Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 29 страниц)
Аёл бир оғиз ҳам гапирмай, юзини тўсиб турган тўрни кўтарди, қайтарма қалпоқни бошидан ечди. Бу ниҳоятда дилбар, қорасоч аёл бўлиб, юзи хушбичим эди; бурни бежирим, қуюқ қошлари остида қора, нафрат тўла кўзлари порлаб турар, нозик лаблари истеҳзоли жилмаяр эди.
– Ҳа, менман, – деб жавоб қилди аёл. – Сиз жувонмарг қилган ўша бахтиқаро бўламан.
Милвертон кулиб юборди, лекин унинг кулгисида қўрқув сезилиб турарди.
– Ўзингиз ҳам ўжарлик қилувдингиз-да, – деди у. – Бунчалик оёқ тираб олишнинг нима ҳожати бор эди? Гапимга ишонинг, мен ўз хоҳишим билан пашшага ҳам озор бермаганман. Аммо ҳар бир одам ўз билганича кун кечиради. Хўш, мен нима қилишим мумкин эди? Ахир сизнинг имкониятингиздан келиб чиқиб нарх қўйган эдим. Аммо сиз уни тўлашни истамадингиз.
– Шундан кейин сиз мактубларимни эримга юбордингиз; бу билан сиз энг олижаноб бир инсоннинг дилини вайрон қилдингиз. Мен у инсоннинг ҳатто ботинкасининг ипини боғлашга ҳам номуносиб ҳисоблардим ўзимни. Натижада, у ўлди. Мана шу ерда, шу хонада кечаси, менга раҳм қилинг, деб ялиниб-ёлборганларим эсингиздами? Ўшанда сиз юзимга бақрайиб туриб хахолаб кулган эдингиз! Ҳозир ҳам кулмоқчи бўляпсиз, лекин лабларингиз титраяпти. Аблаҳ! Қўрқоқ махлуқ! Мени бошқа кўришни ўйламаган бўлсангиз керак? Лекин мен айнан ўша кечаси қандай қилиб ҳузурингизга киришни ва сизни ёлғиз учратиш мумкинлигини билиб олган эдим. Хўш, Чарльз Милвертон, менга айтадиган яна қандай гапингиз бор?
– Қўрқитдим деб ўйламай қўя қолинг, – деб жавоб қилди Милвертон ўрнидан тураркан. – Агар товуш чиқарсам, шу заҳоти хизматчиларим кириб келиб сизни қўлга олишади. Лекин мен раҳм қиламан, зеро, нега бунчалик дарғазаб эканлигингизни тушунаман. Яхшиликча чиқиб кетинг бу ердан. Шу билан мусоҳабага барҳам берайлик.
Лекин аёл ҳамон қўлларини плаши ичига яшириб, заҳарханда жилмайганча жойидан жилмай турарди.
– Сиз мени жувонмарг қилган эдингиз, аммо энди бошқа ҳеч кимнинг умрига зомин бўла олмайсиз. Сиз менинг дилимни вайрон қилган эдингиз, энди ҳеч бир кимсанинг қалбини эза олмайсиз. Мен башариятни сиздек заҳарли илондан халос этаман. Мана, ол тегишингни, кўппак!
Аёлнинг қўлида жажжигина пистолет ялт этди. Устма-уст битта, иккита, учта ўқ узилди… Пистолетнинг оғзи Милвертоннинг кўксидан ярим метр масофада эди. У гандираклаб столга юзтубан йиқилди, йўтали тутиб қоғозларни чангаллади. Кейин каловланиб ўрнидан турди-да, стол ортидан чиқди. Олтинчи ўқ гумбирлади-ю, у ерга «гурс» этиб қулади.
– Мени едингиз, – деб пичирлай олди, холос. Аёл мурдага тикилиб турди-да, пошнаси билан унинг юзига бир тепди. Кейин яна тикилди – Милвертон инграмади ҳам, қимирламади ҳам. Аёл жойидан қўзғалгани эшитилди, дим хонага тунги салқин ҳаво эсиб кирди-ю, қасоскор хоним ғойиб бўлди. Биз бу фалокатга йўл қўймаслик учун минг уринганимизда ҳам у одамни ўз қисматидан қутқариб қололмаган бўлардик; лекин шунга қарамай, агар аёл гандираклаётган Милвертонга кетма-кет ўқ узаётган пайтда Холмс қўлимдан маҳкам ушлаб қолмаганида борми, албатта ёрдамга отилиб чиққан бўлардим. Мен дўстимнинг қай маънода қўлимни маҳкам сиққанига тушундим. Бу билан Холмс, буни бизга дахли йўқ, ниҳоят одил суд бу разолат бандаси устидан чиқарган ҳукмини ижро этди, бизнинг ўз бурчимиз, ўз мақсадимиз бор, шуни унутмаслигимиз керак, демоқчи бўлган эди. Аёл ғойиб бўлган ҳамоно Холмс ички эшик олдига шипиллаб бориб калитни бураб, уни қулфлади. Айни шу пайт уйнинг ҳар томонидан шовқин-сурон ва югурган оёқ товушлари эшитила бошлади. Ўқ овози бутун хонадонни оёққа турғизган эди. Холмс ҳеч ҳовлиқмасдан темир сандиқ олдига борди, у ердаги даста-даста мактубларни иккала қўли билан сидириб олиб, оловга ташлади, кейин яна ва яна олиб ташлайверди, хуллас, сандиқни шипшийдам қилди. Шу пайт кимдир эшик бандини босди, сўнг уни тапиллата бошлади. Холмс атрофга тез кўз югуртириб чиқди. Милвертоннинг столида ўлим даракчиси – қонга бўялган мактуб ётарди. Холмс уни ҳам каминга ташлади. Кейин у сиртқи эшикнинг калитини олиб, мени эшикдан чиқарди, сўнг ўзи ҳам чиқиб эшикни қулфлади.
– Бу ёққа, Уотсон, – деди у, – боғ деворидан ошишимизга тўғри келади.
Бутун уйни ваҳима шунчалик тез қамраб олишини тасаввур қилмаган эдим. Орқамга ўгирилиб, уйдаги ҳамма деразаларнинг чироқдан ёруғлигини кўрдим. Уйнинг асосий эшиги ланг очилган, хиёбонда кимлардир югуриб юрарди. Боғ ғиж-ғиж одам эди. Аллаким бизнинг ровондан отилиб чиққанимизни кўриб қолди, қичқирганча орқамиздан қува бошлади. Холмс боғдаги ҳар бир йўлакни пухта ўрганган эди, шунинг учун, дарахтлар ва буталар орасидан дадил олға югуриб борар эди. Мен ундан бир қадам ҳам орқада қолмасликка уринардим. Орқамдан изма-из биров қувиб келаётган эди – мен унинг ҳансираб нафас олишини эшитдим. Йўлимизга олти фут1212
Фут – 30,48 см.га тенг узунлик ўлчови.
[Закрыть] баландликдаги девор ғов бўлди. Холмс бир сакрашда ундан ошиб тушди. Мен ҳам сакрадим, лекин девор бошига қўлларим билан маҳкам ёпишганимни биламан, шу пайт, кимдир оёғимдан торта бошлади. Мен оёғимни бир силтаб тортиб олиб, деворнинг синиқ шишалар билан ихота қилинган бошига бир амаллаб чиқиб олдим, сўнг деворнинг нариги ёғига юз тубан йиқилдим. Холмс бир зумда мени оёққа турғизди, шундан сўнг поёни йўқ Хемстед майдонидан югуриб кетдик. Шу югуришда биз тахминан икки миляча1313
Миля – 7420 метр.
[Закрыть] йўл босдик, шундан кейингина Холмс тўхтаб қулоқ солди.
Атроф худди сув қуйгандек жимжит эди. Демак, таъқибдан қутулибмиз.
Эртаси куни эрталаб биз нонушта қилиб бўлиб, трубка чекиб ўтирган эдик, ғарибона меҳмонхонамизга Скотленд-Ярд инспектори Лестрейд кириб келди. Унинг кўриниши виқорли ва маънодор эди.
– Яхши ётиб турдингизми, мистер Холмс, – деди у, – хайрли эрта. Марҳамат қилиб айтинг-чи, ҳозир жуда ҳам бандмисиз?
– Бандман, аммо сизнинг гапларингизни бажонидил эшитаман.
– Бугун кечаси Хемстедда жуда антиқа бир иш содир бўлган; шу ишни текширишда бизга ёрдам бера олмайсизми?
– Ё тавба! – деб юборди Холмс. – Нима содир бўлипти у ерда?
– Қотиллик… Ўта фожиавий ва айни пайтда жуда ажойиб қотиллик. Сизнинг бундай ҳодисаларга қизиқишингизни биламан, шунга кўра, агар Аплдор Тауэрсга борсангиз-у, биздан ёрдамингизни аямасангиз, мени ғоят миннатдор қилган бўлардингиз. Бу – ғайритабиий жиноят. Биз ўлдирилган одамни бир неча вақтдан бери кузатиб юрардик. Гап шу ерда қолсин-у, у учига чиққан аблаҳ эди. Унинг темир сандиғида кишиларни обрўсизлантирувчи қоғозлар сақланарди, шу қоғозлардан у товламачилик мақсадида фойдаланарди. Лекин қотиллар ўша қоғозларнинг ҳаммасини ёқиб юборишган. Биронта ҳам қимматбаҳо буюм ўғирланмаган. Тахминимизча, жиноятчилар – оқсуяклар жамиятидан бўлишса керак. Чамаси, улар ягона бир режани – одамларни бадном бўлишига йўл қўймасликни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.
– Жиноятчилар нечта экан? – деб сўради Холмс.
– Иккита. Уларни жиноят устида тутиб олишларига сал қолипти. Бизда уларнинг оёқ излари ҳам, ташқи қиёфалари тасвири ҳам бор; уларни топишимизга тўқсон тўққиз фоиз ишонаман. Биттаси жуда ҳам эпчил бўлган, иккинчиси боғбон тутиб олай деганида қочиб қолипти. Буниси ўрта бўйли, жуссадор, юзи япалоқ, бўйни йўғон, юзига ниқоб таққан мўйловли одам бўлган.
– Белгилари анча мавҳум, – деб эътироз билдирди Шерлок Холмс. – У белгиларни, масалан, Уотсонга ёпиштирса ҳам бўлади.
– Тўғри, худди ўзгинаси, – деб жилмайди инспектор: бу ўхшатиш унга қизиқ туюлган эди. – Қуйиб қўйгандек Уотсон-а.
– Сизга бу ишда ёрдам бера олмасман деб ўйлайман, Лестрейд, – деди Холмс. – Гап шундаки, мен ўша Милвертоннинг қандай одамлигини билардим, шунга кўра, уни Лондонда энг хавфли одамлардан бири деб ҳисоблайман. Менимча, қонунда татбиқ этилмайдиган жиноятлар ҳам бўлади. Қўйинг, мен билан тортишманг. Қарорим қатъий. Мен қурбон бўлган одамга эмас, жиноятчиларга мойиллик билдираман. Мен бу ишга аралашмайман.
Шу куни эрталаб Холмс, ўзимиз шоҳиди бўлган фожиа ҳақида чурқ этиб ҳам оғиз очмади. Лекин у худди ниманидир эслашга уринаётган одамга ўхшаб ниҳоятда чуқур ўйга толган ва паришонхотир эди. Бир вақт у тўсатдан сапчиб туриб кетди.
– Юпитер1414
Юпитер – Рим мифологиясида олий худо.
[Закрыть] ҳаққи, Уотсон, – деб юборди у. – Эсимга тушди! Шляпангизни кийинг! Мен билан юринг!
Биз бутун Бейкер-стрит ва Оксфорд-стрит бўйлаб деярли чопиб ўтдик, Рижент-серкес майдонига етай деб қолганимиздагина югуришдан тўхтадик. Бу ерда, чап томонда бир магазин бўлиб, унинг ойнасига сўнгги кунларда довруқ қозонган одамларнинг, ҳамма маълума ва машҳура гўзал хонимларнинг фотосуратлари қўйиларди. Холмснинг нигоҳи шу дилбар хонимлардан бирига қаратилди, мен ҳам унинг нигоҳига эргашдим, шунда кўзим эгнига сарой аъёнлари либосини кийган, улуғвор бошига муҳташам бриллиант тож қўндирган такаббур қиёфали соҳибжамол аёлнинг портретига тушди. Мен бу хилқатнинг бежирим бурни, қуюқ қошлари, чиройли оғзи ва жажжи иягини кўздан кечирдим. Портрет остига ёзилган неча-неча асрлардан бери довруғи оламга таралиб келган буюк мансабдор ва давлат арбобининг исмини ўқидим-у, нафасим ичимга тушиб кетди, зеро, бу гўзал хоним шу зотнинг рафиқаси бўлган эди. Шунда кўзим Холмснинг кўзига тушди, лекин у «жим» демоқчи бўлгандай бармоғини лабига босди.
ШЕРЛОК ХОЛМС ЎЛИМ ТЎШАГИДА
Шерлок Холмс ижарада яшаётган уй бекаси миссис Хадсон унинг дастидан жуда кўп азоб чекарди. Уйининг иккинчи қаватига куннинг истаган пайтида номаълум шахслар, баъзан турқи совуқ одамлар кириб келиши етмагандай атоқли уй ижарачиси ўз бесаранжомлиги ва тоқатсизлиги билан бекасининг асабларини синамоқчидай бўларди. Холмснинг ҳаддан зиёд батартиблиги, кишилар ором оладиган пайтларда мусиқа билан шуғулланиши, хонада тўппонча отиши, ғалати ҳидли тажрибалар ўтказишдек ақлга сиғмайдиган қилиқлари, атрофини қуршаган жиноят ва хавф-хатар уни Лондондаги энг ноқобил ижарачига айлантирганди. Аммо у подшолардек ҳақ тўларди. Мен дўстим шу уйда яшаган йиллари ижарага шоҳона пул тўлаганини биламан, у ҳатто миссис Хадсоннинг уйини ҳам бемалол сотиб олиш мумкинлигига ҳеч шубҳа қилмайман.
Шу туфайли миссис Хадсон Холмснинг олдида жуда мулойим бўлишга мажбур эди. Холмс аёлларга нисбатан мулойим муносабатда бўлгани миссис Хадсонга жуда ёқарди. Ҳа, дарвоқе, Холмс ҳеч қачон аёлларни ёқтирмаган. Аммо уларга ишонмаса ҳам аёлларга нисбатан рицарларча хушмуомалада бўларди. Миссис Хадсоннинг дўстимга бўлган илтифотини билганим учун ҳам уйланганимнинг иккинчи йили у меникига ҳовлиқиб келиб, бечора дўстимнинг оғир касал бўлиб қолганини айтганда, жуда ҳаяжонландим.
– Доктор Уотсон, у жон беряпти, – деди миссис Хадсон. – Унинг бетоб бўлганига уч кун бўлди. Кундан-кунга аҳволи оғирлашяпти. Эртагача яшайдими, йўқми, буни Парвардигорнинг ўзи билади. Аммо у доктор чақиришга рухсат бермаяпти. Бугун эрталаб унинг суягига ёпишиб кетган терисини ва жавдираётган кўзини кўриб чидай олмадим. «Рози бўласизми ё йўқми, жаноб Холмс, ҳозироқ доктор чақираман», – дедим. Шунда у: «Ундай бўлса, марҳамат қилиб Уотсонни таклиф этинг», деб рози бўлди. Ўтинаман, сэр, бир дақиқа ҳам вақтни бой берманг. Акс ҳолда уни тирик кўрмайсиз!
Мен Холмснинг бирон касали йўқлигини билганим учун ҳайрон қолдим. Пальто билан шляпамни олиб кўчага қандай отилиб чиққанимни тасвирлаб ўтирмайман. Йўлда миссис Хадсондан суриштира бошладим.
– Сэр, мен сизга жуда оз нарса айтишим мумкин, – деди у. –Яқинда у Розерхайтда, ҳалиги дарё бўйидаги жин кўчаларда бир жиноий ишни текширган эди, бу касални ўша ерда юқтирган бўлиши мумкин. Чоршанба куни пешинларда мазаси бўлмай ётганича ўрнидан тургани йўқ. Мана шу ўтган уч кун ичида ҳеч нарса егани ҳам, ичгани ҳам йўқ.
– Ё Парвардигор! Нега шу вақтгача доктор чақирмадингиз?
– Сэр, ахир у рухсат бермади-да… Унинг бир сўзлигини биласиз-ку. Мен унинг гапини икки қилолмадим. Аммо, бир назар ташлашингиз билан у кўп яшамаслигига ишонч ҳосил қиласиз.
Дарҳақиқат, Холмснинг кўриниши даҳшатли эди. Ноябрь ойининг туманли кунларидан бири бўлгани учун унинг ётоқхонаси ғира-шира ёруғ эди, айниқса, ёстиқдаги бир бурда озғин, аянчли кўринган унинг юзи мени даҳшатга солди. Кўзлари жавдираб ёнарди, ёноқлари иситмадан қизариб кетган, лаблари эса қорайиб қуруқшаб кетганди. Озғин қўллари кўрпани ғижимлар, овози бўғиқ ва синиқ эди. Мен хонага кириб келганимда у қимир этмай ётганди, аммо кўзларида нимадир ялт этди – у мени таниди, чоғи.
– Хўш, Уотсон, куним битганга ўхшайди, – деди у сўниқ, аммо бурунги ҳазил оҳангида.
– Қадрли дўстим! – деб хитоб қилдим унга яқинлашарканман.
– Тўхтанг! Яқинлашманг! – деб буйруқ қилди у энг танг дақиқаларда пайдо бўладиган қатъий оҳангда. – Агар менга яқинлашсангиз, бу ердан ҳозироқ чиқиб кетишингизни сўрайман.
– Нега ахир?
– Чунки мен шуни истайман. Нима, шунинг ўзи сизга кифоя қилмайдими?
Миссис Хадсон ҳақ гапни айтган экан. Дарҳақиқат, уни қаттиққўллик тарк этмаган, аммо кўриниши анча аянчли эди.
– Ахир мен сизга ёрдам бермоқчиман-ку, – дедим унга.
– Тўғри. Агар ёрдам бермоқчи бўлсангиз, буюрган ишни қилинг.
– Яхши, Холмс.
Шундан сўнг у сал юмшаган бўлиб:
– Мендан жаҳлингиз чиқмаяптими? – деб бўғиқ овозда сўради.
Бечора! Ахир, шу аҳволда ётса-ю, мен қандай қилиб ундан ранжишим мумкин!
– Бу сизнинг манфаатингиз учун, – деди у яна ўша бўғиқ овозда.
– Менинг манфаатим учун?!
– Менга нима бўлганини яхши биламан. Бу касалликнинг Ватани – Суматра. Голландлар бу ҳақда биздан кўпроқ билишади, аммо улар ҳам уни кам ўрганишган. Лекин бу касаллик давосиз ва жуда юқумлилиги сўзсиз, аниқ ва равшан.
Мени гўё нарига итараётгандек унинг узун қўллари безовта қалтирар, титраб гапирарди.
– Уотсон, қўл тегса юқади, фақат қўл тегса! Шунинг учун мендан нарироқда турсангиз, аминманки ҳаммаси яхши бўлади!
– Вой Худойим, Холмс! Наҳотки бу касал юқади, деб ўзини четга оладиган одам бўлсам. Бегона бўлган тақдирда ҳам мен томошабин бўла олмайман. Шундай экан, бурчимни адо этиб, сиздек қадрдон дўстимни даволаш учун менга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.
Мен у томон яна бир қадам ташладим. Шунда у ғазаб билан мендан нари сурилди…
– Жойингиздан қимирламасангиз сиз билан гаплашаман. Акс ҳолда бу ердан чиқиб кетишингизга тўғри келади.
Мен дўстимнинг ғаройиб истеъдодини жуда ҳурмат қилардим. Ҳатто гоҳида тушунмасам ҳам унга итоат этардим. Лекин бу вазиятда менинг вазифам, касбим устунлик қилди. Бошқа пайтда Холмс менга нисбатан ўз ҳукмини ўтказса индай олмайман, аммо ҳозир мен – касалнинг ёнида турган шифокорман.
– Холмс, – дедим унга, – сиз қилмишларингизга ўзингиз тушуниб етмаяпсиз. Касал одам гўё ёш боладек бўлади. Истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам сизни текширишим ва зудлик билан даволашим керак.
У ғазаб билан менга қаради.
– Агарда менинг розилигимсиз даволамоқчи бўлишса, ҳеч бўлмаса ишонадиган одамим бўлмоғи лозим.
– Ундан чиқди сиз менга ишонмас экансизда?
– Сизнинг дўстлигингизга, албатта, ишонаман. Аммо факт фактлигича қолади. Уотсон, дўстим, сиз албатта маълум тажрибага эга бўлган врачсиз, лекин чекланган мутахассиссиз. Бу гапларни сизга мен, яъни яқин дўстингиз гапириши қийин, аммо илож қанча…
Бу гаплардан мен ўзимни ҳақоратланган ҳисобладим.
– Холмс, бу сўзлар сизнинг гапларингизга ўхшамайди. Бу асабларингизнинг анча бўшашиб кетганининг далолати. Майли, менга ишонмас экансиз, ҳадеб жиғингизга тегмайман. Аммо ижозат беринг, мен сизнинг ҳузурингизга Жаспер Мик ёки Пензор Фишер, ёки Лондондаги истаган энг яхши врачларни таклиф этишим мумкин. Ахир, кимдир сизга ёрдам бериши керак-ку. Агарда ўлимингизни хотиржамлик билан томоша қилади, деб ўйлаётган бўлсангиз, у ҳолда катта хатога йўл қўйган бўласиз.
– Уотсон, сиз менга яхшилик истайсиз, – деди Холмс бўғиқ овозда. – Сизнинг жоҳиллигингизни исботлаб беришимни истайсизми? Марҳамат қилиб айтинг-чи, Тапанули вилоятидаги иситма касали ёки формоза қора куйдиргиси ҳақида нима биласиз?
– Мен бу хил касалликларни биринчи марта эшитиб турибман.
– Азизим Уотсон, Шарқда жуда кўп ғалати касалликлар мавжуд. Бу одатдаги касаллардан анча фарқ қилади. – Ҳар бир жумладан сўнг, Холмс тўхтаб суҳбатини давом эттириш учун куч тўпларди. – Мен бу хулосаларни охирги марта ўтказган тиббий-жиноий терговимда чиқардим. Айнан шу иш билан шуғулланаётган пайтда юқтирган бўлишим ҳам мумкин. Менга ёрдам бера олмайсиз, Уотсон.
– Бўлиши мумкин. Аммо жаҳон бўйича тропик касалликлар билимдони доктор Энстри ҳозир Лондонда, мен буни тасодифан эшитдим. Холмс, эътироз билдирманг, мен зудлик билан унинг ҳузурига бораман!
Мен шаҳд билан эшик томон бурилдим.
Мен ҳеч қачон бу даражада ҳайратга тушмаганман! Кўз очиб юмгунча жон бераётган одам шердек сапчиб йўлимни тўсди. Шиддат билан калитнинг буралгани ва эшик қулфланганини эшитдим. Яна бир неча дақиқадан сўнг Холмс ўрнига бориб ётганини ва оғир нафас олиб ҳансираётганини кўрдим.
– Куч ишлатиб мендан калитни ололмайсиз, Уотсон. Қўлга тушдингизми, азизим! Мен сизни озод қилмагунимча шу ерда ўтириб туришингизга тўғри келади. Аммо сиз кўп изтироб чекманг. – У базўр нафас олиб бўлиб-бўлиб гапирарди. – Сиз менга ёрдам бермоқчисиз, бунга мен заррача ҳам шубҳаланмайман. Майли, сиз айтганча бўлсин, фақат менга бир оз вақт беринг, сал ўзимга келай. Сабр қилинг, Уотсон. Ҳозир соат тўрт бўлибди. Соат олтида эса, сизни чиқариб юбораман.
– Холмс, бу ахир нодонлик-ку!
– Кўп эмас, атиги икки соат, Уотсон. Чин сўзим, соат олтида кетасиз. Чидайсизми?
– Бошқа иложим йўқ.
– Худди шундай. Раҳмат, Уотсон, кўрпамни ўзим тўғрилайман. Яқинлашманг, иложи борича мендан нарироқ туринг! Яна бир шартим бор, Уотсон. Сиз доктор Энстрини эмас, мен айтган одамни бошлаб келасиз.
– Розиман.
– Бу хонага кириб келганингиздан бери биринчи маротаба ақлли сўз айтдингиз, Уотсон. Зерикмаслик учун ана у жавондаги китобларни варақлаб чиқишингиз мумкин. Мен бир оз чарчадим. Қизиқ, электр токи тахтадан ўтаётганда нимани ҳис қиларкин?.. Уотсон, соат олтида биз суҳбатимизни давом эттирамиз.
Аммо суҳбатимиз дўстим айтган вақтда эмас, ундан анча вақтлироқ ва мени жуда ҳаяжонга солган Холмснинг эшикка югурганидан ҳам ғалатироқ йўсинда бошланди.
Мен каравотда ҳолсиз ётган Холмсга бир неча дақиқа ҳайратомуз қараб турдим. Унинг кўзи деярли юмуқ эди, гўё у ухлаб ётгандек эди.
Мен китоб варақлайдиган кайфиятда эмасдим, шунинг учун хонада юриб деворларга осилган номи чиққан жиноятчиларнинг суратларини томоша қила бошладим. Шу алпозда томоша қилиб каминга яқинлашдим. Каминнинг токчасида тартибсиз ҳолда ҳар хил шприцлар, тамакидонлар, паккилар, тўппонча ўқлари, тамаки трубкалари ва майда-чуйдалар ётарди. Шулар орасидаги фил суягидан ясалган ва қора, оқ нақшлар ўйилган, суриладиган қопқоқли қутича диққатимни ўзига тортди. Бу буюм жуда чиройли эди, мен тузукроқ томоша қилиш мақсадида беихтиёр қўл узатганимни биламан, аммо тўсатдан…
Холмс шундай қичқирдики, менимча кўчанинг энг йироқ бурчакларидаги одамлар ҳам эшитган бўлса керак. Бу ҳайқириқдан, танам музлаб, сочларим тикка бўлиб кетди. Ўгирилиб қараганимда Холмснинг юзи даҳшатли даражада ўзгариб, кўзлари ёнаётгандек кўринди. Қўлимдаги қутичани маҳкам ушлаганча тошдек қотиб қолдим.
– Ҳозироқ жойига қўйинг! Эшитяпсизми, Уотсон, ҳозироқ жойига қўйинг!
Қутичани ўрнига қўйганимдан сўнг у енгил тин олиб, ўзини яна ёстиққа ташлади.
– Уотсон, нарсаларимга бировнинг текканини ёмон кўраман. Ахир сиз буни яхши биласиз-ку. Нимага ҳадеб юраверасиз, бунга чидолмайман. Врач бўлатуриб беморни жинни қилиб қўйишингиз ҳеч гап эмас! Оромимни бузмай тинч ўтиринг.
Бу воқеа менга ҳаддан ташқари оғир таъсир қилди. Холмсга мансуб бўлмаган қизиққонлик, сабабсиз ҳайқириш, унинг асаби қанчалик бўшашиб кетганидан далолат берарди. Шундай ақл эгасининг бу ҳолатга тушганини кўриш қандай даҳшатли-а?.. Энг тушкун хаёллар билан айтилган муддат келгунча стулда михлангандек жим ўтирдим. Холмс ҳам соатини кузатиб турган бўлса керак. Чунки соат роппа-роса олти бўлиши билан яна ўша ҳаяжонли титроқ овозда гап бошлади.
– Уотсон, ёнингизда майда пул борми? – деб сўради.
– Ҳа, бор.
– Кумушми?
– Ҳа, етарлича.
– Ярим кронликдан қанча?
– Бешта.
– Кам, жуда кам! – деб хитоб қилди. – Афсус! Шундай бўлса ҳам сиз ҳамма майдангизни соат чўнтагингизга солиб қўйинг, қолган пулларни шимингизни чап чўнтагига жойланг. Худди шундай. Раҳмат! Бу мувозанатингизни сақлайди.
Бу гап яққол эсдан оғишнинг ўзи эди. У сесканиб, ё йўталди, ё йиғлади.
– Энди, Уотсон, газни ёқинг. Илтимос қиламан, жуда ҳам эҳтиёт бўлиб, газни фақат ярмигача очинг. Жуда яхши, раҳмат. Йўқ, йўқ пардани ёпманг. Энди-чи, Уотсон, анави қанд оладиган тутқични кўрдингизми? Шу билан ҳалиги қора қутичани олинг-да, столга, қоғозлар орасига эҳтиёт бўлиб қўйинг. Офарин! Энди эса Лоуэр-Бэрк-стрит кўчасидаги ўн учинчи уйда яшовчи мистер Кэлвертон Смитни менинг ҳузуримга бошлаб келинг.
Очиғини айтганда, врачга боргим келмай қолганди, чунки бечора дўстимни алаҳсираётганини кўриб, уни ёлғиз ташлаб кетишга қўрқаётгандим. Ажабланарлиси шундаки, у аввал врачдан қандай бош тортган бўлса, худди шундай ўжарлик билан Смитни олиб келишни талаб қилаётганди.
– Бундай одам борлигини эшитмаганман, – дедим.
– Бўлиши мумкин, азизим Уотсон. Бундай касалликнинг мутахассиси врач эмас, балки плантаторлиги сизни ажаблантирар. Мистер Кэлвертон Смит – Суматрада мунтазам яшайди ва у юртларда жуда таниқли одам. Лондонга эса фақат иш билан келган. Унинг плантацияларида бу касаллик тез-тез пайдо бўлгани, даволаш муассасалари анча йироқ бўлгани учун шахсан ўзи шу масала билан жиддий шуғулланган ва маълум муваффақиятга эришган. Смит жуда режали одам. Мен унинг уйда бўлмаслигини билиб, сизни олтидан олдин юбормай турувдим. Агарда уни бу ерга келишга кўндира олсангиз, у киши табобат илмидаги маҳоратини ишга солса, шубҳасиз, менга ёрдам бера олади.
Мен Холмснинг сўзларини сизларга равон ва яхлит қилиб етказяпман. Аслида эса унинг сўзлари узуқ-юлуқ бўлиб, қўллари титраб; унинг қанчалар азоб чекаётганини кўрсатиб турарди. Мен унинг ёнида бўлган пайтимда аҳволи анча оғирлашди, юзлари яна ҳам сўниб, кўзлари киртайиб, аҳён-аҳёнда пешонасида муздек тер ялтирарди. Аммо барибир шунча изтироб чекса ҳам у осойишта, равон гапирарди. Ҳа, сўнгги дақиқагача у ўзгармай қолади!
– Сиз менинг аҳволим ҳақида унга, яъни Смитга батафсил гапириб берарсиз, – деди у. – Алаҳсираётганимни ва умуман жон бераётганимни, шунингдек, ўзингиз қандай фикрда эканингизни гапириб беринг… Қизиқ, нега океан туби чиғаноқлар билан қопланмаган, ахир улар жуда тез кўпайишади-ку… Оббо, мен яна алаҳлаяпман шекилли! Мия ўзини-ўзи қандай назорат қиларкин… Уотсон, нима деётган эдим.
– Сиз мистер Кэлвертон Смит ҳақида гапираётган эдингиз.
– Ҳа, дарвоқе, эсимда. Уотсон, менинг ҳаётим унинг қўлида. Уни кўндиришга ҳаракат қилинг. У билан муносабатим ёмон. Унинг жияни ўлди, Уотсон… Мен бунга Смитнинг дахли бор деб гумон қилган эдим, у буни сезган. Бояқиш йигит даҳшатли азобда ўлди. Смитнинг эса мендан жаҳли чиқди. Нима қилсангиз ҳам унинг кўнглини олинг, Уотсон. Ялининг, ёлворинг, лекин қандай бўлмасин уни шу ерга бошлаб келинг. У, фақатгина у мени ўлимдан қутқариши мумкин!
– Ҳатто файтонгача кўтариб чиқишга тўғри келса ҳам албатта бошлаб келишга ваъда бераман.
– Йўқ, ундай қилманг. Сиз уни албатта ўз хоҳиши билан келишга кўндиринг. Ўзингиз эса ундан сал олдинроқ келинг. У билан бирга келмаслик учун бирон важ топинг. Уотсон, унутманг ва менга панд бериб қўйманг. Ахир сиз менга ҳеч қачон панд бермагансиз-ку… Қандайдир табиий кучлар чиғаноқларнинг кўпайиб кетишига йўл қўйишмаётгани шубҳасиз. Биз, Уотсон, сиз билан бор имкониятни ишга солдик. Наҳотки, бутун олам чиғаноқлар билан тўлиб кетса? Йўқ, йўқ, бу даҳшат-ку… Унга таассуротингизни иложи борича батафсил айтиб беринг.
Мен ёш боладек валдираётган, лекин жуда ҳам доно одамнинг сиймосини олиб кетдим. Менга калитни берганда бирданига миямга, Холмс хонани ичидан қулфлаб олмаслиги учун уни ёнимда олиб кетаман, деган фикр келди. Миссис Хадсон йиғлаганча мени йўлакда кутиб турган экан. Кета туриб Холмснинг ингичка, баланд овозда бир бемаъни ашулани айтаётганини эшитдим.
Кўчада файтон тўхтатаётганимда туман орасидан қора шарпа яқинлашди.
– Мистер Холмснинг соғлиқлари қалай? – деб сўради ҳалиги шарпа.
Бу Скотленд Ярд1515
Скотленд-Ярд – Лондон полициячиларининг бошқармаси.
[Закрыть] даги гражданча кийиниб олган эски танишим инспектор Мортон эди.
– Жуда ёмон, – дедим унга.
У менга ғалати қараш қилди. Агар ишонганимда, эшик тепасидаги деразадан тушиб турган ёруғликда унинг юзида қониқишни сездим, дердим.
– Ҳа, бу ҳақда эшитгандим, – деди у. Файтон келиб тўхтади ва биз шу ерда ажралишдик.
Лоуэр-Бэрк-стрит бир қатор узун шинам қурилган уйлардан иборат бўлиб, Ноттинг-Хилл ва Кенсингтон кўчаларининг ўртасида экан. Файтон ҳашаматли бино рўпарасида тўхтади. Икки табақали салмоқдор эшик, ялтироқ мис тутқичлар ва ҳовлини ўраб олган қадимий услубдаги темир панжаралар уйга салобат бериб турарди. Бу таассуротни тасдиқлагандек ҳашаматли кийимда хизматкор чиқди.
– Ҳа, мистер Кэлвертон Смит уйдалар. Доктор Уотсон, дедингизми? Яхши, жаноб, мумкин бўлса ташриф қоғозингизни берсангиз.
Менинг камтарин исмим ва касбим мистер Кэлвертон Смитга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганга ўхшайди. Чунки, қия очиқ эшикдан унинг ингичка, асабий овозини эшитдим:
– Ким экан? Унга нима керак? Ахир сизга неча маротаба айтаман, Стэплс, мен ишлаётганимда халақит берманг деб.
Хизматкор итоаткорона шивирлаб уни тинчлантирмоқчи бўлди.
– Стэплс, уни қабул қилмайман. Халақит беришганини ёмон кўраман. Унга мени уйда йўқ деб айта қолинг. Агарда жуда керак бўлсам, майли, эртага эрталаб келсин.
Яна паст овоздаги шивирлаш:
– Боринг, боринг, айтганимни қилинг. Эрталаб кела қолсин ёки умуман келмасин.
Кўз олдимга Холмснинг тўшакда ғужанак бўлиб, ёрдам кутиб ётгани келди. Ҳозир одоб сақлайдиган пайт эмаслигини тушундим. Холмснинг ҳаёти менинг хатти-ҳаракатимга ва менинг қудратимга боғлиқ эди. Хизматкор чиқиб хўжайинининг фармонини айтмоқчи бўлганди, уни четга суриб хонага отилиб кирдим.
Камин ёнидаги креслода ўтирган одам ғазаб билан бақириб ўрнидан туриб кетди. Шунда мен сариқ, қўпол юзли, семиз, бағбақалари осилган, пахмоқ сариқ қошлар тагидан менга тикилиб турган кулранг ғазабнок кўзларни кўрдим.
Пуштиранг кал бошига сал қийшайтириб духоба телпак кийиб олган. Аммо боши ҳаддан ташқари катта эди. Лекин нигоҳим пастга тушган сайин унинг танаси қилтириқ, елкалари тушиб кетган ва хиёл қийшайганини аниқладим. Менимча, ёшлигида бу одам рахит бўлган.
– Бу нимаси энди? – деб ўшқирди ингичка овозда. – Нега бостириб кирдингиз? Мен ахир эртага келсин, деб айтгандим-ку!
– Кечирасиз, – дедим, – аммо бу жуда ҳам зарур. Шерлок Холмс жаноблари…
– Сиз… Холмснинг олдидан келдингизми?
– Мен ҳозиргина унинг ҳузуридан келдим.
– Холмсга нима бўлди?
– У ҳозир жуда қаттиқ бетоб. Шунинг учун ҳам сизнинг ёнингизга келдим.
Уй эгаси мени ўтиришга таклиф этди ва ўз креслоси томон ўгирилди. Камин устидаги тошойнада унинг акси ялт этиб кўринди. Қасамёд қилиб айтишим мумкинки, унинг юзида қандайдир жирканч ёвузона жилмайиш бор эди. Шунда мен, «бу жилмайиш эмас, асабдан томир тортилиши бўлса керак», деб ўйладим. Аммо яна бир дақиқадан сўнг менга ўгирилиб ўтирганда юзида ўша ҳамдардлик пайдо бўлди.
– Бу хабарни эшитиш мен учун жуда оғир, – деди у. – Мен жаноб Холмс билан фақат иш юзасидангина учрашгандим, аммо уни фақат буюк истеъдоди учунгина эмас, балки асл инсон бўлгани учун ҳам ҳурмат қиламан. У жиноятларни топиш билимдони, мен эса беморларни даволаш билимдони; у ёвузлар билан курашса, мен микроблар билан курашаман. Мана менинг маҳбусларим, – давом этди у, стол устида қатор турган шиша идишларни кўрсатиб. – Бу идишларда жуда ҳам хатарли жиноятчилар ҳар хил муддатларни ўташмоқда.
– Холмс бу соҳадаги буюк истеъдодингизни юқори баҳолаб сизга юборди. Унинг фикрича, Лондон бўйича бу ишда фақат биргина сиз ёрдам бера олар экансиз.
Кичкина одамча сесканиб кетди. Шунда унинг олифта қалпоқчаси ерга тушди.
– Нега энди? – сўради у. – Нега мистер Холмс айнан мен ёрдам беришим мумкин деб ўйлаяпти?
– Чунки, сиз шарқий касалликлар билимдонисиз.
– Нега энди унга юққан касални айнан шарқий деб топди?
– Чунки у Хитой матрослари орасида кўп йиллар ишлаган, шунда бу соҳада анча маҳорат орттирган.
Кэлвертон Смит илтифотли тиржайди-да, ердан қалпоқчасини олди.
– Шундай денг… – деди у. – Ўйлайманки, бу касал сиз ташвишланаётганчалик хавфли бўлмаса керак. Дарвоқе, неча кундан бери у бетоб?
– Тахминан, уч кун.
– Алаҳсираяптими?
– Аҳён-аҳёнда.
– Ҳмм! Буниси ёмон. Унинг илтимосига рад жавоби беришни ваҳшийлик деб биламан. Мен, доктор Уотсон, ишдан қолдиришганини ёқтирмайман, аммо бу истисно. Шу сабабли мен ҳозироқ сиз билан бирга кетаман.
Холмснинг тайинлагани ёдимга тушди:
– Кечирасиз, ҳозир мени бошқа бир жойда кутишяпти, – дедим.
– Яхши, ундай бўлса, ўзим боравераман. Жаноб Холмснинг манзили менда ёзилган. Ярим соатлардан сўнг етиб бораман.
Холмснинг хонасига юрагимни ҳовучлаб кириб бордим. Шу вақт ичида энг нохуш воқеа содир бўлиши мумкин эди. Аммо унинг аҳволи анча енгиллашган эди. Юзлари ҳамон мурданикидек оқ эди-ю, лекин алаҳсирашдан асар ҳам қолмаганди. Заиф, бўғиқ товушда гапиргани билан фикрлаши жуда аниқ ва тиниқ эди.
– Уотсон, сиз уни кўрдингизми?
– Ҳа, у ҳозир келади.
– Яшанг, Уотсон, жуда соз. Сиз энг яхши хабарчисиз.
– У мен билан бирга келмоқчи эди.
– Бу мутлақо мумкин эмас, Уотсон. Бунга ҳечам йўл қўйиш керак эмас. Менинг касалим сабабларини сўрадими?
– Мен унга Ист-Энд денгизчилари ҳақида гапирдим.
– Жуда соз! Ҳақиқий дўстнинг ишини қилдингиз. Энди, Уотсон, сиз саҳнадан чиқиб кетсангиз ҳам бўлади.
– Холмс, мен уни кутиб туришим ва фикрини билишим керак.
– Албатта. Агарда биз у билан холи бўлсак, унда анча очиқчасига фикрини баён этиши мумкин, деб ўйлайман. Бош тарафимда, девор билан каравот ўртасида сизга етарли жой бор, Уотсон.
– Азизим Холмс!
– Бошқа иложингиз йўқ, деб қўрқаман, Уотсон. Хонада беркинадиган жой ҳам йўқ, ҳатто шундай бўлгани маъқул, шубҳа уйғотмайди. Аммо бу ерга яширинсангиз, Уотсон, биз ҳеч нарса йўқотмаймиз.
У бирданига ўтириб олди. Озғин юзида дадиллик сезилди.
– Уотсон, ғилдираклар тарақлашини эшитяпман. Агарда мени севсангиз, тезроқ беркининг. Нима воқеа бўлишидан қатъи назар, қимир этманг. Эшитдингизми, нима воқеа бўлишидан қатъи назар! Қимир этманг, лом-мим деманг. Фақат диққат билан унинг гапларини эшитиб олинг.
Анча ўзига келган касал тўсатдан яна оғирлашиб, узуқ-юлуқ гаплар гапириб алаҳлай бошлади.
Мен паноҳгоҳимдан олдинига зинадан кўтарилаётган ва яқинлашаётган оёқлар товушини, кейин хона эшиги очилганини ва ёпилганини эшитдим. Сўнгра, мени ҳайратга солган сукунат бошланди. Фақат касалнинг оғир нафас олиши ва секин алжираши эшитиларди.
Бизнинг меҳмон касал тепасида туриб, бечора беморнинг қандай азоб чекаётганини томоша қилаётганини тасаввур қилдим. Ниҳоят, бу ғалати сукунат бузилди.
– Холмс! – деди ухлаётган одамни уйғотаётгандек кескин овозда Смит. – Холмс! Мени эшитяпсизми?
У касалнинг елкасидан қўполлик билан силтаётганини сездим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.