрасида, ярим юмуқ кўзларида, бутун важоҳатида бўлакча бир қатъият, куч, ирода бор эди.
– Бу шогирдлар кимлардур, ҳазратим?..
– Бу мисри муаззамда4949
Мисри муаззам – буюк шаҳар.
[Закрыть], – деди шайх унинг саволига жавоб бермай, – неки фисқу фужур, неки гуноҳ юмушлар бўлса, тожу тахт ва салтанат осойишталигига қарши неки фитна-фасод бўлса – бари илм аҳлидан келур, бари даҳрийлик йўлини тутган фозилу фузалодан келур, шаҳзода! Муртад шоҳ маҳв этилиб, савоби азим иш бўлибдур ва лекин анинг шогирдлари, кофир шоҳ яратган мадраса-ю, макруҳ кутубхонаси, шақийлар уяси бўлмиш расадхонаси аҳли мўъминлар кўзига чўп бўлиб, маҳобат тўкиб турибдур!
Шайх ер остидан шаҳзодага бир қараб олди. Шаҳзода қўлларини тиззаларига қўйиб, бир нуқтага тикилиб ўтирар, унинг озиб, қорайиб кетган юзидан қони қочган, лаблари қисилган эди.
– Шаҳзодаи навжувон!.. Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди бўлмиш Али Қушчи деган баттолни танирсен?
Шаҳзода бош ирғади: “Таниймен”.
– Муҳаммад Тарағайни йўлдан оздирган бул иблис шоир расадхонада ўлтириб, ҳануз уммати мустафони йўлдан оздирур, шаҳзода. Бандаи ожиз бир сўз эшитдим: бул муртад аллома расадхонадаги маъжусийлар ва бединлар битган барча китоблар ила қўлёзмаларни олиб чиқиб, яширган эмиш…
– Қайға яширадур?
– Қайға яширганини сендай султони соҳибқирон билмаса, фақир қайдан билурмен? – Шайх биринчи марта мийиғида кулимсираб, шаҳзодага қаради. У жўрттага “Султони соҳибқирон” деди ва бу гапи шаҳзодага ёққанини сезиб, давом этди:
– Тағин бир хабар бор, шаҳзода. Хазинадан бобонг амирулмўъмин… – тангри таоло аларга фирдавси аълони макон қилғай! – Бобонг Амир Темур жавоҳироти йўқолган эрмиш… Бул сўз муҳаққақму?
Шаҳзода бош ирғади: “Ҳақиқат”.
– Балли! Муртад шоҳ бул жавоҳиротни яширмоқ ниятида шогирди Али Қушчига берган эрмиш. Ул диёнатсиз баттол эрса, бу ганжни куфр китобларга қўшиб яширган эрмиш! Бу ишдан воқифи асрор икки кимса бордур. Бири – Мирзо Улуғбекнинг шогирди бўлмиш мавлоно Муҳиддин. Беайб парвардигор. Ул зот ўз гуноҳларига иқрор бўлиб, ҳақ йўлга қайтгандур. Сўнгра Оллоҳ гадойи Довулбекдурким, маъқул кўрсанг уни саройга йўллаймен. Ясовул қилиб олсанг, қобили бедод5050
Қобили бедод – жафоларга кўнувчи, муте.
[Закрыть] қулинг бўлур.
– Бош устига, пирим…
Шайх Низомиддин Хомуш қўлларини олтин курсининг суянчиғига тираб, ўрнидан турди. Унинг чеҳрасидаги бояги қатъият ва норозилик оталарча бир мулойимлик билан алмашган, зеро, шайх бу суҳбатдан бениҳоят мамнун эди. Дарҳақиқат, Шайх ҳазратлари Мирзо Улуғбек билан мана шундай сўзлаша олармиди? Унга мана шундай шафқатсиз гапларни айтишга журъат эта олармиди? Журъат этганда ҳам у такаббур шоҳ шаҳзодадай мутелик билан бош эгиб, сукут сақлаб ўтирармиди? Мутелик қайда? Билъакс, дарҳол мубоҳасага ўтар, илми каломдан ваъз ўқиб, ақл ўргатар эди. Шаҳзода эса… Шайх ҳазратлари у билан бир йилдан бери мухорабада5151
Мухораба – ёзишма.
[Закрыть] бўлиб ўз измига тушириб олган бўлса-да, уни бунчалик мулойим бўлади, деб ўйламаган эди. Ҳар қалай, бошда, тахтни олишда тавозе билан қўл қовуштириб турса-да, тахтга ўтиргандан кейин темурзодалигини кўрсатар, деб ўйлаган эди. Йўқ, шаҳзода нечундир васвасага тушиб, ипакдай майин бўлиб қолибди. Шундай бўлгани ҳам маъқул. Мирзо Улуғбекка ўхшаб такаббур бўлса борми?
– Шаҳзодаи жувонбахт, – деди шайх Низомиддин Хомуш, боягидан ҳам мулойимроқ товушда. – Башарти лозим кўрсанг тағин бир насиҳатим бордур.
– Бош устига, пирим. Фақир сизнинг насиҳатингизга ҳамиша мусалламдурмен5252
Мусаллам – итоат қилмоқ.
[Закрыть]…
– Сен фақир эрмас… Ас салотин зиллоллоҳу фил арз, инчунин, худованди каримнинг ердаги соясидурсен, шаҳзода. Мана, динул ислом йўлида, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом йўлида устувор турганинг сабаб, иншооллоҳ, тангри таолонинг иноятига мушарраф бўлдинг, явми саодатга етиб, фирдавсмонанд бул элга султону салотин бўлдинг, эндиликда бул диёнатсиз илм аҳлини, даҳрийликка юз тутган барча галаи сакларни маҳв этмоқ, алар битган барча куфр китобларни ўтда ёқмоқ – сен учун вожибул имтисолдур, шаҳзода!
Мирзо Абдуллатиф бош эгиб, таъзим қилди.
– Пурҳикмат насиҳатларингизни дилимга жо қилурмен, пирим!
– Лайлу наҳор эсингда турғай! – Шайх каҳрабо тасбеҳини кўтариб, ҳавода силкитди. – Ё бул бад – аҳдларни қатли ом қилиб, пайғамбаримиз руҳини шод этурсен, ё ҳидоят йўлидан тойган бул бепарҳез галаи саклар сени тожу тахтдан мосуво қилиб, маҳв этурлар! Ул шайхул машойих эшон Убайдулло Хўжа Аҳрор ҳазратларининг дуои жонлари ҳам шул эрур. Каломим аёнму, шаҳзода?
– Аён, пирим.
– Шул букундан кўнглингдаги бул кўҳи ғам5353
Кўҳи ғам – ғам тоғи.
[Закрыть], бул иштибоҳни ҳайдагайсен, болам, зеро, буткул Мовароуннаҳр аҳли мўъминлари ҳақ таолодан иноят тилаб, сенга дуо қиладурларким, уммати мустафолар дуоси, иншооллоҳ, мустажоб бўлғай!.. Туну кун бул даргоҳда ётмай, доруссалтанани айлангайсен. Валийлар қабрини тавоф айлаб, масжидларга қадам ранжида қилгайсен. Минбаъд, ҳар жума масжиди жомега бориб, хутбаи давлат ўқурсен. Зеро, сендай амирул муслиминни кўриб, барча мўминлар шод, даҳрийлар ва кофирлар эрса, адли адолатингдан бенасиб бўлсин. Илоҳим тақаббул!.. – шайх Низомиддин Хомуш юз сийпаб, фотиҳа қилди-да, новча, келишган сумбатини аста тебратиб, эшикка томон юрди. Шаҳзода уни кузатиб қўймоқчи бўлган эди, – шайх “кераги йўқ” деган маънода қўлини кўтарди.
Шаҳзода ўзини олтин тахтга ташлаб, кўзини юмди. У чарчаган эди, лекин бу чарчоқ бояги дармонни қуритувчи ҳолсизликдан бошқача эди. Мирзо Абдуллатиф аъзойи баданига роҳатбахш бир нарса таралаётгандай бўлиб, мастона сузилган кўзларини очди, очди-ю, ҳайрон бўлиб қолди. Назарида, шайх келишидан олдин аллақандай совуқ туюлган бу музайян хона гўё офтоб чиққандай чарақлаб кетган, баланд қуббасимон шифтнинг фируза бўёқлари, девордаги нафис безаклар, тилла суви юритилган нозик нақшлар, ердаги шерозий гиламлари, гир айлана терилган олтин курсилар, ҳаммаси аллақандай шўх жило сочиб, ярқираб кетган эди.
Дарҳақиқат, шаҳзода бу муаззам кошона, бу тожу тахт, бу салтанат учун курашган бўлса… барча бепарҳез диёнатсизлар, кофирликка юз тутган барча илм аҳлини қатли ом қилмоқ ниятида курашди. Шафқатсизлик қилса, шариати мустафо буни тақозо этди. Недан қўрқади?
Мирзо Абдуллатиф тилла шақилдоғини олиб, шақиллатди ва эшикда пайдо бўлган саройбонга юзланиб, қатъий амр қилди:
– Девонбегига айт: дарҳол фармон битиб амир Султон Жондорга чопар юборсин: бу букун расадхонага бориб, Али Қушчи билан унинг шогирдларини ҳибсга олсин!