Текст книги "Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари"
Автор книги: Артур Дойл
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 29 страниц)
– Баъзи-баъзида биз ҳаммамиз ҳам ёрдамга муҳтож бўламиз, – дедим.
– Дўстингиз мистер Шерлок Холмс – буюк сиймо, сэр, – деди самимийлик билан бўғиқ овозда. – У мағлубият нималигини билмайдиган одам. Бу ажойиб йигитнинг қанчадан-қанча ишларда қатнашгани менга маълум, у доимо ҳақиқатнинг тагига етмасдан қўймасди. У ўз услубларида доим изчил эмас, назаримда, хулоса чиқаришга жудаям шошади, лекин умуман олганда менимча, у Скотленд-Ярднинг энг машҳур айғоқчиси бўлиши мумкин эди, мен бу гапни истаган одамимга айта оламан. Бугун эрталаб ундан телеграмма олдим, бундан аниқ кўриниб турибдики, Холмснинг қўлида ишга доир янги фактлар бор. Мана телеграмма.
У чўнтагидан телеграммани олиб, менга узатди. Телеграмма соат ўн иккида Поплардан жўнатилган:
«Зудлик билан Бейкер-стритга боринг, – деб ёзганди Холмс. – Агар етиб боролмасам, мени кутиб туринг. Иккита норвудликнинг изидан боряпман. Агар сўнгги маррада иштирок этишга хоҳишингиз бўлса, бизга қўшилишингиз мумкин».
– Яхши янгилик! Демак, Холмс, яна уларнинг изини топибди-да, – дедим.
– Демак, у ҳам янглишибди-да! – хитоб қилди ошкора мамнунлик билан Жонс. – Ҳа, энг зўрман дегани ҳам хато қилади. Бу телеграмма сохта бир тревога бўлиши ҳам мумкин, албатта, лекин Скотленд-Ярд инспектори сифатида ҳар бир имкониятдан фойдаланиб қолишим керак, бу менинг бурчим. Оёқ товушларини эшитяпман. Балки бу Холмсдир.
Зинадан оғир оёқ товушлари, ҳансираш ва йўтал эшитилди, гўё бу одамга нафас олиш машаққатли бир ишдек эди. У бир-икки бор тўхтади. Мана ниҳоят у эшигимиз олдига келиб, уни очди. Унинг ташқи кўриниши ҳалигина биз эшитган товушларга мос эди. Бу эгнига денгизчилар кийими – эски бушлат кийиб, тугмаларини иягигача қадаб олган, анча ёшга бориб қолган киши эди. Ўзи букчайган, тиззалари қалтирар, кўксов одамдай энтикиб-энтикиб нафас оларди. У дубдан ясалган йўғон ҳассага суяниб турарди, ҳар нафас олганида елкалари учиб-учиб тушарди. Бўйнида гулдор рўмол, оқ оралаган чекка соқоллари иягигача тушар, юзи кўринмас, фақат оқ бароқ қошлари тагидаги қора ақлли кўзлари чарақлаб турарди. Хуллас, у менга тирикчилиги оғирлашиб қолган кекса ҳурматли денгизчи бўлиб кўринди.
– Хўш, сизга нима билан ёрдам беришимиз мумкин, отахон? – деб сўрадим.
У хонани кексаларга хос бир синчковлик билан кўздан кечириб чиқди.
– Мистер Шерлок Холмс уйдамилар? – деб сўради у.
– Йўқ. Унинг ўрнида менман. Унга айтмоқчи бўлган гапларингизни менга айтишингиз мумкин.
– Мен Шерлок Холмснинг ўзини кўрмоқчиман, – деб такрорлади чол ўжарлик билан.
– Унинг ўрнига мен қолганман, деяпман-ку. Сиз ҳойнаҳой, Смит катери масаласида келган бўлсангиз керак?
– Ҳа, мен унинг қаердалигини биламан. У қидираётган одамларнинг қаердалигини ҳам биламан. Хазинанинг қаердалигини биламан. Хуллас, ҳамма-ҳаммасини биламан.
– Менга гапириб беринг, бу Холмсга гапириб бергандай гап.
– Йўқ, мен унинг ўзига гапириб беришим керак, – деб такрорлади чол қариларга хос ўжарлик билан, сал жаҳли чиқиб.
– Ундай бўлса уни кутинг.
– Кутолмайман. Кимнидир, деб кунни бекор ўтказишни истамайман. Модомики, мистер Холмс йўқ экан, энди ўзидан кўрсин, керак бўлса ўзи билиб олар. Сизга ҳеч нима айтмайман, негадир турқингиз ёқмаяпти.
У оқсоқланиб эшик томон юра бошлаган эди, Жонс орқасидан етиб олди.
– Бир оз шошма, оғайни, – деди у. – Сен жуда муҳим хабар олиб келгансан, демак, бу ердан чиқиб кетмайсан. Истайсанми-йўқми, дўстимиз Холмсни кутишингга тўғри келади.
Чол эшикка отилди, лекин Этелни Жонс кенг елкаси билан унинг йўлини тўсди, чол қаршилик кўрсатишнинг фойдаси йўқлигини тушунди.
– Меҳмонга ҳурмат шуми, – деди у ҳассасини тўқиллатиб. – Мен бу ерга мистер Холмс билан гаплашгани келганман. Сиз икковингиз менга зўравонлик қиляпсиз, ҳолбуки мен сизларни умуман танимайман. Одамга ҳурмат шуми?
– Сизга ҳеч ким ёмонлик қилмайди, – деди у. – Мана бу ерга, диванга ўтириб, кутиб туринг. Холмс ҳадемай келиб қолади.
У тумшайиб диван олдига келиб ўтирди-да, кафтини катта бошига тиради. Биз Жонсон икковимиз сигарамизни олиб, гапимизни давом эттирдик.
Бирдан Холмснинг овози гапимизни бўлди.
– Менга ҳам сигара таклиф қилсаларинг бўларди.
Биз ўтирган жойимизда сапчиб тушдик. Шундай рўпарамизда Холмс ўтирар ва хурсанд кулимсирарди.
– Холмс! – деб қичқириб юбордим. – Келдингизми-а? Чол қани?
– Мана у, – деб жавоб қилди Холмс, ҳурпайган оқ сочга қўлини чўзаркан. – Бори шу ерда – бакенбардлар, парик, қошлар. Бу ниқобларим иш беришини билардим-у, лекин бундай синовдан ўтади, деб ишонмовдим.
– Қойил-э, қойил! – деди самимий ҳайрат билан Жонс. – Сиздан ажойиб, зўр актёр чиқарди! Сиз худди ишсиз одамдек йўталдингиз-а. Қалтироқ тиззаларингиз учун ҳафтасига ўн фунт тўласа бўларди. Лекин, очиғини айтсам, кўзларингизнинг ялтираши таниш кўринганди. Лекин барибир биздан қутулиб кетолмадингиз-ку.
– Мен бу кийимда куни билан ишладим, – деди у сигарани тутатар экан. – Биласизми, жиноятчилар оламига мен анча маълум бўлиб қолганман, шу ерда ўтирган мана бу дўстим ёза бошлагандан кейин айниқса машҳур бўлиб кетдим. Бинобарин, мен олдинги позицияларда фақат бошқа кийимдагина, қиёфамни ўзгартирган ҳолдагина кўринишим мумкин. Сиз телеграммамни олдингизми?
– Ҳа, шунинг учун ҳам бу ерга келдим-да.
– Хўш, тахминларингизнинг натижаси қалай?
– Чиппакка чиқди. Қўлга олган икки одамимни қўйиб юборишимга тўғри келди, қолганларига қарши биронта ҳам далил-исботим йўқ.
– Хафа бўлманг. Биз уларнинг ўрнига бошқа иккитасини берамиз. Фақат илтимос қилардимки, вақтинча бутунлай менинг ихтиёримда бўлсангиз, мен тузиб чиққан режа бўйича ишласангиз. Розимисиз? Бу ишдаги бутун хизматингиз расмий равишда эътироф этилади, албатта.
– Агар ўша иккитасини қўлга туширишимга ёрдам берсангиз, розиман.
– Унда, биринчидан, менга полициянинг моторли катери керак. Соат еттиларда Вестминистер причали олдида учрашамиз.
– Айтганингиз бўлади. Ўша ерда полиция қайиғи ҳамиша навбатчилик қилади. Лекин, яхшиси, йўлдан борганим, ишончлироқ бўлиши учун телефон қилиб қўйганим маъқул.
– Қаршилик кўрсатишлари ҳам мумкин, шунинг учун полициячилардан иккита бақувватроғини олиш керак.
– Катерда доимо икки ё уч киши бўлади.
– Уларни ҳибсга олганимиздан кейин хазина қўлимизда бўлади. Ўйлайманки, дўстим сандиқчани ёш бир ледига жон-жон деб топширади, зеро, қонун бўйича у ўша хазинанинг ярмисига эга бўлиши керак. Майли, сандиқчани у биринчи бўлиб очсин. Хўш, Уотсон, сиз нима дейсиз?
– Мен жуда хурсанд бўлардим.
– Ҳа, бу расмий тартибни бузиш-у, лекин бу одатдан ташқари иш бўлгани туфайли истисно қилсак бўлади. Лекин кейин хазинани тергов тугагунча ҳукуматга топшириш керак.
– Албатта. Бу қийин иш эмас. Яна бир томони бор. Мен баъзи бир тафсилотларни Жонатан Смоллнинг ўз оғзидан эшитсам, дегандим. Ўзингиз биласиз, мен ҳамма нарсани ипидан-игнасигача аниқлашни яхши кўраман. Агар у билан меникида ёки бошқа бирон жойда, албатта ишончли соқчилар қуршовида норасмий учрашсам, йўқ демайсизми?
– Ҳозир вазият сизнинг измингизда, ўз билганингизча иш тутаверинг. Лекин ўша Жонатан Смоллнинг борлигини исботловчи бирон бир далилга шу вақтгача эга эмасман. Агар сиз уни менга таништирсангиз, илтимосингизни ерда қолдиролмайман.
– Демак, келишдик-а?
– Келишдик. Яна нима?
– Бу энди охиргиси: тушликни биз билан бирга қилишингизни истардим. Бизда устрица, икки дона каклик, тури кам бўлсаям оқ вино бор. Йўқ, Уотсон, сиз менинг пазандалик санъатимга етарлича баҳо бермаяпсиз.
X БОБ
Оролликнинг ўлими
Тушлик қувноқ ўтди. Холмс, агар истаса, ажойиб суҳбатдош бўлиши мумкин. Ўша куни жуда хушчақчақ эди – қаттиқ асабийлашгани таъсир қилди, шекилли. Мен унинг бунчалик сергап бўлганини биринчи кўришим. У Ўрта аср кулолчилиги ва мистериялар, Страдивари скрипкаси, Цейлон буддизми, келажакдаги ҳарбий кемалар тўғрисида гапирарди. У худди ҳар бир соҳанинг мутахассиси эди. Бу ундаги кечаги маъюсликдан кейин тийрак ақлнинг ёрқин бир чақноғи эди. Этелни Жонс ишдан бўш дақиқаларда жуда дилкаш одам эканлигини кўрсатди, ҳаёт шодликларининг қадрига ета олишини тушликда исботлади. Ишнинг охирлаб қолганини сезганим, Холмсдаги қувноқ кайфият менга ҳам ўтгани учун менинг ҳам руҳим баланд эди. Ҳеч биримиз кеча давомида бугун бизни бирлаштирган сабаб ҳақида оғиз очмадик.
Дастурхон йиғиштирилганидан кейин Холмс соатига қараб қўйди-да, қадаҳларга портвейн қуйди.
– Келинглар, – деди у, – бу кичкина ҳамламизнинг муваффақияти учун ичайлик. Энди кетадиган вақт бўлди. Қуролингиз борми, Уотсон?
– Ўша эски тўппончам бор. Стол тортмасида ётибди.
– Олволинг. Бу жуда зарур. Извош ҳам келган бўлса керак, соат олти яримга тайинловдим.
Вестминистер причали олдига борганимизда соат еттидан ошганди. Катер бизни кутарди. Холмс уни синчковлик билан кўздан кечирди.
– Унда катернинг полицияга қарашлигини билдирувчи бирор белги борми? – деб сўради у.
– Бор. Биқинидаги кўк фонус.
– Уни олиб қўйинг.
Ҳаммаси бир зумда қилинди, биз катерга чиқдиг-у, жўнаб кетдик. Жонс, Холмс ва мен катернинг қуйруқ қисмига ўтирдик. Бир полициячи рулнинг олдида турди, иккинчиси ўтхонага кўзқулоқ бўлиб турди, олдинда эса йигирматача полисмен жойлашганди.
– Қаёққа кетяпмиз? – сўради Жонс.
– Тауэрга, уларга буюринг, Жекобсон-Ярднинг рўпарасида тўхтатишсин.
Кемачамиз анча тезюрар чиқиб қолди. Биз юк ортилган баржалар олдидан тез ўтиб кетдик, гўё улар бир ерда тўхтаб тургандай эди. Дарё пароходини қувиб етиб, уни орқада қолдириб кетганимизда Холмс мамнун кулимсираб қўйди.
– Катеримизни дарёдаги энг тезюрар кема деб ўйлаш мумкин-а, – деди у.
– Йўғ-э, унчалик эмасдир. Лекин бундан тез юрадиган катер ҳар ҳолда кам топилса керак.
– Биз «Аврора»ни қувиб етишимиз керак. У жуда тезюрар кема сифатида ном таратган. Ҳозир мен сизни, Уотсон, иш билан таништираман. Эсингиздами, ушланиб қолганимиздан қанчалик эзилгандим.
– Ҳа, эсимда.
– Хуллас, миямга дам бериб, кимёвий тажрибалар билан шуғулланишга қарор қилдим. Буюк давлат арбобларимиздан бири, дам олишнинг энг яхши йўли – бу машғулотни ўзгартириш, деган экан. Ҳа, бу тўғри. Ниҳоят, углеводородни ажратиб олганимдан кейин ўша муаммога яна қайтиб, ҳаммасини яна бир бошдан ўйлаб чиқдим. Болалардан иборат гуруҳим дарёнинг ҳамма ерини бир неча бор қидириб, тит-пит қилиб чиқишди, натижаси бўлмади. «Аврора» ҳеч қаерда – причалда ҳам, ўз уйида ҳам йўқ эди. Изини йўқотиш учун уни чўктириб юборишлари мумкин эмас. Агар қидирувлар ҳеч қандай натижа бермаса буни ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Смоллнинг жуда айёрлигини билардим-у, лекин нозик ҳийла ишлатиш унинг қўлидан келмайди. Одатда, бундай ҳийлани билимдон одамдан кутасан. Баъзи нарсаларни аниқладик, у бир оз вақт Лондонда яшаган, Пондишери-Ложни кузатган, демак, ўзўзидан маълумки, унинг Англияни дарров тарк этиши мумкин эмасди; ишларни йўлга қўйиб олиш учун вақт керак – ким билади, бир кунми, бахтимизга кўпроқ қолиб кетадими. Ҳар ҳолда ҳозирча шундай хулосага келдик.
– Хулосангиз жуда бўш-ку, – деди у. – У Пондишери-Ложга ҳужум қилишларидан аввал ҳамма ишни саранжомлаб қўйиши мумкин эди.
– Йўқ, у унақа одамлардан эмас. Хавф-хатар пайтида соясини ҳам кўрсатмайдиган одамнинг уйидан чиқиш осонмас. Ўзига ҳеч нима хавф солмаётганига қатъий ишонганидан кейингина уйини тарк этади. Ҳа, яна бир фикр миямга келиб қолди: Жонатан Смоллнинг ёрдамчиси қанчалик турланмасин, унинг одатдан ташқари кўриниши ҳар хил мишмишларга сабаб бўлишини, эҳтимол, баъзи бировларнинг Норвуд фожиаси билан боғлашга уринишларини тушуниши керак эди. Хуллас, улар штаб-квартирани кечаси, тун қоронғусида тарк этишган. Албатта, саҳарда қайтиб келишса яхши бўларди, бу энг маъқул вариант. Лекин миссис Смитнинг гапига қараганда «Аврора» причалдан узоқлашганда соат тўрт бўлиб қолганди. Бу пайт ҳаммаёқ ёруғ бўлади, бир-икки соатдан кейин кўчаларда одамлар юришади. Шунга асосланиб улар узоққа кетишолмаган, деган хулосага келдим. Улар Смитга оғзидан гуллаб қўймаслиги учун мўмай пул тўлашган, унинг катерини қайтармаслик шарти билан ижарага олишиб, хазина билан ўз масканларига шошилишган. Улар газеталардан терговнинг қандай кетаётганини, ўзларининг изига тушган-тушмаганларини билиш учун бир-икки кун пойлаб туришга қарор қилишган. Ана ундан кейин тун қоронғусида Грейвсендга ёки бошқа бирон жойга, Даунсга кетмоқчи бўлишган. Улар Америкага ёки бирор қарам мамлакатга борадиган кемага олдиндан жой олиб қўйишнинг ташвишини қилишган, бунга шубҳаланмаса бўлади.
– Хўш, катер-чи, катер? Уни ўзлари билан олиб кетишолмасди-ку.
– Ҳа, албатта, олиб кетишолмасди. Демак, қанчалик тутқич бермасликка уринмасин, «Аврора» шу атрофда, шундай ёнимизда. Мен ўзимни Смоллнинг ўрнига қўйиб, ишга унинг кўзи билан қарамоқчи бўлдим. Афтидан, у «Аврора»ни қўйиб юбориш ёки яқин причаллардан бирида ушлаб туриш хавфли деб ўйлаган: борди-ю, полиция уларнинг изига тушган бўлса-чи? Ҳеч ким кўрмаслиги, билмаслиги, ўзи эса истаганда келиши учун «Аврора»ни қаёққа гумдон қилса экан? Хўш, агар шундай вазифани ҳал қилишга тўғри келса, мен нима қилардим? Ана шунда бирдан-бир имкониятни кўрдим. Уни майда таъмир учун бирон бир докка қўйиш керак. Ўша ерда у бегона кўздан узоқда бўлади, истаган вақтда сузиб кетиши мумкин.
– Жуда жўн-а!
– Ҳамма гап шундаки, шундай жўн масала доим каллангга энг охирида келади. Бу фикр хаёлимга келганида дарров ишга киришмоқчи бўлдим-у, беозор кекса матрос қиёфасида докларни кўриб чиқиш учун Темзанинг этагига жўнадим. Ўн бешта докда «Аврора» ҳақида ҳеч нима эшитишмаганди. Лекин шунча чидаганимга яраша ўн олтинчи докда омадим келди: менга «Аврора»ни икки кун аввал бу ерга ёғоч оёқли бир одам қўйганини, рулни текшириб кўришни илтимос қилганини айтишди. «Лекин рул жойида экан, – деди менга кема устаси. – Ҳув, ана, турибди, қора, йўл-йўл қизил чизиғи бор». У гапини тугатар-тугатмас докда битта-яримта эмас, балки «Аврора»нинг йўқолган эгаси Мордекай Смитнинг ўзи пайдо бўлди.
Мен уни танимаслигим мумкин эди, лекин ғирт маст бўлгани туфайли овозининг борича «Мен «Аврора»нинг хўжайиниман», деб бақираётганди. Мордекай Смит, кемам шу бугун соат саккизга тайёр бўлсин, деб талаб қиляпти. «Роппа-роса соат саккизда, – деб такрорлади у, – мен икки жентльменга ваъда қилувдим, улар кутишни ёқтирмайдиган одамлар». Улар, афтидан, унга яхши ҳақ тўлашган бўлса керак, чунки у шиллингни бўларбўлмасга сарф қиларди. Мен орқасидан анча жойгача пойлаб бордим, лекин у биринчи учраган қовоқхонага ўзини урди. Мен докка қайтиб келдим. Йўлда болалардан биттасини тасодифан учратиб қолдим, унга «Аврора»ни кузатишни топширдим. Кеманинг жўнаб кетаётганини кўрса, менга рўмолчани силкитиб хабар беради. Биз бу борада уларни дарёда пойлаб турамиз. Улар докдан чиқишлари биланоқ, «Аврора» ва хазина билан бирга қўлга оламиз.
– Булар ўша биз қидираётган кишиларми-йўқми, бундан қатъи назар, ҳаммаси жуда яхши ўйланган, – деди Жонс. – Лекин мен Жекобсон-Ярдга полиция отрядини юборган бўлардим, улар пайдо бўлишлари биланоқ хотиржам қўлга олардим.
– Улар ўша ерга бормасди-да. Смолл ўлгудай айёр. Имоним комилки, Смолл олдинга пойлоқчи юборади, у агар хавф-хатарни сезгудек бўлса тамом, Смит кулбасида бир ҳафта ётиб олади.
– Лекин Смитнинг изига тушиш мумкин-ку, шу тариқа уларнинг маконини топамиз, – дедим.
– Унда яна бир кун йўқотамиз-да. Бунинг устига юз фоиз ишончим комилки, Смит уларнинг қаерда яширинганини билмайди. Унга мўмай пул тўлаяпти, вискиси доим тайёр, шундай экан, бу ишга алоқаси йўқ саволларни беришнинг нима кераги бор… Унга кўрсатмалар юбориб турилади, у уларни бажаради… Йўқ, мен имкони бор барча йўлларни ўйлаб кўрдим, лекин энг маъқули шу.
Биз у ёқ-бу ёқдан гаплашгунимизча қайиғимиз Темза устидаги қанчадан-қанча кўприклар тагидан ўтиб кетди. Қуёшнинг охирги заррин нурлари авлиё Павел черкови қуббасидаги хочни олтиндек ярқиратди. Тауэрга етиб борганимизда қоронғу тушган эди.
– Ана, Жекобсон-Ярд, – деди Холмс Суррея томондаги сон-саноқсиз мачта ва кема абзалларини кўрсатиб.
– Мана шу флот орасида у ёқдан-бу ёққа қатнайверинглар, – деб буюрди Холмс ва кечаси қараладиган денгизчилар дурбинини кўзига тутиб, соҳилни бир зум назардан кечирди. – Соқчимни кўряпман, лекин у рўмолчасини ҳозирча силкитмаяпти.
– Сал пастроққа тушиб, уларни ўша ерда кутсак бўлмасмикин? – деб таклиф қилди Жонс сабри чидамай.
Ҳаммамиз ҳам игна устида ўтиргандаймиз. Ҳатто ҳеч нарсадан хабари йўқ полициячилар, рулчи билан ўтёқар ҳам ҳаяжонимизга, ташвишимизга шерик бўлишди.
– Таваккал қилишга ҳаққимиз йўқ, – деди Холмс. – Улар дарёнинг бош томонига эмас, қуйига кетиши мумкинлиги ўн имкониятдан биттаси. Лекин барибир биз бу имкониятни ҳам инобатга олишимиз керак. Бу ердан докка кирадиган жой яхши кўринади, биз деярли кўринмаймиз. Тун ойдин бўладиганга ўхшайди, дарёда ҳам чироқлар кўп. Биз ўша турган жойимизда қолишимиз керак. Кўряпсизми, газ фонуслари ёруғида изғиб юрган одамлар жуда аниқ кўринади.
– Улар докдаги ишларини тугатиб, уйларига қайтиб кетишяпти.
– Жудаям чарчашган, уст-бошларининг ифлослигини-чи! Лекин уларнинг ҳар бирида мангу олов учқуни ёнади. Ҳозирги аҳволини кўриб ҳечам бундай деёлмайсан. Лекин аслида шундай. Инсон зотини тушуниб бўлмайди.
– Кимдир инсонни «қалби бор ҳайвон», деган экан.
– Уинвуд Рид бу хусусда жуда яхши гапирган, – деб гапида давом этди Холмс. – У айтадики, алоҳида бир одам – бу ҳал қилиб бўлмайдиган жумбоқ, лекин одамларнинг ҳаммаси эса ўзига хос бир математик бирлик бўлиб, маълум қонунларга бўйсунади. Ахир, алоҳида бир одамнинг нима иш қилишини олдиндан билиб бўларканми, лекин бутун бир жамоанинг хатти-ҳаракатини эса, олдиндан аниқ айтиб бериш мумкин экан. Шахслар бир-бирларидан фарқ қиладилар, лекин ҳар қандай жамоада инсоний муносабатлар фоиз нуқтаи назаридан олиб қараганда, ўзгармай қолаверади. Статистика шундан далолат беради. Шошманг, рўмолчасини силкитяпти, шекилли? Ҳа, чиндан ҳам, у ёқда кимдир оқ нарсани силкитяпти.
– Бу болаларингиздан бири. Мен уни аниқ кўряпман! – деб қичқирдим.
– Ана «Аврора» ҳам пайдо бўлди! – деб қичқирди Холмс. – Юриши жуда зўр-у. Ҳой, пастдагилар, тезликни тўла оширинг! Ўша сариқ чироқли катер орқасидан юринглар. Агар уни қўлдан чиқарсам ўзимни кечиролмайман.
«Аврора» докдан сездирмасдан лип этиб чиқди-да, тезлигини ошира бориб, кичкина кемалар орқасига ўтиб кетди, биз уни кўриб қолганимизда ниҳоятда тез кетаётганди. У соҳил ёқалаб дарёнинг этаги томон борарди. Унинг тезлиги кишини ҳайратда қолдирарди. Жонс унга ташвишланиб қараб қўйди.
– Жуда тез кетяпти-ю, – деди у. – Уни қувиб етолмаймиз.
– Етишимиз керак! – деди Холмс тишини тишига қўйиб: – Кўмирни аяманг! Машинани охирги тезлигига қўйинг. Катер ёниб кетса ёниб кетсинки, лекин уларни қўлдан чиқармаслигимиз керак.
Энди биз тўғри уларга қараб борардик. Ўтхонада олов гувиллар, қудратли машина гўё баҳайбат бир металл юракдек тинимсиз тўқилларди. Қайиқнинг ўткир тумшуғи сокин сув бағрини қиличдай тилиб, ўқдай учиб борарди. Қайиқ мисоли жонли махлуқдай тинимсиз титрар ва чайқаларди. Тумшуғидаги сариқ фонус нури олдинда милтиллаб ўйнарди. Олдимизда сувда қора бир соя чопиб борарди – бу «Аврора» эди. Орқасида қолаётган оппоқ кўпик изи унинг қандай тезликда кетаётганини кўрсатарди. Биз баржалар, пароходлар, савдо-сотиқ билан шуғулланадиган елканли кемаларни ҳам чап, ҳам ўнг томондан қувиб ўтиб, олдинга интилардик. Қоронғулик қаъридан бақириқ-чақириқлар эшитиларди, «Аврора» эса ҳамон олға борарди, биз унга етай-етай деб қолгандик.
– Тезликни оширинглар! – деб қичқирди Холмс машина бўлимига мўралаб: пастдан олов ёлқини унинг жиддий, бургутсифат юзини ёритди.
– Назаримда, уларга етиб оляпмиз, – деди Жонс «Аврора»дан кўзини узмай.
– Ҳа, бунга шубҳа йўқ! – деб хитоб қилдим. – Ҳозир, бир-икки дақиқада етиб оламиз.
Худди шу пайт шум тақдир ўз ишини қилди: уч баржа тиркалган буксир йўлимизни кесиб ўтди. Агар рулчи эпчиллик қилиб рулни охиригача бураб қолмаганда, биз унга бориб урилардик. Биз уларни айланиб ўтиб, яна йўлимизга тушиб олдиг-у, лекин бу орада «Аврора» камида икки юз ярд узоқлашиб кетибди, бироқ бахтимизга уни ҳали ҳам яхши кўриб турардик. Машина бор кучи билан ишлар, шарти кетиб, парти қолган қайиғимиз бу катта босимга дош беролмай тинимсиз чайқалар, ғичирлар эди. Биз Пулни орқада қолдириб, Вестинд докларидан ўтиб кетдик, узунданузоқ Дептфорд тилини ва Итлар оролини айланиб ўтдик. Олдимиздаги хира доғ аста-секин «Аврора» шаклини ола борди. Жонс прожекторни ёқди, унинг бортидаги одамларни биз энди аниқ кўрдик. Биттаси кеманинг қуйруғида оёғи остидаги қандайдир қора нарса устига энгашганча ўтирарди. Шундай ёнида улкан ньюфоудленга ўхшаган қора бир уюм ётарди. Ўтхона алангаси катта Смитнинг юзини ёритиб турарди, у белигача яланғоч бўлиб олиб, ўтхонага устма-уст кўмир ташларди, ўғли румпелни ушлаб олганди. Қочоқлар орқаларидан қувиб келишаётганларини дарҳол фаҳмламадилар, лекин бизнинг назардан бир зум қочирмай изма-из келаётганимизни кўриб аниқ ишондилар. Гринвичнинг олдида биз улардан юз қадамча орқада эдик, Блэкуоллуга етганимизда масофа етмиш беш қадам қолди. Ҳар хил саргузаштларга тўла армия ҳаётида бундай қувишларда жуда кўп қатнашганман, лекин Темза дарёсидаги бу шиддатли пойга пайтидагидай ҳечам ҳаяжонланган эмасдим. Мана, етай-етай деб қолдик. Тун сукунатида улар машинасининг тақиллаши, пишиллаши аниқ эшитилади. Кеманинг қуйруғидаги одам палубадаги ниманингдир устига энгашганча, ҳамон қўллари билан нимадир қилади, у дамбадам бошини кўтариб, «Аврора» билан бизнинг оралиғимиздаги масофани чамалаб кўрмоқчи бўлади. Биз жудаям яқин қолдик. Жонс, тўхтанглар, деб қичқирди. Бизларни атиги тўрт корпус ажратиб турибди, иккала қайиқ ҳам гўё қанотда учиб кетаётгандек. Темзанинг бу қисми бўм-бўш эди. Бир томонида Баркинглевел пастлиги чўзилиб кетган, бошқа томонида машъум Пламстед ботқоқлиги ястаниб ётарди. Кеманинг қуйруғидаги одам Жонснинг буйруғини эшитганидан кейин ўрнидан сапчиб турди-да, муштини ўқталиб бизни қўпол ва бўғиқ овозда бўралаб сўка бошлади. Бу новча, бақувват одам палубада оёқларини кериб турарди, унинг ўнг оёғи ёғочдан эканлигини аниқ кўрдим. Унинг кучли, бўғиқ овози янграгандан кейин палубада қора уюм ғимирлаб, пакана қора одамчага айланди, унинг боши хумдек бўлиб, тўзиган сочлари ҳурпайиб турарди. Холмс тўппончасини олди, ўша махлуқни кўрганимдан кейин мен ҳам тўппончам дастасини ушладим. Унинг эгнида узун кенг чакмонгами, адёлгами ўхшаган қора бир рўдапо кийим бор эди, фақат юзи очиқ эди, бундай башарани даҳшатли тушлардагина кўрасан. Мен бирорта юзда шунчалик қаҳр-ғазаб ва қонхўрликни кўрмагандим. Унинг кўзлари чақнар, осилиб тушган қалин лаблари истеҳзоли илжайганида ваҳшиёна ғазабдан ғижирлаган оқ тишлари кўриниб кетарди.
– Агар у қўлини кўтарса, отинг, – деди вазмин Холмс.
«Аврора» биздан атиги бир корпус нарида, қўлимизни шундай чўзсак етадиган масофада эди. Мен уларнинг икковини – оёқларини кенг кериб, бизларни болохонадор қилиб сўкаётган баланд бўйли оқ танли эркакни ҳам, даҳшатли пакана одамни ҳам аниқ кўриб турардим: унинг жирканч башараси ва иржайган сарғиш тишлари фонусимиз ёруғида ялтирарди.
Яқин боришга улгурганимиз яхши бўлди. Биз ундан кўзимизни узганимиз йўғ-у, лекин барибир ёнидан мактаб болаларининг чизғичига ўхшайдиган калта ёғоч трубкасини чаққон олдида, оғзига тиқди. Икки томондан бараварига ўқ янгради. Пакана одам ўгирилиб қаради, қўлларини икки томонга ёзиб, нафаси тиқилгундай бўлиб йўталди-ю, сувга ён томони билан йиқилди. Бир зум тўлқинлар кўпигида унинг қаҳр-ғазабга тўла, заҳри қотил башарасини кўрдим. Худди шу пайт ёғоч оёқли киши рулни зўр бериб айлантира бошлади, унинг қайиғи чап соҳил томонга кескин бурилди. Биз ҳамон уни ўққа тутардик, лекин сира теккиза олмасдик. Ўқлар ундан атиги бир неча фут наридан ўтиб кетарди. Биз ҳам бурилдик, лекин кеч бўлганди: «Аврора» аллақачон тумшуғи билан соҳилга урилганди. Бу – одам оёғи етмаган, хилват жой эди. Ой хира нури билан жуда катта ботқоқликни ёритарди, ундаги кўлмак сув милтиллар, чирик ўт-ўланлар оролчалари қорайиб кўринарди. «Аврора» соҳилга гурсиллаб урилди-да, мустаҳкам туриб қолди, тумшуғи осмонга кўтарилиб, қуйруғи эса сувга ботиб турарди. Қочоқ соҳилга чопиб чиқди, унинг ёғоч оёғи ўша заҳоти ёпишқоқ лойга охиригача ботиб кетди. У бутун гавдаси билан чайқалиб, оёғини тортиб олишга қанчалик уринмасин, уддасидан чиқолмади. У энди на олдинга, на орқага бир қадам ташлай оларди. У ожизлигидан инграб, иккинчи оёғи билан балчиқни зўр бериб тепкиларди. Лекин машъум ёғоч оёғи ботқоққа тобора чуқурроқ ботарди. Катеримиз унинг олдига етиб борганида, у белигача ботқоқда турарди, биз арқонни унинг белига боғлаб, аранг тортиб олдик. Кейин уни каттакон хавфли балиқдай анча ергача судраб бордик. Смитларнинг иккови ҳам – ота ва бола ўз катерида бошларини хам қилиб ўтиришарди, лекин буйруғимизга итоатгўйлик билан бўйсунишиб, бизнинг бортга ўтишди. Кейин «Аврора»ни бўшатиб, кемамиз қуйруғига маҳкам боғлаб қўйдик. Унинг палубасида ҳинд усталари ясаган оғир темир сандиқча турарди, бу Шолто оиласига кўп мусибат келтираётган хазина яширилган ўша сандиқча эканлигига шак-шубҳа йўқ эди. Калити йўқ эди, гарчи анча оғир бўлса ҳам биз уни эҳтиётлаб кичкина кабинамизга олиб бориб қўйдик. Биз Лондонга секин қайтар эканмиз, йўл-йўлакай прожектор билан дарё ва унинг соҳилларини қидириб бордик, лекин ўша пакана орол кишисининг изини шу-шу тополмадик. Ўз ажалини туманли соҳилларимизда топган ўша ғалати ажнабийнинг суяклари Темза дарёсининг қаеридадир, сербалчиқ тубида шу аср охиригача ётади.
– Қаранглар-а, – деб Холмс ёғоч эшикнинг тавақасини кўрсатди, – ҳар ҳолда у биринчи бўлиб ўқ узган экан.
Чинданам, биз Холмс икковимиз турган жойда тахтада бизга яхши таниш бўлган қора тиканнинг биттаси диккайиб чиқиб турарди.
Афтидан, биз тўппончаларимизни баравар ўқлаётган пайтимизда орамиздан ўтиб кетган. Холмс мийиғида кулимсираб қўйди, очиғини айтсам, шу кечаси биз қандайдир бир мўъжиза билан бу даҳшатли ўлимдан қутулиб қолганимизни тасаввур этишим биланоқ аъзойи баданим титраб кетди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.