Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ТОВЛАМАЧИНИНГ ТУГАТИЛИШИ

Мен ҳикоя қилаётган ушбу воқеанинг юз берганига анча йил бўлди, шунга қарамай, уни ниҳоятда эҳтиётлик билан баён қилишимга тўғри келади. Узоқ вақтгача бунинг ҳатто учини чиқариш ҳам мумкин бўлмаган эди, аммо ҳикоямнинг асосий қаҳрамонига адлия қонунининг қўли етмайдиган эндиги пайтда, ҳеч кимга зиён тегмайдиган қилиб, айрим қисқартиришлар билан уни ошкор қилсам бўлади. Бу нарса Шерлок Холмснинг, шунингдек, менинг ҳам фаолиятимда қиёси йўқ ягона ҳодиса эди. Башарти, ҳикоям тизмасидан воқеа юз берган пайтни ёинки унинг ҳақиқий иштирокчиларига шама қилувчи бирон бир далилни олиб ташласам, китобхон мени кечирар деб умид қиламан.

Қаҳратон қиш оқшоми эди. Холмс билан мен одатдаги кечки сайрдан уйга соат олтиларда қайтардик. Холмс чироқни ёқди, шунда унинг шуъласи столда ётган ташрифномани ёритди. Дўстим унга бир қиё боқди-ю, жирканч нидо билан уни ерга отди.

Мен ташрифномани ердан олиб ўқидим:

ЧАРЛЬЗ ОГАСТЕС МИЛВЕРТОН

АПЛДОР ТАУЭРС ХЕМПСТЕД

АГЕНТ

– Ким бу? – деб сўрадим.

– Бутун Лондонда энг мараз одам шу бўлади, – деб жавоб қилди Холмс камин қаршисига ўтириб оёғини оловга тутаркан. – Ташрифноманинг орқасида ҳеч қандай ёзув йўқми?

Мен уни ўгириб:

– «Соат 6.30 да ҳузурингизда бўламан. «Ч.О.М.», – деган ёзувни ўқидим.

– Ҳм! Демак, ҳозир кириб келади. Сиз, Уотсон, ҳайвонот боғида илонлар олдига борганингизда, кўзлари совуқ боқувчи ясси тумшуқли ўша шилимшиқ, заҳарли махлуқлардан ҳазар қилганмисиз, жирканганмисиз? Милвертон ҳам менда худди шундай жирканч ҳиссиёт уйғотади. Ўз фаолиятим давомида элликта қотилнинг ишини кўришимга тўғри келган, лекин улар ичида энг марази ҳам менда бу бадкирдорчилик жирканч ҳиссиёт уйғотмаган. Лекин шунга қарамай, у билан алоқа қилмай иложим йўқ… Қисқаси, бу ерга у менинг таклифим билан келяпти.

– Ахир қандай одам ўзи у?

– Ҳозир сизга айтиб бераман, Уотсон. Бу одамни барча товламачиларнинг қироли деса ҳам бўлади. Пок номи Милвертоннинг чангалига тушган эркакка (агар ўша шўрпешона аёл киши бўлса, инчунин) Худонинг ўзи мададкор бўлсин. Зеро, бу бадкирдор одамларнинг нозик сирларини билиб олиб, мудом тиржайганча, ўта шафқатсизлик билан шўрликларнинг то қуруқ турқи қолгунча сиқиб сувини ичаверади, ичаверади. Уни маълум даражада даҳо деса бўлади: агар шу истеъдодини у ҳалол тижорат ишига бағишлаганида борми, жуда машҳур бўлиб кетиши мумкин эди. Милвертоннинг иш услуби қуйидагича: у бадавлат ёки мансабдор одамларнинг нуфузига доғ туширувчи мактублар учун катта пул беражаги ҳақида овоза тарқатади. Бундай молни у нафақат ўз соҳибларига хиёнат қилишдан ҳазар қилмайдиган хизматкорлару оқсочлардан, балки аксарият пайт, олижаноб аёлларнинг ишончи ва ихлосини қозонган асилзода аблаҳлардан ҳам сотиб олади. Бу борада у асло хасислик қилмайди. Мен унинг бир малайга икки сатрли хат учун етти юз фунт тўлаганини биламан, оқибат ана шу хатча нуфузли бир оилани хонавайрон қилган эди. Харидга чиқарилган бундай молларнинг бари Милвертоннинг қўлига бориб тушади, зотан унинг номини эшитганда ранги қув учиб кетувчи одамлар бу улкан пойтахт шаҳарда юзлаб топилади. Эртага у кимни хароб қилади – буни ҳеч ким билмайди, чунки у жуда бадавлат, жуда айёр одам, демак, унинг ҳар куни пул ишлаб топиши шарт эмас. У қиморга тикилган довнинг жуда катта миқдорга етишини кутиб, қўлидаги қартани бир неча йиллаб очмай сақлайди. Мен уни бутун Лондонда энг мараз одам деб айтдим, дарҳақиқат, қани, менга айтинг-чи, шеригини жаҳл устида сўйил билан уриб ўлдирган қароқчини олтинга шундоқ ҳам тўлиб кетган хазинасини яна ҳам ошириб-тошириш мақсадида инсон қалбини тадрижий равишда ҳеч шошмасдан қийноққа солувчи, асабларини бузувчи бу одамга қиёс қилиб бўладими?

Дўстимнинг бунақа қизишиб гапирганини жуда кам кўрганман.

– Ахир қонун бор-ку, – деб эътироз билдирдим. – Демак, бу одамнинг ҳам танобини тортиб қўйиш мумкин.

– Назарий жиҳатдан мумкин, лекин амалда мумкин эмас. Уни бир неча ойга қаматган аёл нима манфаат кўрарди дейсиз: ахир у малъун қамоқдан чиққан заҳоти бечора аёлнинг бошини ейди-ку! Милвертоннинг домига илинган шўрпешона унинг зарбасини қайтаришга журъат эта олмайди. Агарда у бирон марта бегуноҳ одамни товлаганида эди, ана унда чинакамига уни тузоққа илинтирсак бўларди, лекин у худди шайтондек айёр. Йўқ, йўқ, унга қарши курашиш учун бошқа усулни ўйлаб топиш керак.

– У нега келмоқчи бу ерга?

– Обрў-эътиборли бир хоним менга ўзининг кулфатли ишини топширди. Бу – ўтган мавсумдан бошлаб жамоа орасида кўрина бошлаган Лондондаги энг латофатли қиз леди Ева Брэкуэл. Яна икки ҳафтадан кейин бу ледининг герцог Доверкор билан никоҳ тўйи бўлиши керак. Лекин анави касофатнинг қўлига хонимнинг камбағал бир заминдор йигитга эҳтиётсизлик билан, ҳа, ҳа, Уотсон, фақат эҳтиётсизлик билан ёзган бир неча мактуби тушиб қолган. Никоҳни бузиш учун шу мактубларнинг ўзи кифоя. Агар леди талаб қилинаётган йирик миқдордаги пулни Милвертонга бермаса, у ўша мактубларни герцогга жўнатади. Менга ана шу товламачи билан учрашиб, у билан битим тузиш топширилган.

Шу пайт кўчадан от туёқларининг ва файтон ғилдирагининг тарақлаши эшитилди. Деразадан қараб, бир жуфт тўриқ от қўшилган ғоят ҳашаматли каретани кўрдим; карета томига ўрнатилган фонуснинг ёруғ шуъласи зотдор жониворларнинг ярақлаган сағрисида товланарди. Хизматкор каретанинг эшигини очди, ундан эгнига қоракўл ёқали пальто кийган, паст бўйли бақалоқ бир одам тушди. У бир дақиқадан кейин хонамизга чиқиб келди.

Чарльз Огастес Милвертон эллик ёшлар чамасидаги, калласи катта, кўринишидан фаросатли одам эди; унинг соқол-мўйлови олинган, сохта жилва қотиб қолган юзи юм-юмалоқ ва лўппи, ўткир қўй кўзлари олтин гардишли кўзойнаги орқали одамга қаттиқ тикиларди. Агарда унинг табассуми худди ёпиштириб қўйилгандек сохта, кўзлари олазарак ва совуқ бўлмаганда бу одам Пиквик88
  Пиквик – Чарльз Диккенс романининг қаҳрамони.


[Закрыть]
ни эслатарди. Овози биринчи қарашда оқкўнгил бўлиб кўринган бу одамнинг ташқи қиёфаси сингари мулойим ва ёқимли эди: у Холмсга яқин келиб, дўмбоқ қўлчасини узатаркан, биринчи ташрифида бизни учрата олмаганидан таассуф қилди.

Холмс узатилган қўлни эътиборсиз қолдирди, унинг чеҳрасида кескинлик вужудга келди-ю, худди тошдек қотиб қолган эди. Лекин тиржайиб турган Милвертоннинг оғзининг таноби қочди; у кифтини учириб қўйиб, пальтосини ечди, авайлаб тахлади-да, стул суянчиғига осиб, ўзи ўтирди.

– Бу жентльмен ким? – деб сўради у боши билан мен томонга мулойимгина ишора қиларкан. – Бегона одамнинг иштироки ножўя бўлмасмикин?

– Доктор Уотсон менинг дўстим ва ҳамкасбим.

– Ундай бўлса, жуда соз, мистер Холмс. Мен фақат мижозимнинг манфаатини кўзлаб эътироз билдираётувдим. Зеро, бу ғоятда нозик иш…

– Доктор Уотсоннинг бундан хабари бор.

– Демак, ишга киришаверсак ҳам бўлар экан. Сиз леди Еванинг номидан ҳаракат қилаётганингизни айтгандингиз. У хоним шартимни қабул қилиш учун сизга ваколат бердими?

– Шартингиз қандай?

– Етти минг фунт.

– Агар рози бўлмаса-чи?

– Азизим сэр, бу ҳақда музокара юритиш мен учун жуда оғир, лекин агар ўша пул ўн тўртинчигача тўланмаса, турган гапки, ўн саккизинчида никоҳ тўйи бўлмайди.

Унинг меъдага тегувчи жилваси яна ҳам назокатлироқ кўриниш олди.

Холмс бир оз ўйланиб қолди.

– Назаримда, – деди у ниҳоят, – ҳозир сиз кўзлаган режангизга қаттиқ ишонган ҳолда ҳаракат қилаётганга ўхшайсиз. Мактубларнинг мазмуни менга маълум. Бинобарин, мижозим албатта менинг маслаҳатимга амал қилади. Мен бўлсам унга ҳамма гапни бўлғуси эрига очиқ айтишни ва унинг олиҳимматлигига умид боғлашни маслаҳат бераман.

Милвертон кулиб юборди.

– Сиз герцогни билмас экансиз, назаримда, – деди у.

Холмснинг таъби хира бўлганини кўриб, герцогнинг қанақа одамлигини яхши билишини сездим.

– Мактубларда ҳеч қандай ножўя гап йўқ, – деди у.

– Улар жўшқин… ғоятда жўшқин қалб билан ёзилган, – деб жавоб қилди Милвертон. – Ледининг услуби ниҳоятда дилбар. Аммо сизни ишонтириб айтишим мумкинки, герцог Доверкорский бу услубни қадрлай олмайди. Лекин, агар сиз бошқача фикрда бўлсангиз, унда ишимизга хотима ясаб қўя қолайлик. Чунки бу масалани фақат пул билан ҳал қилиш мумкин. Сиз, агар бу мактублар герцогнинг қўлига бориб тушса, мижозингиз бундан ҳеч қандай зиён кўрмайди деб ҳисоблаяпсиз – яхши, агар шундай бўлишига қатъий ишонсангиз, у ҳолда мактубларни йирик пулга сотиб олишингиз бемаънилик бўлар эди.

Милвертон ўрнидан туриб, пальтосини қўлига олди.

Холмснинг ранги ғазаб ва аламдан гезариб кетди.

– Тўхтанг, – деди у. – Жуда ҳам шошқалоқ экансиз. Биз бу нозик ишнинг жанжалга сабаб бўлмаслиги учун қўлимиздан келганча уриниб кўрамиз, албатта.

Милвертон яна жойига ўтирди.

– Бу ишга айнан шундай ёндашишингизни билардим, – деди у минғирлаб.

– Шуниси ҳам борки, – деб гапида давом этди Холмс, – леди Ева бадавлат аёллардан эмас. Гапимга ишонинг, у ўша мактублар учун сизга ҳатто икки минг фунт тўлаганида ҳам хонавайрон бўлади, аммо сиз белгилаган миқдордаги ақчани тўлашга унинг мутлақо қурби етмайди. Шунинг учун, илтимос қиламан сиздан, талабингизни бир оз чекланг-у, ҳозир мен тилга олган ақча эвазига мактубларни қайтариб беринг, гапимга ишонинг, леди Еванинг шу пулдан бир чақа ҳам ортиқ маблағи йўқ.

Милвертоннинг юзи табассумдан баркашдек ёйилиб кетди, кўзларида шўх учқунлар чақнади.

– Биламан, ледининг имконияти ҳақида айтганларингиз тўғри, – деди у. – Лекин бир ўйлаб кўринг: бу никоҳ тўйи муносабати билан хонимнинг дўстлари-ю, хешлари албатта унга ул-бул нарса совға қилиш тараддудига тушадилар. Сиз уларга, Лондондаги барча совғабоп қандиллар-у, кўзалардан ҳам кўра, шу бир даста мактуб келиннинг кўнглини кўпроқ хушнуд қилади, деб тушунтиринг.

– Бунинг иложи йўқ, – деб эътироз билдирди Холмс.

– Э Худо, қандай ачинарли ҳол! – деди Милвертон киссасидан қалин ёндафтар чиқараркан. – Таассуфки, хонимларимизнинг маслаҳатчилари донишманд эмас, деб ўйлашга мажбурман: улар йўл-йўриқ кўрсатишни билмайдилар. Мана буни кўринг!

У муҳрланган конверт ичидан хат чиқарди.

– Буни ёзган… йўқ, беандишалик қилиш яхши эмас. Аммо эртага бу мактуб, уни ёзган хонимнинг эрига бориб тегади. Бундай бўлишига борйўқ сабаб шуки, хоним бу мактуб учун арзимаган ҳақ тўлашдан бош тортаяпти, ҳолбуки, ўша талаб қилинган ҳақни ярим соат ичида – бриллиантларини қалбакисига айрибошлаб топса бўларди. Афсус, афсус! Айтинг-чи, мисси Майлс билан полковник Доркингнинг никоҳ тўйи бузилгани эсингиздами? Бу ҳақда «Morning post» газетаси никоҳга атиги икки кун қолганида хабар қилган эди. Хўш, нега бундай бўлган эди? Йўқ, ҳеч ақл бовар қилмайди бунга – арзимаган бир минг икки юз фунт пул билан ишни пиширса бўларди. Ахир бу аянчли эмасми? Сиз эса, шундай бамаъни одам бўла туриб, мижозингизнинг номуси ва келажаги ҳал бўлаётган чоғда савдолашиб ўтирибсиз-а! Мени ҳайрон қолдиряпсиз, мистер Холмс.

– Мен очиғини айтдим, – эътироз билдирди Холмс. – Мижозим бунча пулни топа олмайди. Лекин мен айтган нарх ҳам кам пул эмас. Шунча ақчадан воз кечиб бир бечора аёлни бахтиқаро қилиш яхшими? Ахир сиз бундан ҳеч қандай манфаат кўрмайсиз-ку.

– Янглишдингиз, мистер Холмс, орқаваротдан тарқатилган миш-мишлар менга жуда катта фойда келтиради. Ҳозир худди шунга ўхшаган ишлардан саккиз-ўнтаси қўлимга илинай деб турипти. Агар леди Евани жазолаганим ҳақида овоза тарқалса, бошқалар мулоҳазали бўлиб қолишади. Энди тушундингизми?

Холмс сапчиб ўрнидан туриб кетди.

– Уотсон, орқасига ўтинг! Уйдан қочиб чиқмасин! Ҳозир, сэр, ёндафтарингизда нималар ёзилганини ўқиб кўрамиз.

Милвертон «шип» этиб бурчакка ўтди ва орқасини деворга тираб туриб олди.

– Мистер Холмс, мистер Холмс, – деди у камзулининг олдини очиб, қўйин чўнтагидан оғзи чиқиб турган каттакон тўппончасини кўрсатаркан. – Мен сизнинг бундан дурустроқ усул қўллашингизни кутган эдим. Бунақа муносабатни менга кўп ишлатишган, лекин ҳеч қачон ҳеч нимага эриша олишмаган. Шуни яхши билингки, мен тиш-тирноғимгача қуролланганман ва истаган пайтимда қурол ишлата оламан, зеро, қонун мени ҳимоя қилишини яхши биламан. Қолаверса, ўша сиз тилга олган мактубларни ёнимга солиб келадиган даражада аҳмоқ ҳам эмасман. Айтмоқчиманки, сиз яна бир марта хатога йўл қўйдингиз, мистер Холмс. Хўп, саломат бўлинглар, жентльменлар, бугун кечқурун мен яна икки киши билан учрашишим лозим, ўзингиз биласиз, бу ердан Хемстедгача анча йўл.

Милвертон юриб келиб, стул суянчиғига ташлаган пальтосини олди ва қўлини револьверига қўйганча эшик томон йўл олди. Шунда мен стулни олиб унга отмоқчи бўлган эдим, лекин Холмснинг бош чайқаганини кўриб, яна уни ерга қўйдим. Милвертон тиржайганча бизга таъзим қилиб ва қошларини учириб хонадан чиқди, орадан бир зум ўтгач, кўчадан карета эшигининг «қарс» этиб ёпилгани ва ғилдиракларнинг шалдираб юриб кетгани эшитилди.

Холмс қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб, бошини эгганча, кўзини каминдаги лаққа чўғдан узмай ўтирарди. Шу алфозда у ярим соатча чурқ этмай ўтирди. Сўнг қатъий бир қарорга келган одамдек сапчиб ўрнидан турди-да, ётоқхонаси томон юрди. Салдан кейин у ердан қилиқлари анча бетакаллуф, эчкисоқол, олифта бир ҳунарманд йигит чиқди. У сопол трубкасини чироқдан тутатиб олиб, эшик тутқичидан ушлади.

– Мен тезда қайтаман, Уотсон, – деди у ва зулмат тун қўйнига кириб кўздан ғойиб бўлди.

Тушунишимча, дўстим Чарльз Огастес Милвертонга қарши жанг бошлаган эди. Лекин бу жангнинг нима билан тугаши етти ухлаб тушимга кирмаган эди.

Холмс бир неча кун муттасил ҳар хил пайтда шу қиёфада уйдан чиқиб юрди. Тўғри, дўстимнинг Хемстедга қатнаётганини ва вақтини бекор ўтказмаётганини билардим, аммо унинг қандай иш билан шуғулланаётганидан мутлақо бехабар эдим. Ниҳоят, ташқарида бўрон қутураётган рутубатли оқшомларнинг бирида, у уйга қайтиб келиб, либосини ечди ва оловга яқин ўтириб самимият билан хандон отиб кулиб юборди.

– Сиз, Уотсон, менда уйланишга мойиллик борлигини ҳеч сезганмидингиз?

– Йўқ, сезмагандим.

– Бўлмаса, билиб қўйинг, мен бир қиз билан аҳд-паймон қилиб келдим.

– Азиз дўстим! Табрикла…

– Қаллиғим –Милвертоннинг уй ходимаси.

– Ё тавба, бу нима қилиқ, Холмс?

– Менга Милвертон тўғрисида маълумотлар керак эди.

– Ҳатто шу даражага бордингизми?

– Ўзга иложим йўқ эди. Камина омади юришган мисгарман, исмим – Эскот. Биз ҳар куни кечқурун сайр қилдик, суҳбатлашдик. Э Худо! Ҳиқилдоғимга келди у суҳбатлар! Лекин ниятимга етдим. Энди мен Милвертоннинг уйини худди беш қўлимдек биламан.

– Ахир, қиз нима бўлади, Холмс?

У елкасини учириб қўйди.

– Бошқа иложимиз йўқ эди, азизим Уотсон. Ов қилгандан кейин биракай ов қилиш керак. Лекин мен мамнуният билан сизга шуни баён қилишим мумкинки, бу борада рақибим бор, у қиздан юз ўгирганимни кўрган заҳоти албатта ўрнимни эгаллайди. Қандай ажойиб тун!

– Сизга ёқадими шунақа ҳаво?

– Бу айни муддао. Мен бугун тунда Милвертоннинг уйига кирмоқчиман, Уотсон.

Унинг ниҳоятда жиддият ва қатъият билан айтган бу гапини эшитдим-у, нафасим ичимга тушиб, аъзойи баданим жимирлаб кетди. Зулмат тун қўйнида чақмоқ чақиб, поёнсиз қишлоқ манзарасининг энг майда икир-чикирларигача бир зумга ялт этиб ёритгандек, мен ҳам Холмснинг бундай қилмиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган барча фалокатларни оний фурсатда ақлий нигоҳим билан кузатиб чиқдим – азиз дўстим қўлга тушиши, ҳибсга олиниши, натижада унинг обрўси тўкилиб шарманда бўлиши ва мараз Милвертоннинг тузоғига илиниши мумкин эди.

– Худо ҳаққи, Холмс, ўйлаб иш кўринг! – деб чинқириб юбордим.

– Азиз дўстим, ўзингиз яхши биласиз, мен бемулоҳаза иш кўришни ёқтирмайман, ҳаммасини пухта ўйлаб кўрдим, бинобарин, агарда бошқа йўл топилганида ҳеч қачон бундай хатарли тадбирга қўл урмаган бўлардим. Келинг, масалага жиддий ёндашиб кўрайлик. Ўйлайманки, маънавий жиҳатдан сиз бу ниятимни маъқуллайсиз, яъни бу қилмишим фақат қонун олдидагина жиноят ҳисобланади. Милвертоннинг уйига ўғриликка тушишдан мақсад – бор-йўғи, куч ишлатиб бўлса ҳам, унинг ёндафтарини тортиб олиш. Бу ишда ўзингиз ҳам менга кўмаклашмоқчи бўлган эдингиз.

Мен ўйланиб қолдим.

– Ҳа, – деб тасдиқладим, – ниятимиз – Милвертондан фақат ғайриқонуний мақсадда фойдаланаётган буюмнигина тортиб олиш экан, бу иш маънавий жиҳатдан қонунга зид бўлмайди.

– Балли. Агар бу иш маънавий нуқтаи назардан қонуний ҳисобланар экан, дангал қалтис ишга қўл уришдан ўзга чора йўқ. Лекин аёл кишининг ёрдамга муҳтожлигини кўрган ҳақиқий жентльмен қалтис ишдан ҳам қайтмаслиги керак.

– Сиз ноқулай аҳволга тушиб қолишингиз мумкин.

– Шунинг учун ҳам бу қалтис иш-да. Мактубларни қўлга киритишда қўл келадиган бошқа йўлни кўрмаяпман. Шўрлик ледида бунақа кўп пул йўқ, хешлари орасида бўлса, биронта ишончли одам йўқки, бечора қиз унга юрагини ёза олса. Эртага охирги кун, демак, агар бугун кечаси ўша мактубларни қўлга киритмасак, анави аблаҳ эртага сўзининг устидан чиқади-ю, ледини жувонмарг қилади. Шунинг учун мен ё тақдирга тан бериб қўл қовуштириб ўтиришим керак, ё бўлмаса шу охирги чорани қўллашим лозим. Очиғи, Уотсон, буни мен билан Милвертон ўртасидаги махсус олишув деса ҳам бўлади. Бу олишувнинг муқаддимасида, ўзингиз кўрдингиз, унинг қўли баланд келди, бас, шундай экан, пок номим ва қадру қийматим мени жангни давом эттиришга даъват этади.

– Бу иш менга ёқмаяпти, лекин шундай қилишимиз шартга ўхшайди, – дедим. – Қачон жўнаймиз.

– Бу гал сиз мен билан бормайсиз.

– Унда сиз ҳам бормайсиз, – деб эътироз билдирдим. – Онт ичиб айтаманки (биласиз, умримда ҳеч қачон сўзимнинг устидан чиқмай қолмаганман), агар бирга бормасам, ҳозироқ кўчага чиқиб кэб ёллайман-да, полиция маҳкамасига бориб сизни чақиб бераман.

– Сиз менга бу ишда ёрдам бера олмайсиз.

– Қаёқдан биласиз? Нима бўлиши маълум эмас. У ерда не ҳол юз бермасин, қарорим қатъий. Ўз қадрини ҳис этадиган, номини пок сақлашга уринадиган одам фақат сиз эмассиз.

Холмс аввалига ранжигандай бўлиб кўринганди, лекин энди, шу гапимдан кейин юзи ёришиб, елкамга қўлини ташлади.

– Майли, азиз дўстим, сизнингча бўла қолсин. Биз жуда кўп йил ҳамхона бўлиб яшадик, эндиликда шу анъанамиздан юз ўгиришимиз яхши эмас. Агар омадимиз юришмаса, битта камерани баҳам кўрармиз. Очиғини айтсам, Уотсон, мендан ажойиб жиноятчи чиққан бўларди деб ўйлардим ҳамиша. Мана, ниҳоят, бунинг учун зўр имконият туғилди!

Холмс стол ғаладонидан пишиқ бир чарм ғилоф олиб, уни очди-да, ичига терилган бир неча ялтироқ асбобни кўрсатди.

– Бу ўғриларнинг сўнгги пайтда кашф этилган энг олий нав асбоблари; бу ерда никелланган жажжи мисранг99
  Мисранг – лом.


[Закрыть]
, ойна кесиш учун олмос, очқичлар-у, ривож топаётган дунёвий маданият талабига жавоб берувчи энг янги мосламалар бор. Мана яна хуфия чироқ. Ҳаммаси жобажо. Сизда таги юмшоқ ботинка борми?

– Ҳа, бор. Теннис ўйнашга мосланган таги резинка ботинкам бор.

– Жуда соз. Ниқоб-чи?

– Қора шойидан ясаб олишим мумкин.

– Назаримда, бунақа ишга сизда туғма мойиллик мавжуд. Жуда яхши; ниқобни ясанг. Жўнаш олдидан енгилроқ тамадди қилиб оламиз. Ҳозир соат саккиз ярим. Соат ўн бирда Черчроуга етиб олишимиз керак. У ердан Аплдор Тауэрсга чорак соатда пиёда юриб борса бўлади. Ишни тун ярим бўлмасданоқ бошлаймиз. Милвертон ҳар доим соат ўн яримда ухлагани ётаркан, уйқуси жуда ҳам қаттиқмиш. Агар бизга омад ёр бўлса, чўнтагимизда леди Еванинг мактублари билан тунги соат иккида уйга қайтиб келамиз.

Биз театрдан қайтаётган одамларга ўхшаш учун эгнимизга фрак кийдик. Оксфорд-стритга чиқиб кэб ёлладик ва шу кэбда Хемстедгача бордик. Сўнг извошчига кира ҳақини тўлаб кун жуда ҳам совуқ бўлгани ва кишининг суяк-суягигача қақшатувчи шиддатли шамол эсаётгани сабабли, пальтоларимизнинг ёқасини кўтариб, энг юқори тугмаларигача қадаб олдик-да, Хис дарёси ёқалаб юриб кетдик.

– Бу ниҳоятда қалтис иш, – деди Холмс. – Ҳужжатлар Милвертоннинг кабинетида, темир сандиққа солиб қулфлаб қўйилган. Хобхонаси эса шундоққина кабинетга туташган. Лекин соғлиғидан шикоят қилмайдиган ҳамма бақалоқ одамлар сингари Милвертон ҳам қаттиқ ухлар экан. Агатанинг айтишича (қаллиғимнинг исми шундай), хўжайинини замбарак отиб ҳам уйғотиб бўлмас эмиш. Милвертоннинг жуда садоқатли бир котиби бор. Кундуз кунлари у кабинетдан ҳеч қаёққа чиқмайди: мана шунинг учун ҳам биз кечаси келяпмиз. Бутун уйни бир қопағон ит қўриқлайди, тунда уни ечиб юборишади. Лекин мен кейинги пайтда Агата билан учрашгани икки марта кечаси қоронғида бордим, шунинг учун у итни ҳужрага киритиб, устидан қулфлаб қўядиган бўлди. Ана ўша уй. Ҳув ана, боғ этагида қад кўтариб турипти. Юринг, дарвозадан кирамиз, энди дафна буталари орасидаги йўлкадан ўнгга юрамиз. Менимча, ниқобларни тақадиган пайт келди. Кўряпсизми, биронта ҳам деразада чироқ йўқ. Ишимиз ҳозирча яхши кетяпти.

Биз кўзимизга ниқобларни тақиб, ҳақиқий қароқчиларга айландик ва сукутга чўмган, зулмат босган улкан уй олдига оёқ учида юриб бордик. Уйнинг бир томони усти ёпиқ узун равон билан тўсилган бўлиб, унинг бир нечта деразаси, ичкарида эса иккита эшиги бор эди.

– Ана унинг хобхонаси, – деб пичирлади Холмс. – Ёнидаги эшикдан кабинетга кирилади. Лекин, афсуски, у ҳам ичидан сурма зулфин билан беркитилган, ҳам қулфланган. Демак, бу эшикни товуш чиқармай очиб бўлмайди. Яхшиси, юринг, уйнинг орқа томонига ўтиб кўрамиз. У ёқда ойнаванд гулхона бор, ўша ердан меҳмонхонага кириш мумкин.

Гулхонанинг эшиги ҳам қулфлоғ эди. Лекин Холмс эшик ойнасини олмос билан кесди ва қўлини тиқиб, ичкаридан калитни буради. Сўнг, ичкарига кирган заҳотимиз яна эшикни қулфлади-ю, шу дақиқадан бошлаб биз қонун олдида жиноятчига айландик-қолдик. Бизни қишки боғнинг иссиқ ва нам ҳавоси қамраб олди, димоғимизга антиқа ўсимликларнинг кишини сармаст этувчи ўткир ҳиди кирди. Холмс қоронғуда қўлимдан ушлаб, жадал юрганча, мени гул буталари ёнидан олиб ўта бошлади; ҳар қадамда навдалар юзимизга уриларди. Дўстим қоронғуда кўра оладиган ажойиб хислатга эга эди. У қўлимни қўйиб юбормай бир эшикни очди, шунда мен катта бир хонага кирганимизни ҳис қилдим; бу ерда яқин орада сигара чекишган эди. Холмс мебелларга урилиб кетмаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилар эди. Кейин у яна бир эшикни очди, ичкарига кирган заҳотимиз дўстим уни ҳам қулфлади. Мен қўл узатган эдим, қўлим деворга осилган бир нечта пальтога тегди, шунда йўлакка чиққанимизни тушундим. Биз яна бир оз юрдик, кейин Холмс ўнг томондаги эшикни ниҳоятда эҳтиётлик билан очди. Бир нима устимизга «тап» этиб сакради, қўрққанимдан юрагим «шув» этиб кетди. Билсам, бу мушук экан, шунда қўрқоқлигимдан кулиб юборишимга сал қолди. Хонада, каминда олов ёниб турар, бу ерни ҳам тамаки ҳиди босганди. Холмс хонага оёқ учида юриб кирди, кейин мени киритди-да, ниҳоятда эҳтиётлик билан эшикни ёпди. Биз Милвертоннинг кабинетига кирган эдик. Унинг хобхонасига очиладиган эшик биз кирган эшикнинг қарама-қарши томонида, қалин парда орқасида эди.

Каминда ланғиллаб ёнаётган олов хонани ёритиб турарди. Эшик яқинида деворда электр тугмаси бор эди, лекин ҳеч қандай хавф бўлмаган тақдирда ҳам, чироқ ёқишга эҳтиёж йўқ эди. Каминнинг бир ёнига осилган қалин вазмин парда ташқарига туртиб чиққан камгак ердаги деразани тўсиб турарди. Каминнинг иккинчи ёнида эса ровонга чиқадиган эшик бор эди. Хонанинг қоқ ўртасида ёзув столи, стол ёнига қип-қизил чарм қопланган айланувчи курси қўйилган. Стол қаршисида катта китоб шкафи бўлиб, унинг устида Афина1010
  Афина – Қадимги юнон мифологиясида олий худо Зевснинг қизи, жанговар маъбуда.


[Закрыть]
нинг мармар бюсти турарди. Китоб шкафи билан девор оралиғидаги бурчакда яшил рангли каттакон темир сандиқнинг ярақлатиб тозаланган мис бандида каминдаги олов мавжланарди. Холмс шу темир сандиқ олдига оҳиста юриб борди ва уни синчиклаб кўздан кечирди. Кейин хобхона эшигига оёқ учида бориб, қулоғини эшик тирқишига тутди. Ичкари сув қуйгандек жимжит эди. Бу аснода миямга, ҳар эҳтимолга қарши ташқарига чиқадиган эшик орқали чекиниш тараддудини кўриб қўйиш керак, деган фикр келди-ю, шу эшикни кўздан кечирдим. Таажжубки, эшик на қулфланган, на илгакланган эди. Мен қўлимни Холмснинг қўлига теккиздим, у ниқоб таққан юзини эшик томонга бурди. У ҳам таажжубда эди.

– Бу менга ёқмаяпти, – деб пичирлади у қулоғимга. – Ҳайронман, нега очиқ қолдирдийкин. Нима бўлганда ҳам фурсатни қўлдан бой бермаслигимиз керак.

– Сизга ёрдам беришим мумкинми?

– Ҳа, эшик олдига бориб туринг. Агар бирон кишининг шарпасини эшитсангиз дарҳол эшик зулфинини суринг, биз ўзимиз келган йўлдан чиқиб кетамиз. Агар бу ерга қишки боғ томондан киришса-ю, биз ишни тугатган бўлсак, унда манави эшик орқали чиқиб кетамиз. Мабодо ҳужжатларни олишга улгурмасак, унда дераза пардаси орқасига яширинамиз. Тушундингизми?

Мен бош ирғаб, эшик олдига бориб турдим. Юрагимга ғулғула солган бояги қўрқув туйғуси ўтиб кетган ва энди вужудимни шундай ўткир завқ қамраб олган эдики, бундай ҳузурни қонунни ҳимоя қилган пайтларимизда қонунга қарши иш кўраётган ҳозирги пайтдагидек ҳис қилмаган эдим. Олий мақсадни кўзлаган, бизни бу ишга даъват этган нарса худбинлик эмас, балки одамохунлик истаги эканлигини идрок этиш, ғанимимизнинг мурдорлигидан нафратланиш – мана шу ҳиссиётларнинг ҳаммаси бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшарди. Мен ўзимни айбдор ҳисобламасдим, балки, аксинча, бундай хатарли ишга қўл урганимиздан қувонардим, ҳаяжонланардим. Мен Холмснинг хатти-ҳаракатини завқ билан кузатардим. У чарм жилдни очиб, худди ўта мураккаб операцияга тайёрланаётган жарроҳ сингари, керакли асбобларни бамайлихотирлик билан бир-бир танлаб ола бошлади. Темир сандиқларни очишда ҳеч ким Холмснинг олдига туша олмаслигини яхши билардим, шунинг учун, кўп дилбар хонимларнинг қисматини ўз комида сақлаб турган бу аждар, олтин суви юритилган бу яшил махлуқ билан юзмаюз тўқнашганидан унинг кўнгли чоғ бўлиб кетганини фаҳмлаётган эдим. Холмс пальтосини ечиб стулга қўйди, камзулининг енгини шимариб, қўлига иккита парма, кичкина мисранг ва бир нечта очқич олди. Мен ровонга чиқадиган эшик олдида ҳар қандай ҳодисага шай бўлиб, бошқа эшиклардан кўз узмай турардим; ваҳоланки, сирасини айтганда, кимдир бизга халақит қилгудек бўлса, қандай чора кўришни билмас эдим. Холмс бир асбобни қўйиб, иккинчисини оларкан, уларни мутахассис-механик сингари зўр куч ва маҳорат билан ишлатиб, ярим соатча қатъий ҳаракат қилди. Ниҳоят, «шиқ» этган товуш эшитилди-ю, темир сандиқнинг кенг яшил эшиги очилди, шунда кўзим сандиқ ичига тахланган бир неча пакетга тушди: улар даста-даста қилиб боғланган, муҳрланган бўлиб, устига нималардир ёзилган эди. Холмс шу пакетлардан бирини қўлига олди, аммо каминдаги оловнинг милтираган ёруғида ўқиш маҳол бўлгани учун, ёнидан жажжигина хуфия чироқни чиқарди, чунки Милвертоннинг хобхонаси яқинида электр чироғини ёқиш хавфли эди. Лекин шу пайт Холмс бирдан бошини кўтарди ва ташқарига диққат билан қулоқ сола бошлади. Кейин шоша-пиша темир сандиқнинг эшигини итариб ёпди, пальтосини қўлига олди, асбобларни чўнтагига солди-да, менга, орқамдан юринг, дегандек ишора қилиб, ўзини дераза пардаси орқасига олди.

Мен Холмсга яқин борганимдан кейингина унинг нимадан хавфсираганини тушундим. Катта хонадоннинг қаеридадир эшик «қарс» этиб ёпилди. Бир меъёрда гурс-гурс қадам ташлаб биз томонга тез яқинлашиб келаётган оёқ товуши аниқ эшитилди. Товуш кабинет эшиги тагига келиб тинди. Эшик очилди. Электр чироқ тугмаси «шиқ» этди. Эшик ёпилди, шунда димоғимизга ўткир сигаранинг аччиқ тутуни урилди. Сўнг оёқ товуши биздан бир неча ярд1111
  Ярд – Англияда 91,44 см.га тенг узунлик.


[Закрыть]
масофадан эшитила бошлади, кимдир хона ичида у ёқдан-бу ёққа юрар эди. Ахир оёқ товуши тиниб, стул ғижирлади, шунда қулоғимга қоғоз шитирлагани эшитилди.

Шу пайтгача парда орасидан мўралаб қарашга журъат эта олмаган эдим, лекин энди пардани оҳиста суриб, торгина тирқишидан хонага қарадим. Холмс пинжимга кириб кетди, демак, у ҳам кузатаётган эди. Биз шундоққина рўпарамизда, қўл чўзса етадиган масофада Милвертоннинг кенг ва дўнг елкасини кўрдик. Бу одамнинг турмуш тарзи ҳақидаги тахминларимиз мутлақо хато эканлиги бизга аниқ бўлди. У ётоқхонага ҳатто кирмаган ҳам, балки ҳовлининг этагидаги деразаси кўзимизга ташланмаган чекка уйда бирон чекиш хонасида ёки биллиардхонада ўтирган бўлиши керак. Унинг сочига оқ оралай бошлаган, тепакал, ялтироқ каттакон боши шундоққина кўз олдимизда турарди. У қизил чарм қопланган креслога суяниб, оёқларини узатиб ўтирарди, оғзидаги узун қора сигара юқорига тиккайган эди. Эгнига қора духоба ёқали қирмизранг калта камзул кийганди. У оғзидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарар экан, қўлидаги узун бир ҳужжатни эринчоқлик билан ўқирди. Унинг жуда бемалол жойлашиб ўтириши ва ўзини хотиржам тутиши, ҳали-бери кабинетни тарк этмаслигидан далолат берарди.

Шу пайт Холмснинг қўли қўлимга тегди ва таскин маъносида сиқиб қўйди. Бу ҳаракати билан у гўё, шундай бўлишини билган эдим, хотирингиз жам бўлсин, демоқчидай эди. Лекин у мен кўриб турган нарсани, яъни темир сандиқнинг эшикчаси зич ёпилмаганини кўрган-кўрмаганини билмасдим, ахир Милвертон буни ҳар дақиқада пайқаб қолиши мумкин эди-ку. Мен ўзимча шундай қарорга келиб қўйдим: мабодо у темир сандиқнинг очилганини сезиб қолса, дарҳол пистирмамдан отилиб чиқаман-у, пальтомни Милвертоннинг бошига ёпиб, қўлини боғлайман, у ёғини Холмснинг ўзи тинчитади. Лекин Милвертон бир марта ҳам темир сандиқ томонга қарамади. У қўлидаги бир даста қоғозни саҳифама-саҳифа ҳеч шошмасдан ўқиб ўтирарди. Мен унинг ҳужжатларни ўқиб тугатиб, сигарасини чекиб бўлгач, ётоқхонасига кириб кетади деб умид қилган эдим, бироқ у ўқишни ҳам, чекишни ҳам тугатмасидан мутлақо биз кутмаган воқеа содир бўлди.

Мен Милвертоннинг бир неча марта соатга қараб-қараб қўйганини, бир марта эса бетоқат бўлиб ўрнидан туриб, яна ўтирганини кузатдим. Аммо шундай бемаҳалда унинг ким биландир учрашиши мутлақо хаёлимга келмаган эди. Шу чоғ бирдан ровон томондан аллакимнинг оёқ товуши элас-элас эшитилди. Милвертон қоғозларни столга ташлаб, ўтирган жойида оёқларини узатди. Салдан кейин кимдир эшикни оҳиста тақиллатди. Милвертон туриб бориб уни очди.

– Сиз ярим соат кечикиб келдингиз, – деди у жаҳл билан.

Э, ҳа, эшикни очиқ қолдирганига, Милвертоннинг ярим тунгача бедор ўтирганига сабаб бу экан-да! Қулоғимизга аёл кўйлагининг оҳиста елпингани эшитилди. Милвертоннинг юзи энди биз томонга ўгирилган эди, шунинг учун пардани суриб, тирқишини беркитган эдим, аммо синчковлигим устун чиқиб, яна парда оралиғини хиёлгина очдим. Милвертон энди креслода ўтирар, оғзидаги сигара ҳамон такаббурона тиккайиб турарди. Электр чироғи билан ёритилган хона ўртасида эгнидаги плашининг қора қайтарма қалпоғи боғичини энгагидан боғлаб олган, юзини рўйпўш тўр билан тўсган қадди-қомати келишган норғул бир аёл турарди. У ҳансираб нафас олар, нозик жуссаси қаттиқ ҳаяжондан дағ-дағ титрарди.

– Сиз мени тунги оромимдан маҳрум қилдингиз, тасаддуқ, – деди Милвертон. – Шу хизматим эвазига мени хушнуд этсангиз керак деган умиддаман. Барвақтроқ келишнинг иложи бўлмадими?

Аёл «йўқ» дегандек бош чайқади.

– Ҳай, бўлмаган бўлса, бўлмабди-да. Гапингизга қараганда, графиня сизга қўпол муомала қиладиган бўлиб қолган-у, ҳозир сиз ундан қасд олиш имконига эгасиз, шундайми? Ие, нима бўлди сизга, яхши қиз? Нега бунча қалтираяпсиз? Мана сув, ичинг. Енгил тортасиз! Энди ишга киришайлик. – У стол ғаладонидан бир хат олди. – Қўлингизда графиня Д’ Альбернинг обрўсини тўкиши мумкин бўлган бешта мактуб борлиги ҳақида ёзибсиз. Сиз шу мактубларни сотиш ниятидасиз, мен уларни харид қилмоқчиман. Яхши. Энди уларга нарх белгилашимиз керак. Бунинг учун мен албатта у мактубларни кўздан кечиришим керак: кўрайлик-чи, чиндан ҳам сотиб олишга арзийдими-йўқми… Ё қудратингдан, наҳотки бу сиз?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации