Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 29 страниц)
ТИЛЛА БАНДЛИ ПЕНСНЕ
Бизнинг 1894 йилдаги фаолиятимиз ҳақида қалин-қалин учта жилд материал йиғилган. Шуни эътироф этишим керакки, бу олам-олам материаллар ичидан мазмунан ўта қизиқарли ва айни пайтда дўстимнинг ғайритабиий қобилиятини кенг ёритиб бера оладиган воқеаларни танлаб олиш жуда мушкул эди. Мен ёзувларимни тараддудланиб варақлайман. Мана, жирканч қизил залук воқеаси: эсласанг, даҳшатдан бутун вужудинг титраб кетади, буниси банкир Кросбининг мудҳиш ўлими ҳақида. Элтонда юз берган фожиа ҳам, қадимий тупроқ-қўрғонда топилган антиқа топилма ҳам шу йилнинг маҳсули. Смит-Мортимернинг мероси ҳақидаги машҳур иш ҳам шу пайтда содир бўлган. Хиёбонларни ўзига маскан қилган қотил Юрэ ҳам айнан шу йили таъқиб қилиниб, қўлга туширилган эди – бу хизмати учун Холмс Франция президентидан ташаккурнома ҳамда Фахрий легион нишонини олган эди. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам китобхонлар диққатини ўзига тортиши муқаррар, лекин умуман олганда, менимча уларнинг биронтаси ҳам ўзининг қизиқарли жиҳати билан Йоксли-Олд-плейсда содир бўлган ҳодисага тенг кела олмайди. Бу билан мен нафақат ёш йигит Уиллоуби Смитнинг фожиали ўлимини, балки шунингдек, бу ўлимдан кейин рўй берган воқеаларни ҳам назарда тутяпманки, айнан шу воқеалар жиноят сабабини ниҳоятда ғаройиб тарзда ёритиб берган эди.
Ноябрь ойининг охирлари эди. Ҳаво айниб, бўрон кўтарилган бир оқшомда Холмс икковимиз Бейкер-стритдаги уйимизнинг меҳмонхонасида ўтирардик. Мен жарроҳлик илми бўйича қилинган сўнгги тадқиқотларни мук тушиб ўрганар, Холмс бўлса, шишаси жуда қалин заррабин33
Заррабин – лупа
[Закрыть] орқали палимпсест44
Палимпсест – пергаментдаги ювилиб кетган ё қириб ташланган матн устидан қайта ёзилган қўлёзма.
[Закрыть] даги дастлабки ёзув қолдиқларини ўқишга уринарди. Биз сукут сақлардик, чунки ҳар қайсимиз ўз ишимиз билан машғул эдик. Ёмғир шиддат билан дераза ойналарини савалар, шамол эса, Бейкер-стрит узра увиллаб эсарди. Қизиқ манзара, шундай эмасми? Биз азим шаҳарнинг қоқ марказида эдик, бинобарин, атрофимиздаги ўн милядан кўпроқ масофага жо бўлган, одамзод қўли билан яратилган буюмлар бизни қуршаб олган ва айни вақтда табиатнинг қаҳҳор қуббаси асир этган эди; бу қубба олдида бутун Лондон кўрсичқон уяси устига уйилган тепачадек бир нарса эди, холос. Мен дераза олдига бориб ҳувиллаб ётган кўчага қарадим. Фонусларнинг шуъласи кўча ва йўлканинг у ер-бу ерида ҳалқоб бўлиб қолган ёмғир суви сатҳида беҳисоб чироқчалар бўлиб акс этарди. Битта кэб Оксфордстритдан чиқиб ғилдираклари ҳалқобларни шалоплатиб ўтди.
– Ҳа, Уотсон, яхшиямки бундай оқшомда ҳеч қаёққа боришимиз керак эмас, – деди Холмс заррабинни четга қўйиб, кўҳна қўлёзмани найча қилиб ўраркан, – бугунга етар. Бу иш кўзни тез толиқтиради. Фаҳмимча, бу ўн бешинчи асрнинг иккинчи ярмида ёзилган аббатликка тааллуқли ҳисоб-китоб ҳужжатидан бўлак нарсага ўхшамайди. Ие, тўхтанг-чи. Бу нима бўлдийкин? – дўстимнинг бу охирги сўзларни айтишига сабаб, шамолнинг увиллаши аралаш қулоғимизга от туёқлари тарақлаши, сўнгра ғилдиракнинг йўлка қиррасига урилиб ғижирлагани эшитилган эди. Чамаси, мен боя деразадан кўрган кэб уйимиз эшиги олдида тўхтаган бўлса керак.
Ҳа, кэбдан кимдир тушди.
– Шу бемаҳалда нима керак экан бу одамга? – деб ажабландим.
– Нима керак бўларди? Биз керакмиз унга. Биз эса, бечора дўстим Уотсон, бўйнимизга шарф ўраб, эгнимизга пальто, оёғимизга калиш, қисқаси, ёғингарчилик пайтида кийиш учун одам боласи ўйлаб чиқарган барча либосларни кийишимиз лозимга ўхшайди. Тўхтанг-чи! Кэб жўнаб кетяпти. Энди уйдан чиқмасликка умид бор. Агар келган одам бизни олиб кетмоқчи бўлганида, кэбни жўнатиб юбормасди. Тушиб эшикни очишингизга тўғри келади, чунки бу пайтда ҳамма тамизли одамлар маст уйқуда.
Йўлакда чироқ шуъласи тунги меҳмонимизнинг юзини ёритди. Мен бир кўришдаёқ уни танидим. Бу истиқболи порлоқ навқирон изқувар Стэнли Хопкинс бўлиб, Холмс унинг хизмат фаолиятини қизиқиш билан кузатиб борарди.
– Уйдами? – деб сўради Хопкинс.
Юқоридан Холмснинг:
– Ҳа, ҳа, уйдаман, сэр, – деган овози эшитилди. – Ҳарқалай, шундай кечада бизни бирон ерга судраб кетмассиз деб ўйлайман.
Изқувар юқорига кўтарилди. Чироқ ёруғида унинг плаши худди балиқнинг ҳўл тангачаларидек ялтирарди. Холмс каминга қаланган палёнларни титкилаш билан овора бўлганида мен Хопкинснинг ечинишига кўмаклашдим.
– Қани, буёққа келинг, азизим Хопкинс, оёқларингизни оловга тутинг, – деди у. – Мана сизга сигара, докторимизда эса, таркибида қайноқ сув ва лимон бўлган ажойиб шифобахш дори бор. Бундай рутубатли тунда ундан яхшироқ дармондори топилмайди. Шундай жала қуйиб турган пайтда сизни уйдан чиқишга жуда муҳим бир иш мажбур этган бўлса керак, а?
– Топдингиз, мистер Холмс. Бугунги куним жуда беҳаловат ўтди-да! Сиз Йоксли воқеаси ҳақида сўнгги янгиликларни ўқигандирсиз?
– Мен бугун ўқиган сўнгги янгиликлар ўн бешинчи асрга тааллуқли.
– Ҳечқиси йўқ. Ўша хабар атиги бир бандгина эди, холос, у ҳам ғирт ёлғон гаплардан иборат, айтмоқчиманки, агар ўқимаган бўлсангиз, ҳеч нима йўқотмабсиз. Очиғини айтсам, мен вақтни бекор ўтказмадим. Йоксли Кент вилоятига жойлашган, у Чатамдан етти миля ва темир йўлдан уч миля масофада. Телеграмма қўлимга соат уч-у чоракда тегди, соат бешда Йокслида эдим. У ерда тергов ўтказиб бўлиб, охирги поезд билан Лондонга қайтиб келдим-у, Чаринг-Кросс бекатидан тўғри ҳузурингизга келавердим.
– Гапингиздан маълум бўлишича, сизга баъзи нарсалар ойдин эмас.
– Баъзи нарсалар? Йўқ, менга ҳеч нима ойдин эмас. Бунақа чалкаш ишни ҳеч қачон учратмаганман. Лекин олдинига, бу иш оппа-осон, уни ечиш ҳеч гап эмас, деб ўйлагандим. Гап шундаки, жиноятнинг сабаби йўқ, мистер Холмс. Мана шу сабабнинг йўқлиги менга ҳеч тинчлик бермаяпти! Одам ўлдирилган, буни инкор этиб бўлмайди, лекин ким унинг ўлимини хоҳлаган – шу нарса жумбоқ бўлиб қоляпти.
Холмс сигарасини ёндириб креслога суянди.
– Бир бошдан сўзлаб беринг, – деб таклиф қилди у.
– Ҳамма далилларни муфассал ўрганиб чиқдим, – деб ҳикоясини бошлади Стэнли Хопкинс, – лекин ўша далилларнинг маъносига тушунишни истардим. Бундан бир неча йил бурун, шаҳар ташқарисидаги Йоксли-Олд-плейс уйи ўзини профессор Крэм деб танитган бир одам томонидан ижарага олинган. Профессорнинг дарди анча оғир. У гоҳ тўшагидан турмай ётар, гоҳ ҳасса таяниб уй ичида судралиб юраркан, ё бўлмаса боғбон уни аравачага ўтказиб боғда сайр қилдираркан. Қўшнилар билан тотув экан, улар профессорни кўргани кириб туришаркан. Одамлар уни жуда донишманд одам дейишаяпти. Профессорнинг уйида хизмат қилувчилар: рўзғор соҳибаси кекса миссис Маркер билан оқсоч Сьюзен Тарлтонлардан иборат. Улар профессор шу уйга кўчиб келган вақтдан унинг хизматида, икковлари ҳам мутлақо беқусур. Профессор қандайдир илмий иш ёзаётганмиш. Бундан бир йилча бурун у ўзига котиб зарурлигини айтган. Ишлагани келган котибларнинг дастлабки иккитаси унга маъқул бўлмаган, лекин учинчиси – эндигина дорилфунунни битирган ёш йигит мистер Уиллоуби Смит айнан профессор орзу қилган котиб бўлиб чиқади. У эрталаблари профессор айтиб турган илмий ишни ёзган, кечқурунлари эса, эртанги иш учун материаллар танлаган. Бу Смит бирон марта бўлсин, на Аппингемда ўқиган пайтида, на Кембриж дорилфунунида, мутлақо ёмон йўлга кирмаган. Мен унга берилган тавсифномаларни кўздан кечириб чиқдим. Тавсифномалардан маълум бўлишича, у доим хушмуомала, ювош, илмга тиришқоқ йигит бўлган, унда ҳеч қандай иллат бўлмаган. Мана шу йигит бугун тонгда профессорнинг кабинетида ўлган, аммо вазият, ҳеч шак-шубҳасиз, унинг ўлдирилганидан далолат беряпти.
Хопкинс жим қолди. Шамол увиллар, дераза ойналари унинг шиддаткор ҳамласидан аянчли зирилларди. Холмс ҳам, мен ҳам оловга яқинроқ сурилиб ўтириб, ёш изқуварнинг қизиқарли ҳикоясини тинглай бошладик. У шошмасдан, тадрижий изчиллик билан ҳикоя қиларди.
– Бутун Англияни кезиб чиқсангиз ҳам, – деб гапида давом этди Хопкинс, – ташқи муҳит таъсирида мутлақо иҳота қилинган бундай аҳил жамоани топа олмайсиз. Уларнинг биронтаси ҳам ҳафталаб дарвозадан ташқарига чиқмас экан. Профессор бутун вужуди билан ўз ишига шўнғиб кетган, бинобарин, уни бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди. Ёш йигит Смит қўшниларнинг биронтаси билан таниш бўлмаган, демак, унинг турмуш тарзи профессорникидан фарқ қилмаган. Аёлларни ҳам уйдан ташқарида ҳеч нима қизиқтирмайди. Профессорни аравага ўтказиб боғда сайр қилдирувчи Мортимер эса, Қрим уруши қатнашчиси, пенсияга чиққан кекса солдат, хулқи мутлақо беқусур. У уйнинг ўзида эмас, балки боғнинг этагидаги уч хонали коттежда туради. Қўрғонда шу одамлардан бошқа ҳеч ким йўқ. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, боғ дарвозасидан юз ярдча наридан Лондонни Чатам билан улайдиган тош йўл ўтган. Дарвоза ҳамиша илгакланган, турган гапки, бегона одамнинг боққа кириши қийин эмас.
Энди, ижозатингиз билан, Сьюзен Тарлтон берган маълумотни сизга баён қилай, чунки бу ҳодиса ҳақида озми-кўпми гапира олиши мумкин бўлган ягона шахс шу. Соат ўн бирдан ошганда у юқорида, деразалари уйнинг орқа томонига очиладиган хобхонада пардаларни осаётган экан. Профессор ҳали тўшакда экан (ҳаво айниган пайтларда у камдан-кам соат ўн иккидан олдин тураркан). Рўзғор соҳибаси ошхонада ўз иши билан банд бўлган. Смит юқоридаги ўз хонасида ишлаётган экан; оқсоч унинг йўлакдан юриб ўтиб, пастга, кабинетга тушганини эшитган (кабинет оқсоч деразаларига парда илаётган хобхонанинг тагида). Сьюзен йўлакдан юриб ўтган одамнинг мистер Смит эканлигига аниқ ишоняпти, чунки йигитнинг шаҳдам-шаҳдам ва жадал юриш одати унга жуда яхши таниш экан. Оқсоч кабинет эшигининг ёпилганини эшитмабди-ю, лекин орадан тахминан бир дақиқача вақт ўтгач, пастдаги кабинетдан мудҳиш бир чинқириқ эшитилипти. Бу хириллаган, жазавали фарёд ниҳоятда ғайритабиий бўлиб эшитилган, чунки чинқираётган одамнинг аёллигини ҳам, эркаклигини ҳам аниқлаб бўлмаган. Шу пайт оғир бир нарса гурсиллаб қулаб, бутун уй ларзага келипти, кейин ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолипти. Оқсоч даҳшатдан бир неча фурсат шамдек қотиб қолган, лекин кейин ўзини қўлга олиб югурганича зинадан пастга тушган-у, кабинет эшигини ланг очган. У ёш йигит Смитнинг ерда узала тушиб ётганини кўрган. Аввалига оқсоч ҳеч қандай ғайритабиий ҳолни пайқамаган. У Смитни кўтармоқчи бўлган, шундагина йигитнинг бўйнидан пастроқдаги жароҳатдан қон оқаётганини кўриб қолган. Жароҳат кичкина, аммо чуқур бўлиб, чамаси уйқу томири лат еган бўлса керак. Шу ерда у, Смитнинг ёнида жиноят қуроли: сопи фил суягидан ясалган, дами қайрилмайдиган пичоқ ётганини кўрипти; бундай пичоқларни кўпинча кўҳна ёзув столлари устида кўриш мумкин – уларнинг тиғи билан одатда конвертларнинг мум муҳрлари кўчирилади. Бу пичоқ ҳамиша профессорнинг столида ётаркан.
Оқсоч қиз Смитни ўлган деб ўйлапти, лекин шунга қарамай, графиндаги сувдан унинг юзига пуркаган экан, у бир зумгагина кўзини очибди-ю, «Профессор, бу ўша аёл» – деб ғўлдирабди. Оқсоч, бу сўзларни аниқ эшитдим, деб қасам ичди. Бахтиқаро йигит астойдил уриниб, яна бирон гап айтмоқчи бўлипти, ҳатто ўнг қўлини юқорига кўтарибди ҳам. Лекин қўли шу заҳоти яна «шилқ» этиб тушиб, Смит бошқа қимирламабди.
Кейин хонага рўзғор соҳибаси югуриб кирибди. Лекин у Смитнинг охирги сўзларини эшитмаган. У Сьюзенни жасад олдида қолдириб, ўзи профессор қошига чопган. Профессор тўшагида қаттиқ ҳаяжонланиб ўтирган экан. Фарёдни у ҳам эшитган ва уйда бирон бахтсизлик юз берди, деб ўйлаган. Миссис Маркер, профессор тунги пижамада эди, деб айтди, бу гапини тасдиқлаш учун у қасам ичишга ҳам тайёр, қолаверса, бу қария Мортимернинг ёрдамисиз ўзи кийина олмас ҳам экан, боғбонга эса, у соат ўн иккида келишни тайинлаган экан. Профессор менга, уйнинг ичкарисидан, қаердандир чинқириқ эшитганини, шундан бошқа ҳеч нима билмаслигини айтди. У котибининг: «Профессор, бу ўша аёл! – деб айтган сўзларини қандай изоҳлашни ҳам билмайди. Эҳтимол, бу жон талвасасидаги алаҳлаш бўлса керак. Профессорнинг фикрича, Смитнинг биронта ҳам душмани бўлмаган, шу боис котибининг ўлдирилиш сабабини била олмай боши қотиб ўтирипти. Биринчи навбатда, профессор боғбон Мортимерни полицияни чақириб келишга юборипти. Кейин констебль менга хабар қилди. То мен етиб боргунимча, уйда ҳеч бир нарсага тегишмаган, ундан ташқари, уйдан кўчага бориладиган йўлкадан ҳеч ким юрмасин, деб қаттиқ тайинлашган. Ҳа, мистер Шерлок Холмс, бу сизнинг назарияларингизни амалда қўллаб кўриш учун жуда ажойиб ҳодиса. Бунинг учун ҳамма нарса тайёр.
– Фақат Шерлок Холмсдан бошқа, – деди дўстим хиёлгина ачитиб. – Яхши, келинг, энди сизнинг у ерда нима ишлар қилганингизни эшитайлик.
– Даставвал, мистер Холмс, хоналарнинг жойлашиш ўрнини бир кўздан кечирсангиз. Шунда сиз профессорнинг кабинети ва ўзга хоналарнинг қаерда эканлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўласиз, баёнимни тушунишингиз ҳам осон бўлади.
У чизиб келган лойиҳасини олиб, Холмснинг тиззасига ёйди. Мен ҳам дўстимнинг орқасида туриб, лойиҳани кўздан кечира бошладим.
– Бу хомаки лойиҳа, албатта, мен фақат ишга дахлдор жойларнигина тасвирлаганман. Қолганларини кейинроқ, ўзингиз борганингизда кўрасиз. Қотилни уйга ташқаридан кирган деб фараз қилайлик. Хўш, у қандай кириши мумкин? Турган гапки, у боғ орқали хиёбондан юриб келиб, уйга орқа эшикдан кирган, у ердан кабинетга ўтиш оппа-осон. Бошқа ҳамма йўллар ниҳоятда мураккаб. Жиноятчи яна ўша келган йўли орқали ғойиб бўлган бўлиши мумкин, чунки қолган яна иккита йўлдан чекинишга имкон бўлмаган. Биринчи йўлда у чинқириқни эшитиб, зинадан тушиб келаётган Сьюзенга дуч келган бўларди. Иккинчи йўл эса, профессорнинг хобхонасига олиб борарди. Табиийки, шунда мен бутун диққат-эътиборимни боғдаги хиёбонга қаратдим. Бундан сал олдин ёмғир ёғиб, ер ивиган эди, демак излар аниқ сақланган бўлиши керак.
Мен сўқмоқ йўлни синчиклаб кузатиб чиқиб, жиноятчининг жуда эҳтиёткор ва тажрибали одам эканини тушундим. Хиёбонда ҳеч қандай из топилмади! Лекин кимдир ерда из қолдирмаслик мақсадида майсадан юрибди. Бу ерда ҳам яққол кўзга ташланадиган аниқ из йўқ, аммо ўтлар топталган эди – демак, кимдир юриб ўтган. Бу фақат қотилнинг изи бўлиши мумкин: боғбон ҳам, бошқа ҳамма уй хизматчилари ҳам эрталаб бу ердан юрмаган, ёмғир эса кечаси ёққанди.
– Сабр қилинг, – деб унинг сўзини бўлди Холмс. – Бу хиёбон қаёққа олиб боради?
– Тош кўчага.
– Тош кўчага чиқиб олиш учун бу йўлдан қанча юриш мумкин?
– Тахминан юз ярд.
– Ҳеч бўлмаса дарвоза олдидаги йўлкада из қолган бўлиши керак деб фараз қилайлик. Ўша изни албатта пайқаган бўлармидингиз?
– Афсуски, дарвоза яқинидаги йўлкада ғишт ётқизилган.
– Хўш, катта йўлда-чи?
– Катта йўлда ҳам ҳеч қандай из учратмадим. Йўлда ёмғир суви ҳалқоб бўлиб ётипти.
– Ана холос! Айтинг-чи, майса устидаги оёқ изи уй томонга юрганми ё аксинчами?
– Буни айта олмайман. Излар аниқ эмас.
– Излар катта оёқникимиди ё кичкина оёқникимиди?
– Буни ҳам аниқ айта олмайман.
Холмс «аттанг» дегандек тилини тақиллатиб қўйди. Чеҳрасидан ранжигани сезилиб турарди.
– Ёмғир ҳамон шаррос қуйяпти, шамол ҳам тингани йўқ, – деди у. – Бу изларни изоҳлаш кўҳна қўлёзмаларни кашфи рамз қилишдан ҳам мушкулроқ бўлиши мумкин! Ҳай, иложимиз қанча! Шундай қилиб, Хопкинс, сиз бу ишда фақат бир нарсани: ҳеч нима топа олмаганингизни аниқлагансиз. Хўш, шундан кейин қандай тадбир кўрдингиз?
– Мен ҳеч нима топа олмадим деб ҳисоблайман ўзимни, мистер Холмс. Биринчидан, кимнингдир ташқаридан уйга кирганини аниқладим. Сўнг йўлакдаги полни кўздан кечирдим. Бу ерда полга норжил баргидан тўқилган бордон тўшалган бўлиб, унда ҳеч қандай из йўқ эди. Кейин кабинетга йўл олдим. Кабинетда, агар маҳобатли ёзув столи билан секретер55
Секретер – тикка туриб ишлашга мўлжалланган усти қия ёзув столи.
[Закрыть] ни ҳисобга олинмаса, ҳеч қандай мебель йўқ эди. Секретернинг ён ғаладонлари қулфланмаган, ўрта ғаладони қулфлоғлиқ. Чамаси, ён ғаладонлар ҳеч қачон қулфланмаган бўлса керак, чунки уларга ҳеч қачон ҳеч қандай қимматбаҳо нарса қўйилмаган. Ўрта ғаладонда жуда муҳим ҳужжатлар сақланар экан, лекин улар жойида қолган. Демак, жиноятдан мақсад ўғирлик бўлмаган. Кейин Смитнинг жасадини кўздан кечирдим. У ёзув столидан сал чапроқда ётарди – чизган тарҳимга қаранг. Жароҳати бўйнининг ўнг томонида, орқадан зарба берилган. Кўриниб турибдики, у ўзига-ўзи пичоқ ура олмаган.
– Агар у пичоқ устига йиқилиб тушган бўлмаса, – деди Холмс.
– Жуда тўғри айтдингиз. Бу фикр менинг ҳам миямга келган эди. Лекин пичоқ жасаддан бир неча фут нарида ётарди. Демак, йигитча пичоқ устига йиқилиб тушган бўлиши мумкин эмас. Ундан кейин, марҳумнинг охирги сўзларига эътибор беринг. Ва ниҳоят Смит ўнг қўли билан ғоятда муҳим далилий ашёни чангаллаган эди.
Хопкинс чўнтагидан қоғоз пакет чиқариб, ундан тилла бандли пенсне66
Пенсне – гардиши ва қулоққа иладиган чўпи бўлмаган, фақат икки шиша ўртасидаги тутқич билан бурун устига қўндириладиган кўзойнак.
[Закрыть] олди. Пенснега пишитилган қора ипак боғланган бўлиб, иккала ипнинг ҳам учи узилган эди.
– Смитнинг кўзи жуда яхши кўрган, – деди Хопкинс. – Демак, пенснени у қотилнинг юзидан юлиб олган.
Шерлок Холмс пенснени қўлига олиб, уни зўр эътибор ва қизиқиш билан кўздан кечира бошлади. Кейин уни бурнига қўндириб, китоб ўқишга уриниб кўрди, дераза олдига бориб, яқин атрофдаги уйларга қаради, сўнг пенснени ечиб, уни чироққа яқин тутганча яна синчиклаб текшира бошлади, ахири мамнун жилмайиб қўйди-да, стол ортига ўтириб бир парча қоғозга беш-олти сатр хат ёзди ва уни Хопкинсга узатди.
– Ушланг, сиз учун қўлимдан келган энг яхши хизматим мана шу, – деди у. – Фойдаси тегса керак, деб ўйлайман.
Ҳайрон қолган изқувар хатни овоз чиқариб ўқиди: «Ҳашаматли уйда ёки квартирада истиқомат қилувчи башанг кийинган хоним қидирилади. Унинг бурни йўғон ва гўштдор, кўзлари бирбирига яқин жойлашган. У ҳамиша пешонасини тириштириб, узоқни яхши кўролмаганидан кўзини сузиб қарайди, эҳтимол, елкаси букчайган бўлиши ҳам мумкин. Мавжуд далилларга қараганда, у сўнгги бир неча ой мобайнида оптикага камида икки марта мурожаат қилган. Хонимнинг пенснесидаги шишалар ниҳоятда қалин бўлгани, оптика мутахассислари эса, унча кўп эмаслиги сабабли, у аёлни қидириб топиш унча қийинлик туғдирмайди».
Холмс таажжубда қолганимизни кўриб жилмайди.
– Бунинг ҳеч қийин томони йўқ, – деди у. – Ҳеч бир буюм кўзойнак ё пенснечалик бой маълумот бера олмайди, мана бундай ноёб кўзли пенснеку, инчунун. Пенсненинг эгаси аёл эканини қаердан билдим? Бунинг қанчалик нафис ишланганига эътибор беринг. Ундан ташқари, марҳумнинг сўнгги сўзларини эсладим. Энди хонимнинг серҳашам, серпардозлигига келсак, буни аниқлаш ҳам қийин бўлмади: пенсненинг тутқичи қимматбаҳо, соф олтиндан ишланган, шунга кўра, бундай пенсне таққан хонимнинг бошқа жиҳатлар бўйича ҳам басавлат, серҳашамликка интилишига имоним комил. Сиз пенснени тақиб кўринг, у бурнингизда қўниб турмайди. Демак, ўша хонимнинг бурни йўғон бўлиши керак. Бундай бурун, бир қатор истиснолари бўлишига қарамай, одатда калта ва гўштдор бўлади. Шунинг учун ҳам ўз баёнимда бу тафсилотларга тўхталиб ўтиришни шарт деб ҳисобламайман. Менинг юзим чўзиқ, шунга қарамай, пенсне таққанимда, кўзларим оралиғидаги масофанинг пенсне шишалари оралиғидаги масофага нисбатан кенгроқ эканлигини аниқладим. Бошқача қилиб айтганда, у аёлнинг кўзлари бирбирига яқин жойлашган. Эътибор беринг-а, Уотсон, пенсне шишалари ботиқ ва ниҳоятда қалин. Аёл кўзининг бу даража хиралиги унинг ташқи қиёфасига таъсир этмай қўймайди. Мен пешонадаги ажинлар, кўзни сузиб қараш, елканинг букиклигини назарда тутяпман.
– Тушунарли, – дедим. – Лекин хонимнинг оптикага икки марта борганини қандай билдингиз?
Холмс пенснени қўлига олди.
– Эътибор беринг: пенсненинг қисқичи баданга қаттиқ ботмаслиги учун унинг ички томонига пробкадан ёстиқча қўйилган. Ёстиқчалардан бирининг сал охори тўкилиб едирилган, иккинчиси яп-янги. Чамаси, янги ёстиқча яқинда ўрнатилган. Лекин эскисининг қўйилганига ҳам бор-йўғи бир неча ой булган. Натижада, иккала ёстиқчанинг бир хил шаклда эканлигини кўриб, хоним ўз пенснесини тузатиш учун битта оптикага икки марта мурожаат қилган, деган хулосага келдим.
– Қойил! – деб қичқирди Хопкинс. – Ё тавба, шу далилларнинг ҳаммаси ўз қўлимда эди-ю, мен бўлсам ҳеч ниманинг фаҳмига етмабман-а! Тўғри, менда Лондондаги оптикаларни айланиб чиқиш нияти йўқ эмасди.
– Албатта айланиб чиқинг. Ҳозир эса, бу иш юзасидан яна нималарни билганингизни сўзлаб беринг.
– Бошқа ҳеч нима маълум эмас, мистер Холмс. Энди, назаримда, сиз бу иш ҳақида мендан кўпроқ билсангиз-биласиз, аммо кам билмайсиз. Биз, темир йўл бекатида ёки унга яқин йўлларидан бирида нотаниш одам учрамадими, деб суриштириб чиқдик. Маълум бўлишича, ҳеч кимни кўришмаган. Мени ҳаммадан ҳам кўпроқ гангитиб қўйган нарса – жиноят содир бўлишига ҳеч қандай сабабнинг йўқлиги. Ҳатто, биронта туртки ҳам йўғ-а!
– Бу борада сизга ёрдам бера олмайман. Лекин фаҳмимча, сиз эртага жиноят содир бўлган ерга бизни бошлаб бормоқчига ўхшайсиз.
– Агар сизга малол келмаса, мистер Холмс. Эртага эрталаб соат олтида Чаринг-Кросс вокзалидан Чатамга поезд жўнайди, шунда биз соат саккиздан ошганида Йокслига етиб оламиз.
– Яхши, биз шу поездда жўнаймиз. Ишингизда баъзи бир қизиқарли тафсилотлар бор, шунинг учун бу ишни жиддийроқ ўрганиш ниятидаман. Лекин ҳозир вақт ярим кечадан оғиб кетди, биз сафар олдидан бир неча соатгина мизғиб олишимиз керак. Сизга камин олдидаги мана бу диванга жой солиб берамиз. Эрталаб спирт чироқда қаҳва дамлайман, кейин йўлга чиқамиз.
Эрталаб шамол тинди. Темза дарёси ёқасидаги кўримсиз ботқоқликлар узра нурсиз қуёш бош кўтариб чиқа бошлади. Узоқ ва толиқтирувчи саёҳатдан сўнг биз Чатамдан бир неча миля берироқдаги мўъжазгина бекатда поезддан тушдик. То файтонга от қўшишгунча шу ердаги меҳмонхонада наридан-бери нонушта қилиб олдик, шу боис Йокслига етиб борганимиз ҳамоно ишга киришдик. Полициячи бизни боғ дарвозаси олдида кутиб турарди.
– Хўш, Уилсон, янгилик борми?
– Ҳеч ниманинг дараги йўқ, сэр.
– Биронта янги келган одамни учратмадингизми?
– Йўқ, сэр. Полициянинг таъкидлашича, кеча бу ерга ҳеч ким келмаган ҳам, бу ердан ҳеч қандай кимса чиқиб кетмаган ҳам.
– Ҳамма меҳмонхона-ю, мусофирхоналарни айланиб чиқдингизми?
– Ҳа, сэр. Биронта ҳам шубҳали шахсни учратмадик.
– Қолаверса, бу ердан Чатамгача пиёда жўнаш мумкин. Демак, келган одам ўша ерга яшириниши ёки сездирмай поездга чиқиб олган бўлиши ҳам мумкин. Мистер Холмс, мана ўша сизга айтган хиёбон. Кафолат бериб айтаманки, кеча бу ерда ҳеч қандай из бўлмаган эди.
– Майса устидаги излар хиёбоннинг қайси томонида эди?
– Мана бу томонида, сэр. Хиёбон билан гул пуштаси оралиғидаги торгина узун ўтлоқни кўряпсизми? Кеча шу ўт устида излар аниқ кўринган эди, ҳозир кўрмаяпман.
– Ҳа, ҳа, дарҳақиқат, бу ердан кимдир юриб ўтган, – деб тасдиқлади Холмс, энгашиб майсани кўздан кечирар экан. – Хонимимиз ниҳоятда эҳтиётлик билан юрипти, шундай эмасми? Агар у қоқилиб кетиб, ё бу, ё у томонга қадам босганида борми, хиёбонда ҳам, пуштада ҳам изи қолган бўларди, пуштада-ку жуда ҳам аниқ кўринган бўларди.
– Ҳа, сэр, хоним ўз ишига пишиқ кўринади!
Шу пайт Холмснинг чеҳраси бир зумгагина жиддийлашди.
– Сиз аёлни қайтишда ҳам шу йўлдан ўтган деяпсизми?
– Ҳа, сэр, бошқа юрадиган йўл йўқ.
– Яъни мана шу торгина майса йўлдан бошқа-я?
– Албатта, мистер Холмс.
– Ҳм! Офарин! Оламшумул жасорат! Хўп, яхши, хиёбондаги ишимиз тугади. Энди бошқа жойларни кўрайлик. Бу эшик одатда очиқ бўладими? Демак, аёлнинг боққа осонгина киришига ҳеч нима халақит бермаган. Турган гапки, унда қотиллик қилиш нияти бўлмаган. Акс ҳолда, ўзи билан биронта қурол олиб келган ва ёзув столида ётган пичоқдан фойдаланмаган бўларди. У бордон сатҳида из қолдирмасдан мана шу йўлакдан юриб ўтган. Кейин кабинетга кирган. У кабинетда қанча вақт бўлган? Буни биз аниқ айта олмаймиз.
– Аёл кабинетда фақат бир неча дақиқагина бўлган сэр. Сизга айтишни унутибман: рўзғор соҳибаси миссис Маркер фожиа юз беришидан тахминан чорак соат олдин кабинетни йиғиштириб чиқиб кетган экан, у шундай деб тасдиқлаяпти.
– Демак, узоғи билан чорак соат. Шундай қилиб, хонимимиз хонага киради. Стол олдига боради. Унга нима керак ўзи? Чамаси, ён ғаладонларда унинг учун керакли нарса йўқ. Акс ҳолда, ғаладонлар қулфлоғлиқ бўларди. Қисқаси, аёлни ўрта ғаладон қизиқтиради. Ие! Бу ер қирилганми? Уотсон, гугурт чақинг. Нега бу тўғрида ҳеч нима демаган эдингиз, Хопкинс?
Биз кўрган чизиқ қулф тешиги атрофидаги биринж безакнинг ўнг томонидан бошланиб, кейин локланган ёғоч бўйлаб тахминан тўрт энлик жойга чўзилиб борган эди.
– Мен бу чизиқни кўрган эдим, мистер Холмс. Лекин ҳар қандай қулф тешиги атрофида ҳам бунақа қирилган ерлар бўлади-ку.
– Бу жой яқинда қирилган, у жуда янги чизиқ. Биринждаги чизиқнинг ярақлашини кўринг. Агар у эски бўлса, аллақачон хира тортиб, биринжнинг қолган сатҳидан фарқ қилмай қоларди. Қирилган ерга сиз заррабин орқали қаранг. Чизиқнинг икки лаби худди янги ҳайдалган ердаги эгатга ўхшайди. Миссис Маркер қаерда?
Хонага чеҳраси маъюс ва ҳорғин кекса аёл кирди.
– Кеча эрталаб бу ернинг чангини артганмидингиз?
– Ҳа, сэр.
– Мана бу қирилган жойни кўрувдингизми?
– Йўқ, сэр, кўрмовдим.
– Албатта кўрмагансиз. Сиз секретернинг чангини артаётганингизда у ҳали қирилмаган эди, акс ҳолда локнинг мана бу кўз илғамас ушоқларини латта билан сидириб юборган бўлардингиз. Секретернинг калити кимда?
– Профессор уни соатининг занжирига илиб олган.
– Калит оддийми?
– Йўқ, сэр, жимжимадор.
– Жуда яхши. Кетишингиз мумкин, миссис Маркер. Дуруст, иш анча ойдинлаша бошлади. Бизнинг хоним хонага кириб, тўғри ўрта ғаладон олдига боради, кейин уни очади ёки, йўқ деганда, очмоқчи бўлади. Бу пайт хонада ёш йигит Смит пайдо бўлади. Буни кўрган хоним калитни қулф тешигидан шошқалоқлик билан тортиб олаётганида қулф атрофини қириб юборади. Йигит уни ушламоқчи бўлади, лекин аёл қўлига биринчи бўлиб илинган қуролни (яъни стол устида ётган пичоқни) олади-ю Смитга санчади, йигит чалқанчасига йиқилади, шунда аёл, ўзи излаб келган нарсасини, эҳтимол, бир қўлида чангаллаганча, қочиб кетади. Оқсоч қиз Сьюзен шу ердами? Айтинг-чи, Сьюзен, сиз чинқирган овозни эшитганингиздан кейин бирон киши манави эшикдан чиқиб кетишга улгурармиди?
– Йўқ, сэр, ҳеч ким чиқиб кета олмасди. Негаки, мен зинадан югуриб тушиб келаётганимда йўлакда ўша одамни албатта учратган бўлардим. Ундан кейин, бу эшик очилганиям йўқ, очилса албатта эшитиларди.
– Бундан чиқди, хоним ўзи келган йўлдан қайтиб чиқиб кета олмаган. Бу йўлак профессорнинг хобхонасига олиб борадими? Бу ёқдан ташқарига чиқадиган йўл йўқми?
– Йўқ, сэр.
– Энди юринглар, бориб профессор билан танишайлик. Буни қаранг, Хопкинс! Профессорнинг кабинетига олиб борадиган йўлакка ҳам боягиндек норжил бордони тўшалипти. Бу жуда муҳим, жуда, жуда муҳим!
– Муҳим денг!
– Иккала йўлак ўртасида қандай боғланиш борлигини кўрмаяпсизми?.. Эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Лекин бундай қараганда… Ҳа, яхши, юринг, мени профессор билан таништиринг.
Биз йўлакдан ўтдик. Бу ҳам тахминан, бояги, орқа эшиги боққа очиладиган йўлак билан бир хил узунликда эди. Йўлак охирида бир неча пиллапоя бўлиб, шуни босиб чиққач, эшикка етиларди. Ҳамроҳимиз шу эшикни тақиллатди, сўнг биз профессорнинг хобхонасига кирдик.
Хона катта бўлиб, унинг ҳамма девори сидирғасига китоб рафлари билан тўсилган эди, бир қисм китоблар хонанинг бурчакларида ва рафлар тагида ерда тўп-тўп бўлиб ётарди. Каравот ўртада бўлиб, уй соҳиби ёстиқларга ёнбошлаб ўтирарди. Мен унинг чеҳрасига боқиб ҳайратландим: чувак юз, қирғий бурун, худди соябондек пастга қайрилган бароқ қошлари остидан косасига чуқур ўрнашган тимқора кўзлари қаттиқ тикилиб боқарди. Унинг сочи ва соқоли, агар оғзи атрофидаги ажабтовур сарғишликни истисно қилинса, қордек оппоқ эди. Унинг бутун юзини қоплаган қуюқ оппоқ тук орасидан тутаётган папироснинг учи чиқиб турарди, хона қуюқ тамаки тутунига тўлганидан нафас олиш қийин эди. Профессор кўришиш учун Холмсга қўл чўзган эди, мен унинг бармоқлари ҳам никотиндан сарғайиб кетганини кўрдим.
– Чекасизми, мистер Холмс? – деб сўради профессор. У ҳар бир сўзни синчковлик билан танлаб-танлаб гапирар, нутқида аллақандай ғалати талаффуз мавжуд эди. – Марҳамат қилинг. Сизчи, сэр? Сизга манави сигареталарни тавсия қиламан. Буларни шахсан мен учун Искандарияда тайёрлашади. Бир йўла минг донадан юбориб туришади, лекин таассуфки, ҳар икки ҳафтада яна янгитдан буюртма беришимга тўғри келади. Аҳволим ёмон, сэр, жуда ёмон. Қари чолда қандай кўнгилхуши бўларди. Тамаки-ю иш. Шундан бошқа эрмагим қолмаган ҳаётда.
Холмс сигарета тутатди. Айни пайтда у хонани пинҳона кузата бошлади.
– Ҳа, бутун эрмагим тамаки билан иш. Энди бўлса, куним фақат тамакига қолди, – деди профессор маъюс оҳангда. – Бу мудҳиш фалокат ишимнинг белига тепди! Бундай машъум ёвузлик кимнинг хаёлига келибди дейсиз? Қандай қобил йигит эди-я. Атиги бир неча ойлик сабоқдан кейин энг лаёқатли ёрдамчимга айланувди. Бу фожиа ҳақида сиз қандай фикрдасиз, мистер Холмс?
– Ҳозирча бирон нарса дейишим қийин.
– Бу мавҳум ишнинг чигилини ечсангиз яхши бўларди. Мендек китоб жинниси ва бемор чол учун бу жуда оғир кулфат бўлди. Назаримда, фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлгандекман. Лекин сиз ишчан, серғайрат одамсиз. Сиз учун бу одатдаги иш. Ҳар қандай фалокат содир бўлганда ҳам асло руҳингиз тушмайди. Бахтимиз бор экан, бу ишни айнан сиз олиб боришга рози бўлибсиз.
Профессор гапираётганида Холмс хонада у ёқдан-бу ёққа юриб турди. Назар ташласам, у сигарета кетидан сигарета чекарди. Чамаси, уй соҳибининг Искандариядан юборилган сигареталарга кашандалиги дўстимга ҳам юққан кўринарди.
– Ҳа, сэр, бу ниҳоятда оғир кулфат, – деди профессор. – Анави ерда, столча устида бир даста қоғоз уюлиб ётибди, у менинг «тадпит opus»им. Яъни Сурия ва Мисрда истиқомат қилувчи коптларнинг77
Коптлар – Миср ва Сурияда яшовчи христиан динидаги араблар. Улар араб тилида сўзлашадилар.
[Закрыть] монастирларидан топилган ҳужжатлар таҳлили. Бу янги кашф этилган дин негизи ҳақидаги жиддий тадқиқот. Мен кутилмаганда ёрдамчидан жудо бўлдим; ҳозир соғлигим шу қадар ёмонки, қилаётган ишимни ёрдамчимсиз тугатишимга ҳам кўзим етмаяпти. Вой-бў, мистер Холмс! Қарасам сиз менданам ўтиб кетган кашанда экансиз-ку!
Холмс жилмайиб қўйди.
– Ҳа, тамакининг пириман, – деди у қутичадан тўртинчи сигаретани олиб, уни қўлидаги сигарета қолдиғидан тутатар экан. – Ҳар хил саволлар билан сизнинг миянгизни ачитиб ўтирмоқчи эмасман, профессор Корэм, зеро, жиноят содир бўлган чоғда сиз тўшагингизда ётган бўлгансиз, бинобарин, нима бўлганидан бехабарсиз. Сизга фақат битта савол бермоқчиман: бахтиқаро йигит «Профессор, бу ўша аёл», деганида нимани назарда тутди экан? Шу ҳақда сиз нима дейсиз?
Профессор бош чайқади.
– Мьюзен – қишлоқи қиз, – деди у. – Ўзингиздан қолар гап йўқ, авом халқ ўлгудек овсар бўлади. Менимча, шўрлик йигит жон талвасасида бир нима деб алаҳлаган бўлиши мумкин, қиз бўлса алланималарни валдираб юрипти.
– Тушунарли. Ўзингиз бу фожиани хиёл бўлса ҳам изоҳлаб беролмайсизми?
– Эҳтимол, бу бахтсиз ҳодисадир. Ё бўлмаса, бу гап ўртамизда қолсин-у, йигит ўз жонига қасд қилгандир. Ёшларимиз ҳамиша қандайдир махфий ҳасратга, чунончи, толесиз муҳаббат дардига чалинган бўлишадики, биз кексалар бундан, одатда, ғофил бўламиз. Оқибат, мана, у ўзиниўзи ўлдирган. Менимча, қотилликдан кўра шу тахмин ҳақиқатга кўпроқ тўғри келади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.