Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 29 страниц)
XI БОБ
Агра хазинаси
Асиримиз сандиқча қаршисида кабинада ўтирарди. У шу сандиқчага жон-жаҳди билан интилганди, шуни деб қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтганди. Унинг худди қизил ёғочдан ўйиб ишлангандай юзи, кўзларининг дадил боқиши, тарам-тарам йирик ва майда ажинлар бу одамнинг ҳаёти очиқ ҳавода оғир меҳнат билан ўтганини кўрсатиб турарди. Қалин соқол билан қопланган ияги олдинга туртиб чиққан бўлиб, унинг ўжар табиатини ошкор қилиб турарди. Ёши элликларда бўлса керак, қора, жингалак сочига анча оқ оралаган эди. Хотиржам пайтида юз бичими анча ёқимли, истараси иссиқ эди, лекин ғазабланганида – буни ҳозиргина кўрдик – осилиб тушган ўсиқ қошлари-ю, туртиб чиққан ияги туфайли башараси қаҳрли ва тунд тус оларди. Ҳозир у кишандаги катта қўлларини тиззасига қўйганича, бошини қуйи солиб жим ўтирарди. У жиноий ишларининг сабабчиси бўлган сандиқчага ўқтин-ўқтин, ўқрайиб қараб қўярди. Менга унинг қаҳрли юзида ғазаб-нафратдан кўра ғам-ғусса кўпдек туюлди. Бир марта у юқорига қаради, унинг қарашида истеҳзони кўргандай бўлдим.
– Биласизми, Жонатан Смолл, – деб гап бошлади Шерлок Холмс, – ишнинг бундай тус олганига жуда ачинаман.
– Мен ҳам, сэр, – деди у эҳтирос билан. – Ўйлайманки, бу гал мени осишмас. Инжилни ўртага қўйиб онт ичишга тайёрманки, мистер Шолтонинг ўлимида айбдор эмасман. Уни лаънати камонидан отган ўша пакана иблис Тонга. Қўлим қон эмас. Шолтога худди акамга ачингандай ачиндим. Тонганинг яхшилаб адабини бердим, чилвир билан роса саваладим, лекин энди фойдаси йўқ-да. Ўтган ишга саловат.
– Сигара олинг, – деди Холмс. – Флягамдан бир қултум ичинг: ивиб кетибсиз. Лекин, айтинг-чи, наҳотки шундай пачоқ, нимжон одамнинг мистер Шолтога бас кела олишига, сиз арқондан чирмашиб чиққунингизча уни ушлаб тура олишига кўзингиз етган бўлса?
– Сиз, сэр, назаримда ҳамма нарсадан хабардорга ўхшайсиз, худди ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўргандайсиз. Мен бу пайтда кабинетда ҳеч ким бўлмаса керак, деб ўйлагандим. Мен Пондишери-Лождагиларнинг турмуш тарзини яхши биламан. Бу пайтда мистер Шолто одатда пастга, кечки овқатга тушарди. Ҳеч нарсани яширмоқчи эмасман. Ҳозир энг яхши ҳимоя – бу бор ҳақиқатни гапириш. Агар у кекса майор бўлганида, мен бўйнимни сиртмоққа жон-жон деб тутиб берган бўлардим. Унга пичоқ уриш мен учун сигара чекиб ташлашдай бир гап. Лекин, кўрмайсизми, омадим келмади, мана энди ана шу ёш Шолтони деб каторгага жўнайман, ахир у билан ақалли бирон марта сан-манга бормаганмиз-а.
– Сиз Скотленд-Ярдлик Этелни Жонснинг қўлидасиз, – деб унинг гапини бўлди Холмс. – У сизни менинг ҳузуримга бошлаб келишга ваъда берганди, ҳаммасини очиқ гапириб беришингизни илтимос қиламан. Ана ўшанда эҳтимол сизга ёрдам бера оларман. Бу заҳарнинг жуда тез таъсир қилишини, сиз хонага кирганингизда мистер Шолтонинг аллақачон жони узилганини исботлашга уриниб кўраман.
– Ахир, аслида ҳам шундай бўлган эди. Деразадан тушиб, унинг бир томонга қийшайган, иржайган юзини кўрганимда фалаж бўлиб қолишимга сал қолди. Тонгани бўғиб ўлдиришга тайёр эдим, лекин у қўлимдан чиқиб, чордоққа қочиб кетди. Ана ўшанда у тўқмоғини эсидан чиқариб, ўша лаънати тиканларини йўқотиб қўйганди, кейин ҳаммасини ўзи гапириб берди. Ўйлашимча, ана ўша нарсалар бизга қарши асосий далиллар бўлди. Лекин, ўлай агар, мен бир нарсага тушунмай турибман – бизнинг изимизга қандай туша олдингиз?! Сизга кек сақламайман, – у заҳарханда илжайиб қўйди, – мен фақат бир нарсага ҳайронман. Ярим миллион фунт стерлингга қонуний ҳаққим бўлгани ҳолда умримнинг биринчи ярмини Андаман оролларида ғовлар қуриш билан ўтказдим, иккинчи ярмини эса нари борганда Дартмурдда ер қазиш ишларига бағишлайман. Ўша машъум дақиқада савдогар Аҳмадни учратиб, Агра хазинаси тўғрисида эшитдим, хазина эгаларига фақат бахтсизлик келтираркан. Аҳмадни ҳам ана шу хазина туфайли ўлдириб кетишган, майор Шолто бутун умри гуноҳкорлик азобини тортиб, қўрқувдан титраб-қақшаб яшаган. Мени эса бутун умрим сургунда ўтади.
Шу пайт кабина эшиги очилиб, юзи япалоқ, елкалари кенг, бақувват Этелни Жонс кириб келди.
– Бу оилавий сайрнинг худди ўзи-ю! – деди у. – Ижозат берсангиз, Холмс, флягангиздан бир қултум ичсам. Менимча, бир-биримизни табриклашдан бошқа ишимиз қолмади. Афсуски, иккинчисини тирик қўлга тушира олмадик-да. Лекин бунинг иложи йўқ эди. Биласизми, Холмс, сиз таваккал қилганингизни эътироф этишингиз керак. Хўш, уларни қувиб етолмаганимизда нима бўларди?
– Ҳа, ҳаммаси яхши тугади, – деди Холмс. – Лекин, «Аврора»нинг тезюрар кемалигини чинданам билмагандим.
– Смит, Темзада менинг «Аврора»мдан тез сузадиган биронта ҳам катер йўқ, агар, ўтёқарим бўлганда сизлар ҳечам етолмасдиларинг, дейди. Ҳа, айтмоқчи, у Норвуд ишидан мутлақо хабарим йўқ, деб онт ичяпти.
– Ҳеч нима билмайди, – деб тасдиқлади асиримиз. – Унинг катерини мен танидим, илгарилари менга анча мақташганди. Биз унга ҳеч нима демадик, лекин мўмай пул тўладик, «Эсмеральда» бортида яна ҳам кўпроқ пул тўлашни ваъда қилдик, бу кема Грейсендан Бразилияга кетиши керак эди.
– Ҳа, майли, модомики у бизга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган экан, биз ҳам унга ёмонлик қилмаймиз. Биз, йигитларимизни тез қўлга оламиз, лекин айб қўйишга шошилмаймиз.
Мақтанчоқ, манман Жонснинг бу қадар керилишини кўриш кулгили эди. Кеккаяди-да, ахир, шундай одамни қўлга туширди-я! Холмснинг мийиғида кулимсираб туришидан полиция инспекторининг мақтанчоқлиги унга ҳам эрмак бўлаётганини пайқадим.
– Ҳадемай Воксхолл кўприги олдида бўламиз, – деди Жонс менга мурожаат қилиб. – Ўша ерда сизни хазина билан қолдирамиз. Зиммамга жуда катта масъулият олаётганимни гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бу ҳечам йўл қўйиб бўлмайдиган иш. Лекин лафз пулдан қиммат, деган гап бор-у. Бироқ хизмат бурчим юзасидан сизга полисменни қўшиб юборишим керак, чунки сиз жуда қимматбаҳо юк олиб кетяпсиз-да. Извош оларсиз?
– Ҳа.
– Афсуски калит йўқ-да, йўқса шу ернинг ўзида кўздан кечириб чиқардик. Калити қаёқда, йигитча?
– Сув тагида, – деб қисқа жавоб қилди Смолл.
– Ҳм! Ўзимизга ортиқча ташвиш орттириб нима қиламиз, шунча кўрган-кечирганларимизнинг ўзи етиб ортар. Менимча, доктор, мумкин қадар эҳтиёт бўлинг, деб сизни огоҳлантириб ўтирмасам ҳам бўлар. Сандиқни тўппа-тўғри Бейкер-стритга олиб боринглар. Биз аввалига ўша ерга борамиз, кейин полицияга ўтамиз.
Улар мени полициячиларнинг биттаси – жуда содда, хушфеъл одам билан Воксхолл кўприги олдида тушириб қолдиришди. Чорак соат ўтар-ўтмас биз миссис Сесил Форрестер ҳузурида эдик. Хизматкор аёл бу қадар кеч келганимизни кўриб ҳайрон бўлди. У, миссис Форрестер меҳмондорчиликка кетган, ҳали-бери келмайди, мисс Морстен меҳмонхонада, деди. Полициячи мени икки ғилдиракли извошда кутиб туришга бажонидил рози бўлди, мен сандиқчани қўлимга олдим-у меҳмонхонага кирдим.
Мисс Морстен ёқаси ва белига пуштиранг безаклар тикилган енгил, оқ ҳарир кўйлакда очиқ дераза олдида ўтирарди. Абажур тагидаги лампанинг мўътадил ёруғи унинг тўқима креслодаги қоматини, дилбар, жиддий юзини ёритиб турарди, қалин жингалак сочлари олтиндек ярақларди. Оппоқ қўлини кресло суянчиғига ташлаганди, унинг бутун ўйчан қиёфасидан ғамгинлик сезилиб турарди. Оёқ товушларимни эшитиб, сесканиб тушди-ю креслодан турди, унинг оппоқ ёноқларига қизиллик югурди.
– Извош келиб тўхтаганини эшитдим, лекин миссис Форрестер анча барвақт қайтибди, деб ўйлабман. Бу сиз эканлигингиз хаёлимга ҳам келмабди. Хўш, бизга қандай янгиликлар олиб келдингиз?
– Ҳа, бу шунчаки янгилик эмас, ортиқроқ нарса, – дедим мен сандиқчани стол устига қўярканман, шўх-шодон бир кайфиятда гапираётган бўлсам ҳам, лекин юрагим зирқираб оғрирди. – Мен сизга олиб келган нарса, дунёдаги барча янгиликлардан ҳам қимматроқ. Сизга бойлик олиб келдим.
У сандиқчани кўздан кечирди.
– Ўша айтган хазинаси шуми? – деб сўради у бепарвогина.
– Ҳа, бу Агра хазинаси. Ярми сизники, ярми – мистер Шолтога тегади. Ҳар бирингизга салкам икки юз мингдан тўғри келади. Бу бир йиллик даромаднинг ўн минг фунт стерлингги. Англияда бундай сепга эга бўлган қиз камдан-кам топилади. Бундан ҳам ортиқ ажойиб нарса борми?
Мен қанчалик хурсанд бўлганимни ифода этаман деб бир оз ошириб юбордим, шекилли. Ҳадеб табриклайверганимдан у овозимдаги сохталикни сезиб, қошларини чимирди-ю, менга ажабланиб қаради.
– Бордию, олган тақдиримда ҳам, – деди у, – бунга сизнинг шарофатингиз билан эришдим.
– Йўқ, йўқ, – деб хитоб қилдим, – мен эмас, дўстим Шерлок Холмснинг шарофати билан. Мен бу жумбоқни ўла-ўлгунимча ҳам ечолмасдим, ҳатто дўстимни ўткир таҳлилли ақли ҳам буни дарров ечолмади. Охирида уларни қўлдан чиқаришимизга сал қолди.
– Худо хайрингизни берсин, ўтиринг, доктор Уотсон, ҳаммасини бир бошдан гапириб беринг.
Кўришганимиздан кейин ўтган вақт ичида содир бўлган воқеалар тўғрисида: Холмснинг кийимини ўзгартиргани, «Аврора»ни қидирганимиз, Бейкер-стритда Этелни Жонснинг пайдо бўлгани, кечки экспедициямиз, ниҳоят Темзадаги даҳшатли пойга ҳақида қисқача гапириб бердим. У саргузаштларимиз тўғрисидаги ҳикоямни кўзлари чарақлаб, оғзини ярим очганча тинглади. Учи заҳарланган камон ўқининг шундай ёнимиздан ўтиб кетганини гапирганимда унинг ранги оқариб кетди, ҳозир ҳушидан кетадигандек эди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди у, шоша-пиша унга стаканда сув узатар эканман. – Ўтиб кетди. Жуда қўрқиб кетдим-да, ахир, дўстларим мени деб ўз ҳаётларини хавф остига қўйишди-ю.
– Ҳамма даҳшатлар орқада қолди, – дедим. – Ҳа, айтарли хавф-хатар ҳам бўлгани йўқ. Ҳар хил даҳшатлар тўғрисида гапиришни истамайман. Келинг, яхшиси, кўнгилга хуш ёқадиган нарсалар тўғрисида гаплашайлик. Кўряпсизми, хазина мана шу сандиқчада. Жуда антиқа иш бўлдида! Холмс сандиқчани бу ерга олиб келишим, уни биринчи бўлиб ўзингиз очишингиз учун мени атайлаб юборди.
– Ҳа, албатта, уни қизиқиб томоша қиламан, – деди мисс Морстен ҳеч қандай иштиёқсиз. Шунча машаққат ва хавф-хатарли изланишлар эвазига топилган бу буюмларга лоқайд қараш одобсизлик бўлади деб ўйлади ўзича. – Жуда чиройли сандиқча эканми! – деди у энгашар экан. – Асл ҳинд усталарининг иши шекилли?
– Ҳа, банораслик косиб-дегрезчилар ишлаган.
– Мунча оғир! – у сандиқчани кўтармоқчи бўлди. – Шу сандиқчанинг ўзиям анча-мунча пул турса керак. Калити қани?
– Смолл Темзага ташлаб юборибди, – деб жавоб бердим, – миссис Ферростернинг темир косови билан очишга тўғри келади.
Сандиқчанинг қулфи қуйма, залворли бўлиб, чордона қуриб ўтирган Буддани акс эттирарди. Темир косовнинг учини қулф тагига тиқдим-да, уни худди дастакни босгандай босдим. Қулф шарақлаб очилиб кетди. Қалтираган қўлларим билан сандиқча қопқоғини очдим. Ҳангу манг бўлиб, бақрайиб қолдик. Сандиқча бўм-бўш эди.
Бунчалик оғирлигига ажабланмаса ҳам бўларди, чунки унинг таги, деворлари, қопқоғининг учдан бир қисми темирдан қилинган эди. Сандиқча чиройли, пухта, мустаҳкам эди, афтидан қимматбаҳо буюмлар сақлаш учун махсус ишланганди. Лекин ўша жавоҳирлар йўқ эди. Ақалли, ўша дурнинг бир шодаси ёки тилла зарраси, бриллиант донаси бўлса-чи… Ҳеч вақо йўқ. Сандиқча бўм-бўш, ҳувиллаб ётарди…
– Хазина йўқолибди-да, – деди хотиржам мисс Морстен.
Мен унинг бу сўзларини эшитганимда, унинг асл маъносини тушуниб етганимда кўнглимга соя солиб турган ғашлик тарқалгандай бўлди. Эркин нафас оларканман, бу хазинанинг юрагимда оғир юк бўлиб ётганини энди фаҳмладим. Бу тубанлик, бу худбинлик эди, лекин мен бир нарсани – ўртамизда турган олтин тўсиқнинг йўқ бўлганини кўриб, билиб турардим.
– Худога шукр! – деб юбордим севинганимдан. У менга ҳайрон бўлиб қаради-да, кулимсираб қўйди.
– Нега бундай дейсиз? – сўради у.
– Чунки биз яна кўриша оламиз, гаплаша оламиз, – деб жавоб қилдим, қўлларидан ушлаб. – Чунки мен сизни севаман, Мэри, бу дунёда ҳеч кимни сизчалик севмаганман! Чунки, бу хазина, бу беҳисоб бойлик оғзимни муҳрлаб қўювди. Энди у йўқ, сизни севишимни энди дадил айта оламан. Яна бир бор «Худога шукр» дейман.
– Ундай бўлса мен ҳам «Худога шукр» дейман, – деб шивирлади ва мен уни бағримга босдим. Эҳтимол, кимдир қандайдир хазинасини йўқотгандир, лекин мен бу оқшом дунёда энг бой, энг бадавлат одам бўлиб қолдим.
XII БОБ
Жонатан Смолл қиссаси
Икки ғилдиракли извошдаги полициячи жуда оғир, бардошли одам экан, чунки ўзингиз ҳам фаҳмлаб турган бўлсангиз керак, мен миссис Форрестер уйида анча қолиб кетдим. Лекин унга бўш сандиқчани кўрсатганимда полициячи бир мунча маъюс тортди.
– Мукофот ҳам қўлдан кетибди-да! – хўрсиниб қўйди у. – Хазина бўлмагандан кейин мукофот ҳам бўлмайди-да. Агар у топилганда Сэм Браун икковимиз тунги ишимиз учун ўн фунтдан олардик.
– Мистер Таддеуш Шолто – бадавлат одам, – дедим, – у ўша хазинасиз ҳам икковингизни мукофотлайди.
Лекин у бош чайқаб қўйди.
– Иш чатоқ, – деди у маъюс. – Мистер Этелни Жонс ҳам худди шу гапни айтди.
Унинг айтгани тўғри чиқди, чунки Бейкерстритдан қайтиб келганимиздан кейин унга бўш сандиқчани кўрсатганимда Жонснинг юзи чўзилиб кетди. Улар ҳам энди келиб туришган экан, чунки йўлда режаларини ўзгартиришган, тўппатўғри уйга кетиш ўрнига, Скотленд-Ярдга киришган, Жонс қилинган иш натижаларини гапириб берган. Дўстим одатдагидай ўз креслосида индамай ўтирарди. Смолл рўпарадаги креслода ёғоч оёғини соғ оёғи устига қўйиб ўтирарди. Бўш сандиқчани кўрсатганимда у бирдан хохолаб кулиб юборди.
– Бу сенинг, ишинг, Смолл, – деди Этелни Жонс жаҳл билан.
– Ҳа, менинг ишим. Хазина шундай жойга яшириб қўйилганки, у ерга сизлар ҳечам боролмайсизлар, – деди у тантанавор. – Бу хазина меники, модомики у менга насиб қилмаган экан, унга ҳеч ким эга бўлолмасин. Ҳа, мен буёғини ҳам ўйлаб қўйдим. Бу ёруғ дунёда Андаман қамоқхонасидаги уч каторгачи билан мендан бўлак ҳеч кимнинг бу хазинада ҳаққи йўқ. Хазинага ҳозир эга бўлолмаслигимни билардим, улар ҳам эгалик қилишолмайди. Нимаики қилган бўлсам ўшаларнинг ҳам номидан қилдим. Тўртлар иттифоқимиз – умримизнинг охиригача. Ҳа, биламан, улар менинг ишимни маъқуллаган бўлишарди. Бу бойликлар Шолто ёки Морстен болаларининг қўлига тушгандан кўра, майли, Темза дарёси тубида ётсин. Биз Аҳмадни ана шу бойликни деб ўлдирдик-да. Бойликлар ўша калит ётган жойда. Тонга ҳам ўша ерда. Бизга етай-етай деб қолганларингни кўрганимдан кейин ўлжаларни ишончли жойга яшириб қўйдим. Бу гал ғалаба сизларга бир рупи ҳам келтирмади.
– Сен бизни алдаяпсан, Смолл, – деди Жонс тумшайиб. – Агар бойликни Темзага ташлаш ниятинг бўлганида сандиқчаси билан бирга ташлаган бўлардинг. Бу қулайроқ-ку.
– Осон ташланган нарса осонгина топилади, – деб жавоб қилди Смолл, бизга истеҳзоли қараб қўяркан. – Изимга тушишга ақли етган одам хазинани дарё тагидан ҳам олиб чиқа олади. Энди, бу осонмас, албатта, улар ҳар томонга сочиб юборилган. Жуда яқин қолганларингни кўриб, жинни бўлиб қолай дедим. Энди уларга ачинишнинг фойдаси йўқ! Бу бош нималарни кўрмади, бўларбўлмас нарсага куйинавермайман.
– Бу яхшимас, Смолл, – деди Жонс. – Сиз одил суд устидан бу қадар мазах қилиб кулгандан кўра, унга ёрдам берганингизда сизга кўпроқ мурувват кўрсатишларига умид қилсангиз бўларди.
– Одил суд дедингизми? – хитоб қилди собиқ каторгачи. – Бунақа одил суддан ўргилдим! Бу бойликлар меники. Одил суд эса уларни бунга мутлақо алоқаси бўлмаган одамларга беришни талаб қилади! Унга қандай эга бўлганимни билишни истайсизми? Безгакнинг кони бўлган шу ботқоқда роса йигирма йил тер тўкдим. Кундузи қўлимдан белкурак тушмасди, кечалари эса қамоқхонанинг қўланса барагида кишанларни шарақлатиб юриб, ухламай чиқасан. Чивин, безгак тинкангни қуритади, қора назоратчилар бўралаб сўккани-сўккан, улар оқ танлиларни хўрлашни яхши кўришади. Агра хазинасига шу тариқа эга бўлганман. Сиз бўлсангиз адолатдан гапириб ўтирибсиз – ҳаётим эвазига эришган бу бойликлардан бошқаларнинг фойдаланишини истамайман. Майли, мени дорга оссинлар, майли, бутун баданимга Тонганинг тиканлари санчилсин, ҳаммасига розиман, чидайман, лекин қонун бўйича менга тегишли бўлган олтинларга бошқа бировнинг кўмилиб ётганини кўра туриб қамоқхона камерасида чириб ўлиб кетишни истамайман.
Смолл лоқайдлик ниқобини юзидан сидириб ташлади. У жўшиб-тошиб сўзлар, кўзлари чақнар, дарғазаб бўлиб муштларини сиққанида кишан шақирлаб кетарди. Бу одамнинг қаҳр-ғазаб ўтидан қанчалик ёнаётганини кўрганимдан кейин, унинг пайдо бўлганини эшитиб Шолтони нақадар ваҳима босганининг сабабини тушундим.
– Сиз бир нарсани унутяпсиз, бизнинг бу гаплардан мутлақо хабаримиз йўқ, – деди Холмс мулойим. – Биз бу бойликлар сизнинг қўлингизга қонуний йўл билан тушган-тушмаганини ҳозир ҳам билмаймиз.
– Сиз мени ўзингизга тенг кўриб гаплашяпсиз, сэр. Гарчи мана бу тақинчоқлар сизнинг ишингиз эканлигини жуда яхши тушуниб турган бўлсам ҳам, – Смолл қўлидаги кишанларни кўрсатди, – сиздан хафа эмасман. Ҳалол ўйин бўлди. Агар эшитишни хоҳласангиз, бутун тарихимни бошидан охиригача сизга гапириб беришим мумкин. Худо шоҳид, гапимда заррача ёлғони йўқ. Сиздан миннатдорман, сэр, агар томоғим қақрагудай бўлса, бажонидил бир-икки қултум ичаман.
Аслида мен Вустерширликман, Першо яқинида туғилганман. Агар, биз томонларга борсангиз Смолларнинг ўнлаб оилаларини топасиз. У ёққа бориб-келиш тўғрисида тез-тез ўйлардим, лекин мен ҳеч қачон оиланинг фахри бўлмаганман, борганимга хурсанд бўлишларига кўзим етмасди. Уларнинг ҳаммаси ёши улуғ одамлар, черковга қатнашади, уларни атрофдагилар жуда ҳурмат қилишади. Улар фермерлар, менинг эса одатларим ёмон эди. Ўн саккиз ёшимда бир қиз туфайли можарога тушиб қолдим. Учинчи пиёда полкига қиролича солдати бўлиб ёлланганим мени жазодан қутқариб қолди, ўша полк Ҳиндистонга жўнаётган эди.
Лекин армиядаги хизматим тезда тугади, милтиқдан отишни-ю «ғоз юришни» ўргандим, холос. Бир куни нима ҳам бўлди-ю, Гангага бориб чўмилдим, яхшиямки ёнимда сержантимиз Жон Холдер бор эди. У полкимизда энг яхши сузувчилардан эди. Дарёнинг ўртасигача сузиб бориб, бундай қарасам – рўпарамда тимсоҳ. Тиззамнинг юқорисидан шартта тишлади, худди пичоқ билан кесгандай бўлди. Эс-ҳушимни йўқотиб қўйганимдан, қон кўп кетганидан чўкиб кетишим ҳеч гап эмасди, яхшиямки ёнимда Холдер бор эди, у мени даст кўтарди-да, соҳилга олиб чиқди. Госпиталда беш ой ётдим. У ердан ёғоч оёқда, батамом ногирон бўлиб чиқдим, ҳарбий хизматга, умуман ҳеч қандай ишга ярамас эдим.
Ўшанда анча машаққат тортдим, ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг-а, нотавон бир чўлоқ, эндигина йигирмага чиққан йигит бўлсам. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, дейишади. Эйблуайт исмли бир одамга, нил бўёғи олинадиган плантация эгасига назоратчи керак бўлиб қолди. Маълум бўлишича, у менга жонкуярлик қилган полковнигимизнинг дўсти экан. У мени Эйблуайтга зўр бериб тавсия қилди. Назоратчи вақтининг кўп қисмини отда ўтказади, чўлоқ оёғим узун бўлгани учун эгарда бемалол ўтирардим, ёғоч оёғим халақит бермасди. Мен отда плантацияларни айланиб юрардим, кули2727
Кули – баъзи Осиё мамлакатларида қора ишчи, ҳаммол.
[Закрыть] ларнинг қандай ишлаётганини кузатардим, ишёқмасларни хўжайинга айтардим. Менга яхши тўлашарди, турар жойим ҳам чакки эмасди, умримнинг охиригача шу ерда ишлайман, деб ўйловдим. Хўжайиним меҳрибон, кўнгли очиқ одам эди, трубкасини чекиб олдимга тез-тез кириб турарди, чунки бу ерда яшовчи оқ танлилар ҳамиша бир-бирларини кўриб туришарди. Бу ерда бутунлай бошқача аҳвол.
Лекин бахт менга ҳеч қачон узоқ ҳамроҳ бўлмасди. Мамлакатда кутилмаганда ғалаён бошланди. Куни кеча ҳаммамиз Кент ёки Сурродагидай тинчтотув, беташвиш яшаб юрувдик. Сиз бу воқеани мендан кўра яхшироқ биласиз, албатта. Бу ҳақда кўп ёзилган, менинг эса ўқишга унчалик ҳушим йўқ. Ўз кўзим билан кўрган нарсаларни яхши биламан. Бизнинг плантациямиз Шимоли-ғарбий провинциялар чегарасидаги Муттри шаҳри яқинида эди. Ҳар куни кечаси бутун осмон ёнаётган бунгал алангасидан ёришиб кетарди. Ҳар куни мулкимиз орқали европаликлар хотин, болачақалари билан ўтишарди, улар Аграда турган инглиз қўшинларининг ҳимоясига ошиқишарди. Мистер Эйблуайт ўжар одам эди. Буларнинг ҳаммаси сариқ чақага арзимайди, бугун-эрта тугайди, деган фикр унинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолганди. У айвонида вискидан жиндак-жиндак отиб, сигарасини чекиб хотиржам ўтирарди. Ҳолбуки, бутун Ҳиндистон олов ичида эди. Биз унинг ёнида қолдик, албатта. Биз деганим – бу мен ва Доусон, у хотини иккови ҳам ҳисоб-китоб ишларини бажарарди, ҳам хўжаликни юргизарди. Лекин барибир фалокат юз берди. Мен куни билан узоқ плантацияда бўлиб, кечга яқин отда қайтиб келаётгандим. Унча чуқур бўлмаган жарлик тагида қандайдир ноаниқ бир нарса қорайиб кўринди. Мен яқинроқ бордим, даҳшатдан юрагим орқамга тортиб кетди: бу Доусоннинг хотини бўлиб, уни қийма-қийма қилиб, чиябўриларга емишга ташлаб кетишганди. Сал нарида, йўл устида Доусоннинг ўзи юзтубан ётарди, унинг музлаб қотиб қолган қўли тўппончани сиқиб ушлаганди, шундай ёнида эса тўртта сипоҳ ётарди. Мен тизгинни тортиб отни тўхтатдим. Шу пайт Эйблуайт уйи томидан қуюқ тутун бурқсиб чиқа бошлади, сал ўтмай ташқарига аланга отилди. Мен хўжайинимга ҳеч қандай ёрдам беролмаслигимни тушундим, агар қутқараман деб шоша-пиша ўзимни оловга урсам, ўлиб кетишим аниқ эди. Мен турган жойдан қизил мундирли исёнчилар аниқ кўринарди, улар камида бир неча юз киши эди, бақириб-чақириб, ёнаётган уй атрофида ўйинга тушишарди. Мени кўриб қолишди, ўша заҳоти бошим ёнидан бир неча ўқ чийиллаб учиб ўтди. Шундан кейин отнинг бошини бурдим-да, шолипоя оралаб чоптириб кетдим. Кечаси Аграга етдим.
Бу ер ҳам нотинч экан. Бутун мамлакат бузилган асалари уясидай ғувилларди. Инглизлар кичик-кичик отрядларга бирлашишарди. Улар қурол кучи билан ушлаб турган ердагина хўжайин эдилар. Қолган ерларнинг ҳаммасида улар исёнчилар ҳукми остида эди. Бу миллионларнинг бир неча юз кишига қарши уруши эди. Энг фожиали томони шундаки, душманимиз ўзимиз саралаган қўшинлар – пиёда аскарлар, тўплар ва отлиқ аскарлар. Биз уларни ўқитиб, қаттиқ тартибга ўргатган эдик, энди бўлса улар бизга қарши ўзимизнинг қуролларимиз билан жанг қилар, бизнинг сигналларимизни чалишарди. Аграда Учинчи бенгал ўқчи полки сикхларнинг бир неча отряди, икки эскадрон отлиқ аскарлар ва бир батарея жойлашганди. Қўзғолон кўтарилганда амалдорлар билан савдогарлардан кўнгиллилар отряди тузилган эди. Чўлоқлигимга қарамай бу отрядга мен ҳам ёзилдим. Июлнинг бошларида Шохганж яқинида душман билан учрашиш ниятида Аграга кириб бордик, уларни бир неча вақт тўхтатиб турдик, лекин ҳадемай порохимиз тугаб қолиб, яна Аграга қайтиб келдик. Ҳамма томондан ташвишли хабарлар келарди, бунга ажабланмаса ҳам бўларди, чунки Агра шундай исён марказида эди. Лакхнау биздан шарқ томонда юз милдан ҳам ортиқ узоқда эди, Канпур ҳам жануб томонда шунча узоқликда эди. Қайси томонни олманг, ҳамма жойда хунрезлик, хонавайронлик, ўлим.
Агра – қадимий шаҳар. У ерда муттасил ҳиндилар ва ёвуз ёввойи-бутпарастлар доимо гала-гала бўлиб юришади. Бир нечта инглиз бу тор, қинғир-қийшиқ жин кўчаларда йўқолиб кетарди. Шунинг учун ҳам командиримиз дарёдан ўтиб, кўҳна Агра қалъасида яшириниб олишни буюрди. Жентльменлар, билмадим, орангизда битта-яримтангиз бу қалъа тўғрисида эшитганмисиз-йўқми. Бу – жуда ғалати иншоот. Бунақасини ҳеч кўрмаганман, гапимга ишонинг, умримда жуда кўп антиқа нарсаларни кўрганман. Қалъа жуда катта иккита – янги ва эски қўрғондан иборат. Гарнизонимиз, хотин-халажлар, болалар, озиқ-овқат ва қолган бошқа ҳамма нарса янги қўрғонда жойлашганди. Лекин, у эскисидан кичкина эди. Эски қўрғонга ҳеч ким қадам босмасди, у ерда фақат чаёнлару мингоёқлар яшарди. У ерда катта бўш заллар, галереялар, қанчадан-қанча ўтиш жойлари, муюлишлари бўлган узун йўлаклар кўп эди, шунинг учун ҳам адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. У ерга камданкам одам юрак ютиб борарди, лекин баъзи-баъзида синчков одамлар тўда-тўда бўлишиб, қўлларига машъала олиб боришарди.
Агра қалъасининг олд томонидан дарё оқарди, у тўсиқ вазифасини ўтарди, лекин ён ва орқа деворларида чиқадиган жойлар кўп эди, уларни қўриқлаш керак эди. Бизда одам кам, тўплар шинакларнинг олдига қўйишга аранг етарди. Ўшанда биз марказий қўрғонни яхшилаб мустаҳкамлаган эдик, ҳар бир дарвозанинг олдига кичкина қоровул – бир инглиз билан икки-уч сикхни қўйиб қўйдик. Менга жануби-ғарбий томондаги деворнинг энг охирги эшигини кечаси қўриқлашга тўғри келди. Ихтиёримга икки сикхни беришиб, хавф-хатар туғилгудай бўлса, марказий қоровулхонадан ёрдам чақириш учун ўқ узгин, дейишди.
Лекин постимиз асосий кучлардан чамаси икки юз метр масофада, бизга сон-саноқсиз йўлаклардан ўтиб келинадиган бўлгани учун ҳужум қилиб қолишгудай бўлса, бизникилар ўз вақтида ёрдамга келишларига кўзим етмасди.
Кичкина бўлса ҳам отрядим борлигидан фахрланардим, ахир, бир йил солдат бўлиб хизмат қилдим-а, яна шу ёғоч оёқда-я. Икки кеча анча тинч ўтди. Қўлимдаги панжобликлар баланд бўйли, жаҳлдор сикхлар эди. Биттасининг исми Муҳаммад Сингх, иккинчисининг оти Абдулла Хон эди, иккови ҳам Чилианвал остонасида бизга қарши курашган эдилар. Улар инглизчада бемалол гапиришарди, лекин улар билан кам мулоқотда бўлардим. Улар доимо бирга бўлишга уринишарди, ўзларининг ғалати сикх тилида алланималар тўғрисида валақлашишарди. Мен одатда ташқарида, эшик олдида туриб, буралиб-буралиб оқаётган дарёни, кўҳна шаҳарнинг милтиллаган чироқларини томоша қилардим. Ноғораларнинг дўпир-дўпири, қорадори ва нашадан маст бўлган исёнчиларнинг қийқириқлари, ашулалари бутун кеча бизга нариги соҳилдан келадиган хавф-хатарни эслатиб турарди. Марказий қоровулхона дозорлари постларни ҳар икки соатда айланиб чиқарди, ҳамма нарса жойидами-йўқми, деб текширишарди.
Навбатчилигимнинг учинчи куни тун зимистон эди, шивалаб ёмғир ёғарди. Бундай рутубатли ҳавода кечаси соатлаб қоровулликда туришдан ёмони йўқ. Мен одамови ўртоқларим билан гаплашишга бир неча бор уриниб кўрдим, лекин ҳаракатларим бесамар кетди. Кечаси соат иккида дозор келиб, сал жонимга аро кирди. Сикхларни гапга сололмаслигимга кўзим етгач, трубкамни қўлимга олдим, милтиғимни ерга қўйиб, гугурт чақдим. Ўша заҳоти икки сикх менга ташланишди. Биттаси мушкетимни олиб, тепамда кўтарди, иккинчиси узун пичоғини бўғзимга тираб, агар сал қимирласанг шу пичоқни ҳалқумингга санчаман, деди тишларини иржайтириб.
Миямга, бу иблислар исёнчилар билан тил бириктирган, демак, бу – ҳужумнинг бошланиши, деган фикр келди. Агар исёнчилар бизнинг кирадиган жойимизни қўлга олгудек бўлишса, қалъа ҳам уларга ўтади, ана унда хотин-халажлар-у, болалар уларнинг қўлига тушади. Сиз, жентльменлар, эҳтимол бу одам бизни ўзига мойил қилмоқчи, деб ўйлаётган бўлишингиз ҳам мумкин, лекин чин сўзим, бу нарса хаёлимга келганда, бўғзимга қадалган пичоқни ҳам унутиб, қичқирмоқчи ҳам бўлдим, эҳтимол, бу менинг энг сўнгги ҳайқириғим бўлармиди. Мени ушлаб турган сикх кўнглимдагини сезгандай бўлди, чунки важоҳатимни кўриб, қулоғимга шивирлади: «Шовқин солма. Қалъадан хавотирланма. Бизнинг соҳилда разил исёнчилар йўқ». Унинг овозида қандайдир самимийлик бор эди, зеро, овоз чиқаргудай бўлсам, асфаласофилинга кетишимни билардим. Қулоғимга шивирлаган одамнинг қарашида ҳам шу маъно бор эди. Шунинг учун ҳам, қани, уларнинг нияти нима экан, кўрайлик-чи, деб кутишга қарор қилдим.
«Менга қара, соиб, – деди улардан бири, унинг исми Абдулла Хон бўлиб, анча ёвуз эди. – Ё сен бизга қўшиласан, ё бир умрга нафасинг ўчади. Биз кутолмаймиз: жуда қалтис, муҳим иш. Ё сен биз билан бир жон, бир тан бўласан, бунга христиан хочини ўпиб онт ичасан ё бугун кечаси ўлигингни ариққа ташлаб кетамиз, биз эса дарёнинг нариги томонига ўтиб, қўзғолончиларга қўшиламиз. Бошқа чоранг йўқ. Ё ҳаёт, ё ўлим. Хўш, нима дейсан? Ўйлаб кўришинг учун уч дақиқа муҳлат берамиз. Вақт ғанимат, ҳамма ишни дозор қайтиб келгунча саранжом қилишимиз керак.
– Ахир мен нимани қила оламан? – эътироз билдирдим. – Нима қилишим кераклигини айтмадиларинг-ку. Лекин билиб қўйинглар, агар ўртада қалъа тақдири турган бўлса, мени ўлдирларинг, ҳа, қўлларинг қалтирамасин.
– Қалъага ҳеч нима хавф солаётгани йўқ, – деб шивирлади яна ўша сикх. – Ватандошларинг бу мамлакатга нима ниятда келишяпти, сен ўшалар ўйлаган ишни қилгин, биз шуни истаймиз: бой-бадавлат бўлишингни хоҳлаймиз. Агар сен шу бугун кечаси биз билан бирга бўлсанг, яланғоч ханжаримиз, сикхларнинг уч мартали қасами билан онт ичамизки, олган ўлжамизни сен билан ҳалол бўлишамиз, бу қасамни ҳали биронта сикх бузмаган. Сен ҳам бойликнинг тўртдан бирини оласан. Адолатлик бундан ортиқ бўладими?
– Қанақа бойлик? – деб сўрадим. – Мен ҳам сизларга ўхшаб бой-бадавлат бўлишни истайман. Лекин, қани, айтинглар-чи, бунга қандай эришса бўлади?
– Аввалига, – деб жавоб қилишди улар, – отангни арвоҳи, онангни ор-номусини, ўз динингнинг муқаддас хочини ўртага қўйиб, ҳозир ҳам, келгусида ҳам сизларга ҳеч қачон қўл кўтармайман, буни бир умр сир сақлайман, деб қасам ич.
– Қасам ичаман, – деб жавоб қилдим, – фақат агар қалъага ҳеч нима хавф солмаса.
– Ундай бўлса, хазинани ўзаро ҳалол бўлишиб оламиз, сен ўз улушингни, тўртдан бирини оласан, деб биз ҳам қасам ичамиз.
– Лекин биз уч кишимиз-ку, – дедим.
– Йўқ, тўрттамиз. Дўст Акбар ҳам ўз улушини олиши керак. Уларни кутгунимизча сенга ҳаммасини гапириб бераман. Муҳаммад Сингх ташқарида туриб, улар кўриниши билан бизларга хабар қилади. Ҳа, соиб, сенга ҳаммасини гапириб бераман, чунки сен фарангисан, биламанки, фарангилар қасамини бузишмайди. Агар сен алдамчи ҳинду кўппаги бўлганингда борми, бетавфиқ, ибодатхоналардаги барча худолар номига қасам ичмагин, барибир қонинг тўкилган, жасадинг эса ифлос сувга ташланган бўларди. Лекин сикхлар инглизларга ишонади, инглизлар эса сикхларга ишонишади. Ҳа, қулоқ сол, соиб, гапириб бераман.
Шимолий провинцияларда бир рожа яшайди. У гарчи ери кам бўлса ҳам жуда бой, бадавлат. Отасидан жуда кўп бойлик мерос қолган, ўзи ҳам ундан кўп мол-дунё орттирди, чунки у ғамлашни яхши кўради, харажат қилишни ёқтирмайди. Иш чалкашиб кетганида у ҳам шер, ҳам йўлбарс – сикхлар ва инглизлар билан тил топишди, дўст бўлди. Лекин у, оқ танлиларни ҳамма ёқдан қувишаётганмиш, ўлдиришётганмиш деган миш-мишларни эшитганида, оқ танлиларнинг куни битибди-да, деган қарорга келди. Аслида анча эҳтиёткор одамлиги учун нима бўлганда ҳам бойлигининг ақалли ярмини сақлаб қолишга уринди, шунга яраша иш тутди. Олтину кумушларини саройининг ертўлаларида қолдирди, энг қимматбаҳо тошлари билан дурларини темир сандиққа солиб, содиқ хизматкорига, савдогар қиёфасида Агра қалъасига олиб ўтишни топширди, бу тўс-тўполонлар босилгунча ўша ерда тура турсин, деди. Шундай қилиб, агар исёнчилар ғалаба қилса, олтину кумушлари қўлдан кетмайди, мабодо инглизлар зўр келса, қимматбаҳо буюмлари сақланиб қолади. Ўз бойликларини шу тариқа бўлиб чиқиб, у сипоҳларга қўшилди, чунки уларнинг ғалаба қилиши шубҳасиз эди. Демак, соиб, сен бир нарсага эътибор бергинки, бу қимматбаҳо буюмларга ўз бурчига охиригача содиқ қолган киши эга бўлиши керак.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.