Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 18


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 18 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
IV БОБ
Сэр Генри Баскервиль

Биз анча барвақт нонушта қилиб олгач, Холмс халатини кийиб, иш билан келувчиларни қабул қилишга ҳозирланди. Мижозларимиз бир сония ҳам кечиккани йўқ – соат тўққизни уриши биланоқ доктор Мортимер баронет4242
  Баронет – Англияда пулга сотиб олинадиган дворянлик унвони. (Тарж.)


[Закрыть]
йигит билан бирга кабинетга кириб келди. Йигит ўттиз ёшлар чамасида эди. Ўрта бўйли, абжиргина бақувват бу йигит жуда хушфеъл, соғлом кишига ўхшарди. У менга ўжар кишига ўхшаб кўринди; барваста қора қошлари остидан унинг қуралай кўзлари бизга дадил қараб турарди. Унинг спортчиларникига ўхшаш жигарранг костюми ва тусининг буғдой ранглиги бу киши уйда тиниб-тинчиб ўтирмайдиган ва ишёқмас одам эмаслигини, айни вақтда ўзини осойишта, бемалол тутиши чинакам жентльмен эканлигини билдириб турарди.

Доктор Мортимер уни бизга таништирди:

– Сэр Генри Баскервиль.

– Ҳа, худди ўзи, – деди баронет. – Энг қизиғи шуки, мистер Холмс, – деди у, – агар дўстим сизнинг ҳузурингизга келишни таклиф қилмаганида, ўзим ҳузурингизга келган бўлур эдим. Сизни ҳар хил жумбоқларни ечишга моҳир киши дейишади, аммо мен бугун эрталаб шундай бир ҳолатга дуч келдимки, бунинг сирини билишга ўзим ожизлик қилиб қолдим.

– Ўтиринг, сэр Генри. Агар сизнинг фикрингизни тўғри тушунган бўлсам, Лондонга келишингиз билан сиз одатдагидан бошқачароқ бир ҳодисага дуч келган бўлсангиз керак?

– Мен бунга унчалик аҳамият бераётганим йўқ, мистер Холмс. Кимдир мен билан ҳазил қилган бўлса керак. Лекин бугун эрталаб, башарти хат деб айтишга арзигудек бўлса, мана шу хатни олдим.

У бир конвертни стол устига қўйди, биз ҳам конвертни кўздан кечира бошладик. У кулранг қоғоздан ясалган жуда оддий конверт эди. Конвертнинг устига катта босма ҳарфлар билан: «Отель Норсамберленд, сэр Генри Баскервилга» деган манзил ёзилган эди, «Черинг-кросс» деган почта штампида бу хат ўтган кун кечқурун юборилгани кўриниб турарди.

Холмс меҳмонимизга тикилиб туриб сўради:

– Сизнинг «Норсамберленд» отелига келиб тушишингиздан бирор кимсанинг хабари бормиди?

– Ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Доктор Мортимер билан учрашганимдан кейингина қаерга тушишим аниқ бўлган эди.

– Лекин доктор Мортимернинг ўзи ўша отелга тушгандир?

– Йўқ, мен танишларимникида турибман, – деди доктор. – Биз худди шу отелга боришимизни ҳеч ким билмас эди.

– Ҳм! Демак, сизларнинг қаёқларга боришингизга кимдир жуда ҳам қизиқяпти.

Холмс конвертнинг ичидан тўрт букланган қоғозни олиб, очди ва стол устига қўйди. Варақнинг ўртасига босма сўзлар бир-бирига ёпиштириб тузилган биттаю битта жумла кўзга ташланди. Шу жумлада қуйидаги сўзлар бор эди: «Агар ақлингиз бўлса ва сизга ҳаёт керак бўлса, торф ботқоқликларига яқин йўламанг». «Торф ботқоқликлари» деган сўзлар сиёҳ билан қўлда ёзилган эди.

– Энди сиз, мистер Холмс, – деди сэр Генри Баскервиль, – бу сўзларнинг замирида нималар борлигини ва менинг ишларимга ким шу қадар қизиқаётганини тушунтириб беролмайсизми?

– Қани, айтинг-чи, доктор Мортимер, сиз бунга нима дейсиз? Бу воқеада ҳеч бир ғайритабиий нарса бўлмаса керак?

– Ҳа, сэр. Эҳтимол, бу хатни шу воқеанинг мутлақо ғайритабиий эканлигига астойдил ишонган киши юборган бўлиши мумкин.

– Қанақа воқеа? – деб кескин сўради сэр Генри. – Сиз, жентльменлар, ишларимдан ўзимга қараганда яхшироқ хабардорга ўхшайсиз!

– Биз сизга ҳаммасини айтиб берамиз, сэр Генри. Буни билиб олмасдан туриб, бу ердан ҳеч ёққа кетмайсиз, гапимга ишонаверинг, – деди Шерлок Холмс. – Аммо ҳозир кеча кечқурун тайёрланиб, почта қутисига ташланган мана шу ғоят қизиқарли ҳужжат билан шуғулланиб кўрайлик. Уотсон, сизда кечаги «Таймс» газетаси борми?

– Ана, бурчакда турибди.

– Сизни овора қилсам бўладими? Бош мақола босилган анави саҳифасини, марҳамат қилиб менга олиб беринг. – У бош мақолага тез кўз югуртириб чиқди. – «Савдо, эркинлиги»… Жуда яхши бош мақола экан! Унинг бир абзацини ижозатингиз билан ўқиб бераман. «Агар бирор киши сиз шахсан манфаатдор бўлган саноат тармоғини протекция тарифлари ҳамиша ҳимоя қилиб туради, деган фикрни уқтирмоқчи бўлса, бундай одамларга асло яқин йўламанг, чунки бундай система давом этадиган бўлса, у ахир бир кун бизнинг импортимизга путур етказишини ва оролимизнинг нормал ҳаёт кечиришини бузиб қўйишини ўз ақлингиз билан билиб олишингиз керак, зеро, оролимизнинг манфаатлари ҳаммамизга қимматлидир». Сиз бунга нима дейсиз, Уотсон? – деб хитоб қилди Холмс ва қувониб қўлларини бирбирига ишқади. – Жуда яхши фикр айтилипти, шундай эмасми?

Доктор Мортимер меҳрибон врачлар оғир беморга қараган назар билан Холмсга қаради, сэр Генри Баскервиль эса ҳайрон, қуралай кўзларини менга тикди.

– Тариф сиёсати сингари масалаларни унчалик тушунмайман, – деди у, – лекин чамамда, ўз мавзуимиздан бир оз четга чиқиб кетганга ўхшаймиз.

– Аксинча! Биз худди шу мавзуга яқинлашиб келмоқдамиз, сэр Генри. Уотсон услубимни сиздан кўра яхшироқ билади, лекин мен ўқиб берган парчанинг маъносини ҳатто у ҳам пайқамаган бўлса керак, деб қўрқаман.

– Ҳа, ростини айтсам, газетада ёзилган сўзлар билан хат ўртасида бирор алоқа борлигини пайқаганим йўқ.

– Аммо, азизим Уотсон, улар бир-бирига шу қадар чамбарчас боғланганки, аслини олганда уларнинг бири иккинчисидан олинган деса бўлади. «Агар», «сизга», «яқин йўламанг», «бўлса», «ҳаёт», «ақлингиз», «керак». Шу сўзлар қаердан олинганини наҳотки пайқамаётган бўлсангиз?

– Э, буни қаранг-а! Гапингиз ҳақ, албатта. Буни топганингизга қойилман! – деб хитоб қилди сэр Генри.

– Агар сиз ҳали ҳам шубҳаланаётган бўлсангиз, «яқин йўламанг» деган сўзларга қаранг – бу сўзлар туташ қирқиб олинган.

– Қани… ҳа, ҳақиқатан шундай!

– Биласизми, мистер Холмс, мен бунақа нарсалар бўлиши мумкинлигини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаган эдим! – деди доктор Мортимер дўстимга таажжубланиб қараб. – Сўзларнинг газетадаги мақоладан қирқиб олинганини бир амаллаб пайқаса бўлади. Аммо қайси газетадан олинганини хато қилмай айтиш, ҳаттоки, қайси мақоладан олинганини кўрсатиб бериш ҳеч бир ақлга сиғмайдиган иш бўлди! Буни қаёқдан билдингиз?

– Сиз, доктор, негрнинг бош суягини эскимоснинг бош суягидан фарқ қила олсангиз керак?

– Албатта, фарқ қила оламан.

– Қандай қилиб?

– Бу менинг ҳунарим-ку, ахир! Бу икки хил бош суягининг ўртасидаги фарқ очиқ билиниб туради-да. Кўз қовоғининг тузилиши, юз суягининг бурчаги, чакак суягининг тузилиши…

– Менинг ҳам ўз ҳунарим бор. Сизнинг негрларингиз билан эскимосларнинг ўртасидаги фарқ қанчалик аниқ бўлса, «Таймс» газетасининг бош мақоласини териш учун орасига шпонлар4343
  Шпонлар – газета сатрларининг орасини кенгайтирмоқ учун босмахонада у сатрлар орасига қўйиладиган юпқа металл плакчалар.


[Закрыть]
қўйиб ишлатилган боргес4444
  Боргес – босмахонада ишлатиладиган ҳарфларнинг бир тури.


[Закрыть]
билан кечки бачкана газеталарнинг хира ҳарфлари ўртасидаги фарқ ҳам, менимча, шундай аниқ сезилиб турибди. Ҳарфларни билиш – жиноятни қидириб топувчи хуфия олдига қўйиладиган энг оддий талабларнинг бири, аммо шуни эътироф қилиб айтишим керакки, ёшлик чоғимда мен бир вақт «Лид Меркурий» газетаси билан «Эрталабки хабарлар» газетасини бир-биридан фарқлолмай қолган эдим. Лекин «Таймс» бош мақоласининг қандай ҳарфлар билан терилганини дарров билиб олиш мумкин. Мана шу сўзлар фақат ўша бош мақоладан қирқиб олинган. Модомики, хат кеча юборилган экан, демак, биз аввало, газетанинг кечаги сонига қарашимиз кераклиги ўз-ўзидан маълум эди.

– Демак, мистер Холмс, – деди сэр Генри Баскервиль, – кимдир қайчи билан қирқиб олиб, шу хатни тузган экан-да…

– Бунинг учун маникюр қилинадиган қайчи ишлатилган, – деди унинг гапини бўлиб Холмс. – Маникюр қайчиларининг пичоғи калталигига эътибор қилганмисиз? «Яқин йўламанг» деган сўзларни қирқиб олиш учун қайчини икки марта солишга тўғри келган.

– Жуда тўғри. Кимдир бу сўзларни учи калта қайчи билан қирқиб олиб ёпиштирган…

– Гуммиарабик елими билан, – деб илова қилди Холмс.

– …Гуммиарабик елими билан қоғозга ёпиштирган. Аммо, «торф ботқоқликларига» деган сўзлар қўлда ёзилганининг сабаби нима?

– Бунинг сабаби шуки, хат муаллифи шу сўзларни газетадан тополмаган, бошқа сўзларнинг ҳаммаси жуда оддий, уларни ҳар қандай матнда учратиш мумкин, аммо бу сўзлар жуда кам учрайди.

– Ғоят ишонса бўладиган қилиб изоҳладингиз. Хўш, мистер Холмс, яна нималарни ўқиб, пайқаб олишга муваффақ бўлдингиз?

– Гарчи муаллиф ҳеч бир из қолдирмаслик учун жони борича ҳаракат қилган бўлса ҳам, аммо баъзи бир нарсаларни билиб олишга муваффақ бўлдим. Ўзингиз ҳам кўриб турибсизки, манзил катта босма ҳарфлар билан ёзилган, лекин, «Таймс» сингари газета оддий кишиларнинг қўлига камдан-кам тушади. Бинобарин, бундан чиқаришимиз лозим бўлган хулоса шуки, бу хатни ўқимишли киши тузган, аммо у ўзини илмсиз киши қилиб кўрсатишга уринган ва гарчи ҳозир бўлмаса ҳам, аммо кейинроқ биров мени билиб қолмасин деб хавотир бўлиб, дастхатини атайин ўзгартирган. Бундан ташқари, яна бир хулосага эътибор қилинг, сўзлар бир текисда ёпиштирилмаган, сўзларнинг баъзилари сатрдан чиқиб турибди. Масалан, «ҳаёт» сўзи асло ўз жойида эмас. Бу нарса хат муаллифининг бесаранжомлигини, эҳтимолки, ҳаяжонланиб ёки шошиб ишлаганини кўрсатиб турибди. Аммо мен хат муаллифи ҳаяжонланиб ва шошиб ишлагани учун шундай қилган бўлса керак, деб ўйлайман, чунки бундай ўқимишли одам шу қадар бесаранжомлик қилмаслиги керак эди. Агар ҳақиқатан ҳам у шошиб шундай қилган бўлса, бунинг сабабини билишимиз керак. Кеча почта қутисига солинган хат сэр Генрининг қўлига отелда турган вақтда, албатта, тегиши керак эди. Эҳтимол, хатнинг муаллифи бирор тўсқинликдан қўрққандир? Лекин ким тўсқинлик қилиши керак экан?

– Биз жумбоқлар ечиш билан овора бўляпмиз шекилли, – деб қўйди доктор Мортимер.

– Яхшиси, ҳақиқатга энг тўғри келадиган жумбоқни ечиш билан овора бўлаётирмиз, деб айтиб қўя қолинг. Хаёл кучидан илмий фойдаланиш мана шундай бўлади. Мутахассисларнинг хаёли ҳамиша қатъий илмий асосга таяниб ишлайди. Сиз буни қуруқ тахмин деб айтишингиз мумкин, албатта, лекин хатнинг манзили қандайдир бир меҳмонхонада ёзилганига аминман десам бўлади.

– Нега шундай фикрга келдингиз?

– Конвертга диққат билан қарасангиз, уни ёзган кишининг ручка ва сиёҳи яхши бўлмаганини пайқаб оласиз. Бир сўзни ёзишда унинг пероси икки марта тўхталибди, мана шундай қисқа манзилни ёзиш учун перони уч марта сиёҳдонга тиқиб олишга тўғри келибди. Демак, сиёҳдонда сиёҳ жуда кам экан, жуда тагида қолган экан. Кишининг ўз пероси ва сиёҳдони бўлса, у камдан-кам ҳолларда шундай аҳволга тушиб қолади, аммо сиёҳдоннинг ҳам ёмон бўлиши ва перонинг ҳам ишламай қолиши жуда сийрак учрайдиган ҳодисадир. Лекин ўзингизга маълумки, меҳмонхоналарда бошқа перо ва бошқа сиёҳдон деярли бўлмайди. Мен деярли ҳеч бир иккиланмай шуни айтишим мумкинки, агар биз Черинг-кросс яқинидаги ҳамма меҳмонхоналарда қоғозлар ташланадиган саватларнинг ҳаммасини текшириб кўриб, «Таймс» газетасидан қирқиб олинган бош мақоланинг қолдиқларини топишга муваффақ бўла олсак, бу ғалати мактубнинг муаллифини дарров топиб олган бўлур эдик… Тўхтанг! Тўхтанг! Нима бу!

У сўзлар ёпиштирилган варақни кўзига бирикки дюйм чамаси яқинлаштириб, унга диққат билан тикилиб турди.

– Бу нима?

– Йўқ, ҳеч нима эмас экан, – деди Холмс ва хатни столга қўйди. – Қоғоз жуда силлиқ, ҳатто ичидан кўринадиган белгилари ҳам йўқ. Хуллас, биз бу ғалати хатдан билиб олишимиз мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммасини аниқлаб олдик. Энди сиз, сэр Генри, Лондонга келганингиздан бери одатдан ташқари қандай нарсаларга дуч келганингизни айтиб беринг.

– Йўқ, мистер Холмс, ҳеч қандай одатдан ташқари бир нарсага дуч келмадим.

– Сизни ҳеч ким таъқиб қилгани йўқми? Ҳеч ким изингизга тушмадими?

– Чамамда, мен бирор жиноят гирдобига тушиб қолганга ўхшайман, – деди меҳмонимиз. – Ким изимга тушиши мумкин?

– Сал фурсат берсангиз, биз бу тўғрида ҳам гаплашиб оламиз. Аммо ҳозирча ўйлаб кўринг: наҳотки бизга айтадиган бошқа гапингиз бўлмаса?

– Айтадиган гапим нимани диққатга сазовор деб ҳисоблашингизга боғлиқ.

– Кундалик оддий ҳаёт доирасидан у ёки бу тариқа четга чиқадиган нарсаларнинг ҳаммаси эътиборимни жалб қилаверади.

Сэр Генри жилмайиб қўйди:

– Деярли бутун болалик ва ўсмирлик чоғларим Қўшма Штатларда ва Канадада ўтди, шу сабабли Англиянинг турмуш шароити менга ҳозирча янгилик бўлиб турибди. Лекин бу ерда кишининг оёқ кийимларидан биттаси тўсатдан йўқолиб қолиши сизларнинг назарингизда ҳар кун учрайдиган ҳодиса бўлиб ҳисобланмаса керак.

– Оёқ кийимингизнинг биттасини йўқотиб қўйдингизми?

– Вой дўстим-э! – деб хитоб қилди доктор Мортимер, – уни биров бирор жойга шунчаки тиқиб қўйгандир. Топилади. Бунақа арзимас нарсалар билан мистер Холмсни овора қилишнинг ҳожати бўлмаса керак.

– Лекин у киши мендан одатдан ташқари бирон ҳодисага дуч келмадингизми, деб сўраяптику, ахир.

– Мутлақо тўғри, – деди Холмс. – Ҳар қанча бемаъни бўлса ҳам майда-чуйда нарса мени қизиқтиради. Демак, оёқ кийимингизнинг биттаси йўқолиб қолди, денг?

– Ҳа, лекин уни ҳақиқатан ҳам бирон жойга тиқиб қўйган бўлишлари мумкин. Кеча кечқурун оёқ кийимларимни эшикка чиқариб қўйган эдим, эрталаб фақат биттаси қолипти. Даҳлиз ходимидан суриштириб бирор тузук жавоб ололмадим. Менга шуниси алам қиладики, ўша оёқ кийимларини бир кун олдин Стрендда сотиб олган ва ҳатто кийишга ҳам улгурмаган эдим.

– Сиз уни тозалашга берганмидингиз? Янги оёқ кийимларини тозалатишнинг нима кераги бор эди?

– У оч жигарранг тусда эди. Мен уни қорага бўятмоқчи эдим.

– Демак, сиз Лондонга келишингиз биланоқ, дарҳол оёқ кийими сотиб олиш учун дўконга бордингизми?

– Умуман, магазинларни айланиб юрдим. Доктор Мортимер мен билан бирга эди. Гап шундаки, кишига катта мулк эгаси бўлиш насиб этган экан, у шунга яраша яхши кийиниб юриши ҳам керак-да, аммо мен Ғарбда яшаганимда кийимимга унчалик эътибор бермасдим. Бошқа моллар қаторида ўша оёқ кийимларини ҳам олти долларга сотиб олган эдим, аммо барибир кийиш насиб этмади.

– Агар буни ўғирлик десак, жуда бемаъни ўғирлик, – деди Шерлок Холмс. – Ростини айтсам, доктор Мортимернинг фикрига қўшиламан, оёқ кийимингиз тез фурсатда топилади.

– Энди, жентльменлар, шу вақтгача менга маълум бўлмаган нарсалар тўғрисида гаплашишни бас қилайлик, – деди қатъий оҳангда баронет. – Энди сиз ўз ваъдангизга вафо қилиб, шу гапларнинг ҳаммаси қаёққа бурилаётганини айтиб беринг.

– Қонуний талаб, – деб бу фикрга қўшилди Холмс. – Доктор Мортимер, менга айтган гапларингизни сэр Генрига ҳам гапириб беришингиз керак деб ўйлайман.

Бу илтимос олим дўстимизга далда берди, у чўнтагидан қўлёзма ва газетани олиб кечаги ҳикоясини сўзма-сўз такрорлади. Сэр Генри ғоят диққат билан тинглаб турди, гоҳо-гоҳо таажжубланиб қилган хитоблари билан докторнинг гапларини бўлди.

Докторнинг узун ҳикояси тамом бўлгандан кейин сэр Генри гап бошлади:

– Менга жуда ҳам яхши мерос қолган экан-да! Ит тўғрисидаги гапларни болалик чоғимдаёқ эшитган эдим. Оиламизда бу афсонани кўп гапиришар эди, аммо бунга у вақтгача ҳеч қандай аҳамият бермаган эдим. Амакимнинг вафот этганига келсак, миям шу қадар чувалиб кетдики, ҳозирча ҳеч нарсани тушунолмай турибман. Менимча, бу масалада кимга – бутхона мутасаддисигами ёки полисменигами – мурожаат қилиш кераклигини ўзларингиз ҳам билмасангиз керак.

– Гапингиз тўғри.

– Яна бунинг устига бугун мана бу хат қўлимга келиб тегди. Бу хат воқеаларнинг умумий бориши билан қандайдир боғланган бўлиши керак.

– Ҳа, – деди доктор Мортимер, – шу хатга қараганда торф ботқоқликларида нималар бўлаётганини кимдир биздан кўра анча яхшироқ билар экан.

– Модомики, ана шу «кимдир» хавф-хатар тўғрисида сизни огоҳлантираётган экан, демак, у сизга хайрихоҳ киши бўлса керак, – деди Холмс.

– Балки, аксинча, мени Баскервиль-холлдан қўрқитиб четлаштириш ниятидадир?

– Бу ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас… Доктор Мортимер, менга мана шундай қизиқ, мураккаб жумбоқни рўпара қилганингиз учун сиздан ғоят миннатдорман, лекин энди, сэр Генри, масаланинг моҳиятини ҳал қилиб олайлик: сиз Баскервильхоллга боришингиз мумкинми ё йўқми?

– Нега у ерга бормаслигим керак экан?

– Боришингиз хатарли бўлмаса керак?

– Бу хатар қаердан келди: оиламиздаги олабужиданми ёки одамларданми?

– Биз ана шуни аниқлаб олишимиз керак.

– Нимаики бўлса ҳам жавобим битта: на жаҳаннам кучлари, на одамларнинг макр-ҳийлалари мени бу ерда ушлаб қололмайди. Мен ота-боболаримнинг уйига бораман. Менинг бу қарорим қатъий. – Унинг қора қошлари бир-бирига туташиб кетди, буғдойранг чеҳрасига қизил югурди. Баскервиллар зотига хос бўлган шижоат шу зотнинг охирги авлодига ҳам сингиб кетгани очиқ сезилиб турарди. – Сиздан эшитган гапларнинг мағзини чақишга ҳали улгурганим йўқ. Бу гапларнинг бутун моҳиятини ўзлаштириб олиш ва бундан буён нима қилиш кераклиги тўғрисида дарҳол бир қарорга келиш унчалик осон эмас. Мен бир оз вақт якка ўзим қолиб шуларнинг ҳаммасини хилватда ўйлаб кўрсам, дейман. Сизга бир гап айтайми, мистер Холмс? Ҳозир соат ўн бир ярим, мен тўппа-тўғри ўзимнинг отелимга борай. Сиз ва дўстингиз доктор Уотсон соат иккиларда овқатланиш учун бизникига келсангиз бўлмайдими? Шунгача ўйлаб, бирор қарорга келиб қўяман.

– Сизга бу гап маъқулми, Уотсон?

– Маъқул.

– Бўлмаса борамиз. Сизга кэб чақириб берайми?

– Йўқ, яхшиси, пиёда томоша қилиб бора қоламан, шу гаплардан кейин бир оз ўзимга келмасам бўлмайди.

– Мен жоним билан сизга ҳамроҳ бўламан, – деди унинг йўлдоши.

– Демак, соат иккида кўришамиз. Тезроқ кўришгунча хайр, яхши қолинглар.

Улар зинадан пастга тушиб бораётганларини ва эшикни ёпиб кўчага чиқиб кетганларини эшитиб турдик. Холмс бир онда ўзгариб кетди – унинг лоқайдлигидан асар ҳам қолмади, у яна иш кишисига айланган эди.

– Кийининг, Уотсон, тезроқ! Бир сонияни ҳам бой бериб бўлмайди.

У йўл-йўлакай халатини ечиб, дарров хонасига кириб кетди ва икки-уч дақиқадан кейин сюртук кийиб чиқди.

Биз зинадан чопиб пастга тушиб кўчага чиқдик. Доктор Мортимер билан Баскервиль биздан икки юз қадам нарида, олдинда бораётгандилар. Улар Оксфорд-стрит томон кетишмоқда эди.

– Уларга етиб олайликми?

– Асло йўқ, дўстим! Агар сизни зериктириб қўймасам, мен сиз билан сира ҳам зерикмайман. Дўстларимиз ҳақ гапни айтишди. Мана шундай эрталабки ҳавода сайр қилиб юрсанг, ҳузур қиласан, киши.

У қадамини тезлаштираверди, яқиндагина бизнинг уйимиздан чиқиб кетган кишилар билан орамиздаги масофа бора-бора ярим баробар қисқарди. Орамиздаги шу масофани сақлаб қолган ҳолда биз уларнинг кетидан Оксфорд-стритга, сўнгра Рижент-стритга бурилдик. Дўконлардан бирининг олдида сэр Генри билан доктор Мортимер тўхтаб витринани томоша қилиб туришди, Холмс ҳам тўхтади. Орадан бир неча сония ўтгач, тўсатдан мамнун бўлиб, ҳм, деб қўйди ва унинг қаёққа диққат билан қараётганини кузатиб, кўз ташлаган эдим, кўчанинг нариги томонида бир кэб турганини, унинг ичида бир одам деразадан қараганини кўрдим ва кэб аста-секин олдинга силжиди.

– Бизга ана шунинг ўзи керак эди, Уотсон! Қани, юринг. Лоақал ўша одамни яхшироқ кўриб қолайлик.

Шу дақиқада кўз олдимда кэбнинг ён томонидаги деразасида қалин қора соқол қимирлагандек бўлди ва кимнингдир кўзлари бизга тикилиб қаради. Шу ондаёқ кэбнинг устки дарчаси очилди, унинг ичида ўтирган одам кэбменга4545
  Кэбмен – кэб ҳайдовчи аравакаш. (Тарж.)


[Закрыть]
нимадир деб қичқирди ва кэб Рижент-стрит кўчасидан ғизиллаб ўтиб кетди. Холмс бўш экипаж топилиб қолармикин, деб атрофга кўз ташлади, лекин ҳеч қаерда бўш экипаж кўринмади. Сўнгра у бизнинг назаримиздан тез ғойиб бўлиб бораётган кэбнинг кетидан югуриб кўчадаги ғуж одамлар орасига кириб кетди.

– Вой лаънати-ей! – деди у гавжум кўчадан чиқиб кела туриб ва аламдан оқариб кетганидан аранг оғиз очиб. – Ишимиз ўнгидан келмади-ку! Бунинг учун бутун айб менда, Уотсон! Уотсон! Агар сизда лоақал заррача одамшавандалик бўлса, мен қилган бу хатони дафтарингизга ютуқларим билан ёнма-ён ёзиб қўйишингиз керак.

– У қанақа одам эди?

– Билмайман.

– Айғоқчими?

– Ҳа, Баскервиль Лондонга келган ондан бери уни кимдир кузатиб юргани очиқ кўриниб турибди. Акс ҳолда унинг «Норсамберленд» отелига тушгани қаёқдан маълум бўлиб қолди? Мен шундай фикрга келдим: модомики, уни биринчи кундан кузатиб юришган экан, демак, бундан буён ҳам уни кузатаверишади. Доктор Мортимер ўзининг афсонасини ўқиб турган пайтда мен икки марта дераза олдига бориб келганимга эътибор берган бўлсангиз керак?

– Ҳа, эсимда.

– Уйимизнинг олдида бирор кимса лақиллаб юрмаганмикин, деб билмоқчи бўлган эдим, лекин бирор шубҳали кишини кўрмадим. Баскервилнинг пайига тушган одам ақлли киши бўлса керак, Уотсон. Бу воқеада ё эзгу кучлар, ёки ёвуз кучлар ҳаракат қилаётгани ҳанузгача менга гарчи равшан бўлмаса ҳам, бу воқеаларнинг жуда жиддий эканлиги кўриниб турибди, шундай бўлса ҳам, мен четдан кимдир аралашаётганини, кимдир аниқ ўйлаб иш қилаётганини муттасил сезиб турибман. Янги дўстларимиз чиқиб кетишлари биланоқ, мен уларни кузатиб юрган ва тутқич бермаётган кишининг шарпасига дуч келиб қоламан, деган умид билан дарҳол уларнинг кетидан йўлга чиқдим. Аммо у айёр экан, пиёда юришга ботинмай, кэбга тушиб олибди, керак бўлганда орқасидан бораман ёки ўзимни сездирмай уларнинг олдидан ўтиб кетаман, деб ўйлабди. У ишлаётган услубнинг яна бир яхши томони шуки, агар улар кэбга тушганларида эди, айғоқчи уларни кўздан қочирмаган бўлур эди. Лекин шундай бўлса ҳам бу услубнинг бир қалтис жойи бор.

– Кэбменми?

– Худди ўзи.

– Аттанг, биз унинг рақамини кўрмай қолибмиз-да!

– Дўстим Уотсон! Гарчи мен бу сафар мақтагудек иш қилмаган бўлсам ҳам, наҳотки сиз мени кэбнинг рақамини кўрмай қолди, деб ўйласангиз! Марҳамат: икки минг етти юз тўрт. Зотан, ҳозир бу рақамнинг бизга кераги ҳам йўқ.

– Яна нималар қилишингиз мумкин, билолмай турибман.

– Уни кўришим билан дарҳол орқамга қайтиб, ҳеч бир шошилмай кэб топишим ва кэбга тушиб, кетидан анча нарироқ масофада бораверишим керак эди. Тўппа-тўғри отелга бориб у ерда воқеаларнинг қандай давом этишини кутиб турсак тағин ҳам яхшироқ бўлур эди. Бизга нотаниш бўлган ўша махфий киши Баскервилни отель ёнигача кузатиб қўйган бўлур эди, биз бўлсак унинг ўз услубидан фойдаланиб, кейин қаёққа боришини билиб олган бўлур эдик. Аммо энди бизнинг рақибимиз менинг ўринсиз шошма-шошарлигимдан ҳайрон қоларли даражада чаққонлик билан фойдаланди, чунки бу шошма-шошарлик бизни унга сездириб қўйди ва биз унинг изини йўқотиб қўйдик.

Биз мана шундай гаплашиб, Рижент-стрит бўйлаб аста-секин бориб, доктор Мортимер билан йўлдошини кўздан қочириб қўйдик.

– Энди уларни кузатиб боришнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, – деди Холмс. – Уларнинг қораси йўқолди, энди бизга кўринишмайди. Қўлимизда қандай козирлар борлигини билиб олиб, дадиллик билан шу козирларни босиш керак. Кэб ичидаги одамнинг афтини яхши таниб олдингизми?

– Афтини танимадим-у, аммо соқолини таниб олдим.

– Мен ҳам… бундан чиқадиган хулоса шуки, унинг соқоли ясама бўлса керак. Эҳтиёткорлик талаб қилинадиган бундай қалтис ишни қилмоқчи бўлган ақлли кишига ўзини ниқоблаш учун соқол керак. Бу ёққа бир кириб чиқайлик, Уотсон.

Холмс шу районда ҳаммани югурдак хизматкорлар билан таъминлаб турадиган конторалардан бирига кирди. Контора бошлиғи уни қучоқ очиб кутиб олди.

– Буни қаранг-а, Уильсон, ўша кичкина ишда сизга берган ёрдамимни унутмабсиз!

– Бунақа яхшиликни унутиб бўлармиди, сэр? Сиз туфайли номим ҳалол, эҳтимолки, ҳаётим ҳам омон қолди-ку.

– Муболаға қиляпсиз! Айтгандай, Уильсон, сизнинг Картрайт деган бир болангиз бор эди, шекилли? Сизнинг ишингизни текшираётган вақтимда ўша бола ўзининг ғоят серфаҳм эканлигини кўрсатган эди.

– Ҳа, сэр, ҳозир ҳам қўлимда ишлайди.

– Уни чақиришнинг иложи йўқми? Раҳмат. Сўнгра, марҳамат қилиб мана шу беш фунтлик пулни ҳам майдалаб берсангиз.

Бошлиқ чақириши билан чеҳрасидан ақлли эканлиги кўриниб турган ва ўн тўрт ёшлар чамаси серғайрат бир бола олдимизга келди. У машҳур дўстимга мамнуният назари билан қаради.

– Менга «Меҳмонхоналар маълумотномаси»ни топиб беринг, – деди Холмс. – Раҳмат. Мана буни қаранг, Картрайт, бу Черинг-кросс районидаги йигирма учта меҳмонхонанинг номлари. Кўрдингизми?

– Ҳа, сэр.

– Сиз шуларнинг ҳаммасига навбати билан кириб чиқасиз.

– Хўп, сэр.

– Ҳар қайси меҳмонхонага биринчи киришингиздаёқ унинг швейцарига бир шеллингдан пул берасиз. Мана сизга йигирма уч шеллинг.

– Хўп, сэр.

– Сиз, кеча саватлардан чиқариб ташланган чиқиндиларни кўришим керак, дейсиз. Бунинг сабабини тушунтириб: битта жуда муҳим телеграмма эгасига элтиб берилмабди, шу телеграммани қидириб топишим керак, дейсиз. Тушундингизми?

– Ҳа, сэр.

– Аммо ҳақиқатда сиз бир неча жойи қайчи билан қирқилган «Таймс» газетасининг саҳифасини қидириб топишингиз керак. Мана бу «Таймс» газетаси, бизга эса унинг мана шу саҳифаси керак. Сиз газетанинг шу саҳифасини унинг бошқа саҳифаларидан ажрата оласизми?

– Ҳа, сэр.

– Албатта, швейцарлар сизни даҳлиз хизматчилари олдига юборишади, уларга ҳам бир шеллингдан пул берасиз. Мана сизга яна йигирма уч шеллинг. Йигирма уч меҳмонхонадан йигирматасида саватдаги чиқиндилар ё ташлаб юборилган ёки ёндириб ташланган бўлиши турган гап. Лекин қолган уч меҳмонхонада сизга қоғозлар уюмини кўрсатишади, улар ичидан сиз газетанинг мана шу саҳифасини қидирасиз. Қидирилган газетанинг топилиш эҳтимоли жуда кам. Яна керак бўлиб қолар деб, сизга мана бу ўн шеллингни ҳам бераман. Ишингиз қандай бораётганини кечқурун телеграф орқали менга, Бейкер-стритга маълум қилинг… Энди, Уотсон, фақат битта ишимиз қолди: икки минг етти юз тўртинчи кэбмен кимлигини телеграф орқали сўраб билишимиз керак, шундан сўнг Бонд-стритдаги санъат музейларидан бирига кириб, овқатланишгача қолган вақтни ўша музейда ўтказамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации