Текст книги "Умр дарёси"
Автор книги: Шомурод Шаропов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 23 страниц)
ЯНГИ САРКОТИБ
Аваллари Сурхондарё вилоятида ижроқўм раиси бўлиб ишлаган Нормўмин Туропов Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби этиб тайинланди. Унинг “Толлимаржон” давлат хўжалигида директор бўлиб ишлаган иш фаолиятини фарзандлари даврасида гапириб бераркан Тўра Орзиқулов “Ўғилларим, ҳалол меҳнат қилган, ишнинг кўзини биладиган одамни ҳеч ким четга чиқариб ташламайди. Мана, нафақага чиқдим, ишни ҳам топширдим. Косон райкомининг биринчи котиби Низом Бегматов ҳар куни “Савдода ишлаб беринг” деб жони-ҳолимга қўймаяпти. Тўғрисини айтсам, ўғилларим, энди менинг ишлашим сенларга яхшилик олиб келмайди. Аллоҳга шукур, ҳаммаларинг соғ-омон, яхши ишлаб юрибсизлар. Мен Аллоҳдан нима сўраган бўлсам ҳаммасини ками-кўстсиз берди. Яна ишлайман десам ношукурчилик бўлади. Бундан кейин менга иш ҳам, лавозим ҳам керак эмас. Эл-халқнинг орасида, тўй-маракаларда иштирок этиб, яхши одамлар сафида юрсам шунинг ўзи менга етади. Мен учун энг қулай иш, бу давлат бераётган нафақаси деб биламан…” деб сўзини тугатди.
Москвадан келган “қузғун”ларга раҳм шафқату инсоний хислатлардан узоқ бўлган Гдлян ва Ивановлар бошчилик қилди. Улар воҳадаги ур-йиқитдан иборат ишларини дастлаб Китоб туманидан бошлашди. Ҳе йўқ, бе йўқ хўжалик раҳбарлари, ҳисобчилар, пахта заводи директори, райкомнинг биринчи котиби, ҳатто пахтачилик бригада бошлиқлари ва сувчиларгача ҳибсга олишди. Бу ҳатти-ҳаракат гўё юқумли касаллик мисоли, бутун воҳага тарқалди. Эндиликда бошқа туманлардаги пахта заводларининг директорлари, ҳисобчилари, пахта қабул қилиб олган тарозибонларни ҳам қамашга тушишди. Қама-қама шу даражага еттики, қамоқхоналарнинг 3-4 кишига мўлжалланган хоналарига 20-30 кишини мажбуран жойлаштирилди. Воҳа халқи бошига даҳшатли қора кунлар тушди. Бирор-бир хонадонда тинчлик, осойишталик йўқ эди. Аста-секин бу “вабо” бутун Республикамизни қамраб олди. Халқ Республика раҳбаридан нажот кутарди. У эса на Кремлдагиларга, на Гдлян ва Иванов гуруҳига қарши бирор фикр билдира олмасди. Гўё бўйнига занжир солингандек жим ўтирарди.
Россиянинг турли шаҳарларидан келган терговчи гуруҳлари республикамиз аҳолисига нисбатан қонунда кўрсатилмаган, ҳеч бир давлатда амалга оширилмаган жазолаш усулларини қўллар, гўё қонун ҳам, давлат ҳам уларнинг ўзлари эди!
Заминимизга бостириб кирган грек-македон қўшинларими, мўғул лашкарларими, Чор Россияси босқинчилари даврини оласизми, ҳар доим маҳаллий халқ орасидан сотқинлар чиққани тарихий манбаларда келтирилган. Ўша йиллари Гдлян ҳам ўз гуруҳларига маҳаллий миллат ичидан чиққан сотқинларни қўшиб олиб, зўр маҳорат билан улардан фойдаланди. КГБ вакиллари кечаю кундуз ҳар бир одам учун алоҳида ишлаб, Гдлянга ахборот бериб турарди. Вазият шунчаликка бориб етдики, ота боласига, бола отасига ишонмасди. “Текширувчи” гуруҳлар шунчалик эркин ҳаракат қилишардики, гўё мамлакат эгасиз қолгандек эди. Одамлар қўрқув ва ваҳима билан яшарди. “Кеча фалончини, бугун писмадончани қамашибди!” деган ваҳимали хабарлар оғиздан оғизга ўтар, халқимизнинг кўплаб ишбилармон фарзандлари қамоқхоналарда ўз тақдири нима билан тугашини кутиб ётишарди. Кўплаб раҳбарлар тақдирлари бир соатдан сўнг нима кечишини билишмасди.
Ўша кунлари тўй қилиш ҳам ҳеч кимнинг кўнглига сиғмасди. Агар бирор киши вафот этса, жанозасини одамлар орқа-олдиларига қараб ўқишарди. Областнинг янги раҳбари Нормўмин Туропов қобилиятли, ишбилармон инсон бўлса-да, Гдлян гуруҳининг ишига аралаша олмас, дарди ичида эди. Сабаби, ўша кунлари унинг Сурхондарёда ишлаган йилларидан ҳам “кир” қидирилаётганди. Унинг ўзи ҳам ҳаётининг эртаси нима кечишини билмасди. Воҳа хўжаликларининг ҳибсга олинга раҳбарларининг ўрнига “талабгор” топилмаганидан район ва хўжаликларга Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлардан кадрлар келтирилиб қўйилди. Уларнинг ҳам барчаси “ғалвир”дан ўтказилиб, тайинланарди.
Кутилмаганда обкомнинг иккинчи котиби Иван Иосифович Головачёв ҳам лавозимидан четлатилди. Унинг ўрнига жуда пухта ва писмиқ Михаил Солдатов деган киши ишга келди. Иван Иосифовичнинг ишдан кетиши вилоят мутахассислари учун, албатта хурсандчилик эди. Аммо, халқимизда “Оқ ит, қора ит, бари бир ит” деган гап бор. Головачёвми, Солдатовми, уларнинг сиёсати аниқ, маҳаллий миллат вакилларига айбсиз тамға босиб айбдор қилиш, “ватан” хоинига айлантириш, халқнинг бўйнига боғланган занжирни янада мустаҳкамроқ тутиб туриш эди. Рўзмат Ғойибовдан сўнг вилоят ва туманлардаги барча раҳбарлар янгиланди.
КУТИЛМАГАН ТАКЛИФ
Амир Тўраев одатдагидек ишга ҳаммадан эрта келди. Кечаги йиғилишда олган топшириқларни таҳлил қилиш тушгача давом этди. Кимлардандир ҳисобот сўради, кимларгадир топшириқ берди. Шу пайт иш столи устидаги шаҳар телефони жиринглаб қолди. Гўшакни кўтара туриб, у зимдан қўл соатига нигоҳ ташлади. Соат миллари ўн дақиқа кам ўн иккини кўрсатиб турарди. Телефон гўшагидан Иван Иосифович Головачёвнинг таниш овози эшитилди:
– Амир, яхши юрибсанми? Уйда тушлик тайёр эди, келсанг яхши бўларди. Ўтган гаплар ўтиб кетди…, – деди Иван Иосифович.
Кутилмаган таклифдан Амир Тўраев нима деб жавоб қайтаришини ҳам билмасдан, бир оз сукут сақлади. Сўнгра фикрини бир жойга жамлаб:
– Яхши, Иван Иосифович, албатта бораман, – деди.
Амир Тўраев соат бирда Иван Иосифовичнинг хонадони эшигидаги электр қўнғироғининг тугмачасини босди. Хонадон соҳиби гўё ораларида авваллари ҳеч нарса бўлиб ўтмаганидек, очиқ чеҳра билан эшикни очди, ҳатто, ҳазил қилган бўлиб, “Миллатинг немис бўлмаса ҳам, ҳисоб-китоб масаласида жуда ўхшайсан” – деди табассум билан.
– Устозим ўзингиз-да, тартибни сиздан ўрганганман, – киноя қилди Амир Тўраев.
Ҳақиқатдан ҳам Иван Иосифович Амир Тўраевни кутаётган экан. Чоғроққина меҳмонхонасидаги стол усти безатилган, ошхонадан келаётган овқатнинг ёқимли ҳиди эса иштаҳани қитиқларди. Иккаласи стол атрофига қарама-қарши жойлашишди. Хонадон соҳибининг қизи ва хотини ҳам уларга қўшилишди. Иван Иосифович эса стол усидаги ароқ шишасини қўлига олиб, пробкасини очишга киришди. Буни кўриб:
– Иван Иосифович, менинг спиртли ичимликлар ичмаслигимни яхши биласизку, – деди Амир Тўраев ва олдига қўйилган тарелкадаги котлетдан бир донасини санчқига илдириб, истеъмол қилабошлади.
– Боршни нега ичмадинг? – ажабланди Иван Иосифович.
– Мен обкомдаги ошхонадан овқатлангандим.
Иван Иосифовични қандайдир бир ички хавф безовта қилиб турганини Амир Тўраев сезиб турарди. Хонадон соҳиби буни билгандек, ўзи гап бошлади:
– Сенлар билан ёмон ишламадик. Энди, иш давомида яхши-ёмон гап-сўзлар бўлиб туриши аниқ, бу табиий ҳол, албатта. Биласанми Амир, мен ҳозир ёмон аҳволдаман. Кечаги энг яқин дўстларим ҳам уйимга келмасдан қўйишди. Аҳволимни ҳам сўрашмайди, бўлмаса уйларида телефонлари бор. Орамизда бўлиб ўтган барча гап-сўзлар учун сендан узр сўрайман. Очиғини айтсам, сенга кўп ёмонликлар қилдим. Ўсишингга йўл бермадим. Биласанми, ўзингни ҳам ёмон одатинг бор, буни хатоинг деса ҳам бўлади. Сени тилинг заҳар! Тўғри гапни гапираман деб, юзимдан олиб, мени ўзингдан қочирдинг. Ўйлайманки, сен менга ёмонлик қилмасанг керак. Биламан, ёмонлик қиламан десанг ҳам қўлингдан келади. Эрта-индин Москвага, қизимникига кўчиб кетмоқчиман. Ҳар ҳолда ўша ер мен учун тинчроқ…
Амир Тўраев ҳам мавриди келганидан фойдаланиб, кўнглида тугиб юрганларини тўкиб солди:
– Иван Иосифович, биринчидан, фикрингизга қўшиламан, аммо ёмонлик қилишни хоҳламайман. Иккинчидан, сиз Қаршидан тезроқ жўнаб кетганингиз маъқул. Учинчидан, қашқадарёликлар сиздан кўп озор чекди. Областимиздаги қўлидан иш келадиган мутахассис кадрларни деярли йўқотишга хизмат қилдингиз. Сиз мендан заррача ҳам хавотирланмасангиз бўлади. Бунинг учун мен сизга ваъда бераман…
– Раҳмат, менинг ҳолатим яхши эмас, тақдирим нима билан тугайди, номаълум, – деди хомуш тортиб Иван Иосифович.
– Иван ака, Москва ўзининг паноҳидаги одамларга тегмайди. Сиз қарийиб қирқ йил уларнинг хизматида бўлдингиз. Қуш ҳам ўз инини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Аммо, дарахтга ўт тушса қушнинг ундаги ини ҳам қўшилиб ёнади. Ҳаракат қилгани билан қушнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди! – деб Амир Тўраев Иван Иосифович билан хайрлашди.
Иван Иосифович Головачёв жуда пухта, айёр ва маккор шахс эди. Унда шафқат ва раҳм деган нарса ҳеч қачон бўлмаган. Қалбида бошқаларга нисбатан нафрат доимо алангаланиб турган. У бунчалик меҳрсизликни қаердан олган, бунчалик нафратни қалбига қандай сиғдирган, ақл бовар қилмайди!
САРКОТИБНИНГ СЎРОҒИ
Кундузи соат учларда вилоят саркотиби Амир Тўраевни ўз хонасига таклиф қилди. У кирганида хонада саркотибнинг бир ўзи экан.
– Амиржон, ишларингиз қандай, силжияптими? – саркотиб стол устидаги ҳужжатларни папкага жойлаштириб, унга қаради. Амир Тўраев ўз соҳаси бўйича амалга оширилаётган ва бажарилган вазифалар тўғрисида ахборот берди.
– Яхши, яна бир муҳим топшириқ чиқиб қолди. Вилоятда нечта бригадир фаолият кўрсатаётгани, уларнинг дала шийпонларида қанча қорамол, қўй-эчки, парранда боқиш мумкин, уларнинг ҳисобидан қўшимча қанча гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш мумкинлиги тўғрисида эртагача аниқ маълумот тайёрлашингиз керак. Районлар бўйича шуларни ҳисоб-китоб қилиш учун бир кун етадими? – деди ҳали ҳам ундан кўзини узмаганча саркотиб.
– Нормўмин Туропович, ушбулар тўғрисида Рўзмат Ғойибов мутахассислар билан маслаҳатлашиб, таҳлилий топшириқларни районларга жўнатган эди, – деди ва у ҳозиргина саркотиб қизиққан маълумотларни аниқ факт ва рақамлар асосида ҳисоблаб берди. Уларнинг барчасини ёддан айтди. Саркотиб унинг гапларини тинглаб тураркан, ҳайратини яширмасдан:
– Бу соҳада сизда маълумот бормиди? – деди.
– Ҳа, бор, 15-20 минутлар ичида сиз сўрагандек кўринишда тайёрлашим мумкин. Улар ҳозирча дастлабки маълумотлар, рухсат берсангиз котибага ёздириб, тезда олиб чиқаман, – Амир Тўраев стол устидаги маълумотлар папкасини қўлига олди.
– Бу фикрлар кимдан чиқан эди, – ажабланиб сўради саркотиб.
– Қишлоқ хўжалик бўлимидан, – қисқа жавоб берди у ва саркотибнинг қабулидан чиқди.
Йил бошида тайёрланган ҳужжатлар орасида саркотиб айтган маълумотларнинг машинкада тайёрланган икки дона тоза нусхаси бор экан. Уларни олиб, Амир Тўраев яна саркотибнинг қабулига кирди.
– Бунча тез, – ҳайратланиб сўради саркотиб.
– Тайёрлаб қўйган эканман.
– Қани ўтиринг-чи. Аввал буларни иккаламиз яхшилаб таҳлил қилиб олайлик, сўнгра бир қарорга келамиз, – саркотиб ҳужжатларга кўз югуртира бошлади. Баъзи рақамлар устида бир оз тортишув ҳам бўлди. Улар бир тўхтамга келишгач, саркотиб унга гўшт, сут, тухум ишлаб чиқариш, қорамол, қўй-эчки ва паррандалар бош сонини кўпайтириш бўйича бюро қарорини тайёрлаши лозимлигини таъкидлади. – Яқинда шу масалаларни йўлга қўйиш мақсадида обкомнинг катта йиғилишини ўтказамиз. Шунга яхшилаб тайёргарлик кўринг, – деди Нормўмин Туропов ва яна савол берди:
– Айтингчи Амиржон, бугун тушликни ким билан қаерда қилдингиз?
Амир Тўраев обком саркотибидан бу саволни кутмагани учун бир оз ҳаяжонга тушди. Аммо, ўзини тезгина қўлга олди. ”Бундан чиқди, Нормўмин Туроповичга ҳамма гап етиб келган. Ростини айтиш лозим” деган фикр унинг хаёлидан ўтди.
– Тушликни дастлаб обкомнинг ошхонасида қилдим. Бугун Иван Иосифович тасодифан тушликка таклиф этгани учун уникига бордим. Мени нега тушликка чақиргани, унинг кўнглида қандай гаплар болигини билишга қизиқдим…
Амир Тўраев обкомнинг собиқ иккинчи котиби билан ўрталарида бўлиб ўтган барча гап-сўзларни янги саркотибга гапириб берди. Аслида, саркотиб ундан бошқача жавоб кутган экан шекилли, чеҳрасидаги таранглик ўрнини ўзига хос майин табассум эгаллади.
– “Ошнангиз”никига бориб яхши иш қилибсиз, – деди Нормўмин Туропов. Сўнгра гап мавзусини бошқа томонга бурди. – Отангизга айтинг, Низом Бегматов айтган ишга борсин. Сен нафақага чиқдинг, деб ташкилотчи ва қобилиятли одамларга нисбатан эътиборсиз бўлмаслигимиз керак. Шу кунлари вилоятимизда иш биладиган раҳбарга қанчалик зориқиб турганимизни ўзингиз кўриб турибсиз. Айтинг, йўқ демасинлар.
– Нормўмин Туропович, бу масалада ота-ўғиллар бир қарорга келиб бўлганмиз. Отам энди иш фаолиятини мутлақо тўхтатишга аҳд қилган. У киши партиядан ҳам, халқдан ҳам, фарзандларидан ҳам, ҳатто сиздан ҳам рози. Аммо, у кишининг қалбини воҳамиздаги яхши инсонларни ноҳақ қамалиб кетаётгани, одамларни жабрланаётганлиги яралаб турибди.
– Нега қийналади? Текширадиган идора борки, 37– давлат хўжалиги билан Косон ипак пахтани қайта ишлайдиган заводни олти ойдан буён тафтиш қилишади. Аммо, бирор етишмовчилик топишаолгани йўқ. Ҳозир ўзини ўйласа ҳам катта гап, бошқалар билан нима иши бор?
Обком саркотиби бир оз тин олди. Сўнгра яна гапида давом этди:
– Амир, хабарингиз бўлса керак, шу кунларда устларингдан Москва, Тошкент ва бизларга устма-уст ариза хатлари келиб тушаяпти. Уларнинг барчаси бир мазмунда. Еб кетди, ичиб кетди! Ҳатто, яқинда Марказқўмнинг қишлоқ хўжалиги бўлимининг сектор мудири Борис Истомин (СоюзНИХИнинг Сурхондарёдаги пахтачилик тажриба станциясида ишлаган машҳур селекционер олимнинг ўғли) келиб, “Аризалар ёзилаяпти, текширилаяпти, аммо бирор бир жиноят, ҳатто хатони кўрмаяпмиз” деб менга савол берди. Тўғри, мен сиз билан бор-йўғи олти ойдан буён бирга ишлаяпман, лекин тушунинг, илмий марказда, туман қишлоқ хўжалиги бошқармасида бошлиқ, 21-давлат хўжалигида директор бўлиб ишлаган экансиз. Фаолиятингизни ўргандим, маълум вақт Китоб туманида вилоят партия қўмитасининг вакили ҳам бўлиб турган экансиз. Ўшанда пахта қабул қилиш ишларига мутлақо аралашмагансиз, ҳатто шу масалани райкомнинг бюро йиғилишида кўришганида сиз иштирок этмагансиз, булардан ҳам хабарим бор.
Сиз ишлаган “Тошкент” давлат хўжалиги йил якунига кўра икки миллион сўмдан ортиқ соф фойда даромад қилган экан. Хўжаликда беш йил фаолият кўрсатиб, кўплаб яхши ишларни амалга оширгансиз. Буларнинг барчаси сизга обрў-эътибор келтирган.
Ульянов туман қишлоқ хўжалиги бошқармасига бошлиқ бўлиб ишлаганингизда Иван деган “ошнангиз” билан жуда “яқин” эканингизни ҳам биламан. Биз билан ҳам бир сафда ёмон ишлаётганингиз йўқ. Яхши мутахассис ва ташкилотчилигингизни тан оламан. Иш бошлаган дастлабки кунларимда баъзибир “дўстларингиз” сиз ҳақингизда “Тўра Орзиқуловнинг ўғли, Рўзмат Ғойибовнинг ошнаси, эркатойи, ҳатто Шароф Рашидовга яқин одам, ўта қобилиятсиз, қўпол” деган гапларни айтишган эди. Афсус, аслида ундоқ эмас экан…
Область саркотиби сўзининг охирида қўшимча топшириқлар бериб, Амир Тўраев билан ҳайрлашди. Коридор бўйлаб борар экан, унинг хаёлидан “Нормўмин Туропов областга биринчи раҳбар бўлиб келгач, аппаратдаги барча ходимлар тўғрисида Иван Головачёвдан ким кимнинг одами, билими, савияси, ақлфаросати, ташкилотчилиги тўғрисида тўлиқ маълумот олган. У эса ақлига сиққанича менга қора бўёқлар чаплаган экан-да” деган ўй ўтаётганди.
ХОТИРА ДАФТАРИ
Амир Тўраев уйига кеч қайтди. Хотини олдига келтириб қўйган атлас нусха чинни косадаги оқ шўрвани паққас тушурди. Сўнгра чой ичишга тутинди. Шу зайилда умр йўлдоши билан фарзандларининг келажаги ҳақида анчайин суҳбатлашиб ўтирди. Уларнинг орзиумидлари мўл эди. Тун яримдан оғганида ўрнидан турди-да, ўзининг оилавий кутубхонаси томон юрди.
– Дадаси, анчайин чарчаган кўринасиз. Вақт ҳам алламаҳал бўлди. Ётиб ухласангиз бўлармиди, – деди хотини маюс оҳангда.
– Ётиб ухлайдиган вақт ҳали олдинда турибди. Унга ҳам вақт-соати етиб улгурармиз, хотин. Сўнгги пайтларда хаёлимда вақт жуда тез ўтаётгандек бўлаяпти. “Хотира дафтари”ни тугатаолмайманми, деган хавотир мени ҳеч тинч қўймаяпти. Сен дамингни олақол, мен кейинроқ, – Амир Тўраев ўзига хос табассум билан хотинига қаради. Эрининг одатини яхши билган хотини дастурхон йиғиштиришга тутинди. Амир Тўраев эса кутубхонасига кириб, “Хотира дафтари”нинг келиб қолган жойидан ёзишга киришди:
“…Болалигим завқ-шавқ билан ўтди. Ўсмирлик давримда ҳаётнинг залворли юкини кўтардим. Ўқиш, ёлғиз яшаш, турфа хил одамларга дуч келиш, улар билан муроса қилиш йўлларини излашга тўғри келди.
Отам менга мевали дарахт ниҳолларини танлаб, озуқага бой заминга тўғри ўтқазишга ўргатди. Чунки, тўғри танлаб, тўғри ўтқазилган ниҳол келажакда сифатли ва мўл ҳосил беради. Уни чопиб ташлашга ҳеч кимнинг кўзи қиймайди.
Отам буғдойзорларни оралаганда юзига ёпишган чанг-ғуборларни артиб ташлашга ҳеч қачон шошилмасди. Чунки, у мана шу чанглардан ҳам роҳатланарди. Айниқса, нон ҳидини яхши кўрарди. Ҳаётда энг ёмон кўргани исрофгарчилик эди. Шунинг учун бўлса керак, даладаги доннигина эмас, ҳатто сомонигача йиғиштириб олишни хўжалик аъзоларидан талаб қиларди. Далада юрганида тўкилган дон бошоқларини териб юрганини кўп бора кўрганман. “Бир бурда нонга қаноат қилиб яшаш кўп улуғ иш, болам” дер эди менга.
Бир сафар дала бўйлаб борор эканмиз, отам: “Болам, жуда яхши ва баракали инсонларнинг юзини доноларимиз “буғдой ранг” деб бекорга айтишмаган” деб қўйгандилар.
Отам шундай маъноли сўзларни топиб айтар эдики, турган битгани фалсафа эди, назаримда. Отамнинг қалбига, ақлий хазинасига ҳеч қачон калит тополмадим. Отам мисоли бир адо бўлмас хазина эди.
“Йигитнинг меҳнати ҳеч қачон зое кетмаслиги керак. Хотин-боласини ташлаб ўзга юртларга кетган, отаонасининг тобути тепасида милт-милт кўз ёшлари билан термулиб турмаганларни умри ҳам, меҳнати ҳам зое кетган ҳисобланади” дер эдилар хўрсиниб.
Қараб турасиз, у табассум билан сўзлаяпти, аслида уни қандайдир бир ички ғам эзаётган бўлади ўшанда. Мени койияптию, аслида у мени мақтаётган бўлади. Отамнинг ҳолатини қандай бўлса шундайлигича қабул қилардим.
Баъзида доно, вазмин, саронжом-саришта, ҳар бир қиладиган ишини тартиб ва аниқ режа асосида бажарадиган отам нега менга ўзида бор ҳамма ирсий хислатларини бермади-я, деб баъзан хафа ҳам бўламан. Мен отамнинг ёшлигини ҳам, мўйсафид кексалигини ҳам ўзимга юз беришини доимо орзу қилиб яшайман…”.
ОТА МАСЛАҲАТИ
Четдан қараганда воҳада ҳаёт гўё одатдагидек давом этаётгандек эди. Аммо, маҳаллий аҳоли назарида эса худди фавқулодда ҳолат эълон қилинганга ўхшарди. Гидлян ва Иванов раҳбарлигидаги гуруҳларнинг жабрситамидан халқнинг фиғони фалакка етганди, ҳатто, ҳамма бир-бирига шубҳа билан қарайдиган ҳолат юзага келганди. Амир Тўраев ҳар қадамда акасининг ҳаётини ўйларди. Чунки, Кўкдала туманида йигирма иккита давлат хўжалиги бор бўлиб, уларнинг қайси бирида иш тўғри, қайси бирида нотўғри олиб борилаётганини биргина Аллоҳ биларди.
Вилоятда пахта етиштирадиган хўжалик борки, ҳаммаси “олов” ичида қолган, бу оловдан омон-эсон чиқиш учун мўъжиза юз бериши керак эди! Лекин, бу мўъжиза юз бергунча олов ичида жизғанак бўлиш ҳеч гап гапмас. Шу ўй-хаёллар билан у кеч соат ўнда столи устидаги хизмат телефонидан акасига қўнғироқ қилди. Гўшакдан акасининг таниш овози эшитилгач:
– Ака, бугун қишлоққа ўтсангиз отамни кўрардик, мен ҳам бормоқчиман, – деди Амир Тўраев.
– Ўзим ҳам сенга телефон қилмоқчи бўлиб тургандим. Алтатта бораман, – акаси ҳам унинг таклифини кутиб тургандек дарҳол розилик берди.
Амир Тўраев борганида акаси ҳали келиб улгурмаганди. Отаси ёлғиз ўтирган экан. Ўғли билан ҳол сўрашаркан, нимадандир кўнгли ғаш бўлиб тургани чеҳрасидан шундоққина сезилиб турарди.
– Аканг қани, келмадими? – деди отаси.
– Ҳалигина телефонда гаплашгандим. Келиб қолса керак, – Амир Тўраев отасига далда бергандек бўлди.
– Шодмонни ҳам чақиринглар, тез етиб келсин, – отаси ўғлига қаради. Шу пайт Али Тўраевич ҳам эшикни очиб “Ассалому алайкум, жамоа жамку!” деганча хонага кириб келди. Ҳол-аҳвол сўрашгач отаси уни дастурхонга таклиф қилди. Бир оздан сўнг отаси тўнғич ўғлини саволга тута бошлади:
– Али, менга фақат тўғрисини айт, сен пахтага қўшиб ёзиш тўғрисида бирор бир хўжалик директори ёки бош ҳисобчига, пахта қабул қилиш пункти мудирига топшириқ берганмисан?
– Йўқ, ота, бундай ишни қилмаганман, – деди ўғли отасининг кўзларига тикилиб, ишонч билан. – Туманимдаги пахтачилик соҳасига йўналтирилган йигирма иккита хўжалик бор. Шу пайтгача пахта қабул қилиш пункти товаршунослари ҳамда хўжалик раҳбарларидан етти киши қамоққа олинган. Бригадирлар, сувчилар, пахта ташиган тракторчилар сўроқ беришаяпти. Тергов гуруҳининг бошлиғи Олма-ота шаҳридан келган бир рус кишиси экан. Тошкентдан, Ички ишлар вазирлигидан ҳам ходимлар бор. Қирққа яқин терговчилар иш олиб боришмоқда.
– Ўғлим, айтчи, сен пахтани қўшиб ёзишда пул ишига аралашганмисан?
– Йўқ, ота, мен сизга тўғрисини айтаяпман. Бу масалада мутлақо алоқам йўқ! Аралашмаганман!
– Сени ҳам юқоридаги масалалар бўйича сўроқ қилишдими?
– Мени чақиришгани ҳам, сўроқ қилишгани ҳам йўқ.
– Ўғлим, бугунми эртами улар сени ҳам, албатта чақириб, сўроқ қилишади! Юқоридаги саволларни бериши аниқ. Тайёрланиб юргин, тумандаги ҳамма хўжалик раҳбарларини сўроқ қилиб бўлишгач, уларнинг кўрсатмалари бўйича сен ҳам сўроқ берасан. Бу аниқ! Улар сендан ўз саволларига аниқ ва тўғри жавоб кутишади. Ушбу саволлар қуйидагича бўлиши мумкин. Туманнинг раҳбари сифатида пахтага қўшиб ёзишаётганини сен билармидинг? Сенга Рўзмат Ғойибов шундай топшириқ берганми? Пахта йиғим-терими мавсумида Ўзбекистон Республикаси Олий совети раиси Иномжон Усмонхўжаев ва Республика Министрлар советининг раиси Нормуҳаммад Худойбердиевлар вакил бўлишганида худди шундай топшириқлар берганми? Яна кимлар вилоятга вакил бўлишган, улар топшириқ беришганми? Ўғлим, улар ана шундай саволларни албатта беришади. Хўш, бу саволларга нима деб жавоб қайтарасан?
– Энди, пахтага қўшиб ёзилишини Республикада ҳамма билади. Уни билмайман, хабарим йўқ деб айта олмайман. Лекин, бу масалада менга ҳеч ким ҳеч нарса демаган. Менга Иномжон Усмонхўжаев, Нормуҳаммад Худойбердиев, Рўзмат Ғойибовлар бунақа топшириқ беришмаган, дейман.
Тўра Орзиқулов бир оз ўйланиб турди-да:
– Жавобларинг аниқ, қисқа ва тўғри! Аммо, улар хўжалик, пахта қабул қилиш пункти ва шу ишга алоқадор одамларни берган кўрсатмаларидан келиб чиқиб, албатта қўшимча саволлар ҳам беришади. Агар гапларинг тергов жараёнида менга айтганингдек бўлса, сени ҳеч ким ҳеч нарса қилаолмайди! Олса, вазифасини олади! Сен мутахассислигинг бўйича ҳар қандай ишда бемалол фаолият кўрсатаверасан. Ҳеч ким ҳам онасидан раҳбар бўламан деб туғилмайди, шу жумладан сен ҳам. Вазифа тепадан берилади. Фақат ҳалол меҳнат билангина инсон ҳурмат-эҳтиром ва обрў-эътибор қозонади. Лекин, бу осон иш эмас, ўғлим! – деди, ва сўнгра Амир Тўраевга қараб гапини давом эттирди. – Ўғлим, мен сендан хотиржамман. Сен ҳаром ишга аралашмайсан. Аммо, гдлянчилар сендан “Орзиқуловнинг ўғли” деб камчилик излашади. Камчилик топишаолмагач, сени бирор оғир хўжаликка партиявий йўл билан раҳбар қилиб юборишади. Бу аниқ! У ерда, албатта ёмон ишламайсан, бунга ишончим комил. 37– давлат хўжалиги ва Косон пахта заводининг бор ҳужжатларини роса титкилаб текширишди. Охир-оқибат мен билан Шодмоннинг амалга оширган ишларини мақтаб, бир варақ далолатнома ташлаб кетишди. Областдаги пахта заводларидан қанча-қанчалаб одамлар қамалди, аммо Косон пахта заводи ҳақида шу пайтгача номаъқул гап чиққан эмас.
Кеча Гдлян гуруҳи вакиллари келиб, 37-давлат хўжалиги билан Косон пахта заводининг бухгалтерия ҳужжатларини тафтиш қиламиз деб, Тошкентга олиб кетишди. Бундан қўрқадиган жойимиз йўқ, хоҳласа Москвада тафтиш қилишсин. Лекин, бошқа кўплаб кадрларнинг белини синдиришади, улар қилмаган иши, йўқ гуноҳлари учун жавоб беришаяпти. Шароф Рашидов Ўзбекистон учун кўп савобли ишларни қилган инсон. Рўзмат Ғойибовнинг ҳам хизматлари бисёр эди. Эшитдингларми, кеча Хоразмдан хунук хабар келди. Ғойибов танасининг ўн уч жойига пичоқ санчиб, ўзини ўлдирибди. Инсоннинг ўз танасига ўн уч марта пичоқ санчишига ишонмайман. Московдаги казо-казоларнинг сирини очади деб, бу ишни юқоридан Гдлян билан Ивановларга махсус топиширилган! Балким, бу Ғойибовнинг мардлигидандир. Эртага Тошкент орқали Ургенчга таъзияга бораман. Бормасам, инсофдан бўлмайди. Кўп йиллар бирга ишладик, адолатли ва инсофли инсон эди, раҳматлик.
Ўғилларим, ўзларингга эҳтиёт бўлиб юришларинг шарт. Мен ўйлаб кўрдим, пахта ишидан узоқ бўлган бўлсак, бизларни ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Сўроқларда ҳар хил тўқима гаплар қилиб, бошингни айлантиришга ҳаракат қилишади. Ёлғон-ёшиқ айтиб қўрқитишади, алдайди, фалончиев “Мени шу қонунсиз ишларни қилишимга район раҳбари мажбур қилган эди. Мендан фалон сўм пул ҳам олган…” деб ёзилган сохта кўрсатмаларни кўрсатишади. Шуларга эҳтиёт бўлишларинг керак. Алиқул, кўп ўйлаб кўрдим, ҳозирги ҳолатингни яхши деб ҳисоблайман.
Мен яқинда Шодмоннинг мутахассислари билан гаплашиб кўрдим. Уларга “қалбакичилик, пахта сотишдек ишларни қилганмисизлар?” деб савол бердим. Улар бу ишларга аралашмаган эканликларига қасам ичишди. “Хўш, бўлмаса нега пахта заводига ишлашга бунчалик хоҳишларинг баланд?” деганимда, улар: “Қора молларимиз учун заводдан арзон нархда чигит оламиз, пахтани тозалаганда чиққан қолдиқни эса раҳбарият навбати билан бепул беришади. Ҳар қирқ кунда бир бош қорамол боқиб, семиртириб сотамиз. Бир йилда камида 10-12 бош бўрдоқини бозорга чиқарамиз. Бундан ташқари заводдан маош, устама мукофот, оғир шароитда ишлаганимиз учун қўшимча ҳақ ҳам оламиз. Директоримиз ҳам ҳар йили 12-15 бош ҳўкизни семиртириб сотади. Бу ишимиз бизлар учун ҳалол-покиза насиба, яшашимиз ёмон эмас, нолимасдан шукур қилиб яшаяпмиз” дейишди. Уларнинг гапидан кўнглим тўлди.
Раҳбар жамоа билан ишлаганда ана шундай йўл тутиши керак. Бу энг яхши усул. Бундай меҳнат қилиб яшаш умрни узун, раҳбарнинг ҳурматини эса баланд қилади. Худо шарманда қилмасин, ўзи бандам десин, мана, ота-ўғиллар тинчмиз.
Насиб этса, ҳаммамиз ҳам бу олов ичидан соғсаломат қутуламиз. Агар мени Гдлян чақириб қолгудек бўлса, унга айтишим лозим бўлган гапларни тайёрлаб қўйибман…
Бир нарсадан афсусланаман. Мана шундай мусибатли даврда Ўзбекистон халқи учун қаттиққўл, донишманд ва узоқни кўра оладиган раҳбар керак бўлди-да! Бошқача қилиб айтганда, ўз халқини бало-қазодан ҳимоя қилиш йўлбошчининг доно ва буюклигига кўп томонлама боғлиқ бўлади… Гдлян мени нима ҳам қила оларди, қилганда ҳам сатқаисарман! Майлига, кўп ҳам сиқилманглар, ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетар, – Тўра Орзиқулов алам билан сўзлар, фарзандлари эса бошларини ҳам қилган ҳолда диққат билан тинглашаётганди. – Биздаги қўшиб ёзиш аслида марказдан мерос. Сенлар ўйлайсанки, қўшиб ёзиш Россияда, Украинада ёки Белорусияда йўқ дейсанми?! Уларда бизлардагига қараганда минг баробар баттар! Бир ўйлаб кўрингларчи, собиқ СССР бўйича тахминан 300 миллион тонна дон ишлаб чиқарилиши статистик маълумотларда келтирилади. Лекин ўз халқини таъминлаш учун Канада ва бошқа давлатлардан ҳар йили дон сотиб олинади. Хўш, 300 миллион тонна дон камлик қиладими?! Аслида бу ерда ҳам қўшиб ёзиш ҳисобига дон етишмайди ва четдан дон сотиб олишга мажбур бўлаяпти. Картошка ишлаб чиқаришда ҳам худди юқоридаги қонуният. Минг-минг тонналаб Польшадан ҳарид қиламиз.
Катта меҳнат эвазига жуда иссиқ иқлим шароитида пахта етиштирилади. Тупроққа оби-тобида чигит қадаш, тўлиқ кўчат олиш, парваришлаш, айниқса, териб топшириш кўп машаққатни талаб қилади. Бу Ўзбекистон халқининг пешонасига битилган захмат. Россия ва Украинада донни экасан ва ўрасан. Пахтачилик билан дончилик ўртасида катта тафовут бор. Аммо пахтанинг харид нархи жуда паст. Жаҳон бозорида бир тонна биринчи нав пахта толасининг нархи ўрта ҳисобда 1200 АҚШ долларига тенг. Нарх эса доимо ўйнаб туради. Керак бўлса бундан ҳам пасайиб кетиши мумкин. Олаётган ойлик маоши пахтакорнинг рўзғор ташвишларига базўр етади.
Агар иш шу вазиятда кетаверса, КПССнинг миллий республикаларга бўлган ноҳолисона сиёсати яхшиликка олиб бормайди. Ривоятларда айтилишича, бир афсонавий қуш бўлиб, унинг емиши фақат қуёшнинг шуъласи экан. У ғоятда сеҳрли овози билан сайраганда инсоният маҳлиё бўлиб тинглар, аммо унинг кўкка парвоз этганини ҳалигача ҳеч ким кўрмаган экан. Бир куни ундан “Бақувват қанотларинг бор, лекин негадир парвоз қилмайсан, сабаби нимада?” деб сўрашибди. У “Мен ҳам парвоз қилишни биламан, аммо рухсат беришмайди?”. “Ким рухсат бермайди?” дейишибди одамлар. “Буни сизларга айтаолмайман” деган экан афсонавий қуш. Ҳа, халқимизнинг севимли фарзанди Шароф Рашидовни ҳам самога парвоз қилишига марказ йўл бермади. Охир оқибат уни бу дунёни эрта тарк этишга мажбур қилишди.
Йирик давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси ва халқи учун буюк хизматлари синган Шароф Рашидов ҳақида икки оғиз сўз айтмасам бўлмайди. Халқимиз орасида ажойиб бир нақл бор, тоғдан қанчалик узоқлашсанг, унинг салобати, улканлиги ва кўрки аниқроқ кўрина бошлайди. Бу ҳикматнинг тўғрилигини Шароф Рашидов шахси мисолида ҳам кўриш мумкин. Шароф Рашидов ижтимоий салоҳияти ғоят кучли, инсоний фазилатлари жуда кенг ва теран инсон эди. Шуларни ўйлаб, баъзан табиатнинг нотантилигидан куюнасан, киши. Аллақандай жонзодларга икки юз йиллик ва унданда ортиқ умр ато этилгану, инсонларга қолганда бунчалик хасислик қилинган. Нима бўлганда ҳам инсон қанчалик умр кўрмасин, охир оқибат унинг халқига, миллатига, юртига қилган хизматлари инобатга олинади.
Шароф Рашидовга табиат ғоят улуғ фазилатларни инъом этган эди. У халқимизнинг қадриятларини чуқур билимдони, шу билан бирга буюк давлат ва сиёсат арбоби, ғоят беғубор, олижаноб инсон эди. Республикамиз ҳаётидаги фан, маданият, давлат ва жамоат ишларида амалга оширган улкан хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Буюк арбоблар бу дунёни жисмонан тарк этган бўлсаларда, қилган ишлари билан инсонлар қалбида маънан яшайверадилар. 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши раиси, 1959 йилнинг 14 март кунидан 1983 йилгача республиканинг биринчи раҳбари сифатида икки миллион гектарга яқин ерларни ўзлаштириб, суғориладиган деҳқончиликни ривожлантиришга бош-қош бўлганди. Кўплаб йирик сув омборлари, катта магистрал каналлар, оқава сувларни олиб чиқиб кетадиган ҳисобсиз коллектор-дренажлар, электр ёрдамида ишлайдиган улкан сув сўрғичлар, қанчадан-қанча турар жойлару маъмурий бинолар қурилди. Уларни ичимлик суви, газ ва электр энергияси билан таъминланди.
Марказий Фарғона, Мирзачўл, Қарши, Жиззах, Сурхон-Шеробод, Қорвулбозор ва Ўртачўл массивларидаги ерлар ўзлаштирилди. Қарийиб беш-олти миллион кишилик иш ўрни, улар учун уй-жойлар барпо қилинди. Баъзи бир манбаларда Шароф Рашидовни Амударё сувини пахта суғориш учун сарфлаши натижасида Орол денгизини қуритди, деган асоссиз даволарга дуч келамиз. Наҳотки, бу муаллифлар республикамизда аҳоли сонини ўсиб бораётганлигини ҳисобга олишмаса? Мабода ушбу массивлар ўзлаштирилмаганда халқимизнинг аҳволи нима бўларди, деган андишали саволга улар жавоб излаб кўришдимикин? Биргина мисолга эътибор бергин-а, у Тошкент зилзиласини Москвага аниқ тушунтираолди. Натижада Л.Брежнев ва А.Косигинлар эртасиёқ самолётда Тошкентга учиб келишди. Тошкент қайта қурилди. 1,3 миллион аҳоли яшайдиган шаҳар 2,3 миллионли шаҳарга айланди. Тошкент зилзиласигача умумий турар жойлар 6935 минг квадрат метрни ташкил қилган бўлса, зилзила оқибатлари тугатилиш йилларида янгидан қўшимча 5633 минг квадрат метр уй-жой қурилди. 1977 йилда Тошкент метросини қуриб, ишга туширилиши Марказий Осиёда катта воқелик бўлди. Уларнинг барчасига ўз вақтида Шароф Рашидов бошчилик қилганди. Унинг маънавий кўлами ниҳоятда кенг, илм-фан, маданиятнинг ижтимоий аҳамиятини жуда яхши билган олим, санъат аҳлига эътиборли, ўз халқининг маънавий юксалиши учун бутун билими ва кучини аямаган халқпарвар, ватанпарвар раҳбар эди. У собиқ иттифоқда олиб борилаётган барча ишлардан хабардор сифатида республикамизнинг ғоявий-маънавий ҳаёти ичида яшар экан, фақат “занжирбанд” эди холос!