Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 24


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
X БОБ
Доктор Уотсоннинг кундалик дафтаридан олинган парчалар

Баскервиль-холлга келганимдан кейин дастлабки кунларда Шерлок Холмсга юбориб турган ҳисоботларимни баён қилиб ўтдим, мен қилаётган ҳикоям учун шу дамгача мана шу ҳисоботларнинг ўзи кифоя қилиб турди. Энди ҳикоянинг шундай бир жойига келдикки, бу усулни тарк этиб, яна ўз хотирамда қолган фактларни баён қилишга, бу фактларни ўзимнинг кундалик дафтаримдан олинган парчалар билан тўлдиришга мажбурман. Қуйидаги икки парча бизни менинг хотирамда абадий сақланиб қолган воқеаларга тамомила яқинлаштиради.

Ҳикоямни қочган маҳбусни қувлашимиз муваффақиятсиз бўлиб чиққани ва ундан кейин рўй берган воқеаларни тасвирлаш билан тўхтатган эдим. Ўша воқеа рўй берган куннинг эртаси эрталаб нималар содир бўлганини бирма-бир баён қиламан.

16 октябрь. Эрталабдан ҳамма ёқни туман босди, ёмғир шивалаб турибди. Баскервиль-холл осмонини қора булутлар қоплади, гоҳ-гоҳ бу булутлар сийракланиб қолади, шундай пайтларда олисда торфзор ботқоқликларининг бефайз манзараси, шу ботқоқликларда кумушдай йилтираб турган тепаликларнинг ёнбағирлари ва нам тошлар кўриниб қолади. Уй ҳам, очиқ ҳаво ҳам – ҳамма нарса кўнгилни ғаш қилиб турибди. Тунги воқеалардан кейин баронетнинг машқи пасайиб қолди. Мен ҳам кўнглимда қандайдир ғашлик сезяпман, бир фалокат рўй бериши муқаррарлигини сезиб турибман – бу қанақа фалокатлигини билолмаслигим кўнглимга тағин ҳам кўпроқ даҳшат соляпти.

Бундай безовта бўлиш учун асос йўқ дейсизми? Бунинг учун рўй берган воқеаларни эслаш кифоя қилади, бир-бирига боғланган воқеалар бу ерда қандайдир ёвуз кучлар борлигидан далолат беради. Баскервиль-холлнинг охирги эгаси қандай ўлгани оилавий ривоятларда баён қилинган воқеаларни аниқ эслатади. Ботқоқликда гоҳо-гоҳо пайдо бўлиб қоладиган ғалати махлуқ тўғрисида фермерлар айтган нақлларни ҳам эшитдик. Олисда вовиллаган итнинг овозига ўхшаш товушни ўзим ҳам икки марта аниқ эшитдим. Ахир, буларнинг ҳаммаси табиат қонунларидан ташқари бир нарса эканлигига ишониш мумкин эмас-ку!

Ерда изини қолдириб кетаётган ва баланд овоз билан вовиллаётган афсонавий итни айтмайсизми? Йўқ, бу нарсаларнинг сирини билмаслик асло мумкин эмас! Степлтон, унинг кетидан эса Мортимер ҳам шу ердаги умумий кайфиятга берилишлари мумкин, аммо менинг ақлим расо-ку, бу менинг фазилатим-ку, демак, бидъатлар таъсирига сира берилмаслигим керак. Агар бу таъсирга бериладиган бўлсам, бу ердаги фермерлар даражасига тушиб қолган бўламан. Улар қандайдир даҳшатли ит тўғрисида тўқилган ҳикоялар билан қаноатланиб қолмай, яна ўша итни кўзларидан ва оғзидан аланга чиқиб турадиган бир махлуқ деган гапларни ҳам тўқиганлар. Холмс бундай бемаъни гапларга ҳатто қулоқ солиб ҳам ўтирмас эди, мен бўлсам унинг бу ердаги вакилиман. Бироқ, фактларни рад қилиб бўлмайди: ўша итнинг увиллаганини ўзим икки марта эшитдим. Хўш, ҳақиқатан ҳам ботқоқликда қандайдир жуда катта ит изғиб юрган бўлса-чи? Шу факт ҳам исботланса, ҳамма нарса равшан бўлиб қолур эди! Лекин у қаерда яшириниб ётибди, нима билан тирикчилик қилади, қаердан пайдо бўлган, нега уни кундузи ҳеч ким кўрмаган? Шуни эътироф қилиш керакки, агар биз шу саволларнинг ҳаммасига ҳақиқатга ўхшаш жавоб топишга уринадиган бўлсак, тағин ҳам кўпроқ қийинчиликларга дуч келамиз. Лекин ҳатто итни бир чеккага йиғиштириб қўйганимизда ҳам, Лондонда содир бўлган воқеаларни қандай изоҳлаб бўлади? Кэбдаги номаълум одамни, сэр Генрини торфзор ботқоқликларга чиқманг деб огоҳлантириб, газеталардан қирқиб ёзилган хатни нима билан изоҳлаш мумкин? Бу очиқ кўриниб турган фактларда ғайритабиий бир нарса йўқ-ку, ахир. Шу иккала фактни дўстлар ёки душманлар томонидан қилинган иш деб ўйлаш ҳам мумкин. Аммо ўша дўст ёки душман ҳозир қаерда? Лондонда қолдими ёки бизнинг орқамиздан бу ерга келдими? Наҳотки… Наҳотки, тош устун тепасида кўрганим ўшанинг ўзи бўлса?

Дуруст, у кўзимга бир онда кўриниб, ғойиб бўлди, холос, лекин шундай бўлса ҳам унинг баъзи нишонларини пайқаб олдим ва буни қасам ичиб тасдиқлашга тайёрман. У, бу ерлик одамлардан эмас эди – ҳозир мен сэр Генрининг қўшниларининг ҳаммасини биламан. Унинг бўйи Стэплтонникидан тикроқ эди ва ўзи Френкленддан анча ориғроқ эди. Уни Бэрримор деб ўйлаш мумкин эди-ю, лекин Бэрримор уйда қолган эди. Бэрриморнинг бизга сездирмай орқамиздан пойлаб келолмаслигига аминман. Демак, Лондонда бўлгани каби, бу ерда ҳам номаълум одам бизни пойлаб юрибди. Шу вақтгача биз ундан қутулолмаяпмиз. Агар мен ўша одамни тутиб ололсам эди, гумонларимизнинг ҳаммаси дарҳол ечилган бўлур эди. Менинг мақсадим мана шу, бу мақсадга етиш учун бутун кучимни сарфлайман.

Дастлаб режаларимни сэр Генрига айтиб беришим керакдек туюлди, аммо бир оз ўйлаб кўрганимдан кейин мўлжалланган ишларимни якка ўзим қилишим, бу тўғрида камроқ гапиришим керак, деган қарорга келдим. Баронет камгап одам, у ўз фикри билан банд. Ботқоқликда биз эшитган увиллаш унга жуда таъсир қилди. Мен унинг безовталигини оширмасликка қарор қилдим, лекин ниятимдан қайтмайман, нимаики бўлса ҳам, якка ўзим ҳаракат қилавераман.

Бугун нонуштадан кейин кичикроқ бир манзаранинг шоҳиди бўлдик. Бэрримор, сиз билан гаплашишга ижозат беринг, деб сэр Генридан илтимос қилди ва улар кабинетга кириб кетишди. Мен бильярдхонада ўтирганимда, уларнинг овози баланд чиқаётганини эшитдим ва гап нима ҳақда бораётганини дарров пайқаб олдим. Сал фурсатдан сўнг кабинет эшиги очилди ва баронет мени чақирди.

– Бэрримор биздан хафа бўлибди, – деди сэр Генри. – У бизга, қайнимнинг сирини сизларга ўз ихтиёрим билан айтган эдим, унинг изига тушганингиз инсофдан эмас, – деди.

Эшик оғаси бўзариб кетган бўлса ҳам, лекин ўзини ушлаб турарди.

– Эҳтимолки, мен бир оз қизишгандирман, сэр, агар шундай бўлса, кечиришингизни сўрайман. Лекин саҳар пайтида сизларнинг қадамингизни эшитиб ва Селденни тутиб олмоқчи бўлганингизни билиб, жуда ҳайрон бўлдим. Унинг изини одамларга билдириб қўйишимнинг сира кераги йўқ эди, у бечоранинг аҳволи бусиз ҳам чатоқ.

– Агар сиз, – деди баронет, – ҳақиқатан ҳам ўз ихтиёрингиз билан Селденнинг сирини очиб берган бўлсангиз эди, бу бошқа гап бўлур эди. Лекин сиз, тўғриси, сизнинг хотинингиз, бу гапларнинг ҳаммасига фақат бизнинг сиқувимиз натижасида иқрор бўлдингиз-ку. Бошқа иложингиз қолмаган эди.

– Сўзимдан тутиб оласиз, деб ўйламаган эдим, сэр Генри. Сира ўйламаган эдим.

– Селден жамият учун хавфли. Ахир у ҳеч нарсадан қайтмайди-ку, бу нарса унинг важоҳатидан ҳам кўриниб турибди! Бу ерларда одамларнинг кулбаси онда-сонда учрашини ўйлаб кўринг. Лоақал мистер Стэплтонни олиб кўрайлик – ҳужум бўлиб қолган тақдирда у ўз кучидан бошқа ҳеч қаердан ёрдам умид қила олмайди-ку. У одамни тутиб яна турмага қамаб қўймагунларича биз ўзимизни хавф-хатарсиз деб ҳис қилолмаймиз!

– Селден ҳеч кимга тегмайди, сэр, мен бунга қасам ичаман! Бу ердаги одамларга энди унинг зарари тегмайди. Гапимга ишона беринг, сэр Генри, бир неча кундан кейин ҳаммаси бир ёқли бўлади, у Жанубий Америкага жўнаб кетади. Сиздан ўтиниб сўрайман, Селден ҳали ҳам шу ерда, ботқоқликда юрибди, деб полицияга хабар қилманг. Уни қидирмай қўйишган, у пароход келишини бемалол кутиб туриши мумкин. Агар сиз полицияга хабар қилсангиз, хотиним билан менинг шўримиз қурийди. Сиздан илтимос қиламан, сэр, полицияга айтманг!

– Уотсон, сиз бунга нима дейсиз?

Мен елкамни қисдим.

– Агар у Англиядан чиқиб кетса, бу ердаги солиқ тўловчилар эркин нафас оладиган бўлиб қоладилар, – дедим.

– Агар кетгунча бирон ёмонлик қилиб қўйса-чи!

– Йўқ, сэр! Ахир у ақлдан озган киши эмас-ку! Биз унга нимаики керак бўлса, ҳаммасини бердик. Янги жиноят қилса, бу билан ўзини тутиб берган бўлади.

– Бу гапингиз тўғри, – деди сэр Генри. – Яхши, Бэрримор…

– Худо хайрингизни берсин, сэр! Бу яхшилигингизни сира унутмайман! Агар Селденни тутиб олишса, хотиним бу аламга чидай олмайди.

– Бундан чиқди, Уотсон, сиз билан биз жиноятчини яшираётган эканмиз. Лекин энди уни тутиб беришни виждоним қабул қилмаса керак. Яхши, бу гапни бас қилайлик. Сиз кетишингиз мумкин, Бэрримор!

Эшик оғаси ўзининг қалтираган овози билан миннатдорчилик сўзларини ғулдираб эшик томон юрди, лекин остонада тўсатдан тўхтаб қолди…

– Сиз менга, сэр, шу қадар кўп яхшилик қилдингизки, бунинг учун ташаккуримни билдиришим керак, – деб довдирагандек гап бошлади у. – Мен баъзи нарсаларни биламан, сэр Генри… Шу вақтгача индамай юрганим эҳтимолки, нотўғри бўлгандир, аммо тергов тамом бўлганидан кейин баъзи нарсалар аниқланиб қолди. Мен буни ҳали ҳеч кимга айтганим йўқ… Бу гап сэр Чарлзнинг ўлимига тааллуқли.

Баронет билан биз ўрнимиздан сапчиб турдик.

– Унинг қандай ҳолатда ўлгани сизга маълумми?

– Йўқ, сэр.

– Бўлмаса, нима демоқчисиз?

– Хиёбондаги эшикча олдида ярим кечада у нима учун турганининг сабабини биламан. У бир аёл билан учрашмоқчи эди.

– Аёл билан учрашмоқчи эди? Сэр Чарльз-а?

– Ҳа, сэр.

– Ким экан у аёл?

– Унинг номини билмайман, сэр. Фақат биринчи ҳарфларинигина биламан: «Л.Л.»

– Буни қаёқдан билдингиз, Бэрримор?

– Сэр Генри, ўша куни эрталаб амакингиз бир хат олган эди. Одатда, унинг номига жуда кўп хат келар эди, ахир у маълум, машҳур ва ўз саховати билан танилган киши эди-да. Ҳамма унга ўз дардини айтар эди. Лекин ўша куни эрталаб фақат битта хат келди, шунинг учун ҳам ўша хат эсимда қолди. Конвертдаги манзил аёл кишининг қўли билан ёзилган эди, конверт штампида эса: «Кумби-Треси» деган сўзлар бор эди.

– Хўш?

– Агар хотиним айтмаганда, бу хат эсимга тушмаган бўлур эди. Бундан бир неча ҳафта олдин хотиним сэр Чарльзнинг кабинетини – унинг вафотидан кейин биринчи марта супуриб-сидираётганида камин ичидан бир варақ қоғоз топиб олди. Бу қоғознинг кўп қисми куйиб кулга айланган бўлса ҳам, лекин унинг кичик бир парчаси – энг охири – бутун қолган эди, гарчи оловнинг тафти сиёҳ изларини хиралантириб юборган бўлса ҳам, аммо қоғоздаги сўзларни ўқиб олиш мумкин эди, қоғознинг ўзи кўмирга айланган эди. Қоғозда қолган сўзлар кейин ёзилган илова бўлса керак, биз қуйидаги сўзларни ўқидик: «Сизни жентльмен деб ўтинаман: бу хатни ёндириб ташланг ва кечқурун соат ўнда хиёбондаги эшикча олдига келиб кутиб туринг». Шу сўзлар остида: «Л.Л.» деган иккита ҳарф бор эди.

– Сиз ўша хат парчасини сақлаб қўйибсизми?

– Йўқ, сэр. Қоғоз қўлимда сочилиб кетди.

– Бундан олдин ҳам сэр Чарльз худди шу қўл билан ёзилган хатларни олганмиди?

– Билмайман, сэр, бунга эътибор бермаганман. Шу хатнинг ўзи ҳам ўша куни келган бирдан-бир хат бўлгани учунгина эсимда қолди.

– Сиз «Л.Л» кимлигини ҳам билмайсизми?

– Йўқ, сэр, сира билмайман. Лекин агар шу хонимни қидириб топа олсак, сэр Чарльз ўлимининг баъзи тафсилотларини билиб олган бўлур эдик, деб ўйлайман.

– Мен сизга тушунолмай қолдим, Бэрримор! Шундай муҳим маълумотларни нега шу вақтгача яшириб юрдингиз?

– Биласизми, сэр, шу воқеа кетидан дарҳол ўзимизнинг бошимизга ҳам катта кулфат тушди. Бундан ташқари, хотиним иккимиз сэр Чарльзни жуда яхши кўрар эдик ва унинг саховатларини эсдан чиқармас эдик. Эски гапларни кавлаштириб нима қиламиз, деб ўйладик. Бечора хўжайинимизга бу нарса бари бир ёрдам бермайди, модомики, бу ишга аёл киши аралашган экан, эҳтиётлик билан ҳаракат қилиш керак. Ахир, энг баобрў кишилар ҳам…

– Демак, сиз бу нарса унинг хотирасини таҳқирлаши мумкин, деб ўйлабсиз-да?

– Ҳа, сэр, бу ишдан ҳеч бир яхшилик чиқмайди, деган қарорга келдик. Лекин сиз бизга жуда кўп яхшилик қилдингиз… Шунинг учун ҳам билганларимни сиздан яширгим келмади.

– Яхши, Бэрримор, кетишингиз мумкин. Эшик оғаси чиқиб кетганидан кейин сэр Генри менга қараб:

– Хўш, Уотсон, бу янгилик тўғрисида нима дейсиз? – деди.

– Менимча, бу янгилик қоронғиликни зулматга айлантириб юборди.

– Ҳа, гапингиз тўғри! Аммо агар биз ана шу «Л.Л.»нинг кимлигини билиб олсак, ҳамма нарса равшан бўлиб қолур эди. Энди биз кўп нарсадан хабардор бўлган бир аёл борлигини билиб олдик, шунинг ўзи ҳам катта муваффақият! Энди у хотинни топиш керак, холос. Хўш, энди нима қиламиз?

– Бу гапларнинг ҳаммасини дарҳол Холмсга хабар қилиш керак. Эҳтимол, бу нарса унинг жиноят изини топиб олишига ёрдам берар. У дарҳол бу ерга етиб келишига деярли аминман.

Мен хонамга бориб бугун эрталаб бўлган воқеалар тўғрисида Холмсга батафсил ҳисобот ёздим. Дўстим кейинги вақтларда иш билан жуда банд бўлса керак, чунки Бейкер-стритдан тобора жуда кам хат келяпти, хатлар ҳам тобора қисқа ёзиляпти. Шу хатларда менинг ҳисоботларим тўғрисида бир сўз ҳам айтилмаяпти, бу ерга келишимдан кузатилган мақсад ҳақида эса ора-сира тилга олиняпти, холос. Катта ғирромлик тўғрисидаги иш Холмснинг бутун кучини банд қилиб қўйганга ўхшайди. Лекин, кейинги воқеалар, ҳеч шубҳасиз, унинг эътиборини жалб қилади ва унда биз текшираётган ишга яна қизиқиш туғдиради. Дўстимнинг бу ерга келишини жуда ҳам истардим!

17 октябрь. Бугун куни билан ёмғир ёғиб турибди: оғир томчилар қалин бўлиб ўсган печакгулга шитирлаб тушмоқда, карнизлардан томиб турибди. Теварак-атрофи яланг, бефайз ботқоқлик ичида яшириниб ётган маҳбус эсимга тушди. Бечора! У ҳар қандай жиноят қилган бўлса ҳам, тортган азоблари унинг гуноҳини маълум даражада ювиб юборади. Сўнгра, анави, бошқа киши ҳам эсимга тушди… Кэб деразасида бир кўриниб ғойиб бўлган башара ва ойдинда яққол кўзга ташланган кишининг гавдаси. Наҳотки, ўша тутқич бермаётган айғоқчи, ўша зулмат кўмакчиси ҳам ҳозир мана шундай шаррос ёмғирда изғиб юрган бўлса?

Кечқурун сув ўтказмайдиган плашимни кийиб, даҳшатли манзараларни хаёлимда тасвирлаб, ботқоқликнинг ичкарисига жўнаб кетдим. Ёмғир бетимга шитирлаб уриб турарди, қулоқларимда шамол ғувилларди. Ҳозир Гримпен ботқоқлиги теварагида юрган кишиларни Худонинг ўзи сақласин! Мана шундай ёғингарчилик пайтида ҳатто бу ердаги тепаликларнинг этаги ҳам ботқоқликка айланади. Тепасида ёлғиз одам қаққайиб турган ўша тош устунни қидириб топдим ва унинг ғадирбудир устига чиқиб, пастдаги бефайз ботқоқликка назар солдим. Пастликдаги ерларни ёмғир суви босиб, ҳалқоб қилиб юборган эди, қора, қўрғошин каби оғир булутлар ер устини қоплаб олгандек кўринарди, булут парчалари орасида эса тепаликларнинг ажойиб манзараси кўзга ташланарди. Олисда, менинг чап томонимда жардаги дарахтлар тепасида Баскервиль-холлдаги ингичка миноралар туманда сал-пал кўриниб турарди. Тарихдан бурунги даврдан қолган, тепаликларнинг ёнбағрини ўйиб кирган ғорларни ҳисобга олмаганда, фақат ўша минораларнинг ўзигина бу жойларда одам борлигидан далолат берарди. Бундан икки кун аввал кечаси мана шу тош устуннинг тепасида мен кўрган нотаниш одамнинг изи ҳеч қаерда кўринмасди!

Қайтиб келаётганимда ўзининг аравасида Чирик ботқоқ томондан келаётган доктор Мортимер орқамдан етиб олди. Шу вақтгача докторнинг бизга илтифоти жуда катта эди, ҳар кун деярли Баскервиль-холлга келиб биздан ҳол-аҳвол сўраб турарди. Доктор мени аравасига ўтказиб олди ва уйимга элтиб қўймоқчи бўлганини айтди. У спаниель ити йўқолганидан жуда хафа. Ит ботқоққа қочиб кетди-ю, кейин қайтиб келмади. Қўлимдан келганича докторни юпатар эканман, Гримпен ботқоқлигига ботиб кетган отни эсладим, Мортимер энди итини кўролмаса керак, деб ўйладим.

Ўнқир-чўнқир йўллардан бораётган араваларда доктор билан бирга лиқиллаб бора туриб, унга:

– Айтгандай, доктор, бу ерда йўлингиз тушган жойлардаги одамларнинг ҳаммасини билсангиз керак? – дедим.

– Ҳаммасини биламан.

– Ундай бўлса, сиз номи «Л.Л.» ҳарфлари билан бошланадиган бирор аёлнинг тўлиқ исмини ва фамилиясини айтиб беролмайсизми?

Мортимер ўйлаб қолди, сўнгра жавоб берди:

– Йўқ. Ростини айтсам, бу ердаги лўлиларнинг ва фермалардаги ходимларнинг номларини биламан, деб кафил бўлолмайман, лекин фермалар ва жентрилар5151
  Жентри – Англияда ер-мулки унчалик катта бўлмаган дворянлар.


[Закрыть]
орасида номи шу ҳарфлар билан бошланадиган бирор киши борлиги эсимга тушмай турибди. Йўғ-э, тўхтанг, – деди бир оздан сўнг у. – Лаура Лайонс деган бир аёл бор. – «Л.Л.» унинг худди ўзи. Лекин у Кумби-Тресида туради.

– У ким ўзи? – деб сўрадим.

– Френкленднинг қизи.

– Ие! Ўша савдойи чолнинг қизими?

– Худди шундай. У бу ерга суратлар чизиш учун келган. Лайонс фамилияли бир рассомга эрга теккан эди. Рассом бемаъни одам экан, уни ташлаб кетди. Аммо эшитишимга қараганда, бутун айбни бир томонга тўнкаб бўлмайди. У қиз отасидан рухсат олмай эрга теккани учунми ё бўлмаса бошқа бир сабаб билан бўлса керак, отаси уни оқ қилган. Хуллас, икки ёмон одам – чол ҳам, йигит ҳам бечора қизнинг жонига тегишди.

– Аёл нима билан тирикчилик қилади?

– Қария Френкленд қизига оз-моз пул бериб турса керак, аммо берадиган пули унча кўп эмас, чунки, унинг ўзи аянчли аҳволда. Лекин қизининг гуноҳи ҳар қанча кўп бўлса ҳам, унинг бунчалик тубанлашиб кетишига йўл қўймаслик керак эди. Унинг воқеаси бу ерда маълум бўлиб қолгандан кейин қўшнилари, яъни Стэплтон билан сэр Чарльз унга ёрдам қилишди, ҳалол меҳнат қилиб тирикчилигини ўтказишига имконият беришди. Мен ҳам оз-моз ёрдам қилдим. Биз унинг машинкада босишни ўрганиб олишини истаган эдик.

Мортимер мендан «нега бунчалик қизиқяпсиз?», деб сўради, мен ҳам тафсилотларни баён қилмай, уни қондирадиган жавобларни бердим, чунки ишимиздан ўзга одамларни хабардор қилишимизнинг сира ҳожати йўқ эди.

Эртага эрталаб Кумби-Тресига бориб келаман, агар ўша суюқоёқлиги билан танилган хонимни – миссис Лаура Лайонсни кўришга муваффақ бўлсам, жумбоқларимиздан бирини ечиш учун катта иш қилган бўламиз.

Аммо камина бора-бора доно илонга айланиб қолмоқда. Мортимер ҳаддан ташқари кўп нарсаларни суриштиравергандан кейин мен гапни бошқа ёққа буриб, ундан, Фрекленднинг бош суяги қанақа типга киради, деб сўрадим ва шу билан суҳбат мавзусини ўзгартириб юбордим. Йўлнинг қолган қисмини унинг краниология5252
  Краниология – одамлар ва ҳайвонларнинг бош суягини ўрганувчи фан.


[Закрыть]
га доир маърузасини эшитиш билан ўтказдим. Шерлок Холмс билан бирга ўтказган йилларим мени ҳам кўп нарсага ўргатган эди.

Кишини зериктирадиган мана шу серёмғир куннинг тасвирини тамомламоқ учун яна бир гапни, яъни Бэрримор билан бўлган гапимизни эслатиб ўтаман. У билан гаплашиш қўлимга шундай бир козир бердики, хонаси келганда мен шу козирни босаман. Мортимер бизникида қолди, тушки овқатдан кейин улар қарта ўйнашга киришдилар. Эшик оғаси қаҳвани кабинетимизга келтириб берди, мен ҳам фурсатдан фойдаланиб, унга бир неча савол бердим.

– Хўш, Бэрримор, қайнингиз нималар қилиб юрибди? Жўнаб кетдими ё ҳали ҳам ботқоқликда яшаяптими?

– Билолмадим, сэр. Тезроқ жўнаб кетса яхши бўларди. Қайним туфайли жуда кўп ташвиш тортдик. Унга охирги марта, яъни бундан уч кун олдин овқат элтиб берганимдан бери хабарим йўқ.

– Ўшанда уни кўрганмидингиз?

– Йўқ, сэр, лекин кейин текширсам, овқат қўйган жойимда йўқ.

– Агар овқатни топа олмаган бўлсангиз, демак, ҳали ҳам у ўша ерда экан-да.

– Шундай бўлса керак, сэр, башарти овқатни анави бошқа киши еб қўймаган бўлса.

Қаҳвани кўтарганимча тўхтаб қолдим ва бутун вужудим билан Бэрриморга тикилдим.

– У ерда бошқа биров борлигини биламан, денг?

– Ҳа, сэр, ботқоқликда яшириниб юрган яна бир киши ҳам бор.

– Сиз уни кўрганмисиз?

– Йўқ, сэр.

– Бўлмаса, у одамни қаёқдан биласиз?

– Буни менга бундан бир ярим ҳафта бурун Селден айтган эди. У одам ҳам яшириниб юрибди, лекин, чамамда, маҳбуслардан бўлмаса керак…

Тўсатдан Бэрриморнинг оғзидан бир гап чиқиб кетди:

– У одам менга сира ёқмайди, доктор Уотсон, сира ҳам ёқмайди.

– Гапимга қулоқ солинг, азизим! Бу ерда фақат мен хўжайинингиз манфаатини кўзлаб юрибман. Фақат унга ёрдам бераман, деб бу ерга келганман. Менга тўғрисини айтинг, у одамнинг сизга нимаси ёқмайди?

Бэрримор беихтиёр шу гапни айтиб юборганига афсуслангандек бўлибми ёки юрагини титкилаб турган ҳисларни ифодалаб берадиган муносиб сўз тополмаганиданми, ҳар ҳолда, бир дақиқа иккиланиб турди.

– Хуллас, у ерда бўлаётган нарсаларнинг ҳаммаси менга ёқмайди, сэр! – деди ниҳоят Бэрримор ва ботқоқлик томонга қараган, ёмғир суви шалдираб оқиб турган деразани кўрсатиб. – Бу нарса яхшиликка олиб келмайди. У ерда жуда ёмон бир иш қилмоқчилар, бу гапимга ишонаверинг! Ҳозир мен фақат бир нарсани айтишни истайман: сэр Генри бу ердан тезроқ Лондонга жўнаб кетсин.

– Сизни нима бунчалик қўрқитяпти?

– Сиз сэр Чарльзнинг ўлимини эсланг! Терговчи нима деса деяверсин! Ботқоқликда кечалари нималар бўлаётганига бир қулоқ солинг. Қуёш ботганидан кейин ҳеч ким, ҳар қанча пул берсангиз ҳам ботқоқликка боришга рози бўлмайдику… Аммо у одам ботқоқликда яшириниб, кимнидир пойлаб юрибди, кимни пойлаб юрибди? Буларнинг боиси нима бўлдийкин? Йўқ, Баскервиль номли кишиларга бу воқеалар яхшилик келтирмайди. Сэр Генрининг янги хизматчилари келиб менинг ўрнимда ишга тушадиган ва бу ердан жўнаб кетишим мумкин бўлган кунни кўролмасам керак.

– Ўша одам тўғрисида менга гапириб беринг, – дедим. – У ҳақда нималар биласиз? Селден нималар деди? Унинг қаерда ва нима учун яшириниб ётгани маълумми?

– Селден уни икки марта кўрибди, лекин у эҳтиёткор, айёр одам. Дастлаб Селден уни полиция бўлса керак, деб ўйлабди, аммо кейин у бутунлай бошқа одам эканлигига қаноат ҳосил қилибди. Кўринишдан у жентльмен одамга ўхшармиш, лекин у ерда нима қилиб юрганини сира тушунолмайсан киши.

– Унинг жойи қаерда экан?

– Селденнинг айтишига қараганда, тепалик ёнбағридаги эски ғорларни макон қилиб олибди. Қадим замонларда одамлар яшаган тош ғорларни ўзингиз ҳам билсангиз керак.

– У нима билан тирикчилик қилар экан?

– Қандайдир бир бола унинг олдига келиб юрганини Селден кўриб қолибди. Унга овқат ва бошқа керакли нарсаларнинг ҳаммасини ўша бола Кумби-Тресидан келтириб бериб турса керак.

– Яхши, Бэрримор. Бу тўғрида сиз билан бошқа бир вақтда яна гаплашамиз.

Эшик оғаси чиқиб кетганидан кейин дераза олдига бордим ва шамол силкитаётган дарахтларга, осмонда сузиб юрган булутларга хира ойнадан қараб турдим. Шундай ёғингарчиликда ҳатто уй ичида ҳам одамнинг кўнгли ғаш бўлиб турган бир маҳалда ботқоқликдаги тош ғор ичида аҳвол қандай бўлдийкин! Шундай жойга ва шундай маҳалда ўрнашиб олиб, пойлаб ўтирган кишининг кўнглида жуда катта нафрат тўпланган бўлса керак! У одам ўзини шунчалик қийноққа солишининг боиси нима бўлдийкин?

Фикримни банд қилиб қийнаб турган вазифанинг моҳияти ўша ғорлардан бирининг ичидан топилса керак. Қасамёд қилиб айтаманки, орадан бир кун ҳам ўтказмай, қўлимдан келган ҳамма чорани кўраман ва шу сирнинг нималигини билиб оламан!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации