Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ОЗОД КЎНГИЛ ҲИКОЯСИ

Замонавий ўзбек ҳикоячилиги бугунгача бир нечта хронологик ҳамда поэтик босқичларни босиб ўтган бўлса, буларнинг орасида ўзининг бадиий тасвир усули ва қаҳрамонлар табиати нуқтаи назаридан алоҳида ажралиб турадиган босқич мустақиллик даври ҳикоячилигидир. Мустақиллик даври ўзбек ҳикоячилиги бадиий сюжет, композиция, услуб янгиланишлари билан бир қаторда психологик тасвир борасида ҳам салмоқли ютуқларга эришди. Бу борада Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Шойим Бўтаев, Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Луқмон Бўрихон, айниқса, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларини алоҳида таъкидлашни истардим.

Хуршид Дўстмуҳаммад яқинда нашр этилган бир илмий мақоласида ҳикоя жанри ҳақидаги анъанавий қарашларга нисбатан шундай муносабат билдиради: «Ихчамлик ҳикоянинг хос белгиси эканлиги тўғри, лекин унда қаҳрамон ҳаётидан фақат битта воқеанинг бўлиши, бу етмагандай сюжети содда бўлиши, ҳатто ихчам воқеа лўндагина ифодаланмоғи даркорлигини ҳазм қилиш қийин. Нима учун фақат битта воқеа? Нега энди сюжет содда бўлмоғи? Ва лўндагина ифодаланмоғи?.. Ҳар учала шартни тамомила инкор ва рад этган ҳикоялар оз эмас жаҳон адабиётида». (Дўстмуҳаммад Х. Ҳикоянинг такомил йўли / Сарчашма мавжлари. Т.: «MASHUR PRESS», 2016. – Б.164.)

Ёзувчининг бундай кескин фикрларидан биз қандай хулоса чиқаришимиз керак? Демак, мустақиллик даври ўзбек ҳикоячилиги ўз бадиий мезонларини яратиш йўлида изланмоқда. Ҳикоянинг анъанавий шаклларини, у ҳақдаги илмий қарашларни инкор этмоқда. Бу ҳолат фақатгина илмий ёки публицистик мақолаларда эмас (бу жойда Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, хусусан, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг айрим мақолаларини назарда тутамиз. – С.Е.), балки бевосита ҳикоя жанри бўйича кўзга ташланаётган бадиий экспериментларда ҳам яққол кўринади. Аҳмад Аъзам, Шойим Бўтаев, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Назар Эшонқул каби ўзбек ҳикоя нависларининг кейинги даврларда ёзган ушбу жанрга мансуб асарларида фикримиз исботига хизмат қиладиган жиҳатлар талайгина.

Ўзбек ҳикоясидаги бунингдек мазмун ва шакл ўзгаришларининг, бир турк адабиётшуноси мустақил кузатувларига кўра, учта муҳим сабаби бор. Биринчи сабаб, мустақиллик даврига келиб, ўзбек адабиётида ёзувчи шахсияти, дунёқарашининг тубдан янгиланганлиги; иккинчи сабаб, ҳикоя прототипилари бўлган ўзбек кишилари ҳамда ХХI аср ўзбек халқи турмуш тарзи, жамиятдаги маънавий, психологик ҳолат-вазиятнинг ўзгариши; учинчи сабаб, адабий таъсир натижасида ҳикоя жанри спецификасининг янгилана бориши. Биз бу жиҳатларни юқорида саналган нисбатан янги фикрли ёзувчи шахсиятларининг барчасида кузатамиз.

Ўзбек ҳикоячилигидаги шакл-мазмун янгиланишлари, жаҳон ҳикоячилигига яқинлашуви, айниқса, бугун кўзга ташланаётган поэтик экспериментлар ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, Хуршид Дўстмуҳаммад ижоди олдинги планга чиқади.

Х.Дўстмуҳаммад ўзининг илк ижодий фаолиятидан бошлаб, қатор бадиий экспериментларни муваффақиятли тарзда амалга ошириб келмоқда. «Жажман» ҳикоясидаги жаҳоний мифологик руҳ, «Ибн Муғанний» ҳикоясидаги нозик психоаналитик таҳлил, «Қичқириқ» ҳикоясидаги миллийлик билан тўйинган бадиий рамзлаштириш усули ёзувчи ижодининг бадиий жиҳатдан ўзга ҳикоячиларга ўхшамаслигидан далолат беради. «Жимжитхонага йўл», менимча, ўзбек адабиёти тарихида биринчи насрий назира ҳисобланади. Италиялик ёзувчи Дино Буццатининг «Етти қават» ҳикояси Хуршид Дўстмуҳаммад бадиий тафаккуридаги шарқона қамров, ўзбекона маънавият, фалсафа талқини поэтик жиҳатдан юксак поғонага кўтарилган. «Ёшлик» журналининг 2017 йил 2-сонида эълон қилинган «Эрта баҳор» ҳикояси ҳам ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад насрий ижодидаги ўзига хос бир чўққи, ютуқ дейишга асос беради.

Ҳикоянинг янгилиги ва ўзига хослиги шундаки, унда тасвирланган воқеа-сюжет ҳар йили, ҳар қандай миллатга мансуб, ҳар қандай киши ҳаётида рўй бериб турибди ёки рўй бериши мумкин. Худди шу жиҳати билан «Эрта баҳор» ҳикояси жаҳоний, умумбашарий аҳамиятга эга. «Эрта баҳор», бир сўз билан айтганда, қиш бўйи диққинафас уйда зериккан ва ниҳоят, баҳор ташрифи туфайли «озодлик»ка чиққан ўз озодлигидан бироз хавотир, бироз қўрқув, бироз шубҳа, бироз завқ туяётган инсон кўнгли ҳақида. Асар қаҳрамонига қўйилган исм ҳам, ҳикоянинг асосий сюжети каби қуюқ рамзга йўғрилган. Қаҳрамоннинг исми оддий исмлардан эмас. Мукаммал, нозик ва, ўз навбатида рамзий исм – «Ромиз шоир». Ромиз шоирнинг воқеликни идроклаш, ўзи идроклаган дунёни тасаввур ва баён қилиш усули ҳам ўзига хос, бошқа биронта қаҳрамонга ўхшамайди. Ромиз шоир диққинафас қиш бўғувидан қутулиб, ниҳоят боққа етиб келади. Ҳикоя шу билан бошланади: «Ромиз шоир жуда-жуда соғинганди боғни. Соғиниш ҳам гапми, боғни унутиб юборгандек эди, назарида. Унутиш ҳам гапми, батамом оқибатсизлик йўлига ўтган-у, мана, кўз-кўзга тушганда хижолат ўтида ёнаётгандек, изза бўлаётгандек, истиҳола ўтида қоврилаётгандек эди». Туркийларнинг классик адабиётидаги ружуъ санъати руҳида тузилган ушбу муҳташам жумлалардан аён бўладики, Ромиз шоир эрта баҳорда талпиниб, судралиб, ичикиб, ошиқиб етиб келган боғ, аслида, кўнгил озодлигининг рамзий ифодасидир. Қаҳрамон бу туйғуни анча муддат унутган, унутиш асносида яшашга ўрганмоқни тану жони учун хавфсиз, хотиржам турмуш тарзининг гарови деган фикрга кўникаёзган. Аммо шундай маҳбусона туйғулар қатида пинҳон озодлик ҳақидаги хотиралар қаҳрамонни яна ўз аслига қайтарган: «Уй-жойи, бола-чақаси бағрида, хизматига бориб-келиб турди. Лекин юраги сиқилди, фақат нега, нимадан сиқилди, не ҳасратларда бу қадар қисинди – ўзи ҳам билмади, тагига етолмади, тайинли жавоб топмади. Худди барча тушуниксиз дилхунликлари фақат ва фақат дала-ҳовли васлига, дийдорига етсагина тарқайдигандек туюлаверди. Боғ ҳовлиси тушларига кирди, тушида ҳам, уйғонгач, ўнгида ҳам ҳадемай баҳор келақолса, дея сабрсизланаверди…» (таъкид бизники – С.Е.).

Мақсадига эришган, дала-ҳовли дийдорига етган қаҳрамон ҳам сўзлаш услубида, ҳам ҳикоя сюжетининг умумий қурилишида ружуъ – ортга қайтиш усулидан унумли тарзда фойдаланади: «Қандайдир кўринмас-мавҳум куч унинг бу ният-маслагига етишмоқликка тўсқинлик қилиши муқаррардек бот-бот кўр хавотирга тушди…» (таъкид бизники – С.Е.). Бу билан бир тарафдан ҳикоя услуби билан классик туркий ғазалиёт услубини синтезлайди, иккинчидан, ҳикоялаш манерасида янгилик ясайди, учинчидан, ҳикоянинг кутилмаган, ўзига хос сюжет қурилишининг оригинал ташкилланишини таъминлайди. Энг муҳими, қаҳрамон психологиясини барча мураккабликлари билан психоаналитик тасвирлашга эришади. Бундай ютуқ, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг юқорида келтирилган тадқиқотида қайд этилганидек, ҳикоя жанрига хос эмас, деган анъанавий тушунчалар бор эди. Экспериментлардан ҳеч қачон чўчимаган Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоя жанри ҳақидаги мана шундай догматик қарашларни синдиришга муваффақ бўлди. Ҳикоя услуби, қаҳрамонлари тасвири, психологик талқин нуқтаи назаридан худди шундай ўзгариш ва янгиланишлар ХХ аср турк ҳикоячилигида, айниқса, С.Илери ҳикояларида яққол кўзга ташланади. Бу жиҳат икки туркий тилли адабиёт вакили бадиий дунёқараши, воқеликни бадиий идрок этиши ва тасвирлашидаги муштаракликдан далолат беради.

Дарҳақиқат, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад мутахассислар билан бўлган суҳбатларидан бирида адабий образлар яратишда руҳий таҳлилнинг аҳамияти ҳақида шундай ёзади: «Фёдор Достоевскийда шундай гап бор: «Факт тугаб, мушоҳада-мулоҳаза бошланган жойда, бадиий адабиёт бошланади». Биздаги кўпгина асарлар мушоҳада бошланган жойда тугайди. Мен нима демоқчиман? Инсонни ўрганиш – психология. Психология – таҳлил. Таҳлил кучайгани сайин адабиёт кўпроқ тош босади. Образларни мураккаб ҳолатларга солиб тадқиқ қилиш керак. Ёзувчи инсонни истаганча тадқиқ қилиши мумкин. Инсон психологияси тугамайдиган конга ўхшайди. Кимдир тадқиққа мойил бўлади, кимдир воқеага. Масалан, кўп детектив асарларда жараён кучли. Мени кўпроқ асар воқеаларининг тафсилоти эмас, ўша воқеаларнинг қаҳрамон қалби, шууридаги инъикоси қизиқтиради».

Хуллас, «Эрта баҳор» ҳикояси қаҳрамони дала-ҳовли (рамзан озод кўнгил) оғушида турфа хаёллар суради, хилма-хил ғайриоддий ҳолатларни бошдан кечиради. Бу кўнгил дунёсига бошқа номлар, янги ва бир қадар бегона ҳолатлар, кечинма ва хулосалар кириб келади. Ромиз шоир – Ромиз Жўрага айлангунга қадар дала-ҳовлига кириб келган Омад, Фарида, Зиёда образлари, менинг тушунишимча, худди Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» достонидаги қушлар образидек, қаҳрамон кўнглидаги ҳислар ранг-баранглигини ифодалаб келади. Ҳикоянинг сўнгги саҳнасида кириб келадиган: «…жингала сочлари сутдек оппоқ бетларига, тим қора кўзларига бирам ярашган, оқ, сариқ, қизил гулли яп-янги ҳарир кўйлакча»ли қизалоқ кўнгил ва руҳ озодлигига рамзий ишора вазифасини бажаради. Матлаъ-жумлаларда ифодаланган вазият-ҳолат тасвири гўё қаҳрамонга оид озод кўнгил қўшиғидек жаранглайди. Ромиз Жўранинг кўнгил ҳаловати ва руҳий озодликка етишганидан мужда беради:

«– Ман-чи, сизга ширин овқат опкелдим, амаки…

Қизалоқ жарангдор овозда шундай деди-да, қўлидаги тугунчани Ромиз Жўрага узатди. Ромиз шоир журъатсизланиб тугунчани олишини ҳам, олмаслигини ҳам билолмай, ҳамон ҳайратлардан ҳушини йиғолмай аланглади.

Кўча кимсасиз, жимжит эди…»

Кўринадики, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Эрта баҳор» ҳикояси инсон кўнгли озодлиги ҳақидаги муҳташам асардир.

Саваш ЕЛЎҚ (Туркия)
(«Шарқ юлдузи» журнали. 2017. 8-сон. Б.144-147.)
АСОВ ОҚИМГА БАСМА-БАС

Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад «Қичқириқ» номли ҳикоясида алдоқчи мавжи ва жимирлаб оқиши билан одамларни мафтун этган, ички шиддатли оқими, ғалати феъл-атвори билан ҳайратга солган анҳор тасвирини кўз илғамас ижтимоий воқеалар, инсон қисматига битилган синовлар билан боғлайди. Жумладан, бу «…асов ва бетизгин Қичқириқ оқимининг шафқатсизлиги ҳаётнинг оддий, осуда ва бир маромдаги оқими оғушида жуда тез унутилади. …инсон феълининг ажабтовур қонуниятларидан бири шундаки, бир бора телба гирдоб комига тушмаган банда ўзининг ғарқ бўлиш эҳтимолидан холи эмаслигини сира тасаввурига сиғдиролмайди».

Ёзувчининг ҳикояда воқеалар ижрочиси сифатида танлаган қаҳрамони номини Султон деб атагани тасодиф эмас. Билъакс Султон бир маротаба Қичқириқ билан курашиб мағлуб бўлган. У сузиш сирларини мукаммал эгаллаш мақсадида шаҳар сув ҳавзасида маҳоратини оширади, тажрибага эга бўлади. Агар биз Султон образини ички сезимдан келиб чиқиб таҳлилга тортадиган бўлсак, бу қаҳрамонни синовлардан ўтган, камолотга эришган шахс деб англамоқ лозим бўлади. Ёзувчи энди унинг матонатини синаб кўриш ниятида яна Қичқириқ билан юзлаштиради. Бунга сабаб ўн беш кунлик сариқ кўйлакли келинчакнинг сувда ғарқ бўлиши, жасадининг топилмагани. Султон содир бўлган воқеани севгилиси Башоратга гапириб беради. Қиз: «Вой-й, бечора!» деб жони ачийди, келинчакнинг топилган-топилмаганини суриштиради ва бу воқеалар баёни руҳий кечинмалар билан уйғунлашиб кетади. «Ҳаётининг мазмунига айланиб қолган севгилисининг қизиқиши ортгани сайин қонсираган Қичқириқ комига тортиб кетган жасаднинг топилиши Султоннинг шашти-шижоатига қараб қолаётгандек бўлаверади». Султон ёшликдан бу анҳорнинг «қилиқ»ларига шоҳид бўлган, одамлардан эшитган, билган. Ҳикояда воқеликка нисбат берилиши ҳам шундан. Ёзувчи азалдан ошиқни матонатга чорловчи ишқнинг сеҳрловчи жозибасини воқеалар давомида қаҳрамон ички кечинмалари билан боғлаб, ишқ – жисмоний ва руҳий оламларнинг меҳвари, дея ўқувчи диққатини ҳикоя тафсилотига қаратади. Ишқ – сарчашма. Оламнинг гўзаллиги ишқдан.

Адиб Султонни мақсад йўлида анҳор (ҳаёт)га туширади ва у ўзаннинг ҳар бир қаричини синчковлик билан кузата бошлайди. Қичқириқ тубида чўкинди бўлиб ётган лаш-лушу чиқиндилардан покланиш қасдида бу қадар серзарда, асов ва телбавори оқаётгандир, деган таассуф Султон хаёлида чарх уради. Ёзувчи анҳордаги ташландиқ буюмларни бирма-бир айтиб, ўқувчига ҳаёт-тириклик нақадар муқаддас неъмат эканлигини таъкидлаб, ундан ҳузурланиш, завқланиш ўрнига, аксинча, одамлар тириклик манбаи ҳисобланмиш зилол сув неъматига салбий муносабатда эканидан зорланади ва бунинг оқибатидан огоҳлантиради, бизни олий неъматни ардоқлаш, асраб-авайлашга чақиради.

«Қичқириқ» ҳикояси қаҳрамони Султон ва Қичқириқ бир-бирига зид, умумлашма образлар. Аслида сув ва инсон орасида зиддият йўқ. Зиддият одамлар тарафидан юзага келтирилган: ўзаннинг «бу қадар серзарда ва телбавор» оқиши бунинг далили. Ёзувчи ҳикоянинг таъсир қувватини ошириш мақсадида матнда турли лисоний-бадиий воситалар – ташбеҳ, кўчма, мажозий маъно англатувчи сўз ва ибораларни мавзу талабига мос тарзда қўллайди. Бу эса баённинг таъсирчанлиги ва бадиий хусусиятини оширишга асос бўлган.

Китобхонда нима сабабдан ўн беш кунлик келинчак Қичқириқ комига ғарқ бўлди, деган савол туғилиши табиий. Қичқириқ – микроолам. Кундалик турмуш тасодифларга тўла. Демак, анҳор ҳам шу муҳитнинг ажралмас бир бўлаги, у ҳам тасодифлардан холи эмас. Тасодифлар эса вақт ва макон танламайди. Лекин ёзувчи таъкидлаганидек, «оқимнинг шафқатсизлиги ҳаётнинг оддий, осуда ва бир маромидаги оқими оғушида жуда тез унутилади». Хулоса шуки, ташқи «оқим» шафқатсиз ва қанчалик оғир бўлмасин, ички «оқим»га сингиб, тезда унутилиши оддий ҳақиқат. Аммо муаллифнинг мақсади инсон фарзандини тасодифлардан огоҳ бўлишга ва маърифатга чақириш.

Ёзувчи Султон билан Қичқириқ ўртасида кечаётган руҳий-психологик қарама-қаршиликни қоғозга кўчираркан, ҳар бир кичик эпизод, лавҳа, кечинма тасвирида анҳор тубида, ташида учраган нарсаларнинг қаҳрамоннинг танаси, жисми ва ҳиссий аъзоларига таъсирини шиддатли оқимга уйғунлаштириб жонли ва табиий ҳолатни, вазиятни юзага келтирган.

Мен ҳикояни таҳлилга тортиб, бир неча варақни қоралаб, адиб маҳоратининг нозик нуқталарини англадим деб, қаноатлангандай бўлдим. Аммо ёзувчи мақсадини тўғри ҳис қила олдиммикан, дея матнга бот-бот мурожаат этдим. Таассуф шундаки, ҳис этганларимда қувват, сезим камлик қилган экан. Мана, Султоннинг сабри: у анҳорда узоқ сузди, севгилисига сўзлади, ғаввослардан нолиди, улар билан учрашди. Ғаввоснинг: «Бу дунёда мен тушмаган сув қолмаган, илло бунақасини кўрмаганман!..» деган гапини эшитди, кўнгли ранжиди, Башоратга суянди, совуқ тасмага тармашди, оёғи сиртмоққа илинди. Қичқириқнинг суви билан тил топди, унинг «дилига қулоқ солди», анҳор «ақл бовар қилмайдиган, бир жондор…» эканлигини англади. Унинг ҳаёт тарзи, мавжудлиги, қисмати, лиммо-лим, шитоб билан оқиб боришидан маъно-мазмун топганидан ҳайратланди «…оқар сув остида ҳар қандай жонсиз нарсага жон киришига ва уларнинг …жондорга айланишига иқрор бўлди» ва ниҳоят: «… Топдим, Башорат! Башоратой, жоним, топдим!» деди. У энди анҳор билан шу қадар қадрдонлашиб кетдики, унга ётиғи билан илтижо қилди, унга тоза ниятларини тўкиб солди, овози етгунча қичқирди, шу қадар қичқирдики, Қичқириқ бир зум бўлса-да, оқишдан тўхтади… «Қичқириқ» деган ном ҳам ғоятда ўзига ярашиқли, ноёб!

Мусаффо сувда сузиш – уфқ билан бирлашиш, демак. Аслида ҳаёт гўзал. Аммо бизда муболаға ҳисси кўпроқ. Баъзида азалиятдан бехабардек мағрурланамиз, тақдирдан нолиймиз… Султонни эса юмшоқ нарса манзилга секин авайлаб чиқариб қўйди.

Мен ҳикояни ўқиш жараёнида Султон билан бақамти сузгандек бўлдим, сузиш жараёнида анҳорнинг ўзига хос феъл-атвори билан танишдим ва ўз ўй-хаёлларим, унинг тубида тўқнаш келган барча турли жисмлар мақсадим йўлидаги ҳаракатларимга ўзгача бир куч билан қаршилик қилаётгандек туюлди. Ҳатто ўзимнинг «…бир қоғоз парчасидек, гул япроғидек сассиз-несиз оқиб бораётган»имни ҳис қилдим. Аммо тириклик – ҳаёт тўлқинларига басма-бас ўзлигимни топишга бўлган истак кучаяверди… Назаримда, бу мазкур асарнинг тарбиявий аҳамиятини таъминлаган етакчи жиҳат.

Алишер Навоий ҳазратлари айтганлар:

 
Эй кўнгул, тан тахтасин
бу қаъри йўқ гирдобдин
Истасанг соҳилга чекмак,
билки, бу осон эмас.
Пиру истеъдоду тавфиқ
бўлмаса бўлмас бу иш,
Кимдурким бағри бу
ҳасратдин онинг қон эмас.
 

Демак, танни тубсиз гирдоб, яъни ҳаёт синовларидан омон олиб чиқишни истаркансан, билки бу иш осон эмас. Мушоҳада сиздан, биздан ишора.

Исҳоқхон НОСИРОВ
(«ЎзАС» газетаси. 25 май 2018.)
НЕОМИФ НАСРДА «СУВ» МЕТАФОРИК ОБРАЗ СИФАТИДА
I

Сув дунё халқлари мифологиясида универсал рамзлардан саналади. Сув – жонлантириш, ёшартириш хусусиятига эга. Сув – ёруғлик, поклик рамзи. Бу образ ҳақидаги қарашлар дуалистик характерга эга. Бунда сувга офат келтирувчи, инсон ҳаётига фалокат олиб келувчи образ сифатида қараш тенденцияси ҳам мавжудлигини назарда тутяпмиз.

II

Олам ва одамни неомифологик талқин этаётган ўзбек носирлари Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшонқул, У.Ҳамдам, И.Султон каби адибларимиз насрида сув тимсолининг янгича бадиий маънолари, кутилмаган рамзий қаватлари кузатилади.

Х.Дўстмуҳаммаднинг «Қичқириқ» ҳикояси адабиётшуносларимиз орасида анча шов-шувларга сабаб бўлди. Жумладан, фольклоршунос Ш.Турдимов ҳикоянинг рамзий қатлами ҳақида шундай ёзади: «Қичқириқ»да учта ўзак рамз бор: 1. Қичқириқ (анҳор) 2. Йигит (Султон) 3. Сариқ кўйлакли келинчак (Озитқи). Бу рамзлар асардаги барча тасвир, детал, сўз ва диалогларга тимсолий маъно бера олган». Олим жуда тўғри қайд этаётганидек, ҳикоя матнида учрайдиган ва бадиий воқелик асосида турган рамзий образлар учта эмас, тўртта: 1. Анҳор (Қичқириқ) 2. Султон (йигит) 3. Сариқ кўйлакли келинчак (жасад) 4. Сув ости жондор махлуқи.

Анҳор денотатив маъносидан ташқари, икки ҳаёт ўртасидаги сирли, воситали йўл рамзидир. Иккинчи томондан, «Қичқириқ» гидронимида шартли рамзий маъно зоҳир. Ҳикояда «Қичқириқ» шундай изоҳланади: «Тирикларнинг гап-сўзлари ғарқ бўлганларга, ғарқ бўлган марҳумларнинг сукунати эса тирикларга қичқириқ бўлиб эшитилади». Демак, «Қичқириқ» анҳор тириклар дунёси билан ўликлар дунёси ўртасидаги йўл, дарча. Ҳикоя қаҳрамони ёш йигит Султон бу дунёга бир бор саёҳат қилади. Аслида, у сувдан ўлгудек қўрқади. Болалигида содир бўлган кўнгилсиз воқеа унинг руҳиятида чуқур, оғриқли из қолдирган. Аммо қўшниси Мавлонбекнинг ёш келинчаги анҳорга чўкиб кетиб, жасади топилмагач, севгилиси Башоратойнинг қайта-қайта куйиниб-ачиниб сўрашларидан сўнг, сариқ кўйлакли келинчак жасадини излашга аҳд қилади. Султон анҳорнинг ҳар бир қарич жойини, тезоб оқим, майда балиқлар, сув остидаги чиқиндилар қаршилигига қарамасдан, қидирув ишларини давом эттиради. Х.Дўстмуҳаммаднинг «Ибн Муғанний» (қаҳрамоннинг қор кураш машқи), «Ўзим» (йигитнинг кўрпа-тўшагини ортмоқлаб юриши) каби ҳикоялардаги бир хил такрорий хатти-ҳаракатлар «Қичқириқ»да сув остига шўнғиш мотиви билан алмашинади. Демак, Х.Дўстмуҳаммаднинг учта ҳикоясида: «Ибн Муғанний», «Ўзим», «Қичқириқ»да қадимий мифологик бадиий архитип излари сезилади. Яъни учта ҳикоя учун ҳам битта мифологик модель асос қилиб олинган. Бу асос бирор антик афсонаси бўлиши мумкин. Яъни адибнинг ҳаёт, инсон, унинг қисматига неомифологик ёндашуви шу тариқа янгича ижодий фантазия билан янги мазмун касб этган.

Биз юқорида тилган олган ёзувчиларимиз жаҳон ва туркий халқлар мифларини айнан такрорламайди. Мавжуд мифлар мазмунини ўзларининг янгича ижодий тажрибалари билан, олам ва одамга шахсий фалсафий қарашлари билан бойитади. Янги ўзбек насрининг неомиф намуналарини маҳорат билан яратаётган Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшонқул, У.Ҳамдам, И.Султон каби адибларимиз ўз ижодида битта антик миф асосида инвариантли наср намуналарини яратишга муваффақ бўлишди. Хусусан, инвариантлилик ҳолати айниқса, Х.Дўстмуҳаммад билан У.Ҳамдам ижодида бўртиб кўринади.

Қаҳрамон исмининг «Султон» деб аталишида ҳам ишорали рамз кўринади. Бинобарин, адиб тирик жонли жонзотлар ичида Инсоннинг султонлигига урғу бераётгандек яширин ассоцациялардан дарак бераётгандек.

Хулоса шуки, ўзбек неомиф насрининг Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби вакиллари реализм, неореализм, модернизм, магик-романтизм каби турли хил услубий йўналишларида ижод этишар экан, улар ижодида «Сув» образининг турфа маъно қатламлари маҳорат билан очиб берилган.

Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА
ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК НАСРИДА НЕОМИФОЛОГИЗМ МУАММОСИ
Миф ва неомифологизм тушунчаси. Шартлилик табиати

Ўзбек адабиётшунослигида неомифологизм муаммоси мутлақо ўрганилмаган назарий масалалардан бири саналади. «Неомиф» атамаси ўзбекча-русча адабиётшунослик терминлар ва энг сўнгги нашр Д.Қуронов, З.Мамажонов, М.Шералиеваларнинг «Адабиётшунослик луғати»да ҳам учрамайди. Бироқ адабиётшунос Н.Владимирова энг сўнгги тадқиқотида бу янгиланишни англаб, бир жумла ёзган: «Целый ряд современных узбекских прозаиков вышли на этот путь, выстраивая свой собственный «миф» о современном человеке. Создавая неомиф, писатели пытается найти иные, неклассические способы художественного постижения истины о пути Человека (от рождения до смерти). Аман Мухтар, Назар Эшанкулов, Хамид Исмаилов, Улугбек Хамдамов, каждый по своему, рисуют художественную картину человечского бытия, синтезируя в ней традиционный миф и «новую» правду личности». Мазкур жараён, айниқса, Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшонқул, У.Ҳамдам, И.Султон ижодида (роман, қисса, ҳикоялар) бўртиб кўринади.

А.Миронов рус ва жаҳон романчилигида шуҳрат қозонган Ф.Кафканинг «Жараён», «Қалъа», Т.Манннинг «Сеҳрли тоғ», Ж.Жойснинг «Улисс», М.Булгаковнинг «Уста ва Маргарита», А.Платоновнинг «Чевенгур», «Котлован», Г.Г.Маркеснинг «Юз йил ёлғизликда», А.Камюнинг «Вабо», У.Фолкнернинг «Ҳикоя», Ч.Айтматовнинг «Кунда» каби асарларини неомифологик роман деб белгилайди.

Неомифологик образнинг классик намунаси Х.Дўстмуҳаммаднинг «Жажман» ҳикоясида кузатилади. Тадқиқотчи ва олимларимиз Д.Қуронов, Г.Сатторова, Н.Довурбаева, Б.Рўзимуҳаммад, М.Қўчқоровалар Жажман («Жажман» ҳикояси ва «Бозор» романи) образи борасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён этишиб, ҳатто бир-бирлари билан баҳслашишди. Уларнинг Жажман образи хусусидаги фикрлари қуйидагича «Жажман – еб тўймас юҳо», «Жажман – Нафс рамзи», «ножинс махлуқ Жажман эса – шайтоний нафс рамзи». Деярли, фикрлардаги ўхшашликни, яқинликни сезиш қийин эмас. Бизнингча, Жажман – неомифологик образ, ҳикоя неомифологизм асосига қурилган, зардуштийлик таълимотига кўра иккига бўлинган олам эзгулик ва ёвузлик ҳақида ҳикоя этади. Шу боис асар қаҳрамонлари Зардушт бобо, Ахурамазда (эзгулик худоси), Ахриман (ёвузлик худоси) ва ёзувчининг юксак бадиий тафаккури натижаси ўлароқ яратилган номаълум махлуқ (бўйи бир қарич, қорнида қопчиғи бор – бу жиҳати билан кенгуруни эслатади, юзи гоҳ тулки, гоҳ сичқон, гоҳ олмахон, гоҳ одамни эслатувчи номаълум жинс) ва оломон (пистафуруш, жийдафуруш, ёнғоқфуруш, туршакфуруш … фурушлар) образини ташкил этади.

Ҳикояда зардуштийлик дини ва у ҳақдаги диний мифнинг трансформациясини кузатиш мумкин. Зеро, М.Жўраев зардуштийлик мифологияси билан боғлиқ образлар ҳақида шундай фикрни билдиради: «Халқ оғзаки ижодида анъанавий тарзда қўлланилувчи аждар, дев, пари, Семурғ, Жўмард, Аранжа бобо, Ахриман, Аранглар, Заҳҳок, Сиёвуш, Ҳубби, Ашшадорози, Суст хотин, Ҳайдар каби кўплаб асотирий образларнинг тарихий асослари зардуштийлик мифологиясига бориб тақалади». Олимнинг фикрларидан сўнг тўла ишонч билан Х.Дўстмуҳаммаднинг «Жажман» ҳикояси сюжети ва образига зардуштийлик мифологияси туртки берганлигини қайд этмоқчимиз.

«Жажман» (Х.Дўстмуҳаммад) мотиви Заратуштра ҳақидаги мифнинг трансформацияси бўлса, шу муаллифнинг «Ибн Муғанний», «Ўзим», «Қичқириқ», У.Ҳамдамнинг «Лола», «Пиллапоя», «Бир пиёла сув» ҳикоялари кўп жиҳатдан юнон афсонаси «Сизиф ҳақидаги афсона»нинг қайта ишланган, трансформациясидир. Қаҳрамонлар хатти-ҳаракатидаги такрорийлик Сизиф харсанг тошни қайта-қайта тоғ чўққисига олиб чиқиши, ерга думалаб тушиши, бу жараённинг яна такрор бажарилиши Х.Дўстмуҳаммад ва У.Ҳамдам ҳикоялари қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатида ёрқин кузатилади. Чунончи, қор уюми ичида қолган Ибн Муғаннийнинг қорга ботиб кетмай олдинга силжиш машқи, қаҳрамон олдида янгидан-янги қор тепаликларининг пайдо бўлиши («Ибн Муғанний» ҳикоясида, Х.Дўстмуҳаммад), кўрпа-тўшагини ортмоқлаб, бахтини излаб йўлга чиққан қаҳрамон ҳаёти («Ўзим» ҳикоясида, Х.Дўстмуҳаммад) тоғ тепасидаги лолани олишга интилиш, тоғни забт этдим деганида қаҳрамон олдида яна шундай янгидан-янги чўққиларнинг пайдо бўлиши («Лола» ҳикоясида, У.Ҳамдам) қаҳрамон олдида узундан-узун, адоқсиз пиллапояларнинг пайдо бўлиши («Пиллапоя» ҳикоясида, У.Ҳамдам), арава судраб манзилга ошиққан қаҳрамон хатти-ҳаракатлари («Бир пиёла сув» ҳикоясида, У.Ҳамдам) қайсидир маънода юнонларнинг машҳур Сизиф ҳақидаги афсонасини эслатади. Ҳар икки ёзувчи ўзбекнинг Сизифларини яратган, деган фикр келмоқда хаёлимизга. Х.Дўстмуҳаммад «Ибн Муғанний» ҳикоясида бир оила тимсолида фикрсизлик инсоният учун энг катта фожиа эканлигини кўрсатиб берди. Адиб ниҳоятда фикрпарварликни севади, инсониятнинг, жамиятнинг тараққиёти учун дунёқарашнинг кенг бўлмоғи кераклигини кўплаб рамзий, неомифологик асарларида илгари суради.

Ўзбек адабиётшунослигида Х.Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» ҳамда Улуғбек Ҳамдамнинг «Исён ва итоат» романида немифологизмдан унумли истифода этишганини қайд этмоқчимиз. У.Ҳамдам «Исён ва итоат» асарида мифлардан фойдаланишнинг бироз жўн йўлидан боради. Ёзувчи мазкур романида Одам Ато ва Момо Ҳавво ҳақидаги диний мифология билан бугунги кун кишисининг тақдирини параллел бериш услубини қўллайди. Х.Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романида эса бирмунча мураккаб, оригинал бадиий тафаккур натижаси сифатида яратилган неомифологик образни кузатиш мумкин.

Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации