Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўзимни тутиб туролмадим. Юрагим ҳаприқиб кетди. Юзларимни отамнинг юзларига қўйиб, болалик меҳри билан тўйиб-тўйиб йиғладим. Хаёлимда отам тирикдек, бир оз ухлаб, ором олаётгандек эди. Афсус, бу бир хаёлий орзу эди, холос! Отам шу дамларда бу дунёни бутунлай тарк этиб улгурган, аллоҳ ҳузури томон йўл тутган йўловчи эди.

Инсон умрига ҳеч қачон нуқта қўйилмайди. Уни қолган жойидан авлодлари давом эттиради. Фарзандлари, неваралари, чевара-эваралар, ҳатто бегоналари ҳам ўз аждодларини, бобо калонларини унутишмайди. Оталари ва боболарининг ўзи яшаган давридаги обрўэътиборини, инсониятга қилган савобли ишларини давом эттириб, уларнинг номларини ўз қалбларида сақлайдилар. Дунёнинг дунёлиги ҳам ана шунда деб биламан.

Ўн минглаб халқ вакиллари таъзияга келишди. Қишлоғимиз кўчалари одамга лиқ тўла, ўтишга жой топилмайди. Отамнинг тобути гўё одамлар боши узра тўлқинлар аро сузиб бораётган қайиққа ўхшайди. Ҳаётимда бундай катта таъзияни ҳеч қачон учратмагандим. Бу ҳолатни кўриб, чуқур ўйга толаман. Отам халқимиз орасидаги энг ҳурматли, энг эътиборли сиймо эканлигига иймон келтираман. Ҳатто, кекса чоллар ҳам таъзияга йиғлаб келишаётганди. Уларнинг ёш йигитларга қараб: «Боболарингни тобутини ушланглар, савоб бўлади. Бу инсон бизларга кўп яхшиликлар қилган эди», деганларини қабристонга етиб борганимизча бир неча марта эшитдим. Буни отамга нисбатан халқимизнинг беҳисоб эътибори деб ҳис этдим.

Отам ўз умри давомида катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. Бу йўллар қанчалик оғир ва машаққатли бўлмасин, бирор-бир ишда хатоликка йўл қўймади. Босиб ўтган йўли саҳрода ҳам, гуллаган чаманзорларда ҳам, аёвсиз тиканзорларда ҳам ақл-идрок билан бир текис ўтди.

Таъзия кунлари халқимизнинг севимли ва машҳур шоири, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “Ота мақоми” шеърини ёзиб, оиламизга ўзининг эҳтиромини кўрсатди:

ОТА МАҚОМИ
 
Отанг тўқсон ёшдан ўтди оламдан,
Йиғла “Вой отам” деб, йиғла Амирқул.
Отанинг мақоми ҳазрат Одамдан,
Унинг ёш-қариси йўқдир, шуни бил!
Туғулган пайтингда ростакам бойиб,
Кўнгли орзуларга тўлган ҳам ўша.
Ариққа йиқилсанг оёғинг тойиб,
Денгизга чўккандак бўлган ҳам ўша.
Хазон айлаганда кузги боғинда,
Сенинг камолингга кўз тиккан отанг.
Деворни от қилиб мингган чоғингда,
Тоғни забт этгандек энтиккан отанг.
Олисдан бир энлик хатингни кутиб,
Тонг саҳар йўл қараб юрган ҳам удир.
Қийналсанг, бошингга савдолар тушиб,
Сенга қалқон бўлиб турган ҳам отанг.
Аллоҳнинг ишидан бўлмагай нолиб,
Отангнинг қадрини, раҳмат, билибсан.
Тобутин олдига тушиб, дод солиб,
Отангни шарафлаб тўғри қилибсан.
Отанг тўқсон ёшда ўтди оламдан,
Йиғла “Вой отам” деб, йиғла Амирқул.
Отанинг мақоми ҳазрат Одамдан,
Унинг ёш-қариси йўқдир, шуни бил!
 
2009 йил, 13 май.

Отамнинг ҳаёти барчамиз учун ибратли эди. Бу мактаб биз авлодларга сабоқ ва ибрат мактаби бўлиб қолишига ишончим комил. Ётган жойлари Аллоҳ нурига тўлсин. Яратган ўз раҳматига олган бўлсин…”.

СУКУТ

Пўлатида эл ҳурмат-эътиборини қозонган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Тўра бобо Орзиқулов ҳам ана шуларнинг бири. У катта оилага саркорлик қилиб умргузаронлик қилди. Фарзандлари ва набираларининг тарбиясию юриш-туришини, илм олишини қаттиқ назорат қилар, ўсиб келаётган авлод вакилларини жуда севар, уларнинг қатта-кичик ютуқларидан фахрланарди.

Тўра бобо ўғилларини ҳам одамларга меҳрибон, ташаббускор, ташкилотчи ва ўз юртига садоқатли қилиб тарбиялади. Ўз навбатида фарзандлари ҳам халқимизнинг корига яраб, турли жабҳаларда меҳнат қилиб, обрўэътиборга эришди. Уларнинг орасида Амир Тўраевнинг қайсидир феъл-атвори отасига бошқача таъсурот қолдирганди. Унинг ёшликдан бир сўзлилиги, айтган ишини қилиши, ҳеч нарсадан тап тортмаслиги ва акаукаларигаю қариндошларига меҳрибонлигини кузатаркан, Тўра бобо: “…Амирда мен ўзимни кўраман”, дерди.

Тўра бобонинг ёши бир жойга етганида негадир набиралари билан кўпроқ суҳбатлашадиган бўлганди. Улар билан суҳбатлашганида баъзан “…Мен фарзандлариму авлод вакилларимни авайлаб-асрашга ҳаракат қилиб, қанотларим остига олиб юрдим. Авлод вакилларимга мендан сўнг Амир саркорлик қилади. Авлод вакиллари ва мен учун Худойим Амирни яратди. Унда инсоний хислатлар жуда кучли, ҳар бир ишда адолатли, ор-номуси учун ҳатто жонини ҳам аямайди. Ўз изидан ака-укаларини, ҳатто халқни ҳам эргаштиришдек хусусиятларга эга”, дерди.

Тўра бобо ўғли Амир Тўраевга қаттиқ ишонар, у Тошкентда ишлаб яшаса-да, қишлоғига тез-тез келишга ҳаракат қилар, таъзияю туйдан қолмасди. Қаршига келди дегунча отасини кўришга шошарди. Ўғлига назари тушиши билан Тўра бобо: “…Амир, яхши келдингми, соғлигинг қандай, парҳезни бузмадингми?” деб сўрар, ота-бола берилиб суҳбатлашишарди. Тўра бобо шу ўғли билан суҳбатлашса, ўзини енгил ҳис этарди.

Амир Тўраев отасидан хабар олгани навбатдаги борганида падари бузруквори негадир бироз хомушдек кўринди.

– Ота, назаримда нимадандир безовтадексиз. Соғлигингиз жойидами, нималарни ўйлаяпсиз? – сўради у отасидан.

Тўра бобо бироз сукут сақлади-да:

– Амиржон, соғлиғим жойида, аммо… – деди, гапини охирига етказмасдан.

– Нимадандир хавотирдадексиз, ота.

– Амир, сен олисда ишлайсан. Усига устак тез-тез чет элларда сафарда бўласан. Ёшим ҳам тўқсонга яқинлашиб қолди. Бир кун келиб омонатимни топширсам сен хабарсиз қолиб кетасанми, дейман-да, шуни ўйлаб тургандим.

Амир Тўраев отасининг гапини ҳазилга бургандек бўлиб:

– Отажон, Худо хоҳласа сиз юз ёшга кирасиз. Омонатингизни топширганингизда ҳам сизни ўзим кўз ёшларим билан ювиб, киприкларим билан артаман, – деди.

– Ўғлим, сенга ишонаман…, – деганди ўшанда кўнгли жойига тушгандек бўлиб Тўра бобо.

Амир Тўраев ҳам отасига жуда меҳр қўйганди. “Пўлати ва пўлатиликлар” китобини ўқиган ҳар бир киши қуйидаги:

***

“Отани севиш Аллоҳни севиш билан баробар.”

***

“Отанинг соч толалари фарзандларим, элим ва элдошларим деб ҳақ йўлида оқаради. Қиёмат кунида шу оқарган соч толалари нур бўлиб унинг йўлини ёритади.”

***

“Ота-онага ҳурмат инсоннинг ҳақиқий одам боласи эканлигини тасдиқловчи саодатли ҳужжат ва меросий туйғу”.

***

Аллоҳ отага нимани берган бўлса, ўғлига ҳам шуни беради. Шунинг учун ҳам отанинг ўрнини камситиш мутлақо мумкин эмас” сатрларига кўзи тушаркан буни, албатта қалбан ҳис этади.

АМИР ТЎРАЕВНИНГ “БЕРУНИЙ” НОМИДАГИ 33-ДАВЛАТ ХЎЖАЛИГИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА

Айни пайтда “Чўлқувар” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Беруний” номидаги фермерлар уюшмаси дастлаб 1984 йили “Беруний” давлат хўжалиги сифатида ташкил этилган эди. Қарши чўлида фаолият кўрсата бошлаган ушбу янги хўжаликда 1985 йилдан эътиборан қишлоқ хўжалик экинлари – ғўза, беда, маккажўхори, шунингдек, боғдорчилик ва чорва парваришига киришилди. Ўшанда хўжалик ҳудуди ўн бир бўлимга ажратилган бўлиб, 6800 гектар суғориладиган экин майдонига эга эди. Хўжаликнинг умумий майдони 12700 гектарга тенг эди. Кейинчалик унинг базасида “Тожикистон” номидаги 34-“А” давлат хўжалиги ташкил этилди.

Яқинда Амир Тўраев портретига чизгилар битиш мақсадида “Чўлқувар” қишлоғида бўлиб, китобим қаҳрамони билан бирга фаолият кўрсатган, айни пайтда шу қишлоқда яшаётган бир гуруҳ инсонлар билан суҳбатлашиб қайтдим.

– Дастлаб бу ерга вилоятимизнинг кўплаб туманларидан деҳқон, чорвадор ва боғбонлик мутахассислигидаги одамлар келиб жойлашишди. Маълум миқдорини Фарғона водийсидан келганлар ҳам ташкил этарди. Ўзим 1986 йили Ғузор туманидаги “Пачкамар” давлат хўжалигидан чўлқуварликка ҳавас қилиб, шу ерга келгандим. Ҳозир олтмиш уч ёшга кирган бўлсам, шунинг ўттиз йилини мана шу ерда умргузаронлик қилиб ўтказаяпман – дейди “Чўлқувар” қишлоғи имом хатиби Нурали ҳожи Қораев. – Мен келганимда хўжалик директори Амир ака Тўраев меҳнат таътилида экан. Мени директор муовини Барат Шомуродов Элбой Авазов раҳбарлик қилаётган 3-бўлимга ишга юборди. Дастлаб, мен етакчи бўлган бригада аъзолари қирқ беш гектар майдонга чигит қадаб, деҳқончилик ишларини бошладик. Директор таътилдан қайтгач, мен билан суҳбатлашиб, шахсий фикрларимни ўрганди. Режаларим билан танишди. Гапларим маъқул келди шекилли, бамаслаҳат етти йил бирга ишладик. Раҳбаримиз жуда ҳаракатчан, гаплари кескир, меҳнат қилганни кимлигидан қатъий назар ҳурматини жойига қўядиган инсон эди. Бўлар бўлмасга ваъда беришни, ёлғон гапиришни, баҳона қидиришни хушламасди. “Мана шу бийдек чўлга шунчаки вақт ўтказиш учун эмас, албатта рўзғоримизни моддий томондан яхши таъминлашни, обрў-эътибор орттиришни мақсад қилиб келганмиз! Шундай экан, қўлни қўлга бериб, виждон билан меҳнат қилишимиз керак, ана шундагина мақсадимизга эришамиз!” дерди Амир Тўраев ҳар биримизга.

Амир ака аждодларимиздан ўтиб келаётган қадриятларимизни жуда эъзозларди. Тўйларни, албатта кўпкарили ёки курашли ўтказишга ҳаракат қиларди. Ҳар йили ўнлаб шундай тўй-тантаналар ўтказилардики, хўжалигимиз ҳудуди ростакамига байрамга айланиб кетарди. 1991 йили мамлакатимиз мустақилликка эришганлиги шарофати билан қишлоғимизда уч юз кишига мўлжалланган каттагина жоъме масжиди қурилишига киришилди. Бу ишнинг ташаббускори ҳам Амир Тўраев эди. “Жўрахон эшон” деб номланган бу масжидга биринчи имом хатиб этиб ҳамқишлоғимиз Аслиддин Эшимов сайланганди. Ҳозирги кунларда бу вазифани ўзим адо этаяпман.

Амир Тўраев кейинчалик фаолиятини Тошкентда давом эттирди. Хўжалигимиздан ким Тошкентга борса, албатта ўша одам орқали менга салом йўлларди. Тўй ва маракаларимизга таклиф этсак, келиб қатнашарди. Дўстона алоқаларимиз бу инсон умрининг сўнгги кунларигача давом этиб келди. Ҳозирлари баъзан ўйга чўмиб, Амир Тўраевнинг айни ишлайдиган пайти шу кунларга тўғри келганида яна қанчалаб ютуқларга эришардик, деган тўхтамга келаман. Унинг тадбиркорлигию ташаббускорлиги жуда керак бўлаяпти…

– Асли Алачабоб қишлоғиданман, – дейди суҳбатдошларимдан бири бўлмиш Набиллоҳ Ботиров. – 17 ёшимда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Комсомолобод”, кейинчалик Гагарин (ҳозирда Музрабод) туманидаги Абдулла Набиев давлат хўжаликларида аввалига бригада ҳисобчиси, сўнгра эса механизатор бўлиб ишладим.

Чўлқуварликда суягим қотган эмасми, 1976 йили Қарши чўлида ташкил этилган 22-давлат хўжалигига кўчиб келдик. Шу ерда уч йил ишладим. Баҳористон тумани ташкил топгач, 25-давлат хўжалигига бориб, фаолият кўрсата бошладим. Кейинчалик 33-давлат хўжалиги ташкил этилгач, Амир Тўраев мени ўзи билан бирга ишлашга таклиф этди. Келиб, бўлимга етакчилик қилдим. Мана, кўриб турибсизлар, бу ерга келиб кам бўлмадим, битта фарзандим бештага етди. Элимизнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб юрибман. Фарзандларим ҳам юртимиз корига яраб, турли жабҳаларда меҳнат қилишаяпти.

Амир Тўраевни ўйласам, ҳақиқий раҳбар кўз ўнгимда гавдаланади. Бир сўз билан айтганда, у ўз манфаатидан халқ манфаатини устун қўядиган инсон эди…

Амир Тўраев 21-давлат хўжалигида фаолият кўрсатаётган кунларнинг бирида мен ишлаётган 22-давлат хўжалиги директори Тўра Бекмуродовнинг хизмат машинасига мотор керак бўлиб қолди. Ўшанда Али Орзиқулов Косон туманининг Пўлатидаги қишлоқ хўжалик техникалари бўлимида раҳбарлик қиларди. Амир Тўраевнинг хизмат машинасида Пўлатига томон йўлга тушдик. Ўзи раҳбарлик қилаётган хўжаликнинг 3– бўлимдаги Темир Элмуродов етакчилик қилаётган пахтачилик бригадаси ҳудудидан ўтаётганимизда, Амир Тўраев:

– Шу майдондаги ғўзалар гектарига неча центнердан ҳосил беради? – деб сўради.

– Шу ер гектаридан 40 центнердан кам пахта берса, ишимни ташлаб кетаман, – дедим.

– Агар 40 центнердан бермаса мен сени гаражга олиб бориб, уч кун қамаб қўяман, – деди у гапни ҳазилга буриб.

– 40 центнердан кам ҳосил берса “Мени қамаб қўйинг”, деб олдингизга ўзим келаман, – ҳазилга ҳазил билан жавоб бердим мен ҳам.

Вақт ўтиб, йиғим-теримнинг сўнги кунларида бир иш билан иккаламиз яна шу ерга келдик. Сўрасак, гектаридан 53 центнердан ҳосил кўтаришган экан. Ўшанда мен “Директор, мени қачон қамайсиз?” деб ҳазиллашгандим. “Ҳосилни чамалашингга қойил қолдим” деб тан берганди у.

– Яхши одамлар ҳақида гапириш қандай яхши, – дейди суҳбатимизга қўшилиб, Темир Элмуродов. – Умрим чўл қуварлик билан ўтган, суягим ҳам чўлда қотган. Асли Алачабопликмизу, иш фаолиятимни Сурхондарёдан бошлаганман. 1961 йилнинг декабрь ойида Шеробод чўлини ўзлаштиргани келдик. Ўшанда халқимизнинг таниқли пахтакори, Меҳнат Қаҳрамони Рўзи Ахмедов “Комсомолобод” давлат хўжалигига келиб, 1200 гектар янги ер ўзлаштирган экан. У кишини қора қилиб ўн беш киши ишлагани келгандик. Рўзи ака бизларга ишонч билдириб, 3-бўлимдан 53 гектар экин майдони ажратди. Ҳамқишлоғимиз Бобониёз Қўчқоровни бригадир қилиб сайладик. Ўша ерда ўн тўрт йил фаолият кўрсатдик. Чўлда меҳнат қилишни устозимиз Рўзи бува Ахмедовдан ўргангандик. 1975 йилнинг декабрь ойида Қарши чўлида ташкил этилган 22-давлат хўжалигига кўчиб келдик. Мен пахтачилик бригадири, Бобониёз Қўчқоров эса бўлим бошқарувчиси бўлиб иш бошладик.

Амир ака ҳақида давраларда эшитган эдиму, аммо ўзини юзма-юз кўрмагандим. Кунларнинг бирида ҳосили йиғиштирилиб, шудгорланган майдонда бороналаш ишларини олиб бораётгандим. Яқинимга келиб тўхтаган “УАЗ-69” русумли хизмат машинасидан жуссаси кичик, аммо ҳаракатлари чаққон киши сакраб тушди. Ҳалигача эсимда, кўз қарашлари гўё қарчиғайники сингари ўткир эди. Салом-аликдан сўнг у ўзини “Район қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғиман” деб таништирди.

– Бу майдонни қачон суғоргансан, суғормасдан бороналашга ким сенга рухсат берди?! – деди дизелга тақилган бороналарни кўрсатиб.

– Амир ака, пахта экишни Сурхондарёдаги Рўзи геройдан ўрганиб келганман, – дедим гапни бошқа томонга буриб.

– Директорингни чақир! – деди ҳали ҳам тезлигидан тушмасдан у. – Ўтган йили шу майдоннинг гектаридан қанчадан ҳосил кўтарилган?

– Аввал бригадир бошқа киши бўлган. Мен биринчи йил ишлаяпман.

Шу пайт хўжаликнинг бош иқтисодчиси келиб қолди. Амир Тўраев унга қараб, менга берган саволини қайтарди. Иқтисодчи ҳеч иккиланмасдан жавоб берди:

– 600 гектар майдондан 600 центнер ҳосил олинган. Режа бўйича гектаридан 17 центнердан эди, аммо бажарилмади. Шунинг учун ерни тажрибаси каттароқ бўлган янги бригадирга бердик.

– Режани қанчадан белгиладинглар?

– Яна ўша 17 центнердан-да, Амир Орзиқулович.

Амир Тўраев менга томон бурилди-да:

– Қани, ўзинг айтчи, гектаридан неча центнер ҳосил кўтармоқчисан? – деди.

– Қирқ центнердан ҳосил оламан, насиб этса.

– Ў-ў, гапни ҳам роса катта гапираркансанку?! – деди Амир Тўраев ажабланиб.

Йил якунида бўлим гектаридан 36, бригадамиз жамоаси эса 53 центнердан пахта йиғиштириб олиб, режани бир неча баробар ортиғи билан бажарди…

Бир оз вақт ўтиб, Амир ака 21-давлат хўжалигига раҳбар бўлиб иш бошлади. Бизлар табриклагани келдик. Гап орасида у:

– Мен бу хўжаликда янгиман. Иложи бўлса ёрдам берасизлар деган умиддаман, – деди. Ўшанда хўжаликнинг бош агрономи жейновлик Қурбон Аминов эди.

Кейинроқ мен 25-давлат хўжалигига бориб, бригадирлик қилдим. 1986 йилнинг 16 май куни 33– давлат хўжалигига ишга келиб, “Тожикистон” бўлимида фаолият кўрсатдим. Амир Тўраев билан 1994 йилга қадар баҳамжиҳат бўлиб ишладик.

Тўғрисини айтсам, у инсондек бўлиб ишлаш ва яшаш қийин. Жуда талабчан, сўзидан қайтмайдиган одам эди. Телпак кийган калла кўп, аммо ҳамма калла ҳам бир хил эмас-да!…

Тўғилган кунми, тўйми, кимлигидан қатъий назар таклиф этилган жойга, албатта борарди. Ҳар бир ишини маслаҳат асосида амалга оширарди. Қайси бўлим жамоаси йиллик режани биринчи бажарса уч минг сўм мукофот берилишини мавсум бошидан эълон қиларди. Ваъдасини амалга оширарди ҳам. Ишёқмасликни жинидан баттар ёмон кўрар, уларга анчайин қўпол муомалада бўларди. Аммо, халқпарвар эди. Баъзида, “Мен Тошкентга кетдим” деб кетардию, лекин эртасига тонглаб соат бешларда дала айланиб, ким ишга чиққан, ким чиқмаганлигини аниқларди. Унинг бу қилиғи эса барчамизни ҳушёрликка чақирарди.

– 33-давлат хўжалиги дастлаб “Китоб массиви” номи билан ташкил этилган бўлиб, ҳисоботни Китоб туманига бериларди. 1980 йилдан 1983 йилгача шу жамоада фаолият кўрсатиб, яна Китоб туманидаги Навоий жамоа хўжалигига қайтиб бордим. Орадан бир йил ўтгач, чўлда ишлаш иштиёқи кучлилик қилди шекилли, Нишон туманидаги 32-давлат хўжалигига, 1985 йилнинг 15 январидан эътиборан эса 33-давлат хўжалигига ишга келдим, – деб суҳбатга киришди Нуриддин Турдиев. – Келган кунимнинг ўзидаёқ хўжалик раҳбари билан учрашдим. Амир Тўраев мен билан суҳбатлашиб бўлгач, хизмат машинасига ўтирғиздида, хўжалик экин майдонларини айлантирди. Майдонларнинг рельеф тузилиши жуда мураккаб эканлигини кўрдим. Олтинчи бўлимнинг қумлоқ бир жойига борганимизда директор шофёрдан машинани тўхтатишини буюрди. Машинадан тушдик. Амир Тўраев менга қараб:

– Хўш, уста деҳқон, манашу ерга қандай баҳо берасиз? – деди.

– Жуда оғир ер, бу ерга ишлаш анчайин қийин кечади, – дедим ҳеч нарсага тушунмасдан.

– Қўлни очинг, – деди директор қўлларини фотиҳага чоғлаб.

Кафтларимни бирлаштириб, мен ҳам қўлимни кўтардим.

– Бугундан бошлаб мана шу ер сизнинг ихтиёрингизда. Энди шу ерда бригадирлик қиласиз. Гапидан қайтган…

– Гап битта, ишлайман!… – дедим мен ҳам дангалига.

Айтганимдек, меҳнат анчайин оғир кечди. Йиллик режани ортиғи билан амалладим. Хўжалик раҳбари миннатдор бўлди. Қўшни бўлимга китоблик Мамади ака Тиловов етакчилик қиларди. Иккинчи йили ўша ердаги шароити оғир бир майдонни ихтиёримга беришди. Режани яна ортиғи билан адо этдим. Кейинги йили 7– бўлимга ишга ўтказишди. Ҳосилдорликни гектар бошига қирқ центнерга етказдим. 1988 йили мени хўжалик раҳбари 9-бўлимга агроном этиб тайинлади. Зиммамга юклатилган ишларни ками-кўстсиз бажариб бордим. Ўша йилнинг охирида Амир Тўраев мени 5-бўлим бошлиқлигига кўтарди. Бу ерда ҳам ишончни оқладим. Келаси йили мен 7-бўлимга бошлиқ бўлдим. Раҳбарият мени қайси жойга ишга тайинламасин, барча ишларни айтилганидан ортиқ бажариб бордим ва обрў-эътиборга эришдим.

Амир Тўраев меҳнат қилган одамнинг ҳурматини жойига қўйиб, эъзозларди. Унинг саъйи-ҳаракати билан ўша йилларда кўплаб турар-жойлар, ички йўллар, ошхона, ҳаммом қурилди. Ҳатто, чорвачилик мажмуасида ҳам ишчилар учун ҳаммом ишга туширилган эди. Марказий қўрғонда аҳоли учун сауна хизмати йўлга қўйилди. Кўп қаватли уйларда иссиқ-совуқ сув доимий оқарди. Аҳоли гўё ҳақиқий замонавий шаҳарчада яшарди…

– Асли алачабопликман, – деб ҳикоясини бошлади ҳамсуҳбатимиздан бири, “Беруний” пахта қабул қилиш маскани мудири Барат Шомуродов, – Авваллари собиқ Таллимаржон туманидаги “Қишлоқ хўжалик техникалари” бошқармасида бошлиқ эдим. Ўшанда Амир Тўраев обкомнинг қишлоқ хўжалик бўлимини бошқарарди. Бир сафарги борганларида у кишини мен туман ҳаёти билан таништириш мақсадида бирга юрдим. Шу куни иккаламиз биринчи бора танишганмиз.

Талимаржон тумани тугатилгач, Амир Тўраевга учрашиб, маслаҳат сўрадим. У киши “Ҳозир меҳнат таътилига чиққин. Яқин кунларда чўлда яна бир янги хўжалик ташкил этилади. Шу ерга бориб ишлайсан” деди. 1985 йили келиб, 33-давлат хўжалигида бош муҳандис бўлиб иш бошладим. Ўшанда хўжалик ҳисобида 100 та культиватор, 126 та терим машинаси, 130та ҳайдов трактори бўлиб, тележкалар ва бороналарнинг ҳисоби йўқ эди. Йилига қирқ-элликталаб турли хилдаги техникалар келтириларди.

Ҳар бир техника хўжалик директори бўлмиш Амир Тўраевнинг назоратида эди. Уларнинг барчаси учун унинг ўзи ҳисоб берарди. Бу инсонни алдаб бўлмасди. У юзма-юз суҳбатлашаётган кишисининг ранги-рўйига қараб, унинг ички дардини англай оларди. Кунлик амалга оширилган ишларнинг хўжалик раҳбари ўтказадиган кечки ҳисоботига гўё тест синови топшираётган абитурент мисоли кирардик. Ҳар бир ишга ўта жиддий ёндошгани учун бўлса керак, хўжалик кўрсаткичлари йилдан йилга ошиб борарди. Бу эса жамоа аъзоларининг яшаш тарзига ўз таъсирини ижобий кўрсатарди.

Амир Тўраевнинг яхши томонларию, инсоний хислатлари мўл бўлиб, энг асосийси, халқни ўз изидан эргаштиришдек нодир хусусиятга эга эди. Ҳар қандай вазиятда ўз фикрини одамларга тушунтира оларди…

– Айни кунларда биз яшаб турган “Чўлқувар” қишлоқ фуқароалар йиғинида тўрт мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади – дейди хўжаликда узоқ йиллар агроном бўлиб фаолият кўрсатган даврадошимиз Мурод ҳожи Остонов. – Бу – камида беш юз оила деган гап! Марказий қўрғонимизда “Деҳқон бозори”, замонавий ўқув биносига эга бўлган ўрта умумтаълим мактаби, нонвойхона, ошхона, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонимизнинг мустақилликка эришганлаги бизнинг хўжалигимизга ҳам улкан ютуқларни келтирди. Турли ёшдаги йигирмадан ортиқ киши муборак ҳаж зиёратига бориб келди.

ПЎЛАТИДАГИ СУҲБАТ

Амир Тўраев ҳақида янги фикрлар олиш мақсадида ўзи ўсиб улғайган Пўлати қишлоғида бўлдим. Буни қарангки, шу куни китобим қаҳрамонини эслаш анъанасини давом эттиргани ташриф буюрган баъзи бир синфдошлари, ҳамқишлоқ сафдошлари ва қишлоқ оқсоқолларидан иборат меҳмонлар Амир аканинг Пўлатидаги ҳовлисида Али Тўраевич билан суҳбатлашиб туришган экан. Мен ҳам уларнинг даврасига қўшилдим. Суҳбатимиз тез қовушди. Айниқса, мақсадимдан воқиф бўлишгач, гоҳ Амир ака, гоҳ Тўра бува ҳақида қизиқарли воқеаларни сўзлаб беришди.

– Кўп йиллар туман Соғлиқни сақлаш тизимининг “Тез ёрдам” тармоғида фаолият кўрсатганман, – дея гап бошлади ўзини Ўрин Султонов деб таништирган киши. – Ҳозир меҳнат нафақасидаман. Амир билан синфдошмиз. Партада ҳам бирга ўтириб, шўхликни ҳам бирга қилардик. Болалигимиз Пўлатининг пўрсилдоқ майин тупроқли кўчаларида ўтган.

Синфимизда ўнта қиз ва йигирмата ўғил бола бор эди. Амир улар орасида энг билимдони, шунинг билан бирга энг шўхи ҳам эди. У аъло ўқиши билан бирга фаол жамоатчи сифатида ҳам танилганди. Тақдир тақозоси билан қаерда қайси лавозимда ишламасин, вақт топиб қишлоқдаги синфдошларию қадрдонлари билан тез-тез учрашиб турарди. Тошкентга бирор юмуш билан борганимизда, албатта у билан учрашишга ҳаракат қилардик. У ҳам бизларни қалбининг тўрига жойларди…

– Бизлар ўқиган йилларда Косон туманида борйўғи учта ўрта умум таълим мактаби бор бўлиб, улар Косон шаҳри, Майманоқ ҳамда Пўлати қишлоқларида жойлашганди. Пўлатидаги мактабга Гўбалак, Бўлмас, Райим сўфи каби ўнлаб қишлоқлардан ўқувчилар келиб билим олишарди. Амир билан ҳам синфдош, ҳам институтдош эдик. Мактабда ўқиганида ёш бўлишига қарамасдан у бизлардан икки синф ўзиб кетганди. Шу сабабли, институтда у мендан икки курс олдинда эди. Талабалик йилларида ўзининг жамоатчилиги билан бутун институт жамоасига танилиб улгурганди. Бу билан бизлар ҳам фахрланардик, албатта…

Институтни тугатганимиздан сўнг ҳам бирбиримиздан узоқлашганимиз йўқ. Нон-насиба экан, у сўнги йилларда Тошкентдаги “Дўрмон ижод боғи”да раҳбар бўлиб ишлаганди. Ўшанда ҳам йилига камида икки маротаба унинг меҳмони бўлардим. Ҳар сафар борганимда қишлоқнинг одамларию ободончилиги билан қизиқарди…

Суҳбатимизга пўлатилик оқсоқоллардан бўлмиш Тўхтамиш бобо Халилов қўшилди:

– Қишлоғимиздаги “Шарқ юлдузи” жамоа хўжалигида ўн бир йил раислик қилгандим. Амирнинг отаси Тўра бобо менинг ҳам устозим. Ёшлигимданоқ у инсоннинг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб, кўп ишларни ўрганганман. Тақдиримда бор эканми, хўжаликка раҳбарлик ҳам қилдим. Тўра бободан ўрганганларим ўшанда жуда қўл келиб, амалда қўлладим.

Тўра бобо ўз умрини Пўлати ва атроф қишлоқларнинг ободончигиги, аҳолининг моддий фарофонлиги йўлида бахшида этган, десам адашмаган бўламан. 1958 йили “Қизил Ўзбекистон” ва “Энгельс” жамоа хўжаликлари бирлаштирилиб, йириклаштирилганди. Ўшангача қишлоқлар тарқоқ, ҳамма томонда эски уйларнинг харобалари тўлиб-тошган, аҳоли эса асосан чорвачилик билан шуғулланарди. Ҳовлиларнинг атрофи ярим ўпирилган пахса деворлар билан ўралганди. Пўлати ариғидан фақат маълум ойлардагина сув оқарди. Бу эса, аҳолининг деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишларига анчайин қийинчилик туғдирарди.

Йириклаштирилган “Энгельс” жамоа хўжалигига Тўра бобо Орзиқулов раис этиб сайлангач, қишлоқларнинг ҳаётида туб ўзгаришлар юзага кела бошлади. Экин майдонлари карталаштирилди. Қишлоқлар оралаб ички йўллар юзага келди. Қишлоқларнинг тураржойлари лойиҳа асосида янгидан қурила бошланди. Ўша йилларгача қишлоғимиздан Қаршига борадиган автомобил йўли йўқ эди. Қисқа вақт орасида тош тўкилган янги йўл юзага келди. Ёзда ҳам, қишда ҳам транспорт қатнови бехатар бўлди. Пўлати қишлоғи марказида замонавий қишки клуб қурилди. Қишлоқ хўжалик техникалари учун сарой ишга туширилди. Бу бунёдкорликларнинг барчасига Тўра бобо Орзиқулов бош-қош бўлганди.

Хўжалик ҳудудида жойлашган қишлоқларда яшовчи аҳолига пилла қурти боқиш юклатилган бўлсада, шароит умуман эътиборга олинмаганди. Қишлоқларимиздаги тут дарахтлари пилла қурти учун етишмасди. Ҳатто, юзлаб километр узоқликдаги қўшни Сурхондарё вилоятидан тут барглари келтирилган пайтлар ҳам бўлган. Шу ерда бир воқеа эсимга тушди. Қарши шаҳридаги қайсидир шифохона ҳовлисида ўсиб турган тут дарахтининг барг тўла шохларини кесаётганимизда беморлар чиқиб, “Соясида ўтирардик-а, шуни кесганларни…” деб қарғашди. Буни эшитган Тўра бобо қишлоқ атрфларидаги йўл четларига тут дарахтлари кўчатини ўтқазишга киришдилар. Ўзим бошқош бўлиб, йўллар четига минглаб туп тут кўчатлари, Пўлатидан Писталигача бўлган йигирма километрлик масофадаги йўл четларига акация дарахти кўчатларини ўтқазтирдим.

Хўжаликдаги барча дала шийпонлар Тўра бобо бошчилигида қурилиб, мажмуага айлантирилганди. Яъни, бу ерда кичикроқ мевали боғ, атрофига манзарали дарахлар ўтқазилган ҳовуз, болалар учун боғча ҳамда ишчилар учун дам олиш хоналари мавжуд эди.

Тўра бобо хўжалигимизда турли хилдаги дарахт кўчатларини етиштиришни ҳам йўлга қўйганди. “Ўзимизда етиштириш мумкин бўлган кўчатларни четдан харид қилишнинг тагида қандайдир жиноят яширинган бўлиши мумкин. Хўжалигимизнинг маблағини четга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Керак бўлса бошқаларга ўзимиз кўчат сотамиз!” дерди, устозимиз.

Қаердаки парокандалик, кўролмовчилик, ҳасад юзага келса, ўша ердан барака кўтарилади. Бу эса, қишлоғимизда ўз исботини топди ҳам. Аслида, юқори ташкилотларга жўнатилаётган аризалар четда турганлар томонидан ташкиллаштирилар эди. Учинчи одамлар учун қишлоғимиздаги зўрларнинг бирлашмаганлари маъқул эди-да. Уларнинг “ғайратлари” билан қишлоғимизнинг қўлидан иш келадиганларини узоқ йиллар бир-бирларига “едиришди”. Натижада йириклаштирилган “Энгельс” жамоа хўжалиги яна иккига бўлиниб, “Шарқ юлдузи” ва “Энгельс” жамоа хўжаликларига айлантирилди.

Шу орада устозимиз туҳмат билан қамалганди. Аммо, ҳақиқат қарор топди, у собиқ иттифоқ Олий судининг қарори билан тез орада оқланди. Яна жамоларга раҳбарлик қилди. Тўра бобо Орзиқулов ободонлаштириш ва боғ бунёд этиш “касали”га чалинган эди. У қаерда, қайси вазифада ишламасин, ўзидан боғ ва янгиликлар қолдирган. Қишлоғимиздаги остига соя тушадиган улкан дарахтлар борки, уларнинг деярли ҳаммасини Тўра бобо эктирган. Минг афсуслар бўлсинки, устозимиз ўтқазган кўплаб дарахтларни баъзилар қиш совуғини баҳона қилиб, ҳозирда кесиб ёқишаяпти. Аммо, ўрнига кўчат ўтқазишмаяпти.

Устозимнинг садоқатли шогирдлари кўп эди. Улардан Анор Жумаев(1964-1974 йй.), Тўхтамиш Халилов(1974-1985 йй.), Исроил Шукуров(1985-1996 йй.)лар устозлари фаолият кўрсатган хўжаликка раҳбарлик қилишди ва унинг ишларини давом эттиришиб, савобли ишларни амалга оширишди. Шунингдек, тажрибали зироатчи-ҳосилот ҳамқишлоғимиз Хушмурод Отамуродов ҳам Тўра бобонинг садоқатли шогирди саналади. Устозимнинг барча фарзандлари ота тарбиясини олиб, кам бўлишмади. Улар мамлакатимизнинг турли жабҳаларида садоқат билан меҳнат қилишиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлишмоқда. Амир ҳам шуларнинг бири сифатида ўзидан яхши из қолдирди.

Тошкенда ишлаб юрган йиллари Дўрмонга бориб қолсак, Амиржон хурсадчилигидан атрофимизда гирдкапалак бўларди. Ҳар сафар меҳмон қилар, кузатаётганида маблағимиз етарлими-йўқми эканлиги билан қизиқар, агар озроқлигини билса чўнтагимизга пул солиб қўярди. Беморлигимизни сезиб қолса борми, дарҳол машҳур шифокорларга кўрсатиб, даволанишимизга ҳаракат қиларди. Туғишганинг қилмаган ишни Амиржон амалга оширарди. Бир сафар қишлоғимиздан Бегна бобо деган киши Амирни йўқлаб Тошкентга борган. У қайсидир шифохонада бир неча кун даволатган. Кун оша унинг ҳолидан хабар ҳам олиб турган. У шундай инсоний хислатга эга эди-ки, гар душмани бўлса ҳам кўмак сўраб борса, ўз юмушини ташлаб, унга ёрдам беришга шошиларди…

– Мен талабалигимда Амир Тўраев аспирант эди, – дейди суҳбатдошларимиздан бири Найим Хўжаев. – Кунларнинг бирида иккаламиз институт ҳовлисида учрашиб қолдик. Қўлида каттагина портфел ҳам ушлаб олганди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, менга: “Юр, бирга-бирга шаҳар айланамиз” деди. Икаламиз шу куни шаҳар айландик. Йўл-йўлакай Хадрадаги китоб магазинига кирдик. Амир ака пештахталарда териб қўйилган китоблардан танлаб-танлаб, қўлида кўтариб олган портфелини тўлдирди-да, менга узатди. Энди нима қиларкан, деб турсам, янгидан китоб харид қилишга тутунди. Қисқаси шу куни у яна уч бойлам китоб харид қилди. Портфелдагиларни мен, бойламли китобларни ўзи кўтариб олганимизча Амир ака яшайдиган ётоқхонага етиб келдик. Хайирлашиб кетаётганимда тўхтатиб, “Ма, мана буни ўқиб кетирасан” деб бир дона китобни узатди. Бир юмуш билан икки кундан сўнг ётоқхонага келсам, Амир Тўраев “Хўш, китобни ўқиб тугатдингми?” деб қолди. “Ҳали тугатмадим” дегандим, у “Мен бир китобни ўқиб тугатдим, энди навбатдагисига киришдим деди кулиб. Унинг бу кулишидан роса мулзам бўлдим. Ётоққа қайтиб, ўша кеч китобни ўқиб тугатдим ва эртасига бошқасига алмаштириб кетдим. Ахир-оқибат Амир аканинг таъсирида китоб шайдоси бўлиб қолдим. Ўша-ўша китоб менинг дўстимга айланди. Китобларни кўп ўқиганидан бўлса керак, Амир Тўраев туманнигина эмас, вилоят ҳаётини ҳам бемалол таҳлил қилиб берарди.

– Диссертациясини ёқлаётган куни ўзим ҳам иштирок этганман. – дейди Амир Тўраевнинг акаси Али Орзиқулов. – Саволлар шунчалик ёғдирилди-ки, укам уларнинг барчасига шошмасдан қониқарли тарзда жавоб қайтарди. Қайсидир профессор ўзини таништириб, навбатдаги саволини берганида Амир минбар қаршисида туриб. “Узр, домла, сиз саволни нотўғри бердингиз. Аслида саволни қуйидагича бермоқчи бўлдингиз-у, аммо у нотўғри чиқди. Саволингизга жавоб қуйидагича, деб қисқа ва мазмунли жавоб қайтарди. Иккинчи бир киши билан ҳам худди шу мазмунда савол-жавоб бўлганди. Залда роса қарсаклар янграганида ўзим ҳам укам билан ғурурланиб қўйганман.

Диссертация ҳимоясидан сўнг иштирокчиларни дастурхонга таклиф этдик. Укамнинг илмий раҳбарига ичимлик ичишни таклиф этганимизда у “Ҳаётимда спиртли ичимлик ичмаганман, аммо шу бугун бир қултум шампан виноси ичаман. Сабаби, мен жуда қаттиққўл раҳбарман. Ўтган йиллар орасида ўнлаб шогирдлар тайёрладим. Илмий ишни ниҳоясига энг тез етказганлар етти-саккиз, ҳатто ўн йиллаб қаттиқ ишлашган. Улар орасида биргина Амир бор-йўғи икки йил ичида диссертациясини ҳимоя қилди! Унинг шарафига бир қултум шампан виноси ичаман” деб укамга муваффақиятлар тилаган эди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации