Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 23

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 23 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Шифокорлар анализ қилишиб, “Гемоглабини 35 га тушиб қолибди, 1-груҳ қон керак” дейишди. Ўшанда тескарисига олиб, 1-груҳ қон топилмади. Амир Тўраев шифокорларга қараб, “Бунга бир нима бўлгудек бўлса, мени юргулигим қолмайди!” деди-да, ташқарига чиқиб кетди. Ярим тунда қўлига қон тўла икки плафонни ушлаганча палатада пайдо бўлди. Барча танишбилишларига қўнғироқ қилиб, қонни Чирчиқ шаҳридан топиб келтирган экан.

“Роса қийналибсизда” десам, у менга қараб “Сизга бир касофат юз бергудек бўлса, мен Пўлатига қайси юз билан борардим! Энди албатта соғайиб кетасиз…” деди кўнгли жойига тушгандек. Амирнинг саъйи-ҳаракатлари баҳона тез орада шифохонадан чиқдим. Ўша-ўша ҳозиргача беморланганим йўқ. Минг афсуслар бўлсинки, дўстим ўзининг дардига даво топаолмасдан, оламни эрта тарк этди. Унинг орамиздан эрта кетиши дўстлари, фарзандлари, айниқса, қишлоқдошлари учун катта йўқотиш бўлди.

* * *

Мен таниқли шифокор ва ижодкор Алижон Зоҳидийнинг тиббиёт фанлари доктори, профессор, Республика Болалар бош уролог-нефрологи Жуманазар Бекназаров ҳаёт-фаолияти тўғрисида каттагина китобини яқинда ўқиб чиқарканман, хаёлимдан “Қани энди, дўстим Амир Тўраев тўғрисида ҳам китоб ёзадиган бирор одам топилса эди” деган ўй ўтганди. Илтижомни Аллоҳ қабул қилган экан шекилли, ажаб эмас, тез кунларда бу китоб қўлимизга тегса.

САНЪАТ ҲОМИЙСИ

Шоназар ҲАМРОЕВ,

собиқ “Марҳабо” халқ бадиий ансамблининг раҳбари.


Қаршиқурилиш” ҳудудий Бош бошқармаси ҳузурида ўтган асрнинг тўртинчи чорак бошларида ташкил этилган “Марҳабо” халқ бадиий ансамбли ўзининг ранго-ранг қўшиқ ва рақс дастурлари билан собиқ иттифоқ миқёсида танилиб улгурган эди. Ансамбль жамоаси, ҳатто Тошкент ва Москва телевидениелари орқали ўнлаб бора махсус чиқишлар қилиб, Германия, Голландия, Польша каби мамлакатларда гастролда ҳам бўлишганди. Ансамблимиз доимо чўлқуварларнинг хизматида эди.

1987 йилга келиб, “Қаршиқурилиш” ҳудудий Бош бошқармасининг мавқеи пасайганлиги оқибатида ансамблимизга ўз фаолиятини тўхтатиш хавфи туғулди. Бундан хабар топган Амир Тўраев жамоамизни тўлиғича ўзи раҳбарлик қилаётган 33-давлат хўжалиги оталиғига олди ва ҳомийлик қила бошлади. Ҳатто, бир оз муддат ўтиб, ансамблимизни хўжалик ҳисобидаги жамоага айлантирди. Бизлар ўз фаолиятимизни қийналмасдан давом эттира бошладик.

Амир Тўраев ўша йиллари ансамблимизни лозим бўлган барча жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаганди. Бу эътибор биз санъаткорларга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Янги-янги дастурлар тайёрлаб, пахтакор ва чорвадорлар ҳузурида тез-тез концертлар қўйдик. Бошқа туман хўжаликлари, ҳатто қўшни Тожикистон Республикасининг Турсунзода шаҳрига бир неча бора гостролларда бўлиб қайтгандик. Машҳурлигимизни санъат шайдоси ва фидойиси бўлмиш Амир Тўраев раҳбарлик қилаётган 33-давлат хўжалиги жамоасининг кўмагида қайта тикладик.

Жамоамиз вилоят ва республика кўрик-танловларида иштирок этиб, бир неча бора биринчи ўринларни эгаллаганди. Муваффақият изидан муваффақиятларга эриша бошладик. Сабаби, Амир Тўраев жамоамиз учун керак бўладиган барча шароитларни яратиб берганди. Ўшанда 33-давлат хўжалигига қарашли бадиий ансамбль сифатида Республика телевидениесидан қирқ беш минутлик концертимиз намойиш этилган эди.

Амир Тўраев баъзан хизмат машинаси ҳайдовчисига жавоб бериб юборарди-да, “Шоназар, кутиб тургин, кечки муҳокама-йиғилишимиздан сўнг Қаршига бирга кетамиз” дерди. Ярим тунда бирга қайтардик. Эртаси хўжаликка борганимда у ердагилар менга “Шоназар, кечаси соат бирлардан кейин Амир Тўраев сиз билан Қаршига кетганини ўзимиз кўрган эдик, лекин эрталаб соат бешларда хўжалик марказидаги кўчаларни тартибга келтириш ишларига бош-қош бўлиб юрган экан. Бу одам қачон ҳордиқ чиқараркан-а?!” дейишарди, ҳайратларини яшираолмасдан. Амир ака ана шундай тиниб-тинчимас инсон эди.

Бу инсон ростакамига санъат шинавандаси эди. Бирор юмуш билан машинада кетаётганимизда овозини баралла қўйиб, мумтоз қўшиқлардан бирини куйлай бошларди. Мен эса индамасдан рулни бошқариб бораверардим. Қўшиқ тугагач, Амир ака менга қараб, ”Шоназар, овозим қандай?” дерди. Мен эса ҳазиллашиб “Эшитса бўлади” деб қўярдим. Шунда Амир ака чуқур нафас олиб, “Армон, санъаткор бўлмадим-да. Санъаткор бўлганимда ичимдаги барча дардларимни қўшиққа солиб, чиқариб юборган бўлардим. Ҳар ҳолда мана шу ҳиргойи қилишим ҳам менга анчайин ором бағишлайди…” дердилар афсусланиб.

Қайси бир куни иккаламиз суҳбатлашиб турганимизда “…Шоназар, бийдек чўл бағрида шаҳарча барпо этдик. Хўжалик ҳудудининг кириш қисмида каттагина мевали боғ ҳам юзага келтирдик. Эндиги мақсадим эса хўжалик маркази атрофида пахта тозалаш ҳамда чигитни қайта ишлаш заводларини қуриб, ишга туширишдир. Агар шу ишларни амалга ошираолсам, хўжалигимиз марказидаги йўллар обод бўлади, ўзўзидан ичимлик суви ҳамда оқма табиий газ қувурлари тортилади. Саноатнинг кўплаб тармоқлари қишлоғимизга кириб келади, юзлаб иш ўринлари яратилади, одамларимиз эса бундан-да яхши яшайдилар!” деганди Амир ака орзулар уммонида сузгандек.

Ўзим гувоҳман. Хўжалик марказида ўша йиллари миллий кўринишдаги чойхона, маиший хизмат уйи, мактаб, ҳаммом, ҳатто масжид биноси қурилган эди. Қорамолчилик фермасида энг замонавий ускуналар ўрнатилган бўлиб, сут соғувчилар оппоқ халатларда оққуш мисол қадам ташлашар, сигирларни автоматлар ёрдамида соғишарди. Сабаби, бу ютуқларнинг барчасида ишнинг кўзини биладиган олим-раҳбар Амир Тўраевнинг ҳиссаси катта эди.

Ҳаётда кутилмаган воқеалар рўй бериши мумкин экан. 1993 йилнинг бошида хўжалик раҳбари кутилмаганда вазифасидан бўшатилди. Кўп ўтмасдан “Марҳабо” халқ бадиий ансамблимиз ҳам ўз фаолиятига якун ясади. Хўжаликдаги ютуқлар эса секин-аста хира торта бошлади. Ўшанда тадбиркор шахс жамоада қандай ўрин тутишини Амир ака мисолида тушуниб етгандим.

Бир сўз билан айтганда, Амир Тўраевни қишлоқ хўжалиги, иқтисод, маънавият, маданият ва санъатнинг ҳақиқий фидойиси эди дегим келади. На илож, устозимиз орамиздан эрта кетди. У киши орзу қилгану, аммо етиша олмаган армонларига эндиликда фарзандлари етишсин дейман.

БАРҲАЁТ УМР ВА МАНГУЛИК

Назр ЎРАЗМАТОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори


Айтишларича, Луқмони Ҳакимнинг олдига бир гуруҳ кишилар меҳмон бўлиб келишибди. Ундан ҳикматга оид нарсаларни сўрашиб, улардан бири:

– Эй ҳаким, сен фалон ерда чўпонлик қилган киши эмасмисан? – деб сўрабди.

– Ҳа, ўша чўпонман, – дебди Луқмон, – ҳозир сен кўриб турганингдек ҳакимман.

– Бу даражага қандай эришдинг? – сўрабди яна у.

Луқмони Ҳаким унга:

– Тўғри сўзлашдан, одамларга яхшилик қилишдан, қийинчиликларга мардона чиқишдан, ўзимни барчадан кам олишдан, – деб жавоб қайтарган экан.

Қашқадарё воҳаси, унинг фидойи, камтарин ва бардошли меҳнаткаш халқи ва устозлари тарбиялаб вояга етказган, эли ва Ватанига садоқатли чин инсон Амир Тўраев(мен учун у “Амирим”, мен эса унинг учун “Назр ака” эдим) фақат вилоятида эмас, республикамизнинг ҳурматга сазовор инсони эди.

1998 йилнинг баҳори, тўғрироғи май ойи – инсон ҳаётидаги жўшқин яшариш дамларида “Дўрмон” ёзувчилар қароргоҳининг сўлим ва салқин гўшасида Республикамиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасининг етакчи олимлари вакиллари жам бўлишди. Ушбу тўкин дастурхон атрофида ёзувчи ва шоирлардан Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуфлар билан биргаликда мароқли кун ўтказилди. Олимлар ва ёзувчиларни ҳамфикрлик асосида юқори кайфият билан ушбу кунни ўтказишда бевосита ўз хизмати ва ҳозиржавоблик, илиқлик, шўх кулгили ҳазиломус сўзлари билан қорачадан келган, серғайрат, шахдам қадамли, ўта олийжаноб ва камтаринлиги юзкўзидан сезилиб турган инсон Амир Тўраев билан танишиб, кейинчалик дўст тутуниб, бу инсон ҳаётининг сўнги кунларигача ҳамсуҳбатлигимиз давом этди.

Манбаларда ёзилишича, Жолинус вафот этган пайтда унинг чўнтагидан бир хат чиқади. Унда қуйидаги сўзлар битилган экан: “Яхши одам ушбу дунёни тарк этса-да, бироқ у тирик ҳисобланади. Ёмон одам тирик бўлса-да, барибир ўлик қаторидадир”. Шундай экан, мен учун Амир Тўраев абадий барҳаёт, унинг ҳаёт йўли Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшаётган улуғвор зиёли инсонларга ўрнак бўлиши муқаррардир. Бундай инсонлар билан мулоқотда бўлишликни ўзи тарбия жиҳатдан ҳар бир шахс – инсонларни улуғликка бағишлайди. Айниқса, муомала маданияти, бу инсонни қандай оила муҳитида тарбия топганлигига ишора эди.

“Амирим” ҳақида чексиз яхши фикрлар билдириш мумкин: оқибатли, яхшиликни унутмайдиган, атрофидагиларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзадиган, камтаринликда мислсиз, одамохун ва халқчиллик хислатлари, ҳам оддий, ҳам чинакам инсон сифатида ҳурмат билан доимо қалбимда сақлаб, унинг аждоду авлодлари ва фарзандларига поклик билан Қуръон оятларини тиловатлар қилиб туришликларини Яратганнинг ўзи уларнинг қалбига солишини сўрайман. “Амирим”! Фарғона водийси олимлари номидан руҳинг доимо шод, охиратинг обод, манзилинг жаннатда бўлишлигини Аллоҳнинг ўзидан сўрайман.

ЭЛ ЭЪТИБОРИГА ТУШИБ

Авазхон Эронқул ўғли АВЛИЁҚУЛОВ,

БМТ Халқаро информация Академиясининг академиги.


Дўстим Амирқул билан ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари олий ўқув юртида ўқиб юрган талабалик давримда танишганмиз. Тўйлар ва юбилейларда доимо бирга бўлардик. Ҳаёт пиллапояларининг турли соҳаларида фаолият кўрсатганимизда ҳам ҳамфикр эдик. Ўзим Босун туманида таваллуд топганман. Амирқул билан дўстлигимиз оилавий борди-келдига айланган эди.

Амирқул ўта ҳаракатчан, билимли, раҳбар сифатида қўл остидагиларга муомалали, падари бузруквори ва волидаи муҳтарамасига бўлган ҳурмат-эътибори, акаукаларига меҳрибонлиги, фарзандларига нисбатан талабчанлиги ўзига хос эди. Олти ўғил ва тўрт қизнинг отаси, набираларининг севимли бобожони бўлмиш Амирқулнинг илмга бўлган чанқоқлиги фарзандларига ҳам юққан. Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбияланган фарзандлари турли жабҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Амирқул қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ўзидан ёрқин из қолдирди. Етук олим сифатида янгиликлар яратди. Ободончиликларни юзага келтирди. Инсон узоқ йил яшаганлиги билан эмас, аксинча, амалга оширган яхши ишлари билан тарихга муҳрланади, иззат-ҳурматга сазовор бўлади. Дўстимни ҳам ана шундай инсонлар тоифасига қўшаман.

КЕНГ МУЛОҲАЗАЛИ ИНСОН

Ж.Х.АҲМЕДОВ,

биология фанлари доктори, профессор.


Тўраевлар сулоласи деганда Қашқадарё воҳасини гуллаб-яшнашида, деҳқончилик соҳасининг, айниқса, Қарши чўлини ўзлаштириб, бугунги кундаги маданийиқтисодий масалаларни барпо бўлишида, халқ фаровонлигини ошишида ўз ҳиссасларини қўшган шажара вакиллари деб биламиз.

Ушбу сулоланинг асл фарзандларидан бири Амир Тўраев бўлиб, бу инсон билан 2001 йилларда танишгандим. У киши адабиёт, санъат, маданият, тарих соҳаларининг билимдони бўлиши билан биргаликда оилапарвар ҳам эди. Шунинг таъсири бўлса керак, фарзандлари ҳам илмли бўлиб етишди. Бош фарзанди Руҳиддин ота изидан бориб, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, етук олим бўлиб етишди.

Мен Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтига раҳбар бўлиб келган дастлабки кунларимда Руҳиддин Амирович диссертациясини ҳимоя қилган эди. Амир ака билан танишишимиз ҳам айни ўша кунларга тўғри келади. Бу инсон билан суҳбатимиз давомида унинг жуда камтарлиги, камсуқумлиги, кенг мулоҳазали эканлигига амин бўлганман.

Амир Тўраев ёзувчилар уйининг раҳбари вазифасида ишлаб юрган пайтлари ҳам кўп бора учрашганмиз. Ўшанда унинг ишбилармон, ташкилотчи, зиёлиларга хос табиати билан ёшлар тарбиясига катта ҳисса қўшганлигидан хабардорман.

Амир Тўраевнинг мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнашида, ёшларимизнинг ўқимишли, билимдон, мукаммал инсон бўлиб етишишларида кўрсатган хизматлари ҳеч қачон изсиз қолмайди. Бундай камтарин, дўстларига содиқ, меҳрибон, одамийлиги билан обрўэътибор топган инсонлар ҳеч ҳам унутилмайди. Унинг руҳи ҳамиша бизлар билан бирга.

УЧИНЧИ ҚИСМ

АМИР ТЎРАЕВ МАТБУОТ

САҲИФАЛАРИДА


ЖАСОРАТНИНГ ДАВОМИ

Ярим тун. Қарши чўлининг авзойи ёмон – эндигина икки-уч яшар бўлган нав-ниҳоллар шохини ҳар томонга қайириб, бўрон эсади. Ёмғирни айтмайсизми?! Кўз очиргани қўймайди.

Кўз илғамас бепаён майдон ўртасидаги кўркам бино бўрон ва ёмғирга кўкрак кериб, мағрур турибди. Хоналарда чироқлар порлайди. Усмон Юсупов районидаги “Тошкент” совхозининг пахта штаби мана шу ерга жойлашган. Ҳозиргина пункитдан қайтиб келган директор активлар билан биргаликда бугунги ишларга якун ясади ва янги режаларни белгилаб олди.

– Бир дақиқа ҳам орқага чекиниш йўқ, – деди у ўз сўзининг охирида. – яна таъкидлайман, план ва мажбуриятларни бажарган бўлсак-да, ҳали далада пахта кўп. Уни йиғиб-териб олишимиз шарт!

Шийпонда тунаб қолган директор тонг отарда ташқарига чиқди. Бўрон ўз шаштидан қайтибди. Ёмғир тинибди. У енгил нафас олди.

– Зеро ҳаво ёришиб кетса. – деб қўйди ўзига ўзи. – Беш-олти кун ичида теримни тугаллардик…

У машинасига ўтирди-да, яна пахтазор томон кетди.

Тиниб-тинчимас бу йигитнинг қачон ҳордиқ чиқараётганини ҳеч ким билмайди.

– Амирқул Тўраевич, бу оқшом ҳам ухламадингиз чоғи? – сўрашади штаб аъзолари ундан.

– Директор ухласа эл ухлайди, – маъноли жавоб қилади А.Тўраев.

Тушдан кейин об-ҳаво бир оз қулай келиши биланоқ яна савхоз далалари теримчилар ва агрегатлар билан гавжум бўлиб кетди. Сўнги мисқоллардан тонналар бунёд этила бошланди.

Ёш коммунист, қишлоқ хўжалик фанлари кандидати Амирқул Тўраев 1976 йилнинг авгус ўрталарида шу хўжаликка директор қилиб тайинланди…

Совхоз далаларини бирма-бир айланиб, ғўзаларни кўздан кечирар экан: “Аттанг!” деб қўйди. Пайкалларда кўчатлар ниҳоятда сийрак, бунинг устига эндигина ҳосилга кирган ниҳолларга қурт тушган экан.

– Қандай бўлмасин бор ҳосилни сақлаб қолишимиз керак! – уқтирди идорага қайтиб келган директор хўжалик активларига.

Шу кундан бошлабоқ ҳамма кўсак қуртига курашга отланди.

Пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан ўтказилиб, эл хирмонига 2 минг тонна ҳосил етказиб берилди.

Амир Тўраев бор билими ва тажрибасини ишга солиб, 1977 йил ҳосилига пухта замин яратишга киришди. Бир дақиқа ҳам тиниб-тинчимасди. Хўжаликдаги ҳамма-ҳаммани ишга сафарбар этди. Ерни шўр босган эди. Ер ости зовурлари қайтадан тикланиб, шўр қочирилди. Шудгорлаш ўз вақтида сифатли ўтказилди.

1976 йилнинг кузидан бошланган ҳаракат 1977 йил хирмонининг юксак бўлишини таъминлади. Хўжалик баҳодирлари 6200 тоннадан зиёд чўл дурдонаси териб олдилар. Ҳосилдорлик бир йилда ўн центнерга кўтарилди.

“Тошкент”ликлар зарбдор йилни чинакам зарбдорчасига ўтказмоқдалар. Улар баҳор кунларининг инжиқликларини, кузнинг ноқулай об-ҳаво шароитини мардонавор енгиб, пахта тайёрлаш бўйича план ва мажбуриятларни район хўжаликлари ичида биринчи бўлиб, ошириб бажардилар. Ҳосилнинг 96 процентини дала гвардиячилари териб беришди. Моҳир пахтакор Мамат Холлиев, Азизбой Қўзиев бошқарувчилик қилаётган бўлимлар шу кунгача гектаридан 26-30 центнердан ошириб хирмон кўтаришди. Норман Мўминов, Рўзибой Ражабов, Холиқ Жўрамуродов, Элмурод Жабборов, Шамсиқамар Тўхтаева каби пахта усталари бош бўлган бригадаларда, айниқса, мўл ҳосил етиштирилди. Ўзаро социалистик мусобоқаларда Норман Мўминов бошлиқ коллектив ғолиб чиқди. Азаматлар 80 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 40 центнердан “оқ олтин” хирмони кўтаришди. Бригада заршунослари теримни давом эттиришаяпти.

Амирқул Тўраев ўзи бош бўлган чўл баҳодирларининг ғалабаларидан беҳад қувонади, партия ишончини оқлаётганидан мамнун бўлиб, хўжалик меҳнат аҳлини янги зафарлар сари отлантиради.

Ана, “Тошкент” совхози далаларида улкан меҳнат ва шижоат эвазига йиғиб-териб олинган “оқ олтин” юкланган машиналар катта йўлдан пахта пункти томон бормоқда Хўжалик миришкорлари тиклаётган пахта хирмони 7 минг тоннага етай деб қолди. Бу социалистик мажбуриятдагидан 500 тонн кўп демакдир.

Ҳаво тез-тез айнаб турибди. Пахтакор республикамизнинг ҳамма жойида бўлганидек, “Тошкент” совхозида ҳам мисли кўрилмаган мардлик ва жасорат кўрсатилмоқда. Жанговор шиор битта: “Бир грам ҳам пахта нобуд бўлмайди, сўнгги мисқолларигача йиғибтериб, она-Ватан хирмонига топширамиз!”

ЖАСОРАТ ДАВОМ ЭТАДИ

У.ЮСУПОВ,

М.КАРОМОВ,

“Совет Ўзбекистон” махсус муҳбирлари.

1978 йил, 8 декабрь


Пахтакорларимиз учун долзарб кунлар бошланди. Ғўза ўсишдан анча орқада қолмоқда. Уни етиштириб олиш учун қанчадан-қанча меҳнат қилмоқ даркор. Яқинда республика партия ва ҳукуматининг даъваткор Мурожаати эълон қилинди. Унда биз пахтакорларнинг хизматига юксак баҳо берилди. Бундан беҳад руҳланган чўлқуварларимиз ғўза парваришини ҳар қачонгидан ҳам авж олдириб юбордилар.

Халқимиз иродаси билан Қарши чўлларига инсоннинг муборак қадами етиб келди. Уй-жойлар, маданий-маиший бинолар бунёд этилди. Асов Амударё суви жиловланиб, асрий чўл-биёбонларга келтирилди.

Ҳали-ҳали ёдимизда. 1976 йили совхозимиз баҳодирлари чўл шароитида кўп машаққатлар билан 2 минг тонна пахта етказиб берган эдилар. 1977 йилда эса 6205 тонналик “оқ олтин” хирмони бунёд этилди. Ҳосилдорлик бир йилдаёқ гектар бошига ўн центнерга кўтарилди. 1978 йили янада юксак марра эгалланди. Она-Ватанга 7 минг тоннадан зиёд чўл дурдонаси етказиб бердик. Чўлқуварларимиз анча мураккаб келган об-ҳаво шароитларини матонат ва жасорат билан енгиб ўтиб, шундай улкан ғалабани қўлга киритган эдилар.

Чўлқуварлар деганимизда аслида тарихий фигура кўз ўнгимизда гавдаланади. Чиндан ҳам шундай! Чўлқувар деган номга муносиб бўлган коллективимизнинг ҳар бир аъзоси бу йилги мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳар қачонгидан ҳам маҳорат ва жасорат кўрсатиб ишлаётир. Эрта баҳорда 3700 гектар майдонга барака уруғи қадаганмиз, она-Ватанга пландаги 7500 тонна ўрнига 10 минг тонна “оқ олтин” етказиб берамиз, деб қарор қилдик. Деҳқоннинг сўзи билан иши бир бўлади. Март ойининг ўрталарида экилган чигит ўн кун ўтар-ўтмас униб чиқа бошлади. Ана шундай қувончли дамларда устма-уст ёмғир ёғиб, экинзорларимизни қатқалоқ босди. Совхозимиздаги ишга яроқли барча киши ёппасига далага чиқди, қатқалоққа қарши оммавий сафарбарлик эълон қилинди. 1 апрелгача ғўзаларимиз биринчи ишловдан чиқарилди. Орадан икки кун ўтгач, совхозимизда область пахтакорларининг ғўза парваришига бағишланган кўргазмали семинар-кенгаши бўлиб ўтди. Кенгаш қатнашчилари хўжалигимиз пахтакорлари ва механизаторлари ишига муносиб баҳо беришди.

Деҳқон меҳрига қонган ғўзаларимиз май ойининг дастлабки ўн кунлигида ёппасига шоналай бошлади. 5 июн куни эса дастлабки гуллар кўзга ташланди. Пахтакорларимизнинг ана шу палладаги қувончларини сўз билан ифода этиш қийин!

Ғўза қатор ораларига кенг, чуқур ишлов бериш, ўсимликни маҳаллий ва минерал ўғитлар билан керагича озиқлантириш туфайли бунга эришилди. Саксондан зиёд чопиқ трактори икки сменада бетўхтов ишлатилди. Тўхтабой Эгамбердиев, Анор Сафаров, Холиқул Файзиев, Норкомил Холмўминов, Муҳаммади Мерганбоев каби ўнлаб механизаторларимиз меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатдилар.

Шу кунларда 220та сувчи ғўзаларимизни обиҳаётга қондирмоқдалар. Барат Абзалов, Қурбон Донаев, Нурилла Илёсов, Мирзайўлдош Бадалбоев, Ваҳоб Раззоқов, Абдулла Холбоев, Муродулла Файзиев, Жонузоқ Боймирзаев каби ўз касбининг усталари бўлган сувчиларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Азамат механизаторларимиз ва сувчиларимизнинг садоқатли меҳнатлари, омилкорликлари туфайли Азизбой Қўзиев, Мамат Холлиев, Қутбонмурод Сафаров ўртоқлар бошқарувчилик қилаётган бўлимлардаги ғўзаларнинг ривожи, айниқса, яхши бўлмоқда.

Совхозимизда ингичка толали пахта етказиш йил сайин кўпаймоқда. Ҳозирда минг гектар майдондаги ана шундай ўсимлик яхши парвариш қилинаяпти. Бу йил мамлакатга 3500 тонна ипак пахта етказиб бериш мажбуриятини қабул қилганмиз. Абдулла Холбоев, Қурбон Ҳаққиев, Зиёдулла Илёсов, Розия Қурбонова каби ипак пахта усталари бошчилик қилаётган бригадаларнинг пахтапарварлари гектаридан 40 центнердан ошириб хирмон кўтаришга аҳд қилишган… Биз 10 минг тонналик қўриқ “оқ олин” хирмонини бунёд этамиз, етиштирилган ҳосилнинг ҳаммасини машиналар билан териб оламиз. Қаҳрамон чўлқуварларимиз кўрсатаётган жасорат ғалаба марраси эгаллангунча давом этаверади.

АМИРҚУЛ ТЎРАЕВ,
Қашқадарё вилояти, Усмон Юсупов
туманидаги “Тошкент” совхози директори.
“Совет Ўзбекистон” газетаси, 1979 йил 1 июль.
КОМИЛЛИКГА ИНТИЛГАН ИНСОН ВА “УМР ДАРЁСИ” КИТОБИ ҲАҚИДА

Назар ҲАКИМОВ

фалсафа фанлари доктори, профессор.


Мамлакатимиз мустақиллиги йилларида милллий тарихимиз, шу жумладан, юртимиз ривожига, унинг иқтисодий тараққиёти, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида қўлга қиритилган ютуқларга салмоқли ҳисса қўшган инсонлар ҳақида хотиралар салномаси яратилишига алоҳида эътибор берилди. Қашқадарё заминида униб ўсган йигит ва қизларнинг мактабда чуқур билим олишлари ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириб етук мутахассис сифатида шаклланишлари, фаннинг илғор соҳалари бўйича номзодлик диссертациялари ёқлагани, ушбу билимларни раҳбарлик, ташкилотчилик соҳасида ҳаётга тадбиқ қилганлиги янги авлод вакиллари учун қатта тарбиявий аҳамияти бор. Амир Тўраев ана шундай инсонлардан бири эди. Унинг серқирра фаолияти, қишлоқ хўжалиги сингари мураккаб соҳадаги жонбозлиги, қўриқ эрларни ўзлаштириш, обод қилиш, ривожлантириш соҳасидаги яратувчилик фаолияти бундан дарак беради. Таъкидлаш лозимки, у қаерда ишламасин инсонларга ғамхўрлиқ қилди, ёшларни ўз атрофига бирлаштириб, уларга таяниб иш кўрди. Шу билан биргаликда кўпни кўрган оқсоқолларни маслаҳатини олди, уларнинг салмоқли фикрларига қулоқ солди. Амир Тўраев фанда, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасига оид илмий мақолалари, илмий-амалий конференцияларда сўзлаган маърўзалари билан замондош олимлар хотирасида салоҳиятли олим, тинмай изланувчи тадқиқотчи, пахтачилик, чорвачилик ва ғаллачиликни яхши биладиган юқори малакали мутахассис сифатида муҳрланиб қолган. Амир Тўраев аспирантурада ўқиши давомида унинг илмий ишига қишлоқ хўжалик илмини жуда чуқур биладиган, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор В.М.Логостаев раҳбар бўлди. Амир Тўраевнинг номзодлик диссертацияси тинимсиз амалга оширган меҳнати эвазига ҳимояга тайёрланган эди. Диссертация ҳимоясида “Суғориладиган деҳқончилик” кафедраси мудири, профессор В.Т.Лев, “Тупроқшунослик” кафедраси мудири, профессор А.Расулов, “Ботаника” кафедрасининг мудири, профессор Бургин, “Ўсимликшунослик” кафедрасининг мудири З.Умаровларнинг сўзга чиқиши иқтидорли ёш олим ва унинг илмий ишига берилган юқори баҳо бўлган эди. Унинг ҳаёт ва ижод йўлига назар солсангиз, илмга интилиш, шижоат билан меҳнат қилиш, янгиликлар яратишга барча кучини сафарбар қила олиш хусусиятига эга бўлган инсонлигига амин бўласиз. Унинг серқирра меҳнат фаолияти юртимизда қишлоқ хўжалиги тараққиёти билан боғлиқдир. Иқтидорли олим Амир Тўраев қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, тузилиш тизими, мамлакатимиз ривожидаги ўрнини яхши биларди. Унинг фаолияти ҳақида фикр юритар эканмиз, шунга амин бўламизки, иқтидорли олим ўзининг тинимсиз илмий изланишлари бўйича хулоса ва тавсияларини амалиётга жорий қилишга алоҳида эътибор берган эди. Айниқса, вилоят хўжаликлари ҳудудига қишлоқ хўжалик экинларининг минтақага хос бўлган, ҳосилдорлиги юқори бўлган навларини экишга, ушбу майдонлар ҳажмини кўпайтиришга, экинларнинг ҳосилдорлигини мунтазам оширишга алоҳида эътибор берди. Маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошқарув аппарати ходимларига бу масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар берган.

Амир Тўраевнинг фаолияти собиқ қатоғонлик даврига тўғри келган. Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси ходими, хўжалик раҳбари, илмий тадқиқот институти директори сифатида юртдошларимиз орасида катта ҳурматга сазовор бўлган раҳбар эди. Ўзининг уддабуронлиги, юқори малакали мутахассис бўлганлиги, вилоят қишлоқ хўжалигининг ривожланиш хусусиятларини яхши биладиган инсон бўлганлиги учун ҳамкасблари олдида обру қозонган инсон эди. Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, Амир Тўраев юртимизда, ўша даврда амалга оширилган иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида хотирамизда қолган. Умрининг сўнгги йилларини, меҳнат фаолиятини пойтахтимизда ўтказган эди. Бу ерда ҳам у бетиним меҳнат қилди. Яратувчилик билан шуғулланди. Дўрмондаги ёзувчилар боғини ривожлантирди. Унинг яратувчилик ишларини фарзандлари, юртдошлари давом эттирмоқда. Шижоатли, бетакрор инсон доио қалбимизда.

Энди, тадқиқотчи ва таниқли ёзувчи Шомурод Шараповнинг “Умр дарёси” китобига келадиган бўлсам, муаллифнинг навбатдаги асари қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган қашқадарёлик Амир Тўраевнинг серқирра ҳаёт-фаолиятига бағишланган. Китобда Амир Тўраевнинг тажрибали олим ва раҳбар сифатида шаклланиши, ташкилотчилик хислатлари, ташаббускорлиги, топширилган вазифаларни сидқидиллик билан бажаришдаги маҳорати яхши ёритилган.

Муаллиф асарнинг бош қаҳрамони фаолияти ва ўтган асрнинг саксонинчи йиллари қатағони даври мобайнида содир бўлган воқеаларни уйғунлаштириб тасвирлашга эришган. Асарда ушбу қатағонлик йилларида Қашқадарёда содир этилган ташвишли дамлар, маҳаллий кадрларнинг бошларидан кечирган оғир кунлар ҳам ўз аксини топган.

Асарнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда собиқ советлар давридаги маҳаллий раҳбарлар қўнимсизлиги, уларнинг собиқ марказ томонидан сиқувга олиниши каби воқеаларга ҳам эътибор қаратилган. Айниқса, муаллиф томонидан “Гдлян, Иванов” каби шахслар томонидан содир этилган ноҳақликлар тасвири асар қаҳрамони орқали устакорлик билан ёритилган.

Асарнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Қашқадарёдаги фаолияти давомида инсон қадрига берган катта эътибори, вилоят иқтисодиётини янги қирраларга олиб чиқиш учун олиб борган яратувчилик фаолиятига ҳам эътибор берилган. Амир Тўраевнинг сафдошлари, юртдошлари, бирга ишлаган ҳамкасблари томонидан билдирилган фикрлар китобда келтирилганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.

Муаллиф Шомурод Шараповнинг “Умр дарёси” китоби униб келаётган ёш авлод вакилларимиз тарбиясида муҳим ўрин эгаллайди деган умиддаман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации