Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 27

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 27 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Айтмоқчиманки, сиёсатвозликдан узоқ юрган одам 1996 йили «Миллий тикланиш» демократик партияси ташкил топди-ю, ҳе йўқ-бе йўқ унинг сафига кирдим. Назаримда, партия Уставида белгилаб кўйилган мақсад-вазифалар мени кўпдан буён ўйлантириб, ташвишлантириб келаётган орзу-ниятларимнинг айнан ўзгинаси эди. Қолаверса, партия етакчилари орасида таниқли адиб-шоирларимизнинг борлиги ҳам мени мафтун этган бўлса ажабмас.

Йиллар ўтиб, партия ишининг қанчалик қизиқарли эканини кўриб, билиб, киришиб кетдим. Замонавий тараққиёт йўлини тутган ҳар қандай жамиятдаги тараққиёт босқичларида сиёсий партиялар ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўзбекистон ҳам шунга бормоқда. Айниқса, сўнгги икки йиллик жараёнлар сиёсий партияларнинг ҳақиқий маънода оёққа туриши сари илгариламоқда.

Ҳар қалай, тақдирда шундай вазифалар бор экан, афсус чекмайман. Сиёсат алоҳида бир ҳаёт реаллиги. Бу реалликдан ташқарида, чеккада туриб унинг ичида кечаётган жараёнлар устидан тўғри ва адолатли ҳукм-хулоса чиқариш қийин. Давлат арбоблари ёки сиёсий арбоблар ҳаётдан йироқ деган таъналар қулоққа чалинади. Бўлиши мумкин. Мен бундай таънани давом эттириб, сиёсатдан йироқ жуда кўп одамлар ҳам сиёсатни тўғри тушунишмайди, деган бўлур эдим. Аслида бундай тушунмовчиликдан жудаям ажабланмаслик керак. Чунки, айтдим-ку, сиёсат ниҳоятда алоҳида бир реаллик, ўзига хос воқелик. Мана шундай – ҳаёт ва сиёсат воқелиги орасидаги тушунмовчилик вазиятларида ижодкор-сиёсатчи боғловчилик вазифасини, миссиясини адо этиш учун ҳам сиёсатга асқатади. Ижодкор сифатида айтсам, сиёсат дунёсидаги ўта расмиятчилик, ташқаридан қараганда димоғдорликдан фарқлаш қийин бўлган сиёсий маданият кўпда ёқавермайди. Шунда сиёсий расмиятчиликни оддий инсоний самимийлик даражасига олиб тушиш (эҳтимол, кўтариш!) йўлларини ўзимча излашга киришаман. Ўта жиддий сиёсий жараёнлар замирида ҳам, охир-оқибат жуда оддий, ҳатто жўн ҳаётий муаммолар ётади-ку, ахир. Сиёсатнинг, сиёсатчининг ҳам бирламчи бурчи, вазифаси ҳаёт учун хизмат қилиш-ку.

Энди «бир буюк асар» яратишга арзирли вақтнинг бой берилаётгани мутлақо бўлак муаммо. Гап буюк асар яратишда эмас, умрнинг саноқли фурсатларини қандай яшашда. Эрталаб ишга отланиб, уйдан чиқаётганимда Марсел Прустнинг «Бой берилган фурсатларни излаб» туркум романлари ортимдан, «Ҳой, биродар!» деб чақираётганга ўхшайверади. Кун бўйи сиёсат «ҳудуди»да жавлон уриб, оқшом уйга қайтгач, энди эртанги кун тадбирлари устида бош қотириб ўтирганингда шартта қўшни курсига кўчиб ўтиб Томас Манн жилдларини қўлга олгинг, Лосевнинг Уйғониш фалсафасига доир китобларини, Бердяев трактатларини варақлагинг келади. Роберт Музилнинг икки жилдли «Қиёфасиз одам»ини хаёлларингни бўлмай-бузмай мутолаа қилсанг, Чўлпоннинг, Ойбекнинг дилбар шеърларини ўқишни тусайди, кўнгил…

Лекин яна бир ҳақиқатни айтай: сиёсат олами ёзувчига шу қадар кўп ижодий мавзу берадики, башарти мен, дейлик, шу оламни кўрмай-нетмай ижод билан машғул бўлиб юрганимда жуда-жуда кўп ҳақиқатларни билмай-нетмай яшаган, ёзсам – билмай-нетмай ёзган бўлар эканман… Бу борада, сиёсат ижодкор учун кони фойда…

Умрнинг олтинга топилмас дамларидан унумли фойдаланиш бўлак муаммо. Ким, қаерда, қандай вазифада фаолият юритаётганидан қатъи назар, бизда профессионал мақомда ижод билан машғул шоир-ёзувчи йўқ ҳисоби. Ижод жараёнини профессионал даражада ташкил этиш, афсуски, бизнинг шароитда анча мушкул…

– Адабиётнинг, насрнинг бугунги тақдири ҳақида фикрингиз? Аввалги катта аудиториялар тўплаш йўқ, дастхат сўраб, кўзи ёниб турган мухлис ва мухлисалар ҳам деярли қолмади. Улар «реппер» хонандаларнинг изида изиллаб юрибди. Энди адабиёт бўладими ва у истиқболда қандай бўлади?

– Адабиёт ўлмайди, у яшайверади. Мухлислар доираси камайиши, сийраклашиши мумкин, лекин бутунлай йўқолиб кетмайди. Фикримча, ҳозирги даврни яқин ўтмишдаги вазиятга қиёслайвериш тўғри эмас. Кенг китобхонлар армияси сийраклашаётган экан, демак, ҳаёт ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Энди каттаю кичикни унча-бунча нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди. Ахборот оқими шу қадар шиддатли тус олдики, бирорта янги топилма гапни наср ё назмга сингдириб улгурмасингиздан ахборот тўлқини унча-мунча ҳайратларни сўндириб улгурмоқда.

Ахборотлашган жамият – хилма-хил ахборот муттасил алмашиб турадиган майдон. Ахборотнинг хилма-хиллиги одамларни ҳам хилма-хиллаштириб юбормоқда. Бу борадаги вазият бундан 15 – 20 йил бурунги аҳволдан буткул фарқланади, чунки у пайтлардаги ахборот майдони ҳозиргидан кўра анча-мунча ғариб эди. Шу боис илгари айтарли қийинчиликсиз эътибори бир нарсага жалб этилган 100 000 кишининг бугунги қизиқиш доираси шу қадар кенгайиб, хилма-хиллашиб, парчаланиб кетдики, энди ўша 100 000 киши ўн, эҳтимол, йигирма хил нарсага қизиқмоқда. Яъни кимдир роман, шеър ўқишга қизиқишини сақлаб қолса, кимдир енгил-елпи фильмлардан қаноат ҳосил қилмоқда, яна бир тоифа кишилар «реппер»дан завқ туймоқда.

Шуларга қарамай, ишончим комилки, жиддий адабиёт яратилаверади, у – яшайди!

– Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Оиламиз ихчамгина: бир қиз, бир ўғил. Радиотелевидение техникаси билимдони, кичик корхона раҳбари куёвимиз Баҳодиржон, доришунос қизимиз Ҳилолахон, шарқшунос ўғлимиз Жамшидбек, қўли енгил ҳамшира келинимиз Шаҳлоой, беш нафар шириндан-шакар неваралар жам бўлиши инглиз тили ўқитувчиси бўлмиш Ферузахоним билан мен учун оиладаги энг завқли дамлар ҳисобланади.

Оилавий гурунгларни четдан кузатиб ўтириб бир нарсадан қувонаман – ёшларимиз кўп жиҳатларда биз катталарга ўхшамайдилар. Улар янги замоннинг одамлари эканликлари боис ҳам, дунёга, одамларга, ҳаётий воқеа-ҳодисаларга мутлақо ўзгача назар билан қарашади. Авлодлар ўртасида шундай соғлом тафовут бор экан, демак, тараққиёт кечяпти, менталитет яхши томонга ўзгармоқда!..

Абдулкарим БАҲРИДДИН суҳбатлашди.
(«Jannat Makon» журнали. 2007 йил, апрель ойи сони. Б.16-20.)
«МУШОҲАДА БЎЛГАН ЖОЙДА БАДИИЙ АДАБИЁТ БЎЛАДИ»

– Ҳар қандай истеъдод Яратган томонидан ато этилади, дейишади. Ёзувчилик истеъдоди ҳам, фикримизча, шундай. Хуршид ака, ёзувчининг бу дунёдги ўрни, вазифаси нимадан иборат? Қандай одамни ёзувчи дейиш мумкин? Унинг шахси, дунёқараши қандай бўлиши керак?

– Мен ҳар қандай соҳада истеъдодли шахснинг пайдо бўлишини фавқулодда воқеа деб баҳолайман. Истеъдодга изоҳ бериш керак бўлганида осонгина, Аллоҳнинг инояти деб қутуламиз. Лекин уни тушунтириб бериш керак. Умуман, ижодкор хос одам ҳисобланади. Унинг ўзига хослиги шундан иборатки, у дунёни бошқача англайди. Дунёни ўзгача идрок қиладиганлар кўп, лекин англаганини қандайдир шаклда ифода қилиб берадиганлар нисбатан оз. Ўзига хос ифода қилиб бера оладиганлар, яъни маҳорат эгалари эса янада оз. Шу маънода истеъдод кенгроқ, маҳорат торроқ тушунча. Эҳтимол, дунёни энг буюк ёзувчидан ҳам, энг буюк шоирдан ҳам бошқачароқ идрок қилаётганлар бордир. Лекин улар ёзолмайдилар, ижод қилмайдилар. Ёзувчининг ўрни, вазифаси ҳаёт тажрибалари юқтирганини ичига ютиб юбормасликдан иборат. Ҳадиси шарифда таъкидланганидек, «Ўзингга раво кўрганни бошқага ҳам раво кўргин». Киши тасаввур ва тафаккурида туғилган бирор гапни ўзгалар билан баҳам кўрмаса, бу яхши эмас. Ёзувчининг вазифаси дунёни англашнинг ўзига хослигини бировга тақдим қилиш, бировни шунга ошно қилиш. Ҳар қандай бадиий ижод дунёни англашнинг ўзига хос ва бетакрор кўриниши.

Ижодкорнинг шахси билан дунёқарашини аралаштириб юбормаслик керак. Ёзаётган пайтда одам мутлақо бошқа ҳолатда яшайди. У ёзаётган чоғида бадиий реаллик, «яшаётган» пайтида – ҳаётий реаллик измида бўлади.

Албатта, ёзувчининг дунёқараши кенг бўлганига нима етсин! Дунёқараш деганда мутолаани назарда тутяпман. Дунё адабиёти шу қадар бепоёнки, баҳри уммонга қиёслайлик: унинг қанчасини ичиш мумкин, қанчасидан сузиб ўтиш мумкин? Битта кичкинагина вужуд бўлсак. Жаҳон адабиётининг билимдони деган тушунчани шартли равишда қабул қилиш керак. Кимдир жаҳон адабиётининг айрим қирраларини, айрим тенденцияларини, айрим намуналарини билиши мумкин ва унинг жуда ҳам муайян қисмига муҳаббат қўйиши мумкин. Мисол учун, мен Достоевскийни ҳам, Толстойни ҳам, Драйзерни ҳам бирдек яхши кўраман, дейишим мантиққа зид. Толстойни яхши кўрган одам Драйзердан завқ олмаслиги мумкин. Достоевскийдан завқ-шавқ олган китобхон Конан Дойлни ёки Мопассанни бошимга кўтараман, дейиши ғалати. Бир хил тоифадаги ёзувчиларни кўнгилга яқин кўриш мумкин. Масалан, мен рус адабиётидан Достоевский, жаҳон адабиётидан Кафка ижодини кўпроқ ўрганганман.

– Шу ўринда «Жимжитхонага йўл» ҳикоясини ёзиш фикри қандай пайдо бўлганини айтиб берсангиз.

– Италиялик машҳур адиб Дино Буцаттининг сара ҳикоялари жуда кўп. Унинг «Етти қават» номли ҳикоясини таржима қилмоқчи бўлдим, лекин ҳикоя илгарироқ таржима қилинган экан. Битта асарни ҳар ким ҳар хил таржима қилиши мумкин. Шунда бир ғоя келди. Ҳикоя қаҳрамони еттинчи қаватдан тушиб келади ва ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўлади. Шарқда эса ўлим алоҳида тушунча. Одамни улуғловчи тушунча. Мен шуни «Жимжитхонага йўл» ҳикоясида акс эттиришга ҳаракат қилдим. Мен етти қават деганда, тасаввуфнинг етти босқичини назарда тутганман. Хасталиги оғирлашгани сайин ўлимга яқинлашади, руҳга айлана бошлайди одам. Ҳикоя қаҳрамонига Зоҳид Яқин исмини берганман. Бу Ғарб қаҳрамонига зид равишда яратилган қаҳрамон. Толстойнинг қаҳрамонлари ўлимдан қўрқади, Достоевский қаҳрамонлари ўлимдан қўрқмайди. Мазкур ҳикоя қаҳрамони ҳам ўлимдан қўрқмайди. Масалан, «Қазо бўлган намоз» ҳикоям бош қаҳрамони Миркомилбойнинг ўзи: «Марҳамат, мени отақол», дейди. Заррача талвасага тушмайди. Бу ҳикоя қаҳрамони ҳам еттинчи қаватга кўтарилиб, ҳурга айланиб ўлди. Ҳикояда контраст усулини танлаганман.

– Маълумки, яқингача адабиёт фанида ижобий қаҳрамон, салбий қаҳрамон, мураккаб образ деган тушунчалар бор эди. Ҳозирги пайтда адабиёт ҳақида мулоҳаза юритганимизда бу тушунчалардан фойдаланиш ўринли деб биласизми? Умуман, ҳозирги даврнинг адабий қаҳрамони ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ҳар қандай инсон ўзича мураккаб. Илгари бу – салбий қаҳрамон, бу – ижобий қаҳрамон, деб шартли равишда келишилган эди. Мен қаҳрамонларимга фақат яхши ёки ёмон одам деб қарамайман. Инсон – мураккаб мавжудот.

Ҳозирги давр қаҳрамони деганда одамларга табиий нуқтаи назардан ёндаша билишни тушунаман. «Ма, ош» ҳикоясида ўғри образининг бойликка муносабатини акс эттирмоқчи бўлганман. Ёқуб изқувар эса янги даврда янгича фаолият топмоқчи. У ўзига яраша бир машғулот топди ва тирикчилигини йўлга қўйди…

«Ўн биринчи эшик» номли ҳикоям бор. Йигит билан қиз битта боғдан чиқиб кетолмайдилар, юраверишади. Бу ҳам «лаборатория проза». Бундан ўн йилча аввал сафарда бўлганимда, суҳбатдошлар турмуш манзараларини гаплашиб ўтиришар эди. Ўн тўққиз ёшлардаги бир йигит: «Азизлар, Яратган ҳамма эшикни ёпиб қўймайди. Ўнта эшик ёпиқ бўлиши мумкин, ўн биринчи эшикни топинг, у очиқ бўлади. Уни қидириш керак», – деди. Йигитнинг биргина шу гапи «Ўн биринчи эшик» ҳикоясини ёзишга туртки бўлган.

– Хуршид ака, сиз ёзувчи бўлиш билан бирга адабиётшунос олим ҳамсиз. Ҳозир ўзбек адабиётининг қайси муаммоларини тадқиқ этишга эътибор кам деб ўйлайсиз?

– Достоевскийда шундай гап бор: «Факт тугаб, мушоҳада-мулоҳаза бошланган жойда бадиий адабиёт бошланади». Биздаги кўпгина асарлар мушоҳада бошланган жойда тугайди. Мен нима демоқчиман? Инсонни ўрганиш – психология. Психология – таҳлил. Таҳлил кучайгани сайин адабиёт кўпроқ тош босади. Образларни мураккаб ҳолатларга солиб тадқиқ қилиш керак. Ёзувчи инсонни истаганича тадқиқ қилиши мумкин. Инсон психологияси тугамайдиган конга ўхшайди. Кимдир тадқиққа мойил бўлади, кимдир воқеага. Масалан, кўп детектив асарларда жараён кучли кечади. Мени кўпроқ асар воқеаларининг тафсилоти эмас, ўша воқеаларнинг қаҳрамон қалби, шууридаги инъикоси қизиқтиради. Адабиётимизда ҳам кўпроқ тажрибалар бўлишини орзу қиламан.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Пошшожон КЕНЖАЕВА суҳбатлашди.
(«Ўзбекистон матбуоти» журнали. 2007 йил, 5-сон. Б.32-33.)
АДАБИЁТДА КАШФИЁТ БЎЛМАСА…

– Хуршид ака, буюк шоир Чўлпон бир хиллик ҳар қандай миллий адабиётни таназзулга олиб боришини, бадиий кашфиётларга ошуфта инсон кўнгли ҳамиша янгилик қидиришини ёзган эди. Адабиётимизга разм солсак, довруқ таратиб турган адибу шоирларимиз ўз сўзи, оҳанги, ифода тарзи, услуби билан ажралиб туришади. Бир сўз билан айтганда, ҳар бири бир олам. Бироқ муҳими, бу «олам»ларнинг мангуликка дахлдорлигида эмасми? Ахир вақт ва китобхон деган ҳакамлар бор…

– Жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган жуда кўп асарлар ўз даври анъаналаридан воз кечиш, улардан юз ўгириш шарофати ила дунёга келган. Мана шундай изланишлар бўлмаганида бадиий ижод сеҳри сийқалашиб кетган бўлур эди.

Сиз юқорида келтирган фикрни буюк Чўлпон «Улуғ ҳинди» мақоласида ёзганди. Диққат қилинг-а: «Ўзимнинг йўлсизлигимдан бироз сўзлаб ўтайин. Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил… Кўнгил бошқа нарса қидирадир. Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқунбойларни ўқийман: қувонтиради, холос. Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам менинг эртам учун…»

Буюк бобомиз Чўлпон асрлар оша яшаб келган мумтоз адабиётимизга, ўз даврида катта шуҳрат қозонган бу шоиру фузалоларнинг ижодига кўниколмаган. Улар яратган асарлар бир оҳанг, бир йўл, бир услуб бўлиб туюлган. Бу мумтоз шоирларга тақлид қилмаган ҳолда янги давр адабиётини яратишни, янги оҳанглар, янги услубларда ижод қилиш пайти келганини жар солган. Айни шу даврда адабиётда янги нафаслар уфурганидан қувонган, ижодкорларни янада изланишга, янгиликка чорлаган. Бир хилликдан қутулиш йўлини излаган.

Адабиётда ижодкор ўз ўрнини топиши керак, албатта. Ҳар бир ижодкор янгилик қилиши, ўз оҳанг, услубини яратиши даркор. Ўз олдига шундай мақсад қўйиши керак: адабиётда кашфиёт қилишим зарур!

Ижодкор ёзувчилар асарларини ўқиб, шунга эргашиб, тақлид қилиб, ижод қилса, бу билан узоққа боролмайди. Ўз йўлини тополмайди.

– «Жажман» ҳикоянгиз адабий жараёнда бир воқеа бўлган эди. Рамзий, ўзига хос услубда ёзилган мазкур асарни ҳар бир китобхон ўзгача идрок қилган бўлса керак. Моҳиятан полифоник хусусиятга эга бу ҳикояни бир домламиз ўтмишда ҳукм сурган сиёсий тузумларнинг емирилиб, истиқлол тантана этгани деб тушунганди. Менимча, бу фикр нисбий бўлса керак. Асл моҳиятни, мақсадни ўзингиздан эшитсак… Шунингдек, бу сўз (Жажман)ни ҳам изоҳлаб берсангиз.

– Бу ҳикоя юзасидан адабиётшунос олимларимиз, адабиётшунослар кўп мақолалар ёзишди, тадқиқотлар қилишди. Шу ўринда мазкур ҳикоя бўйича илмий иш қилган, тадқиқотлар олиб борган барча адабиётшуносларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Тўғри, ҳикоя полифоник хусусиятга эга. Уни ҳар ким ўзича идрок қилиб, ўзича маъно кашф қилиши мумкин. Аммо мақсад, моҳият битта.

«Авесто»да икки куч: эзгулик худоси (Ахурамазда) ва ёвузлик худоси (Ахриман) ўртасида мислсиз жанг боради. Азалдан шундай: эзгулик ва ёвузлик доимий курашда. Алалоқибат эзгулик тантана қилади.

«Жажман» сўзининг изоҳига келсак, адабий учрашувларда, гурунгларда мухлислар шу саволни кўп беришади, аммо мен ҳар гал саволни жавобсиз қолдирганман. Бу – менинг сирим, ҳикоянинг жозибаси шунда. Ўқувчи ўзи ўйлаб топсин.

– Жаҳон тан олган фозил, даҳо инсонларнинг бадиий сиймоси акс этган асарларимиз кўп. Бу анъана ҳазрат Навоий, ундан олдин ўтган ижодкорлардан бошланган ва шу кунларга қадар давом этяпти. Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев ўз ҳикояларида рус адиби Лев Толстой бадиий қиёфасини акс эттирганлар. Сиз ҳам асарларингизда Достоевский, Эдгар По образларини гавдалантиргансиз. Бир вақтлар Кафка, Акутагава, Лев Толстой каби даҳо адиблар образларини яратиш орзуингиз борлигини айтгандингиз…

– Одам шундай табиатга эгаки, у нимага ё кимга меҳр қўйса, муҳаббат боғласа, шу ҳақида кўп маълумотга эга бўлишни, у билан бирга «яшаш»ни, шу жараёндан чиқмасликни истайди. Бу ҳол айниқса, ижодкорларда яққол кўзга ташланади. Мен Фёдор Достоевский, Эдгар По асарларини ўқиб, шу адибларнинг дунёсида яшаб, улар яратган қаҳрамонлар, образлар билан бирга нафас олдим. Хаёлимда, ўйларимда, ҳатто тушларимда улар билан бирга эдим. Оқибатда Достоевскийнинг Аннага бўлган муҳаббати ва бу буюк муҳаббатнинг илк меваси – улар кўрган тўнғич фарзанд туғилгунга қадар кечган воқеалар ҳақида ҳикоя ёзиш истаги туғилди. Эдгар По ҳақидаги фожиа ҳам шу йўсинда ёзилди. Бу анъанани давом эттириш ниятим йўқ эмас.

Навоий, Бобур, Улуғбек, Фурқат каби кўплаб буюкларимиз сиймолари бадиийлаштирилган, гавдалантирилган асарларимиз бор. Бироқ жаҳонга донғи таралган шахматчилар, бастакорлар, рассомлар, адибу фузалолар образлаштирилган асарлар яратиш мумкин эмасми? Ўзбек ижодкорлари ҳам шулар ҳақида ҳикоя-қиссалар, романлар ёзишса бўлади-ку?

– Ҳозирда кўпчилик жаҳон адабиётига қизиқяпти, ўқияпти. Афсуски, бизда жаҳон адабиётининг дурдоналари кам таржима қилинган. Жойс, Пруст, Голсуорси, Акутагава каби жаҳон адибларининг асарлари она тилимизга ўгирилганми?

– Кейинги пайтларда илм аҳли, зиёлиларда негадир лоқайдлик, эътиборсизлик сезиляпти. Кафканинг «Жараён», Нитшенинг «Зардушт таваллоси» асари она тилимизга таржима қилинди. Бу ўзбек адабиётида фавқулодда воқеа. Дўппини осмонга отиб, байрам қилишимиз керак. Тадқиқотчилар, адабиётшуносларимиз бу борада ҳафсаласизлик қилишяпти. Ҳолбуки, шўро даврида бу асарларни топишнинг ўзи амри маҳол эди. Истиқлол шарофати билан бу нодир асарлар таржима қилиняпти, китобхонлар қўлига етиб боряпти.

«Жаҳон адабиёти» журналида Жойснинг туркум ҳикоялари Аҳмад Отабоев таржимасида ўзбек тилида чоп этилди. Иброҳим Ғафуров бу адибнинг кўп шов-шувларга сабаб бўлган «Улисс» асарини таржима қилди.

– Яқинда истеъдодли ижодкор Вафо Файзулло таржимасида австриялик буюк ёзувчи Франц Кафканинг «Жараён» романи китоб ҳолида нашрдан чиқди. Китобда сизнинг сўзбошингиз бор. Адибга эҳтиромингиз чексизлиги билдирилган. Яна қайси адибларга ўзгача меҳр, муҳаббат билан ёндашасиз, такрор-такрор ўқийдиган китобларингиз?

– Адиб Франц Кафканинг асарлари билан танишувим унинг «Эврилиш» («Преврашение») ҳикоясидан бошланган. Шоир дўстларимиздан бирининг қўлида шу ҳикояни кўриб қолганман. Уйга олиб келиб ҳижжалаб ўқиб чиққанман. Ниҳоятда таъсир қилган эди. Франц Кафка бу ҳикоясида инсондан ҳашаротга айланиб қолиш ҳодисасига эртак, афсона, фантастика деб эмас, реал воқелик сифатида ёндашади. Бу ҳолатни сира иккиланмай том маънодаги ҳаётий воқеа сифатида реалистик ҳикоя тарзига олиб киради.

Шундан сўнг бу адибга ҳурматим ошиб, унинг барча асарларини топиб ўқишга ҳаракат қилдим.

Асарлари мени ҳаяжонга солган, чуқур таассурот қолдирган адиблар кўп: Хемингуэй, Камю, Акутагава, Пруст…

– «Бозор адабиёти» деган атама бор. Бу азалдан давом этиб келаётган жараёнми ё шу кунларда юзага келган ҳолми?

– «Бозор адабиёти»… Бу «адабиёт» Алишер Навоий, ундан олдин ўтган ижодкорлар замонидан буён мавжуд. Буни таъқиқлаб ҳам бўлмайди. Шу «санъат»нинг мухлислари бор эканки, фаолият юритяпти. Бу енгил, ўта жўн адабиётнинг санъатга, хусусан, сўз санъатига алоқаси йўқ ҳисоби. Шунингдек, бадҳазм, мураккаб типдаги адабиёт маҳсуллари борки, булар санъатнинг дурдона намуналари сифатида жаҳон миқёсида тан олинган. Шуниси борки, «бозор адабиёти»нинг умри узоққа бормайди.

– Бугунги мутолаа борасидаги фикрингиз ва китоб, адабиёт муҳибларига тилакларингиз…

– Яқинда бир нарсадан ҳайратга тушдим. Ёш тадбиркор танишимиз Нобел мукофоти совриндори Ўрхун Помук асарлари ҳақида илиқ фикрлар айтиб қолди. Таажжубландим. Мен бу адибнинг асарларини ўқиганимча йўқ. Яна ҳайратланарлиси, у асл вариантда (туркчада), сўнг рус тилида мутолаа қилибди.

Айтмоқчиманки, мутолаа давом этмоқда. Ҳар ким ўзи истаган китобини топиб ўқияпти. Мамлакатимизда «Шарқ», «Янги аср авлоди», «Ўзбекистон», «Маънавият», Ғафур Ғулом номидаги ва бошқа кўплаб нашриётлар борки, китобхонлар учун хизмат қилмоқда. Одамлар қалбига нур сочмоқда.

Умид АЛИ суҳбатлашди
(«Бекажон» газетаси. 25 сентябрь 2008.)
«МАЪНАВИЙ ТАРСАКИ…»

– Бош муҳарриримиз, «Хуршид ака билан анъанавий суҳбатларга ўхшамайдиган, иложи бўлса, баҳс уюштириб берсангиз», деб қолди. Рози бўлдим. Шу сабабли, рухсатингиз билан гурунгни узундан-узоқ кириш сўзларисиз, Ғарб журналистикасига хос бўлган «тўнтарилган пирамида» усулида, яъни асосий мавзудан бошласак.

Хуршид ака, сиз асарларга баҳо бераётганингизда муаллифларни «ҳаваскорлар» ва «профессионаллар»га ажратасиз. Назаримда, бу ўзига хос «двойной стандарт»да адабиётнинг қанотини қайирадиган унсур бордек. Келинг, фикримни изоҳлашга уриниб кўрай.

Яхши биласиз, бундан деярли бир аср муқаддам, аниқроғи, 1929 йили Абдулла Қаҳҳор бўш асарларни чоп этган бир таҳририят ижодкорларига қарата: «Инсоф қилинг, ахир «қишлоқ мухбиримиздан келди» деб айнан босиб бўладими?» дея хитоб қилганди. Фикримча, бугунги кунга келиб мазкур жумла озгина ислоҳ билан яна жаранглаяпти, яъни «қиш лоқ мухбири» ўрнига «ҳаваскор ёзувчи»ни қўйсак кифоя. Зеро, бу талқин айрим ҳолларда қанақадир имтиёзлар берувчи индульгенция вазифасида ҳам қўлланилаётгандай (бу ҳақда ҳали тўхталамиз).

Лев Толстой «Санъатнинг моҳияти тўғрисида» номли асарида ибратли бир ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтади: «Бутун Европа алқаб келувчи Золя, Бурже, Гюисманс, Киплингларнинг машҳур роман ҳамда қиссаларини қунт ва ҳафсала билан ўқиб чиқдим. Айни вақтда, мутлақ нотаниш бир ёзувчининг болалар журналида босилган бир камбағал бева хонадонида пасхага тайёргарликнинг бориши тасвирланган ҳикояси ҳам қўлимга тушиб қолди. (Гап Ф.Ф.Тишенконинг «Ржаной хлебушко – калачу дедушка» ҳикояси хусусида кетмоқда. – А.Й.)… Золя. Бурже, Гюисманс, Киплинг ва бошқаларнинг роман ҳамда қиссаларини ўқиб, мен бирор сония таъсирланганим йўқ… Номаълум муаллифнинг болалар ва жўжалар ҳақидаги ҳикоясини эса бошимни кўтармасдан ўқидим, чунки муаллифнинг тасвирлаганлари – эҳтимолки, бошидан кечирганлари, ҳис этганлари менга дарҳол юқди-қўйди…»

Ҳар қалай, Толстой ўзини ларзага солган асарга умумадабиёт талабларидан келиб чиқиб ёндашган, «сен ҳаваскорсан» деб муаллифнинг елкасига қоқиб қўймаган, деб ўйлайман.

…Уч-тўрт йил бўлиб қолди, жиззахлик қаламкаш Сирожиддин Алиқуловнинг бир мунгли ҳикоясини ўқиб қолдим. Гарчанд бу «жонли лавҳадан рангсиз кўчирма» (Пушкин) бўлса-да, сизга ҳикоя сюжетини айтиб беришга уриниб кўраман. Чекка қишлоқ. Ота-онаси ўлиб кетган, алкаш акаси ва бир бурда нонни бошига бир муштлаб берадиган золим янгаси уйида яшайдиган шўрлик чўпон қиз. (Достоевскийнинг Мариси эсингизга тушаяптими?) Шу бечорани ифлос ҳамқишлоқ йигит зўрлайди. Тез орада тўй бўлади. Тўй тугагач, ёмғир ва шамолли тунда келинчак чимилдиққа кирмайди, ўзини абгор аҳволга солган йигитнинг олдига келади ва уни бир амаллаб ўша машъум воқеа содир бўлган жар ёнига олиб келади. Кейин йигитни маҳкам ушлаб олиб, ўзини жарга отади… Эртаси куни одамлар «Шўрлик келинчакни анави аблаҳ олиб қочиб кетибди, жардан олиб ўтаётган маҳал қулаб тушишибди», деган хулосага келишади. Бир эмас, икки жон ҳалок бўлди. Бу даҳшат. Аммо… аммо қиз ўзининг пок номини, шаънини сақлаб қолди-ку… Анча кунгача шу ҳикоя таъсиридан чиқолмай, ўзим умримда кўрмаган-билмаган муаллиф билан ғойибона баҳслашиб юрдим. Бундай яхши маънода «даҳшатли» ҳикоя битиб қўйган қаламкашни «ҳаваскор»лар сафига қўшиб бўладими?

– Аввало, «Ёшлик» журналининг эътиборидан мамнунлигимни айтиб қўяй. Озмунча қаламкашни тарбияламади, йўлга солмади журнал! Бу борада журнал шахсан ўзим учун ҳам ниҳоятда қадрли.

Баҳсга келсак. Одатда оддий суҳбатдан кўра баҳс-мунозара қизиқроқ ўқилади, чунки баҳслашувчи томонлар ўз нуқтаи назарларини ўртага ташлаш асносида ва, табиий, баҳсда бўш келмаслик мақсадида, баъзан қизишиб, қарашларини кескинроқ тарзда баён этишга ҳаракат қилишади. Бироқ мен ҳеч ким билан баҳслашиш ниятим йўқ. Хусусан, адабиёт, бадиий ижод, бадиий тафаккур мавзусидаги тортишувлар жараёнида бирор ҳақиқатга ойдинлик киритиладими-йўқми, бир нарса дейиш қийин, лекин ҳуда-беҳуда гап кўпайиши муқаррар (мисолни узоқдан изламайлик, сиз мени баҳсга чорлаш ниятида берган мана шу саволингиздаги Абдулла Қаҳҳор, Лев Толстой ва Сирожиддин Алиқуловдан келтирган мисолларингиз менга унчалар ўринли туюлмади, улар гапни кўпайтирмоқда, холос). «Шу гапингизнинг ўзи баҳсли-ку» дейишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам мулоҳазамга изоҳ беришга тўғри келяпти.

Бадиий тафаккур, бадиий ижод ва умуман санъат асарига берилган ҳар қандай холис баҳо замирида ҳам субъективлик бўлмай иложи йўқ. Қизиғи, бадиий ижод, биринчи навбатда бадиий дид, бадиий савия демакдир. Бунга қўшимча ўлароқ, ихтиёрийлик деган гапни ҳам унутмайлик. Тушунчасидан, дидидан қатъи назар, ҳеч ким ҳеч кимни ижод қилиш ихтиёридан маҳрум этолмайди. Мен эса ҳатто баҳсли, баҳсга киришган ҳолатларда ҳам мен билан мулоқотдаги кишининг қарашларига зуғум ўтказиб қўймасликка ҳаракат қиламан. Мен мутлақ ҳақман, деган нуқтаи назар адабиётда кетмайди. Бу шахсий фикрсизликка олиб келмаслиги керак албатта, шахсий қарашлар айтилмоғи керак, лекин гап мутлақлик ҳақида бормоқда. Айтмоқчиманки, ҳар кимнинг ўз ўлчови, мезонлари, тошу тарозуси бор. Мен ўз қарашларимни байроқ қилиб кўтаришдан кўра, бошқалардаги мавжуд фикр-мулоҳазаларни авайлаш муҳимроқ деб ўйлайман. Шу сабабдан менинг мулоҳазаримни қабул қилиш-қилмасликларидан унчалик оғринмайман.

Асарларга баҳо бераётганда муаллифларни «ҳаваскорлар» ва «профессионаллар»га ажратишга келсак. Тўғри, у ёки бу чиқишларимда мавзуга ушбу мезонлардан келиб чиқиб ёндашган бўлсам бордир. Лекин бунда адабиётнинг қанотини қайирадиган (?) «двойной стандарт» (?) топганингизни тушунмадим. Умуман, ҳар қандай соҳада, такрор бўлса, узр, айниқса, бадиий ижодда профессионаллик ва ҳаваскорлик тушунчаси ниҳоятда муҳим, ғоятда нозик ва қатъий чегара-белгиларини аниқ-тиниқ белгилаш қийин бўлган масалалардан ҳисобланади. Бадиий асарнинг юқори профессионал даражада яратилганини кўрсатувчи муҳим кўрсаткичлар бир талай: ғоя, мақсад, сюжет, тил, фабула, оҳанг, ҳажм, диалог, тасвир йўсини, кульминация, яхлитлик, меъёр, мувозанат, муаллиф нуқтаи назари ва иштироки, ниҳоя… Эҳтимол, бу ҳаммаси эмасдир, лекин уларнинг бари бири-биридан аҳамиятли, бири-биридан муҳим ва ҳатто шарт бўлган (!) талаблардир. Бадиий асарнинг бадиийлигидан, бадиий тафаккурнинг юксаклигидан, бадиий маҳоратнинг ўзига хослигидан далолат берувчи унсурлардир. Таъкидлаб қўяй, бу сингари мезонларни кимдир ўйлаб топган ва жорий этган эмас, балки Арасту ва Навоий замонларидан ҳозирга қадар бадиий-эстетик маҳорат мезонлари сифатида эътироф этилган – БАДИИЙ ИЖОД ТАБИАТИДАН келиб чиққан тушунчалар. Афсуски, гоҳида профессионаллар даврасида ҳам ҳаваскорлик даражасида фикрлашдан узоқлаша олмасликни кўриб ранжийсан киши.

Лев Толстой қайсидир номаълум муаллифнинг, сиз С.Алиқуловнинг ўзингиз тасвирлаган ҳикоясидан таъсирланган бўлишингиз мумкин. Таъсирланиш мутлақо ихтиёрий ҳодиса, бинобарин, Толстой бобо ҳам, сиз ҳам бу ўринда тўла ҳақлисизлар, лекин ҳар иккала мисолда келтирилган ҳикоя ҳам профессионал савияда яратилган эмас (ўзим ўқиб кўрмаган икки асар ҳақида бундай кескин хулоса чиқариш ноқулай, албатта). Таъсирланиш бошқа, профессионаллик бошқа. Сезяпман, сиз асар профессионал даражада ёзилган бўлса-ю, ўқувчига таъсир кўрсатмаса ундай профессионалликнинг нима кераги бор, дерсиз. Ундан кўра, келтирилган икки мисолдагидек таъсирли асар ёзиш керак-да, деган ақидани тўғри деб ҳисобларсиз. Шу ақидангиздан келиб чиқиб, С.Алиқуловнинг ҳикоясидаги келинчак образи (ҳай-ҳай, Достоевскийнинг Марисига яқин келтириш қийин-ов!) унутилмас бадиий маҳорат тимсоли деб қарарсиз. Борди-ю, шундай ўйласангиз, шундай ҳисобласангиз, янглишасиз.

Фикримга янада ойдинлик киритиш учун салгина четга чиқиб бўлса-да, шахматдан мисол келтирай. Бир партияда рақиблар ўртача ўттизтадан йўл юришди, дейлик. Жаҳон миқёсидаги шахмат усталарининг деярли барча йўллари ўзларига хос мақомдаги профессионал даражадаги йўл сифатида баҳоланади, адоқсиз муҳокамаларга мавзу беради. Битта-иккита учрайдиган фавқулодда хато йўллари эса ҳаваскорлик даражасидаги янглишмовчилик ҳисобланади. Ҳаваскор шахматчилар учрашувидаги ҳар икки рақибнинг ўттизтадан қилган юришларининг қарийб барчаси эса ўзларининг даражаларидан юқори кўтарилмайди. Фақат айрим ҳолатларда ғоятда ўхшатиб топилган юришгина профессионал даражадаги йўл сифатида олқишларга сазовор бўлади, холос.

Бундан қандай хулоса чиқади: профессионал шахматчи хатосига қарамай профессионаллигича, ҳаваскор эса «даҳшатли» йўл топганига қарамай ҳаваскорлигича қолаверади. Ким қайси шахматчининг ўйинларидан завқ-шавқ олади, таъсирланади – буларнинг бари яна дид, яна савия, яна… алланималарга бориб тақалаверади…

– Хуршид ака, ўйлашимча, аввалига «Ўн саҳифасини кўрайлик-чи, ёқмаса, ўқимаймиз-қўямиз», дея «Бечора одамлар» романини қўлга олган, сўнг қўлёзмани тун бўйи зўр ҳаяжон билан ўқиб чиққан, тонг саҳарда извошда бутун Петербургда изғиб, муаллифни қидирган муҳаррир Некрасов билан шоир Григорович бахтли инсонлар. Чунки улар Белинскийдан «Янги Гогол туғилди!» деб суюнчи сўраб турганлари ҳолда, аслида улуғ Достоевский даҳосини кашф этгандилар.

Шукр, юртимизда истеъдодли ижодкорлар кўп. Аммо шоир айтганидай, элга даҳолар керак.

Ёдингизда бордир, «Ҳуррият» газетасида сўров ўтказганингизда, ХХ аср ўзбек адабиётининг энг яхши асари сифатида «Ўткан кунлар» тилга олинганди. Бу нимадан далолат беради? Наҳотки кейинги етмиш йил ичида Абдулла Қодирий даҳосига тенг ижодкор дунёга келмади? Ё ўзбек адабиёти «Ўткан кунлар» даражасидан юқорига кўтарила олмадими?

Кейинги йигирма йилнинг ўзида юздан ортиқ (!) роман ёзилибди. Аммо бу «ҳосил»нинг анчагина қисми адабий макулатура эканлиги сизга яхши равшан бўлса керак.

Гап бу жанр ҳақида кетаркан, Эркин Аъзамнинг бир салмоқли фикрини эслаб ўтмоқчийдим: «…роман деганларида янги бир воқелик, янги руҳ, мураккаб характерлар, уларнинг чигал тақдири, шулардан туғиладиган салмоқли бир фалсафа, фикрлар бўлмоғи лозим. Китобхонни у илгари нотаниш янги бир дунё, янги воқеликка бошлаб кирмоғи даркор». Мана шу жиҳатдан қараганда, каминага ёзувчи Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар», Эркин аканинг «Шовқин» романлари адабиётимиздаги воқеа бўлиб кўринади. Бу асарлар жаҳон адабиётининг сара намуналари билан беллаша олади деб ўйлайман. Бундан уч-тўрт йил бурун яратилган «Жазирамадаги одамлар» (Луқмон Бўрихон) романи ҳам шундай эътирофга муносибдек.

Кичик жанрларга келсак, Назар Эшонқулнинг «Қултой», Улуғбек Ҳамдамнинг «Бир пиёла сув», «Кўзини очиб юмган одам», Исажон Султоннинг «Сувдаги коса», Муяссар Бегимқулованинг «Олмазор», Дилрабо Мингбоеванинг «Талант» ҳикоялари, менинг фикримча, биз шартли равишда «жаҳон адабиёти» деб атайдиган баланд «планка»дан бемалол ошиб ўта олади. Мен оддий ўқувчи сифатида шундай деб ўйлайман. Сиз ўзимизнинг ёзувчиларнинг бирон асарини ўқиётганингизда Некрасов билан Григорович аҳволига яқин аҳволга тушганмисиз?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации