Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 20


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
VI БОБ
Баскервиль-холл

Сэр Генри Баскервиль ва доктор Мортимер тайинланган кунгача ўзларининг ҳамма ишларини тамомладилар ва биз олдиндан гаплашиб қўйганимиздек, Девонширга жўнаб кетдик. Мистер Шерлок Холмс вокзалгача кузатиб бораётганида бутун йўл бўйи менга лозим бўлган кўрсатмалар ва маслаҳатларни бериб борди.

– Кимдан шубҳаланаётганимни, қандай тахминлар қилаётганимни сизга гапириб ўтирмайман, Уотсон, чунки сизда олдиндан бирор фикр пайдо бўлиб қолишини истамайман, – деди Холмс. – Менга жуда батафсил баён қилиб берилган фактлар керак, бу фактларни эса ўзим таққослаб кўраман.

– Хўш, сизни нималар қизиқтиради? – деб сўрадим.

– Шу ишга озми-кўпми тааллуқли бўлган нарсаларнинг ҳаммаси, айниқса, ёш Баскервиль билан унинг қўшнилари ўртасидаги муносабатларга тааллуқли нарсаларнинг ҳаммаси қизиқтиради. Мабодо, сэр Чарльзнинг вафоти тўғрисида бирор янгилик эшитсангиз, буни ҳам ёзиб юборинг. Кейинги кунларда баъзи бир нарсаларни суриштириб кўрдим, лекин, афсуски, эришган натижаларим билан мақтана олмайман. Мен фақат бир нарсани билиб олишга муваффақ бўлдим: энг яқин ворис бўлган мистер Жеймс Десмонд ёши анча улғайиб қолган, ҳақиқатан жуда яхши одам экан, демак, унинг бу ишда ҳеч қандай макр-ҳийлалари йўқ. Бундан буён у билан сира шуғулланмасак бўлади, деб ўйлайман. Бинобарин, биз сэр Генри Баскервилга бевосита яқин турган кишилар билангина шуғулланишимизнинг ўзи кифоя қилади.

– Эр-хотин Бэрриморлардан ҳам биратўла воз кечиб қўя қолсак, яхшироқ бўлмайдими?

– Асло! Улардан воз кечиш энг қўпол хато қилиш бўлур эди. Агар, уларда ҳеч бир айб бўлмаса, бизнинг бундай қилишимиз адолатсизлик бўларди, агар айбли бўлсалар, уларни кейин қидириб топиб бўлмайди. Йўқ, йўқ! Улар бизнинг шубҳамиз остида тура беришсин. Сўнгра, агар янглишмасам, у ерда бир отбоқар, икки фермер, чамамда, ғоят соф виждонли дўстимиз доктор Мортимер ва унинг хотини бор. Аммо унинг хотини тўғрисида бизга ҳеч нарса маълум эмас. Табиатшунос Стэплтонни ва синглисини ҳам унутманг, уни жуда ёқимли хоним дейишади. Сўнгра, Лефтер-холлдаги мистер Френкленд бор, у ҳам бизга номаълум киши, яна икки-учта бошқа қўшнилар ҳам бор. Сиз мана шу кишиларни доимо кузатиб туришингиз керак.

– Юзимни шувут қилмасликка уриниб кўраман.

– Қурол олдингизми?

– Ҳа, керакли тошнинг оғирлиги бўлмайди, деб ўйлайман.

– Албатта. Тўппончани кечаю кундуз ёнингизда олиб юринг, ҳушёрлигингизни бир сония ҳам бўшаштирманг.

Дўстларимиз поезд билетларини биринчи класс вагон учун олиб, бизни платформада кутиб туришган экан.

Дўстимизнинг саволига жавобан доктор Мортимер:

– Ҳеч бир янгилик йўқ. Қасам ичиб айта оламанки, кейинги икки кун ичида бизни ҳеч ким пойлаб юрганини сезмадим. Биз бу нарсани сира унутганимиз йўқ, шу сабабли ҳеч кимни назарэътиборимиздан қочирмадик, – деди.

– Шу кунларда сизлар бир-бирингиздан ажралмаган бўлсангиз керак, деб ўйлайман.

– Ҳа, кечаги кунни ҳисобламаганда, бир-биримиздан ажралганимиз йўқ. Менинг эскидан бир одатим бор – шаҳарга келишим билан бир кунни ўзимни овутишга бағишлайман, шу одатимни қилиб кеча Хирургия коллежининг музейида бўлдим.

– Мен бўлсам, сайр қилиб юрганларни томоша қилиш учун паркка бордим, – деди Баскервиль. – Ҳеч бир ҳодиса рўй бергани йўқ.

– Шундай бўлса ҳам, сизларнинг бу қилганингиз яхши эмас, – деди Холмс қовоғини солиб ва бошини силкитиб. – Сэр Генри, шеригингиз бўлмаса, кўчага чиқмасликни сиздан илтимос қиламан, акс ҳолда бирор фалокатга учраб қолишингиз мумкин. Оёқ кийимингизнинг иккинчи пойини топдингизми?

– Йўқ, сэр, беному нишон йўқолди.

– Шундай денг? Қизиқ! Хўш, яхши боринглар, – деб илова қилди у поезд силжиши билан. – Сэр Генри! Доктор Мортимер бизга ўқиб берган ўша ғалати афсонада айтилган насиҳатни эсингиздан чиқарманг, ёвуз кучлар бемалол ҳукмронлик қиладиган тунги пайтларда торф ботқоқликларига сира чиқа кўрманг.

Деразадан бошимни чиқариб қараган эдим, олисда, платформада қимирламай, кўздан узоқлашиб бораётган поездга қараб турган Холмснинг новча гавдасини кўрдим.

Бизнинг поездимиз ғизиллаб борарди, мен ҳам ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқда эдим. Ҳамроҳларим билан танишиб олиб, доктор Мортимернинг спаниель ити билан ўйнашиб боравердим. Орадан икки-уч соатча вақт ўтгач, темир йўл бўйидаги қорамтир ерлар орқада қолиб, қизил тусдаги ерлар бошланди, ғиштин уйлар ўрнига тошдан ясалган уйлар кўрина бошлади, атрофи ғов билан тўсиб қўйилган серўт ўтлоқлар ва бу ўтлоқларда маза қилиб ўтлаб юрган қизил сигирлар эса бу жойларда ҳаво ҳар қанча нам бўлса ҳам, иқлим шарқдагига қараганда анча яхшироқ эканлигидан далолат бериб турарди.

Генри Баскервиль вагон деразасидан нари кетмай, ўзи туғилиб ўсган Девоншир манзараларини кўриб хурсанд бўлиб қичқирарди.

– Бу ердан кетганимдан кейин мен кўрмаган жойлар қолгани йўқ, доктор Уотсон! – деди у. – Шундай бўлса ҳам, бу жойларни уларнинг ҳеч қайсисига алишмайман.

– Ўз Девонширига қойил бўлмаган бирорта девонширлик кишини бизга топиб беролмайсиз.

– Бунда гап фақат Девонширнинг ўзидагина эмас, Девонширда яшаб турган одамларда ҳам гап кўп, – деди доктор Мортимер. – Хушгап, серғайрат, кельт4747
  Кельт – қадим замонларда Жанубий Англияда яшаган халқ.


[Закрыть]
ирқига мансуб бўлган одамларни таниб олмоқ учун дўстимизнинг думалоқ бош суягига бир назар солишнинг ўзи кифоя қилади. Марҳум сэр Чарльзнинг бош суяги жуда ноёб бир тарзда тузилган эди – унинг ярмиси галларникига, ярмиси ибронийларникига ўхшарди. Сэр Генри, сиз ёш болалик чоғингиздан бери Баскервиль-холлни кўрмаган бўлсангиз керак?

– Мен умрим бино бўлиб уни кўрган эмасман, чунки биз жанубий соҳилдаги кичкина коттежда яшар эдик. Падаримиз ўлганларида ёшим ўн иккига тўлиб ўн учга ўтган эди, ўша вақтнинг ўзидаёқ Америкадаги дўстларимиз олдига кетиб қолганман. Бу жойлар доктор Уотсон учун бўлганидек, мен учун ҳам бутунлай, деярли янги деса бўлади, торф ботқоқликларига етишимизни сабрсизлик билан кутяпман.

– Ҳали шунақа денг! Ундай бўлса, муродингизга етдингиз – мана ўша ботқоқликлар, кўриб маза қилишингиз мумкин, – деди доктор Мортимер деразадан кўринаётган ерларни кўрсатиб.

Олисда чор бурчак ям-яшил яйловлар ва бамисоли тўлқинланиб турган дарахтзор нариёғида тушда пайдо бўладиган ғалати бир нарсадек ўркачсимон кўримсиз кулранг тепалар кўринди. Баскервиль кўзини олмай ўша томонга қараб борарди, унинг сира тўймай тикилиб бораётгани қон жиҳатидан ўзига яқин бўлган, шу қадар узоқ вақт яшаб, ўзларидан кейин шу қадар чуқур из қолдирган одамлар билан ва уларнинг машаққатли умр кечирган ўлкаси билан биринчи танишиш унинг учун ғоят аҳамиятли эканини билдириб турарди. Спортчилар кийимини кийиб олган ва американча талаффуз билан сўзлаётгани очиқ сезилиб турган бу йигит оддий темир йўл вагонида ёнимда ўтирар экан, мен унинг буғдойранг маънодор юзига қараб, бу йигит ўша тиниб-тинчимас ва шижоатли одамларнинг чинакам авлоди эканлигини ҳис қилмоқда эдим. Қалин қошлар, бурун катакларининг нозиклиги ва катта қуралай кўзлар унинг мағрур, шижоатли ва кучли киши эканидан далолат берарди. Мабодо, кўримсиз торф ботқоқликлари бизга машаққатли ва хатарли жумбоқни рўпара қиладиган бўлса, бундай киши учун деб ҳар қанча қийинчиликларга бардош бериш мумкин, чунки у ҳар қандай қалтис ва машаққатли ташвишга бемалол шерик бўла олади.

Поезд нообод кичкина станцияда тўхтади ва биз вагондан тушдик. Пастак оқ деворнинг орқасида иккита кичикроқ абжир от қўшилган арава турган экан. Бизнинг келишимиз бу ердагилар учун катта воқеа бўлса керак, чунки станция бошлиғининг ўзи ва юк ташувчилар, хуллас, ҳамма атрофимизни ўраб олиб, бизга ёрдамлашишга тутинди. Бу ер ёқимли кичик бир қишлоқ экан, лекин платформадан чиқаверишда қора мундир кийган икки аскарни кўриб таажжубландим. Аскарлар ўзларининг карабин милтиқларига таяниб, бизга тикилиб турардилар. Афти ғадир-будирроқ ва ўзи қовушмаганроқ йигит бўлган кучер бошидан шляпасини олиб, сэр Генри Баскервилга салом берди ва орадан беш дақиқа ўтгач, биз унинг аравасида кенг оқ йўлга тушиб олиб, ғизиллаб кетавердик. Йўлнинг икки томонида қирлардаги ямяшил яйловлар, қалин дарахтзорлар орасида томларнинг учи чўққайиб турган иморатлар кўринарди, аммо олдинда, мана шу тинч, серқуёш ерларнинг нариёғида кечки осмон уфқида торф ботқоқликларининг кўримсиз манзараси қорайиб кўзга ташланарди, ботқоқликлар орасида ондасонда мудҳиш тепаликларнинг диккайган учлари кўриниб турарди.

Бизнинг аравамиз ён томондаги йўлга бурилди, ана шунда бундан бир аср муқаддам тепаликлар орасини ёриб ўтказилган чуқур йўл бўйлаб юқориликка кўтарила бошладик, тепаликлар устини қирқбўғин деб аталган ўтлар ва нам босган йўсинлар қоплаган эди. Атрофда ўсиб ётган қирққулоқ ва маймунжон барглари ботиб бораётган қуёш нурида ялтираб турарди. Биз юқориликка кўтарила бориб, кулранг тошлар орасидан кўпириб оқаётган серсув тезоқар сой устидаги тор тош кўприкдан ўтиб кетдик. Йўл ҳам, сой ҳам эман ва қарағай дарахтлари қалин бўлиб ўсган водий орқали илонизи бўлиб ўтган эди.

Лекин йўлнинг ҳар бир бурилишида Баскервиль теварак-атрофга қизиқиб кўз ташлаб хурсанд бўлиб қичқириб юборар эди ва бизга беҳисоб саволлар ёғдирар эди. Унинг назарида, бу ерда ҳамма нарса чиройли бўлиб кўринар, лекин куз ҳиди келиб, ҳувиллаб турган бу яйловлар ва адирлар менда ғамгинлик ҳисларини туғдирганди. Ер бағирлаб учиб юрган хазон сўқмоқ йўлларини гилам каби қопламоқда эди. Аравамизнинг ғилдираклари чириб бораётган қалин ўтлар устидан ўтиб борар экан, шу ғилдиракларнинг тақиллаган овози ҳам аста-секин ўчиб қолди. «Баскервиль-холлнинг янги хўжайини оёқлари остига табиат ўзининг аянчли пояндозларини тўшаяпти», деб ўйладим.

– Қаранг! – деб бирдан қичқириб юборди доктор Мортимер. – Анави нима?

Устини супургигул ўтлари қоплаган тик адир рўпарамизда кўзга ташланиб турарди, бу адир торф ботқоқликлари яқинлигидан хабар берувчи биринчи даракчи эди. Шу адирнинг тепасидан милтиқ ўқталиб, от миниб турган бир киши худди баланд супага ўрнатилган отлиқ сарбоз ҳайкалдек қаққайиб турарди. У биз бораётган йўлни кузатиб турарди.

– Ўзи нима гап, Перкинс! – деб сўради доктор Мортимер.

Аравакашимиз бизга қайрилиб қараб деди:

– Принстаун турмасидан бир маҳбус қочган экан, сэр. Уни уч кундан бери қидириб юришибди. Ҳамма йўлларга, ҳамма станцияларга соқчилар қўйишди, аммо ҳозиргача топилгани йўқ. Бу ернинг одамлари бунга жуда норози, сэр.

– Нега? Қочган маҳбуснинг қаердалигини кўрсатиб берган кишига беш фунт мукофот берилади-ку.

– Шундоғку-я, сэр, лекин беш фунт олишга умид жуда кам, аммо у ўзининг пайига тушган одамни бўғизлаб кетиши турган гап. Бунақа одам ҳеч балодан қайтмайди, ахир у шунчаки майда ўғри эмас-да.

– Ким экан у?

– Ноттингхиллда одам ўлдирган Селден деган киши.

Селден воқеасини мен яхши биламан, чунки Шерлок Холмс ҳам Селден одамларни шафқатсизлик билан ўлдирганига ва у ёвузнинг ҳамма ҳаракатларида бемаъни йиртқичлик излари борлигига қизиқиб, ўз вақтида бу воқеа билан шуғулланган эди. Селденнинг жинояти шу қадар даҳшатли эдики, ҳатто судьянинг ўзи ҳам унинг ақли расолигига шубҳаланиб қолган, шу сабабли уни қатл этиш ўрнига турма жазосига ҳукм қилган эди.

Арава адир тепасига чиқиб олди ва бизнинг кўз олдимизда поёнсиз торф ботқоқликлари пайдо бўлди, шу ботқоқликда тоғ тошларидан ясалган долменлар4848
  Долменлар – жуда қадим замонлардан қолган ва қўпол равишда тарашланган тошлар.


[Закрыть]
ва тош устунлар онда-сонда кўриниб турарди. Ботқоқлик томонидан эсаётган изғирин шамол суякларимизгача ўтиб, бизни жунжиктирмоқда эди. Мана шу ёқимсиз ва кўримсиз ботқоқликнинг қаеридадир одам қиёфасидаги иблис бамисоли ёввойи йиртқич ҳайвондек ўз уясига кириб олиб, ўзини жамиятдан қувғин қилган одамларга нафрат ўтини қалбида сақлаб ётган бўлса керак. Бизнинг кўнглимизни ғаш қилиб турган ва кўз олдимизда ётган поёнсиз саҳро, изғирин шамол ва қоронғилик босаётган осмон сабабли туғилаётган мудҳиш ҳисларга ўша иблиснинг ваҳимаси ҳам қўшилди. Ҳатто Баскервиль ҳам жим туриб қолди ва пальтосига бурканиб олди.

Унумдор жойлар орқамизда ва биздан пастда қолиб кетди. Орқамизга қайрилиб қараган эдик, ботиб бораётган қуёш нурлари оқиб турган сой сувларини бамисоли олтин тасмага айлантириб юборганини, бу нурлар плуг билан ҳайдалган ерда ва қалин чакалакзорда ярқираб кўзга ташланаётганини кўрдик. Катта-катта тошлар думалаб ётган туси қизғиш довонларни кесиб ўтган йўл тобора нообод ва кўримсиз ҳолатга ўта берди. Гоҳо-гоҳо бизнинг олдимизда атрофи тош деворлар билан ўраб олинган, ҳаттоки, деворларига чирмашиб ўсган печак ўтлари ҳам бўлмаган коттежлар кўринарди. Сўнгра эса чуқур водий, шу водийда асрлардан бери эсиб ётган қаттиқ шамоллар букчайтириб ва қайириб юборган нимжон эман ва қарағай дарахтлари кўзга ташланарди. Дарахтлар орасида баланд, ингичка иккита минора қаққайиб кўриниб турарди. Бизнинг аравакашимиз қамчи билан кўрсатиб деди:

– Баскервиль-холл ана шу.

Шу ер-мулкларнинг эгаси аравада рўйи-рост туриб олди – унинг чеҳрасига қизил югурди, кўзлари оловдек ёнмоқда эди. Бир неча дақиқадан сўнг биз сувоғи кўчган иккита устун ўртасига қурилган жимжимадор нақшли чўян дарвозанинг олдига етиб келдик. Устунларнинг бошида Баскервилларнинг герби – тўнғиз боши ўрнатилган эди. Қаср посбонининг ғиштин уйи эски иморат бўлиб, унинг томидаги ёғочлар очилиб қолган экан, лекин унинг рўпарасида ҳали қурилиб битмаган янги иморат турарди. Бу – сэр Чарльз Жанубий Африкадан олиб келган олтиннинг берган биринчи самараси эди.

Дарвозадан ўтганимиздан кейин икки томонда ўсаётган баланд қадимий дарахтларга кўзимиз тушди, шу дарахтларнинг шохлари бир-бирига туташиб, тепамизни мудҳиш қуббадек қоплаб олганди. Ғилдиракларнинг тақиллаши хазонларнинг шитирлаши орасида яна ғойиб бўлди. Баскервиль ичи қоронғи узун хиёбонни кўриб, титраб кетди, хиёбоннинг этагида эса иморатнинг аниқ зиҳлари кўриниб турарди.

– Ўша ҳодиса шу ерда бўлганмиди? – деб сўради секингина у.

– Йўқ, йўқ, қарағайзор хиёбонда, нариги томонида.

Баскервиль теварак-атрофга хўмрайиб назар солди.

– Амаким бу ерда ҳамиша қандайдир бир офат бўлишини кутиб яшаганига сира таажжубланмайман, – деди у. – Бу ерда ҳар қандай одам юрагини олдириб қўяди. Ҳали қараб туринг, ярим йил ўтар-ўтмас мен бу ерга электр келтираман, ана ўшанда бу жойларни танимай қоласиз! Дарвозанинг олдида ҳар бири минг шамлик Эдисон ва Сван4949
  Эдисон Томас – америкалик машҳур ихтирочи. Асосан у ичидаги сими қизиб ёруғлик берадиган электр лампочкасини такомиллаштиргани ва фонограф ихтиро қилгани билан машҳур бўлди. Сван – электр лампочкасини ихтиро қилганларнинг бири.


[Закрыть]
фонусларини ёндириб қўяман.

Хиёбондан кейин кенг гулзор олдига чиқдик ва унинг ёнидан ўтиб уйга етдик. Ғира-ширада мен бу уйнинг салобатли айвонигагина сал-пал кўзим тушди. Уйнинг ҳамма томонини печакгул қоплаб олган эди. Фақат деразаларнинг ўрни ва герблар печак қопламасдан очиқ қолдирилган эди. Шинаклари бўлган иккита қадимий дабдабали миноралар бинонинг шу қисми устида қад кўтариб турарди. Бинонинг кейинги вақтларда қора гранит тошдан қурилган ўнг ва чап томонида икки қаноти бор эди. Жуда кўп деразалардан гулзорга хира ёруғ тушиб турарди, учи ингичка ва тик қилиб ёпилган том тепасидаги баланд мўрилардан паға-паға қора тутун чиқиб турарди.

– Хуш келибсиз, сэр Генри! Хуш келибсиз, Баскервиль-холлга!

Айвондаги қоронғиликдан чиқиб келган новча киши араванинг эшигини очди. Уй ёруғи тушиб турган эшикда бир хотиннинг шарпаси кўринди. У ҳам бизнинг олдимизга келиб, мазкур эркакка жомадонларимизни аравадан олишга ёрдамлашди.

– Сэр Генри, агар мен тўппа-тўғри уйимга кетсам қарши эмасмисиз? – деди доктор Мортимер. – Мени хотиним кутяпти.

– Дамингизни олинг, бирга овқатланамиз!

– Йўқ, иложим йўқ. Ишим ҳам жуда тўпланиб қолган бўлса керак. Уйни мен сизга ўзим бажони дил кўрсатар эдим-у, аммо Бэрримор бу вазифани мендан кўра яхшироқ бажара олади – унинг ўзи жуда яхши гид. Яхши қолинг! Мен сизга хоҳ кундузи, хоҳ кечаси, қачонки, керак бўлсам, ҳеч бир тортинмай одам юбораверинг. Буни эсдан чиқарманг.

Ғилдиракларнинг тақиллаши хиёбонда астасекин эшитилмай қолди; биз уйга киришимиз билан орқамиздан қалин эшик ёпилди.

Биз кирган уй жуда чиройли эди – ўзи кенг, баланд, қўйилганига кўп вақт бўлгани сабабли қорайиб кетган йўғон эман харилар шифтда кўзга ташланиб турарди. Ёнида ўтин тахлаб қўйиладиган чўян панжараси бўлган қадимий каминда олов чарсиллаб ёнарди. Узоқ йўл юриб, совқотганимиз учун сэр Генри иккимиз қўлларимизни дарров оловга тутдик. Сўнгра уйнинг эман қопланган деворларига, ранг-баранг ойна солинган баланд, тор деразаларига, деворларга осиб қўйилган кийик бошларига ва гербларга, хира нур бериб турган ва аранг кўринаётган қандилга кўз югуртириб чиқдик.

– Мен бу жойларнинг ҳаммасини худди шундай деб тасаввур қилган эдим, – деди сэр Генри. – Ҳақиқатан ҳам асилзода кишилар яшаган жойлиги билиниб турибди, шундай эмасми? Менинг ота-боболарим шу уйда беш асрдан бери яшаб келганлар. Ўйлаб қаранг, ахир! Шуларни эсласанг, беихтиёр кайфинг чоғ бўлиб кетади.

Унинг чеҳрасида болаларга хос хурсандлик аломатлари кўриниб турарди. У қандилдан тушаётган ёруғ гардишида тургани учун ҳам гавдасининг узун сояси деворларга ёйилган ва тепаси қуюқ чодирга ўхшарди. Бэрримор жомадонларимизни ўз хоналаримизга элтиб қўйиб қайтиб келди, ёшлигидан тарбияланган хизматкорга хос одоб билан бизнинг олдимизда таъзим қилиб, бош эгиб турди. У баланд бўйли, кўриниши ёқимтой киши эди, қалин қора соқоли нуроний оқ чеҳрасига ҳусн бўлиб турарди.

– Овқатга таклиф қилсам бўладими, сэр?

– Пишдими?

– Бир неча дақиқадан кейин тайёр бўлади. Хоналарингизда иссиқ сув бор. Бир неча кун бу ерда қолсак, хотиним билан мен ўзимизни бахтиёр ҳисоблаган бўламиз, сэр Генри. Аммо янги тартиб ўрнатганингиздан кейин сизга кўп ходимлар керак бўлади.

– Қанақа янги тартиб?

– Шуни айтмоқчи эдимки, сэр Чарльз ёлғиз ўзи хилват яшашни яхши кўрарди ва биз иккаламиз унинг хизматини бемалол бажара олардик, аммо сэр, сизнинг меҳмонларингиз кўпроқ бўлса керак, шунинг учун ҳам бу ерда ҳамма нарсани янгича қиларсиз, деб ўйлайман.

– Демак, хотинингиз билан бизнинг хизматимиздан бўшамоқчимисиз?

– Агар сизга малол келмаса, сэр.

– Лекин сизнинг ота ва боболарингизнинг бир неча авлоди Баскервиль-холлда яшаганлар-ку. Бу ерга биринчи қадам қўйишим биланоқ, эски оилавий алоқаларни узишни сира истамас эдим.

Эшик оғасининг оқарган қиёфасида ҳаяжон аломатлари пайдо бўлганини кўриб қолдим.

– Бундай қилиш мен билан хотинимга ҳам осон эмас, сэр. Лекин, сизга ростини айтсам, биз сэр Чарльзга жуда ўрганиб қолган эдик, унинг вафотидан кейин шу вақтгача ҳам ўзимизга келолмаяпмиз. Бу ерда қолиш биз учун оғир. Энди биз ўзимизни Баскервиль-холлда аввалгидек ҳис қила олмаймиз.

– Хўш, нима қилмоқчисиз?

– Бирор иш топиб олармиз, деган умиддаман, сэр. Сэр Чарльз бизни ўз марҳаматларидан бенасиб қолдирмаганлар. Агар энди ижозат берсангиз, хоналарингизни кўрсатсам.

Бу қадимий залнинг уст томони галерея билан ўраб олинган эди. Панжарали галереяга икки томондаги зинадан чиқилар эди. Ўша галереядан чиқиладиган ва бутун бино бўйлаб чўзилган иккита узун даҳлиз бор эди, ҳар бир ётоқхонанинг эшиги шу даҳлизга очилар эди. Менинг ётоқхонам Баскервилнинг ётоқхонаси билан бир қанотда бўлиб, эшикларимиз деярли бир-биримизникига рўпара эди. Бу хоналар иморатнинг марказий қисмидаги хоналарга қараганда анча замонавийроқ экан, хонанинг деворларига ёпиштирилган гулқоғозлар ва ёқиб қўйилган жуда кўп шамлар Баскервиль-холлга келишим билан менда туғилган оғир таассуротни дарҳол енгиллаштирди.

Бироқ пастки қаватдаги овқатланадиган хона ўзининг ёқимсиз кўриниши билан бизни ҳайратда қолдирди. Бу узун хонанинг бир томонида хизматкорларнинг овқатланиши учун стол қўйилган эди, шу хонанинг хўжайинлар овқатланадиган қисмига хизматкорлар овқатланадиган қисмидан бир поғона зина билан чиқилар эди. Хонанинг тўрида созанда ва хонандалар учун ажратиб қўйилган махсус жой бор эди. Бизнинг тепамизда қорайиб кетган йўғон харилар ва дуд босган шифт кўриниб турарди. Эҳтимолки, қадим замонларда ловуллаб ёниб турган машъаллар, айш-ишрат авж олган қувноқ зиёфатлар бу кўримсиз хонага ҳусн бағишлаб тургандир, аммо ҳозир биттаю битта абажурли лампа ёниб турган шу хонада бошдан-оёқ қора кийим кийган икки жентльмен паст овозда гаплашиб ўтирар эдилар ва уларнинг кайфи анчагина паст эди. Қиролича Елизавета замонидаги тўралар кийимида тасвирланган суратлардан тортиб, Регентлик замонидаги олифта кийимларда тасвирланган суратларгача, жуда хилма-хил кийимдаги ота-боболарнинг суратлари деворлардан бизга қараб турар ва уларнинг индамай тикилиб туриши кўнглимизда маъюслик туғдирар эди. Дастурхон устида суҳбатимиз қизимади, овқатланиб бўлганимиздан кейин чекиб олиш учун бильярдхонага чиқдик, замонавий тарзда жиҳозланган шу хонага ўтганимиздан кейин ўзимизни анча енгил ҳис қилдик.

– Нимасини айтасиз, вазият хурсанд қиладиган даражада эмас, – деди сэр Генри. – Буларнинг ҳаммасига кўникиб қолиш мумкин, албатта, лекин ҳозир мен ўзимни бегонароқ ҳис қиляпман. Амаким бундай уйда ёлғиз ўзи туриб, асабийлашиб қолганига таажжубланмасак бўлади. Энди ўз хоналаримизга тарқалишсак ҳам бўлади. Эрталаб уйқудан тиниқиб турганимиздан кейин бу жойлар бизга унчалик ёқимсиз кўринмайдиган бўлиб қолар.

Ётишдан олдин дераза пардасини кўтариб, ташқарига қарадим. Кўча эшиги олдидаги гулзор деразадан кўриниб турарди. Гулзорнинг нарёғида баланд дарахтлар шамолдан силкиниб, ғижирларди. Тез сузиб бораётган булутлар орасидан ой мўралаб боқарди. Дарахтлар орқасида қояларнинг нотекис қатори ва ястаниб ётган ботқоқлик ойдинда кўриниб турарди. Баскервиль-холлдан қолган биринчи таассуротим охирги таассуротимдан қолишмаслигига қаноат ҳосил қилиб, пардани тушириб қўйдим.

Лекин бу таассурот охиргиси бўлиб чиқмади. Чарчаган бўлишимга қарамай, барибир кўзимга уйқу келмади ва ухлармиканман деб, дам у ёнбошимга, дам бу ёнбошимга ағдарилиб ётавердим. Соатнинг ҳар ўн беш дақиқада урган бонги қаердандир, олисдан эшитилиб турарди. Бу уйдаги мана шу мудҳиш жимжитликни соат зангидан бошқа ҳеч нарса бузмас эди. Жимжит ярим кечада қулоғимга тўсатдан аниқ бир товуш эшитилди, бу ниманинг товуши эканига шубҳаланишга ўрин йўқ эди. Ғам-ғуссадан қалби тарс ёрилган хотиннинг гоҳ ҳўнграб, гоҳ энтикиб, алам-изтироб билан йиғлаётган товуши эди бу. Мен каравотда туриб олиб, шу товушга диққат билан қулоқ сола бошладим. Йиғи овози шу уйнинг ўзида, қаердандир яқинроқ бир жойдан келди. Бутун вужудим билан қулоқ солиб ярим соатча кутиб турдим, лекин соатнинг бонг уриши ва деворга ёпишиб ўсган печакнинг шитирлашидан бошқа ҳеч нарса эшитмадим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации