Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 21

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ТОМ МАЪНОДА ОЛИЖАНОБ ИНСОН

Убайдулла УВАТОВ,

тарих фанлари доктори, профессор.


Инсон зотининг фалсафасими ёки табиатими қизиқ бўлар экан-да. Чунки ҳаётлик давримизда эл қатори умргузаронлик қилиб юрган пайтимизда ҳар доим ҳам қариндош-уруғ, дўсти-биродарнинг қадрини, умуман улар ҳақида бир дам ўйлаб фикр қилиш хаёлимизга келмайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора, ёинки оиласи даврасида ёки бўлмаса турмуш ташвишлари билан банд. Мана шу тоифага кирувчи қалбимизга яқин одамлар куни битиб дунёдан ўтиб қолса, кейин шу кишининг одатлари-ю, феъл-атвори, фазилатлари ҳақида гапириб уни эслаймиз. Шахсан мен учун ана шундай инсонлардан бири марҳум биродаримиз Амир Тўраев эди.

Кўпчиликка маълумки, бу инсон узоқ йиллар мобайнида Қашқадарё вилоятида турли масъул лавозимларда қарийб ўттиз йил давомида фаолият кўрсатган бўлиб, умрининг йигирма йилчасини Тошкентда, нуфузли илмий-ижодий ташкилотларда хизмат қилиш билан ўтказди. Ўзи ишлаган барча ташкилотларда катта муваффақият билан фаолият юритди. Ўзининг самарали меҳнати, ташаббускорлиги, ишчанлиги, хушмуомалалиги ва инсонларга нисбатан ҳурматию меҳр-оқибати туфайли ўзи меҳнат қилган барча муассаса жамоалари ўртасида катта обрў-эътибор қозонди, ўзидан ёрқин из қолдирди.

Бу инсон, назаримда, ҳар доим қўлидан келгунча бировга яхшилик қилсам, имкон қадар ёрдам берсам деган эзгу бир ният билан яшарди. Бошқаларга яхшилик қилишдан ўзи ҳам мамнун бўлиб, севинганига неча марталар гувоҳ бўлганман. Шу муносабат билан бир ҳадиси шарифни келтиришни ўринли деб ҳисоблайман. Бир куни саҳобаи киромлар жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан: “Айтинг-чи ё Расулуллоҳ! Сизнинг фикрингизча қандай одамни энг яхши одам деб айтиш мумкин?”, деб сўраб қолдилар. Шунда Сарвари олам: “Хайрун носи ман янфаъ ун-носа” (Одамларнинг энг яхшиси бошқа одамларга фойдаси тегадигани), деб жавоб қилдилар. Ҳар доим шу муборак ҳадис ёдимга тушса, Амир Тўраевдек бошқаларнинг ғамташвишини ўйлайдиган, имкон қадар уларнинг оғирини енгил қиладиган саховатли, олийжаноб инсонлар кўз олдимга келаверади. Чунончи, раҳматли Амир ака бутун ҳаёти давомида бошқаларга имконига яраша ёрдам қўлини чўзиб фойдаси тегиб келди. Бу хайирли ва ҳар қандай таҳсинга лойиқ одат Амир Тўраев учун қатъий бир қоида, ҳаётий бир ақийда бўлиб қолган эди, десак ҳеч бир муболаға бўлмайди. Бутун умри давомида кўплаб савоб ва хайирли ишларни қилиб келган бундай инсонлар ҳар доим элу юртнинг, барча барчанинг қалбидаю дилида яшаб, абадий барҳаёт қолишдек самимий эъзозга муносибдир.

Ҳоли ҳаётини бардавом равишда мана шундай эзгу ва ибратли ишларга бағишлаб, умргузаронлик қилган биродаримиз Амир Тўраевни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!

ЎЗИГА ИШОНАР ЭДИ

ИНОЯТОВ Январ Пўлатович

Қашқадарё вилояти “Нуроний”

жамғармасининг раиси.


Жамиятни янада ривожлантириш ва довруғини ошириш учун шу жамиятда яшаётган фарзандлар ўз аждодларидан, ҳеч бўлмаганда оталарига нисбатан анчайин илғор бўлишлари керак. Амир Тўраевни юртимизнинг ана шундай фарзандларидан бири мисолида биламан. Унинг отаси Тўра ака билимли, доно ва ташаббускор инсон эди. Фарзандларини ҳам ўз навбатида ўқимишли, тарбияли қилиб вояга етказди.

Амир Тўраев собиқ Ульянов (ҳозирда Касби) туманида қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаётганида мен Москва шаҳридаги олий сиёсий мактабда таҳсил олаётгандим. Ўқишимни давом эттираётган кунларимнинг бирида мени зудлик билан вилоятга етиб боришим кераклигини билдиришди. Ўша йиллари самолёт Москвадан республикамизга фақат Тошкент ва Самарқандга қатнарди. Белгиланган куни Самарқандга келиб, шу ердан Қарши шаҳрида бўлиб ўтадиган сессияга иштирок этиш учун машинада етиб бордим. Сессияда мени вилоят ижроқўм раисининг муовини лавозимига сайлашди.

Эртаси куниёқ Қарши чўлида тузилган собиқ Усмон Юсупов(ҳозирда Миришкор) туманига борадиган бўлдим. Туман саркотиби Қарол Маҳмудов билан “Тошкент” номидаги 21-давлат хўжалиги пахта далаларини кузатадиган бўлдик. Ўшанда Амир Тўраев хўжалик директори экан. Қарол Маҳмудов мени унга таништирар экан, “Амир, Январ Иноятович хўжаликда ғўза парвариши билан танишгани келибдилар” деди. Хўжалик директори ўзига хос табассум билан: “Январ ака қишлоқ хўжалиги соҳасининг одами. Айниқса, пахтани яхши биладилар. Чорвачиликнинг ҳам пири. Қани эди, ҳар куни келсалару, ўз маслаҳатларини баҳам кўрсалар” деди. Шу куни пайкалма-пайкал ғўза парваришини кузатдик. Кўсаклар шода-шода, ишлов беришнинг ками йўқлигига гувоҳ бўлдим.

Теримга тайёргарлик билан қизиққандим, у: “Январ ака, шу йил қўл теримидан воз кечмоқчиман! Юз фоиз ҳосилни машиналар ёрдамида йиғиштириб олмоқни кўзлаяпмиз!” деди ўзига ишонч билан. Ҳа, Амир Тўраев вилоятдагина эмас, республикада қишлоқ хўжалик соҳасининг энг ёш олим-мутахассиси эди. Бир сўз билан айтганда ўз касбининг устаси сифатида тан олинганди. Ёш бўлсада, ўзига, ўз билимига ишонгани учун ҳам хоҳлаган мутахассис билан мунозарага кира оларди. Акс ҳолда биров билан тортишмасди. Ниҳоят даражада салоҳиятли бўлганлиги учун бўлса керак, ҳеч кимдан тортиниб ўтирмасди. У ўша йили ваъдасининг устида чиқиб, етиштирилган ҳосилни терим машиналарида тўлиқ териб олишга эришди. Фақат эгатларга тўкилиб қолган пахталаргина қўлда терилди.

Амир Тўраевнинг билими, ташаббускорлиги, янгиликка ўчлигини инобатга олиб раҳбарият уни вилоят миқёсидаги вазифаларга ҳам тайинлашганди. Бу вазифаларда ҳам у кўпчиликнинг назарига тушиб, обрўэътиборга эришди.

Амир Тўраев ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб, чўлда ташкил этилган “Беруний” номидаги 33– давлат хўжалигига директорлик қилди. Ўша кунлари бу хўжаликнинг ҳолати жуда оғир аҳволда эди. У жамоани юксалтириш мақсадида ўзидаги бор имконият ва билимидан фойдаланди. Натижада хўжаликни тез орада илғорлар сафига олиб чиқди. Вилоятнинг энг чекка ҳудудида жойлашганига қарамсдан хўжалик марказини замонавий шаҳарча даражасига келтирди. Айниқса, у аҳолининг маиший-маданий эҳтиёжини қондиришга катта эътибор берди. Марказий иссиқлик манбаини ишга тушириб, хонадонларда иссиқ ва совуқ сувни доимий оқиб туришини йўлга қўйганди. Ҳатто, хўжалик маданият марказида машҳур “Марҳабо” бадиий ансамбли фаолият кўрсатарди…

Янгилик яратилаётган жойда, албатта кимлардир томонидан ҳасад ва хусумат ҳам юзага келади. Ўшанда учинчи шахсларнинг “беминнат хизмат”и билан хўжалик ва вилоят раҳбарининг орасида зиддият юзага келтирилди. Шу орада Амир Тўраев меҳнат таътилига чиқишга рухсат сўраб ариза ёзди. Унинг бу талаби эътиборга олинмасдан, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ўшанда мен вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасида раҳбарлик қилаётгандим. У менга учраб: “Январ ака, хафа бўлмангу, мени ишдан нотўғри бўшатишгани учун бошқармани судга бераман”, деди. Мен рози бўлдим. У судга шикоят аризасини ёзди. Натижада Амир Тўраев ютиб чиқди ва ўзининг хоҳиши билан ишидан воз кечди.

У ана шундай билимли ва ориятли инсон эди. Бир ишга киришдими, албатта охирига етказмасдан қўймасди. Одамгарчилик, инсоний фазилат унда кучли эди. Вилоятдан ўзи танийдиган бирор киши Тошкентга даволанишга борганини билиб қолса, албатта вақт топиб, ҳолидан хабар олишга шошар ва ёрдам беришга интиларди.

Амир Тўраев фарзанд сифатида падарибузрукворининг анъанасини давом эттирди. Ўз фарзандларини эл-юртга садоқатли қилиб тарбиялади. Уларнинг барчаси ўқимишли, она-Ватан равнақи йўлида турли жабҳаларда меҳнат қилишмоқда. Ҳатто, фарзандларининг бири отаси каби йигирма уч ёшида қишлоқ хўжалик фанлари номзоди диссертациясини муваффақиятли ҳимоя хам қилди.

Амир Тўраевнинг ҳали амалга оширмоқчи бўлган орзулари мўл эди. На илож, Аллоҳ берган умрга қўшиб ҳам, камайтириб ҳам бўлмайди. Ота орзуларини, албатта фарзандлари амалга оширишига ишончим комил!

КЕЛИШСИН, ЁНМА-ЁН ЯШАЙМИЗ…

Игор ТУРСУНОВ,

вилоят фаоли, замондошсафдоши.


Ўзининг шижоати, донолиги, довюраклиги ва эртаги кунни аниқ-тиниқ ҳис этадиган инсон Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё воҳасига биринчи раҳбар бўлиб келди-ю, қисқа вақт ичида вилоятимиз аҳлининг ишончини қозона олди. У вилоятимизга раҳбарлик қилган саноқли йиллар орасида қадами етмаган қишлоқ қолмаган эди. Борган қишлоғида иложи борича аҳоли билан учрашиб, уларнинг ҳаёт тарзи, кўнгилларидаги истак-хоҳишлари билан яқиндан танишишга ҳаракат қиларди. Биринчи раҳбарнинг бу ҳатти-ҳаракатлари халқимизнинг кайфиятини кўтарилишига, эртанги кунига ишончи қайта бошланишига олиб келди. Сабаби, республикамиз осмонида ўша кунлари “қора булут”лар сузиб, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” каби ўйлаб топилган баҳоналар билан минглаб инсонларни қама-қама айни авжига чиққан давр эди. Қайси қишлоққа борманг, “Кеча фалончининг ўғлини олиб кетишибди”, “Фалончининг эрини қамашибди”… деган бир-биридан совуқ хабарларни эшитардингиз. Бу эса халқнинг кайфиятини бутунлай туширган, эртага нима бўлишини билмасдан барча карахт ҳолатда эди. Уларнинг ёнини оладиган раҳбар зоти топилмай қолганди, ўша кунлари. Кексаю ёш фақат Яратгандангини ёрдам кутишарди…

Бундай бебошликка Республика миқёсида биринчи бўлиб Қашқадарё воҳасида чек қўйиш бошланди. Бу ишга вилоятимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов тап тортмасдан бош қўшди. Вилоят марказида катта йиғилиш ўтказиб, Гдлян ва Ивановларнинг ҳаттиҳаракатига нуқта қўйишга, қамалганларни эса тез орада ўз оиласи бағрига қайтаришга ишонч билан ваъда берди. Унинг бу шерюраклиги хабари бутун воҳага тарқалди. Ҳатто, вилоятимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб иш тутишига, ўз олдига қўйган режаларининг мазмунмоҳиятига ўша кунлари собиқ иттифоқ раҳбарлари ҳам тан беришганди. Шундан сўнг тез орада Ислом Каримов республикамизнинг биринчи раҳбарлик лавозимига кўтарилди. Натижада ўзининг саъйи-ҳаракатлари билан Ўзбекистон осмонидаги “қора булут”ларни тарқатди ва халқимиз ишончини тўлиқ эгаллади.

Мен ўша йилларда “Қаршиқурилиш” бошқармасида фаолият кўрсатардим. Бошқарманинг навбатдаги фаоллар йиғилишида бошқарма бошлиғи Султон Чегибоев сўзга чиқиб: “…Деҳқонобод туманидаги бир қишлоқ аҳли республикамиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримовга Қарши чўлини обод қилишга ўз ҳиссамизни қўшиш учун янгидан ўзлаштирилаётган ерларга кўчиб боришимизга ёрдам берсангиз мазмунида талабнома билан чиқишибди. Юртбошимиз вилоятимиз раҳбарларига ушбу ташаббусни ижобий ҳал қилинглар, дебдилар…” деган пайти йиғилиш залига маълум бир сабаб билан кечикиб қолган Амир Тўраев рухсат сўраб кириб келди. Бошқарма бошлиғи унга кўзи тушган заҳоти гапини қайта бошдан қисқа қилиб тушунтирдида: “Қани, бунга Амир қандай фикр билдираркан?” деди.

Амир Тўраев ўшанда янидан ташкил этилган “Беруний” номидаги 33-давлат хўжалигида директор бўлиб фаолият кўрсатаётган эди. Шу ерда ҳам у ўзининг ҳозиржавоблиги билан барчани лол қолдирди. Ҳозиргина ўтирган ўрнидан тураркан, “Султон ака, Қарши чўли мардлар майдони. Деҳқонобод тоғлари орасидан шундан мардлар чиқибди-ки, қойил қолиш керак! Уларга қанча экин майдони керак бўлса, ўзимизнинг хўжалигимиздан ажратамиз! Бемалол келишаверишсин, бир тан-бир жон бўлиб, бирга-бирга яшаймиз. Чўлга келиб, кам бўлаётганимиз йўқ, Султон ака!…” деди қўлини кўксига қўйиб. Залда гулдурос қарсаклар янгради.

Кўп вақт ўтмасдан, деҳқонободликлар 33-давлат хўжалигининг “Тожикистон” деб юритилган 5-бўлимига кўчиб келишди. Амир Тўраевнинг раҳбарлигида янги хўжалик экин майдонларини сув билан таъминлайдиган бетонлаштирилган янги канал қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Қаршиқурилиш” бошқармаси қурувчилари тез орада шаҳарча типидаги янги қўрғонни бунёд этишди. Натижада, шу баҳона “Тожикистон” номли янги давлат хўжалиги юзага келганди.

Бу хўжалик ҳудуди ҳозирда улкан деҳқончилик марказига айланган. Аҳолиси тўкин-сочин ҳаёт тарзида яшамоқдалар. Келишганида яёв бўлган аҳоли ҳозирда Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилаётган “Нексия”, “Коболт”, “Дамас”, “Ласетти” каби энг замонавий енгил машиналарга эга. Уларни кўриб, Амир Тўраевнинг ўзим гувоҳ бўлган ўша йиғилишдаги “Чўлга келиб кам бўлганимиз йўқ” деган гапи-ю, қўлини кўксига қўйиб турган ҳолати кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Аслида Амир акани таниганимда анча ёш эдим. Ўшанда у киши янги тузилган собиқ Ульянов(ҳозирда Касби) туман қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғи эди. Бир куни отам айни туш пайти қорачадан келган қотмагини йигитни хонадонимизга бошлаб келдилар-да, онамга: “Бу йигит ўзимизнинг Пўлати қишлоғидан. Турган битгани билим. Аммо, соғлиғида озроқ ками бор. Парҳез овқат тайёрлаб келинг. Онаси, эсингиздан чиқмасин, бугундан эътиборан Амиржонни ҳам ўз фарзандларингиз қаторида қабул қилинг. Эшигимиз ҳам, қалбимиз ҳам бу йигит учун доимо очиқ, оиламиз аъзоси сифатида хонадонимизга кириб чиқади…”, дегандилар. Ўша-ўша Амир Тўраев билан бизлар ака-ука бўлиб кетгандик…

ЯХШИДАН ЁД ҚОЛАДИ

Сафар САРМОНОВ,

милиция полковниги.


Бир воқеа сабаб Амир ака билан танишганман. Ўшанда 1992 йилнинг эрта баҳори эди. Мен Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармасининг бошлиғи ўринбосари лавозимида эндигина иш бошлаган эдим.

Навбатдаги иш куним бошланган пайти хизмат телефоним жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам алоқада Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи Виктор Аширов экан. Гўшакдан унинг “Сафарбек, тезда Усмон Юсупов туманининг 33-давлат хўжалигига етиб боринг. Хўжалик директори қандайдир фирибгарни аниқлаб, қўлга туширибди. Ўзим ҳам бораман…” деган таниш овози эшитилди.

Махсус гуруҳ ҳамроҳлигида дарҳол йўлга тушдим. Хўжалик директорининг хонасига кирганимизда қўллари ўзи ўтирган стул суянчиғига қўшиб боғланган қандайдир нотаниш кимсага кўзим тушди. Икки томонида икки киши тик турганча уни қўриқлаб туришарди.

“Т” шаклидаги иш столи тўрида ўтирган қорачадан келган қотма киши ўзини хўжалик раҳбари Амир Тўраев деб таништирди. Унинг кўзлари чақнаб турарди. У мени ўтиришга таклиф этди-да, юз берган воқелик тўғрисида ҳикоя қила бошлади: “…У кутилмаганда хона эшигини очиб, ҳе йўқ бе йўқ ичкарига кириб келди-ю, ўзини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар министрлиги ОБХСС бошлиғи полковник Махмаюсупов бўламан, хўжалигингизда юз бераётган кўплаб қонун бузилишлар бўйича иш олиб бориш мақсадида шахсан ўзим келдим, деб уст-устига саволлар бериб, мени сўроққа тута бошлади.

Аввалига ишониб-ишонмасдан саволларга жавоб қайтардим. Берилаётган саволларнинг мазуни негадир ўз соҳасининг мутахассисига хос эмасдек туюлаверди менга. Хаёлимдан, бу орган ходими бўлмаса керак-ов, деган ўй ўтди. Шундан сўнг изқуварларга хос бўлган талантимни қўлладим. Савол жавоблар орасидан уни обдан кузата бошладим. Пиёлага чой қуйиб, унга узатдим. Пиёлани олаётганида кўйлагининг енги кир бўлиб кетганига кўзим тушди. Турли баҳоналар билан ўрнимдан туриб, ҳар томонлама кузатишни давом эттиравердим. Шу пайт назарим унинг оёғидаги ёзги мавсумда кийиладиган туфлисига тушди . Синчиклаб қарасам туфлисини пайпоқсиз кийиб олган экан. Гўё ҳеч нарса билмагандек бориб жойимга ўтириб олдим-да, ундан шахси, иш жойи ва лавозими кўрсатилган хизмат гувоҳномасини талаб қилдим. Ҳужжатни менга бемалол узатди. Ҳужжат сохта эканлиги шундоққина билиниб турарди. Шундан сўнг ўз навбатида уни энди мен саволга тута бошладим. У жавоб беришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ўзини йўқотиб қўйди. Ўрнидан қўзғаларан, “Қолган гапларни кейинги сафар бафуржа гаплашиб оламиз…” деб кетишга шайланди. Унинг орган ходими эмаслигига тўлиқ ишонч ҳосил қилганимдан сўнг “Йўқ, меҳмон, кетмайсиз, ҳақиқий савол-жавобни энди бошлаймиз…” деб, ходимларимни чақириб, “ички ишлар ходими”нинг қўлларини ўзи ўтирган стул суянчиғига боғлатдим ва сизларга қўнғироқ қилгандим” деб кулиб қўйди Амир Тўраев.

Суриштириш давомида Махмаюсуповни сохта гувоҳномалар билан бир неча бора фирибгарлик жиноятлари содир этиб, муқаддам етти марта судланганлиги маълум бўлди.

Республикамизнинг бир қанча вилоятларида бўлиб, кўплаб фуқаролар ва мансабдор шахсларни чув тушириб, жиноятлар содир этган Махмаюсуповнинг ҳийласи бу сафар Амир Тўраевга ўтмасдан шу ерда унинг кирдикорлари фош бўлганди. Амир ака эса ҳушёрлиги, фуқаролик бурчини сидқидилдан бажарганлиги учун вилоят ИИБнинг қиммат баҳо совғаси – қўл соати билан тақдирланди.

Бир сўз билан айтганда, Амир ака жуда ҳушёр, зийрак, тўғри сўз ва қатъиятли инсон эди. У киши ҳаётда ўз дунё қараши, ўз фалсафаси билан умргузаронлик қилди.

Амир Тўраев 2014 йилнинг 6 июль куни – 67 ёшида бандаликни бажо қилганди. Уни сўнгги манзилга кузатиш маросимида минглаб кишилар иштирок этишди. Бу ҳолат Амир аканинг эл орасида ўзига яраша иззатҳурматга эга эканлигидан дарак беради. Ўзининг кўплаб эзгу ишлари билан танилган Амир Тўраевнинг номини биз танишлари абадул-абад унутмаймиз. Пўлатиликлар эса барҳаёт Амир Тўраев билан доимо фахрланадилар.

Сиз, мен ҳурмат қиладиган, қадрлайдиган инсонларимдан бири эдингиз, охиратингиз обод бўлсин, Амир ака!

ЯХШИЛИКНИ ЧЕҲРАСИ ОЧИҚ ИНСОНДАН ИЗЛАНГ

БОБОҚУЛОВ Икром Ҳаққулович,

тиббиёт фанлари номзоди.


Амир Тўраев қалби очиқ, халқпарвар, шижоатли, чўрткесар, қаттиққўл, аммо одамларга нисбатан жуда мурувватли инсон эди(Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин). Бу инсон ўзининг ибратли умри мобайнида замондошларига ҳамма вақт “лаббай” деб жавоб берадиган, изтиробларига шерик бўладиган, беминнат ёрдамларини аямайдиганлар сирасига кирарди. Унга бундай таъриф беришимга сабаб, дард чеккан одамларга елиб-югуриб ёрдам берганлигига бир неча бора ўзим гувоҳ бўлганман. Муҳтож инсонларга тўғри йўл кўрсатганлиги ва тегишли зарурий маслаҳатлар берганлиги сабабли уларнинг ҳаётлари сақланиб қолган.

Бир сафар камина, Жуманазар Бекназаров ва бир нечта шифокорлар Амир Тўраев ўтказаётган тўйга иштирок этгандик. Ўша йиллари қашқадарёлик таниқли шифокор Мейли Ўткирович Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлар эди. Тўйдан сўнг у киши бизларни хонадонларига таклиф этиб, зиёфат берди. Суҳбат давомида хонадон соҳиби Амир Тўраевни ўтган асрнинг саксонинчи йилларида вилоят Кўп тармоқли болалар марказий шифохонасига 42 минг сўм ёрдам берганлигини, бу маблағга ўша йиллари беш дона енгил автомобиль сотиб олиш мумкинлигини, пулни шифохонани ривожлантиришга ишлатилганини сўзлаб берганди. Бундай бағрикенглик ва саховатпешалик Амир акага отаси Тўра бободан ўтган бўлса керак, деган фикрга борган эдим, ўшанда.

Бир суҳбатида Тўра бобо: “… Пахта терими мавсуми яқинлашаётган пайтлари эди. Тонгги соат тўртларда отни миниб, хўжалик даласини айланиб юргандим. Бир пайкалнинг бошига борганимда қўлбола ертўлада вақтинчалик яшаб турган бир оила аъзолари бола-чақаси билан овоз чиқазиб, йиғлаб туришганига дуч келдим. Уларнинг нолишидан оилада бирор мусибат юз берган бўлса керак деган хаёлга бордим. Оила соҳибини яхши танирдим, қарасам оила аъзоларининг барчаси соғ-саломат туришибди. Оила бошлиғини секин четга чақириб, “Нима гап, тинчликми?” деб сўрадим. У дағ-дағ титраркан “Бобо, рўзғоримизга катта мусибат юз берди, оиламизни боқиб турган сигиримиз сувга чўкиб ўлди!” деди. “Ия, далада канал бўлмаса сигир қандай қилиб чўкади?” дедим ажабланиб. “Тунда ўғрилар ўғирлаб кетмасин деб сигиримизни ертўлага солиб, ўзимиз устида ётгандик. Кечанинг бир маҳалида эгатдан сув қочиб, ертўладаги сигиримиз бўкиб ўлибди” деб яна йиғлашга тушди. Шунда мен уларга “Азият чекманглар, сигирингиз тирик…” деб далда бердим ва ўша ернинг ўзидан уйимга қайтдим. Тонг отгач ишончли киши орқали ҳовлимиздаги она-бола соғин сигирни уларга туҳфа қилиб юбордим… – деган эди камтарлик билан ва гапини давом эттирди. – Фарзандларим орасида энг тиниб-тинчимаси ва ҳаракатчани Амир эди. У токи қирқ ёшга тўлгунича топган барча маблағини менга келтириб топширар, мен ундан ўн сўмини олиб, ўзининг эҳтиёжига сарфлаш учун қайтариб берардим. Бошқа фарзандларим ҳам ундан ўрнак олишганди. Ёшим кексайиб қолганда бу маблағларни фарзандларимнинг барчасига тақсимлаб берганман. Шунда биринчи бўлиб, “Амир, бу маблағлар орасида сенинг улушинг ва ҳиссанг кўпроқ, шу боисдан ҳам катта қисмини сен олгин” деганман.

Амир Тўраев камсуқум, ота-онасига, ака-укалари, қариндошлар ва юртдошларига жуда меҳрибон эди. Шу билан бирга шунчалик шижоатли ҳам эдики, бир суҳбатимиз давомида “Амир ака, бу жазирама иссиқда шиддат ва серҳаракат билан юриб чарчамайсизми?” деганимда у: “Агар ернинг қозонники каби қулоқлари бўлганида уни кўтариб олишга ҳам шижоатим ва кучим етадигандай ўзимни ҳис қиламан. Ҳозирги айрим ёшларнинг шалвираб, букчайиб юришларини кўриб асабим қўзийди…” деб жавоб берган эди.

Инсонларга таъриф беришда Амир акага тенг келадигани ҳаётда кам учраса керак, деб ўйлайман. У нафақат ўзининг мутахассислиги, балки бошқа соҳаларни ҳам кенг ўрганган, тиббиёт, шеърият, фалсафа, адабиёт, тарих дейсизми барчасини теран тушунар, академик билан ҳам, деҳқон билан ҳам бир тарзда гурунг қилиб кета оладиган инсон эди, назаримда.

Халқимизнинг севимли шоири Усмон Азимнинг бир марсияси бор. Шоиримиз ушбу марсияни ўзининг шоир дўсти вафоти муносабати билан куйиниб ёзган:

 
…Умр йўлдир, тириклик юксалишда доим ҳушёрдир,
Тирикларга тирикликдан жабри-ситам лек бисёрдир.
Қаро тупроққа кирмоқдин энди мен не учун қўрқай,
Қаро ернинг тагида сен каби бир яхши дўст бордир…
 

Амир ака ҳам ҳаммамиз учун шундай яхши ака, яхши дўст, яхши маслаҳатгўй, танти инсон эди. Шу боисдан ҳам бугун биз унинг ёрқин хотираси қошида бош эгиб, “Амир ака, ётган жойингиз шоҳистайи жаннат, ҳамроҳларингиз фаришталар бўлсин” деймиз.

2015 йил.

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации