Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ҲАЁТГА БАХШИДА УМР

Абдухалил ҚАЮМОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.

Эркин ХОЛМУРОДОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.


 
Эзгулик томирда отади томир,
Яшар қалбимизда яхшилар ёди.
Босар ўз муҳрини азалий тақдир,
Энг ёрқин хотира – умр муроди!
 

Шоирга шоир, деҳқонга деҳқон, сиёсатчига сиёсатчи бўлган қадрдонимиз Амир Тўраевнинг болалик йиллари Қашқадарёнинг Пўлати қишлоғида ўтган. Унинг илк устози воҳа элининг ҳурмат-эътиборини қозонган ўз отаси Тўра бобо Озиқулов эди. Бобоси боғбон, отаси деҳқон ва ҳисобчи-иқтисодчи бўлганлигидан бўлса керак, унинг ўзида ҳам ёшлигидан қишлоқ хўжалик соҳаси мутахассиси бўлишга ҳавас уйғонган. Орзусига ҳам етди, етук олим-деҳқон бўлиб етишди. Ўзининг тиниб-тинчимаслиги, билим салоҳиятининг кенглиги билан кўпчиликка танилиб улгурди. Анчайин ёш бўлишига қарамасдан туман ва вилоят миқёсидаги раҳбарлик лавозимларида кўп йиллар фаолият кўрсатди. Илм ва билимли, тўғри сўзлиги, талабчанлиги ҳамда меҳнатсеварлиги туфайли обрўэътибор қозонди. Шоирона айтганда:

 
…Қўшиб тақдиримни
Эл тақдирига,
Ватан бойлигига
Бойлик қўшганман.
Насибамни бўлиб
Ошнолар билан,
Баланд довонлардан
Дадил ошганман.
 

Ўзи қишлоқ хўжалик соҳасининг одами бўлгани билан унда раҳбарлик лаёқати ҳам устивор эди. Ҳеч бир инсон ўз тадири азалидан қочиб қутилаолмайди, деганлари рост экан. Республика Ёзувчилар уюшмасининг ижод боғида салбий жараёнлар юз бера бошлаган бир пайтда Амир Тўраев кутилмаганда ўша ерга директорлик қила бошлади. Вазиятни тезда жойига келтирди. Бу ердаги жонкуярлиги, жамоа учун елибюгуриши, муомаласи, ёшларга бўлган ғамхўрлигию кексаларга нисбатан ҳурмат кўрсатиши уни шу ерда ҳам кўпчиликка танитди. Буларнинг барчасини унинг покиза меҳнатидан деб биламиз.

Амир Тўраев ўз умрининг сўнгги йилларида Республика ўрмончилик илмий-тадқиқот институтининг “Дархон” марказий тажриба хўжалигида раҳбар бўлиб фаолият кўрсатганди. Бу инсон қаерда, қайси лавозимда ишламасин ўз ишига масъулият билан ёндошиб, жавобгарликни ҳис этиб фаолият кўрсатди, айниқса, Республикамиз қишлоқ хўжалиги тараққиётига унумли ва унутилмас ҳисса қўшди.

. Унинг энг яқин дўстларидан бири ва юртдоши, Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев дўсти ҳақида қуйидаги сатрларни келтирган:

 
   Қоғозлар сарғаяр, овозлар ўчар,
Шамоллар учирар, босган изларни.
Қуюнлар айланар, гирдоблар кўчар,
Аммо йўқотилмас асло сўзларни.
Кўзлар хиралашар, оқарар бошлар,
Ажинлар босади ёқут юзларни.
Қорасин йўқотар бу қалам қошлар,
Бироқ ўчиролмас қалбдан изларни.
Лочин бўлган эмас ҳеч қачон калхат,
Зоғни зоғ дейдилар, булбулни булбул.
 

На илож, шафқатсиз ўлим олимлар орасидан ўзига хос ташкилотчи ва билимдон Амир Тўраевни олиб кетди. У дўстлари ва юртдошлари қалбида ҳамиша барҳаёт бўлиб қолаверади.

СИЗ ШУНЧАКИ ЯШАМАДИНГИЗ

Башорат ОМОНОВА,

“АR-RASHID DAVR”

Хусусий фирмаси директори.

“Ижодкор ўқитувчи” нишони соҳиби.


Амир ака Тўраевдек истеъдодли олим, жонкуяр раҳбар, ташкилотчи инсон билан юртдош бўлганимдан доимо фахрланаман. Тошкент шаҳрига илк бора келганимда меҳнат фаолиятим ва ижодий режаларимда у кишининг маслаҳат ва ўгитларига таянганман.

Амир ака устоз сифатида биз шогирдларига катта маънавий ҳаёт сабоқларини бериб кетгандек гўё. Бу сабоқнинг кўринишларидан энг яхшиси бировларга беғараз яхшилик қилиб, қувонч улашиб инсоннинг ўзи ҳам қувонч топишидадир.

Инсон вақт ўтиб кексайган сари ҳаёт йўлига назар соларкан озми-кўпми хато-камчилик, армон ва ташвишлари, шу қатори шодлик дамларини эслайди. Устоз бир суҳбатларида “Киши ўз ортидан пушаймон қиладиган ҳеч бир иш қилмасликка ҳаракат қилиши керак”, деган эдилар. Олийжаноблик ва сахийлик бобида мен билган инсонлар орасида танҳо бу инсон бизга берган ана шу ўгитларига ўзлари ҳам амал қилиб яшадилар.

Амир аканинг ажойиб фарзандлари бор, уларни жуда яхши кўраман. Ўғли Маҳмуд ўқувчилик пайтлари тарих фанидан республика миқёсидаги кўрик-танловларга яхшигина иштирок этар, ростакамига қобилиятли эди. Бир галгисида уни кўрик-танловга ўзим олиб борганман. Ўшанда Амир ака ўғлининг ютуқларидан роса хурсанд бўлгандилар.

Ўғилларининг кўзларида устознинг кўзларини кўргандек бўламан. Бугун дадил айта оламан: “Амир ака, Сиз шунчаки яшамадингиз, изингиздан оқил фарзандлар, илмий ишларингиз, китобларингиз, шогирдларингиз қолди. Сиз биз шогирдларингиз учун дунёда йўқ бир мактаб яратиб кетдингиз…

“Савоб, эзгулик, саховат ва мурувват” шиори бўлган бу мактаб жуда кўп авлодларга сабоқ бераверади. Сиз ҳақингизда ҳали юзлаб, балки минглаб миннатдор қалблар номидан хотиралар ёзилаверади. Номингиз дўстларингиз даврасида мангу қолаверади, қайта-қайта ёдланаверади! Барҳаёт яшайверасиз! Айтадиларку, “Умрлар бор тиригида ўликдир, умрлар бор ўлигида тирикдир, мангуликка тиргакдир”.

Сиз доимо мангуликка тиргак бўлиб биз билан яшайверасиз.

 
Акам дейман сизни, дўстимми дейман,
Бугун дардларимга дард қўшар армон.
Меҳр одамийлик дарсини ўтаб,
Қалбга муҳрланган қадрдон инсон.
Омонат дунёни сарсари кезиб,
Турмуш ташвишларидан ҳориб толибман.
Қай пайтки лоқайдлик либосин кийиб,
Сизнинг кетганингиз билмай қолибман.
 
 
Ҳеч кимда йўқ эди бундайин ўктам,
Саховат сочишга тайёр у кўзлар.
Биздан нима ёрдам балки ўнларга,
Балки юзлаб дилга айтилган сўзлар.
Жонингиз омонми сўрардингиз гоҳ,
Олдинда кўп яхши кунлар дараги.
Юрдим бош эгмайин ғамлар босса ҳам,
Сиздек инсонларга муносиб каби.
 
 
Не деб таъриф берай бундай инсонга,
Эзгулик, сахийлик эди билгани.
Дебочаси эрур ушбу шеърларим,
Юрагимда қолган улкан Севгининг.
 
ОРИЯТЛИ, ТАНТИ ВА ҲАЛОЛ ИНСОН

Расулжон НАФАСОВ,

журналист.


Ўтганларни хотирламоқ, уларнинг эзгу ишларини давом эттирмоқ азалий қадриятларимиздан. Инсонни улуғловчи қадриятлар эса мангу.

…Талабалик чоғларим эди. Курсдошларимиздан бири “Эртага Амир Тўраев отаси хотирасига ош берар экан. Ёзувчилар уюшмасидан айтишди, бориб хизмат қилиб келсак савоб бўларди” деб қолди. Уч-тўртта курсдошлар эртароқ бориб, хизмат қилишга чоғландик. Аслида биз қиладиган хизматнинг ўзи йўқ экан. Лекин шундай тадбирга иштирок этиш кўнгилни кўтариб, қалбларга эзгу ҳис уйғотганидан мамнун бўлдик.

Амир Тўраевнинг фарзандлари, жиянлари, яқинлари, ҳамма-ҳаммаси шу ерда, хизматга шай туришарди. Аввалига бизлар ҳам қаторда туриб, қўлма-қўл ош узатишга кўмаклашган бўлдик. Кейинроқ “хизматкор”ларга деб ясатилган жойга бориб ўтирдик. Эл қатори ошни еб, дуо ўқилгандан сўнг кўчага чиқиб уюшмадан келган шоир ва ёзувчилар билан гаплашиб турганимизда, қорачадан келган, нигоҳи ўткир, ўрта бўйли бир одам келиб: “Яхши ўтирдингизларми? Хуш келибсизлар, раҳмат”, деб ҳамма билан сўрашиб чиқди.

Шунда Абдурауф деган бир акамиз: “Амир ака, шу қариндошингизни ҳам танийсизми?” деб мени кўрсатди.

Бу инсон ҳақида кўп бора эшитганману, аммо ўзини кўрмаган эканман. Шунда,менга бир қараган бўлди-да, “Бу самарқандлик араблардан, жиян бўлади, бўлажак журналист” дея, изоҳ берди. Сўнг менга ўгирилиб: “Ўқишларинг яхшими? Қариндошлар – ота-онанг, момонглар яхшими? Борганингда салом деб қўйгин”, деб ҳол-аҳвол сўради.

Амир Тўраев билан бирор марта кўришмаган ёки гаплашмаган бўлсам, қандай таниганига ҳайрон қолганман ўшанда.

Қишлоққа борганимда отамдан Амир Тўраев ҳақида суриштирдим. Отам: “Отаси Тўра Орзиқулов раис ўтган, элга фойдаси теккан, яхши инсонлардан деб эшитганман. Амир Тўраевни ҳам тўй-маъракаларда кўп кўриб, суҳбатини тинглаганман, лекин ўзи билан алоҳида ўтириб гаплашмаганман. Инсонни юзидан кимлигини, насл-насабини бир қарашда айта берадиган, зеҳни ўткир инсон. Қашқадарё вилоятида ҳам анча йил масъул лавозимларда ишлаган. Тубли-пояли кишилар, суриштириб борса бир тарафи қариндош ҳам чиқиб қолади. Катта элда ҳурмати баланд, ориятли, танти, ҳалол инсонлар”, деб таъриф берарканлар, эл орасида Амир Тўраев билан боғлиқ бўлган қизиқарли гаплардан ҳам сўзлаб бердилар.

Отам билан бўлган гурунгдан сўнг ўша маъракада бўлган воқеадан ўзимча хулоса чиқардим. Демак, бу инсон ҳар бир нарсани, ҳаттоки кимлар учундир оддий бўлган нарсаларни ҳам назаридан четда қолдирмас экан.

Ишга келганимга ҳали кўп ҳам бўлгани йўқ эди. Бир куни раҳбаримиз хонасига таклиф этиб, қандайдир қўлёзмани менга узатаркан: “Мана шу китобга муҳаррирлик қиласан, муаллифи қариндошларингдан. Жиддий, шу билан бирга синчковлик биланкўриб чиққин. Ўзингга билдирилган ишончни оқлашинг керак” деди.

Хонамга қайтиб, қўлёзманинг дастлабки саҳифасига кўз югуртидим. “Амир Тўраев. “Пўлати ва пўлатиликлар”. Не ажабки, анчадан буён ўзим қизиқиб юрган инсоннинг қўлёзмаси экан. “…Пўлати қишлоғимни ва элдошларимни кўргани, ҳатто қум ва тупроғини кўзларимга сурмаи Сулаймон қилгани келаман, меҳрибон ҳамқишлоқларимни соғиниб келаман, мен туғилиб, ўсиб-улғайган ва болалигим кечган гўшани соғинганимдан келаман…” Мана шу сўзлар билан бошланган қўлёзмани ички бир ҳаяжон билан ўқий бошладим… Саҳифама саҳифа ўқир эканман, қўлёзма мени олис-олисларга – болалик даврларимга етаклаб кетгандай бўлади.

Хуллас, қўлёзмани ҳаяжон ва қизиқиш билан ўқиб тугатдим. Бу орада муаллифнинг фарзандлари билан ҳам учрашиб, маслаҳатли жойларини биргаликда кўриб чиқдик.

“Яхши фарзанд отасига раҳмат келтиради…” деган гапни отам биз фарзандлари даврасида бот-бот такрорлайдилар. Худди шундай, фарзандлари ҳам Амир Тўраевдек самимий, ориятли, ҳалол инсонлар экан. Пўлатида бизларнинг ҳам яқин қариндоларимиз, жиянларим ва қадрдонларим яшашади. Уларни йўқлаб тез-тез бориб тураман. Улар билан суҳбатлашганда Амир Тўраевнинг қишлоқдошларига берган баҳоси, характерига чизгилари кўз олдимдан ўтади. Нақадар тўғри ва холис баҳо берганига қойил қолмасдан иложим йўқ, албатта.

Ўзларини араблар авлодидан деб ҳисобловчи Ўзбекитсон араблари истиқлол шарофати туфайли ўз аждодлари тарихини билиш ва ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Собиқ иттифоқ сиёсати даврида ҳам баъзи тадқиқотчилар аҳён-аҳёнда фанда “бухоро араблар” деб аталган, анчайин ўзбеклашган, аммо тилларини сақлаб қолган бир этник қатлам тарихи ва фольклори ўрганилган, ҳатто улар ҳақида китоблар ҳам чоп эттиришган. Республикамизнинг мустақилликка эришуви шарофати ила Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги Жейнов қишлоғида мамлакатимизда ягона бўлган “Араб миллий маданий маркази” ташкил этилди. Араблар яшайдиган қишлоқ ва маҳаллалар, уларнинг этнографияси тўғрисида маҳаллий олимлар тадқиқот олиб боришга киришдилар. Уларнинг ҳунармандчилик ишлари, гиламдўзлик ва каштачилик, миллий либослари ва рўзғор тутишлари, рақс ва қўшиқлари, термалари, ўзларига хос шева ва талаффузда сўзлашувлари алоҳида бир ҳодиса эканлиги эътироф этила бошланди. Ушбу темада республикамизда бир нечта докторлик диссертациялари ҳам муваффақиятли ҳимоя этилди.

Амир Тўраевнинг “Пўлати ва пўлатиликлар” китоби Ўзбекистон арабларининг “баладий” – “пўлати” тоифаси тарихи доирасидан чиқиб, умум этнос ҳақида ҳам ўз қарашларини, айниқса, Пўлати қишлоғи айнан Ўзбекистон мустақиллиги йилларида “Пўлати шаҳарчаси”га айланганини, ўз илдизи “Балад” – “Шаҳар”га қайтгани улкан завқ билан ёзилган. Бу билан Амир Тўраев умри сўнггида ҳатто этнограф олим ва ва публицист мартабасига эришди. Бунда унинг бадиий ижод аҳли муҳитида яшагани ҳам ўз самарасини берди.

Оқил фарзандлар яна ўз тупроғи, ота-онаси, ҳамшаҳарларини, улар ҳақидаги эзгу хотираларни. Бугунги шукуҳли кунлар тароватини, ўтганлар ёдини қоғозга туширишга бел боғлашибди. Савоб ишдан четда қолмай деб, Амир Тўраев ҳақидаги китоб саҳифаларига мен ҳам баҳоли қудрат сўз гавҳарларини сочдим.

Ўганларнинг охиратлари обод бўлсин, ота чироғини ўчирмаган, аждодлар хотирасини эъзозлаб, ёд олиб келаётган жигарларим омон бўлишсин.

УСТОЗНИ ЭСЛАБ

Дўлоп Ўтаганов,

“Эшбўри бобо” фермер хўжалиги раиси.


Амир Тўраевни устозим деб билганман. Бу инсон билан Беруний номли 33-давлат хўжалигида узоқ йиллар бир сафда фаолият кўрсатгандим. Устозим тинибтинчимас раҳбар, қишлоқ хўжалик соҳасининг ўта билимдони, айниқса, пахта, чорва ҳамда боғдорчилик бўйича улкан салоҳият ва тажрибага эга вакили эди.

Устозим Амир Тўраевни сутканинг қайси вақтида дам олишини ҳеч ким аниқ айтаолмасди. Тонг бўзарарбўзармас дала айланар, бунинг учун хизмат машинасими, юк машинасими ёки бошқа транспорт воситасими фарқлаб ўтирмасди. Ҳар қандай экин майдонини бир кўришда қайерида сув кўллаган, қайси жойини бегона ўт босган, озиқлантириш қай даражадалигини аниқ биларди. Кузатганлари тўғрисида ён дафтарчасига белгилаб, кечки йиғилишда ҳар қайси бригада етакчисига камчиликларни бирма-бир айтар ва уларни қай йўсинда тузатиш мумкинлигини тушунтирарди.

Устозни ҳеч қачон алдаб бўлмасди, ёлғон гапирганни кечирмасди ҳам. Шу сабабли ҳам хўжаликнинг барча тармоқларида иш тўғри ташкил этилган бўлиб, жамоамиз йилдан йилга улкан муваффақиятларга эришар, йиллик режалар эса 110-120 фойизга етарди. У киши хўжалик ишларини асосан техника ёрдамида бажаришга катта эътибор берарди. Шошма-шошарлик қилмасди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 1988 йили хўжалигимиз давлатга 8300 тонна пахта етказиб бериш мажбуриятини олганди. Мавсумда барча майдонлардаги ғўзалар парвариши аниқ режа асосида олиб борилди. Пахта теримига шошилмасдан пухта тайёргарлик кўрилди. Пахта терим машиналари юз фоиз шай ҳолатга келтирилиб қўйилди. Ҳатто, терим давомида бузилиб, бирор муаммо чиқиб қолмаслиги учун уларнинг ҳар бирини ўзи бирма-бир кузатиб ҳам чиқди. Ғўза пайкаллари сифатли дефолиация қилинди. Қисқаси, терим бошланди ва ўн уч иш кунида пахта топшириш йиллик режаси бажарилди. Ўша йили жамоамизда 8300 тонна ўрнига 9000 тоннадан ортиқ пахта етиштирилганди. Биргина ўзим етакчилик қилаётган бригадамиз аъзолари гектар бошига 43 центнердан пахта ҳосили йиғиштириб олгандик.

Амир аканинг боғдорчиликка ҳам меҳри бўлакча эди. Хўжаликка ишга борганимнинг дастлабки йили устоз раҳбарлигида ички йўллар четига, дала шийпонлари ва дала атрофларига юз минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган эди. Бу анъана ҳар йили давом эттирилди. Хўжалик ҳудудида олтмиш гектар майдонга йигирма уч минг дона мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, замонавий боғ ташкил этилганди.

Ўша йиллари Амир Тўраевнинг ташаббуси билан Китоб туманининг Варганза қишлоғидан минглаб анор кўчатлари келтирилиб, хўжаликка кириб келиш ҳудудида каттагина анорзор юзага келтирилганди. Қисқа вақт ичида у варганзаликларнинг анорзоридан фарқ қилмас даражада кўриниш олди.

Амир ака хўжалигимиздаги бирор дарахтни қуригани ёки синганини кўрса, у кимнинг даласида бўлишидан қатъий назар аяб ўтирмасди. Йиғилишларда “…Чўлни фақат пахта майдонига айлантирмасдан боғубўстон кўринишига ҳам келтиришимиз керак. Чўлқуварларнинг бу ерларда абадий қўним топишлари, бунинг учун ўзлари боғлар барпо этишлари азалий орзуимдир. Мен ана шу инсонларнинг турмушини ўйлайман. Шундай экан уларга яхши шароитлар яратиб беришимиз керак”, деб айтган гаплари ҳамон ёдимда.

1986 йиллари хўжалигимизда бор-йўғи юзга яқин оила қўлбола барак, шийпон, кўчма вагонлар, ҳатто ертўлаларда яшаб, ишлашарди. Амир аканинг тинибтинчимаслиги билан икки-уч йил орасида хўжалик марказида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Янгидан юзлаб турар-жойлар, мактаб, болалар боғчаси, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази каби кўплаб қурилишларга ўзи бош-қош бўлганди.

Амир Тўраевнинг ҳаёт йўли, муваффақиятлари, баъзида юз берган қарама-қаршиликлари фахрланса арзийдиган умр дафтари сифатида менда таассурот қолдирган. Устозим хўжалик раҳбари бўлиб ишлаганда ҳисоб-китоб ва зироатчилик ишларини ҳам деяри ўзи амалга оширарди. Ҳатто, тажрибаси камроқ механизаторга ҳам пахта даласида пахтани қандай териш лозимлигини ўзи кўрсатарди. Хўжаликка тафтишчи ёки бошқа ташкилотдан текширувчи келса, ўзи савол-жавоб қилар, уларга жамоасининг икки-уч йиллик кўрсаткичларини ёддан айтиб берарди.

Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлганим бир мисолни келтириб ўтишни лозим топаман. 1992 йил бошидан 1993 йилнинг февраль ойигача вилоят ва туман прокуратураси оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас етмиш саккиз марта, назорат органлари ўн саккиз марта, “Қаршицеленхлопок” трести ва “Қаршиқурилиш” бошқармаси қирқ олти марта, Тошкендан икки марта назорат ва икки марта режали тафтиш олиб борилганди. Лекин улар хўжаликдан арзийдиган бирор камчилик топишаолмади, чунки Амир Тўраев катта билим ва қобилятга эга раҳбар эди!

Унинг бошига ёғилган иғвою туҳматларнинг барчасига сабаб тўғри сўзлиги, чўрткесарлиги, тўғри фикрни раҳбарларга тортинмасдан айтиши, бир сўзлиги ва муғомбир эмаслигидан деб биламан. Чунки устозим Амир Тўраевни Аллоҳнинг ўзи шундай қилиб яратганда! Дунёда қанча яшасам, устозим менинг қалбим ва хотирамда шунча яшайди!

СУВ ВА НУР БЕРГАН ЎЛМАЙДИ

Тўра Бекмуродов,

сафдош дўсти.


Тошкент қишлоқ хўжалик институтини 1963 йили тугатиб, Косон (ҳозирда Касби)туманидаги “Москва” давлат хўжалигида бош ҳосилот бўлиб ишлаётганимда Амир Тўраев Қарши (ҳозирда Касби) тумнига қарашли собиқ”XX-партсъезд”(ҳозирда Навоий фермерлар уюшмаси) давлат хўжалигида собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий текшириш институти тадқиқотчиси сифатида фан номзодлиги диссертацияси устида илмий ош олиб бораётганди. Ўз илмий ишларини бизларнинг хўжалик мисолида ҳам тадқиқ этар, шу баҳонада иккаламиз тез-тез учрашиб турардик. Ўшанда Амир Тўраев билан дастлабки танишчилигимиз бошланган.

1970 йилнинг октябрь ойида Қарши ва Косон туманларининг базасида янгидан собиқ Ульянов(ҳозирда Касби) тумани ташкил этилди. Туман саркотиблигига Хушвақт Қўйбоқаров, иккинчи котибликка Аҳмад Турсунов, туман ижроқўми раислигига Тиллабек Жабборов, туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиқлигига эса камина тайинландик. Бу вақтга келиб Амир Тўраев диссертациясини ёқлаб, собиқ Бубуниттифоқ пахтачилик илмий-текшириш институтининг туманимиздаги флиалида бошлиқ бўлиб иш бошлаганди.

Ёш ва шижоатли олим Амир Тўраев 1970-1973 йиллар мобайнида Пахтачилик илмий-тадқиқот институтида фаолият кўрсатганида туманимиздаги “Пахта навларини районлаштиришда тупроқ иқлим шароитини ҳисобга олиш”, шунингдек, “Барча агротехник тадбирларни ўз вақтида тез ва соз ўтказилишини назорат қилиш” каби тадқиқот ишларга бошчилик қилди. Ўзининг бу иши билан туман деҳқонлари ҳурматэътиборини қозонди.

Мен 1973 йилдан эътиборан, туманимизда янгидан ташкил этилган 22-давлат хўжалигига директор бўлиб иш бошладим. Шу йили Хушвақт Қўйбоқаров ҳам вилоят ижроия қўмитаси раиси бўлиб сайланди. Туманимизга ўзининг билимдонлиги ва жўшқинлиги билан эл орасида танилиб улгурган жейновлик Муродулла Саидов биринчи котиб бўлиб ишга келди. 1973 йилнинг октябрь ойида Амир Тўраев вилоят раҳбарияти томонидан туманимиз қишлоқ хўжалик бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди. Ўтган икки йил мобайнида у туман қишлоқ хўжалиги ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшди.

1975 йили Амир Тўраев Қарши чўлида янгидан ташкил этилган 21-давлат хўжалигига директор этиб тайинланди. Бошқа ишга ўтган Муродулла Саидовнинг ўрнига(1974 йилнинг охирларида) туманимизга саркотиб бўлиб келган Сергей Ражабов ҳам Амир Тўраевни тажрибали агроном, ташкилотчи раҳбар эканлигини туман йиғилишларида бот-бот эслаб турарди.

Амир Тўраев 21-давлат хўжалигида 1975-1981 йиллар давомида раҳбарлик қилди. У шу давр ичида хўжалик ҳудудидаги ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалик ишларини ривожлантиришда ўзининг қандай салоҳиятга эга эканлигини кўрсатди. Хўжалик марказий қўрғонини ростакамига шаҳарча кўринишига келтирди. Замонавий мактаб, болалар боғчаси, тиббий шифохона, савдо дўконлари ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш марказлари қурилишига ўзи бош-қош бўлди.

1976 йилнинг охирида Қарши чўлида яна бир янги туман – собиқ Усмон Юсупов(ҳозирда Миришкор) тумани тузилиб, Қарол Маҳмудоа биринчи котиб этиб тайинланди. Амир Тўраев 21-, мен эса эндиликда 22– давлат хўжаликларига директор бўлиб, баҳамжиҳат ва ҳамфикрликда бирга ишладик.

Амир Тўраев 1981 йилдан эътиборан обкомнинг қишлоқ хўжалик бўлимига бошлиқ бўлиб иш бошлади. Бир оз вақт ўтиб, камина ҳам ўз касбини ўзгартирди, яъни Муборак газни қайта ишлаш заводининг 12-цехида ўн беш йил бошлиқ бўлиб ишладим.

Мен Амир билан бирга фаолият кўрсатган кунларимни қалбимдан ҳеч қачон ўчираолмайман. Ўша даврнинг ҳар бир куни мен учун тарих зарварақлари бўлиб улгурган. Қадирдоним, дўстим ва содиқ укам Амир Тўраевнинг номини ҳар бир даврада ҳурмат билан тилга оламиз. Бинобарин, халққа ҳаёт манбаи бўлмиш оби-ҳаёт ва нур берган одам менинг назаримда ҳеч қачон ўлмайди. Эл орасида номи қайта-қайта такрорланаверади.

ТОЖИ АКАНИНГ ҲИКОЯСИ

Амир Тўраев билан ёшлигимиз ҳам, ўспиринлигимиз ҳам бир қишлоқда ўтган. У мендан анча кичик ёшда бўлсада, ўрта мактабни бирга тугатганмиз. Синфимизда ҳаммадан ёш, жимитдеккина бўлишига қарамасдан жуда ҳаракатчан, кучи жисмига сиғмас даражада эди. Болалигиданоқ юраги “отнинг калласидек” эди. Бировдан тортиниш деган нарсани билмасди. Биз синфдошлар ҳайратланиб, “Бу ҳаттиҳаракатлари билан у катта бўлса ким бўларкан-а?” дердик.

Албатта, талантни сотиб олиш мумкин эмас. Уни ҳар бир одамга Яратганнинг ўзи ато этади. Мактабда ўқиб юрганимда жисмоний тарбия дарсини хуш кўрардим. Болалик эмасми, баъзан “Шу дарс жадвалга ҳар куни уч-тўрт соат қўйилса нима бўларди” деган хаёлга ҳам борардим. Амир эса барча фанларни бирдек ўзлаштирарди. Унинг бу иқтидорига кўпчилик ҳавас билан қарарди.

Унинг ёшидаги ҳамқишлоқларимиз ўрта мактабни тугатишаётганларида Амир Тошкент Қишлоқ хўжалик институнинг дипломини оган эди.

Ҳали ҳам кечагидек эсимда, уч-тўрт синфдош киоскадан газета харид қилгандик. Республикнинг нуфузли газеталаридан бирининг саҳифасида Амирнинг табассум билан қараб турган фотосурати ва у ҳақдаги материалга кўзимиз тушди. Материалнинг тепасига йирик ҳарфларда “Ўрта Осиёнинг энг ёш олими” деган сарлавҳа қўйилганди. Газета синфдошалар ўртасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Материални ўқиб, шунчалик хурсанд бўлиб кетгандикки, гўё ҳар биримиз ўзимизни фан номзоди бўлиб қолгандек ҳис қилгандек ўшанда. Ўша йиллардаги олийгоҳларда ҳам олимлар сони анча кам эди-да!

Бир-бирини қувиб, орадан йиллар ўтди. Ёшимиз ҳам анчайин улғайди. Ҳар биримиз турли жабҳаларда иш олиб бордик. Инсон ўзи кутмаган воқеликларга дуч келаверар экан. Нон-насиба деймизми, тақдирми, вақтлар келиб Амир Тўраев билан маълум муддат бирга ишлашимизга, бирга яшашимизга тўғри келди. Бу Республика Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент шаҳри яқинидаги “Дўрмон ижод боғи”даги даврга тўғри келди.

33-давлат хўжалигини топшириб, “Дўрмон ижод уйи”га директорликни бошлаган дастлабки кунларданоқ Амир ҳам мени ўзи билан бирга ишлашга таклиф этди. Ўзим гувоҳман, бизлар келгунимизга қадар боғда ишлар анчайин орқага кетган, жамоанинг ҳам ишдан кўнгли совиб, бош-бошдоқлик ҳукм сураётган кунлар экан. Тез орада у ишчиларнинг ишончига кираолди. Камдан-кам вақтларда у кабинетда ўтирарди. Деярли кунбўйи ишчилар билан бирга эди.

Амир Тўраев боғда ишни тартиб-интизомни йўлга қўйишдан бошлади. Тез орада боғ ҳовлисини ободонлаширишга киришилди. Ишчиларнинг сони қирқтага етказилди. Таниқли шоир Йўлдош Сулаймон Фарғонадан келтирган қантак навли ўрик кўчатларини жой-жойига ўтқаздик. Кўкламга келибоқ улар гулга кирди. Мевасини айтмайсизми? Боғнинг чиройига чирой қўшди.

Машҳур шоирамиз Зулфия опанинг уйи қаршисида ўқазилган “Ризамат ота” ҳамда “Келин бармоқ” навли ток кўчатлари ҳаш-паш дегунча ўзини кўрсатиб қолди. Кўп ўтмасдан ҳосилга ҳам кирди. Ҳосили шунчалик мўл ва чиройлик эди-ки, хонадонга келган меҳмонлар остидан ўтатуриб, фақат термулиб туришарди, холос. Ишкоми анчайин баланд эди-да. Шотисиз бир бош ҳам узум олиб бўлмасди.

Амир Тўраев Намангандан юзлаб туп турли рангдаги атиргул кўчатларини келтириб ўтқазтирди. Гулларга бурканган фонтан атрофида сайр қилганларнинг баҳри-дили очиларди. Ҳосили муштдек-муштдек келадиган ношвати ва нокларни айтмайсизми. Дам олиб, асар битгани келган ҳар бир ижодкор боғ айланса, лоф бўлса ҳам ижод парилари кифтларига келиб қўнишаверарди. Ўша йиллари Республикамизнинг забардаст ижодкорлари ушбу боғда ўзларининг асл асарларини яратишганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Ўша кунлари мен боғдаги ётоқхонада, Амир эса Тошкент шаҳридаги хонадонида яшардик. Масофа анча олис бўлишига қарамасдан Амир Тўраев эрталаб соат олти-еттилар орасида боғда пайдо бўларди. Бу пайтлари мен хонамда бўлардим. Амир эса келиб, хафа бўлгандек гина қиларди-да, “Тожи ака, намунча ухламасангиз, ҳали вақт етиб шунчалик кўп ухлаймизки, кейин уйғонмаймиз ҳам. Шунинг учун тириклигимизда кўпроқ уйғоқ бўлиб, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишимиз керак”, дерди. Шоирнинг қуйидаги икки мисра шеъри гўё Амир Тўраевга бағишланган деб биламан:

 
“ …Ҳар оннинг баҳосин ўлчамоқ учун,
Олтиндан тарози, олмосдан тош оз…”
 

Вақт келиб, ижод боғи ҳовлиси шунчалик чирой очдики, ҳатто хориждан ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳам ҳавасини келтирадиган бўлди. Куз ойларининг бошлари эди. Кунларнинг бирида Шоир Абдулла Орипов, Амир Тўраев ва камина боғ оралаб бораётгандик. Шунда Абдулла Орипов “Амирқул, боғга бир назар солинг, жаннатдан чиққан меваларнинг бари шу ерда мужассам. Бундан чиқди, ўзимиз ҳозир жаннатда сайр этаяпмиз экан. Биз ростакамига жаннатда яшаяпмиз…” деди, ҳайратини яшираолмасдан.

Амир Тўраев меҳр, оқибат ва садоқатда тенгсиз эди. Баъзан билмасдан кимнидир ранжитиб қўйса, анчагача ўзига келмасдан юрарди. Қанчалик интизоми қаттиқ бўлгани билан, раҳм-шафқатда ҳам ўзига хос инсон эди-да.

Кунларнинг бирида йўлакдан келаётсам, Амир Тўраев йўлка четидаги тахта ўриндиқларнинг бирида негадир хомуш алфозда ўтирган экан. Сабабини сўрасам у ”Билиб билмасдан бир кишини хафа қилиб қўйдим. Энди ўзим ўзимдан хафа бўлаяпман. Илтимос, шу болани олиб келинг, кечирим сўрайман…” деди.

Ўша кунлар водий вилоятларидан келган учтўртта ёш йигитлар таниқли шоир-ёзувчиларнинг ижодкорлар боғидаги дачаларида ёлланма қурувчилар сифатида ишлашаётганди. Амир Тўраев айтаётган йигит ўшаларнинг бири экан. Суриштириб, кимлигини аниқладим-да, дача қурилишида ишлаётган ҳалиги йигитни излаб топдим. Бориб сўрасам, у “Амир ака мени хафа қилди” деди, кўзлари жовдираб. Йигитчага ҳолатни ётиғи билан тушунтириб, “Юр, боғ директори сендан кечирим сўрамоқчи” дедим. Бирга-бирга Амир Тўраев ўтирган жойга келдик. У ўрнидан турди-да, ҳалиги йигитчани кўксига босиб, пешанасидан ўпиб қўйди ва кечирим сўради. Йигитча ҳам пишиққина экан, Амир Тўраевга қараб, “Отам ҳам баъзан койиб турадилар, сизни ҳам худда отамдек ҳурмат қиламан…” деди ва хайирлашиб ишига кетди. Амир Тўраев унинг орқасидан термулиб турар экан, менга “Тожи ака, шу йигитга менинг ҳисобимдан икки кило яхши гўшт обориб беринг, илтимос” деди негадир хомуш тортиб.

Бир оз ўтиб, дўкондан икки кило гўшт харид қилдим-да, ўша йигитга келтириб бердим. Сабабини сўраган эди, тушунтирдим. Водийликлар аскияга уста эмасми, шериги эса “Амаки, мен ҳам бир беқилиқлик қилақолай, яна икки кило гўштлик бўлардик” деб қаҳ-қаҳ отиб кулди.

Амир Тўраев ҳар бир нарсага эътибор берарди. Бирга юрганимизда, қаерда бўлишидан қатъий назар ҳар бир фарзандига алоҳида телефон қилиб, қаерда, нима иш билан бандлигини, берилган топшириқларни қандай бажарилганини эринмасдан сўраб-суриштирар эди. Мен унга “Уларни ҳам тинч қўймайсиз-а” десам, у “Ота-она боласидан назоратни бир кун узса, кейин кеч бўлади” дерди. Шунинг учун бўлса керак, фарзандларининг ҳаммаси ҳам олий маълумотга эга. Улар шу кунларда аждодларининг руҳини шод этишиб, юртимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилишмоқда.

Амир Тўраев тўй қилганда, албатта отасининг анъанасига амал қилишга эътибор берарди. 1996 йилнинг октябрь ойлари эди. У тўнғич фарзанди Руҳиддинни уйлантириш тўйини бошлади. Ўғлининг никоҳ тўйига набираларининг суннат(хатна) тўйини ҳам қўшиб ўтказди. Ўшанда барча вилоятлардан, шунингдек, қўшни республикалардан ҳам меҳмонлар келишди. Уларнинг сони шунчалик кўп эди-ки, ҳатто қўшниларнинг меҳмонхоналари ҳам одам билан тўлибтошганди. Аввалига базм давом этди. Тўйга республикамизнинг таниқли ижодкорлари Саид Аҳмад, Жуманиёз Жабборов, Абдулла Орипов, Ҳабиб Саъдулла, Йўлдош Сулаймон, Примқул Қодиров, Муҳаммад Юсуф ташриф буюрганди. Косон тумани ҳудудида ҳалигача бу қадар кўп улуғ ижодкорлар бир пайтнинг ўзида тўпланишмаганди.

Базм давомида қишлоғимизнинг фахри саналмиш Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборовга табрик сўзи берилди. У қишлоғимиз ва қишлоқдошларимиз ҳақида тўлқинланиб гапирар экан, 1964 йили Қаршига ижодий сафар баҳонасида машҳур шоир Ғофур Ғуломнинг ташриф буюргани, унинг “Жуманиёз, қишлоғинг шу яқиндами?” деб сўрагани, Ғофур Ғуломни Пўлатига таклиф этиб меҳмон қилмоқчи бўлгани, аммо айрим сабабларга кўра буюк ижодкорнинг вақти бўлмагани, ўшандан буён қишлоғига бир гуруҳ таниқли ижод аҳлини таклиф қилишни ният қилиб юрганини, лекин бундай улуғвор ишни Амир Тўраев амалга оширганлигини айтди. Ҳали ҳам эсимда, ўша кунги никоҳ тўйи пўлатиликлар ва таниқли ижод аҳли ўртасида ростакамига бадиий учрашув кечасига айланган эди.

Базмда таниқли шоир Абдулла Ориповга ҳам сўз берилганди. У: “Пўлати ва унга ёндош бўлган қишлоқлар довруғини олисларга таратишда шу манзилгоҳларда умргузаронлик қилган фарзандларининг хизмати каттадир. Амирнинг падари бузруквори бўлмиш Тўра бобони жуда яхши биламан. Бу инсонни ўзининг бор куч-қуввати-ю, ақл-идрокини халқимиз фаровонлиги йўлида сарфлаганини кўпчилик яхши билади. У кишининг фарзандларию набираларини ҳам яқиндан танийман. Улар халқ-хўжалигининг турли соҳаларида етук мутахассис сифатида меҳнат қилишмоқда. Ўз соҳасининг етук мутахассиси, билимли олим Амир Тўраев мана, бир неча йилдирки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижод боғи – “Дўрмон ижод уйи” жамоасига раҳбарлик қилади. Республикамизнинг ижод аҳлига унинг хизмати катта. Шу боисдан ҳам шоируадиблар бу инсонни яхши танийди, ҳурмат қилади.

Халқимиз тўйсиз яшайолмади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Бундан минг йиллар муқаддам ҳам ватандошларимиз топган тутганларини эл билан баҳам кўрганлар. Тўй қилдишни анъанага айлантирганлар. Халқимизнинг бу одатини бир сўз билан қўли очиқлик деса ҳам бўлаверади. Амир Тўраев олисда яшаса-да, ўзи туғилиб вояга етган қишлоғига келиб тўй қилиши, шунингдек, қишлоқдошларининг тўй ва маъракасида камарбаста бўлиши саховат пешаликнинг бир кўринишидир…” деганди завқ билан.

Давранинг тўрида Тошкентдан келган таниқли санъаткорлар навбатма-навбат чиқишлар қилишди. Базмдан сўнг катта кураш бошланди. Марказий Осиёда донг таратган полвонлар билак шимаришиб беллашдилар.

Амир Тўраев ҳақида қанча гапирсак ҳам озлик қилади. У шунга арзийди ҳам. Таниш-билишларига ёрдам керак бўлганда бор-йўғинию вақтини аямасди. Унингча, чўнтагидаги пули ҳамманинг пули эди. Узоқяқинлигидан қатъий назар, таъзиядан қолмасди. “Бу ҳам одамгарчиликни белгилайди” дерди. Кимнинг тўйи бўлса хурсандчилигига, таъзияси бўлса ғам-ғуссасига шерик бўлиб юрган инсон эди.

2004 йилнинг 10 ноябрь куни ўн икки бармоқли ичагим тўсатдан оғриб қолди. Шунчаки ўтиб кетади, деб унга айтмадим. Аммо, оғриқ соат сайин кучайиб бораётганди. Кечга яқин менга тикилиб турди-да, “Рангингиз нега оқарган, тинчликми, юринг шифокорларга…” деб, машинасига ўтирғизиб, мени шифохонага олиб жўнади. Шифохонага кириб бораётганимизда ҳушимни йўқотдим, шифокорлар ўзимга келтиришгач, у мендан хафа бўлиб, “Шунчаликка борибсизу, билдирмабсиз” деди гина оҳангида.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации