Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 18

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 18 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
РУҲИЯТ МАНЗАРАЛАРИ

«Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романини ўқиб чиққан одам воқеа ва ҳодисалар изидан қувмайди, балки ундаги руҳият манзараларига маҳлиё бўлиб, асарга ўзи сингиб кетади. Китоб аннотациясидаги «Роман қаҳрамони Фозилбек эса бир қарасангиз ҳаётини бозорсиз тасаввур қилолмайди, бир қарасангиз, бозорни мутлақо жини суймайди. Ана шу зиддиятли туйғулар орасидаги дарбадар ўй-хаёллардан йигит ёшидаги замондошимизнинг ҳеч кимникига ўхшамаган дунёқараши, қизиқишлари, изтироблари, тафаккури улғаяди ва Сиз муҳтарам китобхонни ҳам ўз ўйларига ҳамроҳ бўлишга даъват этади», деган ваъдага асар тўла мос тушган.

Танқидчилар қиладиган ишу адабиётчилар қиладиган тадқиқотга ҳеч қандай даъво этмаган ҳолда китобдан олган таассуротимиз шу бўлдики, муаллиф Бозор воситасида ҳаётни, ҳаётнинг мураккаб, зиддиятли, айниқса, қийинчилик туғилган лаҳзаларда одамларда намоён бўладиган турфа қиёфаларни моҳирона чиза олган.

Ота-боболари бозордан ризқ-рўз топган, бозор ота мероси бўлган Фозилбек бозорга тирикчилик воситаси деб эмас, одамларни, дунёни кузатиш объекти деб қарайди. Бу даргоҳда ҳамма нарса сотилади. Ҳамма нарса пулга топилади. Бозоргаки кирган одам у жамиятда қандай мавқе ва мартабага эга бўлмасин, ўз фойдасини кўзлайди. Арзонроқ олиш, қимматроқ сотиш, бошқача айтганда, бир-бировини шилиш. Ҳамма нарсани тартибга солиш мумкин, лекин бозорни тузатиш ҳали ҳеч кимнинг қўлидан келмаган.

Қирқ йил бозорбошилик қилиб, бутун ақлу заковатини шу мақсадга қаратган отаси Қосимбек оқсоқолнинг тажрибаси ва хулосаси ҳам ана шу ҳақиқатни эътироф этади.

Асарда бозор образи бора-бора хаёлга кўчади. Бозор сиймосида шоир ёзганидай «Бозорга ўхшайди асли бу дунё» намоён бўлади. Ўша фойда олиш, яхшироқ яшаш, ҳамма нарсада ҳисоб-китобга таяниш турмуш ва муҳаббат, қўни-қўшничилик, қариндош-уруғлик, меҳру оқибат туйғуларига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

…Фозилбек бош чайқади.

– Умр ўтиб кетяпти, деб дуч келгани билан оила қуриб, яшайвериш тўғрими? – деди у акасининг бетига қарамасликка ҳаракат қилиб. – Гап ҳамма билганидан анча мушкулроқ. Қаёққа қараманг, оилавий можаро устидан чиқасиз. Ит-мушук бўлиб яшаётганнинг саноғи йўқ!

– Ит-мушук бўлмай, одамга ўхшаб ўтаётганлар ҳам оз эмас!

Диёрбек сўзини тугатар-тугатмас Фозилбек совуққонлик билан жавоб берди.

– Ўшаларнинг ҳам ярми сир бой бермайди, яширади.

Ана шундай ҳаётий можаролар ҳаммаҳалласи Фаёзнинг тўйи, Маҳкам чўтнинг қисмати, у билан жанжаллашиб қолган Раҳимнинг фожиаси, Найнов закўн мурдасининг сарсонлиги каби манзараларда акс этади. Ана шу манзаралар ўқувчини ўйга толдиради. Ўз умрини, бугунги ҳаётини таҳлил қилишга ундайди. Бугунги ўрнини мушоҳада қилишга, қайси томонда эканини белгилаб олишга даъват этади.

Асардаги Тимлар, Расталар, Чойхона, бозор панжаралари образ даражасига кўтарилади ва улардаги ҳар бир иштирокчининг қиёфасини очишга хизмат қилади.

Ёзувчининг кашфиёти шундаки, у бозорни босган сичқонлар, ножинс каби рамзий образлар воситасида бозор, яъни дунёни булғаб бораётган ёвузликлар илдизини очади. Бозор образи билан унинг юқори қисмида жойлашган, бугун кўпчилик эътибор бермай қўйган Қироатхона муқояса қилдинади ва бу икки образ маънавият эътибордан четда қолса ёвузлик, очкўзлик, нафс учун кураш авж олишига ишора этилади.

Бутун асар давомида Фозилбекнинг уйланиши билан боғлиқ муаммо замирида дунёни ана шу қабоҳатдан асраш муддаоси ётади. Яъни Бозорнинг бутун кирдикорини кўрган Фозилбек уни балолардан асраш учун оилада эр-хотин бир-бирига қанчалик муносиб бўлиши лозим бўлса иқтисод ва маънавият ҳам бир-бирига шунча муносиб бўлиши кераклиги ҳақидаги туйғуларга ўқувчини шерик қилади. Ана шу орзуларга Қироатхона ходим Қадрия уни етказишига ишонади. У жони жаҳони билан севгани Қадрияни ёлғиз ўзининг ширкати «Шуур»га бир қалб, бир жон этиб қабул қилади.

Вон Суу деган кампир тимсолида бу ишора шундай ифода этилади: «…Кампирнинг қилиқлари, оғзидан чиқаётган вайсашлари таниш бўлса-да, Фозилбек бу сафар кўзларига ишонмади. Шошиб қолганидан, чўчимасин, деган ўйда Қадрияни қучоқлаб, қизнинг бетини кўксига босди.

– Шетта, мана шу жойда туғаман. Бозордаги энг баланд бинонинг нақ шу остонасида туғаман!.. Кейин ҳов ану, бозор деса ўзини осмондан ташлайдиганларни ҳаммасини шетга чақираман, чиқмаганига қўймайман, сенлар қилмаган ишни ўзим қиламан – қироатхонанинг остонасига тумонатни йиғаман-да, мана, кўриб қўйларинг, шу ўлар чоғимда бир ўғил-бир қиз туғдим, деб… сенларни кўрсатаман! Ваҳ-ҳа-ҳа!..»

«…Бозорга э-энди одам керак, асл одамлар керак!» дейди кампир, ўша ерда.

«Бозор» ўзбек насрида янги асар. У ёзувчининг ҳаётий кузатишлари, хулосалари, қарашлари маҳсули. Бунда муаллифнинг ҳаётий фалсафаси янгича ифода топган. У бугунги кун асари. Айни пайтда ҳамма даврлар учун бир хилда зарур асар.

«Бозор»нинг барча фазилатларини санаб чиқиш қийин. Уни ўқиб, завқ олиб, ўйга толишгина мумкин. У ёзувчи маҳоратининг бир чўққиси сифатида «Офарин»га муносиб.

Ҳабиб САЪДУЛЛА
(«Наманган ҳақиқати» газетаси. 8 март 2001.)
НАСРИМИЗДАГИ ИЗЛАНИШЛАР

Фозилбек уззу-кун бозор кезади. …У бозордаги одамларни кузатиш орқали ҳаёт тўғрисида хулосалар чиқаради, одамларни баҳолайди. Фозилбекнинг айтишича, «бозор одамларнинг ич-ичини ағдариб, кўз-кўз қиладиган ажойибхона. Одамларнинг ўзгаришларини посангига солиб кўрсатадиган тошойна, аломатхона»дир!

Фозилбек бозорда турли одамлар билан учрашади, суҳбатлашади. Бу суҳбатлар орқали ўқувчи «дунёнинг ўзи асли найрангбозор» эканлигини англайди. Фозилбекнинг бозорда турли тоифа ва тушунчадаги одамлар билан мулоқоти ҳамда бозор манзарасига хос кўповозли нутқ шакли орқали адиб дунёнинг мураккаблигини, айни чоғда шу кунги турмуш қийинчиликларини холис очишга эътиборни қаратади. Шу жараёнда романда ифодаланаётган образларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажралиб боради. Романдаги Фозилбек билан Бахтиш, Фозилбек билан Улуғ Қосим, Фозилбек – Қадрия кабилар ўртасидаги суҳбатларда муаллифнинг чуқур фалсафий мулоҳазалари мужассамлашади. Улар ўқувчини ҳам фикрлашга, ўзи учун тегишли хулосалар чиқаришга ундайди.

Йўлдош СОЛИЖОНОВ
(«ЎзАС» газетаси. 16 март 2001. )
РОМАНЧИЛИГИМИЗНИНГ ЯНГИ УФҚЛАРИ

Бугунги воқелик ва жамиятнинг маънавияти талқинига бағишланган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи китобхонни «жиддий ўй-мулоҳазаларга, фалсафий мушоҳадаларга ундовчи, уни янги бадиий тафаккур мевалари билан бойитадиган асардир. Романда айни шу куннинг одамлари, хусусан, ёшлари фаолият кўрсатади. Асардаги образлар ҳаёти ва фаолияти, онги ва дунёқарашини ифодаловчи ботиний ва рамзий ҳамда полифоник тасвир орқали бугунги ёшлар маънавиятининг турли қирралари ёритиб берилган. Ёзувчининг маҳорати шундаки, ўз мақсадини ўқувчига етказишда, хусусан, бугунги жамиятнинг маънавий ҳаётини кўрсатишда асосий восита сифатида бозорни танлайди. Муаллиф романга «ор», «зор», «озор» сўзларини шунчаки эпиграф қилиб олгани йўқ. Бу сўзларга романнинг асосий пафоси сингдирилган. Бозор, ёзувчининг сўзи билан айтганда, «мана-ман деган инсонни, комилни ҳам бозорга солади… шу тариқа не кўйларга солиб, синовдан ўтказади». Асар қаҳрамони Фозилбекнинг бозор ҳақидаги фикрлари ёзувчи концепциясини янада тўлдиради: «Одамларнинг ич-ичини ағдариб, кўз-кўз қиладиган ажойибхона. Одамларнинг ўзгаришларини посангига солиб кўрсатадиган тошойна, аломатхона». Асар қаҳрамонининг бу гаплари халқнинг «Онанг бозор – отанг бозор», «Уйдаги гап бозорга тўғри келмайди», деган мақоллари мазмунини ҳам ўз ичига сингдирган. Фозилбек – етти авлоди тижоратчи ўтган бозорбошининг фарзанди. У бозорда улғайиб суяги қотган инсон. Бироқ жамиятдаги мавжуд маънавий иқлим ва янги «ўзбеклар»нинг бозордаги турфа хил муносабатлари уни дунёни тушунишга ундайди. Натижада у ўз фаолиятининг жамият билан боғлиқ нуқталарини англаб олади. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у бозор билан ёнма-ён қироатхона ва шу қироатхонада ишлайдиган Қадрия образини тасвирга олиб киради. Ана шу орқали Фозилбек характерида юзага келган маърифат ва маънавият учун фидойилик ҳамда бозор одамида ҳам барча ҳавас қилгудек энг юксак инсоний туйғуларнинг пайдо бўлиши ҳаётий тасвирланган. Дарҳақиқат, бугунги кунда баъзи юртдошларимизнинг фикр-хаёли тирикчилик билан банд бўлиб, ўз фойдаларини ўйлаб, ўзларини савдо-сотиққа ураётган бир пайтда бозордаги олди-сотди муносабатларини кўриб, шу муҳитда вояга етган Фозилбек маънавият ва маърифатни қалбдан ҳис этувчи, ҳаётимиздаги оғриқли нуқталардан изтиробга тушувчи, фақат зиёга интилиб яшовчи замондошларимиз, шукрки, кўплаб топилади. Энг муҳими, ҳаётни ва унинг барча жабҳасини жамиятнинг маънавий гўзаллиги безайди, деган умуммиллий ва умумбашарий ғоя бўртиб туради. Бу хилдаги асарлар китобхонга бадиий завқ берибгина қолмай, мамлакатимиз миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг такомил топишига ҳам хизмат қилади.

Дамин ТЎРАЕВ
(«Давр ва ижод масъулияти». Т.: «Янги аср авлоди», 2004. Б.25-26.)
РОМАННИНГ ЯНГИ УМРИ
(Дилмурод Қуронов билан суҳбат)

У.Норматов: Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи «Ўткан кунлар» билан бошланган ХХ аср ўзбек романчилигининг муносиб якуни дегим келади. Йўқ, гап роман асрнинг охирги йили дунё юзини кўрганидагина эмас. Асрнинг илк романи билан сўнгги романи «Бозор» орасида муайян муштаракликлар бор. «Бозор» қаҳрамони «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабек исмига оҳангдош тарзда Фозилбек деб аталган. Фозилбек ҳам Отабек сингари бозор-тижорат одами. Отабек миллат тарихининг энг қалтис бурилиш палласида, Чор Россияси босқини – истибдоди арафасида нажот йўлини излайди: Фозилбек эса салкам бир ярим аср давом этган истибдоддан сўнг истиқлолнинг дастлабки йилларида, миллий тикланиш палласида, янги ижтимоий муносабатларга ўтиш жараёнида йўл қидиради. Ҳа, худди «Ўткан кунлар»да бўлгани каби бу роман муаллифини ҳам тижорат одами бўлмиш қаҳрамоннинг касби кори билан боғлиқ муаммо-можаролар эмас, биринчи галда эл-юрт ғами, равнақи, маънавияти масалалари қизиқтиради. Бу ерда ҳам «Ўткан кунлар»даги каби оила, маиший ҳаётга оид таомиллар, орзу-ҳаваслар, икки ёшнинг эркин севги-муҳаббати…

Яна кўп жиҳатлари билан «Ўткан кунлар»ни ёдга туширувчи бу роман мавзу муаммолар талқини, сюжет тузилиши, воқеа-ҳодисаларни ифодалаш тарзи, персонажлар тақдири, характери, руҳияти тасвири, бадиий таҳлили жиҳатидан бутунлай янгичадир. «Ўткан кунлар»да воқеалар содир бўлган макон қамрови хийла кенг – бу ёғи Тошкент, у ёғи Марғилон, Қўқон; Отабек қисмати Авлиё отада ниҳоясига етади. «Бозор»да эса воқеалар асосан бир бозор ва унга туташ қироатхонада юз беради. Романда бозор – метафора, рамз, тимсол, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели. Муаллиф ибораси билан айтганда, «бозорнинг ўзи – дунё», одамларнинг ичини кўриш, томоша қилиш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ дунёда, «бозор – одамларнинг ич-ичини ағдариб кўз-кўз қиладиган ажойибхона», бунда ҳар бир банданинг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғомбирлик, лақмалигу устомонлик – ҳаммаси бозорда ё пинҳона, ё ошкора кўзга ташланади. Энг муҳими, бозор – романда муаллиф учун жамият маънавиятидаги бугунги оғриқли жараёнларни тафтиш этишнинг қулай воситаси.

Романда бозор билан ёндош ҳолда қироатхона тасвири ҳам бор. Бозор ҳамиша гавжум, жамики тумонот бозорда. Бозордагиларнинг барчаси нафс илинжида. Нафс балоси туфайли бозор ёнмоқда, чўкмоқда. Бозор ёнидаги қироатхона эса кимсасиз, хароб, ҳувиллаб, тўкилай деб турибди. Бозорда ҳисобсиз одамлар қўлида айланаётган ҳисобсиз пуллардан-да қимматроқ, ноёброқ ақл-идрок мевалари – фикрлар бир меҳрибонини топмай увол кетяпти; бу ерда мил-мил китоб зах, моғор босиб ётибди…

Ҳаёт ҳеч қачон ақли расолардан, фидойилардан холи қолган эмас. Ҳамма ўзини бозорга ураётган, балки нафс кўйига мубтало бўлиб қолган замонда, қарангки, қоқ бозорнинг ичида, бозор одамлари орасида бир маънавият, маърифат фидойиси Фозилбек отилиб чиқади, илоҳий тақдир уни кимсасиз ҳувиллаб ётган маскандаги яна бир маънавият фидойиси Қадрияга рўбарў қилади. Ахир, ёзувчи айтмоқчи, бу ёруғ дунё учун пул ҳасратида яшамайдиган бир далли-девона ҳам бор-ку!

«Бозор»да «Ўткан кунлар»даги каби машаққатли севги саргузаштлари, оилавий можаролар йўқ. Яқин кишиларнинг орзу-ҳаваслари, қутқуси икки ёшнинг севги ва висол йўлига тўғаноқ бўлолмайди. Ҳатто Қадриянинг «қиз эмас»лиги ҳам ҳали уйланмаган йигит Фозилбек кўнгил майлига асло монелик кўрсата олмайди. Романда талқин этилишича, маънавий яқинлик, руҳий юксаклик қудратли куч, унинг қаршисида турмушнинг турли-туман тўсиқлари, одат, икир-чикирлар арзимас нарса бўлиб қолади. Бу икки ёш нафс балоси туфайли бозор ёнаётган, чўкаётган, нафс бандаларини олов қаърига тортиб кетаётган бир замонда нажот йўлини қидирадилар. Улар бозорни ҳалокатдан қутқариш йўли маънавиятда деб биладилар. Тўғри, бозорсиз ҳаёт, тараққиёт йўқ. Шўро даврининг аччиқ сабоқлари буни тўла тасдиқлади. Бироқ «бозорнинг гуллаб-яшнаши учун хаёл ҳам керак, ўйлов ҳам керак». Бозор кишилари хаёлдан кўра ҳаётга яқинроқ. Бу, бир жиҳатдан яхши, аммо хаёлсиз, ўйловсиз, яъни маънавиятсиз ҳаётнинг охири зулмат. Бундай ҳаёт охир-оқибат ҳалокатга маҳкум. Фозилбек – ўз ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, хаёлга мойил – романтик табиатли шахс. Севгилиси – маслакдоши Қадрия билан бирга у бозор ўзгаришларини тушуниш, унинг тилини, ҳикматини ўрганиш, зулмат қаърига чўкаётган бозорни маънавият, маърифат ёғдуси билан нурлантириш устида астойдил ўй суради.

Романда сиз бевосита бозорнинг ички зиддиятлари, бозор муносабатларига оид можаролар тасвирини кўрмайсиз; унда интригага ишқибоз китобхонларга хуш келадиган қизиқарли саргузаштлар йўқ ҳисоб. Ёзувчининг диққат-эътибори бозор можароларининг бевосита ўзини эмас, персонаж онги, руҳиятидаги акс садосини ифодалаш, бадиий таҳлил этишга қаратилади. Муаллиф ХХ аср жаҳон тараққийпарвар модернистик адабиётида синовлардан ўтган онг оқими мактаби тажрибаларидан ижодий фойдаланган. Асар тили бошдан-оёқ рамзлар, метафоралар, имо-ишоралар асосига қурилган. Бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол.

Д.Қуронов: Домла, «Бозор» романини «Ўткан кунлар»га менгзаганингиз, эҳтимол, кимгадир орттириб баҳолашдек нуқталари борлиги тайин. Ҳар икки романда ҳам, Сиз айтмоқчи, миллий тарихимизнинг бурилиш нуқталари, шу паллада йўл излаётган қаҳрамонлар қаламга олинган. Бироқ бурилиш нуқталарининг ўзи турлича, шу боис ҳам улар қаҳрамонлар, муаллифлар онгида турлича аксланади. Абдулла Қодирий талқинидаги дунё ишларига «этак силккан» Юсуфбек ҳожи «одам бўлишимиздан тамом умидимни кесиб қўйдим», деркан, урнинг сўзларида умидсизлик барқ урадики, бу – истиқлол орзусида яшаган ва асарни ёзаётган палла орзусининг тобора қўл етмас бўлиб бораётганини чуқур ҳис этган муаллифнинг дарди, армони эди. Юсуфбек ҳожи мисоли Қосимбек оқсоқол ҳам бозорни «обод қиламан деган кўйда умрини совурган»-да, энди «кўмиб юбораман деган қарорини кўтаролмай» руҳан синган одам. Бироқ ўзи руҳан синган бўлса-да, Қосимбекнинг эртадан умиди бор: мулоҳазакор ўғли Фозилбекка, бозорнинг «кунпаякун бўлиб кетмаслик учун ўзи инсофийларни топишга, кўпайтиришга» мажбур бўлишига, ўшанда «иллатларга қарши инсофийлар бозор посангисини сақлаши»га ишонади. Атрофидагиларнинг бефаҳм бефарқлигидан зада бўлиб «шу бозор – шу одамларнинг корига ярайдиган болани ўзи туғиб беришга» жазм этган кампирнинг Фозилбек билан Қадрияга қарата: «Сен билан манави арзандангга ишонаман, йигит!» дейиши, икки ёшнинг ҳаётга қарашидаги беғубор теранлик – булар бари умидворликдан даракдир. Бир қарашдаёқ Х.Дўстмуҳаммад талқинидаги «Бозор»нинг абсурддан бошқа нарса эмаслиги кўзга ташланади. Бироқ отаси умрини совуриш эвазига англаган ҳақиқатни фозил Фозилбек эрта илғади: у бозорни тамомила изга солиш ҳам, тамомила бозор измида яшаш ҳам мумкин эмаслигига инонган – йўлни оралиқдан излаш кераклигини теран англаган одам. Сирасини айтсак, бу абсурднинг Шарқона, ўзбекона талқини эмасми?!..

«Бозор»нинг бадиий фалсафасини учта асосий образ: бозор, чойхона ва қироатхона тутиб туради, бошқа барча образлар уларнинг атрофида уюшади. Романда қаламга олинган давр фожиаси шуки, ундаги «барча йўллар бозорга олиб боради», «бозор майдони пастлик… салгина ҳушёрликни бой берган одам пастликка қараб тарвуздек думалаб тушаверади». Дарҳақиқат, ўн йиллар илгариги воқелигимизда шу ҳол кузатилмадими?! Минглаб одамлар ўзларининг идеаллари, орзу-интилишлари, касб-кори, қўйинг-чи – ўзлигига хиёнат қилиб бозор аталмиш «сувсиз ҳовуз»га ғарқ бўлмадиларми?! Нажот йўли эса битта: аввало, «ғарқ бўлаётганини англаш», сўнг тармашиб тепага интилиш керакки, бунда «қироатхона пойидан чиқилади» – маънавиятгина инсонни, жамиятни ҳалокатдан сақлаши мумкин.

Х.Дўстмуҳаммад «Жажман»даги махлуқни романга-да кўчиради. Хўш, бу махлуқ, ножинс қайдан бинога келди? Бозор аҳлининг аксарияти ножинс ё «аллақайси юртдан ер қазиб келган», ё «ҳибсхонадаги аристонлар битидан урчиган» ё «атрофидаги одамлар иллатидан вужудга келган» деб билади; биргина Зар бобо унинг одамлар вужудидаги ҳибсхонадан қочганини тан ола билади. Қадрия эса махлуқнинг «омборга айлантирилган масжиддан чиққан»лигини айтади. Қаранг-а, офат қаршисида турган жамиятда кўпчиликнинг айбни ўзидан соқит қилиши, айримларнинггина уни зиммасига ола билишию фақат чинакам фозил, хос кишиларгина моҳиятга қарай билиши нақадар ҳаққоний ифодасини топган! Бу жамиятнинг мўъжаз макети эмасми?! Масжидларини омборхонага айлантирган, имондан тойган одамлар кўксидаги ҳибсхонадан қочган махлуқ энди уларни ўз измига солган. Чойхонани эсланг: тиланчидан тортиб ажабзотларгача – бари ножинснинг измида гўё; бозор эса энди номигагина Қосимбек измида, аслида унинг жилови-да чойхона қўлига ўтиб бўлган…

Домла, «Бозор»нинг ўзига хос ифода тарзи, унинг рамз ва ишораларга бойлиги, «бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол»лигини жуда тўғри таъкидладингиз. Мен романни икки бора ўқидим, бироқ ҳамон унда тишим ўтмаган нуқталар қолгандек, яна қайта ўқиганимда унинг тамомила янги қирралари очиладигандек туюлаверади, шунга ишонгим келади. Хуллас, истиқлол йиллари миллий адабиётимизда қайта-қайта ўқишга арзийдиган романлар пайдо бўлдики, уларни ўқиш ва уқишимиз бизни маънан юксалтиришига ишончим комил.

Умарали НОРМАТОВ
«Ижод сеҳри». Т.: «Шарқ» НМАК, 2007. Б.229-233.
«БОЗОР»

Яхши асар ҳеч қачон эскирмайди. «Бозор» романини қайта-қайта қўлимга олар эканман, ўзимча шундай хулосага келдим. Асарни ҳар сафар ўқиш давомида турлича кайфият топаман, узоқ ўйлар гирдобига тушиб қоламан. Асар қаҳрамонлари ғала-ғовур бозор ичида туриб дунё, севги-муҳаббат, маърифат, маънавият, инсоний қадриятлар ҳақида баҳс юритишади.

Бош қаҳрамон Фозилбек бозор ходими бўлса-да, ҳам кенг фикрлайдиган, маънавияти бутун, имон-эътиқодли инсон. Ёши ўтиб бораётгани учун уйидагилар уни уйлантириш ҳаракатига тушиб қолишади. Келинойиси не-не бойваччаларнинг қизини Фозилбекка кўрсатади. Лекин у оддий, камтар қироатхона ходими Қадрияни севарди. Фозилбек бозор кишиси бўлса ҳам бозорни хуш кўрмайди. Тўғриси, бозор билан чиқиша олмайди. У акаси Диёрбекка ҳам: «Мен бозорга бегонаман», – деб кўп маротаба айтади. Лекин Фозилбек бозорсиз яшаш мумкин эмаслигини ҳам билади. Ҳамма бозорчи бўлиб кетаётганлигидан эзилади. Ҳамма ўзини бозорчи ҳисоблаётгани, бозорга борса-бормаса, ўзини бозор одами билса-билмаса бозорча феъл-атвор одамларнинг қонига қўшилиб кетаётганидан куюнади.

Фозилбек бир куни акаси Диёрбек билан баҳсга киришиб, бозор баҳона одамларнинг асл қиёфаси ошкор бўлишини айтади. Ака-ука, авлод-аждодлари, қавму қариндошлари тўғрисида тортишиб қолишади. Акаси Фозилбекка аввал уйлан, кейин қон масаласини ўйлайсан, дейди. Фозилбек, бу фикрга қарши чиқади. У муҳаббат асосида оила қуриш керак, деган фикрни билдиради. У Қадрия билан учрашганда бозор, дунёвий ҳаваслар, маънавият, муҳаббат ҳақида кўпдан-кўп мулоҳазалар айтар, Қадриядан ўзи билмаган саволларга жавоб изларди.

Одамларнинг тубан кетишида асарда пулга ҳирс қўйиш сабаб қилиб кўрсатилади. Маънан тубан кимсаларгина пулга ҳирс қўяди, деб ўйлайди Фозилбек. Фозилбек чуқур мулоҳаза юритиб, пулга ҳирс қўйиш ҳам, бойликдан кечиш ҳам касаллик деб ўйлайди. Ҳозир ҳамма йўллар бозорга олиб боради, дейди Фозилбек. Негаки, бозор майдони пастлик, теварак-атрофга қараганда анча паст, сал ҳушёрлигини йўқотган одам тарвуздек пастга тушаверади. Бозор сувсиз бўлса-да, ўйлайди Фозилбек, одамларни ғарқ қиладиган ҳовуз. Инсонлар бу ҳовузда ғарқ бўлмаслик учун тепага интилади. Интила-интила қироатхонанинг пойидан чиқади. Фозилбек яна фикр юритиб, шундай дейди, бозор тубида қолиб кетишдан қироатхона қутқаради. Бозор майдони қадимда теп-текис бўлган экан. Бозорга айлангач, даврлар ўтиши билан чўка бошлаган. Нафс бандаларининг найранглари ва суллоҳликларини кўтара олмай ер чўккан. Фозилбекнинг ўйлари ниҳоясиз эди. Чин севги-ю ўлимдан бошқаси ёлғон деган фикрда тўхталади у. Фозилбекни фақат Қадрия тушунади. Ахир, ҳеч ким тушунолмаган одамни ҳам ҳеч бўлмаса битта меҳрибон тушунувчиси топилади-ку.

Фозилбек Қадрияни олиб кетмоқчи бўлади. Лекин Қадрия қироатхонада яшаймиз, қироатхонадан чиқмаймиз, дейди.

Дунёнинг бозорлиги рост экан, лекин одамнинг бозор кўйида ўтган умри озордир. Бозорнинг турган-битгани «озор» зор… ори эса қолмади. Тўғри айтингиз, дейди Қадрия, бозор озор, зор, ор… озор чекасан, зор бўласан, ориятингдан айриласан. Мана, бозорнинг шарофати, она боласини, ошиқ маъшуқасини, болари гулни, бадавий тевасини, қўмондон қиличини унутгандай, пулни ўпинг, пулни севинг, пулни ардоқланг, пул худога айланади.

Фозилбек романдаги бош образ. Фозилбекнинг авлод-аждоди ҳам савдогар, бозорчи ўтган. Отаси бозорбоши Қосимбек ота ҳам ёмон инсон эмас. У бозорни тушунади. Отаси Фозилбекка ўзгача меҳр билан қарайди. У оғир хасталикка чалингач, тезроқ Фозилбекни уйлантиришни истаб қолади. Фозилбекнинг ҳам Шомирза йўғон растабоши олдида, бозорда юришини хоҳлайди.

Романда ўнлаб характерлар бор. Уни мазмунан бойитишда Бахтиш эзма, Вон Суу, Диёрбек, Ходивой паттачи, Жумақул, Маҳкам чўт, Ҳабиба кеннойи, Зар бобо, Шомирза йўғон растабоши образлари катта вазифани бажарган. Лекин асарнинг асосий ўқ илдизи маърифат, илм олиш ҳақидаги мулоҳазалардир.

Назаримда романдаги Фозилбек ва Қадрия шу маънода асарнинг марказида ҳаракат қилади.

Ёзувчи романдаги воқеалар орқали дунёни, инсонни фақат маърифат, зиё қутқариб қолишини таъкидлайди. Романдаги Фозилбек образи қайси бир жиҳати билан Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» романидаги Сантьягони эслатади. «Бозор» романи қаҳрамонлари дунё ҳақида фалсафий фикрлар, мушоҳадаларини баён этишади. Бу тортишувларда ҳаёт ҳақиқати намоён бўлади.

Муаллиф ўқувчини фикрлар уммонига етаклайди. Романни ўқиган киши дунё ва бозор, оқибат ва оқибатсизлик, севги-муҳаббат ҳақида жиддий ўйга толади. Романда долзарб саволлар тугуни мавжуд. Бу тугунларни ечиш давомида китобхон асар моҳиятини тушуна боради. Роман моҳиятини тушунган ўқувчи бевосита ўзи ҳам кўп жумбоқлар гирдобида ўй-хаёлларга берилади. Хуллас, роман ўқувчини фикрлашга ундайди. Фозилбек Қадрия билан қироатхонада қолиш ва шу қироатхона ҳамма дардларга дармон бўлишини, маънавий қашшоқлик эса инсонни жар ёқасига олиб келишини тушунишади. Бу жар ёқасидан маърифат, зиё нуригина инсониятни сақлаб қолишини англашади.

Хулоса қилиб айтганда, роман кейинги йилларда яратилган жиддий асарлар сирасига киради. Уни ўқиш билан китобхон ўзининг маънавий бойитади. Романда жамиятнинг ўтиш давридаги ҳолати, кишилар феъл-атворидаги ўзгаришлар тасвирга олингандек кўрсатилади. Бозор инсоннинг асл қиёфасини очиб ташлайди. Кимнинг ким эканлигини кўрсатиб беради. Қаердаки, Фозилбекка ўхшаган имон-эътиқодли инсонлар бўлса, жамият уларга таяниб эътиқодсизларга қарши тура олади.

Рустам МАННОПОВ
(«Моҳият» газетаси. 7 сентябрь 2007.)

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации