Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 29 страниц)
XI БОБ
Тош устун тепасидаги одам
Кундалик дафтаримдан олиниб, охирги бобни ташкил қилган парчалар бизни 18 октябрь кунига яқинлаштириб олиб келди, яъни шу кундан бошлаб мана шу ақл бовар қилмайдиган воқеаларнинг ҳаммаси ўзининг даҳшатли поёнига тезлик билан яқинлашаверди. Кейинги кунлардаги ҳодисалар миямда шу қадар маҳкам ўрнашиб қолдики, бу ҳодисаларни мен ёзиб қўйган дафтаримга қарамасдан ҳам ҳикоя қилиб бера оламан.
Демак, биринчи даражада аҳамиятли бўлган иккита ҳолатни кеча аниқлаб олганимдан кейин, эртасига нималар бўлганини айтиб берай. Биринчи аниқлаган нарсам шу бўлдики, Кумби-Тресидаги миссис Лаура Лайонс сэр Чарльз Баскервилга хат ёзиб, у билан учрашадиган жойни тайинлаб қўйган экан, сэр Чарльз Баскервилнинг худди ўша жойда, ҳаттоки ўша белгилаб қўйилган соатда ўлиги топилган эди. Иккинчи нарса шу бўлдики, ботқоқликка яшириниб юрган одамни тепалик ёнбағридаги тош ғорларнинг ичидан қидириш керак. Мана шу икки жумбоқни ечмоқ учун фақат мардлик ва зийраклик керак, мен буни ҳис қилиб турибман.
Ўша куни кечқурун баронетга миссис Лайонс тўғрисида билганларимни гапириб беролмадим, чунки доктор Мортимер у билан ярим кечагача қарта ўйнаб ўтирган эди. Лекин иккинчи куни нонушта вақтида мен унга ўз билганларимни айтиб бердим ва биргалашиб Кумби-Тресига боришни таклиф қилдим. Дастлаб у менинг бу таклифимга дарров рози бўлди, лекин бир оз ўйлашиб, яхшиси, ёлғиз ўзим борганим тузук бўлади, деган қарорга келдик. У ерга боришим қанча расмий тусда бўлса, биз шунча кам натижага эришган бўлур эдик. Шунинг учун ҳам мен ўзимни хижолатга қўймай, сэр Генрини уйда қолдириб, янги фактларни қидириш учун жўнаб кетдим.
Кумби-Тресига борганимдан кейин отларни ушлаб туришни Перкинсга топшириб, ўзим мўлжаллаган одамлардан Лаура Лайонсни суриштирдим. Бу хонимнинг уйини қидириб топиш қийин бўлмади – унинг уйи қишлоқнинг қоқ ўртасида экан. Эшикни очган хизматчи хотин ортиқча суриштириб ўтирмай, мени меҳмонхонага олиб кирди, у ерда ёзув машинкаси олдида бир хотин ўтирарди. У ёқимли табассум билан мени кутиб олиш учун ўрнидан турди, лекин нотаниш кишилигимни кўриб, қошларини чимирганча яна стол ёнига ўтирди ва мендан нима учун келганимни сўради.
Биринчи қарашдаёқ миссис Лайонс ўзининг гўзаллиги билан мени ҳайратда қолдирди. У қўй кўз, қўнғир соч, гарчи икки ёноғи сепкил босган бўлса ҳам қип-қизил хотин экан. Унинг юзидаги қизил, оқ атиргулнинг ўртасидаги жозибали қизил тусни эслатарди. Такрор айтаманки, биринчи кўришда бу хотин менда жуда зўр таассурот қолдирди. Бироқ синчиклаб қарар эканман, унинг камчиликлари кўзимга ташлана берди. Унинг чеҳрасида қандайдир ёқимсиз, қўпол аломат борлиги сезилиб турарди – лабининг четидаги ажинларми ёки қарашининг қаттиқлигими, ҳар ҳолда, нимадир унинг гўзаллигини бузиб турарди. Биринчи дақиқада эса олдимда жуда чиройли хотин турганини ва бу аёл мендан нима учун келганимни сўраётганини ҳис қилдим. Ана шундагина менинг бу келишимдан кузатилган мақсаднинг нақадар қалтис экани равшан бўлди.
– Отангиз билан таниш эдим, – дедим. Гапни бошлашим анча муваффақиятсиз чиқди. Хоним ҳам буни менга дарров сездирди.
– Отам билан ҳеч қандай алоқам йўқ, – деди у. – У билан алоқам узилиб кетган, шу сабабли унинг дўстларини ўз дўстларим деб ҳисоблай олмайман. У ота бўлиб, мен учун ўзини койитаётгани йўқ. Агар марҳум сэр Чарльз Баскервиль ва баъзи бир раҳмдил кишилар бўлмаганда эди, мен оч қолган бўлардим.
– Мен ҳам сиз билан марҳум сэр Чарльз Баскервиль ҳақида гаплашгани келган эдим.
Унинг оқариб кетган чеҳрасидаги сепкиллар дарров бўртиб кўрингандек бўлди.
– Хўш, сиз нималарни сўрамоқчисиз? – деб савол берди у ва ғижингандай бўлиб, машинка клавишларини бармоқлари билан титкилай бошлади.
– Сиз у билан танишмидингиз?
– Ундан кўп яхшиликлар кўрганимни айтдимку. Асосан у менга шу қадар яхшилик қилгани туфайлигина ўзимни ўнглаб олганман.
– Сиз унга хат ёзиб турармидингиз?
Хоним менга дарров тикилиб қаради ва унинг қўй кўзларида алам, изтироб белгилари пайдо бўлди.
– Бу саволлардан муддаонгиз нималигини менга айтиб беринг, – деди кескинлик билан у.
– Буни суриштиришдан муддаом фақат битта, у ҳам бўлса, сизга малол келадиган сир очилиб қолмасин, дейман. Яхшиси, шу ерда гаплашиб олайлик, акс ҳолда фурсатни қўлдан бериб қўямиз, бунинг оқибати эса ёмонроқ бўлиб чиқади.
У аввалгидан кўпроқ бўзарди ва анчагина сукут қилиб турди. Сўнгра бирданига менга қараб, жаҳл қилгандек кескин овоз билан деди:
– Яхши, розиман. Муддаонгиз нима?
– Сиз сэр Чарльзга хат ёзиб турармидингиз?
– Ҳа, икки марта ёзганман, олижаноблиги ва ҳиммати учун ташаккур айтганман.
– Хатларни қачон ёзганингиз эсингиздами?
– Йўқ.
– Ўзингиз у билан учрашармидингиз?
– Бир-икки марта, ўшанда ҳам у Кумби-Тресига келган вақтда учрашганман. Сэр Чарльз жуда камтар одам эди, у қилган яхшиликларини кўз-кўз қилишни ёқтирмасди.
– Сиз унга камдан-кам хат ёзар, у билан камдан-кам учрашар экансиз-у, шундай бўлса ҳам у сизнинг ишларингиздан яхши хабардор бўлиб турган, ҳатто сизга ёрдам ҳам берган экан-да. Буни қандай тушунса бўлади?
У илмоқли саволимга ўйлаб турмай жавоб берди:
– Аянчли аҳволимдан хабардор бўлган бошқа жентльменлар ҳам биргалашиб менга ёрдам бериб туришган. Сэр Чарльзнинг қалин дўсти ва қўшниси мистер Стэплтон шу жентльменларнинг бири эди. У менга ниҳоят даражада яхшилик қилди, сэр Чарльз у орқали мен билан танишган эди.
Сэр Чарльз Баскервиль бирор хайр-эҳсон қиладиган бўлса, бу ишни бажаришни Стэплтонга топширар эди. Бундан хабардор бўлганим учун хонимнинг бу жавобини жуда ўринли деб топдим.
– Яна бир саволим бор: сиз сэр Чарльзга ёзган хатларингизда у билан шахсан учрашишни талаб қилганмидингиз?
Бу саволимга хонимнинг жаҳли чиқди:
– Менимча, бу саволингиз ўринсиз бўлди, сэр!
– Кечирасиз, хоним, лекин саволимни такрорлашга мажбурман.
– Яхши, жавоб бераман: сира талаб қилган эмасман!
– Ҳатто сэр Чарльз ўладиган кунда ҳам талаб қилмаганмисиз?
Шу ондаёқ хонимнинг ёноқларидаги қизиллик йўқолиб, менга қараб турган чеҳраси мурданикидай оқарди. Лаблари қақраб, қалтирай бошлади, унинг фақат яна бир марта «йўқ» деб берадиган жавобини эшитишдан кўра, афт-ангоридан тезроқ билиб олдим.
– Эсингиздан чиққани кўриниб турибди. Ёзган хатингиздаги бир жумлани ҳатто эслатиб ўтишим мумкин. Ўша хатда: «Сизни жентльмен деб ўтинаман: бу хатни ёндириб ташланг ва кечқурун соат ўнда хиёбондаги эшикча олдида кутиб туринг», дейилганди.
Назаримда, яна бир сониядан сўнг миссис Лайонс ҳушини йўқотиб қўядигандек эди, лекин у минг машаққат билан ўзини қўлга олди.
– Демак, дунёда инсофли жентльменлар қолмабди-да? – деган сўзлар оғзидан чиқиб кетди.
– Сэр Чарльзга нисбатан бундай дейишингиз нотўғри: у сизнинг илтимосингизни бажо келтирган. Лекин баъзан ҳатто куйдириб ташланган хатни ҳам ўқиб билиш мумкин. Ўша куни сиз унга хат ёзганингизга энди иқрормисиз?
– Ҳа, ёзган эдим. Буни инкор қилмайман! – хоним кўнглидаги бутун аламини шу сўзларда ифодалагандай хитоб қилди. – Ўша хатни ёзганимга сира ҳам уялмайман. Мен ундан ёрдам сўраган эдим.
– Агар шундай бўлса, у билан учрашмоқ учун шундай кечки пайтни тайинлаганингизнинг сабаби нима?
– Эртаси кун у Лондонга, эҳтимол, бир неча ойга кетиб қолишини билган эдим. Олдинроқ боришимнинг эса иложи йўқ эди, бунинг учун сабабларим бор эди.
– Бўлмаса, нима учун паркда учрашмоқчи бўлдингиз? Уйида учрашсангиз бўлмасмиди?
– Хотин кишининг кечки пайтда бўйдоқ одамнинг уйига бориши мумкин, деб ўйлайсизми?
– Яхши. Учрашмоқчи бўлган жойингизга борганингизда нимани кўрдингиз?
– Ҳеч қаёққа борганим йўқ.
– Миссис Лайонс!!!
– Ўзим учун муқаддас бўлган нарсаларнинг ҳаммасини шафе келтириб қасам ичаманки, у ерга борганим йўқ! Бир ишкал чиқиб қолди.
– Қанақа ишкал экан?
– Бу менинг шахсий ишим, буни сизга айтиб беролмайман.
– Бинобарин, сиз сэр Чарльз вафот этган жойнинг худди ўзида, ҳатто худди ўша соатнинг ўзида у билан учрашмоқчи бўлган экансиз-у, лекин ўзингиз ўша жойга келмабсиз-да.
Ҳар қанча суриштирсам ҳам, бошқа жавоб ололмадим, у айтган гапида тураверди.
Узоқ давом қилган ва натижасиз бўлиб чиққан сўроқларимни тамомлаб:
– Миссис Лайонс, сиз гапнинг ростини айтишни истамаяпсиз, бу билан ўз зиммангизга катта масъулият оляпсиз. Сизнинг аҳволингиз жуда қалтис. Агар мен ёрдам сўраб полицияга мурожаат қилсам, натижада бу қилиғингиз билан ўз обрўйингизни тўкаётганингизга қаноат ҳосил қиласиз. Сизда ҳеч қандай айб йўқ, деб фараз қилайлик, агар шундай бўлса, нега сэр Чарльз ўлган куни унга хат юборганингизни биринчи сўрашимдаёқ бўйнингизга олмадингиз? – дедим.
– Мен бундан нотўғри хулоса чиқарилади ва чатоқ ишга мен ҳам аралашиб қоламан, деб қўрқувдим.
– Хатингизни куйдириб ташлашни сэр Чарльздан талаб қилганингизнинг сабаби нима?
– Ўша хатни ўқиган бўлсангиз, буни ўзингиз тушунган бўлишингиз керак!
– Хатнинг ҳаммасини ўқидим деб айтганим йўқ.
– Хатдаги бутун бир жумлани ёддан айтиб бердингиз-ку.
– Фақат охирги жумлани. Хат куйдириб ташланган, уни батамом ўқиб чиқа олганим йўқ, деб сизга айтдим-ку. Саволимни яна бир марта такрорлайман: сэр Чарльздан, хатимни куйдириб ташланг деб талаб қилганингизнинг сабаби нима?
– Буни фақат ўзим биламан.
– Агар шундай бўлса, сиз ошкора текшириш ўтказилмаслигидан айниқса, кўпроқ манфаатдор бўлишингиз керак.
– Яхши, сизга ҳаммасини айтиб бераман. Аччиқ тақдирим тўғрисидаги овозалар сизнинг ҳам қулоғингизга етган бўлса, суриштириб ўтирмай эрга текканимни ва бунга афсусланиш учун асосларим борлигини билишингиз керак.
– Ҳа, баъзи гапларни эшитдим.
– Мен ёмон кўриб қолган эрим шундан бери пайимга тушиб юрибди. Қонун унинг томонида, ўзи билан яна бирга яшашга мени мажбур қилиши мумкин, ҳар куни шундай хавф остида юрибман. Сэр Чарльзга хат ёзишдан олдин эримдан қутилишим мумкинлигини, лекин бунинг учун пул кераклигини билиб қолдим. Эримдан қутилсам, кўнглим ҳам тинчир эди, ўзим ҳам бахтли бўлур эдим, ўзимнинг назаримда қадрим ҳам ошарди, хуллас, мақсадимга етардим! Сэр Чарльзнинг олижаноблиги ҳаммага маълум, агар дардимни унга айтиб берсам, ёрдамини аямайди, деб ўйлагандим.
– Агар шундай бўлса, нега сиз у билан учрашиш учун бормадингиз?
– Чунки у билан учрашадиган вақт келгунча бошқалардан ёрдам келиб қолди.
– У ҳолда сиз унга иккинчи хат ёзиб нима учун боролмаслигингизни айтишингиз керак эди!
– Унинг вафот этгани тўғрисида газеталарда ёзилган хабарни эртаси куни эрталаб ўқимаганимда эди, шундай қилган бўлур эдим.
Хонимнинг гаплари анча мантиқий эди, саволларим шу гапларнинг ҳақиқатга ўхшаб келаётганини бўшаштира олмади. Буларнинг ҳаммасини фақат битта йўл билан текшириб кўриш мумкин эди, сэр Чарльзнинг фожиали вафотидан сўнг дарров миссис Лайонс эридан талоқ хати олиш учун судга ариза берганми ёки йўқми, билиш керак эди.
Сэр Чарльз билан учрашиш учун келмадим, деб ёлғон гапиришга Лайонс ботинолмаса керак, чунки Баскервиль-холлга шарабанга5353
Шарабан – бир от қўшиладиган икки ғилдиракли арава (Тарж.).
[Закрыть] тушиб бориб, Кумби-Тресига қайтиб келгунча тонг отиб қолган бўлур эди. Бундай сафарни сир сақлаб бўлмайди. Бинобарин, хоним ҳақиқатни ёки лоақал ҳақиқатнинг бир қисмини гапириб берди, дейиш мумкин.
Нима қилишимни билмай ва муваффақиятсизликка учраганимдан хафа бўлиб, қайтиб келдим. Мўлжалланган мақсадимга олиб борадиган йўлларнинг ҳаммасини тўсиб турган қалин девор яна олдимда турарди. Шундай бўлса ҳам, ўша хотиннинг чеҳрасини ва гаплашган вақтимдаги ҳаракатларини эслар эканман, у кўп нарсаларни мендан яшириб қолганига тобора кўпроқ қаноат ҳосил қилавердим. Нега у тўсатдан бўзариб кетди? У хотин ҳар бир сўзни зўрма-зўраки айтишга мажбур бўлганининг сабаби нима? Фожиа содир бўлган соатда у аёлнинг тайинлаган жойга учрашиш учун келмай қолганининг сабаби нима? Бу сабаблар аёл менга тушунтирмоқчи бўлган даражада оддий сабаблар бўлмаса керак. Зотан, бу сабабларни аёл билан гаплашиб билиб олишнинг ҳам иложи йўқ! Ботқоқликдаги тош ғорларга олиб борадиган бошқа изларни қидириб бу саволларнинг жавобини топмасам бўлмайди.
Лекин бу излар ниҳоятда ноаниқ эди, бунга мен тарихдан бурунги одам яшаган жойларнинг қолдиқлари билан тўлган тепаликлар ёнидан қайтиб келаётганимда қаноат ҳосил қилдим. Бэрримор, номаълум киши ўша ташландиқ ғорларнинг бирида яшириниб ётганини айтган эди, лекин бунақа ташландиқ ғорлар бу ерларда жуда кўп-ку!
Аммо Бэрриморнинг айтган гапларидан бошқа, менинг мулоҳазаларим бор эди, чунки мазкур номаълум одамни тош устуннинг тепасида ўз кўзим билан кўрганман. Бинобарин, қидиришни ҳам ўша ердан бошлаш керак. Ўша жойдаги ҳар бир ғорни текшириб чиқаман, ниҳоят ўзимга керак бўлган ғорни топаман. Агар номаълум одамга дуч келиб қолсам, уни ўзининг кимлигини айтиб беришга мажбур қиламан, бизни шу қадар зўр бериб таъқиб қилаётганининг сабаби нималигига иқрор бўлишга мажбур қиламан. У гавжум Рижент-стрит кўчасида Холмснинг назаридан ғойиб бўлишга муваффақ бўлди, лекин бу ерда, кимсасиз ботқоқликларда бизнинг назаримиздан қочиб қутулолмайди. Агар мен ўша киши яшириниб ётган ғорни топсам-у, лекин бу ғорда уни учратолмасам, у ҳолда шу ғорга қайтиб келгунича кутиб ўтиравераман. Холмс уни Лондонда назаридан қочириб юборди. Агар уни тутиб олсам, бу билан устозимдан ҳам ўзиб кетган бўлур эдим, ана шунда хурсандлигимнинг чеки бўлмас эди!
Бу текшириш вақтида бахт қуши бир неча марта қўлимиздан чиқиб кетди, лекин энди уни мен тутиб оладиган бўлдим. Мўйсафид, қизил юзли мистер Френкленднинг ўзи бахт қушининг қаердалигини менга билдирган даракчи бўлди, дейиш мумкин. У ўз боғининг катта йўлга очиладиган эшиги олдида мени кўриб қолди. Мистер Френкленд ўзининг одатдаги хушфеъллиги билан номимни айтиб чақирди.
– Марҳабо, доктор Уотсон! Отларингизга дам беринг, ахир! Кулбамга киринг, мен билан вақтичоғлиқ қилинг, бир стакандан вино ичайлик.
Мистер Френкленднинг қизига бўлган муносабати тўғрисидаги гапларни эшитганимдан кейин, унга нисбатан менда дўстона ҳислар бўлиши мумкин эмас эди, лекин Перкинсни ҳар қандай қилиб бўлса ҳам уйига қайтариб юбормоқчи бўлдим, чунки бундай баҳона менга жуда асқотди. Аравадан тушар эканман, тушки овқат маҳалигача қайтиб боришимни сэр Генрига айтиб қўйишни Перкинсга буюрдим ва Френкленднинг орқасидан юриб тўппа-тўғри овқатланадиган хонага кирдик.
– Бугун тантанали куним, сэр, мен учун чинакам байрам! – деди у қиқиллаб кулиб. – Иккита суддаги иш менинг фойдамга ҳал бўлди. Энди бу ердаги халойиқ қонуннинг кучи куч эканлигини, мен қонун кучи билан итоатсизларнинг адабини бериб қўйишдан қўрқмаслигимни тушуниб олади. Мидлтон чолнинг паркидан, худди паркнинг ўзидан, сэр, чолнинг эшигидан юз қадамча наридан от-араваларни бемалол ўтказавериш ҳуқуқини олишга муваффақ бўлдим! Хўш, сиз бунга нима дейсиз? Биз лаънати магнатларимизнинг яна адабини бериб қўямиз! Энди улар жамоа ҳуқуқларини бемалол поймол қилишларига ҳеч ким йўл қўймаслигини билиб қўйишсин. Бундан ташқари, мен одамларни ўрмонга ҳам кирмайдиган қилиб қўйдим, бу ердаги халойиқ шу ўрмонда маишатбозлик қилишга одатланиб қолган эди. Бу аблаҳлар, худди хусусий мулк ҳуқуқлари йўқ деб ўрмонга бемалол кираверар эдилар! Улар бўш шишаларни ва қоғоз парчаларини ҳамма жойда қолдириб кетавериш мумкин, деб ўйлайдилар. Суддаги иккала иш тугади, доктор Уотсон, иккови ҳам менинг фойдамга ҳал бўлди. Кўпдан бери шу бугунгидек бахтиёр бўлмаган эдим – сэр Жон Морлендни ўзининг дарахтзорида қуёнларни қонунга хилоф равишда ов қилиб юргани учун жавобгарликка тортган кунимдан бери шу бугунгидек хурсанд бўлмаган эдим.
– Хўш, бунга қандай қилиб муваффақ бўлдингиз?
– Агар сиз суд архивларини ўқиб чиқсангиз, сэр, бунинг учун кетган вақтингизга афсусланмайсиз. «Френкленд Морлендга қарши». Бу иш Лондондаги судда кўрилган эди. Икки юз фунт пулим кетган бўлса ҳам, лекин бу ишни ютиб чиқдим!
– Бундан қандай манфаат кўрдингиз?
– Ҳеч манфаат кўрганим йўқ, сэр, менга заррача манфаати бўлгани йўқ. Бу ишлардан шахсан манфаатдор эмаслигим билан фахрланаман. Мен фақат ижтимоий бурчимни бажаряпман. Бугун кечаси Фернворси қишлоғининг аҳолиси менинг тулупимни гулхан қилиб ёқишларига аминман. Улар охирги марта шундай қилганларида мен полициядан бу бемаъниликка чек қўйишни талаб қилган эдим. Лекин бизнинг графликдаги полиция маъмурлари ўзларини шармандали аҳволга солиб қўймоқдалар, сэр! Улар мени ҳимоя қиладилар деб умид этишга ҳақлиман, аммо улар мени ҳимоя қилишмаяпти! Ҳали қараб туринг, «Френкленд полицияга қарши» деган иш жамоатчиликнинг эътиборини ўзига тортади. Маҳаллий маъмурлар менга нисбатан жуда ёмон муомала қилаётганларига бир кун пушаймон бўладилар, деб огоҳлантириб қўйган эдим, мана энди айтган гапларим рўёбга чиқди.
– Қандай қилиб? – деб сўрадим. Чол менга маънодор қараб қўйди:
– Улар бир нарсани ўлгудек билгилари келади, аммо менинг бу тўғрида баъзи гаплардан хабарим бор. Лекин мен бу аблаҳларга тилла берсалар ҳам ёрдам қилмайман!
Бу маҳмадонадан тезроқ қутулиш учун баҳона тополмай турган эдим, лекин унинг кейинги сўзларига қизиқиб қолдим. Бироқ бу баччағар чолнинг қилиқлари менга яхши маълум эди: унинг гапига қизиқа бошлашингиз билан индамай туриб олишини билар эдим, шунинг учун ҳам сира парво қилмагандек бўлиб, савол бердим:
– Қонунга хилоф равишда ов қилиш тўғрисидаги ишлардан яна бирини айтмоқчидирсиз?
– Ҳа, ҳа! Йўқ, дўстим, бу иш жуда жиддий. Бу иш қочиб кетган маҳбусга тааллуқли иш бўлса нима дейсиз?
Юрагим шув этиб кетди.
– У қаерда яшаётганини биласизми?
– Аниқ жойини эҳтимол билмасман, аммо унинг изини полицияга кўрсатиб бера оламан. Унга ким овқат элтиб бераётганини пойлаб юриб билиб олганимиздан кейингина тутиб олишимиз мумкинлиги наҳотки хаёлингизга келмаган бўлса?
Чол ҳақиқатга шу қадар яқинлашиб қолган эдики, мен ўзимни йўқотиб қўйишимга сал қолди.
– Ҳа, гапингиз рост, – дедим. – Маҳбус ҳали ҳам ботқоқликда яшириниб ётибди деб ўйлайсизми?
– Чунки унга овқат элтиб қўяётган кишини ўз кўзим билан кўрганман.
Бу киши Бэрримор эканлигини ўйлашим билан юрагим сиқилиб кетди. Агар у ҳеч нарсадан қайтмайдиган мана шу ёвуз чолнинг қўлига тушиб қолса, унинг иши ёмон бўлади. Лекин чолнинг кейинги гапларини эшитиб, анча кўнглим тинчиди.
– Биласизми, унга овқатни бир бола элтиб беряпти! – деб давом қилди Френкленд. – Мен уни ҳар куни томдаги катта дурбиндан кўриб тураман. У айни бир йўл билан айни бир вақтда боради. Кимга дейсизми? Албатта, маҳбуснинг олдига боради.
Мана энди ниҳоят омадим келди! Лекин мен бу гапларга нақадар қизиқаётганимни ҳатто сездирмадим. Бола деяпти-я! Бэрримор бир бола ўша номаълум кишига овқат элтиб бераётганини айтган эди. Демак, Френкленд шу кишининг изига тушибди, маҳбуснинг эса бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Агар чолдан билган нарсаларимнинг ҳаммасини аниқлаб ололганимда эди, бу нарса мени узоқ ва тинкани қуритадиган қидиришлардан халос қилган бўлур эди. Лекин ҳали ҳам бу ўйинда ўзимнинг ишонмаслигим ва бутунлай парвосизлигимдан дастак тариқасида фойдаланавердим:
– Чамамда, у бола бу ердаги бирор подачининг ўғли бўлса керак. Отасига овқат элтиб бераётгандир-да.
Шаддод чолнинг гапига заррача қаршилик қилиш уни ловуллатиб юборар эди. У ғазаб билан менга ўқрайиб қаради ва қутурган мушукдек ҳурпайди.
– Сиз шундай деб ўйлаяпсизми, сэр? – Чол шу саволни бериб, рўпарамиздаги ботқоқликни қўли билан кўрсатди. – Ҳув анави тош устунни кўряпсизми? Яхши! Унинг нариёғидаги майда дарахтлар ўсиб ётган кичкина тепаликни ҳам кўряпсизми? Бу ботқоқликда энг кўп тош босган жойлар, ўша ер бўлади. У ерда подачи нима қилади? Тахминингизда ҳеч маъно йўқ, сэр!
– Буларни ўйламаган эканман, – деб чолнинг гапига индамай рози бўлдим. Дарров рози бўлганим Френклендга ёқиб тушди ва у гапини давом эттираверди:
– Мен ҳеч қачон шошма-шошарлик билан хулоса чиқармаймай, бунга амин бўлаверинг, сэр. Тугун кўтариб бораётган ўша болани биринчи марта кўраётганим йўқ. У ҳар куни, баъзан эса бир кунда икки марта… тўхтанг-чи, доктор Уотсон!.. Кўзим янглишмаяптими ёки анави тепаликнинг ёнбағрида бирон нарса қимирлаяптими?
Дарҳақиқат, мен ҳатто бир неча мил наридаги ўша хирагина кўкариб турган тепаликнинг ёнбағрида қора нуқта қимирлаганини кўриб қолдим.
– Юринг, сэр, борамиз! – деб қичқирди Френкленд зинадан юқорига чиқа туриб. – Сиз уни ўз кўзингиз билан кўрасиз!
Ясси томда уч оёққа ўрнатилган жуда катта дурбин турар эди. Френкленд дурбинга ёпишиб олиб, хурсанд бўлиб чақирди:
– Тезроқ, доктор Уотсон, тезроқ келинг! У тепаликнинг орқасига ўтиб кетмасдан кўриб қолинг!
Ҳақиқатан ҳам тугунни орқалаб олган бола тепаликка тирмашиб чиқиб бормоқда эди. Ана у тепаликнинг устига чиқиб олди, жулдур кийим кийган унинг бесўнақай гавдаси қаққайиб турганини очиқ кўрдим. Унинг орқасида кўм-кўк совуқ осмон кўриниб турарди. Бола, орқамда биров пойлаб турмаганмикин, деб ўйлаган бўлса керак, атрофига аланглаб қаради ва тепаликнинг орқасига ўтиб ғойиб бўлди.
– Хўш, гапим рост эканми?
– Ҳақиқатан унинг бола экани аниқ бўлди, боланинг у ерга махфий равишда бориб юришининг сабаблари бордир?
– Бунинг махфий сабаблари борлигини ҳатто полиция вакили ҳам пайқаб олган бўлур эди. Лекин мен уларга бу тўғрида бир сўз ҳам айтмайман, бу тўғрида оғиз очмасликни сиздан ҳам илтимос қиламан, доктор Уотсон! Тушундингизми? Оғиз очманг!
– Хоҳишингиз.
– Улар мени сира назар-писанд қилишмаяпти. «Френкленд полицияга қарши» деб аталган ишнинг тафсилотлари ошкор бўлиши билан мамлакатда ғазаб тўлқини кучайиб кетади. Йўқ, улар мендан ёрдам кутишмасин! Агар бу аблаҳлар тулупимни эмас, балки ўзимни ёқиб юборсалар, полиция бу тўғрида чурқ этмаган бўлур эди… Хўш, кетмоқчимисиз! Мана шундай қувончли воқеа шарафига манави графинни ичиб, кайф қилишимга наҳотки ёрдам бермасангиз?
Аммо ҳеч қандай ўтинчларга қулоқ солмадим, чол уйимизгача кузатиб қўймоқчи бўлганини айтганида, мен уни бундай қилмасликка аранг кўндирдим. Унинг кўзидан ғойиб бўлгунимча йўлдан кетавердим, лекин сўнгра ўша бола яширинган тош тепаликка томон бурилдим.
Ҳамма иш худди кўнглимдагидек бўлмоқда эди, шунинг учун ҳам тақдирнинг ўзи менга тортиқ қилган шу бахтли ҳодисадан фойдаланишга муваффақ бўлсам, бунга фақат ўзимнинг ғайратим ва матонатим туфайли эришган бўламан, деб хаёлда қасамёд қилиб қўйдим.
Тепаликка чиққанимда қуёш ботиб бораётганди, шунинг учун ҳам бу тепалик ёнбағрларининг бир томони зарҳал, ям-яшил бўлиб, иккинчи томони кулранг сояга ботиб турар эди. Олисда, уфқнинг тепасини туман қоплагандек бўлиб кўринарди, шу туман орасидан Тулки устуннинг ажиб шакли кўринарди. Теварак-атрофда на товуш эшитилар, на бир ҳаракат борлиги сезиларди. Фақат чағалоқми ёки кроншнепми – қандайдир кулранг катта қуш кўм-кўк осмонда қанот қоқиб сузиб борарди. Осмоннинг жуда катта гардиши билан унинг остида ёйилиб ётган саҳро ўртасида ўша қуш билан мендан бошқа тирик жон кўринмасди. Қуп-қуруқ бепоён ботқоқлик, одамсизлик, ечилмаган сир ва мен бажармоқчи бўлган вазифанинг муҳимлиги – мана шуларнинг ҳаммаси юрагимга ғулғула солиб, баданимдан муздек тер чиқармоқда эди. Ҳеч қаерда бола асари кўринмасди. Аммо тепаликлар орасида, пастликда қадимий тош ғорлар кўзга ташланиб турарди, шу ғорлар орасида усти бузилиб кетмай, бутун қолган фақат битта ғоргина одамни қор-ёмғирдан сақлаши мумкин эди. Ўша ғорни кўришим билан юрагим шув этиб кетди. Мен қидираётган одам мана шу ғорни макон қилиб бекиниб ётган бўлса керак. Агар шу ғорнинг ичига киришга муваффақ бўлсам, уни қўлга туширишим турган гап.
Стэплтон матрабчасини кўтариб олиб, капалакни тутиш учун нақадар эҳтиётлик билан ҳаракат қилса, мен ҳам худди шундай секин-секин қадам ташлаб, ғор томон юрдим! Ғорга яқинлашиб, ичига кўз ташлаб, у одам макони бўлиб қолганини кўриб қаноат ҳосил қилдим. Ғор олдида майда тошлар устида сезилар-сезилмас сўқмоқ йўл борлигини пайқадим. Ғордан чурқ этган товуш чиқмасди. Номаълум киши ё ғорнинг ичида бекиниб ётибди, ёки ботқоқликда изғиб юрган бўлса керак. У билан учрашиш пайти келишини кутар эканман, асабларим ниҳоят даражада таранг тортилганди. Папиросимни улоқтириб ташлаб, тўппончамни қўлга олдим ва дарров ғор оғзига бориб, ичига қарадим. Ғорда ҳеч ким йўқ эди.
Лекин ғор худди мен ўйлагандай бўлиб чиқди: унда кимдир макон қилиб олгани очиқ кўриниб турарди. Бир вақтлар неолит одамнинг ётоғи бўлган тош устида ёмғир ўтмайдиган плашга ўралган кўрпа қўйилган эди. Бу ибтидоий кулбадаги ўчоқда кул уюми кўриниб турарди. Унинг ёнида қандайдир рўзғор асбоблари ва ярми сув билан тўлдирилган челак турарди. Бир уюм бўш консерва банкалари бу ерда одам бир қанча вақтдан бери яшаб турганидан далолат берарди. Кўзим ғорнинг хира зулматига кўниккандан кейин бурчакда турган тунука кружкани ва оз-моз ичилган виски бутилкасини кўрдим. Ғорнинг ўртасида стол вазифасини бажариб келган ясси тош, унинг устида эса кичкина тугун турарди. Бу тугун мен дурбинда қараганимда бола орқалаб бораётган тугуннинг ўзи бўлса керак. Тугунда нон ва иккита консерва банкаси бор эди. Буларнинг бири пиширилган тил консерваси, иккинчиси эса шарбатга солинган шафтоли консерваси эди. Шуларнинг ҳаммасини кўздан кечириб, тугунчани ўртага қўймоқчи бўлиб турган эдим, юрагим бирдан шув этиб кетди: тош устида нималардир ёзилган бир варақ қоғозга кўзим тушди. Қоғозни қўлга олиб, қалам билан ёзилган қуйидаги сўзларни бир амаллаб ўқиб чиқдим:
«Доктор Уотсон Кумби-Тресига кетди».
Қоғозни қўлимда ушлаганимча бир дақиқа қаққайиб туриб қолдим ва қисқа мактубнинг мағзини чақишга уриндим. Бундан чиқди, номаълум одам сэр Генрининг эмас, балки менинг пайимга тушган экан-да? Мени у ўзи пойлаб юрмасдан, балки бошқа бир кишини, эҳтимолки, ўша болани пойлоқчи қилиб қўйган экан-да? Бу хат ўша бола ёзиб қолдирган охирги маълумот бўлса керак. Бу ерга келганимдан бери, ҳар бир қадамимни кузатиб юришган бўлса керак. Зотан, бу ерда қандайдир кўзга кўринмас кучлар ҳаракат қилаётгани, бу кучлар бизнинг атрофимизни қуршаб олиш учун жуда эҳтиётлик ва моҳирлик билан тузоқ қураётгани, аҳён-аҳёндагина, жуда қалтис дақиқалардагина шу тузоқ борлигини ҳис қилаётганимиз менга ҳамиша сезилиб тургандек бўларди.
Мен топиб олган хат бу ерга келтириб қўйилган хатларнинг биринчиси бўлмаса керак. Атрофимга кўз югуртириб чиқдим, лекин арзигулик ҳеч бир нарса топмадим. Ўзига шундай ғалати жойни макон қилиб олган ўша кишининг ёки ўша кишидаги ниятларнинг қандайлиги тўғрисида фикр юритишга бирор имкон берадиган бошқа ҳеч бир изни ҳам тополмадим. У киши тўғрисида фақат шуни айтиш мумкинки, ўзи жуда қаноатли одам бўлса керак ва яшаш учун ўнғайлик туғдирадиган нарсаларга унчалик аҳамият бермаса керак. Кейинги кунларда сел кўп ёққанини эслаб ва ғор тепасидаги катта туйнукни кўриб, бу кишининг ўз ишига нақадар бутун вужуди билан берилганини англадим. У ҳатто, шу иш деб мана шундай ўнғайсиз маконда машаққатли ҳаёт кечиришдан ҳам қайтмаганини тушундим. У қанақа одам бўлдийкин? У бизнинг ёвуз душманимизми ёки бизнинг меҳрибон ҳимоячимизми? Мана шу саволларимнинг ҳаммасига жавоб топмагунимча бу ғордан чиқмайман, деб қасам ичдим.
Қуёш ботиб осмоннинг ғарби қизариб турарди, Ботаётган қуёшнинг шуълалари олисдаги Гримпен ботқоқлигига қизғиш доғлар туширарди. Узоқда Баскервиль-холлнинг миноралари кўринар, нарироқда эса Гримпендаги томлар тепасида бурқсиб чиқаётган тутун аранг кўринар эди. Шу томлар билан Баскервиль-холлнинг ўртасида, тепаликнинг орқасида Стэплтонларнинг уйи кўзга ташланарди. Шом пайтининг олтин шуъласи мана шуларнинг ҳаммасига ўзига хос латофат ва жимжитлик бағишлаб турарди! Лекин кўнглим табиатни қоплаётган бу тинчликка ишонмасди, ҳар дақиқа сайин муқаррар яқинлашиб келаётган қўрқинчли номаълум учрашувнинг оқибати қандай бўлишини ўйлаб, юрагим дукиллаб урмоқда эди. Асабларим ниҳоят даражада таранг бўлиб қолган эди, лекин шундай бўлса ҳам, ҳеч нарсадан қайтмайман деб қоронғи ғор ичида ўтиравердим ва бу ғорнинг эгаси қайтиб келишини сабрсизлик билан кутдим.
Ниҳоят, унинг товушини эшитдим. Ана унинг пошнаси тошга урилди. Яна бир марта… яна бир марта урилди… қадамлари тобора яқинлашмоқда. Ўрнимдан туриб ғорнинг энг қоронғи бурчагига бориб, тўппончамни отишга тайёр қилиб турдим, у одамнинг кимлигини кўриб, аниқлаб олмагунча унга ўзимни кўрсатмасликка қарор қилдим. Ташқари жимжит бўлиб қолди: у тўхтаб турган бўлса керак. Сўнгра қадам товушлари яна эшитилди, кимдир ғор оғзига келиб тўхтади.
Менга яхши таниш кишининг овози эшитилди:
– Бугунги оқшом жуда ҳузур қиладиган оқшом бўлди-да, доктор Уотсон. Сиз нега бу дим жойда ўтирибсиз? Ташқарининг ҳавоси бирам яхшики…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.