Текст книги "Умр дарёси"
Автор книги: Шомурод Шаропов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 23 страниц)
ХОТИРА ДАФТАРИ
Республикамизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари даврасида тез-тез бўлиши, Амир Тўраевнинг бадиий қирраларига ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлаганди. Натижада ҳеч кимга билдирмасдан “Хотиралар дафтари” китобини ёзишга тутинганди. Ижодини одатда ярим тундан сўнг давом эттирарди. Бу кеч ҳам у ёзишга киришди:
“…Республикамиз осмонида “қора булут”ларнинг пайдо бўлишига 1983 йил бошларида Республикамиз Фанлар Академиясининг академикларидан бирининг Ўзбекистонда пахта етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлашдаги асосий камчиликлар тўғрисида КПСС бош котиби Юрий Владимирович Андроповга ёзган махсус мурожаат хати ҳам туртки бўлиб, оқибатда махсус текширув гуруҳининг ташланишига олиб келганди. Хатда пахта тайёрлаш жараёнида қонунни қўпол равишда бузиш, қўшиб ёзиш каби салбий ҳатти-ҳаракатлар юз бераётганлиги оқибатида хўжалик ва меҳнаткашларга жуда катта моддий ва маънавий зарар етказаётганлиги, бу камчиликларнинг бошида Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Шароф Рашидов турганлиги баён қилинган. Натижада академикнинг хати Москвани Ўзбекистон тўғрисидаги фикрини бутунлай ўзгартириб юборди. Бу қалтис хат Ўзбекистонда етказилаётган пахта миқдорига нисбатан ишончсизлик келтириб чиқарди. Оқибатда, буни сабрсизлик билан кутиб турган “оғларимиз”нинг Республикамизда ёппасига текширишлар бошлашига сабаб бўлди. Текширишлар давомида “Пахта иши”га мутлақо алоқаси бўлмаган минглаб инсонлар ҳам қамалди ва сўроқлар жараёнида қийноқларга солинди. Кўп раҳбарлар қийноқ азобларига чидаёлмасдан қамоқхоналарда ва баъзилари эса озодликка чиққандан сўнг бевақт вафот этишди.
“Пахта иши”ни тергов қилиш жараёнлари ўтган асрнинг 37-38-йиллар қатағонига тўлиқ ўхшарди. Ҳақиқатдан ҳам “Пахта иши” ўтган асрнинг 80– йилларида собиқ совет ҳукуматининг Ўзбекистонда амалга оширган қатағон сиёсатининг навбатдаги тўлқини эди. Чунки “Пахта иши” бўйича айбсиз қамалган ўзбек халқининг минглаб фарзандлари уч-тўрт йиллаб қамоқхоналарда иши судга оширилмасдан сақланган, ақлга сиғмайдиган турли қийноқларга дучор этилган. Буни узоқни кўра биладиган доно отам яқин орада катта фожеа рўй беришини ҳис эта бошлаган эди. Зеро, разолат тобора баралла бўй кўрсатаётган ва унинг қабиҳ кўланкалари бутун республикани қоплаб олаётганди. Унинг шарпаси, ҳатто хонадонларимиз остонасигача етиб келганди. Гўё эшикни очиб, ҳовлига чиқасану, унга пешонанг билан уриласан. Бир юзи ўттиз йил мобайнида адолатсизлик чоҳига ўт қалаган империя ўз занжирини мустаҳкамлашга, халқлар қонини зулукдай сўрган тоталитар тузумини сақлаб қолишга ҳаракат қиларди.
Мамлакат боши берк кўчага кириб қолганди. Хаёлий назариялар асосида барпо бўлган бундай пойдеворсиз тажриба ер куррасидаги қуруқликнинг олтидан бир қисмида, СССР деб аталмиш маконда яшовчи миллатлар ва элатлар бошига беҳисоб кулфатлар солди. Миллий нодир бойликларимиз марказга ташиб кетилди. Республикамиз буткул хом ашё базасига айлантирилган эди. Бир қарич бўш ер топилса ҳам пахтага ажратиларди. Аксинча, республикамизга ғалла, нефт маҳсулотлари ва саноат товарлари ғарбий ҳамда марказий республикалардан келтирилар эди.
Етмиш йилдан буён халқимиз барча азобларга чидаб келди. Ўтган асрнинг 37–38-йиллар қатағонлари турли кўринишларда давом эттириларди. Гдлян ва Иванов гуруҳи ўтказган қама-қама сиёсатлари, ўзбек халқига туҳмат бўлган “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” деган жиноий ишлар аслида ўйлаб топилган “от ўйини” эди. Биз доимо тонгдан шомгача жонимизни жабборга топшириб ишлардигу, негадир биримиз икки бўлмасди. Пешона теримиз билан етиштирилган ҳосилимизнинг сўнгги мисқолигача тортиб олиб, гадойга садақа бергандек, қўлимизга бир бурда нон тутқазишарди. Чуқурроқ ўйлаб кўриш, ўз халқимизга соҳиблик қилишга йўл қўйилмасди. Акс ҳолда бир найрангу баҳона билан қамашга ўтар эди.
Гдлян гуруҳининг етказган офати халқимизнинг айби учун эмас, халқимиз ҳасрату армонларини “оғаларимиз” томонидан ботқоққа ботириб юборишларига бир ҳаракат эди. Улар қулфланган, тиканли симлар билан қуршалган ҳаёт ичида ўзбек халқининг азиз фарзандларини қўрқитиб кун кўришдек ғояни илгари сурди. “Оғалар” ҳеч нарсадан уялмасдан, қўрқмасдан зўравонлик қилди. Ҳибсдагиларнинг, уларнининг хотин ва гўдакларини, ота-оналари ва турмуш ўртоқлари учун сўроқлардаги кўз ёшидан, дил тошидан улар олдин ҳам бундай ҳайкаллар қуришга ўрганишган бўлиб, бу борада улкан тажрибаларга эга эди.
Ўтган асрнинг мудҳиш 37-йилларида ҳам, Гдлян ва Иванов ўтказган ҳақсизлик даврида ҳам бу фожиаларнинг асл моҳияти тўғрисида ҳеч ким очиқчасига гапираолмаган, гапиришга имкон ҳам берилмаган. Бу бир ўйин эди, холос.
Қадимги Рим тарихига оид асарларда тасвирланишича, эрамизнинг I аср бошларидан Римда “ўйинлар” деб аталган томошалар ўйлаб топилган бўлиб, у йиртқич ҳайвонларни уриштириш ва гладиаторларнинг қиличбозликларидан иборат эди. Бундай кўнгил очди ўйинлар эса зодагонларни дафн этганда хизматкорларини қурбон қилиш одатларидан келиб чиққанмиш. Милоддан аввалги II аср охири I аср бошларида цирк ҳамда амфитеатрларда ўша ўлим жангги жамоат уюшмаларининг энг қизиқ ўйин турига айланган. “Пахта иши” ҳам партократларининг гўё мана шундай кўнгил очди ўйинларининг навбатдагиси эди.
Ҳақиқатан ҳам Рўзмат Ғойибов аҳволни қанчалик таранглашиб бораётганлигини, сиёсий бюро Ўзбекистонни қаттиқ исканжага олиб, ўз ҳукмини юритаётганлигини, ўзбек халқи ва унинг раҳбарлари устида уларнинг қора қузғунлари турганлигини, улар бугун бўлмаса эртага раҳимсизларча чўқиши аниқлигини билиб турган. У бизлар билан дардлашганда жуда эҳтиёт бўлиб, ўз қалбида уни емираётган оғриқларини айтар эди.
Ўз ўрнида отам ҳам бу мудҳиш воқеаларни тушуниб турар, лекин кўпга келаётган ғам-ташвишга қўшилишни мутлақо хоҳламасди. Гўё бўри боласини асрагандек бизларни асрар, бу борада хатога йўл қўймаслигимизни қаттиқ талаб қиларди. Йигирма тўрт соат давомида ўз ишига олти соат вақт ажратса, қолган вақтини биз фарзандларига бағишларди. Ҳар биримизнинг фаолиятимизни алоҳида-алоҳида таҳлил қилар, керакли маслаҳатлар берар, хавфли вазиятлардан чиқиб кетиш йўлларини излар ва кўрсатарди…”.
ДАРД
Тўнғич ўғли хонага кирганида отаси бугун олган газета нашрларини кузатаётганди. Унинг ёшлигидан одати шу, кунлик газеталарни варақлаб турмаса кўнгли жойига тушмасди.
– Ассалому алайкум, ота.
– Ваалайкум ассалом, ўғлим, келинг. Чойни ҳозиргина шопириб, мағзига чиқсин деб, газеталар билан отамлашаётгандим. Чойнакпўшни олиб, кўк чойдан қуйингчи.
– Ота, нимагадир чарчагандек кўринасиз, тинчликми, ёки…
– Тинчлик қаёқда дейсан, ўғлим, атрофингга бир боққинчи, вазият кундан кунга таранглашиб бораяпти. Нималар бўларкин деган хавотирдаман. Ҳа-а, майлига, нима бўлса бўлар, Алибек. Бизларнинг ёшимиз олтмишга бораяпти. Бутун ҳаётимиз ватан деб, уруш йилларида, урушдан сўнг жароҳатланган қалбим билан кечаю-кундуз коммунистик партия деб, халқимизнинг қорни тўйсин деб ишладик. Кўриб турибсан, халқимизнинг тирикчилиги оғир меҳнатлар ҳисобидан нари-бери ўтиб турибди. Қорнимиз тўйиб, бой бўлиб, тўкин-сочинликда қолиб ҳам кетганимиз йўқ. Буларни ҳар жойда айтиб бўлмайди, ўғлим, сени деб айтаяпманда!…
Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, охир-оқибат Усмон Юсупов… Ниёзов, Камолов, Муҳиддиновлар ҳам тезкорлик билан ҳар томонга жўнатилди. Марказга бир оғиз илкис гап айтса оқибати нима бўлишини Шароф Рашидов яхши билади. Болам, ўзингга эҳтиёт бўлгин. Шу пайтгача амалга оширган ишларимдан кўнглим тўқ. Бир умр от устида ишлаб яшадим.
Оқибати нима бўлди, “дўстларим” чиройли қилиб қалбимни яралашди. У бой, феодал деган тамға босишди. Сенларни шу даражадаги одам бўлиб етишишларинг учун ота деган улуғ номни оқлашга ҳаракат қилдим. Нотўғри ишни ўзимга ҳам, ўзгага ҳам раво кўрмайман. Тўғри, ҳамманинг ҳам Тўра Орзиқул бўлиши қийин, аммо бунинг учун бағрим тилиниб, яра бўлиб кетди!
Лоф бўлса ҳам, давлат хўжалигининг кассаси қаерда эканини билмайман. Кассир ойлик маошимни иш хонамга келтириб беради. Имзони ҳам шу ерда қўяман. Ана шундай шароитда қўй-қўзиларимни боқиш учун имкон яратаман, чунки фойда кўриб турибман. Бу масалаларни КГБ ходимлари ўрганиб, ўз раҳбарларига ахборот ҳам жўнатиб бўлишган. Ўғлим, эҳтиёт бўлгин, бу суҳбатлар иккаламизнинг ўртамизда қолсин! Энди юрагимдаги ғам-ғуссаларимни бир дардлашай дедимда!…
ИНСОН ҚИЁФАСИДАГИ “ОДАМ”
1982 йилнинг иккинчи ярмида Қашқадарё область партия раҳбарларининг иш фаолиятларини текширгани Москвадан жўнатилган КПСС Марказий Қўмитасининг партия назорати комиссияси таркибида Крахмалов фамилияли одам қиёфасидаги “одам” ҳам бор эди. У воҳадаги пахта масаласи, туман раҳбарининг Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатига қилган тажовузи ва шунга ўхшаш қатор камчиликларни текшира бошлади. У Давлат хавфсизлик қўмитасининг вилоят бошқармаси тайёрлаган маълумотлар бўйича фаолият юритди. Унга вилоятнинг иккинчи котиби биркитиб қўйилди. Улар вилоят ҳудудидаги барча туманларда бўлиб, навбатманавбат хўжалик ва партиявий ишларни текширди.
Амир Тўраев ўша кунлари ҳосил йиғим-терим ишларини жадаллаштириш мақсадида вилоят вакили сифатида Китоб туманига келиб-кетиб турар эди. Уша куни у Макрид массивидаги илғор хужалик раиси, эл оксоколи Очил Рузиев билан сухбатлашиб турганди. Крахмалов ва унинг ҳамроҳлари бориб қолишди. Тушлик вақти бўлганлиги сабабли, далада уларга оддийгина нонушта ташкил қилди. Ўзи ҳам бирга овқатланди. Дастурхон атрофида ўтиришганда Крахмалов Амир Тўраевни қайси районда туғилиб ўсганлиги, маълумоти ва мутахассислиги, вилоятда қачондан буён ишлаётганлиги билан қизиқди. Ҳатто, ота-онаси ким, улар нима иш билан шуғулланишади, хотини нима иш қилади, болалари нечталигини ҳам сўради. Саволлар анчайин мураккаб ва илмоқли берилаётганди. Амир Тўраев эса пинагини бузмасдан жавоб қайтарарди.
Крахмалов ундан вилоят ва тумандаги пахтанинг аҳволи, кўчатларнинг тўла униб чиқиши, гектар бошига ниҳолларнинг сони, ҳосилдорлиги ва иқтисодий натижаси, қишлоқ хўжалигида партия ташкилотлари нима ишлар билан машғуллиги, давлат ва жамоа хўжаликларининг умумий сони, уларнинг қанчаси фойда билан, қанчаси зарар билан фаолият кўрсатаётганлиги, КПСС Марказий Қўмитасининг суғориладиган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш тўғрисидаги қарорлари қачон чиққан, бу қарор юзасидан қандай тадбирлар белгиланган, шунингдек, энг муҳим саволи бўлмиш пахта ҳосилдорлиги ва имкониятлар тўғрисида батафсил жавоблар олди. Саволлар сони қанчалик кўп бўлмасин, Амир Тўраев барчасига аниқ ва қисқа жавоблар қайтарди.
Отасининг Косон туманидаги 37-давлат хўжалигида директорлиги, исми-фамилияси Тўра Орзиқулов эканлигини айтганида Крахмаловнинг рангги ўзгарди.
– Ҳа, биз у киши билан танишмиз, – деди Крахмалов ҳаяжонини яширмасдан. – Косонда суҳбатлашгандим. Укангиз Тўраев Шодмонқул билан гаплашдим. Акангиз Алиқул Тўраевич билан ҳам танишдим. Жуда билимли йигитлар экан. Айниқса, отангиз менга ёқди, катта ташкилотчилик қобилиятига эга инсон экан. Мана, сиз билан ҳам деярли гаплашиб бўлдик. Вилоят партия қўмитасида, айниқса, аграр вилоятда қишлоқ хўжалигини бошқариш, албатта оғир. Хулосам шуки, вилоятдаги вазифаларни бир оила аъзолари бўлиб, эгаллаган экансизлар, – Крахмалов сўзини тугатар экан, бармоғи билан стол четига бир бора чертиб қўйди.
– Ўртоқ Крахмалов, авваламбор, ҳаммамиз ҳам ўз ишимизнинг мутахассисларимиз. Боз устига партия аъзоларимиз. Агроном, муҳандис, иқтисодчи вазифаларини савдо дўконидан сотиб олганимиз йўқ! Таклиф қилишди, ишлаяпмиз. Мутахассис сифатида ҳар қандай оғир жойга жўнатишса, ишлаш қобилятига эгамиз. Бу ҳақда муҳокама керак эмас, ишлаганда ҳам ўта виждон билан ишлаяпмиз, – деди босиқлик билан Амир Тўраев.
– Масалан, сиз чўлдаги бирорта давлат хўжалигига агроном ёки директор бўлиб борасизми? – ғалати савол берди москвалик вакил.
– Чўлда янгидан ташкил топган 21-сонли “Тошкент” давлат хўжалигини қора ердан – нолдан бошлаб, шаҳарча типидаги марказий қўрғонини ҳам ўзим бош бўлиб қурдирганман. Ўн минг одамни тўплаб, давлатга ўн минг тонна арзон ва сифатли пахтани тўлиқ машиналарда териб, қўл теримига барҳам берганман. Натижада, мен раҳбарлик қилган бу хўжалик областда энг юқори иқтисодий кўрсаткичларни қўлга киритган. Ўзимни мақтайверсам, жуда кўп гапиришга тўғри келади. Бугун сиз бу ерга мен ишлаган давлат хўжалиги ҳудуди оралаб ўтиб келган бўлсангиз керак, – деди ўзини бепарво тутиб Амир Тўраев.
– Ҳа, ҳамроҳим таништирганди. Тузук хўжаликка ўхшайди. Бир-р-ров кўришга тўғри келади, – деди Крахмалов ўзича нималарнидир кўзлаган бўлиб, жиддий оҳангда.
– Биз оғир меҳнатдан қўрқмаймиз, ҳалол ишлашга ҳаракат қиламиз, ўртоқ Крахмалов, – Амир Тўраев чойнакдан чой қуйиб, москвалик “меҳмон”га узатди.
– Энди сизга яна битта саволим бор. Бу жуда ҳам жиддий савол, албатта. Менга коммунист сифатида жавоб берасиз! Пўлати қишлоғида, яъни Абдураҳмон халифа қабристонида кимдир ўлмасидан илгари ўзига мақбара қурдирибди, шуни эшитганмисиз? – Крахмалов кўзларини лўқ қилиб Амир Тўраевга тикилди.
Амир Тўраев бир муддат жим қолди. Кўнглидан, “Биз тўғримизда ёзилган аризалар ҳам унинг қўлида экан-да. Давлат хавфсизлик қўмитаси вилоят Бошқармаси ходимлари барча ҳолатларни бунга тўлиқ тушунтирган кўринади. Пўлатига бориб, қабристондаги ўлик дафн этилмаган қабрларни ҳам кузатган шекилли…” деган ўй ўтди-да, ҳушёрликни қўлдан бермасликка ҳаракат қилиб:
– Ўртоқ Крахмалов, мен деҳқончилик ва чорвачилик масалалари билан шуғулланаман! Вилоят ҳудудида қабристонлар ва гўрковлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг фаолияти менинг хизмат вазифамга кирмайди. Бу масала билан бошқа мутасадди ташкилот вакиллари шуғулланишади. Шунинг учун ҳам, афсуслар бўлсинки, ҳеч нарса билмаганим сабабли бу саволингизга жавоб бера олмайман. Тўғриси, бу ҳақда биринчи маротаба сиздан эшитаяпман, – деди Амир Тўраев сал ижирғангандек бўлиб.
– Отангиз берган жавобларга ўхшади, – деб қўйди Крахмалов пўнғиллаб.
Аслида қишлоғидаги Абдураҳмон халифа қабристонидаги мақбаранинг Амир Тўраевларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Буни москвалик вакилнинг ўзи ҳам жуда яхши биларди. Унинг савол беришидан кўзлаган мақсади бутунлай бошқа эди. Бу саволга коммунист, обком ходими қандай мазмунда жавоб бераркан деган ўй бор эди унда. Жавоб унга мутлақо ёқмади. “Бу бола бунчалик ҳам эҳтиёткор бўлмаса, бундан бир гап олиш қийин, яхшиси савол беришни тўхтатиш керак”, деган тўхтамга келди Крахмалов ва кетишга ҳозирланди. Буни сезган Амир Тўраевнинг ҳам кўнгли жойига тушгандек бўлди.
САМАРҚАНДГА САЁҲАТ
Макрид массивидан хуноби ошиб қайтаётган Крахмаловнинг кўнгли кутилмаганда Самарқанд шаҳрига саёҳат қилишни тусаб қолди. Унинг бу сафарига Иван Иосифович Головачёв йўл бошловчилик қилди. Бундай имконият унинг учун жуда керак эди. Крахмалов Самарқанд шаҳридаги тарихий жойлар ва меъморий ёдгорликларни ҳайратга тушиб томоша қилди. Шу вақт орасида Иван Иосифович Қашқадарё областидаги аҳвол тўғрисида ўзи хоҳлаганча тўн кийгизиб, батафсил ахборот берди. Бу билан у марказ вакилининг ўзбекистонлик пахтакорлар ва раҳбарларга нисбатан ғазабини оширди.
Куннинг иккинчи ярмида Қаршига етиб келишгач, Крахмалов Иван Иосифовичга “Кечқурин обкомнинг партиявий йиғилишини чақиринг” деб қатъий топшириқ берди.
Партия мажлиси анчайин кеч бошланди. Йиғилишга Амир Тўраев ҳам қатнашди. Крахмалов йиғилишда ўзини гўёки қонсираган бўридек тутди. Унинг ҳар бир гапи мажлис иштирокчиларининг юрагига ғулғула солди. Мажлис четдан қараган кишига жиноятчилар билан ўтказилаётгандек таассурот қолдирарди.
Крахмалов эртаси куни Қарши шаҳридан Москвага хафагарчилик ва норозилик билан жўнаб кетди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, КПСС Марказий Қўмитасининг партия назорат комиссияси йиғилишига область саркотиби Рўзмат Ғойибов, область ижроқўми раиси Тошпўлат Сахатов, “Қаршиқурилиш” ҳудудий бошқармасининг бошлиғи Султон Чегибоевлар таклиф этилди. Ўша кунлари ўзини жуда нохуш ҳис этиб юрган Рўзмат Ғойибов Тошкентдаги 1-сон ҳукумат шифохонасида даволанаётганди. Шу сабабли марказда бўладиган йиғилишга обкомнинг иккинчи котиби Иван Иосифович Головачёв борадиган бўлди. У йиғилишда Қашқадарё область партия қўмитасига қўйилган барча айбларни маъқуллар экан, унга қўшимча қилиб, кўплаб бўҳтонларни ҳам воҳа раҳбарларига тақади. Областдагина эмас, балки Республикада юз бераётган кўз бўямачиликлар Шароф Рашидов билан Рўзмат Ғойибовнинг нопартиявий раҳбарлиги остида юз бераётганлигини айтиб, уларга қора чаплади. Воҳа меҳнаткашларининг пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги ютуқларини қўшиб ёзишнинг натижаси деб, “оғалар”га чиройли қилиб тушунтирди. Ҳатто, “Рўзмат Ғойибов аслида касал эмас, мажлисга келмаслик учун ҳукумат шифохонасига шунчаки баҳона қилиб ётибди”, деган гапни ҳам тиқиштириб ўтди. Орадан бир кун ўтиб, махсус гуруҳ Тошкентга келиб, Рўзмат Ғойибовнинг соғлиги қай даражада эканлигини текшириб кетишди!
Йиғилиш сўнггида область ижроқўми раиси Тошпўлат Сахатовни яқинда фаолият кўрсатаётгани инобатга олиниб, ҳайфсан берилди. Иван Иосифович эса партиявий қораловчи сифатида омон-эсон Қаршига қайтиб келди.
ҚОРА ИЛОН
Иван Иосифович ўша кунларда областнинг эгаси бўлиб қолганди. Обком аппарати ходимлари йиғилишини ҳам ўзи ўтказарди. Навбатдаги аппарат йиғинини йўқ ердаги ваҳимали гаплар билан бошлади-ки, ходимларга Қашқадарё воҳаси гўё жиноятнинг уяси бўлиб қолгандек туюлди.
– …Областнинг тўқсон тўққиз фоиз раҳбар ходимлари ўғирлик билан шуғулланишаяпти, – деб гапини давом эттирди Головачёв. – Айниқса, қишлоқ хўжалик раҳбарлари давлат иқтисодиётини талон-тарож қилиш билан банд! Бундай салбий ҳолатларнинг юзага келишида ким айбдор?! Албатта, обком аппаратидаги ходимлар! Улар қишлоқ хўжалигини яхши билмаганликлари, соҳа ишини бошқараолмаганликлари натижасида ана шундай кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқди! Ўзингиз ўйлаб кўринг, коммунистик партия раҳбарлик қилаётган мамлакатимизда баъзи одамлар бойиб, феодал даражасига етиб қолганлигига нима деган бўлардинглар?! Айниқса, Косон районида беш минг қўй-қўзига эга одамлар партия аъзоси, яна давлат ишига ишлаб юрган бўлса, тўғрими Амир Тўраевич?!
Амир Тўраев ҳеч нарса демади. Лекин нимадир деб жавоб беришга хаёлан тайёрланар, бунинг учун қулай вазият туғилишини кутаётганди. Иван Иосифовичнинг илмоқли гапини эшитган қурилиш бўлими бошлиғи Абдулла Мустафоев Амир Тўраевни секингина туртиб қўйди. Унинг бу ҳаракати “Бу фашистга яхшилаб тушунтириб қўйсанг бўларди” дегандек туюлди.
Иван Головачёв сўзини якунлади. Унинг атрофига жипслашган доимий даврадош “тўти”лари Тарасов ва Уткинлар сўз олишиб, устозларининг гапини тасдиқлашди. Бошқалар эса гапиришга истиҳола қилиб, юрак чангаллаб туришарди.
– Хўш, ушбу масалалар бўйича кимда қандай факр ва саволлар бор? – Головачёв аппарат ходимларига кўз югуртирди.
Амир Тўраев секин ўрнидан қўзғаларкан:
– Менда, – деди. Ҳамма унга қаради.
– Марҳамат, сўз сизга Амир Тўраевич! – Ниманидир сезгандек Иван Иосифович ён дафтарини очиб, чўнтагидан ручкасини олди.
– Иван Иосифович, марказдан олиб келган гапларингизга қараганда вилоятимиздаги ҳамма одамлар жавобгар бўлишлари керак экан! Шахсан мен шундай тушундим. Қишлоқ хўжалигидаги ўғирликлар, қўшиб ёзишлар тўғрисида гапириб, обкомнинг қишлоқ хўжалиги бўлимидаги ўртоқларни баҳридан ўтиш керак, деб таъкидладингиз. Манимча, бундай ғаразли танқидни шахсга бағишлашингиз адолатдан эмас. Сиз бу ҳаттиҳаракатлару гап-сўзларингиз билан меҳнаткаш деҳқонларни ор-номусига, виждонига, инсонийлик шаънига зўравонлик билан таъсир ўтказаяпсиз! Нимаики юз берган бўлса ҳам областимиз қишлоқ хўжалигига партиявий раҳбарликни сиз қилгансиз, буни ҳатто каттаю кичик ҳамма билади. Қайси районга бориб, мажлисларда иштирок этган бўлсангиз, минбарга кўтарилиб “…Пахтани топасан, областимиз шу бугун мана шунча пахта топширади, сенлар ҳам белгиланган графикка чиқасан, чиқмасанг қамоқхонанинг йўлини биласанми?! Билмасанг ўзим кўрсатиб қўяман! Сенлар булдокнинг ўзгинасисан, лабингни осилтириб ўтиришингга қарагин!” деб зуғум қилганингизда хўжалик раҳбарлари зорланиб, “Иван ака, далада пахта тугади, графикка чиқишнинг иложи йўқ, жиноят қилиб қамалиб кетамизку” деб ялинишган. Ўшанда сиз “Керак бўлса пахтани туғиб топширасан!” деб кўрсатма бергансиз. Натижада пахта топшириш режасини соҳталаштириб, раҳбарлар жиноятга қўл уришди. Энди сиз бу ерда ҳеч нарсадан хабарингиз йўқдек тўқсон тўққиз фоиз раҳбарларни жиноятчига чиқариб, фақат ўзингизни партиянинг ҳалол раҳбари қилиб кўрсатаяпсиз! Шахсан мен бугунги фикрмулоҳазаларингизга қўшилаолмайман! Сизларчи?! – Амир Тўраев атрофидагиларга зимдан назар солди. Ҳамма ерга қараб ўтирарди.
Пайтдан фойдаланган Иван Иосифович қўллари титраганча:
– Амиржон, сиз айтингчи, мен қайси мажлисда шундай топшириқ берганман? – деди ялинган оҳангда.
– Иван Иосифович, мен Крахмалов сингари Москвадан келган вакил эмасман! Сизнинг мажлисларингизда ўн олти йилдан буён қатнашаман! Сиз об-ҳаво қандай келиши, экинларни сув ва ўғит билан қандай таъминланишини жуда яхши биласиз! Аммо давлат режаларини ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланмасдан берилишини ҳисобга олмагансиз. Шунинг учун ҳам бирор марта тўғри топшириқ берган эмассиз! Тўғри талаб қилмагансиз ҳам! Буни бутун Қашқадарё аҳли жуда яхши билади! Бугунги айтган гапларим учун хоҳлаган жойингизда жавоб бераман!
Иккинчи масала, Косон туманидаги шахсий хўжаликлар давлат солиғини ўз вақтида тўлаб, қўйқўзиларни кўпайтирса нимаси ёмон?! Гўшт кўпайиб, таннарх арзон бўлади, элнинг дастурхони тўкин бўлади. Бундан ташқари, қўй-қўзилар фақат Косон туманида эмас, вилоятимизнинг ҳамма жойида бор. Агар сизнинг ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўяман, 37-давлат хўжалиги директори Тўра Орзиқулов оёғингиз остига бир қўзини келтириб, бўйнига пичоқ тираб “Иван ака, сўрангчи, бу кимнинг қўзиси экан, айтса сўймайман, айтмаса сўйиб ташлайман” деган. Тўғрими? Эгаси кимлигини айта олмагани учун бечора қўзининг калласи танасидан жудо бўлган. Косон районидаги шахсий қўйқўзилар кимники эканлигини ўзлари айтишмаса уларни менга нима алоқаси бор?
Қизиқ, бир нарсага ҳеч ҳам тушунаолмаяпман. Москвадан келган партия назорат комиссияси вакили Крахмалов янги ерларни ўзлаштириш учун давлат томонидан ажратилган пул– маблағларнинг сарф-харажатларини ўрганиш учун “Қаршиқурилиш” ҳудудий бошқармасига келганми ёки Косон туманидаги шахсий қўй-қўзилар кимники эканлигини аниқлаш учун ташриф буюрганми? Қўй-қўзилар масаласида биринчи маротаба гапирётганингиз йўқ! Илтимос, бизларга нисбатан қанчалик адовату ғаразингиз бўлса очиқчасига, қўлингиздаги асослар бўйича гапиринг! Авваламбор, шу ерда ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам партия аъзолари. Чўнтагида бир донадан партия ҳужжати бор. Обком ходимлари гувоҳлигида тўлиқ ишонч билан айтаманки, бугундан эътиборан сиз ўтказадиган мажлису йиғилишларда иштирок этмайман! Обком таркибида ишлашнинг имконияти йўқлиги учун ўз лавозимимдан бўшашимни маълум қиламан. Маҳаллий раҳбар кадрларни ҳаммасини бир қозонга солиб қайнатиб, партиянинг 37– йиллардаги сиёсатини яна давом эттиришингизни жуда яхши биламан. Иван Иосифович, бошқа гапингиз бўлмаса, мен кетдим, – Амир Тўраев шундай деб, стол устидаги ён дафтарини қўлига олганича хонадан чиқишга ҳаракат қилди. Ҳамма жим, хонада пашша учса билингудек эди. Иван Головачёв унинг тап тортмасдан айтган гарларидан гангиб қолганди.
– Амиржон, сен бунчалик қизишмагин, балки мен нотўғри гапиргандирман. Билиб-билмасдан ошириб юбордим шекилли. Чегибоев ва Сахатов билан бирга мен ҳам сиёсий бюродан жазо олиб келганман, шунга…
– Нима шунга, жазо олган бўлсангиз қилган гуноҳингизни ноль бир фоизи учун олгансиз! Қолгани ҳали олдингизда турибди… , – Амир Тўраев хона эшиги қаршисида бир муддат туриб қолди.
Обкомнинг иккинчи котиби шошганича бошқаларга қараб топшириқ берган бўлиб:
– Ҳаммаларингизга жавоб, ҳафталик тадбир режаларни тузинглар. Амиржон, сен қолгин, айтадиган муҳим гапим бор, – деди.
Ходимлар бир зумда хонани тарк этишди. Амир Тўраев келиб жойига ўтирди. Обком котиби турқини ўзгартириб, мулойим кўриниш олди. Гўё меҳрибонлик қилаётгандек авраш қобилятини ишга солиб:
– Амиржон, сен ошнамнинг ўғлисан. Ахир, сенга гапирмасам кимга гапираман? Ўзбекларда “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” деган мақол борку, дея тушунтирмоқчи бўлаётганди, хонада ўзларидан бошқа ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб Амир Тўраев гап билан унинг оғзига урди:
– Отам сиз билан ҳеч қачон ошначилик қилмаган! Душманимни ўғлисан, сени жарга қулатаман десангиз тўғри бўларди! Айтингчи, мени нима ҳам қилаолардингиз?! Ҳеч нарса қилаолмаслигингизни жуда яхши биламан! Мободо обком пленуми бўлса, мен сўзга чиқиб, сизнинг ҳақиқий қиёфангизни коммунистларга айтиб бермоқчиман! Аминманки, уларнинг камида саксон фоизи мени қувватлашади…
Амир Тўраев хонадан чиқиб кетди. Иван Головачёвнинг рангида ранг йўқ, унинг орқасидан жовдираганча қараб қолди. Хаёлида “Бу илон болага нотўғри гапириб қўйдим-а, энди у бўйнимга ўралиб чақиши ҳам ҳеч гапмас” деган ўй ўтаётганди гўё.
* * *
Амир Тўраев хонадан чиққанида қабулхона эшиги қаршисида обкомнинг умумий бўлими йўриқчиси Эмма ........евна қўлида қандайдир ҳужжатларни ушлаганча турарди. У нимадандир ҳадиксирагандек атрофига қараб олди-да:
– Амир, сени кутиб тургандим, юр, мана бу қарор матни билан танишиб чиқишинг керак, – деб ўзининг хонаси томон юрди. Ичкарига киришгач Эмма ....евна хавфсираганча: – Биласанми, ҳозир жуда қалтис иш қилдинг. Иван қора илон, сени чақиш учун бор имкониятидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Ўзинг биласан, қора илон чақса одам тирик қолмайди. Аммо адолат нуқтаи назаридан қараганда сен тўғри иш қилдинг, энг асосийси ўзингни камситмадинг.
Иванни шу пайтгача ҳеч ким бунчалик ерга урмаган, сен уни парчалаб ташладинг. Олдингда, қўпол бўлса ҳам, иштонини ҳўл қилган болага ўхшаб қолди. Гапларингни ҳаммаси аниқ ва тўғри эди. Энди ўзингдан ҳушёр бўлиб юргин, у пайт пойлаб қутурган итдек тармашиши ҳеч гапмас. Бўлимдаги қарор ва ҳужжат матнларини ўрганиб, бизга қайд қилдирмаслиги мумкин. Ўзингни йўқотма, хафа ҳам бўлмагин. Тутган позициянгни эса холис одам сифатида тўғри деб баҳолайман. Иван жуда хавфли одам, бўлиб ўтган воқеани Рўзмат Ғойибовга, ҳатто Марказий Қўмита раҳбарларига кўпиртириб айтади. КГБнинг одамини сенга дум қилиб қўйишдан ҳам қайтмайди. Амир, қадрдоним, мен ўзимнинг холис фикрларимни айтдим, холос. У мени қабулига чақиртирган, нима дейишини ҳозирча билмайман. Биламан, ироданг мустаҳкам, бу ишларнинг ҳаммаси ўз вақти билан изига тушиб кетади, – деб хайрлашди.