Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ШИЖОАТЛИ ИНСОН

Сулаймон Ягудаев,

исроиллик дўсти.


Амир ака билан биринчи бора 1969 йили танишганман. Ўша-ўша гўё ака-укалардек муносабатда бўлиб келдик. Танишувимизнинг сабабчиси ўзбек халқининг севимли ҳофизи Тожиддин ака Муродов эди. Мен Тожиддин ака билан йигирма беш йил ҳамкорлик қилиб, доира чалдим. Амир Тўраев Тожиддин ака билан жуда яқин, ҳамфикр эди. Уларнинг суҳбатида мен ҳам иштирок этардим. Суҳбатимиз турли мавзуда давом этиб, санъат ва қўшиқчиликнинг бугунги ривожи тўғрисида баҳс-мунозараларга бой бўларди. Энг ажабланарлиси шунда эдики, Амир Тўраевнинг мутахассислиги қишлоқ хўжалик соҳаси бўлсада санът турлари, мусиқа ва қўшиқчиликнинг сир-асрорлари, доира чалиш усуллари тўғрисида гўё санъатшунослардек фикр юргизарди.

Амир Тўраев кўп қиррали талант эгаси эди. “Тошкент” давлат хўжалигида раҳбар бўлиб ишлаганида жамоанинг тўй-базмлари, ҳосил байрамлари санъаткорларсиз ўтмасди. У санъаткорларнинг ҳурматини жойига қўяр, республикадан қайси санъаткор Қашқадарёга ташриф буюрса, албатта 21-давлат хўжалиги дала шийпонидан бир пиёла чой ичиб қайтишарди.

Ўзи ёш бўлсада, вилоятнинг таниқли раҳбар инсонлари ҳам унинг билан суҳбатлашганларида ҳушёр тортиб муомала қилишарди. Ўзим таниган Шомурод Ҳақназаров, Мирза Ганжиев, Абдураҳмон Очилов каби оқсоқол раҳбарлар унинг шижоати ва фаҳм-фаросатига қойил қолиб гапиришганига гувоҳман. Билими ва тажрибаси ўзига етарли бўлгани учун бўлса керак, бировдан тап тортмасди. Ўз фикрини дангалига билдирарди.

Яратганнинг ўзи Амир Тўраевни ёшлигидан нодир талант соҳиби қилиб дунёга келтирган эди. Ўн уч ёшида олийгоҳнинг талабаси бўлиш, 21 ёшида фан номзодлигини ёқлаш, 25 ёшида йирик бир давлат хўжалигини бошқаришнинг ўзи бўмаса керак. Бу эса унинг жуда билимли ва меҳнатсеварлигини кўрсатиб турибди.

Бир неча бора Амир Тўраевнинг падари бузруквори бўлмиш Тўра Орзиқулов билан ҳам ҳамсуҳбат бўлганман. У жуда меҳмондўст ва эътиборли инсон эди. Бир бора у кишининг суҳбатида бўлган киши яна суҳбатлашгиси келаверарди. Тўра бува ўз касбининг устаси, шижоатли, гапингизни олдиндан сезиб тургандек жавоб қайтарарди. Унинг сергаклигига қойил қолмасдан илож йўқ эди. Ундаги деярли барча хислатлар Амир акада тўлалигича мужассам эди, десам адашмаган бўламан.

Амир аканинг акаси Али акани ҳам яхши биламан. Қаерда фаолият кўрсатмасин, ўзига ишониб топширилган вазифаларни ортиғи билан амалга ошириб қўярди. У киши билан ҳозиргача борди-келди қилиб турамиз.

Ўзим 1950 йили Қашқадарё вилоятида таваллуд топган бўлсамда, тақдир тақозоси билан ҳозирги кунларда Исроил давлатининг Рамла шаҳрида яшаяпман. 2009 йили Амир Тўраевни Исроилда кутиб олгандим. Хонадонимизда меҳмон бўлгандилар. Шундан кейин ҳам бир неча марта келиб, даволаниб қайтгандилар. Амир аканинг Исроил давлатида ҳам кўплаб яқин танишлари бор. Бизлар бу инсоннинг вафот этгани хабарини эшитганимизда ҳеч биримиз ишонмадик. Афсуслар бўлсинки, қадрдон акамиз бандаликни бажо келтирган эканлар. Ҳаётда кимдир юз ёшдан ортиқ умр кўради, аммо бирор арзийдиган иш қилаолмасдан ўтади, Амир ака ўзининг олтмиш етти йиллик умри давомида мақтовга арзигулик катта ишларни амалга оширди. Мен кўзимга ёш олиб, шуни айтаманки, Амир аканинг жойлари жаннатда бўлсин, Аллоҳ ўз раҳматига олсин!

Исроил, Рамла шаҳри.
2015 йил 2 ноябрь.
ҲУШЁР, СЕРҒАЙРАТ, ИШНИНГ КЎЗИНИ БИЛАДИГАН ИНСОН ЭДИ

Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси вазифасида ишлаб юрган кезларим эди. Муовиним, шоир Тўра Мирзо қорачадан келган ўрта бўйли, кўзлари чақнаб турган бир йигитни ҳузуримга бошлаб кириб, таништирди. Амир Тўраев, қашқадарёлик экан.

Анчагина суҳбатлашгач, гапи-сўзи, фикрлаши, ҳатти-ҳаракатларию ўзини тутиши менга маъқул бўлди. Ўшанда уни уюшмамизнинг “Дўрмон ижод боғи” директори этиб ишга тайинладим. Эртаси куниёқ ишга киришиб, тартиб-интизомни қўлга олди. Унгача собиқ директор адабиёт жамғармасининг собиқ раҳбари билан тил бириктириб, ижод боғи фаолиятини дабдала қилиб кетишганди. Амир Тўраев тез орада уларнинг камчиликларини жойига келтириб, ўзларига тўғрилатди. Талонтарож қилинган ашёларни суд орқали улардан ундириб олди. Бир сўз билан айтганда, ижод боғида қатъий тартиб ва назорат ўрнатилди.

Амирқул билан дўстона муомалаю яқин муносабатимиз мен вазифамдан бўшаганимдан кейин ҳам давом этди. Шодиёна дамларимиз, ғам-ташвишли кунларимизда-да бирга ҳамнафас бўлиб қолдик. Амир Тўраев яхшиликни ҳеч қачон унутмайдиган, айниқса, ёши катталарга ҳурмат ва тавозе кўрсатишни ўрнига қўядиган йигит эди. На илож, тўсатдан, кутилмаганда у бу дунёни тарк этди. Эшитиб, ҳайрону лол қолдик.

Алоҳида таъкидлашни истардим. Ҳушёр, серғайрат, ишнинг кўзини биладиган инсон бўлгани учун ҳам ҳамма жойда ҳурматли, эътиборли эканлиги кўзга ташланиб турарди.

От изини той босади, деганда катта ҳикмат бор. Унинг фарзандларига отасининг йўлини берсин. Қадрдон, меҳру оқибатли укамиз Амирқулнинг охирати обод бўлсин. Омин, ё Раббулоламийн, Аллоҳу акбар!

2015 йил.
АМИР ТЎРАНИНГ КЎПРИГИ

Эркин Аъзам,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.


Дўрмондаги Ёзувчилар боғига кираверишда йўлнинг нари бетида ғарқ соя солган азим чинорлар сафи савлат тўкиб турибди. Шулардан иккитасини худдики пойидан боғлангандек тахта ўтиргич туташтирган – харракми, скамейками деймиз. Ўтган ҳам, қайтган ҳам шу ерда бирпас тин олади. Айниқса, ёз чилласида ҳузурижон, ўтирсангиз тургингиз келмайди – ҳув боғ ичкарисидаги чархпалакка қўшилибми ғир-ғир шабада айланади.

Икки дарахтни бир-бирига боғлаб турган кўприксимон бу ўтиргичда бир дам суҳбат қурган нотанишлар ҳам эски қадрдонларга ўхшаб қолади.

Биз, Ёзувчилар боғининг атрофида яшовчилар бу кўприкни ўзаро “Амир Тўранинг скамейкаси” деб атаймиз. “Юринг, Амир Тўранинг скамейкасида бирпас ўтириб келайлик”, “Амир Тўранинг скамейкасида андак нафаст ростлайлик”… Албатта, ўтиргични қўлига болғаю арра олиб Амир Тўранинг ўзи ясамагандир, лекин бунинг боққа кўп йил директорлик қилган Амир Тўра даврида, Амир Тўранинг ташаббуси билан бино бўлгани айни ҳақиқат.

Мана, бугун қадрдонимиз Амир Тўра орамизда йўқ, у ясаттириб кетган ўтиргич эса турибди, бус-бутун. Биз ҳар гал унда ўтириб гурунг бошлар эканмиз, гап асносида Амир Тўрадан ҳам нақл кетади, унинг яхшиликларини эслаймиз, қилиқ-одатларини мароқ билан ёдга оламиз

Аломат одам эди Амир Тўра! Мард, танти дўст эди раҳматли. Кўп йил ёзувчи-шоирлар орасида юргани учун исм-фамилиясини “чўлтоқ” қилиб, Амир Тўра деб аташларига ҳеч ранжимасди, чамаси, шу тахлит қисқартма ўзига ҳам ёқарди-ёв. Асли бутунлай бошқа соҳанинг одами, лекин ёзувчи-шоирларнинг номма-ном билиши, ҳатто кимнинг қандай ёзишию феъл-атворигача бехато таърифлаб беришига қойил қолардингиз.

Мен илк бор бу одам ҳақида ижод боғида турғун яшовчи бир ёзувчи акамиздан эшитганман. Боғ директоридан у шу қадар нолиб, норози бўлиб гапирганки, кўз олдимда ўта қўпол, манмансираган бир кимса келиб, кўрмасимданоқ уни ёмон кўриб қолганман(Кейинчалик билсам, ёзувчининг ўзи ҳадеб бадмастлик қилавериб, директорнинг безорини чиқарган экан).

Ўша “ёмон” одам бир куни менга қўнғироқ қилиб, ўзини Амир Тўра деб таништирди, негадир боққа ўтавермасам ҳам мени яхши билишини, ҳурмати борлигини (у мулозаматни ҳам роса жойига қўярди!) уюшма раҳбарининг тавсияси билан каминага далаҳовли берилганини, бемалол бориб, қозиқ қоқиб яшайверишим мумкинлигини айтди.

Далаҳовлида истиқомат қила бошлагач билдим – Амир Тўра мен эшитган унча-мунча илиқ-иссиқ таърифдан зиёда одам экан. Эрталаб келиб бир хабар олади, кечқурун яна бир, нима камчилик бор, айтинг, ҳаммасини “есть” қиламиз дейди. Ичи гапга тўла, билмаган янгилиги йўқ. Лекин бир зум ҳам тиниб ўтирмайди, тик турган кўйи бир пиёла чойни ичадию, кейин аллақаёққа шошгани шошган. Гоҳ боғнинг у бошида кўриниб қолади, гоҳ боғнинг бу бошидан ҳайқирган қувноқ овози эшитилади. Ўша кезларда у гилосранг “Тико”да юрарди(хизмат машинаси). Саид Аҳмад ака уни “Амирнинг зумраша мошинаси” деб атар, “зумраша” шаҳар билан боғ ўртасида зув-зув, лофи билан бир кунда беш-олти мартадан кам қатнамас эди. Боғнинг адоқсиз ташвишлари ва ҳоказо юмушлари тугамасди…

Амир Тўра устоз Саид Аҳмад ака билан роса қалин, бамисоли ота-бола, аммо ҳазил-ҳузулга тушганда ота-болалик эсдан чиқиб, бир-бирларини чапаниларча чимдий кетишар эди.

– Устозингиз ўлгудек қурумсоқ, – дерди Амир Тўра менга ёлғондакам шикоят қилиб. – Ўтган ҳафта бир хум асал келтириб берганман. Китобники, тоза асал! Бугун эрталаб “Нонуштага ўшандан бир ялам опчиқинг”, десам, “Уни менга отанг берворган, Тўра Орзиқул ошнам! Асал егинг кевотган бўлса , бор, ана – бозор тўла асал, пулинг кўп сани!” дейди уккағар чол. Тунов куни Ҳабиб Саъдулла Намонгандан юборган бир сон гўштни ҳам холодильникка уриб, боя келсам – дастурхонда қуруқ қоқ нонни кавшаб ўтирибдилар. Зиқна-да, зиқна!

– Опқоч-а, опқоч! – дейди Саид Аҳмад ака гард юқтирмасдан жилмайиб. – Гўшт қоптими, ман уни кеча манави қаланғи-қасанғиларга ош қилиб берганман!

Амир Тўра ҳам бўш келмайди:

– Ош эмиш! Бир ҳафтадан бери ўчоққа ўт ёқмайсиз-ку, газ исроф бўлади, деб!

…Қани энди ўша кунлар! Беғубор, бегидир ҳазилу ҳангомалар!

Амир Тўра “йўқ” дейишни сира билмас, одамни хурсанд қилишни яхши кўрар эди. Нима муаммодан гап очсангиз, “Мана, биз-да!” дея мудом бел боғлаб тайёр турарди. Дўст деса жонини берадиган, суянса суянгулик, файзли инсон эди, раҳматли. Баъзан икки-уч ойлаб бедарак кетар, кейин қўққисдан сўроқлаб келар эди. Охирги марта… Бир ҳафта олдин қўнғироқ қилиб қолди. Петербургга бориб, даволаниб келибди. Ҳозир жуда яхшимиш, муолажа наф қилибди. Яна бир дафъа бориб келса, бас. Эртага жўнаётганмиш. “Бу ёғи зўр бўлади, оға!”, деди ишонч билан.

Зўр бўлмади… Қадрдон Амир Тўра йўқ энди. Тағин бир суянчиғимиз кетди. Беихтиёр икки азим чинорни туташтириб, кўприкдай бўлиб турган “пакка”га ошиқасиз. Борасиз, ўтирасиз. Бу “кўприк”ни қурдирган одамни эслайсиз. Худодан ул бандага мағфират тилайсиз. Шу экан-да, бошқа нима…

2015 йил.
ЭЪТИРОФ

Эргашали ҚУРБОНОВ,

иқтисод фанлари номзоди.

Андижон вилояти.


Тақдир таозосига кўра 1999 йили Амир Тўраев билан танишиб қолдик. Дилимиз дилимизга тўғри келганидан бўлса керак, бу дўстлигимиз унинг умрини сўнги кунларигача, яъни 2014 йилгача давом этди. Асли келиб чиқиши маҳаллий араб миллатига мансуб бўлса-да, у ўзини доимо ўзбек фарзанди деб биларди. Бу унинг туғилиб ўсган она юртига бўлган ҳурмати ва муҳаббатининг белгиси эди.

Амир Тўраев ҳақиқий олим-агроном эди. У яратган илмий монографиялар республикамизнинг қишлоқ хўжалик олийгоҳлари талабалари учун қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Амир Тўраев қаерда қайси лавозимда ишламасин, ўз билимдонлиги билан юқори самарадорликларга эришди. Айниқса, унинг Қарши чўлида янгидан ташкил этилган 21– ва 33– давлат хўжаликларида раҳбар бўлиб ишлаган йиллари яққол намоён бўлиб, ушбу жамоаларни республикада илғорлар сафига олиб чиққанди.

Тақдир тақозоси билан Амир Тўраев 1995 йили Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг Дўрмондаги ижод боғига директор бўлиб иш бошлади. Шу ерда яшаб ижод қилаётган кўпчилик ёзувчи-шоирларнинг эслашларича, ўша йиллари ижод боғи анчайин ночор ҳолатга келиб қолган экан. Амир Тўраевнинг саъйи-ҳаракатлари билан ижод боғидаги бинолар таъмирланиб, мевали ва манзарали дарахт ҳамда турли хилдаги гул кўчатлари ўтқазилган. Қисқа вақт орасида боғ чирой очган. Бу инсоннинг саховатпешалиги юқори бўлганлигидан ёзувчи ва шоирларнинг мушоираларига ҳам ҳомийлик қилиб турган.

1999 йили оилам билан шу боғдаги коттеджлардан бирига кўчиб ўтгандим. Ўша кундан эътиборан иккаламизнинг орамиздаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Бир сафарги суҳбатимизда у тўлқинланиб: “…Мен ўзимни бахтли инсонлардан деб ҳисоблайман. Чунки, шу боғда яшаб, ижод этаётган элимизнинг машҳур шоир-ёзувчилари Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф кабилар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Бундай инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди…” деган эди.

Кўп ҳолларда суҳбатимиз тун ярмигача давом этарди. Дўстлар кўп, аммо дўстларнинг ҳам дўстлари бўлар экан. Машойихлар айтганидек, “Кўрганда қувонадиган, кўрмаганда соғинадиган” дўстлар унчалик кўп бўлмас экан. Биз Амир Тўраев билан бир-биримизни кўрганимизда қувонадига дўстлар эдик. Донолар: “Тоғнинг гўзаллигини кўрмоқчи бўлсанг, узоқдан томоша қилгин” деб бежиз айтишмаган экан. Инсоннинг ҳам ҳақиқий қадри ҳаётдан ўтганидан сўнг билинаркан.

Қашқа воҳасига қачон борсам, у кишининг қабрини зиёрат этишга шошиламан. Кўз олдимда у инсон билан бўлган суҳбатларим намоён бўлади. У киши ҳалоллик тўғрисида кўп гапирар эди. Ўзи ҳам доимо шунга амал қилиб яшади. Фарзандларини ҳам шу йўлда тарбия қилди. Бугун у кишининг фарзандлари оталарининг одамийлик бобидаги ишларини давом эттиришмоқда.

Бу дунёни ўткинчи деганлари рост экан. Ҳаммамиз ҳам бир куни ўтамиз. Ортимизда қандай ном қолдирамиз, гап ана шунда! Фикримча, ўз ортидан яхши ном қолдириши учун инсон шунга лойиқ яшамоғи лозим. Бунинг учун энг аввало, инсон ўз нафси устидан ҳукумронлик қила олиши керак. Амир Тўраев бунга эриша олганди. Ҳар ҳолда меъёрдан четлашмади. Беайб Парвардигор, дейдилар. Меъёрдан ошилса кечирилиши қийин.

Дўстим ўзидан бир ёдгорлик қолдириб кетди. У ҳам бўлса, умрининг охирида ўзи туғилиб ўсган қишлоғи тўғрисида ажойиб китоб ёзиб, авлодларига қолдирди. Бу китоб фақат биргина қишлоқнинг тарихи эмас, отаси Тўра Орзиқулов ва ўзининг ҳаёти ҳам акс эттирилган асардир. Бундан ташқари яна яна кўплаб маълумотлар жам бўлганки, ўқиган одам ундан улкан маънавий озуқа олади.

Китоб – инсоннинг ўзига қўйган ҳайкали! Ҳамма ҳам бу бахтга сазовор бўлавермайди. Амир Тўраевнинг китобини ўқиб чиқар эканман, қалбимда бир туғён қўзғалди. Қўлимга ручка олиб, мен ҳам ўзим босиб ўтган ҳаёт йўлим тўғрисида хотира китоб ёзишга киришдим. Худо хоҳласа, бу китобимда дўстим Амир Тўраевга ҳам жой ажратилади.

Падари бузрукворим Қурбонбой ҳожи ҳам Амир Тўраевни жуда ҳурмат қилар эди. Дўрмон боғидан Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйга кўчиб ўтганимдан сўнг отам бизларникига келишдан аввал Амир Тўраев билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлгач хонадонимизга ташриф этардилар. Энди ўйласам, дўстим отамнинг ҳам қалбига кириб улгурган экан.

Инсон яхши гапнинг гадоси бўлади, дейишади. Шуларни хаёлдан ўтазарканман, кўз олдимда дўстим намоён бўлади-ю, ўзимни бошқача ҳис этаман. Қани энди дўстим Амир Тўраев ҳаёт бўлса-ки, унинг мазмунга тўла суҳбатларидан баҳраманд бўлсам.

ШОШҚИН ДАРЁ

Комил АВАЗ,

хоразмлик шоир.


Одамларнинг тийнати турфа. Бежадал бўлса, юрагида султони йўқ, ғайратлисини шошқин дарёга менгзашади. Дўстимиз Амирқул Тўраев ҳам ана шундай бағри кенг, танти, ўз ишига фидойи, жўшқин ва шошқин дарё эди.

Ажабким, ҳаётда инсонларнинг дўстлари ҳам аксарият бир-бирларига яқин феълли бўлишади. Худди Амирқулдек дўстликка вафоли, суҳбати сафоли, дардкашга жафоли, ишига фидойи синфдоши ва яқин маслакдоши Тожибой Рўзиевдан Амирқул Тўраев хотирасига бағишлаб китоб нашр қилинмоқчи бўлаётганини эшитиб, хурсанд бўлдик.

Амирқул Тўраев билан илк бора танишганимизда каминада у андак кўп билармондек таассурот қолдирганди. Кейинчалик ёзувчилар боғидаги дала ҳовлида истиқомат қила бошлаганимиз сари, унга кўпроқ мурожаат этишимиз асносида билдикки, у ўзига хос қатъиятли, қандай муаммо бўлмасин одиллик, ҳалоллик билан адо этишга мойиллиги билан ҳурматимизни қозонди. Унинг бирор сўзимизга беэътибор муомаласига дуч келмадик. Зеро, бизга чигал кўринган, баъзан айтишга истиҳолали муаммоларни ҳам пешонасини тириштирмасдан, очиқ юз билан ҳал қилишга ҳаракат қилган.

Амирқул Тўраев серқирра инсон эди. Қайси мавзуда бўлмасин у бирда ҳаётий, бирда илмий даражасига таянган ҳолда фикр-мулоҳаза юритиб, суҳбатга жон киритарди.

Унинг Ўзбекистон Пахтачилик илмий тадқиқоти илмий Кенгаши томонидан 1999 йил 15 декабр куни 14– баённомасига биноан тавсия этилган, техника ва қишлоқ хўжалик олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари ҳамда қишлоқ хўжалиги мутахассисларига мўлжалланган, 17 босма тобоқдан ортиқ “Қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сувни тежовчи янги суғориш технологияларидан фойдаланиш” монографияси мамлакатимизнинг суғориладиган деҳқончилик минтақаларида суғориш тизимларининг тузилиши ва фойдаланиш масалаларини ёритишда катта аҳамият касб этгани олимлар томонидан қайд қилинган.

Қадрдонимиз, дўстимиз, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Амирқул Тўраев ҳақида хотира рисоласи тайёрланиши муносабати билан камина ҳам икки оғиз сўз рақам қилиш асносида ён дафтарим чизиқларига, мактубларим мусовадаларига разм солдим.

Амирқул Тўраев билан ёзишган хатларни қайта ўқиб, ўша дамлар хотирасига чўмдим, вақт нечоғлик учқур-а… Қадрли дўстимизнинг жойлари жаннатдан бўлсин.

“Ибрат манзили” китобимда нашр этилган ушбу хатларни Амирқулнинг қадрдонларига илинишни лозим топдим:

Амирқул Тўрага

Биродари азиз Амирқул Тўраевич! Янги 2007 йилингиз муборак бўлсин! 2006 йили амалга ошмай қолган орзу-умидларингиз илоҳим 2007 йилда рўёбга чиқсин!

Ушбу битикка қўшиб, “Комил Девоний” китобини иккинчи, бироз тўлдирилган нашрини юбораяпман. Эсингиздами, Абдулла ака(Абдулла Орипов) сизга “Комилжон исмини ичкарига олгани маъқул эди”, дея андак эътирозини менга етказишни айтган эканлар. Кейинчалик учрашганимизда ўзлари менга бу борада сизга айтганларини эслатдилар. Мен ўшанда бу нашрни шошилинч, дўстлар фикрини билиш учун оз нусхада чоп қилинган деб сизгаям, Абдулла акагаям айтган эдим. Бироқ, ўша нашрни яна бир дўстимиз (Хайриддин Султонов)га ҳам берган эдингиз. Шу боисдан у кишигаям янги нашрдан бир нусхасини (ўзгартирилганини айтиб) берсангиз кўнглим жойига тушар эди.

Сиз холис тилмочсиз, айниқса, менга бўлган эътиқодингиз бошқа бир дунё. Менинг ҳам сизга бўлган меҳрим, эътиқодим ўзгача, буниям биласиз. Тилмочлар минг йил бурун ҳам, минг йил кейин ҳам ардоқлидирлар, негаким уларнинг тилмочлиги хоҳ ёнма-ён бўлсин, хоҳ айрича бўлсин ҳамиша одамларнинг тақдирини белгилаб келган. Бундан қирқ йиллар муқаддам бу борада бир қоралама ҳам қилган эдим:

 
Ўзга элатларга гар сайр этсанг,
Сўзлашмоққа кўмак этар тилмочлар.
Гоҳида бировга тушунмай қолсанг,
Номингдан элчидай кетар тилмочлар.
…Эшитганман,
Бир подшоҳ ажнабийни,
Айбидан ўлимга маҳкум этганмиш,
– Ноҳақ, – деб ажнабий
Бирдан асабий
Подшоҳга ҳақорат сўзлар айтганмиш.
– Нималар деяпти, айтинг, у жоҳил? –
Подшоҳ сўраганда вазир эгилиб:
– Адолатли подшоҳ, – дер, – ҳукми одил.
– Озод этинг, – дебди подшоҳ энтикиб.
Шошиб дер сўл вазир шу онда ростин:
– Подшоҳи олам, алдар ўнг вазир.
Ҳақорат қилмоқда ўғри сўзим чин,
Тилларин кесмаклик керакдир ҳозир!
Хаёлга чўмибди подшоҳ ҳам чиндан,
Сўнгра у ҳукумга кўтарибди даст:
– Қон билан туговчи сенинг ростингдан,
Охири хайирли ёлғон ҳам дуруст…
 
 
Баъзида тескари таржима бўлиб,
Қалби қон, гирёнлар топилар аҳён.
Ҳақиқат рўёбга чиққинча ўлиб
Кетганлар додини айтарлар нолон.
 
 
Сўзингни гоҳ тўғри, гоҳида эгри
Таржима этарлар баъзи тилмочлар.
Барибир, милярд йиллардан бери
Ҳаммадан талаби таъзим тилмочлар.
 
 
Хўш, одамлар ичра тилмоч бор экан,
Одамнинг ўзида тилмочлар йўқми?
Қоши учиб турар босса ҳаяжон,
Ахир, не ялт этар кўзида чўғми?
 
 
Кун-кунга ўхшамас кечмайди нелар,
Қалбимни туйғулар гоҳ қилар талаш.
Йиллар сарҳисобин таржима қилар,
Баъзан кўздан томган қатрагина ёш.
 
 
Баъзан бир кимсанинг иши тушганда,
Елкаси ергача эгилиб кетар.
Елкаси осмонга тегай-тегай дер,
Ё тавба, зиғирдай ишинг тушса гар.
 
 
Одамнинг борлиги гар экан тилмоч,
Ҳар кимнинг ўзини таржимони ким?
Ким билан кенгашиб, ким ҳукм қилгач
Ташлар қадамини яшаркан, токим?
 
 
Қадам ташлаб кирар ҳамиша инсон
Яхшилик қасри-ю меҳр боғига.
Аммо шум бир қадам сабабдир баъзан,
Юракнинг фарёди, сўнгсиз оҳига.
 
 
Ҳар кимнинг толеи бўлмоғи баланд,
Босилган қадамга кўп боғлиқ бўлар.
Шунинг-чун дунёга келганда фарзанд,
Қутлуғ қадам бўлсин дейдилар илк бор.
 
 
Тилмочлар ҳақида шеър битиб, оддий
Ҳақиқатга яна дуч келдим шу он.
Қадами қутлуғдир, йўллари покдир
Кимники Виждони бўлса таржимон.
 

Сиз адабиёт муҳлиси, ашаддий китобхон, яхши ёзувчиларни ардоқловчи, дилкаш дўст бўлганингиз учун шеъримни тўлиқ келтирдим. Хатлардан иборат бир куллиёт тузиш истагим ҳам йўқ эмас. Насиб этса, бари хатларимни, жавоблари билан (магарам жавоб ёзсалар, бу гап сизга ҳам тааллуқли) бир тўплам қилиб нашр қилдирарман.

Сизга самимий саломлар билан
Комил Аваз
Хоразм.
10.01.07 й.

Жавоб хати:

Кўп ҳурматли дўстим Комил Авазга!

Менга йўллаган номангизни олдим, топшириқларингизни ситқидилдан бажардим. “Тилмочлар” тўғрисида ёзган шеърингизни ўқидим. Ғоят мазмунли, катта фалсафаси бор.

Умуман олганда, сизни соғиндик. Дала-ҳовлингиз ёнидан ўтганда, биродаримиз келиб, қачон бизни “оқ палов” билан меҳмон қилар экан деб хаёлимиздан ўтказамиз.

Кейинги “Комил Девоний” китобингизни Абдулла ака(Орипов) мукаммал ўқиб чиққанга ўхшайди. Менга: “Комилжон бир шеърини икки марта босиб юборибди, бу нашриётнинг хатоси бўлса керак, лекин адабиёт учун бебаҳо хазина” деб айтди.

Устознинг бу гапидан роса шод бўлдим. Ҳар бир китобингиз чиққанда ҳамма дўстларингиз қатори мен ҳам қувонаман. Чунки сиз адабиётнинг тўлиқ маънодаги қалами ўткир жонкуярисиз!

Сизга катта ҳурмат билан
Амир Тўраев
Тошкент.25.01.07 й.

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации