Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 12


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
VII БОБ
Бейкер-стритдаги номунтазам полиция қисми

– Энди нима қиламиз? – деб хитоб қилдим. – Мана, шунча донғи чиққан Тоби ҳам янглишди.

– У ўз билганича, тушунганича иш тутди, – деб жавоб қилди Холмс, Тобини бочканинг устидан тушириб, складдан олиб чиқаркан. – Ўзингиз бир тасаввур қилинг-а, Лондон бир кунда қанча креозот сарфлайди, демак, изимизни кесиб ўтганларига ажабланмасак бўлади. Ҳозир уни ёғочга сингдириш расм бўлган. Йўқ, бечора Тобини айблаб бўлмайди.

– Демак, олдинги изимизга қайтамизми?

– Ҳа, бахтимизга бу узоқ эмас. Тобининг Найте-плейс муюлишида нега гангиб қолганининг сабабини энди тушуняпман. Ўша ердан ҳар хил томонга иккита бир хил из кетганди. Биз сохта изга тушиб қолдик. Энди орқага қайтиб, тўғри изни топишимиз керак.

Бу қийин эмасди. Биз Тобини у янглишган жойга олиб келдик. У ўша ерда яна бир бор айланди-да, бутунлай бошқа томонга қараб чопиб кетди.

– Ишқилиб, у бизни бочканинг илгари турган жойига олиб бормасин-да, – дедим.

– Қўрқманг. Кўряпсизми, Тоби ҳозир йўлкадан чопиб кетяпти, аравачани эса тош йўлдан олиб келишганди. Йўқ, бу сафар биз тўғри йўл танладик. – Из соҳил томонга бурилди, Бельмонт-плейс ва Принсис-стрит орқада қолди. Бродстрит охирида из тўппа-тўғри сувга, кичкина, ёғоч причалга келиб тақалди. Тоби бизни причалнинг энг чеккасига олиб борди-да, тўхтаб қолди, кейин безовта ириллаб, пастда оқаётган сувга қаради.

– Омадимиз келмади, – деди Холмс. – Улар бу ердан қайиқ олишган.

Причалга бир неча ялик2323
  Ялик – икки ёки тўрт эшкакли қайиқ.


[Закрыть]
ва таги ясси қайиқ боғлаб қўйилганди. Тобини уларнинг ҳар бирининг олдига олиб бордик, лекин у қанча ҳидламасин, фойдаси бўлмади, креозот ҳиди қолмаганди.

Оддийгина причалга яқин жойда кичкина ғишт уй бор эди. Иккинчи деразасининг устига «Мордекай Смит» деган сўзлар ёзилган ёрлиқ осиб қўйилганди, сал пастида: «Қайиқлар бир соат ёки бир кунга ижарага берилади», деб ёзилганди. Эшикдаги ёзув уй эгасининг буғ билан юрадиган катери борлигини маълум қилганди, шундай соҳил бўйидаги катта кокс уюми бундан ёрқин далолат берарди. Шерлок Холмс теварак-атрофга аланглаб қаради-ю, қовоғи осилиб кетди.

– Ишимиз чатоқ, – деди у. – Бу азаматлар мен ўйлагандан кўра ақллироқ экан. Афтидан, изларини йўқотишибди. Улар бунга олдиндан тайёргарлик кўришмаганмикин, деб қўрқяпман.

У уй олдига борди. Эшик бирдан ланг очилди-ю, остонага олти ёшлар чамасидаги сочи жингалак бир бола чопиб чиқди, унинг орқасидан қўлида губка2424
  Губка – мочалка ёки қозон сочиқ ўрнида ишлатиладиган буюм.


[Закрыть]
ушлаган, тўладан келган, юзлари қипқизил аёл чиқди.

– Ҳозироқ уйга кириб ювин, Жек! – деб қичқирди аёл. – Қара, ҳаммаёғинг кир-чир! Даданг кўргудай бўлса, икковимизнинг ҳам таъзиримизни беради!

– Ширин бола экан, – деб гап бошлади Холмс. – Бу тўполончининг икки юзи қип-қизил-а! Менга қара, Жек, нима хоҳлайсан?

– Шиллин, – деб жавоб қилди у бир зум ўйланиб.

– Балки, яна бошқа бирор нарса хоҳларсан?

– Икки шиллин, – деб жавоб берди болакай яна жиндак ўйланиб.

– Ма, ол! Болангиз бунчалик чиройли, ширин, миссис Смит!

– Худо ярлақасин сизни, сэр! Зеҳни жуда ўткир, Худонинг ўзи асрасин. Уни ҳечам йўлга сололмаяпман, айниқса отаси йўқлигида ҳечам эплаб бўлмайди. Мана, кўряпсиз-у.

– Уйда эмасми? – деб такрор сўради Холмс ҳафсаласи пир бўлиб. – Афсус. Унда ишим бор эди.

– У кеча эрталабоқ кетганди, сэр. Хавотир оляпман, тинчликмикин? Агар сизга қайиқ керак бўлса, мен ечиб беришим мумкин, сэр.

– Ижарага катер олсам дегандим.

– Катер? Буни қаранг-а, иложи йўқ-да. Ўзи шу катерда кетувди-я! Шунинг учун ҳам хавотир оляпман-да. Кўмири оз эди, Вулижга сузиб бориб келишга етади, холос. Агар яхтада кетганида ҳечам безовта бўлмасдим. У баъзида Грейвсендга ҳам бориб келади. Агар иши кўп бўлса тунаб ҳам қолади. Лекин, баркасда узоққа бориб бўлмайди-да.

– Кўмирни ҳар бир пристанда сотиб олса бўлади-ку.

– Бўлишга-ку, бўлади-я, лекин у буни ёқтирмайди. Улар жудаям қимматга сотишади, шилишади, дейди… Бунинг устига, ёнидаги ёғоч оёқли одамни негадир ёқтирмайман, турқи совуқ, гапиниям тушунмайман. Доимо шу атрофда ивирсиб юради.

– Ёғоч оёқли одам дедингизми? – деб ҳайрон бўлиб сўради Холмс.

– Ҳа-да, сэр. Қоп-қора, маймунга ўхшайди. Ўша одам кеча кечаси эримни қидириб келди. Эрим уни кутаётганди, шекилли, чунки катер аллақачон тайёрлаб қўйилган эди. Сизга очиғини айтаман, сэр, бу ишлар менга ёқмаяпти, ҳа, ёқмаяпти.

– Азизим миссис Смит, – деди Холмс елкалари қўнишиб, – сиз беҳудага безовта бўляпсиз. Хўш, кечаси бошқа бирон киши эмас, айни шу ёғоч оёқли одамнинг келганини сиз қаёқдан била қолдингиз? Бунчалик ишонч билан гапираётганингизга ҳайрон бўлиб турибман.

– Овози-чи, овози, сэр? Мен унинг овозини жуда яхши эслаб қолдим, бўғиқ, қўпол. У деразани тақиллатди, кечаси учлар чамаси эди. «Қани, оғайни, уйғонгин, – деди у хириллаб, – вахтага чиқадиган вақт бўлди». Чолим Жимни уйғотди – у катта ўғлим, иккови бир оғиз гапирмасдан чиқиб кетишди. Кечаси ёғоч оёқнинг тошга тегиб дўқиллаши аниқ эшитиларди.

– Ўша ёғоч оёқли одам бир ўзимиди?

– Бир нарса деёлмайман, сэр. Бошқа ҳеч нима эшитмадим.

– Сизни безовта қилганим учун узр, миссис Смит, лекин менга катер керак эди. Менга шуни тавсия қилишганди. Номи нима эди?

– «Аврора», сэр.

– Ҳа, ҳа. Шарти кетиб парти қолган кема, ўзи яшил, биқинида сарғиш йўли бор, қуйруқ қисми анча кенг.

– Йўқ, бу эмас. Катеримиз кичкина, ихчам. Уни яқиндагина қора бўёққа бўяшганди, иккита қизил йўли бор.

– Раҳмат. Ишончим комилки, мистер Смит ҳадемай қайтиб келади. Мен дарёда бир оз сайр қилмоқчиман, агар «Аврора»ни кўриб қолгудай бўлсам, эрингизга қичқираман, сизнинг безовта бўлаётганингизни айтаман. Мўрисини қора дедингизми?

– Ҳа, мўриси қора, оқ ҳошияси ҳам бор.

– Ҳа, бўлди, бўлди. Ён томони қора-я. Хайр, миссис Смит. Мен қайиқчини кўряпман, Уотсон. Биз ҳозир нариги томонга сузиб ўтамиз.

– Энг муҳими, – деб гап бошлади Холмс яликка жойлашиб ўтириб олганимиздан кейин, – оддий одамлар билан муомала қилар экансан, улардан бирор нимани билиб олмоқчи бўлаётганингни сезмасликлари керак. Агар буни пайқагудай бўлса, ичимдагини топ деб гунг бўлиб олишади. Агар уларнинг гапини довдирлик билан эшитсанг, пойинтар-сойинтар сўрайверсанг, керакли нарсаларнинг ҳаммасини билиб оласан.

– Энди бундан кейин қиладиган иш режамиз аниқ бўлди, – дедим. – Катерни ижарага олиб, «Аврора»ни излашимиз керак.

– Азизим, бу ҳаддан зиёд оғир вазифа. «Аврора» Гринвичга етгунча у ёки бу соҳилдаги истаган пристанда тўхташи мумкин. Кўприкдан кейин пристанлар бирин-кетин келади. Уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Агар «Аврора»нинг орқасидан бир ўзимиз қувсак, улар бизни икки-уч кун лақиллатишлари мумкин.

– Ундай бўлса полицияни ёрдамга чақиринг.

– Йўқ. Мен Этелни Жонсга энг охирида мурожаат қиламан. У, аслида ёмон одам эмас, шунинг учун ҳам унинг мартабасига путур етказмоқчи эмасман. Лекин, энди, шунча иш қилиб қўйганимиздан кейин, буёғини ҳам охиригача ўзим етказмоқчиман.

– Балки газетада эълон берармиз, пристанлар хўжайинлари «Аврора»ни кўришса бизга хабар қилишади.

– Йўқ, бу сира ҳам мумкинмас. Оғайниларимиз уларнинг изига тушганимизни билишиб, Англиядан қочиб қолишлари ҳеч гап эмас. Менимча, Англияни тарк этиш шундаям уларнинг режасида бор. Лекин ҳозирча, бирор хавф-хатар бўлмагунича улар шошилмасдан, бемалол юришади. Жонснинг абжирлиги бизга қўл келади. Ишончим комилки, унинг тахминан айтган фикр-мулоҳазалари барча газеталарда босилган, қочоқлар, полиция сохта издан кетишди деб жуда ишонишади.

– Хўш, унда нима қилишимиз керак? – деб сўрадим Милбанкдаги ахлоқ тузатиш уйи олдида тўхтаганимизда.

– Мана бу извошда уйга бориб, нонушта қиламиз, бир соатча мизғиб оламиз. Эҳтимол, бу кеча ҳам юриб чиқармиз. Извошчи, почтанинг олдида тўхтанг. Тоби ҳозирча ёнимизда қолади. У ҳали керак бўлади.

Биз Грейт-Питер-стритдаги почта олдидан чиқдик, Холмс бу ерда телеграмма жўнатди.

– Хўш, сиз кимга деб ўйлайсиз? – деб сўради мендан Холмс яна извошга чиқиб ўтирганимиздан кейин.

Ҳеч тасаввурим йўқ.

– Бейкер-стритдаги қидирув полицияси эсингиздами, у менга Жефферсон Хоу ишини текширганимда ёрдам берувди.

– Ҳа, эсимда, – дедим кулимсираб.

– Мана энди яна уларнинг ёрдами керак бўлиб қолди. Агар уларнинг иши юришмаса, бошқа ёрдамчиларим ҳам бор. Лекин, барибир уларни яна бир синаб кўраман. Телеграммани ўша исқирт ёрдамчим Уиггинсга юбордим. Ишончим комилки, у ўзининг тўдаси билан етиб келади, нонушта қилмасимиздан шу ерда бўлади.

Соат саккиз яримлар эди, тўс-тўполон билан ўтган кечанинг таъсирини сеза бошладим. Оқсоқланиб, чарчоқдан бутун аъзойи-баданим зирқираб оғрир, фикрларим чувалашиб кетганди. Менда дўстим иштиёқ билан киришган профессионал шижоат йўқ эди. Лекин бунга ғайритабиий бир ҳодиса, мантиқан жўн вазифа деб қарай олмасдим. Ўтган кечаси тунда ўлдирилган Бартоломью Шолто масаласига келсак, у ҳақда яхши гаплар эшитмаганим учун ҳам унинг қотилига нисбатан ўзимда қандайдир қаҳр-ғазаб ҳис этмадим. Хазинанинг йўриғи бошқа эди. Бу хазина, тўғрироғи, унинг бир қисми мисс Морстенга тегишли эди. Уни қидириб топишга умид бор экан, бунга бутун умримни бағишлашга тайёр эдим. Тўғри, агар хазинани топсам, мисс Морстендан бир умрга ажралиб қолишим турган гап эди. Лекин фақат шуни ўйлаб иш тутсам, унда севгимнинг қадрқиммати қаёқда қолди! Агар Холмс жиноятчиларни қўлга тушириш учун жонини ҳам аямаса, мени хазинани қидиришга мажбур этаётган сабаблар бундан ўн чандон кучли эди.

Бейкер-стритда ваннага тушиб, тоза ич кийим кийганимдан кейин ўзимни жуда тетик ҳис этдим. Пастга тушганимда нонушта тайёр эди, Холмс эса қаҳва ичарди.

– Буни қаранг-а, – деди у менга кулимсираб ва газетани узатаркан, – ўжар Жонс билан ҳамма ерда ҳозиру нозир газета репортёри савоб иш қилишибди. Лекин, Норвуд воқеалари, ҳойнаҳой жонингизга теккан бўлса керак. Яхшиси, тухумли қуймоқ ва ветчинани иштаҳа билан еб олинг.

Унинг қўлидан газетани олиб, «Аппер-Норвуддаги сирли ҳодиса» номли кичкина хабарни ўқиб чиқдим.

«Ўтган куни кечаси соат ўн иккига яқин, – деб ёзганди «Стандарт», – «Аппер-Норвуддаги Пондишери-Ложда яшовчи мистер Бартоломью Шолто ўз ётоқхонасида ўлган, бунда қандайдир жиноятнинг изи бор, деб гумон қилинмоқда. Мистер Шолтонинг баданида ҳеч қандай зўравонлик излари йўқ. Лекин жуда кўп қимматбаҳо ҳинд буюмлари йўқолган, бу марҳумга отасидан мерос қолганди. Жиноятни биринчи бўлиб Шерлок Холмс билан доктор Уотсон топишган, улар ўлдирилган одамнинг укаси билан бирга Пондишери-Ложга келишганди. Маълум ва машҳур полиция инспектори мистер Этелни Жонс бахтли бир тасодиф билан худди шу пайт Норвуднинг полиция участкасида эди, воқеа эълон қилинганидан ярим соатдан кейин у жиноят содир бўлган жойга етиб келди. Мистер Этелни ўзига хос профессионал маҳорат билан ўша заҳоти ишга киришди, натижаси ҳам дарров кўрина қолди: марҳумнинг укаси Таддеуш Шолто, шунингдек рўзғор соҳибаси мисс Берстон, миллати ҳинду хизматкорлар оғаси Лал Рао, Мак-Мурдо исмли дарвозабон қамоққа олинди. Шак-шубҳа йўқки, ўғри ёки ўғрилар уйнинг жойлашишини яхши билишган, чунки ниҳоятда синчковлиги ва жиноятчилар оламини яхши билишлиги билан донг таратган мистер Жонсоннинг аниқлашича, бу разиллар хонага эшикдан ҳам, деразадан ҳам кириша олмасди, улар мистер Шолтонинг кабинети билан туташган туйнуг-у чордоқ орқали тушишган. Шолтонинг ўлиги ҳам шу кабинетдан топилган. Батафсил текширилган, аниқланган мазкур факт булар тасодифий ўғрилар эмаслигини шундай кўрсатиб турибди. Бунга ўхшаш жиноятлар содир бўлган жойда ўткир ақл соҳибининг бўлиши қанчалик фойдали эканлигини қонун ҳомийларининг чаққон ва самарали ҳаракатлари яна бир бор кўрсатиб турибди. Бу воқеа, полициямизни яна ҳам децентрализация2525
  Децентрализация – марказий органларнинг баъзи вазифаларини маҳаллий идораларга бермоқ.


[Закрыть]
қилиш зарур деган фикрга амал қилувчи одамларнинг ҳақ эканлигини исботлайди, деб ҳисоблаймиз. Ана ўшанда ишлар яна ҳам тезроқ ва батафсилроқ текширилади».

– Ажойиб-а, тўғрими? – деди Холмс кулимсираб, қаҳвадан ичаркан. – Хўш, сиз нима дейсиз?

– Шуни айтишим керакки, икковимизнинг жиноят иштирокчилари сифатида қамалиб кетишимизга сал қолди.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Агар унинг яна бир жазаваси тутса, бизни бошимизга ҳам Таддеуш Шолтонинг куни келади.

Шу пайт даҳлизда қўнғироқнинг янгроқ жаранги эшитилди, сўнгра кимгадир гап уқдирмоқчи бўлган бекамизнинг қўрқувдан қалтираган овози қулоққа чалинди.

– Э, Худойим, Холмс, – дедим ўрнимдан турар эканман, – чинданам улар келишганга ўхшайди.

– Йўғ-е, иш шунчаликка бормас. Бу номунтазам полиция қисми, менинг Бейкер-стритдаги гуруҳим.

У гапираётганда зинада ялангоёқларнинг тўпир-тўпири, болаларнинг янгроқ овози эшитилди-ю, сал ўтмай хонага исқирт, жулдур кийинган кўча болаларидан бир тўдаси ёпирилиб кирди. Шовқин-сурон билан бостириб киришларига қарамай, бу маълум қоида-интизомга бўйсунувчи отряд эканлиги ҳар ҳолда сезилиб турарди, чунки болалар тезда сафга тизилишди-да, сабрсизлик билан бизга тикилиб қолишди. Улардан бири – бўйи ва ёши каттароғи виқор билан бир қадам олдинга чиқди. Кишида унчалик ишонч уйғотмайдиган бу тасқарага қараб одамнинг кулгиси қистарди.

– Телеграммангизни олдим-у, сэр, – деди у. – Ҳаммасини бошлаб келдим. Билетларга уч шиллинг ва олти пенс кетди.

– Марҳамат, – деди Холмс бир неча тангани узатиб. – Бундан кейин, Уиггинс, улар сенга, сен эса менга хабар берасан. Уйимда кирди-чиқди кўпайишига йўл қўёлмайман. Лекин ҳозир бир жиҳатдан ҳаммаларинг келганларинг яхши бўлди. Хўш, энди инструкциямни эшитинглар. Буғ билан юрадиган «Аврора» катерининг ҳозир қаердалигини аниқлаш керак. Мордекай Смит унинг хўжайини. Катер қора рангда, биқинида иккита қизил йўли бор. Мўриси ҳам қора, оқ ҳошияси бор. У дарёнинг қаеридадир тутилиб қолган. Бирорталаринг Милбанк ахлоқ тузатиш уйи қаршисидаги Смит причали олдида навбатчилик қилсаларинг, яхши бўларди, катер келиб қолиши мумкин-да. Вазифаларингни ўзаро тақсимлаб олинглар, икки соҳилни ҳам айланиб, қараб чиқинглар. Агар бирор нарса билсаларинг, дарров менга хабар қилинглар. Тушунарлими?

– Ҳа, бошлиқ, – деб жавоб қилди Уиггинс.

– Шартлар эскича, катерни топган одамга – бир гинея. Бунисини ҳозирча олиб туринглар. Хўп, энди ишга киришинглар! – Холмс уларнинг ҳар бирига биттадан шиллинг берди, болалар яланг оёқларини зинада дупурлатишиб, кўчага ўқдай отилишди.

– Булар «Аврора»ни ернинг тагидан бўлса ҳам топишади, – деди Шерлок Холмс, стол ёнидан туриб, трубкасини тутатаркан. – Улар ҳамма жойга кира олади, ҳамма нарсани кўришади, ҳаммасини эшитишади. Ишончим комилки, «Аврора»нинг қаердалигини кечга яқин биламиз. Ҳозирча эса кутишдан бошқа иложимиз йўқ. Из узилиб қолди, «Аврора»ни, жуда бўлмаса унинг хўжайинини топмагунимизча изга тушолмаймиз.

– Қолган-қутганини Тоби еб қўяди. Сиз ётиб, бирпас дам оласизми, Холмс?

– Йўқ, чарчаганим йўқ. Ишдан толиққан вақтимни эслаёлмайман. Аксинча, ишсизлик, бекорчилик тинкамни қуритади. Мен бир зум трубка чекиб, бу ғалати иш тўғрисида яна ўйлайман, бунинг учун сариқ сочли мижозимиздан миннатдор бўлишимиз керак. Лекин охири менга жуда жўндек туюляпти. Ёғоч оёқли одамлар айтарли кўп эмас, Биринчи рақам эса – ниҳоятда ноёб нусха.

– Яна ўша сирли Биринчи рақамми!

– Мен буни ҳечам, айниқса сиздан сир тутмоқчи эмасман. Мени кечирасиз-у, Уотсон, лекин сизда у ҳақда маълум бир фикр туғилиши керак эди. Келинг, унинг ҳамма белгиларини яна бир бор эслайлик. Оёғи кичкина, умрида ботинка кийганмас, доимо ялангоёқ юрган, пойнаги тошдан қилинган ёғоч ҳасса, жудаям эпчил, бўйи паст, яна заҳарланган тиканлар. Хўш, қандай хулосага келардингиз?

– Ваҳший! – деб хитоб қилдим. – Эҳтимол у Жонатан Смолл тўдасидаги ҳиндиларнинг биридир.

– О, ундай эмасдир-ов, – эътироз билдирди Холмс. – Унинг оёқ изларини биринчи бор кўрганимда мен ҳам шу ўйга боргандим, лекин кейинчалик фикрим тамоман ўзгарди. Ҳиндистон ярим ороли аҳолиси орасида паст бўйли қабилалар бор, лекин улар орасидан бунақанги оёғи кичкиналарни тополмайсиз. Аслида ҳиндиларнинг товони энсиз ва узун бўлади. Мусулмонлар шиппак кийиб юришади, уларнинг бош бармоғи, одатда, бошқалардан боғич билан ажратилиб қўйилган бўлади. Бу кичкина найзаларни фақат бир йўл билан отиш мумкин. Улар пуфлаб чалинадиган трубкадан отилади. Хўш, сизнингча, бу ваҳший қаёқдан келган?

– Жанубий Америкадан, – дедим таваккал қилиб.

Холмс қўлини чўзиб, токчадан қалин бир китобни олди.

– Бу ҳозир нашр этилаётган жуғрофия маълумотномасининг биринчи жилди. Буни жуғрофия илмининг энг сўнгги янгилиги деса бўлади. Қани, кўрайлик-чи, биз учун бирор қизиқ нарса бормикин. Андаман ороллари. Улар Суматранинг шимолидан уч юз қирқ мил узоқликда Бенгал кўрфазида жойлашган. Хўш, хўш… Буёғида нима бор экан? Иқлими нам, маржон қоялари, акулалар, Пот-Блер, сургун қамоқхонаси, Ратленд ороли… Ҳа, топдим: «Андаман оролларининг туб аҳолиси, биз ер юзидаги энг паст бўйли қабиламиз деб даъво қилишлари мумкин, лекин баъзи бир антропологлар биринчи ўринни Африка бушменлари, Американинг «диггер» қабиласидаги индеецларга ва Оловли Ернинг туб аҳолисига беришади. Катта одамнинг ўртача бўйи сал кам тўрт фут, бироқ бундан ҳам паст бўйлилари учраб туради. Булар кўринишдан бадқовоқ, сержаҳл одамлар бўлиб, цивилизация таъсирига деярли берилмайди, лекин улар садоқатли дўст бўлишга қодирдирлар». Мана шунга алоҳида эътибор беринг-а, Уотсон. Хўш, давомини эшитинг: «Улар жуда ҳам хунук бўлишади. Бошлари катта, бичими ҳар хил, митти кўзлари ғазаб билан боқади, турқи совуқ бўлади. Қўл ва оёқлари жуда ҳам кичкина. Улар шу қадар ёвуз ва ваҳшийки, Англия ҳукуматининг уларни ўзига қарам қилиб олиш йўлидаги барча уринишлари чиппакка чиқди. Улар ҳамиша кема ҳалокатига учраганлар учун бир даҳшат эди. Асир олинганларни улар одатда тош пойнакли тўқмоқ билан уриб ёки заҳарланган найза санчиб ўлдиришарди. Бу хилдаги қирғинлар, одатда, ваҳшиёна базм билан тугарди». Қандай ёқимтой, ўзига ром этадиган одамлар-а, тўғрими, Уотсон? Агар ўша сухсур йигит ўз билганича иш тутиш имконига эга бўлганида борми, бу иш яна ҳам даҳшатли тус олиши мумкин эди. Назаримда, Жонатан Смолл унинг ёрдамидан базўр фойдаланган.

– Лекин у бу аломат шерикни қаёқдан топганийкин?

– Сизга аниқ бир нарса деёлмайман. Лекин бизга маълум бўлишича, Жонатан Смолл Англияга қаёқлардан эмас, Андаман оролларидан келган, бинобарин, унинг таниш-билишлари орасида ўша ернинг одамлари борлигига унчалик ажабланмаса бўлади. Шубҳасизки, вақт-соати билан биз ҳамма нарсадан батафсил воқиф бўламиз. Менга қаранг, Уотсон, кўринишингиз жуда ёмон. Диванга ётинг, қани, кўрайлик-чи, сизни тез ухлата олармикинман.

У бурчакдаги скрипкасини олди. Мен диванга чалқанча ётдим, у албатта ўзи басталаган майин бир куйни оҳиста чала бошлади: Шерлок Холмс тенги йўқ машшоқлик иқтидорига эга эди. Мен унинг ингичка, ориқ қўлини, жиддий юзини ва камончани силташини сал-пал эслайман. Кейин ўзимни қандайдир товушлар оламида сузиб юргандай ҳис этдим, мана энди уйқулар масканидаман, тепамга Мэри Морстеннинг дилбар чеҳраси энгашди.

IX БОБ
Занжирдаги узилиш

Уйғонганимда қош қорайган эди. Ўзимни анча тетик, куч-ғайратга тўла ҳис этдим. Уйқу кучимни қайтариб берди. Шерлок Холмс ҳамон ўша жойда ўтирар, фақат қўлида скрипкаси йўқ эди. Қимирлаганимни сезиб, мен томонга бир қараб қўйди, юзи қорайиб, ташвишли кўринарди.

– Гап-сўзларимиз билан сизни уйғотиб юборамизми деб чўчигандим, лекин сиз қотиб ухладингиз, – деди у.

– Мен ҳеч нима эшитганим йўқ, – дедим унга жавобан. – Бирор янгилик борми?

– Афсуски, йўқ. Очиғини айтсам, жуда ҳайронман, ҳафсалам пир бўлиб турибди. Мен бу вақтгача баъзи бир нарсаларни биламанми, деб ўйловдим. Ҳозиргина Уиггинс келиб кетди. У катернинг ҳеч қандай изи йўқ, деди. Ҳар дақиқа ғанимат бўлиб турганда бу қадар имиллаш кишига алам қилади.

– Мен бирор нарсада ёрдам беролмайманми? Ўзимни жуда яхши ҳис этяпман, яна бир кеча ухламай юришим мумкин.

– Йўқ, ҳозир қиладиган иш йўқ. Кутишдан бошқа чорамиз йўқ. Агар чиқиб кетсак, йўқлигимизда орзиқиб кутган ўша хабар келиб қолиши мумкин, унда ишимиз яна кечикади. Нима қилсангиз ихтиёр ўзингизда, лекин мен шу ерда, постда қоламан.

– Унда мен Камберуэллга бориб, миссис Сесил Форрестерни кўриб келаман. У кеча кечқурун албатта келинг, деб илтимос қилувди.

– Миссис Сесил Форрестер? – деб такрор сўради Холмс, унинг кўзларида истеҳзоли кулги пайдо бўлди.

– Мисс Морстен ҳам, бу ўз-ўзидан маълум. Улар нима бўлаётганини билишни жуда хоҳлашяпти!

– Менга қолса, уларга ҳамма гапни гапириб ўтирмасдим. Аёлларга, ҳатто уларнинг энг яхшиларига ҳам ҳамма нарсани ишониб гапиравериш керак эмас.

Мен унинг бу қўпол, ноҳақ гапига эътироз билдириб ўтирмадим-у, икки соатдан кейин келишимни айтдим, холос.

– Жуда соз! Сизга оқ йўл. Ҳа, дарё орқали кетсангиз, Тобини ҳам бирга олиб кетинг. Менимча, у энди бизга керак бўлмайди.

Унинг айтганини қилиб, Тобини ва ярим соверенни Пинчинлейндаги кекса натуралистга топширдим. У ердан тўппа-тўғри Камберуэллга ўтдим. Мисс Морстен ўтган кунги кўнгилсизликдан ҳали ҳам ўзига келолмаган экан-у, лекин ҳамон ҳамма нарсага қизиқарди. Миссис Форрестер ҳам кейинги воқеаларни жуда билгиси келарди. Уларга ҳаммасини гапириб бердим-у, фақат даҳшатли жойларига тўхтаб ўтирмадим. Мистер Шолтонинг ўлими ҳақида гапирар эканман, қотилликнинг майдачуйда тафсилотлари ҳақида оғиз очмадим. Лекин қанчалик қисқартирганимга қарамай ҳар ҳолда ҳикоямдан улар лол бўлиб қолишди.

– Худди романлардагидай-а! – хитоб қилди миссис Форрестер. – Малика – ноҳақлик қурбони, қимматбаҳо буюмлар хазинаси, қоратанли одамхўр, ёғоч оёқли қароқчи. Одатдаги анъанавий аждаҳо ёки бирон-бир маккор графнинг ўрнига булар.

– Яна икки сайёҳ ҳалоскор-рицар ҳам, – деб қўшиб қўйди мисс Морстен ва тиниқ нигоҳини мен томонга ташлади.

– Менга қаранг, Мэри, ахир, тақдирингиз мана шу қидирув натижаларига боғлиқ-ку. Менимча, сиз бу ҳақда ўйламаяпсиз, шунинг учун ҳам бепарвосиз. Ахир, бадавлат бўлиб, бутун дунё оёғингиз остида ётишини бир тасаввур этинг-а.

Мисс Морстеннинг ўзи учун ажойиб имкониятлар очилаётганидан ҳечам хурсанд бўлмаганини кўриб, юрагим севинчдан уриб кетди. Аксинча, у гўё бу хазиналарнинг ўзига ҳеч қандай алоқаси йўқдай, бошини мағрур силкитиб қўйди.

– Мени мистер Таддеуш Шолтонинг тақдири жуда ташвишга соляпти, – деди у. – Қолган гапларнинг аҳамияти йўқ. У бизга одамгарчилик қилди, ҳиммат кўрсатди. Ундан бу мудҳиш, ноҳақ айбни олиб ташлашлари учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишимиз керак.

Миссис Форрестернинг уйидан чиқиб кетганимда қош қорайиб қолганди. Бейкер-стритга қоронғи тушганда қайтиб келдим. Дўстимнинг китоби билан трубкаси креслосида ётар, ўзи эса йўқ эди. Мен хат қолдирмадимикин, деб қидириб кўрдим, лекин тополмадим.

– Мистер Холмс бирон жойга кетдими? – деб сўрадим уй бекасидан, у пардаларни тушириш учун хонага кирганида.

– Йўқ, хонасига кириб кетди. Биласизми, мистер Уотсон, – уй бекаси маънодор шивирлашга ўтди, – бетоб бўлиб қолмадимикин, деб қўрқяпман.

– Нега ундай деяпсиз?

– Бугун жуда ғалати кўриняпти. Сиз чиқиб кетишингиз билан хонада у ёқдан-бу ёққа безовта юра бошлади, анча юрди, ҳатто оёқ товушларини эшитиб чарчаб кетдим. Кейин у ўзи билан ўзи гаплаша бошлади, алланималар деб минғиллади. Ҳар гал, қўнғироқ чалиниши билан югуриб чиқиб: «Нима гап, миссис Хадсон?» деб сўрайди, кейин хонасига кириб, эшикни қарсиллатиб ёпди, лекин барибир юргани эшитилиб турди. Ишқилиб, касал бўлиб қолмасин-да. Унга ором берадиган дори таклиф қилдим, лекин у менга шундай ўқрайиб қарадики, хонадан қандай чиқиб кетганимни билмайман.

– Менимча, миссис Хадсон, бунчалик безовта бўлиш учун айтарли асос йўқ, – дедим. – Мен уни бунақа аҳволда жуда кўп кўрганман. Ҳозир у катта бир вазифани ҳал этяпти, табиийки, ҳаяжонланади, безовта бўлади.

Уйимиз бекаси билан жуда хотиржам гаплашдим, лекин очиғини айтсам, дўстимнинг аҳволидан ўзим ҳам ташвишга туша бошладим, чунки кечаси бир неча бор уйғонганимда, нуқул унинг оёқ товушини эшитаман. Бу мажбурий бекорчилик унинг фаол ақлига қанчалик катта зарар келтиришини билардим.

Нонушта пайтида Холмс менга ўзини анча олдириб қўйган, толиққан кўринди. Ёноқлари қизариб кетганди.

– Ўзингизни ҳечам аямайсиз-да, Холмс, – дедим. – Эшитиб ётдим, кечаси билан мижжа қоққанингиз йўқ.

– Ҳеч ухлаёлмадим, – деди у. – Бу лаънати иш мени адойи тамом қилади. Арзимаган бир нарсани деб, ушланиб ўтирсам, ахир, озмунча иш қилдикми, алам қилади-да. Ахир, жиноятчиларни, уларнинг катерини, ҳамма-ҳаммасини билсам-у, ишимиз юришмаса. Ахир, бор имкониятимни ишга солдим. Бутун Темза, унинг икки соҳилини ҳам бошидан охиригача тит-пит қилиб чиқдим, лаънати «Аврора»нинг бирон бир изи топилса-чи. На ўзини, на эгасини топа олдик. Улар катерни чўктириб юборган деб ўйлаш ҳам мумкин. Ҳолбуки, бунинг аксини кўрсатувчи фактлар бор.

– Балки, миссис Смит бизни сохта излардан юборгандир?

– Йўқ, бўлиши мумкинмас. Мен сўраб-суриштирдим. Ўша биз ўйлаган катер бор экан.

– Эҳтимол, дарёнинг юқори томонига кетгандир?

– Буниям ҳисобга олдим. Ҳозир то Ричмонднинг ўзигача қидиришяпти. Агар, бугун ҳам бирор хабар олмасак, эртага ўзим жўнайман. Энди мен катерни эмас, одамларни қидираман. Лекин барибир хабар келишига ишонаман, ҳа, ишончим комил.

Лекин ўша хабар на Уиггинсдан, на бошқа манбалардан келди. Газеталар эса Норвуд фожиаси ҳақидаги хабарларни ҳали ҳам босиб чиқаришарди. Уларнинг ҳаммаси ҳам бечора Таддеуш Шолтога душман кўзи билан қарайди. Газеталарнинг биронтасида ҳам, агар дастлабки тергов эртага тайинланганлиги тўғрисидаги хабар ҳисобга олинмаса, ҳеч қандай янги гап айтилгани йўқ.

Кечқурун яна Камберуэллга бориб, омадимиз келмаганини гапириб бердим. Қайтиб келганимда Холмсни жуда ёмон кайфиятда учратдим. У саволларимга аранг жавоб қайтарар, кечаси билан аллақандай мураккаб кимёвий тажрибалар ўтказиб чиқди. Реторта2626
  Реторта – лабораторияда ишлатиладиган бўғзи узун ва бир томонга қайрилган идиш.


[Закрыть]
ларни қиздирар, сувни дистиллирлар, охирида хонани шундай бир қўланса ҳид босиб кетдики, уйдан қочиб кетишимга сал қолди. Саҳаргача пробирка ва колбаларнинг жаранг-журингини эшитиб ётдим.

Худди биров мени туртгандай жуда вақтли уйғондим. Тепамда Холмс турарди, матросларнинг дағал жомакорини кийиб олганини кўриб жуда ҳайрон бўлдим. Эгнида бушлат, бўйнига қўпол қизил шарф ўраб олганди.

– Мен дарёнинг қуйи томонига қараб юраман, ўша ёқлардан излайман, Уотсон, – деди у менга. – Режам устида узоқ ўйладим, уриниб кўришга арзийди.

– Мен ҳам бирга бораман.

– Йўқ, агар бу ерда қолсангиз, менга кўпроқ ёрдам берган бўласиз. Мен ноилож кетяпман. Биз узоқ кутаётган хабар ҳар дақиқа келиб қолиши мумкин, лекин Уиггинснинг жуда руҳи тушиб кетган, кеча кечқурун пайқадим. Илтимос, менинг номимга келган ҳамма телеграммаю хатларни очиб ўқинг. Агар бирон бир муҳим нарсани ўқиб қолсангиз, ўз билганингизча иш тутинг. Сизга ишонсам бўладими?

– Албатта.

– Телеграмма юборолмасам керак деб қўрқаман, чунки қаерда, қачон бўлишимни ҳозир ўзим ҳам билмайман. Агар омадим юришса, тезда қайтаман. Ҳар ҳолда, қуруқ қайтмайман.

Эрталаб ҳам, нонушта пайтида ҳам ҳеч қандай хабар бўлмади. «Стандарт»ни очиб, илгариги хабарлардан фарқ қилувчи хабарга кўзим тушди. Газета шундай деб ёзганди: «Аппер-Норвуддаги фожиа хусусида шуни айтиш керакки, бу иш дастлаб туюлганидан кўра анча мураккаб ва жумбоқли тус олиши мумкин. Ҳозиргина аниқландики, мистер Таддеуш Шолтонинг акасининг ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқ экан. У билан рўзғор соҳибаси миссис Берстон кеча кечқурун озод қилинди. Маълум қилишларича, полиция ҳақиқий жиноятчиларнинг шахсини аниқлашга имкон берадиган маълумотларга эга. Тергов ишлари ўзининг ғайрат-шижоати, зийраклиги билан маълум ва машҳур бўлган Скотленд-Ярд полициясининг инспектори мистер Этелни Жонснинг ишончли қўлларида. Жиноятчилар ҳар дақиқа ҳибсга олинишлари мумкин».

«Хайрият-е, Худога шукр, – деб ўйладим. – Ҳар қалай дўстимиз Шолто озодликда. Қизиқ, бу «маълумотлар»и нима экан? Ҳа, айтмоқчи, полициянинг шармандаси чиққанида доимо шунақа деб ёзишади». Газетани стол устига ташлаётганимда бирдан можаролар, ҳодисалар устунидаги эълонга кўзим тушиб қолди. Унда шундай дейилганди:

«Бедарак йўқолганлар қидириляпти: Смит причалини «Аврора» катерида сешанба куни соат учларда тарк этган Мордекай Смит ва унинг ўғли Жон. Катер қора рангда, биқинида иккита қизил йўли бор, мўриси қора, оқ ҳошияси бор. Юқорида номи тилга олинган Смит ва «Аврора» катерининг қаердалигини унинг хотини миссис Смитга, Смит причалига ёки Бейкер-стрит кўчаси, 221-б уйга хабар қилган одамга беш фунт миқдорида мукофот берилади».

Эълон Холмс томонидан берилганини кўрсатарди. «Ҳа, усталик билан тузишибди, – деб ўйладим. – Қочоқлар эрини қидираётган хотиннинг табиий ташвишини кўришади, холос».

Вақт ниҳоятда секин ўтарди, кунни кеч қилиш жуда қийин бўлди. Ҳар гал эшик тақилласа ёки ташқарида кимнингдир оёқ товуши эшитилса, мен дарров ҳушёр тортиб, ё Холмс келди, ёки эълонга жавоб олиб келишди деб ўйлардим. Мен китоб ўқишга уриниб кўрдим, лекин ўй-фикрларим ҳадеб ўша ғаройиб жиноят, унинг биз қидираётган ғалати иштирокчилари атрофида айланарди. Бордию дўстимнинг фикр-мулоҳазаларига машъум, ҳалокатли бир хато аралашиб қолган, у ўзини-ўзи алдаш қурбони бўлса-чи? Бордию унинг аниқ мантиқий ақли бу хаёлий тахминни сохта далиллар асосига қурган бўлса-чи? Мен Шерлок Холмснинг янглишган, хато қилган пайтини билмайман, лекин ҳатто энг ўткир ақл ҳам бир марта хато қилиши мумкин-ку. Ниҳоятда нозик, ўткир мантиқ уни чалғитган бўлиши мумкин. У қўлида бор, анча жўн ва табиий изоҳларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, ғалати, мураккаб изоҳларни афзал кўради. Лекин иккинчи томонда, ўзим шу воқеаларнинг шоҳиди бўлганман, Холмснинг далил-у, исботларини ўз қулоғим билан эшитганман. Бу ғалати воқеаларнинг узун занжирини бир бошдан неча-неча бор кузатар эканман, кўплари бир қарашда арзимасдек туюлиши ҳам мумкин. Шуни эътироф этишим керакки, Холмс янглишган тақдирда ҳам, барибир ҳақиқат ажойиб ва эҳтимолдан узоқ нарсалар замирида ётади.

Вақт пешиндан оққанда, соат учларда қўнғироқнинг қаттиқ жиринглаши эшитилди, даҳлизда кимнингдир амирона овози янгради, хонага шахсан мистер Этелни Жонснинг ўзи кириб келганини кўриб, ҳайрон бўлиб қолдим. Лекин у бугун Норвуд фожиасини шу қадар ишонч билан текширишга киришган, соғлом фикрни бетакаллуфлик билан ҳимоя қилувчи ўша калондимоғ, такаббур одамга сира ўхшамасди! Унинг кўриниши хомуш, негадир бўшашган, ҳатто илтижога ўхшаш бир нарса пайдо бўлганди.

– Салом, сэр, саломатмисиз, – деди у. – Мистер Холмс уйда йўқ, шекилли?

– Йўқ. Қачон келишларини ҳам билмайман. Балки, бирпас кутиб турарсиз? Мана бу креслога ўтиринг. Мана, марҳамат, сигара.

– Миннатдорман. Ҳа, майли, кутаман, – деди у юзини катак гулли қизил рўмолча билан артаркан.

– Содали вискига қалайсиз?

– Ҳа, майли, ярим стакан бера қолинг. Сентябрь бу қадар иссиқ бўлмасди. Бунинг устига ташвиш устига ташвиш. Норвуд фожиаси хусусидаги фикримдан хабарингиз бордир?

– Ҳа, сиз уни баён қилгандингиз.

– Ана шу фикримни қайтадан кўриб чиқишга мажбур бўлдим. Мен мистер Шолтони шундай усталик билан тузоққа илинтиргандим, қутулолмайдиган қилиб қўлга туширгандим-у, лекин буни қарангки, тузоқни тешиги бор экан, у қутулиб қолди. Унинг жиноят содир бўлган пайтда бошқа жойда эканлигини исботловчи далиллари бор. Ўша дақиқадан кейин, яъни акасининг хонасидан чиқиб кетганидан кейин уни гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда кўришган. Хуллас, бир зум ҳам ёлғиз қолмаган. Бинобарин, унинг томга чиқиши ҳам, туйнукдан чордоққа тушиши ҳам мумкин эмас. Бу жуда шубҳали иш, зеро, менинг соҳадаги обрў-эътиборим бу ишнинг қандай ҳал этилишига боғлиқ. Шунинг учун жиндек ёрдамга ҳам хурсанд бўлардим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации