Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўшанда туманимиздаги йирик бир жамоа хўжалигида раҳбарлик қилардим. Жамоамиз вилоятдаги энг илғор ва иқтисодий томондан бақувват хўжаликлар қаторида турарди. “Пахта иши” билан шуғулланаётган қузғунлар тепамизга айлана бошлашди. Хўжалигимиз барча соҳаларда йилма-йил соф фойда билан чиққанидан кўнглимиз тўқ эди. Банкда жамоамизнинг ҳар йили беш миллион сўмдан ортиқ пули турган. Бу маблағ ўша йилларда жуда катта кўрсаткич эди. Ушбу далилларни қоғозга тушириб, туман режалаштириш бўлими ва банк идорасидан тасдиқлатиб ҳам олганман. Мана шу далиллар ёрдамида гдлянчилар билан роса курашганмиз. Аммо улар нима қилиб бўлсада, бизларни қамашга ҳаракат қилишди.

Суд жараёнлари қайта-қайта бузилди. Биргина менинг устимдан бўлиб ўтган суд қарорларини бекор қилиш тўғрисида Республика Олий суди уч маротаба қарор чиқарди. Айни ўша кунларда республикамизга шиддаткор, шерюрак инсон Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбар бўлиб келди. Охир оқибат бу инсон республикамизда давом этаётган беҳисоб қама-қамаларга чек қўйди. Юрак ютиб, Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришганини эълон қилди. Ноҳақ қамалганларни озод этилишига бош-қош бўлди. Ҳатто, қамоққа ўтирган йиллар учун зарар кўрилгани ҳисобига кунма-кун ойлик маошларимизгача олиб бердилар. Отаси қамалган, бобоси судланган деган тавқилаънатлардан авлодлар ҳам қутилди, ўшанда. Бундай олийжанобликни унутиб бўладими?! Умримдан бир сония вақт қолгунча Юртбошимизни дуо қилиб яшайман. Бу ҳақда ўсиб келаётган авлод вакилларига ҳам ҳар доим қайта-қайта сўзлаб бераман…”.

МИНГ ИШЧИГА БИР БОШЧИ

Амир Тўраев билан кўп учрашиб, мазмунли суҳбатлар қилганмиз. Дўрмонга келганимда қилган суҳбатимиз ҳали-ҳамон эсимда. Унинг ҳар бир сўзи гўё шоирона эди:

– Инсон ўзининг гардли қадамини осмон соясига босиб яшаётганлигини англаши керак. Инсон бахт деган олий насибани кўз ёшлари рангидан пайдо бўлган шодлик деб билиши керак.

Биз улуғ Ўзбекистон халқимиз! Бизлар ҳар хил ғоя остида яшайолмаймиз! Республикамиз халқи бахтли ва саодатли яшаши учун Юртбошимиз айтган буюк ғоя асосида ҳаракат қилишимиз керак. Собиқ иттифоқ даврида барча ғоялар марказдан бошланган бўлса, эндиликда халқимиз учун энг буюк ғоя Ўзбекистонимиз мустақиллигининг Бош қўрғонидан бошланади. Қайси юртга бормай аввало, она юртим Ўзбекистонга ўхшаш томонларини излашга тутинаман, аммо тополмайман.

Қизил империя даврида республикамиз пахта етиштириб берадиган, бор бойлиги, олтину-кумушини Россия заҳирасига топширадиган, чўли-биёбонга айлантирилган мустамлака юрт бўлганлигини ўзингиз ҳам биласиз. Яратганга беҳад шукрлар бўлсинки, мамлакатимиз боғларини босган қарғалар кетди, бубуллар гўзал ошёнлар эгаси бўлди. Бўзтўрғайларимиз чўлларда эркин учмоқда. Ҳатто, оҳулар яна кўпаймоқда. Эндиликда мамлакатимиз гуллаб-яшнамоқда, халқимиз эркин нафас олиб, ҳам маънавий ҳам моддий томондан бойимоқда. “Ўзбекистон” деган ном ва юрт жаҳон мамлакатлари қалбидан жой олмоқда.

Инсон зоти борки ўз киндик қони томган, ўсибулғайган гўшасини, яъни она-Ватанини барча шарафлардан устун қўяди, бир умр ардоқлаб, унга сажда қилиб яшайди. Она Ўзбекистон биз учун ана шундай бебаҳо гўша, азиз диёрдир. Ватан эса остонадан бошланади. Остона – бу хонадон, маҳалла ва қишлоқдир. Қалбимда элдошларим, Ватаним Ўзбекистон яшайди.

Ўзини билган инсонлар учун бу кунларнинг ўзи бир бахт. Буни эса Яратганнинг инояти ила юз берган Мустақиллигимиз шарофати-ю, Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг шижоати, жасорати ва донолигидан деб биламан. Шу кунлардан норози бўлиб юрганларни учратсам, бир сўз билан уларни “ношукур” ёки “нонкўрлар” дегим келади. Бундайларнинг ҳаттиҳаракатидан юртини сотиш, бола-чақасию рўзғорини сотиш, ота-онасини сотиш кўриниб туради. Бундайлар охир-оқибатда хору-зор бўлиб, ўлиб кетишади. Аммо, энг ёмони, ўз авлодига қора чаплагани қолади. Ўшандайларни туғиб, вояга етказганлар ҳам азобда яшаб ўтишади. Шундай фарзандларни туққанига пушаймон бўлишади.

Ёшини ёш дейсиз, улар ўтган аср қийинчиликларини кўришмаган, албатта. Эллик, олтмиш ёшга кириб қолганларига нима дейсиз?! Булар ақлидан озган инсонлар (агар инсон дейишга арзиса, албатта)! Уларнинг ғайратини жўштирадиган куч баъзи бировларнинг ҳаром-ҳариш садақаси туфайли деб биламан.

Қаранг, шундай роҳатланиб яшайдиган замонда қайси бир аҳмоқларга қўшилиш зарурми?! Ўзларику балога гирифтор бўлишади, вақти келиб, бунинг бобомомоси ана шундай одамлар эди, деб авлодлари ҳам тавқи-лаънатга қолишади.

Тақдир тақозоси билан 33-давлат хўжалигида директор бўлиб фаолият кўрсатганимда бир неча бора вилоятимиз сардори Ислом Абдуғаниевич Каримов билан юзма-юз учрашиб, у кишининг мазмунга тўла маслаҳатларидан баҳраманд бўлганман. У кишининг, айниқса, раҳбарларга бўлган эътибори кучли эди. Бир сафарги учрашувимизда: “Минг ишчига бир бошчи” деган мақолнинг мазмун-моҳияти жуда катта. Бу мақолнинг турган битгани фалсафа. Агар раҳбар оқилудоно, бадбиркору ташаббускор бўлса, ўзи бош бўлган ҳудудда янгиликларни жорий этаверади, кўрингки, ўша минг ишчи ишли бўлиб яхши яшайди, тез бойийди, раҳбаридан рози бўлиб унга нисбатан ишончи ортади, раҳбарнинг иши ривож топади ва обрў-эътиборга эришади. Энг асосийси, бундай раҳбар бир сўз билан айтганда элу-юртнинг нодир бойлиги бўлиб қолади. Қачонки, ана шундай раҳбарлар кўпайса, жамият тез ривожланади. Ўзингга яқин “Жейнов” хўжалигига тез-тез бориб, Муродулло Саидов билан иш алмашсанг зарар қилмайсан” дегандилар.

Ислом Абдуғаниевич вилоятимизда саркотибликни давом эттираётган кунлари мен раҳбарлик қилаётган 33– давлат хўжалиги Китоб туманига қарашли бўлиб, эл орасида оддийгина қилиб “Китоб массиви” деб юритиларди. Мен хўжаликда ўзимнинг илмий қарашларим ва ҳаёт тажрибамга суяниб иш юритар, туман раҳбарларининг фикрига ўз фикрим билан жавоб берардим. Маъқул бўлмаган таклифларини рад этардим. Бу ҳаттиҳаракатим эса уларга ҳар доим ҳам маъқул келавермасди. Натижа шу даражага келиб етдики, улар вилоят раҳбарига мен ҳақимда бутунлай тескари ахборот бера бошлашди. Саркотиб бу масалани бюро йиғилишида кўриб чиқиш лозимлигини таклиф қилган.

Бюро йиғилишида менга ҳам сўз берилди. Ўшанда хўжалигимизда шу кунларгача амалга оширилган ишлар ҳақида рус тилида ҳисобот бердим ва “Қаршиқурилиш” ҳудудий бошқармаси раҳбариятининг йўл қўяётган камчиликларини ҳам ошкора гапирдим. Сўзимни тугатганимда вилоят саркотиби “Қаршиқурилиш” бошқармаси бошлиғи Султон Чегибоевга қараб: “…Эртага бошқарма кенгаши йиғилишини ўзингизга қарашли барча трест раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида 33-давлат хўжалигида ўтказасиз. Хўжаликда бошқарма мутахассислари томонидан йўл қўйилган камчиликларни аниқлаб, тузатиш чораларини кўриб чиқасиз…” деди.

Эртасига вилоят раҳбарининг топшириғига биноан хўжалигимизда йиғилиш бошланди. Сўзга чиққан ҳар бир нотиқ йўл қўйилган камчиликларни қай йўсинда тузатиш кераклигини айтиш ўрнига бир-бирини шунчаки хаспўшлашга ҳаракат қила бошлашди. Шунда мен чидаб тураолмасдан ўрнимдан турдим-да: “Сизларни Ислом Абдуғаниевич хўжалигимизга нима мақсадда юборган эдию сизлар нима қилаяпсизлар?! Яхшиси бориб ўз ишларингиз билан шуғулланинглар! Мени ҳам далада қиладиган ўз ишларим бор! Сизларсиз ҳам ишим бошимдан ошиб ётибди!…” деб йиғилишни тарк этдим…

Навбатдаги келганларида Ислом Абдуғаниевич аввалига хўжалик қўрғони қурилишларини кузатмоқчи эканликларини, сўнгра дала айланишларини айтдилар. Йўл-йўлакай кўплаб ижобий маслаҳатлар бердилар. “Вилоят марказидан қанчалик олис бўлмасин, хўжалик қўрғонида инсон деган улуғ зот яшайди! Шундай экан, улар учун энг замонавий қулайликларга эга бўлган шароитларни яратиб беришимиз шарт! Сени ҳам, мени ҳам обрў-эътиборга эришувимиз уларнинг амалга ошираётган беминнат меҳнатлари эвазидан деб биламан! Шуни ҳеч қачон эсингдан чиқармагин, Амир!…” дедилар дала томон йўлга тушганимизда.

Саркотиб даладан ҳам юқори кайфиятда қайтдилар. Сабаби, ғўза ҳолати кўнгилдагидек эди. Мен билан хайирлашар экан, у киши: “Амир, ишларингдан кўнглим тўлди, биламан, сен борини бор, йўғини йўқ деб дангалига гапирадиган йигитсан. Мен сенга савол бераман, сен фақат тўғрисини айтасан” дедилар кутилмаганда. Рози бўлдим. “Область аҳолисининг кайфияти нега пассив? Яхшилаш учун сенингча нима қилиш мумкин?” деди саркотиб кўзларимга тик боқиб. Мен бир оз ҳушёр тортиб, “Ислом ака, тўғрисини айт дедингиз тўғрисини айтишга ҳаракат қиламан. Сабаби, областдаги кўплаб оила бошлиқларию хўжалик раҳбарлари қамоқхоналарда қамалиб ётишибди. Шундай экан, уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғларининг кайфияти бўладими?! Масалан, Касбидан Қаҳҳор Турсунов, китоблик Ёри О чилов, яккабоғлик Зиёдулла Бекназаров, косонлик Тўхтамиш Халилов каби машҳур хўжалик раҳбарлари бор-йўғи 50 тонна пахта учун қамалган. Улар шунчаки топшириқни бажаришган, холос. Ўзим гувоҳман, обкомнинг иккинчи котиби Иван Иосифович Головачёв ҳар бир йиғилишда минбарга чиқиб, режани пулга сотиб бўлса ҳам бажарасан, бўлмаса қаматаман, деб дағдаға қиларди. Уларни қамоқхоналардан чиқазиб, ҳеч бўлмаса бригадир қилиб фойдаланса бўларди-ку! Бундайлар минглаб чиқади. Уларнинг ҳар бири ўз соҳасининг катта мутахассислари…” дедим. Гапимни тугатар-тугатмас Ислом Каримов шиддат билан ҳаракатландилар-да, жиддий оҳангда: “Сен тўғри айтдинг, қамалганнинг ҳаммасини қамоқдан чиқараман”…” дедилар. “Улардан қўрқмайсизми?” дедим ўша даврдаги русийзабон раҳбарларни назарда тутиб, секингина. “Қўрқмайман!!! Ваъда бердимми, чиқараман, ҳаммасини чиқараман!!!” деди саркотиб бармоқларини муштга айлантириб. Сўнгра ўзларини бир оз ўнглаб яна савол бердилар: “Қарол Маҳмудовни танийсанми?”. “Ҳа” дедим. “Қандай одам?” деди саркотиб синов назари билан менга тикилиб. “Яхши одам, уруш қатнашчиси, меҳнатдан қочмайди. Интизоми бир оз қаттиқроқ” дегандим, у киши: “Интизом бор жойда албатта ютуқ бўлади. “Тўғри гапирганинг учун раҳмат!” дедилар-да, саркотиб мен билан хайрлашиб хизмат машинасига ўтирдилар.

Хизмат юзасидан Республикамизнинг турли вилоят ва туманларида бўлишимга тўғри келади. Уларнинг раҳбарлари билан суҳбатлашаман, фикрларини ўрганишга ҳаракат қиламан. Кўпчилигининг ўз олдига қўйган режаларидан хурсанд бўламан. Аммо, баъзиларининг шунчаки вақт ўтказаётганларини кўриб ачинаман ҳам. Туманга раҳбарлик қилиш деганда фақат қишлоқ хўжалик соҳасидан юқори ҳосил кўтаришу, қойиллатиб обрў олишни тушунмаслик керак. Пахта, чорва ва дончиликни ривожлантириш ҳар бир раҳбар учун ҳам фарз, ҳам қарз. Бу соҳаларни ривожлантириш давлатимиз сиёсати, миллатимиз фахри, ғурури, элимиз дастурхонининг тўкинлиги.

Раҳбарман деган ҳар бир одам ўз иш фаолияти давомида инсон омилини унутмаслиги керак. Инсон омилига эътибор бериш – каттами-кичикми жамоани улкан ютуқларга рағбатлантириш деган гап. Шундай экан, ҳар бир раҳбар ўзигача амалга оширилган яхши ишларни асраб қолиши, амалга ошираолмаганларини эса ечимини топиш йўлларини излашлари керак. Ана шундагина Юртбошимиз таъкидлаётган “Келажаги буюк давлат” қуришни тезлаштирган бўламиз…”.

Амир Тўраевнинг раҳбарлик ҳақидаги фикрларини тинглар эканман, айниқса, Ислом Абдуғаниевичнинг унга “…Муродулло Саидов билан иш алмашсанг, зарар қилмайсан…” деган маслаҳатлари ўзимнинг ҳам хаёлимга кўп нарсаларни келтирди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқа воҳасига раҳбарлик қилган йиллари камина Ўзбекистон Телеграф Агентлиги (ЎзТАГ)нинг Қашқадарё вилоятидаги фотомуҳбири бўлиб фаолият кўрсатардим. Хизмат юзасидан у киши ўтказган деярли барча катта-кичик йиғилишларда иштирок этиб, раҳбар ва фаолларга кўрсатган йўлйўриқлари-ю, топшириқ-маслаҳатларини журналист сифатида тинглаганман. Ислом Абдуғаниевич вилоятга саркотиблик қилган дастлабки кунларданоқ, ўзларигача бўлган вилоят раҳбарларининг анъаналарини бузиб (аввалги саркотиблар туманларга давлат автомобиль назоратчилари вакиллари кузатувида боришарди), туман ва хўжаликларга хизмат машинасида ёлғиз борардилар. Ҳатто, боришлари тўғрисида туман раҳбарларини огоҳлантирмасдилар ҳам. Ғўза парваришланаётган далаларни, чорвачилик фермаларни, боғ, сабзавот-полиз экинларини кузатиб, ютуқ, хато ва камчиликлари тўғрисида аниқ фикрлари билан туман ва хўжалик раҳбарларини огоҳлантирардилар. Кутилмаган бу юришлари билан вилоятнинг барча раҳбарларини ҳушёрликка чорлаб қўйгандилар.

Ўша йиллар Ислом Абдуғаниевичнинг вилоятда қадами етмаган бирор қишлоқ қолмаганди, десам, адашмаган бўламан. Журналистлик хизмат юзасидан, ҳатто тоғлар орасидаги олис қишлоқларга борганимда ҳам аҳоли вакиллари вилоят саркотибининг яқинда келиб, ўзлари билан юзма-юз суҳбат ўтказиб кетганини фахрланиб гапиришарди.

ХОТИРА ДАФТАРИ

Амир Тўраев хонадонига келганида турмуш ўртоғидан бошқа барча уйқуга кетган, ёлғиз хотини уни кутганча дераза қаршисидаги стулда хаёл суриб ўтирарди. Эрини кўриб, кўнгли жойига тушди шекилли чеҳраси ёришди. Апил-тапил дастурхонга урнади.

– Дадаси, сўнгги кунларда нимадандир безовта кўринасиз, тинчликми ўзи? – хотини чойнакпўшли чойнакдан пиёлага чой қуяётиб эрига қаради.

– Ҳаммаси жойида, онаси, шунчаки чарчоқнинг таъсири бўлса керак, – хотини узатган пиёлани оларкан, Амир Тўраев ўзига хос табассум қилди. – Сен ухлаб дамингни ол, мен бирпас китоб ўқийман, бир-икки варақ ёзув-чизувларим ҳам бор…

Хотини эрига хайрли тун тилаб ўрнидан қўзғалди. Амир Тўраев эса чойнак билан пиёлани олиб кутубхонасига ўтди. Қайсидир китобни олиб варақлашга тушди, нимадир кўнглига сиғмади шекилли, китобни олган жойига жойлаштириб, стол тортмасидан “Хотиралар дафтари”ни олиб кечаги келиб қолган жойидан давом эттирди:

“…Бу дунёда гоҳида шон, гоҳида жон талашиб, қанчадан-қанча сарварлар сарсон-саргардон бўлиб кетганлар. Уларнинг саноғи ҳам, адоғи ҳам йўқ. Вафосиз дунёнинг бахтига пинҳоний эришиш учун қанчалаб бахтсизликни бошидан кечириши керак бу инсон. Афсуслар бўлсинки, бандасининг эртанги кунини ҳеч ким аниқ айтаолмайди, ҳаммамиз ҳам бу дунё ганжигирдобини бир куни ташлаб кетамиз! Аслини олганда ҳаёт ташвишлари асносида давом этаётган бу дунё етти миллиард инсон бошидаги шодлик ва ғам-ташвишлар ҳасратидан иборат, холос!

Ўйлайман, аммо бу ўйловларимнинг чек-чегараси йўқ.

Супада кўрпа қавиб ўтирган момам, унинг юзидаги ажинли чизиқлар, ғубор босган ўткир кўзларини ҳеч унутиб бўладими?

Юрак зорларим болаликнинг ўтиб кетган хотираларини тиклашга етармикан?! Бошимни силаган бобомомаларим, ота-онам қони, ҳамма-ҳаммаси бугунга келиб бир ҳовуч тупроққа айланган. Ҳаёт қонуни шу!

Олис ёшликнинг хотирасига менинг юрак зарраларим етармикан! Бошимни силаган меҳрибонларим энди тупроқни қучиб ётишибди. Бошимдан ўтган кўп савдоларни энди кимга айтиб йиғлай?! Фақат меҳрибон пўлатиликлар пойига бошимни қўйиб мизғиб олишим мен учун катта бахтга айланди.

Мени тақдир қайси жойларга олиб бормасин, туғилиб ўсган Пўлати қишлоғимни, менга ақл ва заковат берган пўлатилик инсонларни унутмадим. Узоқ элларда юрганимда элимга бўлган соғинчларим қалбим қумғонида қайнайди, хариталардан қишлоғим исмини қидириб кўнглим титрайди. Безовта руҳим қишлоғимга томон чорлайди, қишлоқда ўтган кунларим бирма-бир кўзим тасмасидан ўтади. Болаликда ўйнаган чўлларим, йўқолган калтак таёқларим хаёлимни ҳеч тарк этмайди.

Пўлатига борганимда онамнинг онаси Мақсад мома яшаган жаннатмакон ҳовлига кўзим тушади ва хаёлим узоқ-узоқларга сайр қилади. Бир умр момам яшаган бу уйнинг пойдевор тошини бобом мулла Боймурод тиклаган. Шу жойда момамнинг қўлларидан иссиқ кулча нонлар еганмиз. Момам ерга экин экарди, ўзи ишлов берарди. Беш вақт номоз ўқишни канда қилмас, қўшниларини ҳеч қачон ранжитмасди.

Мақсад момамнинг сочи бобом “халқ душмани” деб қамалгандан сўнг оппоқ қордек оқарган экан.

Айниқса, ўғил набираларини жуда севар, уларни катта умид билан ўқимишли, одобли, халқпарвар инсон бўлишини бечора Мақсад момам чин дилдан истар эди.

Рўзғор ташвишлари момамни роса чарчатган, шунга қарамасдан, унга қисмат саксон бир ёш ато қилди. Милтираб-милтираб ёнган ҳаёт чироғи момам қисматининг бир текис ўтганидан дарак беради. У ҳеч кимнинг юзига оёқ қўймаган, кулбасидан оёғи ташқарига чиқмаган бир ҳокисор сифатида тириклик тегирмон тошини юргиза олди.

Пўлатидан кетганимга анча йиллар бўлди. Лекин Момамнинг меҳрибончилиги, унинг оқ сочлари, ўша ошхонадаги мўридан чиқаётган тутунлар, момам боққан қизил сигир ва бир тўда товуқлар кўз ўнгимдан кетмайди.

Момам бошимни силаб, панду насиҳатлар қиларди. “Оҳ болагинам-а, сенинг дастингдан бўлганимча бўлдим”, деб койишлари ҳали ҳозир қулоқларим остида акс-садо беради. Ўша момамнинг уйида пўстак тўшалиб қурилган сандал четида ўтганларни ёдлаб, ғамгин ўлтирган момамни унутиб бўладими?!

У невараларим деб томга бизларни чиқариб қурт тайёрлайди. Бекорлигида седана донасидан тумор тикарди. Уйда капалаклар учиб юрса, уларга тегмаслигимизни тайинлаб “булар бизлардан хабар олишга келган арвоҳлар”, дер эди. Агар кимдир вафот этганини эшитса, оҳлар чекиб йиғлар ва мотам тутарди…

Ҳар сафар қишлоққа борганимда тинимсиз дуолар қилар, “Сени ўғлингни кўриб, Худога омонатимни топширсам, менинг азобларим тарқалар эди, болажоним”, деб кўз ёш тўкар эди.

Касби туманига ишга борганимда мен билан бориб яшадилар. Момамдан кўп яхшиликлар кўрдим, у киши биз набиралари билан фахрланар, бир мўъжиза юз бериб, бобом мулла Боймурод тирилиб келса-ю, бизларни кўрсатиб мақтансаларди. Афсус, булар момажонимнинг орзу-армонлари эди.

Ёшим анча жойга бори қолганидан ўтган кунлар юзимда ажинлар ва шафқатлар бўлиб қотиб қолган. Момажонимнинг эрка набираси бўлганим учун ҳам ҳар сафар момам яшаган ҳовли ёнидан ўтаётганимда юрагим орқага тортиб кетади. Момам ҳақидаги меҳрим ва туйғуларимни юрагимда дафн қилганман…

Мен бу дунёда ўзимга сиғмасдан яшадим. Ўтган кунларимни ўзим учун энг бахтли онларим деб ҳисоблайман.

Ўтганларнинг мозорини зиёрат қилиб, ўзимни ўзим алдаб-авраб тинчийман. Лекин бу кўҳна дунёнинг сирини ҳеч ким билмас экан. Дунё дунё бўлиб қолаверади. Дард-аламларимни фақат ўзимга ўзим сўйлайман, афсус, ўзим ҳам кексайиб бормоқдаман.

Ота-онам ҳоки-пойига тиз чўкиб, уларга Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишни сўрайман. Билгинки, қанча ўйласанг ҳам дунёнинг ғами камаймайди, қанча уринсанг ҳам инсон ўз ўрнида туравермайди, кўз ёшинг қанча оқса ҳам тугамайди!

Онам ҳар тонг биз фарзандларига қаймоқ келтириб берганини, отам сўрида ўтириб ғамгин хаёл сурганини унитиб бўладими?! Сигир боқиб Шўр ариқда кечгача ухлаб қолганим, мени қидириб йиғлаб излаган момажонимни ёдга олмасдан бўладими?!

Пўлатиликлар ўз ерини отасидан қолган меросдек авайлаб асрайди! Қишлоғимиз баҳори, тонг саҳарда хўроз қичқириб, одамларга “Тур ўрнингдан!” деб дод солиши, мудраганча дала томон кетаётган ўсмир йигитни эслайман. Кетмонини елкасига қўйиб, бир парча ерини бир олам деб билган пўлатилик ўсмирлар белбоғида ярим нон тугиб олган бўлади. Юзлари қорайган, иссиқ гаремселлар ёриб юборган кафтларига ҳам парво қилмай бутун ўй-фикри ўз даласи билан банд бўлади…»

ЧЎЛДА ҲАМ БОҒ ЯРАШАДИ

Орадан икки ҳафталар ўтиб, вилоят саркотиби Ислом Абдуғаниевич Каримов “Китоб массиви” деб юритиладиган Беруний номли 33-давлат хўжалигига яна ташриф буюрди. Бу сафар қишлоқ хўжалик соҳаларининг чуқур билимдони, олим-раҳбар сифатида воҳа аҳлининг ҳурмат-эътиборини қозониб улгурган Фармон Омоновни ҳам ўзига ҳамроҳ қилиб олганди. Хўжалик раҳбари Амир Тўраев уларни ўзи бош бўлиб, янгидан барпо эттираётган анорзор четида кутиб олди.

Хизмат машинасидан тушар экан, вилоят саркотибининг чеҳраси ёришди. Табиатан ҳар нарсани тез илғаб олиш қобилятига эга директор буни дарҳол сезди.

– Ассалому алайкум, Ислом ака, хўжалигимизга хуш келибсиз, – деди Амир Тўраев вилоят раҳбарига нигоҳини тик боқиб.

– Ваалайкум ассалом, Амирбек, бу дейман ҳамма пахта йиғим-теримига тайёргарлик кўраётган пайти сиз боғ оралаб юрганингизни қандай тушунса бўлади? – саркотиб савол бераркан бирров анорзорни кузатгандек ҳам бўлди.

– Ислом ака, кўнглингиз тўқ бўлсин. Юзингизни ерга қаратмаймиз. Давлат режасини ҳам, олган қўшимча мажбуриятимизни ҳам ортиғи билан бажарамиз. Қарши чўлида фақат пахта эмас, ширин-шакар мева ҳам етиштириш мумкин эканлигини исбот қилмоқчи эдим.

– Хўжаликнинг барча суғориладиган экин майдонлари режа асосида аввалданоқ тақсимланган бўлса, анорзор учун ерни…

Ислом ака, пахта етиштириладиган ерни анорзор учун ажратдим. Сабаби, бу майдоннинг банетети пахта етиштиришга жавоб бермайди. Шўрлик даражаси анчайин ортиқ. Лабораторияда ўзим анализ қилдим. Аммо, бундай таркибли майдонларга айнан анор, беҳи, жийда каби мевали дарахтлар ўстирса бўлади…

– Бу майдондан олишингиз лозим бўлган пахта ҳосилини нима билан қопламоқчисиз? – саркотиб савол назари билан хўжалик раҳбарига қаради.

– Ислом Абдуғаниевич, буни ҳам ҳисоб-китоб қилиб қўйибман. Бошқа майдонлардаги ғўзаларнинг ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига анорзор ўрнидан олинадиган ҳосилни қоплаймиз. Ислом ака, чўлда пахта етиштираётган инсонларга қачонгача Китоб ёки Дашнабоднинг анорини келтириб берамиз? Ўзимизда етиштириб, ўзимизнинг дастурхонимизни обод қилсак нимаси ёмон?

– Жуда тўғри айтдинг! Фикрингга юз фоиз қўшиламан. Бундан кейин ҳар бир гектар экин майдонининг банетети, тупроқ унумдорлиги, унинг донадорлиги, шўрланиш даражаси, ҳисобга олиниб, қайси майдонга қайси экин турини ўстириш мумкин эканлигини аниқлаб олиш вақти етди деб ўйлайман! Бу масалага қаттиқроқ киришилмаса деҳқонлар қийналади. Иқтисод ҳам шунга яраша бўлади. Қарши чўлида янгидан фаолият кўрсатаётган ҳар бир давлат хўжалиги ҳудудида мевали боғлар яратиш учун пахта майдонларини қисқартириш эвазига ер ажратишни аолбатта йўлга қўямиз. Бу масалани юқоридагилар билан ўзим келишаман. Сен эса ишингни давом эттиравер. Бирор муаммо бўлгудек бўлса менга айтасан. Айтганча, анор кўчатларини қаердан олдинг?

– Китоб туманидаги Варганза қишлоғидан келтирдим.

– Тоғли ҳудуддаги кўчатлар чўлда мослашиши учун албатта эҳтиёт чораларини кўргин. Районлаштирганингдан сўнг кўчатчиликни ҳам йўлга қўйсанг, келгусида бошқа хўжаликларгаям кўчат етказиб берасан. Бу ҳам хўжалик иқтисодини кўтаришнинг бир йўли…

Шу куни Ислом Каримов хўжалик марказий қўрғонида бунёд этилган ва қад ростлаётган қурилишларни кўрмоқчи эканлигини билдирди. Улар йўлга тушишди. Саркотиб эринмасдан барча кўчалар бўйлаб атрофни кузатди. Йўл-йўлакай кўплаб ижобий маслаҳатлар берди.

Марказий қўрғондан чиқиб, дала томон йўлга тушишганда вилоят раҳбари атрофидаги пахта майдонларига назар солар экан:

– Амир, бу йилги режаларинг қандай? – деди.

–Ислом ака, насиб этса, бу йил йиллик пахта топшириш режасини ўн иш кунида бажарамиз. Бунинг учун муаммонинг бўлиши мумкин эмас, – деди ишонч билан Амир Тўраев.

Вилоят раҳбари Фармон Омоновга томон бурилди-да: –Ҳеч иккиланмасдан жавоб бераяпти. Амир гапининг устидан чиқадими? – деди кулиб.

–Ислом Абдуғаниевич, Амир гапидан қайтадиганлардан эмас. Далада етиштирилган ҳосил ҳам буни тасдиқлаб турибди, – деди Фармон Омонов йўл четидаги пахтазорларга ишора қилиб.

– Ўн иш кунида давлатга пахта топшириш режасини бажарса, қўшимча мажбурият ҳам берамизми? Кучи қанчага етаркан? – гапни ҳазилга бурди Ислом Абдуғаниевич.

– Ислом ака, хўжаликда аввал ҳам бўлганман. Далада етарлича ҳосил бор. Бемалол икки минг тонна қўшимча мажбурият берса бўлади, – жавоб қайтарди Фармон Омонов.

Вилоят раҳбари энди Амир Тўраевга қаради-да:

– Сени режанг аввалгидек олти минг тонна эмас, саккиз минг тонна! Хўш, энди бизлардан ҳам бирор ёрдам сўрагин, қандай масалада кўмаклашайлик? – деди.

– терим машиналаримиз етарли. Юз фоиз ҳосилни улар ёрдамида териб олишни мақсад қилганмиз. Механизаторларимизга ёрдамчилар керак бўлади. Бундан ташқари, эгатларга тўкилган пахталарни ёғин-сочинга қолдирмасдан териб олиш учун ҳашарчилар ҳам бўлса яхши бўларди. Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаларини бу ишга жалб этишга ёрдам берсангиз бўлади. Қолган ишларни ўзимиз эплаймиз, – деди хўжалик директори кези келганидан фойдаланиб.

– Теримни қачондан бошламоқчисан?

– Бешинчи сентябрлардан.

– Тушунарли, тайёргарлигингни кўравергин, талабалар ҳашарга келади. Сен билан эса ўн бешинчи сентябрь куни гаплашамиз…

Саркотибнинг хизмат машинаси хўжалик идораси қаршисига келиб тўхтади. Шу куни вилоят раҳбари хўжаликдан юқори кайфиятда қайтди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации