Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 21


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
VII БОБ
Меррипит-хаусда турувчи Стэплтонлар

Баскервиль-холлни биринчи кўришда кўнглимиз ғаш бўлиб қолган эди, аммо тонгнинг ёқимли латофати бу ғашликни эсимиздан чиқариб юборди. Сэр Генри билан нонушта қилишга ўтирганимизда қуёшнинг ёрқин нури ойналарига рангдор гербларнинг сурати туширилган тор деразадан уйни ёритиб, дарахтлардан тушган соя билан олачалпоқ бўлиб турарди. Дуд босган шифтдаги қоплама эман заррин нур тегиб бронзадек ярқирамоқда эди, куни кечагина бизнинг табиатимизни бу уй кечқурун шу қадар ғамгинликка солганини энди тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди.

– Кўнглимиз ғаш бўлишига бу уй сабабчи эмас экан, айб ўзимизда бўлса керак, – деди баронет. – Йўл юриб чарчаб келганимиз ва совқотиб қолганимиз учун ҳамма нарса кўзимизга хунук бўлиб кўринди. Кечаси дам олиб ҳордиқ чиқардик, шунинг учун ҳам ўзимизни яхши ҳис қилмоқдамиз ва теваракатроф ҳам кўзимизга чиройли кўриняпти.

– Бироқ бу кўнгил ғашликнинг боиси фақат чарчаганимизнинг натижаси деб бўлмайди, – деб жавоб бердим. – Менга бир нарсани айтинг, масалан, ярим кечада кимнингдир, чамамда, хотин кишининг йиғлаганини эшитмадингизми?

– Сизга айтсам, шундай бир овоз уйқу аралаш қулоғимга чалинди. Анча вақтгача қулоқ солиб турдим, кейин тушимда шундай бўлгандир, деб қўя қолдим.

– Йўқ, мен йиғи товушини жуда аниқ эшитдим, хотин кишининг йиғиси эканлигига аминман.

– Буни ҳозирнинг ўзидаёқ Бэрримордан суриштириб билиш керак.

У қўнғироқ чалиб, эшик оғасини чақирди ва кечаси эшитилган йиғи товуши қаёқдан келганини сўради. Бэрриморнинг бўзарган чеҳраси хўжайиннинг бу саволини эшитганидан кейин менга яна ҳам оқариб кетгандек бўлиб кўринди.

– Бу уйда фақат иккита хотин бор, сэр Генри, – деб жавоб берди Бэрримор. – Шу хотинларнинг бири – идиш-товоқ ювиб юрадиган хотин, у уйнинг нариги қанотида ётади, иккинчиси – менинг хотиним, лекин сизни ишонтириб айтаманки, хотиним кечаси йиғлагани йўқ.

Шундай бўлса ҳам Бэрримор бизга гапнинг ростини айтмади, чунки нонуштадан кейин мен даҳлизда, жуда ёруғ жойда миссис Бэрриморга дуч келдим. У баланд бўйли, ялпоқ юзли, лабларини чимириб юрадиган, кўринишидан жуда одми хотин экан. Лекин қизариб кетган кўзлари, қовоғининг бўртиб тургани кечаси йиғлаган хотин у эканлигини сездириб қўйди. Демак, кечаси ўша хотиннинг ўзи йиғлаган экан, аммо унинг йиғлаганини эри билмаслиги мумкин эмас эди. Шундай бўлса ҳам, унинг эри ҳатто тутилиб қолишидан қўрқмай, ёлғон гапирди. Нега шундай қилди? Нечун бу хотин шу қадар ҳўнграб йиғлади? Нуроний бўлиб кўринган, чеҳраси бўзариб кетган бу қора соқол кишида мудҳиш бир сир борлиги сезилиб турарди. Сэр Чарльзнинг жасадини биринчи бўлиб шу киши топган, чол Баскервиль қандай ҳолатда ўлгани бизга фақат унинг айтган сўзларидангина маълум. Ё бўлмаса биз Рижентстритда кэбда кўрган кишимиз мана шу Бэрриморнинг ўзимикин? Ҳар ҳолда, соқоли жуда ўхшайди. Кэбмен уни ўрта бўйли киши деган эди, аммо унинг кўзига шундай кўринган бўлиши мумкин. Ҳақиқатни мен қандай қилиб билиб олсам бўларкин? Аввало, албатта, Гримпендаги почта конторасининг бошлиғи билан гаплашиб, бизнинг телеграммамизни у Бэрриморнинг ўз қўлига берганбермаганлигини билиб олишим керак. Ҳар икки ҳолда ҳам Шерлок Холмсга хабар қилишим учун лоақал бирор маълумот қўлимда бўлади-ку.

Нонуштадан кейин сэр Генри ўз ишига тааллуқли қоғозларни кўриб чиқишга киришди, шу сабабли мен ўз вақтимдан бемалол фойдаланишим мумкин. Ботқоқлик чеккасидаги яхши йўлдан тўрт мил чамаси юриб бориб, кўримсиз, кичкина бир қишлоқнинг олдидан чиқдим. Бу қишлоқда, аввало, бошқа биноларга қараганда басавлатроқ иккита бинони – меҳмонхонани ва доктор Мортимернинг уйини кўрдим. Бу ердаги почта конторасининг бошлиғи шу қишлоқнинг ўзида баққолчилик ҳам қилар экан. Биз юборган телеграммани у унутмаган экан.

– Албатта эсимда, сэр, – деди у, – мен телеграммани шу телеграмманинг ўзида айтилганидек мистер Бэрриморга юбортирганман.

– Уни ким элтиб берган эди?

– Ўғлим. Жеймс, сен телеграммани Баскервильхоллга олиб бориб мистер Бэрриморга топширганмидинг?

– Ҳа, дада.

– Унинг ўз қўлига берганмидинг? – деб сўрадим мен.

– Йўқ, мистер Бэрримор чордоқда эканлар, телеграммани хотинларининг қўлига бердим, хотинлари дарров эримга топшираман, деб ваъда берганлар.

– Мистер Бэрриморнинг ўзини кўрибмидинг?

– Йўқ, сэр, мен айтдим-ку, улар чордоқда эдилар.

– Уни ўзинг кўрмаган бўлсанг, чордоқда эканлигини қаёқдан билдинг?

– Уларнинг қаердалигини хотинлари билишлари керак-ку, – деди аччиқланиб почта бошлиғи. – Телеграмма элтиб берилган эканми, ахир? Агар бирор хато рўй берган бўлса, мистер Бэрриморнинг ўзи шикоят қилсин.

Суриштиришни давом эттиришнинг энди фойдаси йўқ эди, аммо Холмснинг айёрлик билан ишлатган найранги ҳеч бир натижа бермагани ва ўша куни Бэрримор Лондонга борганми ёки йўқми, билолмаслигимиз равшан бўлди. Уни Лондонга борган эди, деб тахмин қилайлик. Сэр Чарльзни ҳаётлигида охирги марта кўрган киши – мана шу Бэрриморнинг ўзи. – Дейлик, Чарльзнинг вориси Англияга келиши биланоқ, биринчи бўлиб унинг изига тушган. Бундан қандай хулоса келиб чиқади? Бэрримор кимнингдир буйруғи билан иш қилаётганмикин ёки ўзининг макрли режалари бормикин? Баскервилларни таъқиб қилишнинг энди нима кераги бор? Газетадан қирқиб олиб ёпиштирилган сўзларда айтилган ғалати огоҳлантириш эсимга тушди. Наҳотки, буни Бэрримор қилган бўлса? Эҳтимолки, бу огоҳлантириш хатини сэр Генрига халақит бермоқчи бўлган бошқа бирор киши юборгандир? Бу саволларга ишонса бўладиган бирдан-бир жавобни сэр Генрининг ўзи берди: агар Баскервиллар қўрқиб, ўзларининг ермулкларини ташлаб кетсалар, эр-хотин Бэрриморлар умрларининг охиригача шу жойда бемалол яшайдиган бўлиб қоладилар, деди у. Аммо, ёш баронетни усталик билан ишлатаётган мураккаб найранг тузоғига илинтирмоқ учун мана шундай мақсаднинг ўзи кифоя қиладими? Холмснинг ўзи, мен текшириб аниқлаб берган барча машҳур чигал ишлар орасида бу иш айниқса чигал ва мураккаб иш бўлди, деб айтган эди-ку.

Одамсиз ҳувиллаган йўлдан қайтар эканман, дўстим тезроқ ўз ишларидан бўшаб бу ерга келсин-у, бу оғир масъулиятни бўйнимдан соқит қилсин, деб Худодан илтижо қилардим.

Орқамдан тез-тез қадам ташлаб келаётган кишининг шипиллаши хаёлимни тўсатдан қочириб юборди. Кимдир отимни айтиб чақирди. Доктор Мортимер чақираётган бўлса керак, деб қайрилиб қарадим, лекин соқолини яхшилаб қирдирган, ингичка чўзиқ даҳанли, ўрта бўйли, ўттиз беш-қирқ ёшлар чамаси, ориқдан келган оппоқ бир киши орқамдан шошилиб келаётганини кўриб таажжубландим. Кулранг костюм кийган у кишининг бошидаги похол шляпага кўзим тушди. У ботаниклар ишлатадиган темир қутичани елкасидан осилтириб, қўлида капалак тутадиган кўкимтир дока матрабчани ушлаб олган эди.

– Журъат қилганим учун кечирасиз, доктор Уотсон, – деб гап бошлади нотаниш киши нафасини ростлаб олишга ҳали улгурмай туриб. – Биз шу ернинг бетакаллуф кишилариданмиз ва расмий равишда таништиришни кутиб ўтирмаймиз. Иккаламизнинг ҳам дўстимиз бўлган Мортимердан менинг кимлигимни эшитган бўлсангиз керак. Мен Стэплтонман. Шу ерда Меррипит-хаусда тураман.

Мистер Стэплтон табиатшунос эканлиги менга маълум эди.

– Сизнинг қутичангиз ва матрабчангизни кўриб, таниб олиш қийин эмас, – дедим. – Аммо кимлигимни сиз қаердан билдингиз?

– Мортимернинг олдида ўтирган эдим, – сиз унинг қабулхонаси ёнидан ўтиб бораётганингизда у сизни деразадан кўрсатган эди. Мен ҳам шу ёққа кетаётганим учун сизга етиб олиб ўзимни таништирмоқчи бўлдим. Сэр Генри узоқ сафардан кейин унчалик чарчамаган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Йўқ, у ўзини яхши ҳис қиляпти, ҳол сўраганингиз учун ташаккур.

– Сэр Чарльзнинг аянчли вафотидан кейин янги баронет бу ерда яшашни истамас деб ҳаммамиз хавотирда эдик. Бадавлат бир кишининг шундай гадой топмас жойда ўзини тириклайин кўмиб қўйишини талаб қилиш қийин, лекин унинг бу ерда яшаши бизнинг бу ерларимиз учун нақадар манфаатли эканини ўзингиз ҳам биласиз-ку, ахир. Сэр Генри ирим-сиримларга ишонмаса керак, шунинг учун ҳам ўша воқеа уни қўрқитиб юбормаган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Йўқ, қўрқмаган бўлса керак.

– Бир даҳшатли ит бор, ўша ит Баскервиллар авлодини таъқиб қилиб юрибди, деган афсонани эшитган бўлсангиз керак?

– Ҳа, эшитганман.

– Бу ердаги фермерлар жуда иримчи одамларда! Ҳайрон қоласан киши! Уларнинг ҳаммаси ҳам ўша даҳшатли итни ботқоқликда кўрганмиз, деб қасам ичишга тайёр. – Стэплтон табассум билан гапираётган бўлса ҳам, лекин у ўзи айтаётган сўзларни анча жиддий бир нарса деб ҳисоблаётганини кўзларидан пайқаб олдим. – Бу афсонага сэр Чарльз астойдил ишонар эди, уни фожиали ўлимга олиб келган нарса ҳам шу афсона бўлди.

– Қандай қилиб?

– Одамнинг асаблари таранг бўлиб қолганидан кейин, ҳар қандай итнинг пайдо бўлиши унинг касал қалбига ҳалокатли таъсир ўтказиши мумкин. Чамамда, ўша куни кечки пайтда сэр Чарльз қарағайзор хиёбонда шунга ўхшаш бир нарсани кўрган бўлса керак. Мен у чолни жуда яхши кўрардим, унинг касаллигидан хабардор бўлганим сабабли, шундай бир фалокатга учраса керак, деб ҳам ўйлар эдим.

– Унинг юраги касаллигини сиз қаёқдан билгансиз?

– Дўстим Мортимер айтган.

– Демак, сизнинг гапингизга қараганда, сэр Чарльзга қандайдир бир ит ташланган-у, у қўрқиб, юраги ёрилиб ўлган экан-да?!

– Эҳтимол, сизнинг қўлингизда бошқа ишончлироқ маълумотлар борми?

– Йўқ, ҳали мен бирор муайян хулосага келолганим йўқ.

– Мистер Шерлок Холмс-чи?

Шу сўзларни эшитиб, бир сония нафасим тиқилиб қолгандек бўлди, лекин суҳбатдошимнинг чеҳрасидаги осойишталик ва қарашидаги қатъият мени у ўз саволи билан довдиратиб қўяман, деб ўйламаганини кўрсатиб турарди.

– Доктор Уотсон, ўзимизни сизни билмаган кишига солишимизнинг нима кераги бор? – деди у. – Жиноятлар тагини очиб берувчи машҳур хуфия тўғрисидаги овозалар бу ерларга ҳам етиб келган, сиз унинг шуҳратини ёявериб ўзингиз панада қола олармидингиз? Сиз ўша доктор Уотсоннинг ўзи эканлигингизни Мортимер биздан яширгани йўқ. Модомики, сиз бу ерда пайдо бўлган экансиз, демак, мистер Шерлок Холмс бу иш билан қизиқиб қолибди, шунинг ўзидан маълумки, мен бу иш тўғрисида унинг фикрини билишга қизиқаман.

– Афсуски, сизнинг саволингизга жавоб беролмайман.

– Бўлмаса, ижозатингиз билан бир нарсани сўрайман: у киши илтифот қилиб бу ерга келармикинлар?

– Ҳозир у Лондонни ташлаб кетолмайди. Унинг бошқа ишлари бор.

– Аттанг! Ҳаммамиз учун номаълум бўлган сирни у киши очиб беришлари мумкин эди. Лекин сиз ҳам бу ишни текшираётган бўлсангиз керак, доктор Уотсон, агар бирор ёрдамим керак бўлиб қолса, тортинмасдан мендан фойдаланаверинг. Кимдан шубҳаланаётганингизни, ишга қандай киришмоқчи бўлганингизни жиндек шама қилиб қўйсангиз бас, агар лозим бўлса, ҳозирнинг ўзида ҳам маслаҳатим ёки гапим билан сизга ёрдам беролган бўлур эдим.

– Сиз гапимга ишонаверинг: бу ерга дўстим сэр Генриникига меҳмон бўлиш учун келганман, холос, менга ҳеч қандай ёрдамнинг кераги йўқ.

– Офарин! – деб хитоб қилди Стэплтон. – Сиз жуда тўғри ҳаракат қиляпсиз, биринчи галда эҳтиёт бўлиб иш қилган яхши! Шилқимлигим учун шундай зарба еганим жуда тўғри бўлди. Бундан буён бу масала тўғрисида оғиз очмайман, деб ваъда бераман.

Биз у билан шу тариқа гаплашиб юриб, йўлнинг ўнг томонида ботқоқ орасига кириб кетган серўт сўқмоқ бошланган жойга келиб қолдик. Йўлнинг чап томонида катта-кичик тошлар ёйилиб ётган тик тепалик бор эди, қадим замонларда шу тепаликда гранит тош қазиб олинар экан. Шу тепаликнинг бизга қараган томони тик кўтарилган қияликдан иборат бўлиб, шу қияликда йўсин ва маймунжон ўсарди. Олисда, уфқда паға-паға тутун кўтариларди.

– Мана шу сўқмоқдан борган кишига Мэррипит-хаус унчалик узоқ эмас, – деди Стэплтон. – Агар бир соат вақтингизни аямасангиз, синглимни сизга мамнуният билан таништириб қўяман.

Дастлаб, ҳозир сэр Генри ёнида бўлишим керак эди, деб ўйладим, лекин унинг столи устида уюлиб ётган ҳисоб-китобдан иборат қоғоз ва хатлар эсимга тушиб қолди. Бу ишда эса унга мен ёрдамлаша олмасдим. Холмс эса Баскервиль-холл атрофида яшовчи кишилар билан танишиб олишни мендан илтимос қилган эди. Стэплтоннинг таклифини қабул қилдим ва биз ўнг томонга бурилдик.

– Бу ерлар жуда яхши жойда! – деди у тўлқинлардай кўтарилиб турган тепаликларга қараб.

Кўм-кўк ўт босиб ётган тепаликларнинг усти гранит тошлардан иборат ажиб бир манзарани ташкил этар эди. – Бу ботқоқликларга сиз ҳеч қачон назар-эътибор бермайсиз, аммо поёни йўқ, сирли саҳро каби бу ботқоқликларда ечилмаган жумбоқлар жуда кўп.

– Уларни сиз яхши биласизми?

– Бу ерга келганимга икки йил бўлди, холос. Бу ернинг халқи мени янги одам дейишса керак. Сэр Чарльз бу ерга келганидан кейин сал ўтмай биз ҳам кўчиб келганмиз, аммо табиётчи бўлганим сабабли бу ерларда мен текшириб чиқмаган жой қолгани йўқ. Торф ботқоқликларини мендан кўра яхшироқ биладиган одам энди кам топилади, десам бўлади.

– Бу жойларни текшириб билиш шунчалик қийин ишми?

– Жуда қийин иш. Мана, масалан, анови текисликда онда-сонда кўтарилиб турган тепаликларга бир қаранг. Ўша текисликнинг ажойиблигини нимада деб биласиз?

– От чоптириб юришга яхши.

– Сизнинг ўрнингизда бўлган ҳар бир киши албатта шундай дейди, аммо кўп кишилар шундай хато фикрга берилиб, жонидан жудо бўлган. Анави кўм-кўк ўтлоқларни кўряпсизми?

– Ҳа, тупроғи яхшироқ ерлар бўлса керак. Стэплтон кулиб юборди.

– Гримпен ботқоқлиги деб аталган катта ботқоқлик мана шу, – деди у. – Шу ботқоқликка кириб қолган одамми ёки ҳайвонми, эҳтиётсиз қадам қўйса, бас, жонидан жудо бўлади. Кечагина ўзим кимнингдир бир оти ботқоқликка кириб қолганини кўрдим. Бу от қайтиб чиқолмай ҳалок бўлди. Ботқоққа ботиб бораётган ўша отнинг боши анча вақтгача кўриниб турди. У ботқоқдан чиқиб олиш учун бўйнини ҳарчанд чўзиб уринган бўлса ҳам, лекин бечорани ботқоқ охири ютиб юборди. Қурғоқчилик вақтларида ҳам шу ботқоқликка бориш хавфли. Кузги ёмғирлардан кейин эса, бу ботқоқликларга борган тирик жон қайтиб келолмайди. Шундай бўлса ҳам, мен Гримпен ботқоқлигининг қоқ ўртасига неча марталаб борганман ва тирик қайтиб келганман. Қаранг, яна бир бечора от ботиб кетяпти!

Кўм-кўк ўтлар орасида қандайдир қора бир нарса лопиллаб уринмоқда эди. Кейин ўтлар орасида отнинг қийналиб чўзилган бўйни кўринди, даҳшатли кишнаш ботқоқликни қоплади, қўрққанимдан баданим жимирлаб кетди, лекин йўлдошимнинг асаблари меникидан кўра бақувватроқ экан.

– Ҳа, ботқоқлик ютиб юборди бечорани! – деди у. – Икки кун ичида ўзим иккита отнинг ботқоққа ботиб йўқ бўлиб кетганини кўрдим. Мен кўрмай қолиб ҳалок бўлганлар озмунча дейсизми? Қурғоқчилик вақтларида отлар бу ерга келиб, ўтлаб юришга одатланиб қолишади ва кузгача келаверишади, ниҳоят, ботқоқликка ботиб, ҳалок бўлишади. Ҳа, Гримпен ботқоқлиги жуда мудҳиш жой.

– Шундай бўлса ҳам сиз ўша ерларга борасизми?

– Ҳа, бу ерларда икки-учта сўқмоқ йўллар бор, эпчил одам шу сўқмоқ йўлдан ўтиб борса бўлади. Сўқмоқларни ўзим қидириб топганман.

– Бундай хатарли жойларга боришингизни нима кераги бор?

– Олисдаги ҳу анави тепаликларни кўряпсизми? Ўша тепаликларни ҳамма томони оёқ босиб бўлмайдиган ботқоқликлар билан ўраб олинган чинакам оролчалар деса бўлади. Сиз ўша тепаликларга бир амаллаб бориб олсангиз, нақадар ноёб ўсимликларни, ажойиб капалакларни кўрасиз!

– Ундай бўлса, бир кун бир амаллаб бораман. Стэплтон таажжубланиб менга қаради.

– Худо ҳаққи, бу фикрни сира хаёлингизга келтирманг, – деди у. – Сиз ҳалок бўлсангиз умрбод виждон азобида қоламан. У ердан сира қайтиб келолмайсиз, гапимга ишонаверинг. Мен жуда мураккаб белгиларни билганим учунгина у ерга боришга журъат қиламан. Тўхтанг! – деб қичқириб юборди у. – Нима бу?

Тасвирлаб бўлмас даражада ғамгин увиллаган овоз секин ва чўзилиб эшитилди. Бу овоз бутун ботқоқликка ёйилди. Лекин бу увиллаш қаёқдан келаётганини аниқлашнинг имкони йўқ эди. Аввал инграган тарзда бошланган бу товуш, кейин бўкиришга айланди, сўнгра юракни эзадиган тарзда инграшга айланиб, яна тўхтаб қолди. Стэплтон ғалати назар билан менга қаради.

– Бу ботқоқликларнинг сири кўп, – деди у.

– Ниманинг товуши бўлдийкин?

– Фермерлар, Баскервилларнинг ити ўзи човут қилмоқчи бўлган кишини қидирганида мана шундай увиллайди, дейишади. Мен бунақа товушни илгари ҳам эшитган эдим, лекин бугун нима учундир жуда ҳам қаттиқ эшитилди.

Қўрққанимдан баданимни тер босди, уфққа бориб тақалган, устини кўм-кўк тўқай босган кенг текисликка қарадим. На шитирлаган товуш, на унда ҳаёт белгиси бор эди – фақат иккита қарға орқамиздаги қаққайган тошга ўтиб олиб қағилламоқда эди, холос.

– Сиз илмли одамсиз, бунақа бемаъни нарса сизни чўчитмайди, – дедим. – Бу увиллашни сиз қандай изоҳлайсиз?

– Ботқоқликдан баъзан жуда ғалати товушлар чиқади. Ботқоқлик чўкаётгани учунми, ёки сув ботқоқлик бетига кўтарилаётгани учунми ёхуд бошқа бирор сабабданми, шундай ғалати товушлар чиқиб туради, ким билади, дейсиз?

– Йўқ, йўқ! Бу тирик махлуқнинг овози.

– Эҳтимол. Сиз муштгирнинг қичқирган товушини эшитганингиз борми?

– Йўқ, эшитмаганман.

– Англияда ҳозир бу қуш жуда кам учрайдиган бўлиб қолди, йўқолиб кетди деса бўлади, лекин бундай ботқоқликларда шунақа қушлар бўлиши мумкин. Шу турдаги қушлардан охирги нусхасининг қичқирган овозини эшитган бўлсак керак, агар шундай бўлса, мен бунга сира таажжубланмайман.

– Бунақа ғалати ва мудҳиш товушларни умрим бино бўлиб эшитмаган эдим!

– Нимасини айтасиз, бу жойларда сир кўп. Анави тепаликка бир қаранг, сиз уни қанақа тепалик деб ўйлайсиз?

Тепаликнинг тик қиямалари кулранг тошлар билан ҳалқа каби қоплангандай бўлиб кўринарди. Мен йигирматача тош санадим.

– Нима у? Қўйлар қўтоними?

– Йўқ, қадимий боболаримизнинг макони. Тарихдан бурунги одамлар шунақа торф ботқоқликларда яшаганлар, улар йўқ бўлиб кетиб, бу жойлар одам яшамайдиган бўлиб қолганидан кейин кулбаси ҳам бутунлигича, бузилмай қолаверган. Фақат томи йўқ, холос. Агар истасангиз, у ерга бориб тарихдан бурунги одамнинг кулбасини ва ётар жойини кўриш мумкин.

– Ахир у ўзи бутун бир шаҳарча-ку! У ерда одамлар қачон яшаган?

– Неолит одамлари5050
  Неолит одамлари – тош асрининг энг охирги даврида яшаган одам, тошдан йўниб ясалган буюмлар тарихдан бурунги шу одамнинг характерли белгиларидир.


[Закрыть]
яшаган – қайси давр эканлиги аниқ белгиланган эмас.

– Уларнинг касб-кори нима бўлган?

– Шу жойнинг ўзида, тепаликларнинг ёнбағирларида мол боқиб юрган, тошболтанинг ўрнини бронза чўқмор ола бошлаганидан кейин қалай қазиб олишни ўрганган. Рўпарадаги тепаликда қорайиб турган зовурни кўряпсизми? Бу зовур неолит одамлари қилган ишнинг изи. Ҳа, доктор Уотсон, бизнинг бу ердаги ботқоқликларда ғалати нарсаларни кўп топасиз. Сабр қилинг! Бу Cuclopides бўлса керак.

Бизнинг ёнимиздан кичкина капалак учиб ўтди, Стэплтон ғоят тез ва чаққонлик билан унинг кетидан югурди. Капалак тўппа-тўғри ботқоқликка томон учиб бораётганини кўриб қўрқиб кетдим, лекин янги танишим ҳеч нарса бўлмагандек кўм-кўк матрабчасини лопиллатиб дўнгма-дўнг сакраб бормоқда эди. Танишимнинг кулранг костюми ва чаққон сакрашлари бамисоли жуда катта капалакка ўхшар эди. Мен унга гоҳ қойил қолиб, гоҳ қўрқиб қараб туравердим, назаримда, у тойиб, ботқоқликка ботиб кетаётгандек кўринарди. Тўсатдан кимдир орқамдан келаётгандек бўлди. Қайрилиб қараган эдим, бир хотиннинг ёнимга келиб қолганини кўрдим. Бу хотин Меррипит-хаус яқинлиги сезилиб турган ва тутун чиқаётган томондан келди, лекин унинг келаётганини олдинроқ пайқай олмадим, чунки у юриб келган сўқмоқ йўл пастликка қараб кетган эди.

Мен унинг мисс Стэплтон эканини дарров фаҳмладим, чунки бу ерларда бошқа хонимларга дуч келишнинг имкони йўқ эди. Бундан ташқари менга уни чиройли қиз деб айтишган эди. Сўқмоқ йўлдан келаётган хоним эса ўзининг гўзаллиги – одатдан ташқари чиройлилиги билан ҳақиқатан мени ҳайратда қолдирди. Синглиси билан акаси бир-бирига шу қадар ўхшамаган одамларни тасаввур қилиш қийин эди. Акасининг кўзи кулранг, нурсиз, оқимтир одам, аммо синглиси қорачадан келган жонон эди. Бундай жозибали, қорачадан келган қизни Англияда шу вақтгача учратмаган эдим. У қомати келишган, нозик, баланд бўйли қиз экан. Унинг латиф, мағрур чеҳраси шу қадар чиройли эдики, агар хушбичим оғзига ва жавдираб турган қора кўзларининг тез-тез қарашига назар солмасангиз, уни олдингизда турган жонсиз сурат деб ҳис қилишингиз мумкин эди. Қомати келишган, шу қадар хушбичим кийим кийган бундай аёлни торф ботқоқликлари орасида илон изи бўлиб чўзилган одамсиз сўқмоқ йўлда кўриш менга жуда ғалати туюлди. Мен қайрилиб назар ташлаганимда, у олисдаги Стэплтонга тикилиб турган эди, лекин шу ондаёқ у тез-тез қадам ташлаб ёнимга келди. Мен нима учун бу ерга келиб қолганимни тушунтирмоқчи бўлиб бошимдан шляпамни олишим биланоқ, унинг оғзидан чиққан сўзлар менинг фикримни тўсатдан бутунлай бошқа йўлга буриб юборди.

– Кетинг бу ердан! – деди у. – Дарҳол Лондонга жўнанг.

Мен бунга жавобан ҳайрон бўлиб унга тикилиб қолдим. У кўзларини жавдиратиб, сабрсизлик билан ер тепинди.

– Нега кетишим керак? – деб сўрадим.

– Сабабини суриштирманг. – У секин, тез ва сал-пал дудуқланиб гапирмоқда эди. – Худо ҳаққи, маслаҳатимга қулоқ солинг. Жўнанг, бу ботқоқликларга қайтиб оёқ босманг.

– Ўзим кечагина келдим-ку!

– Тавба, – деб хитоб қилди у, – наҳотки сизга яхшилик қилмоқчи бўлганимни тушунмасангиз, Лондонга жўнанг! Шу бугуноқ жўнанг! Бу ерда қолишингиз мумкин эмас. Тс! Акам келяпти! Бу гапларни унга айтманг!.. Анави орхидия гулини менга узиб берсангиз-чи! Бунақа гуллар бу ерда жуда кўп эди, лекин сиз бир оз кечикиб қолдингиз: куз бошланиши билан бу гулларнинг очилиши тўхтайди, бу ернинг манзараси ўз чиройини анча йўқотиб қўяди.

Стэплтон капалак қувлашни бас қилиб, қизариб, бўртиб ва ҳансираб бизнинг олдимизга келди.

– Ие, сенмидинг, Бэрил! – деди у, аммо унинг бу гапида унчалик самимият борлигини ҳис қилмадим.

– Жуда ҳам бўртиб кетибсан, Жек!

– Ҳа, мен Cuclopidesнинг ажойиб нусхасини қувлаб кетувдим. Бунақа капалаклар кеч кузда бу ерда кам топилади. Тутолмаганим жуда алам қилди-да!

У осойишта, бепарво оҳангда гапираётган бўлса ҳам, аммо кичкина кулранг кўзлари синглисига эмас, ҳамиша менга тикиларди.

– Сизлар танишиб олганга ўхшайсизлар, дейман.

– Ҳа. Сэр Генрига ҳозир ботқоқликларимизнинг гаштини суришга кечикиб қолдингиз – орхидия ҳам гуллаб бўлди, деб турган эдим.

– Нима? Нима? Ўзингни ким билан гаплашяпман деб ўйладинг!

– Сэр Генри Баскервиль билан.

– Йўқ, йўқ, – дедим мен, – ўзганинг унвонини менга тақманг. Мен сэр Генрининг дўсти доктор Уотсонман, холос.

Хонимнинг ёқимтой чеҳрасида афсусланиш аломати пайдо бўлди.

– Демак, бир-биримизни тушунмасдан гаплашибмиз-да, – деди у.

– Ҳа, гаплашиш учун вақтингиз ҳам унчалик кўп бўлмаган эди, – деб қўйди Стэплтон, синглисига тикилиб қараркан.

– Мен доктор Уотсонни қўшнимиз деб ўйлабман, – деди хоним. – Бу ерда орхидия гуллайдими ёки йўқми, унинг учун бутунлай аҳамиятсиз бўлса керак. Лекин шундай бўлса ҳам бизнинг Меррипит-хаусга кириб чиқасизми?

Бир неча дақиқа йўл юриб биз кўриниши ёқимсиз фермага етиб келдик. Илгари вақтларда ферма бирор ўзига тўқ чорвадорнинг уйи бўлганга ўхшайди, кейинроқ эса қайта қурилиб, унга замонавий тус берилган. Ферманинг атрофида кичкина боғи бор экан; ҳамма ботқоқлик ерларда бўлгани каби бу боғда ҳам дарахтлар пастаккина ва қовжираб ётарди. Бу жой ўзининг ғариблиги билан кишида маъюслик туғдирарди. Бизга эшикни очган хизматкор ҳам шу уйга муносиб экан, афтини ажин босган бу чолнинг эгнидаги сюртукнинг туси ўзгариб кетган эди. Лекин бу уйдаги хоналар ўзининг катталиги ва яхши безатилгани билан мени таажжублантирди; хоналарнинг яхши безатилгани хонимнинг диди билан қилинган иш бўлса керак. Узоқдаги уфққа бориб туташган, онда-сонда гранит тошлар чўққайиб турган бепоён ботқоқликка деразадан қарар эканман, хаёлимга бир нарса келди: «Шундай ўқимишли бир киши ва унинг гўзал синглиси бундай бемаъни жойларга нима сабабдан келиб қолдийкин?» деб ўйладим.

– Кўчиб келиб ўрнашиш учун ғалати жойни танлабмизми? – деди Стэплтон ўйлаган фикримни сезгандек. – Шундай бўлса ҳам биз бу ерда яхши яшаяпмиз. Шундай эмасми, Бэрил?

– Ҳа, жуда яхши яшаяпмиз, – деб жавоб берди Бэрил, лекин унинг сўзлари қандайдир дудмалроқ бўлиб туюлди.

– Шимолий графликларнинг бирида мактабим бор эди, – деди Стэплтон. – Мижози меникига ўхшаган киши учун бунақа иш ёқмайди, бунақа қуруқ иш уни қизиқтирмайди ҳам, лекин ёшлар билан ҳамиша яқин бўлиш мени шу ишга мойил қилиб қўйган эди. Ўзингда бўлган нарсаларни, ўз ғояларингни ёшларга ўргатиш, шу ёшларнинг ақл соҳиби бўлиб ўсаётганини кўриш киши учун катта бахт-ку! Лекин тақдир бизга бу ишни кўп кўрди. Мактабда эпидемия бошланиб, уч бола ўлди. Шу зарбадан кейин биз ўзимизни ўнглаб ололмадик. Топган-тутган сармоямнинг кўп қисми сарф бўлиб кетди. Шундай бўлса ҳам, агар ўзимиз учун азиз бўлган шу болалардан ажралганимни ҳисобга олмаганда, бу муваффақиятсизликка қувондим, десам бўлади, чунки ботаникага ва зоологияга мен каби ҳирс қўйган киши учун бу ерда ишнинг поёни йўқ, синглим ҳам табиатга ишқибозликда мендан қолишмайди. Бу гапларни ўз оғзим билан айтишимга ўзингиз сабабчи бўлдингиз, доктор Уотсон. Агар сиз деразадан бизнинг ботқоқликларимизга ғамгин назар солиб турмаганингизда, бу гапларни айтмаган бўлур эдим.

– Ҳа, рост, ҳақиқатан мен бу ерда яшаш сиздан кўра синглингизни кўпроқ зериктирса керак, деб ўйлаб турувдим.

– Йўқ, зериктираётгани йўқ, – деб тез жавоб берди Бэрил.

– Биз илмий иш билан бандмиз, катта кутубхонамиз бор ва жуда яхши қўшниларимиз бор. Доктор Мортимер ўз соҳасида билимдон ва ўқимишли киши. Бечора сэр Чарльз ҳам дилдор ҳамсуҳбатимиз эди. Биз бир-биримизга жуда яқин бўлиб қолган эдик. Бу жудолик бизга нақадар оғир бўлганини ҳатто тасвирлаб беришим қийин. Башарти, бугун мен сэр Генри ҳузурига бориб келсам нима дейсиз? Унга халақит бермайманми?

– Сизлар билан танишса, у жуда хурсанд бўлади, деб ўйлайман.

– Агар ундай бўлса, боришимизни унга айтиб қўйишингизни илтимос қиламан. У янги жойга кўниккунча дастлабки пайтларда, эҳтимол, бизнинг ёрдамимиз керак бўлиб қолур… Энди, доктор Уотсон, юқорига чиқайлик, сизга танга қанотлилардан тузган коллекциямизни кўрсатаман. Англиянинг бу қисмида шунчалик мукаммал коллекцияни тополмайсиз, десам бўлади. Коллекцияни кўриб бўлгунимизча овқат ҳам тайёр бўлади.

Лекин мен дўстим сэр Генрининг олдига боришга шошилмоқда эдим. Ботқоқликдан иборат бу ерларнинг ғамгинлиги, бечора отнинг ҳалок бўлгани, Баскервиллар авлодида оғиздан-оғизга ўтиб келган мудҳиш афсонага қандайдир алоқадор бўлган сирли увиллаш, мана шуларнинг ҳаммаси мени маъюсликка солиб қўйган эди. Мана шу ғалати таассуротларга мисс Стэплтоннинг дангал айтган сўзлари ҳам қўшилди. Бу сўзлар шундай қатъият билан айтилган эдики, бу сўзларни айтишга олиб келган сабабларнинг жиддийлигига ва чуқурлигига менда ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаган эди. Мени овқатга таклиф қилсалар ҳам, бу таклифни рад қилиб, ўша сўқмоқ йўл билан уйимга жўнадим.

Лекин бу сўқмоқ йўлдан бошқа анча қисқароқ яна бир сўқмоқ йўл бўлса керак, чунки катта йўлга чиқишга улгурмасимданоқ мисс Стэплтон рўпарамда турганини кўрдим. Унинг юзларида ловиллаб турган қизиллик ҳуснига яна ҳам ҳусн бўлиб тушган эди; у йўл бўйидаги тошга ўтириб олиб, қўлларини кўкрагига қўйиб оғир нафас оларди.

– Йўлингизни тўсиб чиқмоқчи бўлдим, доктор Уотсон, шунинг учун ҳам бу ергача югуриб келдим, – деди у. – Ҳатто шляпамни кийишга ҳам улгурмадим. Сизни узоқ ушлаб туролмайман, акам йўқлигимни сезиб қолиши мумкин. Тентаклик билан хато қилиб қўйганим учун сиздан кечирим сўрамоқчиман: сизни сэр Генри деб ўйлабман. Илтимосим шуки, мендан эшитган гапларингизни унутинг. Бу гапларнинг сизга сира дахли йўқ.

– Қандай қилиб унута оламан, мисс Стэплтон, дўстим сэр Генрининг тақдири мени жуда қизиқтиради. Уни Лондонга қайтиб кетишга нима учун қистаганингизнинг сабабини айтиб бермайсизми?

– Хотинларга хос инжиқлик-да, доктор Уотсон! Сиз билан биз яқинроқ танишиб олганимиздан кейин мен айтган сўзларим ва қилган ишларимнинг сабабини ҳамиша ҳам тушунтириб беролмаслигимга ўзингиз ҳам қаноат ҳосил қиласиз.

– Йўқ, йўқ! Сиз нақадар ҳаяжонланиб гапирганингиз, кўзларингиз жавдираб тургани ҳали ҳам эсимда. Мисс Стэплтон, менга очиғини айтаверинг, илтимос қиламан! Мен бу ерга келишим биланоқ, атрофимда қандайдир шарпалар тўпланаётганини дарров сезиб қолдим. Ўзингни худди Гримпен ботқоқлигида бораётгандек ҳис қиласан киши: ўша кўм-кўк ўтлоқлардан бирида ботиб қолаётгандек, сени ботқоқликдан чиқариб олишга ҳеч ким ёрдам бермаётгандек туюлади. Сиз нимани шама қилганингизни менга тушунтириб беринг, сизнинг огоҳлантириб айтган гапларингизни сэр Генрига етказаман. Мисс Стэплтон чеҳрасида иккиланиш аломатлари пайдо бўлди, лекин орадан бир сония ҳам ўтмай унинг қараши қатъий тус олди ва менга бундай жавоб берди:

– Сўзларимга ҳаддан ташқари катта аҳамият беряпсиз, доктор Уотсон. Сэр Чарльзнинг ўлими акам билан менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Биз марҳум билан тез-тез учрашиб турардик, чунки у бизнинг уйимизга олиб борадиган анави сўқмоқ йўлда сайр қилиб юришни яхши кўрарди. Баскервиллар авлодининг кушандаси бор, деган афсона сэр Чарльзнинг кўнглини ғаш қилиб қўйган эди, у ҳалок бўлганини эшитишим биланоқ, бундай хавотирланиш учун асос борлигини тушундим. Сэр Чарльзнинг вориси бу ерга келгани энди мени жуда ташвишга солиб турибди, таҳлика солаётган хавф тўғрисида унинг ўзини огоҳлантириб қўйиш лозим деб ҳисоблайман, ҳамма гап мана шу; мен бошқа бир нарса демоқчи эмасдим.

– Лекин бу таҳлика нимадан иборат, деб ўйлайсиз?

– Ит тўғрисидаги афсонани биласизми?

– Бу бемаъни гапга ишонмайман!

– Аммо мен ишонаман. Агар сэр Генрига озмоз гапингиз ўтадиган бўлса, уни бу ердан олиб кетинг. Бу жой Баскервилларга офат келтирадиган жой. Дунё кенг, сэр Генрининг шундай таҳликали жойда яшашининг нима ҳожати бор?

– Шунинг учун ҳам бу ерга келиб яшашга жазм қилди-да. У шунақа характерли киши. Агар сиз аниқроқ бирор гап айтмасангиз, бу ердан уни олиб кетишга муваффақ бўлолмайман.

– Сизга бундан кўра муайянроқ маълумот беролмайман, чунки менда бунақа маълумотлар йўқ.

– Агар шундай бўлса, мисс Стэплтон, ижозатингиз билан сизга бир савол бераман. Агар менга айтишингиз мумкин бўлган гапларнинг ҳаммаси фақат шу бўлса, нега сиз, акам эшитиб қолмасин, деб қўрқдингиз? Унга ёки бошқа бирор кишига ёқмайдиган бирор гапни айтганингиз йўқ-ку!

– Баскервиль-холлнинг бўш ётишини акам сира истамайди; бу жой бўш қолиб кетса, шу ботқоқликда яшовчи камбағал одамларга кўп зарар етади. Сэр Генрига ўз таъсиримни ўтказмоқчи бўлганимни акам билиб қолса, мендан жуда хафа бўлар эди. Лекин ўз бурчимни адо қилдим, айтадиган бошқа гапим йўқ. Энди мен кетишим керак. Акс ҳолда акам бу ердалигимни сезиб қолса, сиз билан гаплашди, деб гумон қилади. Хайр!

Бэрил орқасига қайрилиб кетди ва тез орада тошлар орасида ғойиб бўлди, мен бўлсам, қандайдир номаълум ваҳимага тушиб, Баскервиль-холл томон йўл олдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации