Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ХОТИРА ДАФТАРИ

Амир Тўраев “Хотира дафтари” китобининг шу пайтгача қоралаган қўлёзмасини варақлар экан, кўз ўнггида отаси ва Косондаги қабристон масжидида бўлиб ўтган воқеалар гавдаланди. У яна қўлига ручка тутиб, кўнглига келганларини оқ қоғозга тушира бошлади:

“…Отам бир сўзли инсонлар тоифасидан бўлганлиги учун бўлса керак, бошини дорда кўрса ҳам ўз сўзидан қайтмасди. Масжиддаги ярашувдан эътиборан, у дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳақида ўйлаб, Қуролга ҳамиша мурувват кўрсатарди. Қурол эса юзига фотиҳа тортган жой Аллоҳнинг уйи эканлигини тез унутди. Миясида асоссиз фикрлар ғужғон ўйнаб, уни ваҳимага соларди. У “Мен шу билан уларни ишончига кирдим, энди булар менга ишонди” деб ўйларди. Шундан бўлса керак, тез орада Қурол жияни билан биргалашиб, бизлар ҳақимизда турли идораларга бўҳтонли хатлар ёғдира бошлашди. Аксинча, бизлар фотиҳага қўл очганимизда бу қўйган қадамимиз жуда қалтис эканлигини, агар уни бузсак бошимизга мислсиз мусибатлар келтиришини яхши билардик ва ҳис этардик! Шу сабабли ҳам отам бошчилигида бу улуғ даргоҳдаги онтимизни бузмадик.

Биз уларнинг нопок ҳатти-ҳаракатларидан яхшигина хабардор эдик, шундай бўлсада, фақат Аллоҳга топшириб қўяқолдик. Бу ишлардан хабардор баъзи бирлар бизга “Сизлар тўғри йўлни танладинглар, охиригача шу йўлдан бориш керак…” деб маслаҳат ҳам беришарди.

Отам Қуролга ҳам, унинг фарзандлари-ю қариндошларига ҳам меҳр-шафқатни раво кўрарди. Бизлардан ҳам шуни талаб қиларди. Вақт етиб, Қуролнинг бошига тушган мусибатлардан эзилар, “Ҳамма нарса Яратганнинг қўлида-да” деб, тавбатазарруда бўларди. Аллоҳга хиёнат қилиш бандасининг бошига кўплаб мушкулотлар келтиришини отам яхши биларди. Охир-оқибат “дўстларимиз” ўз ҳаётлари давомида турли кўринишда анчайин азият ҳам чекдилар.

Отам Қуролга нисбатан қариндош-уруғ сифатида муомалада бўларди. Айниқса, унинг отасини жуда ҳурмат қиларди. Шу сабали ҳам у кишининг авлодларига бўлган эътибор ва ҳурматлари чексиз эди. Қуролнинг отаси вафот этганда таъзия кунлари отам барча маросимларга бош-қош бўлиб турганини яхши биламан.

Аслида, тинай-тинай деб турган сувни лойқалатиш Қуролдан чиқарди. Афсус, уни ёмон ишлардан қайтаришнинг ҳеч иложи йўқ эди. Қуролнинг қилган номаъқул ишларидан кўпчилик, айниқса, укаси Алишер ва отаси кўп азият чекишди.

Вақт барча воқеликларга аниқлик киритар экан. Ўтган ўтди, қолган қолди. Яратганга ҳамду-санолар бўлсинки, биз ҳозирда уларнинг авлод вакиллари билан жуда иноқ яшаймиз. Борди-келди қиламиз, тўймаъракаларда қучоқ очиб кўришамиз, кўнгил хиралигига сабаб бўлган ўтмишдаги ишларни ёдга ҳам олмаймиз! Бир-биримизга яхши ниятлар билан доимо ҳамроҳмиз. Ният пок бўлса инсонларга инсоф ва диёнатни Яратганнинг ўзи беради.

Кейинчалик орамизда бўлиб ўтган воқеаларни вилоят саркотибига Косон туманининг биринчи котиби Дилшод Жўраевич Тўлаганов сўзлаб берган экан. Вилоят раҳбари отам билан учрашганда “Шовқин кўтармасдан ҳаммасини жой-жойига қўйиб, тўғри қилибсиз. Худога солганингиз ҳам тўғри! Чунки, сиз узоқни кўзлагансиз…” дебди.

ЯНГИ ХЎЖАЛИКДАГИ МАШМАША

Ўзбекистон Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Шароф Рашидов Қашқадарё воҳасига ташриф буюриб, вилоят қишлоқ хўжалиги илғорлари ва мутахассислари билан учрашув ўтказди. Ҳар доимгидек, учрашув сўнгида воҳанинг бир гуруҳ кўзга кўринган мутахассислари билан алоҳида суҳбат ҳам қилди. Навбат Косон туманига келганида у Тўра Орзиқуловга эътиборини қаратиб:

– Тўра ака, “Ленинград” хўжалигини шогирдларингиздан бирига топшириб, ўзингиз чўлда янги ташкил этилган 37-давлат хўжалигига директор бўлиб ўтсангиз. Шу хўжаликни ҳам “Ленинград” хўжалигидек барча соҳаларини ривожлантириб, йўлга қўйиб берардингиз. Ўзингиз қандай фикрдасиз? – деди.

– Мен бу топшириқни бажаришга ҳаракат қиламан. Лекин, хўжаликда ўн минг гектар қуруқ ердан бошқа ҳеч нарса йўқ, Шароф ака, – Тўра Орзиқулов савол оҳангида деди.

– Нажим Ҳамроевич ёрдам беради, деган умиддаман. Шундай эмасми, Нажим Ҳамроевич? – Шароф Рашидов “Ўрта Осиё давлат ҳўжаликлари қуриш” Бош бошқармаси бошлиғига савол назари билан қаради.

– Шароф ака, барча ишлар режадагидек бораяпти. Албатта, ёрдам берамиз, – Бош бошқарма бошлиғи республика саркотибининг гапини маъқуллади.

– Биз сиздан юксак зафарлар кутамиз, эртага обком бюроси сизнинг номзодингизни бу вазифага тасдиқлайди, – область саркотиби Рўзмат Ғойибов ҳам юқорида айтилган фикрларни қувватлади.

– Навбатдаги келганимда албатта 37-давлат хўжалигига бориб, бир пиёла чойингизни ичамиз…, – деб республика раҳбари Тўра Орзиқулов билан самимий хайрлашди.

Орадан бир кун ўтиб, Тўра Орзиқулов топшириққа биноан Қарши чўлида ташкил этилган 37-давлат хўжалигида иш бошлади. Идора ёлғиз кўчма вагонда жойлашганди. Хўжалик раҳбари янги ерларни ўзлаштириш, марказий қўрғонни қуриш, шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, коллектордренаж тизимини лойиҳа асосида яратиш ишларининг боришини эринмасдан, қадамба-қадам ўзи кузатарди.

Аввалроқ 37-давлат хўжалиги ҳудуди орқали Россияга ўтиши керак бўлган “Муборак-Марказ” газ қувурини ётқизиш учун йирик ҳажмдаги кўплаб метал қувурлар янги ўзлаштирилган экин майдонлари оралаб ташлаб кетилган бўлиб, ўша кунлари қувур ўрнини қазиш, уларни бир-бирига пайвандлаш ва ётқизиш ишларини бажариш мақсадида юзлаб техникалар келтирила бошланди. Дала кезиб юрган хўжалик директори газчиларнинг раҳбаридан бу ишни қонуний амалга ошириш учун Косон тумани ижроқўми қарори, тегишли ҳужжатлар, шунингдек, келтирилган зарарни қоплаш тўғрисида шартномаларни талаб қилди. Улар эса талаб қилинган бирорта ҳам ҳужжатни кўрсатиша олишмади. Натижада газчиларнинг фаолияти тўхтатилди. Орадан кўп вақт ўтмасдан, қувур ётқизиш масаласини ҳал қилиш мақсадида Республика газ саноати министри москвалик вакил билан 37-хўжаликка келишиб, директорга учрашишди ва улар бу ишни давлат аҳамиятига эга эканлигини тушунтиришга киришишди.

– Кечирасизлар, бирингиз министр, бирингиз Москвадан келган катта вакилсизлар! Хўш, сизлар давлат учун ишлаётган бўлсангизлар, нима, бизлар ўзимиз учун ишлаяпмизми?! Гап битта, қувур ётқизиш ишларини керакли ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг бошлайсизлар! Хўжалик ҳудудида ноқонуний иш олиб боришларингга рухсат бермайман! – деди Тўра Орзиқулов дангалига кўчиб.

– Ия, бу қизиқ одам эканку?! Газ қаерга бораётганини биласанми, ўзи?! Бу ишинг учун сен ишдан бўшатилиб, партиядан ўчириласан, керак бўлса қамоққа ҳам тушасан, тушундингми?! – деркан, ғазабдан москвалик вакилнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

Хўжалик раҳбари ҳам бўш келмади. Ўзини бир оз ўнглаб олгандек бўлди-да, вакилга қараб:

– Москвадан келдим деб бу гапларни менга ўргатма! Сен олдинига нима қилаётганингни, нима даб валдираётганингни тушуниб етгин, калта фаҳм! Газни қаерга олиб бораётганингни жуда яхши биламан! Аммо, сен ҳам пахтани қаерга боришини билиб олсанг яхши бўларди! Мени қамоқ билан қўрқитмагин! Мана шу давлат хўжалигидаги барча ишларга раҳбарлик қилиш менга топширилган. Москвадан сенга ўхшаган “мўътабар” одамлар кўп келиб кетишган. Қорнинг оч бўлса чой қилиб берай! Ишга келсак, келтирилган зарар харажатларини тўлиқ қоплаганингдан сўнг иш бошлайсан, тушундингми?! – деди. Сўнгра Тошкентдан келган министрга ўгирилиб: – Сиз бу ишларни қонун бўйича олиб борилиши кераклигини яхши биласиз-ку? Билиб туриб, буни нега олакишлайсиз?!

Тортишув натижа бермагач, вакиллар Тошкентга қайтишди. Масала катталашиб, Республика Марказқўмининг қурилиш ишлари бўйича котиби Анисимкингача етиб борди. У москвалик вакилнинг кўз ўнгида Қашқадарё обкомининг қурилиш бўйича котибига телефон қилиб, “…”Муборак-Марказ” газ қувури ётқизиш ишларини Косон туманидаги 37-давлат хўжалиги раҳбари Тўра Орзиқулов деган одам тўхтатиб қўйибди. Биласанми, у давлат учун муҳим бўлган ишга қаршилик қилаяпти! У партия ишларига қарши одам, уни тезда ишдан олиб, партиядан ўчириш керак!…” дея ўшқирди.

Обком котиби Мақсуд Гулмирзаев кутилмаган ўшқириқ ва масалани қатъий қўйилишидан бир оз шошиб қолди. Боз устига ўзининг бу лавозимга Тошкентдан янги келгани, областдаги хўжалик ва корхоналарнинг раҳбарларини ҳали тўлиқ таниб улгурмагани ҳам ҳалақит бераётганди. Тўра Орзиқуловни эса буткул танимасди. Марказқўм котиби билан ўйнашиб бўлармиди?

Мақсуд Гулмирзаев столи устидаги телефон гўшагини кўтариб, телефончи қизлардан қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғини сўради.

– Салом Амиржон, бир муҳим иш чиқиб қолди. Тезда хонамга келсангиз… – обком котиби гўшакни жойига қўйди.

Юз берган воқеадан хабарсиз Амир Тўраев обком котибининг хонасига кираркан, “Тинчликми, Мақсуд Гулмирзаевич?!” деди. “Тинчлик бўлганида сизни бу ерга таклиф этармидим, Амиржон! Ўтирингчи.” Обком котибининг рангида ранг йўқ эди, ўша дақиқаларда. Гапларининг бир-бирига қовушмаётганидан ҳам унинг ҳаяжонга тушаётгани сезилиб турарди.

– Амиржон, сиз Косондаги 37-давлат хўжалиги директори Орзиқулов Тўрани биласизми? – деди бир оздан сўнг Мақсуд Гулмирзаев.

– Мақсуд Гулмирзаевич, областда 250 та хўжалик раҳбари бор, ҳаммасини билиш қийин, албатта, – Амир Тўраев ҳушёр тортганча мавҳум жавоб қайтарди.

– Марказқўм котиби Анисимкин ҳозиргина мени у ёқдан бу ёққа олиб бориб, олиб келди. У “Орзиқуловни тезда ишидан бўшатиб, партиядан ўчирасан, ҳужжатларни Марказқўмга жўнатасан, у “Муборак-Марказ” газ қувурини ўтказишга қаршилик қилаяпти, у одам давлат ва партия ишига қарши” деди. Ҳатто, бу ишни кечиктирсам, Анисимкин мени ҳам жазоламоқчи! – обком котиби ҳаяжон билан Амир Тўраевга тикилди.

– Мақсуд ака, сиз айтган одамнинг партбилети иккита эмасдир. Қурувчилар томонидан бирор-бир жиддий камчиликларга йўл қўйилган бўлса керак. Бу масалани ўрганиб, сўнгра қарор қабул қилиш лозим. Шунча ишни қилган одамнинг қўлида бирор асоси бордир, – кулиб қўйди Амир Тўраев.

– Бўлмаса, Амиржон, директорни зудлик билан чақиртиринг, обкомга етиб келсин.

– Мен у одамни чақиртираолмайман. Сиз ёки мен чақиртирганимда бу ерга келмайди ҳам. Яхшиси, ишни жойига бориб ҳал қилиш керак. Ким айбдор бўлса жазолаш лозим. Яна бир маслаҳат, бу масалани Рўзмат Ғойибов билан келишиб ҳал қилсангиз яхши бўларди, – деди Амир Тўраев ўрнидан қўзғалиб. Унинг гаплари обком котибига маъқул келди шекилли, очиқ чеҳра билан хайрлашди.

* * *

Амир Тўраев хонасига қайтиб, иш столи устидаги ҳужжатларни тартибга келтира бошлади. Шу пайт вилоят саркотиби билан боғланадиган телефон жиринглаб қолди. Телефон гўшагидан Рўзмат Ғойибовнинг “Тезда қабулимга келгин” деган таниш овози эшитилди.

Саркотибнинг хонасида обком котиблари Иван Иосифович Головачёв билан Мақсуд Гулмирзаевлар ўтиришарди. Саркотиб Амир Тўраевни ҳам уларнинг қаторида ўтиришини таклиф этди-да, саволга тута бошлади:

– Сиз 37-давлат хўжалиги директори Тўра Орзиқуловни биласизми?

– Ҳа, танийман.

– Хўш, нега у давлатимиз учун муҳим бўлган “Муборак-Марказ” газ қувурини ўтказишга қаршилик кўрсатаяпти? Масалани Марказқўм котибияти муҳокама қилаяпти. Москвадан келган вакилга Тўра Орзиқулов “Пахта қаерга боради, шуни биласанми?” деб савол берибди. “Шуни билсанг, газ қувуринг ўтади”, ҳам деганмиш…

– Мени бу гаплардан хабарим йўқ. Буларнинг барчаси тасдиқланмаган гаплар. Бу масалани ўз жойида, ҳар иккала томон вакиллари иштирокида ўрганиб, директор айбдор бўлса жазолаш керак, – деди Амир Тўраев шошмасдан. – Лекин, директорнинг ҳам қўлида бирор асоси бўлса керак. Манимча у асоссиз иш тутмайди.

Рўзмат Ғойибов Иван Иосифовичга қараб:

– Амир Тўраевич яхши маслаҳат бераяпти. Иван, сен комиссия раисисан, Гулмирзаев ҳам сен билан бирга боради. Керакли кишиларни олиб, газ қувирини ўтказаётганлар билан хўжалик директорини юзлаштиринглар. Масалани ойдинлаштириб, сўнгра уни обкомнинг навбатдаги бюросига киритинг. Икки соат ичида ҳамма гап-сўзларга ойдинлик киритиш лозим, – деди.

– Рўзмат Ғойибович, Амир Тўраев ҳам бизлар билан бирга борсин…

Обком саркотиби Иван Иосифовичнинг гапини бўлди:

– Амирнинг бу ерда қиладиган зарур иши бор. Сен Хурсанд Тошев билан бирга борасан.

– Тушунарли, Рўзмат Ғойибович.

* * *

Иван Иосифович бошчилигидаги комиссия аъзолари газ қувури масаласини жойига бориб ўрганишди. Ҳар иккала тараф вакиллари ўз қарашлари, фикр-ўйларини рўй-ростига ўртага ташлашди. Газчиларнинг ноқонуний иш тутишаёгани кўриниб турган бўлсада, Иван Иосифович негадир буни тан олмади. Бу ҳаттиҳаракатдан норози бўлган Тўра Орзиқулов:

– Иван Иосифович, агар газ марказга борса, биз етиштираётган пахта қаерга боради?! Газ қувури қурувчилари ватанпарвар бўлишса, биз киммиз?! Мамлакатда қонун-қоида ҳамма учун бараварку! Ёки биз мамлакат манфаатларини ўйламаяпмизми?! Бундан чиқди, газ қувури қурувчилари қилаётган қонунсиз ишларни кўриб, биз қўлларимизни кўксимизга қўйганча, “Тўғри қилаяпсиз”, деб туришимиз керак эканда?! – деди кўнглидаги борини тилига чиқариб.

Обкомнинг иккинчи котиби Иван Иосифович хўжалик директорининг саволларини гўё эшитмагандек, Косон туман саркотиби Дилшод Тўлагановга юзланиб:

– Бугуноқ райкомнинг бюро йиғилишини чақиринг! Масала битта, Тўра Орзиқуловнинг давлат манфаати учун қилган нотўғри ҳатти-ҳаракатлари муҳокамаси, тушунарлими?!

– Тушунарли, Иван Иосифович, – деди район саркотиби.

* * *

Бюро йиғилишида биринчи сўз Тўра Орзиқуловга берилиб, юз берган воқеаларни тўлиқ баён қилиниши сўралди. У ўрнидан туриб, аввал айтмаган гапларини ҳам шу ерда тўкиб солди:

– … Биринчидан, “Муборак-Марказ” газ қувури қурилишини тўхтатишни сиёсий масала қилиб, қишлоқ хўжалигида ишлаётган фуқароларнинг меҳнатини ерга уриш, бу адолатдан эмас! Иккинчидан, газ қувури қурувчилари пахта далаларимизни бузиши, экин майдонларига оғир техникаларни киритиши ҳақида хўжалик раҳбарияти, вилоят ва туман раҳбарларини олдиндан хабардор қилмаган. Ўз олдиларига қўйилган вазифаларни бажариш учун давлат хўжалиги ерининг маълум қисмини ажратиш тўғрисида қўлида бирорта ҳам қонуний ҳужжати, туман ижроия қўмитасининг қарори йўқ! Учинчидан, газ қувурларини техникага ортиш ва тушириши натижасида ўн бир километрлик масофада бизнинг режалаштирган 220 гектарлик пахта майдонимиздаги ғўза кўчатлари яксон қилинган! Экин далаларига сув оқизиладиган юзга яқин бош суғориш шохобчалари бузилиб, олтита коллектор, қирқ бешта ёпиқ дренаж кўмиб ташланган. Уларнинг ўзбошимчалик билан қилинган бу ҳатти-ҳаракатлари билан хўжалигимиз иқтисодиётига миллионлаб сўм зарар етказилган. Бу эса, давлатга зарар етказилган деган гап! Тўртинчидан, мен ушбу масалани туман ва вилоят раҳбарларига, шахсан Б.Кунченкога, ҳатто “Ўрта Осий давлат хўжаликлари қуриш” Бош бошқармаси раҳбариятига расмий хат жўнатиб, маълум қилганман!

Хўжалигимиз иқтисодиётига келтирилган зарарларнинг ҳажми аниқланган, лекин бирорта ташкилотдан жўяли жавоб олганим йўқ, тўғрими ўртоқ Тўлаганов?! (Туман саркотиби “Тўғри” деб жавоб қайтарди). Бешинчидан, Москвадан келган вакилга алам қилмасин, мен унга техникангни хўжалигимиз экин майдонларидан олиб чиқ, деб тўғри танбеҳ бердим. “Мени партиядан ўчира олмайсан, мени 1938 йиллардагидек турмада чиритаолмайсан, мен Файзулла Хўжаев эмасман, сен аввал пахта нима эканлигини билиб келгин, сўнгра ўйлаб кўрамиз”, дедим. Бу гапларимдан қайтмайман, оғир ботган бўлса пахтамизни ҳам қандай аҳамиятга эга эканлигини билиб олсин, ўзига яхши бўлади! Олтинчидан, мен туманнинг бюро аъзоларига шуни маълум қиламанки, газ қувури қурувчилари хўжалигимизга етказган зарарни тўлиғича қоплаб беришлари шарт! Коллектор, дренаж ва барча суғориш шохобчаларини тикланиши хўжалигимиз учун жуда ҳам муҳимдир. Туман ижроқўми улар учун ер ажратиш тўғрисида барча томонларни ҳисобга олиб, қонуний қарор қабул қилиши лозим. Ана шундагина хўжалигимиз ҳудудида газ қувури ётқизиш ишлари бошланади! Пешонамдан отган тақдирда ҳам, қонунсиз ишлашларига йўл қўймайман. Қандай жазо берсангизлар мен тайёрман! Ўрнимга янги директор тайинласангиз, қўлимни кўксимга қўйиб, рози бўламан, Иван Иосифович!..

Тўра Орзиқулов сўзини тугатди. Йиғилиш иштирокчилари жим, бирортаси бир оғиз гапиришдан чўчиб туришарди. Сабаби, газ қувури қурувчилари томонидан хўжалик ҳудудидаги ўпирилган лотоклар, кўмилган коллекторлар ва дренажлар, яксон қилинган пахта майдонларининг фототасвирлари ҳар бир бюро аъзосининг қўлида турганди.

Бюро йиғилиши иштирокчилари муҳокамага ўтишди. Давлат хавфсизлик қўмитаси область бўлими бошлиғи муҳокамага чиқиб:

– Ҳозиргина Тўра Орзиқулов баён этган барча воқеалардан тўлиқ хабардорман. Бу ишда хўжалик раҳбарияти тўғри йўл тутган. Қурувчиларнинг қонунга хилоф равишдаги ҳатти-ҳаракатлари хўжаликка каттагина иқтисодий зарар келтирган. Хўжалик директорининг “Сен айтчи, пахта қаерга боради?” деган гапида сиёсий хато йўқ. Пахта ҳам, газ ҳам давлат учун катта аҳамиятга эга эканлигини айтиб, тўғри йўл тутган, аммо у жуда қўполлик билан Тошкентдан келган министрга “Сиз нега уни олакишлайсиз?” деб, Москвадан келган вакилни итга ўхшатган. Қисқаси, газ қувури ётқизиши керак бўлган ташкилот ўз ишини давом эттириши учун аввало, қонуний ҳужжатлар тайёрлаши ва етказган зарарини қоплаши шарт! – деб сўзига якун ясади.

Бюро йиғилиши бутунлай тескарисига айланди. Тўқсон тўққиз фоиз иштирокчи хўжалик раҳбарининг ҳаракатларини маъқуллади. Йиғилиш сўнггида Тўра Орзиқулов ўрнидан туриб, “Ўртоқлар, биз ўзбекларда қанчалик қўпол кўринсада, икки томонни уриштирадиган одамга “Ўзингни бос” деган маънода “олакишлама” ҳам дейилади. Мен бу сўзни Москвадан келган вакилни ҳақорат қилиш учун эмас, балки министрни ноўрин ҳаракатини ўзбекона баҳолагандим, холос” деб тушунтирган бўлди.

Ўша куни бюро Тўра Орзиқуловга партиявий жазо бермади. Бюро қарори тасдиқланиб, Республика Марказий Қўмитаси ҳамда вилоят партия қўмитасига жўнатилди. Натижада газ қувури қурувчи ташкилоти 37– давлат хўжалигига келтирган барча зарарини тўлади. Шу йили 220 гектар пахта майдони экиш режасидан чиқарилди.

ОЛАКИШ

Ҳар қандай қалтис дамда ҳам ўзининг ҳақлигини кўрсатиши билан Тўра Орзиқулов кўпчиликнинг назарига тушган эди. Газ қувури воқеаси тинчигандан сўнг область саркотиби Рўзмат Ғойибов Тошкентга борганида Давлат хавфсизлик хизмати қўмитасининг хати ва бюро қарорини Шароф Рашидовга ётиғи билан тушунтирди. Республика Марказий Қўмитасининг саркотиби анчайин хаёлга чўмгандек бўлди-да:

– Рўзмат Ғойибович, бориб айтинг, хўжалик раҳбари ўзбек пахтасини қаерга боришини билмаган марказдан келган вакилга жуда тўғри тушунтирибди. “Олакиш” деган сўз мутлақо ўзбекча, кундалик ҳаётда қўлланиладиган оддий сўз ҳисобланиб, бирор бир инсонни камситиш учун ишлатилмайди. Бу сўз ўйинидан бошқа нарса эмас. Айтинг, хўжалик раҳбари ишларини зўр қилиб бажараверсин, Қашқадарёга ўтганимда, албатта, жамоа фаолияти билан танишаман. Аввал ҳам ваъда қилганман. Тўра Орзиқуловга ўхшаган ҳалол раҳбарларни ҳимоялаб, тўғри иш қилгансиз, – деди.

Тўра Орзиқулов сиёсатни яхши билар, арзимаган нарсадан сиёсий масала ясашларини ҳам тушунарди. Шунинг учун бўлса керак, номаъқул ишлардан узоқроқ юришга ҳаракат қиларди.

Тошкентдан қайтган область саркотиби Рўзмат Ғойибов Шаҳрисабз ва Китоб туманларига борадиган бўлди. Ўзига Амир Тўраевни ҳамроҳ қилди. Йўлнинг анча қисмигача ҳар иккаласи ҳам жим боришди. Ниҳоят, саркотибнинг сабри чидамади шекилли:

– Амир, “олакиш” дегани нимани англатади? – деди.

Амир Тўраев негадир индамади.

– Гапир, – деди саркотиб.

– Рўзмат Ғойибович, мана, Яккабоғ районидаги “Қизил Ўзбекистон” жамоа хўжалиги ҳудудига ҳам етиб келдик. Раис Бекназаров билан райком котиби Сами Боқиев кутиб ўтирган кўринади, – Амир Тўраев гап мавзусини бошқа томонга бурди.

Вилоят саркотиби унинг устамонлигига тан бериб, мийиғида кулиб қўйди. Бир оз юриб, шофёр машина тормози босқичини босди. Шундоққина йўл четида туман ва хўжалик раҳбарлари уларни кутиб туришарди. Рўзмат Ғойибов машинадан тушаётиб:

– Амир, пайкалга кириб кўргинчи, ғўзаларда нечтадан бўлиқ кўсак бор экан? – деди.

Амир Тўраев район раҳбарлари билан ҳол сўрашиб, пахтазор оралаб кетди. Область саркотиби раисдан ғўза қатор орасига ишлов берувчи механизаторни чақиришни, туман саркотибидан эса шу кунгача қанча сабзавот ва полиз маҳсулотлари топширилганини сўради.

Туманда олиб борилаётган ишлардан кўнгли тўлган вилоят саркотиби улар билан ҳайрлашиб, машина ўриндиғига жойлашиб ўтирди. Амир Тўраев ҳам ўз жойини эгаллади. Машина яна ҳаракатга келди.

– Хўш, Амирбек, “олакиш”ни тушунтирмадинг-ку? – деди кулиб Рўзмат Ғойибов.

– “Олакиш” дегани аслида айнан итлар учун ишлатилади, Рўзмат Ғойибович. Масалан, бегона одамми, бирор ҳайвонми ҳовлига ёки пайкалга кирса, уй эгаси итига қараб “олакиш, олакиш…” дейди. Шунда ит югуриб бориб, ўша одам ёки ҳайвонни қувишга ёки қопишга тутинади…, – деб, Амир Тўраев тушунтиришга киришди.

Унинг гапларини эшитган вилоят саркотиби маза қилиб куларкан:

– Отанг Москвадан келган вакилни роса боплаган экан-да? – деди.

Ўша куни Амир Тўраев 2-Жаҳон урушида Воронеж бўсағасидаги жангларда иштирок этган Рўзмат Ғойибовни қизил империяга ишонмаслигини, ўз миллатини чин дилдан севишини биринчи бора ҳис этганди.

– Отангни калласига бу фикр қаердан келди экан-а? Ана у министрга ҳам ҳайронман, шу гапни кўтариб юриш унга нимага керак бўлди экан? Ўша куни Иваннинг ҳам Косондан капалаги учиб келганди, отанг тўғри иш тутган, – деди Қаршига етиб келгач, машинадан тушаётиб Рўзмат Ғойибов.

* * *

Амир Тўраев акаси раҳбарлик қилаётган Кўкдала районига йўл олди. Ака-ука дилдан суҳбатлашишди. Укаси отаси тайинлаган гапларни, сўнгги вақтларда республика ва область ҳаётида юз бераётган кўнгилсиз воқеалар ҳақида билганларини ипидан игнасигача эринмасдан сўзлаб берди. Ўз ишида ҳушёр бўлишлигини қайта-қайта тайинлади.

Акаси унга пахта режасига қўшиб ёзиш ва пул ишларига аралашмаётганлиги, кундалик пахта топширишда қонуний топшириқлар бераётгани, терим графиклари ҳам имкониятдан чиқиб тайинланганлиги, пахта қабул қилиш пунктларидаги тарозибонларни мутлақо танимаслиги, завод кимни қўйган бўлса ўша одам ишлаётганлигини айтди. Хўжалик раҳбарлари қўшиб ёзиш борасида гапирадиган бўлса, “Мен сенга айтдимку, пахта ҳосили етарлича етиштирилган, одамлар ва терим машиналарни сафарбар қилиб, ҳар бир машинага, керак бўлса ҳар бир теримчига алоҳида-алоҳида топшириқ бериб, теримни ташкил қилгин, лозим бўлса терим баҳосини ошир, мукофотлашни, кундалик пул тарқатишни йўлга қўйгин, деган топшириқни каттакичик йиғилишларда таъкидлаётганини укасига билдирди.

Акасининг ишларидан кўнгли тўлган Амир Тўраев Қаршига қайтди. Лифтдан юқори қаватга чиқаётганида уни вилоят саркотиби сўроқлаётганини айтишди. У ўз хонасига ҳам кирмасдан қабулхонага бориб, ёрдамчига учрашди.

Амир Тўраев саркотибнинг қабулига кирганида Рўзмат Ғойибов Республикада бошланган шов-шувдан кўнгли хижил тортиб турганди. Уни кўриб сал ўзига келгандек бўлди.

– Амир, қаерларда юрибсан? Бир соатлардан буён дараклайман. Қаерда эканлигингни ҳеч ким билмайди. Мендан узоқлашма, сен билан фикрлашсам, негадир кўнглим ёзилади… Қани айтчи, сен вакил бўлган туман статистикасида қанча пахта қўшилган? – деди саркотиб ҳушёр тортгандек бўлиб.

– Топширилган пахта билан туман статистикаси ўртасида фарқ бўлмаса керак.

– Фарқ бўлса ҳам тезлик билан қоплаш керак, вазият жуда таранг. Москвадан Сиёсий бюро аъзоси Капитанов Тошкентга келиб, катта гуруҳ ташлабди. Шароф Рашидов унга “Бизда терилган олти миллион тоннага яқин пахта очиқ ҳавода сақланади. Уларнинг устини ёпишни имконияти ҳам, ёпиш учун айвонлар қуришга маблағ ва лойиҳа ҳам мавжуд эмас. Ёғин-сочинлар эса пахта сифатини ёмонлаштиради ва сифатли тола чиқишига салбий таъсир кўрсатади. Бу масалада Ўзбекистонга ёрдам берилиши, ип йигирадиган, мато тўқийдиган, кийим тикадиган замонавий фабрикалар қуриш керак, деган масалани қўйибди. Бундан ташқари, ишлаб турган заводлардаги ускуналар эскириб кетган, урушдан кейинги йилларда қурилган заводларнинг технологиялари пахтадан тола олишда кўплаб қийинчилик келтириб чиқараяпти. Имкон қадар пахта териш ва қайта ишлаш саноатини такомиллаштириш, мавжуд пахта заводларидаги технологияларни модернизациялаш керак деб, масалани Капитонов билан кескин ва дадил муҳокама қилибди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации