Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 27 (всего у книги 29 страниц)
XIII БОБ
Тузоқлар қўйилди
Сэр Генри уйига келган янги меҳмонни кўриб, ажабланишдан кўра кўпроқ хурсанд бўлди, чунки Шерлок Холмс кейинги кунлардаги воқеаларни эшитиб Лондонда қололмаслигига амин эди. Шундай бўлса ҳам баронет дўстим юксиз келганини ва ҳатто бунинг сабабини тушунтириб бермаганини пайқаб таажжубланган ҳолда қошини чимирди. Шу ондаёқ Холмсга лозим бўлган нарсаларнинг ҳаммасини тахт қилиб қўйишди, кечки овқат вақтида эса биз ўз бошимиздан кечирган саргузаштларнинг баронет билиши лозим бўлган қисмини ҳикоя қилиб бердик. Лекин бундан олдин мен битта оғир вазифани бажаришга – Селден ҳалок бўлганини Бэрриморга ва хотинига хабар қилишга мажбур бўлдим. Бэрримор бу хабарни енгил тортгандай бўлиб ва ўзининг бу ҳолатини яширмай эшитди, лекин хотини этаги билан юзини ёпиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Ҳамманинг назарида Селден иблис ёки йиртқичсифат ёмон жиноятчи бўлиб кўринарди, аммо Бэрриморнинг хотини назарида эса, ҳали ҳам у болалик чоғида опасининг қўлига ёпишиб, шўхлик қилиб юрган ўғил бола бўлиб туюларди. Ўлганидан кейин бирор хотин ачиниб йиғламаган кишини ҳақиқатан ҳам ёвуз махлуқ деса бўлади!
– Сиз кетганингиздан бери, Уотсон, уйдан чиқмай зерикиб ўтирибман, – деди баронет. – Шунчалик итоатли бўлганим учун менга раҳмат дейсиз деб ўйлайман. Ботқоқликка чиқмайман, деб сизга ваъда бермаганимда эди, бугунги оқшомни анча хурсандчилик билан ўтказган бўлур эдим, чунки Стэплтон мени зиёфатга таклиф қилиб хат юборибди.
– Ҳа, сиз кечқурунги вақтингизни анча хурсандлик билан ўтказган бўлур эдингиз, бунга шакшубҳа қилмайман, – деди пинагини бузмай Холмс. – Айтгандай, бўйни синган кишини кўриб, сизга ачиниб йиғлаганимиздан хабарингиз бўлмаса керак?
Сэр Генри кўзларини катта очиб ҳайрон бўлиб қолди:
– Бу нима деганингиз?
– Чунки бадбахт маҳбус сизнинг кийимингизни кийиб олган экан. Бу кийимни у Бэрримордан олган, бунинг учун Бэрримор полицияда тергов бериши мумкин.
– Йўқ, ундай бўлмаса керак. Агар мен янглишмасам, кийимларимда ҳеч қандай белги йўқ эди.
– Ундай бўлса, яхши, бу маҳбуснинг бахти, сизнинг ҳам бахтингиз, чунки ҳаммангиз қонунга хилоф ишларга аралашганингиз кўриниб турибди. Ростини айтсам, мен ҳалол ишлайдиган хуфия бўлганим учун ҳамма улфатларингизни дарҳол қамоққа олишим керак эди. Уотсоннинг хатлари сизларни фош қилувчи ҳужжат бўла олади.
– Яхшиси, ишимизнинг тафсилотини гапириб бера қолинг! – деб илтимос қилди баронет. – Сиз бу чигални еча олдингизми? Биз Уотсон билан бу ерга келганимиздан бери ҳеч нарсани билиб олганимиз йўқ.
– Яқин фурсатда кўп нарса маълум бўлиб қолади, деб ўйлайман. Бу иш ниҳоят даражада қийин ва чигал бўлиб чиқди. Бу ишнинг баъзи жиҳатлари ҳали ҳам менга қоронғи… Лекин таги очилади, албатта очилади!
– Ботқоқликда нималарни эшитганимизни Уотсон сизга гапириб берган бўлса керак. Бинобарин, булар оддий афсона эмас. Бир вақтлар мен итлар билан шуғулланганман, бунақа ишда ҳеч ким мени чалғита олмайди – итнинг вовуллашини билиб олмаслик мумкин эмас. Агар сиз ўша итнинг тумшуғига тўр қоплаб, занжирлаб қўйишга муваффақ бўла олсангиз, сизни дунёда энг катта хуфия деб ҳисоблаган бўлур эдим.
– Унинг тумшуғига тўр ҳам тақилади, занжирлаб ҳам қўйилади, фақат менга ёрдам берсангиз бас.
– Нимаики буюрсангиз, ҳаммасини қиламан.
– Жуда соз! Лекин «нега» ва «нима учун» деган ҳеч қандай савол бермай, батамом итоат қилишингизни талаб қиламан.
– Талабингиз бажо келтирилади.
– Агар шу талабга рози бўлсангиз, у ҳолда биз вазифамизни ҳал қиламиз. Ҳеч шубҳасиз, мен…
Холмс гапни тамомламай тўхтаб қолди ва қаёққадир юқорига тикилди. Лампанинг ёруғи унинг чеҳрасини ёритиб турарди – лампа ёруғида у кўзимга бамисоли классик ҳайкалдек ҳаракатсиз бўлиб кўринди. У ҳаяжон ва эҳтиёткорлик тимсоли эди.
– Ўзи нима гап? – деб сэр Генри иккимиз хитоб қилдик.
Холмс қайрилиб қаради, шунда мен у ўзидаги ҳаяжонни босишга уринаётганини пайқадим. Унинг чеҳраси ҳали ҳам ҳеч бир нарсани ифодаламасди, лекин унинг ғалабани қўлга киритгани кўзидан сезилиб турарди.
– Мени авф этасиз, лекин хурсандлигимдан ўзимни тутолмай қолдим, – деди у рўпарадаги деворда осилиб турган портретларни кўрсатиб. – Уотсон менга рассомлик нималигини тушунмайсиз, деб юради, лекин менга рашк қилганидан шундай дейди, чунки санъат асарларига баҳо беришда ҳар биримизнинг фикримиз бошқа-бошқа бўлиб чиқади. Аммо бу портретлар ҳақиқатан ҳам зўр маҳорат билан чизилган.
– Шундай баҳо берганингизга хурсандман, – деди сэр Генри ва таажжубланиб дўстимга қаради. – Мен рассомлар чизган суратларни унчалик тушунмайман. От ёки буқачанинг сурати бўлса, бошқа гап. Лекин санъатга қизиқиш учун сизнинг вақтингиз бор, деб ўйлаш кимнинг хаёлига келиши мумкин!
– Хотиржам бўлаверинг, яхши нарсани мен ҳамиша пайқаб оламан. Ҳаворанг шойи кўйлакдаги анави хонимнинг суратини рассом Миллер чизган. Парик кийиб олган семиз жентльменнинг суратини эса, ҳеч шубҳасиз, Рейнольдо чизган. Бунинг учун баҳслашишга тайёрман. Булар оилавий портретлар бўлса керак?
– Ҳаммаси ҳам оилавий портретлар.
– Сиз уларнинг номларини биласизми?
– Бэрримор бу хусусда менга жуда кўп гапирди, билганларимни тутилмай айтиб бера оламан, деб ўйлайман.
– Дурбин ушлаб турган анави жентльмен ким?
– У Вест-Индияда хизмат қилган контр-адмирал Баскервиль. Кўк сюртук кийган ва қўлида ўралган қоғоз ушлаб турган анависи сэр Вильям Баскервиль. У Пит5555
Пит Вильям – (каттаси) (1708 –1778) – Англиянинг давлат арбоби, 1766 йилдан 1768 йилга қадар бош министр.
[Закрыть] даврида умумпалата комиссиясининг раиси бўлган.
– Уқа тутилган қора бахмал камзулли анави рўпарамдаги кавалер-чи?
– О! Сиз у билан танишиб олишингиз керак. Ҳамма кулфатларнинг сабабчиси ана ўшанинг ўзи – Баскервиллар ити тўғрисидаги афсона ўша кишидан бошланади. Биз уни тез унутиб юбормасак керак.
Мен портретга қизиқиб ва бир оз таажжубланиб қараб турдим.
– Тавба! – деди Холмс. – Кўринишдан жуда ювош, босиқ одамга ўхшайди-ку. Дуруст, кўзларида ёвузлик аломатлари сезилиб турибди. Мен Гугони важоҳати босқинчиларникига ўхшаган бунақа забардаст киши бўлар деб тасаввур қилмаган эдим.
– Бу портретда Гугонинг худди ўзи тасвирланган, бунга заррача шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Суратнинг орқасига унинг номи ва сурат бир минг олти юз қирқ олтинчи йилда чизилгани ёзиб қўйилган.
Шундан сўнг Холмс камгап бўлиб қолди, лекин бебош Гугонинг портрети унинг бутун диққатини ўзига тортиб қўйгандек эди, кечки овқат вақтида ҳам портретдан деярли кўз олмай ўтирди. Бироқ, сэр Генри ўз хонасига чиқиб кетганидан кейингина дўстим нималарни ўйлаётгани менга аён бўлди. Холмс тунги столчаси устида турган шамни олиб, мен билан бирга зиёфат залига қайтиб келди, кўп замонлар ўтганидан хира тортиб қолган портретга шамни яқинлаштирди.
– Сиз бу портретда бирор нарса борлигини пайқамаяпсизми?
Мен кенг ҳошияли шляпага, уқа тутилган оқ ёқага ва парикнинг узун фатилалари чўзиқ чеҳрасини қоплаб турган Гугога узоқ қараб турдим. Бу чеҳрада на қўполлик аломати, на шафқатсизлик белгиси бор, деб ҳеч ким таъна қила олмас эди, лекин чимирилган ингичка лабларида, совуқ, шижоатли қарашида қандайдир бетамизлик, шафқатсизлик, дағаллик аломати борлиги сезилиб турарди.
– Сизга у ҳеч кимни эслатмаяптими?
– Унинг даҳани сэр Генриникига ўхшаб кетади.
– Ҳа, андак ўхшашлик бор. Лекин сал сабр қилинг!
У стулга чиқиб ва чап қўлида шамни ушлаб туриб, букилган ўнг қўли билан кенг ҳошияли шляпани ва узун фатилаларни тўсди.
– Худоё тавба! – деб беихтиёр таажжубланиб қичқириб юбордим. Суратда тасвирланган киши Стэплтоннинг худди ўзи эди.
– Ана! Кўрдингизми? Менинг кўзларим одамнинг қиёфасини ўраб турган нарсалардан фарқ қилишга одатланиб қолган. Ниқоб орқасидаги нарсани кўра билиш – хуфиянинг асосий хислати.
– Таажжуб! Худди унинг портретига ўхшайди!
– Ҳа, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан ўтмишга қайтишнинг диққатга сазовор намунаси бу. Оилавий портретларни мана шундай ўргана бошласанг, одамнинг жони бир кишидан иккинчи кишига ўтади, деган гапларга ишонадиган бўлиб қоласан киши. У ҳам Баскервилларнинг бири. Бу очиқ кўриниб турибди.
– У ҳам меросхўр бўлмоқчи.
– Ҳеч шубҳасиз. Менинг кўзим тасодифан тушиб қолган бу портрет биз топишимиз қийин бўлган энг катта камчиликлардан бирининг ўрнини тўлдиришимизга ёрдам берди. Энди биз уни тутиб олдик деяверинг, Уотсон, энди у бизнинг қўлимизга тушди! Қасамёд қилиб айтаманки, унинг капалаклари матрабчада қандай типирчиласа, эртага кечаси унинг ўзи ҳам бизнинг тузоқларимизда шундай типирчилайди. Тўғнағич, пўкак, ёрлиқча, хуллас, Бейкер-стритдаги коллекциямизга яна бир нусха қўшилади.
Холмс қаҳ-қаҳ уриб портретдан нарига силжиди. Мен унинг бундай кулишини жуда кам эшитганман. Шундай бўлса ҳам, унинг бу кулиши бирор ёвузнинг бошига катта кулфат солинишидан ҳамиша дарак берарди.
Эртаси кун эрталаб кийина туриб деразага қараган эдим, кўзим Холмсга тушди, у мендан олдинроқ ўрнидан турган экан ва қаёққадир бориб келишга ҳам улгурган экан.
– Ҳа, бугун ишимиз кўп бўлади, – деди у, – бажаришимиз лозим бўлган ишларнинг лаззатини тотгандай бўлиб ва қувониб, қўлларини бир-бирига ишқалади: – Сал фурсатда иш бошлаймиз. Тузоқлар жой-жойига қўйилган. Тиши ўткир, катта чўртанбалиқ тузоққа илинган ё илинмагани, ёхуд илинмай қочиб кетгани кечқурун маълум бўлади.
– Сиз ботқоқликка бориб келишга улгурдингизми?
– Гримпенгача бордим ва Селденнинг ўлгани тўғрисида у ердан Принстаунга телеграмма бердим. Бу иш муносабати билан ҳеч ким сизларни безовта қилмас деб ўйлайман. Бундан ташқари, садоқатли йигитчам Картрайтни ҳам топиб гаплашдим, акс ҳолда у мендан ташвишланиб ғор оғзида худди хўжайинининг қабри устида жон берган итдек ўлиб қолиши мумкин эди.
– Хўш, бугун ишни нимадан бошлаймиз?
– Аввало сэр Генрини бориб кўрамиз. Ана, ўзи ҳам келиб қолди!
– Салом, Холмс! – деди баронет. – Сиз бўлажак жангнинг режасини штаб бошлиғи билан муҳокама қилаётган генералга ўхшайсиз.
– Ҳақиқатан ҳам шундай қилмоқдамиз. Уотсон нима қилиш кераклигини билиб олиш учун келибди.
– Мен ҳам шуни сўрагани келдим.
– Жуда соз. Агар янглишмасам, дўстларингиз бўлган Стэплтонлар сизни бугун зиёфатга таклиф қилишган бўлса керак?
– Сиз ҳам борасизми? Улар меҳмондўст одамлар, борсангиз жуда хурсанд бўлишади.
– Афсуски, биз Уотсон билан бирга Лондонга кетишимиз керак.
– Лондонга дедингизми?
– Ҳа. Ҳозирги мавжуд ҳолатда бизнинг Лондонда бўлганимиз яхшироқ.
Баронет бу гаплардан таажжубланди.
– Мен бўлсам, сизлар бу иш тамом бўлгунча ёлғиз ўзимни ташлаб кетмассизлар, деб ўйлабман! Очиғини айтсам, Баскервиль-холлда ўзим зерикиб қоламан.
– Дўстим, менга сўзсиз итоат қилишингиз ва талабларимнинг ҳаммасини бажаришингиз лозим. Биз жон деб борар эдик, лекин зарур иш чиқиб қолиб, Лондонга жўнаб кетганимизни дўстларингизга айтиб қўйинг. Аммо тез фурсатда Девонширга қайтиб келамиз. Шу гапларни уларга айтиб қўйишни унутмайсизми?
– Талабингиз бажо келтирилади.
– Сизни ишонтириб айтаманки, бошқа илож йўқ.
Бу сўзларга жавобан баронетнинг қовоғи солиниб кетганини кўриб, у хафа бўлганини ва бизнинг кетишимизни қочоқлик деб ҳисоблаётганини тушундим.
– Қачон йўлга чиқмоқчисиз? – деб совуққонлик билан сўради у.
– Нонушта қилиб бўлишимиз биланоқ йўлга чиқамиз. Кумби-Тресигача отда борамиз, лекин Уотсон ўз буюмларини сизга гаровга қолдиради, бинобарин, унинг қайтиб келишини кутиб туринг. Уотсон, сиз Степлтонга зиёфатга боролмаганингиз учун кечирим сўраб хат ёзиб қолдиринг.
– Менинг ҳам Лондонга кетгим келяпти, – деди баронет. – Нега бу ерда ёлғиз ўзим қолишим керак?
– Чунки сиз ўз постингизни ташлаб кетмаслигингиз керак. Чунки ҳамма буйруғингизга қулоқ соламан, деб менга сўз бергансиз. Шунинг учун ҳам энди сизга, бу ерда қолинг, деб айтяпман.
– Яхши, шу ерда қоламан.
– Яна битта илтимосим бор. Сиз от қўштириб Меррипит-хаусга боринг. Экипажни қайтариб юборинг ва Стэплтонга, уйимга пиёда қайтаман, деб айтинг.
– Ботқоқлик орқали пиёда қайтаман дейинми?
– Ҳа.
– Лекин ботқоқликдан ўтма, деб мени ўзингиз неча марталаб ушлаб қолган эдингиз-ку!
– Аммо энди ботқоқликда бемалол юраверишингиз мумкин. Мардлигингизга ишонганим учунгина сиздан шуни талаб қиляпман.
– Яхши, айтганингизни қиламан.
– Агар жонингиздан сал-пал умидингиз бўлса, Меррипит-хаусдан Гремпен йўлига олиб чиқадиган сўқмоқдан сира четга бурилманг, зотан, Баскервиль-холлга олиб борадиган энг яқин йўлнинг ўзи ҳам мана шу.
– Айтган гапларингизнинг ҳаммасини аниқ бажараман.
– Бу гапингиз жуда яхши. Лондонга кундузи етиб бориш учун нонушта қилиб бўлишимиз биланоқ йўлга тушамиз.
Гарчи кеча кечқурун Холмс кетмоқчи бўлганини Стэплтонга айтиб қўйгани эсимдан чиқмаган бўлса ҳам, лекин унинг бу иш режаси мени жуда таажжублантирди. У мен билан бирга жўнайди, яна ўзи жуда қалтис пайт келди, деган мана шундай пайтда йўлга чиқади, деган фикр кимнинг хаёлига келиши мумкин эди! Зотан, дўстимнинг гапига сўзсиз итоат қилишдан бошқа иложим қолмаган эди, биз маъюсланган баронет билан сал вақтдан сўнг хайрлашдик, икки соатдан кейин эса шарабанни уйга қайтариб юбориб, Кумби-Тресидаги станция платформасига йўл олдик. У ерда бизни бўйи пастак бир бола кутиб турарди.
– Қандай буйруқларингиз бор, сэр?
– Картрайт, ҳозир поездга ўтириб Лондонга борасан. Етиб боришинг билан менинг номимдан сэр Генри Баскервилга дарров телеграмма юбор. Телеграммада унга менинг йўқотган ёзув дафтарчамни бирон жойдан топиб олмадингизми, агар топиб олган бўлсангиз, бандероль қилиб Бейкерстритга жўнатинг, деб ёзиб юбор.
– Хўп, сэр.
– Ҳозир сен станция конторасига бориб, менинг номимга бирон нима келган-келмаганини билиб кел.
Бола сал ўтмай телеграмма кўтариб қайтиб келди; Холмс уни ўқиб, менга узатди. Телеграммада қуйидаги сўзлар ёзилган эди: «Телеграммангизни олдим. Қамашга ордер олиб йўлга чиқаман. Соат бешу қирқ дақиқада етиб бораман. Лестрейд».
– Бу эрталабки телеграмманинг жавоби. Лестрейд – энг яхши профессионал хуфия, унинг ёрдами бизга керак бўлиб қолиши мумкин… Мана энди, Уотсон, бизнинг вақтимиз бор, ҳозир танишингиз миссис Лаура Лайонснинг уйига бориш учун энг қулай вақт деб ўйлайман.
Холмс қилмоқчи бўлган ишларининг режаси дақиқа сайин менга равшан бўлиб бормоқда эди. Баронетнинг ёрдами билан у Стэплтонларни биз бу ерда йўқлигимизга ишонтиради, ҳақиқатда эса ёрдамимиз керак бўлган пайтгача қайтиб келамиз. Агар сэр Генри Холмснинг Лондондан юборган телеграммасини олганини ҳам айтса, бу нарса Стэплтоннинг охирги шубҳасидан асар қолдирмайди. Қўйган тузоқларимиз тиши чўртанбалиқни тобора сиқиб келаётгани энди хаёлимда гавдаланмоқда эди.
Миссис Лаура Лайонс ўзининг ишхонасида ўтирган экан. Шерлок Холмс гапнинг лўндасини тўппа-тўғри айтиб беришга киришганда, у хотин таажжубланиб бақрайиб қолди.
– Сэр Чарльз Баскервиль қандай ҳолатда ўлганини текширяпман, – деб гап бошлади Холмс. – Дўстим доктор Уотсон шу муносабат билан сиз айтиб берган ва айтиб бермасликни ўзингиз лозим топган гапларнинг ҳаммасини менга топширди.
– Мен нимани айтмай қолдирибман? – деди миссис Лаура Лайонс жиддийлашиб.
– Сиз сэр Чарльзни кечқурун соат ўнга хиёбондаги эшикча олдига келинг, деб чақирганингизга иқрор бўлибсиз. У худди шу соатда ва худди шу жойнинг ўзида ўлганини биламиз. Мана шу икки факт ўртасида боғланиш борлигини айтмадингиз.
– Бу икки факт ўртасида ҳеч қандай боғланиш йўқ.
– Агар шундай бўлса, икки фактнинг айнан бир вақтга тўғри келиб қолгани ҳақиқатан жуда қизиқ. Лекин ахир бир кун биз шундай боғланиш борлигини аниқлаб оламиз, деб ўйлайман. Сиз билан очиқ гаплашяпман, миссис Лайонс. Бунда гап бир одамнинг ўлдирилгани тўғрисида боряпти, бу ишга доир шундай далиллар борки, натижада фақат дўстингиз мистер Стэплтонгина эмас, балки унинг хотини ҳам терговга тушиб қилиши мумкин.
Миссис Лайонс креслодан сапчиб турди:
– Унинг хотини дедингизми?
– Энди бу нарса ҳеч кимга сир эмас. У синглим деб юрган одам ҳақиқатда унинг хотини.
Миссис Лайонс яна жойига ўтирди ва креслонинг дастасига бармоқларини шу қадар куч билан ботирдики, тирноқлари оқариб кетди.
– Унинг хотини! Унинг хотини!.. Лекин у бўйдоқ-ку!
Шерлок Холмс елкасини қисиб қўйди.
– Буни исботлаб беринг! Исботлаб беринг! Агар исботлай олмасангиз… – Унинг ғазаб билан чақнаган кўзлари айтмоқчи бўлган гапини ҳар қандай сўздан яхшироқ ифодалаб турарди.
– Буни исботлаш осон, – деди Шерлок Холмс, чўнтагидан қандайдир қоғозларни ола туриб. – Мана бу ўша эр-хотиннинг бундан кўп йил муқаддам Йоркда олдирган сурати. Суратнинг орқасига: «М-р ва м-с Вандлер» деган сўзлар ёзилган. Сиз эркакни танийсиз, албатта. Агар кўрган бўлсангиз, бу хотинни ҳам танийсиз. Бундан ташқари, мана бу учта ҳужжатга жуда ишонса бўладиган одамлар қўл қўйган. Буниси бир вақтлар «Сент-Оливер» деб аталган хусусий мактабнинг соҳиби бўлган мистер ва миссис Вандлерларнинг тасвири. Шу ҳужжатларни ўқиб чиқсангиз, бу тасвирланган одамлар ҳақиқатан таниш кишилар эканлиги тўғрисида сизда заррача шак-шубҳа қолмайди.
Миссис Лайонс олдида турган қоғозларга кўз югуртириб чиқди ва сўнгра бизга қаради. Кўнглидаги изтироб унинг чеҳрасини ниқобга айлантириб юборган эди.
– Мистер Холмс, – деди у, – бу аблаҳ менга агар сиз талоқ хатингизни олсангиз, сизга уйланаман, деб ваъда берган эди. Демак, унинг биронта сўзига ҳам ишонмаслик керак экан-да? Демак, у ҳамиша мени алдаб юрган экан-да? Лекин нега шундай қилди? Нега? У фақат менинг ғамимни еб юрибди, деб ўйлабман. Бундан чиқди, унинг қўлида қурол бўлиб қолган эканман-да. Шу қадар ёлғончи бир кишига нега вафодор бўлишим керак? Нега уни ҳимоя қилишим керак? Ўзининг қилган ёвузлиги учун жазосини торта берсин! Нимани хоҳласангиз сўрайверинг! Ҳеч нимани яширмайман. Сизга қасам ичиб айтаманки, ўша хат энг яхши дўстим сэр Чарльзни ҳалок қилиши тушимга ҳам кирмаган эди.
– Ҳар бир сўзингизга ишонаман, – деди Шерлок Холмс. – Билганларингизни айтиб бериш сизга жуда оғир бўлса керак. Биз бундай қилайлик: ҳаммасини ўзим гапириб бераман, мабодо гапимнинг бирор жойида хатоси бўлса, сиз бу хатомни тўғрилаб борасиз. Ўша хатни Стэплтоннинг ундаши билан ёзганмидингиз?
– Ўзи айтиб турган эди.
– У сизга, талоқ хати олиш учун бўладиган суднинг ҳамма харажатларини сэр Чарльз ўз бўйнига олади, деб айтган бўлса керак?
– Ҳа.
– Хатни юборганингиздан кейин сизни у учрашишга борма, деб кўндирганмиди?
– У менга суд харажати учун пулни бошқа бирор киши берса, ўзимга ҳурматим қолмайди, деган эди. Ҳар қанча камбағал бўлсам ҳам, бизни бир-биримиздан жудо қилиб турган охирги тўсиқни йўқ қилиш учун охирги пенни пулимни ҳам сарфлайман, деб қасам ичган эди.
– У жуда уста одам бўлса керак! Шундан кейин бўлган воқеалардан хабарингиз бўлмадими? Сэр Чарльзнинг ўлгани ҳақидаги хабарни фақат газеталардан ўқиб билдингизми?
– Ҳа.
– У билан учрашмоқчи бўлганингизни ҳеч кимга айтмасликка ваъда беринг, деб Стэплтон сизни мажбур қилдими?
– Ҳа. У менга сэр Чарльзнинг ўлиши жуда сирли бўлди, агар унга хат ёзганингизни билиб қолишса, шубҳа остида қоласиз, деди. У мени қўрқитди, индамай қўя қолдим.
– Тушуниб турибман. Лекин шундай бўлса ҳам, сизда қандайдир гумон пайдо бўлдими?
Миссис Лайонс жавоб беришга ботинолмаган бўлса керак, кўзини ерга қаратди.
– Мен у кишини яхши билардим, – деди ниҳоят миссис Лайонс. – Агар у мени алдамаганида, сирини очмаган бўлардим.
– Хуллас, фалокатингиз ариди, – деди Шерлок Холмс. – У сизнинг қўлингизда эди ва буни жуда яхши биларди, шундай бўлса ҳам сиз омон қолдингиз. Кейинги ойларда сиз жар ёқасига бориб қолган эдингиз. Энди, миссис Лайонс, сиз билан хайрлашишга ижозат беринг. Лекин яна кўришсак керак.
Лондон экспрессининг келишини кутиб яна станция платформасига чиқиб олганимиздан кейин Холмс гап бошлади:
– Мана энди аста-секин ҳамма нарса равшанлашмоқда, туман тарқалмоқда. Сал фурсатда бу жиноят қандай содир бўлганини моддама-модда гавдалантириб айтиб бера оламан – бу замонимизнинг энг сенсацияли жинояти дейиш мумкин. Жиноятшунослар шунга ўхшаш жиноятлар бўлган эди, деб айтишлари мумкин, албатта, Украинадаги Гроднода 1866 йилда бўлиб ўтган одам ўлдириш воқеасини ва Шимолий Каролинада Андерсен шу тахлитда ўлдирилганини эсга олурлар, лекин ҳозир биз текшираётган ишнинг бутунлай ўзига хос баъзи белгилари бор. Биз бу маккор айёрга ҳатто ҳозир ҳам бевосита далилларни рўпара қила олмаймиз. Лекин сўзим эсингизда бўлсин, Уотсон, уйимизга етиб ёстиққа бош қўйгунимизча ҳамма нарса равшан бўлади.
Лондон экспресси гувиллаб станцияга келиб тўхтади, унинг биринчи класс вагонидан қайси жойидир бульдог итга ўхшаб кетган паст бўйли, абжир бир киши платформага сакраб тушди. Биз саломлашдик, Лестрейд ўртоғимга тавозе билан муомала қилганини кўриб, улар бирга ишлай бошлаганларидан бери у кўп нарсани тушуниб олгани менга равшан бўлиб қолди. Назарияга ишқибоз бўлган дўстимнинг мантиқий хулосалари амалиётчи бўлган бу кишини бир вақтлар нақадар ғижинтиргани ҳанузгача эсимдан чиқмаган эди.
– Хўш, катта ишми? – деб савол берди Лестрейд.
– Кўпдан бери бунақа катта иш бўлмаган эди, – деди Холмс. – Яна икки соат бўш вақтимиз бор. Шу вақтдан фойдаланиб, овқатланиб олайлик, сўнгра, Лестрейд, сизни Дартмурнинг жуда покиза тунги ҳавоси билан меҳмон қиламиз ва Лондоннинг туманидан ҳалқумингизни тозалаб олишингизга ёрдам берамиз. Илгари бу ерларда бўлмаганмидингиз? У ҳолда сиз бу ерда биринчи танишиб, билиб олган нарсаларингизни тез унутиб юбормайдиган бўласиз.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.