Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
II БОБ
Иш билан танишяпмиз

Мисс Морстен хонага енгил қадам босиб, дадил кириб келди. Ўзини хотиржам ва эркин тутарди. Бу сочлари оқ-сариқ, нимжон, бежирим, дид билан кийинган, қўлларига оппоқ қўлқоп кийган жуда ёш қиз эди. Лекин унинг уст-бошида ҳам камтарлик, қандайдир соддалик сезилиб турардики, турмуши унча яхши бўлмаса керак, деган ўйга борардинг. Эгнидаги кўйлаги қорамтирқўнғир жундан тикилган бўлиб, ҳеч қандай безаги йўқ эди, кичкина шляпаси ҳам қўнғир рангда бўлиб, бир томонидаги оқ пат унга зеб бериб турарди. Рангпар юзи хушбичим бўлмаса ҳам, лекин ёқимли, истараси иссиқ, катта мовий кўзлари меҳр-мурувват билан боқарди. Уч қитъа аёлларини кўрганман, лекин олиҳимматлиги ва кўнгилчанлиги юзидан сезилиб турган бундай чеҳрани ҳеч учратмагандим. Мисс Морстен Холмс таклиф этган стулга ўтираётганида, қўллари ва лабларининг титраётганини сезиб қолдим, ҳойнаҳой, қаттиқ ҳаяжонланаётганидан бўлса керак.

– Атайлаб сизнинг ҳузурингизга келдим, мистер Холмс, – деб бошлади ўз сўзини меҳмон, – чунки уй бекаси миссис Сесил Форрестерга бир оилавий можаро чигалини ечишда ёрдам бергансиз. У сизнинг яхшилигингизни, ақл-заковатингизни ҳали-ҳали унутолмайди.

– Миссис Сесил Форрестер дедингизми? – деб такрорлади Холмс ўйчан. – Ҳа, эсимда, унга жиндек ёрдам қилгандим. Лекин, бу оддий бир воқеа эди.

– Миссис Форрестер бу тўғрида бошқа фикрда. Лекин сизнинг олдингизга бутунлай бошқа иш билан келдим, у ҳақда бундай деёлмайсиз. Шундай вазиятга тушиб қолдимки, бундан ҳам ғалати, тушуниб бўлмайдиган ҳолни тасаввур қилиш қийин.

Холмс қўлларини ишқади, кўзлари ярақлаб кетди. У ўтирган креслосида сал олдинга энгашди, қирғийнамо чеҳраси сергакланиб, бутун вужуди қулоққа айланди.

– Қани, ишингизни баён қилинг, – деди у қуруқ ва жиддий оҳангда.

Ўзимни ноқулай ҳис этиб, ўрнимдан турар эканман:

– Рухсатингиз билан, сизларни тарк этсам, – дедим.

Сира кутилмаганда мисс Морстен қўлқопли қўлини кўтариб, мени тўхтатди.

– Агар дўстингиз қолса, – деди у, – менга жуда катта ёрдам қилган бўларди.

Мен яна жойимга ўтирдим. Морстен гапида давом этди:

– Қисқа қилиб айтганда, ишнинг моҳияти бундай. Отам Ҳиндистондаги полклардан бирида офицер бўлиб хизмат қиларди. Жуда кичкиналигимда у мени Англияга жўнатди. Онам ўлиб кетган. Англияда қариндош-уруғларимиздан ҳеч ким қолмаган, отам мени Эдинбургдаги энг яхши хусусий пансионатлардан бирига жойлаштириб қўйди. Ўша ерда мен ўн етти ёшимгача тарбияландим. 1878 йилда отам, у ўшанда полкнинг катта офицери эди, бир йиллик таътилини олиб, Англияга келди. У Лондондан менга телеграмма юбориб, яхши етиб олганини, «Лэнем» меҳмонхонасига жойлашганини, мени интизор бўлиб кутаётганини ёзганди. Телеграммадаги ҳар бир сўздан – уни жуда яхши эслайман – оталик меҳри, ғамхўрлиги сезилиб турарди. Лондонга келишим билан вокзалдан тўппатўғри меҳмонхонага жўнадим. У ердагилар менга, капитан Морстен чинданам меҳмонхонамизда турибди, кеча кечқурун қаёққадир кетди-ю, шу маҳалгача қайтиб келмади, дейишди. Отамдан хабар келармикин деб куни билан кутдим. Кечқурун меҳмонхона администраторининг маслаҳати билан полицияга мурожаат қилдим. Эртасига отамнинг йўқолгани ҳақида ҳамма газеталарда эълон берилди-ю, лекин ҳеч қандай жавоб олмадик. Ўша кундан буён то ҳозирга қадар шўрлик отам ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ. У қизини кўриш, жиндек дам олиш, озгина бўлса ҳам хотиржам яшаш ниятида Англияга қайтиб келувди, лекин бунинг ўрнига… – Мисс Морстен ҳўнграб йиғлаб юбормаслик учун кафтини томоғига босди-ю, гапининг ярми бўғзида қолди.

– Бу воқеа қачон бўлувди? – деб сўради Холмс, ёндафтарчасини очаркан.

– Отам 1878 йилнинг 3 декабрида, қарийб ўн йил бурун ғойиб бўлди.

– Буюмлари-чи?

– Меҳмонхонада қолган. Уларда отамнинг ғойиб бўлиш сирини очишга ёрдам берадиган ҳеч нима йўқ: кийимлари, китоблар, Андамон оролидан олиб келинган ҳар хил ноёб нарсалар. Отам қамоқхонани қўриқлайдиган қисмда офицер бўлиб хизмат қиларди.

– Унинг Лондонда дўстлари бормиди?

– Мен фақат биттасини – майор Шолтони билардим. Улар Ўттиз тўртинчи Бомбай пиёда аскарлар полкида бирга хизмат қилишган. Майор истеъфога чиқиб, отамнинг келишидан сал олдин Англияга қайтиб келиб, Аппер-Норвудда жойлашди. Биз у билан гаплашдик. Албатта, у дўстининг қайтиб келганидан умуман бехабар экан.

– Жуда ғалати иш, – деди Холмс.

– Лекин энг қизиғи бу ёқда. Олти йил муқаддам, 1882 йилнинг айни 4 майида «Таймс»да мисс Морстен қидирилаётгани ҳақида эълон босилди, мисс манфаатларидан келиб чиқиб, манзилни «Таймс»га маълум қилиш сўралганди. Мен ўшанда миссис Сесил Форрестерга ходима бўлиб энди ишга тушгандим. У менга манзилимни эълонлар бўлимига юборишимни маслаҳат берди. Манзил газетада берилган куни почтадан посилка – кичкинагина картон қутича олдим. Ундан жуда катта ва чиройли марварид донаси чиқди, лекин посилкада бу совғани ким юборганини тушунтирувчи хат йўқ эди. Ўшандан буён ҳар йили, ойнинг ўша куни почтадан худди ўшандай дур солинган қутича олардим, ким жўнатгани кўрсатилмасди. Мен дурни заргарга кўрсатдим, заргар бу ноёб ва қимматбаҳо тури эканини айтди. Қанчалик чиройлилигини мана ҳозир ўзингиз ҳам кўрасиз. – Мисс Морстен япалоқ қутичани очди: унда олтита ажойиб дур бор эди, бунақасини сира кўрмагандим.

– Жуда қизиқ, – деди Шерлок Холмс. – Яна бошқа бирор ҳодиса юз бергани йўқми?

– Шу бугун содир бўлди. Олдингизга келишимнинг боиси ҳам шу. Эрталаб мана бу хатни олдим. Ўқиб кўрсангиз.

– Раҳмат, – деди Холмс хатни оларкан. – Илтимос, конвертиниям берсангиз. Штемпелида – Лондон, Жануби-Ғарб, 7 июль. Ҳм! Бир бурчагида – эркак кишининг бош бармоғининг изи бор. Афтидан, почтачиники бўлса керак. Қоғози олий нав. Конверт – бир пачкаси олти пенс туради. Ҳар ҳолда, анча дидли одамга ўхшайди, хусусан, бу соҳада. Хатни юборган одамнинг манзили йўқ. «Бугун кечқурун «Лицеум» театрига кираверишда чап томондан учинчи устуннинг олдига келинг. Агар қўрқсангиз, ёнингизга икки дўстингизни олинг. Сизга нисбатан адолатсизлик қилишди. Бу ишни тўғрилаш керак. Полицияга хабар қилманг. Агар полиция аралашса, ҳамма иш расво бўлади. Сизнинг хайрихоҳ дўстингиз». Ҳа, чинданам ажойиб жумбоқ! Хўш, энди нима қилмоқчисиз, мисс Морстен?

– Мен ҳам сиздан худди шуни сўрамоқчи эдим.

– Бўпти, унда бугун кечқурун ўша хатда кўрсатилган жойга борамиз. Сиз, мен ва албатта, доктор Уотсон. У бу иш учун жуда муносиб одам. Сизнинг ҳомийингиз, ёнингизда икки дўстингизни олиб келинг, деб ёзибди-ку. Биз Уотсон икковимиз бирга кўп иш қилганмиз.

– Доктор Уотсон боришга рози бўлармикинлар? – деб сўради мисс Морстен, унинг овозида ёлвориш, илтижони эшитдим.

– Агар ёрдамим тегса, ўзим учун бир шараф, алоҳида бир бахт деб биламан, – дедим эҳтирос билан.

– Икковингиз ҳам менга жуда меҳрибонлик қиляпсиз, – деди мисс Морстен. – Якка-ёлғиз яшайман, ёрдамига умид қиладиган дўстларим ҳам йўқ. Унда сизникига олтида келаман. Кеч бўлмайдими?

– Фақат ҳаялламанг, – деди Холмс. – Сизга яна бир саволим бор. Айтинг-чи, бу хат ҳам, дурлар солинган ўша қутичалардаги манзил ҳам бир одамнинг қўли билан ёзилганми?

– Улар ёнимда, – деди мисс Морстен, сумкачасидан нарса ўрайдиган қоғознинг бир неча варағини оларкан.

– Сиз идеал мижозсиз. Сиз сезгир экансиз. Қани, кўрайлик-чи! – У қоғозларни столга ёзди-да, биринкетин диққат билан кўздан кечира бошлади.

– Хатдан бўлак, ҳамма жойда дастхат ўзгартирилган – деди кўп ўтмай. – Лекин бир нарса шакшубҳасизки, ҳамма манзиллар, хат, бир одамнинг қўли билан ёзилган. Қаранг-а, «е» ҳамма жойда бир хил, яна шунга ҳам эътибор беринг-а, охирги «8» анча эгилган. У ҳам, бу ҳам бир одамнинг дастхати. Сизни ҳозирданоқ умидвор қилмоқчи эмасман-у, лекин айтинг-чи, мисс Морстен, бу дастхат билан отангизнинг ўртасида бирор ўхшашлик йўқми?

– Ҳеч қандай.

– Мен ҳам шундай деб ўйладим. Бўпти, демак, сизни соат олтида кутамиз. Ижозатингиз билан бу қоғозларнинг ҳаммасини олиб қолсам. Мен яна бир бор ўйлаб кўраман. Вақтимиз бор. Энди уч ярим бўпти. Хўп, кўришгунча.

– Хайр, – деб жавоб қилди меҳмонимиз, сўнг дурлар солинган қутичани кўкрагига яширди-да, бизга меҳр тўла нигоҳ ташлаб чиқиб кетди. Дераза олдида туриб унинг енгил, илдам қадам ташлаб узоқлашаётганини оқ пат қадалган кулранг шляпаси оломон орасида кўринмай кетгунича кузатдим.

– Қандай дилбар қиз! – деб хитоб қилдим, дўстимнинг олдига қайтиб келгач.

Холмс яна трубкасини тутатди-да, кўзларини ярим юмганича креслога суянди.

– Дилбар дедингизми? – такрор сўради лоқайдлик билан. – Мен буни сезмадим.

– Йўқ, Холмс, сиз одам эмассиз, сиз арифмометрсиз! – дедим баланд овозда. – Туриб-туриб баъзида сизга жуда ҳайрон қоламан.

Холмс мийиғида кулиб қўйди.

– Энг муҳими – кишининг шахсий фазилатларининг хулосангизга таъсир қилишига йўл қўймаслик. Мижоз мен учун баъзи бир маълумот, муаммо компонентларидан бири. Эҳтирос – соф тафаккурнинг душмани. Гапимга ишонинг, энг гўзал, соҳибжамол аёл ўзининг учта боласини ўлдиргани учун осилган, бунақасини сира учратмагандим. У суғурта полиси бўйича пул олиш учун болаларига заҳар берган. Кўриниши ниҳоятда совуқ танишларимдан бири, саховатпеша одам сал кам чорак миллион сўмини Лондоннинг камбағалқашшоқларига сарфлаган.

– Лекин бу галгиси…

– Мен ҳеч қачон истисно қилмайман. Истисно ишни йўққа чиқаради. Менга қаранг, Уотсон, сиз ҳеч одамнинг дастхатига қараб унинг табиатини, хулқ-атворини ўрганиш билан шуғулланганмисиз? Шу хусусда нима дея оласиз?

– Дастхати аниқ ва равон одам, – деб жавоб бердим, – ҳойнаҳой ишчан, омилкор, матонатли бўлса керак.

Холмс бош чайқади.

– Мана бу узун ҳарфларга бир қаранг-а, – деди у. – Улар сатрдан салгина чиқиб туради: «d» ни «a» деб, «i» ни эса «e» деб ўқиш мумкин. Матонатли одам жуда ноаниқ мужмал қилиб ёзиши мумкин, лекин унинг ёзувидаги узун ҳарфлар узунлигича қолади. Бизнинг мухбиримиз «к» ҳарфини ҳар сафар ҳар хил ёзади, бош ҳарфлари шундайки, унинг табиатида жиззакилик бор деб тахмин қилиш мумкин. Хўп, майли, мен кетдим. Баъзи бир нарсаларни сўраб-суриштиришим, аниқлашим керак. Йўқлигимда мана бу китобни ўқиб чиқишингизни маслаҳат берардим – ажойиб асар. Уинвуд Риднинг «Инсон азоб-уқубатлари» романи. Бир соатдан кейин қайтаман.

Қўлимда китоб билан дераза олдида ўтирибман-у, лекин ўй-фикрларим муаллифнинг дадил мулоҳазаларидан анча йироқда. Мен ҳалигина келиб кетган қизни – унинг жозибали табассумини, чиройли, ёқимли овозини эсладим. Унинг ҳаётига тушунтириб бўлмайдиган бир сир соя солганди. Отаси ғойиб бўлганида у эндигина ўн еттига тўлган эди, демак, ҳозир йигирма еттида – ажойиб ёш, бу даврда ёшликка хос уятчанлик ҳисси йўқолиб, ҳаёт эс-ҳушини анча жойига келтириб қўйган бўлади. Ўй-фикрларим хатарли тус олмагунча шу тариқа мулоҳаза қилиб ўтиравердим, кейин шоша-пиша ёзув столи ёнига ўтирдим-да, яқинда нашр этилган патология курсини жон-жаҳдим билан ўқишга киришдим. Мен, оёғидан ўқ еган, ҳа, бўш, оддий бир америкалик хирург бундай нарсаларни орзу қилишга қандай ҳаддим сиғди-я? У қандайдир маълумот, масала компонентларидан бири – шундан ортиқ нарса эмас. Модомики, келажагим нурсиз экан, яхшиси бу ҳақда ҳар хил хомхаёлларга берилмай, асл эркакларга ўхшаб вазмин, хотиржам ўйлашим керак.

III БОБ
Ечимни излаб

Холмс соат беш яримда қайтиб келди. У анча тетик, кайфи чоғ эди – ундаги дилгирлик одатда мана шундай ўзгариб турарди.

– Бу ишнинг ҳечам жумбоқли жойи йўқ, – деди у қўлимдан чой қуйилган чашкани оларкан. – Фактларга қараб фақат битта изоҳ бериш мумкин.

– Нима, ечимини топдингизми?

– Йўқ, бундай хулоса чиқаришга ҳали эрта. Ҳозирча жуда муҳим бир детални топдим. У менга кўп нарсаларни тахмин қилишимга имкон беради, лекин ҳали кўп нарсаларни аниқлашим керак бўлади. Мен ҳозиргина «Таймс» йиғмасидан шуни аниқладимки, Ўттиз тўртинчи Бомбей пиёда аскарлар полкида хизмат қилган аппернорвудлик майор Шолто 1882 йилнинг 28 апрелида ўлган экан.

– Сиз, эҳтимол, мени нодонга чиқариб қўярсиз-у, Холмс, лекин мен бунда бирон жиддийликни кўрмаяпман.

– Кўрмаяпсизми? Сиз мени жуда ҳайрон қолдиряпсиз, Уотсон. Ҳа, майли, бу ишга бошқа томондан қарайлик. Демак, капитан Морстен ғойиб бўлди. Лондонда унинг бирдан-бир борадиган одами – майор Шолто эди. Лекин майор Шолто Морстеннинг Англияга келиши тўғрисида ҳеч нима эшитганим йўқ, деди. Орадан тўрт йил ўтгандан кейин эса майор вафот этади. Унинг ўлимидан кейин бир ҳафта ўтгач, капитан Морстеннинг қизи қимматбаҳо совға олади. Орадан бир йил ўтгач, яна олади, кейин яна. Хуллас, сизга хиёнат қилишди деган мазмундаги хатни олмагунча бир неча йил давомида посилка олиб туради. Бу, табиийки, отасининг ғойиб бўлишига шама эди. Агар Шолто меросхўрлари бирон бир сирдан воқиф бўлишмаса, агар бирор хизмати учун мисс Морстенни тақдирламоқчи бўлишмаса, унга қимматбаҳо совға-саломлар юбориб нима қилишарди? Буни бошқача бир йўсинда изоҳлаб бера оласизми, бу фактларнинг ҳаммасини бир бутун қилиб бирлаштира оласизми?

– Лекин бу жуда ғалати тақдирлаш-да! Яна ғалати бир қиёфада таклиф қилишган! Нега энди хатини олти йил бурун эмас, энди юборди? Бундан ташқари, хатда адолатсизликни силлиқлаб юбориш керак, дейилган. Қанақа адолатсизлик? Ахир, унинг отаси ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Демак, у бутунлай бошқа нарсани назарда тутяпти.

– Ҳа, бу можаронинг қоронғи жойлари кўп, – деди Холмс ўйчан. – Лекин бугунги сафаримиз ҳамма нарсага аниқлик киритади. Ана, мисс Морстен ҳам келди. Эшитяпсизми, ғилдиракли арава келиб тўхтади. Тайёрмисиз? Бўпти, кетдик. Соат ҳам етти бўлиб қолди.

Мен шляпам билан энг йўғон ҳассамни олдим. Холмс ёзув столининг тортмасидан тўппонча олиб чўнтагига солганини сезиб қолдим. Кўриниб турибди, оқшомги сафаримизни у анча жиддий иш деб ҳисоблаяпти.

Мисс Морстеннинг эгнида қора плаш, унинг ёқимли чеҳраси оппоқ, лекин хотиржам эди. Агар бизнинг ғалати сафаримиз унда ташвиш уйғотмаса, у аёл жинсининг вакиласи бўлармиди, лекин у ўзини тута билиши билан бизни ҳайратда қолдирганди, Шерлок Холмснинг ҳамма саволларига бажонидил жавоб берарди.

– Майор Шолто отамнинг энг қадрдон дўсти эди. Отам ўз хатларида майорни албатта тилга оларди. Улар Андамон оролларидаги соқчилик қўшинларида офицер бўлиб хизмат қилишганди, шу тариқа кўп вақтларини бирга ўтказишарди. Ҳа, айтмоқчи, отамнинг ёзув столидан ғалати бир ҳужжат топилди. Унинг нималигини ҳеч ким айтиб беролмади. Ҳужжатнинг бу можарога алоқаси борми-йўқми, билмайман. Балки, танишиб чиқиш сиз учун ҳам қизиқдир. Мана у.

Холмс бир неча бор букланган қоғозни очиб, уни тиззасига қўйди-да, эҳтиётлик билан силаб текислади. Кейин кўзига лупа тутиб, синчиклаб қарай бошлади.

– Қоғоз Ҳиндистонда ишланган, – деди у. – Бу варақни анча вақт кнопкалар билан тахтага ёпиштириб қўйишган. Унда сон-саноқсиз хоналари, йўлаклари, ўтиш жойлари бўлган қандайдир катта бир уйнинг бир қаноти лойиҳаси туширилган. Бир жойида қизил сиёҳ билан кичкина хоч солинган, унинг устига қалам билан «3,37 чапдан» деб ёзиб қўйилган, унинг ярми ўчиб кетган. Чап бурчагида ғалати бир иероглиф бўлиб, у қатор қилиб ёзилган тўрт хочни эслатади, уларнинг устки чизиқлари бир-бирига туташган бўлиб, пастида йирик-йирик қилиб: «Тўртлар белгиси – Джонатан Смолл, Муҳаммад Сингх, Абдулла Хон, Дўст Акбар», деб ёзиб қўйилган. Тушунмадим, буни сизнинг ишингизга нима дахли бор? Лекин, афтидан, бу жуда муҳим ҳужжат бўлиши керак. Уни ёндафтарда жуда эҳтиётлаб асрашган, чунки унинг икки томони ҳам топ-тоза.

– Биз уни худди шу ёндафтардан топдик.

– Уни йўқотиб қўйманг, мисс Морстен. Эҳтимол, у бизга ҳали керак бўлиб қолар. Менимча, бу иш, аввал туюлганидан кўра анча мураккаб, чигалга ўхшайди. Ҳаммасини яна бир бор яхшилаб ўйлаб кўришим керак.

Холмс ўриндиқ суянчиғига суянди, унинг чимирилган қошларидан, маъносиз қарашларидан билдимки, у қаттиқ ўйга чўмган. Мисс Морстен икковимиз сафаримиз, унинг қандай тугаши ҳақида секин гаплашиб кетдик, шеригимиз эса бутун йўл давомида бир оғиз ҳам гапирмади.

Сентябрь оқшоми, соат еттилар чамаси эди. Эрталабдан ҳаво айниганди. Ҳозир азим шаҳар устини қалин туман пардаси қоплаган, у дам-бадам ёмғирга айланарди. Қора, гугуртранг булутлар ифлос кўчалар устида муаллақ осилиб турарди. Стрэндедаги фонусларнинг хира нури ҳўл йўлкаларга тушиб ялтирарди. Дўконларнинг деразаларидан пиёдалар тинимсиз ўтиб турган кўчага ҳам хира ёруғлик тушиб, туман оқ булутдай сузиб юрарди. Ёруғнинг тор йўлагидан ўтаётган сонсаноқсиз ғамгин ва шодон, гулгун ва ташвишли чеҳраларда қандайдир мудҳиш бир нарсани кўраётгандай бўлдим. Назаримда, арвоҳлар ёпирилиб келаётгандай эди. Бутун инсон зоти каби улар зимистон қаъридан қалқиб чиқиб, яна ўша зулмат қўйнига ғарқ бўларди. Мен аслида таъсирчан одам эмасман-у, лекин бу файзсиз нохуш оқшом, ғалати сафаримиз асабимга таъсир қилди, негадир беҳузур бўлдим. Бундай қарасам, мисс Морстен ҳам алланечук бўлиб кетди. Биргина Холмс ҳеч нимани сезмагандай эди. У ёндафтарчасини тиззасига қўйиб, чўнтак фонуси ёруғида унга аллақандай рақамлар-у, сўзларни ёзарди.

«Лицеум» театрининг ён томонидаги эшиги олдида одамлар тўпланиб туришарди, асосий эшик олдига икки ғилдиракли енгил аравалар ва кареталар кетма-кет келиб тўхтарди, улардан кўйлакларининг ёқасига охор берилган эркаклар, елкаларига шол рўмоллар ташлаб олган бриллиант кўзли узуг-у зираклар таққан аёллар тушишарди. Учрашув тайинланган жойга – учинчи устун олдига боришимиз биланоқ, аравакаш кийимидаги паст бўйли, буғдойранг шўх бир одам ёнимизга келди.

– Сизлар мисс Морстен билан бирга келганмисизлар? – деб сўради у.

– Мен мисс Морстенман, бу жентльменлар дўстларим.

Нотаниш одам бизга диққат билан тешиб юборгудай тикилди.

– Мени кечирасиз, мисс, – деди у қатъий, – лекин, илтимос, шу дўстларимдан ҳеч бири полицияда ишламайди, деб сўз берсангиз.

– Сўз бераман, – деб хотиржам жавоб қилди мисс Морстен.

Ҳалиги одам ҳуштак чалувди, бир дайди бола кўчанинг нариги томонида турган извошни бошлаб келди-да, эшигини очди. Суҳбатдошимиз ўриндиққа сакраб чиқиб ўтирди, биз ичкарига жойлашдик. Аравакаш тизгинни силкитиши билан извош туман орасида елдек учиб кетди.

Вазият одатдагидан бошқача эди. Биз қаёққа ва нима мақсадда кетаётганимизни билмасдик. Ё буларнинг ҳаммаси бир лақиллатиш, кимнингдир ҳазили, дейишга ҳеч қандай асос йўқ эди, ё қандайдир муҳим нарсани билишимиз керак эди, бу ҳақиқатга кўпроқ яқин келарди. Мисс Морстен одатдагидай хотиржам ва вазмин эди. Мен Афғонистонда кўрган-кечирганларим тўғрисида гапириб, унинг кўнглини кўтармоқчи бўлардим, лекин очиғини айтсам, бу сафаримиз ўзимни ҳам ҳаяжонлантирар, буёғи нима бўларкин, деб жуда қизиқардим. Шу туфайли ҳикоя қилаётган саргузаштларим анча чалкаш туюларди. Мисс Морстен, сиз ўшанда менга ғаройиб бир воқеани гапириб бергандингиз, деб ҳали-ҳали эслайди, мен унга ярим кечада палатамга мушкетёр кирганини, қўшоғизли милтиқдан отиб, уни ер тишлатганимни ҳикоя қилгандим. Аввалига қаёққа кетаётганимизни сал-пал кузатиб бордим, лекин тез юрганимиздан, атроф туман бўлгани, шунингдек Лондонни яхши билмаганим учун йўналишни аниқлаёлмай қолдим. Фақат анчадан бери йўлдалигимизни билардим. Лекин Шерлок Холмс йўналишни назардан қочирмай, дам-бадам биз ўтаётган майдонлар-у, кўчалар номини шивирлаб айтиб турарди.

– Рочестер-роуд, – дерди у. – Мана, Винсентекверга ҳам келдик. Воксхоллбрижд-роудга чиқаяпмиз. Афтидан, Суррейга кетаётганга ўхшаймиз. Ҳа, ҳойнаҳой, ўша ёққа. Кўприкдан ўтяпмиз. Қаранглар-а, суви ялтираб кўриняпти.

Чинданам пастда Темзанинг қорамтир суви ялтирарди, унда чироқлар шуъласи акс этарди, мана, извошимиз нариги соҳилга чиқиб олиб, тор, қинғир-қийшиқ кўчалардан ўқдек учиб борарди.

– Уондсуэрт-роуд, – деди Холмс. – Прайорироуд, Ларкхолл-лейн, Стокуэлл-плейс, Робертстрит, Коулд-харборлейн. Афтидан бизнинг йўлимиз шаҳарнинг ҳашаматли жойларидан ўтмайдиганга ўхшайди.

Дарҳақиқат, биз Лондоннинг энг қоронғи ва шубҳали туманларининг биридан кетиб борардик. Чапда ҳам, ўнгда ҳам кўримсиз ғишт уйлар тизилиб кетганди, уларнинг бир хиллигини кўчаларнинг муюлишларидаги чарақлаб турган трактирларнинг файзсиз кўриниши бузиб турарди. Кейин уйлари олдида кичкина боғчалари бўлган икки қаватли виллаларга дуч келдик, сўнг яна яқиндагина дидсиз қурилган ғиштин бинолар бошланди – улар ўзларининг мудҳиш панжаларини азим шаҳарнинг ҳамма томонига узатганди.

Ниҳоят, извош янги кўчадаги учинчи уй олдида тўхтади. Қўшни уйларнинг биронтасида ҳам одам яшамасди. Биз тўхтаган уй ҳам, агар ошхона деразасидаги чироқ ҳисобга олинмаса, қўшниларникига ўхшаб қоронғи эди. Эшикни тақиллатдик, бошига сариқ салла ўраб, эгнига кенг оқ кўйлак кийиб, белини сариқ белбоғ билан боғлаган ҳинди хизматкор ўша заҳоти эшикни очди. Лондон чеккасидаги учинчи даражали уй эшиги олдида ғайриоддий қиёфадаги кишини кўриш ғалати эди.

– Соҳиб сизларни кутяпти, – деди у ва ўша заҳоти ички хоналарнинг биридан ингичка ўткир овоз эшитилди:

– Уларни олдимга олиб киринг. Ҳозироқ бошлаб киринг!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации