Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 28 (всего у книги 29 страниц)
XIV БОБ
Баскервилларнинг ити
Шерлок Холмснинг камчиликларидан бири шуки (агар буни камчилик деб айтиш мумкин бўлса), у ўз режалари амалга оширилмагунча ҳеч қачон ҳеч кимга айтмас эди. Бу одам атрофидагиларга буюриб иш қилдиришни ва уларни ҳайратда қолдиришни яхши кўрганиданми ёки беҳуда таваккал қилишга имкон бермайдиган профессионал эҳтиёткорликданми, ҳар ҳолда, у ўз режаларини мана шундай пинҳон тутарди. Бу пинҳонликнинг сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, Шерлок Холмснинг бу хилдаги табиати унга агент ёки ёрдамчи бўлиб ишлаган кишиларни кўпинча мушкулликда қолдирар эди. Ўзим унинг бу табиатидан кўп марталаб машаққат тортганман, лекин зулматдан узоқ юриб, тортган азобларим эса ўтмишда дуч келган мушкулликлардан ошиб тушди. Биз анча оғир машаққатга бардош беришимиз керак эди, лекин ҳал қилувчи охирги зарбани беришга тайёр эдик. Аммо Холмс сира чурқ этмай юраверди, мен бўлсам, зийраклигим туфайлигина унинг режаларини пайқаб оладиган бўлиб қолдим. Сабр-тоқатим тугай деганда тўсатдан эсган совуқ шамол юзимга урилди ва қоронғиликка, тор йўлнинг иккала томонида чўзилиб кетган кенг бўшлиққа қарашим билан яна ботқоқликка чиқиб қолганимизни тушундим. Отларнинг ҳар бир қадами, ғилдиракларнинг ҳар бир бурилиши бизни барча воқеалар жумбоғини ечишга яқинлаштирмоқда эди.
Кумби-Тресида биз ёллаган аравакаш олдида ишимиз тўғрисида гапириб бўлмас эди, ҳар қанча ҳаяжонланиб турганимизга қарамай, қандайдир арзимас нарсалар тўғрисида суҳбатлашиб боравердик. Йўлдан сал нарироқда Френкленднинг уйи кўриниши билан ўзимни енгил ҳис қилдим, чунки шу уйдан Баскервиль-холлга ва фожианинг охирги кўриниши ўйналадиган жойга қадар бўлган масофа икки-уч милдан ошмас эди. Уйнинг олдида тўхтамай, қарағайзор хиёбондаги эшикча олдига аравадан тушмай бориб, сўнгра аравакашнинг кира ҳақини тўладик, уни Кумби-Тресига қайтариб юбордик, аммо ўзимиз Меррипит-хаус томон йўл олдик. Ёнингизда қуролингиз борми, Лестрейд?
Жиккак хуфия жилмайди:
– Модомики, шим кийиб олган эканман, демак шимнинг орқасида чўнтаги ҳам бўлади, шимнинг орқа чўнтаги бор экан, демак, у бўш бўлмайди.
– Жуда соз! Уотсон билан биз ҳам рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай кутилмаган ҳодисаларга шайланиб қўйганмиз.
– Кайфиятингиз жуда жиддий эканлиги кўриниб турибди, мистер Холмс. Айтинг-чи, бу ўйинда биздан нима талаб қилинади?
– Сабрли бўлиш. Кутиб турайлик-чи.
– Дарҳақиқат, бу ерларнинг унчалик файзи йўқ экан! – Хуфия елкаси билан бурилиб, тепаликларнинг ёнбағирларига ва Гримпен ботқоқлиги устида кўл каби ёйилиб ётган туманга қаради. – Ҳув анув жойда чироқ кўриняпти.
– Меррипит-хаус деган жой ўша бўлади, – деди Холмс, – биз ўша жойга боришимиз керак. Энди сиздан мумкин қадар товуш чиқармайдиган қилиб қадам ташлашингизни ва шивирлаб гапиришингизни илтимос қиламан.
Уй томонга олиб борадиган сўқмоқ йўлдан эҳтиётлик билан боравердик, лекин ўша уйга икки-уч қадам қолганида Холмс тўхтади.
– Нари боришнинг кераги йўқ, – деди у. – Анави тошлар бизни ўз паноҳида жуда яхши сақлаб тура олади.
– Шу ерда кутиб тураверамизми?
– Ҳа, шу ерда пистирма қиламиз. Сиз, Лестрейд, шу жойда туринг. Уотсон, сиз уйида бўлган эдингиз, шекилли? Хоналарнинг қаердалигини биласизми? Анави пардали деразани кўряпсизми, у қанақа хона?
– Ошхона бўлса керак.
– Ундан кейингиси, чироқ ёниб тургани-чи?
– Овқатланиш хонаси.
– Пардалар кўтарилди. Бу уйга қандай киришни сиз мендан кўра яхшироқ биласиз. Деразага қаранг-чи, улар нима қилишяпти? Худо ҳаққи, секинроқ! Сизни тағин эшитиб қолишмасин.
Стэплтонларнинг дарахтлари қовжираб қолган боғчасининг пастак тошдевори олдига оёқ учида сездирмай бордим ва деворнинг соясига ўтиб, пардаси кўтарилган деразага қараб туриш мумкин бўлган жойга етиб олдим.
Хонада икки эркак – сэр Генри билан Стэплтон бор эди. Улар думалоқ стол атрофида бир-бирларига рўпара бўлиб, сигара чекиб ўтиришарди, уларнинг менга фақат ён томони кўринарди. Олдиларида қаҳвали пиёлалар ва вино турибди. Стэплтон нималарнидир жон-жаҳди билан гапиряпти, баронет бўлса, бўзариб унинг гапларига диққат билан қулоқ солиб ўтирибди. У мудҳиш ботқоқликлардан ўтиб, тез орада уйга қайтиши лозимлигини ўйлаб безовга бўлаётганга ўхшайди.
Лекин Стэплтон ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди, сэр Генри эса стаканга вино қуйиб қўйди ва сигарасини тутатиб, стулга суяниб олди. Эшик ғижирлаганини, сўнгра сўқмоқдаги шағал тош шитирлаганини эшитдим. Қадам товушлари менга яқинлашиб келмоқда эди. Кўтарилиб девордан қараган эдим, табиатшунос боғнинг бурчагида кичкина ҳужра олдида тўхтаганини кўрдим. Қулф шиқиллаб очилди, ҳужрадан эса қандайдир тапир-тупир товуш эшитилди. Стэплтон ҳужра ичида икки дақиқадан ортиқ тургани йўқ, яна қулф шиқиллади, у ёнимдан ўтиб кетди ва уйга кириб ғойиб бўлди. У ўзининг меҳмони олдига қайтиб келганини кўрдим, эҳтиётлик билан ўртоқларим олдига келиб, шуларнинг ҳаммасини гапириб бердим.
Гапимни тамомлаганимдан кейин Холмс сўради:
– Демак, уларнинг ёнида аёл киши йўқ эканда!
– Йўқ.
– Қаерда бўлдийкин? Ошхона билан овқатланадиган хонадан бўлак ҳамма деразалар қоронғи-ку.
Аёл киши қаердалигини мен ҳам билолмадим.
Гримпен ботқоқлиги устини қалин оқ туман қоплаганини ҳали айтиб ўтган эдим. Туман астасекин биз томонга ёйилиб келаверди, бизни ўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам паст, лекин бамисоли қалин девор каби қуршаб олди. Юқоридан тушиб турган ойдин ёруғи туманни йилтираб турган музликка айлантириб юборди, олисдаги тош устунларнинг учи туманнинг устида бамисоли қора чўққидек қаққайиб турарди. Холмс ўша томонга бурилиб ва аста-секин сурилиб келаётган ана шу оқ деворга қараб сабрсизлик билан тўнғиллади:
– Қаранг, Уотсон, туман тўппа-тўғри бизга бостириб келяпти.
– Туман бўлиши яхши эмасми?
– Ундан кўра ёмонроғи бўлмайди. Менинг режаларимни бузиши мумкин бўлган бирдан бир нарса мана шу тумандир. Лекин сэр Генри у ерда ўтириб қолмайди. Ҳозир соат ўн бўлди. Энди ҳамма нарса – бизнинг муваффақиятимиз ҳам, ҳатто сэр Генрининг ҳаёти ҳам у туман сўқмоқ йўлни қоплаб олмасдан олдин йўлга чиқиб олишига ёки чиқиб олмаслигига боғлиқ.
Тунги осмон мусаффо эди, битта ҳам булут кўринмасди. Осмондаги юлдузлар милтиллаб, ой нури ботқоқликни хирагина ёритиб турарди.
Томи тик қилиб ёпилган иморат рўпарамизда қоп-қорайиб турар, унинг мўркон мўрилари эса юлдузли осмонга интилаётгандай бўлиб кўринарди. Уйнинг пастки қаватидаги деразалардан кенг ёруғлик боққа, ундан ҳам нари ботқоқликка тушарди. Деразалардан бирида чироқ тўсатдан ўчди. Хизматкорлар ошхонадан чиқишди. Энди чироқ фақат овқатланадиган хонада ёнарди. Бу хонада икки киши – уй эгаси бўлган қотил ва ҳеч нарсадан хабари йўқ меҳмон сигара чекиб, ўз суҳбатларини давом эттиравердилар.
Ботқоқликни деярли батамом қоплаб олган оқ туман ҳар дақиқада уйга яқинлашиб борарди. Бу туманнинг бир учи чироқ кўриниб турган деразани кўринар-кўринмас тўсиб қўя бошлади. Боғнинг олисдаги деворини туман қоплаб кўринмай қолди, туман орасида фақат дарахтларнинг учигина кўриниб турарди. Мана, туманнинг оқимтир ҳалқалари уйнинг икки томонида пайдо бўлиб, қалин тўлқин каби аста-секин бир-бирига қўшилди, уйнинг юқори қавати ва томи туман орасида афсонавий денгиз тўлқинларида қалқиб турган мўъжизакор кемадек кўринди. Холмс бизни яшириб турган тошни жаҳл билан муштлади ва тоқати тоқ бўлиб ер тепинди:
– Агар у чорак соатдан кейин уйдан чиқмаса, сўқмоқни туман қоплайди, ярим соатдан кейин эса биз бу зулматда ўз қўлимизни ҳам кўролмайдиган бўлиб қоламиз.
– Бир оз нарироққа борайлик, у ер баландроқ.
– Ҳа, шундай қилмасак бўлмайди.
Туман бизга яқинлашган сари, тобора нари чекина бердик, ниҳоят, уйдан ярим мил нарига бориб қолдик. Лекин ойдинда усти кумушдай оқариб турган туман денгизи биз турган жойга ҳам етиб келди, ўзининг секин, тўхтовсиз ҳужумини давом эттираверди.
– Биз жуда узоқлашиб кетдик, – деди Холмс. – Энди иш чатоқ бўлади: у бизнинг олдимизга келишга улгурмасданоқ орқасидан етиб келишлари мумкин. Майли, нима бўлса бўлди, шу ердан силжимаймиз.
Холмс чўккалаб ерга қулоғини тутди.
– Худога шукр! Келаётганга ўхшайди! Жимжит ботқоқликда тез юриб келаётган кишининг қадам товушлари эшитилди. Биз тошлар орқасида энгашиб олиб, яқинлашиб келаётган кумушранг қуюқ туманга бор кучимиз билан тикилиб турардик. Қадам товуши тобора яқинлашаверди, ниҳоят, биз кутган киши худди пардани кўтариб юборгандек, туман орасидан чиқди. У юлдузлар чақнаб турган осмонни кўриб, атрофига таажжубланиб назар солди. Сўнгра, тез қадам ташлаб, сўқмоқ йўлга ўтиб олди, ёнимиздан ўтиб, биз турган тошларнинг нариги томонидаги қияма тепаликка кўтарила бошлади. У бораётиб, бир нарсадан хавотир бўлгандек, ҳамиша орқасига қайрилиб қараб қўярди.
– Тсс, – деб шивирлади Холмс ва тўппончасини отишга тайёрлади. – Қаранг! Ана у қотил!
Бизга яқинлашиб келаётган қуюқ туман орасида бир маромда тақиллаётган қадам товуши эшитилди. Бамисоли девор каби оқ туман биздан эллик қадам чамаси нарида эди, ўша томондан қандай мудҳиш махлуқ пайдо бўлишини билмай, учовимиз ўша туман томонга тикилиб қараб турдик. Ёнимда турган Холмсга кўз қирим билан қараган эдим, унинг оқариб кетган, ҳаяжонланган чеҳрасини, ойдинда ёниб турган кўзларини кўрдим. Тўсатдан унинг чеҳраси ўзгарди; қарашида жиддият ва қатъият пайдо бўлди, ҳайратланганидан оғзи очилиб анқайиб қолди. Худди шу сонияда Лестрейд қўрққанидан бақириб юбориб, ерга муккайиб ётиб олди. Мен қаддимни ростлаб ва кўзимга кўринган мудҳиш манзарадан ўзимни йўқотиб қўйгандек, кучсизланиб қолган қўлим билан тўппончага ёпишдим. Ҳа! Мен кўрган нарса қоп-қора, жуда катта баҳайбат ит эди. Лекин бунақа итни инсон боласи шу кунгача кўрмаган деса бўлади. Унинг очилган оғзида ўт ёниб турар, кўзлари учқун сочар, тумшуғида ва ёлида милтиллаган олов товланарди. Туман орасидан сапчиб чиққан бундай жаҳаннам махлуқи сингари даҳшатлироқ, жирканчроқ махлуқни ҳеч ким тушида ҳам кўрмаган бўлса керак.
Мудҳиш махлуқ дўстимизнинг изларини искаб, сўқмоқдан катта-катта қадам ташлаб борарди. У ёнимиздан ғизиллаб ўтиб кетганидан кейингина ўзимизга келдик. Ана шунда мен ҳам, Холмс ҳам бирданига ўқ уздик, биз тўппонча отишимиз билан даҳшатли бўкирган товушни эшитдик. Ана шунда биз отган ўқларимиздан лоақал биттаси мўлжалга бориб текканига қаноат ҳосил қилдик. Лекин ит тўхтамасдан олдинга ғизиллаб бораверди. Сэр Генри атрофга аланглаб, ранги ўлгудек оқариб, қўрққанидан қўлини кўтарганини ва ўзига етиб келаётган даҳшатли махлуқдан кўзини узмай мана шундай ожиз бир ҳолатда қаққайиб туриб қолганини ойдинда кўрдик.
Лекин итнинг оғриқ аламига чидолмай инграган товуши биздаги қўрқув ҳисларининг ҳаммасини тарқатиб юборди. Тирик жоннинг ҳаммаси ўлади, агар уни жароҳатлантириш мумкин экан, демак, ўлдириш ҳам мумкин. Тавба, ўша кун кечаси Холмснинг чопишини кўриб ҳайрон қолдим. Мен ҳамиша яхши чопқир киши деб ҳисобланиб келганман, лекин жиккак хуфиядан мен ўзиб кетган эдим, Холмс эса мендан ўзиб кетди. Биз сўқмоқ йўлдан чопиб борар эканмиз, сэр Генрининг тинмай қичқираётганини ва итнинг бўғиқ бўкиришини эшитиб бордик. Ит сэр Генрига ёпишиб, уни ағдарган ва бўғзига човут солмоқчи бўлиб турган дақиқада етиб бордим, лекин Холмс итнинг ёнбошига кетма-кет бешта ўқ теккизди. Ит охирги марта инграб, ғазабидан тишларини ғижирлатиб, чалқанча ағдарилди ва тўрт оёғини талвасада типирчилатиб жон берди. Кўп чопганимдан ҳарсиллаб итнинг устига энгашдим ва унинг ярқираб турган даҳшатли тумшуғига тўппончамнинг оғзини қададим, лекин отишга ҳожат қолмади. Баҳайбат ит ўлиб ётарди.
Сэр Генри ит етиб олган жойда беҳуш йиқилган эди. Биз унинг ёқасини олиб ташладик, Холмс эса жароҳатланмаганига ва ўз вақтида ёрдамга етиб келганимизга қаноат ҳосил қилиб, тақдирга тасанно айтди. Сэр Генрининг кўзи очилгандек бўлди ва салгина қимирлади. Лестрейд коньяк тўлдирилган фляганинг оғзини сэр Генрининг тишларини ёриб туриб тиқди ва орадан бир сония ўтгач, қўрқув босган икки кўз очилиб бизга қаради.
– Тавба! – деб пичирлади баронет. – Нима бало бўлди? Қани у?
– Уни йўқ қилдик, – деди Холмс. – Сизларнинг авлодингизни таъқиб қилиб келган мудҳиш махлуқ ўлдирилди.
Олдимизда ётган мудҳиш махлуқ ўзининг катталиги ва баҳайбатлиги билан ҳар қандай одамнинг ҳам эсхонасини чиқариб юбориши мумкин эди. Бу ит зотли този ит ҳам эмас, зотли мастиф ит ҳам эмас, балки катталиги ёш урғочи шердан қолишмайдиган дурагай, бақувват, даҳшатли кўппак бўлса керак. Унинг жуда катта оғзидан ҳали ҳам зангори аланга ёруғи кўриниб турарди, чуқур ваҳший кўзларининг атрофи бамисоли ўтли гардиш билан ўралгандек кўринарди. Мен ўт каби ялтираб турган бошини ушлаб кўрдим ва қўлимни тортиб олиб қарасам, қоронғуликда бармоқларим ҳам ярқираётганига кўзим тушди.
– Фосфор, – дедим.
– Ҳа, қандайдир алоҳида препарат бу, – деди Холмс, гапимни тасдиқлаб ва ҳидлаб кўриб. – Ит ҳид билмайдиган бўлиб қолмасин деб бу препарат ҳидсиз қилиб тайёрланган. Сизни шундай даҳшатли синовга дуч қилганим учун бизни кечиринг, сэр Генри. Итни кўришга тайёрланган эдим-у, лекин бу ит шу қадар даҳшатли махлуқ бўлиб чиқишини сира кутмаган эдим. Яна бунинг устига бизга туман халақит берди, шунинг учун ҳам биз бу итни муносиб кутиб ололмадик.
– Сизлар жонимни сақлаб қолдингиз.
– Аввал хавф остида қолдириб, сўнгра сақлаб қолдик. Хўш, ўрнингиздан тура оласизми?
– Менга яна бир қултум коньяк беринг, уни ичиб ўзимга келаман. Раҳмат! Энди сизларнинг ёрдамингиз билан тураман. Хўш, энди нима қилмоқчисизлар?
– Ҳозирча сизни бу ерда қолдирамиз, бу кеча кўп кулфат тортдингиз, сўнгра эса, биттамиз сиз билан бирга уйингизга қайтиб борамиз.
Баронет туришга ҳар қанча уринса ҳам, лекин туролмади. У докадек оқариб кетган эди ва бутун вужуди қалтирарди. Биз уни тош олдига олиб келдик, у бутун вужуди билан қалтираб тошга ўтирди ва қўллари билан юзини беркитди.
– Энди кетмасак бўлмайди, – деди Холмс. – Бошланган ишимизни тамомлашимиз керак. Ҳар бир дақиқа ғанимат. Жиноятни исботлайдиган далилларнинг ҳаммаси энди мавжуд, фақат жиноятчини ушлаб олиш қолди.
Холмс сўқмоқ йўлда биз билан ёнма-ён тез-тез қадам ташлаб бораркан, гапини давом эттирди:
– Сизлар билан баҳслашишим мумкин: у уйдан аллақачон чиқиб кетган. Ўқ товушини эшитмаслиги мумкин эмас, шунинг учун ҳам у сири очилиб қолганини тушунган бўлиши керак.
– Йўғ-э. Унинг уйидан анча олисда ўқ отилдику, яна бунинг устига туман товушни унчалик эшиттирмайди.
– У итнинг кетидан изма-из йўлга чиққанига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас, чунки итни сэр Генридан ажратиб олиши керак-ку, ахир. Йўқ, биз уни уйдан тополмаймиз! Лекин шундай бўлса ҳам, уйнинг ҳамма томонини қидириб кўриш керак.
Уйнинг эшиги очиқ қолдирилган экан, биз уйга югуриб кириб ҳамма хоналарни дарров кўздан кечириб чиқдик, даҳлизда бизни кутиб олган қари хизматкор ҳайрон бўлиб қараб тураверди. Фақат овқатланадиган хонадагина чироқ ёниб турарди. Лекин Холмс у ердан лампани олиб, уйнинг ҳамма бурчакларини текшириб чиқди. Биз қидирган одам дом-дараксиз ғойиб бўлган эди. Бироқ иккинчи қаватдаги ётоқхоналардан бирининг эшиги ёпиқ экан.
– Бу ерда биров борми? – қичқирди Лестрейд. Хона ичида секингина инграган ва шитирлаган товуш эшитилди. Холмс эшикни бир тепган эди, у ланг очилиб кетди. Биз тўппончаларимизни отишга тайёрлаб хонага бостириб кирдик.
Лекин қидириб юрган аблаҳни бу ердан ҳам топмадик. Унинг ўрнига ниҳоят даражада ғалати ва кутилмаган бир нарсани кўриб жойимизда қотиб қолдик.
Бу хона бамисоли кичкина музейга ўхшарди. Деворларида ойнавонли қутилар жуда кўп экан. Ўша мураккаб ва жиноятчи шахснинг энг севган нарсалари – хилма-хил капалаклар коллекцияси шу қутиларда сақланар экан. Хонанинг ўртасида бир учи шифтдаги чирик харига тегиб турган йўғон устун кўзга ташланди. Шу устунга оқ чойшаб билан бошидан оёғигача ўралиб боғлаб қўйилган киши турарди, биринчи дақиқада бу одам эркакми ёки хотинми, ҳатто дарров пайқаб ололмадик. Бир сочиқ билан унинг ТОМОғИ ўраб қўйилган, иккинчи сочиқ билан даҳани буркалган-у лекин фақат кўзи очиқ қолдирилган эди. Даҳшат ва уят билан тўлган бу кўзлар бизга савол бергандек мўлтираб турарди. Бир нафасда биз чойшаб ва сочиқларни ечиб ташладик, ана шунда олдимизга худди миссис Стэплтоннинг ўзи ағдарилиб тушди. Унинг боши эгилиб, кўкрагига тегиб турарди, ана шунда унинг бўйнида дарра зарбидан қолган қизил чандиқни кўрдик.
– Аблаҳ! – деб қичқириб юборди Холмс. – Лестрейд, коньяк қани? Уни стулга ўтказиб қўйинг. Бунақа қийноқлар ҳар қандай одамни ҳам ҳушидан кеткизиб қўяди.
Миссис Стэплтон кўзларини очди.
– У омон қолдими? – деб сўради хотин. – У қочиб кетдими?
– У биздан қочиб қутулолмайди, хоним.
– Йўқ, йўқ, мен эримни сўраётганим йўқ. Сэр Генри… қутулиб қолдими?
– Ҳа.
– Ит-чи?
– Ўлдирилди.
Аёл чуқур хўрсинди.
– Худога шукр! Худога шукр! Аблаҳ! Қаранг, у мени нима қилиб қўйди! – Хотин иккала енгини шимарган эди, биз унинг қўллари моматалоқ бўлиб кетганини кўрдик. – Лекин фақат шугина эмас… Буниси ҳам майли. У жонимни қийнаб юборди, қонимга ташна қилди. У киши мени севади, деган озгина умид туфайли ҳамма нарсага чидаб келдим, ҳамма нарсага: ёмон муомалага, ёвузликка, нуқул алдашдан иборат ҳаёт кечиришга – ҳамма нарсага чидаб туравердим… Лекин у мени алдайверди, мен унинг қўлида қурол бўлиб қолдим! – Аёл чидолмай ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Ҳа, хоним, унга яхшилик тилаш учун бизда ҳеч қандай асос йўқ, – деди Холмс. – Бас, шундай экан, уни қаердан қидириш кераклигини бизга айтиб беринг. Сиз унинг шериги бўлган экансиз, ўз айбингизни ювиш учун келган фурсатдан фойдаланинг – бизга ёрдам беринг.
– У фақат бир жойга яшириниши мумкин, бошқа борадиган жойи йўқ, – деб жавоб берди хотин. – Ботқоқликнинг қоқ ўртасида бир вақтлар тош кавлаб олинган қуруқ жой бор. Итни ҳам у ўша жойда сақлар эди, мабодо қочиш керак бўлиб қолса, лозим бўлади, деб ҳамма нарсани ўша жойга тайёрлаб қўйган эди.
Холмс лампани деразага тутди. Туман оқ пахтадек дераза ойнасига ёпишиб олган эди.
– Бу ёққа қаранг, – деди у. – Бугун кечаси ҳеч ким Гримпен ботқоқлигига йўл топиб боролмайди.
Миссис Стэплтон чапак чалиб, кулиб юборди. Унинг кўзлари чақчайиб кетди.
– У ерга-ку йўл топиб боради, аммо қайтиб келолмайди, – деди хотин. – Мана шундай қоронғи кечада йўлдаги белгиларни кўриб бўладими? Ботқоқлик орасидан ўтган сўқмоқ йўлни топиб олиш учун белгиларни икковимиз қўйиб чиққанмиз. Аттанг, ўша белгиларни бугун олиб ташлаш эсимга келмапти-я! Белгиларни олиб ташлаганимда эди, у сизларнинг қўлингизга тушган бўлур эди!
Мана шундай туманда уни қувлаб боришнинг иложи йўқ эди. Биз Лестрейдни Меррипит-хаусга тўла ҳуқуқли хўжайин қилиб қолдириб, ўзимиз сэр Генри билан Баскервиль-холлга қайтиб келдик. Стэплтонлар воқеасини энди ундан яшириб бўлмас эди. У ўзи севган хотин тўғрисидаги бутун ҳақиқатни эшитганидан кейин, бу зарбага мардларча бардош берди.
Бироқ тунги мудҳиш воқеалар баронетга таъсирсиз қолмади. Эрталабгача иситмаси чиқиб, беҳуш бўлиб қолди ва доктор Мортимер унинг олдидан нари кетмади. Орадан анча вақт ўтгач, иккови бутун дунёни айланиб саёҳат қилишди, шундан сўнггина сэр Генри Англиядаги ўзининг мана шу касофат ер-мулкига меросхўр бўлиб келган вақтидагидек яна хушчақчақ, соғлом киши бўлиб қолди.
Энди ғалати қиссамнинг охири тез яқинлашиб келмоқда. Ҳаётимизни шу қадар узоқ заҳарлаб келган ва охири мана шундай фожиа билан тугаган ваҳимали воқеаларнинг ҳаммасини ва мужмал жумбоқларнинг ҳаммасини китобхон биз билан бирга ўз кўзи билан кўргандек бўлсин, деган умид билан бу қиссани ёзиб чиқдим.
Эрталаб туман тарқалди ва миссис Стэплтон бизни ботқоқлик орасидан ўтган сўқмоқ йўл бошланган жойга олиб борди. Бу хотин бизни эрининг изига шу қадар бажонидил ва хурсандлик билан йўллаб қўйдики, ана шундагина биз унинг ҳаёти нақадар даҳшатли бўлганини аниқ англадик. Ботқоқлик ичига ярим орол каби суқилиб кирган тор торфзор олдида хотин билан хайрлашдик. Гоҳ у жойга, гоҳ бу жойга тиқиб қўйилган кичкина новдалар дўнгалакдан илон изи бўлиб буралиб ўтган сўқмоқчани кўрсатиб турарди, бу дўнгаклар кўм-кўк ўт қоплаган ботқоқлик ичида бамисоли яшил деразадек бўлиб кўринарди. Бу жойларни билмаган кишилар йўл топиб юролмасди. Чириган қамишдан ва лойқа босган сув ўтларидан кўтарилган буғ ботқоқликни қоплаб турарди. Баъзан билқиллаган ботқоқликка ботиб кетиб, йўлимизни аранг топиб олардик. Оёқларимизга ёпишиб олган балчиқ қадам босишни қийинлаштирар, маҳкам ушлаб олган акашак қўлдек оёқларимизни ботқоқлик ичига тортар эди. Бу хатарли йўлдан биз биринчи марта бормаётганимизни кўрсатувчи фақат бирдан-бир далилга кўзимиз тушди. Ботқоқлик ўти ўсган дўнгалакда нимадир қорайиб ётарди. Холмс у ерга бормоқчи бўлиб қадам қўйган эди, дарров ярим белидан ботқоқликка ботиб кетди, агар биз бўлмаганимизда, у ҳеч қачон қаттиқ ерга чиқиб ололмасди. Холмс эски қора оёқ кийимини қўлида ушлаб турарди. Оёқ кийимининг ичида: «Мейерс. Торонто» деган белгини кўрдик.
– Мана шундай нарсани топиш учун балчиқ ваннага тушганимга ачинмайман. Дўстимизнинг йўқолган оёқ кийими мана шу!
– Стэплтон шошилганидан ташлаб кетганмикин?
– Худди шундай. У итни сэр Генрининг изига йўлламоқ учун бу оёқ кийимини итга искатган-у ўзи у билан бирга қўшилиб чопиб кетган, сўнгра шу ерга ташлаган. Энди биз Стэплтон лоақал шу ергача эсон-омон етиб келганини биламиз.
Гарчи биз кўп нарсаларни тахмин қила олсак ҳам, лекин бошқа ҳеч нарсани билолмадик. Сўқмоқ йўлда бирор изни кўришнинг имконияти йўқ эди, чунки ҳар қандай из ботқоқликка чўкиб дарров йўқ бўлиб кетарди. Биз қуруқроқ жойдаги изларни кўриб қолармиз, деб ўйлаган эдик, лекин ҳар қанча қидирсак ҳам натижа чиқмади. Агар ер ҳақиқатни гапирадиган бўлса, Стэплтон ўша унутилмас туманли кечада бормоқчи бўлган маконига барибир етиб ололмаганини гапириб берган бўлур эди. У бераҳм, шафқатсиз одамни қўланса Гримпен ботқоқлиги ўз қаърига ютиб юборди ва шу ботқоқликнинг қоқ ўртасида у абадий кўмилди.
Биз атрофини ботқоқлик ўраб олган ва Стэплтон ўзининг даҳшатли шеригини яширинча сақлаган оролчада унинг бир талай изларини топдик. Жуда катта дарвоза ва ярмисига шағал уюб ташланган шахта бир вақт бу ерда тошлар қазиб олинганини билдириб турарди. Уларнинг ёнида тоғ қазувчиларнинг ағдарилиб тушган кулбалари турарди, ботқоқликдан чиқаётган заҳарли буғларга чидолмаган тош қазувчилар бу ерни ташлаб кетган бўлсалар керак, шундай кулбалардан бирида деворга қоқиб қўйилган ҳалқани, занжирни ва кемирилган жуда кўп суякларни топдик. Стэплтон ўзининг итини мана шу жойда сақлаган бўлса керак. Ахлат орасида бир тутам сариқ жуни қолган итнинг скелети сочилиб ётарди.
– Тавба! – деб хитоб қилди Холмс. – Бу спаниелнинг суяклари-ку! Бечора Мортимер севган итини энди асло кўрмайдиган бўпти. Майли, менимча, энди бу оролча ўзининг ҳамма сирларини бизга очиб берди. Итни яшириб қўйиш қийин иш эмас, лекин уни индамасликка мажбур қилиб кўрингчи. Ҳатто, кундуз куни ҳам одамларни ваҳимага солган, увиллаган товуш мана шу ердан эшитиларди. Жуда зарур бўлиб қолган тақдирда Стэплтон итни уйига яқинроқ жойга, ҳужрага олиб бориб сақлаши мумкин эди, лекин ўзи қилмоқчи бўлган жиноят пайти яқинлашиб қолганига имони комил бўлган вақтдагина, фақат жуда қалтис дақиқалардагина у шундай қилишга ботина оларди. Мана бу тунука қутидаги дори эса унинг ўз итига суртиб қўйган ва шу итни оловдек ярқиратиб турадиган модданинг худди ўзи. Баскервилларнинг мудҳиш ити бор, деган афсонагина унда шундай фикрни туғдирган ва шу тариқа у сэр Чарльзни йўқотишга қарор қилган. Бебахт маҳбус қоронғиликда шундай даҳшатли махлуққа дуч келиб, дод-фарёд билан қочганига энди ажабланмасак бўлади. Бизнинг дўстимиз ҳам худди шундай қилди, зотан, ўзимиз ҳам шундай қилишга яқинлашиб қолган эдик. Айёр Стэплтон хўп ўйлаб топибди-да! Бу ит Стэплтонга рақибини ўлдиришга ёрдам бериши мумкинлигини айтмаганда ҳам, бу ердаги фермерларнинг қай бири бунақа итга яқин йўлашга ботина олган бўлур эди! Бундай мудҳиш махлуқ билан бир марта учрашишнинг ўзи кифоя. Ваҳоланки, кўп кишилар уни ботқоқликда кўришган. Мен сизга, Уотсон, Лондонда бир гап айтган эдим ва бу гапни яна такрорлайман: ҳозир олдимизда ётган кишидек хатарли кишига биз ҳеч қачон дуч келмаган эдик! – У шу гапни айтар экан, олис-олисларда ҳам чети кўринмаётган кўкимтир кулранг ботқоқликни, тепаликларга бориб туташган торфзор ботқоқликни кўрсатди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.