Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
12

Бу пайт эшакка қийшиқ ўтириб олган Али Қушчи тўрт туяни етаклаб Ургут тоғлари этагидаги жилға бўйлаб борарди. “Карвон”нинг кетидан Улуғбек мадрасасининг талабаси – Мирам Чалабий деган ўн олти-ўн етти яшар муллавачча эшакда мудраб борарди.

Улар Самарқанддан кеча тун ярмида чиққан, тонг отгунча йўл юриб, субҳидам шу жилғанинг бошидаги ёнғоқзорга келиб қўнишган эди. Одамларнинг кўзи тушмаслик учун кун бўйи ёнғоқзорда дам олишиб, намозгарда яна йўлга тушишган. Али Қушчининг мўлжалида тонг отгунча “Аждар ғор”га етиб олишлари керак эди.

Тўрт туянинг ҳар бирига тўрттадан ўн олти сандиқ ортилиб, устига қуруқ пичан босилган, кўрган одам уларни чўпон-чўлиқ деб тушуниши мумкин эди. Эгниларига қора жун чакмон, бошларига чўпонларнинг чамбарак кигиз қалпоқларини бостириб кийиб олган Али Қушчи билан Мирам Чалабийнинг ўзлари ҳам чўпонларга ўхшар эди.

Зарафшон устида бир ҳафта қутурган совуқ бўрон тинган, сокин, осуда бир тун эди. Олдиндаги тоғ чўққилари тепасида бир ҳафталик ҳилол ногиронгина осилиб турар, унинг заиф шуъласида суви қуриб қолган кенг сой, сойнинг икки ёнидаги ёнғоқзорлар, қаршидаги юксак чўнг тоғлар улуғвор қорайиб кўринар, айни замонда аллақандай сирли, ваҳимали туюларди…

Али Қушчининг катта қора ҳангиси тошларга қоқилиб-сурилиб бўлса ҳам, тинмай жадаллаб борарди. Бу ҳангини ҳам, юк ортилган туяларни ҳам Қаландар билан уста Темур Самарқандий топиб келишди. Чолнинг ғоридаги учрашувнинг индинига кечаси Қаландар Али Қушчининг олдига яна келди. Келганда ҳам ваҳимали гаплар топиб келди.

Масжиди жомеда доруссалтана уламои киромлари йиғилиб, Мирзо Улуғбекни даҳрийликда айблаганлари, унинг барча ишларини ношаърий санаб, уларни поймол қилмоқ тўғрисида фатво ўқилганини айтиб келди. Доруссалтанада қандайдир қора ғавғо бошлангани фатвосиз ҳам аён, бинобарин, фурсатни бой бериб бўлмас эди. Қаландар янаги кечаси ўн-ўн беш сандиқ билан учтўрт туя топиб келишни ваъда қилиб, хайрлашиб чиқиб кетди. Лекин сандиқларни расадхонага олиб кириш хавфли, лаҳимга эса сиғмас, биттаю битта йўл – китобларни қопларга солиб, тор лаҳимдан жарликка олиб чиқиш лозим. Бир ўзи бу ишни удда қилолмаслигига ақли етган Али Қушчи истар-истамас сирни Мирам Чалабийга очди. Биргалашиб китоб танлашга киришдилар. Қайси китобни қўлига олмасин, уни қолдиришга кўзи қиймас, назарида ҳар бир китоб, ҳар бир қўлёзма бебаҳо туюлар эди. Али Қушчи қўлидаги асарни варақлай-варақлай, ахийри оғир хўрсиниб, жойига қўйишга мажбур бўларди. Лекин навбат Мовароуннаҳр донишларининг асарларига келганда чидаб туролмади: устод энг моҳир хаттотларга кўчиртириб, кўк, қизил, сариқ сахтиёндан жилд ясаттирган бу оғир, нодир китобларни қолдиришга виждони чидамади… Донишлар дониши Абу Райҳон Беруний Муҳаммад ибн Аҳмад ҳазратларининг пуштиранг ипак матога ўралган “ал-Қонунал Масъудий”, “Мезон ул-ҳикмат” ва “Китоб ус-сайдана”сининг ўзи бир қоп бўлди. Шайхур-раис аталмиш Абу Али ибн Сино ҳазратларининг “Китоб уш-шифо”, “Китоб ун-нажот”и эса бир қопга сиғмади. Устоднинг ипак қоғозларга чизилган жадваллари билан хаттотлар ҳали кўчириб битмаган рисолаларни ҳам қопга солишнинг иложи бўлмади. Уларни қалин кимхобга ўраб, алоҳида ажратиб қўйди. Китоблар, китоблар, китоблар… Мана, бўлакча ишлов берилиб, қоғоздай майинлаштирилган оҳу терисига кўчирилган устоднинг суюкли рисоласи “Девону луғотит-турк”. Мана, жаннатмакон Қозизода Румий ўз қўли ила битган “Риёзиёт”и, малик-уш-шуаро аталмиш Умар Хайём ҳазратларининг зарҳал жилдлик нозик шеърлар мажмуаси. Унинг ёнида эса алломалар сарбони Абул Абдулло Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ҳазратларининг бахмалга ўралган “Китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал жабр вал-мухобала”си…

Устод жонидай суйган, қош-кўзларига суриб ўқиган бу китобларни қандай ташлаб кетади? Эрта бир кун бу китоблар йўқ бўлса устодга не деб жавоб беради?..

Али Қушчи танлаб олган асарлар кутубхонадаги китоб ва қўлёзмаларнинг ўндан бирича ҳам келмас, лекин шунинг ўзиёқ қирқ қопдан ошиб кетди. Улар олдин бу қопларни биринчи ошиёнадаги қудуққа олиб тушишди, сўнг, қўлларида шам, зимистон кабар лаҳимдан жарликка таший бошладилар. Кечқурун, ғирашира қоронғуликда бошланган бу иш, тун ярмидан ошганда базўр тугади. Сал ўтмай, сандиқ ортилган туяларни етаклаб Қаландар билан Уста Темур Самарқандий келиб қолишди.

Тўртовлашиб, китобларни сандиқларга жойлашди. Ҳар бир сандиққа икки ярим-уч қопдан китоб кетди. Ўн олти сандиқ китобни тўрт туяга ортиб, устига қуруқ пичан босишди. Китобнинг нечоғлик оғир бўлиши ҳам шунда билинди: уч-тўрт ботмон юкни писанд қилмайдиган нортуялар, китоб тўла сандиқлар остида оғир тебраниб, аранг қўзғалди.

Мана, кечадан бери улар йўлда. Бугун, жилға бўйидаги ёнғоқзорга туяларни чўктириб қўйиб, дам олишди. Бу ерларда одам сийрак бўлса ҳам, ҳар эҳтимолга қарши кундуз юришмади. Мовароуннаҳр бошига қора кунлар тушди. Ҳаммаёқда айғоқчи, ҳаммаёқда жосус. Эҳтиёт шарт. Яна уч-тўрт фарсаҳ масофани эсон-омон ўтиб, “Аждар ғор”га етиб олишса бас, у ёғи, худо хоҳласа, ишлари ўнгидан келди…

Али Қушчи “Аждар ғор”ни бундан ўн беш-ўн олти йил муқаддам кўрган эди. Илиқ куз фасли эди, архар овини яхши кўрган Мирзо Улуғбек, эллик чоғли маҳрамлар билан Ургут тоғларига овга чиққан эди.

Эрта саҳар арабий арғумоқларга миниб олган навкарлар югурик тозиларни эргаштириб, тоғларга чиқиб кетар ва гала-гала архарларни қуршаб олиб, сойларга ҳайдаб тушар, қўлларида камон, арча панасига яшириниб олган беклар ва амирлар панапанада туриб, ҳуркак жониворларга ўқ узишар, кечқурунлари эса, отиб олинган архар гўштидан тандир кабоблар пиширилар, кўмкўк арчазорларга тикилган ипак чодирларда тонг отгунча базм қилишарди…

Гоҳо камонкашлар ёрдамидаги “ов” жонига теккан Мирзо Улуғбек, уч-тўртта энг яқин дўстларини эргаштириб тоғларга чиқиб кетарди. Бир кун у Али Қушчи билан амир Арслонга отларни эгарлаб, ов анжомларини шайлашни буюрди. Аксига олиб, ўша куни ҳаво бузилган, совуқ шамол кўтарилган эди. Лекин эрталабдан қовоғи очилмай, хомуш юрган Мирзо Улуғбек тоққа чиққач, пешонасидаги ажинлари ёзилиб, лабига кулги югурди. У оққушдай гўзал, оппоқ арабий арғумоғини чоптириб, дам сойларни кечиб ўтар, дам довонларга чиқиб, ипакдай майин товланган ўрикзор ва ёнғоқзорларга, ҳамон баҳорги латофатини йўқотмаган ям-яшил яйловларга узоқ-узоқ тикилиб қолар, лекин Алилар етиб бориши билан яна от чоптириб кетар, гўё ов ҳам эсидан чиқиб, табиатнинг фусункор гўзаллигига мафтун бўлиб қолганга ўхшарди. Бахтга қарши, сал ўтмай кўкдаги булутлар қуюқлашиб, ёмғир савалай бошлади. Бир зумда тоғу тош орасида жилғалар шарқиради. Али Қушчи билан Амир Арслон Мирзо Улуғбекни қувиб етиб, қайтишни маслаҳат қилишди. Давлатпаноҳ рози бўлиб, отининг жиловини орқага бурди. Лекин худди шу пайт, сўқмоқ бўйидаги арчазордан иккита катта архар отилиб чиқдида, тошларни шарақ-шуруқ қилиб, пастга қараб учиб кетди. Буни кўрган Мирзо Улуғбек арабий арғумоғига аччиқ қамчи босди… Али Қушчи ўзига келиб: “Тўхтанг, онҳазратим!” дегунча бўлмади, Мирзо Улуғбек арчазорга шўнғиб, кўздан ғойиб бўлди.

Али Қушчи ҳам отига қамчи босди. У уст-боши шалаббо бўлиб, арчазордан чиққанида Мирзо Улуғбек пастда шарқираб оқаётган сойдан ўтиб, иккинчи қирнинг ёнбағрида от чоптириб борар, ундан анча олдинда иккита архарнинг шохлари кўзга чалинарди… Али Қушчи: “Тўхтанг, устод, сел!” – деб бақирганича жилғаларни кечиб, шарқираб оқаётган сойга қараб от чоптириб кетди. У бир лаҳзадаёқ лойқаланган сой бўйига етганда орқадан: “Алоуддин! Али!” – деб чақирган товуш келди. Лекин тўхташнинг иложи бўлмади. Баландликдан шамолдай учиб тушган асов от зарб билан ўзини тошқинга урди, аллақандай тош ва харсангларга уриниб, қоқилиб-суриниб бўлса ҳам, сойнинг у юзига ўтиб олди. Али Қушчи шундагина орқасига ўгирилиб қаради: амир Арслон тархон сойнинг у юзида от ўйнатиб турар, қора айғирини қамчилаб, бир нима деб қичқирар, лекин зорли кишнаб, осмонга сапчиган арғумоқ ҳайқириб оқаётган асов селга бетлаёлмас эди…

Амирнинг сўзини эшитишга фурсат йўқ эди. Али Қушчи архарлар йиқитиб, йўл солиб ўтган чакалакзордан от чоптириб кетди. Ёмғир тобора кучаймоқда, баланд чўққилардан шарқираб оқиб тушаётган жилғалардаги сув тобора кўпайиб, ҳаммаёқдан сел босмоқда эди. Аҳён-аҳёнда момоқалдироқ қалдираб, тоғ чўққилари ўпирилиб тушаётгандай бўлар, яшин чақнаб, борлиқ бир зум ёришарди-ю, яна қоронғилашарди…

Архарлар қор кетмаган тик чўққиларга йўл олган, улар ўтган жойларда синган шох-шабба қийшайиб, ётиб қолган ёш арчалар ва ирғайлар кўриниб турар, лекин кўпикка тушган арғумоқ тик чўққига қараб чополмас, сал ўтмасданоқ оқсоқланиб қоларди… Ана, олдинда ҳар бири гумбаздай-гумбаздай чўнг қоялар, ғадирбудур харсанг тошлар кўринди. Бир-бирининг устига қалашган бу чўнг қоялар пастга қараб қийшайган, гўё ҳозир ағанаб тушиб, ҳаммаёқни зеру забар қиладигандай туюларди. Архарлар бу қоялар орасидан ўтса ўтгандир, лекин устод-чи?

Али Қушчи дир-дир титраб, юролмай қолган отидан тушиб, кўз очирмас ёмғир остида қаршисидаги юксак қояни айланиб ўтди; қоянинг бир томони ўпирилиб тушиб, тубсиз ўпқон ҳосил қилган эди… Али Қушчи ҳайрон бўлиб тўхтади, тўхтади-ю, унгурда бир нарса қимирлаётгандай туюлиб, жон ҳолатда:

– Устод! – деб қичқириб юборди. Шу заҳотиёқ қаердандир яқиндан Мирзо Улуғбекнинг ҳорғин ва қувончли овози келди:

– Али Қушчи! Азизим!

Овоз пастдаги унгурдан эмас, қаердандир юқоридан келарди. Али Қушчи икки чўнг тош оралиғидан эмаклаб ўтиб биринчи қоянинг тепасида, қийшайиб қолган харсангтош остида, тўғрироғи, қандайдир қоронғи унгурнинг оғзида турган устодни кўрди. Унинг бошида қалпоғи йўқ – яланг бош, оқ туянинг жунидан тўқилган чакмони шалаббо, лекин кўзларида бўлакча бир ҳайрат порларди.

– Ғор! – деди у, нечундир ваҳимали шивирлаб. – Ҳудудсиз бир ғор, Али Қушчи!

– Ўзингиз омонмисиз? Отингиз қайда, устод?

– Йиқилди! – Мирзо Улуғбек пастдаги қоронғи ўпқонга ишора қилди. – Бери юр, Али!

Шу пайт, уст-устига яна чақмоқ чақди-ю, зим-зиё ғор бир зумга ёришди. Ғорнинг оғзи тор бўлса ҳам ичи кенг, қуббасимон эди.

– Кирамизми? – деди Мирзо Улуғбек. Али Қушчи унинг овозидаги тараддудни сезиб, ғорга биринчи бўлиб қадам қўйди.

Ғордан “парр” этиб учиб чиққан кўк каптарлар уни бир чўчитиб, питир-питир қилиб осмонга парвоз қилди. Кўзлар қоронғилиққа ўргангач, ғорнинг қушлар уя қўйган қуббасимон шифти, ерда сочилиб ётган эски уялар, қушлар пати кўринди.

– Қиррали тош топ, Али! Ўт ёқмоқ керак!

Али Қушчи ерни пайпаслаб иккита қиррали тош топди. Мирзо Улуғбек чакмонининг қўлтиғидан озгина тивит юлиб, пилик ясади. Пилик ўт олгач, уни қуруқ чўпларга тутиб, гулхан ёқишди. Гулхан шуъласида ялтироқ кўк-қизғиш тошлардан барпо бўлган ғор ғалати жилоланиб, ярқираб кетди.

Ғор чиндан ҳам чексиз, у сирли лаҳимдай унгур бўлиб, тоққа кириб кетар эди. Али Қушчи кўйлагини қиличига боғлаб, машъал ясади-да, унгурга кирди. Илон изидай эгри-бугри бўлиб кетган бу зимистон камбар лаҳим бўйлаб ўн беш-йигирма қадамча юрилгач, йўлда яна бир унгур пайдо бўлиб, пастда бошқа бир ғор кўринди… Али Қушчи хиёл иккиланиб тургач, белбоғини ечиб, бир учини аълоҳазратларига тутқазди-да, бир учидан ўзи ушлаб, унгурга тушди. Ғор чуқур эмас эди. Али Қушчи хиёл иккиланиб тургач, белбоғини ечиб, бир учини аълоҳазратларига тутқаздида, бир учидан ўзи ушлаб, унгурга тушди. Ғор чуқур эмас эди. Али Қушчи кўкрагигача осилиб тушганда оёғи ерга тегди. Бу ғор биринчисидан ҳам кенг ва баланд бўлиб, деворлари хитой чиннисидай силлиқ оппоқ мармар билан қопланган эди. Лекин энг қизиғи – бу ғорнинг охирида яна бир қоронғи туйнук кўринар, яна сал юрилса, учинчи ғор пайдо бўлар эди. Али Қушчи унга ҳам ўтмоқчи эди, Мирзо Улуғбек унамади. Улар бошқа вақт келишга аҳдлашиб орқага қайтишди. Лекин ўша кечаси Самарқанддан нохуш хабар келди-ю, улар овни ташлаб, доруссалтанага қайтишга мажбур бўлишди…

Бу воқеа содир бўлганига ўн беш йилдан ошди. Лекин тоғ орасидаги бу сирли унгур унинг эсидан чиқмаган эди. Уста Темур Самарқандийнинг ғорсимон кулбасига кириши билан “Аждар ғор” эсига тушгани ҳам шундан. Шак йўқ, бу нодир хазина Самарқанднинг ўзида ҳам яширилса бўларди. Лекин эҳтиёт шарт, буткул жаҳон донишмандларининг ақл-идроки мужассам бўлган бу ноёб асарлар ёмон кўздан йироқроқ тургани маъқул. Эвоҳ! Нодон бидъатчилар қўлида бундай хазиналардан қанчаси зеру забар бўлган. Рум ва Қоҳира, Бейпин ва Бағдод хазиналарида йиғилган не-не китоблар, не-не ақл дурдоналари ўтга ёқилган!..

Ҳа, бу хазина учун “Аждар ғор”дан яхши жой йўқ! Бу нотинч кунлар ўтсин. Агар ҳақ таоло иноят қилиб, тахтда Мирзо Улуғбек ўзи қолса, нур устига аъло нур. Йўқ, тахтни шаҳзода муқим эгаллаб, иш таназзулга юз тутса… яхши замонлар келгунча бу китоблар она қурсоғида ётган боладай хотиржам ётади. Ишқилиб, Али Қушчи адашиб қолмағай…

Йўқ, Али Қушчи умрида бир кўрган жойидан адашган эмас!..

Мана, ўша куз Мирзо Улуғбек билан овга чиққанда чодир қуриб бир ҳафта турган яйлов! Атрофи баланд қорли чўққилар билан ўралган кенг яйлов қандайдир бўлакча, илоҳий сукутга чўмган, фақат чигирткалар чириллайди. Юлдузлар акс этган жилғанинг оҳиста шилдираши қулоққа чалинади.

Ҳа, худди ўша яйлов! Ҳу ана у қир ёнбағрига қатор ипак чодирлар тикилган, пастга, сой этагига соғимли оқ биялар боғланган эди…

Али Қушчи ўшанда ипак чодирлар тикилган қир ёнбағридан ўтаркан, нечундир юраги “жиз” этиб, кўнгли бир хил бўлиб кетди. У маҳал билак кучга, юрак қўрга тўла, илм ва ҳаёт ишқида ёнган масъуд ёшлик чоғлари эди. Эл-улус осойишта эди. Али Қушчи билан Мирзо Улуғбек ҳали кўп улуғ ишлар қилиш, илм бобида кўп нодир асарлар яратиш, кўп кашфиётлар бунёд этиш ниятида эдилар… Йиллар кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ўша илиқ куз кунлари, сокин, серюлдуз кечалар устод билан мана шу адирларда танҳо айланиб чизган режалари, ёшлик орзуларининг юздан бири ҳам рўёбга чиқмади. Ҳайҳот, шундай шафқатсиз, меҳр-мурувватсиз экан бу тескари дунё…

Али Қушчининг эсига яна Салоҳиддин заргар тушиб, юрагини аламли дуд чулғаб олди. Устоддан шунча яхшилик кўрган бу ота-боланинг бундай куфрона неъматлик қилиши уни ҳар эслаганида бир қийнар, изтиробга соларди. Ёлғиз шу ота-бола бўлса ҳам гўрга. Али Қушчи ўша куни мавлоно Муҳиддинникидан қайтаётиб, яна бир машъум воқеанинг шоҳиди бўлди… Хаёлан ҳамон Салоҳиддин заргар билан баҳслашиб бораётган Али Қушчи “Шоҳизинда” қабристонига яқинлашганида, кимсасиз тор кўчаларнинг биридан елкасига хуржун ташлаб, эгнига қуроқ чопон кийиб олган бир гадо чиқиб қолди.

Али Қушчи олдин унга эътибор бермади, лекин гадо шошқалоқлик билан орқага тисарилганини кўриб, беихтиёр тўхтади. Гадо ҳам истар-истамас тўхтади-ю, қўл қовуштириб, ғалати ишшайди.

– Э,э,э, мавлоно Али Қушчи… ассалому алайкум! Тасанно! Тасанно…

Али Қушчи ўз кўзларига ишонмай анграйиб қолди: эгнига жулдур чопон, бошига пиликлари тўзиб, пахтаси чиқиб кетган эски такя кийган бу “гадо”… доруссалтанада номи чиққан шоир Мирюсуф Хилватий эди.

– Сизга не бўлди, биродари азиз?

Мирюсуф Хилватий кўзларини аланг-жаланг қилиб, ён-верига қараб олди.

– Эҳтиёт шарт, мавлоно. Шаҳзодаи валиаҳд ёлғиз Мирзо Улуғбекни эмас, унинг барча муқаррабларини тазйиққа олмоғи мумкин. Каминанинг насиҳатига киринг: фақир банда панада. Бу қиёматқойим босилгунча шаҳардан чиқиб, ғарибона кун ўтказиб турмоқ даркор, – Мирюсуф Хилватий шундай деди-да, елкасидаги хуржунини тўғирлаб, қаршидаги тор кўчага кириб кетди. Али Қушчи унинг орқасидан анграйиб қараб қоларкан, шу йил баҳорда, “Боғи майдон”да берилган бир зиёфат эсига тушди. Бутун шаҳар илм аҳли, машҳур шоирлар, хонандаю созандалар йиғилган бу базми жамшидда Мирюсуф Хилватий аълоҳазратларига аталган бир шеърини ўқиб берган эди. Шеърнинг охири ҳамон эсида:

 
Бобонгиз фатҳ этиб шуҳрат қозонғай жумла дунёни,
Бу олам кўрмагай эмди анингдек зоти аълони.
Падари покингиз умрин нури – раҳматга тўлдирди
Олиб шоҳиста отига Хоқони Сайид унвони.
Аларнинг шуҳрати шони муяссар ўлмаган гарчи,
Вале бул дам кўрур сизда ҳама Масиҳу Мусони.
Боқингиз кўкда юлдузлар ҳарам ичра канизлардай,
Хоқоним ишқида ёнғай мунаввар айлаб осмонни!…
 

Ҳайҳот! Куни кеча устоднинг оёғини ўпиб, унга шеърлар бағишлаб юрган бу шоир бугун унинг тагидан тахт, қўлидан ҳокимият кетишини сезиб, ўз жонини асрамоқ пайига тушгандир. Хилватий янглиғ мунофиқлар кўп бўлса керакким, кеча энаси Тиллабиби яна келди, шаҳардаги ваҳималардан сўзлаб, уни бўйнидан қучиб узоқ йиғлади, уни ҳам шаҳардан чиқиб, бирор жойда яшириниб турмоққа даъват этди, ялиниб-ёлворди… Муштипар эна! Билмайдики, Али Қушчи Хилватий бўлолмайди. Устоднинг бошига қора кунлар тушганда мавлоно Муҳиддинлар янглиғ ундан юз ўгириб кетолмайди.

Воажабо: фалакнинг гардиши билан Мирзо Улуғбек ўз тахтида қолса бу одамлар не қилур? Ҳеч нарса бўлмагандай яна унга сажда қилурми ё бунга виждонлари йўл бермасми?

Али Қушчи бу ўйлардан юраги ўртаниб, бўғилиб кетаётгандай бўлди-ю, яна ўзидан кулди: “Нечун бу ҳолга ажабланурсен, бу бевафолик бани одамнинг азалий хусусияти эмасму? Бани одам ақл-идрок ва эзгуликка эмас, қилич ва шамширга, бойлик ва тожу тахтга содиқ экани сенга аён эмасму? Бу машъум ҳақиқатни не-не донишлар, шоиру фузало куйиниб айтмаганму? Бунга ақлинг етса тағин нечун куйинасен, мавлоно Али?..”

Али Қушчи орқасига қарай-қарай сўлга, ўша ёмғирли куз куни архар овига чиққан тоғ чўққиларига бурилди. Тонг яқинлашиб қолди, чамаси, қаршидаги юксак чўққининг тепаси оқара бошлади, гўё артилгандай ялтираб турган бир парча ой устида Ноҳид юлдузи порлади. Ой хиралашган сайин Ноҳид юлдузи очилиб, тобора ярқираб борарди… Қирлар баландлашган сайин туяларнинг юриши секинлашиб, “бўҳ-бўҳ”лари кўпайди… Ҳали “Аждар ғор”га яқинлашганда туялар юролмай қолса, эҳтимол. Унда сандиқларни иккита-иккитадан эшакларга ортиб чиқишга тўғри келади…

Мана, ўшанда ёмғир савалаб, қайтишга аҳд қилган жойлари. Мана, архарлар чиқиб қочган арчазор!.. Ажабо: ўшандаги хушбўй кўм-кўк арчаларнинг биттаси ҳам йиқилмаган, биттаси ҳам қуримаган. Ўшанда қандай бўлса шундай турибди. Гўё ўн беш йил эмас, ўн беш кун ҳам ўтмаган!..

Мана, сой ҳам кўринди. Ўшанда амир Арслон тархон от солдириб ўтолмаган, кўпириб, ҳайқириб оққан сой йўлдаги ўзандай жилдираб қолган эди…

Али Қушчининг тахмини тўғри чиқди: сойдан ўтиб, тик чўққига кўтарилаётганда туялар “бўҳ-бўҳ”лаб юролмай қолди. Али Қушчи тўхтаб, эшикдан тушди. Жимжит. На бир одам, на бир ҳайвон шарпаси эшитилди. Фақат арча ва ирғайлар ичида аллақандай қушчаларнинг сайраши қулоққа чалинади. Мусаффо ҳаво арча, қизил зирк, шувоқ ва яна қандайдир тоғ гиёҳларининг нозик, хушбўй ҳидига тўла.

Али Қушчи Мирам Чалабийга қаради.

– “Аждар ғор”га келдук, болам. Эшакдан туш, туяларни чўктир!

“Аждар ғор”ни эшитган Мирам Чалабийнинг кўзлари алангжаланг бўлиб атрофига қаради.

Али Қушчи туяларни чўктириб, қора чангалга боғлади, сўнг, тайёрлаб қўйган пиликларни олиб, тўп-тўп ўсган ирғай, арча ва қизил зирклар орасидан тепадаги қат-қат харсангтошлар томон йўл олди. Мирам Чалабий, ҳамон кўзлари аланг-жаланг, изма-из борарди.

Мана, ўшанда, жала қуйиб турганда унга баҳайбат кўринган чўнг қоятошлар! Инсон умри қанчалик қисқа бўлса, табиатнинг умри шунчалик боқий экан! Ҳар бири гумбаздай-гумбаздай келадиган чўнг қоялар бундан ўн беш йил муқаддам қандай бўлса шундай турибди! Мана, довулда Мирзо Улуғбекнинг арабий арғумоғи йиқилиб тушган унгур. Унгурнинг тепасидаги қоятош орасида “Аждар ғор!..”

Али Қушчи нечундир юраги гурс-гурс уриб, қояга тирмашди. Мана, қоянинг устида ваҳимали қийшайиб турган ўша харсанг тош. Тошнинг остида таниш зимистон унгур!..

Али Қушчи қоя устига чиқиши билан унгурдан яна ўшандагидай бир гала кўк каптар “парр” этиб чиқди-ю, сесканиб кетган Мирам Чалабий ўпқоннинг четига бориб қолди. Али Қушчи унинг қўлидан “шап” ушлаб, кулимсиради.

– Қўрқма, болам, номи “Аждар ғор” бўлса-да, аждари йўқ бунинг!

Али Қушчи қўлидаги таёққа ўралган машъални ёқиб, ғорга биринчи бўлиб кирди. Ўша-ўша манзара: деворлари ялтироқ кўк-қизил тошлардан иборат катта ғорнинг ковакларига қушлар уя қўйган, ерда тўзғиган патлар, қулаб тушган уялар, тухум синиқлари. Ҳатто улар ёққан кичик гулхан куллари ва қиррали тошларгача ўз ўрнида ётарди!..

Али Қушчи қўлидаги машъални боши узра кўтариб ғорнинг тупкарисига юрди. Мана зимистон лаҳим чапга берилиб, пастда қора туйнук кўринди… Туйнукка сандиқ сиғадими, йўқми? Сиғади! Фақат туртиб чиққан тош қирраларини сал чопиш керакдур…

Али Қушчи қўлини Мирам Чалабийга бериб, пастдаги унгурга тушди.

Хитой чиннисидай силлиқ оқ мармардан барпо бўлган катта ғор ҳам ўзгармаган, ўн беш йил муқаддам қандай бўлса, шундай турарди… Ҳа, сандиқларни шу ерга жойлаштириб, туйнукларни харсангтош билан ёпиб ташлаш керак…

Али Қушчи елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортди. Улар ғордан қайтиб чиққанда водий куз офтобига ғарқ бўлган, қизил зиркнинг қирмизи япроқлари қуёшда оловдай ланғиллаб ёнар, ям-яшил арчалар худди чўмилгандай яшнаб кетган эди. Пастда, харсангтошлар орасидаги чакалакзорда чўкиб ётган туялар, тепадан худди ғалати қояларга ўхшарди.

Мирам Чалабий кўзларини катта очиб, улуғвор тоғларга, тоғ ёнбағрида ипакдай майин товланган оч сариқ ўрикзорларга, гўё ёнғинга учрагандай ловиллаган қизил зирк ва қорақанд чакалакзорларига ҳайрат билан тикилиб қолди.

Али Қушчи унинг елкасига қўлини қўйиб:

– Иним! – деди ҳаяжонланиб. – Бу ғаройиб унгурни Мовароуннаҳрда ёлғиз уч киши билади. Бири Мирзо Улуғбек, бири фақир, бири сен… Аҳли ирфон сарвари Мирзо Улуғбек буткул рубъи маскундин йиғдирган энг нодир хазинасини ушбу ерга яширамиз. Бу хазина бизга насиб этмаса, бўлғуси авлодларимизга насиб этгай. Шу матлабда яхши замонлар келгунча бу ғор улуғ сир тутилгай. Бу сирни наинки дўсту ақрабонг, падари бузрукворинг ҳам билмагай, иним. Бу сўзимга ёлғиз Оллоҳ шоҳиддур. Дилингда ҳақ таолога таважжуҳ айлаб, қасамёд қил, иним.

Мирам Чалабий қиблага қараганича кўзларини юмиб, лаблари пичирлаб қасамёд ўқиди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации