Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 10


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
V БОБ
Пондишери-Лождаги фожиа

Тунги сафаримизнинг энг охирги босқичига етиб келганимизда соат ўн бирга яқинлашиб қолганди. Биз орқада қолдирган азим шаҳарни рутубатли туман чулғаган бўлса, бу ерда, қишлоқда эса тун қуруқ ва илиқ эди. Ғарбдан илиқ шамол эсарди, осмонда залворли булутлар сузиб юрарди, улар орасидан гоҳо ой мўралаб қоларди. Тун анча ёруғ эди, лекин Таддеуш Шолто извошдан йўл фонусини олди-да, олдинга ўтиб юриб кетди.

Боғнинг анча ичкарисида баланд тошдевор билан ўралган уй бор эди, девор тепасига ойна синиқлари сочиб чиқилганди. Уйга девордаги темир қопланган тор эшикдан кириларди. Ҳамроҳимиз, почтачига ўхшаб, қандайдир ўзига хос бир усулда тақиллатди.

– Ким? – деб сўради эшик ортидан қўпол овоз.

– Бу, мен, Мак-Мурдо. Шу вақтгача тақиллатишимдан билсанг бўларди.

Минғиллаган овоз, кейин калитлар шақир-шуқири эшитилди, эшик оғир очилди. Остонада паст бўйли, кўкраги тоғдек бир одам турарди, фонусининг сарғиш нури унинг чўзиқ юзини, шубҳа билан чарақлаган кўзларини ёритди.

– Мистер Таддеушмисиз? Булар кимлар? Меҳмонларингиз хусусида хўжайинимдан ҳеч қандай фармойиш олганим йўқ.

– Ҳеч қандай фармойиш? Сиз мени ҳайратда қолдиряпсиз! Мен билан бирга дўстларим келишини кеча кечқурун акамга айтгандим-ку.

– Хўжайин бугун куни билан хонасидан чиққани йўқ. Бизда тартиб қаттиқлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Мен сизни қўйишим мумкин, лекин дўстларингизни қўёлмайман, улар сизни ташқарида кутиб туришсин.

Бу сира кутилмаган тўсиқ эди. Таддеуш Шолто қоровулга саросима ичида ожиз қараб турарди.

– Сиз яхши иш қилмаяпсиз, Мак-Мурдо! – деб ғўлдиради у. – Мен улар учун жавоб бераман, сиз учун шунинг ўзи етарли. Бунинг устига биз билан ёш қиз келган. Унинг ярим кечада, серқатнов йўлда туриши одобдан эмас.

– Минг бор афсуски, иложим йўқ, мистер Таддеуш, – деб жавоб қилди бир сўзли соқчи. – Меҳмонлар сизнинг дўстларингиз, лекин хўжайинимнинг душмани бўлиши ҳам мумкин. Ўз ишини ҳалол, виждонан бажарсин деб менга яхши ҳақ тўлашади. Мен хизматимни ҳалол адо этяпман. Дўстларингизни танимайман.

– Йўғ-е, Мак-Мурдо, танийсиз, – деди тўсатдан мулойимлик билан Шерлок Холмс. – Мени унутишингиз мумкин эмас. Ҳаваскор боксёр эсингиздами, у билан тўрт йил бурун бенефисингиз кунида Алисон рингида уч раунд жанг қилгандингиз, шуни эслайсизми?

– Шерлок Холмснинг ўзини кўряпманми?! – деб хитоб қилди боксёр. – Ҳа, чинданам айни ўзисиз! Сизни танимаганимни қаранг-а. Бу ерда мўмин-қобил бўлиб тургандан кўра, ўша машҳур қарши зарбангизни ишлатмайсизми, яхшилаб туширмайсизми, дарров таниган бўлардим. Э, нимасини гапирай. Сиз ўз истеъдодини ерга кўмадиган кишилар тоифасидансиз. Агар истаганингизда, сиз жуда кўп нарсага эришардингиз.

– Биласизми, Уотсон, агар ҳунарим бундан буён ҳеч кимга керак бўлмай қолса, бисотимда яна ҳаваскорлик истеъдодларим бор, – деди Холмс кулимсираб. – Ишончим комилки, бу дўстимиз бизни очиқ ҳавода ортиқча ушлаб турмас.

– Марҳамат, киринг, сэр, ўзингиз ҳам, дўстларингиз ҳам, – деб жавоб қилди дарвозабон. – Шундай бўлганига афсусланаман, мистер Таддеуш, лекин тартиб тартиблигича қолиши керак. Ичкарига қўйишим учун дўстларингизга ўзимга ишонгандай ишонишим керак.

Тошдевор ортида бўм-бўш боғни кесиб шағал тўкилган хиёбон ўтарди. Уй бутунлай қоронғиликда эди, фақат бир деворига ой ёруғи тушиб, дераза ялтираб кўринарди. Сукунат қўйнига чўмган бу каттакон қоронғи уйни кўриб кишини ваҳима босарди. Ҳатто бу нарсаларга кўникиб қолган Таддеуш ҳам алланечук бўлиб кетди: қўлидаги фонус қалтирар, ғижирларди.

– Ҳеч нарсага тушунолмай қолдим, – деб тўнғиллади у. – Бу ерда бир хатолик ўтган. Ахир, бугун кечқурун унинг ҳузурида бўлишимизни Бартоломьюга яхшилаб тушунтирган эдим. Кабинетида негадир чироқ йўқ. Ўзи нима гап, ақлим етмай қолди.

– У уйини доимо мана шундай қаттиқ қўриқлайдими? – деб сўради Шерлок Холмс.

– Ҳа, бу одат отамдан қолган. Бартоломью оиланинг эркатойи эди, баъзида отам менга нисбатан унга кўпроқ нарсани гапириб берадигандек туюларди. Ҳув ана, ой нури ёритиб турган деразани кўряпсизми – ўша Бартоломьюнинг кабинети. Лекин унда чироқ йўққа ўхшайди.

– Ҳа, чироқ йўқ, – деди Шерлок Холмс. – Лекин кираверишдаги дарчада чироқ бордек туюляпти.

– Э, бу рўзғор соҳибасининг хонаси. Қари рўзғор соҳибамиз миссис Берстон, оқшомларни одатда шундай ўтказади. Ҳаммасини у тушунтириб беради. Мени шу ерда бир неча дақиқа кутиб туролмайсизларми? Агар ҳаммамиз бараварига бостириб кирсак, миссис Берстон қўрқиб кетади, ахир, у келишимизни билмайди-да. Тс, жим! Нима гап?

У қалтираган қўлидаги фонусни кўтарди, атрофимизда фонус ёруғи дик-дик ўйнай бошлади. Мисс Морстен қўлимдан шартта ушлади, учовимиз ҳам юракларимиз дук-дук уриб, қулоқларимизни динг қилганимизча тўхтаб қолдик. Ваҳимали қоронғи уй томондан оқшом сукунатини бузиб қандайдир мунгли, аянчли товушлар – нимадандир қаттиқ қўрқиб кетган аёлнинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитиларди.

– Бу мисс Берстон, – деди Шолто. – Уйда ундан бошқа аёл йўқ. Мени шу ерда кутиб туринглар, ҳозир қайтаман.

У эшик олдига келди-да, ўзига хос бир тарзда тақиллатди. Баланд бўйли қари аёл уни кўриши билан севинганидан қўлларини силкитиб, ичкарига кирғазди.

– Оҳ, мистер Таддеуш, келганингиздан бошим осмонга етди. Жуда-жуда хурсандман! – деган сўзларини эшитдик, кейин эшик ёпилди-ю, унинг овози эшитилмай қолди.

Таддеуш Шолто фонусни бизга ташлаб кетганди. Холмс фонусни олиб, теварак-атрофни секин ёритди, кейин уйга ва ҳовлидаги тупроқ уюмига диққат билан тикилди. Биз мисс Морстен икковимиз ёнма-ён турардик, унинг қўли менинг кафтимда эди. Бу севги деганлари ажойиб, сира ақл бовар қилмайдиган бир туйғу-да, мана, икковимиз турибмиз, шу кунгача бирон марта учрашмаганмиз, бир-биримизга ҳеч қачон бир оғиз ширин сўз айтмаганмиз, мана энди хатарли дамда қўлларимиз ўз-ўзидан бир-бирига туташди. Мен кейинчалик бу дақиқани ажабланиб кўп эсладим, лекин ўшанда буларнинг ҳаммаси табиийдек туюлганди, кейинчалик у менга таскин ва ҳимоя топишимга қаттиқ ишониб, беихтиёр дарров сизга интилдим, деб кўп гапирганди. Биз, бу ғалати, қоронғи, кўримсиз уй олдида болалардай қўлларимизни ушлаганимизча қимир этмай турардик, қалбларимиз бирдан таскин топгандай эди.

– Жуда ғалати жой экан-а, – деди мисс Морстен атрофга аланглаб.

– Назаримда бу боғда Англиянинг ҳамма кўрсичқонлари меҳнат қилган кўринади. Шунга ўхшаш боғни Балларэтом яқинида кўрувдим. Лекин у ерда бутун тепаликни олтин қидирувчилар кавлаб ташлаганди.

– Бу ерда ҳам олтин қидирувчилар ишлашган, – деди Холмс. – Тўғрироғи, хазина қидирувчилар. Шуни унутмангки, бу уйнинг эгалари хазинани олти йил қидиришган. Шунинг учун ҳам боғнинг олтин конига ўхшашига ажабланмаса бўлади.

Шу дам эшик очилиб, кўзларида қўрқув, қўлларини олдинга чўзганича уйдан Таддеуш Шолто чопиб чиқди.

– Бартоломьюга бир гап бўлганга ўхшайди! – деб хитоб қилди у. – Қўрқиб кетяпман! Асабларим чидамаяпти.

Чинданам унинг кўз ёшидан нафаси тиқилгудай бўлар, дир-дир титраётган оппоқ юзида ўлгудек қўрқиб кетган ёш боланинг ожизона бир илтижоси акс этганди.

– Юринг, уйга кирамиз, – деди Холмс қатъий қилиб.

– Ҳа, юринг, – деди ёлворгандай Таддеуш Шолто. – Очиғини айтсам, нима қилишимни билмай қолдим.

Биз унга эргашиб чап томондаги рўзғор соҳибасининг хонасига кирдик. Хонада қўрқувдан ранги қув ўчган аёл бармоқлари асабий титраб, у ёқдан-бу ёққа юрарди, лекин мисс Морстен кириши билан у анча тинчланди.

– Умрингиздан барака топинг, – деб хитоб қилди у, йиғисини босиб. – Юзингиздан нур ёғилиб турибди-я. Сизга қарасам, кўнглим таскин топади. Шу бугун кўрган-кечирганларимни билсангиз эди.

Мисс Морстен рўзғор соҳибасининг меҳнатдан дағаллашиб кетган ориқ қўлини силади-да, аёлларга хос самимий ҳамдардлик билан таскин берувчи бир неча ОғиЗ ширин сўз айтди, кекса аёлнинг оппоқ юзига жиндек қон югургандай бўлди.

– Хўжайин хонасини ичидан бекитиб олиб, қанча тақиллатсам ҳам очмаяпти, – деб тушунтирди у. – Мени қачон чақираркин деб куни билан кутдим. У умуман ёлғиз қолишни яхши кўради. Бир соат аввал, бир кори ҳол бўлмадимикин, деб ташвишлана бошладим, юқорига кўтарилдимда, қулф тешигидан мўраладим. Мистер Таддеуш, сиз ўзингиз ҳам чиқиб қарашингиз керак. Бу уйга келганимга ўн йил бўлди, мистер Бартоломьюни хурсанд пайтида ҳам, бошига ташвиш тушганида ҳам кўрганман. Лекин бу ҳолатда ҳеч қачон кўрмагандим.

Шерлок Холмс лампани олди-да, юқорига биринчи бўлиб кўтарилди, чунки Таддеуш қўрқувдан дир-дир титраб, тиши-тишига тегмасди. Тиззалари букилиб кетаверди, зинадан юриб чиқиши учун уни қўлтиғидан олдим. Юқорига кўтарилаётганимизда Холмс чўнтагидан лупани олиб, кўзимга шунчаки чанг бўлиб кўринган кокос толасидан тўқилган бўйрадаги қандайдир қора доғларни синчиклаб кўздан кечирди. У имиллаб қадам ташлар, лампани паст ушлаб, ўнг ва чап томонга қараб қўярди. Мисс Морстен ўтакаси ёрилган уй соҳибаси билан пастда қолди.

Учинчи даҳлиз бизни тўғри узун йўлакка олиб чиқди, унинг ўнг томондаги деворига қўлда тўқилган ҳинд гилами осилганди. Чап томонда учта эшик бор эди. Холмс ҳамма нарсани синчиклаб кўздан кечириб, секин олдинга юрар, биз унинг кетидан қадам-бақадам борардик. Узун қора сояларимиз йўлак ёқалаб эргашиб келарди. Бизга учинчи эшик керак эди. Холмс тақиллатди, жавоб олмаганидан кейин, эшик дастасини бураб, қаттиқ босди. Эшик ичкаридан бекитилган экан. Холмс лампани қулф тешигига яқин олиб борди, қулфнинг тили энли ва мустаҳкамлигини кўрдик. Лекин калит буралганди, шунинг учун қулф тешигида ёриқ қолганди. Шерлок Холмс энгашдию, шу заҳоти ўзини орқага ташлади.

– Бу ишга шайтон аралашган, Уотсон! – деб шивирлади у. Мен уни ҳеч қачон бу қадар безовта кўрмагандим. – Хўш, сизнинг фикрингиз қалай?

Мен қулф тешигига энгашдим-у, даҳшатдан титраб кетдим. Ой нури деразага тушиб хонани хира ёритганди. Ҳамроҳимиз Таддеушнинг менга тикилган юзи худди ҳавода муаллақ осилиб тургандай эди, чунки унинг оёқлари остидаги ҳамма нарса қоронғиликда эди. Фақат унинг юзида, оғриқ ёки азобдан қийналаётган одамнинг буришган юзига ўхшамаган даҳшатли нотабиий бир табассум қотиб қолгандики, у ой нури ёритиб турган бу хонада кишига жуда ваҳимали таъсир этарди. Унинг юзи митти дўстимизнинг юзига шундай ўхшардики, у шу ердамикин, ёнимиздамикин дегандай ўгирилиб қарадим. «Ахир, улар эгизак ака-укалар-ку», – деб эсладим.

– Қандай даҳшат! Энди нима қиламиз? – дедим Шерлок Холмсга.

– Эшикни бузиш керак, – деди ва бутун танаси билан итариб, қулфни бузмоқчи бўлди. Эшик ғирчиллар, лекин бўш келай демасди. Сира бўлмагач, икковимиз баравар итардик, қулф шарақлаб, эшик ланг очилиб кетди ва биз Бартоломью Шолто кабинетига кирдик.

Кабинет кимё лабораторияси учун жиҳозланган эди. Эшик рўпарасидаги деворга осилган полкага тиқинлари маҳкам ёпилган ҳар хил шишачалар икки қатор қилиб териб чиқилганди, стол усти бунзен горелка, пробирка ва колбаларга тўлиб кетганди. Уйнинг бурчакларида полда саватларда катта шишалар турарди, уларда кислота сақлашарди. Улардан бири чатнаган ё ёрилган бўлса керак, шишанинг тагидан қандайдир қорамтир суюқлик тизиллаб оқиб чиқарди, хонани қатронга ўхшаш тотли бир ҳид тутиб кетганди. Хонанинг бир бурчагида букма нарвон турарди, унинг тагига, полга шувоқ тўкилган, юпқа тахтачалар уюлиб ётарди, нарвоннинг тепаси эса шипга тақалган бўлиб, ўша ерда одам бемалол кира оладиган катта туйнук бор эди. Полда, нарвон ёнида бир калава йўғон арқон ётарди.

Стол ёнидаги ёғоч креслода букчайиб, бошини чап томонга эгиб, нотабиий, даҳшатли илжайиб уй эгаси ўтирарди. У аллақачон совиб, музлаб қотиб қолганди. Афтидан унинг ўлганига бир неча соат бўлган, мен бир нарсага эътибор бердим: унинг юзи буришиб-тиришиб кетганидан ташқари, қўллари билан оёқлари ҳам ақл бовар қилмайдиган бир тарзда бураб, қайириб ташланган эди. Столда, қўлининг ёнида ғалати бир қурол ётарди – бу тош пойнаги болға шаклида ишланган ингичка қўнғир таёқ эди. Унинг ёнида блокнотдан йиртиб олинган бир парча қоғозга ажи-бужи қилиб бир неча сўз ёзилганди.

– Кўряпсизми, – деди у қошларини маънодор чимириб.

Фонус ёруғида ўша сўзларни даҳшатдан титраб-қақшаб ўқидим: «тўртлар белгиси».

– Худо хайрингизни берсин, айтинг, буни қандай тушуниш керак?

– Буни шундай тушуниш керакки, бу ерда қотиллик юз берган, – деди Холмс бечора Бартоломью Шолтонинг музлаб қолган жасади устига энгашар экан. – Мен шундай бўлишини кутувдим. Қаранг-а, – у шундай деб қулоғининг тепасига, терига санчилган узун қорамтир тиканни кўрсатди.

– Бу бирон-бир ўсимликнинг тикани бўлса керак-а, – дедим.

– Ҳа, тиканни худди ўзи. Уни суғуриб олишингиз мумкин. Фақат эҳтиёт бўлинг, у заҳарланган.

Мен икки бармоғим билан эҳтиётлаб тиканни суғуриб олдим. У осонгина чиқа қолди. Терида ҳеч қандай из қолгани йўқ. Тикан санчилган жойда зиғирдаккина қотиб қолган қон доғи бор эди.

– Буларнинг бари мен учун ақл бовар қилмайдиган бир сир, – деб эътироф этдим, – у тобора чигаллашиб, тушуниш қийин бўляпти.

– Мен учун аксинча, – деб жавоб қилди Холмс, – бу иш дақиқа сайин ойдинлашяпти. Воқеалар йўналишини тиклаш учун атиги бир-икки нарса етишмайди, холос.

Бу хонага кирганимиздан кейин биз ҳамроҳимизни деярли унутиб қўйган эдик. У изтиробда, ўқтин-ўқтин бўғиқ инграб, ҳамон эшик олдида турарди. Унинг чорасизлиги, мушкул аҳволдалиги шундай кўриниб турарди. Бирдан, сира кутилмаганда унинг кўксидан телбаларча аянчли бир фарёд отилиб чиқди.

– Хазина ғойиб бўлибди! – деб бақирди у. – Улар акамни шилиб кетишибди! Ҳув анови туйнукни кўряпсизми. Биз сандиқчани ўша туйнукдан олгандик. Мен унга қарашгандим! Уни охирги марта тирик кўрган мен эдим! Мен бу ердан кеча кечқурун кетувдим, зинадан тушиб кетаётганимда эшикни беркитиб олганини эшитгандим.

– Ўшанда соат неча эди?

– Ўн эди. Мана, у ўлиб ётибди! Бу ерга полицияни чақиришади. Мендан шубҳа қилишади. Ҳа, шундай бўлишига ишончим комил. Лекин сизлар мени айбдор ҳисобламайсизлар-а, жаноблар? Бу сенинг ишинг деб ўйламасаларинг керак, албатта! Агар бу ишни мен қилганимда, сизларни бу ерга бошлаб келармидим? Э Худо! Э Худо! Йўқ, мен жинни бўлиб қоламан.

У оҳ-воҳ қилиб депсинар, худди безгак тутган одамдай дағ-дағ титрарди.

– Сиз ҳеч нарсадан қўрқмасангиз бўлади, мистер Шолто, – деди Холмс уни юпатгандай елкасига қоқаркан. – Гапимга киринг, ҳозироқ полиция бўлинмасига боринг. Бу воқеани уларга маълум қилиш керак. Сизларга қўлимдан келганча ёрдам бераман, деб ваъда қилинг. Биз сизни шу ерда кутиб турамиз.

Пакана одам ҳали ҳам ўзига келмаган бўлсада, дарҳол кўна қолди. Биз унинг қоронғида туртиниб-суртиниб, қоқилиб, зинадан тушиб кетаётганини эшитдик.

VI БОБ
Шерлок Холмс ўз усулини намойиш қиляпти

– Шундай қилиб, Уотсон, – деди Шерлок Холмс кафтларини бир-бирига ишқалаб. – Ихтиёримизда ярим соат вақт бор. Келинг, шу вақтдан имкони борича унумли фойдаланайлик. Сизга айтганимдек, бу иш мен учун равшан. Лекин барибир жудаям аниқ фактларга ишониб, хатога йўл қўйишимиз ҳам мумкин. Бу ҳодиса бир қарашда қанчалик жўн кўринмасин, у ҳамиша янада чигаллашиб кетиши мумкин.

– Жўн! – хитоб қилдим ҳайрон бўлиб.

– Бўмасам-чи, – деб жавоб қилди Холмс ўз шогирдларига ғаройиб бир касални кўрсатаётган профессор қиёфасида. – Илтимос, оёқ изларингиз ишни янада мураккаблаштирмаслиги учун бурчакка бориб ўтирсангиз. Энди ишни бошлаймиз. Биринчидан, бу азаматлар бу ерга қандай қилиб киришган-у, қандай чиқиб кетишган? Эшик кечадан буён очилмаган. Хўш, дераза-чи? – У мулоҳазаларини эшиттириб баён қиларкан, лампани деразага яқин тутди, лекин у менга эмас, кўпроқ ўзига мурожаат қиларди. – Дераза ичидан беркитилган. Ромлари жуда пишиқ, мустаҳкам. Келинг, уни очиб кўрайлик. Дераза ичидан беркитилган. Дераза ёнида ҳеч қандай тарнов йўқ. Томга чиқишолмайди, жудаям баланд. Ҳар ҳолда одам хонага деразадан тушган. Ўтган куни кечаси ёмғир шивалаб ўтганди. Кўряпсизми, дераза токчаси лой, ботинка ва яна қандайдир ғалати юмалоқ бир нарсанинг изи бор. Мана, яна ўша из. Бу сафар полда. Мана, яна столда ҳам бор. Кўряпсизми, Уотсон, вазият анча равшанлашяпти.

Мен полдаги юмалоқ изларни кўздан кечира бошладим.

– Бу оёқ излари эмас, – дедим.

– Шунинг учун ҳам бу муҳим-да. Бу ёғоч оёқ изи. Кўряпсизми, дераза токчасида металл нағал қоқилган қўпол ботинка изи. Шундай ёнида ёғоч оёқ изи.

– Ўша одам ёғоч оёқда бўлган!

– Худди шундай. У бир ўзи бўлмаган. Унинг жуда уста, эпчил ёрдамчиси бўлган. Доктор, сиз шу девордан чиқа олармидингиз?

Мен очиқ деразадан қарадим. Ой уйнинг бу қисмини ёритиб турарди. Биз ердан камида олтмиш фут баландликда эдик, сезишимча, ғишт деворнинг бирон жойида оёқни қўйса бўладиган тешик, ёриқ йўқ эди.

– Бунинг ҳечам иложи йўқ, – деб жавоб қилдим.

– Ҳа, бир одам бунинг уддасидан чиқолмайди. Лекин, хонада шеригингиз бор деб фараз қилайлик. У сизга, ҳув ана, бурчакда ётган пишиқ арқонни ташлади дейлик, унинг бир учини деворга қоқилган қайрилма қозиққа боғлаган. Ана шунда, агар сиз эпчил одам бўлсангиз, ёғоч оёғингиз билан девордан ўтиб келишингиз мумкин. Кейин сиз пастга тушардингиз, дўстингиз арқонни юқорига тортиб олиб, қозиқдан ечарди, сўнг деразанинг занжирини солиб, ўзи хонадан ўша келган йўли билан чиқиб кетади. Кичкина детал, – деб гапида давом этди Холмс арқонни кўрсатиб, – гарчи ўша ёғоч оёқли дўстимиз жуда чаққон бўлса-да, лекин аслида касби денгизчи эмас. Унинг қўллари йўғон арқонлардан чирмашиб чиқавериб дағаллашиб кетмаган. Лупада бир неча жойда қон изларини кўрдим, айниқса арқоннинг учида кўпроқ. Демак, пастга у шу қадар шошилиб тушганки, қўлларининг териси шилиниб кетган. Жуда соз, – деди у, – лекин барибир, ҳали ҳеч нарсани англай олганимча йўқ. Ўша сирли ёрдамчи ким ўзи? У хонага қандай кириб олган? Ҳа, ёрдамчи, – деб такрорлади Холмс ўйчан. – Бу ёрдамчиси – назар-эътиборга лойиқ шахс. У туфайли бу иш антиқа бир тус оляпти. Менинг назаримда, бу иш Англиядаги жиноятлар тарихига бир янги саҳифа бўлиб киради. Бундай воқеалар илгарилари ҳам бўлиб турган, лекин фақат Ҳиндистонда, яна, агар хотирамдан чиқмаган бўлса Сенегамбийда юз берган.

– У хонага қандай кириб олган? – деб такрор сўрадим. – Эшик берк, деразага ташқаридан киролмайди. Эҳтимол, мўридан тушгандир?

– Каминнинг тешиги жудаям кичкина, – деб жавоб қилди Холмс. – Буни ҳам текшириб кўрдим.

– Хўш, қандай иложини қилган?

– Сиз негадир менинг услубимни қўллашни истамаяпсиз, – деди у бош чайқаб. – Сизга неча бор айтдим, ортиқча нарсаларнинг ҳаммасини чиқариб ташланг, қолган нарсаларнинг ўзи, қанчалик ғайритабиий туюлмасин, жавоб бўлади. Бизга шу нарса маълумки, у хонага эшикдан ҳам, деразадан ҳам киролмасди, мўридан ҳам тушолмасди. Шуни ҳам биламизки, унинг хонада яшириниб қолиши мумкин эмас, чунки бу ерда яширинадиган жойнинг ўзи йўқ. Хўш, шундай экан, бу ерга қандай кирган?

– Томдан тушган! – хитоб қилдим.

– Шубҳасиз. У хонага фақат томдан тушиши мумкин эди. Агар сизга малол келмаса, ёритиб турсангиз, хазина солинган сандиқ яширилган жойни яна бир бор текшириб кўрсак.

Холмс нарвондан шифтгача кўтарилди-да, икки қўли билан тўсинга осилиб кўтарилиб, туйнукка чиқиб олди. Кейин, бошини чиқариб қаради. У, афтидан, узала тушиб ётиб олди шекилли, менга қўлини узатиб қўлимдан маҳкам ушладида, ёнига чиқиб олмагунимча қўйиб юбормади.

Биз чиқиб олган чордоқ узунасига ўн фут, энига олти фут эди. Шифтнинг юпқа қуруқ сувоғи пол вазифасини ўтарди, бинобарин тўсиндантўсинга жуда эҳтиёт бўлиб ўтиш керак эди. Том икки нишабли бўлиб, унга солинган ёғочнинг учлари от шаклида ишланган эди. Афтидан, томнинг ички томони чордоқнинг шифти ҳисобланарди. Пол кўп йиллар давомида йиғилиб қолган қалин чанг билан қопланганди. Чордоқда чангдан бўлак ҳеч нима йўқ эди.

– Мана, кўринг, – деди Холмс қўлини деворнинг нишаб томонига қўйиб. – Бу туйнук ташқарига чиқади. Уни очсангиз, шундай томга чиқасиз, том эса, уларнинг бахтига қия. Биринчи рақам хонага худди шу туйнукдан тушган. Қани, кўрайлик-чи, бирор из қолдирмаганмикин?

Холмс лампани паст ушлаб полни ёритди, мен бугун иккинчи марта унинг юзида ҳайрат ва ташвиш ифодасини кўрдим. Унинг кўзларига тикилиб туриб, аъзойи баданимнинг музлаб кетганини ҳис қилдим: полда бир неча яланг оёқларнинг изи бор эди, улар жуда аниқ, яққол кўриниб турарди, лекин бу излар катта одам оёқларининг ярмича келадиган из эди.

– Холмс, – деб шивирладим, – демак, бу мудҳиш ёвузликни ёш бола қилганми?

Холмс энди ўзини анча тутиб олганди.

– Очиғини айтсам, жуда бошим қотиб қолди. Хотирам панд берди. Ахир, бу жўн иш-ку. Мен қандай излар бўлишини олдинданоқ фаҳмлашим керак эди. Ҳа, бўлар иш бўлди, бу ерда бошқа қиладиган ишимиз йўқ. Юринг, пастга тушамиз.

– Мана булар қанақа излар? – деб сўрадим жудаям қизиқиб.

– Азизим, Уотсон, фактларни таҳлил қилиб кўринг-а, – деди у сал энсаси қотиб. – Менинг услубимни биласиз-ку. Уни қўлласангиз, натижаларни солиштириб кўриш мароқли бўлади.

– Йўқ, ҳеч нарсага тушунолмаяпман, – деб жавоб қилдим.

– Ҳадемай тушунасиз, – деди Холмс паришон. – Назаримда, бу ерда қизиқарли бирон нарса қолгани йўқ. Лекин барибир, мен яна бир бор текшириб кўраман.

У чўнтагидан лупа билан сантиметрни тез олдида, ингичка узун бурнини қопламага теккизгудай яқин тутиб, ҳар бир миллиметрини синчиклаб текшира бошлади. Унинг ич-ичига ботган, ярқираган кўзлари йиртқич қушнинг кўзларини эслатарди.

У худди изга тушган исковуч итдай ниҳоятда тез, чаққон, эшиттирмасдан ҳаракат қиларди, агар ўз истеъдодини, куч-ғайратини қонунни ҳимоя қилишга эмас, балки унга қарши ишлатса, Холмсдан қандай даҳшатли жиноятчи чиққан бўларди, деган ўй келди бирдан хаёлимга.

У чордоқни кўздан кечирар экан, ўзича доимо алланималар деб минғирларди, кейин бирдан хурсанд бўлиб қичқириб юборди.

– Ҳа, омадимиз келди десак бўлади, – деди у. – Бу анча вақт меҳнатимизни тежашга имкон беради. Биринчи рақам эҳтиётсизлик қилиб, креозот1818
  Креозот – ёғоч ёки тошкўмирдан ҳайдаб олинадиган ўткир ҳидли суюқ мой модда.


[Закрыть]
га қадам қўйган. Кўряпсизми, бу ёпишқоқ, сассиқ кўлмакнинг чап томонида кичкина оёқнинг ярим изи қолган. Афтидан, креозот солинган шиша чатнаган-у, суюқлик оқиб тушган.

– Хўш, нима бўпти?

– Гап шундаки, биз энди уни тезда қўлга оламиз. Бир ит бор, у креозот ҳиди келиб турган издан дунёнинг нариги чеккасига ҳам боради. Агар одатдаги исковуч ит графлик чегарасигача издан борса, хўш, сиз нима деб ўйлайсиз, махсус машқ қилдирилган ит қаергача бориши мумкин? Одатдаги пропорционал тобелик, унинг номаълум аъзоси… Шошманг! Эшитяпман, жиноят содир бўлган жойга қонуннинг мухтор вакиллари келишди.

Пастда гурсиллаган оёқ товушлари ва одамларнинг бақириб гапирганлари эшитилди, эшик тарақлаб ёпилди.

– Йўқ, улар ҳали келишгани йўқ, – деди Холмс, – кафтингизни мана шу бечоранинг оёғига ҳам теккизинг-а. Нимани ҳис этяпсиз?

– Мушаклари тарашадай қотиб қолган, – деб жавоб қилди у.

– Ҳа, баракалла. Қўл-оёқлари акашак бўлиб қолган. Бу одатдаги музлаб қотиб қолган ўлик эмас. Бу гиппократик ёки қадимги ёзувчиларнинг таъбири билан айтганда, истеҳзоли илжайиш, бу бўғинларнинг увишиб қолиши сизда қандай фикр уйғотяпти?

– Бу одам ўсимликдан тайёрланадиган қандайдир кучли алкалоид таъсирида ўлган, – дедим, – у одамни қоқшол қиладиган стрихнин1919
  Стрихнин – кучли заҳар.


[Закрыть]
га ўхшаш бир нарса.

– Буришиб кетган бу юзни кўриб, биринчи навбатда шу ҳақда ўйладим. Хонага киришим билан заҳарни нимадан юборилганини қидира бошладим. Агар, эсингизда бўлса, терисига санчилган тиканни топиб олдим. Бир эътибор беринг-а, тикан унинг шифтдаги туйнук томонга қараган қисмини шикастлаган, агар мана бу стулда ўтирсангиз шундай туйнукка тўғри келади. Энди, тиканнинг ўзини бир кўздан кечирайлик.

Мен тиканни эҳтиётлик билан қўлимга олиб, фонусга яқин олиб бордим, у узун, ўткир ва қора эди, шундай учида қандайдир суюқлик оппоқ бўлиб қотиб қолганди. Бир учи тўмтоқ, чўзинчоқ бўлиб пичоққа ўхшаб кетарди.

– Бу Англияда ўсадиган дарахтникими?

– Йўқ, албатта. Хуллас, Уотсон, қўлингизда шунча факт бўлганидан кейин сиз тўғри хулоса чиқаришингиз керак. Мана, мунтазам қисм вакиллари ҳам келишди: ёрдамчи кучлар уларга ўз ўрнини бўшатиб беришлари керак.

Оёқ товушлари тобора яқиндан, мана ниҳоят эшик орқасидан эшитила бошлади, хонага кулранг кийимда бесўнақай бир одам оғир қадам ташлаб кириб келди. Унинг этдор юзи қип-қизил бўлиб, салқиган қовоқлари тагидан ярқираган қисиқ кўзлари бизга айёрона боқарди. Унинг орқасидан мундирда полиция инспектори, изма-из эса ҳали ҳам дир-дир титраётган Таддеуш Шолто кириб келишди.

– Бу антиқа иш-ку! – деб хитоб қилди кирган одам бўғиқ овозда. – Ажойиб иш! Булар кимлар ўзи? Нега энди одамлар уйда худди каталакдаги қуёнлардай бемалол юришибди?..

– Мени, ҳойнаҳой, эсласангиз керак, мистер Этелни Жонс? – деди хотиржамлик билан Холмс.

– Бўлмасамчи, албатта эслайман, – деб жавоб қилди у овози хириллаб. – Сиз, мистер Холмс, Шерлок Холмс бўласиз, назариётчи. Сизнинг бишопгейт бриллиантларининг қаёққа йўқолганини тушунтириб, бизга қилган панд-насиҳатингизни сира-сира унутмайман. Адолат юзасидан шуни айтишим керакки, сиз бизга ўшанда тўғри йўл кўрсатгансиз, лекин ўшанда бахтли бир тасодиф сизга ёрдам берганини ақалли энди, ҳозир эътироф этсангиз керак.

– Менга ўшанда оддий мантиқ ёрдам берди.

– Ҳа, бўлди, бўлди, етар. Ҳақиқатни айтишга ҳеч қачон уялманг. Хўш, бу ерда нима бўлди ўзи? Хунук иш! Бахтимизга ҳамма фактлар қўлимизда, бинобарин ҳар қанақа назариябозликнинг кераги йўқ. Буни қарангки, худди шу пайт бошқа бир иш билан Норвудга келиб қолувдим-а. Тўсатдан Пондишери-Лождаги ўлимнинг устидан чиқсам-а. Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз, бу одам нимадан ўлган?

– Бу ерда назариянинг ҳечам кераги йўқ, – деди Холмс қуруққина қилиб.

– Ҳа, албатта, албатта. Баъзида шундай нишонга уришингизга қойил қоламиз, ҳа, биз буни инкор этмаймиз. Худо, ўзинг кечир! Фаҳмлашимча, эшик ичкаридан беркитилган. Ҳм, ҳм… Ярим миллион сўмлик қимматбаҳо нарсалар олиб кетилган. Дераза-чи, дераза?

– Дераза ҳам берк эди, лекин токчасида излар бор.

– Жуда соз, жуда соз, лекин у берк бўлса токчадаги изларнинг бу ишга ҳечам алоқаси йўқ. Соғлом фикр шуни кўрсатиб турибди. Одам қаттиқ зарбадан ҳам ўлиши мумкин. Лекин, қимматбаҳо нарсалар жойида йўғ-у, буни қандай тушунмоқ керак. Эҳ-ҳа! Менда бир тахмин бор. Баъзида бирдан фикрим равшанлашиб кетади. Илтимос, сержант, сиз ҳам, мистер Шолто сал чеккага чиқиб турсаларинг. Дўстингиз турган жойида қолиши мумкин. Хўш, сизнинг фикрингиз, Холмс? Ўзининг эътироф этишича, Шолто кеча кечқурун акасининг олдида бўлган. Акасининг миясига қон қуйилган, шундан сўнг Шолто хонани тарк этган, ўзи билан бирга қимматбаҳо нарсаларни олиб кетган. Хўш, сиз бунга нима дейсиз?

– Ўшандан кейин мурда эҳтиёт юзасидан ўрнидан турган-у, эшикни ичидан беркитиб олган.

– Ҳм, ҳм! Ҳа, тахминимнинг энг ожиз жойи ҳам шунда. Соғлом ақлни ишга соламиз. Таддеуш Шолто акасининг олдига келган. Орада жанжал чиққан. Бу бизга маълум. Акаси ўлди, қимматбаҳо буюмлар ғойиб бўлди – бу ҳам бизга маълум. Таддеуш кетганидан кейин унинг акасини ҳеч ким кўрмаган. Ўрни ғижимланмай шундай турибди. Таддеуш ҳозир жуда қаттиқ саросимада. Кўриб турибсизки, мен Таддеушга тузоқ қўйяпман. Тузоқ тобора тортиляпти.

– Лекин, сизга ҳали ҳамма фактлар маълум эмас-да, – деди Холмс. – Мана бу тиканни кўряпсизми, у заҳарланган деб тахмин қилишимга тўла асос бор. Уни ўликнинг бошидан топишди, шундай санчиб қўйилган экан. Изи ҳам қолган. Столда мана бу хат ётибди, ўқиб чиқинг-а. Унинг ёнидан мана бу ғалати қуролни топдик, пойнаги тошдан. Хўш, сизнинг тахминларингиз бу фактларни қандай изоҳлайди?

– Қойилмақом қилиб изоҳлайди-да, – деб жавоб қилди манманлик билан семиз детектив. – Уй ҳар хил ноёб ҳинд буюмларига тўла. Таддеуш ҳам буни шу ерга олиб келган. Агар тикан заҳарланган бўлганида Таддеуш ундан қотиллик қуроли ўрнида фойдаланган бўларди. Бу одамни чалғитиш учун ишлатилган бир ҳийла. Лекин бир нарса аниқ эмас – бу ердан қандай чиқиб кетган? Ҳа, айтмоқчи, шифтда туйнук бор-а! Ҳа, турган гап – шу туйнукдан чиқиб кетган.

У семиз одамга хос бўлмаган бир эпчиллик билан нарвондан юқорига кўтарилди-да, ўша туйнукдан ташқарига чиқди. Ўша заҳоти унинг тантанавор овозини эшитдик. У, чордоқдан томга туйнук бор экан, деб бақирди.

– У, ҳойнаҳой, ўша ердан яна ниманидир топади, – деди Холмс елкаларини қисиб. – Баъзида ақли ишлаб қолади.

Uniy a pas des sont si incommodes gue ceux gui ont de liesprit2020
  «Унча-мунча ақли бор одамлар чидаб бўлмайдиган нодон бўлишади» (французча) Ф. Ларошфуко. «Максимлар ва ахлоқий мулоҳазалар».


[Закрыть]
.

– Ана, кўрдингизми! – деди Этелни Жонс, нарвондан пастга тушаркан. – Фактлар ҳар қандай назариядан ишончлироқ. Менинг тахминларим тўла-тўкис тасдиқланяпти. Чордоқда томга олиб чиқадиган эшик бор. У сал очилган ҳам.

– Мен очувдим.

– Ростданми? Демак, уни сиз ҳам кўрибсиз-да? – Жонс Холмснинг сўзларини эшитиб гангиб қолди.

– Биринчи бўлиб уни ким пайқаганининг аҳамияти йўқ, – деди у сал муросага келиб, – энг муҳими, унинг бу ердан қандай чиқиб кетганини аниқладик. Инспектор!

– Ҳа, сэр! – йўлакдан овоз эшитилди.

– Мистер Шолтони буёққа таклиф қилгин. Мистер Шолто, сизни огоҳлантириб қўйиш менинг бурчим, айтган ҳамма гапларингиз ўзингизга қарши қаратилиши мумкин. Мен сизни акангизни ўлимига дахлдор киши сифатида қиролича номидан ҳибсга оламан.

– Ана, кўрдингизми! Сизга айтмовдимми! – деб хитоб қилди пакана одам қўлларини биз томонга чўзиб, йиғлагудек бўлиб.

– Хафа бўлманг, мистер Шолто, – деди Холмс. – Сизга қўйилган бу айбни бекор қила оламан, деб ўйлайман.

– Кўп нарса ваъда қилманг, мистер назариётчи, ваъда қилманг! – деб хитоб қилди хуфия. – Бу сиз ўйлаганча осон иш эмас.

– Мен мистер Шолтодан айбни олиб ташлабгина қолмай, мистер Жонс, сизга яна совға ҳам қиламан: яъни кеча кечаси шу хонада бўлган икки кишидан биттасининг исмини, аломатларини ҳам айтиб бераман. Унинг исми Жонатан Смолл дейишим учун менда ҳамма асослар бор. У деярли саводсиз, паст бўйли, эпчил, унинг ўнг оёғи йўқ, ёғоч оёқда юради. Чап оёғи тагига темир нағал қоқилган, бурни тўмтоқ қўпол ботинка кийиб олган. У собиқ каторгачи, ёши қирқлар чамасида, офтобда обдан қорайган. Мана шу белгилар сизга ёрдам бериши мумкин, бунинг устига арқонда қон бор.

– Ҳа, тўғри. Сиз уни уйига олиб бориб қўйишингиз керак. У Лоэр-Комберуэллада миссис Сесил Форрестерникида туради. Бу ердан унчалик узоқ эмас. Агар қайтиб келсангиз, сизни шу ерда кутиб тураман. Балки, анча толиққандирсиз?

– Ҳечам. Бу ғаройиб воқеа сирини сал-пал бўлса ҳам билмагунимча ухлаёлмайман. Мен фавқулодда мураккаб вазият-у, ҳолатларга жуда кўп тушганман, лекин очиғини айтсам, бу кетма-кет қалашган антиқа воқеалар мени ҳангу манг қилиб қўйди. Модомики, шу воқеаларга аралашган эканман, охиригача сиз билан бирга бўламан.

– Сизнинг шу ерда бўлишингиз мен учун жуда зарур, – деди Холмс. – Биз бу ишни мустақил ўрганамиз. Майли, Жонс ўз хом хаёллари билан овуниб юраверсин. Мисс Морстенни олиб бориб қўйганингиздан кейин, илтимос, Ламбетга, Пинчинлейн кўчаси, 3-уйга борсангиз. Бу кўча шундай соҳил бўйида. Ўнг томондан учинчи уйда Шерман исмли тулумчи яшайди, у қушларнинг тулумини ясайди. Сиз унинг деразасида оғзида қуённи тишлаб турган лайчани кўрасиз. Шерманни уйғотиб, менинг саломимни етказинг, яна, менга Тоби жуда зарурлигини айтинг. Тобини олинг-у, бу ерга тезроқ келинг.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации