Текст книги "Умр дарёси"
Автор книги: Шомурод Шаропов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 23 страниц)
Пўлатида бўлиб ўтган суҳбатимиз жуда мазмунли кечди. Навбатдагисини эса ака-укалар ва фарзандлари даврасида давом эттиришга келишиб қайтдим.
ИККИНЧИ ҚИСМ
ЗАМОНДОШЛАРНИНГ ҚАЛБ СЎЗЛАРИ
УНУТИЛМАС КУНЛАР
Қўрғон ТОҒАЙМУРОДОВ,
собиқ 33-давлат хўжалигининг бош ҳосилоти.
1985 йилнинг 1 январь кунида юз берган воқеа кечагидек эсимда. Бундан икки-уч кун аввал эса Али Орзиқулов менга: “Бугун-эрта Амир 33-давлат хўжалигини қабул қилади. Сен унга ёрдам беришинг керак” деб огоҳлантирганди. Мен ўша кунлари қўшни 25-давлат хўжалигида сиёсий ишлар бўйича котиб лавозимида фаолият кўрсатаётган эдим.
Ўша куни эрталаб Амир Тўраевнинг вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидаги шофёри Мейли Суяров уйимга келиб, мени янги хўжалик ҳудудига кирар жойда Амир Тўраев кутаётганини билдирди. Айтилган жойга етиб борсам “Каршицеленхлопок” трести раҳбари Убай Суннатов, Китоб туман саркотиби Комил Амиров, “Китоб массиви” раҳбари Мирзоев, шунингдек, бошқа ўнлаб масъул кишилар тўпланиб туришган экан. Тўпланганлар тўрт гуруҳга бўлиниб, машиналарда экин далаларини айланиб, ер майдонларини қабул қилиб олдик. Шу кундан эътиборан Амир Тўраев янги ташкил этилган Беруний номли 33-давлат хўжалиги жамоасида директор, мен эса бош ҳосилот бўлиб иш бошладик.
Амир Тўраев аввалида вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғи, кейинчалик бошлиқ муовинлиги лавозимида фаолият кўрсатган эди. У ўзининг шахсий ташаббуси билан янги хўжаликни нолдан бошлаб обод қилиш мақсадида бу ерга келганди. Бу хўжалик шу кунгача “Китоб массиви” номи билан юритиларди. Қўриқдан ўзлаштирилган 3000 гектар янги экин майдонига бор-йўғи 20-30 та оила кўкламдан кеч кузгача деҳқончилик қилишиб, қиш фасли бошларида яна Китоб туманидаги қишлоқларига қайтиб кетишарди.
Хўжаликни қабул қилиб олган кунимиздан эътиборан Амир Тўраев билан биргаликда хўжаликда муқим яшаб ишлайдиган ишчи кучи топишга киришдик. Иккаламиз шу мақсадда Миришкор, Таллимаржон, Нишон, Косон каби туманларда бўлиб, аҳоли билан учрашдик. Йиғилишлар ўтказиб, ишга таклиф қилдик. Хўжалигимизга борган талабгорларни зудлик ила иш ва экин майдони билан таъминладик. Ҳатти-ҳаракатларимиз зое кетмади, кўкламги ишлар бошлангунга қадар 300 дан ортиқ хўжаликни оила аъзолари билан кўчириб келишга эришдик.
Дастлаб иш бошлаганимизда хўжалик марказида бор-йўғи 100 оилага яраша уй-жойлар қурилган эди. 1985 йилнинг ўзидаёқ ўқув мавсуми янгидан қуриб ишга туширилган 1000 ўқувчи ўринли замонавий қўш қаватли мактаб биносида бошланди. Сўнги икки йил орасида янги шаҳарча юзага келди. Камида 400 оилага мўлжалланган турар-жойлар қурилиб ишга туширилди. Қишлоқ шифохонаси, ҳаммом, ёнғинга қарши марказ, ёзги ва қишки кинотеатр, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази, деҳқон бозори, савдо маркази, чойхона, ошхона, хўжалик учун идора биноси, қишлоқ хўжалик техникалари учун замонавий сарой, 1000 бошга мўлжалланган қорамолчилик фермаси, турар-жойларни иситиш учун марказлар қурилди ва ичимлик суви ҳамда канализация қувурлари ётқизилди. Чорва молларига озиқа тайёрлаш мақсадида янги цех ишга туширилди.
Хўжалигимизда иш бошлаган қалдирғоч бўлим бошқарувчилари – Набилла Ботиров, Элбой Авазов, водийлик Икром Рустамов, Беймир Жўраев, Ҳазрат Эшонқулов, Темир Элмуродов, Нурали Жуманазаров, Муродулла Муллаёров, Элмон Тўраев, Норбўта Бойполвонов, Муҳаммади Тиловов, бригада етакчилари Сапар Инатов, Нурилла Илясов, Ширин бобо Пардаев, Бобомурод Ҳусанов, Дилмурод Муллаёров, Дўлоб Ўтаганов, Жамол Ниёзов, механизаторлар Аъзамқул Илёсов, Азамат Ниёзов, Ихтиёр Инатов, Нормўмин Пардаев, Нурмамат Жуманазаров, сувчилар Ботир Илёсов, Шуҳрат Отамуродов, Ашир Жуманазаров каби инсонлар шу кунлардаги ютуқларимизга тамал тошини қўйишда мақтовга сазовор ишларни амалга оширганлар. Уларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Кўкламги экинлар экиш бошлангунига қадар яна минг гектар янги ер ўзлаштирилиб, умумий экин майдонимиз тўрт минг гектарга етказилди. Унинг 3,5 минг гектарига ғўза, 500 гектарига эса ғалла парваришланди. “Китоб массиви” даврида гектар бошига 15 центнердан пахта ҳосили етиштириш режалаштирилган экан. Бизлар бу кўрсаткични биринчи йилнинг ўзидаёқ 20 центнерга етказдик. Йил якунида 7 минг тоннадан ошириб пахта ҳосили йиғиштириб олдик.
Ишлар жуда жадал суръатлар билан давом эттирилди. Натижада 1988 йилга келиб мавсумни 9 минг 800 тонналик пахта хирмони кўтариш билан якунлашга эришдик. Юз фоиз ҳосилни терим машиналари ёрдамида териб олишга муяссар бўлиб, қўл теримига барҳам бердик. 1992 йилга келиб хўжалигимиз 10 минг тоннага яқин пахта ҳосили етиштириб, унинг барчасини техникалар кўмагида териб олинди. Етиштирилган ҳосилнинг 98 фоизи олий навга қабул қилинганди.
Хўжалигимизда чорвачилик соҳаси ҳам юксак даражада ривожланди. Давлатга гўшт сотиш йиллик режалари доимо ортиғи билан бажариб келинди. Ҳар бош соғин сигирда режадаги 1099 ўрнига 1683 килограмдан сут соғиб олинди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов воҳамизга раҳбар бўлиб келгач, хўжалигимизга бир неча бора ташриф буюргандилар. Навбатдаги келганларида директоримиз Амир Тўраев хўжалик ташвишлари билан қаергадир кетган эди. Далаларни кузатиб юрганимда бу ҳақда хабар беришди. Етиб борганимда саркотиб водийлик бўлим бошлиғи Икром Рустамов билан суҳбатлашиб туришган экан. Менга назари тушган бўлим бошлиғи: “Ана, бош агрономимиз ҳам келдилар” деди. Саркотиб мен билан самимий ҳол сўрашдилар-да: “Сиз бош ҳосилотмисиз, фамилиянгиз ким?” дедилар. Мен саволларига жавоб бердим. У киши: “Шу йигитнинг бўлимидаги ғўзалар ривожини кўрмоқчиман” дедилар. “Сал олисроқ-да” дегандим, саркотиб: “Узоқ бўлса нима қилибди, суҳбатлашиб борамиз” дедилар. Бирга-бирга йўлга тушдик. Камида тўрт километрлар йўл босдик. Ғўза ривожи жуда баланд эди, саркотиб кўриб роса хурсанд бўлдилар. Ўшанда июль ойининг охирлари эди.
Хўжалигимиз бўлимларида анъанавий бир одатни йўлга қўйгандик. Меҳмон келса-келмаса дарахтнинг салқин соясида кўрпача тўшаб, дастурхон тузатиб қўйиларди. Ислом Абдуғаниевич кетишга чоғланганида бўлим бошлиғи: “Узр, бир пиёла чойимиз бор эди…” деб гап бошлаганди, саркотиб кулдилар-да: “Меҳмон кутиб қилинган чойми, ёки ўзларинг ичадиган чойми?” дедилар. “Ҳамшаки чойимиз” деди бўлим бошлиғи. “Ундай бўлса ичамиз” дедилар саркотиб. Шундан сўнг бирга-бирга дастурхон томон юрдик. Саркотиб дастурхон устидаги матони бир томонидан авайлаб кўтардилар-да:”Сиз водийликлар ёлғон гапирмайсизлар, тўғрисини айтинг, мени келишимни билганмидинглар?” дедилар ажабланганларини яширмасдан. Бўлим бошлиғи кафтларини кўкрагига босганча: “Аллоҳ битта, сизнинг келишингиздан бехабармиз. Чой эса ҳар доим шундай тайёр туради. Эрталаб ният қилиб дастурхон тузатамиз. Бирор бир меҳмон келса баҳам кўрамиз. Келмаса оқшом ўзимиз ичамиз” деди. “Ундай бўлса ичганим бўлсин” дедилар-да, саркотиб кўрпачага бемалол ўтирдилар ва бир пиёла чой ичдилар. “Мен чалобни хуш кўраман” деб, косадаги чалобни ҳам симирдилар. Нон сал қотган экан, деб узр сўрагандик, у киши: “Ҳақиқий деҳқоннинг нони шундай суви қочган бўлади” дедилар яхши кайфиятда дастурхонга дуо қилиб. Сўнгра ҳайрлашаётиб, хўжалигимиз раҳбарига салом ҳам айтдилар…
Амир Тўраев 1993 йилнинг январь ойигача хўжалигимиз жамоасига раҳбарлик қилди. Ўзининг бутун куч-қуввати ва билимини хўжалигимиз ривожи йўлида сарфлади. У меҳнат қилган одамни яхши кўрар, унинг меҳнатини қадрларди. Ёлғончилик қилган одам унинг ашаддий душмани эди десам, хато қилмаган бўламан.
Хўжаликда бош агроном бўлиб саккиз йил фаолият кўрсатдим. Кейинчалик бўлимга ҳам етакчилик қилдим. Хўжаликда яшаб, шу ерда меҳнат қилиб кам бўлмадим, албатта. Давлатимизнинг мустақилликка эришган кунини далада кутиб олгандим. Бу кунларни отабоболаримизнинг қанчалик орзиқиб кутишганини жуда яхши ҳис этаман. Еттита фарзанд – беш ўғил ва икки қизни турмуш ўртоғим Момасулув Жўраева билан ватанимизга садоқатли этиб тарбияладик. 37 та невара ва чеварамиз бор. Мустақиллигимиз шарофати билан икки бора Ҳаж сафарига бориб келдим. Иккинчи марта рафиқам билан бирга бордик.
ҚАЛБИМДА СИЗ, АМИР ТЎРА
ЯДГАРОВ Дамир Салихович,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, иқтисод фанлари номзоди.
Ҳаётда ўз ўрнига эга обрў-эътиборли киши халқ назарида доимо эъзозлидир. Бундай шарафга эга бўлиш осон эмас. Ҳадиси Шарифда айтилганидек: “Тўғри эътиқодли бўлмоқ, кишилар билан яхши муносабатда бўлмоқ, ўз устида ишламоқ, ўзини ибодат ва итоатга чақиртирмоқ, кимки буларни тўла ўзлаштирса, иймони мукаммал бўлғайдир”.
Инсон хотирасиз, ўтган кунлар ёдисиз яшай олмайди, дейдилар.
Тўраев Амирқул Арзиқулович 1948 йилда Косон туманидаги Пўлати қишлоғида туғилган. Олий маълумотли, 1969 йилда қишлоқ хўжалик фанлари номзодлиги диссертацясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Пахтачилик илмий текшириш институтининг Қашқадарё флиалида фаолият кўрсатган. Кейинчалик Касби тумани қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи, 1975-1981 йиллари Усмон Юсупов туманидаги “Тошкент” номидаги 21-давлат хўжалигида директор бўлган. Ўша йиллари мен Тошкентда “Главсредазирсовхозстрой” бошқармаси бошлиғи Ҳамраев Нажим Рахимовичнинг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича муовини эдим.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаёқ Қарши чўлини ўзлаштириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра қарийб бир миллион гектар янги ерлар ўзлаштирилиши мўлжалланган эди. Шу мақсадда “Қаршиқурилиш” ҳудудий бошқармаси тузилиб, минглаб чўлқуварлар ўзларига юклатилган бунёдкорлик ишларини аъло даражада амалга ошира бошлашди. Қисқа муддат орасида чўл бағрида пахтачиликка мослаштирилган ўнлаб давлат хўжаликларию қўриқ туманлар ташкил этилди. Ана шундай давлат хўжаликлардан бири бўлмиш “Тошкент” деб номланган янги жамоага Амирқул Арзиқулович раҳбар бўлиб, ташаббускорлиги, илмию билими билан ўзини кўрсатди. Давлат хўжалиги жамоаси вилоятдагина эмас, ҳатто Республикада энг илғорлар сафидан ўрин олди. Кейинчалик у Қашқадарё область партия қўмитаси қишлоқ хўжалик бўлимига мудир бўлиб фаолият кўрсатди.
1985-1995 йиллари Амирқул Арзиқулович Миришкор туманидаги Беруний номли 33-давлат хўжалигида директорлик қилди. Амирқул янгиликка ўч инсон эди. Ўша йиллари Бухоро вилоятидаги пахтачилик илмий-тадқиқот станциясининг таниқли селекционери Батталов Ахат Минглиевич “Бухоро-6” янги ғўза навини яратган эди. Амирқул Арзиқулович Қашқадарёда биринчи бўлиб бу навни хўжалиги далаларида экиб, юқори ҳосил етиштирганди.
Сўнгги йиллари Амирқул Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг “Дўрмон” ижод боғида директор бўлиб ишлаганди. Қаерда ишламасин, у билан менинг орамизда дўстлик ва ака-укачилик алоқалари узилмаганди. Дўрмон боғига тез-тез ташриф бюриб турардим. Бир сафарги суҳбатимиз пайти Амирқул Арзиқуловичга фарзанди қўнғироқ қилиб, отасини набирали бўлгани билан табриклади. Амирқул менга қараб, “Дамир ака, қиз набирали бўлибмиз, ўғлим исмини қўйиб беришни мендан сўраяпти” деди хурсандчилигини яшираолмасдан. Мен: “Амирқул, қизимнинг исми Мадина, сиз ҳам набирангизни исмини Мадина қўйинг” дегандим, гапим унга маъқул келди шекилли, дарҳол ўғлига телефон қилиб, набирасининг исмини Мадина қўйган эди. Амирқул Арзиқулович хотирасига бағишлаб китоб нашр қилинаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим ва у билан бўлиб ўтган суҳбатларимизни эслаб қоғозга тушираётганимда қизим Мадинанинг ўғил фарзандли бўлганини хабар қилишиб, унга исм қўйиб беришимни сўрашди. Анчайин хаёлга чўмдим, узоқ фикрладим. Негадир кўз ўнгимда Амирқулнинг нигоҳи гавдалана бошлади. Телефон қилиб, набирамнинг исмини Амир қўйишларини тайинладим.
Амирқул бир гапирдими, албатта ўз сўзининг устидан чиқадиган мард, софдил, ҳеч қачон меҳроқибатни унутмайдиган, шунингдек, катта қобилият ва билимга эга инсон эди. Умр бўйи эл-юрт хизматида бўлиб, она-заминни муқаддас деб билган, унинг шоншуҳрати учун куч-қувватини аямаган фидойи Амирқул Арзиқулович Тўраевнинг ҳаёт тажрибаси ва меҳнат фаолияти Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, ёшларимизни миллий ғурур, миллий ифтихор руҳида тарбиялашда намуна мактабидир.
САМИМИЯТ КИШИСИ
Ўткир РАҲМАТ, шоир.
Амир ака билан тўсатдан кутилмаган вазиятда танишиб қолдик. Ишдан қайтаётсам у боққа кираверишда кимнидир интизор кутаётган ҳолатда атрофга безовта кўз ташларди. Мени кўрди-ю эски қадрдонлардай самимий саломлашди. Қарангки, уни яқин билгандай биродаримдай кўришдим. Негадир илиқ истараси, сўзлаш оҳанги мафтун этди. Иккаламиз йўлакдаги ўриндиққа чўкдик. “Дардимни айтсам эшитасизми”, деди у. Бош ирғадим. У аввал майин оҳангда, сўнг ҳаяжонланиб бошига тушган ташвишлар хусусида маюс сўзлай бошлади. Ҳикоясини тинглар эканман, беихтиёр ҳаётида юз берган нохуш воқеа–ҳодисалар гирдобида қолгандек ҳис этдим ўзимни. Амир ака бир қадар адолатсизлик тиғларига дучор бўлганидан қаттиқ изтироб чекарди. Кўзлари ёниб, куйиб-пишиб сўзлаши, ҳақиқатга бўлган собит ишончи катта таасурот уйғотди. Шунда аканинг қатъиятини, мардлигини англадим.
Албатта, адолатни тиклашга астойдил ҳаракат қилинди. У туҳмату бўҳтонлар ғавғосидан қутилди. Суриштириб билсам, ўн уч ёшида олийгоҳ талабаси, йигирма бир ёшида фан номзоди, 25 ёшида йирик бир давлат хўжалиги жамоасига раҳбарлик қилган экан.
Хуштавозе, адабда беназир Амир ака қишлоқ хўжалиги мутахассис бўлса-да шеърият, тарих, фалсафа, ҳатто халқ табобатидан хабардор, ким бўлишидан қатъий назар барча билан дўстона муомалага кириша оладиган инсон эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижод боғи жамоасига раҳбарлик қилган кезлари ўзи ҳам ижодкорга, аниғи боғ ижодкорига айланди.
Йиллар давомида Амир Тўраев билан қадрдонлашиб кетдик. Имконият бўлганда тез-тез учрашиб адабиётимиз ривожи, ёшларнинг изланишлари, бебаҳо меросимиз борасида узоқ суҳбатлашардик.
Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Онажонимни доимо оила аъзоларим билан бирга бўлишларини истардим. Ишдан келибоқ, онам билан соатлаб гурунглашардим. Амир Тўраев бундай ҳолатни хонадонимга келган пайтлари кўп кузатган шекилли, бир куни “Ўткир ака, онани қадрлашни сиздан ўрганиш керак экан. Онанинг ҳар бир сўзи жаннат овозидек, у ҳар бир фарзандни бамисли қалқондек асраб туради” дегани ҳамон эсимда.
Амир ака чин юракдан эзгуликка, яхшиликка интилар, кўнгли кўнглига монанд инсонларни бошига кўтарарди. Бир сафар у қайсидир масалада маслаҳат сўради. Фикр-мулоҳазаларимни баён этдим. Орадан бир неча кун ўтиб хонадонимизга ниҳоятда мамнун ҳолда кириб келди. “Ака, маслаҳатингиз туфайли йўлимни тўғри топдим. Сиз айтгандай иш тутиб, ютдим. Шукур, минг шукур, ютқазмадим. Бошимда қанча соч толаси бўлса шу қадар сиздан миннатдорман” деди товозе билан. Ўшанда бошидаги сочлари орасида саноқлигина оқ толалари бор эди. Ҳали-ҳануз унинг бармоқлари билан сочини тарётгани-ю, оқ толалари кўз ўнгимда кўриниб қолади.
Ёдимда, Ижод боғига Амир ака мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатларини ўтқазишдан чарчамас, ўзи сув қўяр, таъбир жоиз бўлса қалб қўри билан парвариш қиларди. Гўёки, умри меҳри, ҳаёти шу дархтларга, унинг ғунчаларига, япроқларига кўчгандай эди. Ҳар куз мевасини қўлига олиб мақтанишдан ўзини тиёлмасди.
Афсус хуштавозе, суҳбати ширин акамиз ҳаётдан эрта кетди.
Аммо ўша қўлидаги олмалар каби меҳри, оқибати, содиқлиги, табассуми, ҳароратбахш сўзлари қалбларимизда доим товланиб тураверади.
ХИЗИР НАЗАР ҚИЛГАН ИНСОН ЭДИ
Икромхон НАЖМИДДИНОВ,
“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси.
Ҳаёт шундай улуғ бир неъматки, инсон бу ёруғ дунёга келар экан, умрини мазмунли ўтказишга, эзгу амаллари, савобли ишлари, Ватан ва халқ хизматидаги камарбасталик саъйи-ҳаракатлари билан ўзидан яхши ном қолдиришга интилади. Шу мақсадда фарзандлар тарбиялаб, уларнинг бахтли келажагини, орзу-ҳаваслари ва камолини кўриш учун бор имкониятларини ишга солади.
Яна шундай ажойиб инсонлар борки, улар ўз ҳаётларини юрт равнақи, аҳоли фаровонлиги-ю эл маъмурчилигига бахшида қиладилар. Бор ақлузаковатлари, билим ва тажрибалари, куч-ғайрат, салоҳиятларини ана шу эзгу ишларга сафарбар этадилар. Ўзгалар манфаатини ўз ҳузур-ҳаловатидан устун қўя билган бу тоифа одамлар алал оқибат халқ орасида юксак обрў-эътибор қозониб, омманинг ҳурматига сазовор бўладилар, ўзига хос нуфуз бахшида этадилар.
Алалхусус, камтарин дўст, самимий, хушмуомала, одамохун инсон Амир Тўраев ҳам том маънода юқоридаги фазилатлар соҳиби эди. У киши билан мен йигирма беш-ўттиз йиллар чамаси дўстлашиб, ҳамнафас бўлиб юрганман. Мен “Ўздонмаҳсулотлари” корпорациясида раҳбарлик қилган икки мингинчи йилларда Амир Тўраев билан янада яқинроқ мулоқотда бўлиб, уни қайтадан “кашф” қилганман десам, асло муболаға бўлмайди. Хусусан, унинг дилкашлиги, соддалиги, кўнгли очиқлиги, бағрикенглиги, тантилиги, ростгўйлиги, тўғрисўзлиги, бирон масала юзасидан суҳбатдошини бутун вужуди билан тинглаб, ўз фикрини салмоқ билан, очиқ-ойдин баён этиши менда катта таассурот қолдирган.
Амир Тўраев билан бир марта суҳбат қурган одам унинг ён-атрофидагиларга, дўст-биродарларига, қариндош-уруғларига, оиласига, фарзандларига ўта ғамхўр ва меҳрибон инсон эканини англаб олиши қийин эмасди. Яна бир алоҳида хусусияти шундан иборат эдики, мен Амир ака билан бир дастурхон атрофида кўп ўтириб, у кишининг тиббий маданияти ўта юксак, диди нозик эканига алоҳида эътибор берганман. Шу билан бирга, катта-кичик давраларга файз бағишлаши, сўзга бойлиги, ҳозиржавоблиги билан ёнидагиларни кулдириб, барчага хушнуд кайфият улашиши унинг фавқулодда истеъдод эгаси эканлигидан дарак берарди.
Амир аканинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги чуқур билими ва бой тажрибаси ҳам мени кўп бора ўзига жалб этган. Аграр тармоқда амалга оширган ишлари, эришган ютуқлари ҳақида тўлқинланиб гапирар, бу борада ўзининг қимматли маслаҳатларини ҳам аямасди.
Амир Тўраев ҳамиша, ҳар қандай вазиятда ҳам бошқаларга яхшиликни хуш кўрадиган беқиёс инсон эди. Айниқса, яқин дўстларидан ҳеч қачон қўлидан келган ёрдамини қизғанган эмас. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги боғида ишлаган кезлари у кишини турли муаммолар билан таниш-билишлари излаб келишар, бу муаммоларнинг ечимини топиш учун Амир ака ўзининг юмушиларини ҳам ташлаб қўйиб, уларнинг ишларини ҳал қилмагунча елиб-югуришни бас қилмасди. Нафақат дўстлари, ким бўлишидан қатъий назар унинг ёнига илинж билан келган одамни ноумид қайтармасди.
Шу боис ҳам бу дунёдил инсон халқ меҳрини қозонганди. Қашқадарё заминида туғилиб, оилада ибратли тарбия топган, доимо юртдошлари ташвиши билан андармон бўлган, қаерда, қандай лавозимда ишламасин, юқори натижаларга, юксак муваффақиятларга эришишнинг уддасидан чиққан Амир Тўраев ўзининг савобли ишлари билан республикамизга танилган, одамларнинг ҳурмат-эҳтироми, эъзозини қозонган, бошқача айтганда, Хизир назар қилган инсон эди.
Амир Тўраевнинг том маънода оилапарвар шахс бўлгани ҳам менга яхши маълум. У тарбиялаган ўғилқизлар ақлли-ҳушли, одоб-ахлоқли, комил инсонлар сифатида ўз падари бузрукворларига муносиб издошлар бўлиб етишишди. Бугунги кунда улар Ватанимизнинг турли жабҳаларида фидойилик билан фаолият кўрсатишмоқда. Улар ўзларининг ташаббускорликлари, ташкилотчанлиги, ҳалоллиги ва бошқа инсоний хислатлари билан кўпчиликка намуна.
Ҳаёт қонуниятини ўзгартириб бўлмайди экан. Минг афсуски, бешафқат ўлим Амир акани орамиздан анчайин эрта олиб кетди. Аммо, у киши жисмонан орамизда йўқ бўлсалар ҳам, руҳан ҳамиша биз билан қолаверади. Амир Тўраев ўз эзгу амаллари билан ўзидан яхши из, чиройли ном қолдирди-ки, унинг шахси абадиятга дохилдордир. У бошлаган эзгу ишлар фарзандлари ва шогирдлари тимсолида давом этаверади.
Яратгандан сўраримиз эса, илоҳим, Амир аканинг жойлари жаннатга дохил, охиратлари обод бўлсин. Бу меҳридарё инсоннинг хотираси қалбларимизда мангу қолади.
ДЎСТИМНИ ХОТИРЛАБ
Абдул Холиқ Муҳаммад Нур,
Бирлашган Араб Амирлиги.
Амир Тўраев билан кўп йиллик ўзбекистонлик дўстим Сафар Ҳамдамов таништирган. Дастлабки учрашувимиз 2006 йили Дубайдаги «Ҳаёт» меҳмонхонасида юз берганди. Ўшанда Амир Тўраев Сафар аканинг ўғли Умиджон билан бирга келишганди.
Амир Тўраев калта бўйли, қорачадан келган, юришлари жиддий қиёфада бўлиб, кўришганда кўзингизга тик боқадиган, чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган инсон эди. Форсий тилда яхшигана сўзлаша олишиданми, ёки ўзининг киришимлиги сабабиданми тезгина дўстлашиб қолдик. Бу дўстлигимиз умрининг охирги кунларигача давом этди.
Раҳматли билан айниқса, тарих мавзусида кўпроқ суҳбатлашардик. Сабаби, у тарихни жуда яхши ўрганган эди. Араблар тарихими, Темурийлар тарихими ман-ман деган тарихчилардек фикр юргиза оларди. Экологиянинг тез ўзгариб бораётганлиги уни кўпроқ ташвишга соларди. Шахмат эса унинг жони-дили эди. Саҳродаги уйимда бир неча бора шахмат ўйнаганмиз. Амир Тўраев шахматни жуда эътибор билан ўйнарди. Қисқаси, бу инсон билан қанчалик суҳбатлашманг, зериктириб қўймасди.
Амир Тўраевни жигар хасталиги анчайин безовта қиларди. Шу сабабли ҳам Дубайга келиб, таниқли шифокорларнинг назоратидан ўтиб кетар эди. Дубайдаги клиникада даволанишига қарамасдан, Германия давлатига юбориш учун алоҳида қон топширар, чидам билан анализ таҳлилини кутарди.
Амир Тўраев ўзининг ҳатти-ҳаракатидан, гапсўзларидан хаста одамга ўхшамасди. Бир сафар у Умиджон билан Дубай Молл катта бозорини айланиб келишганда, Умиджон: “Амир ака шунчалик тез юрар эканки, ортидан юриб, чарчаб қолдим…”, деганди ҳайратини яшираолмасдан.
Ўзим ҳам ҳар сафар Тошкентга борганимда, албатта дўстимга хабар қилардим. Бир сафарги борганимда у Чирчиқ дарёсининг сўлим жойида зиёфат берганди. Ўшанда Марям Сатторованинг қўшиқларини тинглаб, роса ҳузурлангандим. Менга 2014 йил июль ойида Умиджон телефон қилиб, Амир Тўраевнинг оламдан ўтганлиги хабарини айтди. Юрагимдан эзилгандим ўша куни.
Мен 2014 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, дўстимнинг хонадонига таъзия билдиргани қадам ранжида қилдим. У ерда унинг акаси Али бобога, дўстимнинг оила аъзоларига таъзия билдириб қайтдим. Амир Тўраев мард, чапани, кўнгли тоза, бир сўз билан айтганда ҳақиқий инсон эди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Абу Даби шаҳри.2016 йил 5 май.