Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 38 страниц)
УСЛУБ ЖИЛОЛАРИ, ПОЭТИК ҒОЯ ВА РУҲИЙ ТАҲЛИЛ
Ёзувчи ўз ҳикояларида ранг-баранг услублар жилосини намоён этганидек, қиссаларидаги ўзига хос ифода ва талқин йўсини билан ҳам бугунги ўзбек насрини бойитди. У ўзининг қиссанавислик тажрибаларига тўхталар экан, жанрнинг бугунги тараққиёт хусусиятлари ҳақида ҳам эътирофга молик фикрларни қайд этади. «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси» («Кресло»), «Чаёнгул», «Сўроқ», «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – Сенсиз, Сен – менсиз», «Куза…» (яъни, «Кузатилувчи») қиссаларини ўқиганимизда адибнинг назарий фикрлари асосли эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.
«Ҳижроним мингдир менинг» қиссаси, унинг давоми бўлган «Мен – Сенсиз, Сен – менсиз» қиссасини нафақат ёзувчи ижоди, балки ҳозирги ўзбек лирик прозасининг ҳам энг гўзал намуналари, дейиш мумкин. Ёзувчининг жаҳон мумтоз адабиётида инсоний, мусаффо руҳни юксалтирувчи севги қиссаларини ўқиб таъсирлангани сезилади.
Бу қиссаларда ёзувчи мумтоз адабиётга хос афлотуний, беғараз севгини, васл умиди ва ҳижрон изтиробларини, меҳрга, яхшиликка лиммо-лим ҳис-ҳаяжон ва кечинмаларни самимият билан тасвирлайди. Мазкур қиссалар севишганларнинг мактубларидан иборат.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг севги ҳақидаги қиссаларида ахлоқий поклик, беғаразлик, меҳр ва инсонларнинг маънавий гўзаллиги улуғланади. Ёзувчи «Ҳижроним…»нинг давомини «Мен – cенсиз, cен – менсиз» номли алоҳида қисса қилиши ҳам қизиқарли. Аввалги қиссада севги изҳорларидан севинч ва ҳайрат кўп эди. Кейингисида эса бу оташин севгида висолга ета олмаслик, айрилиқ, севишганларнинг бир-бирисиз яшай билмаслиги, йигитнинг қизга отаси танлаган бошқа йигит билан бахтли яшашини тилаши, қизнинг: «Мен бошқани севаман», – деб айтолмаслиги, хуллас, ошиқ ва маъшуқ бир-бирисиз яшашга маҳкумлиги, бундай фожиани миллий «одоб-ахлоқ» келтириб чиқариши, чорасизликда севгидан воз кечмай, лекин севган инсондан айрилиқда яшаш ҳақидаги мураккаб кечинмалар китобхонни ҳам қайғуга солади.
Адибнинг севги фалсафасига ва ҳимоясига доир бу икки қиссаси ўзбек бадиий насрида руҳий ҳаётга эътибор кучайганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, истеъдодли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоя ва қиссалари янгича, ранг-баранг услубдаги бадиий талқинлари билан истиқлол даври ўзбек насри тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
Дамин ТЎРАЕВ(«Рангин тасвирлар жилоси». Т.: «Akademnashr», 2014. Б.54-97.)
ЧИНАКАМ АСАРНИНГ СИРИ
Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг саккизта қиссаси жамланган… тўпламдаги «Куза…» номли қиссасида муаллиф қаҳрамон характерини ичдан ёритишга интилган. Асар шакли одатдаги қиссалардан ўзгачароқ. Ўқувчи диққати гоҳ Устозга, гоҳ Умиднинг савдойи опасига, баъзан Фарҳод билан Азизнинг гурунгларига қаратилади. Ўқувчи беихтиёр бадиий филмь томоша қилаётгандек ҳолатга тушади.
Муаллиф асар қаҳрамонларининг мушоҳадалари, ўйлари орқали китобхонни фикрлашга мажбур этади. Шу баҳона кўнглидаги одам ва олам ҳақидаги фикр-мушоҳадаларини тўкиб-солади. Одамлар нималар билан банд? Уларнинг ўй-хаёлларида нималар кечаётир? Тирикчилик ташвишлари билан бўлиб, инсон учун сув билан ҳаводек зарур туйғулар – севиш, севилиш, энг яқин кишиларга меҳр-оқибат кўрсатишдек одамийлик фазилатларидан йироқлашиб кетмаяпмизми?..
Қисса қаҳрамонлари Азиз, Умид ва Фарҳоднинг хатти-ҳаракатидан англашиладики, тезкор бугунги давр одамзод олдига талай муаммоларни қўйди. Аввало, инсон умрининг ҳар бир дақиқаси қадрли бўлиб қолди. Аммо азиз умрни гоҳида керак-нокерак юмушларга, ортиқча дабдабаларга қурбон қилиб юбормаяпмизми?
«Куза…» қаҳрамонлари бугунги куннинг одамлари. Улар фаол, тинимсиз ўйлайдилар, фикрлайдилар, баҳслашадилар. Аммо муаллиф уларнинг ҳеч бирига ён босмайди, бирортасининг фикрини маъқулламайди ҳам, инкон ҳам этмайди. Хулоса, сабоқ чиқаришни китобхоннинг ихтиёрига қолдиради. Ёзувчининг бу тарзда «сукут сақлаши» ўқувчини фикрлашга, ҳаёт, муаммолар ҳақида бош қотиришга ундайди.
Жовли ХУШБОҚ(«ЎзАС» газетаси, 1 август 2014.)
ДАРДЛИ РИВОЯТ
Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг шахси ҳам асари руҳига жуда мутаносиб туюлгани учунми, «Ёлғиз» қиссаси («Шарқ юлдузи» 2018 йил, 5-6-сонлар) гарчи «дарднома» бўлса-да, каминага ажабтовур сокинлик бағишлади.
Яратганга шукрки, адабиётимизда не бир танаффусдан сўнг осуда бир руҳ яна уйғонди ва у «Ёлғиз» бўлиб бугунги маънавий ҳаётимизда яна пайдо бўлди. Бу ҳол балки жуда камчиликка хосдир бугун. Лекин гарчи ниҳоятда камчил аудитория бўлса-да, бори яхши. Чунки ҳозирги тезоб, шиддаткор замонда орқа-олдига қарамай югуравериш барори мардумнинг кундалик машғулотига айландики, орада қанча қадрият, кўникмалар йитиб кетяпти.
Сониян, Абдулла Қодирий ҳақида сўнгги чорак аср фавқулодда кўп гапиряпмиз. Ҳа, буюк адиб, буюк жабрдийда таассуротини яратишга ва уни жамият онгига сингдиришга муваффақ бўлдик. Лекин изтироб салтанатининг буюк фуқароси қалбига сира яқинлашолмаётгандек, туйғулар оламига киролмаётгандек эдик. «Ёлғиз» шу бўшлиқни не бир даражада тўлдирмоққа уриниши билан кўнгилга таскин беради.
Хуршид Дўстмуҳаммад Абдулла Қодирий баҳона ўзи ва бугуни, теварак-атрофи ва кечмишларидан ёзгандек гўё. Гўё эмас, асли ҳақиқати ҳам шу. Аслида, адиблар дардини шу тахлит ифода-изҳор этади. У ҳануз қандай ёзишни ўрганади. Буни 2012 йилги «Жон Мильтон ва Абдулла Қодирий: «Ареопагитика»дан «Диёри Бакр»га қадар» мақоласидаёқ англатган эди. Ҳали Эдгар По, ҳали япон насри, ҳали Ғафур Ғулом прозаси, бу ёғи Лотин Америкасию Жойсгача ҳижжалаб ижодий ўрганишни ўйлайди. Аслида-ку, ҳар ким қилавермайдиган бу машғулоти «Ғойибнинг иккинчи сафари»ни ёзган Темур Пўлатдан бошланган эди. Темур Пўлат ҳам: «Хуршид ман ҳақимда ёзиб ёзувчи бўлди», деганди бир пайтлар. Йўқ, у ҳеч кимни айнан ўзлаштириб ёзувчи бўлгани йўқ. У ижодкорга, том маънодаги адибга хос ўз услубини излади, ҳамон изламоқда. Мана бир кўринг: «Ёлғиз»ни қайси асари билан қиёслаш мумкин? Сюжет-мазмунни-ку, қўя туринг, шакл, ифода тарзи на «Жажман»да бор, на «Бозор», на «Куза…»да. Гарчи асарда қатъият билан Қодирийнинг ўзига эътироф эттириб, «услуб» яратди. Ҳар асарида ўз ижодий манераси муҳимроқ унга. Чунки ҳар бир асар, адиб фикрича, ўз услуби билан туғилади. Аммо у ўз сўзи билан, ўзидан бошқа биров айтолмаган (жилла қурса ўзбек адабиётида) лафзи билан киради, магар шу оламга кириш керак бўлса. Аввал у буни ўйламасди. Ҳозир, «Ёлғиз»да ўйлаяпти – турли архаик ё тарихий сўзлар қўллаб – «сакарот» (талваса), «таҳаммул» (сабр, бардош), «маъюб» (айбдор)… ва ҳоказо.
Тўғри, «Диёри Бакр»ни бир варақлаган одам сўзларни рақам қўйиб, луғат беришни айнан ўхшатма тарзида ёзувчи ўзлаштирганини, матн шаклига онгли тақлиддан муаллиф муайян мақсадни кўзлаганини тушунади. Лекин нечоғлик керак шу тақлид? Тишингга тегади, ғашингни келтиради – нима, бу сўзларнинг ҳозир тилимизда юрган муқобиллари ёмонми ё у қадар ўзлашмаганми? Ё бу устозга ўхшаб тилимизни бойитишга уриниш, ё Қодирий тилига яқинлашиш учунми? Нега унда Жосият биби қуруқ протокол тилида хатлар ёзади. Тўғри, унга биров ёзиб бергандир, аммо шунда ҳам бибининг битиклари ХХI асрнинг ўнинчи йилларининг расмий тили бўлиб кетган-да. Балки камина тагига етолмаётган бирор мақсад яшириндир «Ёлғиз»даги бадиий тил метамарфозаларида, ҳатто макон кўрсаткичларида. Лекин анъанавийсига ўрганган биз ақли қосирларга ғалатироқ туюлаяпти-да…
Ҳа, дардга ўтайлик – асли муҳими шу, моҳиятда шу нарса ётипти, бу кўр кўзга ҳассадек аён. Дардки, нақ ёриламан, дейди. Бу Қодирийдан ҳам кўра бугунги Хуршид Дўстмуҳаммаднинг, балки у кабиларнинг дарди, азоби, изтироби. Ёши етмишга яқинлашиб, тагига етолмаётган оламшумул алами. Қайта-қайта Океан ортига бориб, Оврупони, Осиёни кезиб, булардан келиб Ўзбекистонни кўриб, кузатиб, тобора «азоби минг» бўлаётган ёниқ юракнинг дарди.
Ахир, нега бунақа? Ахир, ҳаммасидаям одам яшайди-ку?! Бунча фарқли бу одамлар?! Шўрлик Қодирий… янги замон, янги матбуот, янги тартиблар сўзга эрк беради деб хомтама бўлгандими? Акмалчаю Йўлдош охунлар халқ ичидан чиққан «ота»лар-ку, танқидни тўғри тушуниб, жамият дардларига аниқ ташхис белгилайди, мен шу ўринда уларга мададкор бўламан, кўмакчи бўламан деган андишада ёзилганди-ку «Йиғинди гаплар». Яна йўл ишлатиб, мақолага «Овсар» дея муаллифлик имзосини қўйганди. Бари Ростгўйнинг эртаги эканми, холос. Ҳа, Қодирмуҳаммад сарбоз билиб, топиб айтган экан-да… – «Ҳақ гап бамисоли мағзи аччиқ бодом, унинг қадрига етган одамни ўзи қадр топмайди».
Сўз бугун қадрият эмас. Сўз айтиш ҳам. Кимнинг оғзига (хаёлигагина эмас) нима келса, ёзиб ётипти тармоқларда. Аммо «нордон гап учун» ҳозир ҳам «ҳибсга ташланадиган замон» йитиб кетгани йўқ. Бори жаҳон айвонида шундай. «Деди-деди» билан умр ўтяпти, кун-тунлар кечяпти. Аммо «деди»ни ҳам «деди»си бор. Буни бошидан ўтганлар яхши билади, жумладан, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам. Ўша «деди»лар дардга айланиб, соғлиқни путурдан кетказяпти, зардоб бўлиб ични куйдириб адо қиляпти. Чораси борми дейсиз, бор, албатта – ёзғувчи одамга қаламу қоғоз ва ёлғизхона… Дарвоқе, «ёлғиз» – «ёлғизлик» – «фардлик» ҳақида…
Қиссани ўқиб, ками элликларча «ёлғиз» деган сўзга дуч келасиз, охирроқда фақат фардлик айланади қаҳрамон тилида. Нега бунча кўп бу сарлавҳага чиққан сўз? Нима, заифлик, ижод ночорлигими бу ё маҳорат етишмаслигими? Йўқ, бари бор, маҳорат ҳам ўлиптида ярим асрда тобланмаса, гап шундаки, элликлар чамаси келган «ёлғиз»нинг ёлғиз таърифи йўқ, неча ўринда ўзи азалдан аниқловчи бўлиб келадиган сўз (ёлғиз одам, ёлғиз аёл, ёлғизоёқ йўл…) ўзи энди отга айланиб аниқловчи билан келади: Қодирий – адабиётда ёлғиз, «Муштум»да ёлғиз, ачитиб заҳарханда сўз айтишда ёлғиз, камерада ёлғиз, қалами ўткирлиги, куюнчаклиги боис ёлғиз, «тушунган одам – тушунмаганлар олдида ёлғиз» ва ҳоказо. Ана шу ўнларча сифатли «ёлғиз»ларнинг таъриф-тафсилотларини бера бориб, Абдулла Қодирий деган бетакрор ёлғиз ҳодиса – ёлғизлик моҳиятини очади муаллиф. Унинг улуғлиги, буюклигини ана шу ёлғизлик ракурсларида инкишоф этиб боради. Биз энди ўша беназир зотни қалбан ҳис қилиб, Шахс мақомидаги якка-ёлғизлигини дилдан эътироф этамиз. Асрлар оша яшамоққа ҳақли эканини ҳис қиламиз. Боламизга, набирамизга, авлодга бу номни безавол ўтказмоқ кераклигини моҳиятан англаб етамиз. Бунга ўша ёлғизлик хусусиятларининг тафсилотлари оша борар эканмиз, шу хусусиятлар орқали яхлитлик, маҳобат касб этган Шахснинг бори дарди энди очиқ айтилган якуний ишора, рамз ва маъноларга диққатингизни жамлайди. Қодирий «кўнгилнинг олис жин кўчаларида йиғилиб, қайнаб-тошаётган гапларини пайдар-пай қоғозга туширса, уларни газет-журналда бостирса, одамлар ўқисалар, ўқиган сайин кўзлари очилса, дунёни буткул ўзгача нигоҳлар ила кўрсалар, ҳаётлари ўзгарса, ўзбек халқи ҳам дунёда…» мана биз бормиз дея ўзлигини намоён этиб, буюк маданият, маърифат, адолат издиҳомига қўшилиб кетса, дея жабҳаларга кирганини, кирганда ҳам алп-паҳлавон мисол курашиб, ривоятларга асос бергувчи из қолдирганини ҳис этасиз. «Ёлғиз» қиссаси ўша эътироф ва эҳтиромнинг тасдиғи бўлгувчи ривоят-битикдир.
Айтар гап битгандек гўё. Аммо йўқ, дардли ривоят битган адибимизнинг асарни ниҳоятда гўзал рамз, ишорат билан поёнига етказганини алоҳида айтмасак бўлмас.
Ўрик данагини эмас, хаёл уммонида бехосдан шафтоли данагини чақаман деб кўрсаткич бармоғини тешада чопиб олган Абдулла симиллаган оғриқ зўр келаётган бўлса-да, азоб дардини яшириб, дўпписи ерга тушса-да бепарволик билан отасига юзланган ўғлига танбеҳ беради: «Дўппинг ерда ётмасин, ўғлим. Аввал дўппингни қўлга ол, бошингга кий». Мана шу ишора-да ёзувчи Қодирий тилидан, «Ўзбек халқи ҳам дунёда…» деганча бўлиниб қолган фикрини ниҳоятда гўзал поэтик образ орқали охирига-якунига етказади, яъни ўзбек жаҳон издиҳомига маданиятли, зиёли халқ бўлиб қўшиларкан, у, албатта, бошда дўппи билан, яъни ўзлигини сақлаган ҳолдагина кириб, ўз ўрнини топади ва ўзгаларга ҳам шу жиҳати билан ўрнак бўлади.
1926 йилнинг мартидан июнь ўртасигача кечган уч ойлик кечмиш Абдулла Қодирий ҳаётининг ўта аянчли, аммо катта ҳаётий сабоқ бўлган ҳазин ва дилгир лавҳаларидир. «Ёлғиз» қиссаси ана шу кечмиш лавҳаларини ўз қалби ва идрокидан ўтказиб, ўз дардларига бир қур малҳам топган дардманд қалбнинг изтиробидир.
Шуҳрат РИЗАЕВ(«ЎзАС» газетаси, 22 февраль 2019.)
БАДИИЙ ПСИХОЛОГИЗМДА ПЕЙЗАЖНИНГ ЎРНИ
«Отабек шуурининг оний сурати» мақоласи, «Жон Мильтон ва Абдулла Қодирий: «Аеропагитика»дан «Диёри бакр»га қадар» тадқиқоти Абдулла Қодирий закосини ёритишга бағишланган. «Ўткан кунлар» қаҳрамонлари (Отабек, Кумуш)нинг психологик кечинмаларини суратлантиришда пейзажнинг ўрни ва роли масаласига қиёсий йўсинда ёндашади. А.Қодирий романидаги бадиий тасвир воситаларидан табиат ранглари ва ҳолатлари билан характерлар психологияси ўртасидаги уйғунлик тасвири бадииятнинг муҳим компонентлари тариқасида ўрганилади. А.Қодирий мутафаккир, ҳаёт муаллими, бетимсол сўз санъаткори эканлигини тасдиқлашда пейзаж тасвири, ранглар манзараси Кумуш билан Отабекнинг руҳияти ҳолатларини ловуллатиб зоҳир этганлигига алоҳида диққатни қаратади.
– Кумуш «талоқ» хатини олган, қутидорникига совчилар турнақатор бўлган кунлар, – деб ёзади Х.Дўстмуҳаммад. – Борлиқ худди Кумуш кўнглидагига ўхшаш «куз кунларининг оёғи ва қиш кунларининг боши» оғушида.
«Ўткан кунлар»нинг бадиий хусусиятларини тадқиқ этаркан, Абдулла Қодирийнинг теран фалсафий мушоҳадалари бадиий даҳоси билан белгиланади, деган фикрни илгари суради. Хусусан, талоқ хати тунги қора совуққа менгзаляпти. Унинг заҳри шунчалар қаттиқки, гилос оғочлари эсган, енгилгина совуқ елга ҳам дош беролмай баргларини ширт-ширт узиб ташламоқда.
Ва лекин, ҳавонинг очиқлиги, қуёш тузиккина кўкка кўтарилгани Кумуш кўнглида сўнмаган, ҳали милтиллаб турган умид учқунларига ишора.
Кумуш кўнглида куртак тутган умид-ишонч туйғуларининг табиат ранглари, деталлари билан уйғун тасвири роман бадииятининг муҳим омилларидан бири сифатида кўрсатилади. Х.Дўстмуҳаммад мақоласида ана шу табиат ва руҳоният тасвири таҳлили асосида Абдулла Қодирийнинг нажиб бадиий маҳоратини ёритишга эришган. «Ўткан кунлар» қаҳрамони (хусусан, Отабек, Кумуш)нинг кўнглига назар ташлаш, кечинмаларининг рангию маъноларини тасвирлаш орқали дилидаги Эгамнинг қудратини тушунтиришга интилади.
Х.Дўстмуҳаммад романнинг «Жонсўз бир хабар ва қўрқунч бир кеча» фаслида зимистонга айланган Отабек дарди-дунёсининг мозористон манзараси тасвири орқали кўрсатилишини нафақат мазкур асар, балки Абдулла Қодирий ёзувчилик салоҳиятининг фавқулодда гўзал саҳифаларидан, дея таъкидлайди. Яна Қодирийнинг суюкли Отабеги унча-бунчага букилмайди: башарти, манфур кучлар «чинор» – Отабекни йиқитгудек бўлса-да, у «девонанинг гулханини тўнка-пўнкаси билан кўтариб, чакалакнинг ичига отгандек, ёвуз кучларни парчалаб ташлайди».
Эътибор берсак, Х.Дўстмуҳаммад ўз кузатишларида Отабекнинг «жасоратланиши»га девона гулханини тўнка-пўнкаси билан қўпорганидек ҳар қандай манфур кучни парчалаб ташлашга қодир эканлигига урғу бераётир.
«Ўткан кунлар»нинг бадиий асар сифатида умрини узайтирган, унинг ҳозирги мухлислар назарида ҳам қадр-қиммат топганлигининг бош омилларидан бири – унда китобхонни ўйлашга, мушоҳадага ундовчи санъаткорона бадиий тасвир воситаларининг мавжудлигидир» деган хулосага келади Х.Дўстмуҳаммад.
«Жон Мильтон ва Абдулла Қодирий» мақоласида эса инглиз ва ўзбек адиби бадиий публицистикасини қиёсан ўрганади. Жамият тараққиёти, маънавий камолот учун хизмат қилган жангари публицистик мақолаларининг ижтимоий-сиёсий қудрати, бадиий салоҳияти, адабий ҳаётдаги жанговар руҳи хусусида баҳс юритади. Ҳар икки адиб публицистикасининг жамият тартибларини ўзгартиришга қаратилган, ижтимоий воқеликка таъсири борасидаги муштараклик масаласини тадқиқ этади. Абдулла Қодирий «матбуот саҳифаларидан айтилажак сўзнинг қудратига, мўлжалга аниқ бориб тегишига ва албатта самара беришига қаттиқ ишонади… Матбуот саҳифаларидан тарқатилган очиқ-ошкора ҳақ сўз муқаррар ўз амалий ижросини топмоғи керак, деб ҳисоблаган, бу эътиқодга қаттиқ ишонган. Ушбу ишончдан келиб чиқиб «…маним хизматларим матбуот билан равшандир» деган, «ҳақиқат майдонда» деб билган.
Нўъмон РАҲИМЖОНОВ,«Қодирийшунослик қирралари». Т.: «Наврўз», 2015. Б.153-162.
ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕК ҚИССАСИДА АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ СИЙМОСИ
Абдулла Қодирий ва унинг асарлари ҳақида нафақат ўзбек, балки қардош халқлар адабиётшунослигида ҳам кўплаб тадқиқотлар яратилди. Аммо ном таратган адибимиз ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи бадиий асарлар бугунгача адабиётимизда деярли йўқ эди.
Замонавий насримизда икки асар дунёга келди. Бири Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» романи бўлса, иккинчиси истеъдодли ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Ёлғиз» қиссасидир.
Маълумки, тарихий ҳақиқатни бадиий ифода этиш, асарларда инсон руҳиятини акс эттирадиган поэтик воситаларни қиёслаш орқали жанрнинг ҳужжатлилик ва бадиийликни бириктира олиши тарихий асарнинг асосий хусусиятларидан бири саналади. Шу маънода «Ёлғиз» қиссасини биз ҳақли равишда тарихий-биографик қисса деб айта оламиз. Бу қисса воқеалари асосан ёзувчининг бадиий хаёлоти, Абдулла Қодирий асарлари асосида, айни пайтда, тарихий ҳужжатлар билан мантиқан далилланган, айтиш мумкинки, тарих ва бадиий хаёлот ажабтовур муштаракликлиги асосида юзага келган асар дейишимиз мумкин. Биографик асарларнинг илдизларини – жаҳон адабиётида агиография, ҳаётнома, биографик луғат, биографик портрет ва ўзбек адабиётида ҳолот, қисса, маноқиб, достон сингари жанрлар ташкил этиши манбаларда айтиб ўтилган.
«Ёлғиз» қиссасида Абдулла Қодирий учун оғир келган 1926 йилда «Муштум» журналининг февраль сонида эълон қилинган «Йиғинди гаплар» мақоласи билан боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинади. Буюк адибнинг бошига тушган қора кунлар изтироби китобхонни хаёлан воқеа юз берган жойларга етаклайди.
Хуршид Дўстмуҳаммад ижодини кузатар эканмиз, адиб ижодида воқеалар юз берадиган ўзига хос бир мантиқий макон борлигини англаймиз. Бу макон Бозордир. Ҳар бир асарида ёзувчи бу макондан унумли фойдаланади ва унга жуда катта фалсафий юкни ташлайди. Худди шу каби «Ёлғиз»воқеалари ҳам шу макондан бошланади.
«Бозорга кимлар кемайди дейсиз, – деган мулоҳаза кечди кўнглидан, – бозор – мисоли ажойибхона!»
Ёзувчи ўз қаҳрамонини бозор воқеаларининг иштирокчиси, айни пайтда кузатувчиси сифатида ҳам келтиради.
Адиб асарни «Ёлғиз» деб номлар экан, асосан Абдулла Қодирийнинг руҳиятидаги ёлғизликни назарда тутади. Абдулла журналда ишлаган пайтида ҳам, ҳибсда сақланган пайтларида ҳам унинг атрофида доимо одамлар бўлган, аммо руҳан ёлғиз яшаган. Бу ёлғизлик унинг йирик асарларининг дунёга келиши учун асос ҳам бўлган. Ўз дунёқараши ва ҳис-туйғуларини атрофидагиларга англатишдаги машаққатларини, улар ҳақда асарлар ёзиб англатган. Бу эса халқни ўз ортидан эргаштириб бориш учун яхши восита бўлган. Хуршид Дўстмуҳаммад ўз асарида Абдулла Қодирийнинг «Калвак махсум», «Тошпўлат тажанг» каби адабий қаҳрамонлари ёлғизлигидаги ҳамроҳлари эканлигини таъкидламоқчидек кўринади. Асарни ўқиш давомида А.Қодирий асарларининг ҳар бири ўзига хос яратилиш тарихига эга эканлигининг гувоҳи бўласиз. Келтирилган архив матераллари эса унинг аччиқ қисмати, гуноҳсиз гуноҳкор сифатида қурбон бўлганлиги ҳақида китобхонга маълумот беради. «Дастлабки терговни бошлаш ҳақида» деб бошлади уни. Бундай ҳужжатларни йўқдан бор қилишни кўзларини юмиб адо этиб ташлар, бирорта варақ бўладими, икки оғиз кўрсатма, савол-жавоб бўладими – барчасини ай-йнан қонун талаблари асосида – кашта тиккан чевардек гулини гулига мослаб, рақамини рақамига келиштириб кифтини келтирар эди». Муаллифнинг «қонун асосида», «кашта тиккан чевардек», «гулини гулига мослаб» каби киноявий жумлалари асар қаҳрамонига қўйилган айбловлар нақадар тубанлик билан ўйлаб топилганлигига ишорадир. Муаллиф асар воқеаларини баён қилар экан, Абдулла Қодирийга қўйилган айбловларнинг нақадар асоссиз эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Бундай ўринларда ҳам ўзига хос киноядан фойдаланади. Айблов матнларининг сохталаштирилганлигини биргина Агидулиннинг «Таржима йўлда, ҳозир етиб келади», каби айёрона кесатиқлари орқали ифодалайди.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг қиссада Абдулла Қодирий образини яратишда воқеаларни ўтмиш ва бугунги кун нуқтаи назаридан узилмаган ҳолда тарихий аспектда ёритиб берганини асар муваффақиятини таъминловчи омил деб қараш мумкин. Қисса Абдулла Қодирийнинг «Йиғинди гаплар» асари асосида яратилган бўлса-да, муаллиф Қодирийнинг «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат Тажанг нима дейди» каби ҳажвий асарларининг яратилиши, асар қаҳрамонларининг прототиплари ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Уларни ўқиш асносида зийрак китобхон шуни англайдики, муаллиф «Йиғинди гаплар» Абдулла Қодирий ҳаётининг қора кунлари бошланиши учун сабаб бўлганлигини кўрсатиш билан бирга, унинг атрофидагиларга бироз беписандлик билан муносабатда бўлганлигини ва бу ҳолатлар ҳам вазиятнинг кескинлашувига олиб келганлига ишора қилади. Дарҳақиқат, Исоқ домла билан суҳбатларида бу янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Х.Дўстмуҳаммад бу асарда ҳам ўзига хос услубни танлайди. Аммо «Куза…», «Оромкурси», «Паноҳ» асарларидаги услуб бу асарда бироз ўзини оқламагандек кўринади. Муаллиф архив материаллари орқали воқеаларни беришда ҳам чалкашликларга йўл қўяди. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг биринчи суд жараёнидаги воқеалар ва онасининг судга ариза билан мурожаати каби ўринларда бундай чалкашликларга дуч келасиз.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу асарда адиб тарихий ҳақиқатни баён этиш зарурати, бадиият талабларидан бир оз чекиниб бўлса-да, ўз олдига қўйган мақсадига эришган. Қиссада фақат тарихий шахслар ҳаёти асос қилиб олингани боис, бадиий таъсирдан кўра публицистик пафос етакчилик қилади. Бу ўз навбатида, ҳужжатлар тизмасидан иборат илмий-публицистик асарнинг яратилишига олиб келган.
Гулноз САТТОРОВА(2020.)
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.