Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 16


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Ажойиб воқеа, – деди Шерлок Холмс. – Ажойиб ишнинг якуни ҳам шунга яраша бўлди. Ҳикоянгизнинг иккинчи қисмида, ўша ўзингиз билан бирга олиб келган арқонни демаса, мен учун ҳеч қандай янгилик йўқ. Мен буни билмасдим. Ҳа, айтмоқчи, мен Тонга ҳамма тиканларини йўқотган бўлса керак деб ўйлагандим. У бизга қарата яна биттасини отди.

– Бу ўша, трубкада қолгани. Бошқаларини у йўқотиб қўйди.

– Ҳа, тушунарли, – деди Холмс. – Қаранг, шу нарса хаёлимга келмабди-я.

– Яна бошқа саволларингиз борми? – деб сўради асиримиз.

– Йўқ, раҳмат, бошқа саволимиз йўқ, – деб жавоб қилди дўстим.

– Менга қаранг, Холмс, – деди Этелни Жонс. – Сиз кўнглингизни ҳар қанча олсак арзийдиган одамсиз. Ҳаммага маълумки, жиноятларни очиш борасида сизга тенг келадиган йўқ. Лекин бурчбурч-да, сизнинг ва дўстингизнинг кўнглига қараб шундай ҳам тартиб-қоидани кўп буздим. Агар, бу ҳикоячимизни ишончли жойга жойлаштиролсам ўзимни анча хотиржам сезардим. Икки ғилдиракли арава ҳалиям кутиб турибди, пастда икки полисмен ўтирибди. Ёрдамингиз учун сиздан, дўстингиздан жуда миннатдорман. Сиз судда бўлишингиз керак, албатта. Хўп, яхши ётиб туринг.

– Хайрли тун, жентльменлар, – деди Смолл.

– Сен биринчи бўлиб чиқ, Смолл, – деди Жонс эҳтиёткорлик билан хонадан чиқаётганларида. – Ёғоч оёғинг билан Андаман оролидагидек бошимга тушириб қолишингни истамайман.

– Мана, кичик фожиамиз ҳам ниҳоясига етди, – дедим бир оз вақт жим турганимиздан кейин. – Холмс, услубингизни сўнгги бор ўрганаётган бўлсам керак деб қўрқаман. Мисс Морстен, илтифот кўрсатиб, менга турмушга чиқишга рози бўлди.

Холмс инграб юборди.

– Мен шундан жуда қўрқардим! – деди у. – Йўқ, мен сизни табриклай олмайман.

– Нима, мен танлаган қиз сизга ёқмадими? – деб сўрадим бир оз ранжиб.

– Ёқади. Шуни айтишим керакки, мисс Морстен ажойиб, дилбар қиз, ишларимизда бизга чинакам ёрдамчи бўлиши мумкин. Шак-шубҳасизки, бунинг учун унда ҳамма хислатлар бор. Эътибор бердингизми, у биринчи куниёқ отасининг ҳамма қоғозлари орасидан бизга худди ўша Агра қалъасининг лойиҳасини олиб келувди. Лекин севги – бу қалб, эҳтирос демак, у ақл-идрок измига юрмайди. Мен эсам ўзингиз биласизки, ақл-идрокни ҳамма нарсадан юқори қўяман. Ўзимга келсак, ақл-зеҳнда ўткирликни йўқотмаслик учун ҳеч қачон уйланмайман.

– Умид қиламанки, – дедим кулимсираб, – ақлим бу синовдан ўтар, оқсамас. Лекин, сиз, Холмс, яна жуда ҳорғин кўринасиз.

– Ҳа, реакция бошланди. Энди бутун ҳафта сиқиб ташланган лимондай ланж бўлиб юраман.

– Агар гап бошқа одам ҳақида кетганда мен буни ялқовлик деб атаган бўлардим, қизиқ, сизда мана шу ишёқмаслик ўта фаоллик, ишчанлик билан дам-бадам алмашиниб туради.

– Ҳа, – деди у, – менда ўтакетган танбал билан ашаддий уришқоқ одамга хос хислатлар чатишиб кетган. Мен Гётенинг: «Афсуски, табиат сендан атиги бир одам яратган: ҳам тақводор, ҳам разилни яратиш учун сенда материал етарли эди», – деган сўзларини тез-тез эслайман. Ҳа, айтмоқчи, Норвуд воқеаси хусусида яна шуни айтишим керакки, мен тахмин қилганимча, уйида чинданам ёрдамчи бор экан. Ҳа, бу ўша эшик оғаси Лал Раонинг ўзи экан. Хуллас, уларнинг каттасини қўлга туширишда Жонснинг хизматини тақдирлаш керак.

– Ютуқни тақсимлашда адолатсизлик бўляптида, – дедим мен. – Буларнинг ҳаммаси сизнинг хизматингиз. Хўш, мана мен, хотинлик бўлдим. Бор шон-шуҳрат, обрў-эътиборни Жонс олиб кетди. Хўш, сизга нима қолади?

– Менгами? – деди Холмс. – Менга – кокаин солинган шишача.

У шундай деди-да, ингичка оқ қўлини қутичага чўзди.

БАСКЕРВИЛЛАР ИТИ

I БОБ
Мистер Шерлок Холмс

Мистер Шерлок Холмс стол ёнида нонушта қилиб ўтирарди. Унинг кечалари ётиб ухлашга вақти бўлмаган камдан-кам ҳолларни ҳисобга олмаганда, одатда, жуда кеч ётар эди. Мен камин олдидаги гиламчада ўтириб, кеча уйимизга келиб кетган киши унутиб қолдирган ҳассани қўлимда ўйнатиб турардим. Боши қайрилган бежирим бу йўғон ҳасса «рад этиб бўлмас далил» деб аталадиган буюмларнинг бири. Ҳассанинг тутқичидан сал пастроқ жойига эни бир дюймча бўлган кумуш пластинка ёпиштириб қўйилган. Шу пластинкага: «Жеймс Мортимерга. Ч. К. X. О., унинг ЧКЛ даги дўстларидан» деган сўзлар ва «1884» рақамлари ёзилган эди. Илгари вақтларда бойлар ҳузуридаги мўътабар врачлар мана шундай савлатли, салмоқдор пишиқ ҳасса кўтариб юришарди.

– Хўш, Уотсон, сиз бу ҳасса тўғрисида нима дейсиз?

Холмс менга орқасини ўгириб ўтиргани учун, қўлимда ҳассани ўйнатаётганимни сезаётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим.

– Сиз нима қилаётганимни қаердан билдингиз? Орқангизда ҳам кўзингиз борми, дейман!

– Кўзим йўқликка йўғ-а, аммо олдимда қаҳва қайнатадиган, ялтиратиб тозаланган чойнак турибди, – деб жавоб берди Холмс. – Уни-буни қўйинг, Уотсон, кечаги киши эсидан чиқариб қолдирган ҳасса тўғрисида нима дейсиз? Иккимиз ҳам ўзимиз билан овора бўлиб, унинг нима учун келганини суриштирмабмиз ҳам. Модомики, буни билолмаган эканмиз, тасодиф туфайли қолдириб кетилган мана шу буюмга алоҳида эътибор беришимиз керак бўлади. Ҳассанинг у ёқ-бу ёғини қараб, яхшилаб текшириб кўринг-да, шунга қараб унинг эгаси кимлигини менга айтиб беринг, қулоғим сизда.

Ошнамнинг услуби билан тасаввур қилишга кучим борича уриниб, гап бошладим:

– Менимча, ўша доктор Мортимер ўзи ўрта ёшлардаги, омади келган тиббиётчилардан бўлса керак, бунинг устига уни ҳамма ҳурмат қилса керак, чунки дўстлари унга шундай савлатли ҳасса тақдим қилишибди.

– Яхши! Жуда соз! – деди Холмс.

– Яна бунинг устига, чамамда, у қишлоқ врачи бўлса керак, бинобарин, у узоқ масофаларни пиёда босса керак.

– Қаёқдан билдингиз?

– Ҳассанинг ўзи айтиб турибди, чунки аслида жуда бежирим бўлган бу ҳасса ишлатилавериб сип-силлиқ бўлиб кетипти, шаҳар врачи қўлидаги ҳасса бунақа бўлмаса керак, деб ўйлайман. Ҳассанинг учига қопланган қалин темир ҳам жуда сийқаланиб қолипти, доктор Мортимер бу ҳасса билан жуда кўп йўл босган бўлса керак.

– Фикрингиз жуда тўғри, – деди Холмс.

– Яна бунинг устига ҳассага «ЧКЛ даги дўстларидан» деган сўзлар ёзилган. «КЛ» ҳарфлари, чамамда, клубнинг, тўғрироғи, овчилар клубининг номини билдиради, у овчиларга ҳамиша тиббий ёрдам кўрсатиб турса керак, шунинг учун ҳам унга мана шу кичкина совғани тортиқ қилган бўлишлари мумкин.

– Уотсон, бу фикрларингизга қойилман, – деди Холмс ва стулга суяниб, папирос чекишга тутинди. – Шуни айтишим керакки, сиз менга илтифотингиз зўрлигидан арзимас хизматларимни бўрттириб гапирасиз, аммо одатда ўзингизнинг имкониятларингизни камситиб кўрсатасиз. Гарчи, ўзингиздан ёруғ нур ёғиб турмаса ҳам, сизни, ҳар ҳолда, нур ўтказувчи деса бўлади. Истеъдоди билан ҳаммани қойил қилмаса ҳам, лекин ўзини беҳисоб қобилиятлари билан бошқаларнинг истеъдодини ишга соладиган кишилар оз эмас! Менга қилган хизматларингизни тўла адо этолмайман, азизим.

Холмсдан шаънимга айтилган бунақа гапларни биринчи марта эшитишим эди, шуни айтишим керакки, унинг бу гаплари мени ғоят хурсанд қилди, чунки унинг ишлаш услубларини ёзиб кўпчиликка аён қилиш учун ҳар қанча уринсам ҳам, бу ҳаракатимга Холмснинг бепарволик билан қараши неча марталаб жиғимга теккан эди. Бундан ташқари, мен Холмснинг услубини эгаллаб олишга муваффақ бўлибгина қолмасдан, шу билан бирга, бу услубни амалда қўллаб, бунинг учун дўстимнинг таҳсинига сазовор бўлганлигим билан фахрланар эдим.

Холмс қўлимдан ҳассани олиб, унга бир неча дақиқа тикилиб қолди, сўнгра нимагадир, жуда қизиққан бўлса керак, қўлидаги папиросни бир чеккага қўйиб, деразанинг олдига борди ва ҳассага энди катта қилиб кўрсатадиган шиша орқали қарай бошлади.

– Нималигини Худо билади-ю, аммо жуда ҳам диққатга сазовор, – деди у диван бурчагидаги ўзи яхши кўрган жойга қайтиб келиб. – Бунда ҳеч шубҳасиз, баъзи бир маълумотлар бор, бу маълумотлар баъзи хулосалар чиқаришимиз учун бизга асос бўла олади.

– Наҳотки, мен бирор нарсани кўздан қочирган бўлсам? – деб сўрадим бир оз мағрурона тусда. – Бирор жиддий нарсани кўздан қочирмаган бўлсам керак, деб ўйлайман?

– Афсуски, хулосаларингизнинг кўп қисмини хато дейишга тўғри келади, азизим Уотсон. Сиз ақлимни ишлатишимга сабабчи бўласиз, деб айтдим-ку: сиз йўл қўйган хатолар баъзан менинг йўл топиб олишимга ёрдам беради. Аммо бу сафарги хатоларингиз унчалик катта эмас. У киши шаҳар врачи эмаслиги турган гап, албатта, унинг узоқ масофаларга пиёда қатнаётгани ҳам тўғри.

– Демак, мен ҳақ эканман-да!

– Бир жиҳатдан ҳақсиз.

– Ҳамма гап шунда эмасми?

– Йўқ, йўқ, азизим Уотсон, ҳамма гап асло шунда эмас. Менимча, масалан, врач бундай тортиқни овчилар клубидан эмас, балки бирор шифохонадан олган бўлиши мумкин, шифохона номи олдида «ЧК» ҳарфлари тургани эса бу ҳарфлар «Черинг-кросс» деган номни ифодалаётгани ўз-ўзидан сезилиб турибди.

– Эҳтимол, гапингиз тўғридир.

– Шундай деб хулоса чиқармоқ учун ҳамма асослар бор. Агар биз ишимизни давом эттирмоқ учун мен қилган шу тахминни асослаб оладиган бўлсак, бизга номаълум бўлган мазкур кишининг аслида кимлигини билиб олмоқ учун қўшимча маълумотларга эга бўламиз.

– Яхши. «ЧКЛ» деган ҳарфлар «Черинг-кросс шифохонаси» деб тахмин қилайлик. Бу тахминдан яна қандай хулосалар чиқарса бўлади?

– Миянгизга ҳеч нарса келмаяптими? Сиз менинг услубимни биласиз-ку. Шу услубни бир ишлатиб кўринг-чи.

– Бундан чиқадиган бошқа хулоса шуки, у одам қишлоққа кетмасдан олдин Лондонда врач бўлиб ишлаган.

– Хўш, хулосамизни давом эттириб, сал нарироқ борсак-чи? Сиз бу масалага: «Нега унга шу ҳассани тортиқ қилишган экан?» деган савол нуқтаи назаридан қараб кўринг-чи? Унинг дўстлари ўз ҳурматларини изҳор қилмоғи учун, биргалашиб шу тортиқни унга қачон беришибди экан? Доктор Мортимер хусусий врачлик касби билан шуғулланишга аҳд қилиб, шифохонадаги ишдан бўшаб кетаётганида унга шу тортиқни беришган бўлса керак. Унга шундай тортиқ берганлари энди бизга маълум. Шифохонада ишлашдан воз кечиб, қишлоқда врачлик қилиш пайига тушди, деб тахмин қилайлик. У шифохонадаги ишдан бўшаётган пайтда унга мана шундай тортиқ беришди, деб хулоса чиқарсак, бу жуда ҳам дадил хулоса бўлмасмикин?

– Эҳтимолдан узоқ эмас.

– Энди шу нарсага ҳам эътибор берингки, у шифохонанинг консультанти тариқасида штатли хизматчи бўлолмас эди, чунки Лондонда врачлик қилиб яхши тажриба орттирган кишигина шаҳар шифохонасида штатда туриши мумкин, бундай тажрибали врач эса шаҳардан чиқиб кетмас эди, деб тахмин қилайлик. Агар шундай бўлса, у шифохонада ким бўлиб ишладийкин? Башарти, у штатдаги консультант бўлиб ишламаган бўлса, демак, у шифохона ҳузурида кичикроқ бир ишда амалиётчидан кўра сал каттароқ бўлган куратор3131
  Куратор – клиникада беморларни кузатиб турувчи кичик тиббий ходим.


[Закрыть]
лик вазифасида ишлаган бўлади. Унинг шифохонадан кетиб қолганига беш йил бўлипти – буни ҳассадаги мана бу рақамдан билишингиз мумкин. Шундай қилиб, азизим Уотсон, у киши сиз ўйлаганингиздек бойларнинг уйида хизмат қиладиган ёши улуғ, басавлат врач эмас экан, балки у ўттиз ёшлар чамасидаги жуда ёқимтой, шуҳрат кетидан қувмайдиган, фаромушхотир, ўз итини жуда яхши кўрадиган киши бўлса керак. Чамамда, унинг ити терьердан каттароқ, лекин мастифдан кичикроқ бўлса керак, деб ўйлайман. Мен ишонмагандай жилмайиб қўйдим, Шерлок Холмс эса диванга суяниб, папироснинг тутунини ҳалқа-ҳалқа қилиб пуфлаб ўтираверди.

– Гапингиздаги охирги моддага келганда буни текшириб кўришнинг ҳеч иложи йўқ, – дедим, – аммо бу одамнинг ёши ва вазифаси тўғрисидаги баъзи бир маълумотларни ҳозир қидириб кўрамиз.

Мен китоблар турадиган кичкина жавондан тиббий маълумотномани олиб, ундан керакли фамилияни топдим. Шу маълумотномада Мортимер деган бир неча киши ҳақида маълумот берилган. Лекин қидирган кишимнинг кимлигини дарҳол билиб олдим ва унга тааллуқли сўзларнинг ҳаммасини Холмсга ўқиб бердим.

– «Мортимер Жеймс, 1882 йилдан бери Қирол хирургия жамиятининг аъзоси. Гримпен, Дартмур, Девоншир графлиги, 1882 йилдан то 1884 йилга қадар Черинг-кросс шифохонасининг куратори. «Касалликни атавизм3232
  Атавизм – одамнинг узоқ ўтмишдаги боболарига хос бўлган бирор белгининг организмда пайдо бўлиши.


[Закрыть]
нинг бир кўриниши деб ҳисоблаб бўладими?» деган асари учун қиёсий патология3333
  Патология – организмдаги касаллик жараёнлари тўғрисидаги фан.


[Закрыть]
бўйича Жексон мукофотига сазовор бўлган. Швеция патология жамиятининг корреспондент аъзоси. «Атавизмдаги аномаль3434
  Аномаль – умумий қоидага тўғри келмайдиган ғалатилик.


[Закрыть]
ҳодисалар» («Ланцепт, 1882), «Бизлар тараққий қилаётирмизми?» («Психология ахборотномаси», март, 1883) мақолаларининг муаллифи. Гримпен, Торсли ва Хай-Бэрроу жамоаларининг қишлоқ врачи».

Холмс маънодор жилмайиб деди:

– Овчилар клуби тўғрисида битта ҳам сўз йўқку, Уотсон, аммо сиз, қишлоқ врачи деган гумонингиз ҳақиқатан тўғри бўлиб чиқди. Менинг хулосаларим ҳам тўғри. Унинг сифатларига келганда, агар янглишмасам, уни ёқимтой, шуҳрат кетидан қувмайдиган ва фаромушхотир киши, деб айтган эдим. Ўз тажрибамдан менга шу нарса маълумки, фақат ёқимтой кишиларгина ишдан бўшаб кетаётганларида унга хайрлашув совғалари берилади, фақат шуҳрат кетидан қувмайдиган кишиларгина Лондонда ишлашни тарк этиб, қишлоққа кўчиб кетади ва фақат фаромушхотир кишиларгина меҳмонхонангизда бир соатдан кўпроқ кутиб ўтириб, ташриф қоғози ўрнига ўзининг ҳассасини қолдириб кета олади.

– Хўш, ит-чи?

– Хўжайинининг орқасидан тугунини кўтариб юришга ўргатилган ит экан. Бу ҳасса унчалик енгил эмас, ит унинг ўртасидан маҳкам тишлаб олиб, кўтариб юрган, ит тишининг излари ҳассада жуда очиқ кўриниб турибди. Тишнинг ўрни ўртасидаги оралиққа қараганда, терьер учун бундай чакак жуда кенглик қилади, мастив учун эса тор. Эҳтимолки… нима десам экан? Жуни жингалак спаниель зотидан бўлган итнинг худди ўзи!

Холмс шу гапларни айтаётганида дастлаб уйнинг у томонидан бу томонига юриб турди, сўнгра, деразанинг олдига бориб тўхтади, унинг кейинги сўзлари шундай бир қатъий оҳангда айтилдики, мен ҳайрон бўлиб унга қарадим:

– Тўхтанг, азизим, сиз нега бу фикрни қатъий қилиб айтяпсиз?

– Бунинг сабаби шуки, итни эшигимиз олдида кўриб турибман, мана, ит эгасининг ўзи қўнғироқни ҳам босиб юборди. Ўтира беринг, Уотсон, кетиб қолманг. Сиз у билан ҳамкасбсиз-ку, сизнинг бу ерда бўлишингиз менга ёрдам беради. Мана, кутилган дақиқа ҳам келди, Уотсон. Зинадан чиқиб келаётган оёқ товушини эшитяпсизми, бу қадамлар сизнинг ҳаётингизга кириб келяпти, лекин яхшилик келтирадими, ёмонликми, буниси ҳали номаълум. Илм соҳиби доктор Жеймс Мортимер жиноятларни қидириб топувчи Шерлок Холмс ҳузурига нима талаб билан келди экан?.. Кираверинг.

Хонамизга кириб келган кишининг сиртқи кўриниши мени таажжублантирди, чунки мен қишлоқ врачининг айнан ўзини кўраман, деб ўйлагандим. Доктор Мортимер олтин кўзойнак таққан, ялтираб турган кулранг икки кўзи ўртасида қуш тумшуғидек туртиб чиққан узун бурунли жуда новча, озғин киши бўлиб чиқди. У врачларга хос кийинган бўлса ҳам, бир оз букчайганроқ, бўйнини ғалати бир тарзда чўзиб бизга хайрихоҳлик назари билан қарамоқда эди. У хонамизга кириши биланоқ, дарҳол кўзи Холмснинг қўлидаги ҳассага тушди. Хурсанд бўлиб, ҳассага қўл узатди.

– Бахтимни қаранг-а! Мен уни қаерда қолдирганимни сира эслай олмадим. Бу ерда қолдирганмикинман ёки пароход компаниясидами, деган хаёлда эдим… Бунақа нарсани йўқотиб бўладими! Буни йўқотсам, шўрим қурийди-ку!

– Сизга қилинган тортиқмиди? – деб сўради Холмс.

– Шундай, сэр!

– Черинг-кросс шифохонасиданми?

– Ҳа, у ердаги дўстларим никоҳ тўйим куни тортиқ қилишган эди.

– Ҳай, ҳай, жуда чакки бўлган экан-да! – деди Холмс бошини силкитиб.

Доктор Мортимер таажжубланиб, кўзини жавдиратди:

– Бунинг нимаси чакки?

– Бизнинг ўйлаб турган фикримизни буздингиз, холос.

– Демак, никоҳ тўйида қилинган совға денг?

– Шундай, сэр. Уйланганимдан кейин шифохонадан бўшадим, шу билан бирга консультантлик вазифасига бўлган умидларимдан ҳам воз кечдим. Алоҳида рўзғор қилишим керак бўлиб қолди.

– Мана, кўрдингизми, биз унчалик янглишмаган эканмиз, – деди Холмс. – Энди сиз, доктор Жеймс Мортимер…

– Жуда ҳам ошириб юборманг! Менинг докторлик даражам йўқ, мен фақат Қирол хирургия жамиятининг шунчаки бир аъзосиман, холос.

– Илм соҳиби ҳам бўлсангиз керак?

– Илмга бир оз дахлим бор, мистер Холмс, бепоён илм денгизи соҳилида чиғаноқ тошлар териб юрган кишиман, десам бўлади. Агар янглишмасам, мистер Шерлок Холмс билан гаплашаётган бўлсам керак, сиз у…

– Йўқ, доктор Уотсон бу киши бўладилар, мана олдингизда турибдилар.

– Танишганимдан жуда хурсандман, сэр. Сизнинг номингиз дўстингизнинг номи билан кўпинча ёнма-ён тилга олинади. Сизга ғоят қизиқяпман, мистер Холмс. Сизнинг бош суягингиз шундай узун ва қовоғингиз шу қадар туртиб чиққан деб сира ўйламагандим. Бош суягингизнинг чокларини ушлаб кўришга рухсат этсангиз. Ҳар қандай антропология3535
  Антропология – одам тўғрисидаги, унинг келиб чиқиши, қобилиятлари, ривожланиш тарихи ва шу кабилар тўғрисидаги фан.


[Закрыть]
музейи бош суягингизга эга бўлса, шу суякнинг нусхасини кўргазмага қўйишга муваффақ бўлса, музей учун ҳусн бағишларди, сэр. Сизнинг бош суягингизга менинг ҳавасим келяпти, шунчалик мақтаб юборганимга хафа бўлмассиз, деб ўйлайман.

Шерлок Холмс меҳмонимизни креслога ўтқизди.

– Икковимиз ҳам ўз ишимизнинг шинавандаси бўлсак керак, сэр, – деди у. – Шаҳодат бармоғингизга қараганда сиз ўралган папиросларни яхши кўрсангиз керак. Тортинмасдан чекаверинг.

Доктор Мортимер чўнтагидан тамаки билан қоғоз чиқариб, ҳайрон қоларли эпчиллик билан папирос ўради. Унинг сал қалтираб турган узун бармоқлари жуда эпчиллик ва безовталик билан ҳаракат қиларди.

Холмс индамай ўтирган бўлса ҳам, ғалати суҳбатдошимизга унинг аҳён-аҳёнда кўз ташлаб туриши бу кишига жуда қизиқаётганлигидан далолат берарди.

– Чамамда, – деб ниҳоят гап бошлади Холмс, – сиз кеча ва бугун фақат менинг бош суягимни текшириб кўриш учун келмаган бўлсангиз керак, деб ўйлайман, сэр?

– Йўқ, сэр. Асло бундай эмас! Шундай имкониятга дуч келганлигим учун ўзимни бахтиёр деб биламан, аммо сизнинг ҳузурингизга, мистер Холмс, асло шу мақсадда келганим йўқ. Мен амалиёт кишиси эмасман, шундай бўлсам ҳам ғоят жиддий ва ғоят ғалати бир масалага тўсатдан дуч келиб қолдим. Сизни ўзининг улуғлиги жиҳатидан Европанинг иккинчи эксперти деб ҳисоблаганим туфайли…

– Шундай денг, сэр! Ижозатингиз билан биринчи эксперт кимлигини билсам бўладими? – деб сўради Холмс жуда кескин оҳангда.

– Жаноб Бертильон3636
  Бертильон А. (1854–1914) – француз антрополог олими.


[Закрыть]
нинг асарларини илм аҳллари ғоят ҳурматлайдилар.

– Бас, шундай экан, унинг ўзига мурожаат қилсангиз бўлмайдими?

– Мен «илм аҳллари бўлган кишилар» дедим, сэр, аммо амалиёт кишиси сифатида сиз беназирсиз – буни ҳамма эътироф қилган. Ортиқча гап айтиб юбормаган бўлсам керак, деб ўйлайман, сэр…

– Жиндек ошириб юбордингиз, – деб жавоб берди Холмс, – бироқ доктор Мортимер, ҳал қилмоқ учун менинг ёрдамим керак бўлган ишнинг моҳияти нималигини гапни узоққа чўзмай, ҳозирнинг ўзидаёқ айтиб берсангиз, жуда тўғри иш қилган бўлар эдингиз, деб ўйлайман.

II БОБ
Баскервиль авлодининг кушандаси

– Чўнтагимда битта манускрипт3737
  Манускрипт – қўлёзма


[Закрыть]
бор, – деди доктор Жеймс Мортимер.

– Эшикдан киришингиздаёқ буни пайқаган эдим, – деди Холмс.

– Жуда қадимий манускрипт.

– Агар қалбаки бўлмаса, ўн саккизинчи аср бошида ёзилган бўлиши керак.

– Сиз буни қаёқдан биласиз, сэр?

– Мен билан гаплашаётганингизда шу манускриптнинг эни икки дюйм чамаси бир чеккасини ҳамиша кўрсатиб турдингиз. Ҳужжатнинг ёзилган вақтини кўп деганда ўн-йигирма йил нари-бериси билан аниқлай олмаган эксперт, яхши эксперт бўлолмайди. Бу масалага доир кичикроқ асаримни ўқиган бўлсангиз керак. Сиздаги манускрипт, менимча, бир минг етти юз ўттизинчи йилда ёзилган.

– Аниқроғи, бир минг етти юз қирқинчи йилда. – Доктор Мортимер пиджагининг ён чўнтагидан қўлёзмани чиқарди. – Бу оилавий табаррук қўлёзмани менга сэр Чарльз Баскервиль сақлаб қўйиш учун топширган эди. Аммо Чарльз Баскервилнинг бундан уч ой муқаддам тўсатдан ўлганлиги, ҳа, фожиона вафот этганлиги бутун Девонширни ҳаяжонга солиб қўйди. Мен ўзимни сэр Чарльзнинг фақат врачигина эмас, шу билан бирга қалин дўсти деб ҳисоблар эдим. У забардаст, ақлли, жуда ишбилармон киши эди, аммо каминангиз сингари асло хаёлпараст эмас эди. Шундай бўлса ҳам, у мана шу ҳужжатга жуда жиддий назарда қараб ва тақдир тақозосини қандай бўлишига ўзини шайлаб қўйган эди.

Холмс қўлини узатиб манускриптни олди ва уни тиззасига қўйиб текислади.

– Уотсон, сиз бу қўлёзмадаги хатда «д» ҳарфининг ёзилишига диққат қилинг. Шу ҳужжатнинг қачон ёзилганлигини белгилаб олишимга ёрдам берган хусусиятларнинг бири мана шу ҳарф бўлди.

Мен Холмснинг орқасида туриб, хатлар сатри ўчиб кетган ва варақлари сарғайиб қолган қўлёзмага кўз ташладим. Варақнинг уст томонига «Баскервиль-холл» деб ёзилган эди, унинг остида эса катта ҳарфлар билан «1742» рақамлари бор эди.

– Бу қўлёзма бирор воқеанинг ҳикояси бўлса керак.

– Ҳа. Баскервиллар оиласида оғиздан-оғизга ўтиб юрган бир ривоятнинг ҳикояси.

– Агар мен янглишмасам, сиз амалий аҳамияти кўпроқ бўлган ва ҳозирги кунга яқинроқ бўлган масала устида мен билан маслаҳатлашгани келган бўлсангиз керак.

– Ҳа, ҳозирги кунга жуда яқин бўлган воқеа тўғрисида гаплашмоқчиман! Буни асло кечиктириб бўлмайди, бир кун ичида ҳал қилиб олиш керак. Қўлёзма жуда қисқа ёзилган, мен сиз билан гаплашмоқчи бўлган масалага ҳам бу қўлёзманинг бевосита алоқаси бор. Ижозатингиз билан уни ўқиб бераман.

Холмс креслога суяниб олиб, бармоқларини бирбирига туташтирди ва тақдирга батамом тан берган кишидек кўзларини юмиб олди. Доктор Мортимер ёруққа яқинроқ келиб ва ғижиллаган баланд овоз билан бизга қадимий замонларнинг қуйидаги ажойиб қиссасини ўқишга киришди:


«Баскервилларнинг ити тўғрисида кўпгина далиллар бор, аммо Гуго Баскервилнинг бевосита авлоди бўлганлигим ва мазкур ит тўғрисида отамдан, отам эса бобомдан эшитиб, кўп гапларни билганимиз сабабли ростлигига ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин бўлмаган ушбу тарихни ёзиб қолдиришни жазм этдим. Болаларимдан истагим шуки, сизлар гуноҳларимиз учун бизларни жазолайдиган, агар истаса, шафқат ва мурувват қилиб шу гуноҳларимизни кечиб ҳам юборадиган тақдири азалга шак келтирманглар, зеро, илтижо ва тавба қилиб, ювиб бўлмайдиган ҳеч қандай оғир гуноҳ бўлмайди. Бинобарин, ўтмишнинг даҳшатли самараларини хотирангиздан чиқариб юборингиз, аммо бизнинг бутун уруғимизга шу қадар кўп ёмонликлар қилган манфур ихтилофларга эрк бериб, ҳаммамизни яна ҳалок қилмаслик учун келгусида гуноҳ қилишдан ўзингизни тийиб юрингиз.

Сизларга шу нарса маълум ва аён бўлгайки, Улуғ Қўзғолон замонида (бу хусусда илм дарёсининг буюк дарғаси лорд Кларендон ёзган тарихни ўқиб чиқишни сизларга маслаҳат бераман), Баскервиль мулкининг хўжайини айни шу уруғнинг фарзанди Гуго деган бир зот эди. Мазкур Гугони ўзини тиймаган, инсофсиз ва Қуръонни танимаган бир киши эди, деб айтишга ўзимизни ҳақли десак бўлади. Бизнинг бу ерларда табаррук кишилар ҳеч қачон бўлмаганлиги сабабли қўшнилар мазкур Гугонинг ҳамма гуноҳларини кечириб юборган бўлур эдилар, лекин унинг табиатида ақлга тўғри келмайдиган ва шафқатсиз ҳазиллар қилишга мойиллик бор эди. Шунинг учун ҳам унинг номи бутун Девонда зарбулмасал бўлиб қолган эди. Хулласи калом, кунларнинг бирида мазкур Гуго ўз қўшниси бўлган бир фермернинг қизига ошиқ бўлиб қолди (Унинг мазкур қизга бўлган баднафсий эҳтиросини ошиқлик деб аташнинг ўзи гуноҳ бўлса керак), ўша фермернинг ери Баскервиллар хонадони мулкига яқин жойда эди. Лекин, ғоят иффатли ва камтар бўлиши билан ҳаммага танилган ёш қиз Гугонинг номинигина эшитса ҳам, қўрқиб кетар эди ва унга дуч келмаслик йўлини қидирар эди. Хуллас, кунларнинг бирида, яъни масалан Михаил кунида, Гуго Баскервиль ўзининг энг бетамиз ва ҳеч нарсадан қайтмайдиган ўртоқларидан олти кишини тўплаб, қизнинг отаси ва акалари йўқлигидан хабар топиб, ҳеч кимга сездирмай фермага борди ва мазкур қизни олиб қочди. У Баскервиль-холлга қайтиб келиб, қизни болохонадаги ҳужраларнинг бирига қамаб қўйди, аммо ўзи одатдагича улфатлари билан базм қилишга киришди.

Ашула, қичқириқ ва даҳшатли ҳақорат овозларини эшитаётган бечора қизнинг ақлдан озишига сал қолди, чунки Гуго Баскервилни билган кишиларнинг айтишига қараганда, у мастлик чоғида оғзидан боди кириб шоди чиқаверадиган бир киши эди, унинг оғзидан чиққан ҳақоратомуз гапларга ҳеч ким чидаб туролмасди. Ниҳоят, қиз қўрққанидан шу даражага бориб етдики, у энг эпчил ва энг мард эркак киши ҳам уддалай олмайдиган бир ишга журъат этди, яъни карнизга чиқиб олиб ва қасрнинг жануб томонидаги деворга чирмашиб ўсган печак ўтларга осилиб пастга тушди (шу печак ўтлар ҳанузгача осилиб турибди), шу тариқа у Баскервиль мулкидан уч мил наридаги отасининг уйига бормоқ учун ботқоқлик ерлардан чопиб кетди.

Орадан сал фурсат ўтгач, Гуго ўзи қамаб қўйган мазкур қизга овқат ва ичимлик олиб чиқмоқ, эҳтимолки, ёмон ниятини амалга оширмоқ учун меҳмонларни ташлаб болохонага чиқди, лекин, қафас бўшаб қолганини ва қушча учиб кетганини кўрди. Ана шунда у шайтоннинг айтганини қилди, чунки зинадан меҳмонхонага югуриб тушиб, столнинг устига сакраб чиқди, май шишаларини ва овқатларни улоқтириб ташлади, қочган қизни қувлаб тутиб олмасам, жону танимни ҳам аямайман деб ҳаммага эшиттириб қасам ичди. Унинг ҳамтовоқлари Гугонинг жазаваси тутганини кўриб, ҳайрон бўлиб турганларида унинг улфатларидан бири, энг шафқатсиз, энг маст бир йигит қизнинг изидан итни қўйиб юбориш керак, деб қичқирди. Гуго шу сўзларни эшитиб, қасрдан югуриб чиқди, отбоқарларга менинг вафодор отимни эгарлаб беринглар, итларни қўйиб юборинглар, деб буюрди ва қиз қолдириб кетган рўмолчани итларга искатиб, вовиллаб бораётган итлар галаси кетидан ўзи ойдинда ботқоққа қараб от қўйди.

Унинг ҳамтовоқлари нима сабабдан шунчалик сурон кўтарилганини дарров пайқай олмай, бир оз вақт довдираб туришди, лекин улар ҳар қанча маст бўлсалар ҳам, торф ботқоқлигида қандай ёмон иш қилинмоқчи бўлганини фаҳмладилар. Ана шунда уларнинг ҳаммаси қичқиришга тутинди: баъзилари, бизга от беринг деб талаб қилишди, баъзилари тўппонча, баъзилари яна бир шиша май талаб қилишди. Сўнгра, улар бир оз ақлларини йиғиб олдилар, ўттиз кишидан иборат улфатнинг ҳаммаси отларни миниб, Гуго кетидан қувиб кетдилар. Ҳаммаёқ оппоқ ойдин эди, улар қиз мана шу томонга кетган, у қиз отасининг уйига бориш ниятида қочган бўлса керак, деб ўйлаб ўша томонга от чоптирдилар.

Улар бир ёки икки мил йўл босгач, мол боқиб юрган подачини учратиб, ундан, от минган кишини кўрдингми, деб сўрашди. Айтишларига қараганда, подачи қўрққанидан дастлаб оғзи очилмай қолган, сўнгра, бир бечора қизни, унинг изидан итлар қувиб бораётганини ҳам кўрганини айтиб берган. Шу подачи яна бундай деган: «Мен бошқа бир нарсани ҳам кўрдим: Гуго Баскервиль қора отда ёнимдан чопиб ўтиб кетди, бир ит эса индамай унинг орқасидан югуриб бормоқда эди, бундай даҳшатли махлуқни кўришни Худо ҳеч кимга насиб қилмасин!»

Маст сарбозлар подачини сўкиб, от чоптириб кетаверишди, лекин сал фурсат ўтмай уларнинг бадани жимирлаб кетди, чунки улар дўпиллаб келаётган от туёғи товушини эшитдилар, сўнгра терлаб кетган қора отга кўзлари тушди. Бу от эгасиз эди ва жилови осилиб турганди. Бетамиз маст улфатлар қўрқиб, ғуж бўлиб олишди, шундай бўлса ҳам йўлни давом эттираверишди, аммо уларнинг ҳар қайсиси улфатлардан ажралиб бу ерда ёлғиз ўзи қолгудай бўлса, ғоят хурсанд бўлиб, отни орқага буриб кетар эди. Улар аста-секин олға бораверишди ва ниҳоят, итларни кўришди. Зотининг тозалиги ва қопағонлиги билан қадимдан шуҳрат қозонган итларнинг ҳаммаси чуқур жар ёқасида туриб, ғуж бўлиб инграр, баъзилари сездирмай бир чеккага қочиш пайида эди, баъзилари эса ҳурпайиб ва кўзларини чақчайтириб рўпарадаги тор ғорга кириб олиш тараддудида эди.

Сарбозларнинг йўлга тушган пайтдаги кайфи тарқаб кетди ва тўхтаб қолишди. Уларнинг кўпчилиги бир қадам ҳам олдинга босишга ботинолмади, аммо улар орасида энг дадил ёки энг маст уч киши отларини чуқур жар томон бурди. Жарнинг тубида кенг сайҳон ер кўринди, бу сайҳон ернинг ўртасида эса қадим замонларда ўрнатилган иккита катта тош устун бор эди. Ботқоқ ерларда бундай устунлар ҳозиргача ҳам учраб туради. Ой нури сайҳон ерни ёритиб турарди, ўтларнинг орасида қўрққани ва дармони қуриганидан ўлган бечора қиз жасади ётарди. Лекин уч маст йигитнинг бошларидаги сочлари диккайиб кетди. Улар жонсиз танани кўрганлиги учун, унинг ёнида ётган Гуго Баскервилнинг танасини кўрганлиги учун бунчалик қутлари учмаган эди. Йўқ, Гугонинг тепасида баҳайбат, ўзи қоп-қора, кўриниши итга ўхшаса ҳам, аммо одам боласи кўрган итларнинг ҳаммасидан ҳам каттароқ бўлган даҳшатли бир махлуқ турган эди. Мана шу махлуқ уларнинг кўзи олдида Гуго Баскервилнинг ҳалқумини ғажиб ташлади ва қонга беланган тумшуғини уларга буриб, оловдай ёниб турган ярқироқ кўзлари билан тикилди. Ана шунда улар қўрқиб қичқириб юбордилар. Додлаганларича ботқоқлик устидан от чоптириб кетдилар. Айтишларига қараганда, улардан бири бу даҳшатли воқеага бардош беролмай, ўша куни кечасиёқ ўлибди, қолган икки йигит эса ўлгунларича бу даҳшатли воқеанинг ларзасидан ўзларини ўнглаб ололмаптилар.

Ўша вақтдан бери бизнинг зотимизга шу қадар кўп кулфатлар солган ит тўғрисидаги ривоятни қандай эшитган бўлсам, шундай, сиз болаларимга ҳикоя қилиб бердим. Чала-чулпа овозалар ва уйдирмалардан кўра ўзимиз билган нарса камроқ даҳшат солади, деган умид билангина шу воқеаларни ёзиб қолдиришга журъат этдим.

Бизнинг аждодларимиздан кўп кишилар тўсатдан, даҳшатли ва сирли ўлим билан вафот этганларини инкор қилишнинг ҳожати бормикин? Тақдири азал бизни ўзи шафқатидан дариғ тутмагай, зеро, у Инжил шарифда айтилгандек, қасос олиши лозим бўлган учинчи ва тўртинчи авлоднинг бегуноҳ болаларини ўз паноҳида асрасин. Сиз болаларимни ҳам Худога топшираман ва сизларга насиҳатим шуки, кечалари ёвузлик кучлари чексиз ҳукмрон бўлган пайтларда асло ботқоқ ерга борманглар.

(Гуго Баскервилнинг ўғиллари Рожер ва Джон учун ёзилди ва уларга шуларнинг ҳаммасини мазкур ўғлонларнинг синглиси Елизаветадан сир қилиб тутишларини буюраман)».


Доктор Мортимер шу ғалати ҳикояни ўқиб бўлганидан кейин кўзойнагини манглайига чиқариб қўйиб, мистер Шерлок Холмсга тикилди. У бир эснаб, чекиб бўлган папиросини каминга ташлади.

– Хўш, бунга нима дейсиз? – деди у.

– Сиз буни диққатга сазовор бир нарса деб ўйлайсизми?

– Эртак ҳаваскорларининг диққатига сазовор деса бўлади.

Доктор Мортимер тўрт букланган бир газетани чўнтагидан чиқарди.

– Хўп, мистер Холмс. Мен сизни замонавийроқ бир материал билан таништираман. Бу газета «Девоншир хроникаси»нинг шу йил ўн тўртинчи июндаги сони. Газетанинг бу сонида бундан бир неча кун олдин сэр Чарльз Баскервиль қандай вафот этганига тааллуқли аниқланган фактлар тўғрисидаги ҳисобот босилган.

Дўстим бир оз олдинга энгашди ва шу онда унинг қараши дарҳол жиддий тус олди. Доктор Мортимер кўзойнагини тўғрилаб газетани ўқий бошлади:


«Яқинда бўладиган сайловларда либераллар партиясидан номзод қилиниб кўрсатилиши мумкин бўлган сэр Чарльз Баскервилнинг тўсатдан вафот этгани бутун Ўрта Девонширда жуда оғир таассурот қолдирди. Сэр Чарльз Баскервиль-холлга келиб ўрнашганига ҳали унчалик кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам, аммо у ўзининг хуштабиатлиги ва сахийлиги билан, ўзига иши тушган ҳамма кишиларнинг меҳр-муҳаббатига ва иззат-ҳурматига сазовор бўлган эди. Нувориш3838
  Нувориш – чайқовчилик билан шуғулланиб тез бойиган ва давлат орттирган киши.


[Закрыть]
ҳукмрон бўлиб қолган шу кунларда яхши замонларда умр кечирган қадимий мўътабар кишиларнинг авлоди ўз қўли билан давлат орттириб, бу давлатни ўз зотининг ўтмишдаги шон-шавкатини тиклашга сарф қилгани ҳаммани қувонтиради. Маълумки, сэр Чарльз Жанубий Африкада анча фойдали ишлар қилган киши эди. Баъзи одамлар омадлари қўлдан кетмагунча ўзлари қилаётган ишларини давом эттираверадилар. Бундай одамларга ўхшамаган сэр Чарльз ақлининг зийраклиги туфайли топгантутганини пуллаб, каттагина капитал билан Англияга қайтиб келди. Сэр Чарльз бундан икки йил муқаддамгина Баскервиль-холлга келиб ўрнашган бўлса ҳам, дарҳол ўзининг ер-мулкини қайта қуриш ва такомиллаштиришга доир турли режаларни амалга оширишга киришди, унинг вафоти сабабли тўхтаб қолган бу ишлар тўғрисидаги овозалар ҳамма ёққа тарқалган эди. Чарльз бефарзанд бўлгани сабабли ўзи ҳаёт чоғидаёқ ҳамқишлоқларига мурувват қилиш ниятида эканлигини неча марталаб айтган эди, шунинг учун ҳам шу жойлик кишиларнинг кўплари унинг бевақт вафот этганига ҳақли равишда куйиб йиғладилар. Сэр Чарльз ўз қишлоғида, шунингдек, бутун графлик миқёсида ҳам сахийлик билан хайр-эҳсонлар қилгани газета саҳифаларида кўп марталаб тилга олинган эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации