Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 9


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
IV БОБ
Сийқабош киши воқеаси

Биз ҳиндига эргашиб хира ёритилган ва деярли бўм-бўш йўлакдан юриб кетдик. У ўнг томондаги эшик олдида тўхтади-да, унинг табақаларини ланг очиб юборди. Ёрқин сарғиш нур кўзимизга урилди. Хонанинг ўртасида паст бўйли, откалла бир одам турарди. Қарағайлар қуршовидаги тоғнинг яланғоч чўққиси мисол чўққайиб чиқиб турган сийқа бошидаги сариқ сочи сийрак эди. У қўлларини ишқалаганча қимир этмай турар, юзи дам-бадам ўзгарар: у гоҳ жилмаяр, гоҳ тумшайиб олар, бир зум ҳам хотиржам бўлолмасди. Табиат унга осилиб тушган қалин лаб, нотекис, сариқ йирик тишлар ато этгандики, у юзининг пастки қисмини кафти билан силаб, ҳадеб уларни яширишга уринарди. Сочи тўкилиб кетган бўлишига қарамай у анча ёш кўринарди. Аслида ҳам у эндигина ўттизга қадам қўйган эди.

– Мисс Морстен, хизматингизга тайёрман, – деб такрорлади баланд, ингичка овозда. – Хизматингизга тайёрман, жаноблар. Илтимос, зоҳиднинг хонасига киринглар. Кўриб турибсизки, мисс, кабинетим кичкина, лекин ундаги ҳамма нарсаларни ўз дидимга мослаб жойлаштириб чиққанман. Жанубий Лондоннинг қаровсиз қабоҳатлари орасида санъат воҳаси.

У таклиф қилган хонанинг кўриниши бизни жуда ҳайратда қолдирди. Бу кўримсиз қоронғи уйда у мис гардишли асл бриллиантни эслатарди: деразаларида шойи пардалар, гобеленлар, залворли рамкаларда расмлар, шарқ вазалари. Полга солинган гилам каҳрабо ва қора рангда, қалин, юмшоқ, майин бўлиб, юрганингда оёқларинг худди йўсин устида юргандай тўпиғинггача ботиб кетарди. Гилам устига икки катта йўлбарс териси ташлаб қўйилганди, улар бурчакда тўшама устига қўйилган каттакон чилим билан қўшилиб, хонага шарқона бир ҳашамат бахш этарди. Деярли кўзга кўринмайдиган тилла симда хона ўртасида кабутар шаклидаги кумуш лампа осиғлиқ турарди. Ёниб турган лампадан хонага қандайдир енгил, муаттар ҳид тараларди.

– Мистер Таддеуш Шолто, – деди пакана одам боягидай илжайиб ва силкиниб. – Мени шундай деб чақирасиз. Сиз, ҳойнаҳой, мисс Морстен бўлсангиз керак. Бу жентльменлар…

– Мистер Шерлок Холмс билан доктор Уотсон.

– Доктор, а! – деб хитоб қилди ҳалиги одам хурсанд бўлиб. – Ёнингизда стетоскоп борми? Сиздан бир нарсани илтимос қилсам майлими? Менга бир яхшилик қилолмайсизми? Биласизми, митраль клапаним касалми, деган шубҳам бор. Аортадан кўнглим тўқ, лекин шу митраль клапандан безовтаман-да! Шу хусусда сизнинг фикрингизни билсам, дегандим.

Мен унинг юрагини эшитиб кўрдим, лекин бу одамнинг бошидан оёғигача қалтираб нимадандир ўлгудек қўрққанини ҳисобга олмаганда соғ эди.

– Митраль клапан жойида, – дедим. – Безовта бўлишингиз учун асос йўқ.

– Сиз ташвишланаётганимни кечиришингиз керак, мисс Морстен, – деди пакана одам хушмуомалалик билан. – Мен аламдийда одамман. Митраль клапаним касал бўлса керак, деб кўпдан бери гумонсираб юраман. Шубҳаларимнинг ўринсизлигини эшитиб, ўзимда йўқ севиндим. Мисс Морстен, агар отангиз юрагини эҳтиёт қилганларида ҳали кўп йил яшашлари мумкин эди.

Бу қадар нозик масалага билар-билмас аралашиши билан у шу қадар жаҳлимни чиқардики, тарсаки тушириб юборишимга сал қолди. Мисс Морстен ўтирди, унинг ранги қув ўчиб, ҳатто лабларигача оқариб кетди.

– Отамнинг ҳаёт эмаслигини кўнглим сезиб юрарди, – деди у.

– Мен сизга ҳаммасини тушунтириб бераман, – деди пакана одам. – Бу ҳам гапми, сизга нисбатан бўлган ноҳақликни ҳам тузатаман. Акам Бартоломью нима деса десин, мен барибир айтганимни қиламан. Дўстларингизни уйимда фақат сизнинг шахсий соқчиларингиз сифатида эмас, балки шу бугун мен ҳикоя қилмоқчи, амалга оширмоқчи бўлган барча ишларнинг шоҳидлари сифатида кўраётганимдан жуда хурсандман. Учовимиз акам Бартоломьюга қатъий қаршилик кўрсатишга қодирмиз. Лекин гувоҳлар – на полиция, на холис гувоҳлар бўлмасин. Биз бегона одамни аралаштирмасдан, ўзаро ҳамма ишни тўғрилаймиз. Сирнинг ошкор бўлиши акам Бартоломьюни ғазаблантириши мумкин, – деди пакана одам ва паст, юмшоқ диванга ўтирди-да, узоқни кўролмайдиган кўк кўзларини қисганича бизга савол назари билан тикилди.

– Менга келсак, – деди Шерлок Холмс, – ишонтириб айтаманки, сиздан эшитганларим тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмайман.

Мен маъқуллагандек бош ирғадим.

– Жуда соз, жуда соз! Ижозатингиз билан сизга, мисс Морстен, бир қадаҳ кьянти таклиф этсам, балки токайни хоҳларсиз? Меникида бошқа вино бўлмайди. Шишани очсам майлими? Очмайми? Ундай бўлса, мен бир чексам, қарши эмасмисиз? Сизни тамаки тутуни, шарқ тамакисининг енгил, хушбўй ҳиди безовта қилмайдими? Мен сал асабийлашяпман, асабни босишда чилимга тенг келадиган дори-дармон йўқ.

У чилимни хўр-хўр қилиб торта бошлади. Биз иякларимизни кафтларимизга тираганча ярим давра бўлиб ўтирардик, бу сийқабош ғалати одам ўртада ўтирганича дам-бадам силкиниб, асабий бир ҳолда чилим чекарди.

– Бу таклифни сизларга юборишга қарор қилганимдан кейин, – деди у ниҳоят, – хатда ўз манзилимни ёзишим мумкин эди, албатта, лекин илтимосимни эътиборсиз қолдириб, бошқа одамларни бошлаб келасизми, деб қўрқдим. Шунинг учун ҳам хизматкорим Уильям билан сизларни театр олдида учраштирдим, мен унга тўла-тўкис ишонаман. Унга тегишли йўл-йўриқларни бердим, мабодо бирор нимадан шубҳалангудай бўлсанг, уйга бир ўзинг қайтгин, деб тайинладим. Бу эҳтиёткорлигим учун кечиринг, мен ёлғизликни яхши кўраман, агар таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, нозиктаъб одамман, бу дунёда эса полициядан ҳам бемаза нарса йўқ. Қўпол материализмнинг ҳар қандай кўринишидан беихтиёр нафратланаман. Мен қора халқ билан жуда камдан-кам мулоқотда бўламан. Ўзингиз кўриб турибсизки, мен гўзал бир шароитда яшайман. Ўзимни санъат ҳомийси деб аташим мумкин. Ҳа, бу менинг жону дилим. Девордаги пейзаж – Кори асарининг асл нусхаси, агар санъат билимдони мабодо мана бу Сальватор Рознинг асл нусхалигига эътироз билдиргудай бўлса, ҳув анави Бугро хусусида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мен ҳозирги замон француз мактабининг мухлисиман.

– Мени кечирасиз, мистер Шолто, – деди мисс Морстен, – бу ерга сизнинг таклифингиз билан келдим, ниманидир айтмоқчи эдингиз. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди, истардимки, гапларимиз иложи борича қисқароқ бўлса.

– Лекин барибир бир оз вақтни олади, – деди уй эгаси. – Чунки биз албатта Норвудга, акам Бартоломьюнинг олдига боришимиз керак. Ҳаммамиз бирга борамиз, кўплашиб унинг ўжарлигини енгишга уриниб кўрамиз. Ишни ўз билганимча, анча ҳалол олиб борганим учун у мендан жуда хафа. Кеча у билан қаттиқ тортишиб қолдик. Акамнинг жаҳли чиққанида қанақа бўлишини ҳечам тасаввур қилолмайсиз.

– Модомики, Норвудга боришимиз керак экан, ҳозироқ жўнасак бўлмайдими, – деб таклиф қилдим юрак бетлаб.

Пакана одам қаттиқ кулганидан қулоқларигача қизариб кетди.

– Йўқ, бунинг иложи бўлмаса керак! – деб хитоб қилди у. – Акамнинг сизларни қандай қабул қилиши менга қоронғи. Шунинг учун ҳам сизларни тайёрлашим, бир-биримизга муносабатимиз қандайлигини тушунтириб қўйишим керак. Даставвал шуни айтишим керакки, бу можарода шундай ҳоллар борки, ҳатто мен учун ҳам сир бўлиб қоляпти. Бинобарин, сизларга ҳамма нарсани эмас, фақат ўзимга маълум бўлган нарсаларни гапириб бераман.

Отам, фаҳмлаган бўлсангиз керак, майор Жон Шолто бир вақтлар Ҳиндистонда мустамлакачилар қўшинларида хизмат қилган. Ўн бир йил аввал истеъфога чиқиб, Англияга қайтиб келди ва Аппер-Норвуддаги Пондишери-Лож қўрғончасида жойлашди. Ҳиндистонда у давлат орттириб, уйга шарқ ноёб буюмларининг бой коллекцияси ва маҳаллий хизматкорларнинг бутун бир штаби билан қайтиб келди. Шундай қилиб, у ўзига уй сотиб олди, зеб-зийнат ичида яшай бошлади. Унинг мен ва акам Бартоломьюдан бўлак боласи бўлмаган. Биз эгизакмиз.

Капитан Морстеннинг ғойиб бўлиши бизга қандай таъсир қилгани ҳали ҳам эсимда. Унинг ғойиб бўлганини газеталардан билдик, капитан Морстен отамизнинг дўсти бўлгани учун ҳам биз ака-укалар бу ҳодисани унинг ҳузурида муҳокама қилардик. У одатда гапимизга қўшилар, аслида нима бўлганийкин, деб ҳар хил тахминларга борарди. Биз капитаннинг ғойиб бўлиш сири унинг юрагида бир умрга қолиб кетиши мумкинлигига, Артур Морстен тақдири фақат унга маълумлигига заррача ҳам шубҳа қилмасдик.

Лекин биз барибир қандайдир сир отамизга азоб бераётганини, қандайдир хавф-хатар унга таҳдид солаётганини билардик. У кўчага бир ўзи чиқишга қўрқар, собиқ боксёрларни Пондишери-Ложда қоровул ўрнида сақларди. Сизларни бугун бу ерга бошлаб келган Уильям ўшаларнинг бири. У бир вақтлар енгил вазнда Англиянинг чемпиони бўлган. Отамиз нимадандир қўрқаётганини бизга айтмасди. Лекин ёғоч оёқли одамлардан ўлгудек қўрқиши унинг юриш-туришидан, феълатворидан аниқ сезилиб турарди. Бир куни у ёғоч оёқли одамни тўппончадан отиб қўйган, кейин билишса, у атиги бир беозор савдогар экан; бу ишни бости-бости қилиш учун отам анча пул тўлади. Ака-ука, бу отамизнинг одатдаги қилиғи бўлса керак, деб ўйлагандик, лекин кейинги воқеалар бизни бу фикримиздан қайтишга мажбур қилди.

1882 йилнинг бошларида отам Ҳиндистондан хат олди, бу отам учун ёз кунидаги чақмоқдек бўлди. У эрталаб нонушта пайтида хатни очиб ўқиб, ҳушидан кетишига сал қолди, у шу-шу то ўлгунича ўзига келолмади. Ўша хатда нималар ёзилганини биз билолмадик: лекин отам хатни қўлида ушлаб турганида бунинг ажи-бужи қилиб ёзилган кичкинагина хат эканини сезиб қолдим. Отамиз кўп йиллардан буён асаб касаллигидан азоб чекарди. Энди эса унинг аҳволи анча оғирлашди, кўз олдимизда куч-қувватдан қола борди; апрелнинг охирларида врачлар унинг соғайиб кетишига умид йўқ, дейишди. Бизни отамиз ҳузурига чақиришди, у бизга васият қилмоқчи экан.

Хонага кирганимизда отам каравотда ёстиқларга суяниб ўтирар, ҳансираб нафас оларди. У биздан эшикни қулфлаб, икки томондан яқинроқ келишни илтимос қилди. У иккимизнинг қўлимиздан ушлади-да, ҳаяжон ва аламдан овози қалтираб, гапира бошлади. Биз эшитган антиқа иқрорини сизларга сўзма-сўз айтишга уриниб кўраман. «Шу тантанали дақиқада, – деб гап бошлади у, – бир нарса қалбимни эзяпти. Бу бечора етимча – Морстеннинг қизига нисбатан йўл қўйган ноҳақлигим. Бир умрга қон-қонимга сингиб кетган иллат – лаънати хасислик ўша қизни хазинадан маҳрум этди, адолат юзасидан бойликнинг унга тегадиган қисмидан маҳрум қилди. Лекин ўзим ҳам уларни ҳеч нимага сарфлолмадим, зеро очкўзлик шу қадар кўр ва нодон бўлади. Шунча хазинага эга бўлганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдимки, уларни ҳеч ким билан баҳам кўролмасдим. Безгак дориси солинган шишача ёнидаги марварид тасбеҳни кўряпсизми? Ҳатто ўшани ҳам кўзим қиймайди, ҳолбуки, унга жўнатиш учун атайлаб олиб қўйгандим. Ўғилларим, Агра хазинасининг унга тегишли қисмини қизга беришларинг керак. Лекин мен бу дунёдан кўз юммагунимча ҳеч нимани, ҳатто ўша тасбеҳни ҳам бермаларинг. Ахир, одамнинг кун-соати битиб, бир оёғи гўрда турганида ҳам тузалиб кетади-ку.

Сизларга Морстеннинг қандай ўлганини гапириб бераман, – деб давом этди у. – У кўп йиллар юрак касаллигидан азоб тортди, лекин буни мендан бўлак ҳаммадан яширарди. Ҳиндистонда икковимизнинг омадимиз юришиб, замона зайли билан жуда катта бойлик эгаси бўлиб қолдик, истеъфога чиққач, бойликни Англияга олиб кетдим. Орадан кўп ўтмай Морстен ҳам Англияга қайтиб келди, ўша куниёқ ўз улушини олгани меникига келди. У станциядан Пондишери-Ложга пиёда келган, содиқ хизматкорим қари Лал Чавдар раҳматли уни ҳузуримга киргизган. Хазинани қандай тақсимлаш масаласида Морстен икковимиз жанжаллашиб қолдик. Морстен дарғазаб бўлиб стулдан сапчиб турди, юзи бирдан қорайиб, қўлини кўксига босди-ю, юзтубан йиқилди, боши бойликлар солинган сандиқчанинг четига урилди. Энгашиб қарасам, ўлиб ётибди, даҳшатга тушдим.

Гангиб анчагача нима қилишимни билмадим. Биринчи истагим одамларни ёрдамга чақириш эди, албатта, лекин мени қотилликда айблаш учун ҳамма асос бор эди. Жанжал пайтида ўлгани, бошидаги чуқур яра – ҳаммаси менга қарши эди. Бунинг устига расмий тергов албатта хазина билан шуғулланарди: бу сиримиздан ҳеч кимни воқиф қилмаслик учун далил-исботлар етарли эди. Морстен, менинг қаёққа кетганимни бу дунёда биронта тирик жон билмайди, деган. Шундан кейин унинг ўлимини ҳеч ким билмагани маъқул, деган фикрга келдим. Ҳали ҳам гангиб ўтиргандим, бошимни кўтарсам, эшик олдида хизматкорим Лал Чавдар турибди. У хонага секин кирдида, эшикни ичидан беркитди.

– Қўрқманг, соҳиб, – деди у. – Уни ўлдирганингизни ҳеч ким билмайди. Уни узоқроқ жойга кўмамиз – шу билан ишни гум қиламиз.

– Мен ўлдирганим йўқ! – деб эътироз билдирдим.

– Ҳаммасини эшитдим, – деб кулимсираб бош чайқади Лал Чавдар. – Жанжаллашганларингни эшитдим, зарба овозини эшитдим. Хотиржам бўлинг, ҳеч кимга оғиз очмайман. Уйдагиларнинг ҳаммаси ухлаб ётибди. Келинг, жасадни икковлашиб олиб чиқиб ташлайлик.

Мен рози бўлдим. Модомики, хизматкорим ишонмаяптими, маслаҳатчилар камерасидаги ўн икки нодон савдогарнинг сенинг айбсизлигингга ишонишига умид қилиб бўларканми? Ўша куни кечаси Лал Чавдар билан жасадни яширдик, орадан бир неча кун ўтгач, Лондоннинг ҳамма газеталарида капитан Морстеннинг сирли ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар босилди. Сизларга гапириб берганимдан кўриниб турибдики, аслида, мени ҳеч нимада айблаб бўлмайди. Лекин мен капитаннинг жасадини яширдим, икковимизга тегишли хазинани эса ўша кундан эътиборан ўз шахсий мулким деб ҳисоблай бошладим. Шунинг учун ҳам мен истардимки, сизлар, фарзандларим адолатни тикласаларинг. Энгашинглар, қулоқларингни лабимга тутинглар. Ҳамма бойликлар яшириб қўйилган…» Шу пайт унинг афти даҳшатдан буришиб кетди, кўзлари косасидан чиққудай бўлди, чакаклари осилиб тушди, сўнг шундай бир овозда қичқирдики, мен бу овозни ўла-ўлгунча унутмайман: «Уни қўйманглар. Барча муқаддас нарсалар ҳаққи илтимос қиламан, уни қўйманглар!» Биз у тикилган дераза томонга қарадик. Қоронғилик қаъридан бизга бир башара қараб турарди. Дераза ойнасига босилган, оқарган бурни яхши кўриниб турарди. Юзи қаҳр-ғазабга тўла, қошигача соқол босган, кўзлари маъюс ва шафқатсиз эди. Акам икковимиз деразага ташландик, лекин башара ғойиб бўлди. Отамнинг тепасига қайтиб келганимизда, унинг калласи қийшайиб, томирлари уришдан тўхтаганди.

Биз ўша куни кечаси боғнинг ҳаммаёғини қараб чиқдик, лекин дераза тагидаги гулзорда қолган битта оёқ изидан бўлак ҳеч қандай изни тополмадик. Агар мана шу бирдан-бир из бўлмаганида, ўша қаҳр-ғазабга тўла хунук башара хаёлимизда кўринган бир нарса деб ўйлаган бўлардик. Лекин бир оздан кейин яна бошқа белгиларни топдикки, улар бизга қарши қандайдир сирли кучлар курашаётганидан далолат берарди. Бир кун эрталаб отамнинг ётоқхонаси деразаси очилиб қолибди, шкафлару сандиқлар тит-пит қилинганди, ёзув столига қоғоз парчаси ёпиштирилган бўлиб, унга ажи-бужи қилиб: «тўртлар белгиси» деган сўзлар ёзилганди. Уйимизга келиб кетган ўша сирли одамнинг кимлигини, бу сўзлар нимани англатишини шу-шу билолмадик. Гарчи бутун уй остин-устин қилиб ташланганига қарамай, назаримизда отамнинг буюмларидан ҳеч нима йўқолмаган эди. Табиийки, ўша одамнинг кечаси келишини акам икковимиз отамни бир умр таъқиб қилган ваҳима билан алоқадор, деб ўйладик. Лекин ўша одамнинг кимлиги шу вақтгача бир жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Пакана одам жим қолди, кейин ўчиб қолган чилимини яна ёндирди-да, уни устма-уст тортиб, бир зум чуқур ўйга толди. Биз унинг жуда антиқа ҳикоясини зўр эътибор ва қизиқиш билан тинглардик. Отасининг ўлими ҳақида гапираётганда мисс Морстен докадек оқариб кетди, менга у ҳозир ҳушидан кетадигандек бўлиб туюлди. Лекин, бурчакдаги кичкина стол устида турган, венеция шишасидан ясалган графиндан мен қуйиб берган сувдан ичиб, анча ўзига келди, ҳаяжонини босди. Шерлок Холмс кресло суянчиғига суянганича маъносиз боқиб ўтирарди; кўзларининг қанчалик чақнаётгани осилган қовоқларининг тагидан кўриниб турарди. Мен унга қараб, Холмснинг худди шу бугун ҳаётнинг зерикарлиги, бир хиллигидан жуда нолиб гапирганини беихтиёр эсладим. Мана энди ҳар ҳолда, муаммо пайдо бўлди-ю, уни ҳал этиш учун у ўзининг бутун истеъдодини сарф этади. Мистер Таддеуш Шолто гўё ўз ҳикоясининг бизга кўрсатган таассуротидан ҳузур қилаётгандай бир-бир нигоҳ ташлади. У чилимни бурқситиб чекаркан, ҳикоясини давом эттирди:

– Акам икковимиз, сизлар ҳам фаҳмлаган бўлсаларинг керак, отамизнинг хазиналар тўғрисидаги ҳикоясидан қаттиқ ҳаяжонландик. Бир неча ой давомида боғнинг ҳаммаёғини қадам-бақадам кавлаб-қазиб чиқдик, лекин ҳеч вақо тополмадик. Отам ўлими олдидан шу охирги сўзларини айтолганида борми, биз ўша беҳисоб хазинанинг эгаси бўлардик, шуни ўйлаб жинни бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмасди. Биз марварид тасбеҳларга қараб, бойликлар ҳажмини ўзимизча чамаладик. Лекин худди ўша тасбеҳлар хусусида акам икковимиз бир оз жиғиллашиб олдик. Афтидан, бу марваридлар жудаям қиммат турса кераг-у, акам уларни қўлдан чиқаргиси келмасди. Очиғини айтганда бу ожизлик унга отамдан ўтган. Бундан ташқари у, агар битта-яримта бу тасбеҳлардан огоҳ бўлса, ҳар хил миш-мишлар тарқалади-ю, биз ҳам бир балога гирифтор бўламиз, деб ўйларди. Мен акамни мисс Морстеннинг манзилини топиб, унга маълум вақтда тасбеҳларни биттадан юбориб туришга аранг кўндирдим, бу билан ақалли мисс Морстенни муҳтожликдан қутқара олармиз, дедим.

– Сиз кўнгли очиқ одам экансиз, – мисс Морстен ҳикоя қилаётган кишига миннатдорчилик билан қаради. – Сиз олижаноблик қилгансиз.

– Лекин барибир биз сизнинг васийларингиз эдик, – деди пакана одам қўлларини силкитиб. – Ҳар ҳолда мен шундай фикрда эдим. Лекин акам Бартоломью фикримга ҳечам қўшилгиси келмасди. Пулимиз кўп эди. Мен бисотимизда боридан хурсанд эдим. Ёш бир қизга нисбатан бу қадар виждонсизлик қилиш – бу бадахлоқлик аломати. Le mauvais dout mene au sreme1717
  Бадхоҳлик жиноятга олиб боради (французча).


[Закрыть]
. Французлар бу хилдаги фикрларни қандай ихчам ва гўзал ифода этадилар-а! Қарашларимиздаги ихтилоф шу қадар чуқурлашдики, мен алоҳида туришни афзал кўрдим. Шундай қилиб, ўзим билан бирга кекса ҳинду хизматкоримни олдим-да, Пандишери-Ложни тарк этдим. Лекин куни кеча, жуда муҳим бир воқеа содир бўлганидан воқиф бўлдим: ўша бойликлар яшириб қўйилган махфий жой топилибди. Мен ўша заҳоти мисс Морстенга хабар қилдим, мана энди биз ўша Норвудга бориб, ўз улушимизни талаб қилишимиз керак, қиладиган ишимиз шу. Кеча кечқурун акам Бартоломьюга, мисс Морстенга хат юборганимни айтдим. Бинобарин, гарчи улар бизни қучоқ очиб кутиб олмасалар ҳам, ҳар ҳолда кўкрагимиздан итаришмас.

Мистер Шолто жим қолди, у ўзининг ҳашаматли, юмшоқ, кенг диванида ўтириб, ўқтин-ўқтин силкиниб қўярди. Биз бўлсак чурқ этмасдан бу сирли ишнинг кутилмаганда бошқача тус олиши тўғрисида мулоҳаза қилардик. Биринчи бўлиб Шерлок Холмс оёққа турди.

– Сиз, ўзингизни жуда тўғри тутгансиз, сэр, – деди у. – Сиз ҳикоя қилган воқеанинг ҳамма қоронғи томонларини ойдинлаштиришга уриниб кўрамиз, сизга миннатдорчилигимизни шу билан изҳор этамиз. Лекин, ҳозиргина мисс Морстен айтганларидек, чинданам вақт ўтяпти, биз бу ишга зудлик билан киришишимиз керак.

Янги танишимиз чилимнинг трубкасини секин бураб чиқарди-да, сўнг парда орқасидан қоракўл ёқали, четларига жияк қилинган узун пальтосини олди. Ҳаво иссиқ, ҳатто дим бўлишига қарамай, у пальтосининг ҳамма тугмаларини қадади, бошига қуён терисидан тикилган қулоқчинини бостириб кийди, юзидан бўлак ҳаммаёғи бекилган эди.

– Соғлиғимнинг мазаси йўқ, – деб тушунтирди бизга эшик томон юрарканмиз, – қатъий бир режимга амал қилишга мажбурман.

Дарвоза олдида бизни извош кутиб турарди. Афтидан, ҳаммаси аввалдан режалаштириб қўйилганга ўхшайди: биз ўтиришимиз биланоқ отлар елдек учиб кетди. Таддеуш Шолто тинимсиз гапирар, унинг баланд овози арава ғилдиракларининг тақир-туқирини босиб кетарди.

– Бартоломью – ақлли йигит. Сиз нима деб ўйлайсиз, у хазина яширилган сандиқчани топдимикин? У шундай хулосага келдики, модомики, сандиқча ташқарида йўқ экан, демак у уйда, хонанинг қаеридадир бўлади. У ҳамма хоналар-у, йўлакларни, қазноқларни ўлчаб чиқди. Маълум бўлдики, бутун уйнинг баландлиги етмиш тўрт фут экан, устма-уст тушган хоналарнинг ҳар бирининг баландлигини олиб, ҳаммасини қўшсак, кейин у икки томонидан тешиб ўлчаб чиққан томнинг қалинлигини ҳам ҳисобга олсак, умумий баландлиги етмиш футдан ошмайди. Демак, тўрт фут қаёққадир йўқолибди. Турган гапки, уларни тепадан қидириш керак. Шундан кейин акам юқори қаватдаги хонанинг шипини тешган, қараса, яна бир кичкинагина чордоқ бор экан, шундай бўлиши ҳам керак эди, у беркитиб ташланганди, шунинг учун ҳам уни ҳеч ким билмасди. Чордоқнинг ўртасида, тўсин устида хазина солинган сандиқча турарди. Бартоломью бир амаллаб тешикдан чиқариб олди-да, қопқоғини очди. Унда камида ярим миллион фунтли қимматбаҳо буюмлар бор эди.

Бу рақамни эшитиб, ҳаммамиз бақрайиб қолдик. Агар мисс Морстен ҳақини ҳимоя қилолсак, у бечораҳол қиздан Англиянинг энг бадавлат келинларидан бирига айланади. Шак-шубҳасизки, ҳар қандай чин дўст бундай янгиликдан хурсанд бўлиши керак эди. Уят бўлса ҳам айтишим керак, бу хабар юрагимга тошдек қадалди. Мен тутила-тутила минғиллаб табрикладим-да, янги танишимнинг кейинги гапларига қулоқ солмай полга маъюс тикилиб қолдим. У ғирт васвас, ваҳимачи эди. У касалларини бир чеккадан санаб, фирибгарлардан сотиб олган ва доимо чарм халтада кўтариб юрадиган хилма-хил дори-дармонларнинг таркиби-ю, таъсирини тушунтириб беришни сўраб ялинганини уйқу аралаш эшитдим. Зора у ўша куни кечаси берган маслаҳатларимни эслаб қолмаган бўлса, деган умиддаман. Холмс, канакунжут мойини зинҳор икки томчидан кўп ичманг, деб огоҳлантирганимни эшитибди. Мен яна тинчлантирувчи восита ўрнида стрихнинни катта миқдорларда ичишни маслаҳат берибман. Нима бўлганда ҳам извошимиз шартта тўхтаб, извошчи сакраб тушиб эшикни очганида ўзимни анча енгил ҳис этдим.

– Мисс Морстен, мана Пондишери-Ложга ҳам келдик, – деди мистер Таддеуш, унга қўлини узатар экан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации