Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 33 (всего у книги 38 страниц)
МЕН СЕВГАН ҲИКМАТЛАР
Дили тўғрининг йўли тўғри.
* * *
Иноқ оилада бешик бўшамас.
* * *
Оиланг чароғон – олам чароғон.
* * *
Қудангдан қарз сўрама.
* * *
Ўзи бемалолнинг сўзи бемалол.
* * *
Бир кўнгил иморати – минг Макка зиёрати.
* * *
Ҳусн ярим давлат, ярим офат.
* * *
Бахт ялқовга бегона.
* * *
Уялган буюргандан қуруқ қолар.
* * *
Қозони бошқанинг – қайғуси бошқа.
* * *
Беҳуда олқишлаган дўст эмас.
* * *
Эгилганга букилма.
* * *
Мусофир итнинг думи қисиқ.
* * *
Чиниққанга чанг юқмас.
* * *
Зўрга ҳам зўр бало бор.
* * *
Кўз – ўзингники, қулоқ – ўзганики.
* * *
Тушунмоқ учун ишонмоқ даркор.
* * *
Инсон қалби қуёшдан ёруғ.
* * *
Табассум тошни эритар.
* * *
Қўрқмасанг, шивирлама.
* * *
Уялмагандан уял.
* * *
Арзимаса, арзонга ҳам олма.
* * *
Фаросатни бефаросатдан ўрган.
* * *
Қовоқ экиб, қовун кутма.
* * *
Темирчига кўмирчи ҳоким.
* * *
Кун ишини тун ўйла.
* * *
От минсанг, олисни кўзла.
* * *
Оз-оз е, доим е.
* * *
Зўрнинг тоши қирга юмалар.
* * *
Тирик бандада тиним йўқ.
* * *
Халқ пуфласа, бўрон бўлар.
* * *
Бало – авлиёга ҳам бало.
* * *
Душманинг куя бўлса ҳам, туя бил.
* * *
Тани соғга кунда тўй.
* * *
Қорнинг тўймасдан қўл арт.
* * *
Қариганда қилга қоқиласан.
ШАХСИЙ «БИСОТ»ДАГИ ҲИКМАТЛАР
Баъзи одамларнинг кўзи ёпиб, михлаб ташланган эшикка ўхшайди.
Одамлар қириб ташлайвергач, бир куни келиб пашша ҳам чақадиган махлуққа айланиб қолмаса эди!..
09.03.1982
Инсон боласига биринчи бўлиб ёлғонни аёллар ўргатишади. Йўргакдалик чоғида уни алдаб, оғзига сўрғич тутишади. Сўрғич − биринчи ёлғон, биринчи алдов тимсоли.
17.01.1995
Билим, куч ва муттаҳамлик бирлашса – уни енгадиган куч топилмайди.
08.12.2003
Бошқаларнинг назарида бахтсиз ҳисобланган кўпчилик одамлар ўзларини бахтсиз санамайдилар. Ўзларининг бахтсизликларидан нолиб юрадиганлар ҳасрат-надоматдан воз кечсалар бас, ҳаётларида ўзлари кутмаган қувончли дамларга албатта эришадилар.
08.03.2003
Биров зерикдим деса, ҳайрон бўламан, фиғоним чиқади. Нима у зерикиш?.. Зерикдингми, демак, ернинг юзида сен қиладиган иш қолмабди, кетавер!..
Соғлом одам ҳам зерикадими?!
Одамнинг хулқи-одоби ҳам – насиба!..
27.07.2007
Болаликдан инсон ўзининг ички овозига қулоқ солиб яшайди. Фақат у улғайгани сайин, дунёнинг адоқсиз юмушлари шу қадар кўпаядики, у ички овозини эшитолмай қолади. Кам ёки ёмон эшитади.
Шоду хуррамлик онларида, тантанаю асъасалар чоғида ички овозга қулоқ солишнинг иложи топилмайди.
Демократик хоҳиш-истаклар пастда ўралашиб юради, демократик тамойиллар эса юқорида яратилади.
Тун – қариялар учун дорилбақо сари яна бир ташланган қадам, ёшлар учун эса янгидан-янги ниятларга бой тонгни қарши олиш…
Соғлом одам кўпда хотирга берилавермайди, хотирага берилиш кўпроқ хаста ётганларнинг машғулоти…
Умр узоқлашгани сайин гуноҳлар омбори катталашаверади…
Бахтсиз одам ориятли бўлиши қийин…
Ибодат чоғи мўмин банда бир нарсадан – ўз гуноҳларидан қўрқади…
Муҳаббатсиз тўшак бамисоли қўш қабр. Никоҳнинг биринчи кечасидаёқ бу қабрдан ғимирлаб чиқа бошлаган қумурсқалар тун бўйи икки қалбни кемиришга киришади…
Худо бадбахтлар йўлдоши, бахтлилар эса гўё Худонинг мададига муҳтожлик сезмайдилар…
Ҳамма қатори ўйлайдиган одамларнинг қулоғи тинч…
Йилда лоақал бир марта эсдан оғиб қолишни кўнгли тусамаган одамни нормал одам дейиш қийин…
Истибдод олдида ожизлик хиёнат ҳисобланса, дунё хиёнаткорлар макони экан– да?..
Ниманидир қўлга киритилгунга қадар унинг фақат ижобий жиҳатлари кўринади, қўлга киритган заҳоти эса қусурлари кўзингга ташлана бошлайди.
12.10.2003
– Шу кунларда тўй қилаётганларга жуда қийин-да
– Тўй қилмаётганларга ҳам осон эмас!..
29.08.2006
Қўл телефони ўнг биқинда қайишга боғланган. Шовқин солмайди. «Дириллайди», холос. Баъзан телефон эмас, юрагим ёки кўксимнинг қаеридадир жойлашган қайсидир аъзо дириллагандек туюлади. Кулгим келади. Иттифоқо ҳам юрак, ҳам телефон баб-баравар нағма қилиб қолади. Бамисоли, телефоннинг кўринмас симлари юракка туташгандек.
Ана, телефон шивирлаяпти, у юракнинг шивирлашидан репортаж ўқиётгандек…
29.08.2006
Икки ёшли болага, «Чойни ким тўкди?», «Пиёлани ким синдирди?» деб савол беринг, «Мен!» деб жавоб қилади. Уч ёшдан ошгач эса ўзи қил ган ишини ҳам бошқага ағдариш пайида бўлади. «Мен қилмадим», деб ўзини оқлашга тушади.
Энди у умрининг охирига қадар номаъқул ишни «Мен қилмадим!», «Менга алоқаси йўқ!» деб ўтади.
Ҳар қандай молиявий жиноят замирида маънавий жиноят ётади.
09.10.2006
Одатда ҳар қандай тамойил (принцип) камоннинг ўқидек тўғри ва букилмас бўлади. Унинг қудрати ҳам, нуқсони ҳам шунда.
25.11.2009
Лаҳза – бахт-саодат ўлчов бирлиги!..
Жойи келганда одам ўзини овсарроқ кўрсатиши учун ҳам бир талай ақл-идрок, фаросат керак бўлади.
Одамнинг хулқи, одоб-ахлоқи ҳам – насиба.
05.03.2010
Одам ернинг қаттиқ қатламидан кўра қаттиқроқ мавжудот. Шундай бўлгани учун ҳам у энг ақл бовар қилмас шароитларда ҳам жон сақлаб яшай олади. Яшагани сайин ўша шароитни яхшилаш чорасини топади. Топқирлик имкониятлари шу қадар чексизки, астойдил жазм этса, ловуллаб ўт пуркаб турган вулқон ўчоғида гул ундиради, бор-роғ яратади.
Инсондаги мана шу хусусият туфайли ер юзи одам яшайдиган масканга айланган.
Руҳ – битмас-туганмас, яшовчан мўъжиза, бинобарин, саноқли зиёли қолган тақдирда ҳам у қирилиб, йўқ бўлиб кетмайди.
«Меъёр» тушунчасининг ўзгариб бориши жараёнида одам инсонийлаша борган.
05.03.2010
Бадавлат одамлари бўлмаган жамият бой бўлолмаганидек, маданиятсиз одамлар жамияти инсонпарвар бўлолмайди.
05.03.2010
Бадавлат яшаш учунгина эмас, соғлом юриш, тушкунликка тушмаслик, завқ-шавқ билан яшаш учун ҳам меҳнатга муҳаббат даркор.
05.03.2010
ҚАЛБ СИРЛАРИНИНГ БАЁНИ
Ижод, Китоб, Мутолаага доир – кундаликдан кўчирмалар
Кундалик тута бошлаган ўқувчилик пайтларимда бу аслида қандай ҳодиса, қандай ҳолат, ундан не наф-не фойда, аҳамияти борми-йўқми – билмаганман. Биров ўргатмаган ҳам бундай машғулотга. Маълуму машҳур рус ва жаҳон адибларининг кундаликларини ўқиш нари турсин, уларнинг номини ҳам эшитмаганман. Ўзбек адиблари орасида кундалик воқеаларни ёзиб борган кимдир борлигидан эса мутлақо бехабарман.
Хуллас, нима жин урди-ю, олтинчи синфда ўқиётган кезларимдан кундалик тута бошладим. Тўрт тийинга кафтдеккина ён дафтарча сотиб олдиму ёза бошладим: синфдошларимнинг исм-фамилияси, кийиниши, юриш-туриши, ўзаро муносабатлари. Қўшни синф қизларини кузатишлардан туғилган таассуротлар…
Ҳозир каттаю кичик қўл телефонидан узилолмаганидек, дафтарчамга шу қадар боғландимки, жой танламай уни варақлайман, хаёлга нима келса, ёзиб қўйгим келаверади. Дафтарча яқин сирдошим, руҳий бошпанам, овунчоғимга айланди.
Физика дарси эди, муаллима опа тепамга келиб қолганини пайқамай қолибман. Ҳушёр тортиб улгурмадим, муаллима қўлимдаги дафтарчани юлқиб тортиб олди, бирров нигоҳ ташладию, жаҳл билан: «Ман санга кўрсатиб қўяман кундалик тутишни! Вой, ман санга кўрсатиб қўяман!» деганча қайтариб бермади. Илмий мудир хонасига чақириб изза қилишди, дафтарчани онамга етказишибди, уйда – оила даврасида муҳокама мавзусига айланди менинг кундалигим, унга ёзганларим.
Нега? Нима сабабдан? Тўғри, унда ўғил болалардан кўра қизларнинг исмлари кўпроқ эди. Айримларининг расмчаларини ҳам елимлаб қўйгандим. Суратларга «тагсўз»лар битгандим. Фожиами? Осмон узилиб ерга тушдими? Мудҳиш ва тузатиб бўлмас ахлоқсизлик юз бердими?!
Ваҳоланки, бу каби ваҳималарнинг жавоби биргина сўзда аён – «Ўн уч ёшдаги болакай нимани ҳам ёзарди?!» дейилса, олам гулистон эди. Ёки катталаримиз: «Муштдек болада бу тахлит ёзишга ишқибозлик боиси нимада экан?» дея ўйлаб кўрсалар, қизиқсалар – ётиғи билан ёндашсалар тамомила ўзгачароқ, фойдалироқ, муҳимроқ хулосалар чиқарилармиди?..
Орада бирмунча вақт бу «одобсизлик»дан воз кечдим, кейин эса билмадим, кунлардан бир куни не кўз билан қарайки, яна қўлимда қалам-дафтар – кундалик бита бошлабман… Ҳаққи рост, ҳали Толстой ё Достоевский ёзган кундаликлар жилд-жилд китобга жо эканидан бехабар эдим. А.Герценнинг «Кечмишлар ва ўйлар»идан, Эккерманнинг «Гёте билан суҳбатлар», Ю.Олешанинг «Ёзмаган куним йўқ» қабилидаги ёдномалардан завқ-шавқ олиб улгурмагандим. Кейинроқ А.Аграновскийнинг кундаликларини ўқидим. Робиндранат Тагорнинг «Хотиралар»и муқаддимасига ёзган сўзбоши мен учун кундалик тутиш маданияти, аҳамиятига анчагина ойдинлик киритган. Унга аҳён-аҳёнда бўлса-да, кўз ташлаб қўяман. Жуда самимий ёзган ҳинд мутафаккир адиби. «Бундан бир неча йил муқаддам, – деб ёзади Тагор, – кимдир ҳаётимда бўлиб ўтган воқеалардан сўраб қолганда, хотирамдаги суратхонамга назар ташладим. Ҳаётимдаги баъзи бир умумий воқеалар ёдимга тушади-ю шу билан кўнглим ўрнига туша қолади, деб ўйлагандим. Лекин эшикни очиб ичкари кирдиму ҳаёт хотиралари – фақат ҳаёт қиссаси эмас, балки кўз илғамас бир санъаткорнинг мустақил ижоди эканини англадим. Бу суратларга берилган бўёқлар ташқи дунёнинг шунчаки акси эмас, санъаткорнинг ўз мулки экан, юрак қони билан ишланган экан – ана шунинг учун бу бўёқларни оддий гувоҳнинг гувоҳлик сўзлари деб бўлмасди» 99
Тагор Р. Асарлар. Саккиз томлик. 8-том. Т.: «Тошкент бадиий адабиёт нашриёти», 1965. Б.7-8.
[Закрыть] . Давоми бундай: «Бу хотираларда абадийлаштиришга арзигудай бирон нарса йўқ. …Агар хотирада пайдо бўлган манзаралар сўз воситасида боплаб тасвир қилиб берилса, улар адабиётда ўзига муносиб ўринни эгаллайди. Менинг хотираларим ана шу адабиёт турига мансуб» 1010
Шу манба. Б.9.
[Закрыть] .
Эҳтимол бордир абадийлаштиришга арзигулик манзара? Нега ҳам бўлмасин! Ҳар қандай бадиий асар қайсидир туйғуларни абадийлаштиришга бўлган уриниш эмасми?! Адабийлаштирилган ва шу орқали абадийлаштирилган туйғулар, десак янаям тўғри бўлар…
Ҳазрати Ғиёсиддин Хондамир Алишер Навоийнинг турли кишиларга ёзган мактублари ҳақида сўз юрита туриб «ул ҳазратнинг қалб сирларининг баёни бўлган ушбу мактублар», дея таъриф келтиради. 1111
Ғиёсиддин Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. Т.: «Академнашр», 2018. Б. 111.
[Закрыть]
Кундалик билан мактубга хос хусусият уларнинг самимиятида кўринади, яъни ҳар иккисини қалб сирларининг баёни, десак ҳам янглишмаймиз.
Мухтасар айтганда, кундалик тутишнинг нақадар аҳамиятли машғулот эканлигини чуқурроқ англай бошладим, учрашувларда, адабий давраларда ёш қаламкаш дўстларни кундалик тутишга ундайдиган бўлдим. Хусусан, жаҳон адабиётининг етук намояндаларидан мерос кундаликларни мутолаа қилиш жараёнида ўзимизда бу борада кўз-кўз қилишга арзигулик «дафтар»лар у қадар кўп эмаслиги (чоп этилмагани назарда тутилмоқда) ўйга толдириб қўяди. Фикримча, етарли даражада тартиб берилган ҳар қандай кундалик маърифий, тарбиявий ва, албатта, тарихий аҳамиятга молик.
Яна бир гап. Кундаликдаги битиклар мавзуси ниҳоятда хилма-хил, кайфиятдан келиб чиқиб қоғозга туширилган, бу ўринда эса ундан бевосита бадиий ижод, китоб ва китобхон мавзуига доир лавҳалар, манзаралар ажратиб олинди. Аксарият учрашувларда қандай қилиб қаламкаш бўлиб қолгансиз, қабилидаги саволлар берилади, тўғриси, дабдурустдан бундай саволга кўнгилдагидек жавоб қайтаролмай қоласан киши. Чунки, ижодкор бўлиш, қўлга қалам тутиш ишқига туртки берган сабаблар шу қадар кўпки, уларнинг аҳамиятсизидан аҳамиятлисини, номуҳимидан муҳимини ажратиб олиш мушкул. Аслида эса ҳам бевосита, ҳам билвосита сабабларнинг саноғи йўқ ҳисоб.
09.09.1976
Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини битиргач, йўлланмага кўра Ўзбекистон Фанлар академияси «Фан» нашриётида кичик муҳаррир вазифасида иш бошладим. Ўзбек адабиёти таҳририятида қарийб уч йил ишладим. Асосан илмий-оммабоп рисолалар таҳрири билан шуғулландим. Иш ўргандим, казо-казо муаллифлар билан танишдим. «Сармишсой қоя суратлари» деган салмоқли монографияни нашрга тайёрладим. Муаллифи – Абдужаббор Кабиров археолог олим, хушмуомала киши экан, китобда мен билмаган кўп янгиликлар бор эди.
Атоқли тарихчи олим, профессор Ҳамид Зияев Қўқон тарихига бағишланган рисола келтирдилар.
Жадид мунавварларининг тирик вакили Лазиз Азиззоданинг китобини узоқ таҳрир қилдим. Афсус, у кишидан кўп-кўп маълумот олиш мумкин бўлгани ҳолда бу имкониятдан фойдаланмадим…
Ҳабиба Саъдуллаева (шоир Шукур Саъдулланинг синглиси), Латофат Эркинова (адабиётшунос олим Содиржон Эркиновнинг рафиқаси), Мукаррам Алиева (машҳур телережиссер Ҳайбатилла Алиевнинг рафиқаси) билан бир хонада ўтирамиз. Ёнгинамдаги столни эгаллаган Ориф ака деган кекса киши ниҳоятда ғариб, ночор кийинади. Энгил-боши уринган. Мен эса костюм-шимда, бўйинбоғ тақаман. Кўксимда бир тийинлик чақадек келадиган Лениннинг сурати – значок. Қўшним суҳбат-гурунгларга жуда кам аралашар, аралашганда ҳам оҳиста, деярли товуши чиқар-чиқмас нимадир дерди-да, ҳар сафар мийиғида кулиш билан кифояланарди. Фамилияси – Юнусов. Хизмат юзасидан бирор савол туғилиб қолса, бошқалар эшитмайдиган овозда сўрайман, Ориф ака деярли жавоб бермайди – сира аниқ жавоб айтмайди. «Ўзингиз қараб кўринг-чи», деган сўз билан қутулади. Дам-бадам ташқарилайди, учинчи қаватга олиб чиқадиган зина остида бурқситиб чекиб келади. Ориф аканинг энгил-бошидан хонага тамаки ҳиди гупиради. Аёллар бурнини жийиришади, лекин индашмайди. Икки ойлар ўтгач, ногаҳон билиб қолдим – Ориф ака 50-йилларда бутун республикани титратган, ларзага солган кимсан фельетончи Ориф Юнус экан! Қорачадан келган, бети чўзинчоққа мойил, бир пайтлар баланд бўйли бўлган, ҳозир эса букилиб-чўкиб қолган, нигоҳлари бирмунча сўник. Афсус, бу фельетончининг ижоди университетда ўқитилмаган, биз яхши билмаган, ҳатто эшитмаган ҳам эдик.
Кейинроқ «сирлашиш», «ҳасратлашиш» даражасида яқинлашган бўлсак-да, у кишидан дурустроқ хотира ёки тажрибалардан ўртоқлашиш имкони бўлмади. У киши кўп ўтмай пенсияга чиқди. Орадан бирор йил ўтгач, бемор эканлигини эшитиб, нашриёт ходимларидан бири билан уйига бориб йўқлаб келдик, холос… Ваҳоланки, кимсан Ориф Юнусдан озмунча маълумот, хотира олиб қолиш мумкин эдими?! Йўқ бўлди-кетди бари.
«Фан ва турмуш» журнали «Фан» нашриёти таркибида эди. Октябрь ойи (10-сон) сонини босмахонага топшириш ишларига жалб этишди. Шу куни «Ўзбек адабиёти» таҳририятидан журнал таҳририятига ўтишим ҳақида буйруқ чиқди.
«Фан ва турмуш» республикадаги энг машҳур, энг оммабоп нашр ҳисобланади. Қарийб 500 000 нусхада чоп этиладиган журнал қўлма-қўл ўқилади, ўзиям! Бош муҳаррир маълуму машҳур академик, Ленин мукофоти совриндори Ёлқин Тўрақулов!
Изҳор: Журналнинг деярли ҳар бир сонини тайёрлаш жараёнида хизмат юзасидан бирорта академик олим билан суҳбатлашишга тўғри келарди. Шахсан ўзим бундай суҳбатлар асносида жуда кўп нарса ўргандим. Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақулов, Восил Қобулов, Саъди Сирожиддинов, Собир Юнусов, Теша Зоҳидов, Ҳамдам Усмонов, Обид Акрамхўжаев, Абдуманнон Раҳимжонов, Ўктам Орипов, Раҳим Бекжонов, Раҳима Аминова, Мирҳожи Асқаров сингари забардаст олимлар билан юзма-юз яқиндан мулоқотда бўлишни ўзим учун чинакам шодиёна ҳисоблардим.
05.10.1976
«Ўзбек адабиёти» таҳририятида ишлаган салкам уч йил мобайнида анчагина тажриба орттиргандек эдим, орттирган «маҳоратим» «Фан ва турмуш» учун жуда-жуда озлик қилиши дарҳол сезилди. Масъулият ҳам катта. Каминанинг билимлари эса… бу даргоҳ учун жуда-жуда ҳаминқадар. Ҳушёр тортдим шекилли, аввал кўксимдан тушмайдиган Ленин значогидан воз кечдим. Сўнгра бўйинбоғдан… одмироқ кийинишга одатландим. Зиммадаги вазифани эплай олмаётган одамга олифта кийинишни, посонликни ким қўйибди, деб ўйладим-да!..
Иш ўрганиш борасида масъул муҳаррир Комил Холмуҳамедов ва бўлим муҳаррири Ҳусниддин Нурмуҳамедов беминнат ёрдам қилишди. Айниқса Ҳусниддин ака ҳормай-толмай қўллаб-қувватлади. Таҳрир, таржима, муомала, ишга муносабат, айниқса, маълуму машҳур олимлар билан мулоқотга киришиш борасида кўп ва хўб устозлик қилди. Таржималаримни бўяб-бежаб ташлаганидан матнни ҳатто ўқиш қийинлашиб кетарди. Бирор марта оғринганини сездирмади, таъна-маломат қилмади – тишини тишига қўйиб ўргатди, устозлик қилди.
Бир сафар қандайдир мақолани таржима қилдим, устидан Ҳусниддин ака кўриб берди. Кўриб эмас, дабдаласини чиқариб таҳрир қилди! Қараб бўлмайди, тузатишларни жой-жойига қўйиб машинкалаш амри маҳол. Хомлик қилиб ўша нусхани машинкалаш учун Назмира опага берибман. Бир пайт опа дарғазаб бўлиб кириб келди хонамизга ва олдимга таржимамни улоқтирди.
– Қўлингиздан келса таржима қилинг! – деди-да, тарс-турс қилганча чиқди-кетди.
Ўҳ, алам қилди, жон-жонимдан ўтиб кетди ўзиям. Ўзимни қўярга жой тополмайман. Опа тўғри айтди, ўзим қайта кўчириб бермайманми, матнни!.. Аста ташқариладим, учинчи қаватга олиб чиқадиган зинанинг ост томонига пусиб, йиғлаб юбордим. Ўксиндим, ўзимдан кўрдим. Наҳотки, журналист бўлолмайман, наҳотки шунча ўқиганларим, олий маълумот олганларим бесамар кетса?! Биров эшитса, нима дейди?! Наҳотки, шунчалар ношудлигимча қолиб кетсам?!
Изҳор: 2018 йил апрелида Назмирахон аямизнинг муборак 94 ёшлари билан қутлаш ниятида излай-излай топиб бордик у киши яшайдиган уйларига. Ҳусниддин ака Нурмуҳамедов билан бирга бордик. Ширин ва ўчмас хотиралар айтишиб беармон кулишдик ая бошчилигида.
06.10.1976
Шу йил 14-15 август кунлари Республика ТВда «Телевизион миниатюралар театри»да «Садқаи уста» ва «Жамулжам» номли миниатюраларим намойиш этилди. Унда машҳур комик артистлар Ҳасан Йўлдошев, Эргаш Каримов, Садр Зиёвуддинов ва бошқалар иштирок этишди. Режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов ёрдам берди. Саид Аҳмад, Алп Жамол сингари забардаст муаллифлар қаторида бир йўла иккита миниатюрам экранга чиқишининг ўзи мен учун воқеа эди!
Йил бўйи битта ҳикояни амаллаб битирган бўлдим. Номи – «Бирга кетди». Ҳамкасбимиз Рустам Обидов хўб ўқиган, кўп китоб кўрган қаламкашлардан – ҳикояни маъқуллагандай бўлди. Севиниб, ширин хаёллар оғушида «Гулистон» журналига олиб боришни мўлжалладим. «Гулистон» даврнинг олд нашрларидан, унинг саҳифаларида исм-шарифнинг кўринишининг ўзиёқ сенсация!
06.10.1976
Ҳикояни «Гулистон»да кимга кўрсатаман, деган хаёлда минг истиҳолада Эркин Аъзамовни қора тортиб бордим. Эркин ака билан журналистикада олдинма-кейин ўқиганмиз, ҳар қалай, кўз таниш, дегандек… Аксига олиб, у летучкада экан, ҳикояни унинг столида қолдирдим. Куннинг иккинчи ярмида қўнғироқ қилдим.
– Жўра, бир келсангиз…
Юрагим шув этиб кетди, қисқа ва қуруққина жавоб оҳангидан масала менинг фойдамга ҳал бўлмаслигини кўнглим сезди.
* * *
Газеталардан бирида босилган Мақсуд Шайхзоданинг қуйидаги сўзини кўчириб олдим:
– Қани, ҳар шоир шеърни ёзгандан кейин уни гиламдек бир қоқиб, силкитиб қўйса, ҳамма ортиқча чанг ва ғубор чиқиб, тўкилган бўлар эди.
21.10.1976
Яқинларимиздан бири уйланиши муносабати билан келин-куёвнинг ФҲДЁ рўйхатидан ўтиши шарафига ихчамгина зиёфат уюштирилди. Халқ орасида танилиб қолган, телеэкранда тез-тез кўринаётган ачаободлик ҳофиз Анвар Тилланазаров хизматда бўлди. У билан Абдулла Набиев номли Ёшлар уйи майдонида кўп марталаб туртишиб-суртишиб футбол ўйнаганмиз, лекин унинг дурустгина хонанда эканлигидан бехабар эканман. Хуллас, зиёфатни роса қиздирди, ҳофизнинг ширали, ёқимли овози бор экан. Мумтоз қўшиқларни ҳам кифтини келтирди. Ўша куни дардли, нолакор қўшиғи қулоғимга муҳрланди:
Олам баҳор бўлди, кел
Булбул наво қилди, кел.
Кел, баҳорим…
Сўзи кимники, куйи кимники – билмадим.
05.11.1976
«Гулистон» журналига бордим, Эркин Аъзамовга учрашдим. Тахминим тўғри:
– Ҳикояда асосий мақсадга хизмат қилмайдиган жойлари кўп. Фикр ялонғоч, жўра…
Начора, «Бирга кетди» ҳикоям билан бирга қайтдим, изимга…
17.11.1976
Курсдошимиз Йўлдош Исмоилов қўнғироқ қилиб қолди. «Табриклайман» дейди. Тушунмадим. Билсам, «Ўзбекистон маданияти» газетасида «Хос сўзлар таржимаси» номли мақолам чиқибди.
Таҳририятга олиб бориб топширганимга ярим йилдан ошганди. Ижодий ходим, салобатли Ёқуб Яквалхўжаев салмоқланиб: «Кўрайлик-чи» деди-да, олган заҳоти уни ўқишга киришди, индамай кутдим. «Мисолларни роса топиб ёзибсиз, қолдиринг», деганидан мақола маъқул бўлганини билгандим.
Газетада биринчи салмоқли мақолам. «Ия, шу-ундай мақола ёздингми?!» деб ҳайратини яширолмай табриклаган ошна-оғайнилар қанча десангиз!..
28.02.1977
Табиат ҳимоясига оид китобларга, мақолаларга қизиқиб кетдим. Тинмай ўқийман, конспект дафтарим тўхтамай семирмоқда…
19.04.1977
Журнал таҳририятига Ҳамза тумани халқ судидан хат келибди. Мени халқ маслаҳатчилигига сайлашган эди. Бордим. Ҳамидулла Убайдуллаев деган киши – судья биринчи салом-алик чоғида унутилмайдиган гап айтди (У киши ажойиб ва заҳматкаш олим Сирожиддин Аҳмаднинг туғишган акаси эканлигини кейин билдим). Мен хонага киргач, қўлимдаги семизгина портфелни оёқ остига қўйгандим.
– Портфелни оёқ остига қўйманг, – деди тўсатдан Ҳамидулла ака, акаларча меҳрибонлик билан, – курсига қўйинг, ахир сиз унда ўз илмингизни, билимларингизни кўтариб юрасиз.
Ўша куни ҳаётимда биринчи бор суд жараёнида халқ маслаҳатчиси сифатида иштирок этдим. Судьянинг чап биқинида ўтирибман. Жиноятчи – 20 ёшли Н. А. Бир хонадонга кириб, қуруқ чой ўғирлабди. Жиноятга ҳам ўхшамайди. Арзимаган муддатга қамалди шўрлик.
– Чой ўғирлагани учун ҳам одам қамаладими? – сўрадим судьядан.
– Ўғирликнинг катта-кичиги бўлмайди, – жавоб берди Ҳамидулла ака, ишимиз шунақа, дегандек елка қисиб.
11.05.1977
Табиат ва инсон мавзуига қизиқиб юрганимдан хабар топганми, «Гулистон» журналидан Мурод Хидир қўнғироқ қилиб қолди. Бош муҳарриримиз Ёлқин Холматович Тўрақулов табиатни асраш билан боғлиқ қайсидир жамоатчилик кенгашининг раҳбари эди. Ўша киши билан суҳбат тайёрланг, деди Мурод ака (ҳамкасблар «Ака Мурод» деб мурожаат қилишарди у кишига). Рози бўлдим, лекин кимсан Ёлқин Тўрақулов билан суҳбатлашиш жўн иш эмас! Бош муҳарриримиз ҳамиша шошилиб юради, таҳририятга кириб қолса, хотиржамроқ ўтирмайди ҳам, гапларини қисқа, лўнда айтади ва биров қувгандек чиқади-кетади. Амаллаб, фурсатини пойлаб «Гулистон» журнали таклифини айтдим. «Майли, тайёрланг» деган жавоб бўлди, холос домладан. Бисотимда – конспектимда йиғиб юрганларим асқата бошлади.
17.05.1977
Ёзувчилар уюшмасида 1976 йилги насрий асарлар муҳокамаси бўлди. Рустам Обид билан бирга бордик. Залга игна ташланса ерга тушмайди. Норбой Худойберганов кўзини қоғоздан бир дақиқа узмай, узундан-узоқ маъруза сўқиди. Сўнг Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин… Йиғилиш тугашини кутмай чиқиб кетдим.
23.05.1977
Суҳбатни ёзиб тугатдим. Икки нусха машинкалатдим. Ёлқин Холматович билан учрашганимизда бирини домла ўқиди, иккинчисига қараб турдим. Тузатишларни йўл-йўлакай киритиб қўймоқчи эдим. Лекин домладан деярли эътироз бўлмади.
26.05.1977
Суҳбатни «Гулистон»га олиб бордим. Тоҳир Малик, Эркин Аъзамов бор экан. Чойлашиб, гурунглашиб ўтирдик. Яқинда Тоҳир аканинг «Фалак» фантастик қиссасини ўқигандим. Қисса ёқди, шундай асар ёза олган муаллифга ҳавасим келди.
29.06.1977
Шу кезларда Камолиддин Раҳимовнинг «Лаълихон» деган қўшиғи роса оммалашган. Икки ёшли Ҳилолаой қизимнинг оғзидан ўша қўшиқ тушмайди: «Лаъ… лиқон, …лаълиқон» дегани-деган.
Ё.Тўрақулов билан суҳбатни «Инсон учун яралган олам» деб номлагандим. Бош муҳаррир Асқад Мухтор «Она табиат» деб ўзгартирибди. Суҳбатни Асқад ака маъқуллаган экан, Мурод Хидиров ўзида йўқ хурсанд, қўнғироқ қилиб, «Жадал ишлаб беринг» деб чақирди. Суҳбатнинг айрим жойларига сайқал бериш керак экан, «Кўк мачит»да учрашамиз» деди ака Мурод («Кўк мачит» – Марказий универсал магазин (ЦУМ) нинг биқинидаги «Мовий гумбаз» чойхонасининг «лақаби»).
25.07.1977
Кеча Сариосиёга учдик. Бугун эрталаб «Узун ўрмон хўжалиги»га бордик. Директор Эшвой Қодиров дуруст одам экан. Пешинга қадар идорада бўлдик, сўнг ўрмон қўйнига жойлашган хўжалик меҳмонхонасига чиқдик. Роҳатижон жой экан. Ўрмон ҳаётидан суҳбатимиз тугайдиганга ўхшамади. Лекин қизиқарли номлар, гап-сўзлар, ҳолатлар, манзаралар – таърифига тил ожиз, деганларидек!..
Оқсув, Хонжиза, Қизилсув, Туробсой қўшилиб Сангардак дарёси ҳосил бўлади.
Тамшуш, Киштут, Зевар, Обизаранг дарёлари қўшилиб Тўпаланг дарёси ҳосил бўлади.
Номларга қаранг – уларнинг жаранглаши, оҳангдорлиги, жозибасига қулоқ тутинг! Шоирлар қўймаган уларни – халқ топган, халқ!
* * *
Томаззо Кампанелла ҳақида иккита китоб ўқидим, у ҳақда роман ёзиш хаёли банд қилди, маълумот тўплашга киришдим…
28.08.1977
Журналимиз безакчиси Уста Вали – А.Зиновьев босмахонадан «Гулистон» журналининг янги сонини келтирди. Таҳририятимиз ғала-ғовур бўлиб кетди – табрик устига табрик. Ҳазилми?! Суҳбат салкам икки саҳифа! «Гулистон»дек нуфузли журналда биринчи чиқишим! Телефон орқали табрик ёғди-ку! Таниш-нотанишлар ўқишади-да, ёзганингни. Жиддий ўқишади, эътибор билан ўқишади. Кўнгил учун бўлса-да, бир оғиз илиқ сўзини аяшмайди. Журнални Ё.Тўрақуловга олиб кириб бердим. Хурсанд бўлди домла, қўлимни қисиб хайрлашгани мен учун катта мукофот эди.
31.08.1977
Журналимизнинг доимий муаллифларидан бири – афсонавий Лазиз Азиззода! 30-йилларнинг тирик қурбонларидан бири, ниҳоятда ўзига хос, бетакрор инсон.
«Фан» нашриётининг «Ўзбек адабиёти» таҳририятида у кишининг қаламига мансуб «Янги ҳаёт курашчилари» деб номланган китобига муҳаррирлик қилгандим. Домла «Фан ва турмуш» таҳририятига тез-тез қадам ранжида қиладилар.
– Нечун мен туғилмадим, Париж ё Румода?! – деб тантанавор оҳангда шеър ўқиб кириб келадилар.
Теша тегмаган мавзулардан гурунг берадилар. Пушкин, Лермонтов шеърларидан русчалаб ўқийдилар. У кишига доир хотиралар алоҳида мавзу.
Бугун чоршанба. Бир неча кундан бери уйга таклиф қилмай қўймадилар. Таҳририят ходимлари уч-тўрт киши бирга бордик. Уй-жой, ҳовли саҳни жуда бежирим. Батартиб, саришта. Меҳмондорчилик чамаси тўрт соатлар давом этди, илло ҳурматли мезбонимиз меҳмонларни гапиришга эмас, оғиз очишига ҳам йўл қўймадилар – фақат ўзлари гапирдилар (энди-энди ўша «эзмалик»ларни қоғозга тушириб қолмаганимдан афсусланаман). Опоқи ғоятда пазанда экан. Адашмасам 5–6 ёшлардаги қизалоқ – исми Лазиза дам-бадам ёнимизга келиб, суҳбатни «қиздириб» турди.
02.09.1977
Ўзбекистоннинг, ўзбекларнинг Биринчи академикларидан (13 қалдирғочнинг бири) Тошмуҳаммад Қори Ниёзий таваллудининг 80 йиллигини хотирлаш учун устознинг уйига бордик. Домланинг кампири – Ойша ая мункиллаб қолибди. Икки соатча давом этган меҳмондорчиликда астроном олим, академик В.Шчеглов, 13 қалдирғочлардан, таржимон Малик Раҳмон, «Ивестия» газетасининг Ўзбекистондаги мухбири Г. Димов иштирок этишди.
20.09.1977
Тушликдан қайтаётиб Бахтиёр ака Назаров гапга тутди. У киши Ўзбекистон Фанлар академияси илмий котиби, нуфузи баланд, эътиборли олимлардан.
– Нима учун номзодлик диссертациясини ёзишга киришмаяпсиз? Битта мавзу бор. Яхшилаб ишлайсиз. Қатъий киришсангиз, айтаман.
22.09.1977
Бахтиёр аканинг ҳузурига кирдим.
– Мавзу шундай: «Белинскийнинг танқидчилик маҳорати ва унинг ўзбек адабиётшунослигига таъсири». Вақтни тежайсиз. Қаттиқ ишлайсиз, келишдикми?
– Келишдик!
27.09.1977
Нечаеванинг «Белинский» деб номланган монографиясини ўқишга киришдим.
06.10.1977
Кутубхонада Белинскийнинг ҳаёти ва ижодига доир адабиётларни саралаб қўйдим. Уларни ўқиш-ўрганиш, конспектлаш керак. Бироқ бугундан… Чиноз туманидаги Навоий номли совхозда ҳашардамиз, пахта теримига киришдик. Ҳар куни тушга довур тераман пахтани, пешинда қорин ташвишидан қутулгач, олмазорга кириб ёнбошлаганча китобхонлик қиламан. Қўлимдан Белинский тушмайди. Унинг ҳаётини анча-мунча ўргандим. Ҳатто ёқтириб қолдим ҳам. Илмий тадқиқотни бошлаш қолиб, буюк танқидчининг ёшлик йиллари ҳақида қисса ёзиш режасини тузишга киришиб кетдим.
06.11.1977
Бугун Тошкентда метро ишга тушди. Журналимизнинг 11-сонида «Ассалом, метро!» сарлавҳали мақолам чиқди. Мақолани уч кунда ёздим. Ўзимга унчалик ёқмади, бироқ муддат келиб қолгани сабабли уни топширдим. Рустам Обид уни ўқиди-да, қисқа-ку, деди норози оҳангда бош чайқаб, ўхшамабди, деган маънода. Мақолани қайтариб олдим, ташлаб қўйдим.
Тунда уйқум қочиб, мақолага мос бошқачароқ шакл келиб қолди хаёлга. Шакл топилгач, унга нималарни ёзиш ўз-ўзидан хаёлимга оқиб келаверди. Айтмоқчиманки, бадиий асар бўладими, публицистиками – қатъи назар, шакл мўъжизавий қудратга эга. Шакл фикрни тартибга солади, тизим яралади, муҳим-номуҳим гаплар ўз-ўзидан сараланади-қолади.
Мақолани тайёрлашда «Ташметропроект» лойиҳалаш институти директори Масар Холмуродов деган кишининг суҳбатини олдим. Ва суҳбат охирида у кишининг номидан: «Метро ишга тушиши муносабати билан яқин ўн йилда Тошкентда транспорт муаммоси буткул ҳал бўлади», деб ёзган эканман. Яхшиям суҳбатни босмага топширишдан бурун у кишига ўқитганим. Масар Холмуродов ўқиди-да, кулди, сўнг: «Мен бундай демадим-ку?» деди кўзойнагини олиб. «Метро муаммони ҳал қилмайдими?» дедим ўнғайсизланиб.
– Эсингизда бўлсин, ўн йилдан кейин Тошкентда транспорт муаммоси ужас бўлади! – деди у киши суҳбатга якун ясаб. – Метро масалани ҳал қилмайди! Ҳамма гап шаҳарсозликда, одамларимизнинг турмуш тарзини ташкил этишдаги қусурларда!..
20.11.1977
Стефан Цвейг. «Шахматная новелла». (М.: Правда, 1956) Мириқиб ўқидим. Ўҳ, ҳавасим келди ёзувчининг маҳоратига! Ичим ёнди! Шундай асар ёзсанг-да!..
«…для бедняков гордость – непозволительная роскошь» (С.12).
16.12.1977
Бир йилдан ошди чамаси, Кирхотин деган мутахассиснинг «Ўзбекистонда кўчма асаларичилик» китобини таржима учун беришганди. Жуда қийналдим. Китоб чиқди, елкадан тоғ ағдарилди. Қутулдим-е!..
30.12.1977
«Табиат ва инсон» мавзуига доир манбаларни титкилайвериб Америкада бизонларга қирон келтирилгани ҳақидаги хотираларни ўқиб қолдим. Ўша таассуротлар тўлқинида «Пенсильван бизонининг тугатилиши» номли ҳикоя ёзгандим. Кўп қайта ишладим уни.
18.02.1978
Академик, атоқли невропатолог Абдуманнон Раҳимжонов ҳақида ўзига хос бир мақола ёзишга уриняпман, калаванинг учи топилмаяпти. Оғир кетяпти иш. Шакл топилмаяпти, шакл.
20.02.1978
«Фан» нашриётида Ғайбулла Саломов домлани учратиб қолдим. Китоби чоп этилаётган экан. Журналга тақриз ёзасиз, дедилар. Қанийди, аввал китобни кўрай-чи…
Америка бизони ҳақидаги ҳикоямни «Қуёш сўнмайди» деб номладим, уни Тоҳир Маликка бердим.
– Маъқул бўлса – ювиш мендан, маъқул келмаса – сиздан, – деди Тоҳир ака ўзига хос беозор мутойиба билан.
С.Цвейгнинг «Шахматная новелла»сини ўқиб тугатдим. Ажойиб!
23.03.1978
«Гулистон» журнали. 1978 йил 4-сон.
Э.Воҳидов: «…шеъриятда муваффақият билан айтилган тайёр, жўн гапдан муваффақиятсиз изланиш афзалроқ деб биламан» (Б.26).
Изҳор: Шунга ўхшаш гапни кейинчалик Фолкнер Хемингуэй ижоди мисолида айтган Японияда талабалар билан учрашув чоғида.
19.08.1978
«Фан ва турмуш»нинг 9-сонида Т.Сухотина-Толстаянинг «Отамнинг сўнгги кунлари» эсдалигидан қилган таржимам босилди. Лев Толстойдек даҳонинг оиладаги беҳаловатлиги кексайган чоғида қанчалар мусибат бўлиб ёғилгани, эҳтимол, унинг ўлимини тезлаштиргани аянчли, албатта.
* * *
Таҳририятда ўтиргандик. Тўсатдан эшик очилиб, Теша Зоҳидов кириб қолдилар. Бир пайтлар академия президенти бўлган, номи жаҳонга танилган атоқли олимлардан. Таҳририятга тез-тез кириб турадилар.
Қўлларида қувурча қилиб ўралган журнал.
– Манавини ким ёзди? – деб сўради домла. Овози титраб чиқди.
Хонадошлар ҳаммамиз у кишига қарадик.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.