Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 29 страниц)
Сэр Чарльз Баскервилнинг бевақт вафот этгани сабабларини тергов идоралари тўла аниқлашга муваффақ бўлдилар, деб айтиб бўлмаса ҳам, аммо улар ҳар хил бидъатларга ишонувчи маҳаллий кишилар тарқатган овозаларга чек қўйдилар. Унинг табиий вафот этганига шубҳаланмоқ учун бизда ҳеч қандай асос йўқ. Сэр Чарльз бева қолган киши эди, айтиш мумкинки, унинг ғалати қилиқлари бор эди. У ғоят бадавлат киши бўлишига қарамай, жуда камтарин ҳаёт кечирарди, шунинг учун ҳам унинг Баскервиль-холлдаги уй хизматини бажарувчи кишилар фақат эр-хотин Бэрриморлардан иборат эди. Бэрриморлар терговда айтган ва марҳумнинг ёр-биродарлари берган гувоҳликка мос бўлиб тушган гапларига қараганда, сэр Чарльз кейинги вақтларда хийла бетоб бўлиб қолган экан. Уларнинг айтишларига қараганда, сэр Чарльз юрак касалига мубтало эди, буни юзининг туси анча ўзгариб кетгани, нафаси қисадиган бўлиб қолгани ва маъюсланиб юриши ҳам сездириб турарди. Марҳумнинг яқин дўсти ва шахсий врачи доктор Джеймс Мортимер терговда айтган гаплари билан бу фикрни тасдиқлади.
Энди фактларга келганда, бу фактларнинг таажжубланадиган ҳеч бир жиҳати йўқ. Сэр Чарльз Баскервилнинг кечаси ётишдан олдин Баскервиль-холлдаги машҳур қарағайзор хиёбонга чиқиб сайр қилиш одати бор эди. Эр-хотин Бэрриморларнинг айтишига қараганда, у ўзининг шу одатини ҳеч қачон тарк этган эмас. Тўртинчи июнда сэр Чарльз эртага Лондонга кетмоқчи бўлганини айтган, сафар анжомини тайёрлаб қўйишини Бэрриморга буюрган, кечқурун эса, одатдагича, сайр қилгани чиққан. У сайр қилиб юрган вақтда ҳамиша сигара чекар эди. Шу-шу сэр Чарльз уйга қайтиб келмаган. Бэрримор ярим кечада уйнинг эшиги ҳали ҳам очиқ турганини кўриб, ҳаяжонга тушган, чироқни ёқиб, хўжайинини қидириб кетган. Ўша кун ҳаво булут ва намгарчилик эди, шунинг учун ҳам сэр Чарльзнинг излари хиёбонда аниқ кўриниб турарди. Шу хиёбоннинг ўртасида торфзор ботқоқликка очиладиган эшикча бор. Баъзи бир нишонларга қараганда сэр Чарльз шу эшикча олдида бир неча дақиқа туриб, сўнгра йўлида давом этган… ва хиёбоннинг охирида унинг мурдаси топилган.
Бу ҳодисанинг аниқланмай қолган бир жиҳати бор. Бэрриморнинг айтишига қараганда, сэр Чарльз эшикчадан сал нарига ўтиши билан унинг оёқ излари ўзгаргани кўриниб турибди, чамаси, у оёқ учида юриб борган бўлса керак. Ўша вақтда, хиёбондан сал нарида Мерфи деган лўли от жаллоб ўтиб бораётган экан. У кимнингдир қичқирган овозини эшитибди, аммо бу овоз қай томондан келаётганини аниқлаб ололмабди, чунки ўзининг айтишига қараганда, кайфи жуда баланд экан. Сэр Чарльзнинг танасида бирор калтак изи борлиги маълум эмас. Аммо тиббиёт экспертизаси марҳумнинг афти таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини қайд қилган. Ҳатто доктор Мортимер мурда ўз дўстининг ва ўзи ҳамиша даволаб юрган кишининг ўлиги эканлигига дастлаб ишонгиси келмаган. Ўликнинг қиёфаси бу хилда ўзгариб кетгани унинг бўғилиб ва юраги ишламай қолиб ўлганидан далолат беради. Ўлик ёриб текширилганда бу фикр тўғри бўлиб чиқди ва марҳумнинг юраги кўп вақтдан бери касал эканлиги очиқ-равшан бўлди. Тергов идоралари тиббиёт экспертизасининг маълумотларига асосланиб, марҳум тўсатдан ўлган, деган хулосага келдилар, бу эса ташвишли ишни анча енгиллаштирди, чунки сэр Чарльзнинг вориси Баскервиль-холлга келиб ўрнашиб, марҳумнинг фожиали ўлими сабабли, тўхтаб қолган яхши ишларини давом эттирса яхшироқ бўлар эди. Бутун графликда оғиздан-оғизга ўтиб, тарқалиб юрган ва ҳамманинг эътиборини ўзига тортаётган овозаларнинг сэр Чарльз вафоти сабабли авж олиб кетганига терговчи аниқ текшириб чиқарган хулосалар чек қўймаганида эди, Баскервиль-холлнинг эгасини топиш қийин бўлур эди. Айтишларига қараганда, марҳумнинг ўртанча акасининг бир ўғли бор, ана шу мистер Генри Баскервиль (башарти тирик бўлса) сэр Чарльзнинг энг яқин қариндошидир. Қўлимизда бўлган охирги маълумотларга қараганда, мазкур Генри Баскервиль Америкада яшайди. Уни қидириб топиш ва катта мерос қолганини хабар қилиш учун ҳозир чоралар кўрилмоқда».
Доктор Мортимер газетани буклаб чўнтагига тиқиб қўйди.
– Сэр Чарльз Баскервилнинг вафоти тўғрисида газетада ёзилган гапларнинг ҳаммаси мана шу, мистер Холмс.
– Сиз, – деди Шерлок Холмс, – мени ҳеч шубҳасиз, оз-моз қизиқишга арзийдиган иш билан таништирдингиз, бунинг учун сиздан жуда миннатдорман. Шу воқеа тўғрисида газеталарда ёзилган хабарни ўз вақтида ўқиган эдим, лекин ўша вақтда Ватикан камеялари3939
Ватикан – католик черкови бошлиғининг, Рим папасининг Рим шаҳридаги саройи. Камеялар – одамларнинг ёки буюмларнинг кичик, асл тошга солинган бўртма сурати.
[Закрыть] тўғрисидаги воқеалар билан жуда банд бўлганим ва папага ўз илмимни бир кўрсатай, деб уриниб юрганим сабабли Англияда бўлиб ўтган диққатга сазовор бир қанча ишларни хотирамдан чиқариб қўйибман. Демак, сэр Чарльзнинг вафоти тўғрисида газетада босилган хабарнинг ҳаммаси шуми?
– Ҳа.
– У ҳолда сиз мени матбуотда чиқмаган фактлар билан таништиринг. – У креслога суяниб, бармоқларини бир-бирига туташтириб ўтириб олди. Унинг бу ўтириши жиддий ва совуққон судьяларнинг ўтиришига ўхшарди.
Доктор Мортимер ҳаяжон-ла гап бошлади:
– Бу хусусда ҳали ҳеч ким билан гаплашганим йўқ. Хурофотлар сабабли тарқалган овозаларни қувватлаш илм аҳли бўлган кишига ўнғайсиз бўлгани сабабли терговда кўпгина нарсаларни айтганим йўқ. Шу жиҳатдан олиб қараганда, газетанинг фикри тўғри деб ўйлайман: Баскервильхоллнинг бусиз ҳам шум ва мудҳиш шуҳратини бўрттиравериш унинг эгасиз қолиб кетишига сабаб бўлур эди. Шу мулоҳазаларни назарда тутиб баъзи бир гаплар тўғрисида оғиз очмасликни афзал деб билдим, чунки ҳамма нарсани очиқ айтаверишдан барибир фойда чиқмас эди. Аммо сизга бор ҳақиқатни гапириб беришим мумкин.
Торфзор ботқоқлик – одамлар жуда сийрак яшайдиган ерлардир, шу сабабли бир-бирига озми-кўпми яқинлиги бўлган қўшнилар бир-бирлари билан тез-тез учрашиб туришга ҳаракат қиладилар. Менга келганда, кўпинча сэр Чарльз Баскервиль билан улфатчилик қилиб вақт ўтказар эдим. Лефтер-холлнинг эгаси мистер Френклендни ва яна табиатшунос мистер Стэплтонни ҳисобга олмаганда, бизнинг жойларимизда катта мил масофа доирасида биронта ҳам ўқимишли кишини учратмайсиз. Сэр Чарльз хилватни хуш кўрарди, лекин касаллиги важидан у билан улфат бўлиб қолдик, қизиқишларимизнинг муштараклиги эса бизни тағин ҳам кўпроқ яқинлаштирди. У Жанубий Африкадан жуда қимматли илмий материаллар олиб келган эди, бушменлар ва готтентот4040
Бушменлар ва готтентотлар – Африкадаги қабилалар.
[Закрыть]ларнинг қиёсий анатомиясини муҳокама қилиб кечқурунлари жуда кўп суҳбатлар ўтказганмиз.
Сэр Чарльзнинг асаблари ғоят таранг бўлиб қолгани кейинги вақтларда менга ой сари равшан бўлиб қолмоқда эди. Сизга ўқиб берган афсонага сэр Чарльз ишонар эди ва ўзининг ерларида сайр қилиб юрганида кечаси ботқоқликка чиқишга у журъат қилмас эди. Сизга, мистер Холмс, ғалати бўлиб кўринса ҳам, шуни айтишим керакки, сэр Чарльз авлоди даҳшатли қарғишга учраганига астойдил ишонар эди, ҳақиқатан ҳам унинг ўз аждодларининг ўтмиш ҳаётидан келтирган мисоллари анча ваҳимали эди. Қандайдир бир арвоҳ бўлса керак, деган фикр унинг миясидан сира чиқмас эди, шунинг учун ҳам у мендан, сиз беморларни кўриш учун бораётганингизда бирор ғалати нарсани кўрганингиз ва итнинг вовиллаганини эшитганингиз йўқми, деб кўпинча сўрар эди. Кейинги саволни сэр Чарльз менга, айниқса, кўп берарди, шу саволни бераётганида унинг овози ҳаяжонланганидан қалтираб кетарди.
Шу фожиали воқеа рўй бермасдан уч ҳафта олдин кечқурун Баскервиль-холлга борганим ҳали ҳам эсимда. Сэр Чарльз уйи эшиги олдида турган экан. Аравадан тушиб, унинг олдига бораётганимда мени сезмагандай, ниҳоятда қўрқув босган кўзлари билан қаёққадир тикилиб турар эди. Мен дарров қайрилиб қарадим ва хиёбоннинг охирида катта қора бузоққа ўхшаш қандайдир бир нарсага сал-пал кўзим тушиб қолди. Сэр Чарльз шу қадар қўрқиб кетган эдики, ўша жойга бориб кўзимга элас-элас кўринган нарса қаёққа кетганини текшириб кўришга мажбур бўлдим. Лекин бу ерда ҳеч бир нарса йўқ эди.
Бу ҳодиса дўстимда жуда оғир таассурот қолдирди. Ярим кечагача суҳбатлашиб ўтирдик, ана шунда у ўзининг ваҳимага тушганига нима сабаб бўлганини тушунтирмоқчи бўлиб, ҳозиргина мен сизга ўқиб берган ўша қўлёзмани қўлимга берди ва уни сақлаб қўйишни илтимос қилди. Унчалик аҳамияти бўлмаган бу ҳодисани эслатиб ўтганимнинг сабаби шуки, кейин рўй берган фожиада бу ҳодиса бирмунча аҳамият касб этиб қолди, аммо ўша вақтда буни дўстимнинг ҳаяжонланишига ҳеч бир асос бўлолмайдиган бемаъни бир нарса деб ўйлаган эдим.
Сэр Чарльз менинг маслаҳатим билан Лондонга бормоқчи эди, унинг юраги бетоб эди, назаримда, уйдирма бўлиб кўринган ва уни ваҳимага солиб қўйган сабаблар эса дўстимнинг соғлигига таъсир қилаётгани очиқ кўриниб турарди. Сэр Чарльз бир неча ой шаҳарда турса, шаҳар ҳаёти таъсир қилиб, унинг соғлиғи яхшиланиб кетар ва янги одам бўлиб қайтиб келар, деб ўйлаган эдим. Икковимизнинг ҳам дўстимиз бўлган сэр Чарльзнинг сиҳат-саломатлиги тўғрисида ҳамиша ғамхўрлик қилиб юрган мистер Стэплтон ҳам шу фикрда эди. Мана энди ўзингизга маълум, охирги дақиқада ўша мудҳиш бахтсизлик рўй берди.
Хизматкор Бэрримор кечаси сэр Чарльзнинг ўлигини топиб олгандан кейин отбоқар Перкинснинг отини эгарлатиб, уни дарҳол менга юборди. Алламаҳалгача ишлаб ўтирганим сабабли Баскервиль-холлга жуда тез, нари борса бир соатда етиб бордим. Терговда тилга олинган фактларнинг ҳаммасини ўзим текшириб ва бир-бири билан таққослаб кўрдим.
Сэр Чарльз юрган йўлдан изма-из бориб, бутун қарағайзор хиёбонни айланиб чиқдим, у эшикча олдида тўхтаган бўлса керак, деб ўша жойни кўздан кечирдим, хиёбонга ётқизилган майин шағал устида унинг изидан бошқа фақат Бэрриморнинг изларигина борлигига қаноат ҳосил қилдим, ниҳоят, мен келгунимча ҳеч кимнинг қўли тегмаган ўликнинг танасини синчиклаб текшириб чиқдим. Сэр Чарльз қўлларини чўзиб, бармоқлари билан ерга ёпишиб мукка тушиб ётарди, ваҳима ва қалтираш унинг афтини шу қадар ўзгартиб юборган эдики, мен ўликни дарҳол таний олмадим. Унинг баданида жисмоний шикастланиш асари йўқ эди. Аммо Бэрриморнинг терговда айтган гаплари нотўғри. Унинг сўзига қараганда, ўликнинг ёнида ҳеч қандай из кўринмаган эмиш. У фаҳмламаган бўлса керак, аммо мен бошқа излар борлигини пайқадим. Сэр Чарльздан сал нарида жуда янги ва аниқ…
– Изларми?
– Излар кўриниб турарди.
– Эркак кишиникими ёки хотин кишиникими? Доктор Мортимер ғалати қилиб бизга қаради ва шивирлаб жавоб берди:
– Мистер Холмс, бу излар жуда катта итнинг излари эди.
III БОБ
Жумбоқ
Ростини айтсам, шу гапларни эшитишим билан баданим жимирлаб кетди. Докторнинг қалтираган овозига қараганда унинг ўзи ҳам айтиб берган ҳикояси билан жуда ҳаяжонга тушган эди. Холмс бутун гавдаси билан олдинга сурилди. Унинг кўзлари чақнаб кетгандек бўлди, бу эса Холмснинг шу гапларга қизиқа бошлаганидан очиқ далолат берар эди.
– Ўша изларни ўзингиз кўрдингизми?
– Худди сизни кўргандек кўрдим.
– Бу хусусда ҳеч нима демапсиз-да!
– Айтиб нима қилардим?
– Наҳотки, ўша изларни сиздан бошқа ҳеч ким кўрмаган бўлса?
– Мен ўша изларни ўлик ётган жойдан ўттиз қадам нарида кўрдим, шунинг учун ҳам ҳеч ким эътибор бермаган бўлса керак. Агар афсона эсимга тушмаганда эди, ўзим ҳам ҳеч бир нарсани пайқамаган бўлардим.
– Ботқоқликда този итлар кўп бўлса керак?
– Кўп, албатта. Лекин излар този итники эмас эди.
– Изларни жуда катта дедингизми?
– Жуда ҳам баҳайбат.
– Лекин бу излар сэр Чарльзнинг жасадига яқинлашмаганми?
– Йўқ.
– Ўша вақтда ҳаво қанақа эди?
– Булутли, совуқ эди.
– Ёмғир ёғмаганмиди?
– Йўқ.
– Ўша хиёбоннинг ўзи қанақа?
– Унинг икки ёнида бир-бирига зич бўлиб ўсган майда дарахтлар баланд, кўм-кўк ғов бўлиб тўсиб турибди. Ўртасида эни саккиз футлик йўл бор.
– Дарахтлар билан йўл ўртасида бирор нима борми?
– Ҳа, икки томонда эни олти футлар чамаси чимзор бор.
– Агар мен гапингизни тўғри тушунган бўлсам, хиёбоннинг чеккасида эшикча ҳам борми?
– Ҳа, шу эшикчадан ботқоқликка чиқилади.
– Ботқоқликка чиқадиган бошқа йўл йўқми?
– Йўқ.
– Демак, қарағайзор хиёбонга ё тўппа-тўғри уйдан чиқиб бориш, ёки ботқоқликка очиладиган эшикчадан кириб бориш мумкин экан-да?
– Хиёбонга ўтадиган яна бир жой бор – хиёбоннинг охиридаги шийпончадан ўтиб кириб келиш мумкин.
– Сэр Чарльз шийпончага етганмиди?
– Йўқ. У шийпончадан эллик қадам берида ётарди.
– Энди, доктор Мортимер, марҳамат қилиб менинг яна бир жуда муҳим саволимга жавоб берсангиз: сиз кўрган излар ўтнинг устида эмас, йўлнинг устидамиди?
– Ўтнинг устида одатда из қолмайди.
– Излар йўлнинг хиёбон эшикчаси томонидамиди?
– Ҳа, хиёбоннинг қоқ чеккасида, эшикчага яқин жойда.
– Жуда қизиқ! Яна бир саволим бор: эшикча ёпиқмиди?
– Ёпиққина эмас, ҳатто қулф билан қулфлаб ҳам қўйилган эди.
– Эшикчанинг бўйи қанча?
– Тўрт фут чамаси.
– Демак, эшикчадан ошиб ўтиш мумкин эканда?
– Ҳа.
– Эшикчанинг ёнида бирор нима борлигини кўрмадингизми?
– Йўқ, арзигулик ҳеч бир нарса кўрмадим.
– Тавба! Наҳотки, кўрмаган бўлсангиз?
– Йўқ. Ўзим текшириб чиқдим.
– Ҳеч нима топмадингизми?
– У ерда бирор нимани аниқлаш қийин эди. Сэр Чарльз эшикча олдига келиб беш-ўн дақиқа турган бўлса керак.
– Бунга қандай далилингиз бор?
– Чунки, унинг сигарасидан ерга икки марта кул тушибди.
– Жуда соз! Бунақа ёрдамчи бизга иш бера олади! Дурустми, Уотсон? Хўш, излар-чи?
– Йўлга ётқизилган шағал устида унинг излари жуда кўп. Бошқа изларни кўрмадим.
Шерлок Холмс сабрсизлик билан ўзининг тиззасига қарсиллатиб уриб қўйди.
– Қани, мен бўлганимда-ю, иш бошқача бўларди-я! – деб хитоб қилди у. – Буни жуда ҳам диққатга сазовор иш деса бўлади. Жиддий илмий тадқиқот олиб бориш учун нақадар катта имкониятлар бор. Йўлга ётқизилган тош шундай бир саҳифаки, мен бу саҳифадан ғоят кўп нарсаларни ўқиб билган бўлур эдим. Афсуски, уни ёмғир ювиб юборган, билишга қизиққан фермерларнинг оёқлари остида излар йўқ бўлиб кетган… Аттанг, доктор Мортимер, доктор Мортимер! Нега сиз мени дарров чақирмадингиз? Катта гуноҳга қолибсиз-да.
– Мен сизга мурожаат қила олмадим, мистер Холмс. У ҳолда мана шу фактларнинг ҳаммасини ўша вақтда эълон қилишга тўғри келиб қоларди. Нега шундай қилмаганимнинг сабабини эса сизга тушунтириб бердим. Бундан ташқари, бундан ташқари…
– Нега иккиланяпсиз?
– Шундай бир соҳа борки, жиноятларни қидириб топишга моҳир бўлган энг зийрак ва энг тажрибакор хуфия ҳам бу соҳада ожизлик қилади.
– Ғайритабиий кучга дуч келиб қоламиз, деб шама қиляпсизми?
– Бундай деётганим йўқ.
– «Деётганим йўғ-у», лекин «ўйлаётибман» денг.
– Бу бахтсиз ҳодиса рўй бергандан бери, мистер Холмс, табиий жиҳатдан бир-бирига боғланиши қийин бўлган бир қанча ҳодисаларни менга айтиб беришди.
– Масалан?
– Суриштириб билишимга қараганда, сэр Чарльз вафот этмасдан олдин ҳам маҳаллий кишиларнинг баъзи бирлари ботқоқликда қандайдир ғалати махлуқни кўришган экан. Айтишларига қараганда, ўша махлуқ Баскервиль афсонасида тасвирланган кушандага жуда ўхшайди, аммо фан оламида маълум бўлган бошқа ҳеч бир ҳайвонга ўхшамайди. Ўша махлуқни кўрган кишиларнинг ҳаммаси уни кўзи ярқираб турган ғоят катта даҳшатли арвоҳнинг ўзи дейишяпти. Мен ўша одамларни суриштириб кўрдим. Улар уч киши: бири – ақли ғоят зийрак бўлган қўшнимиз, иккинчиси ўша ерлик темирчи ва учинчиси яна бир фермер. Уларнинг ҳаммаси менга шундай мудҳиш бир махлуқ тўғрисида ҳикоя қилиб беришдики, у махлуқ афсонада айтилган ва тасвирланган итга айнан ўхшайди. Сиз, мистер Холмс, менинг гапимга ишонаверинг: бизнинг округимизда ҳамма ваҳимага тушиб қолди, кечаси ботқоқликка чиқишга ҳеч ким ботинолмайди, эҳтимол, жуда дадил кишиларгагина бу ваҳима таъсир қилмаса керак.
– Сиздай аҳли илм кишиси ҳам бу ҳодисанинг ғайритабиий эканлигига ишоняпсизми?
– Ўзим нимага ишонишни ҳам билмай қолдим. Холмс елкасини қисиб қўйди.
– Шу вақтгача мен жиноятларга тааллуқли нарсаларни шу олам доирасида қидириб топиш билан шуғулланиб келдим, – деди у. – Мен ўзимда бўлган оз-моз куч ва имкониятлар борича ёвузлик билан курашиб келмоқдаман, лекин ёвузликни туғдирувчининг ўзига қарши курашиш менинг учун ҳаддан ташқари мағрурланиш бўлса керак, деб ўйлайман. Бироқ сиз йўлга ётқизилган шағал устидаги изларни жуда аниқ кўрганингизни инкор қилмасангиз керак?
– Афсонада ҳикоя қилинган ит одамни ғажиб ташлаган экан, унинг борлигини рад қилиб бўлмайди. Лекин шундай бўлса ҳам, мазкур итда қандайдир фавқулодда хислат борга ўхшайди.
– Сиз, доктор Мортимер, тамомила мистиклар томонига ўтиб олганга ўхшайсиз. Сиз менга бир нарсани айтиб беринг. Агар шундай фикрда бўлсангиз, у ҳолда менинг сизга нима керагим бор? Сиз, сэр Чарльз қандай ҳолатда ўлганини текшириб кўриш бефойда деяпсиз, айни вақтда мендан бу ишга киришишни илтимос қиляпсиз.
– Сиздан бундай илтимос қилганим йўқ-ку.
– У ҳолда сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?
– Маслаҳатингиз керак. Сэр Генри Баскервиль Ватерлоо вокзалига, – доктор Мортимер соатига қараб қўйди, – роса бир соату ўн беш дақиқадан кейин келади, унга қандай муомала қилишим кераклигини айтиб беришингизни илтимос қиламан.
– Меросхўрми?
– Ҳа. Сэр Чарльз вафот этганидан кейин биз уни суриштириб Канадада фермаси борлигини аниқладик. Айтишларига қараганда, у жуда яхши, жуда муносиб йигитга ўхшайди. Ҳозир мен врач тариқасида эмас, балки сэр Чарльзнинг ишончли вакили ва унинг васиятини бажарувчи киши тариқасида гапиряпман.
– Меросга бошқа даъвогарлар йўқми?
– Йўқ. Биз баъзи бир бошқа нарсаларни суриштириб билган бирдан-бир бошқа киши ҳам бор. У бечора сэр Чарльзнинг укаси Рожер Баскервиль. Улар уч оғайни эди. Ўртанчаси, яъни ўша Генрининг отаси, ёшлигида ўлиб кетган. Рожер деган кенжаси оилада бамисоли тиррақи бузоқ деб ҳисобланар эди. Унинг табиатида Баскервилларнинг мустабидлик сифатлари мерос бўлиб қолган ва мазкур Гуго Баскервилга икки томчи сув каби айнан ўхшайди. Рожер Англияда ҳеч ким билан чиқиша олмай, Марказий Америкага қочиб кетишга мажбур бўлган ва у ерда 1876 йилда сариқ безгак касалидан ўлган. Генри – Баскервиллар зотининг энг охиргиси. Бир соату беш дақиқадан кейин мен уни Ватерлоо вокзалида кутиб олишим керак. У бугун эрталаб Саутгемптонга келаман, деб менга телеграмма юборган эди. Мистер Холмс, у билан қандай муомала қилиш кераклиги тўғрисида маслаҳат бера оласизми?
– У ўзига мерос бўлиб қолган ерга дарров жўнаб кетса бўлмайдими?
– Рост, шундай қилиш кераклиги ўз-ўзидан кўриниб турибди, лекин ўша ерда яшаган Баскервилларнинг ҳаммаси фожиали ҳалок бўлганини унутманг. Агар сэр Чарльз ўлмасидан олдин мен билан гаплашиш имкониятига эга бўлганида эди, бу қадимий зотнинг охирги авлодини ўша даҳшатли жойга олиб боришимни тақиқлаб қўйган бўлур эди, мен бунга аминман. Шу билан бирга нообод, қашшоқ округимизнинг равнақи сэр Генрининг ўз мулкида яшашга розилик бериши ёки бермаслигига боғлиқ эканлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Агар Баскервиль-холл эгасиз бўлиб қолса, сэр Чарльз бошлаган ишларнинг ҳаммаси барбод бўлади. Бизнинг маҳаллий ишларимиздан кейин шахсан манфаатдорлигим устун келиб шунга яраша иш қилиб қўймай деб қўрқаман, шу сабабли сизнинг олдингизга маслаҳат сўраб келдим.
Холмс ўйланиб қолди.
– Биз шундай хулосага келсак дейман, – деди ниҳоят Холмс. – Сизнинг фикрингизча, қандайдир ёвуз куч Дартмурни Баскервиллар учун хатарли жойга айлантирмоқда. Фикрингизни тўғри тушунибманми?
– Ҳар ҳолда бундай хавотирланиш учун баъзи асослар бор.
– Фикримизни давом эттирайлик. Агар ғайритабиий кучлар тўғрисидаги назариянгиз тўғри бўлиб чиқса, бу кучлар ўша йигитни фақат Девонширда эмас, Лондонда ҳам ҳалок қилиши мумкин. Иблисни кичик бир жойда ҳукмронлик қилиш билан чекланади, деб тасаввур қилиш қийин. Ахир у қандайдир бир жамоа бошқармасининг аъзоси эмас-ку.
– Агар сиз, мистер Холмс, шу воқеаларнинг ҳаммасига ўзингиз дуч келганингизда эди, бунақа ҳазил гапларни айтмаган бўлур эдингиз. Демак, сизнинг фикрингизча, ўша йигит учун қаерда бўлиш – Лондондами ёки Девонширдами бўлиш барибир экан-да? У эллик дақиқадан кейин вокзалга келади. Нима қилишим керак? Маслаҳат берсангиз-чи?
– Сизга, сэр, маслаҳатим шуки, кэб4141
Кэб – Англиядаги одам ташийдиган бир отли арава. (Тарж.)
[Закрыть] ни чақиринг, эшик олдида ер тирнаб турган спаниель итингизни олиб вокзалга боринг ва сэр Генри Баскервилни кутиб олинг.
– Ундан кейинчи?
– Ундан кейин қиладиган ишларимнинг режасини ўйлаб олгунимча кутиб туринг, аммо мен билан учрашмай туриб унга ҳеч нимани айтманг.
– Бунинг учун сизга қанча вақт керак бўлади?
– Бир кун. Агар эртага эрталаб бу ерга соат ўнда сэр Генри Баскервилни олиб келсангиз, сиздан жуда миннатдор бўлур эдим, доктор Мортимер. Мен у билан танишиб олишим керак.
– Хўп, мистер Холмс.
У қачон ва қай соатда учрашишимиз кераклигини ўзининг манжетига ёзиб қўйди ва аввалгидек фаромушхотирлик билан теварак-атрофга аланглаб қараб уйдан тез чиқиб кетди.
Холмс зинанинг бошига бориб, уни чақирди:
– Яна бир саволим бор, доктор Мортимер. Сиз ўша арвоҳ илгарилари ҳам ботқоқ ерда пайдо бўлар эди, дедингизми?
– Ҳа, менга буни уч киши айтди.
– Сэр Чарльз ўлганидан кейин ўша арвоҳни ҳеч ким кўрмабдими?
– Билмадим. Эшитганим йўқ.
– Раҳмат. Хайр.
Холмс диван бурчагидаги ўз жойига ўтирди ва осойишта, мамнун жилмайиб қўйди. Холмс ўзига муносиб жумбоқни ечишга киришганида ҳар сафар унинг чеҳрасида шундай табассум пайдо бўлар эди.
– Кетяпсизми, Уотсон?
– Ҳа, сизга ёрдамим тега оладиган иш қолмаган бўлса керак.
– Йўқ, дўстим. Ишга тушиш пайти келганда ёрдам сўраб сизга мурожаат қиламан. Жуда ажойиб ишга дуч келдик-да! Ҳамма ёқдан қараганда ҳам бу ишнинг ҳеч бир мисли йўқ. Брэдли дўконининг олдидан ўтсангиз, ундан менга бир қадоқ ўткир тамаки юборишни илтимос қилинг. Олдиндан миннатдорчилигимни билдираман. Кечгача келмасангиз ҳам бўлади. Сиз келганингиздан кейин эса бугун эрталаб бизга ечиш учун қолдириб кетилган жуда ажойиб жумбоқ хусусида ўз таассуротларимни сизга хурсанд бўлиб гапириб бераман.
Дўстим бирор жиддий масала билан машғул бўлган соатларда якка ўзи хилватда ўтириб ўйлашни яхши кўрарди. У бундай соатларда ўзи ҳал қилмоқчи бўлган ишнинг барча майда-чуйда тафсилотларини ҳам салмоқлаб кўрар, кетма-кет бир неча хил тахминлар қилар, бу тахминларни бир-бири билан таққослаб қарар ва қандай маълумотлар аҳамиятли-ю, қандай маълумотларга эътибор бермаса ҳам бўлади, деб бир қарорга келар эди. Шу сабабли мен бутун кун клубда бўлдим. Фақат кечқурун, соат тўққизлар чамаси Бейкерстритга қайтиб келдим.
Меҳмонхона эшигини очишим билан қўрқиб кетдим – уйимизга ўт тушибдими деб ўйладим, чунки уй ичини шу қадар тутун босиб кетган эдики, чарақлаб, ёниб турган лампа аранг милтиллаб кўринарди. Лекин хавотир қилишимни ўрни йўқ эди: ўзи ўткир, лекин арзон тамакининг аччиқ ҳиди дарров димоғимга урди, шу ондаёқ томоғим қичиб кетди. Бурқираб турган тутун орасида креслода маза қилиб ўтирган Холмсни аранг кўрдим. У халат кийиб, қора сопол трубкани тишлаб олган эди. Унинг атрофида қандайдир қоғоз ўрамлари ётарди.
– Шамоллаб қолдингизми, Уотсон? – деб сўради у.
– Йўқ, шу заҳарли тутунлар томоғимни қичитиб юборди, холос.
– Ҳа, айтгандай, гапингиз тўғри: оз-моз чеккан эдим-да.
– «Оз-моз» эмиш! Нафас олиб бўлмайди-ку!
– Ундай бўлса деразани очиб қўйинг. Бутун кун клубда ўтирган бўлсангиз керак?
– Холмс, азизим!
– Тўғрими?
– Тўғри, албатта, хўш, ўзингиз-чи?
У саросимага тушган важоҳатимни кўриб, кулиб юборди.
– Сиз, Уотсон, шу қадар ақллисизки, қойил қолмай иложим йўқ. Ўзимдаги арзимас кучни сизга татбиқ қилиб, синаб кўриш мени нақадар хурсанд қилаётганини билсангиз эди! Жентльмен ёмғир ёғиб турган, ҳамма ёқни зах босган бир пайтда уйдан чиқиб кетган эди. Кечқурун у ўзига битта ҳам доғ теккизмай, топ-тоза бўлиб қайтиб келди. Унинг цилиндри ва ботинкаси аввалгидай ярқираб турибди. Демак, у бутун кун ҳеч қаёққа чиқмай бир жойда ўтирган бўлиши керак. Унинг ёр-дўстлари йўқ. У қаерда бўлиши керак эди? У қаерда бўлгани очиқ кўриниб турган бир нарса эмасми, ахир?
– Ҳа, очиқ кўриниб турган бир нарса.
– Бундай очиқ кўриниб турган нарсалар оламда тўлиб ётибди, лекин уларни ҳеч ким фаҳмламайди. Қани, айтинг-чи, мен қаерда бўлдим?
– Сиз ҳам бутун кун бир жойда ўтирдингизми?
– Йўқ, топмадингиз, мен Девонширга бориб келишга улгурдим.
– Хаёлингиздами?
– Худди шундай. Менинг танам шу ерда қолаверди, ҳар қанча ачинарли бўлса ҳам, креслода ҳузур қилиб ўтириб, кун бўйи иккита катта чойнак қаҳва ичишга ва беҳисоб тамаки чекишга улгурдим. Сиз чиқиб кетишингиз билан Стенфордга одам юбориб, Дартмур ботқоқликларининг харитасини олиб келтирдим, руҳим кун бўйи шу ботқоқликларда кезиб юрди. Энди ўша жойларни кўнгилдагидек билиб олдим, деган умиддаман.
– Катта масштабли харитамиди?
– Ҳа, жуда катта. – У ўша хаританинг бир секторини очиб, менинг тиззамга қўйди. – Бизни қизиқтираётган ўша ҳудуд мана шу. Унинг қоқ ўртасида Баскервиль-холл турибди.
– Атрофи ўрмонми?
– Худди шундай. Қарағайзор хиёбон бу ерда кўрсатилмаган, лекин чамамда хиёбон ботқоқликка ёндош бўлиб, ўнг томондан ўтган бўлса керак. Мана бу биноларнинг кичкина гуруҳи дўстимиз доктор Мортимернинг қароргоҳи жойлашган Гримпен қишлоқчасининг худди ўзи. Кўриб турибсизки, доираси беш милдан иборат бўлган теварак-атрофда одамлар яшайдиган уйлар жуда кам учрайди. Мана буниси доктор бизга айтган Лефтер-холлнинг ўзи. Агар фамилиясини тўғри эслаб қолган бўлсам, табиатшунос Стэплтоннинг уйи мана шу ерда бўлса керак. Мана булар «Тош устунлар» ва «Чирик ботқоқ» деб аталган иккита ферма. Шу фермалардан ўн тўрт мил нарида – Принстаун каторга-турмаси. Мана у алоҳида-алоҳида нуқталарнинг ўртасида ва уларнинг атрофида ҳаёт белгилари бўлмаган, зериктирадиган ботқоқликлар ёйилиб ётибди. Ўша фожиа ўйналган ва эҳтимолки, бизнинг ёрдамимиз билан яна бир марта ўйналадиган саҳна мана шу.
– Ҳа, ёввойи жойлар экан.
– Саҳна худди кўнгилдагидай. Агар иблис ҳақиқатан ҳам одамларнинг ишларига аралашишни истаса…
– Демак, сиз ҳам мана шу воқеаларнинг ҳаммасида бирор ғайритабиий кучнинг қўли бор, деган фикрдамисиз?
– Иблиснинг кўмакчиларида жон билан тан бўлиши мумкин эмасми, ахир? Ишни бошламоқ учун учта масалани ҳал қилишимиз керак: биринчиси, жиноят шу ерда қилинганми, деган масала. Иккинчиси, бу жиноятнинг ўзи нимадан иборат бўлган. Ўз-ўзидан маълумки, агар доктор Мортимернинг қилган тахминлари тўғри бўлиб чиқса ва бу воқеаларнинг ҳаммаси табиат қонунларидан четда турган кучлар билан боғланган бўлса, у вақтда таслим бўлишимизга тўғри келади. Лекин шундай хулосага келиб хотиржам бўлишдан олдин, бошқа тахминларнинг ҳаммасини охиригача текшириб кўриш керак. Агар сиз эътироз қилмасангиз деразани ёпиб қўяйлик. Қизиқ бўлса ҳам сизга шуни айтишим керакки, менимча, тамаки тутунининг тўпланиши фикрнинг тўпланишига ёрдам беради. Ўйлайвериб сулайиш даражасига етмаган бўлсам ҳам, назариямдан худди шундай мантиқий хулоса келиб чиқади. Хўш, сиз шу ишни ўйлаб кўрдингизми?
– Кун бўйи шу иш билан миям банд бўлди.
– Айтинг-чи, қандай хулосага келдингиз?
– Жуда ҳам чувалган иш экан.
– Ҳа. Жуда ўзига хос воқеа. Айниқса, унинг айрим тафсилотлари ғалати. Масалан, изларнинг ўзгариб қолганини айтмайсизми? Буни қандай изоҳлайсиз?
– Мортимер хиёбоннинг шу қисмини сэр Чарльз оёқ учида юриб ўтган бўлса керак, деганди.
– У қандайдир бир тентакнинг терговда айтган гапларини такрорлади, холос. У кишининг хиёбонда оёқ учида юришининг нима кераги бор эди!
– Бўлмаса воқеа қандай бўлган?
– У югуриб кетган, Уотсон. Қутулмоқ учун оёғини қўлга олиб чопган. Шу қадар тез чопганки, юраги бардош беролмай, югуриб бора туриб, йиқилиб ўлган.
– Қутулмоқ учун дедингизми? Кимдан?
– Бутун гап мана шунда-да. Баъзи маълумотларга қараганда, Чарльз Баскервиль қочишдан олдин қўрқиб эсини йўқотиб қўйган.
– Нега шундай деб ўйлайсиз?
– Қўрқитган нарса ботқоқлик томондан унга қараб келган. Агар мен янглишмасам, чамамда, ҳақиқатан ҳам шундай бўлган бўлса керак – фақат ақлдан озган кишигина уйга томон чопмасдан, уйга қарши томонга чопиши мумкин. Терговда маълумот берган лўлининг айтишига қараганда, сэр Чарльз ёрдам сўраб бақирган-у, аммо ёрдам келишини кутиш эҳтимоли ҳаммадан кўра камроқ бўлган томонга қараб чопган. Сўнгра яна бир жумбоқ бор: у ўша куни қоронғи тушган пайтда кимни кутган эди? У кутган кишиси билан нега уйда эмас, балки қарағайзор хиёбонда учрашиши керак бўлган?
– Сизнинг фикрингизча, у бирор кимсани кутганми?
– Ўзингиз ўйлаб қаранг, кексайиб қолган бетоб киши кечқурун сайр қилишга чиққан – бунинг ажабланадиган ҳеч нимаси йўқ. Лекин ўша куни ҳаво нам, совуқ эди-ку. Доктор Мортимер сигаранинг тўкилиб қолган кулига қараб даъво қилишига қараганда, эшикча олдида у беш дақиқа, ҳаттоки ўн дақиқа бекордан-бекорга тўхтаб туришининг нима кераги бор эди? Кези келганда шуни айтиб ўтайки, бизга ғалати кўринса ҳам, докторнинг зийраклигига тан бермай бўлмайди.
– Сэр Чарльз ҳар куни кечқурун шундай сайр қилар эди.
– Ҳар куни кечқурун эшикча олдида тўхтармиди? Бундай бўлмаса керак. Аксинча, сэр Чарльз ботқоқликка яқин йўламасликка аҳд қилиб қўйганини кўрсатувчи маълумотлар бор. Аммо у ўша куни кечаси у ерда кимнидир кутиб турган. Лондонга кетиш арафасида у шундай қилган. Кўрдингизми, Уотсон, ҳамма ҳалқалар бир-бирига уланиб келяпти. Энди буларни бир ёққа йиғиштириб қўйиб, қўлимга скрипка беришингизни илтимос қиламан. Доктор Мортимер ва сэр Генри Баскервилнинг эртага бизнинг ҳузуримизга келишлари, ўйлашимиз учун янги озуқа беради, деган умид билан бу иш тўғрисида фикрлашни бас қилайлик.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.