Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 28 (всего у книги 38 страниц)
– Абдуқаюм, дўстим. Мен матбуот сўзи маданияти, одоби муаммолари мавзусида озми-кўпми кузатишлар, тадқиқотлар олиб борганимдан хабардорсиз. Сиз билан кеча ё бугун танишганимиз йўқ, ҳар қалай, кўпгина қарашларимиз бир-бирига бегона ҳам эмас, деб ўйлайман. Шулардан келиб чиқиб, саволингизнинг охирги қисми кўнгилга пича оғирроқ ботганини ҳам сездириб қўяй.
Адабий воқеа бўларли асар ўқиб Некрасов билан Григоровичнинг аҳволига тушиш… бундай ҳолатларда «аҳвол» сўзи қўлланилмайди ёхуд шартли равишда қўлланилади, оғайни, чунки одам ёмон, оғир ёки аянчли аҳволга тушиши мумкин, сиз айтган инсонлар қувончларини босолмаган, хурсандчиликдан ўзларини қўярга жой тополмаган ҲОЛАТДА ёш Достоевскийнинг уйини излашга тушишган. Ўзини адабиётга, ижодга дахлдор соғлом фикрли киши учун бунинг ҳеч бир ажабланарли ери йўқ (қолаверса, айни ўша даҳолар Достоевскийни кейинги асари учун матбуоту йиғинларда «оббориб-опкелишгани»дан ҳам хабардорсиз). Бундай ҳайратланишу эътирофнинг бетакрор намунаси нуроний Лутфийнинг навқирон Навоийнинг машҳур мисраси муносабати билан бўлиб ўтгани ҳам ёдингизда, албатта.
«Ўткан кунлар» ҳақиқатда улкан ва ноёб асар. Яна йигирма йилдан кейин сўровнома ташкил этилса ва бу роман яна замонавий ўзбек насрининг шоҳ намунаси сифтида тилга олинса, ажабмас. Лекин бундай сўровномаларга бериладиган жавоблару эътирофларни ҳам тўғри тушунмоқ керак. Айрим ҳисобларга кўра, миллий адабиётимизда ҳозирга қадар 500 дан ортиқ роман эълон этилган бўлса, сиз айтмоқчи, кейинги йигирма йил бадалида 100 та роман яратилган бўлса (бу жуда оз!), уларнинг бирортаси «Ўткан кунлар»га тенглашолмади ёки ундан заиф деган хулоса чиқармаслик керак. Умуман, масалани бу тарзда қўйилиши унчалик тўғри эмас. «Уруш ва тинчлик» яхшими ёки «Жиноят ва жазо»ми?.. «Жараён» маъқулми ёки «Бузрукнинг кузи»ми?.. «Ўткан кунлар»ми ёки «Улуғбек хазинаси»ми?.. Қулоққа ғалати эшитилмаяптими, бу тарздаги чоғиштиришлар?..
Масала бошқа томонда. Масала роман тафаккурининг ўзгарувчанлигида, бу ўзгариш тўхтовсиз давом этаётганида! «Роман» тушунчасининг идрок этиб бўлмас даражадаги сарҳад билмаслигида! Бирор-бир романни (жаҳон адабиёти дурдоналарини қўшиб айтганда) ҳар жиҳатдан бекаму кўст, яъни идеал асар дейиш жуда-жуда қийинлигида! Роман шу қадар мураккаб ВОҚЕАки, тирик мавжудотки, ундан истаганча фазилат ҳам, истаганча қусур ҳам топиш мумкин. Барча унсурларига кўра мукаммал роман бўлмаса керак…
Иброҳим Ғафуров, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон, Аҳмад Аъзам сингари адибларимизнинг сўзни ҳис этишдаги, ҳар қандай ҳолат тасвирини ифодалашдаги тиниқлик ва топқирлик олдида ўзимни ҳамиша талабадек ҳис қиламан. Сиз номларини келтирган Назар Эшонқул, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Саломат Вафо қаламига мансуб асарларда учрайдиган топилмаларга ҳавасим келади. Аниқ мисоллар сифатида бир қатор ҳикояларни санаб ўтишим мумкин, аммо-лекин «Этакдаги кулба» таъсирида Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, «Тун қаъридаги шуъла» таъсирида Луқмон Бўрихон, «Қисмат» таъсирида Исажон Султон, «Аёл» ва «Кўланка» ҳикоялари таъсирида Зулфия Қуролбой қизи, «Учинчи башорат» таъсирида Рисолат Ҳайдарова, «Қор элаган кун» таъсирида Ҳабибулло Ҳайдар, «Сиртлон» таъсирида Шомирза Турдимов, «Шикор» таъсирида Дурбек Қўлдошев сингари адиб ва адибаларимиз турар жойларини қўлимда гулдасталар тутиб излаб боришга тайёр ҳолатга тушганимдан ва бугунги кун адабиётимизда мана шундай бадиий кашфиётлар юз бераётганидан самимий қувонганларимни ҳеч қаерда яширмайман.
– Хуршид ака, қаердадир ўқигандим, Жорж Сименон яратган жилд-жилд асарларида етти мингта сўз бирлигидан фойдаланган экан. Пушкинда бу миқдор йигирма мингга яқинни ташкил этган, Навоийда эса олтмиш мингдан ошган экан. Бироқ кейинги йилларда пайдар-пай яратилаётган кўплаб асарлар муаллифлари бу борада Сименонни ҳам ортда қолдириб кетишаётгандай. Ҳолбуки, адабиёт энг аввало сўз санъати.
Тасаввур қиласизми, кейинги пайтларда қўшни маҳалладан тушган келинни ҳам бемалол «келгинди» деб аташмоқда. Ваҳоланки, Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар»ини ўқиган одам бу сўзнинг нақадар қаттиқ ҳақорат эканлигини жуда яхши билади. Шунга қарамай, энг оммавий санъат бўлган кинода «Келгинди куёв», «Келгинди келин», «Келгинди қайнона» деган фильмлар яратилди ва улар «ойнаи жаҳон»да тинмай айлантирилиб турилибди. Яқинда эса янги бир фильмнинг номи орқали бахт ёки муҳаббат эмас, ҳаёт ҳам кечикиши мумкинлигини иқрор бўлдик.
Келинг, Сўзни ҳис қилиб, тежаб-тергаб, севибавайлаб ишлатиш борасида биттагина мисол келтириб ўтай: «Ёз охирлаб бормоқда эди, теваракатроф сездирмасдан таназзул фаслига тайёргарлик кўрар, ялпизнинг сарғая бошлаган банди, сувнинг эндиликда тўқ зангор тусга кириши, жийда баргларининг бирма-бир тўкилиши ва ниҳоят, ҳаддан ташқари тиниқ, зангори осмондан кузнинг сокин нафаси уфуриб турарди. Болакай бир зумга чумолидан нигоҳини узиб, ялпизнинг ҳам жуда қарилигини кўрди, шўрликнинг танаси йўғонлашиб-семириб, кўпдан-кўп бачки шохчалар чиқариб юборган ва иси ҳам аввалги сингари нозик-нафис эмас, қуюқ ҳамда ачқимтироқ эди. Ҳатто салом-алик ўтининг уруғи-да ўсимликнинг қариганини, шунинг учун ҳам уруғини ерга сочиб юборганини таъкидлаб турарди. Чумоли тинмай чиранаверди ва пировардида, туйқусдан сип-силлиқ орқаси ёрилди, ёриқларидан оқиш-сарғиш суюқлик отилиб чиқа бошлади, ҳавони чумоли заҳрининг ўткир иси тутиб кетди. Шунда ҳам уруғни тортиб олмоққа тиришар эди…» Бу тиниқ тасвир табиат куйчилари бўлмиш К.Паустовский, В.Астафьев ёки ўзимизнинг Шукур акадан эмас, суҳбатимизда исми кўп тилга олинаётган И.Султоннинг бундан йигирма йил бурун чоп этилган «Муножот» қиссасидан. Бўладиган бола бошидан маълум, деганлари шу бўлса керак-да.
Сизнинг ҳам олим, ҳам ёзувчи сифатида бугун яратилаётган асарлардаги тил масаласига муносабатингиз қандай эканлиги бизни қизиқтиради.
– «Келгинди» сўзини ўзингизга оғир олманг, жўра. «Ўтмишдан эртаклар»даги бу туйғу тасвири ҳам жуда майда (ўзи майда-ю, асорати оламни бузади бу касофатнинг!) тасаввурлардан келиб чиққан. Ахир тирик жон борки, ёруғ дунё учун ҳамма-ҳаммаси – келгинди-ку!.. Салгина йирикроқ бўлайлик.
Бадиий асарда тил маҳорати масаласи алоҳида муаммо. Тил маҳоратининг илдиз томирлари тафаккур тарзидан, дунёқарашдан, ижодкорлик концепциясидан бошланади. Ижодкорнинг ўйлагани нима, нияти нима, уларни қай йўсинда ифода этмоқчи, асар учун қай оҳанг ва меъёрни танламоқчи, жанр йўналишини қай тарзда белгиламоқда?.. Буларнинг барчаси пировардида тилда ўз ифодасини топади, барчасининг «тақдири»ни тил ҳал қилади. Бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам тил.
Сўзни ҳис қилишнинг ўзи улкан санъат, истеъдод, маҳорат. Бу борада ҳар ким тинимсиз ишлаши, изланиши, мактаб ўқувчиси мисол ўрганиши зарур. Афсуски, мен бу борада мураббийлик даъвоим йўқ. Бундан олдинги савол жавобида бир қатор адибларимизнинг номлари келтирилди. Тил сабоғига қодир ижодкорларни адабиётимиз майдонига сафарбар этиш унутилиб қолаётгани яхши эмас.
– Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёзувчи адабиётга икки хил киради: биринчи асари билан тутаб, биринчи асари билан яшнаб киради… Тутаб кирган ёзувчи узоқ тутайди, кўнглидан чиқариб эмас, қорнидан чиқариб асар ёзади…» деган ҳикматли гапини кўп эслайман.
Яқинда бир қаламкашнинг семизгина асарини каминага тақризга бериб қолишди. «Қориндан чиқариб» ёзилган асар «танқиддан тубан» бўлиб кўринди кўзимга. Аммо мени бошқа нарса ўйлантириб қўйди. Шу «асар»га муҳаррир машҳур фалончи ака, сўзбоши муаллифи янада машҳур пистончи ака… Мен уларга ачиндим: ахир осон бўлмагандир «қора»ни «оқ» деб ёзиш. Шу туйғу баробарида кўнгилда бир гумон ҳам уйғондики, нима бало, бундай «ёзғувчи»ларнинг истак-хоҳишларида адо этишга тайёр муҳаррирлар, тақризчилар, «оқ йўл» тиловчилар, ноширлар қатлами пайдо бўлдими ё бу воқеа аллақачон содир бўлиб улгурганми?..
Хуршид ака, сиз кино соҳасини яхши тушунасиз. Биласизки, йилига ўн-ўн иккита фильм давлат буюртмасига кўра, давлат маблағидан суратга олинади. Тахминан бундан тўрт баробар кўп картина эса хусусий студияларда. Рекламанинг зўри ўша картиналарда. Ваҳимали тарзда тарғиб-ташвиқ қилинган аксар фильмларни бориб кўрсангиз, ҳафсалангиз пир бўлади, улар Тўйтепадан нарига ўтолмаслигининг сабаби ҳам шу бўлса керак.
Энди гурунгимиз аввалидаги мавзуга қайтсак. Кинодагига ўхшаш ҳолат адабиётда ҳам юз бермаяптими? Яъни «ҳаваскор» мақомига муносиб кўрилгани боис талаб унчалик қаттиқ қўйилмаган айрим «ёзғувчи» графоманлар чоп этаётган катта ададли жилд-жилд китоблар ўқувчи қўлига етиб бормоқда, кутубхоналарни эгалламоқда. Томошабин учун кинонинг қайси студия ишлаб чиқаргани аҳамиятга эга бўлмаганидай, ўқувчи учун ўқилган асар муҳим, муаллифнинг «ҳаваскор» ёки «профессионал»лиги эмас. Энди бу «ёзғувчи» китобларини қўлтиқлаб уюшмага келади, «мени аъзо қилиб олинглар, ахир шунча китобим чиқди-ку», деб иддао қилади.
Албатта, бошидан ўтган табиб. Шундай «классик ёзғувчи»лардан бири суҳбатларидан бирида тўғридан-тўғри «Ўзбек детектив адабиётини мен билан Тоҳир Малик яратдик», деб қолди. Яна бошқа биттаси «шедевр» асарини пул тўлаб рус тилига таржима қилдирган экан. «Шу ижодкорнинг сазаси ўлмасин», деб уни интернет орқали Россиядаги нашриётлардан бирига юбордик. Афсуски, у ёқдан келган кескин салбий баҳо («Разве это художественное произведение?») боис анча пайтгача хижолат чекиб юришимга тўғри келди ва минбаъд бундай ишларга қўл урмасликка қарор қилдим: маънавий шапалоқнинг изи узоқроқ сақланиб тураркан. Мен ана шунда нима учун айрим Ғарб давлатларида «бестселлер» яратувчи қаламкашлар ёзувчиларнинг фан-клубларига аъзо қилинмаслигини англаб етгандай бўлдим…
Албатта, асарларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишда танқидчиларга, таъбир жоиз бўлса, синчиларга кўз тикамиз. Ахир, Умарали Норматов ёзганидек, «танқид сараламоқдир». «Ёзғувчи»лар асарларига холис муносабат Йўлдош Солижонов, Абдулла Улуғов ва Санжар Содиқларнинг айрим чиқишларида кўриняпти.
Сўрамоқчи бўлганим, Хуршид ака, сиз адабий бағри кенглик ва объективлик тушунчаларини ёнма-ён қўя оласизми?
– «Маънавий шапалоқ» деган таърифингиз ёқди! Ёндафтаримга ёзиб ҳам қўйдим… «Маънавий тарсаки» деса ҳам бўлади… Бундай шапалоқ ва тарсакига лойиқ ижодкорлар бадиий ижоднинг қайси соҳасида йўқ дейсиз?! Биронтасини истисно қила оламизми? Йўқ. Демак, бу субъектив реаллик эмас, яъни кимнингдир хоҳиш-иродаси маҳсули эмас, балки объектив реаллик, яъни сизу бизнинг имконимиздан, истакларимиздан хорижда кечаётган жараён. Фақат бизнинг воқелигимиз учун нисбатан янгилик бўлгани сабабли унга бўлган муносабатларни аниқлаштириб олишга пича қийналаётгандекмиз.
Аслида-чи? Аслида ҳар қандай адабий жараён бамисоли тўлдириб таом пиширилаётган дошқозон. Фақат қозондан фарқли ўлароқ, адабий жараённинг бағри ниҳоятда кенг, кенг дунёдан-да кенг! Унинг эгаси ҳам, посбони ҳам, тош-тарозиси ҳам битта – вақт! Ҳеч кимга қўлига таёқ кўтариб бировни қувиб солиш ҳуқуқи берилмаган. Бадиий ҳақиқат эгаллаган мақомнинг манзили, «турар-жойи» шу қадар юксакликдаки, унинг учун ижодкорнинг истеъдодлиси-ю истеъдодсизи бамисоли тароқнинг тишидек тенг. Бу мақом соҳиби, яъни бадиийлик илоҳаси кимнинг нималарга қодирлигини, ким нимада илғор-у, кимнинг заифликлари нимада – ҳаммасини кўриб-билиб туради. Фақат сукут сақлайди, сақлай-сақлай ҳукм ҳуқуқини вақт ихтиёрига беради.
Бу билан мен адабиёт майдонини қаровсиз ташлаб қўйиш керак, деган фикрдан мутлақо йироқман. Биринчи навбатда, кенг омма ўртасида мутолаа маданиятини тарбиялаш ва шакллантириш зарур. Сиз айтаётган графоман маҳсулотлар, фильмлар, қўшиқлар, мусиқалар бир кунлик лолақизғалдоқдек урчиб кетаётганига ким бош сабабчи? Омма! Бизда оммага тил теккизмаслик одати шаклланган. Бу билан ўзимизнинг инсонпарварлигимизни кўз-кўз қилгандек бўламиз. Ваҳоланки, ҳақиқатда инсонпарварлик даъвоимиз чин бўлса, ўша омманинг тили, тил маданияти, саводи хусусида қайғурайлик. Ўзини улуғлаган бўлиб, тилини оёқости қилиб қўймайлик. «Оммавий маданият» тушунчасига қарши курашни ҳам, «оломон маданияти» тушунчасига қарши курашни ҳам мана шу ҳақиқатни тан олган ҳолда бошламоқ керак. Бошқа иложи йўқ. Тасаввур қилинг, агар шу борада бир ҳисса олдинга ҳаракат бошланса, Сиз қайғуриб айтаётган «асар»ларнинг камайиши ўн ва юз ҳисса тезлашади. Кенг китобхонлар (санъатсеварлар) оммасининг қудратли кучи нималарга қодирлиги ана ўшанда кўринади: ижодкорнинг савияси (профессионаллиги!) кўтарилади, нафақат адабиётнинг, унга қўшилиб, умуммиллий бадиий дид шаклланади.
– Шубҳасиз, ижод жуда мураккаб жараён. Яна Абдулла Қаҳҳордан иқтибос оладиган бўлсак: «Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси. Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди – мева тугмайди. Кўнгил рози бўлган асаргина китобхоннинг кўнглига йўл топади, китобхоннинг кўнглида мева тугади». Инчунун, асарга муносабат билдириш ҳам маълум кўникма, илм ва истеъдод талаб қилиши муқаррар. Хуршид ака, бирон асарга аввалига ўзингизнинг баҳойингизни берганингиз ҳолда, кейин фикрингизни ўзгартирганмисиз?
– Бир суҳбат асносида бир ижодкорга тўрт-беш марталаб мурожаат этиш (ҳатто Абдулла Қаҳҳор бўлса ҳам!) жудаям таҳсинга сазовор ҳисобланмайди. Начора, саволга тутувчи – сиз, биз – жавоб берувчи, холос. Асарга муносабат – жиддий масала. Муаммо! Герменевтика дейилади фанда. Асарни талқин этиш илми. Шу мавзуда ўзбек мутахассислари ҳам бош қотиришмоқда. Домла Абдуғафур Расулов, тадқиқотчи олим Афтондил Эркинов ва ҳоказо. Лекин ҳали бу борада қилинадиган ишлар ниҳоятда кўп, қалашиб ётибди. Жаҳон адабиётининг бетакрор дурдоналарини дурустроқ ҳазм қилишга тишимиз ўтмайди-да (мабодо ўқишга тоқатимиз етса, албатта), «Пуф, сассиқ!» деб ўзимизнинг оёғимиз остида ўралашганимиз-ўралашган. Дарвоқе, «Ёшлик» журнали мана шундай вазифаларни зиммасига олиши керак эмасми? Журналнинг ҳар сонида «Талқин», «Асарни тушуниш илми» сингари рукнлар остида чиқишлар уюштирилса, ёш китобхонларга ҳам, ёш ижодкорларга ҳам амалий, ҳам назарий таҳсил мактаби, тўгараги пайдо бўларди…
Бир воқеани мухтасаргина қилиб айтай. Кўп йиллар бўлди, қайсидир вилоятдан поездда Тошкентга қайтиб келяпман. Ёз чилласи, жазирама. Вагон тўла, жой йўқ. Амаллаб купенинг учинчи қаватига жойлашдим (аслида у ерга жомадонлар жойланади). Қарийб яланғоч ҳолда лоҳас бўлгудай чалқанча ётибман. Шифтга урилиб қайтаётган нафасимнинг «тафти»га чидаб бўлмайди. Бу етмагандай, вагон радиоси «хрхр-р»лаб, вайсашдан тинмайди. Кўзим илинибди. Бир маҳал қулоғимга куй-қўшиқ чалинди. Беихтиёр тинглай бошладим. Қулоғимни янаям динг қилдим, диққатимни жамладим. Қаердандир майин ва саррин насим эсгандек, у менинг бетларимни авайлабгина сийпалаётгандай, эркалаётгандай, аллалаётгандай… Ҳамон елиб бораётган вагон энди қўшиқ оҳангига маст бўлиб силкинаётгандек. Қани энди поезд юришдан тўхтамаса, шу маромда силкина-силкина кетаверса-кетаверса, қўшиқ ҳам узилмаса, майли, радио қитирлайверса ҳам розиман, қўшиқ тўхтамаса бас… Афсус, қўшиқ жуда тез тугади ва «Сиз фалончи шоирнинг шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан баҳраманд бўлдингиз» деган сўзлар билан дастур ниҳоясига етди. Бояги ҳолатда ётибману, аъзои баданимга муз югурди денг! Худди фавқулодда оғир гуноҳ ишга қўл урдиму бутун бир майдон тўла издиҳом олдида шарманда бўлаётгандек!.. Нега, дейми?.. Қўшиқ сўзларининг муаллифи ўзим мутлақо ўқимайдиган, кечирасизу, ёзганлари ўқишга арзимайди, деб ҳисоблайдиган шоир акалардан бириники экан! Тушуняпсизми, Абдуқаюм, ўша пайтгача ўша шоирга бўлган муносабатим – беписандлигим учун бировларнинг олдида эмас, ўзимнинг олдимда шарманда бўлдим. Маънавий тарсаки ёмон мулзам қилди, ўшанда!..
Айтмоқчиманки, бадиий асар ҳолатга, кайфиятга қараб таъсир ўтказади. Бир ўқишда маъқул кўринган фазилати, эртасига буткул зид таассурот уйғотади. Тўғри, ҳар қандай ҳолатда ҳам бирдек таъсир қиладиган асарлар ҳам оз эмас.
Мен ҳар қандай одамни аввало қўлига қалам тутгани учун – умуман сеҳру жозибалар макони бўлмиш ижод дунёсига киришга ҳаракат қилгани учун ҳурмат қиламан. Ана шу интилиш-истакни олқишлашга асос бўларли фазилат излайман, насрий асаридан битта жумла ёки тасвир топсам ҳам кўз-кўз қилиб мақтайман, ижодни давом эттириши учун рағбат бераман. Ва кейинги асарларини кузатаман: яхши томонга ўзгара бошлаганлигига, ижод машаққатини зиммасига олган-олмаганлигига эътибор қаратаман, у ёғи… кўпкари олишувида ҳеч ким ҳеч кимнинг қўлидан етаклаб юрмайди, яъни у ёғига, Валлоҳу алам, ижодкор вақт синовлари измига ўтади…
– Хуршид ака, мен бир мухлис сифатида кўп йиллар мобайнида сизнинг мақолаларингизни йиғиб юраман. (Балки ёдингизда бордир, дастлабки танишувимиз ҳам сизнинг публицистик чиқишларингизни мақтаб, «Нигоҳ» номли қиссангизни танқид қилиб йўллаган мактубимдан кейин кечганди.) Мени анчадан бери бир савол ўйлантириб келади. 1987 йилнинг 11 июнида «Ёш ленинчи» газетасида эълон қилинган мақолангизда шундай сатрлар бор: «…Сомерсет Моэмнинг машҳур қаҳрамони Стрикленд «Ишқ-муҳаббатга зор эмасман. Ундай ишларга сарфлайдиган фурсатим йўқ», деб бутун вужуди билан дунёни англашга шўнғиб кетади». Назаримда, шунга яқин нуқтаи назар «Куза…» қиссангиздан ҳам мўралаб тургандек. Биз Достоевскийга эргашиб «Дунёни гўзаллик қутқаради», деб такрорлаймиз. Гўзалликни эса муҳаббат яратади. Шундай экан, ишқ-муҳаббатсиз ҳам дунёни англаб бўладими? Бу оламни, одамни адабиётсиз, санъатсиз ҳам англаб бўлади, дегани эмасми?
– Чорак аср бўлди чоғи, «Ёшлик» журналида «Нигоҳ» номли қиссам эълон қилинганида менга хат йўллаган эдингиз. Уни «Хира нигоҳ» деб номлагансиз. Жуда хурсанд бўлганман. Ҳафсала ва эътибор билан, самимий куюнчаклик билан муносабатда бўлганингиздан бошим осмонга етган. Бу ҳақда Сизга кўп марталаб айтганман, фақат қиссанинг туб моҳиятини тушунмаганингиз ҳақида индамагандим. Чунки, аввало у кезлар бирмунча ёш эдингиз, қолаверса, ўқиш-уқиш, бу юқорида айтганимиз – герменевтика. Бировнинг бошига нуқиб асарни уқдириш қийин, қолаверса, ниятимни, ўзим кўзда тутган моҳиятни ўқувчи уқадиган қилиб ёзолмаган эканман, айб ўзимда. Афсус, феълим-табиатимга илғаш мушкулроқ йўсинда ёзиш йўсини раво кўрилган экан, биласиз, уни (услубни) ўзгартириш учун қайта туғилмоқдан ўзга чора йўқ…
Гўзалликнинг, ишқ-муҳаббатнинг сеҳрига ета олиш, уни тугал тасвирлай билиш бандасига ҳеч қачон насиб этмайди. Сомерсет Моэмнинг машҳур қаҳрамони қай муносабат билан ва қай ҳолатда у гапни айтгани ёдимда йўқ, лекин инсонни жамики мавжудотлардан ажратиб турувчи туйғу ҳам – муҳаббат. Ҳар бир кишининг инсонийлиги унинг бажараётган ишига муҳаббат билан ёндашувидан келиб чиқиб белгиланади. Дунёни англаш ҳам муҳаббатдан, ҳайратдан, ҳавасдан куч олади. Адабиёт ва санъатнинг илоҳий куч-қудрати ҳам шунда!
– Ҳурматли Хуршид ака, «Ёшлик» журнали учун вақт ажратиб, самимий суҳбат қурганингиз учун сизга ташаккур. Мен сизнинг фикрларингизни ҳурмат қиламан. Сиздай куюнчак ижодкорларнинг холис муносабати адабиётимизнинг ҳам бугуни, ҳам эртанги куни учун хизмат қилади, деган умиддаман.
– Мен ҳам, Абдуқаюм, сизнинг тиниб-тинчимай ижод қилишингизга, киришган ишингизни ниҳоясига етказмагунча ҳаловатни унутишингизга ва, албатта, бу уринишларингиз самарасиз кетмаслигига ҳавасим келади. Суҳбатимиз вақт синовларига дош бериб, адабиётимизнинг бугуни ва эртаси учун хизмат қилишга яраса, бунинг учун ҳам мана шундай тўкилиб мулоҳазалар билдириш имконини берган «Ёшлик»ка ва сизга ташаккур!
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ суҳбатлашди(«Ёшлик» журнали. 2011 йил, 8-сон.)
ҲАР БИР ҲИКОЯ – ХОТИРА
(Муаллиф ва муҳаррир суҳбати)
– Хуршид ака, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилаётган ушбу ҳажман салмоқли ҳикоялар тўпламига ижодга кириб келган пайтларингиздан ҳозирга қадар яратган барча ҳикояларингиз киритилганми?
– Қарийб барчаси, деса ҳам бўлади. Турли даврда матбуотда эълон этилган, лекин китобга киритишни лозим топмаганларим ҳам бор.
– Дастлабки ҳикояларингиз эълон этилганидан буён орада йигирма беш йил ўтибди. Бу фурсат ёзувчининг шаклланиши учун етарли деб ўйлайсизми? Яъни чорак аср мобайнида ёзувчи ижодкор сифатида поғонама-поғона юксалиб борадими? Қарашлари, услуби ўзгарадими ёки…
– Аллоҳ таоло иқтидордан, истеъдоддан қисмаса, қўлига қалам тутган инсон бир йилда ҳам шаклланиши мумкин. Лекин ҳеч бир истеъдод соҳиби мен шаклланиб бўлдим, ижод чўққисига эришдим, деган гапни айта олмайди. Бадиий ижоднинг табиати шундай: қўлингиздаги қалам ҳамиша сизнинг юрагингизга таҳлика солиб туради, яъни сизни ҳушёрликка чорлайди, ўзингизни ўзингизга талабчан бўлишга даъват этади. Мана шу таҳликани, чорловни ва даъватни ҳамиша ҳис этиб турган ижодкор изланишдан, қора меҳнатдан тўхтамайди.
Поғонама-поғона юксалиш… ҳар сафар янги ҳикояни хаёлда пишитиб юрганингизда, уни ғоғозга тушира бошлаганингизда аввалгиларидан зўрроқ, бошқачароқ асар яратаман, деган туйғу сизга рағбат бериб туради. Бу фойдали туйғу, лекин ҳикоя яратиш мусобақа эмас. Қайсидир бошқа ёзувчидан ёки бўлмаса ўзимнинг бурунги ҳикояларимдан ўзиб кетадиган янгисини ёзишга интилиш эмас. Ҳар бир ҳикоя – янги ижодий кайфият! Воқеликни ўзгача идрок этишга ҳаракат! Пайдо бўлаётган ҳикоя зўр бўладими, ғўр бўладими, ўқувчилар орасида шов-шув уйғотадими-йўқми, ҳар қалай, мен бу ниятда ижод столига ўтирмайман.
Айтдим-ку, сизни қалам тутишга ундайдиган кайфият ҳолатига тушдингизми, марҳамат, ёза бошлайсиз, ўша тобдаги кайфиятингиз ҳикоянгизга кўчади, ҳикоя орқали ўқувчида ҳам кайфият уйғотади. Уйғотса, демак, ҳикоянгиз кимгадир маъқул, уйғотолмасангиз… ёнингизга қолаверади, яна янгисига киришасиз. Миллатнинг менталитетидаги сифатий ўзгаришлар сезилиши жуда қийин бўлганидек, ёзувчининг услубий янгиланиши ҳам оғир кечади. Бир умр ўзининг бир хил услубидан воз кечолмаган, унинг исканжасидан қутула олмаган ва шуни тўғри ва маъқул деб ҳисоблаган ёзувчи-шоирлар бор. Шахсан менинг қарашларим сал ўзгачароқ, яъни услуб ўзгармаса, дунёқараш, ҳаёт мураккабликларини бадиий идрок ва ифода этиш йўсинлари ўзгармаса, шу йўлда турфа тажрибаларга қўл урмаса, бундай ёзувчи нафақат миллий адабиётда, лоақал ўз ижодида ҳам бирор янгилик яратиши амри маҳол. Тасаввур қилинг, ёзувчи умри мобайнида мингта ҳикоя ёзса-да, уларнинг бари бир хил услубда бўлса?! Воқеа, сюжет хилма-хил, мақсад, ифода тарзи эса бир хил! Ахир одамларнинг ҳар бири алоҳида бир олам эмасми?! Ҳар бир руҳий ҳолатга, руҳий изтиробга янгича, жилла қурса, ўзгачароқ ёндашиш мумкин-ку.
Мен ана шу ЎЗГАЧАРОҚ ёндашишни қадрлайман. Ўзгачароқ ёндашиш асносида ўзим тасвирлаётган руҳий ҳолатни кутилмаганроқ нуқтаи назардан, бошқаларникига ўхшамаганроқ аспектда тасвирлашдан маънавий баҳра оламан.
– Китобдан ўрин олган «Кенг осмоннинг тор кўчалари» деб номланган туркумга киритилган, айниқса, «Кўнгил янгилик истайдур» деб номланган туркумга мансуб ҳикояларда ўзингиз айтаётган ўзгача руҳ яққол сезилади. Бу ўзгачалик қаҳрамон руҳий оламини ниҳоятда нозик ҳолатларда кутилмаган нуқтаи назарлардан таҳлил этишга уринишда кўринади. Шакл изланишлари, шакл ўйинлари ўзингиз айтган тажриба намуналарига ўхшайди.
– Хилма-хил шакл – хилма-хил тасвир воситасини излаш имкони. Шаклий жиҳатдан «Вазият» билан «Бугун эрталаб»ни қиёслаб бўлмайди. Лекин ҳар икки ҳолатдаги изтиробли кечинмаларни ўзига хос тарзда тасвирлаш мақсадида бошқачароқ шаклни синашга уриниб кўрганман.
– «Саф», «Қазо бўлган намоз», «Маҳзуна», «Жимжитхонага йўл», айниқса «Жажман» ҳикояларингиз кенг ўқувчилар оммаси ва адабий жамоатчилик томонидан катта эътибор билан эътироф этилган. Ҳикояларингизга билдирилган муносабатлардан кўнглингиз тўлганми? Ёки ўқувчи сифатида ёндашадиган бўлсангиз, қайси ҳикояларингизни ўзингиз кўпроқ маъқул кўрасиз?
– Сиз санаб ўтган ҳикояларимни қанчалик маъқул кўрсам, бошқа кўплаб саноққа киритмаганларингизни ҳам улардан кам кўрмайман. Камситмайман. Дастлаб ёзган «Онам, жияним, мен»да тасвирланган оний руҳий ҳолат нечоғлик қадрдон бўлса, «Жим ўтирган одам»даги руҳий изтироб талвасаси ҳам шунчалик жиддий. Ўқувчи сифатида «Васий»ни, «Қоялардан баландда»ни, «Тўхтабойнинг бойликлари» ёки «Бугун эрталаб»ни такрор-такрор ўқигим келади. «Кулган, кулдирган» туркумидаги ҳикоялар қанча-қанча ҳаётий манзараларни кўз ўнгимда гавдалантиради. Хуллас, юқорида айтдим-ку, ҳар бир ҳикоя ўзгача бир кайфиятдан, ҳолатдан хотира. Ёзувчининг ҳаёти эса ана шу кайфият, ҳолатлардан ташкил топади.
Яна бир гапни айтишни истар эдим: ҳар бир бадиий асар ўзича бир руҳий олам. Дейлик, ҳикояда қамраб олинган маънавий ҳудуд, маънавий макон ва замон ўқувчини ҳаёт реаллигидан тамоман фарқли ҳолатга олиб кириши, таъбир жоиз бўлса, олиб қочиши керак. Ҳаётнинг айнан ўзига ўхшатиб ёзиш жудаям катта маҳорат белгиси эмас, йўқ, ҳикоя айнан… ҳаётга ўхшамаган ҳолатлар оламига айланмоғи зарур, токи, ўқувчи лоақал шу ҳикояни ўқиш асносида ҳаёт ҳақиқатларидан узилмоғи ва мазкур асарда ифода топган бадиий ҳақиқатлар оламида яшамоғи лозим. Бадиий асарнинг ҳаётий, тарбиявий ва ҳоказо аҳамиятлари буткул бошқа масала.
– «Дилдаги хориж» туркумига мансуб ҳикоялар, драматик фожиа ҳақида ҳам тўхталсангиз?
– Жаҳон адабиётини ўрганмаслик, унга беписандлик ҳеч бир миллий адабиётга, хусусан, ёзувчига шараф келтирмайди. Менда турли даврда мутолаа асносида Ф.Достоевский, Л.Толстой, Ф.Кафка, Гаршин, Акутагава, Ч.Чаплин, Э.По сингари улкан сиймолар ҳаётидан бадиий ҳикоялар яратиш ниятлари туғилган. Мазкур китобга киритилганлари кўнгилдаги катта ниятлардан бир шингили, холос. «Ёлғизим – Сиз»да менинг тасаввуримдаги Достоевский, «Ал-Аъроф»да эса менинг тасаввуримдаги Эдгар По образи гавдаланган, муҳими, бу даҳо санъаткорлар баҳонасида ўзимнинг тасаввуримдаги бадиий олам, бадиий воқеликни яратишга уринганман. Ишончим комилки, буларни ўқиган ўқувчиларимиз жаҳон адабиётининг бу икки намояндаси ҳақида муайян тасаввурга эга бўлишади, уларнинг асарларини ўқишга ўзларида рағбат пайдо бўлади.
– Демак, азиз китобхонларимизни Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоя оламига таклиф этамиз. Ва ишонтириб айтамизки, китоб ҳозирги замон ўзбек адабиётининг етук вакилларидан бўлмиш адибнинг ижод йўли билан батафсил танишиш имконини беради.
(«Беозор қушнинг қарғиши». «Шарқ». 2011.)
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.