Текст книги "Умр дарёси"
Автор книги: Шомурод Шаропов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 23 страниц)
Қизил империя ва коммунистик мафкура ўтган асрнинг саксонинчи йилларига келиб, ўз келажагининг порлоқ эмаслигини, сиёсати узоққа бормаслигини аниқ билган. Ўшанда у чўкаётган кема каби бир ҳолатда эди! Маълумки, Шароф Рашидов вафотидан сўнг Ўзбекистон бир муддат бутунлай эгасиз бўлиб қолганди. Унинг ўрнига авваллари Москванинг қарамоғида ишлаган, марказнинг гапидан чиқмайдиган, мустақил фикрга эга бўлмаган бир раҳбар керак бўлиб қолди. У ҳам топилди. Бу И.Б. Усмонхўжаев эди. Ўша даврдаги раҳбарларнинг мунофиқлиги туфайли бутун республика ва миллат бадном этилди, ўзбеклар порахўр, боқиманда ва текинхўр сифатида шармандаю шармисор қилинди! Қизилқум олтину уранлари, республикамиз қоракўл терилари, ипаклари, мева-сабзавотлари, сабзавотполизлари миллионлаб тонна етиштирилиб, Россия аҳолисини таъминлади.
Республикамизнинг Россия шаҳарларидаги юзлаб тўқимачилик фабрикаларини ишлатиб турган оппоқ пахталаридан ҳам кўз юмилди. “Оғаларимиз” етмиш уч йил давомида инсон ҳуқуқларининг чекланганлиги, сўз эркинлигининг йўқлиги, иқтисодий тараққиётнинг жар ёқасига бориб қолганлиги, ўз сиёсатини ушлаб қолиш учун аҳолини доимий равишда қўрқув ва ҳадик билан яшашга мажбур қилдилар. Энг даҳшатлиси, мингминглаб иқтидорли, республика равнақига чинакам таъсир кўрсата оладиган раҳбарлар, мутахассис кадрлар қасддан қамоқхоналарга тиқилди. Бундай ҳалокатли ноқонуний ишлар халқимизнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилди. Халқимиз жангоҳларда яраланган аскарларга ўхшаб қолди. Ўзбек миллатининг шаънига, унинг асрлар давомида тўплаган обрў-эътиборига, миллий қадриятларига доғ туширилди. Ваҳоланки, пахта ишига ўхшаган бундан баттар салбий ҳодисалар собиқ иттифоқнинг ҳамма республикаларида мавжуд эди. Пахта ишини сиёсатга қориштириб, “Ўзбек иши”га айлантиришди ва халқимизни бадном қилишга ўтишди…
САРКОТИБНИНГ ТАКЛИФИ
Гдлян ва Иванов бошлиқ гуруҳнинг Ўзбекистонда бегуноҳ одамларни ҳибсга олиши қулоқ эшитмаган ва кўз кўрмаган даражага кўтарилди. Гуруҳ аъзоларининг ҳатти-ҳаракатлари гўё қутургандек кўринишда эди. “Правда” ва “Известия” газеталари саҳифаларида, радио эшиттиришлари ва телевидение кўрсатувларида “Ўзбеклар иши” деган уйдирма бўҳтонларга сиёсий тус берилиб, тинмасдан жаврарди. Олиб борилган ноҳақ терговлар ва қамашлар натижасида Ўзбекистон тараққиёти камида ўн беш йилга орқага суриб юборилди, иқтисодиётга миллиардлаб зарар келтирилди. Марказда ўтирган партократлар эса Гдлян гуруҳи олиб бораётган мудҳиш фожиа кўламини асло ўйлашмасди. Улар шу қадар васвасага тушган эдиларки, бу ишнинг қурбонлари кўзларига тариқча ҳам кўринмасди.
Амир Тўраев ҳар доимгидек ишга ўз вақтида келиб кетар, қишлоқ хўжалик соҳасидаги барча ишларни маромида олиб борар, дам олиш деган ўйлов хаёлига ҳам келмасди. Вилоят раҳбарларининг деярли барчаси янги, тушунчаси ўзига яраша, аграр соҳада тез-тез катта-кичик муаммолар чиқиб турар, қисқаси тиним йўқ эди. Тун ярмида, ҳатто кеч соат 2-3 лада ҳам тушунилмаган масалада телефонда жавоб бериши керак эди. Бу ҳақда у Нормўмин Туроповга ҳам билдирди, аммо жўяли бир гап олаолмади. Чўнтагида эса ишдан бўшатишлари ва илмий ишига қайтаришларини сўраб ёзилган ариза матни доимо тайёр турарди.
Ўша кунлари қўриқ Нишон туманида ғўза қатор ораларига сув тараш бўйича вилоят миқёсидаги илмийамалий йиғилишга тайёргарлик ишлари давом этаётганди. Унга асосий маърўзачи қилиб Амир Тўраев белгиланган бўлиб, йиғилиш 1984 йилнинг 12 июнь кундуз соат 12 да бошланиши керак эди.
Амир Тўраев эрталаб соат бешда келиб, керакли ҳужжатларни столи устига ёйиб қўйганича, йиғилишга тайёргарлик кўра бошлади. Соат тўққизларда унинг хонасига обкомнинг иккинчи котиби Михаил Филиппович Солдатов кириб келди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, иккаласи бир оз ҳазил-ҳузул ҳам қилишди.
– Амир Тўраевич. Сени янада масъулиятли, оғирроқ ишга ўтказсак, нима дейсан? – деди қўққисдан иккинчи котиб.
– Жуда яхши бўларди Михаил Филиппович, агарда сидқидилдан ёрдам бериб, ишдан озод қилсангиз хурсанд бўлардим. Фақат битта илтимосим бор, мени илмий ишимга қайтарсаларинг. Мана, аризам ҳам тайёр, – у чўнтагидан ариза ёзилган оқ қоғозни олиб, иккинчи котибнинг олдига қўйди. Котиб аризани қўлига олиб, ўқий бошлади. Унинг ҳатти-ҳаракатидан “Бу йигит аризасини нега олдиндан ёзиб қўйди экан?” деган фикр ўтаётгани сезилиб турарди.
– Ҳа, майлига, мен сенга ҳеч нарса демадим, сен ҳам эшитмадинг, – деди-да, Михаил Филиппович кетмоққа тараддудланди. Амир Тўраев аризани олиб унга узатаркан:
– Мен аризамни обкомнинг бюроси номига ёзганман. Мени ишдан озод қилиш ва илмий ташкилотга қайтариш тўғрисидаги мана бу аризани олинг-да, илтимос, бюро мажлисига киритинг, Михаил Филиппович, – деди қатъий оҳангда.
– Йўқ, бундай ваколатни олмаганман, аризанг ўзингда қолаверсин, – деганча у хонадан тезгина чиқиб кетди.
Ўша куни илмий-амалий йиғилиш жуда яхши ўтди. Амир Тўраевнинг мазмунли маърўзасини иштирокчилар илиқ қабул қилишди. Йиғилишда Республика қишлоқ хўжалик вазирининг муовини А.Икромов қатнашиб, ўзининг тавсияларини берди. Сўзга чиқувчилар Амир Тўраевнинг фикрини маъқуллашди. Райком котиблари уни ўз хўжаликларига келиб, амалий ёрдам беришини таклиф қилишди.
Эртасига эрталаб Амир Тўраев область партия қўмитаси биносига кираётганида, унга Шаҳрисабз районидаги “Социализм” жамоа хўжалиги боғида бугун бўлиб ўтадиган қишлоқ хўжалик ходимлари йиғилишига қатнашиб, маърўза қилишлигини Нормўмин Туропов тайинлаганини айтишди. Навбатчи машинада у йиғилиш бошланмасдан етиб борди. Обком саркотиби уни йиғилиш президиумига келиб ўтиришини таклиф этар экан, “Кечаги маърўзадан бўладида, Амир Тўраевич, Шаҳрисабз, Китоб ва яккабоғликлар деҳқончиликда устаси фаранглардан”, деб қўйди паст овозда. Бу йиғилиш ҳам кечагисидагидек қизиқарли ўтди. Йиғилиш тугугач, вилоят саркотиби Амир Тўраевни четроққа бошлаб, аввалига ўзи билан Михаил Филиппович орасида бўлиб ўтган суҳбатни гапириб берди. Сўнгра:
– Амир Тўраевич, мен сиз билан елкама-елка ишламоқчиман. Хоҳласангиз сизни ҳозирча вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига биринчи муовин қилиб юбораман. Кейинчалик бошқа режаларимиз ҳам бор. Номзодингизни Ғузор тумани биринчи котиблигига ҳужжатлаштириб, Марказқўмга жўнатдик. Аммо Марказқўмнинг иккинчи котиби Осетров, “Мен уларни яхши биламан, меҳнаткаш одамлар, лекин Рўзмат Ғойибов, Шароф Рашидовлар даврида ишлаган” деган муаммони қўйди. Ўзим Тошкентга борганда Осетров ҳамда ташкилий бўлим бошлиғи билан гаплашаман, – деб гапини тугатди.
– Ишончингиз учун катта раҳмат, – деди Амир Тўраев. – Сўнгги пайтларда соғлиғим бироз безовта қилаяпти. Очиғини айтсам, раҳбарлик лавозими менга тўғри келмайди. Мен иш учун эмас, соғлиғимни тузатиб, оилам ва ўзим учун яшашим керак. Илтимос, мени енгилроқ, иложи бўлса пахтачилик илмий тадқиқот институтининг флиалига кичик илмий ходим бўлиб ўтишимга ёрдам берсангиз жуда яхши бўларди.
Нормўмин Туропов бир оз ўйланиб турди. Сўнгра:
– Амир Тўраевич, ишингизни ҳозироқ ҳал қилишимиз керак. Юрингчи, шу ердаги телефон орқали Тошкент билан боғланамиз, – деб, ҳозиргина йиғилиш бўлиб ўтган жойдаги стол устида турган телефон томон юрди. Телефон гўшагини кўтариб, телефончи қизлардан Қишлоқ хўжалик вазири Абдукарим Уркинбоевни улаб беришларини сўради.
– Ассалому алайкум Абдукарим ака, обкомда Амир Тўраев деган бир ғайратли йигит ишлайди. Авваллари Қарши чўлидаги 21-давлат хўжалигида директор бўлиб, ўзини кўрсатган. Кўп ибратли ишларни амалга оширган. Абдукарим ака, Қарши чўли ўзлаштирилиши натижасида область қишлоқ хўжалик бошқармаси қарамоғидаги ҳудуд кенгайиб бораяпти. Чўлда янгидан ташкил этилган давлат хўжаликлари ҳам бошқарма ихтиёрига берилапти. Мен Амир Тўраевичнинг номзодини бошқарма бошлиғининг биринчи муовинлигига тавсия этмоқчиман. Кейинги режаларимни ҳам ўзингизга айтаман. Шу ҳақда сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим, нима дейсиз?
– Нормўмин Туропович, мен унинг ўзини ҳам, отасини ҳам, акасини ҳам яхши танийман. Ўринли номзод танлабсиз. Эртагаёқ буйруқ чиқараман. Ишлаб чарчамайдиган ана шундай йигитларни қўллаб қувватлашимиз керак. Номзодини вазирлик коллегиясида тасдиқлаб, ҳужжатларини юборамиз. Саломимни етказинг, ишларига муваффақиятлар тилайман.
– Абдукарим ака, иложи бўлса бир дона “УАЗ—69” русумли енгил машина ҳам берсангиз.
– Яхши, эртага одам жўнатсин. Вазирликнинг заҳира фондида битта янги машина бор. Айтиб қўяман, келиб олиб кетсин.
– Раҳмат, Абдукарим ака.
Нормўмин Туропов ишнинг осон кўчганидан хурсанд бўлиб:
– Эртага шу масалада обком бюросининг қарорини чиқараман. Мени қийин аҳволга солмайсиз деб ўйлайман, Амир Тўраевич! Энди кетдик, машинага ўтиринг, юқори районларнинг ғўза ривожини кузатиб, мутахассис сифатида иккаламиз бир тортишайлик. Шуни билиб қўйинг, бугундан эътиборан ҳар доим менга ҳамроҳлик қиласиз, – деди огоҳлантирган бўлиб.
Улар район раҳбарлари билан ҳайрлашиб, йўлга тушишди. Шу куни Амир Тўраев область партия қўмитасидаги иш фаолияти билан ҳам ҳайрлашганди.
* * *
Амир Тўраев кечга яқин Пўлатига – отасидан дуо олгани борди. Янгиликни эшитиб, отаси жуда хурсанд бўлди.
– Ўғлим, Яратганга шукур, шу ғавғохонадан омонэсон қутилибсан. Бу ҳам яхшиликнинг нишонаси. Ишончим комил, тажрибали деҳқон, олим ва жуда ғайратли одам сифатида халқимизга танилдинг. Бирор бир жойда шаънимга доғ туширмадинг. Бундан кейин ҳам шу маромда ишлашинг керак. Фақат бир нарсани унутмагин, тилинг жуда аччиқ, шуни юмшатиш чораларини кўргин, ўз аждод-авлодларингга қараб иш тутиб, одамларга меҳрибон бўлгин. Сенинг яна битта камчилигинг бор, у ҳам бўлса кескин гапиришинг, шуни бир оз силлиқлаштиргин… – деб ўғлига панд-насиҳатлар қиларкан, отаси гап мавзусини бошқа томонга бурди. – Шодмонни аспирантурага жўнатишимиз керак. У яхши мутахассис ва олим бўлиб етишса зиён қилмайди. Гаплашиб кўрдим, ўзи ҳам рози. Бола жуда қийналиб кетди. “Гдлянжон” ҳар куни одамини юбориб, завод ишчиларини сўроқ қилади. Аммо, ҳалигача Шодмондан ҳеч нарса сўрагани йўқ. Товаршунос Баҳромга “Сен Шодмон Тўраевга қариндошмисан?” дебди. У “Косонликларнинг тожиги ҳам, ўзбеги ҳам, араби ҳам бирбирига қариндош-уруғ бўлади”, деб жавоб қайтарибди.
Областда шунчалик аянчли ҳолат юзага келдики, оталари, акаларию укалари, қариндош-уруғлари қамалганлар гўё ўз гуруҳидан ажралиб қолган қушларга ўхшаб қолди. Ҳеч кимнинг хонадонида тинчлик йўқ. Гдлян ҳўлу-қуруқни бараварига ўтга ташлаяпти. Одамлар эртага нима бўларкин деб тонг оттирмоқда. Энг ачинарлиси, “Тўхта, сен нима қилаяпсан ўзи?!” деб ҳеч ким уларнинг мушугини “пишт” деяолмаяпти.
Тирноқ остидан кир топиш улар учун жуда осон. Ҳеч бўлмаса “Сен Шароф Рашидовни танийсанми?” дейишади. “Ҳа, эшитганман” деса бас, “Демак, сен Рашидовчисан”, “Сен Рўзмат Ғойибовни танийсанми?” дейди. “Ҳа, танийман” деса етарлик, “Сен унинг одамисан” деб қамоққа жўнатишаяпти! Минг афсуслар бўлсинки, Рўзмат Ғойибов яхшилик қилган, тарбиялаган одамлар унинг қабрига тош отиш билан машғул…”.
Ўша кунлари Нормўмин Туропов Қашқадарё вилоят саркотиби бўлсада, Гдлян гуруҳи ундан ҳеч нарса сўрамасди. Гўё у ҳеч ким эмасди. Қама-қамага у аралашолмасди. Аслида бу инсон воҳанинг бирор бир одамига жабр қилишдан узоқ эди. У вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида алам ва надомат билан фаолият кўрсатди. Чунки вилоят ва туман ташкилотларига, ҳатто хўжаликларга раҳбар топилмасди. Иш биладиган мутахассис кадрларнинг деярли барчаси қамоқхоналарда эди. Бирорта кадр раҳбарлик лавозими учун Тошкентга жўнатилса, унинг етти пушти ағдар-тўнтар қилиниб ўрганилар, улардан бирорта доғ топилса борми, дарҳол изига қайтарилар, бундан кейин улар лавозимга тавсия этилмасди. Қисқаси, бўлажак раҳбарларга 1937 йиллар қатағони давридаги талаблар қўйиларди. Шунга қарамасдан Нормўмин Туропов вилоят иқтисодиётини кўтаришга анчайин ҳаракатлар қилди. Деҳқончилик, чорвачилик ва сабзавот-полизчиликда бир оз бўлсада силжишлар бўлди.
ЭРМИТАЖДАГИ УЧРАШУВ МАШМАШАСИ
Тасодиф ҳар қадамда юз бериши мумкин экан. Миллионлаб киши яшаб, миллионлаб киши келиб кетадиган Ленинград (ҳозирда Санкт-Петербург)дек йирик шаҳарда ўз танишини кўчада учратиб қолишни айтмайсизми? Бу воқеа ҳам худди шундай юз берди.
Бир юмуш сабаб Ленинградга борган Китоб тумани умумий овқатланиш идорасининг раиси А.Қодиров пайтдан фойдаланиб, дунёга машҳур “Эрмитаж” музейини томоша қилмоқчи бўлди. Музей кўргазма залларидаги антиквар экспонатларни кузатиб турганида, нигоҳи область саркотиби Рўзмат Ғойибовнинг тўнғич ўғли, Қарши аэропортининг бошлиғи Арслон Рўзметовга тушди. У ҳам қайсидир экспонатни томоша қилаётганди. Аввалдан танишчилиги бўлмасада, Қодиров секин у томонга юрди. Ҳар ҳолда юртдошлик, боз устига одамгарчиликни кўнглидан ўтказиб, унга яқинлашди.
– Ассалому алайкум, Арслон ака, – деди овозини сал пасайтириб.
– Ваалайкум ассалом, яхшимисиз, узр, танимадим, – деди у ажабланиб.
– Мен Китоб туманиданман. Умумий овқатланиш идорасида ишлайман. Фамилиям Қодиров. Сизни кўриб, саломлашмасдан ўтаолмадим.
– Яхши қилибсиз. Мен ҳам “Қарши – Ленинград” рейси билан самолётда бугун келгандим. Бир оз бўш вақтим борлигидан фойдаланиб, Эрмитажни томоша қилаётгандим. Ҳар сафар келганимда шу музейга тушишга ҳаракат қиламан.
– Мен ҳам. Ия, ана у киши косонлик прокурор Рўзиқул Орзиқуловга ўхшаркан, ёки ўзимикан-а?
– Қани? Ҳа, ўзи-ку, – иккаласи қўшни томоша залига ўтадиган эшик томон юришди. Рўзиқул Орзиқулов ўша ердаги қадимий мебеллар мажмуасини берилиб томоша қилаётганди. Диққати бир нуқтага шунчалик жамланган эди-ки, ҳатто юртдошлари унинг шундоққина қаршисида туришганини ҳам сезмаётганди.
– Ўртоқ Орзиқулов, ўзингизмисиз? – Арслон Ғойибов унинг билагидан тутди. Шундагина у ҳушёр тортиб, уларга қаради. – Мебел шунчалик зўр эканми?
– Э, қадрдонларим, ўзимман! Музейда учрашганимизни қаранглар-а, бу ҳам бир тарих бўлиб қолади…
Улар музейнинг ўзларини қизиқтирган заллари бўйлаб роса юришди. Сўнгра Қишқи сарой майдонига чиқишди.
– Шу ерда биргаликда суратга тушсак нима дейсизлар? Эсдалик бўлиб қоларди, – таклиф қилди Рўзиқул Орзиқулов. Унинг таклифини ҳамроҳлари ҳам маъқуллашди. Эрмитаж фонида учаласи суратга тушишди. Вақти келиб, бу сурат бошларига қанчалар ғавғо солишини улар ўшанда ўйлаб ҳам кўришмаганди.
Шу куни учала юртдош Эрмитаж яқинидаги ресторанда тамадди қилишиб, анча суҳбатлашишди. Қайтиб, Қишқи сарой майдонига боришганида, суратчи ҳам уларни кутиб турган экан. Суратни олишиб, улар шу ерда ҳайрлашишди.
* * *
Орадан йиллар ўтиб, воҳа осмонида “қора булут”лар пайдо бўлди. Москвадан келган тергов гуруҳларнинг юзлаб вакиллари республикадаги барча вилоятларда ўз билганларича тинтув ўтказа бошлашди. Қамоқхоналарда бўш жой етишмасди. Гдлян гуруҳининг навбатдаги тинтуви Арслон Ғойибовнинг хонадонида ўтказилди. Ҳатто, оилавий фотоальбомлардаги ҳар бир сурат синчиклаб ўрганилди. Улар орасидан бундан ўн йиллар аввал Эрмитаж фонида олинган сурат ҳам бор эди. Арслон Ғойибовнинг икки томонида турган кишиларнинг шахси аниқланиб, улар эртасигаёқ тергов гуруҳига рўбарў қилинди.
– Бу сенмисан?! – деди терговчи дағал овозда Қодировга тикилиб.
– Ҳа, менман.
– Бу ким?
– Бу прокурор Рўзиқул Орзиқулов.
– Бунисини ҳам танисанг керак? – терговчи Арслон Ғойибовни кўрсатди.
– Ҳа, танийман.
– Қани, энди бошла, аввал ҳаммасини тўлиқ гапирасан, сўнгра қоғозга ёзиб берасан.! – деди терговчи дағдаға билан.
А.Қодиров азалдан кўп китоблар ўқиган, сиёсатдан ҳам унча-бунча хабардор, гапга чечан, бировдан ҳайиқмайдиган виждонли ва ҳалол киши эди. У ўзини бемалол тутиб, гапира бошлади:
– Мен Ленинграддаги Эрмитажни томоша қилиб юргандим. Залда Арслон Ғойибовни кўриб, саломлашдим. Бир оздан сўнг прокурор Рўзиқул Орзиқуловни ҳам тасодифан ўша ерда учратдик. У ҳам бизларни кўриб, олдимизга келди. Саломлашдик. Бирга-бирга музейни томоша қилдик. Музейдан чиқиб, мана шу бошқотирма суратга тушгандик. Вақти келиб, бунчалик машмашага сабаб бўлшини билганимизда суратга тушмаган бўлардик! Хўш, айтинг-чи, менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилардингиз, суратга тушмасмидингиз? Бунинг нимаси жиноят?
– Саволни сен эмас, мен бераман! Фақат берилган саволларга аниқ жавоб бергин! Гапни бошқа томонга бурма! – терговчининг башараси жуда совуқ эди. – Давом эт! Сўнгра нима қилдиларинг?!
– Сўнгра, сурат тайёр бўлгунга қадар ресторанда овқатландик.
– Нега ошхонада эмас, ресторанни танладиларинг?!
– Ресторан ким учун қурилган? Нима, бизлар одам эмасми?! Ёки, “Ўзбеклар ресторанда овқатланиши ман этилади!” деб ҳукумат қарор қабул қилганми? – Қодиров гапни сиёсат томонга бурди. Терговчи бундан ҳушёр тортди шекилли:
– Овқатланиш пулини ким тўлади? – деди.
– Пулиними, пулини ҳар биримиз алоҳида-алоҳида тўладик. Бор гап шу! – Қодиров гапини тугатди.
– Аввалдан келишиб олгандек, гапларинг бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшайди, – норози оҳангда деди терговчи.
– Сабаби, ҳаммамиз ҳам бўлган воқеани борича тасвирлаб берганлигимиз бўлса керак. Тўқима ёки бўҳтон бўлганида бир-бирига ўхшамасди, – тушунтирди Қодиров.
Ўшанда “овқат пулини ким тўлади?” саволига прокурор Рўзиқул Орзиқулов роса бир ой сўроқ берганди. Гдлянчилар инсон қадрини шунчалик эзғилашга ҳаракат қилишдики, энг кичик нарсалардан ҳам гап топиш учун одамларни ойлаб овора қилишди. Афсуски, уларнинг гуруҳига ўша кунларда Республикамизнинг бирор бир раҳбари қаршилик кўрсата олмади. Ўзбекистон Министрлар кенгашининг раиси Нормуҳаммад Худойбердиев “Бу қанақа гап, жиноятни қилган бўлсак биз раҳбарлар қилганмиз, халқнинг нима айби бор?!” деган гапи учун иккита одамдан сохта кўрсатма олиниб, у бирданига қамоққа олинди. Унинг, ҳатто қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари – депутатлик, Марказий Қўмитанинг аъзолиги, партия аъзолиги ҳам инобатга олинмади.
Гитлер ўзининг “Майн Каф” асарида ҳинду-урду ва Марказий Осиё халқларини инсон деб ҳисобламаслигини айтиб, уларни жаҳон тараққиётида ўрни йўқ деб ёзади. Қизил империя эса ундан ҳам ошириб юборди. Қўлида ўқ, тилида дўқ билан республика халқини таҳқирлади.
ВОҲАДА ҚУЁШ ПОРЛАДИ
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари Республикамиз осмонида ўша давр сиёсатининг “қора булут”лари кўланка сола бошлаган эди. Собиқ шўролар жамиятининг тепасида турган “сиёсат”донлар Ўзбекистонга Гдлян ва Иванов бошчилигидаги қора ниятли махсус гуруҳни ташлади. Уларнинг қора қилмишлари кундан кунга авж олиб, ҳар куни ўнлаб кишилар қамоқхоналарга жўнатилар, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқлар асосида терговга тортиларди. Гўё республикамиз ҳудудида ўтган асрнинг 37-йиллари қатағонлари қайта такрорланаётгандек эди. Ўшанда барча илмли зиёлилар давлат душмани сифатида йўқотилган бўлса, буниси “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” каби ўйлаб топилган уйдирма айблар билан амалга оширилаётган бўлиб, халқимизнинг таниқли раҳбарлари, ўз касбининг етук мутахассисларини қамашдан бошланди. Саксонинчи йиллари юртимизга қўлида кишан билан ёпирилиб келганларнинг ҳақиқий мақсад ва кирдикорларини халқимиз билмасди. Кейинчалик уларнинг сир-асрорлари барчага аён ҳам бўлди.
Қашқадарё воҳасида яна бир янгилик юз берди. 1986 йилнинг 26 декабрь куни вилоят саркотиби Нормўмин Туропов ўз вазифасидан озод этилди. Воҳа ҳаётидаги энг мураккаб ва оғир вазиятлар давом этаётган ўша кунлари Аллоҳнинг инояти билан вилоятга шерюрак ва ташаббускор Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбар бўлиб келди.
Янги раҳбар иш фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ воҳанинг эл ўртасида ҳурмат-иззатга эришган фаолларини тўплаб, улар билан мазмунли суҳбат уюштирди. Суҳбат деярли яккама-якка, юзма-юз бўлиб ўтди. Янги раҳбар суҳбат давомида воҳа аҳлининг бугунги кайфиятию муаммоси билан қизиқди. У ҳар бир суҳбатдошининг фикрини ўрганар экан, “Қандай иш тутсак воҳа аҳлининг кайфиятини кўтаришимиз мумкин?” деган саволга жавоб изларди. Залда ўтирганларнинг эса деярли барчаси хомуш кайфиятда, эртаги кунига ишонч қолмаган кайфиятда ўтиришар, ҳатто юрагидаги гапини тилига чиқаришдан хавсирашарди. Буни яхши англаган Ислом Абдуғаниевич суҳбат сўнггида йиғилиш қатнашчиларига бирма бир қараб чиқаркан, “…Мен ўз зиммамга улкан бир масъулиятни қабул қилган ҳолда вилоятга раҳбар бўлиб келдим. Пахта ва дон етиштириш ўз йўлида, бу сиёсат! Аммо, халқимизнинг кайфиятини кўтараолмас эканмиз, ҳеч қандай ютуққа эришиш мумкин эмас! Бугундан эътиборан ўз олдимга қўйган энг асосий вазифам, бу – воҳа аҳлининг эртанги кунига бўлган ишончини қайта тиклаш, деб биламан! Кайфиятларингизни туширманглар, биродарларим! Энди қўлни қўлга бериб ҳаракат қиламиз! Биламан, юзлаб бегуноҳ инсонлар қамоқхоналарда ётибди! Уларнинг оила аъзоларида ҳам тинчлик йўқ! Тинчлиги жойида бўлмаган оиланинг ишида барака бўладими?! Албатта йўқ!!! Мен шу вазифада фолият кўрсатар эканман, ишончларинг комил бўлсин-ки, юз бераётган ноҳақликларга қарши курашаман ва қамалганларни ўз оиласига қайтаришга ваъда бераман!.. Сизлар эса бугундан эътиборан халқимизга менинг ваъдаларимни етказинглар! Ҳар ким ишонч билан ўз вазифасини тўлиқ адо этишга киришсин. Шу жумладан, ўзим ҳам…” деди.
Тўғри-да, бирор ноҳақлик юз бергудек бўлса Москвадан нажот кутишга ишониб юрган ўзбекистонликларни бугун Москванинг топшириғи билан қамашаётибди. Боз устига у коммунистми, депутатми, Социалистик меҳнат қаҳрамоними ҳам дейишмаётган бўлишса. Атрофда ҳалигача Гдлян ва Иванов ялоқхўрлари ўз билганларича иш тутишаётган бўлишига қарамасдан йиғилиш залида янги раҳбарнинг ўз фикри ва мақсадини тап тортмасдан баралла айтаётганидан тўпланганлар ҳайратдан ёқа ушлашар, ҳатто ўз қулоқларига ишонишмаётган эди.
Ўша йилларда собиқ иттифоқ сиёсати ҳукм сураётган эди. Аммо, шунга қарамасдан янги раҳбарнинг беқиёс жасорати ва саъйи-ҳаракатилари билан қанчадан қанча муаммолар ҳал этилди. Қамоқхоналардан оқланиб чиққан раҳбару мутахассисларни ўз вазифаларига тикладилар. Уларнинг барчаси ҳатто, қамоқхоналарда ўтирган кунлари учун ҳам моддий рағбатлантирилди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўша йилларда ҳеч кимдан тап тортмасдан шу ишларни амалга оширган эдилар.
Масалан, яккабоғлик Муртазо ҳожи Абдураҳимов ўз қишлоғининг ҳурматга сазовор, эл назарига тушган оқсоқол инсонларидан саналади. Қишлоқ хўжалигининг билимдони, тажрибали механизатор сифатида собиқ шўролар жамиятининг “Социалистик Меҳнат қаҳрамони” юксак унвонига сазовор бўлган. Шунга қарамасдан гдлянчилар уни ҳам қамоқхонага қамашганди. Бу ҳақда унинг ўзи қуйидагича ҳикоя қилади: “…Биргина механизаторлик касбига йигирма тўрт йиллик умримни бағишладим. Меҳнатим эвазига ўша йиллардаги давлатнинг барча мукофотларига сазовор бўлдим. Натижа нима бўлди, денг? Ўтган аср сўнгларигача ҳукм сурган собиқ иттифоқ сиёсати ҳурматимни “жойига қўйиб”, бир йилу олти ой қамоқхоналарда “сийлашди”.
Тақдир тақозосими ёхуд собиқ иттифоқ сиёсатининг ўйиними, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошларида республикамиз халқи бошига “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” каби кўргуликлар тушди. Юрагимизни чангаллаб тонг оттирадиган бўлдик. Тонг отди дегунча бирбиридан ваҳимали миш-мишларни эшитамиз. Гдлян ва Иванов бошлиқ терговчилар юзлаб инсонларни тўғридан тўғри қамоқхоналарга тиқа бошлашди. “Очиқда юрганлар”ни ҳам кечасими, кундузими хоҳлаган вақтда терговга чақиришиб, кўнгилларига келганча қийноққа солишди, азоб беришди. Турли-туман бўҳтону ноҳақликларга ўраб ташл ашди.
1985 йилнинг сентябрь ойларида ҳар кунги ноҳақликлар, тергов азоблари тўғрисида собиқ иттифоқ раҳбари номига шикоят хати ёзиб, уни ўзимиз топширамиз деган мақсадда уч киши бўлиб Москвага жўнадик.
Ҳужжатларни қўлтиқлаб, аввал бошда собиқ иттифоқ Олий Кенгашига бордик. Бизларни масъул ходим қабул қиларкан, ҳужжатларимизни диққат билан ўрганишга киришди. Озроқ вақт ўтиб, Муртазо Абдурахимов ким?” деди. Ўрнимдан турдим.”Яхши” деди-да, “Юринглар” деб бизларни бошқа бир бўш хонага олиб кирди. Орқасига ўгириларкан: “Муртазо, мен сени қандай қилиб қаҳрамон бўлганингни аниқлашим керак. Бунинг учун Олий Кенгаш архивидаги ҳужжатларни ўрганаман. Келгунимча шу ерда ўтиратуринглар”, деди ва устимиздан эшикни қулфлаб кетди. Учаламиз дир-дир титраганимзча хонада қолавердик.
Орадан уч соатлар чамаси вақт ўтгач, масъул ходим эшикни очиб, ичкарига кирди. Унинг айтишича, ҳужжатларимни ўрганиш мақсадида собиқ иттифоқ Прокуратураси орқали Яккабоғ туман раҳбариятига чиқибди. Ўзини қизиқтирган барча саволларга аниқлик киритибди. У “…Сени ишингни бекор қилмоқни мақсад қилгандим. Афсус, уддалай олмадим. Сабаби, қаҳрамонликни механизаторлигингда олганинг билан ҳозирда хўжалик раҳбари экансан. Боз устига, раҳбар сифатида сен, бош ҳисобчи, агроном, омбор мудири ва кассир биргаликда жиноятга йўл қўйган, деб ҳужжатлаштирилган экан. Раҳбар бўлганинг учун ҳам сени гуруҳбозликдан ажратиб олиш мумкин эмас. Энди тақдирингдан кўрасан. Ҳаммаси судда ҳал бўлади…”, деди бизлар билан хайрлашиб.
Ўша кунлари укам собиқ иттифоқ соғлиқни сақлаш министри Чазовнинг раҳбарлигида Москвадаги аспирантурада таҳсил олаётганди. Унинг ёрдамида менинг аризамни умумлаштириб, Швейцариянинг Москвадаги элчиси номига хат ёздик-да, рус тилига таржима қилдирдик. Хатни олиб, ҳамроҳларим Холмирзиев ва Темировлар билан биргаликда элчихонага бордик. Шу пайт ичкаридан бир аёл чиқиб қолди. Уни тўхтатиб, ўзимизни таништирдик ва: “Рози қиламиз, шу хатни элчига етказиб, БМТга чиқариб юборилишига ёрдам берсангиз” дедик. Аёл анча пайт ўйланиб турди-да, “Йўқ, қўлимдан келмайди” деди. Ҳафсаламиз пир бўлиб тургандек, ҳалиги аёл ўн метрлар юриб, яна изига қайтди. Сўнгра: “Сизлар кутиб турингларчи, мен ичкаридагилар билан маслаҳатлашиб кўраман” деб, элчихонага кириб кетди.
Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳар бир сония гўё соатларга тенгдек эди ўшанда. Икки кўзимиз элчихона эшигида. Шу пайт элчихона эшиги очилиб, кутилмаганда иккита соқчи югуриб кўчага чиқди. Уларни кўриб, хаёлимиздан “Қоч!” деган фикр ўтди-ю, учаламиз гўё келишиб қўйганимиздек уч тарафга шунчалик тез қочдик-ки, бир зумда ғойиб бўлдик. Қаерга қочаётганимизни, нега қочаётганимизни ўзимиз ҳам билмасдик ўша дамларда. Хаёлимиздан “Соқчилар бизларни ушлагани чиқишди” деган ўй ўтганди-да!
Бегона шаҳар, бегона одамлар. Кўчалар нотаниш. Ҳар ким ўз юмуши билан елиб-югуриб юришибди. Мен ўшанда камида икки соатлар чамаси кўчама-кўча қочиб юрдим. Гўё соқчилар орқамдан югуриб келишаётгандек эди. Шерикларим билан гаплашай десам, у пайтлари ҳозирдагидек қўл телефонлари йўқ. Улар ҳам гўё мендек шаҳар кўчалари бўйлаб қочиб юришган.
Қаршимдан чиққан кичикроқ кўча четида ўрта ёшлардаги нотаниш киши машинасига ўтирмоқчи бўлаётганига кўзим тушди. Салом-алик қилдим-у, Москвага биринчи бор келганим ва адашиб қолганлигимни тушунтириб, “Тиго” меҳмонхонасига етказиб қўйишини илтимос қилдим. У машинасидан чиқиб, “Тиго, тиго” дея такрорлади-да, “Ҳеч эшитмаган эканман” деди. “Ипподром яқинида” дедим шошиб, гўё у илтимосимни рад этаётгандек. Яхши инсон экан, бир пастда меҳмонхонага етказиб қўйди. Ичкарига кираётсам, рангларида қон йўқ, уст-бошлари жиққа терга ботганча иккала ҳамроҳим ҳам изма-из келиб қолишди.
Яратган ҳеч бир бандасини ўз ватанидан жудо қилмасин экан. Ноҳақликлар туфайли бошимизга ана шундай кунлар тушди. Учаламиз яна Яккабоғга қайтдик. 1985 йилнинг 19 ноябрь куни бизларни қамоққа олишди.
Азобни ҳам, яхши кунларни ҳам Яратган пешонамизга ёзиб қўйган экан. Шунисига ҳам шукр қиламан. Бундан баттарроғи бўлса қўлимиздан нима келарди?
Бизларнинг бахтимизга Аллоҳ Ислом Абдуғаниевич Каримовдек доно, узоқни кўзлаб иш юритувчи, шерюрак инсонни яратган экан. Буни ҳам халқимиз учун Аллоҳнинг инояти деб биламан. Бизларни оқланиб, ёруғ юз билан қамоқдан чиқиб келишимизга Юртбошимизнинг беқиёс ҳиссаси бор. У киши вилоятимизга саркотиб бўлиб келганларида бир гуруҳ аёлларимиз арз билан қабулларида бўлишган. Саркотиб улар билан учрашар экан: “Эрларингизни қамоқдан чиқариб, қўлларингизга топшираман!” дея ваъда берган. Эътибор беринг, юқорида республика раҳбарлари, Москвада эса янада катта раҳбарлар туришибди-ю, улар билан ҳисобкитоб қилмасдан Ислом Абдуғаниевич ишонч билан ваъда бераяптилар. Бу ҳолатни илоҳий мўъжиза демасдан бўладими?
Юртбошимиз вилоятга бош бўлиб турган йиллардаёқ ноҳақ қамалган юзлаб юртдошларимизни қамоқхоналардан чиқартирган бўлсалар, Республикамизга раҳбар бўлганларидан сўнг эса, қолганларни ҳам озод эттирдилар.
Қамоқдан 1987 йилнинг сентябрь ойи бошларида оқланиб чиқдим. Раҳбарият мени жамоа хўжалик раисининг механизация ишлари бўйича муовини этиб тайинлади. Пахта терими пайтида бир гуруҳ терим машиналарига механик сифатида бош-қош бўлдим. Ўша кунларда Ислом Каримов вилоятимизда биринчи раҳбар бўлиб фаолият кўрсатаётган эдилар.
Ойнинг сўнгги кунлари эди. Терим майдонига вилоятимиз раҳбари ташриф буюрди. Ислом Абдуғаниевич пайкал четидаги чоғроқ ариқчадан сакраб ўтди ва терим машиналари томон эгат оралаб кела бошлади. Саркотибга пешвоз чиқдим. Вилоят раҳбари мен билан қўл бериб кўришди-да, терим машиналарини кузатишга тутинди. Шу орада менга қараб “Сиз ким бўлиб ишлайсиз?” дедилар. “Мен шу гуруҳнинг механигиман” дегандим, “Фамилиянгиз-чи?” деб қайта савол бердилар. “Абдурахимов!” дедим. Шунда хўжалик раиси Темир Шоназаров саркотибга қараб: “Бу йигит бригадир Бердиев бобонинг жияни” деди. Саркотибнинг хаёлига нимадир келди шекилли, сергакланиб: Э-э, герой йигит сизмисиз? Молодец, ўзингизни йўқотманг, инсоннинг бошидан кўп нарсалар ўтади. Буларнинг барчаси ўткинчи воқеалар. Фақат соғлигингизни эҳтиёт қилинг. Бола-чақангизнинг бахтига соғ бўлинг! Ҳали кўрасиз, эртамиз порлоқ бўлиб кетади!” дедилар ишонч ва ғурур билан”.
Яхшиямки, Яратганнинг инояти билан кейинчалик Ўзбекистон халқининг бахтига доно ва шерюрак инсон Ислом Абдуғаниевич Каримов Республикамиз раҳбарлигини ўз қўлига олди. У кишининг саъй-ҳаракатлари билан собиқ сиёсат жамиятининг кирдикорлари очиб ташланди. Ноҳақ қамалган минг-минглаб кишилар ҳибсдан озод этилиб, тўлиқ оқландилар. Шулардан бири – воҳамизнинг ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган фарзанди, узоқ йиллар турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган яккабоғлик Қарол Маҳмудов бир суҳбатда ўша кунларни афсус-надоматлар билан қуйидагича хотирлаганди: “…Ўнлаб дўстларимиз билан баҳамжиҳат бўлиб, сохта шон-шуҳратларга бурканган собиқ иттифоқ сиёсати раҳбарлигида жон куйдириб хизмат қилдик. Охир-оқибатда айни кексайган чоғимизда совуқ ертўлаларга қамаб ҳам қўйишди.
Германия фашизми ва Япония билан бўлиб ўтган урушларда иштирок этиб, қон кечиб, натижада Москвадан олган мукофотимиз шу бўлди. Яратганга ҳадсиз шукурлар бўлсинки, Юртбошимизнинг шижоати билан Республикамиз мустақилликка эришди. Юзлаб ноҳақ қамалганлар оқланиб, ҳақиқий Ватан хизматига бел боғладилар. Бундай бахтли онлардан мен ҳам бенасиб қолмадим, албатта. Умримнинг сўнгги йилларини Истиқлол шабадаси остида ўтказаётганим – Аллоҳнинг менга берган инояти деб биламан…”.
Қайси бир суҳбатимизда яна бир яккабоғлик инсон, бутун умри меҳнатда тобланган Зиёдулла Бекназаров умр, ҳаёт дорулфунуни ва улардан ким қандай фойдаланиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, “…Инсон яшаб ўтган умри унинг қандай мансабларга эришганлигию топган давлати билан эмас, айнан унинг амалга оширган савобли ва ҳайрли ишлари билан белгиланади. Аммо, одамлар орасида ноҳақлик, ҳасад ва туҳмат деган тушунчалар ҳам ўз “хизмати”ни ўтайди-ки, уларнинг “ёрдами”да қанчадан қанча фидойи инсонларга ситам ва қийновлар келтирилади. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида республикамиз ҳаётида юз берган салбий ҳодисалар ҳам ана шу ҳатти-ҳаракатларнинг натижаси эди. Бундан камина ҳам қуруқ қолмаганди.