Текст книги "Умр дарёси"
Автор книги: Шомурод Шаропов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 23 страниц)
ХОТИРА ДАФТАРИ
Амир Тўраев онаизорининг ўзига бўлган меҳрибонлигини қалбан ҳис этаркан, меҳмонхонага кириб бир зум хаёл уммонига чўмди. “Хўш, биз фарзандлар шу пайтгача онамизга нисбатан нима каромат кўрсатдик экан-а?!” деган ўй миясида чарх ура бошлади. Шунда ҳозиргина стол устига ташлаб қўйган иш сумкасини қўлига олиб, “Хотиралар дафтари” ни очди ва “Оналарга эҳтиром” дея йирик ҳарфлар билан сарлавҳа қўйди-да ёзишга тутинди:
“…Пўлатида қадим замонлардан аёл ўз боласининг суюкли онаси, синглиси, опаси, ўз жони-жигари сифатида эҳтиром кўрсатилади. Оилада ўғиллар қаттиққўллик билан меҳнаткаш қилиб тарбияланса-да, қиз фарзандни меҳмон, бошқа бир оиланинг одами сифатида авайлаб-асраб келганлар. Бу темир интизом аждодлардан авлодларга мерос бўлиб колган. Савоб ва гуноҳнинг фарқига борадиган пўлатиликлар она сиймосида ўз келажакларини кўра билганлар.
Уйда аёл оқила ва доно бўлса отанинг ҳурмати, фарзандларнинг унга бўлган эҳтироми чексиз бўлади. Ўз навбатида ота ҳам тартибли, интизомли, тадбиркор бўлса, бу рўзғор жаннат каби беғубор ҳисобланади.
Пўлатилик сингил-опажонларимда олижаноблик, меҳр, садоқат туйғулари мужассам. Мунис онажонларим роса иффатли ва беҳад меҳрибон инсонлардир. Уларнинг пойига Пўлати фарзанди сифатида таъзим қиламан. Она қадрсизланган жойда жамият парокандалика йўлиқади, бу эса келажак авлодларга туганмас азоб-уқубат олиб келади.
Пўлатилик оналарим, сингилларим, қизларим ва келинларим ақлли, қаноатли, иффатли, олийжаноб, покиза, ишларини ўйлаб қиладиган, ўз умр йўлдошларини ҳурматлаб, ўзини ва номусини сақлаган, ёмон ва яхши кунларда фидокор юзидан нур аримайдиган, қўли баракали, қадами қутлуғ аёллардир.
Она(албатта шариатда кўрсатилган оналар) жаннат ўртасидаги эшиклардан биридир. Бу дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз аслида, бу дунё ўзи бир меҳмонхона. Ҳаётда инсонлар шунчаки, келиб-кетувчилардир. Оналар эса жаннатнинг нурли эшиги, бу эшик биз учун очиқ ёки ёпиқ бўлиши ўзимизга боғлиқ!
Онам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмасди, аммо ўз ҳаётида мустақил фикр юритар, ўз билганидан қолмас, ҳеч маҳал бегона одамга салом бермас, чақирилмаган жойга бормасди.
Ўша қатағон замонда мулла Боймуродни “халқ душмани” деб қамаганларидан сўнг унинг мол-мулки мусодара қилиниб, бола-чақалари уй-жойсиз, кўчада қолган экан. Бу дунёни қайтар дунё дейдилар, бобом мулла Боймуродни сотганлар бирма-бир ўзлари, кейинчалик эса фарзандлари турли кўринишдаги жазоларга мустаҳиқ бўлишди. Бу тарих таъна эмас, балки ибратдир! Онаизорим Мақсад момам билан бобом тўғрисидаги ёрқин хотираларни ўз авлодлари қалбига муҳрлади ва бу борада ҳеч нарсадан чўчимади.
Онам ва момам тўккан кўз ёшларига еру осмон ҳайратга тушган. Уларнинг юзларидаги ажинлар йўлларга ўхшар, ўша қатағон йилларида элимизнинг суюкли фарзандлари отилиб кетди, ҳатто уларнинг яшаган уй-жойлари ҳам мусодара қилинган. Элнинг энг улуғлари қатағон қилинган. Инсонлар гўё қум каби тўзиди! Ўша ўтган мудҳиш замонга, шўро ҳукумати жаллодларига лаънатлар айтамиз!
Онам саводсиз бўлса-да, ўта донишманд аёл эди. Бир умр отаси мулла Боймурод хотирасини қалбида муқаддас сақлади. Мақсад момам 1974 йили 81 ёшида вафот этди. Дунёдан ўтгунича бобом ҳақидаги ҳикояларини тўхтатмади, ҳаммамизга рози-ризолик бериб кетди.
1959 йилда яккаю ягона Аваз тоғам ва онам Мақсад момамнинг бобомдан қолган ёлғиз суянган тоғи эди. Тоғам кутилмаганда оғир касал бўлиб қолди. Отам Қаршида бўлган мажлисдан қайтаётганида тоғамни кўргани касалхонага кирган экан. Ўшанда шифокорлар “Бугун-эрталик умри қолган, ҳеч иложимиз йўқ” дейишибди. Ҳали-ҳали кўз ўнгимда, уйга келиб, бу ҳолатни онамга тушунтираётган ҳолати. Нохуш хабарни эшитган онамнинг юраги ёрилиб кетишига бир баҳия қолганди ўшанда. Отасидан қолган суюкли жигарининг аҳволи онамни гўй ёндириб юборди! Онам бечора дардга тўлди, кўзларидан ёш тўхтамас, ҳар замон пешонасига муштлаб фарёд чекарди. Онамнинг армонлари, отасининг ҳоки ётган тупроқни топиб, бир маротаба бўлса-да, тавоф этиб кўзига сурта олмаганлиги бир умрлик армон бўлиб қолаверди.
Ҳаққа интилганлар доимо занжирбанд, қаллоблар ҳар соҳада панд беради. Онанинг ўлими фарзанд учун катта фожиа, унинг иморату қасри чаппа қурилгандек. У бечора ўй-хаёлини йўқотган, онасизлик дарди уни ўзига ўзини ўхшатмай қўйган. Ҳатто тиканлар устида юрса ҳам ҳеч бир озорни сезмайди. Тўрт фасл ҳам унга таъсир қилмайди. Оҳ урса бағридан тутун чиқади, дийдор қиёматга қоганини ҳис қила бошлайди. Онаси ётган тупроқ жуда олис, начора, инсон онасини соғиниб яшайди.
Онам айтар эди: “Болам, менга узоқ умр тилама, сенларнинг шодликларингни кўриб кетсам шунинг ўзи етади. Аллоҳим ҳеч бир бандасини муҳтож қилмасин, кетсам ҳам ўз оёғимда кетай…”.
Аллоҳим онамнин тилакларини ижобат айлади, у жуда журъатли ва ўлимни ҳақ деб билган инсон эди.
Онамнинг гаплари рост экан, мен ҳамон онамга талпинаман. Онам ёдимга тушса, шунда ёруғ олам қоронғу бўлиб кетади. Онам ҳақида гапирганимда сўзларим тилимда эмас, гўёки юрагим гапираётгандек кўксимни ёриб чиққан вулқонга ўхшайди. Онам яшаган уйда унинг сиймосини гирён кўзларим излайди. Менинг дардларимни ҳеч ким билмайди, соғинч жон-жонимдан ўтиб кетади. Онажоним, мени ташлаб кетишни хушладингиз-да, дегандек бўламан. Буларнинг ҳаммаҳаммаси менинг аламли армонларим!
Баъзан онамни соғиниб, тонг отганини, қуёш ботганини, мендан омад кетганини билмасдан қоламан Ҳамма нарса бор, аммо онасиз харобман, онам қабрини ибодатлар қилиб ёдлайман. Саргардон-сарсон сарғайиб қабр тошларини кўзимга суртаман.
Мен онамни энди топа олмайман, менга ҳеч ким сирдош бўла олмайди. Менинг ҳолимга эркалатиб, силаб-суйган сочларим ўзимга қўшилиб йиғлайди. Лекин бу қисмат экан, тушундим, онам раҳматлик ўз ўлимидан олдин шундай доно сўзларни айтган эди: “Мендан кейин авлодларим доимо тўғри сўз айтсин, мен энди ҳеч қачон қайтиб келмайман. Мен илон боқмаганман, бола боқиб тарбиялаганман! Сенлардан умидим катта! Тушларингга кириб чиқаман, руҳим бошларинг узра учиб юради. Мендан ёдгор бўлиб қолсин, супа ёнидаги тут меваси оқлик, мени эслаб набираларим еб юрсин. Қабрим устидаги тошни кўзингга суртиб юр, саккиз қават пахса девор ичида ташвишим рўзғор бўлди. Бешик ёстиғим бўлди. Яратган эгамнинг берганига шукр қилиб яшадим. Мен рўзғорни, ор-номусни тожу тахтим деб билдим, болажонларим…”.
Яна айтган эди: “Оналар дунёнинг дарвозалари. Бу дарвозаларни шарақлатиб ёпмагин. Туғилганлар ҳам, ўлганлар ҳам шу дарвозалардан олиб ўтилади. Она деб мендан олдин ҳам, мендан кейин ҳам излайдиганлар кўп. Кетган оналар ҳеч қачон қайтмайди. Онанинг дуоси қарғишидан кўп бўлади. Шу қилинган дуолар фарзандларини бало-қазолардан асрайди…”.
Оналаримиз узоқ умр кўрсинлар, фарзандларини дуо қилиб юрсинлар!..”.
“ЭЛЧИ”ЛАР
Эртасига Хушвақт Ражабович билан Ҳабибулла Абдимажидович “Чорвадор” давлат хўжалигига йўл олишиб, Тўра Орзиқулов билан учрашишди. Уларнинг келишини кутмаган хўжалик раҳбари аввалига ажабланди, сўнгра мақсадларини билмоқ учун илмоқли гап қотди:
– Вилоят раҳбарлари фақат пахтакорлар билан бўлиб, чорвадорларни унутишганга ўхшайди деб юргандим, хайрият унутмаган экансизлар. Хўш, ишни нимадан бошлаймиз?
– Ишними, ўзингизни қўзиларингиздан бирини сўйдирсангиз, маза қилиб ширвозхўрлик қилишдан бошласак, – гапни ҳазилга бурди Хушвақт Ражабович. Унинг таклифини Ҳабибулла Абдумажидович ҳам маъқуллади.
Хўжалик раҳбари ҳеч нарсадан ҳабарсиз, уларнинг ўзини йўқлаб келганидан хурсанд бўлиб, дарҳол шароит яратишга киришди. Яйловма-яйлов кезиб, зерикиб юрган эмасми, қадрдонлари билан ширин суҳбат қуришни кўнглига тугди. Яқинроқ яйловда шароит қилиб, меҳмонларга дастурхон ёзди. Аввалига суҳбатлари хўжалик ҳаёти, олиб борилаётган ишлар тўғрисида бўлди. Суҳбат давомида Хушвақт Ражабович кеча обком бюросида бўлиб ўтган воқеаларни қандай бўлса шундайлигича сўзлаб берди. Буни эшитган Тўра Орзиқулов оғир ўйга ботди-да:
– Кечирасизлару, ўз вақтида менга беҳисоб жабрситамлар қилдиларинг, энди қўлларингга Амир тушибди-да. Уни ҳам бўғизлаб сўйсаларинг керак. Мен унга Тошкентдан келмасдан ўз ишларингни қилавергин, деб айтгандим. Ўзимизнинг областьда ишлайман деб кўнмаганди, мана оқибати. Амирни кўндаланг қилиб, Иван Муродулла Саидовни ямлаб ютмоқчимикан? Хушвақт, сиз областнинг паст-баландини яхши биласиз, бу муттаҳам қассоб Иванга тушунтириб айтсангиз бўлардику! – деди хафа бўлиб.
– Тўра ака, кеча Амирнинг ўзи анчайин чиройли қилиб унга тушунтирди. Ками ҳам қолмади ҳисоб. Бюро иккаламизга бу масалани ҳал қилишни топширди. Амир ёшлик қилмасин, агар кечаги айтганини амалга оширса, Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг бюроси тарқатилади. Рўзмат Ғойибов ҳам бу ишда сиздан умид қилиб турибди, – деди ётиғи билан вилоят ижроқўм раиси.
– Мен ва фарзандларимга ноҳақ тиғ санчса ҳам “Иванжон, тўғри қилдинг, раҳмат сенга” деб ўтиришим керак экан-да, сизларча?! Хушвақтжон, партбилет почта орқали Москвага жўнатилади! Иван жуда ҳаддидан ошиб кетибди. Ишлайдиган ёш кадрларни еб тугатди. Охиргиси Муродулла билан Амир эди, уларни ҳам сўйиб, терисига сомон тиқишга киришибди. Ўзларинг айтинглар, Муродулла Саидовдек ҳалол раҳбар борми? Бечора ишни деб соғлигидан, тирикчилигидан айрилди! Тушунаолмаяпман, область раҳбарлари нима қилишмоқчи?! Ёки ҳамма ваколатни Иванга топшириб қўймоқчимисизлар? Ҳайронман…, – ҳаяжонини босаолмасдан Тўра Орзиқулов негадир ўрнидан турди.
У пайтлари кўпчилик раҳбарларнинг хизмат машинасида ҳаво рацияси ёки телефон аппарати ўрнаштирилган бўларди. Хушвақт Ражабовичнинг шофёри келиб, уни Рўзмат Ғойибов сўраётганини айтди. Область ижроқўми раиси гўшакни кўтариб, область саркотиби билан боғланди. Гўшакдан Рўзмат Ғойибовнинг таниш овози эшитилди:
– Хушвақт, Тўра акани топдингизми?
– Ҳа, топдим, шу ердалар.
– Топган бўлсангиз мен билан гаплаштиринг. Иван ҳам олдимда ўтирибди.
– Тўра ака, сизни Рўзмат Ғойибович йўқлаяптилар, – деди Хушвақт Ражабович овозини баландлатиб. Хўжалик раҳбари гўшакни олиб салом-алик қилди. Саркотиб нималарнидир тушунтира бошлади шекилли, у жим туриб тинглади. Сўнгра у ҳам гапира бошлади:
– Рўзмат Ғойибович, менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ эди, ҳозир бу гапларни вакилларингиздан эшитдим. Амирними, уни қаердалигини билмайман, икки кундан буён уйга борганим йўқ. Далаларни шудгорлатаяпман. Агар Амир билан Муродулла Саидов сизларга керак бўлмаса, Ивандан сатқаисар қилиб ташлашингиз мумкин. Унга ем бўлмаган охирги иккита мутахассис қолган эди, буларни ҳам еб қўяқолсин, кейин Хушвақт билан Ҳабибуллажонга навбат келади. Рўзмат ака, кечирасизу, мен Амирнинг ишига аралашмайман, гуноҳи бўлса ўзи ҳам тўғрисини айтибди. Қамоққа тиқиб қўйсаларинг ҳам “Шафқат қилинглар” деб ҳеч кимга илтижо қилмайман. Фақат битта йўл қолди, бирор қўшни республикадан юз гектар ер сўраб, оила аъзоларимиз билан кўчиб кетиш, бошқа йўл йўқ! Тушундим, Рўзмат Ғойибович, сизга катта раҳмат!
– Тўра ака, мен сизни дачада кутаман. Хушвақт ва Ҳабибуллалар билан бирга келинг. Уларга ҳам ҳозир топшириқ бераман, – деди хайрлашиб Рўзмат Ғойибов телефонда.
Улар обкомнинг дачасига келишганда Рўзмат Ғойибовнинг ёлғиз ўзи йўлак бўйлаб сайр қилиб юрганди. Ҳол сўрашишгач, суҳбатни дастурхон атрофида давом эттиришди. Область саркотиби юрагида борини тўкиб солди:
– Тўра ака, ўзингиз айтинг, мен нима қилайин? Тўғрисини айтсам, Иван бизга марказ томонидан қўйилган “қулоқ”. Агар шундай бўлмаганида Шароф Рашидовга эмас, Ломоносовга телефон қилиб, ёлғон гапларни қалаштириб, йўқ жойдан катта жанжал чиқазиб ўтирармиди?
– Рўзмат Ғойибович, агар Амир айтган ишни қилса Иваннинг ҳоли нима бўлади? – деди Тўра Орзиқулов синовчан оҳангда.
– Иван партиядан ўчирилади, унга қўшилиб бюро тарқалади. Бизларнинг ҳам ҳаётимизга нуқта қўйилади. Тўра ака, сиз ишни шунчага бориб етишга йўл қўймайсиз, деган умиддаман. Иванни шу ерга чақиртирсам, бор гапингизни юзига айтсангиз. Ўзи ҳам обкомнинг бюро аъзолари олдида Амирдан кечирим сўрамоқчи, – область саркотиби негадир жуда паст овозда гапираётганди.
– Рўзмат Ғойибович, ўша Иваннинг кечирими нима бўларди. Амир унинг кечиримига зор ҳам эмас. Ишлагани ҳамиша одам топилади. Сезишимча Муродулланинг ҳаёти ҳозир хавф остида. Ҳамма инонихтиёрни Иванга топшириб қўйдиларинг. Яхши, Амир партбилетини жўнатмайди, Иванни исмини тилига ҳам олмайди. Амирга жавоб берсанглар, яхшиси у областдан чиқиб кетади. Иван областнинг етти миллион гектарлик ерига бемалол ағанайверсин. Мен сизлардан хафа эмасман, – деди ўзини жуда осойишта тутиб Тўра Орзиқулов.
– Тўра ака, Амир Худонинг балосику, – гапга аралашди область ижроқўми раиси. – Унда қўрқув деган нарса мутлақо йўқ! Гаплари оташин, ноўрин гапириш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бир оғиз гапирган эдим, мени бурчакка қисиб қўйди. Бюро йиғилиши тугагунча ғинг демасдан ўтирдим. Очиғини айтсам, сиздек ота ва Амирдек ўғил билан фахрланаман. Ҳатто, Рўзмат Ғойибовичнинг бурама ҳаракатлари ҳам ёрдам бермади. У бизларни мот қилиб чиқиб кетди.
– Амир ҳеч жойга кетмайди, бу масалани унинг билан ўзим келишаман. Барча масъулиятни ўз зиммамга оламан, энди бу гапларга нуқта қўяйлик, – деди кўнгли жойига тушиб Рўзмат Ғойибов.
Шундан сўнг улар юз грамдан арман коньяги ичиб, яхши кайфият билан ҳайрлашдилар. Тўра Орзиқулов уйига борганида ўғли кутиб турганди. Унинг кифтига кафтини қўяр экан:
– Ўғлим, ҳамма гап-сўзлардан хабарим бор. Эртага эрталаб ишингни давом эттиравергин. Муродуллани кўриб, менинг саломимни етказ. Хафа бўлмасин, ёмон кунлар орқасидан, албатта яхши кунлар ҳам келади. У ҳалол инсон. Энди ётиб, дамингни олгин. Мен ҳам анча чарчаганман, – деб отаси ўзининг хабхонасига томон юрди.
* * *
Касби туманидаги 14-давлат хўжалигида мажлис ўтказиш баҳонасида область ижроия қўмитасининг раиси Хушвақт Ражабович Қўйбоқаров Амир Тўраевни ҳам таклиф этди. Йиғилиш тугашидан сўнг хўжалик раҳбари уларни бир пиёла чойга таклиф қилди. Дастурхон атрофига ўтиришар экан, Хушвақт Ражабович:
– Амирбек, раҳмат сенга, кеча ҳақиқий билимга эга эканлигингни, гапни ҳам ўз ўрнида ишлатишингни, кутилмаганда сиёсий вазият туғдираоладиган қобилиятинг борлигини намоён қилдинг. Қўрқма. Ҳар доим мана шунақа ўктам бўлгин. Мен сенинг гапларингдан хафа бўлганим йўқ. Аслида сендек қариндошим, укам борлигидан фахрландим. Ўзининг гапидан тош ясаб, Иванни янчиб ташладинг. Ишингни дадил давом эттиравергин, фақат ақлингни йўқотма. – деди хурсанд бўлиб.
Хушвақт Ражабовични кузатишгач, Касби туман саркотиби Муродулла Саидов Амир Тўраевга:
– Қойил, кечаги бюро йиғилишида Иванни ҳақиқий башарасини кўрсатибсан. Унинг ифлос ишлар билан шуғулланиб юрганлигини кўпчилик олдида фош этибсан. Мени энди ишдан бўлатишса ҳам хафа бўлмайман, сендан миннатдорман, ука, – деб миннатдорчилик билдирди.
Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам тез тарқалар экан. Иван Головачёв билан Амир Тўраев ўртасида бўлиб ўтган можародан областьдаги барча раҳбарлар хабар топди. Қайси таниши билан учрашмасин, улар: “Кауфманни роса боплабсанку, бу ёғига эҳтиёт бўлиб юр, Амир” деб ҳазиллашадиган бўлишди.
ХОТИРА ДАФТАРИ
Ўзининг хонадон кутубхонасида аввалига бир оз китобхонлик қилган Амир Тўраев яна “Хотира дафтари”ни ёзишга киришди:
“…Мен билан обкомнинг икинчи котиби ўртасидаги тортишувни отам босиқлик билан бартараф қилди.
Область саркотиби қабулида отамнинг “Унинг кечирими Амирга керак эмас” деган гапида катта маъно бор эди. Онамнинг айтишича, ўша куни отам эрталабгача ухламасдан “Бу катталар арзимаган нарсадан намунча чанг кўтармаса, болаларим ҳалолпокиза ишлашса, ишларида чалкашлик, суриниш бўлмаса, нима учун уларга бунчалик тармашишади, экан-а?! Майлига, бу машмашалар ҳам жойига тушар, тушунмайдиган бола эмаску, ўз ишини жуда яхши билади. Насиб этса уни Тошкентга жўнатамиз, тинч яшасин, мен кўрган азоблар ҳам етади”, деб роса хафа бўлган экан.
Бўш вақтим бўлди дегунча отамни эслайман. Отам вазиятни жуда синчковлик билан баҳолар, ўта зийраклик билан иш тутарди. Биз фарзандларини ҳам ҳақиқатгўй, ҳалол ва меҳнаткаш қилиб тарбиялади. Қаттиққўллиги, талаби жуда кучлилиги, тадбиркорлик, босиқлик ва чидамлилиги билан ҳар қандай мушкул ишни ҳам ечимини топар эди.
Отам ўз падари бузрукворини бир сония ҳам унутган эмас. Орзиқул бобом элу-халқнинг қалбига кирган, қариндош-уруғларининг ҳурматига сазовор бўлган, ҳар бир ишда ростакамига фидойи инсон эди. Фарзандлар тўғрисида гап кетганда отам: “Улар уч тоифага бўлинади – биринчиси, отасини чин дилдан севадиган, юракюракдан эҳтиром қиладиган, унинг қиблагоҳ эканини тушунадиган, отанинг қадр-қимматини, уни фарзандлари учун ўзини ўтга-сувга уришини, ҳамма нарсага балогардон бўлишини қалбан ҳис этадиган фарзандлар; иккинчиси, отанинг буюклиги, унга Аллоҳ битган ваколатини тушунгиси келмаган, мобода йўлга кетаётганида йирик гавҳар донаси топсаю, отам билиб қолмасин, деб бир жойга кўмиб, кейин йўқотиб қўйган, отанинг ҳол-аҳволи билан қизиқмайдиган, унинг ички кечинмаларини ҳис қилмайдиган, “Ҳа, отам-да”, деб юрадиган фарзандлар; учинчиси, отасига буткул эътиборсиз, унинг оғир-енгилини ўйламайдиган, мутлақо бегонадек юрадиган фарзандлар. Бундайлардан, албатта Худонинг ўзи асрасин!
Оталарнинг орзу-умидларини фарзандлар давом эттиради. Уларнинг қалбидаги амалга ошмасдан қолган армонларини ижобат айлагувчилар ҳам фарзандлардир. Отасининг кетмону белкурагини, касбий анжомларини ҳамма бойликлардан устун қўйиб, кўз қорачиғидек авайлаб асраган ўғиллар ўз авлодларига намуна бўла олади”… Отамиз ана шундай ўғил сирасига мансуб эди…”
НАДОМАТ
Иван Иосифович Головачёв, Тошпўлат Сахатов ва Султон Чегибоев Москвадан қайтишгач, орадан ўн кунлар ўтиб, Марказқўм партия комиссиясининг биринчи муовини Қашқадарё область саркотиби Рўзмат Ғойибовни айбдор сифатида қаттиқ партиявий жазо билан эгаллаб турган ўз лавозимидан бўшатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг раҳбари Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев ҳамда иккинчи котиб Осетровларга телефон орқали топшириқ беради. Шундан сўнг ҳукумат шифохонасида даволанаётган Рўзмат Ғойибовни Республика Марказий Қўмитаси бюросига келтирилиб, марказдан қандай топшириқ берилган бўлса, айтилганидек бажарилади. Аммо унинг немис-фашизмига қарши жангларда иштирок этганлиги, сўнгги йилларда хўжаликларни тиклашдаги улкан хизматлари инобатга олиниб, партиявий жазо берилмайди.
Ҳа, ўзга юртларни озод этишдаги жангларда қон кечган, бир неча бора қаттиқ ярадор бўлган, кўкси тўла орден ва медаллар билан юртга қайтган, Қарши чўлини ўзлаштириш ишларига бош-қош бўлган, собиқ шўролар давлати ривожига жон куйдириб хизмат қилгани эвазига Рўзмат Ғойибов ишдан олинди. Энг ажабланарлиси эса
Коммунист коммунистга коммунистни қаматди,
Тўзиган жамиятни бир-бирига яматди!
Эли учун жон фидо этган донолар қолиб,
Нокаслар раҳбар бўлиб, юртнинг бошига етди!
Беморлигига қарамасдан ўша куннинг ўзида Рўзмат Ғойибов Қарши шаҳрига етиб келди. Иш хонасига кириб, фақат ўзига тааллуқли китобларнигина олди-да, калитни собиқ ёрдамчисига қолдириб, уйига кетди. Орадан уч кун ўтиб, Тўра Орзиқулов ўғиллари Али ва Амирлар билан собиқ обком саркотибни ҳолидан хабар олгани унинг хонадонига боришди. Уларнинг келишини кутмагани учун бўлса керак, хонадон соҳибининг ҳаяжонга тушабошлагани шундоққина сезилиб турарди. У меҳмонларни меҳмонхонага бошлади. Оддийгина безатилган дастурхон атрофидаги суҳбат анчайин давом этди.
– Мана, уч кун ўтаяпти, кечагина атрофимда гирдкапалак бўлиб юрганларнинг бирортаси ҳам қорасини кўрсатмайди. Фақат кеча оқшом Муродулла Саидов кўнгил сўрагани келди. Шу йигитнинг ноҳақ жабрлангани учун ўзимни гуноҳкор деб биламан. Мардлигини қарангки, бирор марта ҳам мендан гина қилмади. Ҳар бир гапида менинг руҳимни кўтаришга ҳаракат қилди. Унга қора чаплаганларнинг қораси ўчди. Энди улар навбатдаги раҳбарга яқинлашиш йўлларини излашади…
Охир-оқибат республикамиз қатъиятсиз, ночор инсоннинг “ихтиёрига” топширилди. Вазият шу тариқа давом этаверса, миллатимизнинг кўплаб иқтидорли фарзандлари нобуд бўлади! Шу пайтгача марказ қаршисида халқимизнинг Шароф Рашидовдек ҳисобкитобни биладиган, етти ўлчаб бир кесадиган пўлатдек мустаҳкам қалқони турарди. Энди бу қалқонни йўқотдилар! Ўзбек халқининг тарихида ўтган бир ярим аср давомида бундай қора кунлар ҳар 15-20 йилда такрорланиб турган. Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Усмон Юсупов, Абдураҳмонов, Камолов, Муҳиддиновлар бир-бирини сотиш қурбони бўлган. Марказ дастани ҳам, болтани ҳам ўзимизнинг халқимиздан ясашга уста! Улар бир-бирини чопганда доимо томошабин бўлиб турган!
Аслида Иванни Москвадаги парткомиссия йиғилишига бориши ноўрин бўлди-да! Ўша ерда у ҳаммамизни чиройли қилиб сотди! Бунинг устига устак Тошкентдаги русийзабон раҳбарларнинг энг яқин биродарлари бўлиб сиёсат майдонига чиққан Усмонхўжаев ўз қўллари билан маҳаллий кадрларнинг бошини олиб, миллатни тозаладик деб турдилар. Гўё Москвадан берилган топшириқларни қойилмақом қилиб уддаладик дедилару, аммо ўз бошларини уларга топширганларини пайқамаяптилар! Уларнинг касофати билан “қора булут” авваламбор, Бухорони қоплади. Булут бир ерда сокин турмайди. Аста-секин у Қашқадарё ҳудудига ҳам яқинлашаяпти. Юртимиз фарзандларини навбати билан бола-чақасига билдирмасдан ярим тунда қора қузғундек КГБнинг ертўласига ташлашаяпти! Республикамизнинг қўғирчоқ раҳбари эса марказдагиларга “Тўғри қилаяпсизлар, раҳмат сизларга” деб қўл қовуштириб ўтирибди… Туғилган кунимни Қаршида ўтказиб, сўнгра Тошкентга кетаман. Қолганини Аллоҳга топширдим. Фақат миллатимнинг аҳволи не кечаркин, деган ўй менга тинчлик бермаяпти. Тўра ака, сизга ҳам, фарзандларингизга ҳам минг раҳмат! Илтимос, энди келманглар, орқамдан кузатишаётганлари аниқ. Сизларга гап тегмасин дейман-да, дўст ҳам, душман ҳам бошингга оғир кун тушганда билинаркан. Кўриб турибман, билиббилмасдан ёмонлик қилганларим бугунги кунда мендан ҳол сўраб, хабар олишаяпти…, – Рўзмат Ғойибов афсуснадоматлар билан сўзини тугатиб, ота-бола меҳмонларни ярим тунда кузатиб қўйди.