Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ХУСУМАТ

Аслида, Иван Иосифовичнинг Амир Тўраевга нисбатан азалдан хусумати бор эди. Орадан анча вақт ўтган бўлса-да, аламини олишга пайт пойлаб юрарди. Ушбу хусумат 1973 йилларда юз берганди. Ўшанда Муродулла Саидов Қарши чўлида тузилган қўриқ Ульянов райкомининг биринчи котиби, Амир Тўраев эса туман қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бошлиғи эди. Туман деҳқонларининг зиммасига 103 минг тонна ингичка толали пахта етиштириш режаси юкланганди.

Ёз фасли анчайин иссиқ келди. Устига устак гаремьсел эрта бошланган. Сув кам, ота боласини танимайди, ҳамма ўз ҳақини талаб қилади. Отанг мироб бўлса ҳам сув тармоғининг бошида бўлгин, деган мақол бекорга айтилмаган экан. Канал суви районга Нишон ва Қарши районлари ҳудуди оралаб келади. Хўжалик раҳбарлари билан ҳар кунги тортишувнинг олдини олиш мақсадида райком бюроси қарорига биноан Амир Тўраевга Ульянов каналидан лимит бўйича сув олиш ва хўжаликларга бўлиб бериш юклатилган. Белгиланган лимит бор-йўғи уч куб метр қилиб белгиланган, шу сабабли ҳам каналдаги сув етишмаётганди. Бунинг устига Нишон районидаги “Нишон” давлат хўжалигига қарашли “Қирққулоч” массивидан Қарши туманига уч минг гектар қўшимча ер ажратиб берилган бўлиб, қаршиликлар бу майдонга пиёз ва полиз экинлари парваришлашаётганди. Улар экинларини Ульянов каналидан тўртта “СНП—500/10” русумли сўрғичлар ёрдамида тортиб олган сув билан суғоришарди. Энг ажабланарлиси шундаки, вилоят раҳбарларига бир неча бора шикоят қилинишига қарамасдан уларга белгиланган сув лимити билан ҳеч ким қизиқмасди. Улар эса хоҳлаганча сув олишаверишарди.

Амир Тўраев канал ёқалаб юрганида “Оғайнилар, раҳбарларингга айтинглар, сувга қўшимча лимит олишсин, акс ҳолда сув сўрғичларингизни ишлаттирмай қўяман. Каналдаги сув аслида бизларнинг район деҳқонлари учун ажратилан” деб насосчиларни бир неча бора огоҳлантирди ҳам. Улар “Хўп” дейишардию, бир оз вақт ўтказиб, яна сув сўрғичларини ишга туширишарди. Бунинг олдини олиш учун фақат сув сўрғичларни канал сувига чўктиришдан бошқа чора қолмаганди.

Навбатдаги кузатув давомида ушбу режани амалга ошириш кўзланди. Ўзига беш кишини ҳамроҳ қилиб олган Амир Тўраев қирғоққа ўрнатилган ҳар тўртала сув сўрғичларни бульдозер ёрдамида каналга чўктириб юборди. Насосчиларни эса ўзининг хизмат машинасига ўтирғизиб, Таллимаржон шаҳарчасига келтириб қўйди. Уларнинг қўлларига йўл кира ҳам бериб, оқ йўл тиладида, яна канал бўйлаб кузатишни давом эттирди.

Куннинг иккинчи ярмида Амир Тўраев хўжаликларга бериладиган сувнинг ҳисоб-китоби билан машғул бўлиб турганди. Канал штабига райкомнинг биринчи котиби Муродулла Саидов кириб келди. Жаҳли чиқиб турганини унинг ҳатти-ҳаракатидан сезган Амир Тўраев ҳушёр тортиб:

– Муродулла Саидович, тинчликми? – деди.

– Насосларни сувга чўкирдингизми? – жавоб ўрнига савол берди райком котиби.

– Ҳа, сувга чўктирдим, – деди Амир Тўраев таваккалига.

– Тўғри қилибсиз! Ҳозир шу масалани муҳокама қилгани “Қаршиқурилиш” ҳудудий бошқармаси бошлиғининг муовин Қурбонов келаётганмиш, – деди Муродулла Саидов.

– Муродулла ака, сиз кетаверинг, ўзим ҳамма масалани ҳал қиламан.

– Йўқ, мен ҳам бўлишим керак! Ахир, сув лимити йил бошида туманимиз экин майдонлари гектаридан келиб чиқиб белгиланган-ку! Ўзи бор-йўғи уч метр куб бўлса! Бир қисмини “Қаршиқурилиш”дагилар, яна бир қисмини вилоят сув хўжалиги бошқармасидагилар бошқаларга пуллашади! Боз усига Қарши туманидагилар ўғирлаб турса! Олти минг гектар майдондаги ғўзаларимиз сувсизликдан қожираб ётибди! Унинг билан ўзим гаплашаман! – деди дарғазаб бўлиб райком саркотиби.

Шу орада Қурбонов ҳам етиб келди. Ҳол-аҳвол сўрашгач у ўзининг дийдиёсини бошлади.

– Муродулла Саидович, жуда хунук иш бўлибди-да!

– Ҳа, тинчликми?

– Тинчлик бўлганида келармидим. Амир Тўраев Қарши туманига қарашли сув сўрғичларни каналга чўктириб, насосчиларни Туркманистоннинг кўчма қумлари орасига ташлаб келибди! Бу воқеадан обком бюроси аъзолари хабардор бўлишган. Иван Иосифович “Бу қандай тартибсизлик, Амир Тўраевнинг масаласи бюро муҳокамасига киритилсин” деб топшириқ берди…

Қурбоновнинг гаплари Муродулла Сидовнинг қонини қайнатиб юборди:

– Сен, ўша туҳматчи насосчиларинг, Қарши туманининг раҳбарлари, ўша “гитлер” Головачёв, ҳаммаларинг бекорларни айтибсанлар! Головачёвга икки туман ҳам баравар эмасми?! Ёки мен пахтани Туркманистонга бераманми?! Сувни тўғри тақсимлаш мумкинку, ёки мендан вилоят раҳбарлари пахта сўрамайдими?! Каналдаги бор сувни сотиб бўлдинг! Ўлакса ейдиган қузғундек менинг тепамга айланмагин! Йўқол кўзимдан!!! Бор, гапларимга қўшиб гапиришинг ҳам мумкин, сенга ўхшаганларга рухсат! – деди жаҳл билан.

Ўша куннинг ўзида барча гап-сўзларга “тўн кийгизилиб” Иван Иосифовичга етказилди.

ДЕСКОЦИЯ КИМГА КЕРАК?

Райком саркотиби ва Амир Тўраев хизмат машинасида район марказига жўнашди. 15 август куни соат бешда ғўза дефолиациясига тайёргарлик ишларини муҳокама қилиш учун райком бюро йиғилиши белгиланган эди. “III-Интернационал” давлат хўжалиги ҳудудидан ўтишаётганда уларнинг нигоҳи ўт кетиб қовжирагандек ҳолатдаги ғўза майдонига тушди. Туманнинг иккала раҳбари машинадан тушиб, далани кузатишди. Гулдан чиққан кўсаклар тўкилган, пишиб етилмаганлари эса ёнғоқдек қотиб қолга эди. Буни кўрган Муродулла Саидов оташин бўлиб Амир Тўраевга қаради-да:

– Ўртоқ бошлиқ, нега бундай иш қилинган, сабабини ўргандингизми?! Ёки бу тажриба майдоними?! Бу иш учун хўжалик агрономининг дипломини йиртиб ташлаш керак!…, – деди.

– Аниқ кўриниб турибди, Муродулла ака, бу ғўза майдони 10 августларда дескоция( ғўза тупларини мутлақо қуритишда қўлланиладиган тадбир) қилинган. Гектаридан 35-40 центнер ҳосил олса бўладиган кўсаклари бор экан.

– Энди қанчадан ҳосил олиш мумкин?

– Кўпи билан 18-20 центнер. Камида эллик гектар майдонда аҳвол шундай. Ўрганиб, натижасини сизга билдираман.

Иккала раҳбар ҳам туман марказигача жим келишди. Райком биносининг учинчи қаватига кўтарилишганда “III-Интернационал” хўжалигининг бош агрономи коридорда ким биландир гаплашиб турган эди. Уни кўриб, Муродулла Саидов:

– Панжи, сен нега ғўзаларни дескоция қилдинг?! Агрономлик вазифангни бажармабсан. Бригадир сени хулосанг бўйича дефолиация ўтказиши керак-ку?! – деди хафа бўлиб.

– Муродулла ака, барги яхши тушсин деб хлорид магнийдан кўпроқ қўшган эдим, шундай бўлиб қолди, – агроном мулзам ҳолда ерга тикилди.

– Садқаи отанг кет-е! – райком саркотиби қўлини силтаганча коридор бўйлаб кетди.

Шу куни хўжалик агрономи ким билан учрашиб, ким билан гаплашган, кимнинг иғвосига учгани номаълум, аммо “Саидов мени ҳақоратлаб урди”, деб кўйлагини қонга белаб, обком котиби Иван Иосифович Головачёвга борган. У эса Республика Марказқўмининг иккинчи котиби Ломоносовга телефон қилиб, ўзи хоҳлаганча тушунтирган.

БЮРОДА КЎРИЛГАН МАСАЛА

Орадан икки кун ўтиб Муродулла Саидов билан Амир Тўраевни обкомнинг бюро йиғилишига чақиртиришди. Қабулхонага кириб боришганда тўртта насосчи, “Қаршиқурилиш” бошқармасининг муовини Қурбонов ва “111-Интернационал” хўжалиги агрономи ўтиришарди. Обком котибининг ёрдамчиси уларни ўз хонасига таклиф қилиб, Муродулла Саидовни шу ерга ўтириб туришлигини айтди. Амир Тўраевни эса Иван Головачёвнинг ҳузурига бошлаб кетди. Хонасида обком котибининг бир ўзи экан. У Амир Тўраевга ўзига яқин жойга ўтиришини имо билан кўрсатди. Столи устидаги телефон рақамини териб, ёрдамчидан ташкилий бўлим бошлиғини чақиришини тайинлади. Ташкилий бўлим бошлиғи кириб, қўлидаги папкани обком котибига тутқазди-да, кетишга ижозат сўради. Иван Иосифович:

– Ёрдамчига айтгин, менинг хонамга ҳеч кимни киритмасин, – деб кўрсатма берди.

Иван Иосифович Головачёв ўта жиддий кўринишда қўлидаги папкани очиб, қандайдир ҳужжатни олди-да, Амир Тўраевга узатиб, “Ўқинг!” деди. У машинкада қандайдир битиклар битилган қоғозни оларкан, кўнглидан “Навбатдаги ўйини билан яна қандай каромат кўрсатмоқчи экан бу ноинсоф қонхўр жаллод” деган ўй ўтди ва хатга секин кўз югуртирди. У Ульянов туман партия қўмитасининг биринчи котиблиги лавозимига Амир Тўраев номзоди кўрсатилган йўлланма бўлиб, остига Иван Иосифович имзо ҳам қўйганди.

– Бу йўлланмани олиб, бугуноқ самолётда Тошкентга учасан. Марказқўм билан келишилган. Сени бугун ўртоқ Ломоносов қабул қилади. Лекин, биз аввал Муродулла Саидовни ишдан олишимиз керак. Шунинг учун ҳозир бюро йиғилишига кириб, қуйидаги саволларга жавоб берасан, – обком котиби унга навбатдаги қоғозни узатди. Унда қуйидагилар кўрсатилган эди:

1. Муродулла Саидов мени “гитлер” деб ҳақорат қилганлиги;

2. Муродулла Саидов “Қаршиқурилиш”нинг сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Қурбоновни ҳақоратлаб ургани;

3. Муродулла Саидов “III-Интернационал” давлат хўжалиги бош агрономини бурнидан қони келгунича ургани ва ҳақоратлагани.

Амир Тўраев ҳужжатларни ҳижжалаб ўқиб чиқиб, обком котибига қаради. Иван Головачёв ҳам унга тикилиб турганди.

– Маъқулми, ана шуларни ҳеч кимдан қўрқмасдан бюро йиғилишида гувоҳ сифатида гапириб берасан! Келишдикми, сени ишинг билан ўзим шуғулланаман, – деди Иван Головачёв. Унинг гапларидан “Бу гўдак ҳамма гапларингизни айтаман, сизнинг топшириғингиз мен учун қонун” дейди деган сўзини кутиб турар, Саидовга туҳмат қилдириб, сени булбулдек сайратаман деган ишонч сезилиб турарди.

Амир Тўраев тишларини ғичирлатиб, ичида “Сен йигирма беш ёшли болани хоҳлаган йўлимга соламан, лавозимни айтсам мен чалган ҳамма куйимга ўйнайди”, деб мени шарманда қилмоқчимисан ҳали” деди-да, Иван Иосифовичга қараб:

– Иван Иосифович, тўртта одамни Таллимаржонга ташлаб кетганим, тўртта сув сўрғични Ульянов каналига чўктирганимни ҳам айтишим керакми? – деди ўзини хурсанд ҳолатда кўрсатиб.

– Ҳа, ҳа, айтасан, сенга топшириқни Муродулла Саидов берганку, – хурсандчилигини яшираолмасдан деди Иван Иосифович. Аммо, у ўзининг бераётган топшириқлари қаршисида ўтирган йигитнинг иззатнафсига тегаётганини сезмаётганди.

Амир Тўраев ўрнидан туриб, иккала кафтини столга тираганча обком котибига тикилди.

– Иван Иосифович, сизни обкомнинг иккинчи котиблигига КПСС Марказий Қўмитаси нотўғри қўйган! Сиз аслида давлат цирки ёки Тошкентдаги Муқимий театрида актёр бўлишингиз керак эди. Қашқадарёга ишга келиб, хато қилган эканман! Ўтирган креслонгиз сизга хайф! Муродулла Саидовга туҳмат қилишим керак, шундайми?! У урмаган одамни урди, у бермаган топшириқни берди, сиз тўғрингизда айтилмаган гапларни айтди, деб виждонимни, диёнатимни сотишим керак экан-да?! Афсус, сиздек иккинчи котиб билан ишлаганимдан ор қиламан! Мени Тошкент шаҳридаги Орджоникидзе туман партия қўмитаси бюроси партия сафига қабул қилган, бугун мен Қашқадарё вилояти партия ташкилотининг ҳисобида турганлигимдан ҳам афсусдаман. Ульянов тумани қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиқлиги вазифаси ҳам сизга буюрсин! Лекин партия билетини почта орқали Марказқўмга жўнатаман. Бу масхарабозлигингизни ҳозир чиқиб, ҳаммага айтаман, – деди-да, у хонадан чиқиб кетди.

Эшик қаршисида турган, ҳеч нарсадан хабарсиз Г.С.Парамонов Амир Тўраев билан саломлашаркан, “Сени бюро аъзолари кутишаяпти” деб, уни обком саркотибининг хонасига бошлаб кирди. Хонада Республика Марказий Қўмитаси котиби Ҳабибулла Шоғазатов, область саркотиби Рўзмат Ғойибов, область ижроия қўмитасининг раиси Хушвақт Қўйбоқаров, муовини Г. Парамонов ва бошқалар жамул-жам бўлишганди. Бироздан сўнг Иван Головачёв ҳам пайдо бўлди. Негадир у бесаранжом эди.

– Хўш, олиб киринглар, – деди Рўзмат Ғойибов хонага кириш жойда ўтирган ёрдамчисига қараб.

Эшикдан изма-из тўртта насосчилар хонага кириб келишди. Уларни кўрсатиб:

– Амир, бу одамларни танийсанми? – деди Рўзмат Ғойибов.

– Танийман, улар ҳам мени танишади, – бемалол жавоб берди у.

– Буларни нега Туркманистоннинг қум барханлари орасига ташлаб келдинг? – яна савол берди саркотиб.

– Бу туҳмат, Рўзмат Ғойибович, – Амир Тўраев ёши кексароқ насосчига қараб, – сиз айтингчи, Таллимаржон шаҳрига қўйиб кетдимми? Ёшингиз улуғ, бола-чақангиз бордир, албатта, менга туҳмат қилмасангиз керак, деб ўйлайман?

Ёши эллик бешларга борган Сувонқул деган киши бошини ҳам қилиб, ўрнидан турди-да:

– Ўзимиз илтимос қилгандек, бизларни Таллимаржон шаҳарчасига қўйиб кетди. Бизларга қўполлик қилгани йўқ, ёмон ҳам гапирмади. Фақат сув сўрғичларни бульдозер билан сувга чўктиришга буйруқ берди. Катта бобо, аслида бизларнинг раҳбарларимизда ҳам айб бор! Бу одам 55 градус иссиқда ҳар куни камида икки маротаба канал айланади. Бизларнинг раҳбарларимиз ҳафтасига бир марта ҳам келишмайди. Ҳатто, бу киши машинасида гўшт ва нон келтириб, бизларга берарди. “Раҳбарларингизга айтинглар, сувга қўшимча лимит олишсин, деҳқонларимизнинг меҳнатини оёқ ости қилиб, пиёз, полиз ва беда суғориш инсофдан эмас”, деб кўп марта илтимос ҳам қилган. Бу гапларни хўжалигимиз ва туман раҳбарларига бир неча бора айтдик. Аммо, улар бу масалани ҳал қилишмади. Охир-оқибат мана шу кўнгилсиз воқеа юз берди…, – деди.

Сувонқул гапини тугатди. Унинг гапларини эшитиб, Иван Иосифович ҳайкалдек қотганча кўзлари жовдираб, олдидаги қандайдир қоғозларни титкилай бошлади. Кўп йиллар Қарши чўлини ўзлаштириш ишларига раҳбарлик қилган қурилиш соҳасининг йирик мутахассиси Ҳабибулла Шоғазатов ўрнидан туриб:

– Амирқул, техника давлатники, нега сув сўрғичларни каналга чўктирдингиз, бу сиздек маълумотли одамга ярашмайди, уят эмасми? Аммо бу ҳолат бўйича ҳозиргина бизларга тўғри тушунтириш берган одамдан ҳам жуда миннатдорман, – деди.

– Биз сени бугун ишдан оламиз, партиядан ўчирамиз, – вилоят саркотиби ўрнидан тураркан, Амир Тўраевга дакки берди.

Амир Тўраев ҳам “Ётиб қолгунча отиб қол” деган мақолга амал қилди шекилли, ўрнидан туриб:

– Рўзмат Ғойибович, бир оз аввал Иван Иосифовичнинг хонасида ишдан бўшаб, партия сафидан ўчирилганман, бундан афсус ҳам қилмайман, ҳеч нарса йўқотганим ҳам йўқ. Ақлим ва билимим етарли, жамиятнинг ҳамма жойида ишлаш қобилиятига эгаман. Мени қаматиб юбораолмасликларингни биламан, вазифадан, партия билетимдан эса кечаман!…

Амир Тўраевдан бунчалик кескин жавоб кутмаган бюро аъзолари гўё қотиб қолишганга ўхшашарди. Ўзига яқин олдими ёки ҳимоялашни ўйлабми область ижроқўми раиси унга бурилди-да, “Амир, бунчалик тез кетмагин, овозингни пасайтир!” деди.

– Хушвақт Ражабович, бу ерда мени нотўғри муҳокама қилаяпсизлар. Аслида область ижроқўм раиси сифатида сизни муҳокама қилиш керак эди. Бу машмашаларга обком бюроси ва сиз айбдорсиз! Муродулла Саидов сизга ва Рўзмат Ғойибовга шахсан ўзим гувоҳлигимда “Сувни лимит бўйича олаолмаяпмиз, Қарши райони олаётгани ўрнига бизларга қўшимча сув ажратинглар, Ульянов туманининг ҳам давлат режаси бор”, деб сўнги уч ойдан буён ялиниб келади. Обкомнинг бюроси, шахсан сиз ҳурматли Хушвақт Ражабович, бирор амалий ёрдам бердиларингизми? Тўғри гапирганда менинг овозим ҳеч қачон пасаймади!

Обкомнинг иккинчи котиби менга Марказий Қўмитага тайёрланган йўлланмани кўрсатиб, масхарабозлик қилди. Муродулла Саидовга туҳмат қилсанг унинг ўрнига сени биринчи котиб қиламан деб, давлат циркида арслонга шоколад бергандек менинг устидан кулди…

– Тўхта, кейин гапирасан, – ўзига хос сезгирлик қобилиятига эга бўлган Рўзмат Ғойибов Амир Тўраевнинг гапини бўлди. – Насосчи йигитлар, сизларга рухсат, ўз ишларингизга бораверинглар, – деб уларни йиғилишдан чиқариб юборди.

Пайтдан фойдаланиб, Амир Тўраев орқасига бурилди-да:

– Сувонқул ака, тўғри гапни айтганингиз учун сизларга раҳмат, – деди овозини кўтариб. Сўнгра бюро йиғилиши қатнашчиларига мурожаат қилди. – Илтимос, менинг гапларимни охиригача тинглашларингни сўрайман. Мен ўзимни кечираолмайдиган хатога йўл қўйган эканман. Туғилган ерим деб Тошкентдаги ишимни ташлаб, ўз тақдиримни сизларга ишониб топширганим хатолик экан. Бугун сизларга КПСС Марказий Қўмитасининг Қашқадарё вилоятидаги энг ишончли вакили бўлмиш Иван Иосифович Головачёвнинг менга айтган гапларини тўлиқ айтишга мажбурман. Ёш КПСС аъзосини ва мутахассисини туҳматчи қилиб тарбиялаш инсофдан бўлмаса керак! Ульянов райкомининг биринчи котиби Муродулла Саидов ҳеч қачон Қурбонов ва хўжалик агрономини ургани йўқ, бу мутлақо туҳмат! Иван Головачёвни у “гитлер” деб ҳам ҳақорат қилмаган, бу ҳам туҳмат! Бу нарсалар аслида Иван Головачёв томонидан махсус уюштирилган. Лекин бюро аъзоларига, шахсан Рўзмат Ғойибович, сизларга очиғини айтишим керак, тўрттала сув сўрғичлар менинг топшириғим билан сувга чўктирилган! Менга бундай топшириқни Муродулла Саидов бермаган! Туманимиз саркотибини ушбу бюрода муҳокама қилишга ҳеч қандай асос ҳам йўқ!

Шундан сўнг бюро аъзолари ғимирлаб қолишди. Кимдир Амир Тўраевни ҳимоя қилса, кимлардир унга тош отди. Амир Тўраев яна ўрнидан қўзғалди:

– Ўртоқлар, бир нарсани тушунинглар, шахсан менинг ҳовлимга ёки Муродулла Саидовнинг томорқасига сув керак эмас. Мен Касби қўрғонидаги кўп қаватли уйда яшайман. Нима қилган бўлсам, туманнинг пахтаси ва юқори раҳбариятнинг масъулиятсизлиги учун қилганман! Энди мени ва район раҳбарини муҳокама қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Жазо бераман деб овозга қўйиб овора ҳам бўлманглар. Мен ишдан бўшаганман, партия билетимни кимга топширай, Иван Иосифовичгами?! Агар Иван Иосифович олмасалар почта орқали Марказқўмга юбораман. Бир нарсага ҳайронман, келинглар, Қашқадарё областьидаги ҳалол-покиза мутахассисларни асоссиз таъқиб қилинишининг сабабларини муҳтарам Иван Головачёв бугун тушунтириб берсин! Ўзи бошқараётган кадрларнинг қобилятини, маънавий бойлигини назар-писанд қилмаган иккинчи котибнинг иш фаолиятига партиявий баҳо бериш вақти келган деб ўйлайман, рухсат берсаларинг кетаман. Иван Головачёвнинг қўлидан ҳар қандай хунрезлик келади. Ҳар қалай мени ноҳақ турмага тиқмасаларинг керак. Сизлардан бошқа илтимосим йўқ! – деб у хона эшиги томон юра бошлади.

Бюро йиғилишининг бунчалик ғалвага айланиб кетиши бу яқинда юз бермаганди. Ҳамма жим, қилт этишмасдан область саркотибига термулиб туришарди. Рўзмат Ғойибов ўрнидан турди-да, эшикка яқинлашиб қолган Амир Тўраевга қараб:

– Бемаза, озроқ сабр қилсангчи, индамасам.., – қани нима қиларкан дегандек уни кузатиб турди.

– Кетишимни айтдим-ку, – Амир Тўраев эшик олдида туриб қолди.

– Мен ҳали ўз фикримни айтганим йўқ, – Рўзмат Ғойибов гапини сиёсий томонга бурди. – Бу йил юбилей йили, ҳамма соҳада ишлар зўр бўлиши керак. Режа ва мажбуриятлар бажарилиши шарт. Марказқўм ҳам, Ўзбекистон Компартияси ҳам бизлардан шонли ғалабалар кутаяпти. Сен олим одамсан, сув масаласини вилоят сув хўжалиги раҳбарларига топширган эдим, афсус ҳалигача ҳал қилишмаган экан! Обкомнинг қишлоқ хўжалиги бўлими, шахсан Г.С.Парамонов қарамаган. Бу ҳам сўнги пайтларда ҳайбаракаллачи бўлиб қолган. Сен тўғри айтдинг, бу соҳада Хушвақт Ражабович иккаламиз ишларимиз кўплигидан топшириқлар натижаси билан қизиқмаганмиз. Амир, келиб жойингга ўтир, – деди вазминлик билан.

Амир Тўраев келиб жойини эгаллади. Айтилаётган гапларнинг барчаси сохта, ёш болани алдашдек ўйин қилишаётгани шундоққина сезилиб турарди. Ҳатто, Рўзмат Ғойибовнинг ҳозирги гаплари ҳам мутлақо самимий эмасди. Область раҳбарларининг қўрқиб турган жойи Амир Тўраевни “Партия билетимни почта орқали Марказқўмга юбораман, менга иш керакмас, Иван Головачёвнинг хонасида ишдан бўшаганман…” деганида эди. Калавасининг учини йўқотиб қўйган Иван Иосифович эса бирорта ҳам савол бераолмади. Бу ҳолат Амир Тўраевнинг гапларини тўғри эканлигини кўрсатиб турарди. Унинг гапларидан сўнг бюро аъзоларидан бирортаси чиқиб “Муродулла Саидовни ишдан бўшатишни Иван Головачёв кўтарган бўлса, бу ёш йигитни овора қилиб нима қиламиз, аввалдан ўйлаб иш қилиш керак эди”, деб айтишаолмади. Гўё бюро аъзоларида “Ўзи яратган қалтис вазиятни Иван Иосифовичнинг ўзи бартараф этсин”, деган фикр бордек эди. Жимликни Рўзмат Ғойибов бузди:

– Қани, Григорий Степанович Парамонов бу масалада нима деркин?

– Рўзмат Ғойибович, ҳақиқатдан ҳам шу масалани ҳал этишда менга топшириқ берган эдингиз. Ўшандаёқ вилоят сув хўжалиги раҳбарларига бу масалани ўрганиб чиқишни топширгандим. Лекин улар мени алдашган экан, мени кечиринг Рўзмат Ғойибович, бюро аъзоларидан ҳам узр сўрайман, – деди Парамонов.

Унинг барча гаплари ёлғон ва соҳта эканлиги, шунчаки вазиятдан чиқиб кетиш учун айтилаётганлиги шундоққина билиниб турарди. Парамоновнинг ҳаттиҳаракатлари ва ўзини тутишини кўриб, шундай ҳалол, билимдон, захматкаш одамнинг аҳволига Амир Тўраев ич-ичидан ачинди.

– Ана, кўрдингларми, – деди Рўзмат Ғойибов гапини давом эттириб, мен уларга ишонганман, булар эса масъулиятсизлик қилишган. Амир, сен ишингни давом эттиравер, сени ҳеч ким ишдан бўшатгани йўқ, партиядан ҳам ўчирмоқчи эмас. Муродулла Саидовни ҳам. Биз биламиз, ҳар иккаланг ҳам меҳнаткаш, илмли одамсанлар! Ишларингга муваффақиятлар тилайман!

Вилоят саркотиби сўнгги сўзларини чин юракдан айтди, аввалгиларининг ҳаммаси алдов эди. Иван Иосифович ҳали ҳам ерга тикилганича чурқ этмасди. У “Бу болага қаердан ҳам дучор бўлдим, ўзим тулкиларнинг тулкиси эдим, нега бу қалтис ишга қўл урдим?” деб ич-ичидан зил кетаётганди. Унинг бундай эзилиб туришини кўриб Амир Тўраев яна сўз сўради. У:

– Рўзмат Ғойибович, Иван Иосифович билан орамизда бўлиб ўтган гаплар областда қолиб ишлашимни тақозо этмайди. Сизнинг хонангиздан чиққандан кейин, ўз билганимча иш тутаман, партия билети ҳам, амал ҳам керак эмас. Иван Иосифовични менинг шаънимга, қадр-қимматимга тегиб, масхара қилганини ҳеч ҳам ҳазим қилаолмаяпман. Мен циркка ишга келганимни билмаган эканман. Кўп хатоликларга йўл қўйдим, энди ўз хатоимни ўзим тузатмоқчиман. Иван Головачёв Орзиқулов ҳамда Тўраев фамилиядагиларни Берия ва Ежов давридагидек қамоққа жўнатишини ҳам биламан. Пешонамиздагини кўрамиз. Укаси тўғри гапни айтса акасини қамашни одат тусига айлантирган Иван Иосифович учун партия билети тўйхатдек гап, хоҳласа беради, хоҳласа олади, хоҳласа туҳмат қилдириб, хоҳласа маймун қилиб ўйнатади. Иш қилган одам доимо тепкиланади, бу аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам шундай. Рухсат берсангиз, энди кетсам, – деди вилоят раҳбарига қараб.

Рўзмат Ғойибов кўз остидан Иван Иосифовичга қаради. Ҳабибулла Шоғазатов Головачёвнинг қулоғига пичирлаб, нималардир деди. У шошилинч ўрнидан туриб:

– Амиржон, мен сени шунчаки синамоқчи эдим. Сен эса буни нотўғри тушунибсан. Отангни яхши кўраман, жуда меҳнаткаш одам. Сен менинг ўғлим билан тенгсан, энди буёғи кексалик, асаблар ҳам чарчаган… – деди.

– Иван Иосифович, мени сизга ҳеч қандай даъвом ҳам, хусуматим ҳам йўқ. Аммо сизнинг ишхонангиз кадрларни масхара қилиш учун синаш майдони эканлигини билмаган эканман. Ҳозир ҳам самимий гапираётганингиз йўқ. Сизнинг устингиздан арз-дод қилмоқчи эмасман. Бу ишни ўзимга муносиб ҳам деб ҳисобламайман, лекин тарихда бу гаплар, албатта, муҳрланади. Вилоят партия қўмитасининг тарихий саҳнасида шу пайтгача кўз кўриб қулоқ эшитмаган масхарабозлик томошаси намойиш этилмоқда. Обком бюросига, шахсан Рўзмат Ғойибович, сизга катта раҳмат! Муҳокамани бошқа давом эттирмасаларинг менга руҳсат беринглар, – деди Амир Тўраев.

– Амир, сенга рухсат, бориб дамингни олгин. Ишингни давом эттиравер, – деб обком саркотиби бюро йиғилишидаги иккинчи масалани эълон қилди.

Амир Тўраев қабулхонага чиқиши билан орқасидан Г.С.Парамонов ҳам пайдо бўлди. “Амир, юр, сенга икки оғиз муҳим гапим бор” – деб уни ўзининг хонасига бошлаб кирди.

– Амир, хафа бўлмагин, Иваннинг шунақа қилиқлари бор. Сен ҳақсан. Районда аҳвол унчалик яхши эмас, тўғри ишингга боргин. Булар эртага барибир Муродулла Саидовга ҳам тармашишади. Сен тўғри йўл тутиб, жуда ўринли гапларни айтдинг. Сендан илтимос, шу гаплар обкомда қолсин, иложи бўлса отангга айтмагин, эшитса жуда хафа бўлади. Бечора кўрган ноҳақликларига мардонавор чидаб, ўзини нималарга қодир эканлигини кўрсатди. Вақт етиб, Қашқадарёда сенлар ишлайсан. Буларнинг бари кетадиган одамлар, – Парамонов уни ўзига яқин олиб, насиҳат қилган бўлди.

Парамонов хонага қайтиб кирганда бюро йиғилиши ҳали давом этаётганди.

– Хўш, Григорий Степанович, Амирнинг оловини пасайтирдингми? – деди Рўзмат Ғойибов.

– Рўзмат Ғойибович, мен у болани жуда яхши биламан. У бугун ишга бормайди. “Партбилетини Москвага, Иваннинг одамларига почта орқали юбораман, менинг фикримни ҳеч ким ўзгартираолмайди, тўғрисини айтсам, Иван ҳаммасини урадиган жойига урсин”, деди. Жуда ўжар, ўз билганидан қолмайдиган одам. Тўғрисини айтсам, Рўзмат Ғойибович, бу мажорада унинг айби йўқ. “Мен Головачёв учун қўғирчоқманми?!” деяпти. “Менга Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг иккинчи котиби Ломоносов номига сохта ёзилган Ульянов туман партия қўмитасининг биринчи котиблигига йўлланма кўрсатаяпти. Муродулла Саидовга туҳмат қилишим учун мажбурлаяпти, нима, мен ақлдан озганманми? Иван мени ёш бола ҳисоблаб ҳатти-ҳаракат қилди, мендан олса қишлоқ хўжалик бошқармасидаги тўрт дона қоғозини олади, нима, жонимни оладими?! Ивандан қўрқадиган жойим йўқ! Муродулла Саидов одамларни урган деб Марказқўмнинг иккинчи котибини у алдаган бўлса мени нима айбим бор” деб кетди, – деди ваҳима билан Парамонов.

Унинг гапларини эшитиб, Иван Иосифовичнинг рангги ўзгарди. Ўрнидан туриб:

– Рўзмат Ғойибович, энди тушуниб етдим, ҳаммаларингдан узр сўрайман. Рухсат берсаларинг мен Хушвақт Ражабович билан бирга бориб, унинг отасини кўрсам. Бу боланинг шаънига қаттиқ тегдим, айб ўзимда, у бунчалик эканлигини билмаган эканман, – деди ялиниб.

– Иван, унга ҳар хил соҳта қоғозларни кўрсатиш сенга нима учун керак эди? У кўзингга қараб, ичингдагини биладиган, мукаммал тарбия олган бола. Кўриб турибсан, айбини ҳам яширмади. Ҳамма гапида сиёсат бўртиб турибди. Сен топган одамлар унинг қариндоши бўлмаса ҳам тўғрисини айтиб, уни ҳимоя қилди. Бола нима гапирган бўлса ҳам, юрагидан чиқариб гапирди. Уни алдаётганимизни ҳам яхши билиб турибди. “Мен партия ташкилотига эмас, циркка ишга келган эканман” деганини ҳаммаларингиз эшитдинглар. У ҳақ, бу партия идораси эмас, ҳақиқий цирк! Бу гапларнинг мазмунини бир ўйлаб кўргин Иван, биз бу ерда партия ташкилоти бюросини ўзимизнинг нотўғри ҳаракатларимиз билан обрўсизлантираяпмиз.

Ўртоқ Хушвақт Ражабович, сиз унга овозингизни кўтариб, “Овозингни пасайтир!” деган гапни мутлақо нотўғри ишлатдингиз. У сизни шундай бопладики, “Бу борада мени эмас, сизни муҳокама қилиш керак, сув тўғрисидаги можарони ҳал қилиб беринглар деб райкомнинг биринчи котиби сизга ҳам, Рўзмат Ғойибовга ҳам ҳар куни уч марталаб илтимос қилди, сизлар энди ҳеч нарсани кўрмагандек ўтирибсизлар” деб жуда тўғри айтди. Мен ҳам дабдуристдан “Сени партиядан ўчириб, ишдан оламиз” деганимда у “Иваннинг хонасида партия сафидан ўчирилганман, ишдан ҳам бўшаганман, мени туҳмат билан қаматтириб юбормасаларинг бўлди” деб, ҳатто бизларни масхара ҳам қилди. “Буни овозга қўйиб ўтирманглар” дегани, айниқса, ўтиб тушди. У ҳақиқий партиявий сўз ишлатди. Одамларга туҳмат қил, деб мажбурлаяпсизлар, сенларнинг қўлингдан қаматиб юбориш ҳам келади, укаси учун акасини, отаси учун боласини йўқотиш сенларга Берия ва Ежовлардан ўтган, деган гапини ҳеч нарсадан қўрқмасдан айтди-я! Мени бир нарса ташвишга солиб турибди, у ҳам бўлса партбилетини Москвага юборса бюромиз тугайди! Иван, сен партия сафидан ўчириласан. Агар шу ишни қиладиган бўлса, у асослаб қилади. Сен унга кўрсатган қалбаки ҳужжатларинг ўзингни бошингга бало бўлади. Иван, мен сенга “У кўчада юрган бола эмас, жуда билимдон, у билан эҳтиёт бўлиб гаплаш, ёмон одати бор, сени синдириб ташлайди, ўзи билан ишлайдиган одамларни сотмайди, бу ҳаракатларингдан ҳеч нарса чиқмайди”, деб айтгандим. Мана кўриб турибсан, овозингни чиқартирмай, жойингга ўтқазиб қўйди. Гап шундай, тезда бу кўнгилсизликни олдини олиш керак! Хушвақт Ражабович, Иван билан бу масалада маслаҳатлашиб, ҳал қилинглар. Отаси билан ҳам ҳурматини жойига қўйиб гаплашинглар, – деди гапни узоқдан келтириб Рўзмат Ғойибов.

– Рўзмат Ғойибович, – деди сўз олиб Ҳабибулла Шоғозатов, – ҳақиқатдан ҳам обком бюросини роса бачканалаштириб юбордик, назаримда. Иван Иосифович, бу масала аслида бюрода кўриладиган масала эмасди. Ломоносовга нотўғри ахборот берганингиз майлига-я, агар Амир партбилетини почта орқали Марказқўмга юборса аҳволимиз минг баробар мушкуллашади. Шароф Рашидович ҳам бизлардан норози бўлади. Битта ёш коммунистнинг “Партбилетингга тупурдим!” дейиши, бу катта партиявий сиёсий можарога айланади. Вақтни ўтказмасдан мен ҳам Тўра аканинг олдига сизлар билан бирга бораман. Отасини бу воқеадан хабардор қилмасак, Амир ҳеч кимга айтмасдан партбилетини Москвага жўнатиб юбориши ҳеч гапмас…

Шу билан бюро аъзолари тарқалишди. Муродулла Саидов масаласи келгуси йиғилишга қолдирилди.

* * *

Амир Тўраев бюродан чиқиб, тўғри Касби қўрғонига борди-да, яқин дўсти Абдираҳмон Очиловнинг “Жигули”сида хотини ва болаларини олиб, Пўлатига қайтди. Дарвозадан кираркан онасига дуч келди. Она билан бола ўртасида сизу биз билмаган кўзга кўринмас қандайдир боғланиш бўлса керак, ўғли билан ҳол сўрашаётиб:

– Болам, тинчликми, ранггинг ўчиб, бунчалик қорайибсан? – деди онаизор.

– Тинчлик, онажон, ўзим қораширғайдан келганманда, озроқ чарчаган бўлсам керак, отам қаердалар? – гапни чалғитиб деди ўғли.

– Отанг икки кундан буён уйга келган йўқ, хўжалик экин ерларини шудгор қилдираяпман, ўзим устида бўлмасам бўлмайди, деганди. Болам, эсим қурсин, Шомурод деган аканг борку, ҳозиргина отангни сўраб келганди. Хушвақт бетобмиш, отангни борсин деб кетди. Меҳмонхонага киравер болам, чой тайёрланган, – шундай деб онаси ошхона томонга юрди. Амир Тўраев эса ижирғаниб, “Хушвақт ака-ку касал эмас, Иван ўлаётган бўлса керак” деди. Аммо, унинг гапини онаси эшитмади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации