Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 23


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 23 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ундай деб ҳам ўйлаб кўрдим, бундай деб ҳам ўйлаб кўрдим, лекин ростини айтсам, бу воқеаларнинг ҳаммаси мени ҳам ҳайратда қолдирди. Дўстимизнинг унвони, давлати, ёшлиги, феълатвори, кўриниши, хуллас, шуларнинг ҳаммаси унинг яхши одам эканлигидан далолат бериб турибди. Унинг оиласи бошига тушган сирли қисматни ҳисобга олмаганда, дўстимизнинг бирор ёмон нарсаси борлигини билмайман. Ҳақиқатан ҳам, сэр Генрининг таклифи шу қадар кескинлик билан ва ҳатто қизнинг хоҳишига ҳам қарамай рад этилгани қизиқ. Қизнинг ўзи ҳам бу воқеаларнинг ҳаммасига шу қадар парвосизлик билан қарагани бундан ҳам қизиқ. Аммо бизнинг шубҳаларимизни ўша куниёқ Стэплтоннинг ўзи бартараф қилди. У қўпол муомала қилгани учун кечирим сўраб келди, сэр Генрининг кабинетида у билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди, шундан сўнг уларнинг ўртасида ҳеч қандай машмаша рўй бермагандек бўлиб қолди, у бизни келаси жума куни Меррипит-хаусга зиёфатга чақириб, жўнаб кетди.

– Мен у одамнинг ақли расо киши эканлигига ҳали ҳам шубҳаланаман, – деди сэр Генри, – бугун эрталаб бизнинг устимизга ёпирилиб келганидаги важоҳати ҳали ҳам кўз олдимда турибди, лекин унга қойил қолиш керак, жуда қоидасини келтириб узр сўради, ҳеч бир гина қиладиган жой қолдирмади.

– Нега шу қадар ғазабланганининг сабабини айтдими?

– Синглисини жонидан ҳам яхши кўрар экан. Шундай бўлиши ҳам табиий. У синглисини шу қадар қадрлаётганига жуда хурсандман. Улар умрбод бир-бирларидан ажрамай яшаб келганлар ва ўзининг айтишига қараганда, уларнинг бошқа яқин кишилари йўқ, бинобарин, у синглисидан ажралиб қолиши мумкинлигидан жуда ҳам қўрқарди. У синглисига бўлган менинг ҳисларимдан бехабар эмиш, буни ўз кўзи билан кўрганидан кейин синглисидан ажралиб қолиши мумкинлигини тушунибди ва шу фикр хаёлига келиши биланоқ, ўзини йўқотиб қўйибди. У ўзининг қилиб қўйган қилиқларидан жуда пушаймон бўлиб гапирди ва мисс Стэплтон сингари шу қадар чиройли қизни ёнимдан силжитмай ўтириш менинг учун худбинлик бўлади ва бу нарса менинг аҳмоқлигимни кўрсатади, деб ўзи тан олди. Башарти, синглимдан ажралиш тақдирга ёзилган бўлса, сиз қўшнимсиз, синглим сизга тега қолсин, деди. Ҳар ҳолда, синглидан ажралиб қолиш унинг учун катта зарба бўлиб тушармиш, бунга чидаб туришим қийин бўлса керак, деди. Агар мен бу қизга бўлган муҳаббатим тўғрисида яқин уч ой ичида оғиз очмасликка ва фақат қиз билан дўст бўлиб юриш билангина кифояланишга ваъда берсам, у менга тўсқинлик қилмас эмиш. Унга шундай деб ваъда бердим, шу билан иккаламиз ярашиб олдик.

Кўриб турибсизки, кичкина сирларимиздан бири энди маълум бўлиб қолди. Аммо биз тушиб қолган ботқоқлик тагини оёқ билан пайпаслаб кўриш ҳазилакам иш эмас. Стэплтон ўз синглисининг ошиғига, яъни сэр Генри каби ҳамманинг ҳаваси келадиган йигитга нима учун шундай ёмон назар билан қараётгани энди бизга маълум бўлиб қолди.

Энди мен шу чигал бўлиб қолган калавадан яна бир ипни тортиб олишга уриниб кўраман. Кечалари ҳўнграб йиғлашларнинг сабаби нималигини, нега миссис Бэрриморнинг йиғидан чеҳраси кепчиб юрганини ва эшик оғасининг ботқоқ томонга бориб юришининг сири нималигини текширишга ўтайлик. Сиз, азизим Холмс, мени табриклайверинг ва ёрдамчим кўнглимдагидек киши экан деб айтаверинг. Сиз мени бу ерга ишониб юборган эдингиз, бу ишончингиз жуда ўринли бўлиб чиқди. Навбатдаги бу жумбоқни ечиш учун бир кечанинг ўзи кифоя қилди.

Мен «бир кеча» деяпман, лекин «икки кеча» дейиш тўғрироқ бўлур эди, чунки биринчи кечаси биз ҳеч бир нарсани билиб ололмадик. Сэр Генрининг хонасида эрталаб соат учгача пойлаб ўтирдик, десак бўлади, аммо зинанинг тепасидаги соатнинг урган бонгидан бошқа ҳеч бир товуш эшитолмадик. Бу зериктирарли даражада бедор бўлиб ўтиришнинг охири шу бўлдики, сэр Генри ҳам, камина ҳам креслода ўтириб ухлаб қолибмиз. Аммо бу муваффақиятсизлик ҳафсаламизни пир қилиб қўймади, яна бир марта кечаси билан ухламай пойлаб чиқишга қарор қилдик. Эртаси куни кечаси лампани ўчириб қўйиб, кетма-кет папирос чекиб, индамай ўтира бердик. Вақтнинг ўтиши жуда қийин бўлди, аммо қопқон олдида сабрсизлик билан ов кутиб турган овчи каби биздаги қизиқиш ўзимизга далда бермоқда эди.

Соат бир бўлди, икки ҳам бўлди, эндигина ғижина бошлаган эдик, тўсатдан ўзимизни сира чарчамагандек ҳис қилиб қолдик – мен ҳам, сэр Генри ҳам қаддимизни беихтиёр ростладик. Даҳлизда кимнингдир шипиллаб келаётганини эшитдик. Ўғринча келаётган қадамлар бизнинг хонамизга яқинлашди, сўнгра, узоқлашиб аста-секин ғойиб бўлди. Баронет секингина эшикни очди. Биз овимиз орқасидан изма-из боравердик. У галереядан ўтиб кетишга улгурган эди, даҳлиз эса тим қоронғи эди. Биз жуда эҳтиётлик билан даҳлизнинг охирига етиб олганимизда, оёқ учи билан энгашиброқ бораётган қора соқолли новча кишининг шарпаси кўринди. У лип этиб ўзини ўша эшикнинг панасига олди, қўлидаги шам бир сония уни ёритиб юборди, сўнгра эса қоронғи даҳлизга шамнинг ингичка нури тушди. Биз ҳар қадамимизни авайлаб босиб ўша нур томон юрдик. Ялангоёқ бўлсак ҳам гавдамизнинг оғирлигидан эски пол ғижирлаб нола қилгандек бўларди. Полнинг ғижирлашини эшитмаслик мумкин эмасдек бўлиб туюларди менга, лекин бахтимизга Бэрриморнинг қулоғи ҳақиқатан оғир экан, яна бунинг устига унинг бутун эътибори ўзи қилаётган иш билан банд эди.

Ниҳоят, эшик олдига етиб олиб, хонага кўз ташладик. Эшик оғаси қўлидаги шам билан дераза олдида унинг ойнасига юзини ёпиштиргандек бўлиб турарди, бундан икки кун аввал ҳам кечаси уни шу дераза олдида мана шундай ҳолатда кўрган эдим. Қандай ҳаракат қилишимиз кераклигини олдиндан тузиб қўймаган эдик. Аммо баронет қатъий ҳаракатни ўзига одат қилиб олган кишилардан деса бўлади. У дадиллик билан хонага кириб борди. Бэрримор деразанинг олдидан дарров берига келиб ҳансираган ҳолда, бутун гавдаси билан қалтираб, ўликдай бўзариб, бизнинг олдимизда қаққайиб қолди. Унинг оқариб кетган юзида ёниб турган қора кўзлари жуда қўрқиб кетганини билдирарди. У саросимада, гоҳ менга, гоҳ сэр Генрига тикиларди.

– Бэрримор, бу ерда нима қиляпсиз?

– Ҳеч нима, сэр. – Ҳаяжонланганидан тили ғулдираб қолди; қўлидаги шам қалтираб деворга ва шифтга нотекис соя солиб турарди. – Дераза, сэр… Мен ҳамма деразалар ёпилганмикин, деб кечалари текшириб юраман.

– Ҳатто иккинчи қаватдаги деразаларни ҳамми?

– Ҳа, сэр, ҳамма уйдаги деразаларни текшириб чиқаман.

– Гапимга қулоқ солинг, Бэрримор, – деди қатъий оҳангда сэр Генри, – сиз бизга ҳақиқатни айтиб беришингиз керак, бинобарин, бор гапни нақадар тез айтиб берсангиз, ўзингизга шу қадар яхши бўлади. Қани энди сир бекитишни бас қилинг! Нима учун бу ерга келдингиз?

Эшик оғаси бизга ожизона назар ташлади ва жуда хижолатда қолиб, ғижиниб тураверди:

– Мен ҳеч бир ёмон иш қилганим йўқ, сэр! Фақат шам билан деразани ёритиб турган эдим.

– Нега шам билан деразани ёритдингиз?

– Буни мендан сўраманг, сэр Генри… Сўраманг! Сизга қасамёд қилиб айтаманки, бу менинг сирим, бу сиримни сизга айтиб беролмайман. Агар бу сир фақат ўзимга тааллуқли бўлганида эди, сиздан ҳеч бир гапни яширмаган бўлур эдим.

Хаёлимга тўсатдан бир фикр келиб қолди, шу ондаёқ дераза токчасида турган шамни қўлимга олдим.

– Бу шам шартли белги бўлса керак. Қани биз ҳам ёритиб кўрайлик-чи, бунга бирор жавоб бўлармикин?

Мен худди Бэрримор қилганидек шамни дераза ойнасига яқинлаштириб, қоронғи зулматга кўз ташладим. Ой булутлар орасига яширинди, биринчи дақиқада кенг ботқоқликка соя солиб турган дарахтлар қаторини кўрдим, холос. Деразанинг қора квадратида тун қоронғилигини ёриб ўтиб, йилтираб турган кичкина сариқ нуқтани кўришим биланоқ, бирданига қувониб қичқириб юбордим.

– Ана, қаранг!

– Йўқ, йўқ, сэр!.. – ғулдиради эшик оғаси. – Сизни ишонтириб айтаманки…

– Шамни ўнг томонга олиб ўтинг, Уотсон, – деб қичқирди баронет. – Кўряпсизми? Анови чироқ ҳам жойидан қўзғалди… Қани, аблаҳ, энди ҳам индамай тураверасизми! Ахир бу сигнал-ку! Қани, ростини айтинг, шеригингиз ким? Нима қилмоқчи эдингиз?

Эшик оғаси унга ўқрайиб қаради:

– Бу менинг ишим эмас, бу ишнинг сизга дахли йўқ. Мен сизга ҳеч нимани айтмайман.

– Шундай бўлса ўзингизни ишдан бўшатилган деб ҳисоблашингиз мумкин.

– Хўп, сэр. Демак, бошқа иложим йўққа ўхшайди.

– Мен сизни шарманда қилиб ҳайдайман! Уялинг! Ота-боболаримиз юз йилдан кўпроқ вақтдан бери бирга яшаб келишган бўлса-ю, сиз менга қарши қандайдир фитна қилишни ўйлаб юрибсиз.

– Йўқ, йўқ, сэр! Сизга қарши эмас!

Бу сўзларни хотин киши айтаётганини эшитдик. Қайрилиб қараган эдик, эшик олдида ўлгудек қўрқиб кетган миссис Бэрриморни кўрдик, бу хотиннинг бўзарган башараси эриникидан қолишмас эди, шол рўмол ёпиниб олган, ички юбкадаги бу йўғон хотиннинг ҳаддан ташқари қўрққани чеҳрасидан билиниб турмаганда эди, у жуда кулгили таассурот қолдирган бўлур эди.

– Бизни ишдан бўшатишди, Элиза. Оқибат шу бўлди… Бор, нарсаларингни йиғиштир, – деди Бэрримор.

– Жон! Жон! Бошингга қандай кунларни солиб қўйдим-а! Ҳамма айб менда, сэр Генри. У фақат мени деб шу ишни қилди… Фақат мени деб!

– Қани, айтинг! Ўзи нима гап?

– Менинг бечора укам очлигидан ботқоқликда ҳалок бўляпти. Эшигимиз олдида укамнинг ўлиб кетишига чидаб туролмаймиз-ку, ахир. Овқат тайёр бўлганини билдириб Жон унга сигнал беряпти, у эса овқатни қаерга элтиб қўйишни кўрсатяпти.

– Демак, сизнинг укангиз ўша…

–… қочиб юрган маҳбус, сэр… Қотил Селден.

– Бу гапнинг ҳаммаси рост, сэр, – деб тасдиқлади Бэрримор. – Мен бировнинг сирини очолмайман, деб сизга айтдим-ку, энди ҳамма гапни ўз қулоғингиз билан эшитдингиз, сизга қарши ҳеч бир ёмон ниятда эмаслигимизни энди ўзингиз билиб олдингиз.

Кечаси шам кўтариб сирли юришларнинг боиси мана шундай аён бўлиб қолди! Сэр Генри билан биз ҳайрон бўлиб, миссис Бэрриморга қарадик. Наҳотки, бу лоқайд, басавлат хотин бизнинг мамлакатимиздаги энг даҳшатли жиноятчилардан бири билан қон-қардош бўлса-я?

– Ҳа, қизлик вақтимдаги фамилиям Селден бўлган, у менинг укам. Биз уни болалик чоғиданоқ эркалатиб ўстирган эдик, ҳамиша кўнглига қарардик, шу тариқа у нимаики қилсам ҳам менга ҳеч ким ҳеч нима деёлмайди, бутун дунё фақат менинг ҳузур-ҳаловатим учун яратилган деган ҳис билан ўсиб улғайди. Ўспирин бўлиб қолганидан кейин ёмон одамларга улфат бўлди, укамни бамисоли шайтон йўлдан оздирди. У онамнинг юрагини вайрон қилиб, номимизни балчиққа булғади. Кундан-кунга баттар бўлаверди, кетма-кет жиноят қилаверди. Нима уни дор тагидан қутқариб қолди? Фақат Худонинг шафқати. Лекин, сэр, мен учун у ҳали ҳам ёшлигимда ўзим эркалатиб ўйнатиб юрган жингалак соч кичкина бола бўлиб қола берди. Шунинг учун ҳам у турмадан қочиб кетди – менинг бу ердалигимни ва ёрдам беришимизни билар эди. У кечаси очиқиб, ҳориб бу ерга етиб келди, уни эса изма-из қувлаб келишмоқда эди. Укам шундай мушкул аҳволга тушиб қолганида биз нима қилишимиз керак эди? Биз уни уйимизга олиб кириб овқатлантирдик, қўлимиздан келган ёрдамни бердик. Сўнгра, сэр, сиз келдингиз, шундан сўнг у шовқин-сурон босилгунча ботқоқликка яшириниб ётиш яхшироқ, деган қарорга келди, шундан бери ботқоқликда яшириниб юрибди. Биз бўлсак, бир кеча ўтиб иккинчи кечаси унинг у ёқбу ёққа кетиб қолмаганини текшириб турамиз, деразани ёритиб унга хабар қиламиз, агар у жавоб берса, эрим белгилаб қўйилган жойга нон ва гўшт элтиб беради. Эҳтимол, кетиб қолгандир, деб ҳар куни умид қиламиз, лекин модомики, у шу ерда экан, биз уни ташлаб қўймаймиз. Мен художўй хотинман, сизга ёлғон гапирмайман. Агар бу ишимнинг бирор ёмонлиги бўлса, бунинг учун эрим айбли эмас – у фақат мени деб шундай қиляпти.

Хотин шундай ҳиссиёт билан гапирдики, унинг гапига ишонмай бўлмас эди.

– Шу гаплар ростми, Бэрримор?

– Ҳа, рост, сэр Генри. Бу гапларнинг битта ҳам ёлғони йўқ.

– Майли, хотинингизнинг садоқати учун сизни койиб ўтирмайман. Сизга айтган гапларимни унутиб юборинг. Икковингиз уйингизга боринг, бу воқеанинг ҳаммасини эрталаб бафуржа муҳокама қиламиз.

Улар кетишганидан кейин биз яна деразага қарадик. Сэр Генри деразани қиялатиб очиб қўйди, дераза очилиши билан тунги совуқ шамол юзимизга урилди. Узоқ қоронғи зулматда кичкина сариқ чироқча ҳали ҳам липиллаб турарди.

– Унинг қўрқмаганига ҳайронман, – деди сэр Генри.

– Чироқ фақат шу ердангина кўринса керак.

– Эҳтимол. Сиз у чироқни қаерда деб ўйлайсиз?

– Тош устунларнинг теварак-атрофида бўлса керак.

– Икки милдан кўп эмасдир?

– Бунга ҳам етмайди.

– Ҳа. Агар Бэрримор овқатни у ерга элтиб бераётган бўлса, демак, узоқ эмас экан. Ҳозир у овқат олиб келишини кутиб тургандир. Йўқ, Уотсон, мен бориб у аблаҳни тутиб оламан!

Менинг хаёлимга ҳам шу фикр келди. Бэрриморлар бизни ўз ихтиёрлари билан бу сирдан воқиф қилганлари йўқ-ку – уларни бу сирларни айтиб беришга биз мажбур қилдик. У одам жамият учун хавфли. Бунақа одамни аяб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди. Имконият борлигидан фойдаланиб, биз уни ҳеч кимга зарар етказа олмайдиган жойга қайтаришимиз керак. Акс ҳолда бизнинг бўшанглигимиз бошқаларга, масалан, Стэплтонларга ёмонлик келтириши мумкин. Бир куни кечаси Стэплтонларга у ҳужум қилиши мумкин. Сэр Генрини дадил ҳаракат қилишга шу фикр йўллаган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Мен ҳам сиз билан бирга бораман.

– Агар борсангиз, тўппончани олиб, этик кийиб олинг. Тезроқ бориш керак. Бўлмаса, у чироқни ўчириб қочиб кетади.

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмасданоқ биз куз шамолининг бир маромдаги увиллашига ва тўкилаётган хазонларнинг шитирлашига қулоқ сола-сола қоронғи хиёбондан тез-тез қадам ташлаб боравердик. Чиринди ва зах ерларнинг ўткир ҳиди димоғимизга урилмоқда эди. Ой осмонни қоплаган қора булутлар орасидан аҳён-аҳёндагина мўралаб қарарди, биз ботқоқликка чиқиб олишимиз билан шивалаб ёмғир ёға бошлади. Сариқ чироқча олисда ҳали ҳам милтиллаб турарди.

– Сиз ўзингиз билан бирор нима олдингизми? – деб сўрадим мен.

– Ҳа, қамчи олдим.

– У ўзига келиб қолиб, қаршилик кўрсатмаслиги учун тезроқ ҳаракат қилайлик. Айтишларига қараганда, у ҳеч нарсадан қайтмасмиш. Уни бирданига тутиб олайлик.

– Айтинг-чи, Уотсон, – тўсатдан гап бошлади баронет. – Бу хусусда Холмс нима дерди? Эсингиздами? «Ёвуз кучлар чексиз ҳукмронлик қилаётган тун пайтида…»

Худди шу сўзларга жавоб бергандай, қаердадир олисда, мудҳиш кенг ботқоқлик орасида бундан бир неча кун аввал, Гримпен ботқоқлигида мени ҳайратда қолдирган ғалати товуш пайдо бўлди. Шамол дастлаб бизнинг қулоғимизга ириллаган, сўнгра эса бўкирган товушни олиб келди, бу товуш аста-секин маъюс увиллашга айланди. Бу ёввойи, баҳайбат товушлар кетма-кет айни бир тарзда такрорланиб, ҳавода янграмоқда эди. Баронет енгимдан ушлаб олди, мен ҳатто тим қоронғиликда ҳам унинг юзи оқариб кетганини кўрдим.

– Худоё тавба, Уотсон, бу нима экан?

– Билмадим. Бунақа товушлар ботқоқда тез-тез эшитилиб туради, дейишади. Ўзим ҳам эшитганман.

Увиллаш яна тўхтаб қолди, жимжит сукунат бошланди. Биз бутун вужудимиз билан қулоқ солиб туравердик, лекин атрофимиздаги сукунатни ортиқ ҳеч нарса бузмади.

– Уотсон, – деди баронет, – бу товуш итнинг товуши.

Томирларимдаги қон музлаб қолгандек бўлди, чунки сэр Генрининг овози қўрққанидан қалтираб кетди.

– Улар бу товушни кимники дейишади? – савол берди баронет.

– Ким?

– Шу ерлик одамлар.

– Ахир улар бутунлай нодон кишилар-ку! Уларнинг бу товушни қандай изоҳлашлари сизга барибир эмасми?

– Уотсон, айтинг-чи, улар бу тўғрида нима дейишяпти?

Бир дақиқа иккиланиб турдим, лекин савол шундай бир тарзда берилган эдики, жавоб бермасликка иложим қолмади:

– Улар Баскервилларнинг ити шундай ув тортади, дейишяпти.

Сэр Генри оҳ тортиб юборди. Узоқ жим тургандан кейин яна гап бошлади.

– Ҳа, фақат итгина шундай увиллаши мумкин, лекин у қаердадир олисда, анави томонда бўлса керак.

– Увиллаган овоз қаердан келаётганини аниқлаб беролмайман.

– Бу овозни шамол олиб келди. Айтинг-чи, Гримпен ботқоқлиги қаерда? Ҳу, анави ерда эмасми?

– Ҳа.

– Демак, овоз ўша томондан келди. Энди ростини айтинг, Уотсон, ўзингиз ҳам бу товуш итники эканини биласиз. Мен ёш бола эмасман-ку. Қўрқмай гапнинг ростини айта беринг.

– Мен ўша товушни эшитган вақтимда Стэплтон ёнимда эди. У қандайдир қушлар мана шунақа қичқиради, деди.

– Йўқ, бу итнинг товуши. Худоё тавба! Наҳотки, шу уйдирмаларнинг ҳаммасида лоақал заррача ҳақиқат бўлса? Наҳотки, қандайдир номаълум хавф мени таъқиб қилаётган бўлса! Сиз бунга ишонмайсизми, Уотсон!

– Йўқ, йўқ!

– Лекин шундай бўлса ҳам, бунақа бемаъни гаплардан Лондонда кулиш бошқа-ю, қоронғи зулматда, ботқоқликда турган вақтингизда бундай увиллаган товушни эшитиш бутунлай бошқа нарса. Хўш, амаким-чи? Унинг жасади ёнида ит изларини топишган эди-ку. Шуларнинг ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Мен асло қўрқоқ эмасман, Уотсон, лекин шу товушларни эшитганимда томирларимдаги қон тўхтаб қолаётгандек сезаётирман. Қўлимни ушлаб кўринг.

Унинг қўли мармар тошдек совуқ эди.

– Ҳечқиси йўқ, эртага ҳаммаси унутилиб кетади.

– Йўқ, мен бу увлаган товушни ҳеч қачон унутмайман. Хўш, энди нима қилишимиз керак?

– Уйга қайтамизми?

– Асло! Ўша аблаҳни тутиб олишга келдикми, демак, уни тутиб олишимиз керак. Сиз билан биз қочқин маҳбусни овлаб юрибмиз, даҳшатли ит эса эҳтимол, бизни овлаб юргандир. Юринг, юринг, Уотсон! Бутун жаҳаннамнинг даҳшати шу ботқоқликка ёпирилиб келса ҳам, барибир орқага қайтмаймиз.

Ҳар қадамда қоқила-қоқила аста-секин олға боравердик. Ўнг томонимизда ҳам, чап томонимизда ҳам тош тепаларнинг қоронғиликда унчалик кўриб бўлмайдиган шарпалари кўзга ташланарди. Олд томонда ҳали ҳам кичкина сариқ чироқ милтиллаб турарди. Қоронғи зулматда масофани белгилашдан кўра қийинроқ иш бўлмайди. Чироқча гоҳ уфқнинг тагида, гоҳ биздан бир неча қадам нарида милтилларди. Лекин, ниҳоят йилтираб турган чироқнинг қаердалигини аниқ кўрдик ва энди унга етишимизга оз масофа қолганини тушундик. У тошлар ўртасидаги пана жойга қўйилган, эриб тамом бўлай деб қолган шам эди. Бу тошлар шамни шамолдан ҳам, бегона одамларнинг кўзидан ҳам ҳимоя қилар, фақат Баскервиль-холл томондангина кўриниб турарди. Рўпарамизда катта гранит тош борлиги бизнинг яқинлашиб бораётганимизни шам турган томондан яширганди. Биз ўзимизни тош орқасига олиб, эҳтиётлик билан шам томонга қарадик. Ботқоқлик ичида бу ёлғиз шамни кўриш бизга ғалати туюлди! Шамнинг сариқ нури тошни ёритиб турарди, атрофда ҳаёт аломати йўқ.

– Энди нима қиламиз? – деб шивирлади сэр Генри.

– Шу ерда кутиб турамиз. У шу атрофда бўлса керак. Эҳтимол, ҳозир кўриниб қолар.

Гапимизни тугатмасданоқ унинг ўзи келиб қолди. Шам ёниб турган тошлар орасида даҳшатли башара пайдо бўлди, йиртқичлик қилиқларининг излари қолган бу башара одамникига ўхшамасди. Чирк босган, соқоллари ўсиб кетган, чувалган сочлар қоплаб олган бу башарани кўрган киши уни бир вақтлар мана шу тепаликларнинг этакларида яшаган ёввойи одамлардан бири бўлса керак, деб ўйлаши мумкин эди. Шамнинг шуъласи унинг қоронғиликда овчилар ҳидини сезиб қолган йиртқичнинг кўзидек теварак-атрофга ғазаб билан ўқрайиб қараётган кичкина айёр кўзларида акс этарди. У нимадандир шубҳаланган бўлса керак. Унинг Бэрримор билан келишиб қўйган ва бизга номаълум бўлган бирор нишонаси борлигиданми ёки у ишнинг чатоқлигини сезиб қолганиданми, ҳар ҳолда, жирканч афтида қўрқув аломатлари пайдо бўлганини дарҳол пайқадим. У ҳар сонияда шамни ўчириб қоронғиликда ғойиб бўлиши мумкин эди. Олдинга қараб чопдим, сэр Генри ҳам орқамдан югурди. Маҳбус фарёд қилиб, бизга тош ота берди, бу тошлар ёнимизда турган катта харсангларга урилиб, парча-парча бўлиб кетаверди. Унинг кенг елкали, паст бўйли одам эканинигина фаҳмлаб қолдим. Яхшики, шу дақиқада булутлар орасидан чиқиб келаётган ой кўринди. Биз тепаликка чиқа бошладик, маҳбус эса шу тепаликнинг нариги томонидан худди тоғ эчкисидек эпчиллик билан тошдан-тошга сакраб, кўтарила берди. Уни нишонга олиб отсак, жароҳатлантириш мумкин эди, лекин мен қуролсиз кишининг орқасидан отишгина эмас, балки ўзимизни ҳимоя қилиш учунгина тўппончани кўтариб олган эдим.

Мен ҳам, сэр Генри ҳам чопишга моҳирмиз, бироқ унга етиб олишимиз маҳол эканини тез орада тушундик. У ойдинда биздан нарида анча вақтгача кўриниб турди, ниҳоят, олисдаги тепалик бағрида тез югуриб бораётган кичкина нуқтага айланиб, кўздан деярли ғойиб бўлди. Биз билан унинг орасидаги масофа тобора кўпая берди. Ниҳоят, ҳолдан тойиб, тошлар устига ўтириб олдик ва унинг узоқлашиб бораётган қорасига қараб тура бердик.

Ана шу пайтда ғалати ва асло кутилмаган бир ҳодиса рўй берди. Беҳуда қувлашдан фойда йўқ, деган қарорга келиб, ўрнимиздан турганимизда ой бизнинг ўнг томонимизда эди. Тош устуннинг ғадир-будур тепаси ойдинда аниқ кўриниб турарди. Шу пайтда мен ўша тош устуннинг тепасида худди қора ёғочдан ясалган ҳайкал каби ҳаракатсиз қаққайиб турган бир одамни кўрдим. Уни хаёлимда пайдо бўлган бир нарса деб ўйламанг, Холмс. Мен ўзимнинг кўзимга бу сафар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишондим, десам бўлади. У баланд бўйли, озғинроқ киши эканини аниқ кўра олдим. У оёқларини салгина кериб, қўлларини кўкрагига қовуштириб, бошини энгаштириб, худди хаёлга чўмгандек рўпарасидаги торфзор ва тошлар маконига тикилиб турарди. Бу ердаги ботқоқликлар руҳи менинг назаримда худди мана шундай гавдаланди. У маҳбус эмас эди. У маҳбус яширинган жойдан олисда турарди, унинг бўйи ҳам баландроқ эди. Кутилмаган бу ҳодисадан қичқириб юбориб, баронетга бурилдим ва унинг қўлидан ушлаб олдим. Менинг бундай ҳаракат қилишимга бир неча сония вақт ўтди, шу сонияларнинг ўзи ўша одамнинг ғойиб бўлиши учун кифоя қилди. Тош устуннинг учи аввалгидек ой гардиши томон кўтарилиб турарди, аммо унинг устидаги ҳаракатсиз, индамас одам ғойиб бўлган эди.

Дарров ўша жойга бориб тош устунни қараб чиқиш керак, деган қарорга келдим, лекин у биздан анча олисда эди, баронетнинг эса бу нарса билан қизиқишга мажоли қолмаганди – даҳшатли оилавий афсонани эслатган мудҳиш увиллашдан сўнг у ҳали ўзини ўнглаб ололмаган эди. Яна бунинг устига мен кўрган нарсани у кўрмаган эди, бинобарин, бу ғалати манзара уни ҳаяжонлантира олмас эди.

– Сиз кўрган киши маҳбусни пойлаш учун қўйилган соқчи бўлса керак, – деди у. – Маҳбус қочганидан бери бунақа соқчилар ботқоқликда жуда кўп.

Эҳтимол, сэр Генрининг гапи тўғридир, лекин мен уни ўз кўзим билан кўриб, қаноат ҳосил қилишни истар эдим! Бугун биз Принстаундаги ҳукумат одамларига қочган маҳбуснинг яшириниб ётган жойини айтамиз. Лекин уни ўзимиз тутолмаганимиз ва тантана билан турмага элтиб қўя олмаганимиз алам қилди!

Кейинги кечадаги кўрган воқеаларимиз шу бўлди, азизим Холмс, шу воқеалар тўғрисида сизга мукаммал ҳисобот ёзиб юборилганини эътироф қилишингиз лозим. Шу ҳисоботда айтган гапларимнинг кўпчилиги бизнинг ишимизга ҳеч бир алоқаси бўлмаган гаплар деса бўлади, лекин ўзимнинг хатларимда ҳамма фактларни сизга ёзиб юборишни лозим деб топдим – шу фактлардан ишимизга фойдаси тегадиганларини ўзингиз танлаб ола беринг. Энди биз Бэрриморларнинг ғалати ҳаракатларига сабаб бўлган нарсаларнинг ҳаммасини билиб олдик, бу эса вазиятни анча равшанлаштирди. Аммо торфзор ботқоқликларининг сири, шу ботқоқликлардаги ғалати нарсаларнинг сири ҳали ҳам очилгани йўқ. Келгуси хатимда, эҳтимол, шу сирларни қоплаб ётган пардани озмоз кўтаришга муваффақ бўлсам керак. Аммо ўзингиз бу ерга келсангиз жуда ҳам яхши бўлур эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации