Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 29 страниц)
V БОБ
Узилган уч ип
Шерлок Холмснинг ажойиб бир қобилияти бор эди: у ишлар тўғрисида ўйлашни – лозим бўлиб қолганида – дарров бир чеккага йиғиштириб қўя оларди. У замондош Бельгия рассомлари чизган суратларни бутун вужуди билан берилиб томоша қилди ва вазият тақозоси билан биз ҳам аралашиб қолган ғалати воқеани икки соат ичида бир марта ҳам эсга олмади, деса бўлади. Санъат музейидан то «Норсамберленд» отелига етгунимизча бутун йўл бўйи фақат сураткашлик тўғрисида гапириб борди, ваҳоланки, бу соҳада унинг тушунчалари жуда ҳам сийрак эди.
– Сэр Генри Баскервиль сизларни юқорида кутиб турибди, – деди бизга вестибюль навбатчиси. – У мендан меҳмонлар келиши билан дарҳол олдимга олиб чиқинг, деб илтимос қилди.
– Меҳмонхонангизда турган кишиларнинг рўйхатини кўришимга ижозат берасизми? – деб сўради Холмс.
– Марҳамат, сэр.
Дафтарда «Баскервиль» фамилиясидан кейин яна икки фамилия ёзилган эди: «Теофилиус Жонсон оиласи билан, Нью-Каслдан» ва «Миссис Олдмор хизматчиси билан, Элтондан».
– Бу Жонсон бир вақтлар менга таниш бўлган Жонсоннинг ўзи эмасмикин? – деди Холмс навбатчига. – У сочи оқарган ва бир оз оқсоқланиб юрадиган адвокатми?
– Йўқ, сэр. Мистер Жонсон – кўмир конларининг хўжайини, ҳали унчалик қари эмас, ёши сизларникига тенг жентльмен.
– У адвокат эмаслигини аниқ биласизми?
– Аниқ биламан, сэр. Мистер Жонсон бизга тез-тез меҳмон бўлиб туради, бу ерга у биринчи йил келаётгани йўқ.
– Шундайми? Майли, баҳслашиб ўтирмайман, миссис Олдмор… Бу фамилия қаердадир қулоғимга чалинганди. Билишга қизиқаётганим учун кечирасиз, лекин баъзан шундай бўладики, бир танишингни қидириб юриб иккинчисини топиб оласан.
– Миссис Олдмор соғлиғининг мазаси йўқроқ хотин. Унинг эри бир вақтлар Глостер шаҳрининг мэри бўлган эди. Бу хотин ҳар сафар шаҳарга келганида фақат бизнинг меҳмонхонага тушади.
– Сизга ташаккур. Мен, эҳтимол, уни бошқа бир хоним билан адаштирган бўлсам керак… Бу саволлар жуда муҳим бир фактни аниқлаб олишимизга ёрдам берди, Уотсон, – Холмс бу гапларни менга зинадан чиқиб бораётганимизда шивирлаб давом эттирди. – Бизнинг дўстимизга қизиқаётган одамлар шу ерга тушгани энди бизга равшан. Демак, улар дўстимизнинг ҳар бир қадамини синчиклаб кузатиб юрганларига қаноат ҳосил қилдик, аммо улар дўстимизнинг кўзига кўринмасликка ҳам мана шундай астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса бизга кўп нарсани билдиради.
– Масалан, нимани?
– Лоақал шуники… Хэлло! Дўстим, нима ҳодиса рўй берди?
Биз тепага чиқишимиз билан сэр Генри Баскервилга дуч келдик. У ғазабланганидан жуда қизариб, чанг босган эски оёқ кийимини ушлаб олиб, зина тепасига югуриб чиқди. Унинг жаҳли чиққанидан ҳатто тили ҳам оғзига тиқилиб қолган эди. Ниҳоят, у ўзини ўнглаб олиб гап бошлашданоқ американча талаффуз билан сўзлай бошлади, эрталаб унинг бу тахлитда гапиришини пайқамаган эдик.
– Бу отелда мени ким деб ўйлашаётган экан, аҳмоқ деб ўйлашяптими? – деб қичқирди сэр Генри. – Мен билан бунақа ҳазиллашишга йўл қўймайман! Агар у эси паст менинг оёқ кийимимни топиб бермаса, шармандасини чиқараман! Мен ҳам ҳазиллашишни биламан, мистер Холмс, лекин бу сафар бу ерда ҳазиллашаман деб хол қўйишяпти.
– Йўқотган оёқ кийимингизни ҳали ҳам қидириб юрибсизми?
– Ҳа, қидириб юрибман, топмагунимча кўнглим тинчимайди.
– Лекин сиз оч жигарранг тусдаги янги оёқ кийимим йўқолган, деган эдингиз, шекилли?
– Ҳа, сэр. Энди қораси ҳам йўқолди.
– Ие! Бунисига ҳам қўлга тушдим денг…
– Худди шундай! Бор-йўғи учта оёқ кийимим бор – бири янги оч жигаррангда, иккинчиси қора эди, учинчиси эса ҳозир кийиб юрган американча туфли. Кеча кечқурун жигарранг оёқ кийимимнинг биттаси йўқолган эди, бугун бўлса, қорасини ҳам ўғирлаб кетишибди. Хўш, топдингизми? Жавоб берсангиз-чи? Нега менга бунчалик тикилиб қолдингиз?
Зинанинг тепасида ҳаяжонланган даҳлиз ходими – немис пайдо бўлди:
– Йўқ, сэр. Ҳаммадан суриштирдим, ҳеч ким ҳеч нима билмайди.
– Бўлмаса, гапимга қулоқ солинг: менинг оёқ кийимимни ё кечқурунгача топиб берасиз ёки бошқарувчининг олдига бориб, бу ердан дарҳол жўнаб кетаман, деб айтаман.
– Оёқ кийимингиз топилиб қолар, сэр… Топилишига ваъда бераман… Бир дақиқа сабр қилинг, сэр.
– Шуни билиб қўйингки, бу – охирги марта сабр қилишим. Сизларнинг ўғрихонангизда нарсаларим ўғирланишига ортиқ йўл қўймайман. Мистер Холмс, сизни бунақа арзимас нарсалар билан безовта қилаётганим учун кечирасиз…
– Бу арзимас нарсалар эса безовта бўлишга арзийди.
– Сиз бу нарсаларга жуда ҳам жиддий қараяпсиз!
– Хўш, ўзингиз бунга қандай қарайсиз?
– Мен ҳатто бунинг сабабини ҳам ўйлаётганим йўқ. Бундан кўра бемаънироқ, бундан кўра ғалатироқ нарсага умримда шу чоққача дуч келганим йўқ эди.
– Ғалатироқ дедингизми?.. Ҳа, шундай деса ҳам бўлади, – деди ўжарлик билан Холмс.
– Хўш, ўзингиз бунга нима дейсиз?
– Мен бунга ҳали сира тушунолмай турибман. Бу жуда чигал воқеа, сэр Генри. Агар бу воқеани амакингизнинг ўлимига тааллуқли деб ҳисобласак, мен чигални ечиб берган беш юзта энг жиддий ишлар орасида буни энг чигали деса бўлади. Лекин бу чигалнинг учини топиш учун қўлимда баъзи бир иплар бор, шу иплардан бири сизнинг шу чигал воқеангизни ечишга муқаррар олиб келиши керак. Чигални ечишга ёрдам бермайдиган ипни ушлаб олиб, ортиқча вақт сарфлашимиз мумкин, лекин лозим бўлган ипни ахир бир кун топиб оламиз.
Биз нонушта қилиб яхшигина вақт ўтказдик, нонушта вақтида тўртовимизнинг тўпланишимизга сабаб бўлган масалалар ҳақида онда-сондагина гаплашдик, холос. Тўртовимиз Баскервилнинг рақамига ўтганимиздан кейингина Холмс унинг энди нималар қилмоқчи бўлганини суриштирди.
– Мен Баскервиль-холлга бораман.
– Қачон?
– Шу ҳафтанинг охирида.
– Менимча, бу қарорингиз тўғри, – деди Холмс. – Лондонда сизни пойлаб юрганларига энди менда ҳеч қандай шак-шубҳа қолмади. Аммо бундай катта шаҳарда ўша сизни пойлаб юрган одамлар кимлигини ва улар сиздан нималарни билиб олмоқчи бўлганини аниқлаб олиш қийин. Агар улар ёмон ният билан шундай иш қилаётган бўлса, бу нарса сизни таҳлика остида қолдирадики, биз бунинг олдини олишга ожизлик қилиб қоламиз… Доктор Мортимер, сиз эрталаб менинг уйимдан чиқиб кетаётганингизда бирортаси сизни пойлаб юрганини билдингизми?
Доктор Мортимер сапчиб ўрнидан турди:
– Пойлаб юрди, дедингизми? Ким?
– Афсуски, буни айтолмайман. Дартмурдаги қўшниларингиз ёки танишларингиз орасида қуюқ қора соқолли бирор киши борми?
– Йўқ… э, тўхтанг, тўхтанг… Бор албатта. Сэр Чарльз қасрининг ходими Бэрримор қуюқ қора соқолли киши-ку.
– Ҳм! Ҳозир у қаерда?
– Баскервиль-холлда. Уйни унга ташлаб келганмиз.
– У ҳақиқатан ўша ердами ёки Лондондами, текшириб кўриш керак.
– Буни қандай қилиб биламиз?
– Менга телеграф бланкини беринг. «Сэр Генрини кутиб олишга тайёрмисиз». Манзилини бундай ёзамиз: «Баскервиль-холл, мистер Бэрриморга». У ерда сизга энг яқин телеграф қаерда? Гримпендами? Жуда соз! Иккинчи телеграммани Гримпенга: контора бошлиғининг номига юборамиз: «Бэрримор манзилига юборилган телеграммани унинг ўз қўлига топширишингизни илтимос қиламиз. Агар у йўқ бўлса, телеграммани «Норсамберленд» отелидаги сэр Генри Баскервилга қайтариб юборинг». Мана шу холос. Бэрримор Девонширда ўз постида турганми ёки йўқми, кечқурун биламиз.
– Жуда соз, – деди Баскервиль. – Айтгандай, доктор Мортимер, ўша Бэрриморнинг ўзи қанақа одам?
– У сизга қарашли мулкни идора қилиб келган марҳум бошқарувчининг ўғли. Баскервиль-холлда яшаб келаётган Бэрриморлар авлодининг тўртинчиси. Билишимча, у ва унинг хотини жуда баобрў кишилар.
– Шундай бўлса ҳам, – деди сэр Генри, – менга шу нарса мутлақо равшанки, Баскервиль-холл эгасиз қолаверса, улар у ерда ғам-ташвиш нималигини билмай, бемалол ялло қилиб яшай беради.
– Ҳа, рост.
– Сэр Чарльзнинг васиятномасига биноан Бэрриморга бирор нима тегдими? – деб сўради Холмс.
– Унга ҳам, унинг хотинига ҳам беш юз фунтдан пул васият қилиб қолдирган эди.
– Ҳм! Улар буни илгари билишармиди?
– Ҳа. Сэр Чарльз, мен ўлсам фалончига фалон нарса қолдираман, деб гапиришни яхши кўрарди.
– Қизиқ факт.
– Сэр Чарльзнинг васиятига биноан бирор нима олган кишиларнинг ҳаммасидан шубҳаланмассиз, деб ўйлайман, – деди доктор Мортимер. – Менга ҳам у минг фунт васият қилиб қолдирган.
– Шундай денг! Яна кимга нималар қолдирган.
– Васиятномада жуда кўп кишиларга оз-моз пул бериш кераклиги ва хайр-эҳсон ишларига катта маблағлар васият қилгани айтилган. Мероснинг ҳаммаси эса сэр Генрига қолдирилган.
– Шу меросни пулга чаққанда қанча бўлади?
– Етти юз қирқ уч минг фунт.
Холмс таажжубланиб, қошларини чимирди.
– Мен шу қадар катта капитал мерос бўлиб қолганини хаёлимга ҳам келтирмабман, – деди у.
– Сэр Чарльзнинг бой одам деб довруғи кетган эди, лекин қолган қимматбаҳо қоғозлар билан танишиб чиққанимиздан кейингина унинг бисоти ҳақиқатан қанчалиги аниқланди. Мероснинг ҳаммаси бир миллион фунтга яқинлашиб қолади.
– Тавба! Мана шундай катта бойлик пайига тушиб, қалтис ўйин бошлаш мумкин. Яна бир саволим бор: доктор Мортимер, хунук бўлса ҳам бир тасаввур қилиб кўрайлик, бунинг учун мени кечирасиз, ёш дўстим бирор фалокатга учради, деб тасаввур қилайлик… У ҳолда ер-мулк кимга мерос бўлиб қолади?
– Сэр Чарльзнинг укаси Рожер уйланмай ўлиб кетгани сабабли Баскервиль-холл унинг узоқ қариндошлари бўлган Десмондлар қўлига ўтади. Жеймс Десмонд унчалик ёш эмас, у Вестморлендда руҳоний.
– Сизга ташаккур. Бу тафсилотларнинг ҳаммаси ғоят диққатга сазовор. Сиз мистер Жеймс Десмонд билан учрашганмисиз?
– Ҳа, бир вақтлар у сэр Чарльз ҳузурига келган эди. У кўринишдан жуда басавлат ва феъл-атворида ҳеч бир нуқсони бўлмаган киши. Шу нарса эсимдаки, сэр Чарльз уни таъминлаб қўймоқчи бўлган эди, лекин ҳар қанча қистаса ҳам, бу таклифни у қатъиян рад этган эди.
– Шундай камтар бир киши сэр Чарльзнинг бутун мол-мулкини мерос қилиб олиши мумкин эди, денг?
– Унга фақат ер-мулк мерос бўлиб қолар эди, чунки бу ер-мулк шу авлодники деб ҳисобланади, аммо пулларнинг ҳозирги эгаси бу пулларни бошқа бирор йўлга сарфламаса (албатта, шундай бўлиши мумкин), шундагина Жеймс Десмонд мазкур пулларга эга бўлиб қолиши мумкин эди. Аммо сэр Генри ўзига теккан меросни ўзи хоҳлаганча тасарруф қила олади.
– Сиз, сэр Генри, васиятномани тузиб қўйганмисиз?
– Йўқ, мистер Холмс, бунга қўлим теккани йўқ: иш қай аҳволда эканлигини фақат кечагина билдим-ку! Шундай бўлса ҳам, пулни ер-мулкдан ва унвондан ажратиб қўйиш ярамайди, деб ҳисоблайман. Баскервиль-холл зотининг ўтмиш шуҳратини тикламоқ учун Баскервиль-холл хўжайинининг қўлида маблағ бўлмаса, бу ниятни рўёбга чиқариб бўладими ахир? Йўқ, уй ва ер бўлган жойда пул ҳам бўлиши керак.
– Мутлақо тўғри. Демак, сэр Генри, мен ҳам сиз ҳеч бир кечиктирмай Девонширга боришингиз керак, деб ҳисоблайман. Лекин бунинг учун битта шарт бор: сизни у ерга ёлғиз ўзингизни асло юбориб бўлмайди.
– Мистер Холмс, наҳотки мен билан боришга рози бўласиз?
– Агар иш жиддийлашиб қолса, мен қандай қилиб бўлса ҳам сизнинг олдингизга бораман, аммо ўзингизга маълумки, ишим жуда кўп, менга ҳамма томондан муттасил талабномалар келиб туради, бу эса, Лондондан чиқиб бирор жойга бориб узоқ вақт туришимга имкон бермайди. Масалан, ҳозир Англиядаги энг мўътабар кишилардан бирига бир қаллоб таҳдид қилиб турибди, мана шу бўлажак ҳалокатни фақат мен даф қила оламан. Йўқ, Дартмурга бориб туришимнинг сира иложи йўқ.
– Ўрнингизга кимни қўшиб юборишни маслаҳат берасиз?
Холмс қўлини елкамга қўя туриб, деди:
– Агар дўстим бу вазифани ўз зиммасига олса, мушкул пайтда сизнинг ҳожатингизни шу киши чиқариши мумкин, бунга ўз тажрибамда қаноат ҳосил қилганман.
Шундай вазифани бажариш менга таклиф қилинишини сира кутмаган эдим, лекин Баскервиль мендан жавоб кутмасданоқ қўлимни маҳкам ушлаб олиб, силкитди.
– Доктор Уотсон, сиз менга жуда яхши илтифот қилдингиз, – деб хитоб қилди у. – Қандай аҳволдалигимни кўриб турибсиз-ку, иш қай ҳолатдалигини мендан кўра яхшироқ биласиз. Агар Баскервиль-холлга бориб, мен билан бирга турсангиз, бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман!
Саргузаштларнинг мен учун ҳамиша қандайдир алоҳида латофати бор, Холмснинг сўзлари ва баронет унинг таклифини жуда хурсанд қабул қилгани эса менга ғоят ёқди.
– Мен мамнуният билан Баскервиль-холлга бораман, – деб жавоб бердим, – вақтимни сира аямайман.
– Менга батафсил ҳисоботлар юбориб турасиз, – деди Холмс. – Энг қалтис пайт келиши муқаррар, ана шунда ўзим сизнинг ҳаракатларингизга раҳбарлик қилиб тураман. Шанба куни жўнаб кетишингиз мумкин, деб ўйлайман.
– Бу таклиф сизга маъқулми, доктор Уотсон?
– Маъқул.
– Демак, бошқа бирор воқеа рўй бермаса, биз шанба куни соат ўн-у ўттизда Паддингтон вокзалидан жўнаймиз.
Хайрлашмоқчи бўлиб ўрнимиздан туришимиз билан Баскервиль тўсатдан қичқириб юборди ва бурчакда турган шкафнинг остидан жигарранг оёқ кийимини тортиб олиб, хурсанд бўлиб деди:
– Мана, йўқолган оёқ кийимим.
– Қолган жумбоқларимиз ҳам мана шундай осонлик билан ечилсин! – деди Шерлок Холмс.
– Лекин ҳар ҳолда буниси жуда қизиқ, – деди доктор Мортимер. – Нонуштага ўтирмасдан олдин уйнинг ҳамма ёғини қидириб чиққан эдим.
– Мен ҳам, – деди Баскервиль. – Титкилаб кўрмаган жойим қолмаган эди. Оёқ кийимимни ҳеч қаерда кўрмаган эдим.
– Демак, биз нонушта қилиб ўтирганимизда даҳлиз ходими оёқ кийимни у ерга тиқиб қўйган экан-да.
Немисни чақиртириб келдик, лекин у ҳеч нима айта олмади, ҳар қанча суриштирсак ҳам, ҳеч бир натижа чиқмади. Шундай қилиб, кетма-кет рўй бериб турган жуда бемаъни жумбоқлар қаторига яна бир жумбоқ қўшилди. Сэр Чарльзнинг фожиали ўлимини бир ёққа қўйиб турганда ҳам фақат икки кун ичида рўй берган ва сабаби аниқланмаган қатор воқеалар бизнинг кўз олдимизда рўй берди; газетадан қирқиб олинган сўзлардан тузилган хат, кэбдаги серсоқол нотаниш киши, янги жигарранг оёқ кийим йўқолгани, унинг кетидан эски қора оёқ кийими ҳам йўқолгани, эндиликда эса жигарранг оёқ кийими топилиб қолгани, хуллас, жуда қизиқ воқеалар бўлди.
Холмс кэбга тушиб, Бейкер-стритга бораётганида йўл-йўлакай индамай ўтираверди, Холмснинг қовоғи солиқлиги ва тикилиб ўтиргани, мен каби у ҳам бир-бири билан боғлиқ бўлмагандек туюлаётган мана шу ғалати фактларнинг ҳаммасини битта системага солишга уринаётганидан далолат берарди. Шу кун қолган вақтнинг ҳаммасини ва кечқурунги вақтни ҳам у ўз кабинетида кетма-кет папирос чекиб ва ўйлаш билан банд бўлиб ўтказди.
Овқатланишга ўтириш пайтимизда бизга иккита телеграмма келтириб беришди.
Биринчи телеграммада:
«Бэрримор уйда эканлигини ҳозиргина хабар қилишди. Баскервиль», дейилган эди.
Иккинчи телеграммада:
«Йигирма учта меҳмонхонани айланиб чиқдим. «Таймс» газетасининг қирқилган саҳифасини, афсуски, тополмадим. Картрайт», деган сўзлар ёзилган эди.
– Мана, иккита ип ҳам бирданига узилди, Уотсон. Ҳамма худди сенга қарши тил бириктираётгандек бўлиб кўринган ишдан кўра яхшироқ нарса бўлмайди. Ана шундагина ишнинг пайига тушиб, уни бир ёқлик қилмагунча тинчимайдиган бўлиб қоласан. Нима ҳам дердик, бошқа издан борамиз-да.
– Бизнинг ихтиёримизда яна бир ип бор, ўша нотаниш кишини ўз кэбида олиб борган кэбменни айтмоқчиман.
– Жуда тўғри. Унинг фамилиясини ва манзилини билиб беришни Рўйхат конторасидан илтимос қилиб қўйдим. Шу саволимга ҳозир жавоб келиб қолса, мен бунга ажабланмайман.
Қўнғироқнинг жиринглаши Холмснинг мунтазир бўлган жавоби ҳатто кутганидан кўра ҳам олдинроқ келганидан дарак берди, чунки кабинет эшигида новча бир киши кўринди, у кэбменнинг худди ўзи бўлса керак.
– Икки минг етти юз тўртинчи рақамни мана шу манзилдаги киши сўраган эди, деб конторадагилар менга айтишди, – деб сўз бошлади у. – Мен етти йилдан бери аравакашлик қиламан, шу вақтгача ҳеч ким мендан шикоят қилмаган эди. Айбим бўлса юзимга айтишсин, деб ўзим олдингизга келдим.
– Сиз ҳеч бир айб қилганингиз йўқ, ошнам, – деди Холмс. – Аксинча, саволимга тўппа-тўғри жавоб берсангиз, сизга ярим соверен4646
Соверен – Англияда бир фунт стерлингга тенг олтин пул. (Тарж.)
[Закрыть] бераман.
– Қаерда йўқотиб, қаердан топишингни ҳам билмас экансан киши, – деб жилмайди кэбмен. – Хўш, хизмат, сэр?
– Аввало фамилиянгизни ва манзилингизни айтиб берсангиз, кейин керак бўлиб қолсангиз сизни қидириб овора бўлмай.
– Жон Клейтон, Бороуда, Тарпи-стритдаги учинчи уйда тураман. Кэбим Шипли-Ярдда, Ватерлоо вокзали олдида туради.
Шерлок Холмс буларнинг ҳаммасини ёзиб олди.
– Энди сиз, Клейтон, бугун эрталаб соат ўнда шу уйни кузатиб турган, кейин сизнинг кэбингизга тушиб Рижент-стритда иккита жентльменни кузатиб борган киши ҳақида менга билганингизни гапириб беринг.
Кэбмен ҳайрон бўлиб Холмсга тикилди ва чамаси, бир оз чўчиди.
– Нима дея оламан, ҳаммасини ўзингиз мендан кўра яхшироқ билар экансиз-ку, – деб жавоб берди у. – У киши мен хуфияман, буни ҳеч кимга гапириб юрма, деди.
– Шуни билиб қўйингки, ошнам, бу жуда жиддий иш. Агар сиз мендан бирор нимани яширадиган бўлсангиз, ишингиз жуда чатоқ бўлиши мумкин. Демак, у ўзини хуфияман, деди денг?
– Ҳа, сэр.
– Буни у сизга қачон айтди.
– Кира ҳақини тўлаётганда.
– Яна бошқа бирон нима дедими?
– Ўзининг фамилиясини айтди.
Холмс менга ғолибона назар билан қаради.
– Ўзининг фамилиясини айтдими? Жуда эҳтиётсизлик қилипти-ку! Хўш, унинг оти нима экан?
– Унинг оти мистер Шерлок Холмс экан, – деди кэбмен.
Кэбменнинг жавоби дўстимни жуда саросимага солиб қўйди. Унинг қиёфасида бундай саросималик аломатини умрим бўйи кўрмаган эдим. Икки дақиқача у лол бўлиб турди, сўнгра хохолаб кулиб юборди.
– Боплабди, Уотсон! Жуда ҳам боплабди. Қилич ўзининг тезлиги жиҳатидан ҳам, аниқ зарба бериш жиҳатидан ҳам мендан қолишмайдиган рақибимнинг қўлига тушибди. Бу сафар у мени жуда ҳам лақиллатди. Демак, унинг оти Шерлок Холмс, денг?
– Ҳа, сэр, унинг ўзи шундай деди.
– Жуда соз! Энди сиз менга у кэбингизда қаерда ўтирганини ва кейин нималар бўлганини айтиб беринг.
– У эрталаб соат тўққиз яримда Трафальгар скверда мени чақирди. «Мен хуфияман» деди ва айтганимни аниқ бажарсанг, бирор нарсани сўраб бошимни қотирмасанг, сенга икки гинея пул бераман, деб ваъда қилди. Бунақа пулдан ким қайтади, дейсиз. Уни «Норсамберленд» отелига элтиб қўйдим ва ўша жойда тўхтаб турдим. Сўнгра иккита жентльмен чиқиб биржадан кэб чақиришди ва шу кўчага элтиб қўйишимни буюришди.
– Худди мана шу уйнинг олдига олиб келгансиз, – деди Холмс.
– Эҳтимол. Буни кэбимга тушган кишидан сўраш керак, у яхшироқ билади. Менга у кварталнинг тахминан ўртасида тўхтаб туришни буюрди, ўша жойда биз яна ярим соат чамаси кутиб турдик. Сўнгра ўша икки жентльмен ёнимиздан ўтишди ва биз уларнинг кетидан Бейкерстритга жўнадик, кейин бурилиб…
– Буни биламан, – деди Холмс.
– Рижент-стритга ўтишимиз билан у кэбнинг устки дарчасини очиб: Ватерлоо вокзалига ҳайданг, деб қичқирди. Мен отимни чоптириб кетдим, ўн дақиқа ичида вокзалга етиб бордик. У ерда менга у икки гинея берди, алдамади ва вокзал томон йўл олди. Бора туриб қайрилиб қараб: «Сиз кимлигимни билгингиз келаётган бўлса керак? Шерлок Холмсман», деди. Бор гапнинг ҳаммаси мана шу.
– Тушундим. Сиз кейин уни кўрмадингизми?
– Йўқ, кейин кўрмадим.
– Энди сиз ўша мистер Шерлок Холмснинг башараси қандайлигини айтиб беринг.
Кэбмен бошини қашиб туриб деди:
– Қандайлигини айтиб бериш унчалик осон эмас. Ёши қирқлар чамасида бўлса керак, ўрта бўйли, сиздан икки дюймча пастроқ десам бўлади, сэр. Тоза кийинган, қора қуюқ соқоли бор, ўзи рангпарроқ. Бошқа қандай белгилари борлигини айтиб беролмасам керак.
– Кўзининг туси қанақа?
– Бунисини пайқамабман…
– Бундан бошқа ҳеч бир белгисини эслаб қололмадингизми?
– Йўқ, сэр.
– Яхши. Мана бу ярим соверен сизга. Агар ўша одам тўғрисида яна бирон нимани билиб айтиб берсангиз, қолган ярмисини ҳам оласиз. Хайр, соғ бўлинг.
– Соғ бўлинг, сэр. Сизга ташаккур.
Жон Клейтон жилмайиб чиқиб кетди. Холмс эса елкасини қисиб ва ҳафсаласи пир бўлгандек табассум қилиб менга қаради.
– Учинчи ип ҳам чидаш беролмади, – деди у. – Энди ишни бошидан бошлайверинг. Бунақа айёрни кўрмаган эдим! Уйимизнинг рақамини билиб олибди, сэр Генри Баскервиль маслаҳат сўраб бу ерга келганини билиб олибди. Рижент-стритда мени кўрибди ва кэбнинг рақамини билиб олганимни ва кэбменни қидираётганимни фаҳмлабди, ниҳоят, мени масхара қилмоқчи бўлибди. Гапим эсингизда бўлсин, бу сафар биз муносиб рақибга дуч келдик. Лондонда мағлубиятга учрадим. Девонширда ютиб чиқаман, деган умиддаман. Ҳар ҳолда, бир нарса мени жуда ташвишга соляпти.
– Нима?
– Сизнинг сафарингиз. Буни сира яхши иш деб бўлмайди, Уотсон. Ёмон ва хатарли иш. Бу ишни ўйлаган сари менга тобора ёқмай қоляпти. Сиз, дўстим, кулаверинг, аммо агар сиз Бейкер-стритга соғ ва саломат қайтиб келсангиз, мен жуда хурсанд бўламан.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.