Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 22 (всего у книги 29 страниц)
VIII БОБ
Доктор Уотсоннинг биринчи ҳисоботи
Шу бугундан бошлаб мен воқеаларнинг боришини мистер Шерлок Холмсга юборган хатларимда ёзилганича баён қиламан. Бу хатлар ҳозир менинг олдимдаги столда турибди. Шу хатларнинг йўқолиб қолган бир варағи ҳисобга олинмаса, ёзганларимнинг ҳаммасини батамом сақлаб қўйганман. Фикр ва гумонларимнинг барини шу хатлар фақат ўз хотирамга асосланиб айтиб бера олишимга қараганда аниқроқ ифодалаб беради. Лекин шуни айтишим керакки, ўша кунлардаги фожиали воқеалар ҳали ҳам эсимдан чиққани йўқ.
Баскервиль-холл13 октябрь
Азизим Холмс!
Дунёнинг мана шу энг ташландиқ бурчагида кейинги вақтларда рўй берган ҳодисаларнинг ҳаммаси сизга бундан олдин ёзган хатларим ва телеграммаларимдан маълум бўлса керак. Бу ерда нақадар кўпроқ яшасангиз, шу ботқоқликларнинг бефайзлиги, мана шу бепоён, лекин ҳатто ўзининг қандайдир кўримсиз латофатини йўқотмаган ерлар тобора кўпроқ жонингизга тега бошлайди. Шу кенг майдонларга чиқишим билан мен ўзимни ҳозирги Англиядан анча узоққа кетиб қолган кишидай ҳис қиламан. Атрофимда ҳозирги Англияни эмас, балки тарихдан бурунги одам яшаган жойларнинг ва ўша одам қилган меҳнатининг изларигина кўринади. Аллақачонлар йўқ бўлиб кетган мана шу тарихдан олдинги қабила ҳамма жойда ўзини сездириб туради – аноави ғорлар, анави қабрлар, афтидан, унинг кулбаси бўлган анави жойдаги жуда катта тош уюмлари – шуларнинг ҳаммаси ўша қабилани эсимизга солиб туради. Ўша ғорлар қорайиб кўзга ташланиб турган тепаликларнинг ибтидоий иш қуроли билан илма-тешик қилиб ташланган ёнбағирларига қарасангиз, ҳозир ўзингизнинг қай асрда яшаб турганингизни унутиб қўясиз, десам бўлади.
Мабодо, ана шу ғорларнинг биридан йиртқич ҳайвон терисига бурканган ва баданини жун босган бир махлуқ чиқиб, қўлидаги ўқ-ёй учига тош ўрнатилган ўқни ўқталиб, сизга рўпара бўлиб қолса, сиз унинг бу ердалиги ўзингизнинг бу ерда бўлишингизга қараганда ўринлироқ деб ҳис қилган бўлардингиз. Ўша одамларнинг мана шу унумсиз ерларда шу қадар зич яшагани менга ҳамма нарсадан кўра ғалатироқ туюлади. Мен археолог эмасман, лекин тарихдан бурунги ўша одамлар асло уришқоқ кишилар бўлмаса керак, балки бошқалар воз кечган нарсалар билан қаноатланиб кун кечирган мазлум қабила бўлса керак, деб ўйлайман.
Бироқ мана шуларнинг ҳаммасининг бу ерда бўлишимга дахли йўқ. Сиз каби ғоят амалиёт аҳли бўлган кишига буларнинг ҳаммаси сира қизиқ бўлиб кўринмаса керак. Қуёш ер атрофида айланадими ёки ер қуёш атрофида айланадими, деган масалага бутунлай парвосизлик билан қараганингизни ҳанузгача унута олмайман. Бу гапларни бас қилиб, энди Генри Баскервилга бевосита алоқадор фактларга ўтайлик.
Сизга айтадиган ҳеч бир гапим бўлмагани сабабли кейинги бир неча кун ичида мен бирор маълумот ёзиб юбора олмадим. Лекин шундан бери ғалати бир воқеа рўй бердики, бу ҳақда вақтисоати келиши билан сизга маълум қиламан. Аммо ҳозир ишимиз учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар тўғрисида фикр юритайлик.
Ўзи жуда аҳамиятли бўлса ҳам, лекин хатларимда деярли тилга олмаган ҳолатларнинг бири ҳақида, у ҳам бўлса, шу ердаги ботқоқликларда яшириниб ётган, каторгадан қочиб келган маҳбус тўғрисида гапирмоқчиман. Мазкур маҳбус бу ердаги якка-ёлғиз фермаларда яшаб турган кишиларни ғоят қувонтириб, бу ерлардан кетиб қолган бўлса керак, деб тахмин қилиш учун ҳамма асослар бор. У қамоқдан қочиб кетганидан бери орадан икки ҳафта вақт ўтган бўлса ҳам, ундан хабар йўқ. Одамнинг шу ботқоқликларда икки ҳафтадан бери тирикчилик қилиб юришини тасаввур қилиш қийин. Дуруст, ботқоқлик орасида яшириниш мумкин бўлган жойлар бор. Мазкур маҳбус тош тепаликлардаги ғорлардан истаганини ўзига макон қилиб олиши мумкин эди. Лекин овқатсиз тирикчилик қилиб бўлмайди-ку. Маҳбус бу ерлардан кетиб қолганига менда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам узоқ фермадаги кишилар эндиликда хавф-хатарсиз ухлайдиган бўлиб қолдилар.
Биз Баскервиль-холлда истиқомат қилиб турган соғлом, бақувват тўрт эркак бирор ҳодиса рўй бериб қолса ўзимизни ҳимоя қила оламиз, лекин сизга ростини айтсам, Стэплтонларни ўйлаганимда, мени ташвиш босади. Уларнинг яқин қўшнилари йўқ, бинобарин, уларнинг бирор кишидан ёрдам кутиши қийин. Меррипит-хаусда хизматчи хотин, малай чол, ака ва сингилдан бошқа ҳеч ким яшамайди. Стэплтоннинг ўзини асло кучли киши деб бўлмайди. Асли ноттинхиллик бўлган ўша қотил мабодо, Стэплтонларнинг уйига кириб қолса, улар ўзларини ҳимоя қилолмай ожиз бўлиб қоладилар. Сэр Генри билан биз улар тўғрисида жуда ташвишланиб, ҳатто отбоқар Перкинсни Меррипит-хаусга кечалари ётиб қолиш учун юбормоқчи ҳам бўлдик, Стэплтоннинг бу маслаҳатимизга қулоқ солгиси келмади.
Гап шундаки, бизнинг дўстимиз бўлган баронет қўшниси гўзал қизга жуда қизиқадиган бўлиб қолди. Бунга таажжубланиш учун ҳам ўрин йўқ, чунки у ишчан йигит киши-ку. Бундай ташландиқ жой уни зериктириб қўйяпти, аммо шуни эътироф қилиш керакки, қўшнимизнинг синглиси эса жуда жозибадор ва чиройли қиз. Акаси совуққон ва бутунлай лоқайд киши бўлишига қарамай, мазкур қизда қандайдир жозибали шўхчанлик бор. Айни вақтда унинг акаси қалбида ўт ёниб тургани, гарчи кўринмаса ҳам, сезилиб турибди. Чамамда, унинг синглисига таъсири катта бўлса керак, гаплашиб турган вақтимизда мазкур қиз ўзи айтаётган сўзларни акасига маъқуллатмоқчи бўлгандек, ҳамиша унга кўз қирини ташлаб турганини неча марталаб сезиб қолдим. Улар бир-бирлари билан тотув бўлиб кетадилар, деган умиддаман. Кўзларининг бундай чақнаб туриши ва чимирилган лабларининг нозиклиги у кишининг қаттиқ, эҳтимолки, омонсиз характер соҳиби эканлигидан далолат беради. Ҳар ҳолда, мазкур табиатшунос диққатга сазовор киши бўлиши керак, уни кўрсангиз сиз ҳам қизиқиб қолган бўлур эдингиз.
Ўша куниёқ у сэр Генри ҳузурига ҳол-аҳвол сўраб келди, эртаси куни эрталаб эса бизни у шалоқ Гуго тўғрисидаги афсона билан боғлиқ бўлган воқеа рўй берган жойга олиб борди. Биз бир неча мил йўл босиб, ботқоқликнинг ичкарисига кириб кетдик ва кичикроқ бир водийга чиқиб қолдик. Ўша водий шу қадар бефайз эдики, мазкур афсонанинг туғилишига унинг мана шундай бефайзлиги ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Нураб ётган тош устунлар орасидаги тор йўл бизни ботқоқлик ўтлари билан қопланган очиқ ўтлоққа олиб чиқди. Ўтлоқнинг ўртасида тепага томон ингичкалашиб кетган ва қандайдир мудҳиш махлуқнинг жуда катта чирик тишларини эслатиб турган иккита ғоят катта тош ётар эди. Бу ердаги нарсаларнинг ҳаммаси қадимий фожиа бўлиб ўтган манзарани аниқ эслатиб туради. Сэр Генри теварак-атрофига қизиқиб кўз ташлар экан, Стэплтондан, наҳотки сиз ҳам одамларнинг ишларига ғайритабиий кучлар аралашуви мумкинлигига ишонсангиз, деб кўп марталаб сўради. Гарчи у лоқайд бир тарзда гапираётган бўлса ҳам, аммо шу воқеаларнинг ҳаммасига жуда жиддий назарда қараётгани билиниб турарди. Стэплтон пинагини бузмай, жавоб бериб, кўп нарсаларни чалакам-чатти гапириб берди, ёш баронетни чулғаб олган ҳис ва туйғуларга сира парво ҳам қилмади. У бизга қандайдир ёвуз кучлар таъсирини неча-неча авлоди бошидан кечирган оилалар билан шу хилда рўй берган бир неча воқеани ҳикоя қилиб берди, шу гаплардан кейин бизда, Стэплтон бу ердаги кўп кишилар қатори Баскервиллар ити тўғрисидаги афсонага ишонар экан, деган таассурот туғилди. Қайтиб келаётиб, овқатланиш учун Меррипит-хаусга кирдик. Ана шунда сэр Генри мисс Стэплтон билан танишиб олди. У биринчи учрашишдаёқ қизга маҳлиё бўлиб қолди, агар мен уларнинг иккови ҳам бир-бирига ёқиб қолди, деб айтсам, хато қилмаган бўламан. Уйга қайтиб келаётганимизда сэр Генри нуқул ўша қиз тўғрисида гапираверди. Шундан бери ҳар кун деярли Стэплтонлар билан учрашиб турадиган бўлиб қолдик. Бугун улар бизникида овқатланишяпти, сэр Генри бўлса, келаси ҳафта уларникига борамиз, деб гапириб турибди. Стэплтоннинг синглиси учун сэр Генридан кўра яхшироқ эр топилмаса керак, аммо шундай бўлса ҳам ҳар сафар сэр Генри қизга илтифот қила бошласа, қиз хўмрайиб қараётганини пайқаб тураман. Стэплтон синглисига жуда ўрганиб қолган бўлса керак, шунинг учун ҳам унинг якка ўзи яшаши анча қийин кўринади. Аммо синглисини бир қадам ҳам нари силжитмаслик ва шундай яхши куёв топилиб турган бир пайтда уларнинг турмуш қуришига тўсқинлик қилиш ўтакетган худбинлик-ку, ахир! Аммо очиқ кўриниб турган факт шуки, Стэплтон йигит билан қиз ўртасидаги бу дўстликнинг муҳаббатга айланиб кетишини сира истамаяпти. Билишимча, у йигит билан қизни сира хилватда қолдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Кези келганда шуни айтиб ўтайки, агар шу дўстлик мураккаблашиб, ошиқ-маъшуқликка айланиб кетса, у ҳолда сэр Генридан кўзингни узма, деб берган йўриғингизни бажаришнинг имкони бўлмай қолади. Агар шу кўрсатмани бажараман деб қаттиқ урина берсам, бу ерда обрўйимни анча тўкиб қўйишимни ҳам ўйлаб кўринг.
Яқинда, аниқроғи, пайшанба куни доктор Мортимер бизникига келиб, нонушта қилди. У Узун жардаги эски бир тепаликни ковлаттираётган экан, ўша тепаликдан тарихдан бурунги одамнинг бош суягини топиб олиб, жуда ҳам хурсанд бўлиб кетди. Ўз ишига жону дили билан берилган бошқа шундай бир серғайрат кишини топиш қийин бўлса керак. Нонушта қилиб бўлганимиздан кейин Стэплтонлар келиб қолишди ва сэр Генрининг илтимоси билан хушфеъл докторимиз Мортимер ҳаммамизни ўша фожиали кечада рўй берган воқеани кўрсатмоқ учун қарағайзор хиёбонга олиб борди. Бу хиёбон икки чеккасида қирқиб пастак қилиб ўстирилган тиғиз қарағай дарахтлари кўм-кўк бўлиб турган ва ингичка йўл қилиб чим бостирилган узундан-узоқ хиёбон экан. Шу хиёбоннинг нариги бошида бузилиб-ёрилиб ётган шийпонча турибди. Ботқоқликка чиқиладиган эшикча хиёбоннинг қоқ ўртасида экан. Чол Баскервиль мана шу эшикча олдида тўхтаб, чекиб турган сигарасининг кулини қоқиб туширган экан. Оққа бўялган мана шу ёғоч эшикчанинг занжири солиб қўйилган эди. Эшикчанинг нариёғида бепоён ботқоқлик кўзга ташланади. Шу ерда рўй берган воқеа хусусида сиз айтиб берган фараз эсимга тушиб ва мазкур воқеанинг қандай содир бўлганини тасаввур қилишга уриндим. Кекса Баскервиль эшикча олдида ботқоқлик томонидан ўзига яқинлашиб келаётган ниманидир кўриб қолиб, шу қадар қўрқиб кетганки, натижада ўзини йўқотиб қўйиб, қоча бошлаган. Ниҳоят, дармонсизланиб ва бениҳоя қўрқиб кетганидан йиқилиб, ўша ондаёқ жон берган. У узун, қоронғи хиёбонга чопиб борган. Лекин уни қочишга мажбур қилган нарса нима? Ботқоқлик томондан келган бирор този итми? Ёки афсонада ҳикоя қилинган баҳайбат, қора товушсиз итмикин? Эҳтимолки, шуларнинг ҳаммаси одамнинг қўли билан қилинган ишмикин? Ҳамиша хавотирланиб юрувчи афти бўзарган Бэрримор, эҳтимолки, ўзи гапириб берганига қараганда кўпроқ нарсани билармикин? Буларнинг ҳаммаси менга бутунлай қоронғи, аммо шу воқеаларнинг ҳаммасининг орқасида сира нари кетмайдиган соя каби жиноят турибди.
Сизга охирги хатимни юборганимдан бери қўшниларимиздан яна бири билан – биздан тўрт мил жанубдаги Лефтер-холлда истиқомат қилувчи мистер Френкленд билан танишиб олишга муваффақ бўлдим. У юзи қизғиш ва жуда жиззаки мўйсафид экан. Мистер Френкленд Британия қонунларига фидойи киши бўлиб, шу қонунларни яхши билганини исботлаш ниятида ҳар кимлар билан судлашиб юриб бунинг учун жуда кўп пул сарфлабди. У бундай судлашишдан маза топиб, ҳузур қиладиган киши. Судда у гоҳ даъвогар бўлиб, гоҳ жавобгар бўлиб қатнашади, ўзингизга маълумки, бунақа эрмаклар арзонга тушмайди. Тўсатдан унинг хаёлига, ҳовлининг ёнидан араваларнинг ўтишини тақиқлаб қўяман – бунинг нотўғрилигини жамоа бошлиқлари исботлаб кўрсин-чи! – деган фикр келиб қолади. Сўнгра у бировнинг эшигини ўз қўли билан бузиб ташлайди-да, қадим замонлардан бери шу ердан арава йўли ўтган, деб даъво қилади, менинг гапим нотўғри бўлса, судга беринглар, деб айтади. Агар бировга қарашли ернинг чегарасини бузган бўлсам, бунинг нотўғрилигини суд исботласин, деб жар солади. У қадимий жамоа ҳуқуқини ёд билади ва баъзан ўзининг шу билимларини қўшни қишлоқ бўлган Фернворси манфаатлари учун ишлатади, баъзан эса шу қишлоқнинг зиддига юрадиган ишларни қилади, шунинг учун ҳам, мазкур қишлоқ аҳолиси гоҳ уни кўчаларда тантана билан кўтариб олиб ўтадилар, гоҳ унинг шаклини ифодаловчи қўғирчоқ ясаб, шу қўғирчоқни ёндирадилар ва унга лаънат ўқийдилар. Мистер Френкленднинг қўлида ҳозир судлашиладиган еттита иш бор, дейишади. Агар у мана шу ишлар устида судлашадиган бўлса, бор пулидан ажраши турган гап. Шундан сўнг, у бор-йўғидан ажраб, ҳеч кимга зарари тегмайдиган ювош чол бўлиб қолади. Унинг шу қилиқларини ҳисобга олмаганда ўзи юмшоқ, оқкўнгил одам. Сиз мендан қўшниларнинг ҳаммасини тасвирлаб бергин, деб талаб қилганингиз учунгина мазкур чолни эсга олдим.
Ҳозир мистер Френкленд ўзига жуда ғалати иш топиб олибди. Ҳаваскор астроном бўлгани учун унинг жуда яхши ва катта дурбини бор, шунинг учун у уйининг томига чиқиб олиб, қочган маҳбусни кўриб қолармикинман, деган умид билан бутун кун-бўйи ботқоққа дурбиндан қараб ётибди. Мистер Френкленд битмас-туганмас ғайратини фақат шу ишга сарф қилса, жуда яхши бўлар эди-я, аммо у доктор Мортимерни қандайдир бир қабрни, шу қабрга кўмилган кишининг қариндошларидан рухсат олмай ковлаб очди, деб жавобгарликка тортмоқчи бўлиб юрибди, деган овозалар тарқалган. Ўзингизга маълумки, доктор Мортимер Узун жардаги тепаликни ковлаб тарихдан бурунги неолит одамнинг бош суягини топиб олган эди. Мистер Френкленд шунинг учун уни жавобгарликка тортмоқчи бўлса керак. Хуллас, мистер Френкленд ўзининг шундай қилиқлари билан бизга эрмак топиб бермоқчи. Ҳозирги вақтда эса бу нарса бизга жуда асқотиб турибди.
Қамоқдан қочган маҳбус тўғрисида, Стэплтонлар, доктор Мортимер ва Лефтер-холлдаги мистер Френкленд тўғрисида билган ва эшитган нарсаларимнинг ҳаммасини сизга айтиб бердим, энди энг муҳим масалага ўтаман ва Бэрриморлар тўғрисида, жумладан, бугун кечаси содир бўлган ғалати воқеалар тўғрисида ҳикоя қиламан.
Бэрримор ўша куни уйида бўлганми ёки йўқми, билмоқ учун сиз Лондондан юборган телеграммангиздан бошлайман. Почта мудири билан суҳбатлашганимни, бизнинг ўша текширишимиз ҳеч бир натижа бермагани ва ўзимизга керакли маълумотларни ололмаганимиз ўша суҳбатдан маълум бўлганини ўзингиз биласиз. Бизнинг шу ишимиз муваффақиятсиз бўлиб чиққанини сэр Генрига айтган эдим, у тўғрисўз киши бўлгани учун дарҳол Бэрриморни чақиртириб, телеграмма тўғрисида унга савол берди. Бэрримор телеграммани олганини айтди.
– Телеграммани бола сизнинг қўлингизга берганмиди? – деб савол берди сэр Генри.
Бэрримор таажжубланиб унга қаради ва бир дақиқа ўйлаб қолди.
– Йўқ, – деди у. – Бола телеграммани олиб келганда мен чордоқда эдим, телеграммани менга хотиним келтириб берди.
– Жавобни ўзингиз ёзганмидингиз?
– Йўқ, қандай жавоб ёзиш кераклигини хотинимга айтдим, у пастга тушиб жавоб ёзиб берди.
Кечқурун Бэрримор ўз ташаббуси билан яна шу тўғрида гап очди.
– Сэр Генри, – деди у. – Ўша телеграмма тўғрисида нима учун мендан суриштирганингизни тушунолмаяпман. Ёки мен бирор айб қилиб, сизнинг ишончингизни йўқотиб қўйдимми?
Сэр Генри бундай эмаслигини Бэрриморга тушунтиришга уринди ва уни узил-кесил хотиржам қилиш учун ўзининг эски буюмларидан анчасини унга тортиқ қилди, чунки унинг Лондонда сотиб олган буюмлари Баскервиль-холлга олиб келтирилган эди.
Миссис Бэрримор мени жуда қизиқтиряпти. У жуда келишган, басавлат, камгап хотин бўлса ҳам, аммо унчалик зийрак бўлмаса керак. Бу қадар беғам хотинни тасаввур қилиш қийин деса бўлади. Лекин сизга маълумки, биз бу ерга келган кунимизнинг биринчи кечасиёқ унинг ҳўнграб йиғлаганини эшитган эдим. Шундан бери унинг юзида кўзёш излари борлигини бир неча марта пайқаб қолдим. Бу хотиннинг дилини ғаш қилиб ётган қандайдир оғир ғами борга ўхшайди. Баъзан хаёлимга бу хотинни виждон азоби қийнамаётганмикин, деган фикр ҳам келади. Сўнгра эса мен Бэрримор золим эр бўлса керак, деб гумон қила бошлайман. Бу одам менга шубҳали, ғалати киши туюлар эди, ўтган куни кечаси бўлган воқеалар эса менинг бу гумонимни батамом кучайтириб юборди.
Аслини олганда бу воқеа унчалик аҳамиятли ҳам эмас. Менинг уйқум унчалик қаттиқ эмаслигини билсангиз керак, аммо бу ерда, Баскервильхоллда ҳамиша хавотир бўлиб юрганим сабабли уйқум, айниқса, зийрак бўлиб қолди. Кеча кечаси соат иккига яқинлашиб қолганида хонамнинг ёнида кимнингдир шипиллаб келаётганини сезиб қолдим. Ўрнимдан туриб, эшикни очиб даҳлизга қарадим. Даҳлизда кимнингдир узун соясини кўриб қолдим. Бу соя қўлига шам кўтариб секин қадам ташлаб бораётган кишининг сояси эди. У кўйлакчан, эгнида шим, оёқ-яланг киши эди. Мен фақат унинг шарпасини кўрган бўлсам ҳам, лекин новчалигидан Бэрримор эканини пайқадим. У секин қадам ташлаб астагина бормоқда эди. Ҳар бир қадами, ҳар бир ҳаракати ўғриларнинг эҳтиётлик билан қилаётган ҳаракатини эслатарди.
Менинг хатларимдан сизга маълумки, холлни айланиб ўтган галерея иккала даҳлизни кесиб ўтади. Бэрримор кўзимдан ғойиб бўлишини кутиб туриб, сўнгра унинг орқасидан изма-из бордим. Галереяга чиққанимда у олисдаги даҳлизнинг охирига етиб қолган эди, сўнгра эшиги очилиб турган бир хонадан чироқ ёруғи кўринди, демак, у ўша хонага киргани маълум бўлди. Сизга шуни айтишим керакки, бу хоналарда ҳеч ким яшамайди ва ҳатто мебеллари ҳам йўқ, бинобарин, Бэрриморнинг бу қилмиши жуда сирли иш бўлиб қолди. У хонанинг ичида қаққайиб турган бўлса қерак, чунки шамнинг ёруғи липилламай қолган эди. Имконим борича секин-секин қадам ташлаб даҳлизнинг бошига бордим ва очиқ эшик панасига ўтиб олдим, хонага кўз ташладим.
Бэрримор шамни дераза олдида ойнага яқинлаштириб яшириниб турарди. Уни ён томонидан кўрдим – диққат билан кутиб турган чеҳрасини, тим қоронғи ботқоқликка тикилиб турганини пайқадим. У бир неча дақиқа деразага тикилиб турди, сўнгра, секингина инқиллаб сабрсизлик билан шамни ўчирди. Мен дарҳол ўз хонамга қайтиб келдим ва сал фурсатдан сўнг эшик ортида липиллаб ўтган қадам товушини эшитдим. Орадан анча вақт ўтгач, қаердадир қулфга калит солиб буралгани уйқу аралаш қулоғимга чалинди, лекин бу товушнинг қаердан келганини аниқлаб олиш қийин эди.
Бу ҳодисанинг боиси нималигини тушунолмай қолдим, аммо мудҳиш бу уйда қандайдир сирли ишлар бўлмоқдаки, бу ишларнинг сирини ахир бир кун билиб оламиз. Бу хусусда менда қандай фикрлар туғилганини айтиб сизни овора қилмоқчи эмасман, чунки сиз мендан фақат фактларни ёзиб юборишни илтимос қилгансиз. Бугун эрталаб мен сэр Генри билан узоқ гаплашдим, кечаси кўрган нарсаларимга тўхталиб, нима ишлар қилишимиз кераклигининг режасини иккаламиз тузиб қўйдик. Лекин ҳозир бу режаларимни сизга айтмайман, келгуси хатимда ёзиб юбораман. Чунки шу туфайли келгуси хатим мароқлироқ бўлади, деб ўйлайман.
IX БОБ
Доктор Уотсоннинг иккинчи ҳисоботи
Баскервиль-холл,15 октябрь
Азизим Холмс!
Юборган вакилингиз бу ерга келганидан кейин дастлабки вақтларда янгиликларни ёзиб юбориб, сизни хурсанд қилмаган эди. Энди у шуларнинг ўрнини тўлдираётганига ўзингиз ҳам тан беришингиз керак, чунки воқеалар кетма-кет содир бўлиб турибди. Сизга юборган охирги ҳисоботимни Бэрриморнинг бўш хона деразаси олдида турганини батафсил тасвирлаш билан тамомлаган эдим. Шундан бери менда жуда кўп янгиликлар тўпланиб қолди. Бу янгиликлар сизни ғоят таажжублантириши шубҳасиз. Аҳвол шу даражага бориб етиши сира хаёлимга ҳам келмаган эди. Кейинги икки кун ичида вазият, бир томондан анча равшанлашди, иккинчи томондан тағин ҳам мураккаброқ бўлиб қолди. Аммо шу воқеалар тўғрисида фикр юритишни ўзингизга ҳавола этиб, уларни бирма-бир ҳикоя қилиб бераман.
Тунги воқеанинг шоҳиди бўлганимдан кейин эртасига эрталаб нонушта қилмасданоқ, Бэрримор кирган хонани текшириб чиқдим. У тикилиб қараган деразанинг уйдаги бошқа ҳамма деразаларга нисбатан битта афзаллиги шуки, шу деразадан қараган киши ботқоқликни жуда яхши кўради. Дераза олдида ўсган дарахт орасидан қараган кишига ботқоқлик худди кафтингизда тургандай кўринади, аммо бошқа деразалардан қараган кишига ботқоқлик деярли кўринмайди. Демак, Бэрримор бепоён торф ботқоқликларида кимнидир ёки ниманидир кўриш учун худди шу дераза ёнига келган экан. Аммо тун қоп-қоронғи эди, шунинг учун ҳам Бэрримор нимани кўрмоқчи бўлганини тушунолмадим. Сўнгра, хаёлимга бир нарса келиб қолди, эҳтимол, унинг қандайдир ошиқлик қилиқлари бордир? Агар шундай бўлса, у ҳолда ҳамма нарса – унинг жуда эҳтиётсизлик билан ҳаракат қилгани ҳам, хотинининг алам-изтироблари ҳам равшан бўлиб қолади. Сиртдан қараганда хушбичим бўлган бу киши бирор қишлоқи қизни ўзига бемалол маҳлиё қила олади, бинобарин, бундай гумон қилишим учун асос йўқ эмас. Ўша куни кечаси хонамга қайтиб келганимдан кейин қаердадир эшик очилганини эшитган эдим. Эҳтимол, Бэрримор бирор аёл билан махфий учрашувга борган бўлса керак. Эртаси кун эрталаб ҳам бутун хаёлим шу гумон билан банд бўлди. Кейинроқ бу гумонларим асоссиз бўлиб чиқиши мумкин, аммо шундай бўлса ҳам, буни сизга хабар қилишни зарур деб ҳисоблайман.
Ўша кечаси бўлган воқеалар тўғрисида Бэрриморнинг нима сабабдан шундай ҳаракат қилгани аниқланмагунча индамай турадиган бўлсам, бу билан ҳаддан ташқари катта масъулиятни зиммамга олган бўламан, деб ҳис қилдим. Баронет билан нонушта қилиб бўлганимиздан кейин унинг кабинетига бордик ва мен бўлган воқеаларнинг ҳаммасини унга гапириб бердим. Баронет бу воқеаларга қизиқар деб кутган эдим, аммо у гапларимга жуда осойишталик билан қулоқ солиб турди.
– Бэрримор кечалари изғиб юрганини мен ҳам биламан, – деди у. – Бу тўғрида кўпдан бери сиз билан гаплашмоқчи бўлиб юрган эдим, худди сиз каби мен ҳам туннинг айни шу соатларида даҳлизда Бэрриморнинг юрганини бир неча марта эшитганман.
– Эҳтимол, у ҳар куни кечаси ўша дераза олдига борадигандир?
– Эҳтимол. Агар шундай бўлса, унинг кетидан пойлаб, у ерда нималар қилаётганини кўриш керак. Дўстингиз Холмс бундай ҳолда қандай ҳаракат қилган бўларди, шуни айтиб беролмайсизми?
– Сизни ишонтириб айта оламанки, у ҳам худди шундай ҳаракат қилган бўлур эди, – дедим. – Бэрриморнинг кетидан пойлаб бориб, у ерда нимани кўрмоқчи бўлганини билиб олган бўлур эди.
– Бўлмаса, биз ҳам шундай қила қолайлик.
– У бизни эшитиб қолади!
– Йўқ, Бэрриморнинг қулоғи оғир, лекин шундай бўлса ҳам таваккал қилиб кўриш керак. Сиз менинг хонамга келинг, уни бизникида кутиб турамиз.
Сэр Генри бу ерда ўзи ўтказаётган зериктирарли, бир маромдаги ҳаётига қандайдир хилма-хиллик киритмоқ учун оз-моз имконият топилганига хурсанд бўлса керак, ҳузур қилгандек у қўлини ишқалади.
Қўрани қайта қуриш лойиҳаларини сэр Чарльз учун тайёрлаб берган архитектор билан баронет учрашишга улгурган ва Лондондан пудратчини ҳам чақиртирган эди, хуллас, яқин фурсатда бу ерда катта ўзгаришлар бўлишини кутмоқ керак. Хоналарни безовчи ва мебеллар тайёрлаб берувчи усталар Плимутдан етиб келишди. Шуларнинг ҳаммаси бизнинг дўстимиз жуда катта ишлар қилмоқчи бўлганини ва ўз зотининг ўтмишдаги улуғлигини тикламоқ учун меҳнатини ҳам, пулни ҳам аямасликка жазм қилганини кўрсатиб турарди. Уй батамом таъмирланиб, янгидан жиҳозланиб бўлгандан кейин уни баронет ўзи орзу қилган ҳолга келтириб такомиллаштирмоғи учун энди уйланишдан бошқа иши қолмас эди. Сизга шуни айтайки, шундай бўлади, деб фараз қилмоқ учун ҳамма асослар бор, чунки у қўшниси мисс Стэплтонга ниҳоят даражада ошиқ бўлиб қолган эди. Бироқ ошиқ-маъшуқлик бу ердаги ҳолатда кутилиши мумкин бўлган тарзда силлиқ бормаяпти. Масалан, бугун мана шу ошиқ-маъшуқлик денгизида кичкина тўлқин пайдо бўлди. Бу эса дўстимизни жуда таажжублантирди ва унинг кўнглини хижил қилиб қўйди.
Бэрримор тўғрисида гаплашиб олганимиздан кейин сэр Генри шляпасини кийиб қаёққадир отланди. Мен ҳам у билан бирга бормоқчи бўлиб отландим, албатта.
– Сиз мен билан бормоқчимисиз, Уотсон? – деб сўради у менга қандайдир ғалати бир тарзда қараб.
– Бу нарса сизнинг қаёққа боришингизга боғлиқ. Агар ботқоқ томонга борсангиз, мен ҳам сиз билан бирга бораман, – деб жавоб бердим мен.
– Ботқоқ томонга бораман.
– Менга қандай вазифа топширилгани ўзингизга маълум-ку. Сизга халақит бермоқчи эмасман, лекин Холмс сизни, айниқса, ботқоққа борганингизда ёлғиз қолдирмасликни буюрган эди. Бу гапни ўзингиз ҳам эшитгансиз.
Сэр Генри ёқимли табассум билан қараб, елкамга қоқиб қўйди.
– Азиз дўстим, – деди у. – Холмс ҳар қанча узоқни кўрса ҳам, лекин у менинг бу ердаги ҳаётим қандай кечишини ва унинг ҳамма тафсилотларини олдиндан билиб қўёлмас эди. Нима демоқчи бўлганимни тушунасизми? Бошқаларни қўяверинг-а, аммо сиз менга халақит беришни асло истамассиз, деб ўйлайман. Йўқ, ёлғиз ўзимни қўйиб юбораверинг.
Шу гаплардан кейин қандай аҳволга тушиб қолганимни ўзингиз ўйлаб кўринг. Нима дейишимни, қандай қилишимни билмай, хижолатда қолиб, ҳайрон бўлиб турган эдим, шу пайт сэр Генри ҳассасини олиб жўнаб қолди.
Лекин нега унинг ёлғиз кетишига йўл қўйдим, деб виждоним қийнала бошлади. Хўш, Лондонга қайтиб борганимдан кейин сизга, менинг бу лапашанглигим бошимизни кулфатга солиб қўйди, деб айтишга мажбур бўлиб қолсам, унда нима бўлади? Шу фикр хаёлимга келиши биланоқ иситмам чиқиб кетди. Ҳали ҳам кеч эмас, унга етиб олиш мумкин. Мен дарҳол Мэррипит-хаусга жўнадим.
Мен йўлда сэр Генрини кўрмай тез-тез қадам ташлаб боравердим, ботқоқликнинг ичкарисига олиб борадиган сўқмоқ йўл бошланадиган жойга бир неча дақиқада етиб олдим. Шу пайтда менда, танлаган йўлим тўғри бўлдимикин, деган гумон туғилди, шундан сўнг ботқоқликнинг теварак-атрофи кўринадиган тепалик устига – бир вақтлар тош кавлаб олинадиган ўша тепалик устига чиқдим. Тепаликка чиқишим билан дарров баронетни кўрдим. У мендан тахминан чорак мил нарида сўқмоқ йўлдан борарди, унинг ёнида эса бир аёл ҳам бор эди, бу аёл мисс Стэплтоннинг худди ўзи эди. Уларнинг иккови учрашмоқчи бўлиб аллақачон келишиб қўйганлари менга равшан бўлди, демак, бугунги учрашув тасодифий эмас. Улар гапга маҳлиё бўлиб, жуда секин қадам ташлаб боришарди, мисс Стэплтоннинг қўлини пахса қилиб гапираётганига қараганда у қиз сэр Генрига нималарнидир уқтирмоқчи бўлаётгани кўриниб турарди. Сэр Генри эса унинг гапларига диққат билан қулоқ солмоқда ва гоҳ-гоҳ рад жавоби бераётгандек, бошини қимирлатиб қўймоқда эди. Мен нима қилишимни билмай тошлар орасида қаққайиб туравердим. Уларга етиб олиб ошиқона суҳбатни бузиш сира ҳам мумкин эмас эди. Хўш, менинг вазифам нима? Менинг вазифам шуки, сэр Генрини бир сония бўлса ҳам кўздан қочирмаслигим керак. Дўстинг кетидан пойлаб юриш жуда бўлмағур иш. Лекин бошқа илож тополмай тепалик устида туриб кузатишни давом эттиришга, сўнгра эса, кўрган-билганларимнинг ҳаммасини баронетнинг ўзига айтиб, виждонимни поклаб олишга жазм қилдим. Дуруст, мабодо тўсатдан у хавф остида қолса, унга дарров ёрдам беролмас эдим, чунки ундан анча олисда эдим, лекин ўзингиз ҳам билишингиз керакки, менинг бошқа иложим йўқ эди.
Дўстимиз сэр Генри билан қиз бир неча қадам йўл юриб ва ўзларининг суҳбатларига берилиб кетиб, тўхтаб қолишди, ана шунда уларнинг учрашувини кўриб турган бирдан-бир шоҳид фақат мен эмаслигим тўсатдан менга равшан бўлиб қолди. Тошлар орасида қандайдир кўм-кўк нарса кўзимга чалинди. Тикилиб қараган эдим, таёққа илиб қўйилган кўк латтага кўзим тушди, бу таёқни эса сўқмоқ йўл томон бораётган киши кўтариб олганини кўрдим. У киши ўзининг капалаклар овлайдиган матрабчасини кўтариб олган Стэплтон экан. Сэр Генри билан унинг ёнида турган қизга Стэплтон мендан кўра анча яқинлашиб қолган эди ва у тўппа-тўғри уларнинг ёнига бормоқда эди. Шу дақиқада сэр Генри мисс Стэплтонни қучоқлаб олди, қиз эса унинг қучоғидан чиқишга уриниб, орқага тисарилди. Сэр Генри яна қучоқламоқчи бўлиб уринаётган эди, қиз қўли билан уни итарди… Сўнгра эса, улар бирданига бир-бирларидан ажралиб, орқаларига қарадилар. Чунки улар матрабчасини бемаъни силкитиб, чопиб келаётган Стэплтонни кўриб қолишган эди. Стэплтон зўр бериб қўлларини пахса қилар ва ошиқ-маъшуқларга яқинлашганидан кейин бениҳоя ҳаяжонланиб, дағдаға қилишга киришди. Бу ҳаракатларнинг боиси нималигини тушунолмай қолдим, лекин Стэплтон нималарнидир гапириб, сэр Генрини айблаётган, у эса ўзини оқлашга уриниб, аста-секин жиғибийрон бўла бошлаган бўлса керак. Қиз эса мағрурона сукут қилиб, уларнинг ёнида тураверди. Ниҳоят, Стэплтон бирданига бурилди, синглисига буйруқ бергандай қўл силтади, қиз эса сэр Генрига маъсумона назар ташлаб, акасининг кетидан йўлга тушди. Табиатшуноснинг аччиқланиб, қўл силташлари, унинг синглисидан ҳам ғазабланаётганини кўрсатиб турарди. Баронет улар орқасидан қараб турди, сўнгра бошини қуйи солиб, аста-секин қадам ташлаган ҳолда орқасига қайтди.
Менинг кўз олдимда рўй берган бу воқеадан ҳеч бир нарсани тушунолмадим ва дўстимнинг ижозатисиз бу воқеаларнинг шоҳиди бўлганим учун ўз-ўзимдан ниҳоят даражада хижолат чекдим. Тепаликдан тушиб, пастда баронетни кутиб олишдан бошқа иложим қолмади. Ғазабининг зўрлигидан у қизариб кетган, қошлари чимирилган эди – у нима қилишини, нима дейишини билмай қолгани кўриниб турарди.
– Хелло, Уотсон! Бу ерга қаёқдан келиб қолдингиз? Барибир орқамдан изма-из келавердингизми?
Мен уни нима учун ёлғиз юбора олмаганимни, қандай қилиб унинг кетидан изма-из келганимни ва уларнинг учрашувини ҳамда шу учрашувдан кейин бўлган воқеаларни, хуллас, ҳамма гапни тушунтириб беришга тўғри келди. Сэр Генри менга ўқрайиб қаради-ю, аммо очиқ кўнгил билан ҳамма гапни айтиб берганим уни жаҳлдан туширди ва шунинг учун ҳам у гарчи ноиложликдан бўлса ҳам кулиб юборди.
– Саҳро каби шундай ерда хилват жой топармикинман, деб ўйлаган эдим, лекин бўлмади! Ҳаммаларингиз худди тил бириктириб қўйгандек, қиз билан учрашишимни томоша қилишга чиққан экансиз-да! Аммо бу улфатчилик жуда муваффақиятсиз бўлиб чиқди. Сиз қаерда турган эдингиз?
– Анови тепаликда.
– Демак, жуда яхши кўринадиган жойда турган экансизда, аммо қизнинг акаси биринчи қатордан жой олган экан. Қизнинг акаси бизнинг устимизга қандай ёпирилиб келганини кўрдингизми?
– Ҳа, кўрдим.
– Бу шахснинг ақли унчалик жойида эмас, деган фикр ҳеч қачон хаёлингизга келмаганмиди?
– Йўқ, келмаган эди.
– Менинг ҳам хаёлимга келмаган эди. Шунгача мен Стэплтонни жуда ақли расо киши деб ҳисоблаб юрардим, аммо энди, чамамда уни, эҳтимолки мени ҳам, жиннихонага элтиб қўйиш керакка ўхшайди. Наҳотки, шу қадар ёмон одам бўлсам? Сиз мен билан бир неча ҳафтадан буён биргасиз, Уотсон. Очиғини айтинг. Ўзим севган қизга яхши эр бўлишимга нима халақит беряпти?
– Менимча халақит берадиган ҳеч нарса йўқ.
– Жамиятда тузуккина обрўйим бор, бу тўғрида, у менга таъна қилолмайди, демак, ўзимнинг бирор камчилигим бўлса керак. Унга нима ёмонлик қилибман? Умримда бировга ёмонлик қилган киши эмасман. Шундай бўлса ҳам, у шахс мени синглисига ҳатто яқин йўлатгиси келмайди.
– Ўзи ҳам шундай дедими?
– Ҳа, бундан кўра ёмонроқ гапларни ҳам айтди. Биласизми, Уотсон, у қиз билан танишганимга бир неча ҳафта бўлди, холос, лекин биринчи учрашганимдаёқ у қиз мен учун яратилгани равшан бўлди. У қиз… у қиз… ҳам… менга мойил эди, бунинг учун қасам ичишга тайёрман! Аёлларнинг дилидаги нарсани тилларидан кўра кўзлари яхшироқ айтиб беради. Лекин акаси бизнинг бир-биримизга яқинлашишимизга қаршилик қилиб келди. Фақат шу бугунгина қиз билан хилватда учрашишга муваффақ бўлган эдим. Қиз ҳам бу учрашишга хурсандлик билан рози бўлган эди, бунга нега розилик берганини биласизми? Бир-биримизга бўлган муҳаббатимиз тўғрисида гаплашмоқ учун учрашган бўлса керак, деб ўйларсиз? Йўқ, агар қизнинг қўлидан келганида эди, мени ҳам индамасликка мажбур қилган бўлур эди. Қиз менга: бу ер сиз учун хатарли, Баскервильхоллдан жўнаб кетмагунингизча кўнглим тинчимайди, деди, холос. Мен унга сиз билан учрашганимдан кейин бу ердан ҳеч қаёққа кетмайман, башарти кетишим шу қадар зарур бўлса, мен билан сиз ҳам бирга кетинг, дедим. Хуллас, унга уйланиш ниятида эканлигимни айтдим, лекин бу гапимга қиз ҳатто жавоб қайтаришга ҳам улгуролмади, чунки худди шу дақиқада унинг гўё меҳрибон акаси худди жиннидек устимизга ёпирилиб келди. Унинг ғазабдан бутун вужуди бўзариб кетган эди, нурсиз кўзларидан эса бамисоли ўт чақнаб турарди. Ҳеч нарса қилганим йўқ-ку! Наҳотки, мендан ғазабланадиган аёлга муҳаббат изҳор қилиб, унинг пинжига кирсам! Менга у, сиз баронет бўлганингиз учун хоҳлаган ишингизни қилаверасизми, деб ўшқирди. Агар у қизнинг акаси бўлмаганида эди, мен унга нима жавоб қилишимни ўзим билардим. Бу қизга бўлган ҳисларимда уятли бирор нарса йўқ ва ахир бир кун келиб мисс Стэплтонни хотиним деб аташ шарафига муяссар бўлурман, деган умиддаман, дедим холос. Лекин бу гапларим унга заррача таъсир қилмади, ниҳоят, менинг ҳам жаҳлим чиқиб кетди, аммо қиз олдимизда тургани учун бунчалик қизишмаслигим керак эди, шундан сўнг у синглисини олиб кетганини ўзингиз ҳам кўрдингиз, мен эса ҳайрон бўлиб ёлғиз ўзим қолавердим. Энди, Уотсон, шу воқеаларнинг боиси нималигини менга тушунтириб беринг, бу яхшилигингизни умрбод унутмайман!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.