Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 26


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 26 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XII БОБ
Ботқоқликдаги ўлим

Ўз қулоқларимга ишонмай, бир ёки икки дақиқа қотиб қолдим ва бу кутилмаган ҳодисадан ўзимга келолмадим. Сўнгра, ўзимни тутиб олиб, гапиришга қодир бўлдим ва елкамдан катта тоғ тушгандек ҳис қилдим. Бу совуқ, заҳарханда овоз бутун дунёда фақат бир кишиники бўлиши мумкин эди.

– Холмс! – деб қичқириб юбордим. – Холмс!

– Чиқаверинг, – деди у, – лекин тўппончага эҳтиёт бўлинг.

Ғордан чиқишим биланоқ уни кўрдим. Холмс тошга ўтириб олган ва унинг шўхчан кўзлари ҳайратда қолган важоҳатимга тикилиб турарди. Мен кўрганимдан буён у анча озиб қолибди, лекин кўриниши бардам, хотиржам, афти офтоб нуридан қорайиброқ қолган эди. У спортчилар кийимини, қалпоғини кийиб олгани учун худди ботқоқликларда сайр қилиб юрган сайёҳга ўхшарди. У худди мушук каби озодаликка риоя қилиш одатини ҳам тарк қилмабди: соқолини сип-силлиқ қилиб қирдиргани, кўйлагида битта ҳам доғи йўқлиги кўриниб турарди. Мен ўзимни у билан худди Бейкер-стритда учрашгандек ҳис қилдим.

Унинг қўлини маҳкам сиқиб дедим:

– Бу ерда сизни кўриб бениҳоя хурсанд бўлдим!

– Яна таажжубландим ҳам, деб қўя қолинг!

– Ҳа, гапингиз тўғри.

– Лекин сизни ишонтириб айта оламанки, дўстим, бунга фақат сиз ўзингизгина таажжубланганингиз йўқ. Менинг вақтинча маконимни топишга муваффақ бўлишингиз хаёлимга ҳам келмаган эди, бу ерда сизни учратаман деб сира ҳам ўйламаган эдим. Сиз бу ердалигингизни ғорга етишимга атиги йигирма қадам қолганидагина пайқадим.

– Сиз изларимни билиб олдингизми?

– Йўқ, Уотсон! Дунёдаги бошқа жуда кўп излар орасидан сизнинг изингизни аниқлаб олиш қўлимдан келмайдиган иш бўлса керак, деб ўйлайман. Мабодо, келгусида мени бир амаллаб адаштирмоқчи бўлсангиз, сизга аввало тамаки магазинини ўзгартиришни маслаҳат қилардим, чунки «Брейдли Оксфорд-стрит» маркали папиросни кўришим билан дарров дўстим Уотсон шу орадаги яқин бир жойда эканини пайқаб оламан. Мана, сиз чекиб ташлаб кетган папирос, сўқмоқ йўлдан топиб олдим. Бўш ётган маконимга босиб киришга жазм қилган дақиқангизда уни улоқтириб ташлаган бўлсангиз керак.

– Жуда тўғри.

– Мен ҳам шундай деб ўйлагандим… Сизнинг характерингизни олдиндан билганим учун ғор ичида пистирма қуриб, шу ғор эгасининг қайтиб келишини тўппонча ушлаб кутиб турган бўлсангиз керак, деган фикр хаёлимга келди. Демак, сиз ҳақиқатан ҳам мени жиноятчи келяпти, деб ўйладингизми?

– Сизнинг кимлигингизни билмаган эдим, лекин билиб олишга жазм қилиб қўйгандим.

– Жуда соз, Уотсон! Хўш, бу маконимни қандай топдингиз? Маҳбусни қувлаб юрган вақтимда мени кўрган бўлсангиз керак, ўшанда бефаҳмлик қилиб, ойдинга рўпара бўлиб қолгандим.

– Ҳа, ўшанда сизни кўриб қолдим.

– Шундан кейин сиз мана шу ғорни топгунча бошқа ҳамма ғорларни бирма-бир текшириб чиққан бўлсангиз керак?

– Йўқ, изингизни менга болангиз сездириб қўйди, уни бу ерда яна кимдир кузатиб юрибди.

– Ие! Дурбинли жентльмен чол бўлса керак! Дурбиннинг линзасига қуёш шуъласи тушиб ялтираганини кўрган эдим. Аввал нима ялтираётганини билолмадим. – У ўрнидан туриб, ғор ичига қаради. – Демак, Картрайт бу ерга келиб кетибди. Бу қоғозга нималарни ёзган экан? Ие, сиз Кумби-Тресига бориб келибсиз-да!

– Ҳа.

– Миссис Лаура Лайонс билан учрашиш учунми?

– Худди шундай.

– Жуда соз. Қидириш ишларини олиб боришда сиз билан биз ёнма-ён йўлдан борганга ўхшаймиз. Агар шундай бўлса, топган маълумотларимизни энди бир-биримизга айтиб беришимиз керак, шундагина бу иш тўғрисида озми-кўпми равшан тасаввур ҳосил қилган бўламиз.

– Бу ерга келганингизга ғоят хурсандман! Мана шу сирларнинг ҳаммаси ва устимдаги масъулият менга шу қадар оғир юк бўлиб тушдики, тоқатим тоқ бўлишига сал қолди. Хўш, сиз бу ерга қандай келиб қолдингиз? Бу ерда нималар қиляпсиз? Мен бўлсам, Холмс Бейкер-стритда ўтириб, ғирром қиморбозлар тўғрисидаги иш устида бош қотиряпти, деб ўйлаб юрибман!

– Сиз худди шундай деб ўйлашингизни истаган эдим.

– Демак, ёрдамимдан фойдаланяпсиз-у, айни вақтда менга ишонмаётган экансиз-да? – деб хафа бўлдим мен. – Бунга сазовор бўлмаган эдим, Холмс!

– Дўстим, бу ишда ҳам, бошқа кўп ишларда ҳам сиз менга ҳамиша бебаҳо ёрдам бериб келдингиз. Агар сиз, Холмс мени лақиллатибди, деб ўйлаётган бўлсангиз, ўтинаманки, бунга жаҳлингиз чиқмасин! Очиғини айтсам, мен фақат сизни деб шундай қилдим. Сиз хавф остида қолаётганингизни сезиб, ишни шахсан текшириш учун ўзим шу ерга келдим. Агар мен сэр Генри ва сиз билан бирга бўлганимда эди, менинг нуқтаи назарим сизларникидан ҳеч фарқ қилмаган бўларди, рақибларимиз ҳам сергакликни қўлдан бермаган бўлур эдилар. Баскервиль-холлга келиш мени жуда боғлаб қўйган бўларди, аммо бу ерга ошкора келмасдан бемалолроқ ишлашга қарор қилдим. Шунинг учун ҳам ўзим панада туриб, энг қалтис пайт келганда майдонга чиқишга шайландим.

– Лекин ўзингизни мендан ҳам яшириб юришингизнинг нима ҳожати бор эди?

– Агар сиз бу ердалигимни билганингизда, бунинг бирор нарсага ёрдами тегмасди, эҳтимолки, бунинг оқибатида ўзим фош бўлиб қолган бўлур эдим. Эҳтимолки, сиз бирор нарсани менга айтгингиз келиб қолур эди ёки одатингизча менга яхшилик қилмоқчи бўлиб, бу ерда мен учун қулайлик туғдириш пайига тушиб қолган бўлур эдингиз. Ўзимизни беҳуда хавф-хатарга дуч келтиришнинг нима кераги бор? Ўзингиз билган ўша конторадаги югурдак бола эсингиздами? Мен ўша Картрайтни бирга олиб келдим, у менга жуда яхши хизмат қилиб турибди. Менинг қаноатли эканимни биласиз-ку: бир бурда нон, тоза ёқа, яна бунинг устига битта ёрдамчи киши бўлса, бас! Бундан ташқари, Картрайт менинг учун яна бир жуфт кўз-у яна жуда тез югурадиган бир жуфт оёқ хизматини қилади. Униси ҳам, буниси ҳам хизматимга ҳамиша тайёр.

– Демак, бекорга овора бўлиб ҳисоботлар ёзиб юрган эканман-да, – дедим қалтираган овоз билан ва шу ҳисоботларни ёзишга нақадар кўп меҳнат сарфлаганимни ва бу ишим учун нақадар фахрланиб юрганимни эсладим.

Холмс чўнтагидан тахлаб қўйилган хатларни чиқарди.

– Мана, сизнинг ҳисоботларингиз. Уотсон, буларни жуда синчиклаб ўрганиб чиққанман, бунга шак-шубҳа қилмасангиз бўлади. Мен алоқани шундай яхши йўлга қўйдимки, сиз юборган хатлар нариси билан фақат бир кун кечикиб қўлимга тегадиган бўлди. Бунинг учун сизни чин кўнгилдан табриклайман. Бундай, одатдан ташқари қийин ишда зўр матонат ва кузатувчанлик билан ҳаракат қилганингизни ҳар қанча мақтасам ҳам оз.

Мени лақиллатиш учун шу қадар моҳирлик қилингани натижасида кўнглимда пайдо бўлган ғашликни ҳали сира йўқота олмаган бўлсам ҳам, аммо Холмснинг ёқимли сўзлари менга таскин бўлди. Бундан ташқари, дўстимнинг қилган иши ҳақ эканлигини чин юракдан ҳис қилмоқда эдим ва иш манфаатларини ўйлаганда унинг бу ерга келганини билмаслигим кераклигига тан бермоқда эдим. У чеҳрам очилганини кўриб, деди:

– Баракалла, азамат! Энди менга миссис Лаура Лайонс ҳузурига борганингизни гапириб беринг. Сиз қандай одам олдига борганингизни дарров пайқаб олдим, чунки у Кумби-Тресида бирон нарсани билиб олишимизга имкон берадиган бирдан бир одам эканлиги энди менга равшан. Очиғини айтсам, агар сиз бугун унинг олдига бориб келмасангиз, эртага ўзим албатта борган бўлардим.

Қуёш ботиб кўздан ғойиб бўлган, ботқоқликни қоронғилик қоплаган эди. Ҳаво дарров салқин бўлиб қолди, шунинг учун ҳам биз ғорга кириб олдик. Ғорда Холмснинг ёнига ўтириб олиб, миссис Лайонс билан нималарни гаплашганимни унга айтиб бердим. Гапларимга у шу қадар қизиқиб кетдики, Лайонсдан эшитганларимнинг кўпини икки мартадан такрорлашим лозим бўлиб қолди.

– Эшитган гапларингизнинг ҳаммаси жуда муҳим, – деди Холмс, – гапимни тамомлаганимдан кейин. – Бу ғоят мураккаб иш. Бунда мен шу вақтгача тўлдиролмаётган бир рахна бор эди. Стэплтон миссис Лайонс билан қалин дўст эканини билсангиз керак?

– Йўқ, уларнинг дўстлиги тўғрисида ҳеч нарса эшитмадим.

– Уларнинг дўстлиги аниқ. Улар бир-бирлари билан учрашиб, хат ёзишиб туришади. Умуман улар бир-бирлари билан жуда иноқ, бу эса бизнинг қўлимизга катта козир беради. Агар унинг хотинига таъсир қилмоқ учун мана шу козирни ишга солсак…

– Унинг хотини борми?

– Сиз айтиб берган маълумотлар эвазига мен ҳам баъзи бир нарсаларни гапириб бераман. Бу ерда Стэплтон синглим деб юрган қиз, аслида хотини.

– Худоё тавба, Холмс! Сиз бунга аминмисиз? Агар шундай бўлса, нега у сэр Генрининг миссис Стэплтонга ошиқ бўлиб қолишига йўл қўйди?

– Сэр Генрининг ошиқлиги, фақат сэр Генрининг ўзига хавф туғдирарди, холос. Стэплтон у аёлни баронетга яқин йўлатмасликка зўр бериб уринаётганини ўзингиз ҳам пайқаган бўлсангиз керак. Такрор айтаманки, у хоним Стэплтоннинг синглиси эмас, балки хотини.

– Лекин бунақа найрангбозликнинг нима кераги бор?

– Бунинг сабабини ҳам айтиб бераман. Бу хотиннинг эрсиз хотин ролини ўйнаши кўпроқ фойда етказишини Стэплтон олдиндан ўйлаб қўйган эди.

Менга равшан бўлмаган гумонларнинг ҳаммаси, кўнглим сезиб турган нарсаларнинг ҳаммаси бирданига қалқиб юзага чиқди ва табиатшунос теварагида бир-бирига туташди. Бошига похол шляпа кийиб, капалак овлаш учун қўлига матрабча кўтариб юрган ана шу ювош нурсиз кишидан қандайдир даҳшат ҳиди келиб турарди. У ўзини сабрли, одми киши қилиб юрган бўлса ҳам, унинг лабларидаги табассум айёрлик аломати экани, қалбида эса, ҳасад ўти қайнаб тошаётгани энди менга аён бўлиб қолди…

– Демак, рақибингиз ўша экан-да? Демак, Лондонда сизни пойлаб юрган киши ҳам ўша экан-да?

– Ҳа, мен бу жумбоқни мана шундай ечдим.

– Огоҳлантирувчи хатни-чи… Уни ўша аёл юборган эканми?

– Худди шундай.

Ярмиси кўзим билан кўрган, ярмисини ўзим пайқаган мудҳиш ёвузлик аломатлари, мен узоқ адашиб юрган зулматдан кўзимга яққол кўриниб қолди.

– Наҳотки, шу гаплар тўғри бўлса, Холмс? Сиз у аёл Стэплтоннинг хотини эканини қаёқдан билдингиз?

– Стэплтон сиз билан биринчи учрашганида гапга берилиб кетиб, ўз таржимаи ҳолининг бир қисмини айтиб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бунга шу вақтгача пушаймон қилиб юрган бўлса керак. Ҳақиқатан ҳам, Англиянинг шимолида унинг мактаби бўлгани рост. Муаллимни қидириб топишдан осон иш йўқ. Бунинг учун мактаб агентликлари деб аталган ташкилотлар бор. Бу агентликлар муаллимлик касбига алоқадор бўлган ҳар қандай киши тўғрисида сизга маълумот топиб беришади. Мен ҳам буни суриштириб кўрдим. Сал фурсат ўтмай, бир мактабда жуда кўнгилсиз воқеа рўй берганини ва шу мактабнинг директори хотини билан қочиб кетганини билиб олдим – у вақтда фамилияси бошқача эди. Ўша мактаб директорининг ҳамма нишоналари Стэплтоннинг нишоналарига айнан ўхшайди. Стэплтон энтомология5454
  Энтомология – зоологиянинг ҳашаротларга бағишланган бўлими.


[Закрыть]
га берилган киши эканини билганимдан сўнг кўнглимдаги шубҳа бутунлай йўқолди. Атрофимни ўраб турган зулмат аста-секин ёриша бошлади, лекин унинг қоронғилигида кўринмаётган нарсалар ҳали ҳам кўп эди.

– Агар ўша аёл Стэплтоннинг хотини бўлса, бунга миссис Лаура Лайонснинг нима алоқаси бор? – деб савол бердим.

– Бу нарса ўзингиз бир оз аёнлаштириб берган моддаларнинг бири. Сиз Кумби-Тресига бориб келганингиздан кейин, кўп нарса менга равшан бўлди. Масалан, миссис Лайонс эридан талоқ хати олмоқчи бўлиб юрганини билмас эдим. У Стэплтонга тегмоқчи бўлиб юрган бўлса керак – ахир у Стэплтоннинг хотини борлигини билмайди-ку!

– Буни билиб қолса-чи?

– У ҳолда хоним биз учун жуда фойдали бўлиши мумкин. Икковимиз эртагаёқ уни кўришимиз керак. Энди, Уотсон, вазифангизга қайтадиган вақтингиз келиб қолмадимикан? Сиз Баскервильхоллда бўлишингиз керак.

Қуёшнинг ғарбдаги охирги қизил шуълалари сўнди, ботқоқликни қоронғилик қоплади. Қизарган осмонда юлдуз милтиллаб турарди.

– Яна битта, охирги саволим бор, Холмс, – дедим ўрнимдан туриб. – Бир-биримиздан яширадиган гапимиз йўқ. Шунча ҳийла-найрангларнинг маъноси нима? Бу ҳийла-найранглар нимага олиб боради?

Холмс менга бўғиқ овоз билан жавоб берди:

– Ўлдиришга, Уотсон… Пухта ўйланган ўлдиришга. Тафсилотларини мендан сўраманг. Стэплтон сэр Генрини ўз тузоғига илинтирмоқда, аммо мен уни ўз тузоғимга илинтиряпман. Сизнинг ёрдамингиз билан уни тузоғимга илинтирдим, десам ҳам бўлади. Энди биз фақат битта хавф остида турибмиз – у биринчи бўлиб бизга зарба бериши мумкин. Яна бир кун, энг кўпи билан икки кундан кейин ҳамма нарсам тайёр бўлади, меҳрибон она ўзининг касал боласини қандай авайлаб асраса, сиз ҳам ўша кун келгунча сэр Генрини асраб туринг. У ердан бугун сизнинг кетиб қолганингизни кечирса бўлади, аммо мен уни сира ташлаб кетмаган бўлардим… Эшитяпсизми?

Даҳшат ва алам билан тўла мудҳиш фарёд сукунат босган ботқоқликда янграб эшитилди. Мен уни эшитдим-у, томирларимдаги қон тўхтаб қолгандай ҳис қилдим.

– Худоё тавба! Нима бу? Бу қанақа овоз?

Холмс ўрнидан сапчиб турди, унинг баланд гавдаси ғор оғзини қоплади. У ғор оғзида энгашиб, бўйнини чўзиб қоронғиликка диққат билан қулоқ солиб қолди. Менга шивирлаб:

– Дамингизни чиқарманг! – деб айтишга улгурди, холос.

Бизни ҳайратда қолдирган бу қичқириқ ботқоқликдаги қоп-қоронғи зулмат ичидан келмоқда эди. Лекин энди у яқинроқдан, аниқроқ эшитила бошлади.

– Қаердан келяпти? – деб шивирлади Холмс, асаблари темирдай мустаҳкам бўлган бу одамнинг овози қалтираб кетганидан, бу фарёд унинг ҳам юрагини тирмалаганини пайқадим. – Қичқириқ қаёқдан келяпти, Уотсон?

– Менимча, анов томондан. – Мен қўлимни чўзиб қоронғиликни кўрсатдим.

– Йўқ, манави томондан!

Аламли қичқириқ жимжит қоронғиликни яна янгратиб юборди, лекин бу сафар тағин ҳам яқинроқ жойдан, тағин ҳам баландроқ эшитилди. Энди қичқириқ овозига қандайдир бошқа товушлар – денгизнинг тўхтовсиз ҳайқириғини эслатадиган бўғиқ бўкириш товушлари аралашиб кетди.

– Итнинг овози бу, – деб қичқирди Холмс. – Чопайлик, Уотсон, чопайлик! Чопайлик! Кечикиб қолмасак бўлгани!

У қоронғиликка томон югурди, мен ҳам унинг кетидан югурдим. Тўсатдан қаердадир бизнинг рўпарамизда тошларнинг орқасида изтиробли фарёд, сўнгра эса бўғиқ, оғир тақиллаган товуш эшитилди. Биз тўхтаб қулоқ солдик. Лекин кўнгилни ғаш қилиб турган шамолсиз тун сукунатини бузувчи бошқа овоз эшитилмади.

Холмс эсини йўқотиб қўйган кишидек, бошини ушлаб олиб, ер тепинганини кўрдим.

– У биздан олдинроқ келибди, Уотсон! Кечикиб қолибмиз! Йўғ-э, ундай бўлмаса керак!

– Нега мен имирсилаб қолдим! Сиз ҳам шошилтирмадингиз-а, Уотсон! Баскервилни ёлғиз қолдириб келавердингиз, мана энди бунинг оқибати! Йўқ, гарчи фожианинг олдини олиш имкони бўлмаса ҳам, лекин барибир аблаҳдан ўч оламан.

Даҳшатли қичқириқ овози келган томонга йўл қаердалигини суриштирмай югурдик. Биз гоҳ тепаликлар устига чиқиб, пастга югуриб тушиб, гоҳ қоронғиликда тошларга қоқилиб, кийимларимиз йиртилганига қарамай, тиканзор орасидан югуриб борар эдик. Ҳар бир тепаликка чиққанимизда дўстим дарров теварак-атрофга назар соларди, лекин қоронғи зулмат ботқоқликни қоплаб ётарди, шунинг учун ҳам бу мудҳиш кенг ботқоқликда бирор ҳаракат борлигини пайқаб бўлмасди.

– Сиз бирор нарса кўряпсизми?

– Ҳеч нарса кўринмайди.

– Тўхтанг! Нима бу?

Хириллаб инграган товуш қулоғимга чалинди. Бу товуш чап томондан келаётганди. Ўша томонда тикка тушган тош қиямалик остида катта-кичик тошлар уюлиб ётарди, ана шу тошлар орасида қора нарса кўзга ташланди. Югуриб борган эдик, ўша қора нарса кўзимизга тағин ҳам аниқроқ кўрина бошлади. Бу қора нарса ерга мук тушиб ётган одамнинг гавдаси эди. Унинг боши ерга ёпишган, елкаси кўтарилиб кўзга очиқ кўриниб турарди. Одамнинг бундай ғалати ҳолатда ётгани дастлабки дақиқада унинг инграши ўлим олдидаги инграш эканини пайқаб олишимга халақит берди. Биз унинг устига энгашиб, қулоқ солиб турдик, лекин на хириллаган товушни эшита олдик, на шитирлаган овозни пайқай олдик. Холмс ҳаракатсиз ётган гавдани қимирлатиб кўриб, қўрққанидан қичқириб юборди ва шу ондаёқ гавдани ушлаб турган қўлини тортиб олди. Ёқилган гугуртнинг шуъласи унинг қонга беланган бармоқларини ва ўликнинг ёрилган бошидан секин оқиб тушаётган қонни ёритди. Юрагимиз тўхтаб қолгудек бўлди – гугурт ёруғида биз сэр Генри Баскервилнинг ўлиб ётган гавдасини кўрдик.

Мана шу қизғиш жигарранг костюмни, баронет Бейкер-стритга биринчи марта кийиб келган костюмнинг ўзини унутиш мумкинми, ахир? Бир сониянинг ўзидаёқ уни таниб олдик, сўнгра гугурт яна ловиллаб ёнди ва биздаги умиднинг охирги учқуни сўнганидек ўчиб қолди. Холмс оҳ тортиб юборди, ҳатто қоронғиликда ҳам унинг чеҳраси оқариб кетганини аниқ кўрдим.

– Аблаҳ! Аблаҳ! – Қўлларим ўз-ўзидан мушт бўлди. – Холмс, мен уни ёлғиз ташлаб кетганим учун ўзимни сира кечирмайман!

– Менинг айбим кўпроқ, Уотсон, бу ишни якунлайман, поёнига етказаман деган бўлиб, мижозимни қурбон қилиб қўйдим. Хуфиялик иши билан шуғуллана бошлаганимдан бери умримда бошқа шундай бир зарбага учраганимни эслай олмайман. Лекин ҳар қанча эҳтиётлик чораларини кўришимга қарамай, у якка ўзи ботқоқликка чиқади, деб ўйлаш кимнинг хаёлига кела олар эди, ким шундай деб ўйларди!

– Биз унинг фарёдини эшитдик – Худоё тавба, жонимизни суғуриб олгудек фарёд қилди! Шундай бўлса ҳам унга дарров ёрдамга етиб келолмадик! Унинг ўлишига сабаб бўлган даҳшатли ит қаёққа ғойиб бўлдийкин? Эҳтимол, у ҳозир ҳам шу атрофда изғиб юргандир! Стэплтон қаерда бўлдийкин? Бу воқеа учун у жавоб беради!

– Ҳа, шу воқеаларнинг ҳаммаси учун у жавоб беради, мен бунинг чорасини кўраман. Амакиси ҳам, жияни ҳам – иккови ўлдирилди. Биттаси ўша даҳшатли итни кўриши биланоқ, қўрққанидан жон берди, чунки уни фавқулодда махлуқ деб ҳисоблаб юрар эди, иккинчиси, ўша даҳшатли махлуқдан қочиб ҳалок бўлди. Лекин энди биз шу киши билан ит ўртасида боғланиш борлигини исбот қилишимиз керак. Биз итнинг вовиллаганини эшитдик, лекин буни ҳали далил деб бўлмайди, чунки сэр Генри йиқилганида боши ёрилиб ўлган бўлса керак. Шундай бўлса ҳам, бизнинг рақибимиз ҳар қанча маккор бўлишига қарамай, уни эртага қўлга тушираман, бунинг учун қасамёд қиламан!

Биз узоқ давом этган машаққатли меҳнатимизнинг охирини шу қадар ғамгин натижа билан якунлаган, тўсатдан пайдо бўлиб қолган ва сира тузатиб бўлмайдиган бу кулфатда ҳаяжонга тушиб, мажақланган жасад олдида туриб қолдик. Сўнгра булутлар орасидан ой кўриниши билан баланд тош тепасига чиқиб, ойдин ёритиб турган ботқоқликка назар солдик (бизнинг бахтсиз дўстимиз шу тош тепасидан ағдарилиб тушган эди). Олисда, қаердадир Гримпен атрофида сариқ чироқ кўриниб турарди. Бу чироқ фақат Стэплтонларнинг хилват уйидагина ёниши мумкин эди. Мен қўлимни мушт қилиб ва лаънатлар ўқиб, ўша томонга таҳдид қилдим.

– Нимани кутяпмиз? Уни дарров ушлаб олиш керак!

– Иш ҳали тугагани йўқ, аммо у эҳтиёткор, маккор одам. Биз кўп нарсаларни биламиз-у, аммо буни исботлаш қийин. Битта эҳтиётсиз қадам қўйишимиз билан у аблаҳ бизнинг қўлимиздан чиқиб кетади.

– Бўлмаса нима қилиш керак?

– Эртага қиладиган ишимиз кўп. Аммо бугун бечора сэр Генрига охирги хизматимизни кўрсатишимиз керак, холос.

Биз қияликдан пастга тушиб, ойдинда кўриниб турган тошлар орасида ётган ва қорайиб кетган мурданинг олдига бордик. Азобланиб ўлган бу кишининг жасадини кўришим биланоқ, юрагимни алам босди ва кўзим жиққа ёшга тўлди.

– Бизга ёрдамлашадиган бир одам топмасак бўлмайди, Холмс, биз уни ўзимиз олиб кетолмаймиз…Тавба, сизга нима бўлди? Эсингизни еб қўйибсиз!

Холмс қичқириб юборди ва сэр Генрининг жасадига энгашди. Тўсатдан у хохолаб менинг қўлимни силкитиб, ўйинга туша бошлади. Ҳамиша ўзини тута биладиган дўстим наҳотки шу қадар енгилтаклик қилса? Яшириниб ётган аланга сиртга отилиб чиққанида шунақа бўлар экан-да!

– Соқолини қаранг! Унинг соқоли бор-ку!

– Соқоли дейсизми?

– Бу сэр Генри эмас! Тавба, бу менинг қўшним, маҳбуснинг ўзи-ку.

Биз жуда тез мурдани ўнглаб қўйдик, унинг қонга беланган соқоли энди совуқ ойдинда чўққайиб турарди. Энди ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас! Тор пешона, маймунники сингари чўкиб кетган кўзлар. Тошлар орасида шам ёруғида менга лип этиб кўринган кишининг худди ўзи эди – қотил Селденнинг ўзи эди бу.

Ана шунда мен ҳамма нарсани тушундим. Баронет ўзининг эски кийимларининг ҳаммасини деярли Бэрриморга тортиқ қилгани эсимга тушди. Демак, сафарга чиқиш олдидан кийиниб олгин, деб Бэрримор ўша кийимларни Селденга берган экан. Мана у оёқ кийимларини, кўйлакни, қалпоқни, мана шуларнинг ҳаммасини бир вақтлар сэр Генри кийиб юрарди. Дуруст, фожиа фожиалигича қола берди, лекин бу одам барибир мамлакатимиз қонунларига биноан ўлдирилишга сазовор киши эди. Хурсандлигимдан ўзимни йўқотиб қўйгудек бўлиб, бу ҳодисаларнинг ҳаммаси қандай рўй берганини Холмсга тушунтирдим.

– Демак, бу бечора шу костюмни кийиб олгани сабабли ҳалок бўлибди-да, – деди Холмс. – Сэр Генрининг бирор буюмини итга искатган бўлишлари керак. – Итга искатилган буюм отелда йўқолган оёқ кийимининг ўзи экани эҳтимолдан холи эмас. Шу буюмни искаган ит маҳбуснинг кетидан қувлаган. Аниқланмаган фақат бир нарса қолди: Селден орқасидан кимдир қувлаб келаётганини қоронғида қандай кўрдийкин!

– Эшитган бўлса керак.

– Ботқоқда ит чопиб келаётганини эшитган-у, тутилиб қолмай деб ёрдам сўраб қичқирган дейсизми? Йўқ, йўқ, маҳбус бунақа нарсалардан қўрқмайди. Бир нарсани билиш керак: Селден орқасидан ит қувиб келаётганини қандай кўрдийкин?

– Менимча, бундан кўра ғалатироқ нарсалар бор. Фаразларимизни тўғри деб ўйласак, нега бу итни…

– Мен ҳеч нарсани фараз қилаётганим йўқ.

– Яхши. Нега бу итни кечаси ботқоқликка чиқариб юборишдийкин? Итни ҳамиша шундай бемалол қўйиб юборишмаса керак. Сэр Генрининг бу ерга келишини Стэплтон кутган бўлиши эҳтимол.

– Менинг жумбоғим бундан кўра қийинроқ. Сизнинг жумбоғингизга тез жавоб топамиз, аммо менинг бу жумбоғим барибир ечилмасдан қолса керак. Энди бу бечорани нима қилиш кераклигини ўйлаб кўрайлик. Уни бу ерда тулкиларга ва калхатларга ем қилиб қолдириб бўлмайди-ку!

– Полицияга хабар бергунимизча бирор ғорда ёта турсин.

– Тўғри, уни ғорга бир амаллаб элтиб қўямиз. Қаранг, Уотсон! Нима бу? Наҳотки унинг ўзи бўлса? Унинг юрагини қаранг-а!.. Гумонларимиз тўғрисида оғиз очманг, чурқ этманг. Акс ҳолда режаларимизнинг ҳаммаси барбод бўлади.

Ботқоқлик ичкарисидан бир киши бизга яқинлашиб келди. У чекаётган сигара олисдан милтиллаб кўринарди. Ойдин уни ёритиб турарди, унинг ориқ гавдасини ва тез, пилдираб йўл босиб келаётганини кўриб, табиатшунос эканлигини дарров фаҳмладим. У бизни кўриб, тўхтаб олдида, яна олдинга юрди.

– Доктор Уотсон! Ўзингизмисиз? Сизни кечаси ботқоқликда учратаман, деб сира ўйламаган эдим, тавба! Тавба! Нима бу? Қандай ҳодиса рўй берди! Йўқ, ишонгим келмайди! Наҳотки, бу бизнинг дўстимиз сэр Генрининг ўзи бўлса?

Стэплтон ёнимдан югуриб ўтиб, ўликка энгашиб тикилди…

Унинг ҳарсиллаб нафас олаётганини эшитдим, қўлидаги сигараси тушиб кетди.

– Ким?.. Ким бу?! – дудуқланиб ғўлдиради у.

– Бу Селден, Принстаун турмасидан қочган маҳбус.

Стэплтон ўликдай оқарган башарасини бизга ўгирди. У ўзининг таажжубланганини ва умиди пучга чиққанини бизга сездирмасликка уриниб, минг машаққат билан ўзини қўлга олди. У дастлаб Холмсга, сўнгра менга тикилди.

– Тавба, нақадар даҳшатли воқеа рўй берибди! Нега шундай бўлдийкин?

– Анави қиямаликдан ағдарилиб тушиб, бўйнини синдирган бўлса керак. Биз ошнам билан ботқоқликни томоша қилиб юрган эдик, кимнингдир қичқирганини эшитдик.

– Мен бўлсам, шу қичқирган товушни эшитиб, уйимдан чиқдим. Сэр Генридан хавотир эдим.

Ўзимни тўхтатолмай:

– Нега сиз сэр Генридан хавотир бўласиз? – дедим.

– Бугун у бизникига келиши керак эди, нима учундир келмади, мен бунга жуда ҳайрон бўлдим. Ботқоқликдан қичқириқ овозини эшитишим билан табиий, сэр Генри эмасмикин, деб хавотирландим. Айтгандай, – Стэплтон мендан яна юзини буриб, Холмсга қаради, – сизлар шу қичқириқдан бошқа ҳеч нима эшитмадингизми?

– Йўқ, – деди Холмс, – Сиз-чи?

– Мен ҳам эшитганим йўқ.

– Ундай бўлса нега сўраяпсиз?

– Асло сўраманг, бу ерда қандайдир ваҳимали ит борлиги ва шунга ўхшаш ажойиботлар тўғрисидаги гаплардан ўзингизнинг ҳам хабарингиз бор-ку! Бу ердаги фермерлар ўша ваҳимали ит ҳар кун кечаси ботқоқликда изғиб юради, дейишади. Шунинг учун мабодо унинг овозини эшитмадингизми, деб сўраяпман.

– Йўқ, биз ҳеч нима эшитмадик, – дедим.

– Бу бечоранинг ҳалок булганига сабаб нима деб ўйлайсиз?

– Мен аминманки, у тутилиб қоламан, деб ҳамиша хавфланиб юриб, қўрққанидан миясини еб қўйган бўлса керак. Ақлдан озган жиннилардек жазаваси тутиб, ботқоқликда чопиб юрган ва, ниҳоят, қиямаликдан ағдарилиб тушиб, бўйнини синдирган бўлса керак.

– Ҳа, гапингиз ростга ўхшайди, – деди Стэплтон ва устидан оғир юк тушгандек эркин нафас олди. – Хўш, сиз бунга нима дейсиз, мистер Шерлок Холмс?

– Фаҳмингизга тасанно! – деди дўстим унга таъзим қилиб.

– Сизни биз кўпдан бери, доктор Уотсон бу ерга келгандан бери кутар эдик. Сиз айни ўз вақтида – фожиа рўй берган вақтда етиб келдингиз.

– Ҳа, дарҳақиқат шундай! Дўстим бу фожиани тўғри изоҳлаб беришига аминман. Аммо эртага мен кўнглим ғашлигича Лондонга жўнаб кетаман.

– Ие! Эртага кетасизми?

– Кетмоқчиман.

– Лекин сизнинг бу ерга келишингиз бизларни таажжубга солиб қўйган шу воқеаларнинг ҳаммасини изоҳлаб беради, албатта.

Холмс елкасини қисиб қўйди:

– Ишимиз ҳамиша ҳам муваффақиятли бўлиб чиқавермайди. Текшириш ўтказаётганда афсоналар ва овозаларга эмас, балки фактларга таяниш керак. Бу ишни текширишда бирор натижа чиқара олмаётибман.

Дўстим жуда табиий оҳангда ва жуда осойишталик билан шу гапларни айтди. Стэплтон унга диққат билан тикилиб қаради. Сўнгра, Стэплтон менга қараб:

– Бу одамнинг ўлигини уйимга олиб бориб қўйишни бажонидил таклиф қилар эдим-у, лекин синглим қўрқиб кетса керак, уни бизникига олиб бормаганимиз маъқул. Унинг юзига бирор нима ёпиб, шу ерда қолдираверайлик. Эрталабгача унга ҳеч нима бўлмайди, – деди.

Бу таклифга рози бўлиб, ўликни жойида қолдирдик. Стэплтоннинг Меррипит-хаусга сизларни олиб борай, деган таклифини рад қилдик ва якка ўзи уйга қайтиб кетишига рухсат бериб, ўзимиз Баскервиль-холлга жўнадик. Бир неча қадам босганимиздан кейин қайрилиб қараган эдик, унинг ботқоқликда имирсилаб бораётган гавдасини, нарироқда, унинг кетида эса ойдинда ёришиб турган тепалик ёнбағрида, шу қадар даҳшатли бир тарзда ҳалок бўлган киши ётган жойда қорайиб турган нарсани кўрдик.

– Ниҳоят, биз у билан яккама-якка дуч келдик! – деди Холмс мен билан ёнма-ён бора туриб. – Лекин унинг юрагини қаранг-а! Тез ўзини ўнглаб олганини қаранг-а? Ваҳоланки, у қаттиқ зарбага дуч келган эди – мўлжаллаб юрган одамидан бутунлай бошқа киши ўлдирилганини кўрган эди. Мен сизга, Уотсон, Лондонда бир гапни айтган эдим, бу гапимни ҳозир ҳам такрорлайман, биз ҳеч қачон шу қадар муносиб рақибга дуч келмаган эдик.

– Ҳали ҳам у бизни кўриб қолганига афсусланаман!

– Дастлаб, мен ҳам бунга афсусланувдим. Лекин иложимиз қанча!

– Сиз билан учрашгани унинг режаларига таъсир қилармикин, бунга нима дейсиз?

– Ҳа, энди тағин ҳам эҳтиётроқ бўлиб ҳаракат қилади ёки таваккал деб яна бир иш қилиб қўяди. Зеҳни ўткир жиноятчиларнинг кўпчилиги каби Стэплтон ҳам ўзининг маккорлигига ҳаддан ташқари кўп умид боғлаётган ва бизларни лақиллатдим, деб ўйлаётган бўлса керак.

– Нега уни қамоққа олишни истамадингиз?

– Азизим, Уотсон! Сиз серҳаракат одамсиз. Сизнинг мижозингиз жуда кескин чораларни кўришни талаб қилади. Яхши, кечаси у қамоққа олинади, деб фараз қилайлик. Бундан бизга нима фойда? Биз ҳеч нарсани исбот қилолмаймиз. У тузган режаларнинг ўтакетган маккорлиги ҳам мана шунда. Агар Стэплтоннинг кўмакчиси одам бўлганида эди, биз ундан далил бўладиган баъзи бир нарсаларни билиб олган бўлур эдик, лекин баҳайбат итни гапиртириб бўлмайди-ку! Ит эгасининг бўйнига сиртмоқ солсак, бизга бунинг ёрдами тегармиди?

– Лекин жиноят қилингани яққол кўриниб турибди-ку!

– Асло бундай эмас! Бу гапларнинг ҳаммаси тахминлардан бошқа нарса эмас. Агар мана шундай фантастик воқеани судда айтиб берсак ва исботламоқ учун бундай тахминларни далил қилиб кўрсатсак, бизни масхара қилиб кулишади.

– Сэр Чарльз-чи?

– Унинг ўлиги топилган, лекин унинг танасида зўрлаб ўлдирилганини кўрсатувчи излар топилгани йўқ. У қўрққанидан ўлганини ва нимадан қўрққанини биз биламиз. Лекин бу ишни кўришда суд маслаҳатчиси бўлиб қатнашадиган ўн иккита бефаҳмга қандай исботлаб бўлади? Бу жиноятга қандайдир бир ит аралашган деган тахминни қандай асослаб бўлади? Ит қопганини кўрсатувчи излар қани? Итлар ўликларни қопмаслигини, сэр Чарльз ит ёпишмасданоқ ўлганини ҳам фақат биз биламиз. Лекин бу гапларни исботлаш керак, аммо исботлайдиган далилимиз йўқ.

– Бугун кечаси бўлган воқеа-чи?

– Бу воқеа бизнинг қўлимизга тузукроқ ҳеч бир далил бергани йўқ. Ит билан маҳбуснинг ҳалок бўлгани ўртасида бари бир ҳеч қандай бевосита боғланиш йўқ. У итни ҳеч ким кўрмаган. Дуруст, итнинг товушини эшитдик, лекин ит маҳбусни қувлаб келганини кўрсатувчи далиллар қўлимизда йўқ. Буни исботлаб бўлмайди! Йўқ, дўстим, факт фактлигича қолаверади: жиноятни исботловчи далилларни кўрсатиб беролмаймиз. Лекин буни исботламоқ учун ўзимизни ҳар қандай балога дучор қилсак арзийди.

– Хўш, нима қилмоқчисиз?

– Миссис Лаура Лайонсдан умидим катта. У мана шу воқеаларнинг ҳақиқий моҳиятини билиб олганидан кейин, бизга жиддий ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, менинг бошқа бир режам ҳам бор. Лекин эртага ғалаба меники бўлишига гарчанд ҳар қанча умид қилсам ҳам, бунга қандай эриша олишимизни олдиндан айтиб ўтиришнинг кераги йўқ.

Холмсдан бошқа бирор гапни билиб ололмадим ва Баскервиль-холл дарвозасига етгунча ҳар биримиз ўз ўйимизга чўмиб, индамай келавердик.

– Сиз ҳам кирасизми?

– Ҳа. Энди яшириниб юришнинг аҳамияти қолмади. Лекин сизга яна бир сўзим бор. Уотсон, кўрган воқеамизни сэр Генрига айтманг. Маҳбуснинг ҳалок бўлганини Стэплтон бизга қандай сабаблар билан тушунтиришга уринган бўлса, у ҳам Селденни шундай сабаблар билан ўлди, деб ўйлайверсин. Сиз юборган кейинги ҳисоботда ёзган гапларингизни агар мен унутмаган бўлсам, сэр Генри эртага Меррипит-хаусга зиёфатга борганида бошига тушадиган кулфатга бардош бериши осонроқ бўлади.

– Лекин бу зиёфатга мени ҳам таклиф қилишган.

– У ҳолда сиз бу таклифдан воз кечишингиз керак. Ёлғиз ўзи бораверсин, бунга уни кўндириш осон… Демак, гапимни тушундингиз? Тушки овқатга кечиккан бўлсак керак, аммо кечки овқатга ўз вақтида етиб келдик.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации