Электронная библиотека » Артур Дойл » » онлайн чтение - страница 29


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 20:00


Автор книги: Артур Дойл


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 29 (всего у книги 29 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XV БОБ
Мозийга бир назар

Ноябрнинг охири эди. Осмонни булут қоплаб, туман босган оқшом пайтида Холмс иккимиз унинг Бейкер-стритдаги кабинетида ловуллаб олов ёниб турган камин олдида ўтирардик. Девонширга қилган сафаримизнинг охирида рўй берган фожиадан кейин дўстим иккита жуда жиддий ишни тамомлашга улгурган эди. Биринчи ишни текшириш натижасида у «Патриций» клубида қартабозлик чоғида рўй берган жанжалли воқеага аралашган полковник Эпвудни фош қилишга, иккинчи ишни текшириш натижасида эса – ўгай қизи, ёшгина мадемуазель Карэрни ўлдиришда айбланган бечора Монпенсье хонимнинг бўйнидаги айбни бутунлай олиб ташлашга муваффақ бўлганди. Маълумки, кейин Карэрнинг Нью-Йоркда экани аниқланди ва ўша ерда у эрга тегиб бахтли бўлди. Мана шундай иккита қийин ва жиддий ишни текшириш муваффақиятли тугаганидан кейин Холмснинг кайфи жуда чоғ эди ва мен шундан фойдаланиб, ундан Баскервилдаги сирли воқеанинг баъзи тафсилотларини сўраб олмоқчи бўлдим. Холмс бир неча иш билан бошини бир йўла банд қилишни яхши кўрмаслигини ва миясини ўтмишдаги ишларни эслаш билан навбатдаги ишлардан чалғитмаслигини билар эдим, шунинг учун ҳам уни гапга солиш учун қулай фурсат келишини сабр қилиб кутдим.

Худди шу кунларда сэр Генри билан доктор Мортимер Лондонга келишган эди. Баронет чарчаган асабини мустаҳкамлаб олсин, деб врачлар унга узоқ сафарга чиқишни буюришган эди. Шунинг учун ҳам улар мана шу сафар ҳозирлигини кўришмоқда эди. Эрталаб улар бизникига ташриф буюришди, шу тариқа мен ўзимга керакли мавзуда гап бошламоқ учун яхши баҳона топдим.

– Ўзини Стэплтон деб атаб юрган кишининг нуқтаи назаридан қараганда, – деб гап бошлади Холмс, – воқеалар худди рисолада битилгандек очилиб бормоқда эди, лекин бу воқеаларнинг ҳаммаси бизга ғоят мураккаб иш бўлиб кўринарди, чунки ўша вақтда биз унинг қандай мақсадни кўзлаб ҳаракат қилаётганидан бутунлай бехабар эдик ва бизга фақат баъзи бир фактларгина маълум эди. Ўша воқеадан бери мен миссис Стэплтон билан икки марта гаплашдим, натижада ҳамма нарса равшан бўлиб қолди. Энди бу воқеанинг жумбоқ бўладиган ҳеч нимаси йўқ деб ўйлайман. Картотекада «Б» белгиси остида шу ишга доир ёзиб қўйган нарсаларимни кўриб чиқишингиз мумкин.

– Балки воқеалар қандай борганини ўзингиз эслаб гапириб берарсиз?

– Бажонидил, лекин воқеанинг ҳамма тафсилотлари эсимда қолган деб кафил бўлолмайман. Бирор иш билан диққат-эътиборим банд бўлиб турганида ўтмишда бўлиб ўтган воқеалар хаёлимдан кўтарилиб қолади. Ўзининг навбатдаги ишини ёддан билган ва шу иш учун судда жангу жадал қилаётган адвокат орадан икки ҳафта ўтгач, бу ишни бутунлай унутиб юборади. Мен ҳам худди шундайман: ҳар бир янги иш устида текшириш ўтказаётган вақтимда олдинги ишни эсдан чиқариб юбораман, худди шундай Баскервильхолл тўғрисида миямда қолган хотираларнинг ўрнини мадемуазель Карэр воқеаси бутунлай эгаллаб олди. Эртага эҳтимол, яна бир жумбоқни ечишга тўғри келар, бу жумбоқ ҳам француз жононини ва ғирром қартабоз Эпвудни эсимдан чиқариб юборади. Лекин шундай бўлса ҳам, мен сизга шу воқеанинг ҳаммасини айтиб беришга уриниб кўраман, мабодо бирор нимани унутиб қўйсам, сиз эсимга солиб турасиз.

Суриштириб кўриш натижасида оилавий портрет худди мен ўйлагандай бўлиб чиқди ва ўша киши ҳақиқатан ҳам Баскервиллар зотидан эканлиги маълум бўлди, бунга узил-кесил қаноат ҳосил қилдим. У Жанубий Америкага қочиб кетган ва у ерда уйланган Рожер Баскервилнинг ўзи, яъни сэр Чарльзнинг укаси бўлиб чиқди. Рожер Баскервилдан бир ўғил қолган ва бу ўғил отасининг фамилиясида юрган. Ана шу ўзингизга маълум бўлган шоввоз Коста-Риканинг энг гўзал жононларидан бири бўлган Бэрил Гарсиа деган бир қизга уйланган.

Давлатнинг жуда кўп пулини ўғирлаб қўйган, шундан сўнг фамилиясини ўзгартириб, Вандлер деган номда Англияга қочиб келган ва бу ерда тез орада Йоркширнинг шарқий қисмида мактаб очган. Ўқитувчилик касбини танлаганининг сабаби шуки, ўзи йўлда бир ўқитувчи билан танишиб, унинг билимларини ва тажрибаларини ўрганиб олган, шу билим ва тажрибалардан фойдаланган. Аммо унинг Фрезер деб аталган ана шу ўқитувчи шериги сил касалига мубтало бўлгани сабабли тез орада вафот этган. Мактабнинг иши кундан-кунга баттар бўла берган, ниҳоят, шарманда бўлиб, бу мактабни ёпиб қўйишга мажбур бўлган. Эр-хотин Вандлер ўз фамилияларини ўзгартишдан бошқа иложлари қолмаган ва шундан бери улар Стэплтонлар деб аталадиган бўлиб қолганлар. Сўнгра, Стэплтон давлатининг қолган-қутганларини йиғиштириб, келажак учун янги режалар тузиб ва энтомологияга ишқибоз бўлиб, Англиянинг жанубига кўчиб кетган. Британия музейига бориб суриштирган эдим, Вандлер ўз соҳасида обрўли бўлиб танилганлигини ва Йоркширда бўлган чоғидаёқ фанга номаълум бўлган бир капалакни топганини ва мазкур капалакка унинг номи берилганини билиб олдим.

Энди унинг ҳаётида биз учун қизиқарли бўлган даврга ўтайлик. У Баскервиль-холлга даъвогар эди, аммо мақсадига эришмоғи учун унга фақат икки киши тўсқин бўлиб турганини суриштириб билиб олган бўлса керак. У Девонширга келиш тараддудини кўраётганида бу тўғридаги режалари ҳали унчалик такомиллашмаган бўлса ҳам, аммо қора нияти тўла равишда етилган эди, хотинини аввал бошданоқ ҳаммага синглим деб таништиргани бежиз эмас, албатта. У хотинидан амалга оширилмоқчи бўлган жиноят учун қурол тариқасида фойдаланиш фикрини дарров ишга сола бошлаган, аммо кейин бунинг оқибати нима бўлиб чиқишини ўша вақтда унчалик тасаввур қилмаган бўлиши мумкин. Унинг мақсади Баскервиль-холлдаги ер-мулкни эгаллаб олиш эди, бу мақсадни рўёбга чиқариш учун у ҳеч нарсадан ва ҳар қандай жиноятлар қилишдан қайтмади. Бинобарин, ўз режасини амалга ошириш учун аввал у Баскервиль-холлга мумкин қадар яқинроқ бир жойга кўчиб келиши керак эди, сўнгра эса сэр Чарльз билан ва бошқа қўшнилари билан яқин дўст бўлиб олиши керак эди.

Ит тўғрисидаги афсонани унга баронетнинг ўзи айтиб берган ва шундай қилиб, баронет ўзини ҳалок қиладиган йўлга қадам қўйган. Стэплтон (мен уни ана шу илгариги номи билан атайвераман) кекса сэр Чарльзнинг юраги касаллигини ва кучли ҳаяжон уни ўлдириб қўйиши мумкинлигини билар эди. Бу гапларнинг ҳаммасини у доктор Мортимердан эшитган. Бундан ташқари сэр Чарльз хурофий гапларга ишонадиган ва ўша мудҳиш афсонага катта аҳамият бераётган киши экани Стэплтонга маълум эди. Стэплтон ақли ўткир киши эди, шунинг учун ҳам у баронетни қандай усул билан ўлдириш мумкинлигини ва шу билан бирга ўзига нисбатан гумон ва шубҳа туғдирмаслик йўлини дарҳол топиб олди.

Стэплтон шу ёвузликнинг режасини тузиб, бу режани ўзига хос моҳирлик билан амалга оширишга киришди. Бунақа ишларда оддий жиноятчи қопағон итнинг ўзи билангина кифояланиб қўя қолар эди, лекин бу итни дўзах махлуқига айлантириш керак, деган фикр туғилдики, бундай ёвуз фикр Стэплтондан бошқа ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди. Стэплтон бу итни Лондонда, Фулхемроуддаги Росс билан Менглсдан сотиб олди. Бу ит бозордаги энг катта ва энг қопоғон итларнинг ҳам энг ёмони эди. Сўнгра у мазкур итни етаклаб, Шимолий темир йўл билан Девонширга келди ва итни ўзининг уйига сездирмай олиб бориш учун ботқоқлик орқали анча йўлни пиёда босди. У капалаклар қидириб юрган вақтларида Гримпен ботқоқлигининг ичкарисига олиб борадиган йўлни топиб олди, итни яшириб қўйиш учун бундан кўра хилватроқ жойни топиб бўлмасди. У итни ўша жойга занжирга боғлаб яшириб қўйди ва қулай пайт келишини кутиб юраверди.

Лекин бундай қулай пайт ҳадеганда келавермади: сэр Чарльзни кечаси ўз мулкидан ташқарига бир амаллаб чиқаришнинг иложи топила бермади. Стэплтон итни ушлаб олиб, сэр Чарльзни кўп марталаб хилват жойларда кутиб турди, лекин, уни сира учрата олмади. Унга кўмакчи бўлган ит ботқоқликда мана шундай беҳуда изғиб юрган вақтларда ўша ердаги фермерларнинг баъзилари итни кўриб қолишган-у, ана шунинг учун ҳам мудҳиш ит тўғрисидаги афсона яна авж олган бўлса керак. Пойлашдан натижа чиқмагандан кейин Стэплтон бу режасини амалга оширмоқ учун хотинидан фойдаланиш пайига тушган, аммо бу сафар хотини унинг сўзига кирмай, тўсатдан қаттиқ туриб олган. Миссис Стэплтон чол сэр Чарльзга қарши ўзининг мафтун қилувчи ҳуснини ишга солишдан қатъиян бош тортган, чунки бу нарса чолни ҳалок қилиши мумкинлигини билар эди. Стэплтон хотинига дўқ қилиб ҳам, ҳатто калтаклаб ҳам уни ишга сололмаган. Хотин эрининг макрли ишида қатнашишни истамаганидан кейин, унинг аҳволи вақтинча танг бўлиб қолган.

Лекин у мана шу танг ҳолатдан чиқиш йўлини топган. Сэр Чарльз Стэплтонга бора-бора дўст бўлиб қолган ва уни ўз номидан вакил қилиб, миссис Лаура Лайонс ҳузурига юборган. Стэплтон ўзини бўйдоқ қилиб кўрсатиб, бечора хотинни бутунлай мафтун қилиб қўйган ва агар эрингиздан талоқ хатини олишга муваффақ бўлсангиз, сизга албатта уйланаман, деб шама қилган. Шу орада Стэплтон ўз режасини сира кечиктирмай амалга ошириши кераклиги маълум бўлган, чунки доктор Мортимернинг қистови билан сэр Чарльз Лондонга кетиш тараддудини кўра бошлаган. Стэплтон эса доктор Мортимернинг бу таклифига ўзини рози бўлган киши қилиб кўрсатган. Демак, Стэплтон бир дақиқани ҳам қўлдан бермай, режасини амалга ошириши лозим бўлиб қолган, акс ҳолда ов қўлдан чиқиб кетиши мумкин эди. Стэплтон миссис Лайонсни сэр Чарльзга хат ёзишга мажбур қилган, шу хатда миссис Лайонс сэр Чарльздан, Баскервиль-холлдан жўнаб кетмасингиздан бир кун олдин мен билан учрашишингизни илтимос қиламан, деб ўтиниб сўраган. Сўнгра, Стэплтон маъқул тушадиган бир важни рўпара қилиб, миссис Лайонсни сэр Баскервиль билан учрашишга бормасликка кўндирган. Ана энди Стэплтон кўпдан бери кутиб юрган қулай пайт келган.

Стэплтон кечқурун Кумби-Тресидан қайтиб келиб, дарҳол ити турган жойга борган, итнинг оғзи ва кўзига жаҳаннам дорисини суркаб чол мазкур Лайонс билан учрашадиган жойга итни олиб келган. Эгаси гижгижлаб турган ит хиёбондаги эшикчадан сакраб ўтиб, бечора баронет орқасидан югурган, баронет эса хиёбонда дод солиб қочишга тутинган. Бу даҳшатли манзара қандай бўлгани кўз олдимда гавдаланди. Ҳаммаёқ тимқоронғи, мана шу зулматда тумшуғи ярқираб, кўзлари ёниб турган баҳайбат нарса чолнинг орқасидан қувиб келяпти. Бу даҳшатга баронетнинг юраги бардош беролмаган ва у хиёбоннинг охирига етганида юраги ёрилиб йиқилган. Ит тор чимзор йўлдан қувиб келган, хиёбоннинг ўзида одам изидан бошқа ҳеч қандай из топилмаганининг сабаби ҳам шу.

Сэр Чарльз йиқилганидан кейин ит уни искаб кўрган бўлса керак, аммо ўлиб ётган одамга тегмай, қочиб кетган. Доктор Мортимер кўрган из ана шу эди. Стэплтон итини чақириб олиб, уни дарров Гримпен ботқоқлигининг ичкарисига олиб кетган. Полицияни довдиратиб қўйган, атрофдаги одамларнинг ҳаммасини ғулғулага солган ва, ниҳоят, текшириш учун бизга топширилган жумбоқнинг пайдо бўлиш тарихи мана шу.

Сэр Чарльз Баскервилнинг ўлимига тааллуқли гапларнинг ҳаммасини айтиб бердим. Стэплтон ўз ишини нақадар ёвуз маккорлик билан бажарганини тушунган бўлсангиз керак!

Бунақа ишда жиноятчини фош қилишнинг имкони йўқ! Жиноятчининг фақат битта шериги бор, аммо бу шерик тилсиз бўлгани учун ҳеч бир нарсани айтиб беролмайди, бу ёвуз ният ақл бовар қилмайдиган, фантастик характерда бўлгани учун ҳам терговни батамом чувалаштириб юборган. Бу ишга алоқадор бўлган иккала хотин – миссис Стэплтон ҳам, миссис Лаура Лайонс ҳам сэр Чарльзни аслида ким ўлдирганини билмас эдилар. Миссис Стэплтон эри чолга қарши ёвуз ниятда эканини, ит борлигини ҳам билар эди. Миссис Лайонснинг на ундан, на бундан сира хабари йўқ эди, лекин хиёбондаги эшикча олдида амалга ошмай қолган ва Стэплтондан бошқа ҳеч кимнинг хабари бўлмаган учрашув соати сэр Чарльзнинг ўлими билан бир вақтга тўғри келганини эшитиб, ҳайратда қолган эди. Аммо шу иккала хотин батамом Стэплтоннинг таъсирида эдилар, шунинг учун ҳам Стэплтон улардан ҳайиқмасди. Шундай қилиб, Степлтон олдига қўйган вазифанинг биринчи ярми муваффақиятли бажарилди-ю, аммо иккинчи ярмини бажариш бениҳоя қийин эди.

Аввал Стэплтон Баскервиль-холлнинг Канадада яна бир меросхўри борлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган бўлиши мумкин. Лекин сал фурсатда у бундай меросхўр борлигини ошнаси доктор Мортимердан эшитди, ҳатто унинг қайси куни Баскервиль-холлга келишини ҳам доктор Стэплтонга айтиб берди. Аввал ўша канадалик йигитни Девонширга етиб келмасданоқ Лондонда бир ёқлик қилиб қўйсам бўлмасмикин, деган фикр ҳам унинг хаёлига келди. Стэплтон энди хотинига ишонмай қўйган эди, чунки бу хотин чол Баскервилни ўз тузоғига илинтиришдан бош тортганини эсдан чиқармаган эди. У хотинини узоқ вақт ёлғиз қолдириб кетишга ҳам ботина олмади – бундай ҳолда хотин унинг таъсиридан чиқиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам у Лондонга хотини билан бирга келишга мажбур бўлди. Кейин мен аниқлаб билишимча, улар Кревен-стритдаги «Мексборо» отелига келиб тушганлар. Картрайт ҳам «Таймс» газетасининг қирқилган саҳифасини қидириб ўша отелга кириб чиққан эди. Стэплтон хотинини хонага қамаб қўйиб, ўзи сохта соқол ёпиштириб олиб, доктор Мортимер кетидан измаиз юриб, Бейкер-стритга, вокзалга «Норсамберленд» отелига борган. Миссис Стэплтон эри қандай режалар тузаётганидан шубҳаланган бўлса ҳам, аммо ундан ниҳоят даражада қўрқар эди. Эрининг бераҳмлигидан қўрқиб қолган бу хотин сэр Генрига хат ёзишга ва шу тариқа уни бошига тушадиган таҳликадан хабардор қилишга ботинолмади. Агар бундай хат Стэплтон қўлига тушиб қолса, мени ўлимдан ким сақлаб қолар эди, деб хавотирда эди. Ниҳоят, хотин макр ишлатишга қарор қилди (биз буни биламиз): газетадан керакли сўзларни қирқиб олди ва ўзининг хатини ўзгартириб манзил ёзди. Бу хат баронетнинг қўлига тегди ва уни огоҳлантирган биринчи ҳужжат бўлди.

Стэплтон итни сэр Генри изига йўллаб юбориш лозим бўлиб қолса, керак бўлади, деб унинг кийимларидан бирор нарсани ҳар қандай қилиб бўлса ҳам қўлга киритиши керак эди. Ҳамиша тез ва дадил ҳаракат қиладиган бу одам бу сафар ҳам сусткашлик қилиб ўтирмади. Меҳмонхонанинг ходими ҳам, хизматчи хотин ҳам бу ишда Стэплтонга ёрдам кўрсатганликлари учун ундан катта пул олганларига шак-шубҳа қилмасак бўлади. Аммо биринчи ўғирланган оёқ кийими сира кийилмаган, бинобарин, Стэплтонга яроқсиз нарса бўлиб чиқди. У оёқ кийимини қайтариб бериб, бунинг эвазига бошқасини олди. Мен бу фактдан жуда муҳим бир хулоса чиқардим. Бу ишда унга ёрдам берадиган чинакам ит борлиги менга равшан бўлиб қолди, чунки Стэплтон эски оёқ кийимини олишга интилганини фақат шу билан изоҳлаш мумкин эди. Бирор детал сизга қанчалик бемаъни ва бесўнақай бўлиб кўринса, унга шу қадар кўп эътибор бериш керак. Биринчи қарашда ишни фақат мураккаблаштираётган бўлиб кўринган нарса кўпинча сизни жумбоқни ечишга олиб келади. Бундай деталларни фақат юзаки эмас, балки синчиклаб текшириб кўриш керак.

Эртаси кун эрталаб дўстларимиз бизникига ташриф буюришди. Стэплтон эса уларни узоқдаги кэб ичида ўтириб, кузатиб турди. Кўпгина белгилардан, лоақал у мени таниганидан, манзилимни билганидан шундай хулосага келдимки, Стэплтоннинг жиноятчилиги Баскервиль иши билангина чекланмаган бўлиши керак, мен бунга аминман, десам бўлади. Масалан, кейинги уч йил ичида ғарбдаги графликларда тўртта катта талончилик рўй берди, аммо жиноятчилар қўлга тушмай қолди. Шу жиноятлардан бирида – Фолкстоун-Кортда май ойида бўлган талончиликда – ҳатто қон ҳам тўкилди. Ниқоб кийиб олган талончини хизматчи бола тутиб олмоқчи бўлганида, болани у тўппончадан отиб ўлдирди. Стэплтон путури кетган молиявий ишларини шунақа йўллар билан тўғрилаб юрганига ва у аллақачондан бери хатарли жиноятчи бўлиб қолганига энди шак-шубҳа қилмайман.

Ўша куни эрталаб Стэплтон жуда усталик билан бизнинг қўлимиздан қочиб қутулгани ва сўнгра ўша кэбменни топиб олишимни жуда яхши билиб, кэбменга ўзини Холмсман деб кўрсатгани унинг зеҳни ўткир ва шаддод киши эканини бизга яққол кўрсатди. Ўшандаёқ Стэплтон Лондонда ҳеч бир иш чиқара олмаслигини, чунки мен бу ишнинг пайига тушганимни тушунган. У Дартмурга қайтиб бориб, баронетнинг келишини кутиб тураверди.

– Тўхтанг! – дедим Холмснинг гапини бўлиб. – Сиз воқеаларнинг боришини жуда аниқ баён қилиб бердингиз, лекин бир нарса менга ҳали ҳам равшан эмас. Стэплтон Лондонга жўнаб кетганидан кейин итга ким қараб турдийкин?

– Бу саволингиз жуда муҳим, ўзим шу масалага қизиқдим. Стэплтон ҳамма режаларини ҳеч кимга айтмаган бўлса ҳам, лекин унинг қандайдир шериги бўлган, албатта (бу режалардан бошқа бировни тўла равишда хабардор қилиш қўлга тушиш бўлур эди). Унинг Меррипит-хаусдаги хизматкори – чол Антоний эсингиздами? Ўша чол Стэплтонларнинг мактаби бўлган вақтдаёқ уларникида бир неча йил яшаган, уларнинг эр-хотин эканлигини ҳам билар эди, албатта. Ана ўша Антоний домдараксиз ғойиб бўлди, у Англияда йўқ. Яна шу нарсага ҳам эътибор қилингки, Антоний деган ном бизда жуда кам учрайди. Испанияда ва Лотин Америкасида эса Антонийга ҳар қадамда дуч келасиз. Чол инглизчани гапиришда миссис Стэплтондан қолишмас эди, лекин у ҳам инглизчани ғалати талаффуз билан гапирар эди. У Стэплтон белгилар қўйиб чиққан сўқмоқ йўлдан Гримпен ботқоқлигининг ичкарисига бораётганини ўзим ҳам кўрганман. Шу сабабли, гарчи Антоний хўжайини итни ботқоқликда қандай мақсад билан сақлаб турганидан бехабар бўлса ҳам, аммо хўжайини Лондонга келган вақтда итни шу хизматкор боқиб турган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хуллас, Стэплтонлар Девонширга қайтиб боришганларидан кейин сал фурсат ўтмай, у ерга сиз ҳам сэр Генри билан келдингиз. Энди ўзимнинг қилган ишларим тўғрисида бир-икки оғиз гапириб ўтаман. Эсингизда бўлса керак, сэр Генрига юборилган хатни кўзимга яқинлаштириб қараганимда, шу хат ёзилган қоғознинг ичида сезилмайдиган белгилар бор-йўқлигини билмоқчи бўлдим. Қоғозни кўзимга яқинлаштирганимда димоғимга хушбўй бир ҳид урилди, бу – «Оқ ёсуман» атирининг ҳиди эди. Етмиш уч хил атир бор, тажрибали хуфия шу атирларнинг ҳидини бирбиридан фарқ қила билиши керак. Жиноятларни муваффақиятли текшириш бир қанча марта мана шу ҳидларни билишга боғлиқ бўлганини ўз тажрибамда кўриб, бунга қаноат ҳосил қилганман. Агар, атирдан ёсуман гулининг ҳиди келаётган экан, демак, бу хатни хотин киши ёзган бўлади, ана шунда мен Стэплтонларга қизиқа бошладим. Хуллас, ит ҳақиқатан мавжуд эканлигини тушундим. Девонширга бормасимдан олдиноқ, жиноятчининг кимлигини пайқаб олдим.

Стэплтонни пойлаб юриш керак эди. Лекин сизларнинг орангизда туриб, Стэплтонни пойлаб юрадиган бўлсам, у дарҳол эҳтиёт чорасини кўрган бўлур эди. Шу сабабли ҳаммани, шу жумладан, сизларни ҳам алдашга тўғри келди. Мен Лондонда қоламан, деб айтдим-у, аммо ўзим сизлар кетишингиз билан йўлга чиқдим. Мен кўрган қийинчиликлар сизлар ўйлагандек қаттиқ қийинчиликлар эмас. Зотан, бундай майда-чуйда нарсалар бизнинг ишимизга халақит бермаслиги керак. Мен асосан Кумби-Тресида яшадим, аммо воқеа бўладиган жойга яқинроқ туриш лозим бўлиб қолган ҳоллардагина ботқоқликдаги ғорга бориб келиб турдим. Картрайт Девонширга мен билан бирга борган эди, у ҳамма жойда қишлоқи бола бўлиб, айланиб юриб, катта ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, у мени овқат ва тоза кўйлакиштон билан таъминлаб турди, Стэплтон билан шуғулланаётган вақтимда у сизларни кузатиб юрди. Бинобарин, кўриб турибсизки, ҳамма ипларнинг учи менинг қўлимда эди.

Сиз ёзган ҳисоботларнинг ҳаммаси Бейкерстритдан дарҳол Кумби-Тресига қайтарилиб турганини ўзингиз биласиз. Мен шу ҳисоботлардан, айниқса, Стэплтонларнинг таржимаи ҳолидаги бирдан-бир ҳақиқий ҳодиса ёзиб юборилган ҳисоботдан жуда кўп нарсаларни билиб олдим. Шундан сўнг уларнинг иккови кимлигини аниқлаб олишим унча қийин иш бўлмади ва уларнинг қанақа одамлар эканлигини тушуниб олдим. Бироқ орага суқилиб қолган бир ҳодиса – маҳбуснинг турмадан қочгани ва у билан Бэрриморлар ўртасидаги алоқа биз ўтказаётган текширишни мураккаблаштириб қўйди. Лекин сиз бу чигални ҳам ечиб бердингиз, зотан, ўзимнинг кузатишларимга асосланиб мен ҳам шундай хулосага келиб қолган эдим.

Мени ботқоқликдаги ғордан қидириб топган вақтингизгача жиноятнинг манзараси узил-кесил равшан бўлиб қолган эди, лекин бу ишни присяжнийлар судига олиб чиқиш учун ҳали вақт эрта эди. Ҳатто Стэплтоннинг сэр Генрига қилган, бахтсиз маҳбуснинг ҳалок бўлиши билан тугаган муваффақиятсиз суиқасди ҳам жиноятни исботлаш учун бевосита далил бўлолмас эди. Далил топиш учун битта йўл қолган эди: сэр Генрини рўпара қилиб қўйиб, уни жиноят устида ушлаб олиш керак эди. Баронет гўё ҳеч ким муҳофаза қилмаётган кишидек бўлиб, ёлғиз ўзи йўлга чиқиши лозим эди. Биз ҳам шундай қилдик ва дўстимизни оғир хавф остида қолдириб бўлса ҳам, ўзимиз ўтказаётган текширишни тугаллашга муваффақ бўлибгина қолмасдан, шу билан бирга Стэплтоннинг ҳалок бўлишига ҳам эришдик. Ўз мижозимни шундай синовга дучор қилганим учун мен, текширишни ёмон ўтказяпти, деган маломатга сазоворман, албатта, лекин биз ўзимиз нақадар даҳшатли ва ҳайратда қолдирадиган манзарага дучор бўлишимизни ҳеч ким олдиндан айтиб беролмас эди-ку, ахир, кечаси ҳамма ёқни туман босишини ва ит шу туманнинг орасидан бизга қараб чиқиб келиши мумкинлигини ҳеч ким олдиндан бизга хабар беролмас эди-ку! Бизнинг мақсадга эришувимиз жуда қимматга тушди, лекин иккала врач – асаб касалликларининг мутахассиси ҳам, доктор Мортимер ҳам – мени сэр Генри тез тузалиб кетади, деб ишонтиришяпти. Саёҳат қилиш дўстимизнинг шикастланган асабларини мустаҳкамлаб олишигагина ёрдам бериб қолмасдан, шу билан бирга унинг юрак яраларини ҳам даволашга ёрдам беради. Ахир унинг миссис Стэплтонга бўлган шу қадар самимий ва чуқур муҳаббати пуч бўлиб чиқди-ку! Мана шу нарса уни кўпроқ қийнаяпти.

Энди мен бу мудҳиш воқеада миссис Стэплтон қандай роль ўйнаганини айтиб беришим керак. Стэплтон уни ўз таъсирига бутунлай бўйсундириб олганига шак-шубҳа қилмайман. Буни нима билан изоҳлаб бўлади? Миссис Стэплтон уни севармиди ёки ундан қўрқармиди ёки уни қўрқиш ҳам, муҳаббат ҳам Стэплтонга муте қилиб қўйганмиди? Бу иккала ҳис баб-баробар мавжуд бўлиши мумкин-ку, ахир. Ҳарҳолда Стэплтон дангал ҳаракат қилаверди. Миссис Стэплтон ўзини унинг синглиси қилиб кўрсатишга рози бўлдию, одам ўлдиришда бевосита шерик бўлишдан қатъиян бош тортди. Ана шунда Стэплтон ҳамма ишда ҳам хотинига сўзи ўтавермаслигини тушунишга мажбур бўлди. Миссис Стэплтон сэр Генрини таҳлика остида тургани тўғрисида огоҳлантиришга бир неча марта уриниб кўрди, лекин шу билан бирга эрини хавф остида қолдирмасликка ҳам интилди. Стэплтон серрашк, кунчи одам бўлса керак, шунинг учун ҳам баронет ўзига ёқиб қолган бу хонимга муҳаббат изҳор қила бошлаши билан (гарчи, шундай бўлиши унинг режасида кўзда тутилган бўлишига қарамай) шу вақтгача сездирмасликка уриниб, яшириб келган рашкини дарғазаб бўлиб, жаҳли чиққанида билдириб қўйди. Шундай бўлса ҳам, у сэр Генри Меррипит-хаусга тез-тез меҳмон бўлиб келадиган бўлиб қолди ва ахир бир кун тузоғимга илинади, деган умид билан хотинини унга кўз-кўз қилаверди. Лекин ҳал қилувчи дақиқа келганида, хотини туғён кўтарди. Хотин қочиб юрган маҳбус ҳалок бўлганини эшитиб қолди ва сэр Генри зиёфатга келиши лозим бўлган оқшомда ит ҳовлидаги ҳужрага олиб келинганини билиб қолди. Уларнинг иккови ўртасида жанжал чиқди. Миссис Стэплтон эрини жиноятчи деб айтди ва ўзининг кундоши борлигини биринчи марта эрининг оғзидан эшитди. Хотиннинг илгариги вафодорлиги энди нафратга айланди. Стэплтон, хотиним мени тутиб беради ва сэр Генрини огоҳлантириб қўйиши мумкин, деб уни боғлаб қўйди. Баронет ўлди, деган хабар тарқалган тақдирда, баскервиллар зотининг кушандаси борлиги тўғрисидаги афсона графликдаги одамларнинг эсига яна тушарди, ана шунда хотинимни яна ўзимга итоат қилдириб, оғиз очирмай қўяман, деган умид билан Стэплтон шундай қилди. Унинг бу умиди ҳам пуч бўлиб чиқди. Биз аралашмасданоқ унинг тақдири ҳал бўлиб қолган эди. Томирида испан қони оқаётган хотин ўзига хиёнат қилган бу эрни асло кечирмас эди…

Бутун гап мана шу, азизим Уотсон. Агар сизга бу одатдан ташқари иш тўғрисида бундан кўра батафсилроқ ҳисобот керак бўлса, ёзиб қўйган дафтарларимга кўз ташлашга тўғри келади. Лекин мен воқеанинг ҳамма муҳим жойларини қолдирмай айтиб бердим, деб ўйлайман.

– Наҳотки Стэплтон, сэр Генри ҳам баҳайбат итни кўриши билан қўрққанидан ўлиб қолади, деб ўйлаган бўлса?

– Ит бутунлай ёввойи эди, бундан ташқари, итни у ярим очликда сақламоқда эди. Гарчи сэр Генри ўша жойнинг ўзида ўлмаган тақдирда ҳам, ҳарҳолда бу даҳшатли манзара уни батамом ҳолдан тойдирган ва у ҳеч қандай қаршилик кўрсатолмаган бўлур эди.

– Ҳа, шундай бўлиши мумкин эди. Энди фақат бир саволим бор. Башарти Стэплтон Баскервильхоллга эгалик қилишга ўзининг ҳақли эканлигини исбот қилолса, у меросхўр бўла туриб, яна шу мулкнинг яқинида бутунлай бошқа ном билан юрганини нима билан изоҳлаган бўлур эди? Наҳотки, бу нарса шубҳа туғдирмаса?

– Бу саволингизга жавоб беролмасам керак, сиз мендан қурбим етмайдиган нарсани талаб қиляпсиз. Мен бўлиб ўтган ва ҳозир бўлаётган воқеалар билан шуғулланаман. Келгусида ким нима қилмоқчи бўлганини айтиб беролмайман. Миссис Стэплтоннинг айтишига қараганда, эри бу тўғрида кўп марталаб бош қотирган экан. У уч хил йўл топиши мумкин эди. Биринчиси, Жанубий Америкага бориб, у ерда Британия элчихонасига кириб, ўзининг ҳақиқатан кимлигини гувоҳлантириб олиши ва Англияга келмай туриб, меросни ўша ерда турган ҳолида талаб қилиши мумкин эди. Иккинчиси, олдин ўзини таниб бўлмайдиган даражада ўзгартириб, шу ишларнинг ҳаммасини Лондонда қилиши мумкин эди. Учинчи йўл шуки, бутунлай бошқа бир кишини зарур ҳужжатларнинг ҳаммаси билан таъминлаб, шу кишининг ўзини меросхўр қилиб кўрсатиши, даромадларнинг маълум қисмини бериб туришни шу одамга шарт қилиб қўйиши мумкин эди. Стэплтон қандай одамлигини билганим учун у мана шу йўллардан бирини ишга солиши мумкинлигига шубҳаланмасак бўлади.

Энди, дўстим, фикримизни бошқа яхшироқ нарсалар билан банд қилайлик. Бир неча ҳафта шу қадар оғир меҳнат билан шуғулланганимиздан кейин, бу оқшомни ялло қилиб ўтказишга ҳақлимиз. Мен операдаги ложани сотиб олдим. «Гугенотлар» операси, де Рецкенинг ёқимли овозини эшитганмисиз? Бинобарин, марҳамат қилиб ярим соатда кийиниб тахт бўлинг. Ана шунда биз йўл-йўлакай Марцинига кириб, у ерда бемалол овқатланиб оламиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации