Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Бу итми?

– Ҳа, антиқа кўппак, насли тоза эмас-у, лекин ҳид билишда унга етадигани йўқ. Мен Лондондаги барча қидирув воситаларидан кўра Тобидан фойдаланишни афзал кўраман.

– Мен уни олиб келаман, – дедим. – Орқага, агар от тополсам, соат учларда қайтаман.

– Мен, – деди Холмс, – сиз келгунча миссис Берстон билан ҳинду хизматкордан баъзи бир нарсаларни билишга, аниқлашга уриниб кўраман, мистер Таддеуш уни чордоқдаги қазноқда ухлайди, деди. Сўнг буюк мистер Жонснинг услубини ўрганишга киришаман, унинг ҳазил-мутойибаларини, қалтис фикр-мулоҳазаларини тинглайман. «Wir sing gewohpt, dass die Mepschen verhonen was sie niht verstehen»2121
  «Биз одамларнинг ўзи билмайдиган, тушунмайдиган нарсаларини ҳақорат қилишларига кўникиб қолганмиз» (немисча).


[Закрыть]
. Гётенинг сўзлари ҳар доимгидай, теран ва мухтасар бўлади.

VII БОБ
Бочка воқеаси

Полициячилар икки извошда келишганди, мен мисс Морстенни уйига олиб бориб қўйиш учун биттасидан фойдаландим. Ниҳоятда раҳмдил бўлган мисс Морстен ўша машъум кечада ёнида қўллаб-қувватлашга муҳтож одам бўлгани учун ҳам ўзини бардам тутди. Мен пастга тушганимда, у ўтакаси ёрилган рўзғор соҳибаси билан ширин, вазмин гаплашиб турган экан. Икковимиз извошга чиқишимиз биланоқ у бирдан бўшашиб, сўнг бир зум ўтар-ўтмас ҳўнграб йиғлаб юборди – ўша кечадаги воқеа унга шу қадар кучли таъсир этган эди. Кейинчалик у менга, извошда кетаётганимизда сафаримиз давомида сиз менга бегона ва совуқ одам бўлиб кўриндингиз, деди. Ўз ҳиссиётларимни босишим, ўзимни қўлга олишим менга қанчалик оғир бўлганини у ҳатто тасаввур ҳам этолмайди. Мен ўшанда, боғда, бир-биримизнинг қўлимизни ушлаб турганимизда унга қанчалик раҳмим келган бўлса, ҳозир ҳам унга ич-ичимдан ачинардим. Меҳрибонлик қилгим келарди. Мен унинг меҳрибон, саховатли, фидойи қалбини ақлга сиғмайдиган турли воқеаларга тўла бир кунда шу қадар яхши билиб олдимки, беташвиш, осуда ўтган кўп йиллар давомида шунчалик яхши билолмаган бўлардим, буни тушунардим. Лекин икки мулоҳаза унга бирор нарса дейишимга халақит берарди. У ҳимоясиз, ожиз, чорасиз эди, асаблари ниҳоятда бўшашганди. Ҳозир унга ўз севгим ҳақида гап очиш унинг ожизлигидан, чорасизлигидан фойдаланиш бўларди. Лекин энг ёмони унинг бой-бадавлатлиги эди. Агар Холмснинг изланишлари муваффақиятли тугаса, у топилган хазинанинг, ақалли ярмисининг меросхўри бўлади. Агар истеъфога чиққан, маошининг ярми билан тирикчилик қилаётган хирург, тасодиф унга инъом этган ўрталаридаги бир лаҳзалик яқинликдан фойдаланса адолатдан, инсофдан бўладими? У менга бой-бадавлат, пулдор қаллиқ қидираётган одам деб қарамасмикин? Унинг мен ҳақимда шундай ўйларга боришини ҳечам истамайман. Бу Агра хазинаси ўртамизда ўтиб бўлмас бир ғов бўлди.

Биз миссис Сесил Форрестерникига етиб келганимизда соат иккига яқинлашиб қолган эди. Хизматкорлар аллақачон ухлаб қолишганди, лекин миссис Форрестер ҳали ётмаган, мисс Морстеннинг қайтишини кутарди – уни шериги олган ғалати хат жудаям қизиқтирарди. Эшикни ўзи очди. Бу ўрта ёшлардаги истараси иссиқ аёл эди; мисс Морстенни меҳр билан эркалаб бағрига босганини кўриб, севиндим, чунки овозида оналик меҳри бор эди. Кўриниб турибдики, мисс Морстен шунчаки бу ерда яшабгина қолмай, ўзини жуда яқин тутарди, дўст эди. У мени миссис Форрестерга таништирди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай миссис Форрестер уйга таклиф қилди, саргузаштларимиз тўғрисида гапириб беришимизни сўради. Лекин мен унга Холмс топшириғининг ниҳоятда муҳимлигини тушунтирдим, яқин кунларда келиб, ишнинг қандай бораётганини гапириб беришни қатъий ваъда қилдим. Извош сал узоқлашгандан кейин ўгирилиб қарадим, ўша манзара ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди: икки нозик, сарвқомат аёл бир-бирларининг пинжиларига кирганча остонада туришарди, эшик очиқ, даҳлизга, ички эшикнинг хира ойнасидан ёруғ тушиб турибди, деворда барометр, зинанинг металл панжаралари ярқиратиб тозаланган. Англия уйининг шинам, саранжом-саришталиги менда мамнунлик туйғусини уйғотди! Мен ҳатто бу машъум, сирли ишни бир зумга унутдим ҳам.

Бу иш тўғрисида қанчалик кўп ўйласам, у менга шу қадар сирли, даҳшатлироқ туюларди. Извош газ фонуслари билан ёритилган кўчадан тарақа-туруқ қилиб бораркан, ўтган куни кундузи ва кечаси содир бўлган ғаройиб воқеаларни бирма-бир эсладим. Асосий муаммо анча ойдинлашиб қолганди. Капитан Морстеннинг ўлими, дурлар солиб жўнатилган посилкалар, газетадаги эълон, хат – буларнинг ҳаммаси энди сир эмасди, лекин биз яна ҳам жумбоқли ва фожиали бир сирни аниқладик. Ҳинд хазиналари, капитан Морстеннинг буюмлари орасидан топилган ғалати режа, майор Шолтонинг ўлимига сабаб бўлган ғалати воқеалар, махфий жойнинг топилиши, уни топган одамнинг ўлдирилиши, қотиллик содир бўлган вазиятнинг фавқулоддалиги, ғалати излар, ғалати қурол, бир парча қоғозга ажи-бужи қилиб ёзилган сўзлар, – ўша сўзлар Морстен режасида ҳам бор эди, – бу бир қинғир-қийшиқ, чалкаш кўча эдики, ноёб истеъдод соҳиби бўлмиш дўстим Шерлок Холмсдан бўлак одамнинг нажот йўлини топишига умиди қолмай, адашиб кетиши ҳеч гап эмасди.

Пинчин-лейн Ламбетнинг пастки қисмидаги икки қаватли эски ғишт уйларнинг шундай ёнида эди. Мен 3-рақамли уйнинг эшигини узоқ тақиллатдим. Ниҳоят дарча эшигида чироқ милтиллаб, иккинчи қават деразасида кимнингдир юзи кўринди.

– Ҳозироқ жўна бу ердан, пияниста, махлуқ! – деб бақирди юқоридан. – Агар тақиллатишни бас қилмасанг, эшикни очаман-у, қирқ учта итга талатаман.

– Менга фақат биттаси керак, уни олиб кетгани келувдим.

– Йўқол! – яна ўша овоз ўшқирди. – Саватимда қора илон ётибди! Агар кетмасанг, уни бошингга ташлайман!

– Менга илон эмас, ит керак! – деб қичқирдим жавоб ўрнига.

– Сен билан ади-бади айтиб ўтириш жонимга тегди. Учгача санайман, агар кетмасанг, қора илонни ташлайман!

– Мистер Шерлок Холмс… – деб гап бошладим.

Шерлок Холмснинг номи мисоли бир сеҳрдай таъсир қилди, чунки ром секин туширилди, бир зум ўтар-ўтмас калитлар шарақлаб эшик очилди. Мистер Шерман сал букчайган, бўйин томирлари бўртиб чиққан, баланд бўйли, кўзларига кўк кўзойнак таққан ориқ чол эди.

– Шерлок Холмснинг дўсти ҳамиша уйимнинг азиз меҳмони, – деди у. – Киринг, сэр. Бўрсиққа яқин борманг, тишлайди. Қўй, мени уялтирма! Сен бу жанобни тишламоқчимисан? – Бу сўзлар ёвуз тумшуғини катакнинг сим чивиқлари орасидан чиқариб турган кўзлари қизил оқ сичқонга қаратилган эди. – Сиз бу илонга эътибор берманг, у оёқсиз калтакесакдай бир гап. Заҳарли эмас, хонада ўрмалаб юраверади. У қўнғизлар кушандаси. Аввалига сизга бир оз қўпол муомала қилганим учун мендан хафа бўлманг. Болалардан тинчлик йўқ. Деразаларим олдига келиб туриб олишади. Хўш, мистер Шерлок Холмсга нимада ёрдам беришим мумкин, сэр?

– Унга сизнинг итингиз керак.

– Э! Унга Тоби керак экан-да.

– Ҳа, айнан шу Тоби.

– Тоби чап томондаги еттинчи рақамда яшайди. У қўлидаги шами билан бу ажойиб ҳайвонлар шаҳарчасидан секин юриб кетди. Шамнинг хира ёруғида ҳар бурчакда, ҳар ковакда бизни кузатиб турган ярақлаган, чарақлаган кўзларни аранг ажратардим. Бошимиз устидаги шифт тўсинларида қушлар савлат тўкиб ўтирар, овозларимиз уларнинг уйқусини бузгандай эринчоқлик билан гоҳ у оёғини, гоҳ бу оёғини кўтариб қўярди.

Тоби жуни узун, қулоқлари узун спаниель2222
  Спаниель – овчи итнинг бир тури.


[Закрыть]
билан Шотландия исковуч итининг дурагайи, ушоққина хунук ит эди. У оқ аралаш долчин рангда бўлиб, лапанглаб юрарди. Тоби аввалига бир оз иккиланиб турди-да, кекса табиатшунос берган бир чақмоқ қандни олди, шу тариқа мен билан тил топишиб, илтимос қилишимни, ўгитимни кутиб ўтирмай орқамдан эргашди-да, извошга чиқди. Ламбет епископи саройидаги соат учга бонг урганида ўша оқшом Пондишери-Лож дарвозаси олдига иккинчи бор келишим эди. Собиқ профессионал боксчи Мак-Мурдо кейин билсам жиноятга аралашганликда гумон қилиниб, мистер Шолто билан бирга полицияга олиб кетилган экан. Тор эшикни икки полициячи қўриқлаб турарди, лекин машҳур изқуварнинг номини айтишим ҳамоно улар мени итим билан дарҳол киргизишди.

Холмс қўлларини чўнтакларига тиққанича, трубкасини чекиб бўсағада турарди.

– Ҳа, уни олиб келдингизми! – деди мени кўриб. – Ажойиб ит. Этелни Жонс кетди. Сиз йўқлигингизда биз ундаги битмас-туганмас ғайрат-шижоатнинг гувоҳи бўлдик. У фақат дўстимиз Таддеуш Шолтони эмас, шунингдек рўзғор соҳибаси, дарвозабон билан ҳинду хизматкорни ҳам ҳибсга олди. Юқоридаги кабинетдаги сержантни ҳисобга олмаганда энди фақат ўзимиз қолдик. Итни шу ерда қолдириб, ўзингиз мен билан юринг.

Биз Тобини даҳлиздаги стол оёғига боғлаб қўйдикда, зинадан юқорига кўтарилдик. Хона мен чиқиб кетганимда қандай бўлса, шу аҳволда эди, фақат хона ўртасидаги ўлик устига чойшаб ёпиб қўйилганди. Чарчаган сержант бурчакда деворга суяниб турарди.

– Илтимос, фонусингизни менга берсангиз, сержант, – деди Холмс. – Энди мана бу чилвир билан фонусни кўкрагимга осиб қўйсангиз. Ботинкам билан пайпоғимни ечаман. Сиз уларни пастга олиб тушинг, Уотсон. Мен юқорига чиқа олиш ҳунарини синаб кўрмоқчиман. Илтимос, рўмолчамни креозотга ташланг. Жуда соз. Энди бирпасга юқорига чиқамиз. Биз нарвондан яна юқорига кўтарилиб, шифтдаги туйнукдан чордоққа чиқдик. Холмс фонус ёруғини чангдаги ғалати изларга туширди.

– Бу жуда ажойиб излар, – деди у. – Сиз уларда ғайритабиий бирор нарсани пайқамадингизми?

– Бу ёш боланинг изи, – дедим мен, – ё нозик бир аёлники.

– Агар катта-кичиклигига қаралса шундай. Яна сизни нима ҳайратда қолдирди?

– Менимча, улар бошқа оёқ изларидан ҳеч нимаси билан фарқ қилмайди.

– Фарқ қилади, шундаям фарқ қиладики! Мана, кўринг-а. Чангда ўнг товоннинг изи. Шундай ёнига товонимни босаман. Хўш, фарқи нимада?

– Сизнинг панжаларингиз бир-бирига ёпишган. Кичкина изда эса ҳамма панжалар тарвақайлаб турибди.

– Мутлақо тўғри. Буни эслаб қолиш жуда муҳим. Энди туйнук олдига келинг-да, токчани бир ҳидлаб кўринг. Мен рўмолчам билан шу ерда қоламан.

Мен унинг айтганини қилдим ва кучли қатрон ҳиди димоғимга урилди.

– Бу ердан кетаётганида оёғини мана шу ерга қўйган. Агар сизки унинг изини сезган бўлсангиз, Тоби турган гап, сезади. Энди пастга тушингда, итни бўшатиб юборинг – биринчи рақамнинг орқасидан тушамиз.

Ҳовлига чиққанимда Шерлок Холмс томнинг энг теппа қиррасига чиқиб олганди. У мисоли бир баҳайбат тилла қўнғиздай у ердан секин сирғалиб тушарди. У бир зум мўрилар орқасига ўтиб кўринмай кетди-ю, лекин сал ўтмай яна пайдо бўлди, кейин яна томнинг нариги томонига ўтиб кўздан йўқолди, афтидан, томнинг нариги нишабидан тушяпти, шекилли. Мен уйни айланиб ўтиб қарасам, у аллақачон тарнов ёнидаги карнизда ўтирибди.

– Уотсон, бу сизмисиз? – деб қичқирди у юқоридан.

– Ҳа, менман, – деб жавоб қилдим.

– У мана бу ердан кўтарилган. Пастда нима бор.

– Бочка!

– Қопқоғи борми?

– Бор.

– Ён-верида нарвон кўринмайдими?

– Йўқ!

– Вой, иблис-ей! Бунақада бир балога йўлиқиш ҳеч гап эмасди-ку. Лекин у ўтган жойдан мен ҳам ўта оламан. Тарнов анча бақувват экан. Хўп, мен ҳозир тушаман.

Яланг оёқларнинг шипиллагани эшитилди, фонус ёруғи девордан пастга секин ўрмалаб тушди. Кейин Холмс бочканинг қопқоғи устига енгил сакради-да, кейин ерга тушди.

– Унинг изидан юриш қийин бўлмади, – деди у пайпоғи билан ботинкасини кияркан, – у қадам босган черепица бўшаб қолибди, шошилинчда мана бу нарсани тушириб қолдирибди. Бу сиз тиббиётчиларнинг тили билан айтганда, менинг ташхисимни тасдиқлайди.

У менга рангли похолдан тўқилиб, арзон мунчоқ билан безатилган кичкина ҳамёнга ўхшаш бир нарсани узатди. У кўриниши ва шаклидан портсигарга ўхшарди. Ичида ўнтача узун, қора, бир учи ўткир, бошқа учи тўмтоқ тикан бор эди, булар ўша Бартоломью Шолтони ҳалок этган тиканнинг худди ўзи эди.

– Даҳшатли ниналар, – деди Холмс. – Эҳтиёт бўлинг, санчиб олманг. Уларни топганимдан жуда хурсандман. Ёнида бошқа бўлмаса керак. Бундай тикан, мени ёки сизни терингизга санчилмасмикин, деб энди қўрқмасак ҳам бўлади. Бундан кўра милтиқ ўқидан ўлишга розиман. Хўш, Уотсон, олти мил жойга чопиб бориш учун ўзингизни тетик сезяпсизми?

– Бўлмасам-чи, – деб жавоб қилдим.

– Оёғингиз чидаш берадими?

– Чидаш беради.

– Тоби, буёққа кел. Олдимга кел, яхши ит. Ҳидла, Тоби! Ҳидла!

Холмс креозот билан булғаланган рўмолчани итнинг тумшуғига тутди. Тоби пахмоқ оёқларини икки томонга кериб, бир қулоғини кулгили диккайтириб, рўмолчани мисоли хилма-хил эски виноларни маза қилиб татиб кўраётган синовчидай ҳидлади. Холмс рўмолчани узоқроққа ташлади, йўғон каноп ипни итнинг бўйинбоғига боғлаб, бочканинг олдига олиб келди. Ит дарров ириллай бошлади, бурнини ерга тақаб, думини диккайтириб, изга қараб шундай тез чопиб кетдики, унинг орқасидан оёғимизни қўлга олганимизча югуришга мажбур бўлдик.

Шарқ аста-секин ёриша бошлади, биз теваракатрофимиздаги нарсаларни тонгги ғира-ширада ажрата олардик. Деразалари олиб ташланган, баланд деворлари қуп-қуруқ, қутига ўхшаган кўримсиз каттакон уй орқамизда қолганди. Бизнинг йўлимиз боғ, ўнқир-чўнқир жойлар орқали ўтарди. Ахлат ва тупроқ уюм-уюм бўлиб ётган, довдарахтлари, буталари қаровсиз, боғбон қайчисини кўпдан бери кўрмаган бу ташландиқ жойнинг мискин, ғарибона кўриниши бу ерда содир бўлган фожиа руҳига жуда мос тушарди.

Тоби тош девор олдига келди-да, аянчли ғингшиб тўсиқ ёқалаб чопиб кетди, ниҳоят катта, ёш қора қайин тўсиб турган муюлишда таққа тўхтади. Деворлар туташган жойда бир неча ғишт жойидан силжиб, ўзига хос зина ҳосил қилганди, уларнинг четлари кўчиб тушгани бу зинадан тез-тез фойдаланишганини кўрсатарди. Холмс улардан юқорига кўтарилди, сўнг қўлимдан Тобини олди-да, уни ерга туширди.

– Бу ерда ёғоч оёқли одам қўлининг изи бор, – деди у ёнига чиққанимда. – Оқ бўёқдаги сезиларсезилмас қон доғларини кўряпсизми? Омадимиз келганини қаранг, кечадан буён ёмғир ёққани йўғ-а! Улар бу ердан йигирма саккиз соат аввал ўтганларига қарамай йўлда ҳид қолган.

Очиғини айтсам, бунга бир оз шубҳаландим, чунки Лондон йўлларининг серқатновлигини биламан-да. Лекин ҳадемай шубҳаларимдан асар ҳам қолмади. Тоби бир дақиқа ҳам иккиланмай, лапанглаганича олдинга чопиб кетди. Креозотнинг кучли ҳиди йўлдаги бошқа ҳамма ҳидларни босиб кетганди.

– Лекин мана шу тасодиф туфайли жиноятчилар тезда қўлимизга тушади, деб ўйламанг, – деди Холмс. – Мен ҳозир шу қадар кўп нарса биламанки, уларни қўлга туширишнинг бир қанча воситаларини кўряпман, холос, лекин бу энг осон йўли. Тақдир ўзи шуни бизга лозим кўрган экан, улардан фойдаланмаслик нодонлик бўлар эди. Лекин бу омадли тасодиф менга панд ҳам берди: бу қарорим мен аввал бошда тасаввур қилганимдай соф мантиққа асосланмаган эди. Ана унда бу иш менга жуда катта шон-шуҳрат келтирган бўларди.

– Сизга яна қандай шон-шуҳрат керак, Холмс, сизнинг дедуктив услубингизга қойил қолдим. Ажойиб муваффақият. Жефферсон Хоунинг иши ҳам сизникининг олдида ҳеч гап бўлмай қолди. Норвуд иши назаримда анча мураккаб ва жумбоқли. Масалан, менга шуни тушунтириб берингчи, ёғоч одамнинг ташқи қиёфасини қандай қилиб бу қадар аниқ билолдингиз?

– Э, азизим Уотсон! Бундан осони борми! Буни сохта камтарлик деб ўйламанг. Қамоқхона соқчиларидан икки офицер жуда муҳим сирни билишарди. Жонатан Смолл исмли инглиз уларга хазина яширилган жой режасини чизиб беради. Эсингиздами, капитан Морстеннинг ёндафтаридан топилган режада ҳам худди шу одамнинг исми бор эди. У дўстларининг номидан «тўртлар белгиси» деб имзо чекканди. Офицерлар, балки, улардан биттаси режадан фойдаланиб, хазинага эга бўлгану, кейин Англияга олиб кетган, кўриниб турибдики, бу билан улар битимни бузишган, хазина эса уларнинг қўлига тушган. Нега энди Жонатан Смоллнинг ўзи хазинага эга бўлмаган деган савол туғилиши мумкин. Буни ҳам тушунса бўлади. Агар эсингизда бўлса, режага шундай сана қўйилганки, бу вақтда Морстен маҳбуслар билан доимо алоқа қилиб турган, бинобарин, ўзи хазинага эга бўлолмасди.

– Бу тахмин, – дедим.

– Йўқ, шунчаки тахмин эмас. Бу фараз қилиш, у беистисно ҳамма фактларни изоҳлаб беради. Келинг, текшириб кўрайлик. Майор Шолто танҳо эга бўлган хазиналар, бойликларнинг гаштини суриб, тинч-хотиржам яшаётганди. Кейин тўсатдан Ҳиндистондан хат олади, уни ўқиб ўтакаси ёрилгудай бўлади. Хўш, ўша хатда нималар дейилганди?

– Унда ёзилишича, булар хиёнат қилган одам қамоқдан бўшатилган.

– Ё, қочган. Бу ҳақиқатга яқинроқ, чунки майор Шолто, шубҳасизки, Жонатон Смолл билан унинг дўстларининг қамоқ муддатини билган. Агар муддат тугаганида, унинг пайдо бўлиши майор Шолтони бунчалик қўрқитиб юбормаган бўларди. Хўш, у нима қилади? У яхшилаб қуролланади, қўрғоннинг ҳамма дарвозаларига ишончли соқчилар қўяди, зеро у ёғоч оёқли, оқ танли одамдан ўлгудек қўрқарди. Эсингиздами, у янглишиб, тўппончадан чўлоқ савдогарни отганди? Режадаги исмларнинг ҳаммаси инглизча. Бошқалари ҳиндлар ёки мусулмонларнинг исмлари. Шунинг учун ҳам биз шуни ишонч билан айта оламизки, ўша ёғоч оёқли одам Жонатан Смоллнинг ўзи. Сизга ҳозирча, менинг фикр-мулоҳазаларимда мантиққа зид жойлар бордек туюлмаяптими?

– Йўқ, ҳаммаси жуда равшан ва ишонарли.

– Жуда соз. Ундай бўлса, келинг энди ўзимизни шу Жонатан Смолл ўрнига қўйиб кўрайлик. Бу ишга унинг нуқтаи назаридан қарайлик-чи. У ҳақли суръатда ўзига тегишли деб ҳисобланган нарсаларни қайтариб олиш, шунингдек, битимни бузганлардан қасос олиш ниятида Англияга қайтиб келади. У, Шолтонинг қаерда яшашини билгач, афтидан, хизматкорларидан бири билан тил топишади. У ерда хизматкорлар оғаси бор, уни биз ҳали кўрмаганмиз, исми Лал Рао. Миссис Берстон уни ёмонлаб гапирганди. Лекин Смоллга хазина яширилган жойни топиш насиб этмади, чунки майорнинг ўзидан ва ўлиб кетган содиқ хизматкоридан бўлак ҳеч ким хазина яширилган жойни билмасди. Сира кутилмаганда Смолл майорнинг ўлим тўшагида ётганидан хабар топади. Хазина сирини ўзи билан бирга олиб кетишидан ғазабга тушган Смолл дарвозабоннинг кўзини шамғалат қилиб, бир амаллаб боққа кириб оладида, жон бераётган одамнинг деразасига мўралайди. Майорнинг тепасида икки ўғлининг ўтиргани унинг ичкарига киришига халақит берди. Ғазабдан эс-ҳушини йўқотган Смолл ўша кечасиёқ марҳумнинг ётоқхонасига кириб, қимматбаҳо буюмлар солинган сандиқнинг қаерда сақланишини кўрсатувчи бирор нарсани топиш ниятида хонадаги ҳамма нарсаларни остин-устин қилиб ташлайди. Бу ерга келганининг далили сифатида эса ўша бизга таниш «тўртлар белгисини» ташлаб кетади. Шак-шубҳасизки, майорни ўлдириб, унинг жасади ёнида хат қолдиришни, бу хат шунчаки қотиллик эмас, балки интиқом белгиси эканини у олдиндан ўйлаб қўйган эди. Жиноятчилар оламидан бундай жўн шов-шувларга мойил одамларни жуда кўплаб келтириш мумкин, улар кўпинча жиноятчининг шахсини аниқлашда қўл келади. Ҳозирча ҳаммаси тушунарлими?

– Мутлақо ойдин ва аниқ.

– Жуда соз. Хўш, Жонатан Смолл яна нима қилиши керак эди? Унга хазиналар қидирилаётган уйни зимдан кузатиб туриш қолганди. Эҳтимол у Англиядан ташқарида яшагандир, бу ерга эса келиб-кетиб тургандир. Кейинчалик хазиналар яширилган жой топилгач, Смоллни ўша заҳоти бундан хабардор қилишган. Бу ерда яна хонадондаги шериги аралашади. Жонатан Смолл ёғоч оёғи билан Бартоломью Шолтонинг шундай баландликда жойлашган кабинетига чиқолмасди. Ана ўшанда у ўзига жуда бир ғалати ёрдамчи топади, у тарновдан осонгина томга чиқиб, яланг оёғини сезмай креозотга босади, бунинг натижасида ишга Тоби аралашади, оёғидан ўқ еган истеъфога чиққан хирург олти миллик сайрга отланади.

– Демак, майорни у эмас, ёрдамчиси ўлдирган экан-да.

– Ҳа. Хонадаги Смолл изларига қараб хулоса қилинса, у бу ишдан жуда норози бўлган. Унинг Бартоломью Шолтога ҳеч қандай хусумати йўқ эди, унинг қўл-оёғини боғлаб, оғзига латта тиқилса кифоя деб ҳисобларди. У ўзини мушкул аҳволга қўйишни ҳечам истамасди. Лекин бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Унинг шеригида қандайдир ваҳшиёна бир ҳис уйғонади-ю, заҳар ўз ишини қилади. Ана ўшандан кейин Жонатан Смолл ўзининг «тўртлар белгисини» қолдириб, хазина солинган қутичани деразадан туширади-да, ўзи ғойиб бўлади. Менинг тасаввуримда воқеалар тизгини ана шундай. Унинг ташқи кўринишига келсак, Смолл албатта, ўрта яшар, қорамағиз одам бўлиши керак, чунки Андаман оролларида шунча йил сургунда меҳнат қилишнинг ўзи бўладими. Қадамининг катта-кичиклигига қараб, бўйининг қанақалигини осонгина билса бўлади, соқоли борлигини эса Таддеуш Шолтонинг ҳикоясидан билиш мумкин, юзини соқол босиб кетгани уни жуда ҳайратда қолдирганди. Таддеуш уни отаси ўлган куни кечаси деразада кўрган эди.

– Хўш, ёрдамчиси-чи?

– Дарвоқе, ёрдамчиси ҳам бор-а, унинг ҳечам сирли жойи йўқ. Ҳадемай ўзингиз ҳаммасини билиб оласиз. Эрталабки соф ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш қандай яхши-а! Ҳув, ана, парча-парча булутларни кўряпсизми? У каттакон қизил ғознинг пуштиранг патидай сузиб кетяпти-я. Лондоннинг қалин туман пардаси орасидан қуёшнинг қип-қизил гардиши деярли кўринмайди. Қуёш саҳарлаб туришни одат қилган кўплаб яхши одамлар йўлини ёритади, лекин уларнинг орасидан бизга ўхшаб ғалати бир иш билан шошилиб кетаётган бирон кимса топилмаса керак. Бу гўзал, сўлим табиат қучоғида инсон ўз ожиз нафсонияти, арзимас орзу-умидлари билан нақадар нотавон кўринади. Жан Полингизнинг аҳволи қалай?

– Жуда яхши! Мен уни Карлейл орқали топдим.

– Бу ариқ ёқалаб бориб, ўша ариқ суви оқиб чиқадиган кўл тепасидан чиқишдай бир гап. У мантиққа зид, лекин чуқур бир фикрни айтди, асл улуғворлик одамнинг ўз ожизлигини, нотавонлигини англашидан бошланади, деди. Қиёслаб туриб, баҳо бера олишнинг ўзи кўнглининг поклигини, руҳий оламининг гўзаллигини кўрсатади. Рихтер фикр-мулоҳазалар учун жуда катта озуқа беради. Ёнингизда тўппончангиз борми?

– Йўқ, фақат таёқ.

– Уларнинг масканига бош суққанимизда, эҳтимол қурол ишлатишга тўғри келар. Жонатанни ўзингиз қўлга оласиз. Агар, бошқаси қаршилик кўрсатгудай бўлса, шартта отиб ташлайман.

Холмс тўппончасини олиб, унга иккита ўқ жойлади-да, яна камзулининг ўнг чўнтагига солиб қўйди.

Бу вақт ичида из бизни гоҳ дала йўлига етаклар, гоҳ Лондонга олиб борадиган катта йўлга бошларди, кўп ўтмай биз шаҳар атрофидаги завод ишчилари ва докерларга тўла бош-кети кўринмайдиган, эгри-бугри кўчаларига чиқиб қолдик. Пала-партиш кийинган аёллар дераза дарчаларини очишар ва эшикларининг олдини супуришарди. Кўчалардан бирининг муюлишидаги қовоқхона ғала-ғовур эди, у ердан эрталабки кайфи-сафони қилиб, енгининг учи билан оғзини артиб, серсоқол эркаклар бирин-кетин чиқиб келишарди. Дайди итлар орқамиздан анграйиб қараб қолишарди, лекин Тобимиз пинагини бузмас, ўнгга ҳам, чапга ҳам қарамай, тумшуғини ердан кўтармай фақат олдинга чопарди, янги изни сезгудай бўлса ўқтин-ўқтин ғингшиб қўярди.

Хуллас, шу кетишда биз Стритем, Брикстон, Камберуэлладан ўтиб, Кеннингтон-лейн районга келиб қолдик, айланма йўллардан юриб Кеннингтон стадионининг чап томонига чиқдик. Афтидан, Жонатан Смолл билан унинг ёвуз ёрдамчиси изига тушганларни, таъқиб қилувчиларни чалғитиш учун атайлаб мана шу мураккаб маршрутни танлашган. Агар ён томондаги тор, қинғирқийшиқ кўчалардан юришнинг иложи бўлса, катта кўчага бирон марта ҳам чиқишмаган. Кеннингтон-лейннинг бошида улар чапга бурилиб, Бондстрит ва Майлс-стритдан кетишган. Энг охирги кўча Найтс-плейсга туташадиган жойда Тоби тўхтаб, бир қулоғини диккайтириб, иккинчисини осилтириб, безовта бўлиб олдинга, орқага чопа бошлади, бутун туриш-турмуши билан таажжубини ифода этарди. Кейин бир жойда гир-гир айлана бошлади, гўё биздан шафқат сўраётгандек ўқтин-ўқтин бизга қараб қўярди.

– Итга бир гап бўлдими? – Холмс тутақиб кетди. – Ахир, улар бу ердан извошга ўтиришмаган ёки ҳаво шарида учиб кетишмаган-ку.

– Балки, улар бу ерда бир зум тўхташгандир? – деб тахмин қилдим.

– Ҳа, шунга ўхшайди. Тоби яна изни топди, – деди у бир оз енгил тортиб.

Бу гал Тоби ўқдай учиб кетди. У ўткир тумшуғи билан теварак-атрофдаги ҳамма нарсани бирмабир ҳидлаб чиқди-да, олдинга яна ишонч билан дадил ташланди. Из жудаям янги шекилли, чунки Тоби тизгинни тортқилаб, ундан бўшалишга уринарди. Холмснинг чарақлаган кўзларига қараб сафаримиз охирлаб қолганини фаҳмладим, ҳар ҳолда у шундай деб ўйларди.

Биз «Бродерик ва Нельсон» фирмасининг катта ёғоч складини орқада қолдириб, энди Найн-Элмс кўчасидан чопиб борардик. Складга қўшни «Оқ бургут» қовоқхонаси олдида Тоби қаттиқ ириллаб, ўзини бир эшикка урди, биз склад ҳовлисига кириб қолдик, бу ерда арракашлар кундузги ишларини бошлаб юборишганди. Тоби, уларга мутлақо эътибор бермай, қипиқ устидан чопиб бориб, йўлга чиқди, кейин саройни айланиб, икки ғўла орасидан чопиб ўтди-да, ниҳоят қувноқ акиллаб, катта бочканинг устига сакраб чиқди. Бочка ўзи олиб келинган қўл аравачада турарди. Тоби тилини осилтириб, кўзларини чарақлатиб бочка устида бизга тантанавор қараб турар, бизнинг мақтовимизни кутарди. Бочканинг ҳаммаёғи, аравачанинг ғилдираклари қандайдир қорамтир суюқ модда билан мойлаб чиқилганди, теварак-атрофни креозот ҳиди тутиб кетганди.

Биз Шерлок Холмс икковимиз бир-биримизга қараб қўйдик, кейин ўзимизни тутолмай бараварига хохолаб кулиб юбордик.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации