Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 23 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЮТУҚ – ХАЛҚНИНГ КАЙФИЯТИГА БОҒЛИҚ

1987 йил 5 сентябрь куни вилоят раҳбарининг топшириғи билан Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари Беруний давлат хўжалиги пахта далаларидаги ҳосилни вақтида териб олиш мақсадида ҳашарга келишди. Талаба-ҳашарчилар ва икки юзга яқин терим агрегатлари ёрдамида хўжалик ўша йили тўққиз иш кунида – 14 сентябрь куни Республикада биринчи бўлиб шартномавий режани бажарди. Баъзи кунлари ўн уч фоизгача ҳосил териб олинди. Шунга қарамсдан негадир хўжалик раҳбари йиллик режа бажарилгани тўғрисида вилоят раҳбари номига рапорт бермади. Орадан икки кун ўтди. Амир Тўраев институт ректори Эргаш Каримов билан биргаликда ҳашарчиларга қиммат баҳо совғалар тарқатаётганда, вилоят раҳбари хўжалик марказига келганлиги тўғрисида хабар беришди.

Вилоят раҳбарини кутиб олиш мақсадида хўжалик директори ва институт ректори катта йўлга чиқишди. Чорраҳага етишганларида Китоб тумани партия қўмитасининг биринчи котиби Юрий Мелентьевнинг хизмат машинасига дуч келишди. Салом-аликдан сўнг Мелентьев хўжаликка вилоят раҳбари келган-келмаганлиги билан қизиқди. Шу орада Ислом Абдуғаниевич Каримов билан Фармон Омонов тушган хизмат машинаси келиб тўхтади. Вилоят раҳбари машинадан тушаркан:

– Амир, давлат режасини ўн кунда эмас, тўққиз иш кунида бажарибсан, табриклайман! Аммо, негадир рапорт ёзмабсан, нима, чой ичиришдан қўрқдингми? – деди ҳазил аралаш табассум билан.

– Аввал келганингизда хўжалик режасини саккиз минг тонна қилиб белгилагандингиз. Рапортга ҳали вақт бор. Чой масаласига келсак терим бошлаган кунимизданоқ дастурхон ёзганмиз. Ўшандан буён теримчилар учун нонушта, тушлик ва кечки овқатланиш хўжалигимиз ҳисобидан бепул ташкиллаштирганмиз. Тушлик ҳам бўлиб қолди. Агар рад қилмасаларинг буганги тушликни хўжалигимиз анорзоридаги дала шийпонида қилсак дейман, – Амир Тўраев кафтини кўкрагига босганича меҳмонларга тавозе кўрсатди. Унинг гапи барчага маъқул келди.

Дала шийпони баландгина тепалик устида қурилган эди. Бу ердан теварак-атроф жуда чиройли кўринарди. Айниқса, анорзор. Вилоят раҳбари кафтини кўзлари устига соябон қилганча атрофни кузатаркан, Китоб туман саркотибига:

– Юрий Алексеевич, бу хўжаликнинг пахта ҳосилдорлиги нега юқори даражага кўтарилганини биласизми? Сабаби битта, у ҳам бўлса халқининг кайфияти жуда кўтаринкилигидан. Ҳозиргина уларнинг кўпчилигаи билан учрашиб, суҳбатлашганимда шу тўхтамга келдим, – Ислом Абдуғаниевич энди Амир Тўраевга томон бурилди. – Режани айтганингдек уддаладинг. Мажбуриятни ҳам уддалайсан, буни биламан. Хўш, илғор хўжалигинга қандай ёрдам берайлик, тап тортмасдан айтавер, – деди залворли кафтини Амир Тўраенинг елкасига қўйиб.

Вилоят раҳбарининг хўжалик аъзолари билан нима ҳақида гаплашганидан хабарсиз Амир Тўраев эҳтиёткорлик билан ўз мақсадини баён этишга тутинди:

– Ислом Абдуғаниевич, кўпдан буён бир муаммо биргина мени эмас, жамоамиз аъзоларини ҳам қийнаб келади. Хўжалигимиз Китоб туманининг марказидан икки юз километрлар узоқликда жойлашган. Тўғри, туман раҳбарияти-ю халқидан нолийдиган жойимиз йўқ. Аммо одамларимизнинг туман марказидан битадиган иши чиқиб қолса, масалан, бирор бола паспорт олишга борадиган бўлса унга ота-онаси ҳамроҳлик қилиб, камида бир кунни йўқотади. Ёки, мактаб директори, ҚВП бош шифокори туманга боғлиқ йиғилишга борса, ярим тунда уйига етиб келади. Қанча машаққату, қанча азоб! Шуларни инобатга олиб, хўжалигимизни Китоб тумани тасарруфидан чиқазиб, бизларга яқин бўлган Нишон туманга қўшилса бу муаммо ижобий ҳал этилган бўларди…

Ислом Абдуғаниевич Каримов хўжалик раҳбарининг таклифини охиригача диққат билан эшитди. Сўнгра Фармон Омоновга қараб:

– Амир Тўғри масалани кўтарди. Айтинг-чи, яна қайси массивлар туман марказларидан олисликда жойлашган? – деди.

– Шахрисабз массиви Муборакда, Яккабоғ массиви Усмон Юсуповда, Деҳқонобод массиви Нишон туманида жойлашган.

– Уларни ҳам ўша туманлар балансига ўтказиш керак, – деди-да, вилоят саркотиби стол устида турган телефон гўшагини қўлига олганча АТСдаги қизлардан ўзининг ёрдамчиси Зафар Умаровни улаб беришларини сўради. – Зафар, ёзиб олгин. Мен Китоб массивидаман, борганимга қадар Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Деҳқонобод массивларини Муборак, Усмон Юсупов, Нишон районлари тасарруфига ўтказиш тўғрисида вилоят раҳбарининг қарорини тайёрлатиб қўйгин. Тушундингми?

Ислом Каримов чуқур нафас олди-да, гўшакни ўз ўрнига жойлаштирди. Яна хўжалик раҳбарига қараб:

– Амир, ҳали айтадиган гапинг борга ўхшайди. Яна нима демоқчисан? – деди.

– Ислом Абдуғаниевич, Нишонгача борадиган йўлимиз анча айланиш. Агар керакли жойдан тўрт ярим километрлик янги йўл чиқарилса туман маркази орасидаги масофа камида яримга қисқаради. Шунингдек, хўжалигимиз бош қўрғонида аҳоли яшайдиган тураржойлар сони кам. Келгусида алоҳида давлат хўжалиги ташкил этилишини назарга тутадиган бўлсак, бу ерда клуб, ҳаммом, замонавий мактаб бинолари қуришга тўғри келади.

Вилоят раҳбари шу ернинг ўзидан “Қаршиқурилиш” ҳудудий бошқармаси раҳбари Султон Чегибоевга юқоридаги таклифларни зудлик билан амалга ошириш тўғрисида топшириқлар берди. Ўзи ҳам ён дафтарчасини олиб, унга нималарнидир белгилаб қўйди-да, яна саволга тутинди:

– Амир, сен айтган нарсаларингни амалга ошди деявер. Хўш, пахта етиштиришга халақит берадиган яна қандай қийинчиликлар бор?

– Ислом ака, хўжалигимиз ҳудудидаги янги ўзлаштирилган экин майдонларининг тупроғи асосан оч тусли бўз тупроқдан иборат. Лимит бўйича бизларга ажратилган сув камлик қилаяпти. Тўғри, бу сув бошқа тупроқдан иборат экин майдонлари учун етарли бўлиши мумкин. Аммо, бизнинг тупроғимиз бошқа тупроқларга нисбатан камида бир ярим баробар кўп сувни талаб қилади. Шуларни ҳисобга олиб, сув лимитимизни кейинги йил учун бир ярим баробар ошириб берилишига ёрдам берсангиз. Қолган ишларни жамоамизнинг ўзи эплайди.

– Хўжалигингда бош миробинг ким? – вилоят раҳбари синов назари билан хўжалик директорига тикилди.

Амир Тўраев бир зум хаёлга чўмди. Кўнглидан “Вилоят раҳбарида мен ва хўжалик тўғрисидаги барча маълумотлар борга ўхшайди” деган ўй ўтди. Аввалги сафар келганидаги ўзимга устоз эканлигини била туриб, “Муродулла Саидов билан иш алмашсанг икковингга ҳам яхши бўлади” деган гапларини ҳам эслади. Вилоят раҳбарининг бугунги саволидан эса Бухоро вилояти партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби, ҳозирда “ўзбеклар иши” бўйича ҳибсда сақланаётган Абдувоҳид Каримовнинг ўғли Баҳодир Каримов хўжаликда мироб бўлиб ишлаётганлиги тўғрисидаги маълумотга эга эканлигини тушуниб етди.

Китоблик Баҳодир Каримов ўз ишининг билимдони, яхши мутахассиси экан, ишга олиб келдим, – деди синов оҳангида таваккалига.

– Ишга олиб тўғри қилибсан, –деди-да, Ислом Каримов яна телефон гўшагини қўлига олди. Бу сафар у тегишли ташкилот раҳбарларига пахта етиштиришда хўжалик жамоасига муаммо туғдираётган ишларни тезда ҳал қилиш лозимлиги тўғрисида топшириқлар берди. Дастурхонга дуо қилингач, хайрлашиб, Фармон Омонов билан бирга йўлга отланишди.

МАЪДАНЛИ ЎҒИТ МАШМАШАСИ

Хўжалик 1988 йилдан эътиборан Нишон тумани тасарруфига ўтди. Жамоа учун керакли маъданли ўғит, ёнилғи, техникалар учун лозим бўлган эҳтиёт қисмлар энди шу туман баъзаларидан олинадиган бўлди.

Амир Тўраев Нишон тумани раҳбарига учрашиб, азотли угит масаласини кўндаланг қўйди:

– Хўжалигимиз ер майдонларининг табиий озуқа таркиби мўтадилликдан анчайин паст даражада. Эрта экиб, ундириб олинган ғўза кўчатларини азотли ўғит билан озиқлантирмасак, йил якунида мўлжалдаги ҳосилни ололмаймиз. Бизларга ажратилган ўғит эса камлик қилади, – деди тушунтиришга ҳаракат қилиб Амир Тўраев.

Туман раҳбари столи четида турган қандайдир дафтарни олиб варақлашга тушди. Сўнгра хўжалик раҳбарига қараб:

– Туманимизга бор-йўғи икки юз тонна азотли ўғит келтирилаган. Ўзингиз биласиз, ҳудудимизда пахтага ихтисослаштирилган ўн саккизта давлат хўжалигимиз бор. Сизнинг лимитингиз йигирма тонна қилиб белгиланган. Бундан ортиғини бераолмаймиз,– деди гап тамом дегандек қўлидаги қаламнинг орқа томони билан столни ураркан.

– Лимитдаги ўғит бизларни қаноатлантирмайди. Камида яна юз тонна бўлмаса, ҳосилни аниқ олдириб қўямиз. Илтимос, сиз туман раҳбари сифатида вилоят раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримовга вазиятни тушунтирсангиз. У киши олийжаноб инсон, масалани ижобий ҳал қилишга ёрдамлашади…

– Ўн еттита хўжалик берилган ўғитни индамасдан олиб кетишаяпти. Амирқул, сиз ҳам индамай олиб кетаверинг, – деб туман раҳбари ўтирган жойидан қўзғалди. Унинг бу ҳатти-ҳаракат хўжалик раҳбарига бироз оғир ботди. У ҳам ўрнидан турди-да:

– Кечирасиз, сизнинг йигирма тонна ўғитингиз бизларнинг хўжаликка керак эмас. Уни ҳам бошқа хўжаликларингизга қўшиб тарқатаверинг. Ўғитни сизсиз ҳам қандай олишни ўзим биламан, – деб район саркотибининг хонасидан чиқиб кетди.

Хўжалик ҳар йилги эришилаётган ютуқлардан ўзини ўнглаб, вилоятдаги энг бақувват жамоаларнинг бирига айланиб улгурганди. Ҳатто, вилоят қишлоқ хўжалигини кимёлаш идорасига аввалроқ минг тонна маъданли ўғитларга етадиган миқдорда маблағ ҳам ўтказиб қўйганди.

Амир Тўраев шу куннинг ўзида Вилоят қишлоқ хўжалигини кимёлаш бошқармасига қарашли Муборак шаҳрида жойлашган маъданли ўғитлар базасига йўл олди. База раҳбарларининг телефони орқали бошқарма бошлиғи Яздурди Сафаровга чиқиб, ўғит учун олдиндан тўлов қилингани, белгиланган йиллик лимитдаги ўғит Китоб районидан Нишон районига ўтмаганлиги, агар бугуноқ азотли ўғит олиб кетилмаса эртага кеч бўлиб, ҳосилни йўқотиш мумкинлигини эринмасдан тушунтирди.

Бошқарма бошлиғи эса унинг барча гапларини тушунгани, аслида бу иш билан хўжалик раҳбари эмас Нишон райони саркотиби шуғулланишини, шу кунларда заҳирадаги ўғитнинг камлигини, бори ҳам Районларга тарқатилгани, омборда фақат Усмон Юсупов районига ажратилган 130 тонна, яъни икки вагон ўғит қолганлиги, агар уни Беруний давлат хўжалигига бергудек бўлса райондагилар жанжал қилишларини айтди. Амир Тўраев эса “Нишон районига пахта керакка ўхшамайди. Усмон Юсупов районидагилар жанжал қилсалар пешонамдан кўраман. Аммо, ўғитни бугуноқ олиб кетаман” деб оёқ тираб олди. Бошқарма бошлиғи бироз жим турди-да: “Амир Тўраевич, ростини айтсам Усмон Юсупов райони мутасаддилари тўрт кундан буён техника топаолмаганларини рўкач қилишиб, ўғитни ташиб кетишмаяпти. Уддаласангиз бугуноқ олиб кетинг. Эртага жанжал чиққудек бўлса сиз мени кўрганингиз йўқ. Менинг эса ҳеч нарсадан хабарим йўқ” деди.

Амир Тўраев ўғит омборхонасига борганида қўшни Бухоро вилоятига қарашли иккита “КамАЗ” русумли юк машинасига ишчилар ўғит ортишаётган экан. Юк машиналарини рақамлари билан суратга туширди-да, хўжалигидан юборилган техникаларга кераклича ўғитни ўз назорати остида юклатди. Тунги соат тўртларда ўғит юкланган барча юк техникаси Беруний хўжалиги томон йўлга тушди. Келтирилган ўғитни эртасининг ўзида ғўза қатор ораларига бериб ҳам улгурилди.

Орадан бир кун ўтиб Усмон Юсуповликлар ўғит олгани Муборакка борганларида база раҳбарлдари: “Ўғит ҳозирча қолмади. Фақат Муродулла Саидов раҳбарлик қилаётган хўжалик ўзига тегишли ўғитни ташиб кетди. Бошқалар келишмагач, Нишон туманидаги Беруний давлат хўжалиги барча ўғитни олиб кетди”, деб тушунтиришди. Бундан хабар топган район раҳбарлари вилоят саркотибига арз қилишди. Бу масала шу кунги бюро йиғилишида кўриб чиқиладиган ҳам бўлди. Кечга яқин Амир Тўраев область партия қўмитасига борганида Китоб райони саркотиби Юрий Мелентьев уни четга имлаб: “Ўғитни нега олиб кетдинг? Шу масалада сени бугунги бюро йиғилишида муҳокама қилишмоқчи” деб огоҳлантирди.

Бюро йиғилишини вилоят саркотиби Ислом Каримовнинг ўзи очиб, бўлиб ўтган воқианинг асл моҳиятини тушунтириб бериши учун сўзни Амир Тўраевга берди. У сўзга чиқаркан, атрофига зимдан назар ташлади. Усмон Юсупов туманидан фақат Муродулла Саидов кўринмади. Қолган хўжаликлар ва туман раҳбарлари жовдираганча унга тикилиб туришарди. Амир Тўраев ўзини ўнглаб олгач, тушунтиришга киришди:

– Ислом Абдуғаниевич, мен хўжаликда аҳвол оғирлигини Нишон район раҳбарига тўлиқ тушунтирдим. У ўғит беришга кўнмади. Ҳатто, ундан сизга чиқиб ёрдам сўрашини ҳам илтимос қилдим. “Чиқиб нима ҳам дердим” деб илтимосимни рад қилди. Ўша куни ўғит излаб Муборакдаги базага борганимда Бухоронинг иккита “КамАЗ”ига Усмон Юсупов районига ажратилган ўғитни юклашаётгани учратдим. Суриштирсам, Усмон Юсуповликлар техника тополмагани сабабли ўғит бир неча кунлардан буён омборхонада қолиб кетган экан. Бухороликлар олиб кетишмасин деган мақсадда ўша куннинг ўзида ўғитни хўжалигимизга ташиттирдим. Ҳатто, бухороликларга қарашли юк машиналарни омборхонадалигида суратга ҳам туширганман. Олиб борган ўғитимизни шу куннинг ўзида ғўза қатор ораларига бериб ҳам улгурдик. Шуни жиноят деб топсаларинг, жазо олишга тайёрман”…

Ислом Каримов Нишон район саркотибига сўз берганида у Амир Тўраев билан ўғит масаласида учрашганини тасдиқлади. Шу куни бюро йиғилишида муаммони ўз вақтида ижобий ҳал қилмагани учун Нишон райони раҳбарига ҳайфсан эълон қилинди. Амир Тўраевга эса ҳушёрлиги ва ташаббускорлиги учун миннатдорчилик билдирилди. Ўша йили, яъни 1988 йили Беруний номли 33-давлат хўжалиги давлатга 9000 тонна пахта сотиб, йиллик режани вилоятда иккинчи бўлиб бажарди. Вилоят саркотиби ютуқ билан қутлагани хўжаликка ташриф бюрди. Суҳбат орасида у хўжалик раҳбарига:

– Амирқул, чарчадингми ёки устозинг Муродулла Саидовни ҳурмат қилдингми, ўтган йили йиллик режани Республикада биринчи бўлиб бажарган эдинг. Бу йил вилоятда иккинчи бўлдинг, – деди кулиб.

– Ислом Абдуғаниевич, соғлигимнинг мазаси йўқ. Тўғрисини айтсам, йигирма етти йилдирки парҳездаман. Анчадан буён қабулингизга кирмоқни режалаштириб юргандим. Менга енгилроқ бир иш беринг. Ростдан ҳам чарчаганман, – деди.

– Енгил иш деганингда район партия қўмитаси котиблигини назарда тутаяпсанми? – Ислом Каримов жиддий оҳангда савол берди.

– Йўқ, илмли, олим одамман. Ўз вақтида Пахтачилик илмий текшириш институтининг Қашқадарё филиалида оддий илмий ходимликдан директор лавозимигача ишлаганман. Шу институтдан иш берсангиз, яна илмийтадқиқот ишларимни давом эттирардим, – деди илтимос оҳангида Амир Тўраев.

– Сен аслида илмдан чиққан ишлаб чиқариш одамисан. Кайфиятингни бузмасдан, фикрингни ўзгартирмасдан ишингни давом эттиравергин. Соғлигинг масаласига келсак, яқинда областьимиздан Чехословакия Республикасига малака ошириш мақсадида делегация жўнатиш сўралган. Сени қирқ кунга Прагага жўнатаман. Ўша ерда “Карлово-Варе” санаторияси бор. Ўн кун ўша жойнинг сувидан ичасан. Жигарнинг давоси ўша ерда. Бундан ташқари хўжаликнинг Нишон районидан анча олисда жойлашгани учун уни Усмон Юсупов райони тасарруфига ўтказсак, аҳолига янада енгиллик яратилган бўларди…, – деб, вилоят саркотиби хўжалик директорига муваффақиятлар тилаб хайрлашди.

Ҳақиқатдан ҳам Амир Тўраев қирқ кун хизмат сафари баҳонасида Чехословакия Республикасида бўлиб, унинг ўн кунини “Карлово-Варе” санаториясида ўтказди. Бу ердаги сув унинг соғлиғига анчайин наф келтирди. Бу хизмат сафари Амир Тўраев ҳаётида собиқ СССР чегарасидан хорижга илк бора чиқиши эди.

Прагадан учган самолёт Москвага келиб қўнгач, Амир Тўраев меҳмонхонага жойлашди. Шу ердан отаси билан телфон орқали боғланиб, аҳволни тушунтирди. Отаси унга: “Москвадаги Вирусология илмий-текшириш институтига бориб, ўзингни яхшилаб текширтиргин” деб топшириқ берди. Афсус, текширув натижаси ижобий чиқмади. У ердагилар: …Жигарингизда жиддий ўзгаришлар бор, қон томирларингиз анчайин кенгайган, бу жигар церрози бошланганидан дарак беради…” деган хулоса беришди. У бу хулоса натижасини ҳеч кимга билдирмади. Ҳатто, отасига ҳам…

Қаршига қайтиб келгач бир юмуш билан Сурхондарёдаги Денов районида бўлганида, ўша ерда яшовчи қадрдон дўсти Умархон Солиевга москваликларнинг хулосасини айтди. Дўсти Тожикистоннинг Регар шаҳрида бир табиб аёл борлигини, у Помир тоғларидан гиёҳлар келтириб, уни олтин кукунига қўшиб нодир дори тайёрлашини, шу билан жигарни даволашини сўзлаб берди. Иккала дўст ўшанда табиб аёлни излаб топиб, учрашишди. Табиб аёл: “…Сизни даволайман. Яхши бўлганингизни замонавий тиббий кўрик хулосасидан сўнг биласиз” деди ва даволаш ишларини бошлади. Амир Тўраев табибга 1991 йилга қадар даволанди. Табибнинг ўзи ҳам Пўлатига келиб кетди. Шундан сўнг Амир Тўраев Москвага бориб, жигарини текширтирди. Улар “Жигарингиз соғлом, ҳеч қандай салбий ўзгариш йўқ” деган ташхис қўйишди. Ҳатто, ўзлари аввал берган хулосаларидан ҳайратга ҳам тушишди.

Амир Тўраев 1991 йил Тожикистонда юз берган тўқнашувлар туфайли табиб аёлни йўқотиб қўйди. Неча бора излаб бормасин, табиб ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса дея олмади. Начора, даволанишнинг бошқа иложи бўлмади…

* * *

1989 йилдан эътиборан хўжалик Усмон Юсупов райони тасарруфига ўтказилди. Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимига ишга ўтгач, Қашқадарё областьига саркотиб этиб А.Отажонов тайинланди. 1990 йилнинг бошларида янги раҳбар Беруний номли 33-давлат хужалигига ташриф буюрди. Хўжалик раҳбари билан учрашгач, гап орасида:

– …Амир Тўраевич, сиз интизомни биринчи ўринга қўйиб, қаттиқ ишлар экансиз. Ишлар ҳам чакки эмас дейишаяпти. Юринг, аввал хўжалик марказида амалга оширган ишларингиз билан таништирсангиз. Яхшиси, танишишни хўжалик техникалар гаржидан бошлаймиз, – деди.

Шу куни вилоят раҳбари техникалар сақланадиган марказий гараж ва таъмирлаш устахонасини, ҳаммом, ҚВП, клуб, болалар боғчаси, мактаб, деҳқон бозори, хонадонларни иситадиган марказ тизимини, ҳатто чорвачилик мажмуасини ҳам бориб кўрди. Аммо, қишлоқ хўжалик соҳаси тўғрисида бирорта ҳам савол бермади. Бир пиёла чойга таклиф этилганда хушнуд ҳолда қабул қилди. Дастурхон атрофида Амир Тўраевдан ўтган йили бориб келган Чехословакия хотиралари ҳақида гапириб беришини сўради. Хўжалик раҳбари сафар таассуротларини сўзлаб бераркан, вилоят раҳбари диққат билан тинглади-да:

– Бу йил ҳам вилоятимизнинг илғор мутахассис ходимларидан йигирма икки кишини бешта – Италия, Франция, Германия, Дания ва Австрия давлатларига йигирма беш кунлик сафарга юборамиз. Сиз ҳам бирорта ходимингиз билан борсангиз яхши бўларди, – деди.

Ўша йили Амир Тўраев ҳам хўжалик аъзоси Шойим Тоғаймуродов билан биргаликда юқорида номлари келтирилган давлатларга ижодий сафарда бўлишиб, ўша ерлик фермерларнинг илғор тажрибаларини ўрганиб қайтишганди. Ушбу тажрибалардан баъзилари хўжалик ҳаётида жорий ҳам этилди.

“ХОТИРА ДАФТАРИ”НИНГ СЎНГГИ САТРЛАРИ

…“Хотира дафтари”нинг сўнгги саҳифалари қораланаётган кунлари Амир Тўраевга ҳаётидаги энг оғир хабар етиб келди: “Отамиз бу дунёни тарк этдилар!…”. Бу ҳақда у ўз хотираларини қуйидагича баён этади:

“…Серфарзанд бўлган отам тўққиз ўғилнинг ҳаммасини саводли, фаросатли, уддабурон, зийрак ва ишбилармон қилиб тарбиялаган. Отам ўта зукко ва доно, кўкраги доимо кўтарилган, қўли узун, ўзига тўқ хонадон сардори эди. Бизларга ҳеч қачон кеккайиш, мағрурланиш ва енгил ҳаёт кечириб яшашга изн бермасди. Олийгоҳларда ҳам ҳамма қатори талабалар ётоқхонасида яшаб ўқидик. Отам олдимизга бир мақсадни, ким бўлишимиздан қатъий назар халқ билан бирга бўлиш вазифасини қўйган эди. Шунинг учун ҳам халқ назаридан четда қолмаслик энг муҳим ишимиз бўлиб келди.

Отам фарзанд тарбиясини бир сония ҳам унутган эмас. Бизлар ҳам хатога йўл қўйсак отам кечирмаслигини ҳис қилиб яшадик. Отамнинг ҳар доимги эҳтиёткорлиги ҳеч қачон панд бермаган, фақат омад ва яхшиликлар келтирган.

Отам “Ҳалол меҳнат ва яхши ахлоқ баробар қийматга эга” дер эди. Чиндан ҳам ҳалол меҳнатга қараб яхши ахлоқни, яхши ахлоққа қараб ҳалол меҳнатни кўриш мумкин.

Ота – бу улуғ зот, ҳамма фарзандлар учун ҳам бирдек қиблагоҳ ҳисобланади. Ҳатто, аллоҳ унга ўзидан ҳам зиёда ҳақ-ҳуқуқ берган. Ота деган сўзни ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Ота тимсоли бу дунёда Аллоҳ яратган энг улуғ, энг мўътабар сиймодир. Рўзғорнинг энг баланд шоҳсупасида, авлод шажарасининг бошида қиблагоҳ саналмиш ота туради. У бор экан оилалар, ўғилу-қизлар, невара-чеваралар осойишта, тинч яшайди, рўзғорлар бузилмайди, гўдаклар етим қолмайди.

Мен отамни бу дунёдан кетишини ҳеч ҳам тасаввур қилмаган эканман. Икки кун аввал кўрганимда ақлзаковати тетик, ўтмишдаги ҳамма воқеаларни аъло даражада хотирлагани, ҳазилни жойига қўйгани учун менинг тасаввуримда отам яна юз йил яшайди, деган умид бор эди.

Эртаси куни отамни кўргани яна зиёратга бордим. Отам акамнинг ўғли Самандарни пешонасидан ўпиб, дуо қилди. Менга қараб, кўкрак чўнтагимдаги хатни ўқи, деб ишора қилатуриб, “Ҳа, болам, тўқсон ёшга кириб қўйдим, энди кетсаммикан?… деган бир оз сўник сўзлари қулоғимга чалинди. Аслида ҳам отам майин сўзлардилар.

Ўтмишдаги бирорта ҳодисани эсидан чиқармасдан доно-доно қилиб сўзлар, хайирлашиб, эшикдан чиқаётганимда отамнинг “Яна келарсан-а?” деган соғинч ва умидли овози негадир танамни титратиб юборди. Шунда ҳам отамдан умидимни узмадим, отам ҳали кўп яшайди, деган фикрим ўзимни дадил тутишимга мажбур қиларди.

Ўша куни Қаршигача Самандарнинг машинасида келдим. Тошкентга қайтгач ҳам чуқур ўйга ботганча падарибузрукворимни ўйлаб хаёл сурардим. Отам ҳали узоқ яшайди, деган умидворлик билан кунларни ўтказардим.

Отам ўзига хос қаттиқўл, бир сўзли, бировнинг омонати ва ҳақига хиёнат қилмаган, борига шукур қилиб, халқи билан баҳам кўрган, одамларга яхшилик қилишни одат қилган, етим-есирнинг бошини силаган, гапирган гапи ва ваъдасини аъло даражада бажарган инсон эди. Отамнинг ўй-хаёлида оиласи, ҳовли-жойи, фарзандлари, чорваси, қишлоғи, эли-халқининг аҳволи турарди. Отам доимо шошмасдан ўта босиқлик билан сўзлашни ёқтирарди. Ўтган асрнинг қаҳатчилик ва қимматчилик йилларида шароит оғирлиги сабали қишлоғимиздан турли томонларга илинж излаб кўчиб кетган элдошлари, Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йиллардаги машаққатли даврлар ҳақида ўкинч билан сўзлар эди.

Отам ота-боболаридан ўтиб келаётган урф-одатларни яхши биларди. Қуёшнинг чиқиши ва ботиши билан боғлиқ табиат ўзгаришларини, ёмғир қачон ёғишини, айниқса, буғдой бошоғидаги дон сонига қараб, гектар бошига қанчадан ҳосил кўтариш мумкинлигини аниқ айтарди. Уйига ташриф буюрган меҳмоннинг нияти ва истакларини бир қарашда сезиб оларди.

Менинг отам ҳақидаги келтирган хотираларим ўзимнинг бир умрлик орзу-армонларим ҳисобланади. Болалигимда отамнинг уйга қайтишини кутиб, кечалари узоқ вақт бедор ётардим.

Баъзан “Мен учун бу ёруғ дунёда ота-онамдан ҳам қадрли нарсалар бормикин?” деб ўзимдан сўрайман. Ака-укаларим, фарзандларим ва набираларим, ҳатто рисқ-насибаму қуёшим бор, лекин буларнинг барчасини ота-онамсиз тасаввур қилишим қийин! Ота-онамнинг ўрнини бошқа бирор инсон босаолмайди, бу аниқ ҳақиқат!

Отам умрининг охирги йилларигача йигитларга хос тетиклик ва бардамликни сақлаб яшади. Юриш-туришда, зиммасидаги вазифаларни адо этишда, оиладаги тартиб, интизом ва аниқликка доимо амал қилди. Ҳеч кимни ғийбат қилмади, тўғри гапини раҳбарга ҳам, ўз халқига ҳам тап тортмасдан гапираолди. Тўғрилик ва ҳалолликни олий ҳақиқат деб билди. Мана шу турмуш тарзига қаттиқ амал қилди.

Шуни комил ва ишонч билан айтишим керакки, отамнинг ўз бошидан кечирган ҳамма воқеликлари, амалга оширган ишларининг барчаси тўғри экан. Мен эса отам қаерда камчиликка йўл қўйган экан деб, баъзида хатоларини изладим. Бола тарбиясидами? Элим деб меҳнат қилганидами? Одамларнинг бошини силаганидами? Ғанимлари билан курашганидами? Ўзимча отамнинг ҳаёт йўлларини тафтиш қиламан, аммо бирор нуқсон кўрмайман. Аллоҳ бир инсонга берса шунчалик иқтидор, ор-номус ва бахт беради-да!

Тақдир сўнгги йилларда мени отамдан олисга улоқтирди. Тошкентда яшай бошладим. Нон-насиба, дея ўз-ўзимни тинчлантираман. Аммо, ота-онамдан узоқдалигим ҳеч ҳам тинчлик бермасди. Ўз-ўзимга саволлар бераман. Кейинги вақтларда кам хабар олдимми? Эътиборимни сусайтирдимми? Отамнинг “…Тўқсонга кириб қўйдим, энди кетсаммикан?” деган гаплари қулоғимдан кетмайди. Ўз-ўзимни кечираолмайман, ичичимдан ситам билан ўкириб йиғлайман!

Тақдир экан, ўн тўрт ёшимда отамнинг бағридан чиқиб кетдим. Ўқидим, олим бўлдим, раҳбарлик лавозимларида ишладим. Лекин, ҳар қанча ҳаракат қилсамда, эл-юрт учун отамдек меҳнат қилаолмадим! Яна отам тўғрисида ўйлайман. Наҳотки, отам бу дунёни тарк этса, мени ҳаёт саҳросида қолдириб кетса, деган ноумид шайтон ўйларининг азоби қийнайди!

Одамзод ўз ибтидосидан бошлаб ҳозирги кунигача бир фазилатни ёруғ юз билан сақлаб келади. Бу фазилат унинг ота-она олдидаги фарзандлик бурчини ҳар вақт, ҳамма ерда шараф билан бажаришидир. Фарзанд катта ёки кичик, қандай лавозимда ишлашидан қатъий назар ота-онасининг ҳурмати ва хизматини оғринмасдан қилиши шарт, бундан ўзгача бўлиши мумкин ҳам эмас!

Эрталаб Муҳиддин укамга телефон қилдим. “Бугун невараларини тўплаб меҳмон қилаяптилар”, деганини эшитиб қувониб кетдим. Қалбимдаги ғам-ташвишлар оз бўлсада, пасайди. Ҳар эҳтимолга қарши бир оз ўтиб, Шодмон укамга қўнғироқ қилдим. У ҳам “Ҳаммаси жойида, отам оқ шўрва қилдириб, дўст-биродарларини таклиф қилганлар” деди. Укаларимнинг гапидан хурсанд бўлсамда, негадир қалбимни шубҳа ўраб олганди. Қизимнинг телефон рақамини тердим. У “Отажон, бобом бизларни меҳмон қилаяптилар. Сиздан рози эканлар. Бир гаплари бор экан, сизни қачон келаркан, деб сўраяптилар”, деди. “Эртага бораман” дедим қизимга.

Минг афсус, эртага бораман, деб бекорга айтган эканман. Ўша кечаси уйқумда жуда қўрқинчли туш кўрдим. Соатимга қарадим. Саҳар пайти, соат миллари тўртдан ошаётган экан. Яна отамнинг нигоҳи кўз олдимга келди. Укаларимга телефон қилмоқчи бўлдиму, аммо тонг отишини кутдим. Ўрнимдан туриб, таҳорат олдим. Тушимни яхшиликка йўналтиргин, деб Аллоҳга илтижолар қилдим. Тонг отишини бедор бўлиб кутишнинг жуда қийин эканлигини айиқса, ўша тун яққол ҳис этдим. Устига устак, бурнимдан негадир тўхтовсиз қон оқарди. Ёстиғим ҳам қип-қизил қонга беланди. Эрталаб укаларимга қўнғироқ қилдим. Улар “Ака, сизга нима бўлди, бирор ёмон ҳолат юз берганида бизлар хабардор бўлардик-ку” деб терс жавоб беришди. Ташқарида ёмғир шаррос қуяётганди…

Эрталаб соат тўққизларда яна телефон рақамларини теришга тушдим. Укаларим мени тинчлантиришди. Фақат қизим “Бобомнинг авжи паст, қон босими тушиб бораяпти, ака-укаларни хабардор қилаяпмиз…” деди. “Овқат едиларми?” дедим. “Ҳа, эрталаб соат саккизларда озроқ оқ шўрва тамадди қилдилар. Акаларим бобомнинг ёнларида…” деди. Ўғлим Рухиддин эса “Ота, тезда йўлга чиқинг!” деб аниқ топшириқ берди. Бир соатлар ўтиб, укамга телефон қилдим. Телефон гўшагидан укаларимнинг ўкириб йиғлаётган товуши эшитилди. “Отам ҳозиргина оламдан ўтдилар…”, укамнинг овози аранг эшитилди.

Мен шу топда ўзимни гўё Дашти Карбалода ёлғиз қотиб тургандек, бошимга осмон ўпирилиб тушаётгандек ҳис этдим. Ўликманми, тирикманми билмайман! Наҳотки отамдан айрилган бўлсам, деган хаёл мени бутунлай чулғаб олган эди. Аҳмадни чақирдим. Бир пастда етиб келди. “Ука, мени Пўлатига олиб борасан” дедим унга. “Тинчликми?” деганча у менга ҳайрат билан тикилиб қолди. “Отам…” дея олдим, аранг. Тушунди шекилли, индамасдан машинасига ўтириб, моторни ўт олдирди. Йўлга тушдик. Аҳмаджон рулни маҳкам чангаллаганича оғзимни пойлайди. Ёмғир шитоб билан ёғмоқда, мен эса хаёл оғушида чурқ этмасдим.

Йўлда Самандарни учратдик, машинасини учириб келаётган экан. Бизларни кўриб, тўхтади. Мен унинг машинасига ўтдим. Яна йўлда давом этдик. Отам қилган панд-насиҳатлар ва васиятлар хотирамдан бирма-бир ўтаётганди. “Мен ўлсам маҳрам ишларни ким қилади?” деб савол бергандилар бир сафар. “Авваламбор, ўлманг, аммо бу бор нарса. Агар вақт соати етса, кўзимнинг ёшлари билан ювиб, тилим билан тозалайман” деганимда отам кулиб, “Ўша куни зарурат билан бирор узоқроққа кетиб қолмагинда” деганлари қулоқларим остида жаранглади. Отам оғир-вазминлик билан “Мен ўлсам тобутим қабр бошида бўлганида таъзиямга келган одамларнинг охири ҳали ҳовлимизда бўлади”, деган. “Бу тўрт километрлик йўлку, ота десам, бу ёғини ўзинг кўрасан, мен жаноза ўқилгунча ҳамма воқеаларни билиб тураман, ундан сўнг эса Аллоҳнинг лаҳадига бораман!” деб, жиддий жавоб қайтаргандилар.

Ёмғир кучайгандан кучаяди. Отамнинг юқорида айтган гаплари бағримни тилка-пора қилар, ақлҳушимни осмонларга олиб кетаётгандек эди. Фарзандини не-не умид ва интизорлик билан дунёга келтиргунча, не-не машаққатлар билан вояга етказиб, халқ хизматига топширгунча ота-онанинг юзларига ажин, сочларига оқ тушади. Шунинг учун ҳам ота-она олдидаги муқаддас бурчни эсдан чиқариш ёки бу улуғ бурчга бепарво бўлиш, инсон шаънига нисбатан жуда катта ҳақоратдир. Отам ўшанда “Мен ўлсам эгасига омонатини топширган бўламан. Унутма, ўлганимда йиғлаб, ўзингни ҳар томонга урмагин, кўк, қоп-қора либос кийдириб, ҳеч кимни қийнамагин. Таъзияга келган ёр-биродарларим, қариндош-уруғлар, ҳамқишлоқлар олдига дастурхон ёзиб, маросимларимни тўйдек кўринишда ўтказгин. Ҳаттоки, оғирроқ, мумтоз қўшиқ ёки мусиқа айттириб қўйсанг ҳам руҳим шод бўлади” дегандилар жиддий оҳангда.

“Мен Худодан нима сўраган бўлсам, ҳаммасини ато этди. Энди ўз номим билан омонат жонимни пок сақлаб, берган эгасига топшираман. Касал-бемор бўлиб, сизларни қийнамайман. Аммо, бир нарсани кўрмасдан кетаяпман. Майлига, тақдир экан, бунга ҳам розиман”, – дедилар отам бошқа бир куни. “Ўша орзуингиз нима экан?” деганимда, отам “Дуварамнинг боласи бўлмиш бегонани” дедилар хомуш тортиб.

Отамнинг гаплари жуда мазмунли бўлиб, ҳар қандай файласуфни ҳам чуқур ўйга чўмдирарди. Бўладиган воқеаларни олдиндан аниқ ва равшан кўра билар эди. Чорвачилик ва деҳқончиликнинг катта академиги, қўзисини кўриб қўчқорини айтар, деҳқончилик йилини қандай келишини олдиндан пайқар, пайкалдаги экинларнинг ҳосилдорлик миқдорини адашмасдан чамаларди.

Йўлда давом этаяпмиз, аммо машина тезлигини оширишнинг иложи йўқ, ёмғир тинмасдан ёғмоқда. Ёдихаёлим Пўлатида. Фақат мени бир нарса безовта этаётганди, у ҳам бўлса яқин дўстларимнинг менга изҳор қилаётган телефондаги таъзиялари эди. Уларнинг баъзилари “Бизлар ҳам бобомизнинг ёшига етайлик, кўп хафа бўлаверманг”, деб кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилгандек бўлишарди.

…Куннинг иккинчи ярми. Соат тўртларда жонажон қишлоғим Пўлатига кириб келдик. Ёнимда Самандар. Эрталабдан ёғишни бошлаган ёмғир ҳалигача тўхтагани йўқ. Кучсиз, аммо тинимсиз ёғмоқда. Табиат ҳам йиғлар экан. Шу тобда негадир отамнинг васиятлари хотирамга келди. “Вақт етиб, бандачиликнинг бажо келтирсам, йиғи-сиғи қилманглар. Маросимимни тўйдек қилиб ўтказинглар, шундагина менинг руҳим сизлардан шод бўлади…” деган эдилар.

Ҳовлига яқинлашаяпман. Юрагим шунчалик безовтаки, гўё кўксимни тешиб чиққудек ураяпти. Менга кўзи тушган акам, укаларим, жиянларим, фарзандларим, чодир қуриб, ўтирғичлар ташиётган, қозон осиб самоворларга ўтин қалаётган юзлаб қариндош-уруғлар ва қишлоқдошларимнинг кўзларидан ёмғирдек ёш оқди. Мен отамнинг жисми ётқизиб қўйилган хонага кирдим. Юзларига ёпиб қўйилган жойнамознинг бир томонини секин кўтараман. Юзлари қип-қизил, беғубор фариштадек бир инсон кўз ўнгимда гўё уйқуга кетгандек жимгина ётарди. Чеҳрасидан Аллоҳнинг нурлари таралаётгандек эди назаримда.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации