Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 29 страниц)
Аҳмад исми билан саёҳат қилиб юрган бу сохта савдогар ҳозир Аграда. У Агра қалъасига кириш иштиёқида. Бутун сиридан хабардор укам Дўст Акбар у билан бирга. Дўст Акбар бугун кечаси уни қалъага олиб киришга ваъда берган. У келиб-келиб бизнинг эшигимизни танлаган. Улар ҳадемай келиб қолишлари керак, биз Муҳаммад Сингх икковимиз уларни кутиб оламиз. Бу бир дашт жой, Аҳмад ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Биз ҳеч ким, ҳеч қачон ҳеч нима билмаслигини истаймиз. Кейин бойликларни бўлишиб оламиз. Хўш, сен бунга нима дейсан, соиб?
Вустерширда инсон ҳаёти муқаддас ва дахлсиздир, лекин ҳамма ёқда жангу жадал кетаётган, одамлар ўлаётган, қон тўкилаётган, ажал сели ҳар қадамда кутаётган бир пайтда бунинг йўриғи бошқа. Қандайдир савдогар Аҳмад ўладими-қоладими, менга бари бир эди. Лекин хазина ҳақидаги ҳикоя мени жуда қизиқтириб қолди. Мен, Англияга ана шунча бойлик билан қайтиб борсам зўр бўларди-я, бекорчи, танбал Жонатаннинг чўнтакларини олтину дурларга тўлдириб келганини кўриб, ота-онам, қариндош-уруғларим ҳангу манг бўлиб қолишарди, деб ўйлай бошладим. Нимани танлаганимни шундан билаверинг. Лекин Абдулла Хон мени ҳалиям иккиланяпти, деб ўйлади.
– Менга қара, соиб, – мени кўндирмоқчи бўлиб гапида давом этди, – агар бу одам гарнизон бошлиғининг қўлига тушиб қолгудай бўлса, бари бир уни ё отишади, ё осишади, рожанинг ҳамма бойлиги ҳукумат хазинасига тушади-ю, ҳамма қўлини бурнига тиқиб қолаверади. Модомики, пистирма қўйиб, уни қўлга туширмоқчи бўлдикми, бу ишни охирига етказиш керак. Бойликларни асрашни эса биз давлат хазинасидан кўра яхшироқ биламиз. Бирданига бойиб кетамиз, эътиборли жаноблардай савлат тўкиб юрамиз. Биз бу ерда яккаёлғизмиз. Бу ҳақда ҳеч ким, ҳеч қачон ҳеч нарса билмайди. Шароит бизга қўл келяпти. Хўш, яна бир бор қайтар, соиб, биз биланмисан ё бизга қаршимисан?
– Сизлар билан, бутун жону дилим билан сизларга қўшиламан, – дедим.
– Жуда соз, – деб жавоб қилди у, милтиғимни қайтариб бераркан. – Кўряпсанми, биз сенга ишоняпмиз, чунки сен ҳам бизга ўхшаб лафзингга хиёнат қилолмайсан. Энди кутамиз.
– Бу ишлардан укангни хабари борми?
– Бу унинг режаси, ҳаммасини ўйлаб топган ҳам ўша. Энди, юр, Муҳаммад Сингхнинг олдига борамиз, ўша ерда кутамиз.
Ёмғир тинай демасди, зеро, ёмғир мавсуми бошланганди. Оғир қора булутлар бутун осмонни қоплаганди, икки қадам наридаги нарсани кўриб бўлмасди. Шундай олдимизда чуқур бор эди, айрим жойлари қуруқ бўлиб, ўтиб олиш қийин эмасди. Ўзимни жуда ғалати ҳис этардим: мана, икки ёввойи панжоблик билан бирга турибман, ўз ўлими истиқболига шошаётган кишини кутяпман.
Бирдан чуқурнинг нариги томонида этак билан чала ёпилган фонуснинг липиллаган нурини кўриб қолдим. Ёруғ тупроқ уюми орқасида йўқ бўлиб кейин яна пайдо бўлди-ю, биз томон яқинлашиб кела бошлади.
– Келишяпти! – дедим.
– Ундан қоидага биноан, кимсизлар, деб сўранг, соиб, – деб шивирлади Абдулла. – У ҳеч нимадан шубҳаланмасин. Уни биз кузатиб қўяйлик, ўзларинг кираверишда қолинглар. Уми, бошқами, янглишмаслик учун фонусни тайёрлаб қўйинглар.
Фонус ёруғи дам тўхтаб қолар, дам биз томонга қараб юрарди. Сал ўтмай у томонда икки шарпани кўрдим. Улар чуқур олдига келишди-да, эмаклаб унинг ичига туша бошлашди, кейин лойдан шалоплаб юриб келиб, биз томонга тирмашиб чиқа бошлашди, шу пайт кимсизлар, деб бақирдим.
– Кимсиз? – деб сўрадим паст овозда.
– Дўстларингиз, – деган жавоб эшитилди. Мен фонусни очиб, уларни ёритдим. Олдинда қора соқоли деярли белигача тушган басавлат сикх келарди. Мен бунақанги дароз одамларни фақат циркда кўрганман. Иккинчиси паст бўйли, йўғон, юм-юмалоқ эди, бошида сариқ салла, қўлида эса тугун – нималарнидир шолрўмолга тугиб олганди. У қўрқувдан дағ-дағ титрар, қўллари худди безгак тутган одамникидай қалтирарди, кичкина қора ялтироқ кўзлари жавдираб, дам-бадам сичқонга ўхшаб атрофга аланглаб қарарди, у инидан қўрқа-писа мўралаётган сичқонга ўхшарди. Бу кичкина одамнинг ҳозир ўлишини ўйлаганимда ўзим ҳам қалтирай бошладим. Лекин хазинани эсладим-у, тошбағир бўлдим-қолдим. Йўғон одам очиқ чеҳрамни кўрди-ю, севинганидан алланималар деб, менга ташланди.
– Сизнинг ҳимоянгизга муҳтожман, соиб, – деди у ҳансираб. – Мен бир шўрпешона савдогар Аҳмадман. Агра қалъасининг мустаҳкам деворларига етиб олиш учун бутун Ражпутанни кезиб чиқдим. Йўлда мени талашди, ўласи қилиб калтаклашди, хўрлашди, чунки мен ҳукумат одамиман, унинг дўстиман. Шу оқшом Худойи таоло марҳаматини аямади, мен озод бўлдим. Ўзим ҳам, арзимас молим ҳам.
– Тугунингизда нима бор? – деб сўрадим.
– Темир сандиқча, – деб жавоб қилди у. – Ичида иккитами-учта оила ёдгорлиги бор, уларнинг мендан бўлак ҳеч ким учун қадр-қиммати йўқ. Лекин қашшоқ эмасман, ёш соиб, агар мана шу деворлар орқасига ўтиб яширинишимга ижозат берсанг, ўзингни ҳам, бошлиғингни ҳам хурсанд қиламан.
Ортиқ чидаёлмаслигимни сезиб турардим. Унинг гўштдор, қўрқувдан дир-дир қалтираётган яноқларига қараганим сайин, совуққонлик билан ҳар томонлама чуқур ўйланган бу қотиллик менга яна ҳам мудҳиш, янада даҳшатли кўринарди. Қани энди ҳаммаси тезроқ тугай қолса.
– Уни марказий қўрғонга олиб боринглар, – деб буюрдим.
Икки сикх ён томонда, учинчиси орқада кетишди. Тўрттови ҳам йўлакдан секин узоқлашишарди. Бечора савдогар ажалга шундай юзма-юз келганди. Мен фонусим билан эшик олдида қолдим.
Мен уларнинг бўш йўлаклардаги оёқ товушларининг бир хилдаги садосини эшитиб турардим. Бирдан оёқ товушлари тинди. Овозлар, муштлашаётганларнинг шовқин-суронлари, калтак зарбалари эшитилди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас дупурлаган оёқ товушини, мен томонга чопиб келаётган одамнинг ҳансираб нафас олишини эшитиб, қўрқиб кетдим. Фонусим билан узун йўлакни ёритиб, юзлари қонга беланган семиз одамни кўрдим. У жони борича мен томонга чопиб келар, қора соқолли басавлат сикх эса йўлбарсдай сакраб, унга етиб олай, етиб олай дерди, қўлида пичоқ ярқирарди. Одамларнинг мана шу пакана савдогардай тез чопганини ҳеч қачон кўрмагандим. Ёнимдан чопиб ўтиб, кўчага чиқиб олиш қолганди. У ёқда уни қутқариб қолишади. Яна бир зум унга ачиндим, лекин хазинани эсладим-у, яна дийдам қотди-қолди. У рўпарамга келганида, милтиғимни оёғи тагига ташладим, у худди ўқ еган қуёндай ўмбалоқ ошиб йиқилди. У туришга улгурмасидан, сикх унинг елкасига миниб олди-да, биқинига икки марта пичоқ урди. Аҳмад қимир этмади, инграмади, йиқилган жойида узала тушганча ётаверди. Менимча, йиқилаётганда бўйнини қайириб олди, шекилли. Ўзларинг кўриб турибсизлар, жентльменлар, ваъдамга вафо қилиб, бор гапни айтяпман, ҳикоямнинг сизларга қандай таъсир қилишини мутлақо ўйлаётганим йўқ.
У тўхтади-да, кишан солинган қўлларини Холмс учун махсус тайёрлаб қўйган содали виски солинган стаканга чўзди. Унга қарадим-у, даҳшатдан титраётганимни ҳис этдим, фақат унинг бу маккорона қотилликда қўли бўлгани учун эмас, унинг бу ҳақда бемалол, хотиржам, ҳатто ҳаёсизларча ҳикоя қилиши менга қаттиқ таъсир этганди. Унга қандай жазо берилмасин, барибир мен унга ҳечам ачинмасдим. Шерлок Холмс билан Жонс иккови ҳам қўлларини тиззаларига қўйганларича жим ўтиришарди, уларнинг қанчалик нафратланаётгани юзларидан билиниб турарди. Смолл буни пайқади шекилли, чунки яна гап бошлаганида унинг овозида ҳақоратга ўхшаш бир нарса сезилди.
– Ҳа, буларнинг ҳаммаси бир даҳшат, – деди у. – Лекин менинг аҳволимга тушиб қолган одам ўзини бошқача тутармиди, яъни очиқ кўнгиллиги учун бўғизлаб ташлашларини кўра-била туриб бойликдан воз кечармиди, шундай одамлар кўп топилармикин. Зеро, Аҳмад қалъага кирган эди, энди икковимиздан биримиз тирик қолишимиз керак. Агар у қочиб кетса, ҳамма нарса ошкор бўларди, мени ҳарбий-дала суди суд қиларди, отиб ташлашарди, чунки бунақа пайтда марҳамату мурувватга умид қилиб бўлмайди.
– Давом этинг, – деди Холмс қисқа қилиб.
– Шундай қилиб, биз учовимиз: Абдулла, Акбар ва мен уни қалъага олиб кирдик. Пакана кичкина бўлишига қарамай, қўлларимиз толиқди. Муҳаммад Сингх кирадиган жойни қоровуллаб турди. Сикхлар уни қаерга яшириш мумкинлигини ўйлаб, жойни олдиндан чамалаб қўйишганди. Жуда кўп муюлишлари бўлган йўлак бизни каттакон бўш залга олиб келди, унинг ғишт деворлари аста-секин емирила бошлаган эди. Ер полнинг бир жойи чўкиб, ёрилиб табиий гўр ҳосил қилганди. Савдогар Аҳмадни шу ерга кўмиб, устига девордан тушган ғиштларни териб чиқдик. Аҳмадни бирёқли қилгандан кейин хазина солинган сандиқча олдига қайтиб келдик.
У Аҳмад қолдирган жойда ётарди, сикхлар унга биринчи марта ўша ерда ҳужум қилишганди. Бу ўша, ҳозир сизнинг олдингизда, столда турган сандиқ эди. Қопқоғидаги нақшли дастасига калит шойи чилвир билан боғлаб қўйилганди. Биз уни очдик, фонус ёруғида қимматбаҳо тошлар ярақлаб кетди, булар ҳақида саргузашт китобларда ўқигандим, буни Першорада болалигимдаёқ орзу қилгандим. Уларнинг чарақлашидан кўз қамашар, тик қараёлмасдик. Уни роса томоша қилиб, кўзимиз тўйганидан кейин бу қимматбаҳо буюмларни олиб, бирма-бир санаб чиқдик. Унда бир юз қирқ учта соф бриллиант бор экан, уларнинг орасида ўша машҳур «Буюк мўғул» ҳам бор эди, у шундай деб аталарди, чамамда. Айтишларича, бу катталиги жиҳатдан жаҳонда иккинчи тош экан. Тўқсонта жуда чиройли антиқа зумрад, бир юз етмишта ёқут бор эди, тўғри, майдалари кўп эди. Яна қирқта лаъл, икки юз ўн дона сапфир, олтмиш битта ақиқ, қанчадан-қанча берилл, оникс, мушук кўзи, феруза, яна жуда кўплаб бошқа тошлар бор эди, уларнинг номларини ўшанда билмасдим. Ҳозир бунақа тошларни илгаригига қараганда анча яхши биламан. Сандиқчада яна салкам уч юз дона ажойиб марварид бор эди, улардан ўн иккитасини тасбеҳ қилишганди. Ҳа, айтмоқчи, ўша тасбеҳлар сандиқчадан ғойиб бўлган. Яқинда сандиқчани очганимда улар йўқ эди.
Хазинамизни санаб чиқдик-да, ҳаммасини қайтадан сандиқчага солиб, Муҳаммад Сингхга кўрсатгани олиб кетдик. Кейин, бир-биримизга ҳеч қачон хиёнат қилмаймиз, бу сирни ҳеч кимга айтмаймиз, деб яна бир бор қасам ичдик. Мамлакатда тинчлик, осойишталик ўрнатилганидан кейин хазинани бўлишиб оладиган бўлдик, ҳозирча уни ишончли жойга яшириб қўйишга қарор қилдик. Уларни ҳозир тақсимлашга ҳечам зарурат йўқ эди: агар бу қимматбаҳо буюмларни бизда кўриб қолишса, бу шубҳа туғдириши мумкин эди. Қалъада ҳамма сиқилиб яшарди, бу бойликларни бегона кўзлардан яширишнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун ҳам биз сандиқчани ўша Аҳмад ётган залга олиб бордик-да, бошқаларга қараганда яхшироқ сақланган деворлардан бирининг орасига яшириб қўйдик. Биз ўша жойни яхши эслаб қолдик, эртасига мен тўртта лойиҳа чизиб, уларнинг ҳар бирига, пастига «тўртлар белгиси» деб ёзиб қўйдим, чунки тўртовимизни ҳам муқаддас қасам боғлаб турарди. Қўлимни кўксимга қўйиб сизларга онт ичаманки, мен уларга ҳеч қачон хиёнат қилган эмасман.
Жентльменлар, қўзғолон нима билан тугаганини сизларга гапириб ўтирмайман. Уилсон Деҳлини ишғол қилганидан, сэр Колин эса Лакхнауни озод этганидан кейин қўзғолончилар иши чаппасига кетди. Бу орада янги инглиз қисмлари етиб келди. Нана соибнинг ўзи эса чет элга қочиб кетди. Полковник Грейхтхеднинг тезкор отрядлари Аграни қуршаб олишиб, ҳамма исёнчиларни шаҳардан қувиб чиқаришди. Ниҳоят, мамлакатда тинчлик қарор топди, биз тўртовимиз, бойликларимизни қалъадан билдирмасдан олиб чиқиб кетиладиган кун ҳам яқинлигига умид қила бошлаган эдик. Лекин умидларимиз пучга чиқди – бизни Аҳмаднинг қотиллари сифатида ҳибсга олишди.
Бу бундай бўлди. Рожа қимматбаҳо буюмларни Аҳмадга топширди, чунки у Аҳмадга ишонарди. Лекин шарқ одамлари ҳамиша шубҳали кўринади, шунинг учун ҳам рожа Аҳмаднинг орқасидан хизматкорини жўнатди, унга Аҳмадга қараганда кўпроқ ишонарди. У хизматкорига, Аҳмаддан бир зум ҳам кўзингни узма, деб қаттиқ тайинлади, хизматкори ҳам унинг орқасидан худди соядай эргашиб юрди. Ўша машъум кечада у Аҳмаднинг орқасидан то эшикгача изма-из бориб, уни қалъага қандай олиб кириб кетишганини кўрди. У Аҳмадга бошпана беришганига шубҳа қилмасди, эртасигаёқ ўзи ҳам ўша томонга йўл олди. Лекин у ерда Аҳмадни учратмади. У дарров ҳушёр тортди-да, Аҳмаднинг ғойиб бўлганини соқчилар сержантига хабар қилди. У эса бошлиққа айтди. Ўша заҳотиёқ қидирув ташкил этишди, Аҳмаднинг жасадини тезда топишди. Биз, изимизни йўқотганмиз деб қаттиқ ишонардик, ўзимизни ширин орзулар билан овунтириб юрардик, бирдан, сира кутилмаганда тўртовимизни ҳам ҳибсга олишиб, Аҳмадни ўлдиришда айблашса бўладими. Учовимиз ўша куни кечаси жануби-ғарбий томондаги эшикда соқчилик қилгандик, тўртинчимиз, кейин билсак, ўлдирилган одамга ҳамроҳ бўлган экан. Судда қимматбаҳо буюмлар тўғрисида бир оғиз ҳам гап бўлгани йўқ, чунки рожани князлик тахтидан маҳрум қилишиб, Ҳиндистондан чиқариб юборишганди. Бу ишлар жуда тез тергов қилиниб, суд бизни қотилликда айблади. Сикхлар бир умрга каторгага ҳукм қилинди, мени эса ўлимга ҳукм этишди, кейинчалик ўша муддат билан каторгага алмаштирилди.
Биз бемаъни аҳволга тушиб қолгандик. Қамоқда ўтирсанг, озодликка чиқишга ҳеч қандай умид бўлмаса-ю, сени арши аълога олиб чиқадиган сирни билсанг, ахир, бундан ҳам оғир азоб борми?! Назоратчиларнинг хўрлашларию ҳақоратлари, калтакларига чидасанг, еганинг қуруқ гуручу, ичганинг сув бўлса, у ёқда, озодликда сени беҳисоб бойлик кутиб ётса, жинни бўлиб қолиш, жонига қасд қилиш ҳеч гап эмасди, лекин мен ўлгудай қайсар эдим, тишимни тишимга қўйиб, бахтли онларимни кутдим.
Мана, ниҳоят кутилган кун келгандай бўлди. Аградан бизни Мадрасга, у ердан эса Андаман оролларига, Порт-Блерга олиб кетишди. Янги қамоқхонада оқ танлилар жуда оз эди, мен биринчи кунданоқ сипо юрганим учун ҳадемай анча имтиёзга эга бўлдим. Менга Хоптаунда кичкина ҳужрани ажратиб беришди. Хоптаун – бу Харриет тоғлари этагидаги кичкина қишлоқ эди, баъзи-баъзида ўз ихтиёрим ўзимда бўларди. Безгакнинг кони, расво жой эди; оролларда, девор билан айлантириб олинган каторгачилар қишлоғининг нариги томонида одамхўр қабилалар яшарди. Қулай пайт келди дегунча, заҳарланган ўқёйларини маҳбусларга отиш уларнинг эрмаги эди. Биз чуқурлар қазирдик, канализация ўтказардик, батат2828
Батат – жануб ўсимлигининг бир тури, унинг картошка таъмли ширин илдиз меваси бўлади.
[Закрыть] плантацияларида ишлардик, бошқа ишлар ҳам кўп эди, хуллас, эртадан кечгача тинмасдик, тун эса ўз ихтиёримизда эди.
Мен, бошқа ишлардан ташқари, докторимизга дори-дармон тайёрлаб беришни ўргандим, унинг илмидан баъзи бир нарсаларни ўрганиб олишга уринардим.
Доимо сергак эдим – қочишга пайт пойлардим. Лекин, Андаман ороллари энг яқиндаги ерлардан юз мил узоқликда эди, ўша кенгликлардаги денгизларда шамол кучсиз бўларди ё умуман эсмасди. Бу ердан қочиб кетиш амримаҳол эди.
Доктор Соммертон ёш, хушчақчақ, дилкаш йигит эди. Ёшроқ офицерлар кечалари унинг хонасида тўпланишиб, қарта ўйнашарди. Мен одатда дори тайёрлайдиган қабулхона шундай меҳмонхонага туташ эди, хоналар оралиғидаги деворда кичкина дарча ҳам бор эди. Кўпинча, кўнглим ғаш бўлган пайтларда қабулхонадаги лампани ўчирардим-да, ўша деразадан мўралаб, уларнинг ўйинини кузатардим, гап-сўзларига қулоқ солардим. Мен қарта ўйнашни яхши кўрардим, лекин бу ўзим билан ўзим ўйнаш деган гап эди. Унинг хонасида одатда майор Шолто, капитан Морстен, лейтенант Бромли Браун, шу ерли қамоқхона соқчиларининг бошлиғи, докторнинг ўзи, яна қамоқхона амалдорларидан бир-иккитаси, тажрибали қартабозлар тўпланишарди, улар қартани жуда билиб, ютқизишларсиз ўйнашарди. Аҳил улфатлар йиғилишарди.
Ҳадемай бир нарсага эътибор бердим: ҳарбийлар доимо ютишар, амалдорлар эса нуқул ютқизишарди. Мен, улар ҳалол ўйнашмасди, демоқчи эмасман, йўқ. Лекин негадир доимо шундай бўларди. Андаман оролларига тушиб қолган бу қамоқхона каламушлари қартадан бошқа ҳеч нима билан шуғулланишмасди, ўйнашганиўйнашган эди, улар шерикларининг одатларини яхши билишарди, ўйлаб, жиддий ўйнашарди, ҳарбийлар учун эса вақт ўтса бўлгани эди. Ҳарбийлар кун сайин кўпроқ ютқазадиган бўлишди, ютқазган сайин қайтариб ютиб олиш учун яна ўйинга ўтиришарди. Энг кўп майор Шолто ютқизарди. У аввалига нақд – тилла ёки банкнотлар билан тўларди, кейинчалик йирик пулга тилхат берадиган бўлди. Баъзида у жиндек ютган бўларди, менимча, унинг кўнглини кўтариш учун бу атайлаб қилинарди. Кейин яна омади кетиб, устма-уст ютқаза бошларди. Куни билан қовоғидан қор ёғиб, тумшайиб юрарди, ҳатто соғлиғи кўтармаса ҳам жиндек-жиндек отадиган бўлди.
Бир куни у жуда каттага тушди. Майор капитан Морстен билан ширакайф, гандираклаб уйларига қайтаётганида мен ҳужрамда ўтирган эдим. Улар қалин дўст эдилар, ҳеч ажралишмасди. Майор ютқизганини куйиб-пишиб гапирарди:
– Бўлди, ҳаммаси тамом, Морстен, – деди у. – Мен адойи тамом бўлдим. Истеъфога чиқишдан бошқа чорам қолмади.
– Бемаъни гапингни қўй, оғайни! – деб хитоб қилди капитан, оғайнисининг елкасига шапатилаб ураркан. – Менинг аҳволим ҳам сеникидан яхши эмас, лекин…
Ўшанда эшитган гапларим шу бўлди, лекин майорнинг гаплари мени жуда ўйлантириб қўйди.
Икки кундан кейин майор Шолтони соҳил бўйида учратдим, айланиб юрган экан, у билан бирикки оғиз гаплашмоқчи бўлдим.
– Сиз билан маслаҳатлашмоқчиман, – дедим.
– Эшитаман, Смолл. Ўзи нима гап? – деб сўради у, сигарасини оғзидан оларкан.
– Билмайсизми, – деб бошладим, – яшириб қўйилган хазинани расмий кишилардан қайси бирига маълум қилишим керак? Ярим миллион фунтнинг қаердалигини биламан, модомики, улардан ўзим фойдалана олмас эканман, яхшиси, ҳукуматга топширсам бўлмайдими, деб ўйладим. Эҳтимол, унинг эвазига қамоқ муддатини камайтиришар.
– Ярим миллион дедингми, Смолл? – майорнинг ҳатто нафаси қайтиб, гапларимнинг жиддийми, йўқми эканлигини билмоқчи бўлгандай менга тикилиб қаради.
– Ҳа, ҳаммаси қимматбаҳо тошлару, дур ва марваридлар. Улар шунчаки фойдаланилмай ётибди. Бундан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Уларнинг эгаси – каторгачи, қонундан ташқари одам. Демак, уларни ким биринчи бўлиб топса, ўшаники.
– Улар ҳукуматники, Смолл, – деди майор, овози бир оз ўзгариб, – ҳа, улар ҳукуматга тегишли, бошқа ҳеч кимга.
Лекин у бу гапни шу қадар иккиланиб, тутилиб-тутилиб айтдики, майорнинг тузоққа илинганини тушундим.
– Демак, сиз, сэр, бу қимматбаҳо буюмлар тўғрисида генерал-губернаторга маълум қилишимни маслаҳат берасизми? – дедим, ўзимни соддаликка олиб.
– Шошилиш керак эмас, Смолл, кейин яна пушаймон бўлиб ўтирмагин. Ҳаммасини менга батафсил гапириб бер. Тўғри жавоб беришим учун ҳаммасини ипидан-игнасигача билишим керак.
Мен унга бор воқеани гапириб бердим, бунинг қаерда юз берганини фаҳмлаб қолмаслиги учун баъзи бир жойларини ўзгартирдим. Ҳикоямни тугатганимдан кейин у худди қоқшол бўлган одамдай анчагача серрайиб қолди, ўйга толди. Лабларининг қимирлашидан кўнглида қандай кураш кетаётганини билиб турардим.
– Бу жуда муҳим иш, – деди у ниҳоят. – Бу хусусда ҳеч кимга оғиз очма. Мен ҳадемай қайтиб келаман. Ана ўшанда бафуржа гаплашамиз.
У олдимга икки кундан кейин ярим кечада капитан Морстен билан бирга келди.
– Смолл, мен истардимки, капитан Морстен бу воқеани ўз оғзингдан эшитса, – деди майор.
Мен майорга айтганларимни сўзма-сўз такрорладим.
– Ҳаммаси тўғрига ўхшайди-я? – деб сўради у капитандан. – Масалан, мен ишонган бўлардим.
Капитан Морстен ҳеч нима демай бош ирғади.
– Менга қара, Смолл, – деб гап бошлади майор. – Биз капитан икковимиз ҳаммасини муҳокама қилиб, бу ишга генерал-губернаторнинг мутлақо алоқаси йўқ, деган хулосага келдик. Бу сенинг шахсий ишинг, ўз билганингча иш тутишинг мумкин.
Лекин сендан бир нарсани сўрамоқчи эдим – шу хазинангга қанча пул сўрайсан? Биз уни олиб келишимиз, жуда бўлмаса, унинг қўлдан чиқиб кетмаслигининг чорасини кўришимиз мумкин эди. Шартларини келишиб олсак, албатта.
У совуққонлик билан бепарво гапирарди-ю, лекин кўзлари ҳаяжон ва очкўзликдан чақнарди.
– Биласизми, жентльменлар, – деб жавоб қилдим. Ўзим ҳам хотиржам гапиришга уриниб, лекин ҳаяжонимни аранг босиб турардим. – Менинг аҳволимдаги одам учун бир нарса керак – озодлик. Қўядиган шартим шу. Ўзим ҳам, дўстларим ҳам озод бўлишимиз керак. Ана ўшанда сизларни ўзимизга шерик қилиб оламиз, хазинани тенг қилиб бешга бўламиз. Сиз икковингиз бешдан бир қисмини оласиз.
– Ҳм, бешдан бирини денг? – минғиллади майор. – Бу оз-ку.
– Ҳар одамга эллик минг фунт стерлинг, – дедим.
– Лекин биз сизларни қандай бўшатишимиз мумкин? Иложи йўқ нарсани талаб қилаётганингни ўзинг ҳам яхши биласан.
– Ҳечам-да, – деб жавоб қилдим. – Ҳаммаси майда-чуйдасигача пухта ўйланган, қочишга фақат бир нарса халақит беряпти – узоқ сузишга ярайдиган қайиқ билан бир неча кунга етадиган овқат йўқ. Калькутта билан Мадорасда бизбоп қайиқни топиш қийинмас. Сизлар уни бу ерга олиб келасизлар. Кечаси йўлга чиқамиз, агар бизни ҳинд соҳилининг истаган жойига олиб бориб қўйсаларинг, ўз улушингизни олдим, деб ҳисоблайверинглар.
– Бир ўзинг бўлганда эди, – деди майор.
– Тўртовимиз кетамиз ёки ҳеч ким кетмайди, – дедим. – Биз бир-биримизга хиёнат қилмасликка, доимо биргаликда иш кўришга онт ичганмиз.
– Биласизми, Морстен, – деди майор. – Смолл сўзининг устидан чиқадиган одам. У дўстларини ташлаб қўймайди. Унга ишонсак бўлади.
– Бу жирканч иш, – деди капитан. – Лекин сиз бир нарсада ҳақсиз, ҳа, пул офицерлик ор-номусимизни сақлаб қолади.
– Бўпти, Смолл, – деди майор. – Биз илтимос қилган нарсангни топишга уриниб кўрамиз. Лекин биз аввалига ҳамма гапларингнинг тўғрилигига қатъий ишонч ҳосил қилишимиз керак, албатта. Қани, айтчи, ўша хазиналар қаерга яширилган. Мен бир ойлик таътил олиб, озиқ-овқат ташийдиган кемада Ҳиндистонга жўнайман.
– Шошманг, сабр қилинг, – дедим у ҳаяжонланган сайин ўзимни хотиржам тутишга уриниб. – Мен дўстимнинг розилигини олишим керак. Ахир, сизларга: тўртовимиз қочамиз ё ҳеч ким қочмайди, дедим-ку.
– Бемаъни гап! – деб хитоб қилди майор. – Бу қора ялоқларнинг бизнинг, жентльменларча келишувимизга нима алоқаси бор.
– Қорами ё кўкми, – дедим мен, – барибир улар менинг дўстларим, ҳеч қачон бир-биримизни ташламасликка қасам ичганмиз.
Иш иккинчи учрашувда, Муҳаммад Сингх, Абдулла Хон ва Дўст Акбар иштирокида узил-кесил ҳал бўлди. Биз яна бир бор муҳокама қилиб, қуйидаги қарорга келдик: биз майор Шолтога ҳам, капитан Морстенга ҳам Агра қалъасининг хазина яширилган қисмининг лойиҳасини берамиз. Майор Шолто ҳикоямнинг тўғрилигига қаноат ҳосил қилиш учун Ҳиндистонга боради. Агар сандиқча жойида турган бўлса, у кичикроқ кема билан озиқ-овқат сотиб олади-ю, Ротленд оролига қараб сузади, биз уни ўша ерда кутиб оламиз. Кейин яна ўз ишига қайтиб келади. Орадан сал вақт ўтгач, капитан Морстен таътилга чиқади. Биз уни Аграда кутиб оламиз, хазинани бўлишамиз. У ўзининг улушини, майорнинг улушини олиб Андаман оролларига қайтиб келади. Биз шу режани қабул қилиб, ҳар қандай бало-қазо ёпирилганда ҳам уни бузмасликка онт ичдик. Мен кечаси билан ёзиб-чизиб чиқдим, саҳарга «тўртлар белгиси», яъни Абдулла, Акбар, Муҳаммад ва мен имзо чеккан икки режа тайёр бўлди.
Лекин, мен узундан-узоқ ҳикоям билан сизларни анча чарчатиб қўйдим шекилли, жентльменлар, кўриб турибманки, мистер Жонсон мени тезроқ қамоққа тиқса, сабри чидамаяпти. Қисқароқ қилишга уринаман. Майор Шолто Ҳиндистонга жўнаб кетди, шу-шу Андаман оролларига қайтиб келмади. Орадан кўп ўтмай капитан Морстен Англияга кетган пакетбот2929
Пакетбот – почта юкларини, йўловчиларини ташийдиган денгиз пароходи.
[Закрыть] йўловчиларининг рўйхатидаги унинг исмини менга кўрсатди. Маълум бўлишича, амакиси қазо қилгач, унга анча мерос қолдирган экан, шундан кейин у истеъфога чиқибди. У, бизни энди ҳеч қачон кўролмасам керак, деб ўйлаган экан. Ахир, у қабиҳлик қилдида – ҳаммамизга, шу жумладан, дўстига ҳам хиёнат қилди. Морстен ўшандан кейин кўп вақт ўтмай Ҳиндистонга бориб келди, сандиқчани яширилган жойидан топмади, албатта, аблаҳ уни ўғирлаб кетганди. Яширилган жойни айтганимизда қўйган шартларимизни бузди. Ўша кундан буён мен қасос ўтида ёнаман. Эртаю кеч шу ҳақда ўйладим. Бирдан бир ниятим Шолтодан ўч олиш эди. Ҳеч нимадан – на суддан, на дордан қўрқардим. Нима қилиб бўлса ҳам қочишим, Шолтони топишим, мана шу қўлим билан уни бўғизлашим керак эди – фақат шуни орзу қилардим. Шолтонинг жазосини бериш иштиёқи менда шу қадар кучли эдики, ҳатто Агра хазинаси ҳам кўзимга кўринмай қолганди.
Ҳаётимда жуда кўп нарсани ният қилганман, доимо ниятимга етганман, ҳамиша ишим ўнгидан келарди. Лекин, тақдир менга кулиб боққунига қадар орадан яна кўп файзсиз, бир хилдаги йиллар ўтди. Тиббиётдан анча-мунча нарса ўрганганимни ҳам айтиб ўтгандим. Бир куни, доктор Соммертон безгаги хуруж қилиб, алаҳсираб ётганида, маҳбуслар ўрмонда ерли увоққина бир одамни олиб келишибди. Унинг касали жуда оғир бўлиб, ўлгани ўрмонга кетган экан. У илондай заҳрини сочиб турса ҳам, қўлимга кўтариб олдим. Уни икки ой даволадим, буни қарангки, оёққа турғиздим. У менга жуда ўрганиб қолганди, афтидан, ўрмонга қайтмоқчи эмасди, чунки эртаю кеч кулбам олдида сандирақлаб юрарди. Унинг тилидан беш-олти сўзни ўрганиб олдим, менга яна ҳам ихлоси ортди. Тонга исмли бу одам ажойиб денгиз сайёҳи эди. Унинг катта, кенг каноэ3030
Каноэ – эркин эшкакли енгил спорт қайиғи.
[Закрыть] си бор эди. Менга меҳр қўйиб, мени деб ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уришга тайёр эканини кўрганимдан кейин қочиш тўғрисида жиддий ўйлай бошладим. Икковимиз бир режа ўйлаб қўйдик. У кечаси қайиғини эски, қўриқланмайдиган, ташландиқ пристанга олиб келиб, мени ўша ердан олиб кетиши керак эди. Унга бир неча қовоқ шишада чучук сув, батат, кокос ёнғоғи, ширин картошкадан кўпроқ олишни буюрдим.
Кичкина Тонга содиқ, ишончли дўст эди. Бунақа дўст ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Келишганимиздай у кечаси қайиғини пристанга олиб келди, лекин келиб-келиб ўша кечаси соқчи қўйишса бўладими, бир афғон қўриқларди, у имкони келди дегунча мени ҳақоратлар, калтакларди. Ундан аламимни оламан деб онт ичгандим, мана, ўрни келди. Ундан ўчини олсин деб тақдир жўрттага умримнинг охирида мени у билан соҳилда учраштирганди. У соҳилда карабинини елкасига осганича менга орқаси билан турарди. Уриб миясининг қатиғини чиқариш учун атрофдан тош қидирдим, лекин тополмадим. Ана ўшанда миямга ваҳшиёна бир фикр келди, мен учун нима қурол бўлишини тушундим. Қоронғида ерга ўтирдим-да, ёғоч оёғимни ечиб олдим. Уч марта катта-катта сакрадим-да, ўзимни унинг устига отдим. У карабинини қўлига олиб елкасига тирашга улгурди, лекин мен ёғоч оёғимни қулочкашлаб туриб бошига туширдим, бош суягини мажақлаб юборибман. Ёғоч оёғим урган жойида ўйиқ қолибди. Икковимиз ҳам йиқилдик, чунки мен мувозанатни сақлаб туролмадим. Ўрнимдан туриб қарасам, у қимир этмай ётибди. Шошапиша қайиқ олдига келдим, бир соат ўтар-ўтмас биз соҳилдан анча узоқлашиб кетгандик. Тонга ўзининг ҳамма лаш-лушларини, ҳамма қуролларини олиб олганди. Ҳар хил буюмлар орасидан бамбук найзаси билан кокос пальмасидан тўқилган бир нечта бўйрани топдим, улардан елканга ўхшаш бир нарса ясадим. Денгизда ўн кун изғиб юрдик, ўн биринчи куни малайялик зиёратчиларни Сингапурдан Жидга олиб кетаётган савдо кемаси бизни чиқариб олди. Зиёратчилар хилмахил одамлар эди, Тонга икковимиз ҳадемай улар орасида кўринмай кетдик. Уларнинг ажойиб бир хислати бор экан – савол беришмас, сўраб-суриштирмас экан.
Агар кичкина оғайним икковимизнинг бошимиздан кечган ҳамма саргузаштларни бирма-бир ҳикоя қиладиган бўлсам, сизлар мендан миннатдор бўлмайсизлар, чунки ҳикоям эрталабгача ҳам тугамайди. Тақдир бизни қаерларга ташламади! Лекин қанча уринмайлик, Лондонга боролмадик. Овораи жаҳон бўлиб юрганимизда асосий мақсадимни бир зум ҳам унутганим йўқ. Шолто кечалари тушларимга кириб чиқарди. Тушимда уни неча-неча бор ўлдирдим. Ниҳоят, уч ёки тўрт йилдан кейин биз Лондонга бориб қолдик. Шолтонинг қаерда туришини осонгина билиб олдим. Кейин хазинанинг нима бўлганини сўраб-суриштирдим, аниқладим. Унинг хонадонидагилардан биттаси билан оғайни бўлиб олдим. Исмини айтмайман, яна битта-яримтанинг авахтада чириб кетишини истамайман. Ҳадемай хазинанинг бус-бутунлигини, у Шолтонинг қўлида эканлигини билдим. Ана шундан кейин унга қандай ҳамла қилиш тўғрисида ўйлай бошладим. Лекин Шолто ўлгудай айёр эди. У икки профессионал боксчини доимо дарвозабон қилиб қўярди, ўғиллари, ҳинду хизматкори ҳам ҳамиша унинг олдида бўлишарди.
Унинг ўлим тўшагида ётганини эшитдим-у, оёғимни қўлимга олганимча Пондишери-Ложга қараб чопдим: наҳотки у мендан шу тариқа қутилиб кетса? У ўрнида ётар, икки ўғли икки томонида эди. Қоним қайнаганидан учовига бирданига ташланишимга сал қолди, кейин унга қарадим – у мени деразада кўрди, жағи осилиб тушганди, майор Шолтонинг куни битганини, бу ёруғ дунё билан хайрлашаётганини фаҳмладим. Ўша куни кечасиёқ ётоқхонасига тушиб, ҳамма қоғозларини титкилаб қараб чиқдим – хазиналаримизни қаерга яшириб қўйганини кўрсатувчи бирор йўл-йўриқ қидирардим. Лекин ҳеч нима тополмадим. Шу пайт хаёлимга бир фикр келди: майорнинг хонасида бизнинг қаҳр-ғазабимизни ифодаловчи бир белги қолдирганимни сикх дўстларим билан вақти келиб учрашганимда гапириб берсам, улар хурсанд бўлишади, деб ўйладим. Бир парча қоғозга хариталаримиздагидай «тўртлар белгиси» деб ёздим-да, уни марҳумнинг кўксига қадаб қўйдим. Ўзи алдаган ва талаган ўша тўрт одамни у гўрида ҳам эслаб ётсин.
Ярмаркама-ярмарка юриб, бечора Тонга топган пулга тирикчилик қилардик, у пул учун бор ҳунарини кўрсатарди. Қора одамхўр оломон олдида хом гўшт ер, жазавага тушиб ўйин кўрсатарди. Кун охирига бориб бир шапка танга йиғилиб қоларди. Мен ҳамон Пондишери-Лож билан алоқа қилиб турардим, лекин у ёқдан ҳеч қандай янгилик олмадим. Мен фақат ўғилларининг зўр бериб хазинани қидиришаётганини билардим. Ниҳоят, биз орзиқиб кутган хабар келди. Хазина топилибди. У Бартоломью Шолто кимё лабораториясининг шифти тепасида, чордоқда экан. Мен тезда ўша ерга бориб, ҳаммаёқни кўздан кечирдим. Ёғоч оёғим билан у ерга чиқолмаслигимни билдим. Лекин томда туйнук борлигини, шунингдек мистер Шолтонинг пастда овқатланишини билиб олдим. Тонганинг кўмагида ҳаммасини осонгина қилса бўлади, деб ўйладим. Уни бирга олиб бордим-да, эҳтиёт шарт олиб келган арқонни белидан айлантириб боғладим. Тонга худди мушукдай чаққон ўрмалади. Ҳаш-паш дегунча томга чиқиб олди. Лекин бахтга қарши мистер Бартоломью Шолто ҳали ҳам кабинетида эди, худди шу нарса унинг бошига етди. Тонга, уни ўлдириб, жуда яхши иш қилдим, деб ўйларди. Мен арқондан тирмашиб чиқиб хонага тушганимда у худди хўроздай гердайиб у ёқдан-бу ёққа юрарди. Уни қонхўр иблис деб атаб, арқоннинг бир учи билан савалай бошлаганимда Тонга жуда ҳайрон бўлди. Кейин мен жавоҳирлар солинган сандиқчани олдим-да, пастга туширдим, сўнг ўзим ҳам тушдим, бир парча қоғозга «тўртлар белгиси» деб ёзиб, уни стол устида қолдирдим. Мен, қимматбаҳо буюмлар ниҳоят ўз қонуний эгасини топганини кўрсатмоқчи эдим. Тонга арқонни тортиб олиб, деразани беркитди-да, томдан қандай келган бўлса шундай юриб кетди.
Билмадим, ҳикоямга яна нималарни қўшишим мумкин. Мен қандайдир қайиқчи Смитнинг «Аврора» катерини тезюрарлигини мақтаганини эшитгандим. Бизга худди шу нарса керак, деб ўйладим. Мен катта Смит билан келишиб, катерни ижарага олдим-да, агар у бизни Бразилияга жўнаётган кемага соғ-саломат етказиб қўйса, яхши ҳақ тўлашга ваъда бердим. У бу ерда қандайдир палидлик борлигини фаҳмлаб турарди, албатта, лекин Норвуд қотиллигининг сиру асрорларидан бехабар эди. Сизларга ниманики гапирган бўлсам, жентльменлар, бари ҳақиқат, мен буни сизларни овутиш учун қилганим йўқ: сизлар менга ёрдам бермадиларинг, бинобарин мен учун бирдан-бир нажот – тўғрисини гапириб бериш, майор Шолто мени алдаганини, ўғлининг ўлимида ҳеч қандай айбим йўқлигини бутун дунё билиб қўйсин.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.