Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 36 (всего у книги 38 страниц)
– Самолёт беш минут кутиб турар, – деди Воғиз ота. У кишининг кўзлари кўрмай қолган шекилли, ҳеч кимга бош кўтариб қарамас, салмоқланиб, ошиқмай гапирар, лекин фикри тиниқ эди. – Сиз билан Иброҳим Ғафуровнинг Эркин Воҳидов ижодига бағишланган мақоласини ўқигандик, – деди Йўлдош Солижоновга. Омон Ҳошимов ҳам бирга эди. Жуд-да ёққан эди, мақола. «Миқёсли фикр» деган жумла жуда ўринли ишлатилган… Екатерина II француз файласуфи Дени Дидрони таклиф этган. «У вас масштабное мышление» деган. Бундай иборани ҳар ким ҳам ишлатавермайди, тушунмайди ҳам. Иброҳим Ғафуров Эркин Воҳидов ижодида «масштабное мышление»ни кўра олиши учун унинг ўзида шундай мышление бўлиши керак эди. Шунинг учун у «миқёсли тафаккур» деб ёзган…
Афсуски, вақт зиқ эди. Хайрлашдик.
– Бугун уйимизда тўй бўлгандек бўлди, – дея мамнунлигини изҳор этди мезбон.
Мўъжазгина жавонда китоб кўп, қўл етар токчада тахланиб турган китоблардан бири Фёдор Достоевский 30 жилдлик асарларининг 6-жилди эди…
* * *
Республика «Кино уйи»да ҳужжатли фильмлар тақдимотига кириб боряпмиз. Одам тирбанд. Нима сабаб бўлди, модернизмдан сўз очилди.
– Одамлар модернизм нима эканини билмай мақолалар ёзишяпти, – деди Иброҳим ака Ғафуров. Абдуғафур ака Расулов тасдиқлади, Иброҳим ака давом этди: – Кафка аслида у қадар буюк ёзувчи эмас, фақат саноққа кириб қолган.
– Ҳа-а, саноққа кириб қолган ёзувчи ундан чиқмай юраверади, – қўллаб-қувватлади Абдуғафур домла.
– Кафка Жойснинг, Прустнинг бир кўриниши.
– Унчалик эмас-ов, – деб эътироз билдирмоқчи эдим, Иброҳим ака менга савол қотди:
– «Қалъа»сини ўқиганмисиз?
– Ўқиганман.
– Тилини қаранг, – деди устоз, афтини бужмайтириб. – Бир нарсани айлантираверади, айлантираверади. Одамми қон қиворади. Зиқ қиворади.
– Кафканинг Кафкалиги шунда-да! – дедим, худди яқин дўстимни ҳимоя қилаётгандек, куюниб. Ҳаётнинг ўзи шундай-ку. Турган-битгани телбалик. Мана шу туришимиз ҳам аслида телбаликдан йироқ эмас…
Иккала устоз мийиғида кулиб қўя қолишди, сездим, улар фикримга қўшилишмади…
Изҳор: Қандай қилиб Франц Кафка устидан шундай ҳукм ўқиш ва уни йўққа чиқариш мумкин?! Устоз бир кайфиятда айтиб юбордилар шекилли-да. Кафканинг тасвир услуби унинг фалсафий тафаккуридан туғилган, такрорлари – зиқ қилиб юборишлари мутлақо бежиз эмас. Машҳур И.Гарин Кафкани назарда тутиб, жуда топиб ёзган: «Такие безумцы, как он, видят мир очень ясно, яснее здоровых».
10.08.2005
Аҳмад Дониш: – Агар тафаккур дарёсига чўмсанг, етти қават осмонни хаёлинг қутичасига жойлайсан, агар хаёл қувватини ишлатсанг, етти қават ерни фикринг токчасига сиғдирасан.
«В первые фантастический полет на Луну был описан греческим сатириком Лукианом Самосатским, около 160 г. до н.э.»
АҚШнинг кўп мартали парвозга мўлжалланган «Дисковери» фазо кемаси 9 август куни икки ҳафталик таҳликали парвоздан сўнг аранг ерга қўнди. Қўнганда ҳам тўрт карра уринишда Калифорнияга қўнди. Етти астронават эсон-омон жон сақлади.
Парвоз таҳликалари ҳамиша одамларга кўплаб ҳалокатларни «тақдим» этган. Осмонга кўтарилишдан сувда юриш хавфлироқ…
Тинч океанидаги АС-28 флотига қарашли «Приз» океан қаърига тушишга мослаштирилган батискафи етти нафар экипажи билан Камчатка соҳилларида 190 метр чуқурликда илиниб қолиб, чиқолмади. Уни қутқаришга қодир техника Россияда йўқ экан. Англиядан махсус гуруҳ келиб, аранг қутқариб чиқарди.
Сувда ҳам хатар етарли…
Машҳур комик актёр, Олтой ўлкаси губернатори Михаил Евдокимов 7 август куни Бийск-Барнаул йўлида ўз «Мерседес»ида боратуриб, дарахтга урилиш оқибатида ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлди.
Ерда ҳам ажал ўз ишини қилаверади…
03.01.2006
Сешанба. Кечки пайт рассом дўстимиз Баҳриддин
Бозоров қўнғироқ қилиб қолди.
– Мирзакалон Жўраев бандаликни адо этибди!…
– Наҳотки?! Қанақасига? Ахир!..
– 27 декабрь куни уйига кириб ўлдириб кетишибди…
Ғаройиб йигит эди, Мирзакалон! Қиёси йўқ китобсевар одамга ким қўл кўтарди, ким?!
Изҳор: Мирзакалон машҳур опера хонандаси Галина Вишневскаянинг «Галина» деб номланган китобини (1997 йил Минскда чоп этилган) ҳадя қилганди. Кейинроқ ўқидим. Китобнинг охирроғида шундай гап келади: «У каждого таланта есть свои опасности» (623-бет).
21.03.2007
«Ҳаёт» газетасидан:
МЕН СИЗНИ СЕВАМАН –
Араб тилида – Ана ахебек
Белорус тилида – Я тебэ кахаю
Хитой тилида – Во ай ни
Немис тилида – Их либе дихь
Тожик тилида – Ма ту нағз медонам
Француз тилида – Жэ тэм
Ханси лаҳжасида – Ина зан ка
Чех тилида – Мам те рад
Бошқирд, татар, удмурт, чуваш, қозоқ тилларида «Севаман» сўзи «Яратаман» маъносида қўлланилади.
21.09.2007
Ислом Каримов ҳузурида. Чамаси суҳбатимиз бир соату 15 дақиқалар бўлганда, менга рухсат тегди. Шунда докторлик диссертацияси мавзуси қандай пайдо бўлгани, диссертация ҳимояга тайёрлиги ҳақида сўз очдим.
– Мавзуси қандай? Докторликми? – сўради Ислом Абдуғаниевич.
– Журналистнинг касб этикаси, докторлик.
– Ёзиб олинг, – деди Президент. Икковимиз тик тургандик, мен қалам-дафтарни олдим. У киши айтди: – «Ҳар бир жамият аввало демократияга муносиб бўлмоғи керак. Зеро, эркинлик ва масъулият ўртасидаги энг одил посангини топиш шу қадар мушкул муаммоки, бу мавзуда ҳар қанча тадқиқот олиб борилса, изланишлар қилинса, шунча оз. Диссертациянгизни менинг шу гапларим билан бошланг. Ҳимоя қилинг, мен қўллаб-қувватлайман».
Севиниб кетдим. Раҳмат айтдим. Раҳбар «Диссертациянгизни менинг шу гапларим билан бошланг», деб такрор тайинлади.
Ҳимоя олдидан авторефератдан бир нусхани У кишига киритдим. «Ҳимоя қилаверсин», деган жавобни айтибдилар.
25.05. 2008
Докторлик диссертацияси ҳимояси кўнгилдагидек ўтди.
13.01.2010
Кўпдан буён ўлим жазоси, гильотин ҳақида ҳикоя ёзиш ҳаракатида юргандим. Айрим маълумотларни Бобур Париждан жўнатди. Лекин улар француз тилида эди. Уларни қўлтиқлаб ЎзМУ француз тили факультети кафедра мудири Баҳодир Эрматов ҳузурига бордим. Анча вақт сарфлаб, эринмай матнларни ўқиб, таржима қилиб берди. Олинган маълумотлардан ҳикояни ёзишда унумли фойдаландим.
14.08.2010
Оқшом, салқин. М.Прустни узоқ ўқидим. Фикр бўлинмай ўқилсагина бу адибнинг маҳоратини, ўзига хослигини илғаш мумкин. Фикр чалғидими, ёзувчи алжиганга ўхшайверади. Юракни зиқ қиладиган даражада батафсиллик. Бунинг ҳожати борми, десангиз, Прустнинг Прустлиги ҳам шунда-да! Дам Пруст ўз ўқувчисининг устидан кулаётганга ўхшайди, дам тасвирлаганлари жўн руҳий ҳолат эмаслигига иқрор бўласиз.
11.09.2010
«Адольф Гитлер» номли китобни ўқиб тугатдим. Инсон қанчалар ваҳшийлашиши мумкин?! Ва ХАЛҚ унинг қулига айланиб қолса! Халқнинг фарқи йўқ экан-да, у ўзбек бўладими, қирғиз бўладими ёки немис бўладими?! Мустабид қанчалар қаҳрли бўлса, халқ шунчалар оломонлашар экан!..
Борингки, Гитлер жоҳил экан, касал экан, халқ-чи? Унинг атрофидагилар-чи?! Ақл бовар қилмайди…
23.03.2011
Ёзувчилар уюшмаси. Шукур ака Холмирзаев ҳақидаги хотиралар китобининг тақдимоти.
А.Орипов: – Шукур тўғригўй адиб. Шукур Гамлетни ажойиб ўйнаган. Дастлаб Хемингуэйга эргашди. Қисқа, диалог услубини танлади. Кейин Шолоховга қаттиқ берилди. Шолоховда тасвир кучли. Шукур улардан холисликни, воқеаларга аралашмасликни ўргандим, деганди. Катта ва бетакрор мактаб яратди.
Низом Комил: – Шукур ҳақида ўтган замонда гапириш оғир. Ўртоқ бўлиб юрганда унинг буюклигини билмас экансан, одам. Шеър ёзиб юрардим, Эркин ака ўқиб берганларидан сўнг ёзишни тўхтатдим. Ёзганларимни ўқимай қўйдим. Яхшиям таржима бор экан, шунда жон сақлаб қолдим.
А.Орипов: – Бирор асарингиз Низом акага маъқул келса – яхши, маъқул келмаса, билингким, бирор иллати бор.
11.10.2011
Иброҳим акадан сўрадим:
– Жаҳон адабиётида Сиз энг маъқул кўрган ёзувчилар кимлар?
– Беккет, Жойс, Толстой, Достоевский, Хемингуэй. Ўзимиздан – Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Беҳбудий, Ғафур Ғулом.
28.10.2011
Жаббор Эшонқулнинг докторлик диссертацияси туш ва унинг талқини мавзусига бағишланган. Шу тадқиқоти баҳонасида монографияси чоп этилибди. Бугун менга тақдим қилди. Номи: «Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини». Уйга келдиму, китоб мутолаасига шўнғиб кетдим. Ким қандай туш кўрса, жуда ҳафсала қилган тақдирда ҳам, оғзаки ижоддан – фольклордан нарига ўтмайди, яъни тушини кимгадир айтиб беради, тамом, шу билан унутилади. Фольклор асарларининг бошидан охиригача туш, десак муболаға бўлмайди.
Жаббор «Алпомиш»дан келтирган қуйидаги мисраларни ўқинг:
Хазон бўлиб боғда гуллар сўлганда,
Жон жасаддан бир беқарор бўлганда,
Зиён ётиб, раҳмат тошар бўлганда,
Раҳмат дарё айни тошиб келганда,
Туш кўрибман файзи саҳар бўлганда.
«Жон жасаддан бир беқарор бўлганда…» Катта роман салмоғини кўтарадиган тайёр эпиграф!
Тушнинг таъбири кўп. Қадим асотирлардан бирида дунёнинг яратилиши асли тушдан бошлангани айтилган. Дунё Парвардигорнинг тушида яратилган… Туш миянинг инсон руҳияти ҳақида рамзлар орқали етказган хабарларидир… Одам уйқу ҳолатида рост дунё билан тўқнашади, уйқу пайти инсон дунёсининг энг катта ростгўйлигидир… Бедор чоғида одам чегараланган, тушда эса у эркиндир…
Вақти-вақти билан ушбу китобни такрор варақлайман. Муаллифи Жабборга ҳурматим ошади.
Адабий жамоатчилигимизда бир қизиқ ҳолатга эътибор берганмисиз? Ака-ука ижодкорлар бор. Кекса авлод вакилларидан Алибек Рустамов ва Саидбек Ҳасанов, Азиз ва Лазиз Қаюмовлар. Бизга замондош Султонмурод ва Мирзааҳмад Олимовлар, Назар ва Жаббор Эшонқул. Билимли, маданиятли, беҳад зиёли инсонлар – ҳавасинг келади, одам!.. Дарвоқе, профессор, ёзувчи ва таржимон акам Қудрат Дўстмуҳаммад ва каминани ҳам мазкур рўйхатга киритишимиз мумкин.
Ижодкор оға-инилар кўпайсин, орамизда!..
19.03.2014
Эркин аканинг ижодхонасига йўл олдик. Сайди Умиров ва мени тушликка чорладилар. Қайтаётиб, ўша ердаги кошона бинони кўрсатиб Сайди ака бу қандай бино, деб сўради. Эркин ака Темур Аъзамовичнинг ишхонаси, деди. Сўнг пича хотирадан айтиб бердилар:
– Темур Аъзамович Тошкент вилояти раҳбари эди. Учрашиб қолдик. Суҳбат орасида мен тоғам юрист бўлганлар, дедим. Катта тоғам Карим Саҳибоев ўзи икки синф рус-тузем мактабини битириб, Олий Суд ҳайъати аъзолигига кўтарилган эдилар. Темур ака, менинг тоғам шоир, деди.
– Ия, – дедим, – шеърлари матбуотда чиққанми?
– Чиққан, китоблари ҳам чиққан.
– Союзга аъзо бўлганмилар тоғангиз?
– Ҳа, союз аъзоси, ҳатто халқ шоири ҳам.
– Ия, ким экан у киши? – Ҳайрон бўлиб сўрашда давом этдим.
– Ғафур Ғулом!..
Ҳар кўришганимизда ўша суҳбатни ёдга оламиз…
26.03.2014
Йўлда келаётганимда Иброҳим ака қўнғироқ қилиб қолдилар. «Абдуллажон келган экан, бугун худойи қилибди. Шунга бир йўқлаб қўйсак яхши бўларди. Эркин акага сиз айтиб кўринг», дедилар. Эркин акага қўнғироқ қилдим. Телефонни кўтармадилар.
Уйга келдим. Энди ечиниб пича дам оламан деб турсам, Эркин ака ўзлари қўнғироқ қилиб қолдилар. Мақсадни айтдим. Борамиз дедилар.
Дўрмонга кетдик учовлашиб. Меҳмонхонага кириб хийла кутиб қолдик мезбонни. Бир пайт Абдулла ака кириб келдилар. Ҳассага таянган, ёнларида Нурбой Жаббор, яна кимдир, яна кимдир. Абдулла ака ҳарс-ҳарс нафас оляпти. Ранглари жуда паст. Ёқимсиз. Ёмон кўнглим бузилди. Шундай одамнинг аҳволи шу ҳолга келдими?! Қучоқлашиб кўришдик. Икковимиз ҳам қучоғимизни бир дам бўшатмай кўзимиз кўзимизга тушиб, туриб қолдик. Нафас олиши оғирлашаётгандек эди назаримда. Абдулла ака ортиқ гапиролмади, балки миннатдор ва мамнун кайфиятда қараб турди. Сўнг у кишини қўлтиқлаб креслога ўтқаздилар…
Суҳбат анча қизиди, икки соатдан ошиб ҳам кетдики, суҳбат узилмади. Абдулла ака Станбул таассуротларини айтдилар, Эркин ака, Иброҳим ака у кишининг кўнгли учун лутф қилишди. Навоийдан, қайсидир турк адибининг китобларидан сўз кетди. Эдиқут дедиларми, яхши эшитолмадим. «Туркистон қайғуси»ни минг бетлик қилиб чиқарибди, деди. Яна кимнидир 500 бетлик қилиб чиройли китоб қилишибди, деди. Алихонтўра ҳақида суҳбат қизиди. Эркин ака айтиб бердилар хотиралардан.
Э.Воҳидов:
– Ғафур аканинг «Шум бола»сида, бир айбим бор, онда-сонда бир ёлғон гапириб қўяман, дейди. Замонавий шум бола образини яратиш мумкин, у онда-сонда рост гапирадиган бўлади. Ана, кўринг, хангамани!
17.04.2014
Уч кун бўлди, Гарсия Маркеснинг «Жить, чтобы рассказывать о жизни» мемуарини ўқишга киришдим. 575 саҳифали қалин китоб! Маркеснинг «бошқача»лиги китобнинг номланишидаёқ кўриниб турибди. Унинг испанча вариантини билмадим, лекин русчасидаги ном маркесона!
18.04.2014
Халқаро журналистика факультети. Икки олтин қизимиз – Фаридахон билан Зиёдахонни кўриб қўяй, деган ниятда кафедрага бордим. Аллоҳдан бу қизларимизга бахт-иқбол сўрайман…
Қўлимда Маркеснинг китобини кўрган Фарида биринчи бўлиб унинг номланиши ажойиблигини айтди. Бу менинг фикримга уйқаш эди. Гурунглашиб кетдик. Гап орасида мен, Маркеснинг ўзи омонми, деб савол қотдим. «Вафот этмадими, – деб ажабланди Фарида, – васияти матбуотда чиққан эди-ку?»
– Васияти чиққанди, ўқигандим, лекин ўзи ҳаёт эди, – дедим.
Гап орасида Фарида қўл телефонидан интернетни титкилай кетди ва бирдан:
– Домла-а, эшитганмидингиз? – деб сўради, ишонқирамай.
– Нимани?
– Мана, Маркес кеча вафот этибди-ку!
Қарадик, кўрдик, ўқидик: ажойиб ва бетакрор адиб кеча 87 ёшида қайтмас сафарга отланибди!..
02.07.2014
«Ўзбекистон» нашриётига бордим. Бош директор ўринбосари Ашурали Жўраев Эркин Воҳидовнинг янгигина нашр этилган «Сўз латофати» китобини берди, сўнг бир боғлам ипини қирқиб, «Мана, таклифномани биринчи бўлиб сизга тақдим қиламан», деди-да, қўлимга тутқазди. Мана ундаги ёзув:
«Ҳурматли…
Сизни Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири ЭРКИН ВОҲИДОВнинг «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган «Сўз латофати» китобининг 2014 йил 8 июль куни соат 10.00да бўлиб ўтадиган тақдимотига таклиф қиламиз.
Манзил: Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй, 4-қават катта мажлислар зали».
07.07.2014
Китобни ўқишга киришдим. Сўзга тайёргарлик кўрдим. Мулоҳазаларни шакллантирдим. Бугун душанба. Эрталаб Ёзувчилар уюшмасига қарашли поликлиникига бордим. Осма укол олишим керак эди. Энди кушеткага ётаётсам бош шифокор Анвар ака ўринбосари Ҳамид ака билан кириб қолишди. Суҳбатлашдик. Мен гап орасида Эркин ака бемор бўлгани, хорижга бориб келгани, у кишидан бир оғиз хабар олиб қўйсанглар гўзал иш бўларди, дедим. Анвар ака шу заҳоти Ҳамидга топшириқ берди:
– Бугуноқ касаллик варақаларини олиб, устозни уйларида кўриб, хабар олиб келинглар.
Чиқиб кетишди.
Бир оз ўтиб Ҳамид кирди. Эркин ака телефонни кўтармаяптилар, деди. Мен қўнғироқ қилдим. Эркин аканинг кайфияти яхши, эртанги тадбирга шай ҳолатда турибдилар.
– Эртароқ бориб, аста-секин 4-қаватни забт этамиз-да, – дедилар.
– Хизматлар бўлса, айтинг.
– Ўзимизнинг улфатлар хабар топишган бўлса бўлди-да, мен ҳеч кимни хабарламадим.
Хайрлашдик.
Муолажа тугамаганди , Абдуғафур Расулов устоз қўнғироқ қилиб қолдилар:
– Хуршиджон, эшитдингизми? Қизиқ вазият юз беряпти-ку?
– Нима гап? Хабарим йўқ.
– Эртага соат 10да союзда давра суҳбати ўтказилар экан. Эркин аканинг тадбири ҳам соат 10га белгиланган.
– Ия, қизиқ эмас, ғалати-ку! Бу аҳволда китоб тақдимотини ўтказишдан маъно қолмайди. Айни сўзга тайёргарлик кўрадиганлар уюшмадаги йиғилишга кетишса?..
Эркин акага қўнғироқ қилдим. У киши ҳам ҳайрон.
– Бу аҳволда тақдимотни қолдиришга тўғри келади.
Ашуралига қўнғироқ қилдим.
– Сиз ваҳима қилибсиз, – деб норозиланиб бошлади гапни у, – юқори билан келишилган, добро олинган, тадбир қолдирилмайди, ҳатто союз раҳбарларидан бирортаси тадбирга келиб ўтиради, – деди Ашурали. Эркин акага далда беринг, деб қўшиб қўйди.
«Юқорининг отказидан кўра «доброси» хатарли-да», деган гап ўтди кўнгилдан…
Эркин ака қўнғироқ қилдилар.
– Энди Ашурали мезбон сифатида айтаверади. Кейин бирор гап-сўз чиқиб қолса ҳеч ким оқлолмайди ўзини. Тўғрими?
– Менинг фикрим ўтказмаслик, Эркин ака, – бунинг ортида қандай ният ётгани бизга қоронғи. Чумолидан фил ясайдиганларга баҳона топиб берамиз, холос. Лекин Ашурали шаштидан қайтмаяпти, юқори билан келишибди, аксинча, улар тадбир қолдирилмасин, дейишибди.
– Қани, кўрайлик-чи…
08.07.2014
Неча киши қўнғироқ қилди. Савол битта: тадбир бўладими-йўқми?
Жавобнинг тайини йўқ. Охири, тадбир ўтказиладиган бўлди, деган хабар келди.
Кеча кечга томон Ҳабиб Темур қўнғироқ қилди: «Тадбир қолдирилибди-ку?»
«Қолдирилмайди», дедим.
Бугун эрталабдан муолажага бордим. У ердан Навоий 30-уйга келдим. 4-қаватга чиқдим. Эшикка эълон илинган: «Бугун соат 10.00га белгиланган тадбир қолдирилди».
У ердан уюшмага бордим. Кўпчилик бошини хам қилганча тишини тишига босиб ўтирибди. Раис бирор маъно олиш мушкул бўлган совуқдан-совуқ маърузани ҳижжалаб ўқишга тушди. 10 дақиқа ўтмаган ҳам эдики, ёнимда ўтирган Анвар Обиджон чиқиб кетди. Изма-из мен ҳам зални тарк этдим.
Шу ерда Сувон Мели айтиб қолди:
– Бу давра суҳбати асли эртага мўлжалланган эди…
– Ана, холос…
Қолаверса, уюшмадаги йиғинга Эркин ака таклиф этилмабди ҳам…
Эркин Аъзам қўнғироқ қилди. У Навоий-30га эрталаб етиб борган экан, ҳеч ким йўқ эмиш.
– Англаб бўлмас сир экани рост-да, жўра!.. – деди суҳбатимиз якунида у.
Тўғри ва топиб айтди.
Кечқурун соат 21.03да Акмал Саидовга қўнғироқ қилдим. Турли мавзуда роса гаплашдик. Жумладан, Эркин Воҳидов ҳақида. «Эркин аканинг китоб тақдимоти соат 10га белгиланганидан хабар топгандим, шу боис қўмита мажлисини соат 15га белгилагандим, бироқ тақдимот ҳақида хабар беришмади», деди Акмал Саидов.
15.03.2015
Москва. «Космос» меҳмонхонаси. Эрталаб нонуштага кириб кетаётсак, телеэкранда ёзув кўринди: «Сегодня в Москве скончался писатель Валентин Распутин». Нонуштадан чиқсак, ҳамон ёзув югуриб ўтиб турибди. Ҳар куни турли каналларда Распутин билан видолашув тадбирлари кўрсатилди. 19 март куни дафн маросимида ўн беш минг одам иштирок этди, деган хабар чиқди. Шунда бир гап айтилди: «Распутин быль духовным губернатором Иркутска». Ёзувчига масковча муносабат, русиёна топилган таъриф!..
22.01.2016
Иброҳим ака билан Эркин акани кўриш учун стационарга бордик. Кеннойи ҳам ўша ерда эканлар. Телевизорли хонага кириб ўтирдик. Гулчеҳра опа акани чақиришга кирдилар ичкарига. У томондан «их-их» деган инграш эшитилиб турди. «Ия!» деб ҳайрон бўлдилар Иброҳим ака. Ҳақиқатда нохушроқ чалинди қулоққа.
Эркин ака чиқиб келдилар.
Бемалол гурунглашиб ўтиришдик. Гап орасида Иброҳим ака, «Ҳа, окам, нега ихраяпсиз?» деб лутф қилдилар. Эркин ака кулимсираб, ўзим, шунчаки дедилар. Сўнг:
– Ихраш ҳам қувват бераркан!
26.04.2016
Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Илдизим ва ўзим» китобининг тақдимоти. Икки оғиз сўз айтиш ниятида китобни махсус ўқидим. Тўсатдан қўнғироқ бўлиб, шошилинч кетишимга тўғри келди. Китобда учраган ҳикматомуз гапларни ёзиб қўйгандим: «Рашк – севгининг соқчиси» (8), «Ҳаётига эртак аралашмаган одам ижод қилолмайди» (17), «Адабиётдаги қадрсизликдан жамиятдаги қадрсизлик бошланади» (32), «Ёзувчи – ижтимоий ҳодиса» (33), «Журнал – ижодхона, дардхона» (50), «Кўп фарзандлилик болажонлик эмас» (65), «Қалбнинг тақвими бўлмас экан» (246), «Исм тўлиқ айтилса эгаси узоқ умр кўради», «Тарихни ёзишда муаллиф тарихнинг измида бўлар экан».
27.04.2016
Шахматчи улфатлар йиғилиши Олимжон отанинг хонадонида ташкиллаштирилди. Ота бу йил 80 ёшни нишонлайдилар. Дона суришда жуда узоқ ўйлайдилар.
– Мен бугун бир савоб иш қилдим, – деб гап бошладилар. Ҳаммамиз у кишига қарадик. – Эркин акани уйларига бориб кўриб келдим…
Ота шундай деб, ҳаммага бир-бир разм солдилар.
– Жуда доно, ширин сўз одам-да… Лекин ётиб қолибди… Туролмади… Ўғли кириб-чиқиб турибди… Шахматни зўр ўйнайди… Шифо берсин…
Шундай деб, бош чайқаб қўйдилар. Ота, шифокор эмасми, аттанг деган маънода бош чайқагани сезилди…
Орадан ярим соат чамаси вақт ўтди. Ота гап бошладилар:
– Мен бир янгиликни айтиб қўяй сизларга.
Ҳамма дона суришдан нигоҳини узиб, отага қаради.
– Мен бугун Эркин акани кўриб келдим… Дурустлар… Лекин туролмадилар… Ўғли кириб-чиқиб турди… Бир оз гаплашдик. Мен бугун сизлар билан учрашувимизни айтдим. Таклиф қилдим. Жилмайиб қўйдилар. Лекин шахматни қаттиқ ўйнайдилар. Мастер даражасида. Ўйнаганмисизлар?..
Ота шундай деб ҳаммага бир-бир разм солдилар. Мен индамадим.
Орадан яна чамаси ярим соатлар ўтди. Олимжон ота тўсатдан ҳаммага қарата мурожаат қилдилар:
– Айтдимми, силарга?.. Мен бугун Эркин акани уйига бориб кўриб чиқдим. Суҳбатлашдик. Турмадилар… Ётган жойларида…
Ота маъюс тортиб бош тебратди. Ота врач эди. Бу маъюслик оғир маъюслик эди.
– Жуда ширин сўз, сўзларни топиб-топиб гапирадилар. Гаплашганмисиз?..
Шахматчилар гурунги ниҳоясига етди. Олим дода биз меҳмонларни кузатиб кўчага чиқдилар. Қоронғи, дарвоза тепасидаги чироқ шуъласида Олим доданинг катта-катта кўзлари йилтиллаб кўринади. Хайрлаша туриб, дода билагимдан тутдилар.
– Эркин ака шахматни нозик ўйнайдилар… Туролмадилар… Ўғли кириб-чиқиб турди… Сўзи ширин-да… Гаплашганмисиз?..
03.10.2016
Нонушта пайти телеэкранда намойиш этилаётган фильмга кўзим тушиб қолди. Мутлақо бошқача! Яқин орада бундай фильм кўрмагандим. «Тили» бошқа, ифода бошқа. Дастурга қарасам, «Қушларга эргашган одам» деб ёзиб қўйибди. Ўзбек фильмларига мутлақо ўхшамайди. Шу қадар берилиб кетдимки, фильм тугамаса, дейман.
Кечга томон кино режиссёр Собир Назармуҳамедов қўнғироқ қилди. Сўрадим. Али Ҳамроевнинг фильми экан!
04.10.2016
«Ёшлик» журнали масъул котиби Нуриллоҳ Чорига «Эрта баҳор» ҳикоямни бергандим. Бугун қўнғироқ қилди. «Ҳикоя ёқди», деди. «Фақат лола билан лолақизғалдоқни аралаштириб юборибсиз, – деб тузатиш киритди кишибилмас оҳангда, – улар бир пайтда очилмайди». Шунинг фарқига бормаслигимни тан олдим, раҳмат, Нуриллоҳ!
28.02.2017
Баҳодир Умрзоқовнинг «Ойжамол» романини кўчада, машина ичида ўтирган жойимда ўқиб битирдим. Ғоятда таъсирли! Яқин орада бундай асар ўқимагандим.
02.03.2017
«Ойжамол» романи тақдимоти кўтаринки руҳда ташкил қилинди. Казо-казолар сўзга чиқишди. Махсус тайёргарлик кўриб боргандим. Дилдан чиқариб муаллифга олқишларимни ёғдирмоқчи эдим. Янглишмасам, 12 – 13 кишига сўз берилди. Сезилиб турибди, нари борса, икки сўзловчи романни ўқиган, яна иккитаси чўқилаб кўз югуртирган, холос. Асарни ўқишдан ларзага тушган, ичи тўлиб-тошиб турган мен шўрликка эса сўз тегмади…
12.06.2018
Жамшидбек ўғлим билан Жанубий Королина штатини ортда қолдириб, Жоржияга кириб бордик. Ювиниб, тамадди қилдик. Соат 22.00дан ошди. Ётишга чоғландик. Телефонни титкилаб ўтирган ўғлим: «Ада, Қори ака узилибдилар», деди хомуш тортиб.
Юрагим орқага тортиб кетди. Ўқидим: «Тошкент шаҳрининг имом-хатиби Анвар қори Турсунов 13 июнь тонгида бандаликни бажо келтирди!..»
1984 йили «Ёшлик» журнали таҳририятида танишган эдик. Орада узилиш бўлди. Сўнг бир муддат улфатчилик қилдик. Маърифий гурунгларимизга Алоуддин домла янада файз киритдилар.
Анваржон билан 1992 йилда биргаликда ҳаж сафарида бўлдик. Абдулла Орипов, Анваржон, мен деярли ажралмай юрдик. Ибодатларни ёнма-ён юриб, адо этдик.
Анваржон дўстимиз адабиётнинг фидойиси эди. Алишер Навоийдан тортиб Абдулла Қодирийгача таассуротларини айтиб чарчамасди.
…Академик Азиз Қаюмовнинг жанозасидан қайтиб чиқаётганимизда кўришдик. Кимдир мени телевизорда кўрганини айтиб қолди. Анваржон росмана ранжиганини яширмай гапирди:
– Бир-биримизни телевизорда кўриб юраверамизми, наҳотки, бир чимдим фурсат тополмасак?!
…Тополмадик ҳам. Кундалик югур-югурлар орасидан Анваржон қадрдонимиз танбеҳ бериб айтган бир чимдим фурсатни ажратишга ярамадик…
– Ҳувиллаб қолдик, ада, – деди Жамшидбек, бош чайқаб. – Ҳувиллаб…
25.06.2018
Юқори қават деразасидан қараб турсанг, кўчадан ўтиб бораётган ҳар бир йўловчи ўзича бир сирли, қизиқарли кўринади. Кўчадан ўтиб бораётганингда эса аксинча – деразадан қараб турган одам сирли, қизиқарли туюлади…
* * *
Кулаётган ва йиғлаётган одамга узоқдан қаранг, куляптими-йиғлаяптими, дарҳол ажратолмайсиз…
29.06.2018
Икки ярим ой АҚШда бўлдим. Автомобилда бу бепоён мамлакатнинг 15 – 16 штатини айландик. Табиат гўзалликлари, шаҳарсозлик, йўлсозликка гап йўқ! Ушбу уч мезонни ўз кўзи билан кўрган одам учун бошқа ҳеч қандай қўшимча «хат-ҳужжат»нинг, далилнинг ҳожати йўқ – Америка бениҳоя қудратли давлат! Афсонавий Маями шаҳридан ўтиб, АҚШнинг Кубага энг яқин шаҳри (харитага қарасангиз, Гавана қўл узатса етадигандек туюлади) Кью-вейсга олиб борувчи океан «сатҳи» йўлини таърифлашга тил ожиз. Жануб томонда Атлантик океани, Шарқ томонда Мексика кўрфази. Ишонинг, кафтдек текис, яйдоқ, кимсасиз катта йўл икки томондаги адоғини кўз илғамас океан сатҳи билан бир текис!..
Бир йил бурун борганимда Нью-Йоркнинг Буруклин депарасидаги бир кутубхонага аъзо бўлгандим. Яна ўша масканга танда қўйдим. Ҳафтасига бораман, қўлтиқ-қўлтиқ китоб олиб келаман. Бу сафар вақтимни Жеймс Жойсни ўрганишга бағишладим. «Уллис»нинг Иброҳим Ғафуров, «Мусаввирнинг ёшликдаги шамоийли»ни Аҳмад Отабой таржимасидаги ўзбекча нусхаларини олиб кетгандим. Уларни русчаси билан солиштириб ўқидим. Дарвоқе, тўрт-беш йил муқаддам Москвада Алан Кубатиевнинг «Ажойиб кишилар ҳаёти» туркумида чоп этилган «ДЖОЙС» китобини ҳам шу ерда ўқиб тугатдим. Ўзимизда Тиловолди Жўраев, Муҳаммаджон Холбеков, Акмал Саидов, Назар Эшонқул кўп ёзишган бу адиб ва унинг ижоди ҳақида. Рус тилидаги манбалар ҳам оз эмас. Бироқ… Жойсни тушуниш, англаб етиш, англаб етган тақдирингизда ҳам, тушунганингизни тушунарли қилиб тушунтириш – ойдинлик киритар даражада батафсил изҳор этиш қийин.
Жеймс Жойс – ҳаётини, хоҳиш-истакларини, тақдирини, билими-ю иқтидорини адабиётга бахшида қилган. Франц Кафканинг, «Адабиётдан бошқа ҳеч қандай мавзуга тоқатим йўқ», деган сўзлари бевосита Жойсга тааллуқлидек. Жойс адабиётни оила, ота-она, халқ, миллат, Ватан, ахлоқ, эътиқод сингари энг муқаддас туйғулару тушунчалардан устун қўйган одам. Ана шу тушунчасига ўзини, истеъдодини, ҳаётини қурбон қилган. Дастлабки ҳикояларидан тортиб то сўнгги романигача ана шу мисли йўқ қарашларини телбаларча баён этган, хилма-хил ҳаётий ва хаёлий эпизодларга сингдириш йўлларини излаган. Китобхон уни қанчалар тушунади ё йўқ, бу ёғи билан иши бўлмаган унинг. Умр бўйи ўқишдан ва ёзишдан бош кўтармаган, кунига 15 – 16 соатлаб ишлаган, 7 – 8 саккиз тилни билган, пировардида кўздан қолган – шу шабкўрлик ҳолатида инсон ўзи ҳам тан олгиси келмайдиган, тан олишдан ўлгудай қўрқадиган, қўрқмаган тақдирида ҳам уларни ифодалаш учун сўз тополмайдиган ҳис-туйғуларни, хислату иллатларни кўра олган, мардонавор тасвирлай олган. Жойснинг ижоди мусиқа билан чамбарчас боғлиқ. Мумтоз мусиқа мўъжизасидан (албатта Европа мусиқаси назарда тутилмоқда) хабардор бўлмай туриб унинг асарлари моҳиятига етиб бориш душвор. Адабиёт ихлосмандларидан бирининг: «Сизнинг ёзганларингиз мусиқа ва наср қоришмасига ўхшайди», деган гапига адиб: «Бу ғирт мусиқа!» деб жавоб берган.
…Москвадаги Вагрус нашриёти 2007 йилда чоп этган «Дублинцы» номли китобидан Жойснинг ҳикоялари, адиб ижодига бағишланган кўплаб мақолалар, суҳбатлар киритилган. Маълумотга бой китоб. Тошкентда кимнингдир қўлида кўрганман, лекин ўқиш учун ололмагандим. Буруклиндаги кутубхонадан сўрадим, «Бизда у китоб йўқ», деган жавобни беришди. Ўзим танда қўйган кутубхонадан тахминан 15 – 20 чақирим наридаги бошқа кутубхонани излаб бордим. Одатдагидек, паспортимни тақдим этдим. Кутубхона хизматчиси компьютерни титкилаб турди-да, «Сиз китобхонларимиз рўйхатига киритилган экансиз, бизга нима хизмат?» деб паспортимни қайтариб берди. «Дублинцы»ни сўрадим. «Бизда Жойсни ўқишмайди, лекин китобларининг бир неча нашри бор», деди-да, ичкарига хабар жўнатди. Қироатхонага кўз югуртириб улгурмасимдан мен истаган китобнинг 3 – 4 нашри столимда муҳайё этилди. «Дублинцы» эса йўқ.
– Аттанг, – дедим, тарвузим қўлтиғимдан тушиб. Аламимдан ўзимча тилимга эрк бердим: – Шу-ундай бир машҳур китобча топилмаса, америкача тараққиёт ҳам ҳаминқадар экан-да!
Орадан тўрт кун ўтди. Кутилмаганда, қўл телефонимизга ёзма ахборот келди: «Жаноб Дўстмуҳамедов, Сиз истаган китоб сизни кутмоқда». Ғизиллаб етиб бордим.
– «Дублинцы» бошқа бир кутубхонада бор экан, лекин у кутубхона ўт ўчириш хизмати томонидан таъмирлаш мақсадида вақтинча ёпилган экан. Ўт ўчириш идорасига мурожаат қилиб, кутубхонани бир соат очиш учун расман рухсат олинди ва мана, китобни олдириб келдик, марҳамат, фойдаланишингиз мумкин…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.